Mirpo’lat Mirzo. Shoir (Rauf Parfi haqida).

0223
Рауф Парфи бетакрор шоир эди. Унинг шеъриятию ҳаётига, турмуш тарзига тақлид қилган ёшлар кўп бўлди. Лекин улар бу борада ҳам муваффақиятсизликка учрадилар. Рауф Парфи эса ҳаёт бўйлаб чаманзорда гул танлаб юрган ошиқдек таманно юришида давом этаверди… Устозлардан бири, Рауфдай беғубор, мусичадек беозор қалбли инсоннинг юрагида шу қадар долғали изтироблар бўлишига то ҳануз лол қоламан, деганди.
Ҳеч бир шоирнинг шеъриятини мутлақо бенуқсон, идеал шеърият деб бўлмаганлиги каби Рауф Парфининг турмуш тарзини ҳам барчага ибрат намунаси, деб кўрсатиб бўлмайди.

022

Мирпўлат Мирзо
Ш О И Р

Нашриётлар жойлашган салобатли бино олдидаги улкан устунлар ёнидан ўтиб зинадан кўча томон тушиб борарканман, узоқдан Рауф ака келаётганини кўрдим. Куз кунлари эди. У – ҳамишалик костюмида, қўлида ҳамроҳ портфели. Қачон қўйилгани эсимиздан чиқиб кетган соқол-мўйлаби ўзига ярашган. Уни узоқдан ҳам таниб олиш мумкин, чунки сочлари оппоқ эди. Қайсидир ёш шоир Рауф акага бағишланган шеърларидан бирида уни “Сочлари оқарган гўдак” дея таърифлаган эди. Шоир унинг қалби беғуборлигига, маъсумлигига ишора қилган эди, албатта.

Рауф аканинг кўзи менга тушгач, узоқданоқ қўлини кўтариб, мамнунлигини изҳор қилди. Кўришдик. Юзига беғубор табассум ёйилганди. Одати шунақа: ким билан тўқнаш келмасин – хоҳ дўст-биродари, хоҳ шогирди, хоҳ шунчаки бир кўрган таниши, ҳатто бутунлай нотаниш кимса бўлса ҳам, кўришмоққа чоғланса, юзига ана шундай самимий, масъум табассум ёйилар эди. Бундан у билан кўришган одамнинг ҳам дили хуфтон бўлса – ёришар, кўнгли ғаш бўлса, дарҳол ғашлиги омонат муз каби эриб кетарди.
– Хўш, йўл бўлсин, устоз? – дедим мен ҳам одатий жилмайиш билан.
– Шу-шу-шу… – деди Рауф ака лабида табассум ўйнаб. – Бу, ўзингиз биласиз-ку, нима қиласиз сўраб, дегани эди.
– Ҳа-а, “ишхона”гами?..
– “Ишхона” ёпилиб кетганига анча бўлган. Ҳозир фаолиятни “Мўминхона”да давом этдиряпмиз…
– “Етимхона”га ҳам бориб турибсизми?
– У ерга тушдан кейин ўтаман. Ҳозир бир-иккита “дарвешлар” билан кўришамиз…

“Ишхона” деганимиз, ҳозир ярмарка дўконлари тушган жойдаги “Қаҳвахона” эди. Анча йиллар илгари – Рауф ака ишламай юрган кезларда (аслида бирон-бир даргоҳда узоқ ишламаган ҳам) уни ҳамиша ўша “Қаҳвахона”дан топса бўларди. “Қаерда ишлаяпсиз” деган саволлар жонига тегиб кетгач, сўраганларга “иш жойим” деб ўша манзилни берарди. “Мўминхона” деганимиз эса нашриётлар биносининг ёнбошига тушган ойнаванд қаҳвахона эди. (Ҳозир у ҳам бузилиб кетган.) Қаҳвахонада Мўмин деган дилкаш йигит ишларди. Шу боис Рауф ака бу қаҳвахонага “Мўминхона” дея ном қўйиб олганди. “Етимхона” деганимиз Истиқлол хиёбони яқинидаги “Газеталар биноси” биқинига жойлашган қаҳвахона эди. Уни Ҳакимжон деган йигит бошқарарди. Ва шунинг учун у дастлаб “Ҳакимхона” дея номланганди. (Бу номни ҳам, албатта, Рауф ака қўйган.) Нима сабаб биландир Ҳакимжон ишдан кетгач, “Қаҳвахона” етим бўлиб қолган (тўғрироғи унинг доимий мижозлари) ва уни Рауф ака “Етимхона” деб қайта номлаган эди.
“Дарвешлар” эса кўнгли кўнглига мос тушадиган шоирлар қавми эди. Ундайлар баъзан-баъзан йўл устида йиғилиб, Рауф аканинг суҳбатини қўмсаб, тўпланардилар.

Рауф ака билан “ҳамшиша” бўлган (у ҳамсуҳбатларини шундай деб ҳурматларди) ҳар бир шоир ёки шогирд унинг лутфлари замиридаги маъноларни дарҳол англар ва, албатта, устознинг имо-ишораларини ҳам тез илғаб оларди.
– Устоз, афсуски, шошиб турибман, йўқса гурунгларингиздан баҳраманд бўлардим… – дедим узр сўраган оҳангда бояги “шу-шу-шу…”дан “сиз ҳам юринг”, деган ишорани туйиб.
Яна лутфли табассум билан бир-биримизга “шу-шу-шу…”лаб хўшлашдик. Рауф аканинг ортидан қараб қолдим. Қадам олишларида аён бўла бошлаган йиллар таъсирини айтмасангиз, ҳали ҳам хуш-хандон. “Бизлар турмуш ташвишларига тиззамизгача ботиб юрамиз… У эса… хуррам, ғамсиз-кадарсиз ҳамиша. – Ҳавас қилдим ичимда. – Унга дард юқмаса керак. Худо хоҳласа, узоқ умр кўради… Шундоқ бўлсин, илоҳим!..”
Лекин Рауф ака билан ушбу қисқа учрашув сўнгги дийдор экан. Ярим йиллар ўтгач, унинг оғриб қолганини эшитдим. Яна бир муддатдан кейин ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақида машъум хабар тарқалди.
Шундай одамлар бўладики, бир кун келиб улар ҳам дунёни тарк этишига сира ақлинг бовар қилмайди. Зеро, улар наздингда ҳеч қачон дардга чалинмайдигандек, ҳеч қачон дунёни тарк этмайдигандек туюлади. Гўё улар кетса, ёруғ дунё ҳувиллаб қолади, файзини йўқотади… Рауф Парфи ана шундай файзли инсонлардан эди.
Рауф Парфи айниқса ёшлар билан қадрдон ва қалин дўст эди. Ундан кейинги авлод орасида унинг самимиятидан баҳраманд бўлмаган шоир топилмаса керак. Мен ҳам ана шундай ёшлар қаторида эдим. Илк китобим чиқмай туриб устознинг эътиборига ноил бўлгандим. Унга бағишлаб шеър ҳам ёзганман. Уни биринчи китобимга киритганман. Шеърнинг савияси қандайлигини билмадим-у, лекин, ҳар қалай, Рауф акага бағишланган биринчи шеърлардан эди. Кейин ёш шоирлар томонидан унга кўплаб шеърлар бағишланди. Рауф ака бу ҳолга баъзан истеҳзоли мутойиба билан: “Кўрасизлар, келажакда мен уларни тўплаб бир китоб қиламан!..” – дерди. Бу даврлар суруридан кўнгил беихтиёр энтикади ва хотиралар янада теранлашади: “Шоир Рауф Парфи номини қачон эшитганман ўзи?..”

Ҳақиқатан ҳам Шоир номини илк бор қачон эшитганман? Ҳа, эсладим. Талабалик йилларимда. “Шарқ юлдузи” журналида унинг бир даста шеърларига устоз Асқад Мухтор “Оқ йўл” тилаганди.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Мана шундай сатрлар билан бошланувчи шеър биз, шеърият шайдоларини ўзига тамомила сеҳрлаб қўйганди. Эҳ, у даврлар! Бир ёқда Абдулла Ориповнинг ўтли мисралари, бир ёқда Эркин Воҳидовнинг дилбар сатрлари! Ана шундай мухлис талош бир пайтда шеъриятнинг зангор уфқларида Рауф Парфи назмининг ҳарир эпкинлари урилганди кўксимизга!
Ушбу янги ном кейинчалик сазовор бўлган шуҳрату олқишларни бир ёққа қўйиб турайлик. Мен то ҳануз мазкур шеър таъсирида юраман.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.

Ҳар гал мен бу шеърни ёдга олганимда умримнинг бокира палласи, баҳор ёмғирларига рўпара турган дамларимни эслай бошлайман. Теграмдаги бутун борлиқ шаррос ёмғир сувларига чайилиб шаффофлангандек туюлади. Кўнглимдан ғуборлар ариб, руҳим тиниқлашади.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.

Бу айнан менинг шеърим эди. Гўё бу шеърни мен ёзишим керак эди. Ахир, баҳор кечалари уйқум қочган тунлар бу ёмғир қўшиғини тинглаган эмасмидим? Ҳали қўлимга қалам олмаган, оқ қоғоз бетига сатр битишга журъат қилмаган пайтларимда айвондан туриб унинг ажиб таронадек оҳангларидан сеҳрланган, бу исмсиз нашидидан маст бўлган мен эдим-ку!

Талабалик йиллари пахтага чиққан давримизда гулхан атрофига тизилиб кўнглимиз осмонидаги шоирлар шеърларини ўқиганимизда бу шеър такрор-такрор янграган.
Қўлимда Рауф Парфининг бири-биридан мўъжаз: “Карвон йўли” (1968), “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1977), “Қайтиш” (1978), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1989), “Тавба” (2000) ва “Сўнгги видо” (2006) китоблари…
Каттакон бир жилд шаклини олмаган ушбу китобларда бетакрор шоирнинг қалб туйғулари, изтироблари, ҳиссиёти ва тафаккури нақшланган.
Замон табиати, давр феъли қизиқ. Қўлимдаги жажжи, мўъжаз, муқовалари одми, кўримсиз тўпламларни бугун китоб расталарида ярқираб турган қалин назмий мажмуаларга хаёлан таққослайман. Аксарияти номи ҳали қулоғимизга чалинмаган шоирларники. Улар орасида сайланмалар, жилдликлар ҳам кўзга ташланади… Шунчалик кўркам нашр этилганига қарамай, нега бу китоблар шеъриятимизда воқеага айланмаяпти? Ёки шеършунос ва шеърият мухлислари камайиб кетдимикин?
Лекин ўтган асрнинг 60–70-йилларида чоп этилган шеърий тўпламлар-чи?! Уларнинг ҳар бирига адабий танқид, қолаверса, адабий жамоатчилик ўз эътиборини қаратар, аниқ-равшан муносабатини билдирар эди.
Қўлимда 20 саҳифадан иборат “Акс садо” тўплами. Ундаги ҳар бир шеър тиниқлиги, бадиий юксаклиги билан юракни лол қолдиради:

Деразамга урилади қор,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга…

Бу шеърни таърифлаб ўтириш ортиқча. Чашма сувларидек тиниқ туйғулар суратидир бу шеър…

Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар,
Тонг отмоқда, қуёш – замбарак.
Яраланган Ер шари ётар,
Бошларида яшил чамбарак…

Субҳидам. Шабнамлардан кўтарилган ҳовур тўп тутунидек кўтарилади. ўқлар – қуёш ва унинг нурлари. Ана шу нурлар Ерни яралаган. Ер шари ана шу дамларни кўриш учун баҳор либосини кийиб, бошига гуллардан чамбарак тақиб ясанган эди. Лекин субҳидам гўзаллиги уни ҳушидан айирди ва у қуёш шуъласи тиғларидан яраланиб, йиқилди…

Шоирнинг мана шу сингари қалб ва руҳ оламидаги мўъжиза ёхуд кашфиёт янглиғ шеърлари ўзбек шеъриятига янги, бетакрор овозли истеъдод кириб келганлигидан далолат берди.
Дарҳақиқат, унинг овози ҳеч бир шоирникига ўхшамаган эди. Айни пайтда унда Усмон Носир руҳини, Ҳамид Олимжон сурурини, Чўлпон ғуссасини, Ойбек закосини туйиш мумкин эди.
Ўтган асрнинг 60–70-йиллари ўзбек шеърияти учун энг музайян палла бўлди. Бу ҳодисанинг ҳаётбахш омилларини бугунги кун адабиётшунослиги чуқур ўрганиши керак. Зеро, ўша даврда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиевалар ўзбек шеърияти майдонида бўй кўрсатдилар. Ана шулар қаторида Рауф Парфининг ўрни алоҳида эди.
Бу даврда юқорида номлари зикр этилган шоирларнинг китобларигина эмас, матбуот саҳифаларидаги ҳар бир чиқишларини мухлислар излаб ўқирдилар. Ва айни мана шу муҳитда ХХ аср ўзбек шеъриятининг юксак нуқталарини белгилаган “Ўзбегим”, “Ўйларим”, “Баҳор” шеърлари яратилди.
Баъзан нима учун бу жараён сустлашди деган ўйга бораман. Шахслар ижоди сусайгани туфайли содир бўлдими бу ҳодиса ёки унга бошқа ижтимоий омиллар – жамиятдаги мафкуравий ўзгаришлар, чеклашлар ва бошқа турфа кўзга кўринмас монеликлар туфайли юз бердимикин бу ҳолат?
Мени кўпинча мана шу муаммо ўйлантиради.
Зеро, ёрқин истеъдод дастлаб машъалдек ярқираб кўринади, кейинчалик эса унинг шуъласи хиралашиб боради. Бу – истеъдод соҳибининг турмуш билан рўпара келгандаги машаққатлари, толиқишлари туфайлимикин?
Нега Навоий ижодида заиф, бўш, шунчаки ёзилган шеърни учратмаймиз? Нега Байронда бу ҳол содир бўлмаган? Нега Чингиз Айтматов умрининг сўнггига қадар ижод яловини баланд кўтариб ўтди?
Ёки улар ижодда омади чопган инсонларми? Ёки алоҳида истеъдодми улар? Ёки фавқулодда шахслар эдими?
Хусусан, Навоийнинг илк ёзган ғазали билан сўнгги ғазали орасида бадиий юксаклик жиҳатидан тафовут бўлганми?
Шеъриятимиз, умуман, адабиётимиз жараёни кечмишига назар ташлаганимда баъзан кўнглимда ана шундай саволлар туғилади.
Яна Рауф Парфининг “Акс садо” китобига қайтсам… Ундаги шундай сатрлар алоҳида эътиборни жалб этади:

Бир қушча сайрайди менинг руҳимда
Мен сенинг исмингни билмайман, қушчам…

Шоир яшаб ўтган умри давомида, зеро бутун ижодий фаолияти давомида мана шу қушча исмини билишга, унинг сайрашларидаги мазмунни англашга интилиб яшади.

Шоирнинг “Тасвир” китоби 60 саҳифалар атрофида. Бу тўпламда унинг тафаккур кўлами кенгайиб, ҳиссиётлари чийралганига, фалсафий мушоҳадаси теранлашганига шоҳид бўламиз.
Шоир давр туғёнларини дадил қаламга олади. Унинг ижодида жаҳон шеъриятининг ёрқин юлдузлари – ўзи эътиқод қўйган шоирлар: Н.Ҳикмат, П.Неруда, Р.Тагор шеърларига хос оҳанглар ва япон шеъриятининг ёрқин қирралари кўрина бошлайди.
Шоир ўша даврга нисбатан юрагидаги исённи зоҳир этиш учун имкон ахтаради, турли бадиий воситаларни ишга солади.

Саболарда ўйнайди наво,
Ариқларда сув оқади шан.
Оҳангларга тўлибдир ҳаво,
Бенавосан, нечун ёлғизсан?

Бу бенаволикнинг сири нимада? Нега лирик қаҳрамоннинг кўнглини гул барги ҳам, шеърий тун ҳам ўзига мафтун этолмайди? Балки гўзал китоблардаги эртанги кунга бўлган ишонч ром этар:

Уфқларда ёниқ афсона –
Олгин Эркин Воҳид шеърларин.

Йўқ, барибир лирик қаҳрамон кўнглидаги ғусса аримайди. Уни ҳеч нарса аритолмайди. У қандай ғусса эди? Шоир “руҳида сайраётган қушча” маҳзунлиги сабабини очиқ баён қилмайди. Мана шу бадиий ечими билан у ўқувчини фикрлашга ундайди, ўз кўнгли тубларига чуқурроқ назар солишга даъват этади.
60–70-йилларда халқимизнинг миллий руҳияти асосан шеъриятда ёрқин кўринди. Жумладан, А.Ориповнинг “Ўйларим” шеърида шундай сатрлар бор:

Кўз олдимда шу қадарли пок эди олам,
Гўё нурдан яралганди инсон деган зот…

Рауф Парфига ҳам бу изтироб бегона эмас:

Ҳар нарса соф эди, ҳар нарса порлоқ,
Гўё гўзалликдан иборат олам…

Ушбу ўринда бу кечинма қайси шоир қаламидан аввал тўкилди экан, деган ўй ҳам кечади. Зеро, яхши шеър яхши шеърга туртки бериши, қанотлантириши шеърият тарихидан маълум.
Рауф Парфи ўз дардларини дунёвий миқёсга олиб чиқади. Жумладан, “Ватан ҳақида Бернд Иенцга мактубим” шеърида шундай сатрлар бор:

Улар қоғоз юзига пул ёзардилар…
Улар она тилин унутадилар тахтчасининг ёнида.
Улар алдоқдан, шарбатдан, қип-қизил гўштдан
Қасру иморатлар қурадилар бемалол…

Шоир бу дардларига тасалли тополмайди, илло чорасизлигини “Гамлет” шеърида шундай ифода қилади:

Қонлар оқмоқдадир, сўнмоқдадир нур,
Турибсан-ку давр билан бетма-бет.
Наҳот изтиробда доим тафаккур?

Шоир руҳиятидаги ғалаён тинмайди. Лекин ёруғ манзил қаерда? Балки уфқлардан наридадир? Шоир хаёллари уни ҳар қайларга етаклайди.

Қаттиқ уринаман уфқдан нари,
Алвон узра музлаб турар нигоҳим.
Оёғим юрмайди юрганим сари,
Она ерга ботиб қолган оёғим…

Бу ўринда Усмон Носирнинг бир пайтлар ёзган шеъри ёдимизга тушади.

Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин…

Рауф Парфи руҳидаги изтиробли кечинмалар ўз мавриди билан шеърларига кўча бошлади. Эрк, Истиқлол, Туркистон мавзуси ижодида теранлашди.

Шўролар сиёсатидаги бир ёқламалик, Компартия шаънига ҳамду санолар шоирни қаттиқ таажжубга солар, юрагидаги дардларини зоҳир этишга мутлақо изн бермасди. Мана шу жараёнда шоир ижодида туркум-туркум шеърлар пайдо бўлдики, улардаги мисраларда эҳтирос кучли бўлиб, фикр ана шу эҳтирос тубида қолиб кетар ва уни оддий шеърхоннинг англаб олиши амри маҳол эди.
Ана шу паллада шоир мураккаб бир юксакликка кўтарилди. Чамамда, у энди оддий шеърхонни эмас, замонни теран англайдиган, тафаккури Ватан тақдирини мушоҳада эта биладиган, эркталаб, ҳуррият шабадаларига кўксини дадил очган зиёли қавмни назарда тутиб шеърлар ижод қила бошлади. Ва тўпламларидан бирини “Сабр дарахти” деб номлагани ҳам бежиз эмас.
Шўролар сиёсати баравж бир давр – ўтган асрнинг 60–70-йилларида ўзбек шоири Ўзбекистонни Ватаним деб куйлаши, хусусан, унинг ўтмишини улуғлаши, халқнинг орзу-армонларидан, йўқолиб бораётган ўзлигидан гап очиши мумкин эмасди, бу туйғу дарҳол миллий маҳдудликка йўйилар ва бу муаллиф бошига маломатлар ёғдирарди.

“Ишқ сўзидан куйди булбул маскани”,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламоқ истайман фақат.

Ушбу шеър 1967 йилда битилган. Унинг замиридаги шоир дардига бир зум қулоқ тутайлик. Қўштирноққа олинган биринчи сатр Алишер Навоийга тааллуқли эканлигига шоир изоҳ берган. Яъни, булбул ўз маскани – чаманига бўлган муҳаббатини куйиб-ёниб изҳор этиши мумкин, лекин мен сени ҳамиша куйламоқ истасам-да, куйлай олмайман (куйлашим мумкин эмас), она-Ватаним, дея нола қилади шоир.
Чунки шундай даврлар бўлгандики, юрт дардини қаламга олишга жазм этган шоирларнинг аксарияти, қатағонга учраб, “халқ душмани” деб эълон қилинганди.

…Бу – халқ душмани деб тутсалар бир кун,
Бари бир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун имони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.

Тани омонатдир, нақд эрур жони.
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг дардли нишони.

“Шоир” шеъридан

Рауф Парфи забун туйғулар тўфонини кечиб, “тафаккури изтиробда” юрган паллаларда руҳида куйлаётган қушча исмини танигандек бўлади. Бу “сабр дарахти – қутлуғТуркистондаги” эрксизлик ситамларидан бағри хун, ҳуррият соғинчидан юраги мунглиғ қушча эди. Бу қушча учун нажот қайда? Унинг юрагидаги маҳзун наволар қай маъвода таскин топади? Барҳаво салтанат бағридами? Олтиннақш тахт яқинидами? Йўқ, у кўкрак қафасини ҳар қандай маъводан афзал билади. У тўйиб-тўйиб куйласа, бас…
Зеро:

Юрак деб аталган оғриқ бу – нажот,
Кўкрак қафасимиз – нажот қалъаси.

Ўтган асрнинг 80-йилларида битилган ушбу сатрлар ўзбек шеъриятидаги эътиқодлар тўқнашувининг авж нуқтаси бўлганлигини бугун ёрқинроқ ҳис этамиз.
Шоир ижодий изланишлари давомида жаҳон шеъриятидан кўп нарса ўрганди. Мен ўзим Рауф аканинг мутолаа истеъдодига кўп бор шоҳид бўлганман. Эсимда, бир вақтлар Дўрмондаги Ижод уйида бирга дам олганимизда Рауф ака кутубхонадан 2-3 та қалин китоблар кўтариб чиқди. Ғарб рассомлари ҳаётидан ёзилган романлар эди, чамамда. “Бу асарларни илгари ҳам ўқиганман, шу кунларда уйқумнинг мазаси йўқ, яна бир марта кўриб чиқмоқчиман”, дегандилар. Ва икки-уч кунда уларни қайта ўқиб чиққандилар.
Рауф аканинг яна бир фазилати ўқиган китобларини дўстларига совға қилишни яхши кўрардилар. (Бу чиндан ҳам ноёб фазилатми?) Жаҳон мумтоз шоирларининг шеърий тўпламларини ҳотамтойлик билан ҳадя қилиб юбораверардилар! Ўзида бундай жасорат бўлмаганлар ҳамиша унинг бу ҳимматидан лол қоларди. Лекин ўша лол қолувчи китобпарастлар тўплаган китобларини ўқирдиларми-йўқми – бу, албатта, бизга қоронғи. Лекин Рауф ака ҳадя қилган китобларини аллақачон кўнглига жо қилган бўларди. Шу боисдан ҳам унинг шеъриятида турли хил услубларни учратамиз. У ўз ижодига сарбастни, япон шеърияти услубларини, сонетни дадил олиб кирган шоир эди. Бироқ бу услубларнинг барчаси шеърларида мукаммал бўй кўрсатди, мухлисларига ҳамиша манзур бўлди, дейиш қийин.

Зеро, бир пайтлар аллома адиб Асқад Мухтор шоирнинг “Сабр дарахти” тўпламига ёзган сўзбошисида: “…шеърларига сарин мусиқийлик бағишлай оладиган шоир оғир мавзуларга қўл урганда сарбастга мурожаат қилиб, баъзи шаклий шартлиликлардан ўзини холи қилиб олади… Сарбаст уни негадир кўпинча декламацияга судраб кетади”, деган эди.
“Хоккулар” эса шеъриятимизга табиатан сингишиб кетмаганлиги билан (гарчи шоир уни “Туйғулар” деб номлаган эса-да), унинг ижодида унчалик муваффақият қозонмади. Айни шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, Рауф Парфининг ушбу “изланиш тажрибалари” кўп шоирлар учун “юқумли” бўлди ва шеъриятда юқорида таъкидлаганимиз сингари услублар “урчиб” кетди. Бугунги кунда улар “модерн шеърият” деган ном ҳам олди.
Шоир ўз туйғулари, дарди, изтиробини сонет услубида ёзилган шеърларида теран ва мукаммал ифодалай олди. Ана шу қирраси билан жаҳоннинг энг катта шоирлари ила беллаша оладиган мавқега кўтарилди. Жумладан, “Кўзимнинг ғорида парчинланган кўк” мисраси билан бошланувчи сонетда шундай сатрлар бор:

…Сен ёлғизсан бу дунёда, севгилим,
Чексиз чидамимнинг синчлари синди.

Чўнкайган чўққидан сўрайман сени,
Қариган баҳордан сени сўрайман.
Топгил, дейман Менинг Буюк Севгимни.

Ер тишлаб сўрайман, сўнг бор кўрай ман,
Чақинлар жимликка чақар жисмингни.
Кўкнинг синиғига сени ўрайман.

Бу сатрлар шоир шеъриятининг ҳеч қачон завол билмайдиган юксак санъат даражасига кўтарила олганлигига далолатдир. Лекин ёшларнинг Шоир ижодидаги мана шу жиҳатга – сир-синоатга кам эътибор қаратишлари ажабланарлидир. Зеро, унинг ижодидаги турфа оҳангларга эргашган сингари сонетни ҳам ўзлаштириш мумкиндир. Лекин унга жо бўладиган дардни-чи?! Афсуски, бундай Дард Яратган томонидан ато этилади.
Рауф Парфи бир умр ана шундай Дард тўлқинларида яшади. Лекин уззу-кун бу қадар залворли Дардни кўтариб яшаш осонми?! Шу боисдан Шоир ўзига баъзан “дам берар” ва ана шу пайтларда “дарвеш”га айланар эди. Бундай кезларда у қушдек енгил, ҳазил-мутойибага мойил, кўнглида ғам-ғубордан асар ҳам йўқ инсонга эвриларди. Не тонгки, худди ана шундай ҳолларда кўрганлиги учун ҳам шоирни оддий одамлар “ғам-ғуссага бегона банда” деб биладилар. Аслида ғам-ғуссага, турмуш ташвишларига бегона бўла билмоқлик осон эмас. Бунинг учун шоир таъмага, бойликка, ёлғон дунё ташвишларига қўл силтай олмоғи зарур.

Рауф аканинг бундай хуррам ҳолатларига ҳам мен кўп бор дуч келганман. Ёдимда. Кунлардан-бир куни болалар шоири Сафар Барно, ёзувчи Зоҳир Аъламлар билан Рауф ака яшайдиган хонадонга (умри давомида бундай хонадонлар – оила гўшаси унинг учун биттагина бўлмади) уни йўқлаб боргандик. Уй бекаси бизни лутф билан кутиб олди. Дарҳол дастурхон тузалди. Бу аснода уй соҳибаси Рауф акани ҳам майда-чуйда юмушлар учун бир неча бор безовта қилди: болани ушлаб туринг, деди, меҳмонларга чой қуйиб беринг, деди… Билдикки, Рауф ака анчадан буён уйга қамалиб қолган. Мавриди келганда Зоҳир ака тагдор ҳамдардлик билан сўради:
– Рауф, аҳволларинг қалай ўзи?..
– Шу-шу-шу… – деди табассумини лаб учида тутиб Рауф ака. Бу унинг “Нима қилай – чорасизман!..” дегани эди. Бир пайт уй соҳибаси ошхонада ўралишаётган дамда Рауф ака дафъатан ёрилди: “Амаллаб мени бу ердан олиб чиқиб кетинглар!” У деярли мўлтираб боқди. Унинг “дардини уққан” дўстлар – бир нимани баҳона қилиб, Рауф акани ҳам ташқарига чорладик. “Тезда қайтиш” шарти билан уй соҳибасидан рухсат тегди. Рауф ака биз билан ташқарига чиқаркан, зина йўлагида хонадони эшигига ўгирилди-да, уйига қараб: “Қафасдан чиққан қуш қайтиб келурму!..” – деб хитоб қилди. Унинг бу “хитобидан” ҳаммамиз гуррос кулдик. Албатта, буни биз ҳазил деб ўйлагандик. Йўқ, ҳазил эмас экан. Рауф ака шу кетганича уч-тўрт ой йўқ бўлиб кетди. Кейин билсак, умуман, шаҳардан бош олиб чиқиб кетган экан…

Рауф ака билан бир марта Водийга сафар қилганимиз ҳам эсимда. Қайтгач, сафар таассуротларини ўртоқлашаётганимизда “Йўл узоқлик қилмадими, толиқмадингизми, Рауф ака?” дея кимдир луқма ташлади. Рауф ака пинагини бузмай: “Толиқишга улгурмадик, йўл икки шишалик экан”, – деб жавоб қилди. Бу – икки шиша бўшагунча манзилга етиб олдик, дегани эди…
Эмишки, бир куни Рауф ака катта қалам ҳақи олиб, уни нашриёт биносида учраган шоирга улашаётганмиш: “Меҳмон қилганларининг қарзи” ёки “Бир куни меҳмон қиларсан”, дея – қарзга…” Унга тенгқур шоирлардан бири қўлидан пулни оларкан, бир зум юзига тикилиб қолибди. “Ҳа, нима бўлди?.. Олинг, олаверинг!..” – дебди Рауф ака. У шоир эса ҳамон унинг юзига тикилганча: “Нега кам?..” – дермиш.
Шоирлар ичида шунақа ношукурлари ҳам йўқ эмас. Ҳотамлик қилсанг, нега сидқидилдан қилмаябсан дея ёқангдан тутадиганлари ҳам учраб туради.

Рауф Парфи бетакрор шоир эди. Унинг шеъриятию ҳаётига, турмуш тарзига тақлид қилган ёшлар кўп бўлди. Лекин улар бу борада ҳам муваффақиятсизликка учрадилар. Рауф Парфи эса ҳаёт бўйлаб чаманзорда гул танлаб юрган ошиқдек таманно юришида давом этаверди… Устозлардан бири, Рауфдай беғубор, мусичадек беозор қалбли инсоннинг юрагида шу қадар долғали изтироблар бўлишига то ҳануз лол қоламан, деганди.
Ҳеч бир шоирнинг шеъриятини мутлақо бенуқсон, идеал шеърият деб бўлмаганлиги каби Рауф Парфининг турмуш тарзини ҳам барчага ибрат намунаси, деб кўрсатиб бўлмайди.

Унинг аксарият шеърларида тоғ шалолаларидек тиниқ, зангор туйғулар жилва қилган бўлса, баъзан “ўйлаб топилган” қабилидаги ғам-ғуссалар ҳам йўқ эмасди. Ижоди давомида унинг биллур ирмоқмонанд шеърлари ғалаёнли изтироблар дарёсига айланди. Шу боис баъзан унинг дастлабки шеърлари, яъни:

Ёз кечаси. Осмон-фалакда
Кундузнинг китоби ўқилди.
Тарс ёрилди қовун палакда,
Олтин шафтолилар тўкилди…

сингари сатрларига ошуфта бўлсак, дам қайта-қайта ўқиш жараёнида туғёнли алам-фарёдлари тажассуми бўлган:

Абадий коинот бирла қоламан,
Ўлсам чирқирайди овозим танда.
Энг янгроқ юлдузни узиб оламан.

Эзилган, хўрланган баргман тубанда,
Ёлғиз ўзим – халқман, ўзим – оломон.
Мен шоирман ахир, шоҳман, эй банда…
сингари мисраларнинг сеҳрли гирдобига тушиб қолганлигимизни сезмай қоламиз.
Шоир дунёга нима учун келади? У дунёдан нима орттиради? У дунёга нима қолдиради?.. Бу мангу савол ҳаммани ўйлантириб келган. Тоабад ўйлантиради ҳам.
Рауф Парфи ижоди борасида ҳам бу савол янграши табиий. Лекин бир нарса аниқки, у ижоди замирида ҳаётга муҳаббатини изҳор этиб умргузаронлик қилди, Ватанини куйлади, Истиқлолни эъзозлади, беғараз яшаб ўтди. Шак-шубҳасизки, ундан тиниқ туйғулар, ёниқ дард, ҳассос шеърият мерос бўлиб қолди. Ва бу мулк ҳеч қачон ўлмайдиган адабиётимизда шеърият қадрини баланд тутиш учун ҳамиша хизмат қилади. Бугунги кунда эса, айниқса…
Шоир охирги тўплами “Сўнгги видо”ни ушбу мисралар билан якунлаган:

Хайр, шивирлаган, синграган баёт,
Хайр, заҳматларда чирпинган халқим.
Хайр, шеъриятга кўмилган ҳаёт.

Шундай Шоирнинг ҳаёт билан видолашганига то ҳануз кўниколмасак, не ажаб!

2009

(Tashriflar: umumiy 95, bugungi 1)

Izoh qoldiring