Omon Muxtor. Uzun yo’lakdagi ikki kishi.

033   Шу куни Саида опа негадир ўзининг ёшлиги, адабиётга илк қадам қўйган йиллари ҳақида гапирди. Ойбек домлани эслади. Улуғ адиб ўқувчилар билан бир учрашувдан сўнг, кеч пайти қиз бола йигитлар орасида турмасин, деб машина кабинасидаги ўз жойини унга бўшатиб берганини ҳикоя қилди. Саид Аҳмад ака гапга бирон марта ҳам аралашмади…

Омон Мухтор
УЗУН ЙЎЛАКДАГИ ИККИ КИШИ
054

Бу воқеага энди кўп йил бўлди.
Узун йўлакнинг этак томонидан икки киши паст товушда сўзлашганча келаётган эди.

Хонадан чиқдиму, уларни кўриб, терга ботдим… Аслида, мен биров учун хижолат чекмоқда эдим.

Ажойиб шоира Саида опанинг янги бир достони радиода берилиши дастурда эълон қилинган, лекин берилмай қолган эди.

Адабиёт бўлимида ишлардим. Кеча кутилмаганда бошлиқ чақиртириб:
— Буни ўқиёлмадим. Кейин берилар, — деди.

У ёмон одам эмасди. Обрўли арбоб ҳам эди. аммо ўта эҳтиёткор. Ва муҳими, бировнинг ҳолини ҳис этмай, бизни қийнар эди.

Мен ёш, қайсар эдим. Талашиб-тортишардим. Бир гал кимнингдир асарини бўяш учун бошлиқ қўлига қизил қалам олганида:
— Қўйинг қаламни! – деб унга қаттиқ гапирган ҳам эдим.

Одатдагидек бўш келмай:
— Кўпчилик ўқиган. Яхши асар. Вақтида кетиши керак, — дедим.

— Кейин…кейин! – деди бошлиқ.
— Бўлмаса, — дедим кескин, — Саида опа билан Саид Аҳмадга ўзингиз жавобини айтасиз.

Мана, бугун улар иккиси ғамгин ва паришон ҳолатда йўлакда судралиб келмоқда эди.
Ўшанда узоқ йиллар давом этган қама-қама, тазйиқ, эрксизлик даври ўтиб, илк қарашда эркинлик ҳукм сура бошлаган эди. Бироқ қора кунлар асорати ҳаётнинг устига соя ташлаб турарди. Қайсидио ёзувчининг асарини “тўхтатиш”, номини рўйхатдан ўчириш оддий ҳол эди. бундай пайтда яна орқага қараб сурунгандек туюлиб, хаёли қочган ёзувчи тоқатсизланар, ҳатто унинг кўнглига баёнсиз ваҳм-қўрқув тушар эди.

Саид Аҳмад ака хонадони мени ҳикоя қилаётган кунга қадар етарлича зулм кўрган эди. Кейин ҳам…

Улар бошида кўп калтак синган эди. Айниқса, Саида опа!

Умуман, бу гўзал инсон, гўзал адибанинг қисқа ҳаёти асосан, азоб-уқубат билан кечган эди. Халқ ичида шон-шуҳрат қозонганига қарамай, у тириклигида кам эътибор топган эди. Ва ўкиниб айтаманки, ҳамон ўз даражасига муносиб эътибор топгани йўқ.

Одатда, севишганларга қараб, улар бир-бирини севади, дейиш ортиқча. Бу уларнинг юриш-туриши, ранги-рўйида акс этади! Саид Аҳмад ака ва Саида опага ҳаётда кам учрайдиган муҳаббат буюрган эди… Мен аввалдан ҳикояни “Саид ва Саида” деб атаб, ишқ достонлари руҳида ёзмоқчи эдим-ку, ўзим ҳам ижодкор эканлигимдан, менга “ака”, “опа” сўзларини ишлатмаслик одобсизлик бўлиб кўринди. Бунинг устига, воқеанинг равиши бироз бошқача эди… Қандай бўлмасин, улар хонадонини муҳаббат ва садоқат тутиб турар эди!

Мен уларнинг оддий бир ҳолатларда севиниб, ўзларини бахтли ҳис этишганини кузатганман.

Саида опанинг “Сўқмоқлар” асари аёвсиз “дўппослангани”дан озгина вақт ўтган эди, дорилфунунда учрашувга чақирганмиз. Қизиқ жойи, мана, шу талабалар билан учрашувнинг ўзи бўлаётгани-ю, бу ерга бирга келишганидан улар мамнундек эди. Мен Саида опанинг ирода кучига қойил қолганман. Ўша куни у ўзини оқлаш, бировлар билан баҳсга киришишни эп кўрмадими, фақат ўз ижоди, адабиёт ҳақида гапирди. “Ёзувчи торга ўхшайди. Ҳаёт қандай чертса шундай янграйди. У ҳис этгани, ўйлаганини ёзади” қабилида осойишта сўзланди, холос. Саид Аҳмад ака эса ҳатто саҳнада гоҳ-гоҳ гапга аралашиб, ҳазилкашлик қилиб ўтирарди. Саида опа:

— “Сўқмоқлар”дан кейин… – дейиши билан, у:
— Тўқмоқлардан кейин…

Қайсидир йили яна Саид Аҳмад ака ўзим ош қилиб бераман, деб бир неча ёш ижодкор (бухоролик адиблар)ни уйига чақирган эди. У бахзан шундай, ёшлар билан суҳбатлашиб, ҳар кимнинг даражасини англаб боришга уринади.

Дастурхон йиғилгач, дўстларим Неъмат Амин, Жамол Камол (балки Ғулом Шомурод ҳам?) бирин-кетин ишлари борлигини айтиб ўринларидан туришди. Мен ҳам турдим.
— Сенинг ҳам ишинг борми?! – деб сўради Саид Аҳмад ака.

Аниқ ишим йўқ эди. Суҳбатни давом эттиргани қолдим.

Бироқ тажрибали адибдан энди нималарнидир сўрамоқчи эдим, ошхонада куйманаётган Саида опа хонага кириб келди. У чойни янгилаб, бўш курсига ўрнашди… Шу куни Саида опа негадир ўзининг ёшлиги, адабиётга илк қадам қўйган йиллари ҳақида гапирди. Ойбек домлани эслади. Улуғ адиб ўқувчилар билан бир учрашувдан сўнг, кеч пайти қиз бола йигитлар орасида турмасин, деб машина кабинасидаги ўз жойини унга бўшатиб берганини ҳикоя қилди. Саид Аҳмад ака гапга бирон марта ҳам аралашмади. У ўйчан, беозор жилмайиб, эҳтимолки, ўзига яхши таниш ҳикояни нечанчи бора диққат билан эшитмоқда эди. Мен уларга разм солиб, бутун йўлиққан бахтсизликларга қарамай, улар барибир, бахтли инсонлар, деб ўйлаганман.

Ўша куни ва кейинчалик учратганларимда Саида опадан бир умрга унутилмас сабоқ олганман. У ўзини содда, камтар тутар эди. Тасаввур қилинг. Саида опа эски Ёзувчилар уюшмаси биносининг иккинчи қаватида бир курсида ўтирибди. Нимадир иш билан келган. Пастки қаватдан кимдир кўтарилса, ёши катта адибми, мендек бошловчими, у ҳар гал саломлашгани ўрнидан туради… Саила опа ёзувчининг ижодига нисбатан ҳам одамий хислатлари, инсоний қиёфасини юксак тутар эди. Биринчи ўринга қўяр эди! Унинг қони-жонида доим ҳақиқат, адолат туйғуси яшар эди! Саида опа қачондир, қаердадир исён кўтарса, ноҳақликка, қабоҳатга қарши исён кўтарган.

Мен бу кун олдинги авлод барча адиблар қатори Саид Аҳмад акани устод дейман. Меҳрини туйиб, суҳбатидан баҳра топганман. Унинг баъзи бир асарларига муҳаррирлик қилганман. У ҳам айрим асарларимга эътибор берган. Сўнгги даврда ёзганларимдан “Кўзгу олдидаги одам” романимни эринмай қалам билан кўрган, таҳрир қилган. Шунга қарамай, мен Саид Аҳмад аканинг бевосита шогирди эмасман. Мен кўпроқ ўзимни Саида опанинг шогирди ва укаси деб биламан.

ЗИНАЛАР

Зиналар, зиналар, буюк зиналар,
Битта поғонангиз бўлсам кошкийди…
Саида Зуннунова

Қутлуғ зиналардан
юксалган инсон,
Янада юксакка ўрласин деб йўл –
Ўзни қояларга уриб беомон,
Зинага айланиб қолгани маъқул.

Шоирлар авлоди чинакам зина,
Мақтаниб бўлмасми келгач хонаси.
Биз зина бўлмасак, терлаб озгина
Бўлармиз ҳар қалай бир поғонаси.

Опажон, мангудир шоирлар умри,
Уларга май берган умрзоқ соқий.
Шоир эҳтироси, дарди, кўз нури –
Унинг шеърияти ҳаётдек боқий.

Фахрланса арзир,
ҳаяжон ва ҳис –
Ахир, мангу ёқар шоир қонини.
Шоирлар қалбига киролмас Иблис,
Азроил ололмас улар жонини.

Хўп.
Хаёлга берилиб, воқеадан бир оз четлашдим.

Узун йўлакда икки ҳурматли адибни учратгач, бошлиқ “тўрачилик” қилганини очиқ айтдим. Уларни тўғри бошлиқнинг ёнига бошлаб бордим.

Бизнинг қўлимиз билан иш тутишни ёқтирган, керак бўлса бошни кундага қўйишимизни истаган бошлиқ, улар “бостириб” келиши-ю, мен дадиллик қилишимни кутмаганми, сал саросималанди. Ниҳоят:
— Эртага бир вақт топиб, берамиз! – деди. Ўзи яхши кўрган қизил билан матнга рухсат маъносида қўл қўйди.

Албатта, эртаси куни достон радиода берилди.

Лекин Саида опадан у туйиши мумкин бўлган суюнч тортиб олинган эди (буни ҳар қандай ижодкор ҳис этади).

Саида опага озор етиб, у бекордан икки кун изтироб чеккани қолди.

Ҳикоя шу. Икки оғиз илова.

Мана, энди кўп йилдан сўнг, узун йўлакда Саид Аҳмад ака ёлғиз бораётганини тасаввур қиламан.

Унинг ёнида Саида опани гавдалантиргим келади.

Бунга эришолмайман.

Юрагимга бир ғусса чўкади…

099

Omon Muxtor
UZUN YO’LAKDAGI IKKI KISHI
054

Bu voqeaga endi ko’p yil bo’ldi.
Uzun yo’lakning etak tomonidan ikki kishi past tovushda so’zlashgancha kelayotgan edi.

Xonadan chiqdimu, ularni ko’rib, terga botdim… Aslida, men birov uchun xijolat chekmoqda edim.

Ajoyib shoira Saida opaning yangi bir dostoni radioda berilishi dasturda e’lon qilingan, lekin berilmay qolgan edi.

Adabiyot bo’limida ishlardim. Kecha kutilmaganda boshliq chaqirtirib:
— Buni o’qiyolmadim. Keyin berilar, — dedi.

U yomon odam emasdi. Obro’li arbob ham edi. ammo o’ta ehtiyotkor. Va muhimi, birovning holini his etmay, bizni qiynar edi.

Men yosh, qaysar edim. Talashib-tortishardim. Bir gal kimningdir asarini bo’yash uchun boshliq qo’liga qizil qalam olganida:
— Qo’ying qalamni! – deb unga qattiq gapirgan ham edim.

Odatdagidek bo’sh kelmay:
— Ko’pchilik o’qigan. Yaxshi asar. Vaqtida ketishi kerak, — dedim.

— Keyin…keyin! – dedi boshliq.
— Bo’lmasa, — dedim keskin, — Saida opa bilan Said Ahmadga o’zingiz javobini aytasiz.

Mana, bugun ular ikkisi g’amgin va parishon holatda yo’lakda sudralib kelmoqda edi.

O’shanda uzoq yillar davom etgan qama-qama, tazyiq, erksizlik davri o’tib, ilk qarashda erkinlik hukm sura boshlagan edi. Biroq qora kunlar asorati hayotning ustiga soya tashlab turardi. Qaysidio yozuvchining asarini “to’xtatish”, nomini ro’yxatdan o’chirish oddiy hol edi. bunday paytda yana orqaga qarab surungandek tuyulib, xayoli qochgan yozuvchi toqatsizlanar, hatto uning ko’ngliga bayonsiz vahm-qo’rquv tushar edi.

Said Ahmad aka xonadoni meni hikoya qilayotgan kunga qadar yetarlicha zulm ko’rgan edi. Keyin ham…

Ular boshida ko’p kaltak singan edi. Ayniqsa, Saida opa!

Umuman, bu go’zal inson, go’zal adibaning qisqa hayoti asosan, azob-uqubat bilan kechgan edi. Xalq ichida shon-shuhrat qozonganiga qaramay, u tirikligida kam e’tibor topgan edi. Va o’kinib aytamanki, hamon o’z darajasiga munosib e’tibor topgani yo’q.

Odatda, sevishganlarga qarab, ular bir-birini sevadi, deyish ortiqcha. Bu ularning yurish-turishi, rangi-ro’yida aks etadi! Said Ahmad aka va Saida opaga hayotda kam uchraydigan muhabbat buyurgan edi… Men avvaldan hikoyani “Said va Saida” deb atab, ishq dostonlari ruhida yozmoqchi edim-ku, o’zim ham ijodkor ekanligimdan, menga “aka”, “opa” so’zlarini ishlatmaslik odobsizlik bo’lib ko’rindi. Buning ustiga, voqeaning ravishi biroz boshqacha edi… Qanday bo’lmasin, ular xonadonini muhabbat va sadoqat tutib turar edi!

Men ularning oddiy bir holatlarda sevinib, o’zlarini baxtli his etishganini kuzatganman.

Saida opaning “So’qmoqlar” asari ayovsiz “do’pposlangani”dan ozgina vaqt o’tgan edi, dorilfununda uchrashuvga chaqirganmiz. Qiziq joyi, mana, shu talabalar bilan uchrashuvning o’zi bo’layotgani-yu, bu yerga birga kelishganidan ular mamnundek edi. Men Saida opaning iroda kuchiga qoyil qolganman. O’sha kuni u o’zini oqlash, birovlar bilan bahsga kirishishni ep ko’rmadimi, faqat o’z ijodi, adabiyot haqida gapirdi. “Yozuvchi torga o’xshaydi. Hayot qanday chertsa shunday yangraydi. U his etgani, o’ylaganini yozadi” qabilida osoyishta so’zlandi, xolos. Said Ahmad aka esa hatto sahnada goh-goh gapga aralashib, hazilkashlik qilib o’tirardi. Saida opa:

— “So’qmoqlar”dan keyin… – deyishi bilan, u:
— To’qmoqlardan keyin…

Qaysidir yili yana Said Ahmad aka o’zim osh qilib beraman, deb bir necha yosh ijodkor (buxorolik adiblar)ni uyiga chaqirgan edi. U baxzan shunday, yoshlar bilan suhbatlashib, har kimning darajasini anglab borishga urinadi.

Dasturxon yig’ilgach, do’stlarim Ne’mat Amin, Jamol Kamol (balki G’ulom Shomurod ham?) birin-ketin ishlari borligini aytib o’rinlaridan turishdi. Men ham turdim.
— Sening ham ishing bormi?! – deb so’radi Said Ahmad aka.

Aniq ishim yo’q edi. Suhbatni davom ettirgani qoldim.

Biroq tajribali adibdan endi nimalarnidir so’ramoqchi edim, oshxonada kuymanayotgan Saida opa xonaga kirib keldi. U choyni yangilab, bo’sh kursiga o’rnashdi… Shu kuni Saida opa negadir o’zining yoshligi, adabiyotga ilk qadam qo’ygan yillari haqida gapirdi. Oybek domlani esladi. Ulug’ adib o’quvchilar bilan bir uchrashuvdan so’ng, kech payti qiz bola yigitlar orasida turmasin, deb mashina kabinasidagi o’z joyini unga bo’shatib berganini hikoya qildi. Said Ahmad aka gapga biron marta ham aralashmadi. U o’ychan, beozor jilmayib, ehtimolki, o’ziga yaxshi tanish hikoyani nechanchi bora diqqat bilan eshitmoqda edi. Men ularga razm solib, butun yo’liqqan baxtsizliklarga qaramay, ular baribir, baxtli insonlar, deb o’ylaganman.

O’sha kuni va keyinchalik uchratganlarimda Saida opadan bir umrga unutilmas saboq olganman. U o’zini sodda, kamtar tutar edi. Tasavvur qiling. Saida opa eski Yozuvchilar uyushmasi binosining ikkinchi qavatida bir kursida o’tiribdi. Nimadir ish bilan kelgan. Pastki qavatdan kimdir ko’tarilsa, yoshi katta adibmi, mendek boshlovchimi, u har gal salomlashgani o’rnidan turadi… Saila opa yozuvchining ijodiga nisbatan ham odamiy xislatlari, insoniy qiyofasini yuksak tutar edi. Birinchi o’ringa qo’yar edi! Uning qoni-jonida doim haqiqat, adolat tuyg’usi yashar edi! Saida opa qachondir, qaerdadir isyon ko’tarsa, nohaqlikka, qabohatga qarshi isyon ko’targan.

Men bu kun oldingi avlod barcha adiblar qatori Said Ahmad akani ustod deyman. Mehrini tuyib, suhbatidan bahra topganman. Uning ba’zi bir asarlariga muharrirlik qilganman. U ham ayrim asarlarimga e’tibor bergan. So’nggi davrda yozganlarimdan “Ko’zgu oldidagi odam” romanimni erinmay qalam bilan ko’rgan, tahrir qilgan. Shunga qaramay, men Said Ahmad akaning bevosita shogirdi emasman. Men ko’proq o’zimni Saida opaning shogirdi va ukasi deb bilaman.

ZINALAR

Zinalar, zinalar, buyuk zinalar,
Bitta pog’onangiz bo’lsam koshkiydi…
Saida Zunnunova

Qutlug’ zinalardan
yuksalgan inson,
Yanada yuksakka o’rlasin deb yo’l –
O’zni qoyalarga urib beomon,
Zinaga aylanib qolgani ma’qul.

Shoirlar avlodi chinakam zina,
Maqtanib bo’lmasmi kelgach xonasi.
Biz zina bo’lmasak, terlab ozgina
Bo’larmiz har qalay bir pog’onasi.

Opajon, mangudir shoirlar umri,
Ularga may bergan umrzoq soqiy.
Shoir ehtirosi, dardi, ko’z nuri –
Uning she’riyati hayotdek boqiy.

Faxrlansa arzir,
hayajon va his –
Axir, mangu yoqar shoir qonini.
Shoirlar qalbiga kirolmas Iblis,
Azroil ololmas ular jonini.

Xo’p.
Xayolga berilib, voqeadan bir oz chetlashdim.

Uzun yo’lakda ikki hurmatli adibni uchratgach, boshliq “to’rachilik” qilganini ochiq aytdim. Ularni to’g’ri boshliqning yoniga boshlab bordim.

Bizning qo’limiz bilan ish tutishni yoqtirgan, kerak bo’lsa boshni kundaga qo’yishimizni istagan boshliq, ular “bostirib” kelishi-yu, men dadillik qilishimni kutmaganmi, sal sarosimalandi. Nihoyat:
— Ertaga bir vaqt topib, beramiz! – dedi. O’zi yaxshi ko’rgan qizil bilan matnga ruxsat ma’nosida qo’l qo’ydi.

Albatta, ertasi kuni doston radioda berildi.

Lekin Saida opadan u tuyishi mumkin bo’lgan suyunch tortib olingan edi (buni har qanday ijodkor his etadi).

Saida opaga ozor yetib, u bekordan ikki kun iztirob chekkani qoldi.

Hikoya shu. Ikki og’iz ilova.

Mana, endi ko’p yildan so’ng, uzun yo’lakda Said Ahmad aka yolg’iz borayotganini tasavvur qilaman.

Uning yonida Saida opani gavdalantirgim keladi.

Bunga erisholmayman.

Yuragimga bir g’ussa cho’kadi…

099

(Tashriflar: umumiy 223, bugungi 1)

1 izoh

  1. Саида Зунунова десам ёки десалар буғзимга аччиқ йиғи тиқилади…Кўрган азобларига худди гувоҳ бўлганимдек ўқиганларим кўз ўнгимдан ўтаверади…» Тилаб умру давлатин… Дилда такрорлаб отин….Саида зор ўтдиму»….Негаям йиғлагиси келмасин одамни?…Умри хасрат ичида, одамий озорлар ичра тугаб кетдику….Яқинда «Маданият ва маърифат» каналида «Мактуб» кўрсатуви берилди…Ҳақиқий маърифий кўрсатув бўлди. Баҳонада каналга ва муаллиф Элмира Рахматуллаевага рахмат айтмоқчи эдим…Худо хохласа бу йил Саида опанинг йили бўлади…Гарчи у «Одамлар авайланг бир-бирингизни, гул ҳам мухаббат ҳам тирикка керак» деган бўлсада…

Izoh qoldiring