Nodir Normatov. Shamsro’yning qalb tug’yonlari.

0456
Бу ҳақда кекса педагог рассом Тўхтамурод Содиқов шундай хотирлайди : “Мен Беньков номли республика билим юрти талабаси эдим. Санъат музейида Верешчагиннинг “Кўкнори чекувчилар” картинасидан нусха кўчирар эдим. Ўшанда Шамсрўй опа музей директори. Мен шу ерда уч ойча бўлиб, мунтазам келиб турдим. Опа мени тез-тез ўз хонасига олиб кириб, чой билан сийларди, рассомлик маҳорати ҳақида гапирар, мени ўз тенгидек кўрарди. Опа мендан ўн тўрт ёш катта эди, қарангки, мен институтга кирганимда, у киши шу ёшида учинчи курсда ўқир экан. У кишининг “Ўзбек аёллари” деган картинаси, диплом иши республика рассомлик билим юрти биноси фойесида осиқлик турарди. Ундан кўп мерос қолган. Бундай дейишимга сабаб бор. Бир куни мен билан бирган ишлайдиган Носир Ҳусанов деган одам бир нима иш билан бир маҳаллага бориб қолади. Шунда у бу хонадонда уй чордоғидан ўрам-ўрам қилиб қўйилган асарларни кўриб қолади. Шунда у: “сизларнинг оилангизда рассом борми?”деб сўраганида, уй эгаси Шамсрўй Ҳасанова уларнинг яқин қариндоши бўлганлигини, бу асарлар ундан мерос эканини айтади. Афсуски, мен Носирдан унинг манзилини сўрамаган эдим. Носир ҳам бундан ўн йилча аввал оламдан ўтган”.

099

Нодир Норматов
ШАМСРЎЙНИНГ ҚАЛБ ТУҒЁНЛАРИ

Чақмоқ қизи, сенинг учун дунё оқ мато
Сеҳрлидир қўлингдаги нурли мўйқалам.
Товланади ранглар мавжи, бўлмагай адо,
Ёмғир рақси, гул-чечаклар, яшнагай олам.
Чизиқларда жонланади умр дафтари
Мусаввира кўзларида умид ва ҳайрат.
Қалб титроғи кўчиб борар мангулик сари,
Ана шундай эврилади буюк муҳаббат.

Ўтмишдан хотира бўлиб қолган қўлимдаги фотосуратлару Республика давлат Санъат музейидаги бир туркум рангтасвир асарлари тасвирий санъатимизда порлоқ юлдуз бўлиб яшаб ўтган бир ижодкор ҳаётидан сўйлайди.

Шамсрўй Ҳасанова…. Ўзбек хотин-қизларидан етишиб чиққан биринчи мусаввира.

Шамсрўй юртимизда инқилобий тўнтаришлару турли сиёсий ўзгаришлар рўй бераётган мураккаб, чигал бир даврда — 1917 йилда Тошкентдаги ишчилар шаҳарчасида туғилди. Бу шаҳарчада ўша кезларда кўплаб уста санъаткорлар, ҳунармандлар истиқомат қилганлар… Шу боис, Шамсрўй илк бор ана шундай муътабар зотлар яратган ижод намуналарини кўриб, тасвирий санъатга ишқи тушгандир. Балки, моҳир каштачи бўлган онасининг ранглар танлаш истеъдоди, эҳтимол, ганч ва ёғоч устаси бўлган отасининг шакллар ясаш маҳорати унга мерос ўтгандир. Аммо, нима бўлганда ҳам, ўша алғов-далғовли даврларда, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида аёл кишининг рассом бўлиши ғайритабиий ҳодиса, кўпчилик учун андозага тушмайдиган бир ҳол эди.

Шамсрўй Зебуннисо номидаги тўлиқсиз ўрта мактабни тугатгач, рассом бўлишга аҳд қилди. У ота-онасидан яширинча Тошкент бадиий билим юртида ўқиди. Талабалар орасида ягона бўлган бу ўзбек қизи бошқа миллат вакиллари билан баб-баравар чизди, кузатди, ижод қилди.

Шамсрўй Ҳасанова илк ижодини ҳар қандай бўлажак рассом сингари ўзи туғилиб ўсган макон — кўчалар, уйлар, боғлар, хиёбонлар, бозорлар, турли касбдаги одамлар, гуллар, йил фасллари, таниш ва нотаниш замондошларини тасвирлашдан бошлаган. Ёш мусаввира одатда кетма- кет, бир йўла бир неча портрет, композиция, натюрморт устида ишлар эди. Унинг асарларида Ўзбекистон қуёшида эврилган минг бир хил ранг туслари, жилвалари кўринди. Ҳаётдан олган турли тассуротларини қоғозга, матога кўчирди. Унинг учун ҳаётий лавҳалар ижод манбаи эди.

Шамсрўй Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси қошида очилган тасвирий санъат студиясида маҳорат дарсларини тинглади, ўрганди. Бўлажак мусаввира ҳаёт машаққатларидан чўчимади, ўқиш, изланиш, ўрганиш, ҳаёт манзараларини кузатиш унинг кундалик эҳтиёжига айланди. Давраларда баҳсу мулоқотларга дадил киришди, бадиий муҳитга янги ҳаво олиб кирди. Бирга таҳсил олган дўстлари орасида Ўрол Тансиқбоев, ёзувчи Ойбекнинг рафиқаси Зарифа Саидносирова, Зайнаб Яушева, устозлари Александр Волков, Уста Мўмин Николаев, Владимир Рождественский, Розанов, Николай Карахан кабиларни кўриш мумкин эди.

Ўша кезларда қадимий ва навқирон Самарқандда эса бадиий мактабнинг ўзига хос реалистик мактаби машҳур бўлаётган эди. Унга ХХ асарнинг буюк рассомларидан бири, ўтган асарнинг 30-йилларида машҳур бўлган Павел Беньков ва шогирди, ажойиб рассом Зинаида Ковалевская бошчилик қиларди. Шамсрўй илмга чанқоқ эди, у имкон даражасида бу улуғ рассом мактабидан ҳам баҳраманд бўлди.

Унинг ижодида Самарқанднинг қадимий обидалари, унинг атрофидаги манзаралар, тоғ қишлоғининг латофатга бой кўринишлари пайдо бўла бошлади. Шамсрўй фақат манзаралар билан чекланиб қолмади. У энди йирик планда психологик портретлар ишлашга ўтди. Рембранд, Рубенс асарларидан илҳомланди, бу портретларда ўзининг рангни теран ҳис қила олиш истеъдодини намоён эта олди. Илк изланишларида рус кишисининг залворли, психологик ҳолати намоён бўлган портретини яратди. Унда ҳар бир унсур, кўз қири, қўл, қиёфадаги ўзгаришлар яхлит бир характерни яратишга бўйсундирилган. Украин аёлининг ички олами, унинг ташқи дунёга муносабати ранго ранг бўёқлар силсиласида намоён бўлган. Европа тасвирий санъати ўлчовлари ва мактаби мақомида яратилган бу асарлар ёш мусаввиранинг катта имкониятларини намойиш этди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида, Тошкент ва Самарқандга Россиядаги кўплаб олий ўқув юртлари, жумладан Москва ва Ленинграддаги бадиий ўқув юртлари ҳам эвакуация қилинганди. Шамсрўй ана шу муносабат билан келиб қолган кўплаб тасвирий санъат вакиллари билан танишди, уларга ҳамдард бўлди, халқимизнинг оддий бир фарзанди сифатида қўлидан келганча ёрдамини аямади. Айни пайтда, бўш қолди дегунча, москвалик профессор Шемякин устахонасида рангтасвир сирларини ўрганди, таниқли мўйқалам устаси Всеволод Рождественский раҳбарлигида эскизлар ишлади. Бу устозларнинг услублари, йўналишлари турлича эди. Бундай таҳсил унинг ижод қилишида хийла мураккабликни юзага келтирди, қарама-қарши фикрлашга, таққослашга мажбур қилди. У бундан ўз вақтида хулоса чиқара олди. Мусаввира ижодида ҳам мавзули, ҳам шаклий жиҳатдан янгича изланишлар кўринди.

Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига катта кулфат, мусибат келтирди. Қанча-қанча ўғлонлар, шу жумладан тасвирий санъатнинг миллий вакиллари ҳам фронтга жўнатилди, кўплари ҳалок бўлишди. Фронт ортида қолганларга ҳам осон бўлгани йўқ. Ана шундай оғир йилларда турли хил биноларга кўчиб, охири Кафанова маданият саройида жойлашган Ўзбекистон давлат Санъат музейида Шамсрўй Ҳасанова фаолият кўрсатди, аввал экскурсиячи, кейин директор лавозимида ишлади. Бу маҳаллар унинг қизғин ижодий ишга киришган чоғлари эди. Бу ердаги экспонатлар тарихини у яхши билар, музейга келган ҳорижлик ва бошқа томошабинларга улар ҳақида ўзи ғурур билан гапириб, тушунтириб беришдан чарчамасди. Музейда директор хонаси билан ёнма-ён рассомлик устахонаси бўлиб, қўли бироз бўшади дегунча, аждодларимиздан қолган дурдона меросни ўрганар, шу устахонага яшириниб олар, қатор портретлар, композициялар, натюрмортлар устида тинимсиз ишлар, изланар эди. Бу асарларда хориждан келган делегация вакиллари қабули, ўлкамизнинг гўзал чечаклари, нозу неъматлари, автопортрет, далада меҳнат қилаётган хотин-қизлар тасвирларини кўриш мумкин. Мусаввира бу суратларни устози Шемякинга, ҳамкасбларию дўстлари ҳукмига қўйишдан қўрқмас, ўзига ишончи қатъий эди.

Айни ана шундай дамларда, урушдан аввал ҳам бир-икки кўришган Шамсрўй ўша пайтдаги ёш ижодкор Чингиз Аҳмаровга дуч келди. «Ишларини кўриб ўша пайтлар Шамсрўй билан танишиб қолдик. Нозиккина, катта-катта қоп-қора кўзли бу ўйчан қиз ўзи чизган расмлардай гўзал, ишлатган рангларидай беғубор-афсонавийроқ эди. Менинг назаримда, расмлари уни, у расмларини қай жиҳатдандир тўлдириб, мукаммаллаштираётгандай эди. Айни чоғда иккаламизнинг ҳам ижодий қарашларимиз, рангларга муносабатимизда, фикрий йўналишларимизда кесишган нуқталар кўп бўлар, ижодда бир-биримизга яқинлик туяр эдик», деб ёзганди Чингиз Ахмаров ўз хотираларида.

09
Чингиз Ахмаров Шамсрўй Ҳасанова портретини чизмоқда.

087
Чингиз Ахмаров. Шамсрўй Ҳасанова портрети.

Чингиз Аҳмаров кейинчалик ўзининг бутун ижоди давомида Шарқ гўзаллари тимсолига мурожаат этар экан, уларга ана шу мусаввира қиз —турмуш ўртоғи Шамсрўй Ҳасановани прототип қилиб олган эди. «Мен Шамсрўйнинг қатор портретларини ишлаб кўрганман. Алишер Навоий номидаги театрга тасвир этганим образларнинг барчасида Шамсрўйдан илҳом олганман, десам муболаға бўлмайди. Бироқ шулардан энг муваффақиятлиси, 1943-44 йилларда севиб тасвир этганим – «Ширин» асарим деб ҳисоблайман. Бу расмда Шамсрўй қиёфаси ўйчан, гўзал образ сиймосига мос тушганидан ташқари, Шириннниг қандайдир келгусидаги бахтсизлигидан ҳам дарак бериб тургандай» деб ёзган эди атоқли рассом Чингиз Аҳмаров.

Бу икки ижодкор олами бир-бирига жуда-жуда яқин эди. Шамсрўй Чингиз Аҳмаров билан ҳамнафас бўлган, бирга яшаган кезларида рассомнинг руҳий мададига суянди. Ижод мусаввиранинг яшаш тарзига, ҳаётига айланган эди.

Қалбда соғинч, кўзларда ҳадик,
Кетолмасман сендан узоққа.
Агар қолсам ёнингда, қалбим
Оҳу каби бўлар тузоқда.
Кўзларингда суратим кўрдим
Ойдай кулиб турибман беғам.
Кета қолгин тезроқ, алвидо,
Кўзёшимни кўрма, эй одам.
Кўзёшимга арзир фақат нур,
Фақат унда ранглар жамоли.
Қизил тортар мўйқалам- жоним,
Қора бўёқ умрим заволи.
Сенга ҳадя шу қизил -қоним,
Юракдаги энг тоза иффат.
Қора недир- ҳеч ким билолмас,
Қора чизиқ- энг сирли қисмат.
Борми унда дийдор қувончи,
Кўришганлар бермаслар хабар.
Мен қалбимни рангларга кўмдим,
Алвидо ёр, маҳшарга қадар!

Рассом айни кучга тўлган, тафаккур оламига берилган дамлари фақат Шарқ миниатюра санъатига доир китобларнигина эмас, балки тарихий манбаларни, айниқса, шеъриятни диққат билан ўрганди. Шарқ ўтмишига, унинг ҳассос шоиралари тарихига қизиқди. Рассом Шарқ шоиралари деган туркум портретлар устида ишлай бошлади. Зебуннисо, Нодира, Увайсий, Мутриба…

Шамсрўй Ўзбекистон Давлат Санъат музейида ишлаган кезлари кутубхона бошлиғи, қадимги Шарқ қўлёзмалар билимдони Қосимхўжаев деган ажойиб инсон билан танишди. Ундан Шарқ шеърияти, хусусан, Навоий, Лутфий, Бобур, ўзбек шоиралари Зебуннисо, Нодира, Увайсий, Мутриба, Анбар отин каби аёллар ижоди ҳақида атрофлича маълумотлар олди, адабий муҳит ва мулоқотлар туфайли қадимги аждодларимиз қолдирган меросдан баҳраманд бўла бошлади.

Рассомнинг ўз полотноларидаги қаҳрамонлари билан руҳий алоқаси унинг дастлабки асари – Зебуннисо портрети биланоқ ўрнатилди. Бир пайтлар Зебуннисо номидаги мактабда ўқиган мусаввира унинг образида ўз қиёфасини кўрди, уни юракдан ҳис қилди. Шундан сўнг, Зебуннисонинг белдан юқориси ва тўла гавдаси тасвирланган икки портретини ва этюдини ишлади. Уларда импрессионизмга мойиллик сезилади. Мусаввира енгил ва шаффоф тарздаги ёрқин, аммо қарама-қарши бўёқларни қўллайди. Шу тариқа портретда ички руҳият ва кайфият тўғри илғаб олинган, рангларда лаҳзалик ва ўзгарувчанлик жараёни рўй берган.

099
Шоира Зебуннисо портрети

Белгача ишланган портретда рассомнинг ўз қиёфаси тасвири аниқ сезилади. Унда Зебуннисонинг қалб туғёнлари ва ҳаяжони ифодаланган, бу эса бўрттирилган юз ифодаси ва кўз ва қўл имо-ишораси тасвирлари орқали ҳосил қилинган. Унда ранг этюддагига нисбатан қуюқроқ, туслар эса этюддагидек. Этюд ва портрет рангтусли ҳажм кўлами рангтасвир усулида олинган. Зебуннисо портрети Шамсрўй Ҳасанова ижодида дастлабки қадам эди. Унинг бу икки портретидаги юз тасвири эътиборни тортади. Рассом ташқи жиҳатдан миниатюрага хос бўлган ўз орзусидаги қиёфани тасвирлашга интилади. Аммо шаклни силлиқлаш ва соддалаштириш асносида портретга кичикроқ бир жиҳат киритади, у қиёфага хаёлиётдан ҳаётийликка олиб киради. Бу хусусиятлар мутаносиб чимирилган қошлар, қисиқ кўзлар, қимтилган лаблар, оний боқишлар, бошнинг табиий ҳолати кабиларда кўринади.

Мусаввира ранг имкониятларига, турли рамзларга алоҳида эътибор қилади. Айтайлик, гуллаган дарахт шохи тасвири ўз маъносидан ташқари, баҳорий кайфият, шоирона ҳис- туйғу манбаи сифатида мавжланади.

033
Шоира Зебуннисо портрети

Шоира Зебуннисо. 17-18 асрда яшаб ўтган Бобурийлар сулоласи вакиласи, шоҳ Афрангзебнинг қизи, улуғ шоира. Унинг нафосатга, надоматга тўла қалбини англаш осон кечмади. Бунинг учун рассом шоиранинг шеъриятига, замондошлари ёзиб қолдирган қўлёзмаларга, Шарқ миниатюраларига мурожаат қилди.

Зебуннисонинг “Гарчи мен шох қизи эрсамда, номим Зебуннисо бўлса-да, гадо янглиғ зорман” деган байти буюк қалб эгасининг ички кечинмаларини акс эттиришда, тимсолини яратишда устивор ғоя бўлиб хизмат қилди.

Рассом бу образ устида кўплаб эскизлар, этюдлар ишлади. Улардан фақат иккитасигина тўлақонли асарга айланди. 1943 йилда ишланган шоира Зебуннисо портретида эса шижоатли ҳолатда турган, қўлида шеърий девон ушлаган, ҳарир либосдаги гўзал, оқила қиз сиймоси, орқа фонда эса Ҳиндистонннинг ғаройиб – ажойиб табиати тасвир этилган. Шоира образига синчиклаб разм солинса, унда муаллифнинг ички ва ташқи яқинлиги, қиёфаларнинг ўхшашлиги сезилади. 1946 йилда ишланган шоира Зебуннисо асарида эса биз боғларда авжи баҳор пайтини, йўлакда кетиб бораётган, қадди бор бўйи-басти билан ишланган ўйчан дилбар шахсни кўрамиз. Рассом шоиранинг боғ сайрига чиққан ҳолатини тасвирга олган. Майин ранглар қиз ҳолатига жуда мос. Ундаги либосларнинг ўша даврга хослиги, хатти-ҳаракатининг олиймақом жамият вакиласига мансублиги ҳам рассом назаридан четда қолмаган. Биринчи портретда шоира шиддатли, шижоатли ҳолатда бўлса, иккинчисида эса унинг назокатли, дилбар дунёси тараннум этилган.

Шамсрўй Шарқ шеъриятининг чинакам мафтуни эди. У ўзбек шоиралари тарихи билан қизиқар экан, уларнинг портретларини яратишга бел боғлади. Ишдан сал вақт топиши билан уларнинг образи устида этюдлар ишлашга ўтирар эди. Нодира… 18-асрда ижод этган, Қўқон адабий муҳитини яратган бу шоиранинг ҳаёти ва қисмати рассом учун сирли бир олам эди. Ҳаёти фожиа билан тугаган буюк шоиранинг теран қалбини англаш йўлида у тарих саҳифаларини синчиклаб ўрганди, ҳар бир шеър ва далилни шарҳлаш учун тер тўкди. Узлуксиз изланишлар самараси ўлароқ, 1944-45 йилларда шоиранинг гўзал портретини яратди. Бу портретда у Нодирани нафақат тахт маликаси, балки нафосат, оқилалик гўзаллик маъбудаси сифатида тараннум эта олди. Ўша давр муҳитига хос либосларга ўралган, малика тожи ўзига ярашган бу гўзал, дилбар аёлнинг тафаккур олами унинг нурли қиёфасида балқиб турибди. Мусаввира 1944-1945 йилларда Нодира портретини ишлади. Ўша даврга хос безакдор стол, айвон панжараси, либос, тақинчоқлар ўта аниқ тасвирлангани бежиз эмас. Унда збек халқининг юксак диди, амалий санъатининг нозиклиги акс этган. Боғ манзараси олис яқин чизгиларда акс этган, буларнинг бари Нодира образини очишга хизмат қилади.

055
Шоира Нодира портрети

Мусаввира портрет учун ассиметрик композицияни танлаган. Қалб туғёни зуҳур этилган юз қиёфаси, нафис эгилган қомат ҳолати, турли хил сезги ва ишора тасвири шоиранинг руҳий иқлимини ифода этади. Лабларга рўмол учини тутиб турган ўнг қўл ишораси қаҳрамоннинг ички ҳолатини аниқ ифодалайди. Мусаввира Нодиранинг юзи талқинига алоҳида эътиборни қаратади. Бунинг учун у портрет асосини мўътадил ва тилла-мовий ранглар билан ишлов беради. Ранглар турли тусда жилоланиб, нозик чизиқлар билан бақамти келади. Китоб ушлаб турган чап қўлининг ҳолатида ранглар янада жилваланади.

Увайсий… Нодиранинг устози ва замондоши бўлган бу оқила, донишманд аёлнинг «Анор» номидаги шеъри худди Нодира тимсолини очиб берадиган даражада гўзал эди. Рассом Нодира образини яратишда худди мана шу тўртликка мурожаат қилгани аниқ. Асарда биз анорнинг қизил доналари, ҳарир пардалари ва унинг ним ранглари портрет композициясида ечакчилик қилганлигини кўрамиз.

uvaysiy
Шоира Увайсий портрети

Увайсий портрети Нодира портретидан сўнг бир йил ўтиб, 1947 йилда ишланди. Унда биз олиймақом зот аёлларига хос виқор, жиддий нигоҳ, мусибатларни ирода кучи билан енгган матонатли бир тимсолни кўрамиз. Нодира образида кескинлик, шиддат сезилса, Увайсий портретида ранглар мураккаброқ ва фожеавий қисмат ифодасига айланган. Маълумки, Увайсий мутаассиблар таъқиби ва кишиларнинг пичингларига қарамай ўзининг қўрс, қўпол эридан кечиб, Қўқон хонлиги саройида шоира бўлиб келган. Шоира характеридаги бу зиддият тўла очиб берилмаган, аммо уни айнан шундай жасоратли, дадил шоира сифатида тасаввур этиш қийин эмас. Асар марказида аёл қиёфаси, чапда гуллаётган дарахт шохи. Шоира қомати эҳром шаклида, мусаввира унинг боши, жуссаси, қўлларига алоҳида эътиборни қаратади. Бу психологик ҳолатни ифодалашга шу замон ҳаётига мос ранг — тўқ кўк ва тилла ранг бўёқлар танланган.

1947 йилда яратилган «Мутриба» асари уйғур халқининг севимли шоираси ҳаётига бағишланган. Унинг меросини ўрганган Шамсрўй бу дилбар шоиранинг халқона шеърияти мафтуни бўлди. Рассом шоирани ўзининг миллий либосида,қалби оловланган, тафаккури ўткир шоира сифатида кўрди, портретини яратишда ана шу хислатларни тасвирга жойлади. “Мутриба портрети» бу туркумдаги тарихий асарларнинг энг мукаммали дейиш мумкин. У бир неча бор халқаро кўргазмаларда, масалан, 1967 йили Монреалдаги Халқаро кўргазмада намойиш этилди. Шарқда шеър ва мусиқа ўзаро уйғун тарзда намоён бўлади. Шу боис шоира қўлида мусиқа асбоби қадимий қашқар рубоби билан тасвирланади. Образ моҳияти фикр, сўз, оҳангнинг туғилиш лаҳзасида, тасвирдаги ранглар ўйинида очиб берилади. Бунинг учун муаллиф образнинг айлана бош кийими, елка ва енг чизиқларининг нафис эгилиши, ёқа ва кўкрак ҳошияларини ҳамоҳанглиги, оёқларини беркитиб турган кўйлак этаги бўйлаб кетган ҳошия, либосдаги ярим доира каштали буклам тугуни тасвирларига маъно юклайди. Рубобнинг ярим доира қорни уларга бир улгу сифатида жўр бўлади. Портретда пушти, яшил, мовий, оқ ранглар ўзаро бирлашиб алоҳида бир лирик ҳолатни ҳосил қилади.

1950 йилларда бўлиб ўтган катта йиғинда Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси, таниқли рассом Виктор Уфимцев гарчи унинг истеъдодини тан олиб, таъкидлаб гапирса-да, мусаввирани ўзбек шоиралари туркум тарихий портретларини гўё ўтмишни идеаллаштираётганликда айблади. Собиқ тузум сиёсатининг бундай ҳамлаларидан рассом чўчимади, дадил ижодини давом эттираберди. У ўз даврида республика билим юртига маҳаллий халқ вакилларини ниҳоятда кам қабул қилишаётганлигидан ранжиб, исён кўтарган, собиқ тузум раҳбарларига норозилик хати йўллаган журъатли, шижоатли аёл эди. Балки, шунинг учунми, улкан истъедод эгаси бўлган шоира номи, ижоди узоқ йиллар бир чеккага суриб қўйилди.

Шамсрўй Ҳасанова шоиралар портрети туркуми билан бир қаторда, ўз замондошлари портретларини ҳам ишлаган.
1950-йиллар бошларида ишланган «Автопортрет» асари алоҳида диққатга сазовор. Муаллиф унда «Автопортрет»да романтик образ яратишга интилади. Асар бир-бирига уйғунлашиб кетган чизиқлар ўйинида яратилган. Портрет композициясида қатъий тартиб ва аниқ мутаносибликка эришилган. Бу образга уйғунлик ва ҳамоҳанглик бахш этган.

022
Шамсрўй Ҳасанова. Автопортрет

Шамсирўй Ҳасанова асарларидаги бундай хусусиятлар кейинги йилларда ижод қилган Ўзбекистоннинг кўпгина рассомлари ижодига бевосита таъсир кўрсатган эди.
Баъзи бир асарларида, хусусан, “Нодира”, “Меҳри”, “Мутриба” асарларида шарқона миниатюралар тамойиллари мумтоз француз рассоми Поль Гоген асарлари анъаналари билан чатишган кўринади. Уларда миниатюранинг нозик жилваси, ёрқин рангдорлиги, қатъий композицион шакли, фактурада тасвирнинг ясси юза талқини сингиб кетган. Миниатюралардаги ишоралар ва ҳолатларнинг шартли талқинидан маҳорат билан фойдаланиб, уларга аниқлик киритади. Шу асосда бетакрорлик, ички ҳаяжон, драматизм намоён бўлади. Портретлар композицияси мато юзасига бўйсундирилган. Рассом учун қиёфаларнинг ҳаракатдаги мутаносиблиги муҳим бўлиб қолади. Қатъий ва аниқ чизиқлар, ранглар оҳанги ички ҳолат ва қиёфалар ҳусусияти рангтасвир қонуниятларидан келиб чиқилган.

Муаллиф қаҳрамонларнинг лирик кечинмаларига алоҳида эътибор қилади. Асарларда катта ранг суртмалари кенг ва текис қилиб ишлов берилган, юқоридан пастга суртма чизгиларда қопланади. Бундай ҳажмни ўзига хос тарзда андозалаш усули бир қадар Гоген рангтасвирини эслатади.
Шамсирўй Ҳасанова яратган шоирлар портретлари шакли, даражаси бир хил эмас, аммо уларнинг барчасида шоирона ҳиссиёт, ҳаяжон, салобат хослиги кўзга ташланади.

Ҳаёт чархпалаги тинмай айланар,
Айланар юлдузлар, замин ва қуёш.
Улардан фақат бир таассурот қолар:
Рассом суратлари, қувончу кўзёш.
Хотирада балқир армон ва умид
Келажакка кўприк аслида улар.
Умримиз йўлини ёритиб турар
Олисдан таралган ёрқин шуълалар.

Унинг ижодини ана шу ёрқин шуълаларга ўхшатиш мумкин. Улар туфайли ўзбек тасвирий санъатида Шарқ маданияти тарихида муҳим ўрин тутган таниқли аёллар образи гавдалантирилди. Замондошлар образлари муҳрланди. Ғарбу Шарқ санъати услубларининг уйғунлиги мустаҳкамланди. Ўрта Осиё миниатюралари ва деворий суратлар, маҳобатли санъат анъаналарини Европа реалистик тасвир санъати анъаналарига вобаста ҳолда рантасвир ечимлари кўзга ташланди.

Мусаввиранинг “Боғбон қиз”, “Скрипкачи қиз”, “Автопортрет”, “Қашқар шоираси “Мутриба”, “Зебуннисо”,”Нодирабегим” каби дурдона асарлари ўзбек тасвирий санъати хазинасидан мустаҳкам жой олди. Мусаввира ўзбек тасвирий санъатида биринчилардан бўлиб, натюрморт жанрига асос солди. Унинг “Копток гул”,”Хитой чинниси”, “Мевалар” каби натюрмортларида акс этган тасвирлар ўзбекона ангъаналар, халқимизнинг кундалик яшаш тарзининг бир улгуси сифатида намоён бўлади. Айниқса, “Натюрморт” асарида оч қизғиш ранглар фонида оппоқ кузги хризентемалар, пиёла, чинни идишлар, кичик аёл ҳайкалчаси, хатдон ва мактуб майин рангларда йўғрилган, уларда зиёли бир аёл қалбининг ички ҳиссий кечинмаларини англаш мумкин.

Шамсрўй Ҳасанова ғоят камтар инсон эди. Музейга келиб турган талабаларга ўз меҳрини берган, ўзбек санъат ва маданияти тарихининг қадимги саҳифалари ҳақида ҳикоя қилишни бурчи деб билган, рантасвирдаги тажрибаларини ўргатишга интилган. Катта орзу ва умидлар билан яшаган. Бу ҳақда кекса педагог рассом Тўхтамурод Содиқов шундай хотирлайди : “Мен Беньков номли республика билим юрти талабаси эдим. Санъат музейида Верешчагиннинг “Кўкнори чекувчилар” картинасидан нусха кўчирар эдим. Ўшанда Шамсрўй опа музей директори. Мен шу ерда уч ойча бўлиб, мунтазам келиб турдим. Опа мени тез-тез ўз хонасига олиб кириб, чой билан сийларди, рассомлик маҳорати ҳақида гапирар, мени ўз тенгидек кўрарди. Опа мендан ўн тўрт ёш катта эди, қарангки, мен институтга кирганимда, у киши шу ёшида учинчи курсда ўқир экан. У кишининг “Ўзбек аёллари” деган картинаси, диплом иши республика рассомлик билим юрти биноси фойесида осиқлик турарди. Ундан кўп мерос қолган. Бундай дейишимга сабаб бор. Бир куни мен билан бирган ишлайдиган Носир Ҳусанов деган одам бир нима иш билан бир маҳаллага бориб қолади. Шунда у бу хонадонда уй чордоғидан ўрам-ўрам қилиб қўйилган асарларни кўриб қолади. Шунда у: “сизларнинг оилангизда рассом борми?”деб сўраганида, уй эгаси Шамсрўй Ҳасанова уларнинг яқин қариндоши бўлганлигини, бу асарлар ундан мерос эканини айтади. Афсуски, мен Носирдан унинг манзилини сўрамаган эдим. Носир ҳам бундан ўн йилча аввал оламдан ўтган”.

Афсуски, бу аёлнинг умри қисқа бўлди. 1956 йил кузида оғир дардга чалиниб, вафот этди. Ундан бир-биридан гўзал рангтасвир асарлари мерос қолди.

Манбаъ: http://persona.uz/

(Tashriflar: umumiy 279, bugungi 1)

Izoh qoldiring