Omon Muxtor xotirasiga bag’ishlov.

656
Мен Омон ака билан жуда кўп суҳбатдош бўлганман. Айниқса, Қримда,Кўктебел (Кўктепа) да дам олганимизда қарайиб бир ой давомида деярли ҳар куни оқшом чўкиши билан Қораденгиз соҳили бўйлаб юриб суҳбатлашардик. Ўша пайтлар Омон ака ҳали романларини ёзмаган, уларни юраги тубида асраган пайтлар эди.Ўша суҳбатларда мен Омон аканинг, энг аввало, беғубор,жуда тоза инсон эканини англаб етган эдим. Ўша суҳбатлардан кейин анча яқинлашиб қолган,хонадонларига ҳам икки-уч марта бориб суҳбатларимизни давом эттирган эдим.
Кейинчалик ТВдаги ишим мени кабинетга «тиқиб» қўйгач, Омон ака романларини ёзишга киришгач, бир-биримизни анчагача «йўқотиб» қўйдик. Мана бугун унинг ўлими хабарини эшитиб,юрагим эзилиб,ўша суҳбатларни эсладим. Эсладиму бу суҳбатларни нақадар соғинганимни фаҳмладим.
Омон ака 16 июль куни 72 ёшга тўларди. Мен ҳам адибнинг китобларидан айрим мақола ва ҳикояларни кўчиртириб, ўша таваллуд куни арафасида саҳифамга жойлаштиришни режалаштирган эдим. Адиб вафот этган куни эса ўзим билмаган ҳолда унинг Ғафур Ғуломга бағишланган хотирасини сизга ҳавола этганимни ўйласам, «Аллоҳ кўнглимга солган экан-да» дейман ичимда. Бундай ҳолат ҳаётимда иккинчи бор такрорланиши…
Матбуотда Омон Мухторнинг яқинлашаётган 70 ёши боис унинг ижодига бағишланган мақолалар кўрина бошлаган эди. Бугун ўша сана олдидан ёзилган бир мақолани, Омон ака шеърлари ва ҳикояларидан намуналарни адиб хотирасига бағишлов сифатида сизга тақдим этамиз.
Омон акани Аллоҳ раҳматига олсин.

Хуршид Даврон

перо

Йўлдош Солижонов
ШИДДАТ-ШИЖОАТЛИ ИЖОД

Шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Омон Мухтор ижоди ўзбек адабиётининг ўтган аср иккинчи ярми ва янги аср бошланиши давридаги тараққиёти тарихида алоҳида саҳифани ташкил этади. Адиб тўғрисида олдинлар «у насрда ҳам қалам тебратган шоир» дейилган бўлса, бора-бора «у шеър ҳам ёзадиган носир, асосан романнавис» дея бошланганига гувоҳмиз. Аслида, бу икки жанрда (драма, таржима, хотира, суҳбат кабилар бобида ҳам) ёзишга у деярли баравар киришган ва ҳамон шу «бетартиб» йўсинда ижод қилиб келади. Бунга тўхталганимизга сабаб, адибнинг назмини насридан, насрий асарларини шеъриятдан ажратиб ўрганиб бўлмайди. Булар «бири-бирига туташиб кетган», бир бутунликни ташкил этган—яхлит адабий ҳолатдир. Бу ҳақда яна кейинроқ. Ҳозир эса…

Омон Муҳтор (Мухторов Омон Сулаймонович) 1941 йилнинг 16 июлида Бухорода туғилган. Отаси Сулаймон Хўжа мадраса кўрган билимдон киши бўлиб, унинг тарбиясига эътибор бериб қараган. Кейинчалик у ижодкор сифатида шаклланишида хизмати сингган, дейиш мумкин. Омонжон ўрта мактабни битиргач, Тошкент давлат дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимига ўқишга кирди. Бу ерда ўқишни тамомлагач, республика радиосида, «Ўзбекфильм» киностудияси ва кино қўмитасида, Адабиёт нашриётида хизмат қилди. Омон Мухтор фаолиятининг асосий қисми «Шарқ юлдузи» журнали билан боғлиқ. У кўп йиллар ушбу мўътабар журналнинг бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррири лавозимларида ишлади.

Гарчи шеър ёзишни ўқувчилик йилларидаёқ бошлаган бўлса-да, 1966 йилда унинг «Чорлар қуёшли йўллар» деб номланган илк шеърий тўплами нашр этилди. Китобхонлар томонидан бу тўплам илиқ кутиб олинди. Ўша, ўтган аср эллигинчи йиллар охири, олтмишинчи йиллар бошланишида шахсга сиғиниш иллати фош қилиниб, ҳаётда ўз даври шароити даражасида янги бир «кўтарилиш эпкини» сезилган, адабиётимизга гуриллаб янги бир авлод—Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳусниддин Шарипов, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шамансур, Азиз Абдураззоқ, Сайёр, Жамол Камол, Эркин Самандар, Маъруф Жалил, Рауф Парфи, Омон Матжон, Чўлпон Эргаш, Машраб Бобоев ва бошқа қатор шоирлар—катта саф кириб келган эди. Бу сафда ўшандаёқ Омон Мухторнинг ҳам ўзига хос овози ва сўзи бор эди. Ушбу адабий авлод ижодига хос бўлган—бевосита инсоннинг мураккаб оламига мурожаат қилиб, ички кечинмаларини турфа бўёқларда очишга интилиш Омон Мухтор шеъриятига ҳам хос. Шу билан бирга, абадий мавзулар—табиат ва муҳаббатни ёритишга кўпроқ ва айрича эътибор, ҳаёт ҳодисалари ҳақида теран-фалсафий фикр юритишга мойиллик унинг шеъриятида яққол кўзга ташланади. Бунга (осойишта кўринган руҳий ҳолат талқинига) қанчалик зид туюлмасин, унинг шеъриятида (аксар насрий асарларида ҳам) бош белги—ҳаракатдир. Бу, энди узоқ йиллар давомида яратилган ижод намуналари, адиб қаҳрамонларига фаол (ҳаракатчан) намойиш бериш баробарида, ҳаётда Омон Мухторнинг ўзи ҳам аввалдан ёниб яшашга, ёниб ижод қилишга, мақсад манзили сари ёниб шиддат-шижоат ¬билан олға интилишга даъват этилганини кўрсатади. У ҳам, қаҳрамонлари ҳам «босган ҳар қадами, ўйлаган ўйи, кўрган-кечиргани, куйлаган куйи «ҳаракатдан, «ором ва сукутни билмай» ҳаётда курашиб яшашдан иборат инсондир. Шу сабабдан, балки бир пайт у «Шиддат» деган шеърида (1990 йил шу номда китоби босилган) бундай деб ҳам ёзган эди:

Қонимда яшайди қирқ беш йилдан буён
Шиддатли бир ғалаён, сурон.
Ҳаловат йўқ жисмим, жонимда
қирқ беш йилдан буён…

Омон Мухторнинг биз эслаганлардан ташқари, «Оҳанг» (1974 й.), «Ёғду» (1979 й.), «Марварид» (1985 й.) сингари шеърий китоблари ҳам бор (унинг шеърияти ушбу китобда тўлароқ ҳолда ўқувчи эътиборига ҳавола қилинаяпти). У ёзган шеърларда самимият ва ҳайрат кучли. Фаоллик-ҳаракат (кучли эҳтирос) уларга ҳаётбахш оҳанг бағишлайди.

Омон Мухтор она шаҳри Бухорога ташриф буюрганида имкон қадар маҳаллий қалам аҳли, жумладан ўзи учун қадрдон даргоҳ «Бухоронома» таҳририяти жамоаси билан учрашади. Сиз кўриб турган ушбу сурат адиб билан 2003 йилда таҳририятда бўлиб ўтган ана шундай унутилмас ижодий мулоқотдан сўнг олинган.

* * *

«Шоирнинг насри» деган гап айрим кишиларда «жиддий наср эмас» дегандек таассурот уйғотади. Ҳолбуки, Чўлпоннинг ёки Ойбекнинг сара асарлари ҳам шоирнинг насридир! Ҳамма гап, назмни ҳам, насрни ҳам яхши тушуниб, шеърий руҳни насрий асарга қандай уфуришда бўлса керак. Шоир Омон Мухтор бошдан шеърда ўзи эгаллаган тажрибани аста-секин насрда қўллаб борди. Унинг шоирлиги фақат услубда кўринмай, бора-бора шеърий образлар, рамзлар, ҳатто шеърий тафаккур адибнинг насрий асарларига кўчгандек бўлди. Илк шеърлар тўпламидан икки йил кейин босилган дастлабки «Нигоҳ» китобидан бошлаб адибнинг «Қушлар ва тушлар», «Шаҳарлик келинчак», «Ҳаёт дарвозаси», «Бухоролик донишманд», «Болаликка саёҳат», «Вазифа», «Ўлмаган жон», «Учқур поездлар», «Шерлок Холмс Бухорода» китобларидан жой олган ҳикоя ва қиссаларида бу «шоирона ҳолат»нинг такомиллашиб бориши жараёнини кўриш мумкин. Айтиш керакки, шоирнинг ёшлик йилларида ҳали кўзга ташланган маълум камчилик-нуқсонларга ва уларнинг бартараф бўлиб бориш жараёнига ҳам унинг ўша пайтдаги нас¬рий асарлари аниқ кўзгудир.

Ёзувчи Омон Мухтор мустақиллик йилларида энг кўп роман ёзган адиб сифатида танилди. Мустақиллик ижодкор имкониятлари доирасини кенгайтириб юборди. Бу ҳақда унинг ўзи суҳбатларидан бирида: «Мустақиллик менга қанот бахш этди. Илгари бундай асарларни ёзиш у ёқда турсин, ўйлаш ҳам мумкин эмасди», деган эди («Туркистон» газетаси, 2008 йил 14 май). Чиндан ҳам илк романи «Йиллар шамоли» (1976 й.) билан 2010 йилда нашр қилинган «Хотин подшоҳ» романи оралиғидаги 34 йиллик муддат ичида олдинроқ ёзилган яна бир «Эгилган бош» романидан кейин, мустақиллик йилларига келиб адиб ўндан ортиқ роман яратди. «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам», «Тепаликдаги хароба» («Тўрт томон қибла» трилогияси), «Ффу», «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Афлотун», «Майдон», «Навоий ва рассом Абулхайр» (дилогия), «Одамлар кулишлари керак» романлари босилиб чиқди. Буларнинг ҳар бири ўқувчилар ва адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Бундай қизиқиш бежиз эмас. Гап шундаки, бу романлар энг аввал, бир-бирига мутлақо ўхшамайди, ҳар бири ўзига хос. Уларнинг деярли барчаси роман жанрининг анъанавий қолипларига сиғмайди, улар шаклан ҳам, мазмунан ҳам ўзгача яратилган. Бу янгилик биринчи навбатда романларда шартлилик тамо¬йилларининг устуворлигида кўринади. Адиб илгари сураётган ғоявий ниятини шартли унсурлар, шартли воқеалар, рамзий тимсоллар ва манзаралар орқали ифодалашга эътибор беради. У ўзи тасвирламоқчи бўлган мангу ва доимий мавзуларни янгича қиёфадаги қаҳрамонлар галереяси орқали ҳам инкишоф этишга эришади. Романларда тарих билан замон ҳар доим ёнма-ён туради, қаҳрамонлар ҳам ўтмиш ва бугун орасида. Яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, ожизлик ва жасорат, лоқайдлик ва ғайрат, билим ва жаҳолат, хиёнат ва садоқат ришталарини айни чоғда бу қаҳрамонлар ўзида тўла мужассам этадилар.

Омон Мухтор айтиш мумкинки, полифоник романлар ижодкори ҳамдир. Унинг деярли барча романлари сюжет ва композицион қурилиши, воқеликни баён этиш усуллари, умум тузилиши ва қаҳрамонларнинг ўзига хос эканлигидан—бошқа адабиёт намуналарига ҳам буткул ўхшамайди. Муҳими, адиб ўтган асрнинг 90-йилларигача ўзбек романчилигида қарор топиб келган монофоник (бир овозли) баёнга асосланган «тартиб»ни бузиб, полифоник (кўп овозли) романлар яратилишига муносиб ҳисса қўшди. Аммо бу полифоник романлар ўз миллий илдизидан, кўп йиллик тарихга эга барҳаёт фазилатлардан узилиб қолгани йўқ. Аксинча, улар ўзигача дунёга келган Шарқ анъанавий романчилигини янгича босқичга кўтарди. Бу романлар тарихий-адабий жиҳатдан ҳам, шакл-шамоили билан ҳам қадим халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётимиздаги мавжуд усулларга яқиндир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўн саккиз йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби ёзувчи Омон Мухтор «Навоий ва рассом Абулхайр» асари учун Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. «Ишқ аҳли» ва «Буюк фаррош» деб номланган икки қисмли бу диология-роман устоз Ойбекдан кейин улуғ Алишер Навоийнинг монументал қиёфасини яратишга Омон Мухторнинг интилишини катта жасорат деб баҳолаш мумкин.

Омон Мухтор хоҳ назм, хоҳ насрда бўлсин, асардан асарга маҳорати ўсиб, тафаккури улғайиб, қалами чархланиб бораётган истеъдодли адибдир. Унинг шеъриятида насрий тажрибасининг таъсири ва насрий асарларида шеъриятининг акс-садоларини, умуман адиб ижодидаги барча янги, муҳим жиҳатларни ўрганиш ўзбек адабиётшунослиги олдига жиддий тадқиқот олиб бориш талабини қўяди. Бу балки, эртанги кунлар вазифасидир. Биз эса, адибга яна узоқ йиллар шиддат-шижоат билан ижод қилишини тилаб қоламиз.

098

ОМОН МУХТОР ШЕЪРЛАРИДАН

*  *  *

Қадамлар…
Оёқлар оғрийди.
Бир йўлки узун—
Юр дейди,
унда бор на охир, на бош.
Ботар,
кўтарилар,
айланар қуёш,
Қанча йиллар керак…
бир қадам учун!

Мактаб тугар экан ё олий даргоҳ,
Қадам қўйди дерлар, ҳаётга инсон.
Қадам қўйди дерлар, ўтаркан никоҳ—
Яйраб қовушаркан йўлда икки жон.
—Ўз касбу корингни топдингми, ўртоқ?!
—Йигит, бахтлимисан ўз кулбангда, айт?!
—Келин,
бахтлимисан ва ёки кўпроқ
Адашдим дейсанми, қадам қўйган пайт?!

Бир талай инсонни кўрдим оламда,
Билай деб ҳаётни кетди қанча дам.
Билдим… дунё экан…
ҳар бир одамда—
Бўлар тўғри қадам,
нотўғри қадам!
Оёқлар оғрийди.

Бир йўлки узун—
Юр дейди,
унда бор на охир, на бош.
Ботар,
кўтарилар,
айланар қуёш,
Қанча йиллар керак…
бир қадам учун!
Қуёш айланади.
Замин айланар.
Олдга сурилармиз, қийин бўлса ҳам.
Бахт бермаган бўлса бир қадам агар,
Бизга бахт берар деб,
кейинги қадам.
Топай деб,
йўл аро қийналади жон—
Оламда бир бахтки,
ойдин, беқайғу.
Бахтни деб олдинга босмаса инсон,
Нима деб олдинга суриларди у!

МЕНИНГ УМРИМ
(Бухоролик Шариф Нурхон монологи)

Кимдир—
нимагадир бағишлар умрин.
Шеър ёки боғ қолар одамдан, дерлар.
Мен бундай йўл тутдим:
Кўзларим нурин
Боғларга бердиму яратдим шеърлар.
Етимликни кўрдим.
Уруш-тўполон.
Изғиринлар аро судралдим оғир.
Бахтимни топмасдим—бўлмасам боғбон,
Бахтимни топмасдим—бўлмасам шоир.
Умримда бир ўзни ўйлабманми, йўқ,
Минглаб дарахт экдим,
қилсам ҳикоя.
Менинг посбонларим, қуюнларки ўқ
Учган дам, инсонни қилган ҳимоя.

Бари бир,
Қуюнлар дарахт оралаб
Ўтган дам, уларни тўхтатай деб, бас—
Ўзим дарахт мисол бағрим поралаб,
Одамларга бердим оташин нафас.
Кимдир—
нимагадир бағишлар умрин.
Шеър ёки боғ қолар одамдан, дерлар.
Мен бундай йўл тутдим:
Кўзларим нурин
Боғларга бердиму яратдим шеърлар.

Бугун қариб қолдим.
Қилмайман армон.
Икки умр олдим, миниб икки от.
Менга ўлим йўқдир.
Енгар бегумон—
Биргина ўлимни
Бу икки ҳаёт!

* * *

Болалик аталган илк мамлакатим,
Кечир,
сендан кетдим кунба-кун олис.
Бўлсанг ҳам ягона мулким, давлатим,
Мен сени қолдириб, кетганман ёлғиз.

Бизга қайтиб висол насиб этмайди,
Гарчи ҳаёт соҳир, бу олам соҳир.
Сен энди атайсан, келганда пайти,
Ўзингга нисбатан, мени мусофир.

Менда илож қанча, сендан кунба-кун
Мен олис кетишга мажбурман, билсанг.
Мен сени, кўнглимда ётганинг учун,
Кўпинча эслайман соғиниб, дилтанг.

Сен мени қолдириб—топсайдим имкон,—
Кетмасдим вақтида. Бўлмасдим маҳрум.
Менда илож қанча, дунёда инсон
Илдам йўл босишга абадий маҳкум.

Манба: «Бухоронома»,№ 90

098

ОМОН МУХТОР ҲИКОЯЛАРИДАН

ЎЙИН

— Одамда бир оз фаросат бўлса экан, — мийиғида кулиб деди Келдиев даврадагиларга бир-бир кўз ташлаб, телевизорга имо қилганча. — Эътибор бердингларми, «не жафолар чекмадим бир бевафо дилдор учун!» деб ашула айтяпти. Афтидан, шу йигит не жафолар чеккан кишига ўхшайдими?! Асло! Бунақа ёғли кўз, қип-қизил юз, катта қорин билан унинг ўзи бевафолик қилиб, кимгадир жафо юклаши мумкин-ку, лекин бировни деб у куйишига мен мутлақо ишонмайман!..
— Артист-да, дадаси, ўрганганини айтади, — назарида, эри даврада ўтирганларини унутиб, шунчаки оғзидан гуллаётгандек туюлдими, гапга аралашди, Келдиевнинг хотини Замира.
— Ўргансин, айтсин, марҳамат, мен қарши эмасман, — қайсарланди Келдиев. — Лекин ашула одамга бундай мос тушиши керакми ёки йўқми? Одамларимиз жуда маданиятли бўлиб кетган, деймизу баъзан оддий фаросат тўғрисида ўйламаймиз. Киши ўзининг аҳволини ўзи билмаса!..
— Кўриниши шунақалигига қарамай, у яхши одам бўлиши ҳам мумкин, — деди уй бекаси Холида ўйчан. Шунинг баробарида, у ўрнидан туриб, телевизорни ўчира қолди. — Одамни билиш қийин. Айниқса, телевизорга қараб, менимча, бир нима деб бўлмаса керак. Жисмоний камчиликни кўриб, инсоннинг қалби қандайлигига баҳо бериб бўлмайди. Умуман ташқи кўриниш алдамчи… — Тўғри гапирдимми, дегандай Холида эрига кўзи остидан маъноли қараб қўйди.
— Тўғри, — деди Қамбар бошини силкиб, — инсон қалбининг гўзаллиги жисмоний камчиликка қарамайди… Лекин нега одамни билиш қийин экан?! Арзимаган нарсалардан одам қанақалигини бемалол айтаверса бўлади…
Замира қизиқсиниб, Қамбарга тикилди:
— Масалан?
— Масалан, овозга қараб айтиш мумкин. Кийинишига караб. Кўчада юриш, оёқ олишига қараб…
— Сиз шуларга қараб, адашмай айта оласизми? — сўради Замира.
— Нега айтмас эканман? — деди Қамбар. — Хўўш… — У бирпас ўйланиб, сўзида давом этди: — Қайсидир йили Сирдарёга борганимиз. Катта группа. Ҳар хил кишилар. Орамизда файласуф бир домла ҳам бор. Шогирди билан… Қисқаси, шу домла… мен унинг файласуфлиги қайси даражада эканини билмайман-ку, лекин овқат тановул қилиши ўзига хос эди. Оғзидагини чайнаб-ютмай, қошиқни кўтараверади, лунжи сурнайчиларникига ўхшаб шишган, кўзларида шу қадар безовта бир мутелик акс этганки… таомнинг ҳурматини астойдил ўрнига қўяётгандекми ёки дейлик, олдидаги идишни биров тортиб олиб қўйишидан қўрқаётгандекми, таассурот қолдиради кишида… Мен биринчи танишган кунимиз домланинг шогирди билан гаплашишимга тўғри келди. «Домлангиз ёшликдан анча қийналиб ўсган. Шунақами?» дедим секин. «Шунақа бўлиши керак… ўзининг айтишига қараганда!» деб ғудранди шогирд. «У аёлманд, болалари кўп!» дедим куйиниб. «Ҳа, бир этак. Еттитами, саккизтами…», деди шогирд. «Уруш йиллари домла асирликка тушганми, шунга ўхшаган бир нарса бўлган…», деб пичирладим ўзимча. «Домла омадсизроқ одам!» деб, тасдиқлади шогирд. «Умуман, у мискин, умрида бировга зиёни тегмаган… Домла ишлаётган институт маъмуриятига ҳайронман, унинг дарс соатини кўпайтириб, унга сал имконият яратиб беришса нима қиларди!» дея асабийлашдим энди. «Домла талаб қилолмайди. Улар ўзлари билиб, бировга ғамхўрлик кўрсатишмайди!» деди шогирд. Кейин, менга тикилиб: «Сиз домлани яхши билар экансиз-да!» деди. Мен, ҳа, ҳа, биламан, деб қўя қолдим… Эртаси куними, индиними, тушлик пайтида домлага ортиқча эътибор бермай, бировга малол келмайдиган йўсинда: «Одамнинг овқатланишига қараб, унинг бутун таржимаи ҳолини айтиб бериш мумкин!» — деган гапни шунчаки ўртага ташладим. Даврадагилар бунга ишониб-ишонмай кулиб, таом тановул қилишга тутинишди. Лекин ўша куни таниқли бир раққоса менинг нақ рўпарамда ўтирарди. У менга маъноли кўз ташлаб қўйиб, шунақанги чиройли овқатландики, сўз билан ифодалаш қийин. Мен домлага кўнглим ачиб, қанчалик эзилган бўлсам, раққосани кузатиб, шунчалик завқим келди… Қисқаси, атрофга лоқайд-бепарво қарамасангиз, одамни билаверасиз. Қадим-қадимдан дастхатни кўриб, одамнинг феъл-атворини айтиш расм бўлган, бу энди анча машҳур соҳа. «Хатшунослик» деган фан ҳам бор…
— Яшанг, иним! — деди ҳаяжонланиб Келдиев. — Раҳмат! — деди у негадир ҳаттоки ийиб. — Телевизорда-ку, жонли одам, мана, укамиз Маҳкамжон оддий суратга қараб, кимлигингизни айтаверади. Бу унга писта чақишдай гап. Қамбаржон айтмоқчи, бу ҳам илм…
— Ростданми? — Маҳкамга қараб сўради қизиқсиниб Замира. Маҳкам суҳбатга аралашмай, давра қуйисида ўй суриб ўтирарди.
— Э, йўқ, Келдиев домла шунчаки менинг баҳойимни оширяптилар, — ғудранди у нохушроқ кайфиятда.
— Сиз унақа камтарлик қилманг. Мен ҳозир альбомни олиб чиқаман. Бир қотиб кулайлик, — деди Холида ўрнидан туриб.
— Йўқ, янга, олиб чиққанингиз билан айтмайман! — деди Маҳкам бу гал қатъий.
Даврадагилар овқатланиб, чой ичиб бўлишган, аммо ҳали жилла ўтиришни исташганидан, Маҳкамнинг ўзини терсроқ тутиши кўпчиликка қандайдир оғир ботди.
— Мен шунча нарсани айтиб ташладим. Сиз нега икки оёқни бир этикка тиқяпсиз, мен тушунмаяпман, — тўнғиллади Қамбар.
— Мен ўзим сизнинг ҳунарингизни кўрганман, Маҳкамжон. Шахсан! — деди Келдиев ҳам энди инжиб. — Альбомни бундай варақлаб, сиз бизни хурсанд қилишингизнинг кимга нима зиёни бор?! Аксинча, баҳс якунланади. Сиз эрка йигитсиз, албатта. Лекин ҳамма нарса эви билан-да…
— Сизлар мендан бекорга хафа бўляпсизлар, — деди сал эзилиб Маҳкам. — Мен талабни бажо келтирмаганим эркадик, ноз-истиғно эмас. Фақат бу ишни ташлаганман, тўғриси. Бошқа шундай қилмайман, деб қасам ичганман…
— Нега қасам ичасиз? — Унга ажабланиб, ишонқирамай тикилди Холида.
— Ҳар қандай хунар одамнинг бахтига яраса… ҳар бир ишни эплаган одам қилса!.. Мен эплолмай қолдим…
— Қизиқ. Бирон ерда нотўғри гапириб юбордингизми? — савол ташлади Қамбар.
— Йўқ, мен нотўғри гапирмайман. Анча йил фотография билан шуғулланганман, одамлар суратга тушаётганда ўзининг қандайлигани беихтиёр кўрсатиб қўяди, турли-туман кишиларни кўравериб, кўзим пишган. Умуман, бу оддий иш. Мен суратга қараб, тирик одамни, унинг аппарат оддида турган холатини тасаввур қиламан. Ҳолатдан феъл-атворга ўтилади…
— Хўш, кейин нима бўлди? — Тоқатсизланиб сўради Келдиев.
— Нима бўларди… Бир куни, ҳунар кўрсатаман, деб оғзим куйди. Шу, холос, — деди Маҳкам алланечук хижолат чеккан кўйда.
— Гапни бошлагач, охирига етказиш керак. Шаф-шаф дегунча шафтоли демайсизми! — ўчоққа ўтин қалади Замира.
— Мен бу воқеани ҳеч кимга айтмагандим. Лекин майли, орада ғашлик қолмасин учун сизларга гапириб бераман, — деди Маҳкам. — Келдиев домла кўрганлар, рост, мен ўз ишимда бир пайтлар устаси фаранг эдим. Мени давраларда ўтирғизиб, ўқ нишонга текканидан одамлар қотиб кулишарди. Мен ўзим ҳам завқланардим, чунки менинг назаримда бу қизиқ бир ўйин эди… Шундай юриб, бундан беш-олти йил бурун Шариф деган дўстим билан тасодифан унинг қариндошлариникига меҳмонга бориб қолдим. Шаҳар этагидаги бу боғ-ҳовлини олдин ҳам кўрганман, Шарифнинг қариндошлари — тоғаси, янгаси ёши ўттизга етиб эр қилмаган қизлари билан бирга туришади… Ўша куни уларникида нима муносабат бор эди — эслолмайман, бошқа нарса ёдимда — Шариф билан мендан бўлак яна анча-мунча киши йиғилган, ҳамманинг кайфияти кўтаринки эди… Хўп, айни ёз пайти, ҳовлида гангур-гунгур қилиб ўтириб, қаёқдан ҳам гап суратга бориб тақалди. Мен маҳмадоналигим тутиб, суратдан одам таниш мумкинлиги оғзимнинг бир четидан чиқиб кетди. Ҳозиргина сизлар қизиққанларингга ўхшаб, даврада кўпчилик чуғурлашга тушди. Ҳалиги — уй эгасининг қизи — Нафиса югуриб ичкаридан альбом кўтариб келди… Йўқ, у альбомни менинг қўлимга бермади, фақат уч-тўртта суратни олиб, кўзлари чақнаб муғамбирона кулганча, бундай гап қилди:
— Биз бу одамларни яхши биламиз, сиз, менимча, танимайсиз… Мен қўлингизга биттадан сурат бераман, сиз биттадан фикрингизни айтиб турасиз, майлими?!
— Майли, — елкамни учирдим, менга бари бир, деган маънода. Нафиса даврадагиларга кўрсатиб, қўлимга сурат тутқазди.
— Айтинг…
— Айтаверайми? — дедим фолбинлардек қўр тўкиб. — Бу одам илк қарашда содда, самимий таассурот қолдиради. Катталар олдида одоб сақлайди, болаггарнинг бошини силайди. Унинг яна бир одати бор. Одамлар орасида ўзини жўмард, чапани йигитлардек кўрсатишни ёқтиради. Лекин у анойи эмас. Ўз манфаатини яхши билади, қолган ҳаммаси ниқоб. Керак бўлса, ўзини томдан ташлайди, сувдан қуруқ чиқади…
Даврадагилар кулишди. Менга Нафиса бошқа суратни берди.
— Бу йигит, романтик дейдими, ҳавойи хаёллар билан яшайди. Суратга қовоқ уйиб тушганига қарамай, кўча-кўйда кўрсангиз, юзи ёруғ, кўзлари порлаб юради. Эгни уринган, туфлиси кўпинча лойми, чанг… Яхши йигит. Ундан дуруст бир одам чиқарди-ку, елкасидан туртиб, ёрдам берадиган кишиси йўқ. Асосан, уйим-жойим деб югуриб-елгани билан, хотиндан унчалик ёлчимаган…
Даврадагилар яна кулишди. Нафиса сурат танлаётиб, бу гал негадир бир оз саросималангандек бўлди. У суратни кўрсатгач, менга нима учундир даврада бошқалар ҳам нафас ютишгандек туюлди. Бунинг устига, ёнимда ўтирган Шариф эгаимдан тортдими, оёғимни туртиб қўйдими — шунга ўхшаган бир иш қилди.
— Буниси-чи? — деди шу пайт Нафиса, ниҳоят суратни менинг кўлимга тутқазиб.
Мен — ўзини суратшунос, сурат орқали биринчи галда одамшунос деб билган киши — даврада қандайдир ўзгариш рўй берганини пайқаб, ҳушёр тортишим, албатта, бас энди, деб ўйинни секин тўхтатишим керак эди. Лекин мен ўз санъатимга ўзим махлиё бўлиб қолгандим. Мен гўёки саҳнага чиққан актёр эдим. Назаримда, томоша залида ўтирганларнинг хатти-ҳаракатларига, пичирлаш-шивирлашларига парво қилмаслигим, ролимни охиригача бажармай, саҳнани тарк этмаслигим керак эди.
— Бу анча мураккаб одам. Бир сўз билан баҳолаш қийин, — дедим жилмайиб. — Ақлли, чиройли, мағрур. Ўз ишида истеъдодли. Бундай йигитларни хотин-қизлар тез, баъзан бир кўришда ёқтиришади. Умуман, бу ҳам ёмон йигит эмас. Лекин жуда худбин. Ҳаммадан ҳам кўпроқ ўз-ўзини яхши кўради. Унинг ҳар қандай фидойилигини ҳам…
— Раҳмат, Маҳкам ака, — деди Нафиса қўлимдан суратни олиб. У қўлидаги суратларни альбомга жойлаб, альбомни қўлтиғига қистирганча, шаҳд билан уйга йўналди.
Давра бирдан сув қуйгандек бўлиб колган эди.
— Кўп ўтирдик. Энди бизга жавоб берсанглар, — деди ахийри уй эгаларига қараб аёллардан кимдир.
Шу гапни кутаётгандек, ҳамма гур этиб ўрнидан турди.
Мен ҳам Шариф билан кўчага чиқиб, йўлга тушдик. Негадир қабиҳ бир иш қилган одамга ўхшаб, кўнглим ғаш, кир эди. Айни сонияда ўзимни худци бегона тилда гаплашадиган одамлар даврасидан қайтаётгандек ҳис этар, гангиб қолган эдим.
Муюлишга етганимизда беихтиёр портладим:
— Нега индамайсан? Нима бўлди ўзи?!
— Сен қовун тушириб қўйдинг, оғайни, — ғудранди ёнимда миқ этмай келаётган Шариф. — Ахир, у Юсуф эди-ку…
— Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман. Қанақа Юсуф?
— Сен худбин деган йигит. Юсуф… Нафиса билан яқинда уларнинг тўйи бўлиши керак…
Кейин Шариф мен билан хайрлашди.
Уйда ўша кеча алламаҳалгача бўғилиб, тўлғаниб ётдим. Хижолатли бир ҳолатни туйиб эзилар, донолик қиламан, деб нодонликка йўл қўйганимдан азобланардим.
Йўқ, тонгга яқин қотиб қолибман, анча бардам уйғондим. Оқшом рўй берган бутун воқеани эслаб, менга энди қийналишим асоссиз, бемаънилик бўлиб туюлди. Аввало, мен Нафисанинг Юсуф билан муносабатини қаёқдан билибман, улар ўзи менинг бўйнимга арқон боғламаслиги керак эди! Бунинг устига, мен тўғрисини айтдим, масалан, саҳнага чиққан актёр хотинбозлар тўғрисида гапирганида, дейлик, залдаги бирон хотинбоз мендан ранжимасмикин, қабилида истиҳолага бориб ўтириши кулгили эмасми!
Шу йиллари кино соҳасидаги бир идорада ишлайман, беғам-бедард кайфиятда ишга бордим. Ҳар кунгидек қоғозларни стол устига уйиб ташлаб, ўз вазифамни бажара бошладим. Аммо…
Тушга яқин кутилмаганда эшик очилиб, хонага Шарифнинг тоғаси — Аъзам ака кириб келди. Мен уни кўриб, нақ жиноят устида қўлга тушган киши сингари юрагим орқага тортди.
Қизиқ жойи: Аъзам ака, аксинча, мен билан ҳар қачонгидан қуюқ сўрашди. У осойишта ўтириб олиб, об-ҳаводан нарх-навогача — турли нарсалар устида бафуржа суҳбатлашишга уринди. Афтидан, Аъзам ака худди кечаги кўрсатган ҳунарим учун менга миннатдорчилик билдиргани келганга ўхшар эди.
У ниҳоят мақсадга кўчаётгандек бўлди.
— Бир вақтлар йигитлар қизларни танлаб-топиб, харидорлик қилишган, — гапни узоқдан бошлади Аъзам ака. — Ҳозир бу иш қизларнинг гарданида, бировни топиб-маъқулласа — яхши, бўлмаса — юраверади. Йигитларнинг ғайрат кўрсатишидан умид кам. Ота-онага қийин… Мен буни айтишим ноқулай. Лекин Нафиса ёмон қиз эканидан уйда ўтиргани йўқ. Сиздан яширмайман, биз бировни ўзимиз топиб уни узатишни ҳам кўп ўйлаганмиз. Натижа чиқмаган… Бизнинг топганимиз унга ёқмайди, бўлмаса ёқтирганингни айт, деганимиз билан индамайди. Фақат яқинда мана шу Юсуф деган йигит…
— Айб менда. Мен билмай осийлик қилибман! — бошимни эгдим мардлигим тутиб.
— Йўқ, айб сизда эмас, — деб кескин тўхтатди мени Аъзам ака. — Сиз албатта билмагансиз. Ундан ташқари, холис фикри учун бировдан хафа бўлиш аҳмоқ одамнинг иши… Мен бошқа нарса… Нафисага шу Юсуф ёқдими, розилик бериб, тўйга тараддуд кўраётган пайтимиз…
— Эй, мен бари бир… — Ғудрандим виждон азобига ўхшаш ҳиссиётдан юрагим бурдаланган кўйда.
— Сиз менинг гапимни эшитмаяпсиз, — деди ўпкаланиб Аъзам ака. — Мен сизга шунчаки илтимос билан… Нафисанинг бизга уйда оғирлиги тушмайди. Фарзандимиз, минг йил юрмайдими! Лекин дунёда лафз, обрў бор. Олди-бердиси бошланган тўйни шагша тўхтатса, одамлар олдида маломатга қатиш мумкин. Ноқулай…
— Нима, Нафиса тегмайман деяптими? — паришонланиб сўрадим Аъзам акадан.
— Тегмайман деяпти. Ўзи топиб, ўзи энди қайсарлик қиляпти… Нафиса сизни ҳурмат килади. Сизга ишонади… Илтимос. Бизга ёрдам беринг. Қандай бўлмасин… Кўчамиз бошидаги касалхонани биларсиз, ёнида лаборатория. Нафиса ҳозир шу ерда ишлайди. Илтимос…
— Бўпти, мен ўзим у билан гаплашаман. — дедим Аъзам аканинг мақсадига тушуниб, бу одамлар қаршисида гуноҳимни ювгим келганидан ҳаяжонланиб.
Аъзам ака маҳзун илжайиб, менга гўёки таъзим қилмоқчидек эгилиб-букилиб хонадан чиқиб кетди.
Мен бир нафас гангиб ўтирдим. Кейин, тушлик пайтидан фойдаланиб, ваъдага биноан Нафиса билан гаплашиш учун касалхонага қараб жўнадим.
Нафиса ишлайдиган лаборатория атрофига темир панжара ўрнатилган касалхонанинг рўпарасидаги икки қаватли мўъжазгина бинода жойлашган эди. Шу кунга қадар бу ерга ишим тушмаганди.
Хўп, сўраб-суриштириб, кириб бордим. Мактаблардаги кимё кабинетларини эслатадиган, катта-кичик ҳар хил шиша идишлар қалашиб ётган хонада Нафиса қандайдир япасқи стол устига ҳорғин энкайиб ўтирарди. Мени кўриб, алланечук ажаблангандек, шу билан бирга суюнгандек бўлди. Ўрнидан туриб, менга дўстона кўл бериб, дераза орқали касалхона томон имо қилганча:
— Бировдан хабар олгани келганмидингиз? — деб сўради.
Ваъда берганимдан бошлаб хонага кириб Нафиса билан юзлашганимга довур бу кизга панд-насиҳат қилиш менга ҳамирдан қил суғургандек битадиган иш бўлиб туюлганди. Мана энди — унинг қаршисида турганимда, саросималаниб тиззам қалтираётганини сездим.
— Ҳа, албатта… — Чайналдим сўз тополмай. Аслида, ёлғон бўлса ҳамки, яна нималардир дейишим, теграда бир оз айланиб, беозор суҳбатга рағбат туғилгач, секин-аста дардимни ёришим керак эди. Лекин журъатим етмадими, сабрим чидамадими, ҳар қалай, шу ондаёқ қўшиб қўйдим: — Сиз билан икки оғиз гаплашмоқчи эдим.
Нафисанинг авзойи бирдан ўзгарди:
— Нимани? — деб сўради у сергакланиб.
Мен бу қизнинг ҳаёти, тақдирига беихтиёр аралашаётганимни, шунга тўғри келиб қолганлигани ўйлаб, баттар саросималандим. Узоқ чайналиб, мени кечиринг, кеча сизларникида кўрсатганим шунчаки ўйин, турмуш бошқа нарса, синглим, деган жўн гапни унга обдан уқтиришга уриндим. Нафиса менга алжираётган одамга қарагандек ҳафсаласиз тикилиб, асабийлаша бошлади. Ниҳоят, у дабдурустдан:
— Менга айтинг-чи, Юсуф ўзини кўпроқ яхши кўрадими, меними? — деб яна савол ташлади.
Бутун тоат-ибодат бир пул. Нафиса ўз билганидан қолмаётган эди. Мен мабодо Юсуфни айбласам, бу ерга келганимдан натижа чиқмаслигини, аксинча, йўқ, сизни, десам, бунга Нафисани ишонтиролмаслигимни ҳис этиб, бошим қотганча ғудранишга тушдим:
— Биласизми, муҳаббат доим ҳам…
— Қўйинг, Маҳкам ака… нима кераги бор, — деди Нафиса. — Мен ўзим унинг қанақалигини кўнглимда сезиб тургандим, фақат ифодалашга қийналаётгандим. Сиз кеча тўғрисини айтдингиз! — дафъатан менга у синчиков қаради. — Сизни ким юборди бу ерга?!
Мен ўзимни буткул йўқотиб, типирчилаб қолдим.
— Эй, мен… юрагим… — деб алланарсаларни ғулдирадим. Нафисанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Майли, сиз ҳам шу ниятда экансиз… мен розиман, — деди у. — Бўлдими? Кетинг энди… — Нафиса менга тескари ўгирилиб, дераза олдида шамдек қотди.
Мен хонадан секин сирғалиб чиқиб кетдим…
Маҳкам чуқур сукутга чўмди. Ҳозир — даврада унинг ҳам кўзларида ёш ҳалқаланган эди.
— Кейин-чи? Нафиса ўша йигитга тегдими? — сал туриб, секин сўради Замира.
— Ҳа, тез орада уларнинг тўйи бўлиб ўтди, — сўзида давом этди Маҳкам. — Тўғри, Шариф билан дўстлигимиз бузилмаганига қарамай, мен тўйга борганим йўқ. Мени ҳеч ким айтгани ҳам йўқ… Ярим йилми, бир йилданми кейин, Шарифдан, оғайнинг нега кўринмай кетди, деб сўрашган экан, у мени қўймай судради. Ўша кундан бошлаб олдингидек Шариф билан Аъзам акаларникига баъзан кириб чиқадиган бўлдим. Хонадонда ҳеч ким мен фолбинлик қилган оқшомни, рўй берган кўнгилсизликни эслаб менга таънакор боқмади — улар самимий кишилар эди!.. Мен Юсуф билан танишдим, кўп ўтмай маълум даражада дўстлашиб ҳам қолдик. У жуда ёқимтой йигит эди. Мен уни кўриб, ҳатто, вақтида унга баҳо берганимда ҳақ эмас эканман, деган қарорга келдим… Назаримда, Юсуф билан Нафисанинг муносабати ҳам ҳавас қилгулик эди. Иккиси икки гул, биридан бири хушбўй… Шу тахлит орадан кунлар кечиб, ошқозони жароҳатланган Шариф касалхонага — бу ҳам бир тасодиф, қарангки, Нафиса ишлаган лаборатория ёнидага касалхонага тушиб даволанишига, мен ундан уч-тўрт марта хабар олишимга тўғри келиб қолди. Эски мўъжазгина бинога қайтиб бош суқишим етти ухлаб тушимга кирмаганди, аммо Шарифни кўргани бир борганимда беихтиёр ўша томонга ҳам ўтдим.
Шарифнинг беморлигини билган Нафиса менинг кириб келганимга бу гал ажабланмади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, менга ўтиргани жой кўрсатди. Лекин ундан-бундан сўзлашаётиб, у кўзлари порлаганча, қизиқ гап қилди:
— Мен бир нарсани ўйлайман, Маҳкам ака. Тушунмайман… Нега баъзи одамлар ҳақиқатни айтгандан кейин чекиниб, ўзларини панага олишга уринишади? Тарихда терисини шилиб, гулханга ташлашганда ҳам сўзидан қайтмаган кишилар бўлган экан. Нима учун ҳозир биров жазога тортилмаслигага қарамай, ҳаммамиз қўркиб турамиз? Менинг фикрим шу, дейиш наҳотки одамдан катта журъатни талаб қилса?!
— Бу бизнинг томорқамизга отилган тош, — дедим гапни ҳазилга буриб.
— Йўқ, мен умуман… билмоқчиман, — деди Нафиса.
— Менимча, сиз бахтлисиз. Демак, бундай хаёлларнинг ҳеч қандай…
— Мен албатта бахтлиман, — деди Нафиса. — Биз ҳаммамиз ҳам тўрт девор ичида ўзимизча бахтлимиз, — кулиб, негадир қўшиб қўйди у. — Бари бир, билишим керак. Мардлик етишмаганига бирон сабаб бордир-ку, дунёда…
Нафиса шу куни гўёки менинг қаршимда ўтирган ҳакам эди. Мен унинг асосли гапига жавоб қилолмаслигимни, жавоб қилганимда ҳам, боридан кўра оғирроқ маломатдан кутулолмаслигимни ўйлаб, баданимдан совуқ тер чиқиб кетди.
— Мавриди келса, ҳозир ҳам мардлик қилади одамлар. Ҳамма нарса шароитга боғлиқ, — деб ғудрандим, баҳс тугади, дегандек ўрнимдан туриб. — Ундан ташқари, бунақа масалани дабдурустдан муҳокама қилиб бўлар эканми? Уйдагиларни сўраб қўйинг…
Мен Нафиса борасида осойишталангандим, шу суҳбатдан кейин қайтиб ғашланиб қолдим…
Маҳкам яна сукутга чўмди.
— Бўлган-бори шуми? Тамоммн? — безовталанди Келдиев.
— Сиз охирини айтмадингиз. Бу воқеа шундай оддий тугаши мумкин эмас, — деди куюниб Холида, кўзи остидан эрига қараб қўйганча.
— Қисқаси, улар бирга яшаяптими, қандай яшаяпти, гапиринг, дўстим, —тўнғиллади Қамбар, — ҳар қалай, воқеанинг охирида нуқта бўлиши керак…
— Тўғри, лекин… нима десам экан… охирини айтганимдан натижа чиқмайди, чунки бунга акл бовар қилмайди, — деди Маҳкам. — Қизларининг иродасига қарамай, ўз билганларича иш бичишганидан охир-оқибатда азобланибми, бошқа сабабданми, ҳарҳолда, уч йил ичида Аъзам ака билан хотини дунёдан ўтишди. Нафиса шаҳар этагидаги боғ-ҳовлида Юсуф билан ёлғиз қолди. Бирон йил ўтар-ўтмас, Нафисанинг ўзи ҳам бўғма касалига чалиниб, кўз юмди… Шундай қилиб, арзимаган давр ичида бутун хонадон барбод бўлди. Боғ ҳовли, йиллар давомида одамлар йиққан ашёлар, буюмлар, китоблар — ҳамма нарса Юсуфга буюрган экан, Юсуф эгаллаб олди. Лекин гап бунда эмас… Мен Нафисага тегишли маросим кунларида Юсуфни кузатиб, уни биринчи кўраётгандек, эс-ҳушим оғди. У Нафиса учун зўр бериб, намойишкорона изтироб чекар, аммо ҳаракатлари аниқ, қатъий, бир сўз билан Юсуф — ҳар қачонги ёқимтой йигит эди. Мен бу йигит Нафисани ҳеч қачон севмаганини ҳис этдим. Шу боисдандир, менга хонадоннинг бахтсизлиги оддий, табиий рўй берган кулфат бўлиб кўринса-да, аслида, бу ерда қандайдир яширин бир жиноят беркиниб ётгандек туюлди…
Маҳкам чўнтагидан рўмолча чиқариб, киприкларига инган ешни артди.
— У ҳозир ҳам ўша боғ-ҳовлида турадими? — деб сўради Замира.
— Ҳа, ўша ерда. Янги оиласи билан… Бошланишида айтганимдек, бу ҳаммаси беш-олти йил ичида содир бўлди…
— Менга қаранг, нима қилганда ҳам, сиз суратга қараб бу йигитга аввалдан тўғри баҳо берган экансиз-ку, — деди Келдиев. — Ҳаммаси сиз айтгандек бўлиб чиқибди. Шундай экан, нега ўзингизни бурдалаяпсиз?
— Бу киши сўзларида қаттиқ турмаганларига ўкиняптилар, — эрига тушунтириш берди Замира, шунинг баробарида, илмоқ ташлашга уриниб.
— Менимча, сиз баҳо бермаганда ҳам бутун воқеа шундай кечарди, — деди Холида. — Ҳаётда нималар бўлмайди…
— Мен кетма-кет иккита хатога йўл қўйдим. Аввало, ҳунар кўрсатмаганим маъқул эди. Кейин, сўзимдан қайтмаслигим керак эди, албатта, — деди Маҳкам ўйчан. — Йўқ, мен ўша оқшом тилимни тишлаганимда, воқеа бошқа шаклга кириши ҳам мумкин эди. Нима учун?! Бундай манзарани тасаввур килинг… Юсуф худбин эди, тўғри. Лекин биз ҳеч қайсимиз фаришта эмасмиз, бировга эҳтиётсизлик билан баҳо бераверишни ким қўйибди бизга?! Аввал ўзингга боқ, деган гап бор. Ҳар ким бошкдларга даҳолик килишни эмас, ўз қусурларини йўқотишни ўйласа! Ахир, ҳар биримизда ўзимизга яраша қусур топилади. Хўп, аллабир файласуф, одам — суюқлик, қайси шишага солсангаз, шунга мос шаклга киради, деган экан. Айтмоқчиманки, Юсуф қайнотаси Аъзам аканинг хонадонида — эзгу кишилар орасида, Нафисанинг муҳаббати туфайли ўзгариб кетиши ҳам эҳтимол эди. Нафиса уни худбин деб билиб, худбинлигани эслатавериб, чексиз муҳаббат кутиб, қийнаб, бу йигитни ўзгариш ўрнига баттар худбинликка томон суриб юбормадимикан?! Буниси майли… Аъзам ака, хотини ўз куёвларининг ёмон жиҳатини билишмаса, тўйни тинч ўтказаверишса, балки дард-алам кўрмай юришаверармиди?! Нафисанинг ўзи ҳам ортиқча қийналмасмиди?! Ҳаттоки, улар шундай ўлиб кетишганида ҳам, ўлим бостириб келгунича, бу хонадондагилар боридан кўра анча бахтли яшашармиди?! Иккинчи хато… мен сўзимдан қайтмай, тўй бузилганидан бутун ҳаёт бузилгани ёмонроқ, деб ҳақиқатдан чекинмаганимда ҳам, воқеа бошқача кўчарди… Қайсарланаётган Нафисага мен мадад бўлардим, Аъзам ака, хотини мендан инжишгани ҳам, маломат ҳам ўтарди-кетарди. Нафиса, эҳтимол, янада кеч бўлса-да, бир куни ўз бахтини топарди. Балки, бундай бахтсизлик рўй бермас эди… Мен ўша боғ-ҳовлида кўпчилик тўпланган оқшом нега маҳмадоналик қилиб, сурат ҳақида сўзландим?! Юсуфнинг сурати қўлимга текканида, нохушликни сезатуриб, ўзимни нега тўхтатолмадим — бунга нима халал берди?! Кўп ўйлайман… Эрка, Юсуфга нисбатан кўпроқ худбин эканлигимдан беихтиёр шунга йўл қўймадиммикан?! Ёки ҳаммасига Нафисани ўзимча бир оз ёқтирганим сабаб бўлдими?! Айтиш қийин… Бўлган-бор воқеа шу… Ўзларинг билганларингча тушуниб олаверинглар…
Даврада энди ҳамма нафасини ичига ютиб, мум тишлаб қолган эди. Маҳкам бехос ўрнидан қўзғалди, эшик ёнига бориб, кийинишга тушди.
— Ҳа, намунча бирдан… Кўлингизга альбом тутқазмаймиз, қўрқманг, — деди Холида давранинг руҳини ўзгартиргаси келибми, ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.
— Гап қўрқишда эмас… Қачон шу воқеани эсласам, юрагим ўйнай бошлайди. Бир ерда ўтиролмай қоламан, — деди Маҳкам жиддий. У эшикка йўналиб, остонада тўхтади ва орқага ўгирилиб энди бедардми, киноялими илжайди. — Ҳамма айтганларимга ишондинглар-а? Ҳолбуки, тихирлик қилаверманглар, деб мен буни хозир тўқидим, — ғудранди негадир. — Бировнинг уйидаги альбомни бошқа одамлар кўришининг нима ҳожати бор?! — Маҳкам хонадан чиқиб кетди.
Даврадагилар унинг изидан эшикка тикилиб, ҳеч нарсага тушунолмай анграйишди…

СУРАТДАГИ ЙЎЛБАРС

Рустам уйдаги ўзига тегишли дарсхонани йиғиш¬тираётган эди, турли қоғозлар орасида эски бир девор-календарга кўзи тушди. Календар уйга қаердан, қандай келган? Эсламади. Плакат шаклидаги катта, қалин қоғознинг пастки қисмида бундан анча бурунги йилнинг ой ва кунлари белгиланган, юқори қисмида йўлбарс сурати босилган эди.
Рустамни сурат беихтиёр қизиқтирганидан, у дар¬ҳол қайчи олиб, пастдаги ёзувни қирқиб ташлади, суратнинг ўзини эса қуйи деворнинг тўрига елимлаб қўйди.
Кейин, қилган ишидан мамнун бўлиб ёзув столи орқасида ўтирганича, рўпарадаги шакл-шамойилни томоша қила бошлади.
Рустам – шаҳарда туғилиб, шаҳарда ўсган йигит, – тирик йўлбарсни ҳеч қачон кўрмаган, болалик йиллари «Ҳайвонот боғи»да «мушуксимонлар оиласига мансуб» деб аталадиган сиртлонни, шерни, қоплонни сим-тўр олдида туриб кўрган, лекин йўлбарсни кўрмаган, битта-ярим китобда суратига кўзи тушган, холос. Сирасини айтганда, у йўлбарс билан арслон, қоплон билан сиртлоннинг унчалик бири-биридан фарқини ҳам билмайди. Мабодо боя қалин қоғоз пастида номи «Қизил китоб»га кирган йўлбарс, деб таъкидланмаган бўлса, Рустам суратдаги ҳайвонни шер деб ҳам ўйлаши мумкин эди.
Сурат яқиндан туриб олинганми ёки катталаштирилганми, ҳарҳолда, йўлбарснинг ости қизариб турган йўғон бурни ва очиқ-йирик кўзлари қараганинг заҳоти диққатингни тортар эди. Рустам суратга тикилганича, кўнглида ваҳмми-қўрқув туйди. Шу билан бирга, ажаб¬ланди. Одамлар «онгсиз ҳайвон» дейишади. Бунинг устига, йиртқич. Аммо башарасида, айниқса кўзларида шу қадар кўп маъно борки! Ана, сенга тик қадалган кўзларда бир ҳушёрлик ва бир эҳтиёткорлик, бир шиддат ғурури ва бир баёнсиз ҳасрат-мунг муҳрланган!
Рустам «томоша»ни тугатиб, стол устида ётган китобни эриниб варақлай бошлади. Эртага семинар! Тайёрланиш керак! Бу дунёда талабаларнинг тўқсон фоизига семинару имтиҳонлар доим бемаврид, ўз вақтидан олдинроқ келгандек бўлиб туюлади. Ҳаяжонланиб-шошганинг зўриққанингдан каллангга бир гап кирмайди.

* * *

Йўқ, у аста-секин дунёни унутиб ишга киришиб кетди.
Орадан оз вақт ўтдими, кўпми, бехосдан назарида, бир нарса ерга тўп этиб тушгандек бўлди. Ўрнидан сапчиб туриб қараса, столдан нарида, хона ўртасида мушукдек ағдарилиб бошини қийшайтирган йўлбарс ётибди. Рустам деворга қаради, девордаги сурат йўқ¬ол¬ган эди.
– Ие, сен суратдан чиқиб пастга тушдингми? – деди Рустам ҳайрон бўлиб.
Уни баттар ҳайрон қолдириб, йўлбарс одамга ўх¬шаган тилда:
– Анчадан буён туз тотганим йўқ. Қорним оч, – деди.
Рустам ҳовлиқиб ошхонага борди. Ойиси овқатга уннаётган экан.
– Уйда гўшт борми, ойи?
– Гўштни нима қиласан?
– Керак.
Рустам музлатгични очди, тахминан икки килога яқин гўшт бор экан, идиши билан кўтариб дарсхонага қайтиб келди. Йўлбарс энди ўрнидан қўзғолиб чўкка тушган, ҳаво етмаётгандек оғир нафас олаётган эди. Лаҳза ичида ярим чайнаб, ярим ютиб гўштни еб қўйди. Кейин, керишиб-силтанганича, эшикка йўналди.
– Қаёққа?
– Бироз югуриш керак. Ҳазми таом, – деди йўл¬барс.
Рустам энди йўлбарсни ўзиники деб билганидан, ёлғиз кўчага чиқаргиси келмади. Апил-тапил кийиниб, эшикка йўналди.
Йўлбарс йўлакдаги зиналарни кўрдими-кўрма¬дими, кўздан ғойиб бўлди. Рустам «кетиб қолди» деб ўйлади. Бироқ пастга тушса, ҳовлида югуриб юрган экан. Шу сонияда бошқа бир ҳолатдан Рустамнинг капалаги учди.
Уларнинг уйи ва рўпарадаги уйнинг тўрттала қа¬ватида ҳам барча деразалар ланг очилган, чала кийинган эркаклар-у, сочлари ғижимланганми-тўзган хотин¬лар саф чеккан эди. Рустамни кўриб эркак-аёл ба¬равар айюҳаннос сола бошлашди:
– Одамларда уят йўқ. Каталакдек уйда мушук тутишгани гўрга, ит ҳам боқишаяпти…
– Ит нима, тошбақадан илонгача уйга олиб киришган…
– Мана, йиртқичларга навбат етибди. Хўп, сенга катта ҳайвон керак бўлса, масалан, туя ёки филни етаклаб юрмайсанми?
– Биз бундан буёғи қўрқиб, қафасдаги қушдек, уйдан чиқолмай ўтирар эканмиз-да?
Рустам пайқади – даҳшатли жойи, унинг жонажон ойиси ҳам дераза олдида пайдо бўлган, бир ёлвориб, бир бақираётган эди:
– Отанг билан қўшмозор бўлгур, жон болам. Кап-катта йигитсан. Бу ҳайвон уйга қаёкдан келиб қолди?
Рустамни ғам босди. Бир томондан, қутидек териб чиқилган кўпқаватли уй шароитида атрофдагилар билан ҳисоблашмай иш тутиш яхши эмас. Лекин иккинчи томондан, сеники бўла бошлаган ҳайвонни «ортиқча экансан» деб ёнингдан ҳайдаб юбориш керакми?
У нима қилишини билмай, ўзини ёмғир остида кетаётган ёки тўғрироғи, тошбўрон қилинаётган кишидек сезиб, ҳовлидан катта йўл томон юрди. Бир маҳал йўлбарс эргашиб, ёнида бораётганини кўрди. Инсон ва ҳайвон – икковлон кўча айланиб қайтиб уйга киришадими? Йўлбарснинг сайр қилишдан ташқари, кўчага чиқишдан бирон мақсад-муддаоси борми? – Рустам тасаввур қилолмаётган эди. Умуман, уйга ҳам, ҳовлига ҳам аввалдан сиғмаган, сиғмайдиган махлуқнинг бундан кейинги тақдирини ўйлаб, қандайдир чора топишга тўғри келмасмикан? – у ташвишланаётган, бу ҳам унга номаълум эди.
Айни ёз. Туш пайти. Офтоб ловуллаб ёнаётган, ўт пуркаётган эди. Бундай паллада одамлар аксари уйида эшикни беркитиб ётишга уринади. Кўчага чиққанда ҳам, соя-салқин бир жойда ором олишга ҳаракат қилади… Шунга қарамай, кўчада одам кўп, арава минганлар ўз йўлига, пиёдалар ғужғон ўйнаган.
Рустамнинг ёнида йўлбарсга кўзлари тушиб, улар тўп-тўп ҳар ёққа қоча бошлашди. Кейин, атрофдаги уйлардан турли идора биноларигача ҳаммаёқда яна деразалар ланг очилиб, эркак-аёл айюҳаннос солишга тушди. Кейин, бир машина қуролланган аскар келди.
– Қочишим керак. Булар учраган ҳайвонни тинч қўймайди, – деди йўлбарс одамга ўхшаган тилда Рустамга.
Кейин, югуриб-сакраб, шамолдек учиб, аскарлар милтиқ ўқталишга улгурмай, аллақаёқларга кетиб қолди… «Ҳайвонот боғи»га бориб ўзи «таслим» бўлдимикан? У ерда овқат бор, жон ҳам сақлаш мумкин. Бироқ эркинликка ўрганган ҳайвон учун у ер – одамлар учун қамоқхонадек гап. Балки бирон яланг саҳрога ёки бирон сокин тўқайзорга ва ёки бирон тоғлардаги ўрмонзорга боргандир? Одам боласи ёнингдаги ҳайвон қаёққа кетгани-ю, қаерда юрганини
билмайсан!

* * *

Рустам саросималаниб, уйга қайтишни мўлжал¬лаётган эди, шу аснода биров оғир панжасини унинг елкасига қўйди. Бурилиб қараса, бир кунлар дадаси ишлаган, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганидан ҳалокатга йўлиққан қурилиш идораси бошлиғи – Фармон ака деган киши. Ўшанда, дадаси ўлганида, бу одам уларнинг уйига келган, бир боғлам пул ҳам келтирган, ўзича ғамхўрлик, меҳрибонлик кўрсатгандек бўлган эди.
– Тўхта! Оббо! Рустамбой эмасмисан? – деди бошлиқ жиянини учратган тоғадек илжайиб. – Юр. Менинг уйим шу яқин жойда, кўриб қўй.
– Бошқа кун, амаки, – деди Рустам.
– Юр. Юр. Уялма. Уйни кўриб қўйсанг, керак бўлганида келаверасан.
Рустам илож-ноилож Фармон аканинг изидан йўл¬га тушди. Чиндан дам ўтмай серҳашам бир ҳовлига кириб боришди. Фармон ака олди айвон иморатга имо қилиб киравер, деганича ўзи бошқа бинога кириб кетди.
Рустам қисиниб айвонга кўтарилди. Эшикни очиб ичкари кирди.
Кирди-ю, тош қотди.
Хона ўртасида, ЯЛ-ЯЛ гиламлар орасида пўстак қабилида тулуп – ҳайбатли иўлбарснинг боши билан бирга шилинган териси ётар эди.
Бу – бошқа бир йўлбарс (балки, арслон, балки, қоплон) эди. Лекин Рустам ўзи ҳозиргина кўчада йўқотиб қўйган, шунга қарамай, уники бўлиб қолаверган йўлбарс…
қайсидир саҳродами,
тўқайзордами,
тоғлардаги ўрмондами
отиб ўлдирилган, сўйилган –
ўша йўлбарс бўлиб туюлди.
«Йўлбарс боласини тутмоқ учун йўлбарс уясига кирмоқ керак». Бир китобда буни мақолми, иборами дебди. Бировнинг боласини тутмоқ, уясига кир¬моқ¬¬¬¬¬дан даҳ¬¬шатлироқ ҳол борми? Одамлар қа鬬си маънода тў¬қи¬ган бўл¬са экан?
Ер юзидаги табиий зилзила-ю, тошқинлар, ён¬ғинлар, инсонга тегишли портлатишлар, босқинлар ва булардан аллақаёқларга қочиб бораётган катта-кичик ҳимоясиз ҳайвонлар – улар орасида йўлбарс ҳам, Рустамнинг хаёлида яхлит манзара касб этди.
Рустам хонадан югуриб чиқиб, кўчага отилди. У ҳеч кимга аҳамият бермай, ўзининг аҳволига ҳам парво қи묬¬май кўчада кўзларидан ёш оқиб, шамолдек учиб, унсиз йиғлаб борар эди.

* * *

Шу алфозда уйга қайтиб келди. Дарсхонага кириб, ҳар қачонги ўрнини эгаллади. Орадан қанча вақт ўтди, билмайди, эшик тақиллаётгандек бўлди. Биров қўнғироқ тугмасини босмаган, эшикни ҳам юқори қисми эмас, пастки қисмини бир маромда тўқ-тўқ уришдан тинмаётган эди. Рустам ажабланганича бориб эшикни очди. Йўлбарс қайтиб келибди. Жонивор бош уриб «эшик қоқаётган» экан.
– Ҳеч ерга сиғмаяпман. Чарчадим, – деди.
– Кел. Кир. Эй… – деди Рустам ҳаяжонланиб-суюниб.
Йўлбарс ичкари кирди. Хона ўртасида чўзилиб, оғзини катта очганича хириллаб эснади.
Рустам ўз ўрнига ўтиб ўтиргач эса… шифтга томон енгил бир сакраб… девордаги қалин қоғозга жойланиб олди.

ЁЗИЛМАГАН ҲАЁТ

Ёш ёзувчи Исмоилга поччаси Сайфулла ака:
— Фарғонага бир бормоқчиман. Довондан ўтиб. Ҳеч кўрмаганман, — деди. — Қўйлиқдан тўрт-беш соатлик йўл экан.
— Машина тутиб нима қиласиз? Ўзим оббораман, — деди Исмоил.
Сайфулла ака Қўйлиқдан ичкарироқда, қишлоқда яшар эди. Ёшликда табелчи, сувчи бўлган, кейин анча йил почтада ишлаган. Олдин эшакда, кейин “шайтон-арава”да хат, газета-журнал ташиб умри ўтган эди. У букирми-қийшиқми, Квазимодага ўхшаган бесўнақай киши. Лекин ўша, Квазимодага ўхшаб муҳаббатли қалби бор эди. Исмоил уч йилча бурун баҳорда опаси Роҳиланинг қабри бошида почча билан ёнма-ён турганида, унинг кўзлари нурланиб кетган, алланечук ширин хўрсиниб:
— Яна бир оз яшамади-да! — деган, ўша сонияда бизнинг ёш ёзувчимиз булар фақат эр-хотин эмас, орада катта бир муҳаббат ҳам бўлганини ҳис этган эди.
Роҳила дунёдан ўтгач, Сайфулла ака қайтиб уйланмади. Муҳаббатдан ташқари, афтидан, хотинига тегишли жигарлардан узоқлашгиси келмади. Шу боисдандир, у ҳам бу томондагилар учун “ҳар қачонги почча” бўлиб қолаверган эди.
Фарғона сафари ҳақидаги гапдан бир ҳафта ўтгач, улар йўлга чиқишди.
Аввалида, машина Қамчиқ довонига яқинлашгунича индамай кетишди. Сайфулла ака ўзи камгап эди. Исмоил эса йўлга тикилиб, хаёл суриб борарди. Довон бошлангач, у бехос жўшди:
— Олдинлар бу йўл тор, хатарли эди. Қишда бутунлай ёпиб қўйишарди. Бир гал туманда, яна машина бузилиб қолиб, роса овора бўлганман. Энди машиналарни қаранг! Гўё шаҳар ичида юрибди! — Исмоил бироз тин олгач, сўзини давом эттирди. — Атрофнинг гўзаллиги! Одамлар Швейтсария дейди. Мана, сизга Швейтсария!
— Ҳа чиройли, — деди Сайфулла ака тоғларга қараганича. Кейин хижолат чекиб, қўшиб қўйди: — Сиз доим бандсиз. Сизни ёзишдан қолдирдим.
— Эй, ишим яхши. Ёзишдан олдин ўйлаш ҳам керак, — деди Исмоил. — Ҳозир ғалати бир нарсалар устида ишлаяпман.
Унинг шапалоқдек иккита китобчаси чиққан, уларни поччага берган эди. У поччаси ақлли эканлигини биларди. Зероки, афти-ангорини кўриб хунукми-тасқарами, деса бўлаверадиган бу одамни қишлоқда ҳурмат қилишарди. Лекин почча ҳаёт шароити мажбур қилиб, еттинчи синфдан нарига ўтмаган. Савод даражаси қандай — Исмоил билмас эди. Берган китоблари ҳақида, у ўқимаган, майли, опамнинг эри бўлгани учун бердим, ўзи вақтида тарқатган газета-журналлардан биронтасини ҳам ўқимаган бўлса керак, деб ўйлар эди. Шундай фикри борлигидан, шу кунлар “қоғозга тушаётган” бир воқеани Исмоил, болага эртак айтгандек “соддароқ” қилиб Сайфулла акага айтиб беришга тутинди. Айтмас ҳам эди-ку, йўлда суҳбат иштиёқи унинг тили тугунини ечворди.
— Бу ривоятми, шунақа… Қадимда бир бой бўлган экан. Хотини ўлган… кечирасиз! — фарзанди йўқ экан. Ўлишидан олдин бир жума куни масжидга чиқиб, мусулмонлар, дунёдан ўтганимда ким мен билан бир кеча қабрга кириб ётса, йиққан тилламни битта қолдирмай, ўшанга беринглар, деб эълон қилибди. Бой кўз юмгач, жуда камбағал бир йигит ўртага қўйилган шартни бўйнига олиб, тобутнинг олдига тушибди. Бошини эгиб кетаётса, ерда ётган қандайдир арқонни кўрибди. Шунчаки илиб, белига боғлабди. Қисқаси, жамоа бойни гўрга жойлаб, ҳалиги йигитни ҳам туйнукдан киритиб юборибди. Тош босиб, тупроқ тортишибди. Кўп ўтмай, йигит қараса, рўпарада Мункар-Накир туришибди. “Булар иккита экан” — дебди Мункар. “Ёшидан бошлайлик” — дебди Накир. “Йўлда ётган арқонни биров тушириб қолдирган эди. Сеники эмасди. Нега олдинг?” — деб сўрабди Мункар. Йигит чайналган экан, Накир бошига гурзи билан туширибди. Эрталабгача шу арқон устида сўз борибди. Йигит неча марта яксон бўлиб, неча марта ўз
ҳолига қайтибди. Эрталаб қабрни очишса, йигит чиқа солиб, дуч келган томонга қараб қочибди. Уни тутиб, нега бундай қиляпсан, деб сўрашса, бир қулоч арқон учун кўрганимни-кўрдим, қочмасдан тиллани олсам, ўлганимда бунга қандай жавоб бераман, дебди…
— Яхши ҳикмат экан! Баракалла! — деди почча. — Лекин нотўғри.
— Нимаси нотўғри? — деб хафа бўлди Исмоил.
— Кўп жойи…
— Буни халқ тўқиган.
— Халқ катта. Ҳар кимнинг гапи ҳар хил. Мулланинг гапи бор. Бойнинг гапи бор. Камбағалнинг… Ана, камбағаллик айб эмас, дейди. Буни бойлар тўқиган. Камбағал чидасин, норози бўлмасин, деб… Халқ доно! Лекин гап доим ҳам ҳаётга мос чиқавермайди…
— Айтаверинг, почча, — деди ажабланиб-саросималанган Исмоил энди хафалиги тарқаб. — Мен учун муҳими, ривоят.
— Ҳа, албатта, — деб ўйга чўмди Сайфулла ака. — Ривоятда мол-мулкка ҳирс қўйма, омонатга тегма, мазмунида ҳикмат келган. Лекин гапнинг тагида бой бўлгандан камбағал бўлган маъқул, қабилида маъно ҳам ётибди. Буниси тўғри эмас. Дунёда ҳамма тўқ-тўкин яшашни истайди… Бой учраган кишига бойлигини қолдирмайди. Гўрига кириб-чиқса ҳам! Биз эшитганмиз, бойлар кўпинча ўлаётиб ҳам, мол-мулкини бир жойларга беркитган. Кўмган. Бойликка бепарво, сахий, валломат киши ҳам! Йигит қабрга кириб ётгани ёлғон. Минг дийдаси қаттиқ бўлмасин, юраги ёрилади. Ўлган деб адашиб тирик кўмилганлар ҳам тезда чиқишга уринган, чиқолмаганига юраги дош бермаган. Кечаси қабристондан ўтганида қўрққанидан ўлган қанча! Йўлда ётган арқонни олган йигитнинг тиллага қарамаслиги бўлмаган гап. Бойлик қўлга киришини била туриб, бундан кечган одам девона ёки авлиёсифат бўлиши керак. Одамнинг фожиасими, бахтими, азобдан қутулибоқ азобни унутиши! Азоб билан бола туққан она уч кунда буни унутади..
. Мункар-Накир аҳмоқ эмас, тирикни ажратолмайдиган. Улар жон ҳам ато қилолмайди. Бу — ўлиш билан тирилиш, ёлғиз Худога тегишли!
Исмоил поччасининг фикрлари баҳсли, ривоят шубҳасиз, олимлар айтган “шартли ҳолат” тарзида “яшашга ҳақли” эканлигини ўйлади. Аммо бир томондан, буни энди бор-борича ёзолмаслигига қаноат ҳосил қилган, иккинчи томондан, Сайфулла аканинг “саводи даражаси”ни ҳис эта бошлаган эди.
— Эшитинг. Бошқаси. Ҳозирги ҳаёт, — деди Исмоил. — Мана шу Қамчиқ билан боғлиқ, — унинг овози, кайфиятидан ёзаётган “замонавий” воқеа поччага ривоятдан кўра кўпроқ ёқишига умидланаётгани сезилиб турарди. Аксар ёш ёзувчилар каби у “асар”ига биров фикр билдиришини истар ва эътирозли фикр чиқса, дарҳол “оқланишга” тушар эди. — Корчалон бир бошлиқ қўли остида ишлаган Суюн ва Даврон деган икки йигитни хонасига чақиради. Довондан ўтиб, Данғарагача борасизлар, дейди. У ердаги бир кишининг исми, турар жойи мана бу қоғозда белгиланган, бу халтада иккита бўлка нон, дейди. Шуни ўша одамга берасизлар, кейин Тошкентга қайтиб келверасизлар, дейди.
Йигитлар дарҳол машинага минишади. Данғарага етиб бориб, қоғозда белгиланган Шоҳид деган кишининг уйини топишади. Халтадаги иккита бўлка нонни унга беришади. Шоҳид уларни зиёфат-зарофат қилиб, Тошкентга жўнатади. Лекин, йигитлар бошлиқ буюрган бу ишнинг маъносига тушунишмайди. Бориб-келгунча йўл давомида шу ҳақда ўйлашади. Суюн Давронга, Даврон Суюнга оғиз очмайди. Иккиси ҳам уйига кела солиб, хотинига юрагини очади. Суюн, хотин, шунақа-шунақа бўлди, дейди. Мен тушунмадим, дейди. Бошлиқ Ҳусниддинов бекорга бир ишни қилмайди, бу ерда аллақандай сир бор. Хўп, нега шунча йўл босдик? Нон йўқми у ерда? Дўкону бозорда тахланиб ётибди. Шоҳид иккита бўлка нонга муҳтожми? Данғиллама уй-жойда турибди, дастурхони шоҳона. Адашмасам, биз жиноий бир ишга аралашиб қолдик, хотин, дейди. Даврон ҳам, хотинжон, шунақа гаплар, дейди. У Суюндан ҳам кўра кўпроқ мулоҳазага берилади. Худо урсин, ноннинг ичида бир нарса бор эди, дейди. Махфий хатми? Қимматбаҳо буюмми? Қорадор
ими? Тўппончами? Қуруқ нонни машина бериб, бизни овора қилиб, Ҳусниддинов шунча йўлга юбормайди-ку! Мен тушунмадим, хотинжон, дейди… Икки кундан кейин, Шоҳид идорага келиб, Ҳусниддинов билан анча суҳбатлашиб кетади. Олти ойдан кейин, Ҳусниддинов бошқа обрўли ишга ўтади. Унинг ўрнига Шоҳид бошлиқ бўлиб келади. Янги бошлиқ тез орада Суюнни бу идорага алоқасиз бир, Давронни иккинчи ишга ўтказиб юборади. Шу билан сирли ишнинг, гапнинг думи тугилади…
— Яхши. Қизиқарли экан! Ибратли! — деди почча. — Лекин нотўғри.
— Нега?
— Булар иккисининг ҳам таъби нозик, — деганича узоқларга тикилди Сайфулла ака.
— Суюн билан Давронми?
— Йўқ. Ҳусниддинов билан Шоҳид! Ҳар қандай идора бошлиғи ёки бадавлат кишини корчалон, муттаҳам деб ўйлаш тўғри эмас. Улар ишнинг кўзини билиб, кўпчилик учун аҳамиятли-фойдали ишлар қилиши мумкин. Асоссиз шубҳаланиб, бировни жиноятчига чиқариш хунук таассурот қолдиради.
— Буни айтган киши ёлғон гапирмайди, — деди ялингудек ҳолда Исмоил.
— У тушунмаган. Йигитларга ўхшаб! Нон оддий нон, ичида ҳеч нарса бўлмаган. Эси бор бошлиқ махфий хатни ёқтирмайди. Керакли гапни ёзса, йигитлар орқали ҳам юбораверади, улар хатни очиб ўқимаслиги аниқ. Қимматбаҳо буюм доим қўлдан-қўлга берилади. Тартиб шу. Қорадори, тўппонча, ҳозир бунақа ҳунарлар кетмайди. Постда турган назоратчилар дарров ушлайди. Қонунни бузишга йўл қўймайди.
— Бўлмаса, сир қаерда? — деб сўради Исмоил.
— Олдинлар ҳам бу воқеалар рўй берган. Эски бир бой янги бир бойга ёки катта бир бек кичикроқ бекка иккита зоғорами, қотган патирними, юборган. Бунинг маъноси: “Сен бизнинг нонимизни еб одам бўлганингни унутмаяпсанми? Кўзингни оч!” деган гап…
Исмоил яна поччасининг фикрлари баҳсли, воқеани қайси шаклда “қабул қилиш” ўқувчининг ихтиёрида эканлигини ўйлади. Муҳими, болалигидан ўзи кўриб-кузатиб юрган Сайфулла акани “танимаган-билмаган”лигини ҳис этди. Кўнглида бу оддий, камтар инсонга нисбатан меҳри ошди.
Йўлда неча бора, сизга берган китобларим-чи, уларни ўқиганмисиз, уларда ҳам “кўп жойи нотўғри”ми, деб сўрагиси келди. Аммо сўрамади. Қўрқди…

Манба: www.ziyouz.com

(Tashriflar: umumiy 73, bugungi 1)

Izoh qoldiring