Иқбол Қўшшаева. Зиёратдаги ўйлар

mozor
Кўнгил овуниши ёхуд изҳорнинг жўн талқини

Кеч куз тонгларидан бири… Чиғатой қабристони. Бу ёруғ дунёни тарк этган устозларни зиёрат қилиш учун уларнинг сўнгги манзили атрофида кезаман… Буюк Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон, Тошхўжа Хўжаев, Зайнаб Садриева, Шукур Холмирзаев… ҳаммаларини номма-ном санаш қийин. Йиллар эса ўз ҳукмини ўқиб бўлган…

Халқ донолари айтиб кетган: ғаминг ошса дарё ёқала, шодлик ошса мозор орала. Лекин дарёсини йўқотган одам учун қабристон ҳам бир таскингоҳ. Ивир-сивирлар оқавасига беланиб ўтаётган умр ҳаётнинг ўтиб кетган лаҳзаларига урилади-да, барча-барчасини қайта йиғилмас зарраларга айлантириб ташлайди. Яқиндагина чекиб турган оҳинг чангу ғубордан ўзга нарса эмаслигини англагандек бўласан. Қабр тошлари. Улардаги сукут кўкка сапчийдиган ҳарқандай ҳаяжоннинг тафтини босади. Зиёрат санъат асари каби ёлғизликни хуш кўриши бежиз эмас. Ёлғизлар ёлғизларни яхши тушунадилар, деганларидек, қабристонга гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўда мисол боришни ҳеч ақлимга сиғдиролмайман. Қабристонлар нотинч қалб учун сокинлик улашадиган, ўзлик билан юзма-юз келадиган маскан. Қачонлардир сени тарк этган инсонлар билан хаёлан суҳбатлашаётганингда, сени бугун ўзига оҳанрабодай жалб этаётган нарсаларни мутлақ унутасан. Уларнинг қаршисида фақат қалбингга мўралаганча айтилмай қолган изҳорларни излайсан. Шундай вазиятда, ўз хаёлларинг чиғириғига ўралиб қолмасдан, кўзларингни каттароқ очиб, атрофга тийракроқ назар ташласанг, сени хижолатга солиб, бошингни хам қиладиган бир мисрага кўзинг тушади: “Одамлар, қадрланг бир-бирингизни, гул ҳам муҳаббат ҳам тирикка керак.” Бу мисралар қаршингдаги қора тош “эга”си маъсума Саида Зуннунованики. Яна юқорироқда мажнунмисол Ботир Зокировнинг ён томонидаги бир қабр тошида эса “Умримни ўткинчи сабога бердим, Энг сўнгги чақамни гадога бердим. Бу телба руҳимни Худога бердим” деб ёзилган. Бу уч сатр эса марҳума Римма Аҳмедованинг ҳаётига таянч бўлган сирдан воқиф этиб, у бу ҳаётда таниган ва ўзини доғлатган ҳақиқатни очиб беради. Шу боис, онанинг қалбини ҳассослик билан илғаган фарзандлар у севиб ўқиган ўнлаб шеърлар орасидан айнан шу мисрани актриса ҳаётининг моҳияти сифатида танлаб олишган. Яна юқорироққа назар ташласангиз, инсониятнинг бутун хавотирини, дарду изтиробию фожиасини ўзида ифодалаган бир битикка кўзингиз тушади: “Ўлимдан қўрқмайман, унутилишдан қўрқаман!” Бу — актёр Жавлон Ҳамроев қабр тошидаги ёзув. Лекин синчков нигоҳ айнан шу масканда бу иқрорнинг самимиятдан чекинган ниҳоятда жўн талқинига ҳам дуч келади…

Бу ҳақда гапириш бир мунча оғирроқ… Ҳозирча, бироз тин олайлик-да, кўнгилга ёруғлик олиб кирувчи Ҳамза Умаровнинг қабрини зиёрат қилиб турайлик. Нега ёруғ? Оқ тусни эслатиб турадиган кулранг мармар қабртоши. Унда санъаткорнинг халқ хотирасида муҳрланиб қолган суврати. Ва саккиз қатор шеър. Бу мисралар остига оддийгина қилиб “мухлисларингиздан”, деб ёзилган. Ишонасизми, ҳали ҳануз бу мухлиснинг кимлигини кўпчилик билмайди. Кўриниб турибдики, бу чинакам мухлиснинг иши. Номаълум мухлиснинг ниқоблардан холи дунёси нигоҳингни қаровсиз бир ҳолга келаёзган қалбингга қаратгани баҳона бўлади-ю, шу онда сен ҳам мухлисга айланасан, гўё унинг руҳиятига кириб, кўнглини тинглаётгандек бўласан: “кимгадир мухлис бўлишни, мухлислик бахти нимада эканини ҳис қиламан. Чинакам мухлислик бора-бора сени изҳор томон етакларкан. Қай кўринишда бўлмасин, ўз ташаккурингни айтиб қолишга ҳаракат қиларкансан. Мухлислар бевафо бўлади, уларнинг олқишларига суяниб қолиш керак эмас, дейишади. Бу — кўп ўйлаган, хўп оғринган одамнинг фикри. Чунки бугун сенга хайрихоҳ тикилиб турган нигоҳлар эртага шубҳа билан қараши ҳеч гап эмас. Шинавандаликнинг хавфли томони шуки, суюкли санъаткорнинг бир банда экани, у ҳам ҳамма қатори қоқиниб-суринишга маҳкум эканлиги, хуллас оғриб турган бир мўрт жон экани унутилади. У ўзининг ожиз бир банда эканини унутишига биз ҳам сабабчимиз. Камдан-кам одамларгагина мухлислик ҳам бир масъулият экани, Санъаткор бахш этган оний лаҳзалар ҳузури қаршисида ўзини қарздор туйиш насиб этса керак. У хоҳ бадиий асар, хоҳ мусиқа, кино ёки театр санъати доирасида бўлсин… ҳаётимизнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида таскинни санъатдан излаймиз: муҳаббат дарди юракни тилганда ҳамдардимиз-ҳамширамизга айланади, баъзан куй-қўшиқ остида сизиб чиқаётган кўзёшларни, унинг шўр таъмини сезмай қоласан… Гўё бунга ҳофиз айбдордек. Руҳингга ёлғизлик ўз ҳукмини ўтказаётган онда юрагимизни силайди; муҳаббат — гўзаллика бўлган ишончинг чинни пиёла мисол чил-чил синиб кетиши керак бўлган паллада қўлларингдан тутиб қолади; ҳаётнинг рўёларидан толиққан жону зоринг барча-барчасига этак силкиб, Шоир каби ўзини жунун водийсига мойил кўрган дамда бир дилгир қўшиқни қўмсайсан. Энди айтинг-чи, бизга ўхшаган сарсонлар дунёсини ёритиш учун ўз дунёсини ёндираётган Санъаткор олдидаги бурчимни қандай сезмай! Ахир, бизнинг орзу-хаёлларимизни мана шу аланганинг ҳарорати асраб қолмаяптими? ”…

Хаёлларим пароканда бўлиб кетди… Барибир, неларнидир ўзимча фаҳмлагандекман. Фақат Аллоҳдан ўтинардимки, номаълум мухлиснинг ким эканини ҳеч қачон билмасам… Қанча сирли бўлса, шунча қадрли. Унинг бу эзгу иши Ҳадиси шарифдаги “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни, чап қўлинг сезмасин” ҳикматининг моҳиятини англатади. Бироқ номаълум мухлис кўнглидаги маҳобат виқорини, кенглигини тан олишимга ўзгалар сабаб. Кимлар дерсиз? Қайсидир бир адибанинг меҳрибон укаси, яна бир таниқли актрисанинг оналари хотираси олдидаги қарзини “узган” фарзандлари ва яна машҳур устозга таъзимда бўлган машҳур шогирднинг садоқати! Хуллас, қабр тошидаги “Фалончи Фалончиевдан!” қабилидаги салобатли ном… Ногаҳоний гурзидан руҳинг гандираклайди. Кўнгил ғаш. Миннатли дунёнинг ғавғолари ҳеч қурса қабристонда ўз қудратини намойиш этмасайди! Ўйлайсан, ўйлайсан, ўйлар тагига етолмайсан…. Балки шогирднинг ўз узри бордир… Лекин узр минглаб назарлар учун эмас, ўзинг — виждонинг ҳаловати учун қилинади, деган овоз уни тушунишга ҳеч йўл қўймайди. Эҳтимол, бу унутилиб кетишдан қаттиқ чўчийдиган бир актёрнинг уринишидир. Савобу гуноҳ, эзгулигу худбинлик, тазарру ва шуҳратпарастлик, ташаккур ва миннат, эҳтиром ва таъна, саховат ва таъма, хайрихоҳлик ва даъво… бари бир-бирига шу қадар қоришиб кетганки, шуҳратпараст майллар чегараси бузилган бу тушунчаларни асл номи билан аташга сира йўл қўймайди. Бу ҳолни нима деб номлашга ҳайронсан!

Бу каби “томоша”лардан сўнг, гарчи ўз вақтида Шоир каби “тилармен топмағайлар тўтиёлиқға ғуборимни” деб марҳум ҳарқанча ёзғирмасин, барибир “уста кулол” ўша чангу ғубордан ўзига мослаб ва созлаб идишни ясаб оларкан-да!”, деган тушкун тўхтамга келаркансан.

Яқинларимизга ёдгорлик ўрнатарканмиз неларни ўйлаймиз? Ўтиб кетган инсон хотираси қаршисидаги ҳурматнинг бир жузъий кўринишими? Ёхуд ҳашамдор ёдгорлик билан улуғ шажаранинг давомчиси эканингизни ифодаламоқчимисиз? Бу ўйилган тош мангулик учун ташланган бир қадаммикин, ёки ўзингни қанчалар яхши инсон эканлигингга, беҳуда яшамаётганингга ўзингни ишонтиришинг, кўнглингни кўтаришинг ва ёхуд бу олийжанобликни ўзгаларга исботлаш учунми? Бу ҳам бир ожиз банданинг овунишимикин ё? Агар бу ишни ҳаётдан ҳикмат излашни ўзига касб қилиб олган, “зиёли” деган таърифга даъвогар одам қилган бўлса, не дейсиз?

Ҳар қанча уринмай, зиёратгоҳни тарк этишга чоғланарканман, юрагимда уйғонган бир сас қийнарди: “Тирикликнинг ўзи “сен”у “мен”дан иборат. Йиллар давомида бу юкнинг барча залворини шўрлик вужуд кўтариб келди. Чунки у ҳою ҳавас либосидаги манфаатлар бандиси эди. Сен эса буни яхши билардинг… Барча қилмишинг учун ташаккур. Энди, Сендан ўтинаман, ўзингни донгдор номинг билан ердан олислаётган руҳимни тушовлама! Ўз ҳолига қўй, уни… ”

Иқбол Қўшшаева

13 ноябрь, 2010 йил

(Tashriflar: umumiy 108, bugungi 1)

Izoh qoldiring