Nosir Fozilov. Abdulla Qahhor hayotidagi mitti hangomalar

qahhor

Абдулла ака баъзан зерикиб, ҳангоматалаб бўлиб қолганида Дўрмондаги чорбоғига ўзига яқин кишиларни таклиф қилардилар. Бунинг оти ҳашар! Аслини олганда таклиф қилинганлар ҳашарга эмас, ошарга чиқар, шу баҳона ҳордиқ чиқариб, ўйнаб, яйраб қайтиб келишарди шаҳарга.

0123
Носир Фозилов
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ҲАЁТИДАГИ МИТТИ ҲАНГОМАЛАР
09

Бир рубоий «тарихи»

Ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғи ташкил қилиниб, энди гуллай бошлаган пайт. Ижод уйининг пештоқида бир рубоий пайдо бўлибди. Бу рубоийнинг ҳар бир сатри битта тарихни билдираркан. Дастлабки уч сатрини кимлар ёзганини билмадим-у, тўртинчисининг муаллифи ким эканини аниқ биламан.

Ёзувчилар боғи бўлганидан кейин бу ерга кўп меҳмонлар келиб туришади. Исмини айтмайман, ўша пайтдаги «литфонд»имиз бошлиғи яхшилаб дастурхон тузаб, меҳмонларни кутибди. Улар ҳадеганда келишавермагач, чидаёлмай ўзи бошлаб қўяқолибди. Ана ўшандан кейин рубоийнинг биринчи сатри пайдо бўлибди:

«Ҳали меҳмон келмай туриб, литфондимиз масту аласт»

Боққа ёшлар ҳам, қарилар ҳам чиқишади. Ўша дам олувчилар орасида раҳматли Ғайратий домла ҳам бор экан. Ўзингиз биласиз, домла тепакал. Навбатдаги сатр у кишининг бошига ишора сифатида ёзилган бўлиб, қуйидагича жаранглабди:

«Ғайратийнинг бошини қилмағай ҳеч ким ҳавас»

Учинчи сатр эса, боғдаги шафтолиларни ўша пайтдаги боғ раҳбарлари гумдон қилганида пайдо бўлибди:

«Ёзувчилар татиб кўрмай шафтолилар бўлди абас»

Охирги байтни Абдулла ака ёзибди. Липко деган бир ўрис шоир бўларди. Ниҳоятда маҳмадона, бунинг устига дудуқ. Бирон мажлис бўлса сўзга чиқмай қўймасди. Гапиргани гапирган эди. Ўша шоир Дўрмонда овқатланиб ўтириб ҳам гапираверар экан. Абдулла ака овқатимга тупуги сачраб кетмасин, деб косасидаги овқатни тескари ўгирилиб ўтириб ичаркан. Бу байтни азбаройи жонига тегиб кетганидан ёзибди:

«Булбулигўё керакмас, бизга Липко бўлса бас!»

Шундай қилиб, қуйидаги рубоий пайдо бўлган экан:

Ҳали меҳмон келмай туриб, литфондимиз масту аласт,
Ғайратийнинг бошини қилмағай ҳеч ким ҳавас.
Ёзувчилар татиб кўрмай шафтолилар бўлди абас,
Булбулигўё керакмас, бизга Липко бўлса бас!

Чумчуқ ови

Абдулла ака қўлида ҳаво босими билан отиладиган ихчам милтиқ, боғида эрмак учун энди шира кира бошлаган узум ғужумларини чўқилаётган чумчуқларни отиб юрарди. Бир тўда ёшлар ёзувчилар боғидаги чинор тагида ҳангомалашиб ўтирардик. Бир маҳал шоир Мавлон Икром Абдулла аканинг ов қилиб юрганини кўриб, у кишининг олдиларига келди. Салом бергани биз ҳам қўзғалдик. Мавлон ака Абдулла акага салом берди-ю:
— Ие, оқсоқол, теккизолмаяпсиз-ку, — деди. Сўнг кўзойнагини яхшилаб артиб, кўзига тақди. — Менга беринг, бир отганда тушираман.

Абдулла ака Мавлон аканинг шаштини кўриб, мийиғида илжайди.
— Мана, шоир. Қани, туширинг-чи.
Мавлон ака битта чумчуқни узоқ нишонга олиб, «пақ» этказиб отди. Чумчуқ учиб кетди. Мавлон ака «и» деди. Кўзойнагини қайтадан артиб, тағин мўлжалга олди. Яна теккиза олмади. Тағин «и» деди. Учинчи ҳаракатдан сўнг ҳам чумчуқ «пир-р» этиб учиб кетди.

Абдулла ака мийиғида кулиб:
— Қани, шоир, милтиқни бу ёққа олинг, — деди ғалати қараш қилиб. — Мана шунисига тегди.
Бизлар Мавлон аканинг барча ҳаракатини кузатиб турган эдик.
— Э, теккани йўқ, — деб чувиллашдик. — Тегса, йиқилиб тушмасмиди?

Абдулла ака ўзининг аввалги гапига изоҳ берди:
— Айтдим-ку, кейингисига тегди деб. Йиқилгани юмшоқ жой қидириб кетди!
Абдулла ака бу гапни Мавлон акани хижолатпазликдан қутқариш учун айтганини билиб турсак ҳам кулдик. Устознинг ўзлари ҳам оғизларини очмай, қоринларини силкитиб кулдилар.

«Ёмғирда хотин туғмайди»

Абдулла ака баъзан зерикиб, ҳангоматалаб бўлиб қолганида Дўрмондаги чорбоғига ўзига яқин кишиларни таклиф қилардилар. Бунинг оти ҳашар! Аслини олганда таклиф қилинганлар ҳашарга эмас, ошарга чиқар, шу баҳона ҳордиқ чиқариб, ўйнаб, яйраб қайтиб келишарди шаҳарга.

Ана шундай чақириқларнинг бири. Боғда Ҳайдарали ака, Ваҳоб акалар ҳам бор. Аллақачон майхўрлик бошланган. Майхўрлик деяётганимиз бу — Абдулла аканинг қўлбола мусалласи. Чорбоғ ертўласидаги ёғоч бўчкадан олиб чиқиб қуйяпти, ичишяпти. Ўзиям бир писмиқ мусаллас экан, гўё ҳеч нарса бўлмагандай туюлади-ю, етмиш икки томирингни бўшаштириб, қўзғатмай қўя қоларкан.

Ташқарида эса боягина бошланган ёмғир зўрайса зўрайган эдики, асло пасаймаган, унинг шатир-шутури хона ичида ҳам эшитилиб турар эди.
Бир маҳал бўсағада ивирсиб юрган Ҳайдарали акага Абдулла аканинг кўзи тушиб қолди. У ҳамон туфлисини киёлмасди.
— Ҳа, шоир, нима ҳаракат?

Ҳайдарали ака қараса, тепасида Абдулла ака турибди. У кишининг ҳам кўзлари сузилган. Бир туфлисини ялангоёқ кийган, иккинчиси қўлида. Ҳайдарали ака деворга суяниб, қаддини ростлади.
— Келинингиз оғироёқ эди… — деди Ҳайдарали ака хижолатомуз. — Шунга… кетмасам бўлмайди, Абдулла ака.

Қараса бўлмайдиган. Ёмғир эса ҳеч пасаядиган эмасди. Шу аҳволда, шу ёмғирда уни кўчага чиқариб бўларканми?
— Қўйсангиз-чи, шоир, — деди Абдулла ака уни мантиқ кучи билан ишонтиришга ҳаракат қилиб. — Шу ёмғирда ҳам хотин туғадими?

Ҳайдарали ака сал бўшашди.
— Туғмайдими?!
— Туғмайди, — деди ишонч билан Абдулла ака.
— Майли ундоқ бўлса… — деб Ҳайдарали ака ярим соат овора бўлиб, зўрға кийган туфлисини еча бошлади.

«Чин нимамдан раҳмат!»

Биринчи май кўчасидаги Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги залида Қуддус Муҳаммадийнинг эллик йиллик таваллуд тўйи ўтаётган эди. Тўйни Абдулла ака қизиқ-қизиқ гаплар билан олиб борарди. «Қуддус Муҳаммадийнинг соқоли йўқ, деб ўйламанглар. Бунинг соқоли ичкарига қараб ўсади», деган гапни ўша тўйда Абдулла ака айтганди. Тўй жуда маромида, хушчақчақ ўтди. Ҳамма бисотида бор яхши гапларни айтди.

Тантана охирида Абдулла ака сўзни юбилярнинг ўзига берди. Қуддус ака аста минбарга кўтарилиб, бирпас ҳаяжонга эрк бериб турди-да:
— Ўртоқлар, — деди залдагиларга мурожаат қилиб. — Менинг нимамни… нима қилганларинг учун… чин нимамдан раҳмат!

Биров куляпти, биров «ана холос» деб ҳайрон. Шунда Абдулла ака ўрнидан туриб:
— Ана, энди бу ёғини ўзларинг тушуниб оларсизлар, — деди кулиб. — Шу билан юбилей кечамиз тугади. Ҳаммаларингга раҳмат!

«Ғазал тилида сўкиб бўлмайди»

Аксари пайтларда Абдулла ака Кибриё опа билан тожикчалаб гаплашар, назаримда бу муомалалари ўзларига ярашиб ҳам турар эди. Бир куни борсам, опа билан устоз худди тарновга қўнган мусичалардай бир-бирларининг пинжига кириб олишиб, форс тилида ёзилган қандайдир китобчани мутолаа қилиб ўтиришган экан: Кибриё опа қироатини жойига қўйиб ўқияпти, Абдулла ака аҳён-аҳёнда бир жуфтгина гап қўшиб (албатта, тожикчалаб), тинглаб ўтирар эди.

Мен ҳеч балога тушунмасам ҳам индамай тинглаб ўтирардим. Кибриё опа навбатдаги байтни ўқиб бўлиб, уни ҳижжалаб тушунтира бошларди. Опанинг бу услуби устозга малол келди шекилли, бирдан ўзбекчалаб юборди:
— Бўлди, бўлди. Мунчаям оғзимизга чайнаб солмасангиз.
— Носирвой ҳам тушунсин деяпман-да, — деб опа ўзини оқлаган бўлди.

Орага мен ҳам қўшилганимдан кейин устозни чалғитиш учун:
— Абдулла ака, — дедим жиндай ийманиб, — нега опа билан гаплашганингизда тожикчалаб гапирасиз-у, уришгингиз келса, бирдан ўзбекчалаб юборасиз?

Абдулла аканинг чаккаларидаги кулгичлари ўйнай бошлади.
— Чунки хотин кишини ғазал тилида сўкиб бўлмайди, — дедилар менга қувлик билан кўзларини қисиб. — Киройи сўкинганингдан кейин ўзбекчалаб сўкканга нима етсин!

abdulla qahhor

 

Matn «Ma’rifat gulshani» gazetasidan olindi

 

(Tashriflar: umumiy 196, bugungi 1)

1 izoh

  1. Носир Фозилов хотирасига бағишлов
    Шум хабарни эшитиб, тоғ қулади бошимга,
    Осмон узилиб тушди титраб турган дошимга.
    Фалак ёмғирлар тўкди кўзимдаги ёшимга,
    Ажал ёғдусин қуйди тотиб турган ошимга.
    Насрий чаман булбули боқийликка қайрилди,
    Туркистоним энг баланд чиноридан айрилди.
    “Устозлар даврасида” ўприлиб қолди ўрнинг,
    “Оқсой”, “Саратон” қолди, излашиб давра тўрин.
    “Қорхат” эзилиб йиғлар эгасин топмай беун,
    “Бир отар тўппонча”дан чиқди мисоли қуюн.
    Оҳ, башафқат даҳри дун, ғамни ғамга улади,
    Адабиёт қасрининг бир устуни қулади.
    Сени сўрар Собиту, Ғабит, Мухтар, Абай ҳам,
    Абдулла, Абдужамил руҳинг асраб кўзда нам.
    Катта бобо Ғурбатий ижодин кўриб баҳам,
    Кеттинг, қайтмас йул томон, дилга солиб кўп алам.
    Ўзбегу қазоқ эли бир-бир боқти қайрилиб,
    Гўё кетгандай бўлди, метин кўприк айрилиб.
    Сени эътироф этган мукофотлар қолди жим,
    “Эл-юрт ҳурмати” ордени кўксинг қўмсаб олди тин,
    Қозоғистон “Алаш”и “Арғумоқ”қа суяниб,
    Ортингдан ҳун эргашди пора қилганча дилин.
    Қуръон тиловат қилди Хайриддин, Меҳмон, Раҳим,
    Тилакларин Илоҳо, Қабул қилсин Оллоҳим.
    Тупроғинг юмшоқ парқу, тупроққўрғон кенг бўлсинг,
    Иймон йўлдошинг бўлиб, бўйинг билан тенг бўлсин.
    Қилган савоб ишингдан қабринг нурларга тўлсин,
    Ҳур қизлар хизматингда, жойинг жаннатда бўлсин.
    Хўшлашмай кетган отам сўнг манзилга қайрилди,
    Шогирд Носир отадай устозидан айрилди.

    Соатой Камол қизи.
    Қазағистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
    Вилоят мақомидаги “Чашма” ижодий уюшма,
    “Ижодкор” адабий бирлашма номидан.

Izoh qoldiring