Omon Muxtor. Mening tutingan akam.

0252

    Асқад ака, иккимизнинг боболаримиз номи бор эканлигидан, менга “адаш” (отдош) деб мурожаат қилар эди. Унинг ижодига хос фалсафага мойиллик менга яқин. Ҳатто кутилмаган янги шакллар топишга уриниш ҳам Асқад акадан “ўтган” бўлиши мумкин (ёки қонимизда бор табиий ҳолатдир). У бир вақтлар муҳаррир бўлган “Шарқ юлдузи” журналида бу кун менинг ишлаётганим. Яна тақдир тақозоси, унинг оиласи ва менинг оилам исми-шарифи бир хил (Розия бону) келганлиги. Бунинг бари тасодифми ёки ақлимиз етавермайдиган қонуниятми, ҳар қалай, икки орада қандайдир яқинлик бор эди.

Омон Мухтор
МЕНИНГ ТУТИНГАН АКАМ
09

Гапни сал наридан бошлай.
Менга ака буюрмаган.
Тўғри, оиламизда олдинроқ Зуҳур деган бола туғилган. Лекин у икки-уч ёшида дарвоза олдида ўйнаб юриб, рўпарадаги Хўжа Зайниддин ҳовузига тушиб кетган. Опа-сингиллар, укаларим бор. Акам йўқ.
Худо бунинг эвазига бир неча тутинган акалар берди.
Бухорода, урушдан кейинги оғир даврда Аминжон деган дурадгор мени шогирдликка олган, иш ўргатиш билан бирга, яшашга ҳам ўргатган эди.
Газета босмахонаси директори Ҳикмат ака ҳайратли киши; доим югуриб юрарди. Юз-кўзида кимга қандай яхшилик қилсам экан, деган маъно акс этарди. У мени, муштдек болани ўзига тенг кўриб муомала қиларди.
Жондорлик фамилиядошларим уруш кунларидаги саргардонликда укалаприни йўқотиб қўйишган. Улар мени “топиб”, укамиз деб шу қадар меҳр кўрсатишдики!
Шундай акаларимдан бири – Асқад ака эди.

* * *

Асқад акадан бевосита эшитган айрим гапларни эслайман:
“Баъзан бировни ёзишга ҳам ўргатиш мумкин. Аммо катта авлоддан кейинги авлод ёзувчилар кўпроқ инсоний тарбияни олишлари керак”.
“Чехов олти йилдан кейин асаримни бироқ ўқирмикан, деган эди. Бизнинг бир адибимиз юз йил ҳақида гапиряпти! Тириклигингда китобингни ўқишганига шукр қилмайсанми?!”
“Мопассанинг бир ҳикояси бор. Қизни ёқтириб юрган йигит тасодифан унинг пойафзали ифлослигини кўриб, кўнгли совийди. Одамнинг таъби нозик. Адабиётда ўқувчи ўша йигитнинг ҳолига тушмагани дуруст”.
“Ақлли гап айтган ҳар ким Афлотун бўлавермайди”.

* * *

Бундан қирқ йилча бурун Олой бозори ёнламасидаги кўчада, икки қаватли бинода Ёзувчилар ташкилоти жойлашган эди. Биринчи қават узун йўлак, қироатхона. Тўрда “Шарқ юлдузи” журнали муҳарририяти. Иккинчи қават қисқароқ йўлак, бир неча хона. Бу ерда котиблар, маслаҳатчилар. Бино ҳовлиси дарахтзор; бир томонла шифохона, иккинчи томонда тамаддихона бўлар эди. Ўшанда шахсга сиғиниш тугатилиб, янги бир эркинлик шамоли эсган, катта-кичик барча ижодкорларга қанот берган эди. биз ёшлар гоҳ бино эшиги, гоҳ йўлакда, гоҳ ўзимиз кириб қолган хонада, гоҳо шифохона олдида ёки тамаддихонада оқсоқолларга дуч келар, уларни нафас ютиб, ҳайрат билан кузатар эдик. Уларнинг оддий бир хатти-ҳаракати бизга улуғвор ва мўъжизакор бўлиб туюлар эди.
Мен дастлаб шу ерда Яшин домла, Уйғун домла, яқинда озодликка чиққан Шуҳрат ака, бир пайтлар “Юрак сирлари” драмаси билан номи тилга тушган, маълум муддат ташкилотда раҳбар ҳам бўлган, кейин ноҳақ унутилиб кетган Баҳром Раҳмоновларни учратганман. Асқад акани ҳам илк бора шу ерда кўрган эдим… Асқад ака кичик жуссали, сочи бир ёнга таралган, илк қарашда спортчими, оддий ишчиними эслатган кўримсизгина киши эди. (Менинг назаримда, йиллар ўтиб, у чинакам зиёлига, улуғвор кўркам инсонга айланиб борди). Ўша пайтда Асқад ака роппа-роса қирқ ёшда эди. Лекин ҳозирги авлод ижодкорлар тасаввур қилиши қийин, бу пайтда “Опа-сингиллар” романи, шеър ва достонлардан тузилган “Танланган асарлар”и билан у жуда машҳур, шогирдлари, мухлислари кўп эди. Мен ҳам унинг сиртдан бир шогирди ва мухлиси эдим. (Биринчи шеърлар ва биринчи ҳикоялар китобларимда Асқад Мухтор ижодига мурожаат қилганим бундан далолат беради).

* * *

Албатта, Ғафур Ғулом, Ойбеклар сингари Асқад акалар авлоди ҳам биз учун устоз эди. Ва бизнинг авлод – Машраб Бобоев, Рауф Парфидан Асқар Қосимгача доим Асқад акага шогирд, мухлис саналиб қолаверган. Кимдир унга нисбатан яқин, тенг муносабатни даъво қилса, ёлғон бўлади. Асқад ака ўзини ўз даражасига муносиб тутар, ҳар кимни “яқинлаштиравермас” ҳам эди! Аммо мана, энди қирқ йилдан кейин ўйлайман. Бундай насиба ҳаётда кам учрайди.
Асқад ака, иккимизнинг боболаримиз номи бор эканлигидан, менга “адаш” (отдош) деб мурожаат қилар эди. Унинг ижодига хос фалсафага мойиллик менга яқин. Ҳатто кутилмаган янги шакллар топишга уриниш ҳам Асқад акадан “ўтган” бўлиши мумкин (ёки қонимизда бор табиий ҳолатдир). У бир вақтлар муҳаррир бўлган “Шарқ юлдузи” журналида бу кун менинг ишлаётганим. Яна тақдир тақозоси, унинг оиласи ва менинг оилам исми-шарифи бир хил (Розия бону) келганлиги. Бунинг бари тасодифми ёки ақлимиз етавермайдиган қонуниятми, ҳар қалай, икки орада қандайдир яқинлик бор эди.
Асқад ака барча укалари, шогирдлари қатори менга меҳрибонлик кўрсатарди. Адабиёт газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларида муҳаррир бўлган пайтда одати: сендан нимадир ёзишни сўрар, баъзан сени қистар, арзимаган бир нарсанг босилганида, албатта, миннатдорлик билдирар эди. Мен буни шахсан кузатганман. Ёзувчилар ташкилотида котиблик қилган йиллари, юзлаб қўлёзмаларни хайрихоҳлик билан, эринмай ўқир эди. Мен бунга ҳам гувоҳ бўлганман. Асқад ака умуман, билимли, маданиятли, юзингга тўғри, очиқ сўзлайдиган, ҳаммага эзгулик истайдиган олийжаноб инсон эди.
Умри охирлаб қолган паллада унинг “Дол қоя” достони ва туркум ғаройиб ҳикоялари “Шарқ юлдузи”да босилган эди. шу даврда (қаттиқ хасталаниб ётиб қолишидан олдин) муҳарририятга гоҳо кирар, анча суҳбатлашиб ҳам ўтирар эди… Ҳар бир ижодкорда бўлганидек, унинг ёзганларини бир ўлчовга солиш қийин. Менга негадир Асқад ака назмда англаганларини насрда доим ҳам англайвермагандек туюлади. Баъзи бир асарларида ўзи яшаган замонни улуғлашга интилиш кучли. Асарни “атай қуриш” ҳам сезилади. Банда экан-да!

* * *

Асқад акага боғлиқ яна икки воқеани эслайман.
Радиодан қўнғироқ қилишди. “Бухоронинг жин кўчалари” асарини ўқиб-ўқимаганимни сўрашди. Эшиттириш тайёрлаяпмиз, қатнашсангиз, дейишди.
Бордим. Қарасам, икки устод – Асқад ака билан Озд Шарафиддинов туришибди. Мен уларга қатнашишини кутмаганимдан, сал қисиндим. Билсам, Асқад аканинг ўзи мени таклиф қилган экан. Ёзувчиликдан ташқари, бухоролик сифатида укамиз фойдали бир гап айтар, деган экан. (Камтарлик, кўнгли покликни қаранг!)
Эшиттиришни тажрибали Озод ака Асқад ака билан суҳбат-баҳс тариқасида олиб борди. Орада мен ҳам нималардир дедим. Биз қиссани мақтаб Асқад акани улуғлаганимиз йўқ. Асосан, янги асарни таҳлил қилишга уриндик. Аммо эшиттириш тугаганида, Асқад ака шу қадар суюнган, мамнун эдики! (Чунки унинг учун қуруқ гапдан амалий иш муҳимроқ эди. Одатда, гапнинг нима ҳожати бор, асар ёзиш керак, дер ҳам эди).
Иккинчи воқеа. Ёзувчилар яшаган уйда турли муносабатлар билан оилавий даврада тўпланган пайтларимиз бўларди. Бир гал фамилиядошликнинг ўз мураккаблиги ҳам учраб туриши ҳақида гап чиқди. Ўшанда газета-журналлардаги ҳисобчилар баъзан Асқад ака билан мени адаштириб, биримизга тегишли қалам ҳақини бошқамизга юбораверишар эди. Даврада Асқад ака кулиб шундай деди:
— Мени Омондан кўра кўпроқ билишади. Мабодо унинг ҳақи менга ўтиб кетган бўлса, бу чакки! Лекин менга тегишлиги адашиб Омонга ўтган бўлса, мен рози, ўз укам!

* * *

Тутинган акалар олдида мен укалик бурчини бажара олдимми, айтолмайман. Эҳтимол, бу қарз, Асқад ака айтмоқчи, ҳар кимдан кейингиларга ўтиб кетаверса керак…

045

Omon Muxtor
MENING TUTINGAN AKAM
09

Gapni sal naridan boshlay.
Menga aka buyurmagan.
To’g’ri, oilamizda oldinroq Zuhur degan bola tug’ilgan. Lekin u ikki-uch yoshida darvoza oldida o’ynab yurib, ro’paradagi Xo’ja Zayniddin hovuziga tushib ketgan. Opa-singillar, ukalarim bor. Akam yo’q.
Xudo buning evaziga bir necha tutingan akalar berdi.
Buxoroda, urushdan keyingi og’ir davrda Aminjon degan duradgor meni shogirdlikka olgan, ish o’rgatish bilan birga, yashashga ham o’rgatgan edi.
Gazeta bosmaxonasi direktori Hikmat aka hayratli kishi; doim yugurib yurardi. Yuz-ko’zida kimga qanday yaxshilik qilsam ekan, degan ma’no aks etardi. U meni, mushtdek bolani o’ziga teng ko’rib muomala qilardi.
Jondorlik familiyadoshlarim urush kunlaridagi sargardonlikda ukalaprini yo’qotib qo’yishgan. Ular meni “topib”, ukamiz deb shu qadar mehr ko’rsatishdiki!
Shunday akalarimdan biri – Asqad aka edi.

* * *

Asqad akadan bevosita eshitgan ayrim gaplarni eslayman:
“Ba’zan birovni yozishga ham o’rgatish mumkin. Ammo katta avloddan keyingi avlod yozuvchilar ko’proq insoniy tarbiyani olishlari kerak”.
“Chexov olti yildan keyin asarimni biroq o’qirmikan, degan edi. Bizning bir adibimiz yuz yil haqida gapiryapti! Tirikligingda kitobingni o’qishganiga shukr qilmaysanmi?!”
“Mopassaning bir hikoyasi bor. Qizni yoqtirib yurgan yigit tasodifan uning poyafzali iflosligini ko’rib, ko’ngli soviydi. Odamning ta’bi nozik. Adabiyotda o’quvchi o’sha yigitning holiga tushmagani durust”.
“Aqlli gap aytgan har kim Aflotun bo’lavermaydi”.

* * *

Bundan qirq yilcha burun Oloy bozori yonlamasidagi ko’chada, ikki qavatli binoda Yozuvchilar tashkiloti joylashgan edi. Birinchi qavat uzun yo’lak, qiroatxona. To’rda “Sharq yulduzi” jurnali muharririyati. Ikkinchi qavat qisqaroq yo’lak, bir necha xona. Bu yerda kotiblar, maslahatchilar. Bino hovlisi daraxtzor; bir tomonla shifoxona, ikkinchi tomonda tamaddixona bo’lar edi. O’shanda shaxsga sig’inish tugatilib, yangi bir erkinlik shamoli esgan, katta-kichik barcha ijodkorlarga qanot bergan edi. biz yoshlar goh bino eshigi, goh yo’lakda, goh o’zimiz kirib qolgan xonada, goho shifoxona oldida yoki tamaddixonada oqsoqollarga duch kelar, ularni nafas yutib, hayrat bilan kuzatar edik. Ularning oddiy bir xatti-harakati bizga ulug’vor va mo»jizakor bo’lib tuyular edi.
Men dastlab shu yerda Yashin domla, Uyg’un domla, yaqinda ozodlikka chiqqan Shuhrat aka, bir paytlar “Yurak sirlari” dramasi bilan nomi tilga tushgan, ma’lum muddat tashkilotda rahbar ham bo’lgan, keyin nohaq unutilib ketgan Bahrom Rahmonovlarni uchratganman. Asqad akani ham ilk bora shu yerda ko’rgan edim… Asqad aka kichik jussali, sochi bir yonga taralgan, ilk qarashda sportchimi, oddiy ishchinimi eslatgan ko’rimsizgina kishi edi. (Mening nazarimda, yillar o’tib, u chinakam ziyoliga, ulug’vor ko’rkam insonga aylanib bordi). O’sha paytda Asqad aka roppa-rosa qirq yoshda edi. Lekin hozirgi avlod ijodkorlar tasavvur qilishi qiyin, bu paytda “Opa-singillar” romani, she’r va dostonlardan tuzilgan “Tanlangan asarlar”i bilan u juda mashhur, shogirdlari, muxlislari ko’p edi. Men ham uning sirtdan bir shogirdi va muxlisi edim. (Birinchi she’rlar va birinchi hikoyalar kitoblarimda Asqad Muxtor ijodiga murojaat qilganim bundan dalolat beradi).

* * *

Albatta, G’afur G’ulom, Oybeklar singari Asqad akalar avlodi ham biz uchun ustoz edi. Va bizning avlod – Mashrab Boboev, Rauf Parfidan Asqar Qosimgacha doim Asqad akaga shogird, muxlis sanalib qolavergan. Kimdir unga nisbatan yaqin, teng munosabatni da’vo qilsa, yolg’on bo’ladi. Asqad aka o’zini o’z darajasiga munosib tutar, har kimni “yaqinlashtiravermas” ham edi! Ammo mana, endi qirq yildan keyin o’ylayman. Bunday nasiba hayotda kam uchraydi.
Asqad aka, ikkimizning bobolarimiz nomi bor ekanligidan, menga “adash” (otdosh) deb murojaat qilar edi. Uning ijodiga xos falsafaga moyillik menga yaqin. Hatto kutilmagan yangi shakllar topishga urinish ham Asqad akadan “o’tgan” bo’lishi mumkin (yoki qonimizda bor tabiiy holatdir). U bir vaqtlar muharrir bo’lgan “Sharq yulduzi” jurnalida bu kun mening ishlayotganim. Yana taqdir taqozosi, uning oilasi va mening oilam ismi-sharifi bir xil (Roziya bonu) kelganligi. Buning bari tasodifmi yoki aqlimiz yetavermaydigan qonuniyatmi, har qalay, ikki orada qandaydir yaqinlik bor edi.
Asqad aka barcha ukalari, shogirdlari qatori menga mehribonlik ko’rsatardi. Adabiyot gazetasi, “Sharq yulduzi”, “Guliston” jurnallarida muharrir bo’lgan paytda odati: sendan nimadir yozishni so’rar, ba’zan seni qistar, arzimagan bir narsang bosilganida, albatta, minnatdorlik bildirar edi. Men buni shaxsan kuzatganman. Yozuvchilar tashkilotida kotiblik qilgan yillari, yuzlab qo’lyozmalarni xayrixohlik bilan, erinmay o’qir edi. Men bunga ham guvoh bo’lganman. Asqad aka umuman, bilimli, madaniyatli, yuzingga to’g’ri, ochiq so’zlaydigan, hammaga ezgulik istaydigan oliyjanob inson edi.
Umri oxirlab qolgan pallada uning “Dol qoya” dostoni va turkum g’aroyib hikoyalari “Sharq yulduzi”da bosilgan edi. shu davrda (qattiq xastalanib yotib qolishidan oldin) muharririyatga goho kirar, ancha suhbatlashib ham o’tirar edi… Har bir ijodkorda bo’lganidek, uning yozganlarini bir o’lchovga solish qiyin. Menga negadir Asqad aka nazmda anglaganlarini nasrda doim ham anglayvermagandek tuyuladi. Ba’zi bir asarlarida o’zi yashagan zamonni ulug’lashga intilish kuchli. Asarni “atay qurish” ham seziladi. Banda ekan-da!

* * *

Asqad akaga bog’liq yana ikki voqeani eslayman.
Radiodan qo’ng’iroq qilishdi. “Buxoroning jin ko’chalari” asarini o’qib-o’qimaganimni so’rashdi. Eshittirish tayyorlayapmiz, qatnashsangiz, deyishdi.
Bordim. Qarasam, ikki ustod – Asqad aka bilan Ozd Sharafiddinov turishibdi. Men ularga qatnashishini kutmaganimdan, sal qisindim. Bilsam, Asqad akaning o’zi meni taklif qilgan ekan. Yozuvchilikdan tashqari, buxorolik sifatida ukamiz foydali bir gap aytar, degan ekan. (Kamtarlik, ko’ngli poklikni qarang!)
Eshittirishni tajribali Ozod aka Asqad aka bilan suhbat-bahs tariqasida olib bordi. Orada men ham nimalardir dedim. Biz qissani maqtab Asqad akani ulug’laganimiz yo’q. Asosan, yangi asarni tahlil qilishga urindik. Ammo eshittirish tugaganida, Asqad aka shu qadar suyungan, mamnun ediki! (Chunki uning uchun quruq gapdan amaliy ish muhimroq edi. Odatda, gapning nima hojati bor, asar yozish kerak, der ham edi).
Ikkinchi voqea. Yozuvchilar yashagan uyda turli munosabatlar bilan oilaviy davrada to’plangan paytlarimiz bo’lardi. Bir gal familiyadoshlikning o’z murakkabligi ham uchrab turishi haqida gap chiqdi. O’shanda gazeta-jurnallardagi hisobchilar ba’zan Asqad aka bilan meni adashtirib, birimizga tegishli qalam haqini boshqamizga yuboraverishar edi. Davrada Asqad aka kulib shunday dedi:
— Meni Omondan ko’ra ko’proq bilishadi. Mabodo uning haqi menga o’tib ketgan bo’lsa, bu chakki! Lekin menga tegishligi adashib Omonga o’tgan bo’lsa, men rozi, o’z ukam!

* * *

Tutingan akalar oldida men ukalik burchini bajara oldimmi, aytolmayman. Ehtimol, bu qarz, Asqad aka aytmoqchi, har kimdan keyingilarga o’tib ketaversa kerak…

045

(Tashriflar: umumiy 108, bugungi 1)

Izoh qoldiring