Nazar Shukur. «Vaqt xiyoboni» kitobidan & O’roz Haydar. «U hamma bilan el bo’lib ketardi…»

Ashampoo_Snap_2017.05.27_14h28m34s_003_.png     Назар Шукур ўтган асрнинг 80-йиллари ўзбек шеъриятига  ўктам овози билан дадил кириб келди. Унинг шеърлари тезда китобхонлар, мунаққидлар ва устозлар назарига тушди. Бунга сабаб унинг шеърларидаги самимият, соддалик билан бирга теран маънонинг уйғунлиги эди. Минг афсуски, бевақт, фожиали ўлим шоирни орамиздан эрта олиб кетди. Аммо у қолдирган бебаҳо бойлик — гўзал шеърлари йиллар силсиласига дош бериб яшаб келмоқда…

Ўроз Ҳайдар
«У ҲАММА БИЛАН ЭЛ БЎЛИБ КЕТАРДИ…»
«Буғдойзор оралаган сўқмоқлар» китобидан
002

Акамнинг дўсти Намоз акага жуда суяниб қолган эканман. Унинг бир армони: «Мен Назарга суяниб қолган эканман. Ундан айрилганимдан сўнг ҳаётим чийралди. У мени ҳаётда кўп қўлларди. Гоҳо: «Мен бирон мавқега эга бўлсам, бу ютуқ сеникидир», дерди. Бир куни у биродари Норбўта Очилов билан бизникига меҳмон бўлиб келишди. Дарров дастурхон тузалди. Гурунг авжига чиққанда Намоз ака ўз хотираларини тўкиб солди.

— Болаликда қандай бўлганман билмадим-у, лекин эсимни таниб, бола-чақали бўлиб дийдам қотганда, эркак сифатида икки марта йиғлаганман. Қаттиқ йиғлаганман. Ўксиниб-ўксиниб йиғлаганман. Биринчиси, яхши кўрган тоғам қазо қилганда, иккинчиси, Назарни ерга қўйганимизда…

0_1b53e5_930d8d9_orig.jpgМана, неча йиллар ўтиб кетди. Ҳамон 6у йўқотишни ўрнини ҳеч нарса боса олмади. Биз университетнинг (ЎзМУ) тайёрлов курсида, 1974 йилда танишганмиз. Шевасидан чироқчилик эканлиги сабаблими, ё очиқ юз, кўзларидаги беғуборлигими, билмадим, лекин дарров эл бўлиб кетдик. Ётоқхонанинг бир хонасидан жой олдик. Иккаламиз ҳам математика ва физикадан нўноқ эдик.

Мен «ишбилармон» эдим, ҳеч илож бўлмаганда «танка»м орқали ишимни битириб қайтардим. Назар эса қувлик-шумликни билмас, билса ҳам буни ўзига эп деб кўрмасди ва ҳар хил чигал вазиятларга тушиб қоларди. Физика фанидан Адолат Турсуновна деган жудаям хушрўй муаллима дарс берарди. Негадир Назар ва мен билан ўчакишгандай ҳадеб бизларни саволга тутарди. Охири бир кун мен ўқитувчига:

— Опа, Назар — шоир, уни кўп қийнаманг, — деб ўртада элчи бўлдим. Шу баҳона ўзимниям ҳимояламоқчи бўлдим.
— Ростданми, ундай бўлса шеър ўқиб берсин, — деди муаллима ярим жилмайиб.

Назар шеър ўқиб бергач, унинг муомаласи бутунлай ўзгарарди-ю, Назарга қараб: «Қани «Саккокий», доскага чиқасизми?» деб пичинг қиларди.

Адабиёт фанидан Омонулла Мадаев дарс берарди. Жуда ҳам билимдон, аммо қаттиққўл инсон эди. Иншодан кириш имтиҳони топширдик. Мен бир ярим варақ ёздим, Назар у ёқ-бу ёғини тўғрилаб берди. Ўзи эса олти варақни тўлдириб ёзган экан. Омонулла Мадаев имтиҳон натижаларини эълон қилгани аудиторияга кириб келганда ҳаяжонини яширмади. «Мана, йигитлар, иншо қандай ёзилади. Мен ҳали иш фаолиятим даврида бунақа иншони ўқимаганман, 6у иншога «4» қўйдим, негаки, менинг ўзим ҳам шу мавзуда «5» баҳога ёзолмайман», деди. Иншо мавзуси «Ўзбекистон — Ватаним маним» эди. Биринчи босқичга қабул қилиндик ва бир куни Назар: «Намоз, юр жўра, иккаламиз бир хил тусдаги кийим оламиз», деди. Иккаламиз шу куни савдо растасидан бир хил костюм-шим, бир хил кўйлак ва бўйинбоғ сотиб олдик ва ўқишга қатнай бошладик. Ҳамма бизларни «эгизаклар» дерди. Бир- биримиздан ҳеч ажралмасдик.

Кечалари ҳамма ухлаганда, ётган жойида Назар «ҳансирай» бошласа, билардимки, илҳоми келган, ҳозир ўрнидан туради, дердим. Мен безорироқ эдим. Кафтим қичиса, дуч келганни попугини пасайтиришга тиришардим. Муштлашишдан гоҳида ёқавайрон бўлиб хонага кириб келардим. Назар нимагадир куларди ва дарров: «Сени бировдан таёқ ейишинг уят» дея пичинг ҳам қилади. Мен ўзимни ёқлаб: «Лаънати, бештаси ёпишди», деб қутулардим. Самбо ва дзюдо билан ҳар куни шуғулланардим. Баъзан дарсни унутиб спорт залига жўнаб қолардим. Бир гал физикадан «танка»мни ишга солиб имтиҳон топширганимда, Назар аудиторияда учратиб қолиб қийқириб-қийқириб сакраб қувонган. Манглайимга бармоқлари билан чертиб-чертиб: «Худо хоҳласа, бу бош ҳам ўз мевасини беради», дея кесатганида ўзим ҳам қўшилиб кулганман. Бошқа бирорта бўлганда- ку, газетадаги суратга айланиши бор гап эди. Ғирт безорилигим учун биринчи курсдан қолиб Ўрозлар билан ўқий бошладим. Назар эса география факультетига ўтиб кетди. Ётоқхонада хоналаримиз ҳар хил бўлгандаям доимо бирга эдик. Кўпинча мен ишкал чиқариб турардим ва ётоқхонадан ҳайдалардим, кейин иккаламиз квартирага бирга чиқиб кетардик. Қарангки, у бундай пайтларда чурқ этмасди, фақат: «Нима бало бўлсаям, ўқишни тинч-омон битирсанг бўлгани», деб мени инсофга чақирарди. Аммо мижғовланиб унақасан, бунақасан дея маслаҳат ошини сира сузмаган.

Бир гал яна ётоқхонадан ҳайдалдим. Кўрпа-тўшагимни тугунлаб кўчага чиқсам, уям ортимдан кўрпа- тўшагини оқ чойшабга тугунлаб олиб чиққан. Мен индамадим. Уям чурқ этмади. Иккаламиз мен топган чоғроқ эски ҳовлида ижарага туриб яшай бошладик. Хонадон эгалари новвойчилик қилишаркан. Ака-укалар бир куни жанжаллашиб қолишди ва бир-бирини «онангни» деб ҳақоратлашар, буни эшитиб Назар ток ургандай силкиниб кетди. Уларга ҳайрон бўлиб тикилиб қолди ва менга: «Намоз, бу ерда турмаймиз, кўчамиз» деб қаттиқ туриб олди.

Назарнинг шеърлари университет газетасида бирин-кетин чиқа бошлади. У пайтлари истеъдодли қаламкашлар тезда кўзга ташланарди. Талабалар ҳам шеъриятга чанқоқ эди. Манови ҳуқуқшунослик, ё математика факультетида ўқийди деган гап бўлмасди. Ёш шоирлар атрофида, айниқса, қизлар ўралашаверганда аламимиз келарди. Назар тезда тилга тушди. Журналистика, филология факультетида ўқийдиганлар билан ижодий алоқа ўрнатди. Аммо ўзини кўз-кўз қилишни ёқтирмасди. Шеърларини ҳеч кимга кўрсатмасди. Университетда Абдулла Орипов ва бошқа таниқли шоирлар билан кечалар, учрашувлар бўларди. Қўлидан шеър ёзиш келадиганлар югуриб-елиб шеърларини ўқишга киришиб, катта шоирлар назарига тушишни исташарди. Назар эса менга, учрашувга боргач: «Жим ўтирасан. Менга шеър ўқи деб тиқилинч қилмайсан», деб тайинлар ва иккаламиз бир чеккада жимгина шеър тинглардик.

Адабиётни жини ёқтирмайдиган, умрида бирортаям бадиий китоб ўқимаган мендай муштумзўр шеърият муҳибига айландим. Назар менга шеър ёдлашимни айтар ва ҳар куни биттадан шеър ёдлашга мажбурлар эди. Қарасам, Назар ёзган шеърлар бошқаларникига нисбатан анча афзаллигини сезиб қолдим. Бир куни «Совет Ўзбекистони» газетаси таҳририятига борайлик деб туриб олдим. Уни аранг кўндириб, судрагудай бўлиб таҳририятга олиб борсам, менга, сен олиб кир, деб қоғозларни қўлимга тутди-да, ўзи ташқарида қолди. У эшик ортида пойлоқчилик қиларди. Мен эса Назар Шукурман, деб муҳаррирга ўзимни таништирдим ва шеърлар битилган қоғозларни қўлига тутдим. Муҳаррир шеърларга кўз югуртириб чиққач, улардан фойдаланишини айтганда менга қанот битди. Ичимда эса, нима бўлсаям саволга тутмасин-да, деб сиқилиб турардим. Орадан бир ҳафта ўтмай, унинг учта шеъри «Ёшлар ижоди» рукни остида газетада чоп этилди. Кейинчалик «Ўзбекистон маданияти», «Қишлоқ ҳақиқати», «Тошкент оқшоми», «Гулистон» каби газета-журналларда шеърлари узлуксиз чоп этила бошлади. Биз турадиган ётоқхона хонаси шоирлар машварати ўтказиладиган масканга айланди. Хоналаримиз доимо шоирлар билан гавжум эди. Рауф Парфи, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азим, Йўлдош Эшбек ва бошқалар билан кўп суҳбатлар бўлган. Мирза Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Одил Ҳотамлар билан ҳар куни хонада қизғин шеърхонликлар бўларди.

Берди Раҳмат, Ўроз бир-бирларига «дўстим» деб ёки сизлаб мурожаат қилишар, ўзаро суҳбатлашарди. Назар негадир менга 6у «сипо»ликни эп билмасди. «Бугун дарсдан тинч қайтдингми? Бировнинг кўзини ўйиб олмадингми?» — дея луқма ташларди. Мен гуноҳкор боладай қўлим бўш қайтганини айтсам, «Худога шукур, одам бўлишингга оз қолаяпти?» — дея дағал муомалада бўларди. Мени бирон-бир махлуққа менгзаб чақиргандаям миқ этмай ортидан эргашардим. Мирза Кенжабек: «Ҳов шоир, полвонни ерга чалпак қилиб урманг» деганида, «Ҳалиям кўп эркалатиб юбордик», дея унга рад жавоб қайтарарди. Мирза кичик елкаларини учириб, мўйлови учини силаб қўярди.

«Тошкент университети» газетасидагилар ҳамиша Назарни олдига келиб шеър ёзиб беришини сўраб юришарди. У талабалигиданоқ танилиб улгурди. Бир гал у укаси Ўроздан хат олиб, менга ажабланиб қаради: «Ибий, Ўроз ҳам дуруст шеърлар ёзиб қолибдими? Писмиқни қара, миқ этмай юрганини». Мен оғзимдан сувим қочиб анграйиб туриб қолдим. Бир оиладанам икки шоир чиқармикин деб ўйлаб. Шунда Назарнинг қувончини айтмайсизми? Тўғриси, ака-укага жудаям ҳавасим ортди.

Талабалик — олтин давр, деб бежизга айтишмас экан-да. Назар билан кечган ҳангомаларим ўн жилдлик асарга тенг десам сира муболаға бўлмас. Биз талабалар пахта йиғим-терим мавсумини деярли Сирдарё вилоятида ўтказганмиз. Унинг опаси шу вилоятнинг Оқ олтин туманида турарди. Опасини кўргани дала оралаб йўл олдик, жуда узоқ юрганмиз. Етиб боргач қарасак, иккаламизниям товонларимиз қип-қизил бўлиб шилиниб кетибди.

Бир марта иккаламиз ҳам қаттиқ маст бўлиб ниманидир устида тортишиб қолдик. Мен тез эмасманми, бехосдан қандай қилиб юзига шапалоқ тортиб юборганимни билмайман. У бўлса менга қараб: «Сен аҳмоқ, менга қўл кўтардингми?» деб қаттиқ жаҳли чиқди ва аччиқ устида юзимга етти марта шапалоқ тортди. Мен айбдорларча жим қотиб, чидаб турдим. Кайфимиз тарқагач, иккаламиз роса қотиб кулганмиз.

Ётоқхонада турганимизда журналистикада ўқийдиган қизлар шўхлик қилиб хат ёзишиб, ипга боғлаб бизга туширишарди. Мен хатни олардим-да, ўқиб Назарга тутардим. У бўлса қоғозга нималар деб ёзганини менга ўқитмай, қоғозни ўраб ипга боғларди ва ипни силкитарди. Қизлар хатни тортиб оларди- да, қийқириб-қийқириб кулишарди. Назарга нима деб ёздинг десам айтмасди-ю, аммо кулиб қўярди. Ўқишни битиргач, у Тошкентда қолди. Нашриётда ишлай бошлади. Шунда ҳам деярли ҳар куни учрашиб турардик.

Мен, Назар, Ўроз учаламиз квартирада турамиз. Бир куни ош қилмоқчи бўлдик ва Ўрозни дўконга юбордик. Назар сабзи тўғрай бошлади. Хонага кутиб ўтирибмиз, ҳеч Ўроздан дарак йўқ. Ташқарига чиқдим-да: «Ўроз!», — деб бақирдим. У «ҳа», деди- да, нариги хонадан чиқиб келди. Қўлида китобми, дафтарми, эсимда йўқ.

— Гуруч қани? — деб сўрадим.
— Ана ўчоқ бошига қўйдим-ку! — деб зарда қилди.

Ўчоқ бошидаги елим халтани очиб кўрсам — ун.

— Ўроз, бу ёққа кел, — деб яна чақирдим.
— Ҳа, — дея ёнимга келди.

— Нима олиб келдинг, — десам, у:
— Гуруч, — деди.
— Қара-чи, — деб унга унни кўрсатдим.

У бўлса, кулиб:
— Эҳ ака, шеър ўлсин-а, шеър ўлсин, — дея яна магазинга жўнади. Назар иккаламиз думалаб кулдик. Мен ҳам шеърни дурустгина тушунадиган бўлиб қолгандим. Агар Назар бўлмаганда, мени шеъриятга қизиқтирмаганда, ё ўқишдан ҳайдалардим, ё безорилик қилиб қамалиб кетардим. У мени бутунлай ўзгартира олганди.

Бир гал Чори тоғам билан бирга келганимизда ресторанга кирмоқчи бўлдик. Швейцар Чори тоғамни этигини кўриб, анча тихирлик қилди. Шунда Назарнинг анча жаҳли чиққан эди. Швейцарни сўкканди.

География факультетини тугаллаш арафасида Назар диплом иши ёзди. Ўзбекистонда география фанининг «отаси» дейиладиган профессор Ҳамидилла Ҳасанов деган домла Назар ёзган диплом ишини мақтаб, «Бу диплом иши минимум «кандидатлик дессертацияси» бўлибди», деб айтганди.

Тўртинчи курсда ўқиб юрганимизда ҳар галгидай Назарни судраб Ёзувчилар уюшмасига бордик. У ерда тасодифан Абдулла Ориповни шогирдлари даврасида учратиб қолдик. Назар мени енгимдан тортиб, бошини силанглатиб, юр кетдик ишорасини қилди. Ортимизга тисланишимиз баравар, кимдир бизларни чақирди. Ўгирилиб қарасак, Абдулла Орипов!

— Ҳов, Назар Шукур, қачонгача қочиб юрасан, бу ёққа кел, — деб чақирди. Ҳолбуки, улар бирор марта ҳам учрашмаган эди.

Ётоқхонамизда кўпинча ўйин-кулги, туғилган кун ва бошқа ҳар хил базмлар бўларди. Қизлар бизларни рақсга тортар, лекин мен ҳам, Назар ҳам рақсга тушишни умуман билмасдик. Назар шеър ўқиб, мен эса қочиб қутулардим. Шунда Назар менга: «Ҳеч бўлмаса, шеър ёдлашни ўрган», дея маслаҳат берарди.

Таниқли шоирлар билан суҳбатлашиб қолганимизда Назар менга: «Сен оғзингга толқон солиб ўтиргандай жим тур», дерди. Ҳаваскор қаламкашлар дуч келганда: «Бу киши «адабий танқидчи» Намоз Назар», деб таништирарди. Улар эса мендан ҳадиксираб, эҳтиёт бўлиб муомала қилишар, шеърларини ўқишдан чўчишарди. Мен қовун туширмаслик учун миқ этмай, уларнинг саволларига жавоб қайтаргандай ҳар замонда бошимни қимирлатиб қўярдим. Ич-ичимдан бетоқатланиб, бу ердан қуён бўлишни истардим. Чунки уялганимдан кўйлагим тердан шалаббо бўла бошлаганидан хижолат чекардим. Бу ҳолатимни Назардан бошқа ҳеч ким сезмас,у эса қошини учириб, мени мазах қилгандай ярим жиддий, ярим ишшайиб турарди.

Бир йилдан кейин мсн ҳам ўқишни тугатиб чўлга ишга кетдим. Ишдан қўлим бўшаши биланоқ, Тошкентга қараб қанот боғлаб учардим. Ўша пайтдаги хурсандчиликларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Иккаламиз яна биргалигимиздан шодланардик.

Бир йили яна Тошкснтда учрашдик. У Чилонзорда ижарада турарди. Бизлар гурунглашиб тургандик, Мурод Муҳаммад Дўст эшикдан кириб келди. Бу номдор ёзувчини ҳикоя ва қиссаларини ўқиганман. «Қайдасан, қувонч» — илк китоби билан тилга тушган эди. Унинг Назарга, тўғрироғи, ижодига ҳурмати мени чексиз ҳайратлантирди. Назарнинг карманалик шоир Одил Ҳотамга ёзган хатида: «Кейинги пайтларда Мурод ака билан чиқишиб кетдик. Ўз акамга суянгандай, унга суяниб қолибман» деганларини кейинроқ тушундим. Бу ҳакда Одил ака суҳбат чоғида қистириб ўтганди. Шу куни шом тушгунча шеърият ҳақида суҳбатлашиб ўтирдик. «Эгарчи» маҳалласида чойхона бўларди. Ўша ерда Ўткир Ҳошимов, Эркин Комилов, Маҳкам Маҳмудовлар билан сомсахўрлик қилганларим ёдимда.

Йиллар тутқич бермас қасоскор экан. Мана олтмишнинг бўсағасидаман. Аммо Назар билан кечган дамларим худди кеча юз бергандай, у мени Тошкентга келишимни кутаётгандай туюлаверади.

Назар ШУКУР
«ВАҚТ ХИЁБОНИ» КИТОБИДАН
09

Назар Шукур 1954 йилнинг  9 апрелида Чироқчи туманидаги Наврўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг география факультетини тамомлаган (1979). «Кўкдаги умр» (1984), «Кишлоқ йўлларида» (1985), «Вақт хиёбонида» (1992), «Мени кечир, муҳаббат» (2004), «Видо» (2005), «Сен қайтмасанг…» (Сайланма, 2006), «Осмон ташбеҳлари» (2016) шеърий китоблари нашр этилган. 1985 йил 14 майда Тошкент шаҳрида автомобил ҳалокатидан вафот этган.

09

* * *

09

…Атрофимда шовқинлар тинди,
Суринади кўзларим кўкка.
Соғинчларим қирларга кўнди,
Соғинчларим отилар тикка.

Йўқотаман дунёдан ўзни,
Етолмасдан ҳарсиллар жисмим.
Яйловларим, соғиниб Сизни
Қайтиб келди тарк этган исмим.

Шуълаларда ялтираб тиғдай,
Қувончларим чарчамас чопиб.
Шодланаман ўзимга сиғмай,
Сизда қолган қалбимни топиб.

Ўрмалайди қўйлар суруви,
Доимгидай хотиржаму шўх.
Лек ортида ўйларин қувиб
Эргашган у болалигим йўқ!

Қўйдимикан элитиб уйқу,
Қолдимикан ўйинга мафтун?
Ахир, жуда соғинганман-ку,
Кўрай, майли, биргина бахтин.

Ўша мурғак дилида унган
Орзулари ёнимда. Интиқ!
Ажралмаймиз деб энди ундан
Олислардан биз бирга келдик…

Нечун қўймас кўриниб ҳатто,
Менсиз қайда юрибди дайдиб.
«Катта» бўлиб кетдимикан ё
Ўз тенгининг умрига қайтиб!

* * *

Ҳали ҳаётимни етаклар йиллар,
Ҳали давомимга тириклик эга.
Билмадим, қай қачон бошим урилар
Яшамоқлик чегарасига!

Қай йилга беркинган яшашим сўнгги?
Бўлурми изларим довруғи улкан?
Билмадим, абадга ногоҳ қай кунги
Заҳотлар тўхтатар Ҳаётим йўлдан!

ТУНГИ СОАТЛАР

Тун аро соатлар армонда,
Бўм-бўшдир қоп-қора вужуди.
Тутундай бурқсир тун ҳар ёнда,
Хилқатга ғарқ сўнгсиз ҳудуди.

Тўлғонар соатлар зерикиб,
Шарпасиз кулади ҳилол ҳам.
Бу изсиз лаҳзалар шериги,
Қўйнида на кулгу, на нур жам.

Кўз тикиб қайноқ кун йўлига,
Югурар… Масофа чўзилар.
Урилиб муддатин сўнгига,
Қадамин овози узилар.

ШАКЛЛАР

Шакллар ўксинар,
Ҳаяжонларда —
Севгида, қувончда тиклолмай ўзин,
Қай биров кимгадир қилганда зарда,
Кўради ярадор юракда изин.

Бир тилсим портласа зич ўйлар аро,
Кимнингдир беомон ёриб ақлини.
Кўргиси келади шунда ҳам, аммо
Шакллар ўзининг чил-чил шаклини.

* * *

Ҳувуллаб ётибди шундоқ орамиз,
Адирлар… бўшлиқлар… тоғлар ўртада.
Кўринмай йилларга ёндош борамиз,
Ёнма-ён борамиз ҳатто эртага.

Ёнверида беғубор ҳаётбахш ҳаво,
Биз бирга оламиз нафасни тўйиб.
Ҳар куни тепада шу қуёш, само,
Яшаймиз лутфида қувониб, куйиб.

Ҳамроҳмиз доимий дард, эзгуларга,
Қарагин, ҳаттоки бирдир дилимиз.
Узоқмиз.
Ва лекин туну кунларга,
Бир лаҳза, бир вақтда тушар йўлимиз.

* * *

Не ҳадиклар жойлаб кўнгилга,
Тинч дамлардан кетгайсан учиб.
Беихтиёр номимни тилга
Олишингдан яшайсан чўчиб.

Хаёлингу тушингга мутлоқ
Шарпалардай киргайман сизиб.
Сен қўрқасан, ёринг боққан чоқ
Чиқишимдан чеҳрангга сузиб.

* * *

Бошинг хамдир бу ҳақсизликдан,
Қолдинг ёлғон олдида ожиз.
Энди нурлар ёғилмас кўкдан,
Равшанликни илғай олмас кўз.

Ташнаи ҳол талпиниб сенга,
Ёқлаб келар бир кун Ҳақиқат.
Қайта боқиб порлоқ очунга,
Отилгайсан ўша дақиқа.

* * *

Хайр!
Энди учрашмаймиз ҳеч,
Титраб турар бу сўнгги висол.
Қуёш ботмай тушаётир кеч,
Қучишамиз бир-бирни беҳол.

Хайр! Не тонг, кўзингни ёшлаб,
Сен ортимдан қоласан туриб.
Мен-чи, кескин қадамлар ташлаб,
Айрилиққа кетаман кириб!

* * *

Чўкиб ётар кўзимда Дунё,
Анқиб турар ранг-баранг бўйи.
Масрур оқар қўйнида Зиё,
Чексизликнинг ҳидига тўйиб.

Бехос солиб толиқиш забтин,
Кўтарилар уйқу тўзони.
Киприкларни ёпар у секин,
Ташқарига қувиб Дунёни!

ВАҚТ ХИЁБОНИДА

Дарахтлардай ўтишар қатор,
Дақиқалар икки ёнимдан.
Мен бораман дунё келиб тор,
Кўркам Вақтнинг хиёбонида.

Армонларнинг кўксин поралаб,
Ҳордиқ олмай йўллар ошаман.
Гоҳ тун, гоҳо кунни оралаб,
Келажакка яқинлашаман.

* * *

Томчидай турибди титраб куз,
Энг сўнгги лаҳзага илиниб.
Зум ўтмай фалокат берар юз,
Зум ўтмай жон берар уриниб.

Узилди!..
Изида хазон, мунг,
Ҳар ённи қамради ларзалар.
Киради ададсиз қишга сўнг,
Хотиржам қор кечиб
Лаҳзалар.

БОЛАЛИК

Гоҳ бўлса ҳаётда ташвиш кўндаланг,
Болалик жим қалқиб чиқар хотирга.
Хаёллар эшигин очар шунда ланг:
Хивич от, шўхлик-ла бўламан бирга.

Тағин ҳув, йироқлар туюлар сирли,
Тағин пок руҳимга ҳар нарса тилсим.
Шунчалар покиза,
Шунчалар нурли,
Содда эртаклардан узилган умрим.

* * *

Ишончингга ясагач якун,
Тошдай қотдинг ўзингдан кетиб.
Сенсиз етим ўзлигинг, лекин
Боролмади изингдан етиб.

У-чи, кетди тортганча енгил,
Осонгина изига қайтиб.
Сен ўзингга қайтолмай буткул,
Қололмадинг бир сўз ҳам айтиб…

* * *

Осмон булут.
Ер узра чўккан
Кўраётган зилдай тушлари.
Ёғилади кўлкалар кўкдан,
Сукунатга лиммо-лим қаъри.

Боқиб булут тирқишларидан,
Унсиз қотиб қуёш кулади.
Ҳуркитади чўккан тушларни,
Ерга тушган кундуз бўлаги.

ҲИЖРОНДАН СЎНГ…

Сўзлолмадик дардларни тўкиб,
Тошдай чўкар ўртага жимлик.
Сокинликлар сақлайди сукут,
Энди, энди бу бошлар эгик.

Фожиадай туюлар бизга,
Қайта бўлмоқ бундай юзма-юз.
Сиғмагаймиз кўзларимизга,
Сиғмаётир орага ҳеч сўз.

Кўзёшларим сени деб оққан,
Чин севгидан тонмоқлик нечун? …
Шошиламиз хайрлашмоққа,
Айрилиққа қайтмоқлик учун.

* * *

Юрак осмонида азоб найсони,
Тўсади нурларни — севинчлар йўлин.
Бўғзига тиқилар Ҳарорат жони,
Беғубор Чексизлик кўтарар қўлин.

Юрак ҳам бўғилар етмай нафаси,
Туманлар ортида инграйди сурур.
Тинади юзларда кулгилар саси,
Изтироб — изғирин тўкади ғурур.

Совуқ сўз!..
Вужудни — юрак оламин,
Қаҳратон қаҳридай қўйди совутиб…
Севинчлар йўлини очади секин,
Музлаган кўнгилни кимдир овутиб.

Нурлардан ёришгай юрак осмони!..

* * *

Тун кутади ухламоғимни,
Вужудини босади титроқ.
Ичкарини соғиниб ёнар,
Пойлар тинмай ўчишин чироқ.

Парча тундек сочларим билан,
Кетмоқ истар сўзсиз қоришиб.
Чироқ ўчгач,
Тун кўзларига —
Кетар бутун олам ёшириб!

* * *

Ҳар ҳолда юпанч бор,
Ҳар ҳолда тилак,
Ҳар ҳолда яшашга бораман ҳолсиз!
Сени деб қолсам-да бешавқ, беюрак,
Кун кўрмоғим оғир
Хаёлсиз…

Хонамдан аримас мен кутган қадам,
Йўқ, зимдан кузатмас бирор пойлоқчи.
Кўрмайди бизларни ҳеч битта одам,
Ён-верда мунтазам Хаёллар соқчи.

Хаёллар ҳеч кимни қўймас бу ерга.

БЕМОРНИНГ УМРИ

Бемор кўзларида чинқирар ҳаёт,
Мажолсиз юракда орзулар ҳалак.
Ўлим — осмонида ёзади қанот,
Умидлар… одамлар… олам чархпалак.
Титрайди омадсиз
Курашнинг сабри,
Яшашга айланган ягона Матлаб.
Вақтлардан вақтларга,
сўнаётган умри
Базўр-р ўтарди ҳатлаб…

* * *

Офтоб… Осмон…
Бедорлик билан
Ёруғликни яшаймиз кўмиб.
Қолдирилар тунд кечалардан,
Эрта кунга ташвишу умид.
Уйқуларни отиб ҳар ёққа,
Шиддатларга кўмганча бутун —
Ҳей, одамлар!
Қалқинг оёққа,
Тундан кўзни юммоқлик нечун?!

ОҚ САРОЙ

Ҳар қатида инграйди тарих,
Дарди каби залворли виқор.
Унда қолган ниятлар ғариб,
Унда қолган нафрат беизҳор

Ҳайрон этар асримни мутлоқ,
Гўзаллиги -‘дардларнинг ранги.
Заволларнинг лутфига муштоқ,
Кўмолмаган йилларнинг чанги.

Товланади қуёшда ял-ял,
Ажаб турфа нақшин фарёд-зор.
Ҳайрон этган ё ўша зарҳал,
Клавихо, Бобурни такрор!

Тошдай собит ғиштлар қатида,
Одамларнинг чўккан саботи.
Мудҳиш мозий илтифотида,
Аччиқ-аччиқ хотирлар тоти.

Қонлар билан битилган ҳикмат —
Аждодларнинг сокин шарпаси.
Ямлолмайди сўзларни зулмат,
Ҳар ғишт — буюк ғамлар парчаси.

Боққин, букун шодликлар аро,
Савлат тўкар бу қадим Армон.
Ўтмиш шундай гўзал ва қаро,
Боқаверсанг тугайди дармон.

Ўша армон — жовид Оқсарой
Чеҳрасида шуъла ўйини…
Машъал каби сочмоқда чирой,
Қад кўтарган ғамлар уюми.

* * *

Армон, Ўкинч, Ғусса, Пушаймон,
Борлиғимга киргай бостириб.
Ўча бошлар кўзимда жахон,
Зулумотнинг исмин ёздириб.

Шуълаларга тўлсин деб бағир,
Тутқич бергим келмас мунгларга.
Бироқ,
Инграб юборгум оғир,
Урилганча Сенсиз кунларга!

* * *

Ҳа, қўналға излар бир Сўроқ,
Теграсида ҳижрондай бўшлиқ.
Қанотлари, толиқар, бироқ —
Насиб этмас унга ҳеч хушлик.

Бўй кўрсатмас манзилу таскин,
Жавоб бўлмас,
Эҳ, ҳамма жимдир.
…Сас чиқармас шу сўроқ васлин
Яширганча қалбида кимдир.

ЎЙЛАР ҚАЪРИДА

Ботаман ўйларим теран қаърига,
Наинки тубида имконлар тўкин.
Тошлардек бу сассиз олам бағрида
Болалик… хотирлар… ётибди чўкиб.

Ҳолбуки, бу дунё сокин, безабон,
…Ўтган дам шавқларин ҳамроҳ этаман.
Келажак бўлса ҳам олдинда ҳамон
Бу ерда аҳд қилсам,
Етаман!

* * *

Бугун ҳам ўша кун,
Шу олам, шу ер.
Қарагин ранглар ҳам турли-турлича.
Бугун ҳам тўкамиз шу ташвиш деб тер.
Шундоқмиз,
Бўлсак биз қандай кун кеча.
Бинолар жойида,
Ҳислар жойида,
Қий-чувлар гоҳ баланд, гоҳ элас-элас.
Беқарор, фақат бир митти қоида:
Кечаги фурсатлар жойида эмас!
Бугунги умримиз имкон-тақдири
Янги он, лаҳзалар зиммасида-ку!

* * *

Кўз очаман.
Шабнамлар гўё —
Кенгликларга сачрар нигоҳим.
Қорачиғим тўлдиргай дунё,
Ёғдуларда юз очгай роҳим.
Гоҳ юракни шундоқ очилган
Гўзалликлар юборса сиқиб,
Кўзни юмиб,
Ҳар ён сочилган
Нигоҳларни оламан йиғиб…

МАНЗАРА

Халқ рассоми Ўрол ТАНСИҚБОЕВга

Ҳаракатлар муаллақ, бетан,
Кишанланган шамоллар шундай.
Еллар ҳайрон ўз суратидан,
Ёғдуларга йўғрилган Кунгай.

Тоғ бошида мангу қорлардек,
Адирларда ғолиб лолалар.
Тебранолмас, қимирлолмас, тек,
Гул узганча қолган болалар.

* * *

Ўзим етолмадим,
Васлингга, аммо
Етди хаёлларим, ўю тушларим.
Ҳажрингга урилиб чил-чил доимо
Кўзгудек беғубор талпинишларим.

Сен билан банд бари
Энди орзулар!
Четларда бекорчи тополмасдан жой,
Қаршимда михланган рўёлар кулар.
Ё умру ишончим бердимикан бой?

Хаёллар, ўйлару тунлар қучоғи
Орзулар авжига тўларди шу зум:
Васлингга уларнинг етмаган чоғи
Ва етган чоғимда васлингга ўзим.

* * *

Учиб кетган турналар янглиғ
Олислардан жой излар баҳор.
Энди йўллар оташин, чангли,
Тўзғитар ёз тупроқни такрор.

Жудо бўлиб бор имконидан
Ҳароратдан сарғаяр ранглар.
Жилолмас ҳеч сувлар ёнидан
Кетолмасдан қолган кўкламлар…

* * *

Оқшом ер кўксига ташлар гавдасин!
Патирлаб қолади ларзадан қушлар.
Куёш шовқинларнинг тўнган нафасин
Остидан силқийди эриган тушлар…

Овозлар донг қотган,
Сўзлар донг қотган,
Жонлар оромларга ўзин тоблайди.
Очиққан туш эса, қайгадир ботган
Ташвиш, қисматларни овлайди.

ҚИСМАТ ОРТИ

Қисматим чорлайди манзилим мисол,
Ҳаётим… муродим… қўйнида елар.
Аммо мени сирли орти этар лол,
Уни истиқболда чорларкан нелар?

Ортида бормикан ҳаёту толе,
Чарх урган ҳаракат ундами тирик?
Қадимий бўлса-да Мангулик, ҳали
Бир бор бормаган-ку у жойга кириб!

Гар борсак, кулгулар яшнарми озод,
Янграрми шовқину наволар ҳадсиз?
Эзгулик қандай кун кўраркан, ҳайҳот,
Кисматсиз!

Шу ерга шошарми бу телба юрак,
Қаранг, ҳеч тўсикдан турмас тортиниб.
Шунчалар кўрмоқлик бўлдими керак
Орзулар ортини,
Умрим ортини!

КЎПКАРИ

Катта сайҳон. Атрофда қирлар,
Йиғилишган бор аҳли овул.
— Ғолибга зўр мукофот тегар!..
Ҳайқиради ногоҳ баковул.

Ерни титар отлар дупури,
Чавандозлар турмайди кутиб.
— Ким бўларкан ичида зўри,
Қай бирови чиқаркан ютиб?

Шамолларда учар бетиним
Овозлару хушбўй ҳаяжон.
Зафаридан сапчир экан ким?
Қамчилардан сапчир шиддат, жон.

Сел мисоли тошқин суронни
Сипқоришар бўшлиқлар ташна.
Қақраб ётган жимлик ёбони
«Ҳай-ҳу»лардан кетади яшнаб!

Эзғиланар туёқларда вақт,
Мушфиқ паноҳ — дунё ҳам унут.
Фазоларда ураяпти чарх
Ер кўксидан суғрилган сукут.

… Ана, қай бир чавандоз ғолиб,
Чайқалади илдизсиз ҳаво.
Зафарини тақимга олиб
Етказмайди ҳеч кимга, аммо.

Кўмаётган олқиш, қийқириқ
Уюмини у ўтган ёриб.
Сўнг улоқни ташлар дадил, тик
Ҳув, кўзлаган маррага бориб.

Шиддатлари тортади салқи,
Қўллари жим ушлайди эгар.
Жойдан кетар ҳайратлар қалқиб,
Ғолибга зўр мукофот тегар…

* * *

Энг юксакда танҳо бир дарахт,
Чор-атрофи силкинар аён.
Э-энг юксакда!..
Қандай бахт, шараф,
Пастда қолган бор ҳажру армон.

Бир кун… оний чақмоқ дарғазаб
Ямлаб ўтди музаффар бошин.
Энг юксакда не бўлса, ажаб,
Кун бергиси келмайди яшин!

* * *

Мен сўзлайман,
Сен-чи бепарво
Туришингдан тоқатларим тоқ.
Бир боргина боқмайсан қиё,
Бир боргина тутмайсан қулоқ.

Ўзга ҳаёт ва ўзга иқбол,
Ўз ёнига чорлайди сени.
Сенсиз, менсиз қисматидан лол
Ерда қолган Сўзларим менинг.

* * *

Хаёлларим чексиз эмас,
Ўзимдан то висолинггача.
Ундан нарида ҳеч нима йўқ:
Шеър ҳам, муҳаббат ҳам…
Ҳаммаси,
Мен билан  то сенгача.
Гоҳ шу хаёлларимга
Ўзгалар!..

Мен қутулолмаган ўзгалар кириб келади!
Улардан нафратланаман,
Улардан рашк қиламан!
Қаранг,
Бу ерда ҳам тинч қўймайди улар.
Қўрқаман жуда —
Хаёлларим бўйлаб боришидан!
Хаёлларим бўйлаб боришидан,
Қўрқаман!…

Хаёлларим сўнгида
Сен борсан-ку, севгилим.

УЧЛИКЛАР

Сенсиз яшадимми?..
Тирикман-да,
Ишонмайсан!

* * *

Қочма, итлар баттар қувлашади.
Ғоз юрсанг —
Сени ботир ўйлашади.

* * *

« Жаранг-журунг… жаранг-журунг-г…»
Шамол-ей,
Япроқларни бунча тебратмасанг?

* * *

Тағин Олам ташқарида қолибди-да.
Эҳ бу кеча ҳам…
Уйга киритишни унутибман-а.

1978

Oblozhka-Raushan.jpgNazar Shukur o‘tgan asrning 80-yillari o‘zbek she’riyatiga o‘ktam ovozi bilan dadil kirib keldi. Uning she’rlari tezda kitobxonlar, munaqqidlar va ustozlar nazariga tushdi. Bunga sabab uning she’rlaridagi samimiyat, soddalik bilan birga teran ma’noning uyg‘unligi edi. Ming afsuski, bevaqt, fojiali o‘lim shoirni oramizdan erta olib ketdi. Ammo u qoldirgan bebaho boylik — go‘zal she’rlari yillar silsilasiga dosh berib yashab kelmoqda…

O‘roz Haydar
«U HAMMA BILAN EL BO‘LIB KЕTARDI…»
“Bug‘doyzor oralagan so‘qmoqlar” kitobidan
002

Akamning do‘sti Namoz akaga juda suyanib qolgan ekanman. Uning bir armoni: «Men Nazarga suyanib qolgan ekanman. Undan ayrilganimdan so‘ng hayotim chiyraldi. U meni hayotda ko‘p qo‘llardi. Goho: «Men biron mavqega ega bo‘lsam, bu yutuq senikidir», derdi. Bir kuni u birodari Norbo‘ta Ochilov bilan biznikiga mehmon bo‘lib kelishdi. Darrov dasturxon tuzaldi. Gurung avjiga chiqqanda Namoz aka o‘z xotiralarini to‘kib soldi.

— Bolalikda qanday bo‘lganman bilmadim-u, lekin esimni tanib, bola-chaqali bo‘lib diydam qotganda, erkak sifatida ikki marta yig‘laganman. Qattiq yig‘laganman. O‘ksinib-o‘ksinib yig‘laganman. Birinchisi, yaxshi ko‘rgan tog‘am qazo qilganda, ikkinchisi, Nazarni yerga qo‘yganimizda…

0_1b53e6_c59b8c0b_orig.jpgMana, necha yillar o‘tib ketdi. Hamon 6u yo‘qotishni o‘rnini hech narsa bosa olmadi. Biz universitetning (O‘zMU) tayyorlov kursida, 1974 yilda tanishganmiz. Shevasidan chiroqchilik ekanligi sabablimi, yo ochiq yuz, ko‘zlaridagi beg‘uborligimi, bilmadim, lekin darrov el bo‘lib ketdik. Yotoqxonaning bir xonasidan joy oldik. Ikkalamiz ham matematika va fizikadan no‘noq edik.

Men «ishbilarmon» edim, hech iloj bo‘lmaganda «tanka»m orqali ishimni bitirib qaytardim. Nazar esa quvlik-shumlikni bilmas, bilsa ham buni o‘ziga ep deb ko‘rmasdi va har xil chigal vaziyatlarga tushib qolardi. Fizika fanidan Adolat Tursunovna degan judayam xushro‘y muallima dars berardi. Negadir Nazar va men bilan o‘chakishganday hadeb bizlarni savolga tutardi. Oxiri bir kun men o‘qituvchiga:

— Opa, Nazar — shoir, uni ko‘p qiynamang, — deb o‘rtada elchi bo‘ldim. Shu bahona o‘zimniyam himoyalamoqchi bo‘ldim.
— Rostdanmi, unday bo‘lsa she’r o‘qib bersin, — dedi muallima yarim jilmayib.

Nazar she’r o‘qib bergach, uning muomalasi butunlay o‘zgarardi-yu, Nazarga qarab: «Qani «Sakkokiy», doskaga chiqasizmi?» deb piching qilardi.

Adabiyot fanidan Omonulla Madayev dars berardi. Juda ham bilimdon, ammo qattiqqo‘l inson edi. Inshodan kirish imtihoni topshirdik. Men bir yarim varaq yozdim, Nazar u yoq-bu yog‘ini to‘g‘rilab berdi. O‘zi esa olti varaqni to‘ldirib yozgan ekan. Omonulla Madayev imtihon natijalarini e’lon qilgani auditoriyaga kirib kelganda hayajonini yashirmadi. «Mana, yigitlar, insho qanday yoziladi. Men hali ish faoliyatim davrida bunaqa inshoni o‘qimaganman, 6u inshoga «4» qo‘ydim, negaki, mening o‘zim ham shu mavzuda «5» bahoga yozolmayman», dedi. Insho mavzusi «O‘zbekiston — Vatanim manim» edi. Birinchi bosqichga qabul qilindik va bir kuni Nazar: «Namoz, yur jo‘ra, ikkalamiz bir xil tusdagi kiyim olamiz», dedi. Ikkalamiz shu kuni savdo rastasidan bir xil kostyum-shim, bir xil ko‘ylak va bo‘yinbog‘ sotib oldik va o‘qishga qatnay boshladik. Hamma bizlarni «egizaklar» derdi. Bir- birimizdan hech ajralmasdik.

Kechalari hamma uxlaganda, yotgan joyida Nazar «hansiray» boshlasa, bilardimki, ilhomi kelgan, hozir o‘rnidan turadi, derdim. Men bezoriroq edim. Kaftim qichisa, duch kelganni popugini pasaytirishga tirishardim. Mushtlashishdan gohida yoqavayron bo‘lib xonaga kirib kelardim. Nazar nimagadir kulardi va darrov: «Seni birovdan tayoq yeyishing uyat» deya piching ham qiladi. Men o‘zimni yoqlab: «La’nati, beshtasi yopishdi», deb qutulardim. Sambo va dzyudo bilan har kuni shug‘ullanardim. Ba’zan darsni unutib sport zaliga jo‘nab qolardim. Bir gal fizikadan «tanka»mni ishga solib imtihon topshirganimda, Nazar auditoriyada uchratib qolib qiyqirib-qiyqirib sakrab quvongan. Manglayimga barmoqlari bilan chertib-chertib: «Xudo xohlasa, bu bosh ham o‘z mevasini beradi», deya kesatganida o‘zim ham qo‘shilib kulganman. Boshqa birorta bo‘lganda- ku, gazetadagi suratga aylanishi bor gap edi. G‘irt bezoriligim uchun birinchi kursdan qolib O‘rozlar bilan o‘qiy boshladim. Nazar esa geografiya fakultetiga o‘tib ketdi. Yotoqxonada xonalarimiz har xil bo‘lgandayam doimo birga edik. Ko‘pincha men ishkal chiqarib turardim va yotoqxonadan haydalardim, keyin ikkalamiz kvartiraga birga chiqib ketardik. Qarangki, u bunday paytlarda churq etmasdi, faqat: «Nima balo bo‘lsayam, o‘qishni tinch-omon bitirsang bo‘lgani», deb meni insofga chaqirardi. Ammo mijg‘ovlanib unaqasan, bunaqasan deya maslahat oshini sira suzmagan.

Bir gal yana yotoqxonadan haydaldim. Ko‘rpa-to‘shagimni tugunlab ko‘chaga chiqsam, uyam ortimdan ko‘rpa- to‘shagini oq choyshabga tugunlab olib chiqqan. Men indamadim. Uyam churq etmadi. Ikkalamiz men topgan chog‘roq eski hovlida ijaraga turib yashay boshladik. Xonadon egalari novvoychilik qilisharkan. Aka-ukalar bir kuni janjallashib qolishdi va bir-birini «onangni» deb haqoratlashar, buni eshitib Nazar tok urganday silkinib ketdi. Ularga hayron bo‘lib tikilib qoldi va menga: «Namoz, bu yerda turmaymiz, ko‘chamiz» deb qattiq turib oldi.

Nazarning she’rlari universitet gazetasida birin-ketin chiqa boshladi. U paytlari iste’dodli qalamkashlar tezda ko‘zga tashlanardi. Talabalar ham she’riyatga chanqoq edi. Manovi huquqshunoslik, yo matematika fakultetida o‘qiydi degan gap bo‘lmasdi. Yosh shoirlar atrofida, ayniqsa, qizlar o‘ralashaverganda alamimiz kelardi. Nazar tezda tilga tushdi. Jurnalistika, filologiya fakultetida o‘qiydiganlar bilan ijodiy aloqa o‘rnatdi. Ammo o‘zini ko‘z-ko‘z qilishni yoqtirmasdi. She’rlarini hech kimga ko‘rsatmasdi. Universitetda Abdulla Oripov va boshqa taniqli shoirlar bilan kechalar, uchrashuvlar bo‘lardi. Qo‘lidan she’r yozish keladiganlar yugurib-yelib she’rlarini o‘qishga kirishib, katta shoirlar nazariga tushishni istashardi. Nazar esa menga, uchrashuvga borgach: «Jim o‘tirasan. Menga she’r o‘qi deb tiqilinch qilmaysan», deb tayinlar va ikkalamiz bir chekkada jimgina she’r tinglardik.

Adabiyotni jini yoqtirmaydigan, umrida birortayam badiiy kitob o‘qimagan menday mushtumzo‘r she’riyat muhibiga aylandim. Nazar menga she’r yodlashimni aytar va har kuni bittadan she’r yodlashga majburlar edi. Qarasam, Nazar yozgan she’rlar boshqalarnikiga nisbatan ancha afzalligini sezib qoldim. Bir kuni «Sovet O‘zbekistoni» gazetasi tahririyatiga boraylik deb turib oldim. Uni arang ko‘ndirib, sudraguday bo‘lib tahririyatga olib borsam, menga, sen olib kir, deb qog‘ozlarni qo‘limga tutdi-da, o‘zi tashqarida qoldi. U eshik ortida poyloqchilik qilardi. Men esa Nazar Shukurman, deb muharrirga o‘zimni tanishtirdim va she’rlar bitilgan qog‘ozlarni qo‘liga tutdim. Muharrir she’rlarga ko‘z yugurtirib chiqqach, ulardan foydalanishini aytganda menga qanot bitdi. Ichimda esa, nima bo‘lsayam savolga tutmasin-da, deb siqilib turardim. Oradan bir hafta o‘tmay, uning uchta she’ri «Yoshlar ijodi» rukni ostida gazetada chop etildi. Keyinchalik «O‘zbekiston madaniyati», «Qishloq haqiqati», «Toshkent oqshomi», «Guliston» kabi gazeta-jurnallarda she’rlari uzluksiz chop etila boshladi. Biz turadigan yotoqxona xonasi shoirlar mashvarati o‘tkaziladigan maskanga aylandi. Xonalarimiz doimo shoirlar bilan gavjum edi. Rauf Parfi, Murod Muhammad Do‘st, Usmon Azim, Yo‘ldosh Eshbek va boshqalar bilan ko‘p suhbatlar bo‘lgan. Mirza Kenjabek, Sirojiddin Sayyid, Odil Hotamlar bilan har kuni xonada qizg‘in she’rxonliklar bo‘lardi.

Berdi Rahmat, O‘roz bir-birlariga «do‘stim» deb yoki sizlab murojaat qilishar, o‘zaro suhbatlashardi. Nazar negadir menga 6u «sipo»likni ep bilmasdi. “Bugun darsdan tinch qaytdingmi? Birovning ko‘zini o‘yib olmadingmi?” — deya luqma tashlardi. Men gunohkor boladay qo‘lim bo‘sh qaytganini aytsam, “Xudoga shukur, odam bo‘lishingga oz qolayapti?” — deya dag‘al muomalada bo‘lardi. Meni biron-bir maxluqqa mengzab chaqirgandayam miq etmay ortidan ergashardim. Mirza Kenjabek: «Hov shoir, polvonni yerga chalpak qilib urmang» deganida, «Haliyam ko‘p erkalatib yubordik», deya unga rad javob qaytarardi. Mirza kichik yelkalarini uchirib, mo‘ylovi uchini silab qo‘yardi.

«Toshkent universiteti» gazetasidagilar hamisha Nazarni oldiga kelib she’r yozib berishini so‘rab yurishardi. U talabaligidanoq tanilib ulgurdi. Bir gal u ukasi O‘rozdan xat olib, menga ajablanib qaradi: «Ibiy, O‘roz ham durust she’rlar yozib qolibdimi? Pismiqni qara, miq etmay yurganini». Men og‘zimdan suvim qochib angrayib turib qoldim. Bir oiladanam ikki shoir chiqarmikin deb o‘ylab. Shunda Nazarning quvonchini aytmaysizmi? To‘g‘risi, aka-ukaga judayam havasim ortdi.

Talabalik — oltin davr, deb bejizga aytishmas ekan-da. Nazar bilan kechgan hangomalarim o‘n jildlik asarga teng desam sira mubolag‘a bo‘lmas. Biz talabalar paxta yig‘im-terim mavsumini deyarli Sirdaryo viloyatida o‘tkazganmiz. Uning opasi shu viloyatning Oq oltin tumanida turardi. Opasini ko‘rgani dala oralab yo‘l oldik, juda uzoq yurganmiz. Yetib borgach qarasak, ikkalamizniyam tovonlarimiz qip-qizil bo‘lib shilinib ketibdi.

Bir marta ikkalamiz ham qattiq mast bo‘lib nimanidir ustida tortishib qoldik. Men tez emasmanmi, bexosdan qanday qilib yuziga shapaloq tortib yuborganimni bilmayman. U bo‘lsa menga qarab: «Sen ahmoq, menga qo‘l ko‘tardingmi?» deb qattiq jahli chiqdi va achchiq ustida yuzimga yetti marta shapaloq tortdi. Men aybdorlarcha jim qotib, chidab turdim. Kayfimiz tarqagach, ikkalamiz rosa qotib kulganmiz.

Yotoqxonada turganimizda jurnalistikada o‘qiydigan qizlar sho‘xlik qilib xat yozishib, ipga bog‘lab bizga tushirishardi. Men xatni olardim-da, o‘qib Nazarga tutardim. U bo‘lsa qog‘ozga nimalar deb yozganini menga o‘qitmay, qog‘ozni o‘rab ipga bog‘lardi va ipni silkitardi. Qizlar xatni tortib olardi- da, qiyqirib-qiyqirib kulishardi. Nazarga nima deb yozding desam aytmasdi-yu, ammo kulib qo‘yardi. O‘qishni bitirgach, u Toshkentda qoldi. Nashriyotda ishlay boshladi. Shunda ham deyarli har kuni uchrashib turardik.

Men, Nazar, O‘roz uchalamiz kvartirada turamiz. Bir kuni osh qilmoqchi bo‘ldik va O‘rozni do‘konga yubordik. Nazar sabzi to‘g‘ray boshladi. Xonaga kutib o‘tiribmiz, hech O‘rozdan darak yo‘q. Tashqariga chiqdim-da: «O‘roz!», — deb baqirdim. U «ha», dedi- da, narigi xonadan chiqib keldi. Qo‘lida kitobmi, daftarmi, esimda yo‘q.

— Guruch qani? — deb so‘radim.
— Ana o‘choq boshiga qo‘ydim-ku! — deb zarda qildi.

O‘choq boshidagi yelim xaltani ochib ko‘rsam — un.

— O‘roz, bu yoqqa kel, — deb yana chaqirdim.
— Ha, — deya yonimga keldi.

— Nima olib kelding, — desam, u:
— Guruch, — dedi.
— Qara-chi, — deb unga unni ko‘rsatdim.

U bo‘lsa, kulib:
— Eh aka, she’r o‘lsin-a, she’r o‘lsin, — deya yana magazinga jo‘nadi. Nazar ikkalamiz dumalab kuldik. Men ham she’rni durustgina tushunadigan bo‘lib qolgandim. Agar Nazar bo‘lmaganda, meni she’riyatga qiziqtirmaganda, yo o‘qishdan haydalardim, yo bezorilik qilib qamalib ketardim. U meni butunlay o‘zgartira olgandi.

Bir gal Chori tog‘am bilan birga kelganimizda restoranga kirmoqchi bo‘ldik. Shveysar Chori tog‘amni etigini ko‘rib, ancha tixirlik qildi. Shunda Nazarning ancha jahli chiqqan edi. Shveysarni so‘kkandi.

Geografiya fakultetini tugallash arafasida Nazar diplom ishi yozdi. O‘zbekistonda geografiya fanining «otasi» deyiladigan professor Hamidilla Hasanov degan domla Nazar yozgan diplom ishini maqtab, “Bu diplom ishi minimum «kandidatlik dessertatsiyasi» bo‘libdi”, deb aytgandi.

To‘rtinchi kursda o‘qib yurganimizda har galgiday Nazarni sudrab Yozuvchilar uyushmasiga bordik. U yerda tasodifan Abdulla Oripovni shogirdlari davrasida uchratib qoldik. Nazar meni yengimdan tortib, boshini silanglatib, yur ketdik ishorasini qildi. Ortimizga tislanishimiz baravar, kimdir bizlarni chaqirdi. O‘girilib qarasak, Abdulla Oripov!

— Hov, Nazar Shukur, qachongacha qochib yurasan, bu yoqqa kel, — deb chaqirdi. Holbuki, ular biror marta ham uchrashmagan edi.

Yotoqxonamizda ko‘pincha o‘yin-kulgi, tug‘ilgan kun va boshqa har xil bazmlar bo‘lardi. Qizlar bizlarni raqsga tortar, lekin men ham, Nazar ham raqsga tushishni umuman bilmasdik. Nazar she’r o‘qib, men esa qochib qutulardim. Shunda Nazar menga: «Hech bo‘lmasa, she’r yodlashni o‘rgan», deya maslahat berardi.

Taniqli shoirlar bilan suhbatlashib qolganimizda Nazar menga: «Sen og‘zingga tolqon solib o‘tirganday jim tur», derdi. Havaskor qalamkashlar duch kelganda: «Bu kishi «adabiy tanqidchi» Namoz Nazar», deb tanishtirardi. Ular esa mendan hadiksirab, ehtiyot bo‘lib muomala qilishar, she’rlarini o‘qishdan cho‘chishardi. Men qovun tushirmaslik uchun miq etmay, ularning savollariga javob qaytarganday har zamonda boshimni qimirlatib qo‘yardim. Ich-ichimdan betoqatlanib, bu yerdan quyon bo‘lishni istardim. Chunki uyalganimdan ko‘ylagim terdan shalabbo bo‘la boshlaganidan xijolat chekardim. Bu holatimni Nazardan boshqa hech kim sezmas,u esa qoshini uchirib, meni mazax qilganday yarim jiddiy, yarim ishshayib turardi.

Bir yildan keyin msn ham o‘qishni tugatib cho‘lga ishga ketdim. Ishdan qo‘lim bo‘shashi bilanoq, Toshkentga qarab qanot bog‘lab uchardim. O‘sha paytdagi xursandchiliklarni so‘z bilan ta’riflab bo‘lmaydi. Ikkalamiz yana birgaligimizdan shodlanardik.

Bir yili yana Toshksntda uchrashdik. U Chilonzorda ijarada turardi. Bizlar gurunglashib turgandik, Murod Muhammad Do‘st eshikdan kirib keldi. Bu nomdor yozuvchini hikoya va qissalarini o‘qiganman. «Qaydasan, quvonch» — ilk kitobi bilan tilga tushgan edi. Uning Nazarga, to‘g‘rirog‘i, ijodiga hurmati meni cheksiz hayratlantirdi. Nazarning karmanalik shoir Odil Hotamga yozgan xatida: «Keyingi paytlarda Murod aka bilan chiqishib ketdik. O‘z akamga suyanganday, unga suyanib qolibman» deganlarini keyinroq tushundim. Bu hakda Odil aka suhbat chog‘ida qistirib o‘tgandi. Shu kuni shom tushguncha she’riyat haqida suhbatlashib o‘tirdik. «Egarchi» mahallasida choyxona bo‘lardi. O‘sha yerda O‘tkir Hoshimov, Erkin Komilov, Mahkam Mahmudovlar bilan somsaxo‘rlik qilganlarim yodimda.

Yillar tutqich bermas qasoskor ekan. Mana oltmishning bo‘sag‘asidaman. Ammo Nazar bilan kechgan damlarim xuddi kecha yuz berganday, u meni Toshkentga kelishimni kutayotganday tuyulaveradi.

Nazar SHUKUR
«VAQT XIYOBONI» KITOBIDAN
09

Nazar Shukur 1954 yilning 9 aprelida Chiroqchi tumanidagi Navro‘z qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning geografiya fakultetini tamomlagan (1979). «Ko‘kdagi umr» (1984), «Kishloq yo‘llarida» (1985), «Vaqt xiyobonida» (1992), «Meni kechir, muhabbat» (2004), «Vido» (2005), «Sen qaytmasang…» (Saylanma, 2006), “Osmon tashbehlari” (2016) she’riy kitoblari nashr etilgan. 1985 yil 14 mayda Toshkent shahrida avtomobil halokatidan vafot etgan.

09

8f5b5ba801c0fe35cc3120b32f76ba3b.jpg

* * *

…Atrofimda shovqinlar tindi,
Surinadi ko‘zlarim ko‘kka.
Sog‘inchlarim qirlarga ko‘ndi,
Sog‘inchlarim otilar tikka.

Yo‘qotaman dunyodan o‘zni,
Yetolmasdan harsillar jismim.
Yaylovlarim, sog‘inib Sizni
Qaytib keldi tark etgan ismim.

Shu’lalarda yaltirab tig‘day,
Quvonchlarim charchamas chopib.
Shodlanaman o‘zimga sig‘may,
Sizda qolgan qalbimni topib.

O‘rmalaydi qo‘ylar suruvi,
Doimgiday xotirjamu sho‘x.
Lek ortida o‘ylarin quvib
Ergashgan u bolaligim yo‘q!

Qo‘ydimikan elitib uyqu,
Qoldimikan o‘yinga maftun?
Axir, juda sog‘inganman-ku,
Ko‘ray, mayli, birgina baxtin.

O‘sha murg‘ak dilida ungan
Orzulari yonimda. Intiq!
Ajralmaymiz deb endi undan
Olislardan biz birga keldik…

Nechun qo‘ymas ko‘rinib hatto,
Mensiz qayda yuribdi daydib.
«Katta» bo‘lib ketdimikan yo
O‘z tengining umriga qaytib!

* * *

Hali hayotimni yetaklar yillar,
Hali davomimga tiriklik ega.
Bilmadim, qay qachon boshim urilar
Yashamoqlik chegarasiga!

Qay yilga berkingan yashashim so‘nggi?
Bo‘lurmi izlarim dovrug‘i ulkan?
Bilmadim, abadga nogoh qay kungi
Zahotlar to‘xtatar Hayotim yo‘ldan!

TUNGI SOATLAR

Tun aro soatlar armonda,
Bo‘m-bo‘shdir qop-qora vujudi.
Tutunday burqsir tun har yonda,
Xilqatga g‘arq so‘ngsiz hududi.

To‘lg‘onar soatlar zerikib,
Sharpasiz kuladi hilol ham.
Bu izsiz lahzalar sherigi,
Qo‘ynida na kulgu, na nur jam.

Ko‘z tikib qaynoq kun yo‘liga,
Yugurar… Masofa cho‘zilar.
Urilib muddatin so‘ngiga,
Qadamin ovozi uzilar.

SHAKLLAR

Shakllar o‘ksinar,
Hayajonlarda —
Sevgida, quvonchda tiklolmay o‘zin,
Qay birov kimgadir qilganda zarda,
Ko‘radi yarador yurakda izin.

Bir tilsim portlasa zich o‘ylar aro,
Kimningdir beomon yorib aqlini.
Ko‘rgisi keladi shunda ham, ammo
Shakllar o‘zining chil-chil shaklini.

* * *

Huvullab yotibdi shundoq oramiz,
Adirlar… bo‘shliqlar… tog‘lar o‘rtada.
Ko‘rinmay yillarga yondosh boramiz,
Yonma-yon boramiz hatto ertaga.

Yonverida beg‘ubor hayotbaxsh havo,
Biz birga olamiz nafasni to‘yib.
Har kuni tepada shu quyosh, samo,
Yashaymiz lutfida quvonib, kuyib.

Hamrohmiz doimiy dard, ezgularga,
Qaragin, hattoki birdir dilimiz.
Uzoqmiz.
Va lekin tunu kunlarga,
Bir lahza, bir vaqtda tushar yo‘limiz.

* * *

Ne hadiklar joylab ko‘ngilga,
Tinch damlardan ketgaysan uchib.
Beixtiyor nomimni tilga
Olishingdan yashaysan cho‘chib.

Xayolingu tushingga mutloq
Sharpalarday kirgayman sizib.
Sen qo‘rqasan, yoring boqqan choq
Chiqishimdan chehrangga suzib.

* * *

Boshing xamdir bu haqsizlikdan,
Qolding yolg‘on oldida ojiz.
Endi nurlar yog‘ilmas ko‘kdan,
Ravshanlikni ilg‘ay olmas ko‘z.

Tashnai hol talpinib senga,
Yoqlab kelar bir kun Haqiqat.
Qayta boqib porloq ochunga,
Otilgaysan o‘sha daqiqa.

* * *

Xayr!
Endi uchrashmaymiz hech,
Titrab turar bu so‘nggi visol.
Quyosh botmay tushayotir kech,
Quchishamiz bir-birni behol.

Xayr! Ne tong, ko‘zingni yoshlab,
Sen ortimdan qolasan turib.
Men-chi, keskin qadamlar tashlab,
Ayriliqqa ketaman kirib!

* * *

Cho‘kib yotar ko‘zimda Dunyo,
Anqib turar rang-barang bo‘yi.
Masrur oqar qo‘ynida Ziyo,
Cheksizlikning hidiga to‘yib.

Bexos solib toliqish zabtin,
Ko‘tarilar uyqu to‘zoni.
Kipriklarni yopar u sekin,
Tashqariga quvib Dunyoni!

VAQT XIYOBONIDA

Daraxtlarday o‘tishar qator,
Daqiqalar ikki yonimdan.
Men boraman dunyo kelib tor,
Ko‘rkam Vaqtning xiyobonida.

Armonlarning ko‘ksin poralab,
Hordiq olmay yo‘llar oshaman.
Goh tun, goho kunni oralab,
Kelajakka yaqinlashaman.

* * *

Tomchiday turibdi titrab kuz,
Eng so‘nggi lahzaga ilinib.
Zum o‘tmay falokat berar yuz,
Zum o‘tmay jon berar urinib.

Uzildi!..
Izida xazon, mung,
Har yonni qamradi larzalar.
Kiradi adadsiz qishga so‘ng,
Xotirjam qor kechib
Lahzalar.

BOLALIK

Goh bo‘lsa hayotda tashvish ko‘ndalang,
Bolalik jim qalqib chiqar xotirga.
Xayollar eshigin ochar shunda lang:
Xivich ot, sho‘xlik-la bo‘laman birga.

Tag‘in huv, yiroqlar tuyular sirli,
Tag‘in pok ruhimga har narsa tilsim.
Shunchalar pokiza,
Shunchalar nurli,
Sodda ertaklardan uzilgan umrim.

* * *

Ishonchingga yasagach yakun,
Toshday qotding o‘zingdan ketib.
Sensiz yetim o‘zliging, lekin
Borolmadi izingdan yetib.

U-chi, ketdi tortgancha yengil,
Osongina iziga qaytib.
Sen o‘zingga qaytolmay butkul,
Qololmading bir so‘z ham aytib…

* * *

Osmon bulut.
Yer uzra cho‘kkan
Ko‘rayotgan zilday tushlari.
Yog‘iladi ko‘lkalar ko‘kdan,
Sukunatga limmo-lim qa’ri.

Boqib bulut tirqishlaridan,
Unsiz qotib quyosh kuladi.
Hurkitadi cho‘kkan tushlarni,
Yerga tushgan kunduz bo‘lagi.

HIJRONDAN SO‘NG…

So‘zlolmadik dardlarni to‘kib,
Toshday cho‘kar o‘rtaga jimlik.
Sokinliklar saqlaydi sukut,
Endi, endi bu boshlar egik.

Fojiaday tuyular bizga,
Qayta bo‘lmoq bunday yuzma-yuz.
Sig‘magaymiz ko‘zlarimizga,
Sig‘mayotir oraga hech so‘z.

Ko‘zyoshlarim seni deb oqqan,
Chin sevgidan tonmoqlik nechun? …
Shoshilamiz xayrlashmoqqa,
Ayriliqqa qaytmoqlik uchun.

* * *

Yurak osmonida azob naysoni,
To‘sadi nurlarni — sevinchlar yo‘lin.
Bo‘g‘ziga tiqilar Harorat joni,
Beg‘ubor Cheksizlik ko‘tarar qo‘lin.

Yurak ham bo‘g‘ilar yetmay nafasi,
Tumanlar ortida ingraydi surur.
Tinadi yuzlarda kulgilar sasi,
Iztirob — izg‘irin to‘kadi g‘urur.

Sovuq so‘z!..
Vujudni — yurak olamin,
Qahraton qahriday qo‘ydi sovutib…
Sevinchlar yo‘lini ochadi sekin,
Muzlagan ko‘ngilni kimdir ovutib.

Nurlardan yorishgay yurak osmoni!..

* * *

Tun kutadi uxlamog‘imni,
Vujudini bosadi titroq.
Ichkarini sog‘inib yonar,
Poylar tinmay o‘chishin chiroq.

Parcha tundek sochlarim bilan,
Ketmoq istar so‘zsiz qorishib.
Chiroq o‘chgach,
Tun ko‘zlariga —
Ketar butun olam yoshirib!

* * *

Har holda yupanch bor,
Har holda tilak,
Har holda yashashga boraman holsiz!
Seni deb qolsam-da beshavq, beyurak,
Kun ko‘rmog‘im og‘ir
Xayolsiz…

Xonamdan arimas men kutgan qadam,
Yo‘q, zimdan kuzatmas biror poyloqchi.
Ko‘rmaydi bizlarni hech bitta odam,
Yon-verda muntazam Xayollar soqchi.

Xayollar hech kimni qo‘ymas bu yerga.

BЕMORNING UMRI

Bemor ko‘zlarida chinqirar hayot,
Majolsiz yurakda orzular halak.
O‘lim — osmonida yozadi qanot,
Umidlar… odamlar… olam charxpalak.
Titraydi omadsiz
Kurashning sabri,
Yashashga aylangan yagona Matlab.
Vaqtlardan vaqtlarga,
so‘nayotgan umri
Bazo‘r-r o‘tardi hatlab…

* * *

Oftob… Osmon…
Bedorlik bilan
Yorug‘likni yashaymiz ko‘mib.
Qoldirilar tund kechalardan,
Erta kunga tashvishu umid.
Uyqularni otib har yoqqa,
Shiddatlarga ko‘mgancha butun —
Hey, odamlar!
Qalqing oyoqqa,
Tundan ko‘zni yummoqlik nechun?!

OQ SAROY

Har qatida ingraydi tarix,
Dardi kabi zalvorli viqor.
Unda qolgan niyatlar g‘arib,
Unda qolgan nafrat beizhor

Hayron etar asrimni mutloq,
Go‘zalligi -‘dardlarning rangi.
Zavollarning lutfiga mushtoq,
Ko‘molmagan yillarning changi.

Tovlanadi quyoshda yal-yal,
Ajab turfa naqshin faryod-zor.
Hayron etgan yo o‘sha zarhal,
Klavixo, Boburni takror!

Toshday sobit g‘ishtlar qatida,
Odamlarning cho‘kkan saboti.
Mudhish moziy iltifotida,
Achchiq-achchiq xotirlar toti.

Qonlar bilan bitilgan hikmat —
Ajdodlarning sokin sharpasi.
Yamlolmaydi so‘zlarni zulmat,
Har g‘isht — buyuk g‘amlar parchasi.

Boqqin, bukun shodliklar aro,
Savlat to‘kar bu qadim Armon.
O‘tmish shunday go‘zal va qaro,
Boqaversang tugaydi darmon.

O‘sha armon — jovid Oqsaroy
Chehrasida shu’la o‘yini…
Mash’al kabi sochmoqda chiroy,
Qad ko‘targan g‘amlar uyumi.

* * *

Armon, O‘kinch, G‘ussa, Pushaymon,
Borlig‘imga kirgay bostirib.
O‘cha boshlar ko‘zimda jaxon,
Zulumotning ismin yozdirib.

Shu’lalarga to‘lsin deb bag‘ir,
Tutqich bergim kelmas munglarga.
Biroq,
Ingrab yuborgum og‘ir,
Urilgancha Sensiz kunlarga!

* * *

Ha, qo‘nalg‘a izlar bir So‘roq,
Tegrasida hijronday bo‘shliq.
Qanotlari, toliqar, biroq —
Nasib etmas unga hech xushlik.

Bo‘y ko‘rsatmas manzilu taskin,
Javob bo‘lmas,
Eh, hamma jimdir.
…Sas chiqarmas shu so‘roq vaslin
Yashirgancha qalbida kimdir.

O‘YLAR QA’RIDA

Botaman o‘ylarim teran qa’riga,
Nainki tubida imkonlar to‘kin.
Toshlardek bu sassiz olam bag‘rida
Bolalik… xotirlar… yotibdi cho‘kib.

Holbuki, bu dunyo sokin, bezabon,
…O‘tgan dam shavqlarin hamroh etaman.
Kelajak bo‘lsa ham oldinda hamon
Bu yerda ahd qilsam,
Yetaman!

* * *

Bugun ham o‘sha kun,
Shu olam, shu yer.
Qaragin ranglar ham turli-turlicha.
Bugun ham to‘kamiz shu tashvish deb ter.
Shundoqmiz,
Bo‘lsak biz qanday kun kecha.
Binolar joyida,
Hislar joyida,
Qiy-chuvlar goh baland, goh elas-elas.
Beqaror, faqat bir mitti qoida:
Kechagi fursatlar joyida emas!
Bugungi umrimiz imkon-taqdiri
Yangi on, lahzalar zimmasida-ku!

* * *

Ko‘z ochaman.
Shabnamlar go‘yo —
Kengliklarga sachrar nigohim.
Qorachig‘im to‘ldirgay dunyo,
Yog‘dularda yuz ochgay rohim.
Goh yurakni shundoq ochilgan
Go‘zalliklar yuborsa siqib,
Ko‘zni yumib,
Har yon sochilgan
Nigohlarni olaman yig‘ib…

MANZARA

Xalq rassomi O‘rol TANSIQBOYEVga

Harakatlar muallaq, betan,
Kishanlangan shamollar shunday.
Yellar hayron o‘z suratidan,
Yog‘dularga yo‘g‘rilgan Kungay.

Tog‘ boshida mangu qorlardek,
Adirlarda g‘olib lolalar.
Tebranolmas, qimirlolmas, tek,
Gul uzgancha qolgan bolalar.

* * *

O‘zim yetolmadim,
Vaslingga, ammo
Yetdi xayollarim, o‘yu tushlarim.
Hajringga urilib chil-chil doimo
Ko‘zgudek beg‘ubor talpinishlarim.

Sen bilan band bari
Endi orzular!
Chetlarda bekorchi topolmasdan joy,
Qarshimda mixlangan ro‘yolar kular.
Yo umru ishonchim berdimikan boy?

Xayollar, o‘ylaru tunlar quchog‘i
Orzular avjiga to‘lardi shu zum:
Vaslingga ularning yetmagan chog‘i
Va yetgan chog‘imda vaslingga o‘zim.

* * *

Uchib ketgan turnalar yanglig‘
Olislardan joy izlar bahor.
Endi yo‘llar otashin, changli,
To‘zg‘itar yoz tuproqni takror.

Judo bo‘lib bor imkonidan
Haroratdan sarg‘ayar ranglar.
Jilolmas hech suvlar yonidan
Ketolmasdan qolgan ko‘klamlar…

* * *

Oqshom yer ko‘ksiga tashlar gavdasin!
Patirlab qoladi larzadan qushlar.
Kuyosh shovqinlarning to‘ngan nafasin
Ostidan silqiydi erigan tushlar…

Ovozlar dong qotgan,
So‘zlar dong qotgan,
Jonlar oromlarga o‘zin toblaydi.
Ochiqqan tush esa, qaygadir botgan
Tashvish, qismatlarni ovlaydi.

QISMAT ORTI

Qismatim chorlaydi manzilim misol,
Hayotim… murodim… qo‘ynida yelar.
Ammo meni sirli orti etar lol,
Uni istiqbolda chorlarkan nelar?

Ortida bormikan hayotu tole,
Charx urgan harakat undami tirik?
Qadimiy bo‘lsa-da Mangulik, hali
Bir bor bormagan-ku u joyga kirib!

Gar borsak, kulgular yashnarmi ozod,
Yangrarmi shovqinu navolar hadsiz?
Ezgulik qanday kun ko‘rarkan, hayhot,
Kismatsiz!

Shu yerga shosharmi bu telba yurak,
Qarang, hech to‘sikdan turmas tortinib.
Shunchalar ko‘rmoqlik bo‘ldimi kerak
Orzular ortini,
Umrim ortini!

KO‘PKARI

Katta sayhon. Atrofda qirlar,
Yig‘ilishgan bor ahli ovul.
— G‘olibga zo‘r mukofot tegar!..
Hayqiradi nogoh bakovul.

Yerni titar otlar dupuri,
Chavandozlar turmaydi kutib.
— Kim bo‘larkan ichida zo‘ri,
Qay birovi chiqarkan yutib?

Shamollarda uchar betinim
Ovozlaru xushbo‘y hayajon.
Zafaridan sapchir ekan kim?
Qamchilardan sapchir shiddat, jon.

Sel misoli toshqin suronni
Sipqorishar bo‘shliqlar tashna.
Qaqrab yotgan jimlik yoboni
«Hay-hu»lardan ketadi yashnab!

Ezg‘ilanar tuyoqlarda vaqt,
Mushfiq panoh — dunyo ham unut.
Fazolarda urayapti charx
Yer ko‘ksidan sug‘rilgan sukut.

… Ana, qay bir chavandoz g‘olib,
Chayqaladi ildizsiz havo.
Zafarini taqimga olib
Yetkazmaydi hech kimga, ammo.

Ko‘mayotgan olqish, qiyqiriq
Uyumini u o‘tgan yorib.
So‘ng uloqni tashlar dadil, tik
Huv, ko‘zlagan marraga borib.

Shiddatlari tortadi salqi,
Qo‘llari jim ushlaydi egar.
Joydan ketar hayratlar qalqib,
G‘olibga zo‘r mukofot tegar…

* * *

Eng yuksakda tanho bir daraxt,
Chor-atrofi silkinar ayon.
E-eng yuksakda!..
Qanday baxt, sharaf,
Pastda qolgan bor hajru armon.

Bir kun… oniy chaqmoq darg‘azab
Yamlab o‘tdi muzaffar boshin.
Eng yuksakda ne bo‘lsa, ajab,
Kun bergisi kelmaydi yashin!

* * *

Men so‘zlayman,
Sen-chi beparvo
Turishingdan toqatlarim toq.
Bir borgina boqmaysan qiyo,
Bir borgina tutmaysan quloq.

O‘zga hayot va o‘zga iqbol,
O‘z yoniga chorlaydi seni.
Sensiz, mensiz qismatidan lol
Yerda qolgan So‘zlarim mening.

* * *

Xayollarim cheksiz emas,
O‘zimdan to visolinggacha.
Undan narida hech nima yo‘q:
She’r ham, muhabbat ham…
Hammasi,
Men bilan to sengacha.
Goh shu xayollarimga
O‘zgalar!..
Men qutulolmagan o‘zgalar kirib keladi!
Ulardan nafratlanaman,
Ulardan rashk qilaman!
Qarang,
Bu yerda ham tinch qo‘ymaydi ular.
Qo‘rqaman juda —
Xayollarim bo‘ylab borishidan!
Xayollarim bo‘ylab borishidan,
Qo‘rqaman!…

Xayollarim so‘ngida
Sen borsan-ku, sevgilim.

UCHLIKLAR

Sensiz yashadimmi?..
Tirikman-da,
Ishonmaysan!

* * *

Qochma, itlar battar quvlashadi.
G‘oz yursang —
Seni botir o‘ylashadi.

* * *

« Jarang-jurung… jarang-jurung-g…»
Shamol-yey,
Yaproqlarni buncha tebratmasang?

* * *

Tag‘in Olam tashqarida qolibdi-da.
Eh bu kecha ham…
Uyga kiritishni unutibman-a.

1978

009

(Tashriflar: umumiy 210, bugungi 1)

Izoh qoldiring