Ma’ruf Jalil. Yuragimda yotgan sir.

055Шоир Маъруф Жалил таваллудининг 80 йиллиги олдидан

   Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим Роҳила қазо қилди. У жуда озғин, нимжон эди. Очарчилик унга ёмон таъсир қилганди. Менга жуда меҳрибон, битта олма ёки ёнғоқ топса ҳам менга асраб қўярди.  Уни қабрга қўйиб келгандан кейин уйга кирсам, сандал ёнида ётган Роҳила кўзимга кўриниб кетди. Дарди оғирлашиб қолгандан бери сандалнинг девор тарафида ётарди. Мен сандалнинг бу тарафида ўтириб дарс тайёрлар ёки китоб ўқирдим. Роҳила ҳар гал «Нима ўқияпсиз, ака», дерди…

Маъруф Жалил
ЮРАГИМДА ЁТГАН СИР
Таржимаи ҳолим
011

1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғининг Қибла гузарида туғилганман. Ўн йилдан кейин 1946 йилда берилган туғилиш гувоҳномасида ана шундай ёзилган. У вақтларда қишлоқда махсус туғруқхона бўлмаган. Ҳар ким ўз уйида туғилган. Гувоҳнома зарур бўлиб қолса, ёздириб олишган, бўлмаса, болалар ҳужжатсиз юраверган.

Ражаб момом (отамнинг оналари) айтар эдилар:
— Сен тирамоҳда, кўрак териладиган пайтда туғилгансан. Кечалари қиров тушиб, қора совуқ бўлар эди.

Қишлоғимиз атрофи тоғлар билан ўралганга ўхшайди. Қаёққа қараманг — тоғ. Ҳаво очиқ кунлари, айниқса, тоққа қор ёққандан кейин шундай аниқ ва яқин кўринадики, бориб сайр қилгинг келади. Лекин бу манзара алдамчи. Улар анча узоқ.

Шимол томонда кўриниб турганини Оқтоғ, жануб томондагисини Қоратоғ, дейишади. Оқтоғ томондан Оқдарё, Қоратоғ томондан Қорадарё оқади. Шу икки дарё оралиғини Миёнкол, дейишади. Икки дарё аслида мустақил дарёлар эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Улар Хатирчида бирлашиб, яна Зарафшон бўлиб оқади.

Пайшанба қишлоғи шу Миёнкол оролининг этакларида — Иштихон, Хатирчи, Каттақўрғон ўртасида жойлашган. Қишлоғимиз катта ва қадимий қишлоқлардан бири. Қадимги тарих китобларида турли муносабат билан номи тилга олинади. Ҳар пайшанба куни бу ерда катта бозор бўлган. Узоқ-узоқлардан карвонлар келган. Савдо-сотиқ қизиган.

Қишлоқ атрофи баланд ва қалин девор билан ўралган экан. Шунинг учун уни қўрғон дейишган. Деҳқончилик билан шуғулланганлар баҳорда боққа, кўзда ҳосил йиғиб-териб олингач, яна қўрғонга кўчганлар.

Пайшанбанинг ўн бир гузари, ҳар гузарнинг ўз масжиди, унинг қошида мактаби, бундан ташқари Онамачит ва мадрасаси бўлган. Ўз қишлоғида бошланғич таълим олган болалар шу мадрасага келиб ўқир, уни битиргандан кейин билимини оширишга қобилияти ва қурби етса, Бухоро мадрасаларига бориб ўқиган.

Жалил бобом чиғатой уруғидан, Ражаб момом тоқчилардан. Уларни худо раҳмат қилган бўлсин. Жалил бобом 1916 йилда мардикорликка олинган. Смоленск ўрмонларида дарахт кесган. Уйида тўқув дастгоҳи бўлган. Чит тўқиган. Шунинг учун у кишини одамлар Жалил читгар дейишарди.

Отам Эргаш Жалил эскича ўқиш-ёзишни яхши биларди. Тошкентда иккита ўқишни битирганларини эслардилар. Жамоа хўжалигида ҳосилот бўлиб ишлаганлари эсимда. Қотмадан келган, узун бўйли, жадидча мўйловли киши эдилар.

Ўн ёшимдан биринчи синфга ўқишга борганман. Аниғи, ёзда боғимизга иккита аёл келганди. Қўлларида қалам, дафтар. Уйдаги болаларни сўраб-суриштирди. Отимни сўради. Бувим айтдилар. Ёзиб олди. Улар ўқитувчилар экан. Уйма-уй юриб, болаларни мактабга ёзишаётган эканлар.

Уруш тамом бўлганига бир йил бўлган. Ажали етмай омон қолганлар юртларига қайтиб келмоқда эдилар. Бир қўли, бир оёғи йўқ, ҳатто икки қўли ёки икки оёғи йўқ ногиронлар қишлоғимизда кўпайиб бораётган пайтлар. Қайтиб келмаганлар, ёғоч оёқли, қўлтиқ таёқли одамлар қанча.

Али ака урушдан тўрт мучаси омон қайтди.

У кишини Жалил бобом масжиддан топиб олган эканлар. Масжид ҳовлимиз яқинида эди. Қаҳатчилик. Бобом бомдод намозига чиқсалар бир бола йиғлаб ўтирган экан. «Кимни боласисан?» деб сўраб-суриштира кетибдилар. Кейин уйга олиб келибдилар.

— Хотин, сенга битта ўғил олиб келдим.
— Вой, ўз болаларингиз камлик қилувдими? Турмуш тошдан қаттиқ бўлса…

— Қўявер, Худо ризқини беради. Масжид айвонида йиғлаб ўтирган экан. Замонни кўриб турибсан. Ким ўз фарзандини масжидга ташлаб кетади. Бу ерликка ўхшамайди.

Шундай қилиб, у ҳам ўз болалари қаторида улғайди.

1939 йилда Ориф амаким Али ака билан ҳарбий хизматга чақирилган эди. Ориф амаким бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар келди. Шу орада Жалил бувам оламдан ўтди. Али ака эса урушнинг сўнгги йилларида жағидан ўқ еб, бомба кўчирган тупроқ остида қолган экан. Ҳамширалар уни топиб, шифохонага олиб кетишибди. Уруш тамом бўлгандан кейин тузалиб, қишлоққа келган эди.

Али ака урушдан олдин чўпон бўлган экан. Урушдан кейин жамоа хўжалиги у кишига еттита қўй-эчки берди.

Бувам: «Агар Али урушдан омон қайтса, Зайнабни унга никоҳлаб бер», деб васият қилган эканлар. Зайнаб аммам билан Али аканинг никоҳ тўйлари бўлди. Қўй-эчкилар туфайли рўзғоримизга анча барака киргандай бўлди. Иброҳим амаким, Зайнаб аммам, Али акалар жамоа хўжалигида ишлар, мен Оқдарё бўйида эчки ва қўйларни боқардим.

Оқдарё қишлоғимизга яқин — икки чақиримча наридан оқарди. Қишлоғимиз дўнгликда. Занжирлик ота қабристони қишлоқнинг шимолий чеккасида жойлашган. Қабристон ёнидан ариқ ўтади. Ариқнинг бир қирғоғи тепалик. Тепаликдан тушиб, арикдан ўтилса, дарё томон тўғри йўл. Унинг икки четида тут, жийда каби дарахтлар, боғлар. Анча юрилгандан кейин зах сув кўлмаклари, ботқоқлик бошланарди. У ерлар юлғун, қайрағоч, ҳар хил ёввойи буталар билан қопланган, қалин чим босган ўтлоқ эди. Қишлоғимиз подаси ҳам шу ерда боқиларди. У маҳалларда дарёда сув кўп. Айниқса, баҳор келиб, музлар эрий бошлаганда дарё суви ўзанга сиғмай, қирғоқлардан ошар, кўприкларни, яқин орадаги уйларни ювиб, оқизиб кетарди. Ҳозир яхши эслайман. Узокда оқиб келаётган кема кўринди. Унинг ичида қорамол, қўй, эшак ва одамлар бор эди. Кема тўлқинларга, тошларга урилиб, чайқалиб кетар, шунда баъзи одам ва жониворлар сувга ағдариларди. Дарё ўнгга буриладиган жойга келганда у катта харсангга урилиб, пачоқ бўлиб тўнкарилиб қолди. Ичидаги моллар оқиб кетди.

Бир кун болалар шовқин кўтариб, молларни қайтара бошлади. Қарасам, дарё тошиб, катта-катта муз бўлакларини бир-бирига уриб, гувиллаб оқаяпти. Тўлқинлар орасида дарахт шохлари, ёғочлар, бешиклар кўринади. Бешик устида ёпишиб қолган ёпқичлар. Эҳтимол, ичида чақалоғи ҳам бордир.

Атрофда мол боқиб юрган болалар ва ногирон подачидан бошқа ҳеч ким йўқ. Табиатнинг бу даҳшатли хуружи олдида улар ожиз эди. Шу воқеа ҳануз кўз олдимдан кетмайди.

Ўшанда мен саккиз-тўққиз ёшларда бўлсам керак. Ҳали мактабга бормасдим. Бувиларим билан бирга яшардим. Раҳматли менга ҳам ота, ҳам она бўлганлар.

Бир бошидан айта қолай. Онам мен жуда ёшлигимда вафот этган. Шунинг учун қиёфасини яхши эслай олмайман. Отам қамалганларида онам укаларимни етаклаб, мени эргаштириб, олди ҳовузли оқ уйга олиб борди. Отам шу ерда суд қилинаётган эди. Шу воқеа эсимда. Лекин онамнинг кўриниши қандайлиги эсимда йўқ. Бир марта расмга тушганмиз. Онам, укаларим билан. Аниқ эслайман. Ўша расм йўқолиб кетган.

Хуллас, уруш охирлаб бораётган, қаҳатчилик авжига чиққан пайтларда синглим Роҳила билан иккимиз момомизнинг қўлида қолганмиз. Ориф амаким билан Али ака урушда, отам қамокда, бувам вафот этган. Бувим, Зайнаб аммам, Иброҳим амаким билан яшардик. Улар колхозда ишлаб, ҳар куни иш ҳақига биттадан нон олиб келишарди. Бувим тиним билмасди.

Кечалари уйқудан уйғонсам, бувимнинг Худога илтижо қилиб, йиғлаб ўтирганларини кўрардим. «Эртага нима қиламан, ё тангрим… Буларнинг оғзига нима тутаман, етимларга раҳм қилгин. Ўзинг раҳмли, меҳрибонсан, тангрим…. Ўзингдан бошқа суянчиғим йўқ», деб ўз-ўзига гапириб, қоронғида ўтирганларини кўп кўрардим.

Энди эсласам, ҳовлимизда сигир, бузоқ бор эди. Боғимизда қўй, эчки, товуқлар ҳам бўларди.
Қаҳатчилик, очлик бўлса, барака қочаркан.

Ўшанда кунжара еб, очликдан шишиб ўлганлар ҳақида эшитардик. Бувим раҳматли қишда уйдаги сотиш мумкин бўлган нарсаларни, ҳатто бувамдан қолган ҳовлини ҳам сотганди. Иброҳим амаким ўзини ўнглаб, ҳовли сотиб олгунча қариндош-уруғларнинг уйларида яшаб юрганмиз.

Бувамдан қолган томорқамиз бўларди. Жуда катта. Узумзорнинг ўзи икки таноб, унинг чеккасида, ариқ бўйида ўн бешта анжир бўларди. Ўнтаси сариқ, бештаси қора анжир. Улар дарахтдай бўлиб кетганди. Кузда, уларни кўмиш вақтида саккиз-ўн киши зўрға босиб турарди.

Бундан ташқари экин экиладиган яна ўн сўтих ер бор эди. Олма, зардоли, шафтоли, олхўри, олча, жийда, анор каби мевали дарахтларимиз бор эди. Ўрик, олманинг тўрт-беш хили ўсарди. Улардан мўл ҳосил олинарди. Қанча майиз, туршак қилинарди. Шундай экан, нега қишда ториқиб қолардик?
Болалигимда бу ҳақда ўйламасдим.

Бир воқеа ҳамон эсимда. Бир куни битта мелиса, иккита милтиқ кўтарган аскар билан дўм келди. «Урушга ёрдам» деб туршак-майизларни, қопланган жўхориларни олиб кетишди. Улар ортидан от, ҳўкиз қўшилган аравалар эргашиб юрарди. Бувим ўшанда «Болаларга ҳам қолдириб кетинглар, инсоф қилинглар» деб дод-вой қилиб, йиғлаб қолгани эсимда.

Бувамнинг Дўғон (Тўғон) мозор тарафдаги ўша боғда узун қилиб, хом ғиштдан қурилган уйи бўларди. Бир-бирига улаб қурилган бир уй-бир дахдиз, яна бир уй-бир даҳлиздан иборат эди. Бинонинг олди узун супа. Супанинг кун ботиш тарафида катта оқ тут дарахти соя солиб турарди. Ёз кечалари супада, шу тут тагида ухлардик. Эрталаб қушларнинг чуғур-чуғуридан уйғониб кетардим.

Шу бинонинг орқасида равот бор эди. Уйга туташтириб уч пахса девор билан ўралган қўрани равот дердик. Шу равотда бувамнинг саман оти билан, эшак турарди.

Эллигинчи йиллар охирида пахта майдонларини кенгайтириб, трактор билан ишлов беришга қулай бўлсин деб кўп боғлар, токзорлар бузиб юборилди. Шундай қилиб, бобомдан қолган боғ пахтазорга айланди. Иброҳим амаким Қиёт томондан бошқа томорқа олди.
Бу воқеалар кейин бўлган. Уруш даври жуда оғир эди.

Бувим кузда ер ҳайдатиб, арпа эктирарди. Баҳор келаверса, суюниб: «Ҳа, эрта-индин тут пишади. Оғиз тутга тегса, марра бизники…. Тангрим раҳмдил. Бандасини хор қилмайди», дерди.

Баҳор келиб, арпа бош тортса, кунимиз туғарди. Сут боғлаган бошоқни териб, қайнатиб, кўк атала қилиб берардилар.

Ҳаво булут бўлиб, момоқалдироқ гулдираб, чақмоқ чаққанда бувим: «Ана, Момо Ҳавво супрасини қоқаяпти. Ёмғирдан кейин ариқ бўйларига чиқинглар. Қўзиқорин чиқади. Момо Ҳаввонинг супрасидан тушган табаррук ушоқлардан териб келасизлар. Пишириб бераман», дердилар.

Синглим билан иккимиз қўзиқорин терардик. Бувим қовуриб ёки шўрва қилиб берардилар. Қандай лаззатли эди. Ҳозир қўзиқоринларда унақа маза йўқ. Уни қўзиқорин эмас, замбуруғ дейиш керакдир. Қўзиқорин ағдарилган қоринга ўхшарди. Мазаси ҳам жигар кабобга яқин эди.

Бувимнинг чархлари бўларди. Қишнинг қуёшли кунларида офтобга қараган айвонда ўтириб,пахтадан ип йигирар, кейин пишитиб, уни тевона (катта игна, жуволдиз) билан силлиқлардилар. Чархни айлантириб, унинг ғув-ғувига жўр бўлиб, ўз ёшликлари, урушга кетган ўғиллари, ота- боболарини эслаб, ғамгин-ғамгин қўшиқлар айтардилар. Улар алам, ўкинч, умид қўшиқлари, армонли дил ҳасратлари бўлиб, кўзёш билан кўнгил доғларини кетказувчи малҳам эди.

Бувим эртак, матал, мақолларни кўп биларди. Кечқурунлари айтиб берарди. Болалик қилиб бирор ишини бажармасам ёки ўйинга овора бўлиб, кечгача кўзига кўринмасам, шундай уришардики, гапларидан илон пўст ташларди. Ҳозир ўша гапларни эсласам, кулгим келади:
«Босган изинг орқангда қолгур», «Йигит ўлмагур», «Кўзинг тешилмагур», «Оёғинг синмагур».

Ўн ёшимда мактабга ёзиб кетганларини айтдим. Ўқиш бошланадиган кун келди. Болалар бир-бирини чақириб, мактабга кета бошлади. Бувим бўлса, мени қўймади.
— Бормайсан. Қўйларга ким қарайди? Ким ўтин териб келади? Мактабдан нима фойда? Бир қучоқ ўтин териб келсанг, қозон қайнайди.

Ялиниб-ёлвораман. Мактабдан келиб, қўйларга ўт, овқатга ўтин териб бераман, деб илтижо қиламан. Бувим бўш келмайди. Ўзи мактаб кўрмаган. Лекин саводсизликни битириш машғулотидан «битта таёқча билан битта коса ёнма-ён турса, ўн бўлади», деган гапни ўрганиб олган.
— Мактаб қорнингни тўйдирадими, овқат берадими? Кечқурун «қорним очқади» деб келмайсанми? — деб астойдил ғазаб қиларди.

Уруш тугаган бўлса ҳам турмуш хароб, одамлар оч-яланғоч эди. Тандир орти жўхоризор эди. Йиғлаб жўхоризорга кириб кетдим. Ўтириб-ўтириб, бувимнинг овози тингандан кейин нариги томондан чиқиб, мактабга бордим. Мактаб ҳовлисида болалар сафланиб турган экан.

Боғимизга бориб, ёзиб келган буғдойранг, новчагина аёл:
— Эргаш Жалил ўғли, бу ёққа кел, — деб чақириб олди ва сафга қўшиб қўйди. Кейин ҳар бир ўқитувчи ўзи ёзиб келган болаларни синфга олиб кирди. Уруш туфайли ўқишдан қолиб кетган 15—16 ёшли ўсмирлар, 20 ёшлардаги қизлар ҳам бор эди. Урушдан омон қайтган йигитлар оила қургани сабабли синфимиздаги кўпчилик қизлар иккинчи синфга ўтганда турмушга чиқиб кетди.

Шундай қилиб, ўқий бошладим. Бувим «Мактабга борма», деб бошқа жанжал қилмади. Тўрт йил бизни ўша боғимизга бориб, ёзиб келган опа — Марям Убайдуллаева ўқитди. Ўшанда синфимизда Усмон деган бир лўли бола ҳам бор эди. Бир куни унга жилдига қизил байроқ расми солинган хат келибди. Болалар қизиқиб, томоша қилиб туришган эди. Нима экан, деб мен ҳам бордим. Машинкада ёзилган хат. Газетадан келибди. Ўқидим. У шеърми, хабарми ёзиб юборган экан. Шунга жавоб келибди. Хатнинг бир чеккасида «Ёш мухбирга эсдалик» бор, унда қандай ёзиб, нималарга эътибор бериш ҳақида маслаҳат берилган эди. Усмонга ҳавасим келди. Ўша болалар газетига мен ҳам хабарлар, шеърлар ёзиб юбора бошладим. Адабиётга қизиқишим шундан бошланди.

Уйимизда Алишер Навоийнинг кўкиш рангли қалин муқовали девони бор эди.

«Кунтуғмиш», «Орзигул», «Авазхон», «Равшанхон» ва яна қайсидир достонлар, «Ўзбек халқ эртаклари» китобларини отам ўқиб юрардилар. Бу вақтда ҳосилот бўлиб хизмат қилардилар. Бундан ташқари «Шарқ юлдузи» журналининг бир даста китоби ва «Пахтачилик» деган юпқа муқовали қалин-қалин китоблар бор эди.

Менинг биринчи ўқиган китобим Навоийнинг ўша девони, достон ва эртаклар эди. Отам негадир замонавий шоирлар китобларини хуш кўрмас, «маза-матраси йўқ», дердилар.

Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим Роҳила қазо қилди. У жуда озғин, нимжон эди. Очарчилик унга ёмон таъсир қилганди. Менга жуда меҳрибон, битта олма ёки ёнғоқ топса ҳам менга асраб қўярди.

Уни қабрга қўйиб келгандан кейин уйга кирсам, сандал ёнида ётган Роҳила кўзимга кўриниб кетди. Дарди оғирлашиб қолгандан бери сандалнинг девор тарафида ётарди. Мен сандалнинг бу тарафида ўтириб дарс тайёрлар ёки китоб ўқирдим. Роҳила ҳар гал «Нима ўқияпсиз, ака», дерди.

— Китоб, — дердим, — халақит берма.
— Овоз чиқариб ўқинг, мен ҳам эшитай.

— Ўчир овозингни…
— Зерикиб кетдим. Овоз чиқариб ўқисангиз нима қилади?

Шу гаплар эсимга тушиб, кўнглим бузилди. Ўкинч аралаш йиғи ичимдан тошиб чикди. Китоб ўқиб бериш, дардманд кўнглини кўтариш ўрнига жеркиганим энди армон бўлиб ўртамоқда эди. Сандалда ўтириб ёза бошладим.

Сен ҳам мени ташлаб кетдингми…
Кетдингми дунёдан бошингни олиб,
Йўқчилик кулфатин ичингга солиб,
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми?

Ёзарканман, томоғимга алам тиқилиб, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди. Момом хонага кирдию, ҳолимни кўриб, ёнимга ўтирди. Бошимни силаб, юпата бошлади:
— Укангга куйинаяпсанми, болам. Сизларни итга қоптирмай, қушга тептирмай парвариш қилдим. Уруш очарчиликларидан олиб ўтдим. Энди қорни нонга тўйиб, ўнгланиб кетар девдим.
Умри қисқа экан. Нима қиламиз, болам. Нима ёздинг, ўқиб бер-чи….

Ўқий бошладим. Ув тортиб йиғлаб юбордилар. Қўшилишиб йиғладик. Бувим ҳамма қўни- қўшниларга,дугоналарига шеърни айтиб чиқибди. Қўшни аёллар ҳовлимизга кирса, мени чақириб шу шеърни ўқитишарди.

Шундан бошлаб маҳалламизда «шоир» бўлиб қолдим. Синглим вафотига бағишлаб ёзган ўша шеър сақланиб қолмаган. Афсус. Фақат бир тўртлиги юрагимда.

Ўшанда шеър нима учун ёзилишини тушундим. Лекин ҳамма ёзганларим кўнгилдагидай чиқавермасди. Ўзим ҳам сабрсизроқ эдим. Узоқ ўтиришга тоқатим чидамас, ойлаб қўлимга қалам олмасдим. Лекин китобларни кўп ва фарқ қилмай ўқирдим. Шундан бўлса керак, шеърларим кўп йиллардан кейин босила бошлади.

1955 йилда Қорадарё туман газетасида «Орзу» деган шеърим босилган. «Қизил Ўзбекистон» газетасида 1961 йилда «Баҳор» сарлавҳали шеърим чиққан. Шундан бери «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар», «Сени ўйлаб», «Нотаниш йўллар», «Қўшиқ иштиёқи», «Мен сув ичган дарёлар», «Паризодим», «Дарёни излар шамол», «Бахтимга сен борсан» номли шеърий тўпламларим, публицистик китобларим нашр этилган.

Таржима китоблар ҳам бор. Рус тилидан инглиз драматурги Кристофор Марлонинг «Буюк Темур» шеърий драмасини, Явдат Илёсовнинг «Сўғдиёна» тарихий романини, Евгений Евтушенко ва Андрей Дементьевларнинг шеърий тўпламларини ўзбек тилига ўгирдим. Бошқа таржималарим ҳам кўп. Улар китоб ҳолида босилиб чиққан.

077Маъруф Жалил
ШЕЪРЛАР
011

СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАР, ОНАЖОН

Шодликдан осмонга етганда бошим,
Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.
Ё бошимга тушса бирор мусибат,
Ёки биров айтса отамга раҳмат,
Учраб қолса йўлда таниш аёллар,
Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар
Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,
Йўқ эди онангдай муштипар одам».
Сени кўргим келар, онажон.

Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,
Кўнглимда туғилса янги режалар.
Сирли куйлаб оқса жилғалар пастда,
Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —
Шаббода силаса гулнинг юзини,
Тингламоқ истайман айтган сўзини.
«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,
Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.

Шу сабаб соғинч-ла боқаман гулга.
Армон фарёд қилар ўксиган дилда.
Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!
Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.
Қандай бахтиёрдир онаси борлар,
Улар етимлардай чекмас озорлар.
Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни,
Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.
Сени кўргим келар доим, онажон.

* * *

Тасаввурда қилиб пайдо
Ўзим унга бўлиб шайдо,
Висолига етолмасман
Хаёлидан кетолмасман.
Бу қандай сирли маъводир,
Бу қандай сирли савдодир?

Бошимни минг хаёл чулғар,
Кўзим ёлғиз сароб илғар.
Оёғим остида ер йўқ.
Бу ёруғ дунёда нур йўқ.
Хижолатми, пушаймонми —
Олар қийноққа виждонни.

Қасам янглиғ умидим бор:
Севар бир кун мени ул ёр.
Тўлиб-тошиб оқар ул дам,
Кўзи ёпиқ булоқлар ҳам.
Фақат мен толмасам бўлди,
Йўлимдан қолмасам бўлди.

МУНОЖОТ

Мендан муножот, сендан ижобат,
Дилимга солгин сабру қаноат.

Инсоф тиларман кунда ўзимга,
Шукронам бўлсин сабру қаноат.

Исён кўтарма, эй жоҳил нафсим,
Шайтон ҳукмига қилма итоат.

Ҳалол меҳнатда топай ризқимни,
Ҳаром луқмани қилмайин одат.

Бошимга кулфат қўшин тортса ҳам,
Ташлаб кетмасин кўнглим диёнат.

Дил уйи равшан ёрим ишқидан,
Бу ишқ майида иўкдир маломат.

Гуноҳим кўпдир, ижобат айла,
Менга йўл кўрсат, соҳиб каромат.

КЎНГИЛ КЎЗИМНИ ОЧ

Ҳақиқатни кўрай мен ҳам,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.
Ғофил ўтмай бу дунёдан,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Ўз нафсини ардокдаган,
Ўзга бағрини доғлаган,
Эл бахтидан завқ олмаган —
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Инсоф, ҳимматни унутган,
Залолат йўлини тутган,
Гуноҳ қилиб, савоб кутган
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Қуръон ўқиб, зикр қилсин,
Яшаш не, деб фикр қилсин,
Кунда минг бор шукр қилсин,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Зино қилгай ҳаёси йўқ,
Умри зулмат, зиёси йўқ,
Сафоси йўқ, давоси йўқ,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Имон келтир, деган зотга,
Сомон олиб келар отда.
Наҳот умрим шу хил ўтса,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Ўзинг Собир, Ўзинг Жаббор,
Бари асрор сенга ошкор.
Маъруф айтар: эй Биру Бор,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

СЕН БЎЛМАСАНГ ЁНИМДА

Боғларда тароват йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Тоғларда салобат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Оламда нафосат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Кўнглимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Жонимда итоат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Қайси куни, эй дилбар, қайда менга сўз бердинг,
Ақлимни олиб қандай, кўнглимга қачон кирдинг,
Сен лафзи кароматми ё субҳи сабо эрдинг?
Кел, ўзни намоён қил, пинҳона мени кўрдинг,
Бир лаҳза қаноат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Кундуз куни офтобим кўнглимга қадам қўймас,
Тунда тўлин ойимни абр отли ситам қўймас.
Гоҳи эзилиб ёмғир, эгнимни шинам қўймас,
Эркин нафас олмоққа йўлларда алам қўймас,
Ўйимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Йўлда адашиб юрган бола кабидир ҳолим,
Мажнун дилидан чиққан нола кабидир ҳолим,
Арқонга мадад бўлмас тола кабидир ҳолим,
Оҳу кўзида битган вола кабидир ҳолим,
Умиди саодат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Тунни уладим тонгга васлингга тўярман деб,
Ғам лашкарини сабрим тиғи-ла сўярман деб,
Сўнг қатли ғамим қонин кўз ёш-ла юварман деб,
Ғурбатдаги бошимни тиззангга қўярман деб,
Умримда фароғат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Балки топарман ёзда, эҳтимол қиш топмасам,
Кўнглим ўрнига тушмас, эрта ё кеч топмасам.
Остин-устун қилурман дунёни ҳеч топмасам,
Қаламим қилич бўлар, агар қилич топмасам,
Умримда давомат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Ўлкамга баҳор янглиғ уйғониш олиб келган,
Ҳикмат тўла дарёдай ҳайратга солиб келган,
Иқбол йўли кўп оғир, майлига, толиб келган,
Маъруф каби тўйларга ноғора чалиб келган,
Шеъримда ҳарорат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

МЕН ЙЎЛИНГГА КЎЗ ТУТАРМАН

Мен йўлингга кўз тутарман, сен кутарсан ўзгани,
Сенга содиқ дўст қани-ю, менга шаҳло кўз қани,

Мен садоқат истагайман, сен эса ширин калом,
Менга меҳри жон қани-ю, Сенга ширин сўз қани?

Менда бор юлдуз хаёли, сен-чи, шам парвонаси,
Сенга битта шам қани-ю, мен учун юлдуз қани?

Дилдаги пинҳон сиримни ҳаммага айтар шамол,
Сир тутувчи дўст қани-ю, сир олар жосус қани?

Шубҳалар вайронаси ичра, турарман хаста лол
Қўлда бир шамшир қани-ю, дилда бир фонус қани?!

* * *

Қани менинг севинчларим, ғамларим қани?
Занг босмаган қилич каби дамларим қани?

Зим-зиё қалб гўшасида дўстлар шам эди,
Бугун ёруғ қалб гўшаси, шамларим қани?

Мудом тўкис ҳаётимда бўлар бир камлик,
Айтинг, кемтик ҳаётимда камларим қани?

Гоҳ ҳижрон, гоҳ учрашувдан кўзлар бўлса нам,
Учрашув бор, ҳижрон бору намларим қани?

Белга боғлаб юрар эдим белбоғу ханжар,
Дўппим бошда, белбоғ билан ханжарим қани?

Маъруф, энди афсус қилма ўтган кунларга,
Дегил: «Қоши қора, сочи анбарим қани?»

* * *

Тушларимда сузаман Зарафшон дарёсида,
Ўнгимда-чи, куяман икки ўт аросида.

Бир кўзлари чўлпоннинг фироқида ўртаниб,
Истиқболни кўраман изтироб зиёсида.

Ул менинг ўйларимни англарми ё англамас,
Етиб борса на бўлгай рақибларим ижросида.

«Уйғот сарвинозимни, айтиб унга розимни»,
Хаёлимни йўллайман субҳидам сабосида.

Ҳаётимда юпанч йўқ, юрагимда ҳаловат,
Маъруф излар бахтини муҳаббат имлосида.

ТОПМАСАНГ НОМУ НИШОНИМНИ

Топмасанг ному нишонимни саодат боғида,
Тарк этиб ётган бўлурман мен унинг тупроғида.

Гар биров кўз ёши тўкиб чорласа шодликларин,
Билки, менман ашк бўлиб турган анинг ёноғида.

Сайраса боғингда булбул, сен анга дуч келмасанг,
Англағил, руҳим келиб йўкдар сени гоҳ-гоҳида.

Гар биров бахт изласаю, фитна тўсса йўлини,
Айт анга, мени чақирсин чорасизлик чоғида.

Ой, қуёш, юлдуз каби минг-минг умидим бор эди,
Сенга бахш этдим уларни, қолма ғафлат доғида.

Эй кўнгил, ёрингни уйғот, «толеинг эркингда» деб,
Бўлмаса Маъруф, кетар боринг зулм сиртмоғида.

СОТГАНИМ ЙЎҚ

Сотганим йўқ виждонимни, сотганим йўқ,
Дуч келганга таъна тошин отганим йўқ.

От тепкисин от кўтарар, туя эмас,
Шу сабаб мен туяга сўз қотганим йўқ.

Бирор зотнинг ёстиғини қуритмадим,
Йўқ, мен бундай гуноҳларга ботганим йўқ.

Ҳалол ишда кун кечирдим, ҳалол яшаб
Нопок дарахт мевасини тотганим йўқ.

Ёмон уруғ эккан бўлсам носоз ерга,
Зинҳор-зинҳор яхши ҳосил кутганим йўқ.

Нима бўлса толеимдан кўрдим, аммо
Эътиқодим, сени пулга сотганим йўқ.

Менинг битта Ватаним бор ер юзида,
Ундан гўзал Ватан излаб чопганим йўқ.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ўтиб ойлар ҳануз мунглиғ дилимни ўзга банд этмас,
Умид қушим этиб яксон нигорим макру панд этмас,
Кўриб паст душманимни ё менинг қадрим баланд этмас,
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.

Деса жоҳил: «Йигит эрсанг ўзингни ташла шу наҳра»,
Деди оқил кулиб: «Ёраб, бу ботқоқдан ўзинг асра».
Жўшиб қоним томирда гарчи тортиб турса ҳам наъра,
Не баҳра топқомен андинки мендин истагай баҳра,
Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

У бўлса гар хиром айлаб ғулу солгай саботимга,
Бу бепарво билар, аммо қиё боқмас мурдимга,
Қўшиб айтай мудом кўнгил навосини баётимга,
Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимга
Аён ул чашм заҳр айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.

Кўз очмоқ гарчи мушкул гоҳи-гоҳ санги маломатдин,
Мен излармен саодатни бу оламда камолатдин,
Не фойда тиллақўнғиз шуъласи янглиғ фароқатдин,
Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Бу оламда ягона ул, қиёси йўқ хуморимким,
Вале кўкка етар ҳар дам жафо қилганда зоримким,
Керакмас дардимда ўлсам-да кетсам ўзга доримким,
Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,
Бузуғ кўнглимдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Гуноҳкор бандалар ичра гуноҳсиз қолмоғинг оғир,
Умр қисқа, вале чексиз юпанч бергай умид соҳир,
Агарчи сен ҳаёт завқин суришга шунчалар моҳир,
Кўнгил ўз чарх золидин, фирибин емаким охир,
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнингга каманд этмас.

Етар жабру жафо чекканларинг шунча, кўнгилни уз,
Маишат қил, яшаб қол деб мени диққат қилар беюз,
«Вафодоринг бўларман» деб бериб Маъруфга танҳо сўз,
Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасин деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

СЕНИ ЎЙЛАЙМАН

Олис манзилларда юрганимда ҳам,
Бир ишга банд бўлиб турганимда ҳам,
Ё бошим ҳар томон урганимда ҳам,
Дўсту душманларни кўрганимда ҳам
Сени ўйлайман.

Сени ўйламасдан ўтган дамим йўқ,
Фикринг билан бойман, зарра камим йўқ,
Дардим бору, лекин бир малҳамим йўқ,
Чунки сендан ўзга дилда ғамим йўқ,
Сени ўйлайман.

Билмадим, ўзимни ўйлайман қачон,
Умримни совуриб ўтмоқда замон.
Дилимда меҳрингу қўлимда армон,
Ватан ёди билан тер тўкиб ҳамон
Сени ўйлайман.

Кошки не ғам билан юрганим билсанг,
Хаёлим яратган боғларга келсанг,
Йиллар нени олди, сен қайтиб берсанг
Ёлғиз ҳаётимга бахт бўлиб кирсанг,
Сени ўйлайман.

РУБОИЙЛАР

Қанча ситам кўрдинг, шулар етмасми?
Қилвир гап дилингга оғир ботмасми?
Иноқ боғ ўстирсанг ариғинг қуриб,
Чуғуллиқ қилмасанг кунинг ўтмасми?

* * *

Бир марта келади дунёга одам,
Юз иил даврон суриб яшаб ўтган кам.
Нега бир-бирига ёмонлик қилар,
Яхши, ёмон нима, билиб турса ҳам?

* * *

Сен не қилсанг яхши, меники ёмон,
Сен мисли атиргул, мен эса тикон.
Шунча туртки есанг тирик қолмасдинг,
Дард чекиб, шеър ёзиб юрибман ҳамон.

* * *

Биламан, дунёнинг ишлари ажаб,
Ҳаммага зар бермас ақлига қараб.
Кимгадир чаққон тил, кимга узун қўл,
Кимга кулфат берар, кимгадир шараф.

ЧОРРАҲАДА
(Насрий)

Умр йўли бўйлаб сафарга чиқди.
Юриб-юриб чорраҳага етиб келди у.
Қайси йўлдан борса бахт висолига етади?!
Манзилнинг узоқ ёки яқинлигини билмайди.
Йўл ҳам нотаниш. Биринчи марта сафарга чиқиши.
Ким икки марта туғилиб, икки марта яшабди.
Умр сафарига ҳамма ҳам бир марта чиқади.
Таваккал қилиб ўнг томондаги йўлга равона бўлди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Адашибман, деб ўйлади-да, тўғридаги йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна
ўша чорраҳага келиб қолди.
Яна адашибман, деб кўнгли оғриди, руҳий ва жисмоний чарчоқ ҳис қилди.
Чапдаги учинчи йўл тўғри бўлса керак, деб ўйлади.
Ҳорғинлигини умид билан енгиб, йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Энди нима қилиш керак! Орқага қайтсинми?!
Умрни қандай қилиб қайта бошлаш мумкин?
Ҳаёт ўз ишини қилди.
Эътиқодим, сен бўлмасанг,
Ўтармидим мен ҳам адашиб…

ТУРОН ОТА ҚАБРИСТОНИДА

Бўтана арикда қўлимни чайдим,
Қалбим тўлиб нурли ғамгин туйғута,
Кекса тут остига аста чўнқайдим,
Бунда бобом ётар мангу уйқуда.

Сал нарида менга мунгли тикилар
Йиллар оша чўккан отамнинг қабри.
Дилимда хилма-хил ҳислар қутурар:
«Охир шу, дегандай одамнинг қадри!»

Тупроқ ва чангалзор остида ғамгин
Кўзга ташланади тўнка бошлари,
Афсус тўнка эмас, кўп йиллар бурун
Кимгадир қўйилган қабр тошлари.

Яна қабрингизни зиёрат қилиб,
Бошингизга келдим таъзим қилмоққа.
Руҳим покланади ҳар ёзда келиб,
Сиз билан юзма-юз ўтирган чокда.

Қисмат давомини шу ер билади,
Бунда бор абадий тутқич бермас сир.
Ҳамма йўл шу ерга олиб келади,
Ҳамма йўл шу ерда тугайди охир.

Битта имтиҳонни яхши топшириб,
Иккинчи имтиҳон олдида турган
Ўқувчи сингари ҳисобот бериб,
Янги куч сезаман ўзимда бирдан.

Хайрият, аждодлар ёди бор экан,
Хайрият, бор экан таскин берар жой.
Шу ерга келганда тиниқиб фикран,
Шу ерга келганда бўлгандайман бой.

ҲАМИД ОЛИМЖОНГА

1

Менинг қасосим бор тасодифларда —
Дунёга келмаган достонлар учун,
Сўнгига етмаган имконлар учун,
Битмас жароҳатдай армонлар учун,
Аро йўлда қолган дармонлар учун
Менинг қасосим бор тасодифларда.

2

Ҳамон Ойгул билан Бахтиёр менга
Ўргатар яшашдан недир муддао…
Озодлик келтириб тутқун заминга,
Севги, жасоратга бағишлар маъно.
Бунёду Паризод қиссасин тунлар
Ўқиб ёш жонимга пайванд қилган дам
Нотинч юрагимда чақнаб учқунлар
Семурғ қанотида учганман мен ҳам.

Аммо қисматингдан зарра бехабар,
Сенинг руҳинг билан олганман нафас.
Шеърий диёрингни кезиб сарбасар,
Шеърий дунёларга қўйганман ҳавас.
Тасодиф: «Насибанг тугади», — деди
Мағлуб бўлмасанг ҳам муҳорибларда.
Ростдан ҳам бу ўлим тасодифмиди,
Менинг қасосим бор тасодифларда.

3

Юксак чўққи каби эртагинг омон,
Шеърият тоғида ёлғиздир ҳамон.
Ҳамон ақлларга қувват ва роҳат
Ҳамда юракларга бериб ҳарорат,
Бир давр уфқини ёритиб мангу
Юксак-юксакларга чорлаб турар у.
Чала қолгани-чун учқур ўйлари,
Умр йўлин шартта кесгани учун,
Ногоҳ кулфат бўлиб эзгани учун
Менинг қасосим бор тасодифларда.

Манба: Маъруф Жалил. Сайланма. Тошкент,2005

055Shoir Ma’ruf Jalil tavalludining 80 yilligi oldidan

Ma’ruf Jalil
YURAGIMDA YOTGAN SIR
Tarjimai holim
011

1936 yil 10 oktyabrda Kattaqo’rg’on tumanidagi Payshanba qishlog’ining Qibla guzarida tug’ilganman. O’n yildan keyin 1946 yilda berilgan tug’ilish guvohnomasida ana shunday yozilgan. U vaqtlarda qishloqda maxsus tug’ruqxona bo’lmagan. Har kim o’z uyida tug’ilgan. Guvohnoma zarur bo’lib qolsa, yozdirib olishgan, bo’lmasa, bolalar hujjatsiz yuravergan.

Rajab momom (otamning onalari) aytar edilar:
— Sen tiramohda, ko’rak teriladigan paytda tug’ilgansan. Kechalari qirov tushib, qora sovuq bo’lar edi.

Qishlog’imiz atrofi tog’lar bilan o’ralganga o’xshaydi. Qayoqqa qaramang — tog’. Havo ochiq kunlari, ayniqsa, toqqa qor yoqqandan keyin shunday aniq va yaqin ko’rinadiki, borib sayr qilging keladi. Lekin bu manzara aldamchi. Ular ancha uzoq.

Shimol tomonda ko’rinib turganini Oqtog’, janub tomondagisini Qoratog’, deyishadi. Oqtog’ tomondan Oqdaryo, Qoratog’ tomondan Qoradaryo oqadi. Shu ikki daryo oralig’ini Miyonkol, deyishadi. Ikki daryo aslida mustaqil daryolar emas, Zarafshon daryosining Samarqand yaqinida ikkiga bo’linib oquvchi irmoqlari. Ular Xatirchida birlashib, yana Zarafshon bo’lib oqadi.

Payshanba qishlog’i shu Miyonkol orolining etaklarida — Ishtixon, Xatirchi, Kattaqo’rg’on o’rtasida joylashgan. Qishlog’imiz katta va qadimiy qishloqlardan biri. Qadimgi tarix kitoblarida turli munosabat bilan nomi tilga olinadi. Har payshanba kuni bu yerda katta bozor bo’lgan. Uzoq-uzoqlardan karvonlar kelgan. Savdo-sotiq qizigan.

Qishloq atrofi baland va qalin devor bilan o’ralgan ekan. Shuning uchun uni qo’rg’on deyishgan. Dehqonchilik bilan shug’ullanganlar bahorda boqqa, ko’zda hosil yig’ib-terib olingach, yana qo’rg’onga ko’chganlar.

Payshanbaning o’n bir guzari, har guzarning o’z masjidi, uning qoshida maktabi, bundan tashqari Onamachit va madrasasi bo’lgan. O’z qishlog’ida boshlang’ich ta’lim olgan bolalar shu madrasaga kelib o’qir, uni bitirgandan keyin bilimini oshirishga qobiliyati va qurbi yetsa, Buxoro madrasalariga borib o’qigan.

Jalil bobom chig’atoy urug’idan, Rajab momom toqchilardan. Ularni xudo rahmat qilgan bo’lsin. Jalil bobom 1916 yilda mardikorlikka olingan. Smolensk o’rmonlarida daraxt kesgan.
Uyida to’quv dastgohi bo’lgan. Chit to’qigan. Shuning uchun u kishini odamlar Jalil chitgar deyishardi.

Otam Ergash Jalil eskicha o’qish-yozishni yaxshi bilardi. Toshkentda ikkita o’qishni bitirganlarini eslardilar. Jamoa xo’jaligida hosilot bo’lib ishlaganlari esimda. Qotmadan kelgan, uzun bo’yli, jadidcha mo’ylovli kishi edilar.

O’n yoshimdan birinchi sinfga o’qishga borganman. Anig’i, yozda bog’imizga ikkita ayol kelgandi. Qo’llarida qalam, daftar. Uydagi bolalarni so’rab-surishtirdi. Otimni so’radi. Buvim aytdilar. Yozib oldi. Ular o’qituvchilar ekan. Uyma-uy yurib, bolalarni maktabga yozishayotgan ekanlar.

Urush tamom bo’lganiga bir yil bo’lgan. Ajali yetmay omon qolganlar yurtlariga qaytib kelmoqda edilar. Bir qo’li, bir oyog’i yo’q, hatto ikki qo’li yoki ikki oyog’i yo’q nogironlar
qishlog’imizda ko’payib borayotgan paytlar. Qaytib kelmaganlar, yog’och oyoqli, qo’ltiq tayoqli odamlar qancha.

Ali aka urushdan to’rt muchasi omon qaytdi.
U kishini Jalil bobom masjiddan topib olgan ekanlar. Masjid hovlimiz yaqinida edi. Qahatchilik. Bobom bomdod namoziga chiqsalar bir bola yig’lab o’tirgan ekan. «Kimni bolasisan?» deb so’rab-surishtira ketibdilar.

Keyin uyga olib kelibdilar.
— Xotin, senga bitta o’g’il olib keldim.
— Voy, o’z bolalaringiz kamlik qiluvdimi? Turmush toshdan qattiq bo’lsa…

— Qo’yaver, Xudo rizqini beradi. Masjid ayvonida yig’lab o’tirgan ekan. Zamonni ko’rib turibsan. Kim o’z farzandini masjidga tashlab ketadi. Bu yerlikka o’xshamaydi.

Shunday qilib, u ham o’z bolalari qatorida ulg’aydi.

1939 yilda Orif amakim Ali aka bilan harbiy xizmatga chaqirilgan edi. Orif amakim bedarak yo’qolganligi haqida xabar keldi. Shu orada Jalil buvam olamdan o’tdi. Ali aka esa urushning so’nggi yillarida jag’idan o’q yeb, bomba ko’chirgan tuproq ostida qolgan ekan. Hamshiralar uni topib, shifoxonaga olib ketishibdi. Urush tamom bo’lgandan keyin tuzalib, qishloqqa kelgan edi.

Ali aka urushdan oldin cho’pon bo’lgan ekan. Urushdan keyin jamoa xo’jaligi u kishiga yettita qo’y-echki berdi.

Buvam: «Agar Ali urushdan omon qaytsa, Zaynabni unga nikohlab ber», deb vasiyat qilgan ekanlar. Zaynab ammam bilan Ali akaning nikoh to’ylari bo’ldi. Qo’y-echkilar tufayli ro’zg’orimizga ancha baraka kirganday bo’ldi. Ibrohim amakim, Zaynab ammam, Ali akalar jamoa xo’jaligida ishlar, men Oqdaryo bo’yida echki va qo’ylarni boqardim.

Oqdaryo qishlog’imizga yaqin — ikki chaqirimcha naridan oqardi. Qishlog’imiz do’nglikda. Zanjirlik ota qabristoni qishloqning shimoliy chekkasida joylashgan. Qabriston yonidan ariq o’tadi. Ariqning bir qirg’og’i tepalik. Tepalikdan tushib, arikdan o’tilsa, daryo tomon to’g’ri yo’l. Uning ikki chetida tut, jiyda kabi daraxtlar, bog’lar. Ancha yurilgandan keyin zax suv ko’lmaklari, botqoqlik boshlanardi. U yerlar yulg’un, qayrag’och, har xil yovvoyi butalar bilan qoplangan, qalin chim bosgan o’tloq edi. Qishlog’imiz podasi ham shu yerda boqilardi. U mahallarda daryoda suv ko’p. Ayniqsa, bahor kelib, muzlar eriy boshlaganda daryo suvi o’zanga sig’may, qirg’oqlardan oshar, ko’priklarni, yaqin oradagi uylarni yuvib, oqizib ketardi. Hozir yaxshi eslayman. Uzokda oqib kelayotgan kema ko’rindi. Uning ichida qoramol, qo’y, eshak va odamlar bor edi. Kema to’lqinlarga, toshlarga urilib, chayqalib ketar, shunda ba’zi odam va jonivorlar suvga ag’darilardi. Daryo o’ngga buriladigan joyga kelganda u katta xarsangga urilib, pachoq bo’lib to’nkarilib qoldi. Ichidagi mollar oqib ketdi.

Bir kun bolalar shovqin ko’tarib, mollarni qaytara boshladi. Qarasam, daryo toshib, katta-katta muz bo’laklarini bir-biriga urib, guvillab oqayapti. To’lqinlar orasida daraxt shoxlari, yog’ochlar, beshiklar ko’rinadi. Beshik ustida yopishib qolgan yopqichlar. Ehtimol, ichida chaqalog’i ham bordir.

Atrofda mol boqib yurgan bolalar va nogiron podachidan boshqa hech kim yo’q. Tabiatning bu dahshatli xuruji oldida ular ojiz edi. Shu voqea hanuz ko’z oldimdan ketmaydi.

O’shanda men sakkiz-to’qqiz yoshlarda bo’lsam kerak. Hali maktabga bormasdim. Buvilarim bilan birga yashardim. Rahmatli menga ham ota, ham ona bo’lganlar.

Bir boshidan ayta qolay. Onam men juda yoshligimda vafot etgan. Shuning uchun qiyofasini yaxshi eslay olmayman. Otam qamalganlarida onam ukalarimni yetaklab, meni ergashtirib, oldi hovuzli oq uyga olib bordi. Otam shu yerda sud qilinayotgan edi. Shu voqea esimda. Lekin onamning ko’rinishi qandayligi esimda yo’q. Bir marta rasmga tushganmiz. Onam, ukalarim bilan. Aniq eslayman. O’sha rasm yo’qolib ketgan.

Xullas, urush oxirlab borayotgan, qahatchilik avjiga chiqqan paytlarda singlim Rohila bilan ikkimiz momomizning qo’lida qolganmiz. Orif amakim bilan Ali aka urushda, otam qamoqda, buvam vafot etgan. Buvim, Zaynab ammam, Ibrohim amakim bilan yashardik. Ular kolxozda ishlab, har kuni ish haqiga bittadan non olib kelishardi. Buvim tinim bilmasdi.

Kechalari uyqudan uyg’onsam, buvimning Xudoga iltijo qilib, yig’lab o’tirganlarini ko’rardim. «Ertaga nima qilaman, yo tangrim… Bularning og’ziga nima tutaman, yetimlarga rahm qilgin. O’zing rahmli, mehribonsan, tangrim…. O’zingdan boshqa suyanchig’im yo’q», deb o’z-o’ziga gapirib, qorong’ida o’tirganlarini ko’p ko’rardim.

Endi eslasam, hovlimizda sigir, buzoq bor edi. Bog’imizda qo’y, echki, tovuqlar ham bo’lardi.

Qahatchilik, ochlik bo’lsa, baraka qocharkan.

O’shanda kunjara yeb, ochlikdan shishib o’lganlar haqida eshitardik. Buvim rahmatli qishda uydagi sotish mumkin bo’lgan narsalarni, hatto buvamdan qolgan hovlini ham sotgandi. Ibrohim amakim o’zini o’nglab, hovli sotib olguncha qarindosh-urug’larning uylarida yashab yurganmiz.

Buvamdan qolgan tomorqamiz bo’lardi. Juda katta. Uzumzorning o’zi ikki tanob, uning chekkasida, ariq bo’yida o’n beshta anjir bo’lardi. O’ntasi sariq, beshtasi qora anjir. Ular daraxtday bo’lib ketgandi. Kuzda, ularni ko’mish vaqtida sakkiz-o’n kishi zo’rg’a bosib turardi.

Bundan tashqari ekin ekiladigan yana o’n so’tix yer bor edi. Olma, zardoli, shaftoli, olxo’ri, olcha, jiyda, anor kabi mevali daraxtlarimiz bor edi. O’rik, olmaning to’rt-besh xili o’sardi. Ulardan mo’l hosil olinardi. Qancha mayiz, turshak qilinardi. Shunday ekan, nega qishda toriqib qolardik?
Bolaligimda bu haqda o’ylamasdim.

Bir voqea hamon esimda. Bir kuni bitta melisa, ikkita miltiq ko’targan askar bilan do’m keldi. «Urushga yordam» deb turshak-mayizlarni, qoplangan jo’xorilarni olib ketishdi. Ular ortidan ot, ho’kiz qo’shilgan aravalar ergashib yurardi. Buvim o’shanda «Bolalarga ham qoldirib ketinglar, insof qilinglar» deb dod-voy qilib, yig’lab qolgani esimda.

Buvamning Do’g’on (To’g’on) mozor tarafdagi o’sha bog’da uzun qilib, xom g’ishtdan qurilgan uyi bo’lardi. Bir-biriga ulab qurilgan bir uy-bir daxdiz, yana bir uy-bir dahlizdan iborat edi. Binoning oldi uzun supa. Supaning kun botish tarafida katta oq tut daraxti soya solib turardi. Yoz kechalari supada, shu tut tagida uxlardik. Ertalab qushlarning chug’ur-chug’uridan uyg’onib ketardim.

Shu binoning orqasida ravot bor edi. Uyga tutashtirib uch paxsa devor bilan o’ralgan qo’rani ravot derdik. Shu ravotda buvamning saman oti bilan, eshak turardi.

Elliginchi yillar oxirida paxta maydonlarini kengaytirib, traktor bilan ishlov berishga qulay bo’lsin deb ko’p bog’lar, tokzorlar buzib yuborildi. Shunday qilib, bobomdan qolgan bog’ paxtazorga aylandi. Ibrohim amakim Qiyot tomondan boshqa tomorqa oldi.

Bu voqealar keyin bo’lgan. Urush davri juda og’ir edi.

Buvim kuzda yer haydatib, arpa ektirardi. Bahor kelaversa, suyunib: «Ha, erta-indin tut pishadi. Og’iz tutga tegsa, marra bizniki…. Tangrim rahmdil. Bandasini xor qilmaydi», derdi.

Bahor kelib, arpa bosh tortsa, kunimiz tug’ardi. Sut bog’lagan boshoqni terib, qaynatib, ko’k atala qilib berardilar.

Havo bulut bo’lib, momoqaldiroq guldirab, chaqmoq chaqqanda buvim: «Ana, Momo Havvo suprasini qoqayapti. Yomg’irdan keyin ariq bo’ylariga chiqinglar. Qo’ziqorin chiqadi. Momo Havvoning suprasidan tushgan tabarruk ushoqlardan terib kelasizlar. Pishirib beraman», derdilar.

Singlim bilan ikkimiz qo’ziqorin terardik. Buvim qovurib yoki sho’rva qilib berardilar. Qanday lazzatli edi. Hozir qo’ziqorinlarda unaqa maza yo’q. Uni qo’ziqorin emas, zamburug’ deyish kerakdir. Qo’ziqorin ag’darilgan qoringa o’xshardi. Mazasi ham jigar kabobga yaqin edi.

Buvimning charxlari bo’lardi. Qishning quyoshli kunlarida oftobga qaragan ayvonda o’tirib,paxtadan ip yigirar, keyin pishitib, uni tevona (katta igna, juvoldiz) bilan silliqlardilar. Charxni aylantirib, uning g’uv-g’uviga jo’r bo’lib, o’z yoshliklari, urushga ketgan o’g’illari, ota- bobolarini eslab, g’amgin-g’amgin qo’shiqlar aytardilar. Ular alam, o’kinch, umid qo’shiqlari, armonli dil hasratlari bo’lib, ko’zyosh bilan ko’ngil dog’larini ketkazuvchi malham edi.

Buvim ertak, matal, maqollarni ko’p bilardi. Kechqurunlari aytib berardi. Bolalik qilib biror ishini bajarmasam yoki o’yinga ovora bo’lib, kechgacha ko’ziga ko’rinmasam, shunday urishardiki, gaplaridan ilon po’st tashlardi. Hozir o’sha gaplarni eslasam, kulgim keladi:
«Bosgan izing orqangda qolgur», «Yigit o’lmagur», «Ko’zing teshilmagur», «Oyog’ing sinmagur».

O’n yoshimda maktabga yozib ketganlarini aytdim. O’qish boshlanadigan kun keldi. Bolalar bir-birini chaqirib, maktabga keta boshladi. Buvim bo’lsa, meni qo’ymadi.
— Bormaysan. Qo’ylarga kim qaraydi? Kim o’tin terib keladi? Maktabdan nima foyda? Bir quchoq o’tin terib kelsang, qozon qaynaydi.

Yalinib-yolvoraman. Maktabdan kelib, qo’ylarga o’t, ovqatga o’tin terib beraman, deb iltijo qilaman. Buvim bo’sh kelmaydi. O’zi maktab ko’rmagan. Lekin savodsizlikni bitirish mashg’ulotidan «bitta tayoqcha bilan bitta kosa yonma-yon tursa, o’n bo’ladi», degan gapni o’rganib olgan.
— Maktab qorningni to’ydiradimi, ovqat beradimi? Kechqurun «qornim ochqadi» deb kelmaysanmi? — deb astoydil g’azab qilardi.

Urush tugagan bo’lsa ham turmush xarob, odamlar och-yalang’och edi. Tandir orti jo’xorizor edi. Yig’lab jo’xorizorga kirib ketdim. O’tirib-o’tirib, buvimning ovozi tingandan keyin narigi tomondan chiqib, maktabga bordim. Maktab hovlisida bolalar saflanib turgan ekan.

Bog’imizga borib, yozib kelgan bug’doyrang, novchagina ayol:
— Ergash Jalil o’g’li, bu yoqqa kel, — deb chaqirib oldi va safga qo’shib qo’ydi. Keyin har bir o’qituvchi o’zi yozib kelgan bolalarni sinfga olib kirdi. Urush tufayli o’qishdan qolib ketgan 15—16 yoshli o’smirlar, 20 yoshlardagi qizlar ham bor edi. Urushdan omon qaytgan yigitlar oila qurgani sababli sinfimizdagi ko’pchilik qizlar ikkinchi sinfga o’tganda turmushga chiqib ketdi.

Shunday qilib, o’qiy boshladim. Buvim «Maktabga borma», deb boshqa janjal qilmadi. To’rt yil bizni o’sha bog’imizga borib, yozib kelgan opa — Maryam Ubaydullaeva o’qitdi. O’shanda sinfimizda Usmon degan bir lo’li bola ham bor edi. Bir kuni unga jildiga qizil bayroq rasmi solingan xat kelibdi. Bolalar qiziqib, tomosha qilib turishgan edi. Nima ekan, deb men ham bordim. Mashinkada yozilgan xat. Gazetadan kelibdi. O’qidim. U she’rmi, xabarmi yozib yuborgan ekan. Shunga javob kelibdi. Xatning bir chekkasida «Yosh muxbirga esdalik» bor, unda qanday yozib, nimalarga e’tibor berish haqida maslahat berilgan edi. Usmonga havasim keldi. O’sha bolalar gazetiga men ham xabarlar, she’rlar yozib yubora boshladim. Adabiyotga qiziqishim shundan boshlandi.

Uyimizda Alisher Navoiyning ko’kish rangli qalin muqovali devoni bor edi.

«Kuntug’mish», «Orzigul», «Avazxon», «Ravshanxon» va yana qaysidir dostonlar, «O’zbek xalq ertaklari» kitoblarini otam o’qib yurardilar. Bu vaqtda hosilot bo’lib xizmat qilardilar. Bundan tashqari «Sharq yulduzi» jurnalining bir dasta kitobi va «Paxtachilik» degan yupqa muqovali qalin-qalin kitoblar bor edi.

Mening birinchi o’qigan kitobim Navoiyning o’sha devoni, doston va ertaklar edi. Otam negadir zamonaviy shoirlar kitoblarini xush ko’rmas, «maza-matrasi yo’q», derdilar.

Yettinchi sinfda o’qib yurganimda singlim Rohila qazo qildi. U juda ozg’in, nimjon edi. Ocharchilik unga yomon ta’sir qilgandi. Menga juda mehribon, bitta olma yoki yong’oq topsa ham menga asrab qo’yardi.

Uni qabrga qo’yib kelgandan keyin uyga kirsam, sandal yonida yotgan Rohila ko’zimga ko’rinib ketdi. Dardi og’irlashib qolgandan beri sandalning devor tarafida yotardi. Men sandalning bu tarafida o’tirib dars tayyorlar yoki kitob o’qirdim. Rohila har gal «Nima o’qiyapsiz, aka», derdi.

— Kitob, — derdim, — xalaqit berma.
— Ovoz chiqarib o’qing, men ham eshitay.

— O’chir ovozingni…
— Zerikib ketdim. Ovoz chiqarib o’qisangiz nima qiladi?

Shu gaplar esimga tushib, ko’nglim buzildi. O’kinch aralash yig’i ichimdan toshib chikdi. Kitob o’qib berish, dardmand ko’nglini ko’tarish o’rniga jerkiganim endi armon bo’lib o’rtamoqda edi. Sandalda o’tirib yoza boshladim.

Sen ham meni tashlab ketdingmi…
Ketdingmi dunyodan boshingni olib,
Yo’qchilik kulfatin ichingga solib,
Sen ham meni tashlab ketdingmi?

Yozarkanman, tomog’imga alam tiqilib, ko’zlarimdan duv-duv yosh oqardi. Momom xonaga kirdiyu, holimni ko’rib, yonimga o’tirdi. Boshimni silab, yupata boshladi:
— Ukangga kuyinayapsanmi, bolam. Sizlarni itga qoptirmay, qushga teptirmay parvarish qildim. Urush ocharchiliklaridan olib o’tdim. Endi qorni nonga to’yib, o’nglanib ketar devdim.
Umri qisqa ekan. Nima qilamiz, bolam. Nima yozding, o’qib ber-chi….

O’qiy boshladim. Uv tortib yig’lab yubordilar. Qo’shilishib yig’ladik. Buvim hamma qo’ni- qo’shnilarga,dugonalariga she’rni aytib chiqibdi. Qo’shni ayollar hovlimizga kirsa, meni chaqirib shu she’rni o’qitishardi.

Shundan boshlab mahallamizda «shoir» bo’lib qoldim. Singlim vafotiga bag’ishlab yozgan o’sha she’r saqlanib qolmagan. Afsus. Faqat bir to’rtligi yuragimda.

O’shanda she’r nima uchun yozilishini tushundim. Lekin hamma yozganlarim ko’ngildagiday chiqavermasdi. O’zim ham sabrsizroq edim. Uzoq o’tirishga toqatim chidamas, oylab qo’limga qalam olmasdim. Lekin kitoblarni ko’p va farq qilmay o’qirdim. Shundan bo’lsa kerak, she’rlarim ko’p yillardan keyin bosila boshladi.

1955 yilda Qoradaryo tuman gazetasida «Orzu» degan she’rim bosilgan. «Qizil O’zbekiston» gazetasida 1961 yilda «Bahor» sarlavhali she’rim chiqqan. Shundan beri «Men sizni sevardim», «Rahmat, odamlar», «Seni o’ylab», «Notanish yo’llar», «Qo’shiq ishtiyoqi», «Men suv ichgan daryolar», «Parizodim», «Daryoni izlar shamol», «Baxtimga sen borsan» nomli she’riy to’plamlarim, publitsistik kitoblarim nashr etilgan.

Tarjima kitoblar ham bor. Rus tilidan ingliz dramaturgi Kristofor Marloning «Buyuk Temur» she’riy dramasini, Yavdat Ilyosovning «So’g’diyona» tarixiy romanini, Yevgeniy Yevtushenko
va Andrey Dement`evlarning she’riy to’plamlarini o’zbek tiliga o’girdim. Boshqa tarjimalarim ham ko’p. Ular kitob holida bosilib chiqqan.

034Ma’ruf Jalil
SHE’RLAR
011

SENI KO’RGIM KELAR, ONAJON

Shodlikdan osmonga yetganda boshim,
Bir joyga to’plansa do’stu qarindoshim.
YO boshimga tushsa biror musibat,
Yoki birov aytsa otamga rahmat,
Uchrab qolsa yo’lda tanish ayollar,
Dildan tilga ko’chsa ma’sum xayollar
Desa: «Ko’rinishda mag’rur bo’lsa ham,
Yo’q edi onangday mushtipar odam».
Seni ko’rgim kelar, onajon.

Yor bilan bog’ kezsam oydin kechalar,
Ko’nglimda tug’ilsa yangi rejalar.
Sirli kuylab oqsa jilg’alar pastda,
Baxtimga yulduzlar boqsa havasda —
Shabboda silasa gulning yuzini,
Tinglamoq istayman aytgan so’zini.
«Bolamning bo’yini ko’ray deb bir dam»,
Ehtimol gul bo’lib chiqqansan yerdan.

Shu sabab sog’inch-la boqaman gulga.
Armon faryod qilar o’ksigan dilda.
Seni ko’z oldimga keltirolmay, goh!
Eslolmay yuragim o’rtanar nogoh.
Qanday baxtiyordir onasi borlar,
Ular yetimlarday chekmas ozorlar.
O’zing ketding menga berib umringni,
Sog’inib asrayman dilda mehringni.
Seni ko’rgim kelar doim, onajon.

* * *

Tasavvurda qilib paydo
O’zim unga bo’lib shaydo,
Visoliga yetolmasman
Xayolidan ketolmasman.
Bu qanday sirli ma’vodir,
Bu qanday sirli savdodir?

Boshimni ming xayol chulg’ar,
Ko’zim yolg’iz sarob ilg’ar.
Oyog’im ostida yer yo’q.
Bu yorug’ dunyoda nur yo’q.
Xijolatmi, pushaymonmi —
Olar qiynoqqa vijdonni.

Qasam yanglig’ umidim bor:
Sevar bir kun meni ul yor.
To’lib-toshib oqar ul dam,
Ko’zi yopiq buloqlar ham.
Faqat men tolmasam bo’ldi,
Yo’limdan qolmasam bo’ldi.

MUNOJOT

Mendan munojot, sendan ijobat,
Dilimga solgin sabru qanoat.

Insof tilarman kunda o’zimga,
Shukronam bo’lsin sabru qanoat.

Isyon ko’tarma, ey johil nafsim,
Shayton hukmiga qilma itoat.

Halol mehnatda topay rizqimni,
Harom luqmani qilmayin odat.

Boshimga kulfat qo’shin tortsa ham,
Tashlab ketmasin ko’nglim diyonat.

Dil uyi ravshan yorim ishqidan,
Bu ishq mayida io’kdir malomat.

Gunohim ko’pdir, ijobat ayla,
Menga yo’l ko’rsat, sohib karomat.

KO’NGIL KO’ZIMNI OCH

Haqiqatni ko’ray men ham,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.
G’ofil o’tmay bu dunyodan,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

O’z nafsini ardokdagan,
O’zga bag’rini dog’lagan,
El baxtidan zavq olmagan —
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

Insof, himmatni unutgan,
Zalolat yo’lini tutgan,
Gunoh qilib, savob kutgan
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

Qur’on o’qib, zikr qilsin,
Yashash ne, deb fikr qilsin,
Kunda ming bor shukr qilsin,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

Zino qilgay hayosi yo’q,
Umri zulmat, ziyosi yo’q,
Safosi yo’q, davosi yo’q,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

Imon keltir, degan zotga,
Somon olib kelar otda.
Nahot umrim shu xil o’tsa,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

O’zing Sobir, O’zing Jabbor,
Bari asror senga oshkor.
Ma’ruf aytar: ey Biru Bor,
Ko’ngil ko’zimni och, tangrim.

SEN BO’LMASANG YONIMDA

Bog’larda tarovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Tog’larda salobat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Olamda nafosat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Ko’nglimda halovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.
Jonimda itoat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Qaysi kuni, ey dilbar, qayda menga so’z berding,
Aqlimni olib qanday, ko’nglimga qachon kirding,
Sen lafzi karomatmi yo subhi sabo erding?
Kel, o’zni namoyon qil, pinhona meni ko’rding,
Bir lahza qanoat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Kunduz kuni oftobim ko’nglimga qadam qo’ymas,
Tunda to’lin oyimni abr otli sitam qo’ymas.
Gohi ezilib yomg’ir, egnimni shinam qo’ymas,
Erkin nafas olmoqqa yo’llarda alam qo’ymas,
O’yimda halovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Yo’lda adashib yurgan bola kabidir holim,
Majnun dilidan chiqqan nola kabidir holim,
Arqonga madad bo’lmas tola kabidir holim,
Ohu ko’zida bitgan vola kabidir holim,
Umidi saodat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Tunni uladim tongga vaslingga to’yarman deb,
G’am lashkarini sabrim tig’i-la so’yarman deb,
So’ng qatli g’amim qonin ko’z yosh-la yuvarman deb,
G’urbatdagi boshimni tizzangga qo’yarman deb,
Umrimda farog’at yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Balki toparman yozda, ehtimol qish topmasam,
Ko’nglim o’rniga tushmas, erta yo kech topmasam.
Ostin-ustun qilurman dunyoni hech topmasam,
Qalamim qilich bo’lar, agar qilich topmasam,
Umrimda davomat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

O’lkamga bahor yanglig’ uyg’onish olib kelgan,
Hikmat to’la daryoday hayratga solib kelgan,
Iqbol yo’li ko’p og’ir, mayliga, tolib kelgan,
Ma’ruf kabi to’ylarga nog’ora chalib kelgan,
She’rimda harorat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

MEN YO’LINGGA KO’Z TUTARMAN

Men yo’lingga ko’z tutarman, sen kutarsan o’zgani,
Senga sodiq do’st qani-yu, menga shahlo ko’z qani,

Men sadoqat istagayman, sen esa shirin kalom,
Menga mehri jon qani-yu, Senga shirin so’z qani?

Menda bor yulduz xayoli, sen-chi, sham parvonasi,
Senga bitta sham qani-yu, men uchun yulduz qani?

Dildagi pinhon sirimni hammaga aytar shamol,
Sir tutuvchi do’st qani-yu, sir olar josus qani?

Shubhalar vayronasi ichra, turarman xasta lol
Qo’lda bir shamshir qani-yu, dilda bir fonus qani?!

* * *

Qani mening sevinchlarim, g’amlarim qani?
Zang bosmagan qilich kabi damlarim qani?

Zim-ziyo qalb go’shasida do’stlar sham edi,
Bugun yorug’ qalb go’shasi, shamlarim qani?

Mudom to’kis hayotimda bo’lar bir kamlik,
Ayting, kemtik hayotimda kamlarim qani?

Goh hijron, goh uchrashuvdan ko’zlar bo’lsa nam,
Uchrashuv bor, hijron boru namlarim qani?

Belga bog’lab yurar edim belbog’u xanjar,
Do’ppim boshda, belbog’ bilan xanjarim qani?

Ma’ruf, endi afsus qilma o’tgan kunlarga,
Degil: «Qoshi qora, sochi anbarim qani?»

* * *

Tushlarimda suzaman Zarafshon daryosida,
O’ngimda-chi, kuyaman ikki o’t arosida.

Bir ko’zlari cho’lponning firoqida o’rtanib,
Istiqbolni ko’raman iztirob ziyosida.

Ul mening o’ylarimni anglarmi yo anglamas,
Yetib borsa na bo’lgay raqiblarim ijrosida.

«Uyg’ot sarvinozimni, aytib unga rozimni»,
Xayolimni yo’llayman subhidam sabosida.

Hayotimda yupanch yo’q, yuragimda halovat,
Ma’ruf izlar baxtini muhabbat imlosida.

TOPMASANG NOMU NISHONIMNI

Topmasang nomu nishonimni saodat bog’ida,
Tark etib yotgan bo’lurman men uning tuprog’ida.

Gar birov ko’z yoshi to’kib chorlasa shodliklarin,
Bilki, menman ashk bo’lib turgan aning yonog’ida.

Sayrasa bog’ingda bulbul, sen anga duch kelmasang,
Anglag’il, ruhim kelib yo’kdar seni goh-gohida.

Gar birov baxt izlasayu, fitna to’ssa yo’lini,
Ayt anga, meni chaqirsin chorasizlik chog’ida.

Oy, quyosh, yulduz kabi ming-ming umidim bor edi,
Senga baxsh etdim ularni, qolma g’aflat dog’ida.

Ey ko’ngil, yoringni uyg’ot, «toleing erkingda» deb,
Bo’lmasa Ma’ruf, ketar boring zulm sirtmog’ida.

SOTGANIM YO’Q

Sotganim yo’q vijdonimni, sotganim yo’q,
Duch kelganga ta’na toshin otganim yo’q.

Ot tepkisin ot ko’tarar, tuya emas,
Shu sabab men tuyaga so’z qotganim yo’q.

Biror zotning yostig’ini quritmadim,
Yo’q, men bunday gunohlarga botganim yo’q.

Halol ishda kun kechirdim, halol yashab
Nopok daraxt mevasini totganim yo’q.

Yomon urug’ ekkan bo’lsam nosoz yerga,
Zinhor-zinhor yaxshi hosil kutganim yo’q.

Nima bo’lsa toleimdan ko’rdim, ammo
E’tiqodim, seni pulga sotganim yo’q.

Mening bitta Vatanim bor yer yuzida,
Undan go’zal Vatan izlab chopganim yo’q.

NAVOIY G’AZALIGA MUXAMMAS

O’tib oylar hanuz munglig’ dilimni o’zga band etmas,
Umid qushim etib yakson nigorim makru pand etmas,
Ko’rib past dushmanimni yo mening qadrim baland etmas,
Meni men istagan o’z suhbatiga arjumand etmas,
Meni istar kishining suhbatin ko’nglim pisand etmas.

Desa johil: «Yigit ersang o’zingni tashla shu nahra»,
Dedi oqil kulib: «Yorab, bu botqoqdan o’zing asra».
Jo’shib qonim tomirda garchi tortib tursa ham na’ra,
Ne bahra topqomen andinki mendin istagay bahra,
Chu ulkim bahrai andin tilarmen bahramand etmas.

U bo’lsa gar xirom aylab g’ulu solgay sabotimga,
Bu beparvo bilar, ammo qiyo boqmas murdimga,
Qo’shib aytay mudom ko’ngil navosini bayotimga,
Netay huru pari bazminki, qatlim yo hayotimga
Ayon ul chashm zahr aylab, nihon bu no’shxand etmas.

Ko’z ochmoq garchi mushkul gohi-goh sangi malomatdin,
Men izlarmen saodatni bu olamda kamolatdin,
Ne foyda tillaqo’ng’iz shu’lasi yanglig’ faroqatdin,
Kerakmas oy ila kun shaklikim, husnu malohatdin,
Ichim ul chok-chok etmas, tanim ul band-band etmas.

Bu olamda yagona ul, qiyosi yo’q xumorimkim,
Vale ko’kka yetar har dam jafo qilganda zorimkim,
Kerakmas dardimda o’lsam-da ketsam o’zga dorimkim,
Kerak o’z chobuki majnunvashi qotil shiorimkim,
Buzug’ ko’nglimdin o’zga yerga javloni samand etmas.

Gunohkor bandalar ichra gunohsiz qolmog’ing og’ir,
Umr qisqa, vale cheksiz yupanch bergay umid sohir,
Agarchi sen hayot zavqin surishga shunchalar mohir,
Ko’ngil o’z charx zolidin, firibin yemakim oxir,
Ajal sarrishtasidin o’zga bo’yningga kamand etmas.

Yetar jabru jafo chekkanlaring shuncha, ko’ngilni uz,
Maishat qil, yashab qol deb meni diqqat qilar beyuz,
«Vafodoring bo’larman» deb berib Ma’rufga tanho so’z,
Ul oy o’tlug’ yuzin ochsa, Navoiy tegmasin deb ko’z,
Muhabbat tuxmidin o’zga ul o’t uzra sipand etmas.

SENI O’YLAYMAN

Olis manzillarda yurganimda ham,
Bir ishga band bo’lib turganimda ham,
YO boshim har tomon urganimda ham,
Do’stu dushmanlarni ko’rganimda ham
Seni o’ylayman.

Seni o’ylamasdan o’tgan damim yo’q,
Fikring bilan boyman, zarra kamim yo’q,
Dardim boru, lekin bir malhamim yo’q,
Chunki sendan o’zga dilda g’amim yo’q,
Seni o’ylayman.

Bilmadim, o’zimni o’ylayman qachon,
Umrimni sovurib o’tmoqda zamon.
Dilimda mehringu qo’limda armon,
Vatan yodi bilan ter to’kib hamon
Seni o’ylayman.

Koshki ne g’am bilan yurganim bilsang,
Xayolim yaratgan bog’larga kelsang,
Yillar neni oldi, sen qaytib bersang
Yolg’iz hayotimga baxt bo’lib kirsang,
Seni o’ylayman.

RUBOIYLAR

Qancha sitam ko’rding, shular yetmasmi?
Qilvir gap dilingga og’ir botmasmi?
Inoq bog’ o’stirsang arig’ing qurib,
Chug’ulliq qilmasang kuning o’tmasmi?

* * *

Bir marta keladi dunyoga odam,
Yuz iil davron surib yashab o’tgan kam.
Nega bir-biriga yomonlik qilar,
Yaxshi, yomon nima, bilib tursa ham?

* * *

Sen ne qilsang yaxshi, meniki yomon,
Sen misli atirgul, men esa tikon.
Shuncha turtki yesang tirik qolmasding,
Dard chekib, she’r yozib yuribman hamon.

* * *

Bilaman, dunyoning ishlari ajab,
Hammaga zar bermas aqliga qarab.
Kimgadir chaqqon til, kimga uzun qo’l,
Kimga kulfat berar, kimgadir sharaf.

CHORRAHADA
(Nasriy)

Umr yo’li bo’ylab safarga chiqdi.
Yurib-yurib chorrahaga yetib keldi u.
Qaysi yo’ldan borsa baxt visoliga yetadi?!
Manzilning uzoq yoki yaqinligini bilmaydi.
Yo’l ham notanish. Birinchi marta safarga chiqishi.
Kim ikki marta tug’ilib, ikki marta yashabdi.
Umr safariga hamma ham bir marta chiqadi.
Tavakkal qilib o’ng tomondagi yo’lga ravona bo’ldi.
Yurib-yurib, tog’, qir, bog’ oshib, daryo kechib, yana o’sha chorrahaga kelib qoldi.
Adashibman, deb o’yladi-da, to’g’ridagi yo’lga tushdi.
Yurib-yurib, tog’, qir, bog’ oshib, daryo kechib, yana
o’sha chorrahaga kelib qoldi.
Yana adashibman, deb ko’ngli og’ridi, ruhiy va jismoniy charchoq his qildi.
Chapdagi uchinchi yo’l to’g’ri bo’lsa kerak, deb o’yladi.
Horg’inligini umid bilan yengib, yo’lga tushdi.
Yurib-yurib, tog’, qir, bog’ oshib, daryo kechib, yana o’sha chorrahaga kelib qoldi.
Endi nima qilish kerak! Orqaga qaytsinmi?!
Umrni qanday qilib qayta boshlash mumkin?
Hayot o’z ishini qildi.
E’tiqodim, sen bo’lmasang,
O’tarmidim men ham adashib…

TURON OTA QABRISTONIDA

Bo’tana arikda qo’limni chaydim,
Qalbim to’lib nurli g’amgin tuyg’uta,
Keksa tut ostiga asta cho’nqaydim,
Bunda bobom yotar mangu uyquda.

Sal narida menga mungli tikilar
Yillar osha cho’kkan otamning qabri.
Dilimda xilma-xil hislar quturar:
«Oxir shu, deganday odamning qadri!»

Tuproq va changalzor ostida g’amgin
Ko’zga tashlanadi to’nka boshlari,
Afsus to’nka emas, ko’p yillar burun
Kimgadir qo’yilgan qabr toshlari.

Yana qabringizni ziyorat qilib,
Boshingizga keldim ta’zim qilmoqqa.
Ruhim poklanadi har yozda kelib,
Siz bilan yuzma-yuz o’tirgan chokda.

Qismat davomini shu yer biladi,
Bunda bor abadiy tutqich bermas sir.
Hamma yo’l shu yerga olib keladi,
Hamma yo’l shu yerda tugaydi oxir.

Bitta imtihonni yaxshi topshirib,
Ikkinchi imtihon oldida turgan
O’quvchi singari hisobot berib,
Yangi kuch sezaman o’zimda birdan.

Xayriyat, ajdodlar yodi bor ekan,
Xayriyat, bor ekan taskin berar joy.
Shu yerga kelganda tiniqib fikran,
Shu yerga kelganda bo’lgandayman boy.

HAMID OLIMJONGA

1

Mening qasosim bor tasodiflarda —
Dunyoga kelmagan dostonlar uchun,
So’ngiga yetmagan imkonlar uchun,
Bitmas jarohatday armonlar uchun,
Aro yo’lda qolgan darmonlar uchun
Mening qasosim bor tasodiflarda.

2

Hamon Oygul bilan Baxtiyor menga
O’rgatar yashashdan nedir muddao…
Ozodlik keltirib tutqun zaminga,
Sevgi, jasoratga bag’ishlar ma’no.
Bunyodu Parizod qissasin tunlar
O’qib yosh jonimga payvand qilgan dam
Notinch yuragimda chaqnab uchqunlar
Semurg’ qanotida uchganman men ham.

Ammo qismatingdan zarra bexabar,
Sening ruhing bilan olganman nafas.
She’riy diyoringni kezib sarbasar,
She’riy dunyolarga qo’yganman havas.
Tasodif: «Nasibang tugadi», — dedi
Mag’lub bo’lmasang ham muhoriblarda.
Rostdan ham bu o’lim tasodifmidi,
Mening qasosim bor tasodiflarda.

3

Yuksak cho’qqi kabi ertaging omon,
She’riyat tog’ida yolg’izdir hamon.
Hamon aqllarga quvvat va rohat
Hamda yuraklarga berib harorat,
Bir davr ufqini yoritib mangu
Yuksak-yuksaklarga chorlab turar u.
Chala qolgani-chun uchqur o’ylari,
Umr yo’lin shartta kesgani uchun,
Nogoh kulfat bo’lib ezgani uchun
Mening qasosim bor tasodiflarda.

Manba: Ma’ruf Jalil. Saylanma. Toshkent,2005

09

(Tashriflar: umumiy 648, bugungi 1)

Izoh qoldiring