Nabijon Boqiy. Zohir A’lamni eslab.

02

Зоҳир аканинг “Иккию бир…” номли ҳикоясини биргалашиб таҳрир қилиб, битта сонга туширдик. Янглишмасам, ҳикояни муаллиф кимгадир бағишлаган эди. Ҳикояда бир кунлик ҳаёт воқеалари тасвирланади; қаҳрамон кун давомида қилган ишларини бир-бир сарҳисоб қилиб, кечка томон “Иккию бир…” ҳисобида ё ютади, ёки ютқазади. Ҳозир кундалик ҳаёт кимнинг фойдасига ҳал бўлганини эслолмайман. Бироқ, аниқ эсимдаки, одам ҳар кунлик ҳаётини ҳисоб-китоб этиб бориши керак экан, чунки кутилмаганда рўпарадан чиқиб қолган душман билан тўқнашув чоғида ҳалок бўлиш мумкин…

09
ЗҲИР АЪЛАМНИ ЭСЛАБ
Зоҳир Аълам ютдими, ютқаздими?
Набижон Боқий

034  Дўрмондаги Ёзувчилар боғининг бош ошпази Исроилжоннинг айтишича, бир ҳафта бурун бўлиб ўтган Наврўз байрамига Зоҳир Аълам ҳам келган экан. Унда таниқли таржимон Низом Комилга қандайдир мукофот берилган, Зоҳир ака хурсанд бўлиб ўтирган, эски танишларни кўриб қувонган эмиш.

Якшанба куни (13 апрел) пешиндан сўнг Иброҳим Ҳаққул, Ёқубжон Хўжамбердиев ва Ҳусан Бухорий дунёнинг паст-баландини гаплашиб ўтирган чоғимиз тўсатдан Иброҳим аканинг қўлтелефони жиринглаб қолди; бирпас савол-жавоб қилгач, “Зоҳир ака вафот этибди”, деди бўшашиб.

– Э-э, худо раҳмат қилсин, – деб Ёқубжон ака юзига фотиҳа тортди. – Биз Қорасувда қўшни бўлиб яшаганмиз, яхши қўшни эди. Оиласида Юлдузхон шифокор, меҳрибон аёл, ўғил-қизини одобли қилиб тарбиялаганлар.
– Тўғри одам эди, раҳматли, – деди Иброҳим ака. – Сиртдан соғлом кўринарди, лекин дард одамнинг ичига уриб юборса, барибир таъсирини кўрсатади…

Кейин Зоҳир ака билан боғлиқ воқеаларни эслаб ўтирдик.

Мен бундан ўттиз йил муқаддам “Ёшлик” журналининг наср бўлимида кичик муҳаррир бўлиб ишлардим. Эркин Аъзам бўлим мудири, Нуруллоҳ Отахонов катта муҳаррир эди. Зоҳир аканинг “Иккию бир…” номли ҳикоясини биргалашиб таҳрир қилиб, битта сонга туширдик. Янглишмасам, ҳикояни муаллиф кимгадир бағишлаган эди. Ҳикояда бир кунлик ҳаёт воқеалари тасвирланади; қаҳрамон кун давомида қилган ишларини бир-бир сарҳисоб қилиб, кечка томон “Иккию бир…” ҳисобида ё ютади, ёки ютқазади. Ҳозир кундалик ҳаёт кимнинг фойдасига ҳал бўлганини эслолмайман. Бироқ, аниқ эсимдаки, одам ҳар кунлик ҳаётини ҳисоб-китоб этиб бориши керак экан, чунки кутилмаганда рўпарадан чиқиб қолган душман билан тўқнашув чоғида ҳалок бўлиш мумкин…

Кунлардан бир кун иш вақти тугаётган чоғларда Зоҳир ака “Ёшлик”нинг саккизинчи қаватида жойлашган наср бўлимига кириб келади. Журналнинг янги сонида ўша ҳикоя чоп этилган, муаллифга бериш учун икки дона журнал олиб қўйилган эди. Бўлимда ўзим эдим, мудир билан Нуруллоҳ (Муҳаммад Рауфхон) Отахонов ўз ишлари билан кетишган эди. Салом-аликдан сўнг Зоҳир ака “раҳмат” айтди, сўнг:
– Ижарахонада турасизми? – деб сўради.
– Ҳа.
– Ҳечқиси йўқ, Шукур Холмирзаев ҳам узоқ йиллар ижарахонада яшаган. Чидаш керак. Қийинчиликка чидамасдан пойтахтни ҳамма ташлаб кетаверса, ҳамма ёқни маллавойлар босиб кетади. Ўзимизнинг ўзбеклар ҳам завод-фабрикаларга жойлашиб, олий ўқув юртининг кечки бўлимларида таҳсил олиб, беш-олти йилдан кейин Тошкентга ўрнашиб олмаса, ўзбеклар ўз юртида иккинчи даражали негр бўлиб юраверади. Пойтахт ўзимизники бўлиши керак. Бошқа соҳаларга алоқадор ўртоқларингиз бўлса, уларга ҳам айтинг – Тошкентдан кетишмасин, пойтахт қўлдан кетса, миллат ўз қиёфасини йўқотиб қўяди…

1984 йилда ҳали на қайта қуриш, на ошкоралик бошланган – биз коммунизм сари шаҳдам қадам ташлаб бораётган эдик.

Ҳа, дарвоқе, ўша кунлари тасодифан Наср бўлимига Рауф Парфи келиб қолади. Биз бўлим мудири билан менинг битта ҳикоямга сарлавҳа қўйиш борасида баҳслашиб ўтирардик.
– Тушум келишиги қўшимчаси қўйилмаса, ўртоқлар, худди болакай ғўзапоя минган бўлмайди, аксинча, ғўзапоя болани минган деган маъно чиқиб қолади, – дейди устоз Эркин Аъзам.
Гапимизга жимгина қулоқ солиб ўтирган Рауф ака бирдан жонланиб:
– Сарлавҳанинг тўлиқ номи қандай? – деб сўрайди мийиғида кулиб. – Лекин Эркинжон айтган анави маъно чиқиб қолса, яхши-ку!
– Ғўзапоя минган бола, – дедим. – “Ғўзапоя”га тушум келишигининг “ни” қўшимчаси қўйилса, хунук кўринади, гапнинг ичида келишик қўшимчалари тишга тегмасдан кетаверади. Ана, Нуруллоҳ ҳам шундай фикрда, лекин хўжайин қўймаяпти…

– Йўқ, Эркинжонни кўндириш керак, ростдан ҳам ғўзапоя болаларни эшак қилиб миниб олган-ку! Ё нотўғрими, Эркинжон? Пахта деган босқинчи бутун миллатни эшак қилиб миниб олган… – деб Рауф ака ҳаммага бир-бир қараб чиқади.

Эркин ака хахолаб юборади.
– Оббо, Рауф ака-ей, келишикларни ҳам миллий ғояга бўйсундирмоқчи бўласиз-а! Майли, билганларингни қилинглар! – деб қўл силтайди Эркин ака. Ўрнидан туради. – Юринг, кетдик, Рауф ака, ёшларнинг онгини заҳарламайлик, бизнинг муҳим ишимиз бор.
Эркин ака билан Рауф ака хонадан чиқади. Улар қаёққадир кетишади.

“Ғўзапоя минган бола” номли ҳикоя остига “эртакдек ҳикоя” деб янги жанр номи ёзиб қўйилади.

Қисқаси, миллат тўғрисида Рауф Парфидан эшитган гапларни Зоҳир Аълам амалий кўринишда такрорлайди.
Зоҳир ака билан Рауф акаларнинг гапларини эшитиб ҳайрон бўлмаганман. Чунки ўзим қишлоқда яшайдиган “пахта қуллари”нинг аҳволини жуда яхши билардим. Бундан ташқари, “Тошкенткабел”, “Ўзбексельмаш” заводларда етти йил ишлаб, шаҳардаги аҳволни ҳам озми-кўпми билардим; ишчиларнинг кўпчилик қисми русийзабон эди, ўзбеклар эса арзон ишчи кучи сифатида “оқ олти” яратиш билан овора эди – уларга “Оқ олтинни олти қўллар яратади!” (Л. И. Брежнев) деган шиор бериб қўйилган, бечора деҳқон-пахтакорлар ёвғон шўрва ичиб, ичкетар бўлиб ўтирса ҳам “ҳаммамиз учун ҳурматли бўлган” саркотибга ва унинг маҳаллий ноибига ҳамд-сано ўқишдан асло чарчамасди. Қишлоқ аҳолиси на одамга ўхшаб яшаш тўғрисида, на иш ҳақи тўғрисида бош қотирарди. Уч сўм олтмиш уч тийин (бир норма учун айнан уч сўм олтмиш уч тийин ҳақ тўланарди) учун эрта тонгдан кечгача далада ишлаб юраверарди ўзбек деҳқони… Тўғри, қассобхонада бир кило гўштнинг баҳоси беш сўм бўлиб, ўлиб-тирилиб кунлик нормани бажарган колхозчи топган пулига яраша гўшт харид қилса, ўнта боласининг тишлари ковагидан пай қолдиқларини топиш мумкин эди…

Хуллас, Зоҳир Аълам шаҳарда туғилган бўлса-да, миллат тўғрисида қайғурарди, доим куйинчаклик қиларди.
Ўтган йили Зоҳир ака Ёзувчиларнинг Дўрмон боғида бир ҳафта-ўн кун туриб, нимадир ёзди. Боғни айланиб юрган чоғларида дуч келиб қолсам, бир-икки соат ҳар хил мавзуларда гаплашиб қолардик. Бир куни унга “Иккию бир…” ҳикояси ва кечки пайт “Ёшлик”нинг Наср бўлимига келиб, менга айтган гапларини эслатдим.
– Эсимда йўқ, – дейди Зоҳир ака, кўз остидан менга қараб қўяди. – Лекин бошқа бир воқеа эсимда.
– Менга боғлиқми?
– Йўқ, сизга боғлиқ эмас… – Ерга қараб бирпас юрилгач, боши билан боғ ўртасидаги муҳташам ҳовли томон ишора қилади: – Анави шоир акангизга алоқадор. Биз у билан ёшликдан яқин бўлганмиз, кейин бошқа-бошқа томонларга ажралиб кетдик. Хуллас, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида журналда бош муҳаррир эди. Бир куни кечки пайт хонасига кирдим. Чойлашиб, гурунглашиб ўтирдик.

Мен унга Болтиқбўйида миллий ҳаракатлар бошланганини, биз ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун ва бошқа сиёсий талабларни кун тартибига қўйиш учун қандайдир жамоатчилик ташкилоти тузиб ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизни ўйламайди, дедим. Сиз ўзингизни четга тортманг, дўстим… Нима дейсиз, десам, ”Зоҳиржон, ўзи ана ағдариламан, мана, ағдариламан деб турган чолведорнинг тагига кириб олиб елка тираган билан уни сақлаб қолиб бўлмайди, чолдевор барибир қулайди; ундан кўра, деворни қулаётган томонига қараб итариб юбориш керак! Ютмоқчи бўлган одам деворни қулаётган томонига қараб итаради. Фақат эсипаст одамгина чолдевор тагига кириб олиб, тиргакка ўхшаб уни тутиб қолмоқчи бўлади”, деб айтган гаплари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди.

Зоҳир ака умр бўйи миллат ғамида куйиб-пишиб юрди. Бир пайтлар “БАМ манзаралари” номли публицистик китоб ёзиб, “зарбдор комсомол қурилиши” тўғрисида “жон куйдирган” бўлса ҳам, лекин “Афандининг қирқ бир пашшаси” каби тагдор асарлари доим тарози палласида оғирроқ тош босган.
Зоҳир аканинг вафот этганини эшитиб, беихтиёр ўзининг ўттиз йил муқаддам ёзган ҳикоясини эсладим: хўш, Зоҳир аканинг ўзи ютдими, ютқаздими?..
Жонкуяр акамизни Оллоҳ раҳматига олсин, билиб-билмай қилган гуноҳларини меҳрибон Эгам мағрифат айласин. Омин.

2014 йил 14 апрел

09
ZHIR A’LAMNI ESLAB
Zohir A’lam yutdimi, yutqazdimi?
Nabijon Boqiy

011   Do’rmondagi Yozuvchilar bog’ining bosh oshpazi Isroiljonning aytishicha, bir hafta burun bo’lib o’tgan Navro’z bayramiga Zohir A’lam ham kelgan ekan. Unda taniqli tarjimon Nizom Komilga qandaydir mukofot berilgan, Zohir aka xursand bo’lib o’tirgan, eski tanishlarni ko’rib quvongan emish.

Yakshanba kuni (13 aprel) peshindan so’ng Ibrohim Haqqul, Yoqubjon Xo’jamberdiev va Husan Buxoriy dunyoning past-balandini gaplashib o’tirgan chog’imiz to’satdan Ibrohim akaning qo’ltelefoni jiringlab qoldi; birpas savol-javob qilgach, “Zohir aka vafot etibdi”, dedi bo’shashib.

– E-e, xudo rahmat qilsin, – deb Yoqubjon aka yuziga fotiha tortdi. – Biz Qorasuvda qo’shni bo’lib yashaganmiz, yaxshi qo’shni edi. Oilasida Yulduzxon shifokor, mehribon ayol, o’g’il-qizini odobli qilib tarbiyalaganlar.
– To’g’ri odam edi, rahmatli, – dedi Ibrohim aka. – Sirtdan sog’lom ko’rinardi, lekin dard odamning ichiga urib yuborsa, baribir ta’sirini ko’rsatadi…

Keyin Zohir aka bilan bog’liq voqealarni eslab o’tirdik.

Men bundan o’ttiz yil muqaddam “Yoshlik” jurnalining nasr bo’limida kichik muharrir bo’lib ishlardim. Erkin A’zam bo’lim mudiri, Nurulloh Otaxonov katta muharrir edi. Zohir akaning “Ikkiyu bir…” nomli hikoyasini birgalashib tahrir qilib, bitta songa tushirdik. Yanglishmasam, hikoyani muallif kimgadir bag’ishlagan edi. Hikoyada bir kunlik hayot voqealari tasvirlanadi; qahramon kun davomida qilgan ishlarini bir-bir sarhisob qilib, kechka tomon “Ikkiyu bir…” hisobida yo yutadi, yoki yutqazadi. Hozir kundalik hayot kimning foydasiga hal bo’lganini eslolmayman. Biroq, aniq esimdaki, odam har kunlik hayotini hisob-kitob etib borishi kerak ekan, chunki kutilmaganda ro’paradan chiqib qolgan dushman bilan to’qnashuv chog’ida halok bo’lish mumkin…

Kunlardan bir kun ish vaqti tugayotgan chog’larda Zohir aka “Yoshlik”ning sakkizinchi qavatida joylashgan nasr bo’limiga kirib keladi. Jurnalning yangi sonida o’sha hikoya chop etilgan, muallifga berish uchun ikki dona jurnal olib qo’yilgan edi. Bo’limda o’zim edim, mudir bilan Nurulloh (Muhammad Raufxon) Otaxonov o’z ishlari bilan ketishgan edi. Salom-alikdan so’ng Zohir aka “rahmat” aytdi, so’ng:
– Ijaraxonada turasizmi? – deb so’radi.
– Ha.
– Hechqisi yo’q, Shukur Xolmirzaev ham uzoq yillar ijaraxonada yashagan. Chidash kerak. Qiyinchilikka chidamasdan poytaxtni hamma tashlab ketaversa, hamma yoqni mallavoylar bosib ketadi. O’zimizning o’zbeklar ham zavod-fabrikalarga joylashib, oliy o’quv yurtining kechki bo’limlarida tahsil olib, besh-olti yildan keyin Toshkentga o’rnashib olmasa, o’zbeklar o’z yurtida ikkinchi darajali negr bo’lib yuraveradi. Poytaxt o’zimizniki bo’lishi kerak. Boshqa sohalarga aloqador o’rtoqlaringiz bo’lsa, ularga ham ayting – Toshkentdan ketishmasin, poytaxt qo’ldan ketsa, millat o’z qiyofasini yo’qotib qo’yadi…

1984 yilda hali na qayta qurish, na oshkoralik boshlangan – biz kommunizm sari shahdam qadam tashlab borayotgan edik.

Ha, darvoqe, o’sha kunlari tasodifan Nasr bo’limiga Rauf Parfi kelib qoladi. Biz bo’lim mudiri bilan mening bitta hikoyamga sarlavha qo’yish borasida bahslashib o’tirardik.
– Tushum kelishigi qo’shimchasi qo’yilmasa, o’rtoqlar, xuddi bolakay g’o’zapoya mingan bo’lmaydi, aksincha, g’o’zapoya bolani mingan degan ma’no chiqib qoladi,
– deydi ustoz Erkin A’zam.
Gapimizga jimgina quloq solib o’tirgan Rauf aka birdan jonlanib:
– Sarlavhaning to’liq nomi qanday? – deb so’raydi miyig’ida kulib. – Lekin Erkinjon aytgan anavi ma’no chiqib qolsa, yaxshi-ku!
– G’o’zapoya mingan bola, – dedim. – “G’o’zapoya”ga tushum kelishigining “ni” qo’shimchasi qo’yilsa, xunuk ko’rinadi, gapning ichida kelishik qo’shimchalari tishga
tegmasdan ketaveradi. Ana, Nurulloh ham shunday fikrda, lekin xo’jayin qo’ymayapti…

– Yo’q, Erkinjonni ko’ndirish kerak, rostdan ham g’o’zapoya bolalarni eshak qilib minib olgan-ku! YO noto’g’rimi, Erkinjon? Paxta degan bosqinchi butun millatni eshak qilib minib olgan… – deb Rauf aka hammaga bir-bir qarab chiqadi.

Erkin aka xaxolab yuboradi.
– Obbo, Rauf aka-yey, kelishiklarni ham milliy g’oyaga bo’ysundirmoqchi bo’lasiz-a! Mayli, bilganlaringni qilinglar! – deb qo’l siltaydi Erkin aka. O’rnidan turadi. – Yuring, ketdik, Rauf aka, yoshlarning ongini zaharlamaylik, bizning muhim ishimiz bor.
Erkin aka bilan Rauf aka xonadan chiqadi. Ular qayoqqadir ketishadi.

“G’o’zapoya mingan bola” nomli hikoya ostiga “ertakdek hikoya” deb yangi janr nomi yozib qo’yiladi.

Qisqasi, millat to’g’risida Rauf Parfidan eshitgan gaplarni Zohir A’lam amaliy ko’rinishda takrorlaydi.
Zohir aka bilan Rauf akalarning gaplarini eshitib hayron bo’lmaganman. Chunki o’zim qishloqda yashaydigan “paxta qullari”ning ahvolini juda yaxshi bilardim. Bundan tashqari, “Toshkentkabel”, “O’zbeksel`mash” zavodlarda yetti yil ishlab, shahardagi ahvolni ham ozmi-ko’pmi bilardim; ishchilarning ko’pchilik qismi rusiyzabon edi, o’zbeklar esa arzon ishchi kuchi sifatida “oq olti” yaratish bilan ovora edi – ularga “Oq oltinni olti qo’llar yaratadi!” (L. I. Brejnev) degan shior berib qo’yilgan, bechora dehqon-paxtakorlar yovg’on sho’rva ichib, ichketar bo’lib o’tirsa ham “hammamiz uchun hurmatli bo’lgan” sarkotibga va uning mahalliy noibiga hamd-sano o’qishdan aslo charchamasdi. Qishloq aholisi na odamga o’xshab yashash to’g’risida, na ish haqi to’g’risida bosh qotirardi. Uch so’m oltmish uch tiyin (bir norma uchun aynan uch so’m oltmish uch tiyin haq to’lanardi) uchun erta tongdan kechgacha dalada ishlab yuraverardi o’zbek dehqoni… To’g’ri, qassobxonada bir kilo go’shtning bahosi besh so’m bo’lib, o’lib-tirilib kunlik normani bajargan kolxozchi topgan puliga yarasha go’sht xarid qilsa, o’nta bolasining tishlari kovagidan pay qoldiqlarini topish mumkin edi…

Xullas, Zohir A’lam shaharda tug’ilgan bo’lsa-da, millat to’g’risida qayg’urardi, doim kuyinchaklik qilardi.
O’tgan yili Zohir aka Yozuvchilarning Do’rmon bog’ida bir hafta-o’n kun turib, nimadir yozdi. Bog’ni aylanib yurgan chog’larida duch kelib qolsam, bir-ikki soat har xil mavzularda gaplashib qolardik. Bir kuni unga “Ikkiyu bir…” hikoyasi va kechki payt “Yoshlik”ning Nasr bo’limiga kelib, menga aytgan gaplarini eslatdim.
– Esimda yo’q, – deydi Zohir aka, ko’z ostidan menga qarab qo’yadi. – Lekin boshqa bir voqea esimda.
– Menga bog’liqmi?
– Yo’q, sizga bog’liq emas… – Yerga qarab birpas yurilgach, boshi bilan bog’ o’rtasidagi muhtasham hovli tomon ishora qiladi: – Anavi shoir akangizga aloqador. Biz u bilan yoshlikdan yaqin bo’lganmiz, keyin boshqa-boshqa tomonlarga ajralib ketdik. Xullas, o’tgan asrning saksoninchi yillari o’rtalarida jurnalda bosh muharrir edi. Bir kuni kechki payt xonasiga kirdim. Choylashib, gurunglashib o’tirdik.

Men unga Boltiqbo’yida milliy harakatlar boshlanganini, biz ham o’zbek tiliga davlat tili maqomi berilishi uchun va boshqa siyosiy talablarni kun tartibiga qo’yish uchun qandaydir jamoatchilik tashkiloti tuzib harakat qilmasak, hech kim bizni o’ylamaydi, dedim. Siz o’zingizni chetga tortmang, do’stim… Nima deysiz, desam, ”Zohirjon, o’zi ana ag’darilaman, mana, ag’darilaman deb turgan cholvedorning tagiga kirib olib yelka tiragan bilan uni saqlab qolib bo’lmaydi, choldevor baribir qulaydi; undan ko’ra, devorni qulayotgan tomoniga qarab itarib yuborish kerak! Yutmoqchi bo’lgan odam devorni qulayotgan tomoniga qarab itaradi. Faqat esipast odamgina choldevor tagiga kirib olib, tirgakka o’xshab uni tutib qolmoqchi bo’ladi”, deb aytgan gaplari hamon quloqlarim ostida jaranglab turibdi.

Zohir aka umr bo’yi millat g’amida kuyib-pishib yurdi. Bir paytlar “BAM manzaralari” nomli publitsistik kitob yozib, “zarbdor komsomol qurilishi” to’g’risida “jon kuydirgan” bo’lsa ham, lekin “Afandining qirq bir pashshasi” kabi tagdor asarlari doim tarozi pallasida og’irroq tosh bosgan.
Zohir akaning vafot etganini eshitib, beixtiyor o’zining o’ttiz yil muqaddam yozgan hikoyasini esladim: xo’sh, Zohir akaning o’zi yutdimi, yutqazdimi?..
Jonkuyar akamizni Olloh rahmatiga olsin, bilib-bilmay qilgan gunohlarini mehribon Egam mag’rifat aylasin. Omin.

2014 yil 14 aprel

077

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)