O’rinboy Usmon. Adabiyot uchun yaralgan inson & Shukur Xolmirzayev. Tabassum

043     Шукур ака, мен Сиз билан ҳеч қачон юзма-юз ўтириб суҳбатлашмаганман. Лекин аслида Сиз билан жуда кўп марталаб суҳбатлашганман. Бу суҳбатларни унутиб бўлмайди. Ҳеч қачон! Айни шу суҳбатлар мени адабиётга бўлган меҳру муҳаббатимни кучайтирган, ҳикоя ёзишга ундаган, ижод жараёнида қандайдир бир талабчан, лекин меҳрибон ўткир нигоҳ кузатиб турганини ҳис эттирган…

Ўринбой УСМОН
АДАБИЁТ УЧУН ЯРАЛГАН ОДАМ
ё Шукур Холмирзаев билан суҳбат
002

002 Шукур ака, мен Сиз билан ҳеч қачон юзма-юз ўтириб суҳбатлашмаганман. Лекин аслида Сиз билан жуда кўп марталаб суҳбатлашганман. Бу суҳбатларни унутиб бўлмайди. Ҳеч қачон! Айни шу суҳбатлар мени адабиётга бўлган меҳру муҳаббатимни кучайтирган, ҳикоя ёзишга ундаган, ижод жараёнида қандайдир бир талабчан, лекин меҳрибон ўткир нигоҳ кузатиб турганини ҳис эттирган…

Сиз билан бу галги суҳбатимга синглингиз Раъно опанинг яхши бир иш бошлаганликлари сабаб бўлаётир. Раъно опа Сиз, ижодингиз ҳақида китоб тайёрлаётганликларини айтиб, Шукур акамлар ҳақида кўп гапириб юрасиз, бирон нарса ёзиб бера олмайсизми, деб қолдилар. Мен Раъно опага бунинг учун вақт беришларини, чунки Шукур Холмирзаев ҳақида шунчаки бир нарса ёзиб бўлмаслигини айтдим…

Шукур ака, Сиз билан дастлабки суҳбатим ҳали мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ юз берган. Ўша пайтлар дуч келган китобни ўқийдиган, журнал ё газетада босиладиган янги асарларни муштоқ билан кутадиган болалар эдик. Масалан, яхши эсимда, Худойберди Тўхтабоевнинг «Япроқлар қарсак чалади» қиссаси босилаётган «Ленин учқуни» газетасининг янги сонини сабрсизлик билан кутардик. Мопассаннинг ҳикоялар тўпламини акаларимдан яшириб ўқирдим. Шолоховнинг «Тинч дон» эпопеяси давомини ўқиш учун уни кутубхонадан бир қиз олиб кетганини эшитиб, хафа бўлиб қайтганимни унута олмайман…

Худди ана шу ўқувчилик пайтимда «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» қиссангиз машҳур бўлиб кетди. Уни ўқимаган бирон йигит-қиз қолмади дейман-ов. Ҳатто онда-сонда қўлига бир китоб оладиган тенгдошларим «Ўн саккизга кирмаган ким бор?»ни қидириб юришарди.

Шукур ака, ўша йиллари Сизнинг ҳажми кичик, лекин салмоғи жуда катта ҳикояла-рингиз босилиб чиқди. Бу ҳикояларни ўқиб, мен Сиз билан хушманзара тоғлар, овчи ниятидан бехабар какликлар, кўнгли тоза, содда, ҳаммага ишонувчан кишилар ҳақида суҳбатлашардим. Бу суҳбатлардан сўнг ўша тоғларга кетгим келарди. Қайси бир инсофсизнинг йўлини тўсгим келар, қўлидаги милтиқни синдириб отишни истардим. «Нотаниш одам» қаҳрамони каби одамларга яхшилик қилгим келар, совуқда қолиб, қийналган пайтларида кимдир тайёрлаб қўйиб кетган ўтин тафтида исиниб, роҳатланишларини истардим.

Шукур ака, Сизнинг ҳикоя бошиданоқ ўқувчини эргаштириб кетиш маҳоратингизга қойил қолардим. «Нотаниш одам»нинг биринчи жумлаларини ўқиган одам беихтиёр воқеа ичига кириб кетади. «Овга бораётган эдим, ҳаво айниди. «Баҳор ҳавоси-да, бир севалаб ўтар», деб кетавердим. Бироқ сал ўтмай ёмғир шундай қуйиб бердики, бирпасда уст-бошим ҳўл бўлиб, баданимга ёпишиб қолди. Шунда, турган еримдан икки юз қадамча нарида жар ва жарга тушаверишда овчилар, йўловчилар қўниб ўтадиган камарча борлиги ёдимга тушди. Жарга яқинлашишим билан шувоқ иси аралаш тутун димоғимга урди. Камарга кирдим. Ўртада гулхан ёнар, четроқда оқчил чакмон кийган, ўрта бўй бир киши эшагининг айилини бўшатарди,» жумлалари билан бошланади бу ҳикоя.

Нотаниш одам камарга кирган овчи йигит олдига борини тўкиб ташлайди. Лекин йигит юрагида унга нисбатан бир гумон кучаярди. «Чакмоннинг ёқасини кўтариб, бошини қоплади, камардан чиқди. Сал ўтмай ярмиси ҳўл бир қучоқ ўтинни кўтариб кирди. Уни камарнинг тўрроғига элтиб ташлади-да, менга қарамай, «исина беринг», дея яна чиқиб кетди. «Исина беринг? Оловини миннат қилганими!» Пиджакни кийиб, ўрнимдан турдим. Камардан чиқарканман, нотаниш одамни кўрдим. У пастда, сойнинг ёқасида югура-ела, дарё тошқини тошларнинг тагига тиқиб ташлаган шох-шаббаларни терарди. «Ҳа, пишиқ одам. Бу ўтинларни уйга олиб кетади. Эшагиям тайёр».

Кўп ўтмай, йигит ўзининг шубҳали хаёлларидан уялиб кетади. У одам ўтинни уйига олиб кетиш учун эмас, бошқа бир йўловчилар совуқ ҳавода ўт ёқиб исинишлари учун ташиб келган экан. Ёмғирда ивиб! Буни ўзбекона характер дейдилар!

Ҳақиқий тоғ одамининг характери! Кичик ҳажмли бу ҳикоянинг ёзилганига бундай ҳисоблаб қарасам, эллик олти йил бўлибди. Замон ўзгарди, замонни ўзгартирган бошқа одамларга қўшилиб, кўпчилик ўзгарди. Лекин ҳалигача фақат ўзини эмас, балки бошқаларни ҳам ўйлайдиганлар, бунинг учун ўзини ўтга-чўққа урадиган инсонлар бор! Шукр!

Шукур ака агар таъбир жоиз бўлса, ўзбеклар қалбини тасвирлашга, борлигича инъикос эттиришга интилиш Сизнинг жуда кўп ҳикояларингизда баралла сезилиб туради. Буни айниқса «Ўзбек характери» ҳикоясида кўриш мумкин. Бу ҳикоя «Нотаниш одам»дан сўнг 28 йил кейин ёзилган. Келинг, аввал ҳикоя охиридаги жумлаларни келтирайин:

«Ишонасизми, автобусга ўтирганимдан кейин совуқ ойнадан лайлакқорга қараб йиғлар эдим: ана шу ўзбекларнинг бағри кенглиги учун, не-не қийинчиликларга, фақирликка қарамай, феъли тор бўлмаган, ажиб-афсонавий меҳмондўстлиги инстинкт каби мавжуд қолгани учун… ичимда, ич-ичимдан қувониб йиғлардим».

Мен бу ҳикояни биринчи марта ўқиганимда ич-ичимдан юлқиниб чиққан алам аралаш қувонч кўзларимни тинч қўймаганди. Шукур ака, йиғланг, йиғлайверинг, худди ана шу оддийгина чўпон, унинг хотини, ўғли — Абдуқодир кабилар борлиги учун ўзбек ўзбеклиги-ча турибди, дедим хўрсиниқни енгиб. Йўқолган қўзисининг қолдиқларини тўқайдан топ-ган Ботир чўпон ҳеч қачон бу ишни одам боласи қилган дея хаёлига келтирмаган. Ўрмонжон, Азимжон, Мирзағолиб каби ҳамма нарсадан нафсини устун кўрадиган, бағрикенг инсоннинг тузини еб, тузлуғига тупуриб кетадиган қорин қулларига яна қўй сўйиб зиёфат берадиган одамлар қайси замон бўлмасин, ўзбекнинг номини баланд тутиб тураверишади. Ва яна улар, Шукур ака, сиз каби – мен ҳикояни сўзлаб бераётган талаба йигит — Эргаш гарчи археолог бўлса-да, уни Сиз деб қабул қилганман, ҳалол, покиза инсонлар дастурхонидан тотинмасалар, ахир, чўпоннинг чурук яшаётганини кўриб, унинг тўкиб ташлаганлари томоғидан қандай ўтсин, юрак-юракларидан хафа бўлишади. Мен қуйидаги сатрларингизни ўқиганимда титраб кетганман:

«У киши ҳамма билан қўл бериб хайрлашди-да, менга қолганда, бурилиб кетди. Шунда аёли ҳам хўшлаша бошлади. Қадоқ қўлларининг учини бериб хўшлаша-хўшлаша менга етганда, уям бурилиб кетди.

Мен титраб-қақшаб уларнинг олдига бордим.

— Ботир ака, опа… мен сизларни жуда яхши кўраман, — дедим. — Хафа бўлмангизлар.
— Йўқ, сиз бизни яхши кўрмайсиз, — деди хотини. — Бошдан ёмон кўриб эдингиз.

— Рост, ука. Писанд қилмадингиз бизни, — деди шунда чўпон ҳам. — Анави йигитлар бошқача…
— Ахир мен сизларни жуда-жуда ҳурмат қиламан.

— Бекор гап, — деди аёл.
— Ҳа, — деди эри.

Абдуқодир менга ётсираб қараб турарди.
— Шунақа».

Шукур ака, сиз чўпон ва оиласини меҳр билан тасвирлайсиз. Лекин мен поккўнгил ўзбекларнинг ҳали-ҳамон яхши ва ёмонни ажрата олмаётганликларидан куйиниб кетаман. Ҳалигача аслида дастурхон тўкин бўлиши, меҳмонлар саралаб-саралаб ейишлари учун қарзга бозор қилиб, меҳмон кутадиган инсонларни қуюқ зиёфатни еган кунларининг эртасигаёқ бутунлай унутиб юборадиган каслар борлигидан куйиниб кетаман, Шукур ака.

Бу тоифа одамлар ҳа, «ўзбек характери»да тасвирлаганингиз Ўрмонжон, Азимжон, Мирзағолиблар аслида ўзбекмиканлар? Ўзбекман деб кўкракка уриш бошқа-ю, ўзбек бўлиб қо-лиш бошқа экан-да! Биламан, шоли курмаксиз бўлмайди. Лекин курмаклар ҳаддан ташқа-ри кўпайиб кетмаяптимикан? Тўғри, сиз ўша нафс бандаларининг ҳам одамийликни бутунлай унутмаганликларини эслатасиз. Чўпон сўйган қўйни еб, хотини кимдандир топиб келган «шайтон суви»ни ичиб, боши қизиб кетган талабаларни шундай тасвирлайсиз:

«Кўпчилигининг кайфи бор эди. Кайфдаги одамнинг гапига ишониш қийин-у, лекин… ҳа-ҳа, ўша, худди ўйлаган гапингиз бўлди: пушаймонлик… Э, бири қўйиб, бири олади, бири қўйиб, бири…

Чамаси, ҳаммасининг оғзи теккан экан ўша гўштга.

Азимжон аканинг бир нидоси ёдимда қолди:
— Биз аблаҳмиз! — деди инграб. — Кўра-била туриб аблаҳлик қиламиз. Биз қанақасига ўзбекмиз-а? Ана уларни ўзбек деса бўлади. Нима дединг, Ўрмонжон?

— Биз анча бузилганмиз, — деб пўнғиллади Ўрмон ака. — Лекин ҳаётнинг ўзиям мажбур қилади-да, кишини.
— Уларни мажбур қилмаяпти-ку?

— Нимага?
— Шу, энди… Балки пул йиғиб берармиз-а?
— Бўлса!

Кейин яна мен ҳақимда гапиришди. Биттаси, овозидан билолмадим, тик турганча:
— Шу Эргашвойнинг ичига тепсанг-да — деди. — Кўзимга итдан баттар кўриняпти… Энди, бир умр кулиб юради биздан, ярамас. Ёввойи…»

«Ўзбек характери» ёзилганидан буён мана салкам ўттиз йил ўтяпти. Давр ўзгарди, яшаш тарзи, одамлар ўзгарди. Лекин ҳикоя заррача аҳамиятини йўқотган эмас. Буни воқеликни моҳирона бадиий ифодалаш кучи дейдилар! Шукур ака, бу заррача мақтов ёки илтифот эмас! Бу воқелик, бор гапдир!

Шукур ака, мен «Табассум» эълон қилинган йилдаёқ айтгандим, бу ҳикоя ўзбек адабиётидаги энг зўр ҳикоялардан биридир ва шундай бўлиб қолади. Худди шундай «Бодом қишда гуллади» ва «Чўлоқ турна» ҳам ўзбек адабиётидаги энг зўр ҳикоялардандир, деб ҳисоблаб келганман ва ҳозир ҳам шундай фикрдаман.

Эътиқодда собит туришни «Табассум»нинг қаҳрамони Жалил отадан ўрганса арзийди. Унинг ёлғиз ўғли ва биттагина невараси бор. Тузалмас дардга гирифтор бўлган бобо ана шу неварасининг бахтини кўришни истайди: «— А-а, Садафнинг ҳам бўйи етиб қолди. Шунинг тўйини… тинчиганини кўрсам, армоним йўқ эди».

Лекин унга келган совчиларнинг кимдан эканлигини билиб, тинчини йўқотади. Садафни ўша Мўминнинг неварасига берманглар, дейди, лекин сабабини айта олмайди. Чунки бир пайтлар сўз берган. Йиллар ўтса-да, ўша суронли йиллардаги воқеани унутмайдиган Жалил ота сўзидан қайтадиганлар хилидан эмас.

Шукур ака, сиз Жалил отани шундай таърифлайсиз: «Зеро, оддий иш… хушомад қилиш, катталарга таъзимда бўлиш, кези келганда, бир гапдан қолиш ҳам… қўлидан келмади. Ак-синча, шундай қилиб, обрў топган, мартабага минган кишилардан нафратланади ҳамон…»

Мўмин эса, Жалил отанинг нафратига лойиқ айнан ана шундай каслардан. Дўппи тор келган маҳал асли ўзи айғоқчи Мўмин Жалилни ўлдиришга-да тайёр эди:

« — Манави бола… — Мўмин бурила солиб, Жалилга ўқталди. — Чопиб ташлайман. Бу айғоқчи, бегим… Мени йўлдан урди…

Қуюн қўрбоши кулиб, ёнидан милтиқни олди. Қўндоғи билан шифтга қадалиб-солланиб турган қилични туртди. Қилич ерга тушди.
— Э, Мўминбой-ей! — деди. — Ташқарида нари борса, икки оғиз гаплашдиларинг, шунда алдаб олдими?»

Шукур ака, мен «Табассум»даги Қуюн қўрбоши сиймосида негадир машҳур Иброҳимбекни кўрганман. Ҳатто ўттизинчи йилларда ҳам мустақиллик дея курашган Иброҳимбек ўзбек уруғларидан бўлган лақайларнинг ҳам, бутун ўзбек халқининг ҳам ифтихоридир. Мен лақайлар ҳаёти, тарихи, урф-одатлари ҳақида вақтида туркум мақолалар тайёрлаганман. Иброҳимбек ҳаёти билан илгари ҳам қизиққанман. Лекин лақайларнинг Иброҳимбекни босмачи дейишганида титраб кетишларини, унинг халқ, юрт озодлиги йўлида жасурлик билан, жонини аямай курашганидан ғурурланишларини кўриб ҳайратланганман.

Сиз Шўролар даврида босмачиларни биринчи марта ижобий қаҳрамон сифатида тасвирлаган қўрқмас, юртини, халқини севган адиблардан бирисиз,

Шукур ака! Иброҳимбек – Қуюн қўрбоши ҳам юртини севарди:
«— Бек йўқ… — кулимсиради Қуюн қўрбоши. — Қаршингда бир саёқ беватан турипти.
— Бегим…

Қуюн қўрбоши уйга қаради. Шимолга — тоғларга, чўққиларга қаради. Суяклар сочилиб ётган ерга қаради. Чакмонини кийиб, ўрнидан турди.
— Боғланглар.

У қўлини орқасига қилди.

Мўмин Жалилга қаради, Жалил… Қуюн қўрбошига қаради ва негадир йиғлагиси келди. Мўмин ҳам Қуюн қўрбошига тикилди-да, аста тисланди.

— Э, йигитлар-е, — деди Қуюн қўрбоши. — Жойларингда мен бўлмадим-да!..
— Энди…

— Рост, — деди у ўйчанлик билан. — Ватан қўлдан кетганига олдинроқ ишонганимда, олдинроқ ўзим тушиб борар эдим. Шаҳид кетишга нима етсин.

Мўмин бир қадам четга босди.

— Қўрқма, — деди Қуюн қўрбоши. — Боғла, ука. Лекин тағин бир нарсага ишонишни истайман.
— Айтинг, бегим!

— Мени суд қилишсин.
— А?
— Бозорда».

«Табассум»да Қуюн қўрбошининг бозорда суд қилишни истаганидан мақсади кейинроқ англашилади. У кўпчилик олдида нима учун курашганини баралла айтади.

Ҳаётда қилмаган ишини қилдим деб, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатаётганлар оз эмас. Агар Қуюн қўрбоши ўзи қўлини боғлатмаса, уни икки дунёда ҳам олдига солиб кетишни уддалай олмайдиган Мўмин ҳам ана шундай одамлар хилидан. Лекин Қуюн қўрбошининг мардлигини Жалил икковидан бошқа ким кўрибди. Жалил эса қасам ичган. Ўша воқеа ҳақида оғиз очмайди. Мўминнинг одамлар оғзини очирганча қўрбошини қандай қўлга туширгани ҳақидаги ҳикоялари бошқалар қатори Жалил отанинг ўғлини ҳам ишонтирган-да. Энг ёмони, у ўз отасини бошқалар жасоратини кўролмасликда айблайди…

«Шокир бир нафас лунжлари тиришиб турди-да:
— Ахир, уни ёмон кўрсангиз — ўзингизга, — деди. — Лекин бизга маъқул.

— Нимаси?
— Мўмин бобо… граждан урушининг қаҳрамони… Орден-медаллари бор. Республика аҳамиятига эга… пенсионер. Гапи ҳар ерда ўтади…

— Ҳа. Менгаям ёрдами тегади де?
— Одам сал… орқали бўлиши керак-ку!

— Ў, бечора болам.
— Қўйинг кулманг… Сиз ўшандай бўлмаган бўлсангиз, биз айбдор эмас.

— Аттанг.
— Тўғри-да… Ҳозир қайси қария билан гаплашманг, ўзидан сал обрўли тенгқурини ғийбат қилади…

— Мен ҳеч нарса демадим-ку!
— Бари бир-да!

Чол тўшакда чалқанча бўлиб ётди. Унинг хўрлиги келар, лекин аллақандай жирканчли нарса атрофида бор-у… хўрландим деса, у мараз ёпишадигандек эди».

Шукур ака, сиз воқеага аралашмайсиз, тасвирлайсиз. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини зукко ўқувчининг ўзи ажратиб олади.

Лекин ўша зукко ўқувчи ҳам ҳадикда: наҳотки, Жалил ота истамаган тўй бўлса?!

Жалил отани вилоят марказига, беморхонага юборишмоқчи бўлишади. Лекин у тузалишни эмас… тезроқ ўлишни истайди. Бунинг учун ҳеч нарса емай қўяди, берган овқатларини билдирмасдан тўкиб ташлайди ва…

«Ҳаммани даҳшатга солган нарса — унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди. Тўй қолди». Шукур ака, сиз усталик билан Жалил ота ўлими билан ҳам ўзи нафратланган одамга қарши курашганини кўрсатгансиз. Ўта моҳирлик билан!

Шукур ака, сизнинг ҳикояларингизни ўқиганимда бирон-бир детал, бирон-бир жумла беҳуда ишлатилмаганини сезаман. «Бодом қишда гуллади»ни олсак.
Ҳикоя қаҳрамони соддагина Носиржон ўзи айтмоқчи «аптовус паркида курьер» бўлиб ишлайди. У одамларнинг бекатлар номини билишмаслигидан куйинади.

«Билмаса адашади-да!.. Адашади! — деб таъкидлади у зўр қаноат билан. Сўнг ўзича маза қилиб давом этди: — Десангиз, бизга… менга ҳар ой бепул абонемент қоғоз беришади. Бўш вақтим бўлдими, дуч келган аптовусга тушаман. Шаҳарни айланаман… Мисол учун, аптовусда кетяпман. Кўриб қоламанки, бекатда бир чол аланглаб турипти. Сезаман: йўлни билмайди, адашган… Шартта аптовусдан тушаман. «Саломалайкум, отахон! Йўл бўлсин?» «Э, болам, адашиб қолдим. Фалон жойга бормоқчи эдим». Мен дарров у кишига тушунтираман: шундоқ аптовус келади, ўшанга ўтириб, фалон бекатда тушасиз… Вассалом. Чол бизни дуо қилади. Мен яна аптовусга тушиб кетавераман. Яна бир бекатда…»

Айрим ўқувчилар шунчаки кўз югуртириб ўтадиган бу деталнинг қанчалик муҳимлигини ҳикоя давомида сезиб олиш мумкин. Юрагида биринчи бор муҳаббат уйғонган йигитча шундай дейди:

«— Ака, бир яхши ишлар қилгим келяпти! — деб қолди энди кўзим илинганда. — Ўша киши учун!.. — дея сўлғин давом этди. — У киши бир жойда адашиб қолган бўлсалару мен аптовусдан тушиб кўрсам-да, кулиб, йўлга солсам… — У бирдан қувнаб, ҳатто жилмайиб менга тикилди. — А, яхши-я! — деди ҳаяжонланиб. — Мен биламан, у кишиям шаҳарнинг ҳамма йўлларини билмайдилар… Ҳеч ким билмайди, менчалик! Э, қанча одамларни…»

Биринчи деталдаёқ синчков ўқувчи Носиржоннинг қандай қилиб бўлса-да, одамлар учун яхшилик қилиш иштиёқида юрадиган инсонлигини пайқаб олади. Энди бу иштиёққа муҳаббат ҳам қўшилади. У ўзи севган қизга – бўлажак шифокор Хуббижамолга бошка ошиқлар каби гул беришни, қимматбаҳо совғалар билан кўнгил олишни билмайди. Унинг энг яхши совғаси – бекатда адашиб қолган одамни йўлга солиб юбориб, яхшилик қилиш!»

Ҳикоянинг чиройли якунлашида ҳам биринчи деталь – тамал тошиниинг ўрнини сезиш қийин эмас:
«Шундан кейин мен Носиржонни кўрмадим. Қайсидир куни автобус бекатида кўзлари ёшли болакай билан чўнқайиб туриб гаплашаётган йигитчага кўзим тушди. Машинада эдим. У Носиржонмиди, бошқамиди — билолмай қолдим».

Шукур ака, Сизнинг одамлар феъл-атворини синчиклаб ўрганишингиз, бир-бирига асло ўхшамайдиган қаҳрамонлар яратиш маҳоратингиз «Бодом қишда гуллади»да яққол кўринади ва ёш ёзувчиларнинг ўрганишлари учун арзийди. Ҳикояда катта-кичик ўн уч нафар қаҳрамон ва персонаж бор — Носиржон, Хуббижамол, ёзувчи, унинг хотини Садаф, ҳамшира Полина, духтур Қобилжон, беморлар – каравотсозлик фабрикаси инженери Зиганшин, тилшунос, Эшим монтёр, Қодир этикдўз, бухоролик Аминжон, милиция капитани, уйғур йигит. Ҳа, ўн уч нафар. Лекин улардан биронтасининг гапириши, хулқ-атвори бир-бирига ўхшамайди. Ва ҳикояни ўқиганингизда уларнинг ҳар бири кўз ўнгингизда жонли одамлар бўлиб гавдаланишади.

Худди шу «Бодом қишда гуллади» ҳикоясида Носиржон шоир Рафиқийни кўрганлигини айтади. Шунда ҳикоя қаҳрамонларидан бири – Ёзувчи Рафиқий ҳақида ўйлайди:  «Дам ҳажвиянамо, дам қасиданамо шеърлар ёзиб юрадиган, қалам аҳли орасида обрўсиз, менга ёқмайдиган бир тизмакаш эди Рафиқий». Бу ерда Шукур Холмирзаев гарчи қаҳрамон тилидан бўлса-да, ижод боғига суқулиб кирадиган «Рафиқий»ларга муносабатини билдиради.

Ва яна бу ҳикояда қуйидаги сатрлар бор:
«Шунда мен бир адиб сифатида… одамда бўлаётган ўзгаришни кўрдим; уни кузатиш аҳдим бўлиб қолди. Ёзувчилик касби баъзан шафқатсизликни талаб этади. Дейлик, айбдорни сўроқ қилишяпти. Унинг қариндошлари йиғлаяпти, томошабинлар ҳайратда. Терговчи эса пинак бузмайди. Ёзувчи ҳам баъзан шундай ҳолга тушади. Бироқ, сизни ишонтириб айтаман, унинг терговчидан фарқи бор — у қийналиб, ўртаниб кузатади, «сўроқ қилади». Аммо, табиий, буни сиртига чиқармайди. Тўғри, у ҳам одам, баъзан сиртига тепиб ҳам қолади».

Шукур аканинг ҳақиқий ёзувчининг хислатларидан бири ҳақидаги бу фикрларини ёш ижодкорлар ўрганиб қўйишса чакки бўлмасди. Кузатувчан бўлмаган журналистдан ҳеч қачон яхши журналист чиқмагани сингари ёзувчида бу муҳим хислат бўлмаса, ундан ўқувчи қалб торларини черта оладиган асар кутиш қийин. Ахир, воқеликни, турфа феъл-атвордаги одамларни кузатмай туриб, қандай қилиб яхши асар яратиш мумкин?

Шукур ака, сизнинг адабиёт учун қанчалик жонкуяр эканлигингиз, ҳаётдаги бош вазифангизни АДАБИЁТ деб белгилаганингизни, бунинг учун ҳатто актёрлик истеъдодин-гизни қурбон қилганингизни кўп ёзишган, таъкидлашган.

Сизнинг адабиёт, ижод аҳли, китоб ва китобхонлик ҳақидаги фикрларингизни ҳар гал ўқиганимда бу қимматли фикрларни фақат ёш ижодкорларгагина эмас, балки тўрт-бешта китоб чиқаришга улгурган адиб ва шоирларга ҳам англатиш зарурлигини ўйлаб кетаман.

Масалан, «…шахсан мен китобхонни бир ёққа торта билган, унинг дидига мўлжаллаб – унга асарини нима қилиб бўлса ҳам ёқтириш мақсадида эмас, ўша дидни бир баҳя бўлса-да кўтариш ниятида тер тўккан ёзувчиларни севаман», деган фикрингизни уққан, зиғирча бўлса-да инсофи бор, ўқувчига, қоғоз ва инсон вақтига ачинадиган, ўзини шоир ё адиб санаб юрганларнинг китобхон дидини пасайтираётганликларини сезиб қолиб, бошқа, кўпчилик учун фойдалироқ касб этагидан тутишларини ўйлаганман.

Ҳалигача айрим ижодкорлар Сиз айтганингиздай «Муаммоларнинг муаммоси – одам» эканлигини тушуниб етишганича йўқ. Сизнинг «Одамни чинакамига акс эттирар экансиз, унинг қилмиш-қидирмишларидан муаммолар келиб чиқаверади. Ўша муаммоларни ҳал этиш эса… сенинг ишинг эмас: уни ҳаёт ҳал этади ва пироварди, ўша «ҳал этилиш» жараёни яна адабиётда акс этиши мумкин», деган қимматли фикрингизни билиб, билмаганга олаётган «ижодкорлар»га ачиниб кетаман, Шукур ака!

Сизнинг ҳикояларингизни ўқиган ҳақиқий китобхонга қаҳрамонларингиз шундайгина ёнида юргандек туюлади. Биронтаси «ясалган», «қўғирчоқ» қаҳрамонлар эмас! Ижоддаги бу маҳоратингизни эса, яна ўз адабий қарашларингиздан топаман: «Менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Бу изланишларни синтезга эришиш, деб баҳолаш ҳам мумкин».

Сизнингча, ўзини билмаган адибдан бошқа одамлар қалбига кириб бориш, уни тўлалигача очишга эришиш ҳеч бир мумкин эмас. «Иқтидорли ёзувчилар билиб-билмаган ҳолда ўзини — ўзлигини излайди; ўзликни билмоқ эса — ўзгаларни билмоқ учун калит вазифасини ўтайди». Сизнинг бу фикрингиздан келиб чиққан ҳолда, ўзини билмайдиган ижодкордан ўзгалар дунёсига киришни талаб қилиш асло мумкин эмас.

Шукур ака, сизнинг дунё адабиётини яхши ўрганганингиз, буни асарларингизда ҳам, сўзларингизда ҳам билиниб турганини кўрар эканман, ҳалигача ўз ҳовузидан нари чиқа олмаётганларни ва ўз «вақиллаши»ни энг ёқимли деб ўйлайдиган, бунга бошқаларни ҳам ишонтиришга интиладиган «ижодкорлар»нинг «асарлари»ни Шукур ака ўқиганларида нима қилардилар, деган ўйга толаман.

Сиз «…бугунги кун ёзувчиси, шубҳасиз, фақат ўз адабиёти тажрибаларига суяниб қалам тебратиши мумкин эмас», деган ақидадасиз ва асарларингиз бу ақидангиз қанчалик мустаҳкамлигини исботлайди.

Сизнинг ижодкор учун шуҳрат, мукофот нималиги ҳақида ҳам ақидангиз бор. Бирда  «…ҳақиқий адиб мукофот учун ёзмайди ва ёзмаслиги керак», дегансиз. Тўғри-да, ахир ижод оламига чўмиб кетган одам ўша тобда қандай қилиб мукофот ҳақида ўйлаши мумкин? Ўйламаган экан ва у албатта мукофот учун ёзмаслиги аниқ.

Лекин шу билан баробар Сиз «Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга интилиш, ҳай-ҳай, уят! Таъмагирликдан бошқа нарса эмас», деган фикрдасиз. Ҳа, кимларнингдир китоблари устма-уст чоп этилиб, ўзлари турли-туман мукофотлар билан рағбатлантирилиб ётганларида, ҳақиқий асар эгасининг фақатгина ўқувчилардангина яхши сўз топиши ҳам ижодкорга у ёки бу даражада таъсир этиши мумкин-да! Яхши асарларни кўриб, кўрмасликка оладиган масъуллар, ўзини адабиётшунос деб санайдиган олимларнинг марҳаматига чинакам, иқтидорли, истеъдодли ижодкорлар муҳтож эмаслар. Лекин барибир саёз нарсаларни «шедевр» деб кўкларга кўтаришлар, мукофотлашлар адабиётда воқеа бўлаётган асарларни яратаётган ижодкорларга билинар-билинмас даражада таъсир этиши ўйлантирадиган масала-да!

Сиз эса, Шукур ака, сиз, мудом ҳақ гапни айтиб келгансиз. Адабиёт манфаатини ўз манфаатингиздан устун қўйгансиз. Бунда бирон асар муаллифининг на жамиятда тутган обрў-эътиборини, на унинг аслида жуда яхши инсон эканлигини ҳисобга олгансиз. Ҳа, аслида адабиёт шафқатсиз – унинг ўлчовлари учун баҳо берилаётганда, муаллифнинг на шоҳлиги, на гадолиги, на мансабдорлиги, на ишсизлиги, на бойлиги, на камбағаллиги, на соғломлиги, на ногиронлиги ҳисобга олинади. Адабиётнинг мезони битта – бадиий тўлақон-ли, чинакамига яхши асар!

Шукур ака, мен бу жумлаларни Сизнинг Шўролар пайтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир роман муҳокамаси ҳақидаги гапларингизни ўқиб ёздим. Ўшанда Уюшмада қўли узун бир адибнинг романи муҳокамаси бўлган. Нуфузли адабиётшунос романни мақтаган. Таниқли бир шоир роман қўлёзмасини бир марта эмас, уч марта ўқиб чиққанини айтган. Бетгачопар деб танилган бир танқидчи ҳам роман ҳақида тўғри фикрини айтмаган. Фақат сиз, ўша пайтлар «Шарқ Юлдузи»да бўлим мудири бўлиб ишлаган экансиз, қўлёзма ҳақида бор гапни айтгансиз. Шунда ҳам муаллифнинг яхши одамлигини унутмаган ҳолда уни аяброқ гапиргансиз. Лекин Сизнинг қўлёзмани бадиий асар даражасига етказиш учун куйиниб айтган танқидий, тўғри фикрларингиз на муаллифга, на уни ёқлаб гапирганларга ёққан…

Ноқулай аҳвол юз берган бир вазиятда устоз адиб Одил Ёқубовнинг айтган гаплари Сизга тасалли берган. Одил Ёқубов у гапларга хафа бўлмасликни сўраб, ҳақиқатни айтиш кераклигини, бусиз яшаш мумкин эмаслигини айтган. «Шу йўлингдан қолма. Тўғри энди, ҳақиқат қачон рўёбга чиқади? Биз қачон бир-биримизга тик қараб қалбимиздаги гапларни айтамиз? Оллоҳ билади… Лекин айтавериш керак!..», деган оқил инсон. Ва у роман ҳақида фикр билдирган учовлондан биронтаси қўлёзмани ўқишмаганини айтган. Одил Ёқубов роман муаллифи ҳақида «Яхши инсон! Сен тўғри айтдинг. Улуғ бир раҳбарга хос қобилият бор у инсонда. Лекин беайб Парвардигор…», деган.

Шукур ака, Сиз Уюшмадаги ўша дилхираликни эслар экансиз, Одил Ёқубовнинг иккинчи бир фазилатини кашф этдим, дея ёзасиз: «бу улкан адиб ўз асарларинигина эмас, адабиётимизнинг ҳам ҳимоясига тайёр юрар экан».

Шукур ака, Сиз ҳам мудом адабиётни ҳимоя қилиб юрган инсонсиз. Эсимда, бунга балки бунга қирқ йил бўлгандир, балки бундан бироз озроқ ё кўпроқдир. Сиз Тошкент телевидениесида чиқиш қилдингиз. Ўшанда тожикистонлик ёзувчи, Ўзбекистонда кўплар билмайдиган Солиҳ Қаҳҳор ҳақида гапирдингиз. Унинг иқтидори ҳақида сўз очдингиз. Ўша пайтлар Ўзбекистонни айтмайин, Тожикистоннинг ўзида ҳам Солиҳ Қаҳҳорнинг ҳали биронта китоби нашр этилмаган эди. Сизнинг чиқишингиздан кейин кўп ўтмай у кишининг «Айри йўл» деган ҳикоялар тўплами босмадан чиқди. Тақдир тақозоси билан Солиҳ Қаҳҳор ҳозирда Ўзбекистонда, Фарғонада яшаяпти. Тўғриси, мен у кишининг кўп асарларини билмайман. Лекин саргузашт китоблари оммалашиб кетганидан хабарим бор.

Ҳа, Шукур ака, қаерда яратилмасин, ўзбек тилида ёзилаётган асарларнинг ўзбек адабиёти мулки, бойлиги эканлигини яхши билардингиз. Тўғри-да, бу ўринда Алишер Навоийнинг қаерда туғилиб, қаерда ижод этганликларини айтмай қўяқолайин, фақатгина Одил Ёқубовнинг Қозоғистондан, Пиримқул Қодировнинг Тожикистондан, Шавкат Раҳмоннинг Қирғизистондан эканликларини эслатмоқчиман, холос. Улар яратган асарлар бутун ўзбек адабиётининг бойлиги эмасми?

Шукур ака, Сизнинг ёш ижодкорлар асарларини кузатиб боришга, фақат кузатиб бориш эмас, синчиклаб ўқиш учун вақт топишингизга ҳам қойил қолардим. Сиз Эркин Аъзамовнинг китобини ўқиганингиздан кейин матбуот орқали унинг ижоди ҳақида фикрларингизни билдиришга шайланасиз. Унинг бир ҳикоясини ўқиб шунчалик қувонасиз, шунчалик қувонасиз, фақат самимий, янги асар муаллифи кимлигидан қатъий назар унга тўғри баҳо берадиган инсонларгина шундай қувона оладилар. «Ҳикоянгиз, умуман, нуқсонсиз ва классик ҳикоя бўлибди. Зар қадрига заргар етади, Эркин! У ҳикояни Африканинг занжи ўқувчиси ўқиб қолса ҳам, тушунади. Илло, унда инсон — мукаммал инсон образи қиёмига етказиб тасвирланган».

Бу сўзларингизни ўқиганимда қанийди, ҳамма ҳам Шукур ака каби шогирдлари, ўзидан ёш ёзувчилар ижодидан шунчалик боши кўкка етиб гапирса, деган ўйга боргандим. Тўғри, адибнинг айрим асарлари ҳақида бироз танқидий фикрлар ҳам билдиргансиз.

Эркиннинг “Чапаклар ва чалпаклар мамлакати” қиссаси ҳақидаги фикрларингизни ўқиганимда негадир буюк одамларнинг қараши ҳам, қалби ҳам буюк бўлади, деб ўйладим.

«Эркин, бу қиссангиз ҳақида ҳажми ўшанча бўлган мақола ёзишим мумкин экан: вой, даҳшат асар… Гўзал асар! Асарни гўзал қилиб турган омил — демократик тамойиллар руҳида тарбия топган покиза бир инсоннинг диктатура ҳукмронлик қилаётган жамиятнинг афт-ангорига қараб ҳайратланишлари-ю, ундаги ҳар бир шахсга нозик муносабатда бўлиши, диктатура ҳукмронлигидаги жамият ичида яшаб, ҳар қадами хавф остида эканини теран сезароқ эҳтиёт чораларини (китобхон бот-бот маъқуллайди) кўришлари ва ул тузумдаги ҳаёт ҳавасидан зўрға нафас оларкан, ниҳоят, ул юртни тарк этиш муддати етиб қолганда, яъни қаҳрамон озодликка чиқиб кетиш олдидан меҳмонхона деразасидан кўриб қолгани бир қизалоққа муносабатида экан: тавба, бир ёш, ҳали дунёнинг борди-келдисидан бехабар соддагина қизалоқ — бахтиёр, қувнаб-қувнаб арғимчоқ учаётир. Меҳмонхона пастидаги ҳовлида…»
Буни бошқалар ютуғини ўз ютуғи деб билиб, ич-ичдан масрурлик туйиш дейдилар!

Шукур ака, Сиз китоб, бу мислсиз бойликни қадрлаш ва қадрлаётганлар, адабиётнинг кучи ҳақида Мурод Абдуллаев билан қурган «Толстойнинг нияти мени мафтун этган» суҳбатингизда ҳам кўп ибратли гапларни айтгансиз.

«Чунки китоб ўқийдиган кимса — ёшми у, кексами у — қатъи назар, КИТОБ билан юзма-юз қолади. Ундаги — асардаги қаҳрамонлар билан ЎЗИЧА гаплашади. Орага биров тушмайди! Йўқ-йўқ. Китобхоннинг ўзи… ўзини тарбия қила бошлаганини сезмай ҳам қолади. … Толстой домла айни мана шу усулни «энг самарали усул», деб ҳисоблайди ва шунга буткул ишонч ҳосил қилади. Илло бу ҳолга ЎЗИ мисол — ўзлиги шоҳид…», дейсиз.

«Бир олам ТАРБИЯ беради (ҳар йўсинда) бу мўъжиза — Адабиёт! О, унинг садағаси кетай…», дея ҳайқирасиз. Бу ички ҳайқириқ. Адабиётни жон-дилидан севган, унга бутун умрини бахшида этган инсоннинг ҳайқириғи. Мен бу ҳайқириқ мудраётган қалбларни ҳам уйғотишига, ўлик кўнгиллар тирилиб, адабиётга талпинишига ишонаман.

Гарчи ижод мизингизда навбат кутиб турган, ёзила бошланган ва ёзилиши режаланган асарларингиз бўлса-да, Сиз адабиётга дахлдор нима бор, кўздан қочирмасликка интиласиз. Телевидениеда адабиёт мавзуида ўтказилган давра суҳбатини кўриб куйиниб кетганингиз ҳам айнан АДАБИЁТ учун жонкуярлик белгисидир.

«Ўшанда пачоққина, сурроқ кулимсираб турган бир йигитча бошловчининг саволига жавобан — тахминан шундай деди: «Адабиёт менга керак эмас. Менинг мақсадим бор, компютерни ўрганаман. Шу мақсадимга мос келадиган илмий қўлланмаларни ўқийман. Мақсадимга, албатта, етаман!»

Мен ўшанда ўзимча шивирладим:
— Мақсадингга етарсан-у, аттанг, барибир одам бўлолмас экансан-да, нодон. — Кейин жаҳлим чиқа бошлади. — Унинг ишшайиб туришини қара. Xудди бир нарсани қойил қилиб қўйгандай… Оббо, қаердан чиқди ўзи бунақа гаплар-а: «Ҳар кимнинг ўз ФИКРИ бўлиши керак!» Ҳа-ҳа-ҳа, фикри бўлиши керак!

Лекин оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу Ёмонлик, Нодонлигу Жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси… Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку! Акс ҳолда…

Ўша кўрсатувнинг охирида яна битта — қандайдир саволга ўша йигитча шундай жавоб берди: «А-а, «Ўтган кунлар»ми? Ўқимаганман. Отебк («Отабек» эмас) деган йигитнинг фожиаси ёзилган эмиш. Телевизорда кўзим тушган… Йўқ, ўқимайман. Ахир, айтдим-ку, менинг адабиётгаям ўз нуқтаи назарим бор. Ўз фикрим бор…»

Вассалом.

Кейин бошловчимиз ҳам назаримда, қовун туширдилар. «Мана, маълум бўлдики, — дея палағдагина товушда хулоса ясай бошлади бошловчи укамиз, — ҳар бир масалага ҳар хил ёндашиш бўлганидек, адабиётга ҳам икки хил қараш мавжуд экан. Бу — табиий ҳол…»

Э, бекорларни айтибсиз!
Тавба».

Бу фикрларингизни, ўртанишларингизни батафсил келтираётганимнинг сабабини Сиз яхши англаб турибсиз, Шукур ака. Буюк асарни ўқимасдан туриб нописанд гапираётганлар бешиги устида онаси алла айтганмикан, у туғилганида қулоғига азон айтишганмикан?! У дунёбехабарлар миллий қадрият деган бойлик нималигини билишармикан?

Вале, шукрким, ҳали «Ўткан кунлар»ни ўқийдиганлар кўп. Мен асли шоҳимардонлик, лекин замона зайли билан юртидан кетишга мажбур бўлган бир инсонни яхши билардим. Адҳам Музаффаров исмли бу киши саксон ёшда дунёдан ўтдилар. Адҳам ака «Ўткан кунлар»ни бошдан-оёқ ёддан билардилар. Ёддан! Романнинг қайси бир воқеасидан гап очилса, берилганларича ўша ерини ёддан айтишга тушардилар. Мен «адабиётгаям ўз нуқтаи назари бор» йигит билан раҳматли Адҳам акани қиёслайман. Асли касби ҳуқуқшунос бўлган бу инсоннинг қалбида АДАБИЁТга улкан муҳаббат бор эди. Оталари – Ҳамзани ўлдиришда ноҳақ айбланиб, сургун қилинган Музаффаржон мингбоши ўттиз еттинчи йилда ўзи тўплаган улкан бойлик — китобларни фарзандларини айблашда далил бўлмаслиги учун ёқаётганларида Адҳам у китоблардан бир нечтасини олиб, асраб қўяди. Араб имлосида ёзилган китоблар, айниқса «Ўткан кунлар» китоби борлиги учун жазога тортишларидан қўрқмайди. Адҳам ака менга «Ўткан кунлар»нинг ана шу дастлабки нашрини кўрсатганлар. Адабиёт фидойиси бўлган бу инсон буюк асарни жонларини гаровга қўйиб сақлаб юрганлар ва яна уни тўлалигича ёд олганлар! Ҳалигача Отабекнинг Кумушга ёзган мактубларини ёддан айтаётганларида отахон юз-кўзларидаги аллақандай тасвирлаб бўлмас, сеҳрли бир ифода кўз ўнгимдан ўтаверади.

Биз ўқиб юрганимизда Тошкентнинг ўша пайтлардаги Пушкин кўчасида машҳур китоб пассажи бўларди. Ҳозир у қайтадан тикланибди. Чиройли, замонавий магазинда китоблар бирам кўп, бирам кўп. Қувониб кетасан одам, энтикиб кетасан одам. Лекин мен бу бой магазиндан ўзим истаган иккита китобни топа олмадим. Бири Абдулла Қодирийнинг янги нашр қилинган сайланма асарлари китоби, иккинчиси – Сизнинг китобингиз! Демак, ҳали китобхонлик ўлган эмас! Демак, ҳали яхши китобни кўзига суртиб ўқийдиганлар бор!

Шукур ака, шукр, ҳали бу дунёда АДАБИЁТ кучини яхши биладиганлар, уни қадрлайдиганлар бор. Жумладан, Сизнинг ижодингизни, АДАБИЁТ йўлидаги фидойилигингизни қадрлайдиган инсонлар кўп ҳали. Мен ана шундай инсонлардан бири – истеъдодли шоир Эшқобил Шукурга ҳавасим келади. Фақат унга эмас, Сиз билан юзма-юз суҳбатлашган, қиммати тенгсиз сўзларингиздан бевосита баҳраманд бўлган ҳар бир инсонга ҳавасим келади. Эшқобил Шукурнинг «Эҳ, акам-а, акам…» деб аталган, юрак изтиробига қорилган бир мақоласи бор. Ана шу мақолада ёзилишича Сизнинг жисмингиз билан видолашув чоғида Абдулла Орипов ҳар бир ижодкор учун ўта муҳим гапларни айтган эканлар: «Қоғоз қоралаб юрган ҳар кимни ҳам, «мен ёзувчиман» деб даъво қиладиганларнинг ҳаммасини ҳам ҳақиқий ёзувчи деб бўлмайди. Ҳақиқий ёзувчининг тимсолини биз Шукур Холмирзаевга ўхшаган адиблар мисолида кўрамиз. У том маънодаги профессионал ёзувчи эди. Ёшларимиз жаҳон адабиётини Шукур орқали ўрганишлари керак. Чунки, унинг асарларида жаҳон адабиётининг энг илғор анъаналари юксак даражада мужассам бўлган. Шукур Холмирзаев адабиётимизда ўз мактабини яратди. Жаҳон адабиёти машваратида унинг ўз ўрни бор. Буни эътироф этиш керак».

Сизнинг ижодингизни эътироф этган биргина Абдулла Орипов ё шогирдларингиз, чинакам мухлисларингизгина эмас. Ҳатто Сизнинг ҳақ гапларингиз олдида довдираб қолган, сиртида жилмайиб турган бўлса-да, ичида яниб турган адабиёт боғидаги ўткинчилар ҳам аслида Сизни эътироф этишади.

«Ҳақиқий адиб ҳаётининг мазмуни сўзга содиқлигида намоён бўлади. Адабиётга садоқат — ҳақиқатга садоқатдир. Мен ҳар гал Шукур ака билан суҳбатлашганимда, унинг ботини-да катта бир куч беркиниб ётганини ҳис этиб турардим ва 65 йилдан бери бу кучга тириклик бағишлаб келаётган манба ҳам айнан адабиёт эканлиғини англардим. У фақат адабиёт учунгина яшади, бу йўлда ўзини аямади ва ҳар қандай вазиятда қаддини тик тута олди. 2005-йилнинг 29-сентябрь куни эрталаб телефон орқали «Шукур акангиз оламдан ўтдилар…» деган совуқ хабарни эшитганимда юрагим зирқираб кетди», дея ёзади Эшқобил Шукур.

Ўша онларда Сизни яхши билган, ижодингиздан баҳра олган қайси инсоннинг юраги зирқирамаган, Шукур ака!

Аҳмад Аъзам (Аллоҳ жойини жаннатдан айлагай) дунёдан ўтганини эшитганимда юрагим яна зирқираб кетди. Раҳматли Сиз каби АДАБИЁТ жонкуяри эди. Қайси асар бўлмасин, гапни бурамасдан тўғри айтарди. Афсус, қаттол ажал ҳеч кимни аяб ўтирмас экан.

Шукур ака, ҳозир Сиз ва Аҳмад Аъзам каби АДАБИЁТ жонкуярларининг ўрни жуда билиняпти. Қаттиқ билиняпти, Шукур ака!

Шукур Холмирзаев
ТАБАССУМ
006

007Шукур Холмирзаев 1940 йил Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) сингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари, «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) каби романлар муаллифи. «Қора камар» (1987), «Зиёфат» (1990 йили саҳналаштирилган) драмалари ҳам бор.
Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1989) ҳамда «Меҳнат шуҳрати» (1999) ордени билан тақдирланган.
Шукур Холмирзаев 2005 йил 29 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

006

Жалил ака дераза тагида ётарди. Тўшакда. Болиши баланд. Унга суяниб, бошини кўтарса, боғни кўради. Ўзи обод қилган боғ у. Энг қари ёнғоқ «олтмиш»га кирди. У билан бир вақтда экилган тут кесилиб кетди. Каллакланавериб қуриди. Кейин йиқитиб, ғўла қилиб олишди.

Жалил аканинг ўзи ҳам кетиш олдида. Ўсма билан оғриган. Билади. Докторлар кўп вақт яшириб юришди. Лекин Жалил ака овқатдан қолаёттани, озиб кетаётганидан қўрқиб юрарди. Бир куни севимли невараси — ёлғиз ўғлининг ягона қизи Садафдан сўради: «Болам, дардни касал одам билса, ўзиям тузалишига кўшиш кўрсатар экан. Эшиттаним бор. Сен бегона докторлардан сўра, болам. Дардим нима экан? Фақат ростини айтасан, хўпми?» «Хўп, бобожон», деди Садаф. Орадан бир кун ўтмай Садаф қути ўчиб келди. Бобоси ёнига чўккалаб хўп йиғлади. Кейин: «Бобожон, айтишга тилим бормайди-да», — деди. «Неварам, мен сени ўзим катта қилдим… кўтариб. Мени… бобонгни яхши кўрсанг, ҳурматласанг, борини айт». «Бобожон, ўзингиз ҳам унга қарши… иш қиласиз-а?» «Албатта-да! Нима деб эдим сенга?». «Бобожон, касалингиз — рак экан». Садаф яна изиллаб йиғлай бошлади.

Жалил ака, одамлар айтишича, Жалил ота карахт тортиб қолди: қаёқдан пайдо бўлди бу дард? Кўп-а, ҳозир… Қария анча сукутга толиб ётгач, хўрсинди. Бу дард — бедаво эканини эшигтан ва чамаси ўзининг «касаллиги» ҳам шунга яқинроқмикан деган хаёлларга ҳам борган эди.

«Қисмат экан-да, — деди. — Во дариғ. Йўғ-е… Ўксиш бекор. Бирники ўтдан, бирники сувдан… Меники шундан экан. Ўзи бир ҳисобда ёшимниям яшаб бўлдим. Мен тенги қурдошларимдан кимлар қолди? Ҳа-а, Мўмин… бор. У мендан икки-уч ёш катта-я. Юраги бутун экан-да! Ҳа, унинг юраги бутун. — Жалил ота ғашланиб ўйлай бошлади. — У бошқача… Ёмонга, номардга… ўлим йўқ дейдилар-ку! Ҳа-е, майли… Уям яшасин. Бари бир дунёга устун бўлмайди. Бировга ўлим тилагандан…»

У ўзининг рак экани, яъни ўсма касалига мубтало бўлганини эслаб аянч жилмайди. Кунлар ўтди, ой ўтди.

Қария баъзан тонгга етиши гумондек сезарди ўзини, баъзан шу ётишда минг йил яшайдигандек эди. Лекин кейин-кейин ўғлининг ҳам, келинининг ҳам ўзига тикилиб-тикилиб қарашидан англадики, касали нималиги уларга ҳам маълум. Бироқ миқ этмади. Улар… улар отанинг ҳадемай туриб кетишини башорат қилишарди.

Бир куни ҳовлида югур-югур кўп бўлди. Кимлардир келишди. Жалил ота кечаси ухлолмагани, ўйланиб чиққани учун кундузи уйқу босиб ётган эди.
«Ҳа, биронтаси келгандир-да», деб қўйди.

Бироқ, кечга томон ҳовлида тағин югур-югур бўлиб қолди-да, кейин ҳаммаёқ тинчиди. Кейин қош қорайганда, ўғли Шокир новча қоматини эгиб, эшикдан кирди.

— Салом алайкум, ота.
— Ке, ўғлим, ўтир.

— Э, бир-икки одам келди. Сизни безовта қилмасин, деб бу ерга киритмадим.
— Ким экан улар?

— Совчилар-да! Неварангизга.
— А-а, Садафнинг ҳам бўйи етиб қолди. Шунинг тўйини… тинчиганини кўрсам, армоним йўқ эди.

— Э, ҳали чевараям кўрасиз, ота.
— Йў-ўқ, болам… ўлим — ҳақ. Бир ерда гурунг бўлиб эди. Ҳе, ёш эдим ўшанда. Лекин эсимда қолган. Бир командиримиз бўлгич эди.

Шокир кулимсиради.
— Командир…
— Ҳа, энди, муллаям билганини ўқийди-да, болам… Бизнинг ёшлик ўз йўлига ўтди. Жанг-жадал…

Жалил отанинг умри чиндан ҳам «жанг-жадаллар»да ўтган. Инқилоб ғалаба қилганда ўн беш ёшларда эди. Иигирманчи йилларда кўнгилли бўлиб қизил аскарлар сафига қўшилди: улар хизматини қилиб, отларига ем ташиб, тагини кураб юрди. Етимча қиёфасида босмачилар қароргоҳларига неча марта бориб келди. Аммо-лекин бир гал… Ўшанда…

Кейин «Қизил калтакчилар» сафига қўшилди. Кейин қулоқларни тугатиш… Ватан уруши…

Шуниси қизиқки, Жалил… Жалил ака ўша қилган хизматлари ҳақига штифоқо битта ҳам нишон тақмади. Нишон қайда, бир парча ёрлиқ ҳам олмади.

Лекин бу нарсаларни орзу қилмаган ҳам эди: у қилиши лозим деган ишни қилар, аксини қилмас, йўқ: ўзлигига қарши бормас, бунга кучи етмас эди. Шунинг учун баъзи ўринларда «тирсакланди» ҳам.

Зеро, оддий иш… хушомад қилиш, катталарга таъзимда бўлиш, кези келганда, бир гапдан қолиш ҳам… қўлидан келмади. Аксинча, шундай қилиб, обрў топган, мартабага минган кишилардан нафратланади ҳамон…

Унинг бори — шу экан.
— Ҳа, яхши гапмиди ўша гап?

— У-у, доно гап. — Жалил ота шифтга тикилди. — Раҳматли командиримиз ўзи хўжалардан чиққан эди. Лекин янги ҳукуматга… советга содиқ эди. Номардлик ёмон…

— Уни айтгансиз, — деди Шокир. — Хўжасан деб қамашган.
— Ҳа, ўз жўраси қамади.
— Ҳалиги гап…

«Шошиляпти» деб ўйлади Жалил ота ва гапни қисқа қилди:
— Шу киши раҳматли айтгич эди-да: «Ўлимдан қочиш керак! Лекин ўлимниям бўйинга олиб юриш керак!»

— Қўйинг, ота, ўлимдан гапирманг.
— Э, болам, мен кўрдим…
— Яна…
— Сен ишингдан қолма… Менинг дори-дармоним бор. Иштаҳам яхши… Фақат сизларга жуда қараб қолганимдан хижолатман, ўғлим. Йў-йўқ, сен гапирма…

Шокир жим қолди.
— Шундай. Энди, на чора!
— Омонатини олгунча кутаман-да.

Шокир илиққина кулди.
— Ёшингиз ўтиб, жудаям тақводор бўлиб қолдингиз.

Жалил ота ҳам кулди.
— Ўзимам ҳайронман.
— Ота дейман… Ҳалиги…
— Лаббай, гапиравер.

— Садафингиз бу йил ўнни битиради. Кейин ўқишга бормоқчи.
— А-а.
— Майли. Менинг қаршилигим йўқ. Лекин унга ёрдам ҳам беролмайман.
— Ҳа-а.

— Лекин қаерга кетсаям боши боғлиқ бўлиб кетса дегандим. Кейин ўқишини сиртқига ўтказиш мумкин. Қисқаси, қиз боланинг бир ўзи шаҳарга кетиши…

Жалил ота яна кулимсиради.
— Сен ҳам мендан қолишмайсан.
— Нимада?
— Э…

Шокир ўрнидан турди.
— Майли.

Бир ҳафтадан кейин яна ҳовлида югур-югур бўлиб қолди. Жалил ота ҳушёр эди. Бироқ, бу гал ҳам меҳмонларни бу хонага киритишмади. Бу гал ҳам улар кетиб бўлишгач, Шокир келин билан кирди. Отага қўш салом бериб, четга ўтиришди. Кейин Шокир гап бошлади:

— Ота, сиз жанг-жадал, уруш, командир… деб бежиз гапирмайсиз, — деди. — Ўша йилларни сиз жуда яхши биласиз. Ёшликдан кўп нарса бошингиздан ўтган…

Чол тетикланиб ётган жойида бош қимирлатди.
— Ҳақиқат, рост.

— Ўша даврдаги тенгдош жўраларингиз ҳам саноқли қолган-а?
— Ҳа, болам.
— Шу, Мўмин ота билан қалайсиз?

Чол ўғлига тикилиб қолди. Кейин, ижирғаниб, кўзини пастга олди.

— Нимага сўраяпсан?
— Энди… сизларнинг мундай нон-қатиқ бўлиб ўтирганларингни ҳеч кўрмадик-да.

— Ҳа, кўрмайсан ҳам. — Шокир совуқ тикилди.
— Нима учун?

Чол яна бирпас сукутга толиб қолди-да:
— Сўрама, — деди. Кейин юзи тиришиб кетди. — Сўрама… Онт ичганман.
— А?

— Қасам ичганман.
— Тавба!
— Қўй уни.
— Энди…

— Болам, овора бўлма.
— Қизиқ одатларингиз бор-да.
— Шу-шу.
— Ҳа. Оқшом яна кираман.
— Хўп.

Шу билан ота-боланинг ораси совий бошлади. Шокир келиб, Мўмин ака ҳақида гап бошлайди. Жалил ота кўзини юмиб олади. Ўртада бошқа гап қолмагандек. Шокир чиқиб кетади, чол хаёл суриб, ижирғаниб ётади.

Кейин-кейин тусмоллай бошлади. Мўминда ҳам икки-учта невара бор. Энг кичиги Садаф билан тенгдош, ё ундан бир-икки ёш катта.
Ўша одам қўяяптими Садафга?
Чол титраб кетди.

У Мўмин ака билан бир умрга ажралишган. Тўғри, жойи келганда у билан сўрашган бўлади. Бир даврада ўтиради ҳам. Бироқ, бегоналардек.
Бироқ унинг орқасидан… бир оғиз сўз демаган, демас ҳам.

Уни эсласа борми, дарров кўз олдига Боботоғ йўллари, Ёлғизкапа ўркачидаги овчиларнинг пистирмаси, қилич, милтиқ, ўқ-дори, совуқ тунлар, юлдузли осмонлар гавдаланиб кетади. Ўксиб жимиб қолади.

Ўшанда, тоғдан қайтиб тушаётганда, Мўминга берган ваъдасини эслайди.
Кейин: «Ҳа-е, шундайи ҳам бўлар экан-да», деб қўяди. Шу, холос.

…Гап шундаки, Жалил ака Жалилбек бўлиб, Орзихўжа командирнинг отрядида юрганда, бир тун уни ўчоқ бошига чақириб, Орзихўжа шундай деди:
— Қуюн қўрбошини биласан-а?
— Ҳа, — деди Жалил.
— Унинг ишларини?
— Эшитганман.

— Бизга топшириқ келди. Уни тириклай қўлга олиш керак.
— Бу қийин.

— Қулоқ сол. Қийинлигини мен ҳам биламан. Лекин унинг тўпида Мўмин деган йигитимиз бор…
— Танимайман.

— Кўрсанг, танирсан.
— Бораманми?

— Ҳа. Қуюннинг йигитлари озайиб қолган. Шу кунларда Боботоғнинг Ёлғизкапа деган довонида эмиш. Бир чўпон кўрипти. Хабар берди.
— Уни тутиш керакми?
— Ҳа..

Эртаси куни Жалил жанда кийиб, қўлига таёқ олиб, ҳеч қандай қуролсиз ҳолда йўлга чиқди. Йўлакай чўпонларнинг овулида тунаб, ўз кунини кўриб, Боботоққа етди.

Ниҳоят, Ёлғизкапага рўпара бўлди.

Шунда олдидан бир кийик чиқиб қолди. Кейин бир овчи кўринди. Кийик Жалилдан ҳуркиб, овчига бурилди. У отиб олди. Жалил чопиб бориб, кийикнинг оёғини босиб турди. Овчи сўйиб ҳалоллади.

Кейин Жалил:
— Оға, биздан ҳуркиб сизга йўлиқди, танимизни бермайсизми? — деди.

— Кимсан ўзинг?
— Бу дунёда отаси ўлмаган ким бор, онаси ўлмаган ким бор?

— Кимсан? Кимлардан бўласан? Нима қилиб юрибсан?

— Таги етимман, оға… Лекин отамиз бели бақувват одам ўтган. Ундан беш-ўнта ушоқ мол бир чўпоннинг қўлида қолган деб эшитар эдим… Мана, фурсати етди деб шуни қидириб чиқдим. Топсам, инсоф қилса…

— Босмачилар еб кетган бўлса-чи?
— Тешиб чиқсин.

— Қизиллар еган бўлса-чи?
— Оға, етимнинг ҳақига ким кўз олайтирса, топади…

— Оти нима экан у чўпоннинг?
— Шуни билмайман-да… Бир чўпон дейишди. Отам ўлим олдида тилдан қолган эди.

— Шуни излаб юрибсан?
— Ҳа, қаерда овул кўрсам, бораман. Бир кеча ётаман. Чўпонларни гапга соламан…

— Бу ёқда овул йўқ.
— Ҳе, тепаликда бир дидбон кўринади.

— А, уми? Қани, юр-чи.
— У ерда одам яшайдими?

— Билмадим.
— Эса, қайтсам…
— Ҳа, юр-чи.

Овчи кийикнинг оёқларини куликлаб, даст кўтарди. У баланд бўйли, сариқ чакмон кийган, барваста йигит. Лекин кўзлари ҳорғин, зериккандек эди.

Жалил унинг кимлигини билолмай, бироқ босмачиларга алоқаси борлигига ишонган ҳолда эргашди. Салдан кейин, кийикни мен кўтарай, деди. Йигит қарамади.

Пистирма қора сувоқ қилинган, тошқалама деворли уйча эди. Атрофда хас-чўп, суяклар ётибди. Нарироқда бир кўлмак сув. Лекин ранги қора ҳамда ундан сассиқ ҳид келар эди. Пистирманинг ичи шинамгина. Бироқ уч томонда тўрт-беш қават қилиб кўрпачалар солинган, улар эскириб кетган ва мой тўкилган. Тўр деворига учта пилта милтиқ ва иккита қийшиқ қилич осиғлиқ турарди. Ўртада ўчоқ.

Қуюн қўрбоши шу овчининг ўзи экан.

— Ука, балки сен қизилларнинг одамидирсан, — деди у кийикнинг бир сонини қовуриб, ўртага қўйгач. — Майли… мен Қуюн қўрбоши бўламан. Эшитган бўлсанг…

Жалил қўрқиб кетиб, ёқасини ушлади.

— Агар…
— Қасам ичма. Мен дунёда қасамдан қўрқаман, ука… Бир вақтлар қасам ичиб эдим… «Шунча қизилни ўлдиряпман. Шунча мусулмонни қийратдим. Шунча уйга ўт қўйдим. Шунча сурув молни афғонга ўтказиб, қуролга алмашдим…»

— У-ў! — деди Жалил.

— Юрт озод бўлмаса, ука… биз енгилсак, ўзим пастга эниб бораман деб қасам ичиб эдим… Қайтар дунё дейдилар. Одам мард бўлиб ўлиши керак, ука…
— Ҳим…

— Шуйтиб ўтирибмиз.
— Бир ўзингиз?
— Йўқ.

Мўмин ҳам овга кетган экан. Иккита қуённи елкасига ташлаб келди. У ўрта бўй, кўзлари кичкина ва чағир, сергак ва жонсарак йигит эди.
— Бу ким? Сенга нима бор? — деб дўқ қилди Жалилга.

Қуюн қўрбоши орага тушди.
— Қўй, тегма… Буям сенга ўхшаган бир дарвеш-да, Мўмин. Сен ҳам қаландар бўлиб келиб эдинг-ку! Тегма бунга… ўтир.

Мўмин Жалилга ўқрая-ўқрая ўтирди.

— Менинг жўрам, — деди Қуюн қўрбоши Мўминни кўрсатиб. — Отган ўқи тегмайди-ю, ўзи менга содиқ… Ука, қовурдоқдан ол. Бу ҳалол гўшт… — У ғамгин кулди. — Ўзинг кўрдинг-ку, ўғирликдан келган эмас…
— Ҳа, оға.

Қовурдоқни еб бўлиб, чой ичишди. Кейин ташқарида гулхан ёқиб ўтиришди. Анави қора кўлмакда ер-мойи бор экан. Бир арча шохини ботириб олиб, ўтга қўйилса, талай вақт ёниб туради.

Бир маҳал тоғдан совуқ шамол эсди.
— Турайлик, — деди Мўмин. — Лекин шу ерда гулхан ёқишимиз ҳам чакки иш, бегим.

Қуюн ҳеч нарса демай уйга кирди. Ечинмасдан тўрга ўтиб ётди.

— Сен бу ёкда ёт, — деб оёқ томонидаги тўшакни кўрсатди Жалилга. Кейин Мўминга деди: — Эшикни ёпма, жўра. Ҳаво кириб турсин.

Кечаси алламаҳал. Жалил безовта. Қўрқади. Қуюндан қўрқади. У ҳўкиздек кучли. Энг ёмони — ўзининг кимлигини сезгандек: жуда майин гапирди.

Гулхан ҳам ёқтирди…

Бир пайт Мўмин уйқусираб туриб кетди-да, сўкиниб бир муддат ўтирди. Кейин инқиллаб ташқарига чиқди. Эшик оғзида бир оз серрайгач, ён томонга ўтди.
Жалил турмоқчи. Лекин Қуюндан қўрқади. Охири Мўмин билан гаплашиш учун бундан қулай пайт бўлмаслигига ишониб, секин қўзғалди.

Тоғдан изғирин эсарди.
— Ҳа, қаёққа? — деб бақирди Мўмин ва лапанглаб юриб, Жалилга яқинлашди.
— Орзихўжа ака юборди мени… — шивирлади Жалил. — Тириклай тутиб борар эканмиз.
— Жим.

Улар уйга қайтиб киришди. Мўмин ўз жойига, Жалил ўз жойига ётди.

Жалил энди Мўминдан қўрқа бошлади… Бироқ, сал вақт ўтмай унинг ўз одами эканига ишонди. Лекин у нима қилмоқчи? Билолмасди. Қуюн қўрбошини эса, ўлдирмасдан қўлга олишга иккисининг ҳам кучи етмаслиги аниқ.

Балки келишиб, бирдан устига ташланишса…
Йўқ…

Эшикдан осмон этагидаги юлдузлар кўринар, улар ҳам бу изғиринда совқотиб, шунинг учун зўрға милтиллаётганга ўхшар эди. Қуюн қўрбоши бир текис нафас олиб ухлаяпти. Қоронғида Мўминнинг қимирлаб қўйгани кўринади.

Бир пайт Жалил уйқу аралаш тепасида бир сояни кўрди. Кўзларини очди. Йўқ: тепасида эмас. Нарироқда. Мўмин!.. Қўлида қилич. У хиёл тисланиб, Қуюн қўрбошига тикилди. Энгашди. Қилични кўтарди-ю:
— Во-о! — деб юборди. Жалил туриб ўтирди. Қуюн қўрбоши ёнбошлаб:
— Ҳе, Мўминбой-е, — деди.

Жалилни совуқ тер босиб, қалт-қалт титрай бошлади.
— Бегим, мени афв этинг! — Мўмин тиз чўкканча бошини ерга уриб олди.

Қуюн элан-қаран қўзғалиб, чордана қурди.
— Айт, айт, — деди. — Тўқи энди бир нарса.
— Йўқ, мен…

— Нима?
— Манави бола… — Мўмин бурила солиб, Жалилга ўқталди. — Чопиб ташлайман. Бу айғоқчи, бегим… Мени йўлдан урди…

Қуюн қўрбоши кулиб, ёнидан милтиқни олди. Қўндоғи билан шифтга қадалиб-солланиб турган қилични туртди. Қилич ерга тушди.
— Э, Мўминбой-ей! — деди. — Ташқарида нари борса, икки оғиз гаплашдиларинг, шунда алдаб олдими?

— Бегим, бегим!
— Ҳа, майли. Ётинглар… Ё яна ўт ёқамизми? Тонг ҳам бўзариб қолди.

Жалил энг орқада чиқди. Ҳар нарсага тайёр: жумладан, қочишга ҳам. Бироқ қочиб қутила оладими? Қуюн қўрбоши пастроққа тушиб керишди. Кейин ермойли кўлмак бошидан қумғонни олиб, пастга энди.

Мўмин бурила солиб, Жалилга шивирлади.
— Милтиқни опчиқ!
— Тириклай тутиш керак.
— Тур-е!

Мўмин ўзи чопиб, уйчага кирди. Милтиқни олиб чиқди. Лекин пилта милтиқни отиш осон эмас. Пахтани тутатиш учун чақмоқни тошга урар экан, Қуюн аста-секин қайтиб чиқди.

— Нима қиляпсан?
— Шу… тонгда ов…
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Э-э!
— Шошилма.

У милтиқни олиб, ўқ-дорини тўкди, деворга суяб қўйди.
— Ўт ёқамиз.

Кийикнинг яна бир сонини кабоб қилишди. Оғиз-бурунлари, қўллари қоракуя ва мой бўлиб, чой ичишаркан, қуёш ҳам чиқди.

— Йигитлар, энди гап мундай, — деди. — Мени Денов бозорига олиб борасизлар.
— Бегим?

— Бек йўқ… — кулимсиради Қуюн қўрбоши. — Қаршингда бир саёқ беватан турипти.
— Бегим…

Қуюн қўрбоши уйга қаради. Шимолга — тоғларга, чўққиларга қаради. Суяклар сочилиб ётган ерга қаради. Чакмонини кийиб, ўрнидан турди.

— Боғланглар.
У қўлини орқасига қилди.

Мўмин Жалилга қаради, Жалил… Қуюн қўрбошига қаради ва негадир йиғлагиси келди. Мўмин ҳам Қуюн қўрбошига тикилди-да, аста тисланди.

— Э, йигитлар-е, — деди Қуюн қўрбоши. — Жойларингда мен бўлмадим-да!..
— Энди…
— Рост, — деди у ўйчанлик билан. — Ватан қўлдан кетганига олдинроқ ишонганимда, олдинроқ ўзим тушиб борар эдим. Шаҳид кетишга нима етсин.

Мўмин бир қадам четга босди.
— Қўрқма, — деди Қуюн қўрбоши. — Боғла, ука. Лекин тағин бир нарсага ишонишни истайман.

— Айтинг, бегим!
— Мени суд қилишсин.
— А?
— Бозорда.

Бирпасдан кейин Қуюн қўрбоши — олдинда, қўллари ортида боғлиқ ҳолда, хотиржам кетиб борар, унинг орқасида — Мўмин, қўлида бир милтиқ, елкасида бир милтиқ, шахдам одим отар, Жалил — энг орқада, кийикнинг қолган гўшти ва бир бўхча шол рўмол кўтариб олган эди.

006Боботоғдан энаверишда Мўмин анча ўзгарди. Овози ҳам баландлаб, Қуюн қўрбошига:
— Буёқдан, уёқдан юринг! — дейдиган бўлди. Кейин уни сенлашга ўтди.

Илк қишлоққа яқинлашганда, Жалилга қараб:
— Кўрдингми, босмачини ушлаш қандай бўлади? — деди.

Жалил гарангсиб:
— Сиз ушлаганингиз йўқ, — деди. Мўмин таққа тўхтади.
— Эса сенми?
— Боғлашга боғладингиз.

Шунда Қуюн қўрбоши ўгирилди.
— Бола экансан-ку, Жалил, — деди. — Буни мен биламан… Бу сениям отиб қўйиши мумкин.
— Бас!

— Шунинг учун, ука, бунга хўп де… Сендан нима кетди? Ё сен ҳам Қуюн қўрбошини тутдим деб…
— Нега?

— Ундай бўлса, майли, де.
— Ўт олдинга! — бақириб юборди Мўмин.

Жалил қўрқа-писа ўтаркан, Қуюн Мўминга ўгирилиб:
— Болага тегма, — деди.
— Ишинг бўлмасин!

— Сен бола, қасам ич, — деди у Жалилга. — Мени бу қўлга тушириб боғлади.
— Нимага?

Мўмин аста милтиқни унга тўғрилади.
— Ана, — деди Қуюн қўрбоши. — Кўрдингми? Сенга бари бир-ку. Тўғрими?
— Ҳа..

— Бўлди-да.
— Нима қилай?

— Мўмин ака Қуюн қўрбошини қўлга туширди де.
— Ахир…
— Дейсан!

Жалил кўзлари дўлайиб:
— Хўп, — деди.
— У ёқдаги гап-сўзни унут.
— Хўп.

05… Уни тўғри қизилкалтакчиларнинг қуролланган отрядлари қароргоҳига олиб бордилар. Орзихўжа Қуюн билан бемалол гаплашди. Кейин уни Деновга олиб жўнади. Суд бўладиган кун жар чақиртирилди. Оломон атрофда девор бўлиб турар экан, ревком, ЧК ва қишлоқ шўролари номидан Орзихўжа Қуюн қўрбошига иккита савол берди.

— Нима учун курашдинг?
— Дин учун… — деди Қуюн босмачи. Орзихўжа вакиллар ёнида саф тортиб турган домла, сўфи ва масжид имомларига қаради.

— Қуюн қурбоши нима жазога лойиқ?
— Ўлим! Улим! — дейишди улар қўрқа-писа. Орзихўжа яна Қуюндан сўради:

— Тағин нима учун курашдинг? Қуюн қўрбоши:
— Озодлик… учун, — деди.

— Халқ! — хитоб қилди Орзихўжа, — Қуюн қўрбоши нима жазога лойиқ?
— Ўлим, ўлим…

Қуюн қўрбоши шу ерда отилди.

Жалил ота Мўмин ака ҳақида ўйлаганда, мана шулар кўз ўнгидан…

Шокир кирди.
— Ота, — деди бир тиззасида чўккалаб. — Биз шошишимиз керак…

Чол ёнбошлаб унга тикилди.
— Мўминнинг неварасигами?
— Ҳа..

— Йўқ.
— Ота…
— Йўқ.

Шокир бир нафас лунжлари тиришиб турди-да:
— Ахир, уни ёмон кўрсангиз — ўзингизга, — деди. — Лекин бизга маъқул.
— Нимаси?

— Мўмин бобо… граждан урушининг қаҳрамони… Орден-медаллари бор. Республика аҳамиятига эга… пенсионер. Гапи ҳар ерда ўтади…
— Ҳа. Менгаям ёрдами тегади де?
— Одам сал… орқали бўлиши керак-ку!
— Ў, бечора болам.

— Қўйинг кулманг… Сиз ўшандай бўлмаган бўлсангиз, биз айбдор эмас.
— Аттанг.

— Тўғри-да… Ҳозир қайси қария билан гаплашманг, ўзидан сал обрўли тенгқурини ғийбат қилади…
— Мен ҳеч нарса демадим-ку!
— Бари бир-да!

Чол тўшакда чалқанча бўлиб ётди. Унинг хўрлиги келар, лекин аллақандай жирканчли нарса атрофида бор-у… хўрландим деса, у мараз ёпишадигандек эди.

Кунлар ўтди.

Бир куни яна ҳовлида югур-югур бўлиб қолди-ю, Садаф чолнинг ҳужрасига кирди. Ёнида тиз чўкиб, чойнакни ушлаб кўрди. Иссиққина. Қопқоғини очиб кўрди.

— Бобожон, ичмабсиз-ку!
— Иштаҳам йўқ.
— Бобо!

— Гапир.
— Мени…
— Айт.
— Мўмин бобонинг кичик неварасига…

Чол кўзини очди.
— Ўзингни кўнглинг борми?
— Вой, мен уни танимайман ҳам.

Чол бирдан яйраб, табассум қилди.
— Эса…
— Хўш?

Чол кўзини юмди.
— Бобожон…
— Мендан домангир бўлманглар… Ўзларинг биласизлар.

Шу оқшом уйда, ҳовлида жанжал бўлди. Шокир бақириб хотинини сўкди. Хотини итни теша билан уриб вангиллатди. Садаф ўзича йиғлади.

Тағин бир ойча вақт ўтди.

Жалил чол фавқулодда сезиб қолдики, ўғли билан келини беҳад шошиляпти.

Садаф овқат олиб кирганда Жалил ота:
— Бир оз ўтир, — деди. — Сен менга ёлюн гапирмагансан…
— Ҳа, бобожон.

— Ота-онанг нимага шошяпти?
— Айтолмайман…
— Йўқ, айтасан… Мен хафа бўлмайман-ку! Бошга тушганини кўз кўради…

— Сизни…
— Нима?
— Термизга юборишмоқчи.

— Ҳа-а! — чол ҳиқиллаб кулиб юборди. — Кўздан панада турсин деб-а?
— Йўқ.
— Ҳа?
— У ёқда катта докторларга кўрсатишади.

— Ҳе, она қизим-е, бари бир-да!
Садаф йиғлаб юборди.

— Бари бир эмас.

Чол бошини кўтарди.
— Нима?
— Сизни… ўлиб қолса…

Жалил ота тушунди.
— Тўй орқага сурилади?
— Ҳа..

— У йигитни кўрмадингми?
— Йўқ.

Садаф зира солинган шовлани чолга суриб қўйди. Қария овқат ҳидидан иштаҳаси очилиб бурилди-ю, шовладан кўз узмай қолди.
Кейин яна чалқанча бўлди.

…Эрталаб докторлар келишди. Чолни Термизга жўнатишларини айтишди. Жалил ота:
— Мен тузалиб қолдим, — деди.

Докторлар чолни текшириб бир-бирига қарашди.
— Ростдан ҳам! — деди бири остонада турган Шокирга.
— Ўзгариш бор…
— А, ундай бўлса… — У икки қадам босиб, отаси қошига етди.

Чол майин жилмайди.
— Нимага кеча овқат емадингиз?
— Қорним тўқ эди.
— Бекор гап!

Докторлар чиқишди.

Чол бугунги кун ҳам овқат емади. Кейинги кун ҳам. Ундан кейин…

Ўрмалаб бориб, обрезга тўкади. Қўлини ювган бўлиб, устидан сув қуяди.

У… ҳолдан тойиб, ўрнидан қимирлолмай қолди. Шунда ҳам туз тотмади. Энди, келган овқатни тўшаги ёнида нос тупуриш учун қазиб қўйилган чуқурчага ағдаради.

У карахт бўлиб қолди.

Кейин ўғли, келини ва Садаф тепасида кўзёши қилиб турганда, кетди.

Ҳаммани даҳшатга солган нарса — унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди.

Тўй қолди.

1984

012

O’rinboy USMON
ADABIYOT UCHUN YARALGAN ODAM
yo Shukur Xolmirzaev bilan suhbat
002

002 Shukur aka, men Siz bilan hech qachon yuzma-yuz o’tirib suhbatlashmaganman. Lekin aslida Siz bilan juda ko’p martalab suhbatlashganman. Bu suhbatlarni unutib bo’lmaydi. Hech qachon! Ayni shu suhbatlar meni adabiyotga bo’lgan mehru muhabbatimni kuchaytirgan, hikoya yozishga undagan, ijod jarayonida qandaydir bir talabchan, lekin mehribon o’tkir nigoh kuzatib turganini his ettirgan…

Siz bilan bu galgi suhbatimga singlingiz Ra’no opaning yaxshi bir ish boshlaganliklari sabab bo’layotir. Ra’no opa Siz, ijodingiz haqida kitob tayyorlayotganliklarini aytib, Shukur akamlar haqida ko’p gapirib yurasiz, biron narsa yozib bera olmaysizmi, deb qoldilar. Men Ra’no opaga buning uchun vaqt berishlarini, chunki Shukur Xolmirzaev haqida shunchaki bir narsa yozib bo’lmasligini aytdim…

Shukur aka, Siz bilan dastlabki suhbatim hali maktabda o’qib yurgan paytlarimdayoq yuz bergan. O’sha paytlar duch kelgan kitobni o’qiydigan, jurnal yo gazetada bosiladigan yangi asarlarni mushtoq bilan kutadigan bolalar edik. Masalan, yaxshi esimda, Xudoyberdi To’xtaboevning «Yaproqlar qarsak chaladi» qissasi bosilayotgan «Lenin uchquni» gazetasining yangi sonini sabrsizlik bilan kutardik. Mopassanning hikoyalar to’plamini akalarimdan yashirib o’qirdim. Sholoxovning «Tinch don» epopeyasi davomini o’qish uchun uni kutubxonadan bir qiz olib ketganini eshitib, xafa bo’lib qaytganimni unuta olmayman…

Xuddi ana shu o’quvchilik paytimda «O’n sakkizga kirmagan kim bor?» qissangiz mashhur bo’lib ketdi. Uni o’qimagan biron yigit-qiz qolmadi deyman-ov. Hatto onda-sonda qo’liga bir kitob oladigan tengdoshlarim «O’n sakkizga kirmagan kim bor?»ni qidirib yurishardi.

Shukur aka, o’sha yillari Sizning hajmi kichik, lekin salmog’i juda katta hikoyala-ringiz bosilib chiqdi. Bu hikoyalarni o’qib, men Siz bilan xushmanzara tog’lar, ovchi niyatidan bexabar kakliklar, ko’ngli toza, sodda, hammaga ishonuvchan kishilar haqida suhbatlashardim. Bu suhbatlardan so’ng o’sha tog’larga ketgim kelardi. Qaysi bir insofsizning yo’lini to’sgim kelar, qo’lidagi miltiqni sindirib otishni istardim. «Notanish odam» qahramoni kabi odamlarga yaxshilik qilgim kelar, sovuqda qolib, qiynalgan paytlarida kimdir tayyorlab qo’yib ketgan o’tin taftida isinib, rohatlanishlarini istardim.

Shukur aka, Sizning hikoya boshidanoq o’quvchini ergashtirib ketish mahoratingizga qoyil qolardim. «Notanish odam»ning birinchi jumlalarini o’qigan odam beixtiyor voqea ichiga kirib ketadi. «Ovga borayotgan edim, havo aynidi. «Bahor havosi-da, bir sevalab o’tar», deb ketaverdim. Biroq sal o’tmay yomg’ir shunday quyib berdiki, birpasda ust-boshim ho’l bo’lib, badanimga yopishib qoldi. Shunda, turgan yerimdan ikki yuz qadamcha narida jar va jarga tushaverishda ovchilar, yo’lovchilar qo’nib o’tadigan kamarcha borligi yodimga tushdi. Jarga yaqinlashishim bilan shuvoq isi aralash tutun dimog’imga urdi. Kamarga kirdim. O’rtada gulxan yonar, chetroqda oqchil chakmon kiygan, o’rta bo’y bir kishi eshagining ayilini bo’shatardi,» jumlalari bilan boshlanadi bu hikoya.

Notanish odam kamarga kirgan ovchi yigit oldiga borini to’kib tashlaydi. Lekin yigit yuragida unga nisbatan bir gumon kuchayardi. «Chakmonning yoqasini ko’tarib, boshini qopladi, kamardan chiqdi. Sal o’tmay yarmisi ho’l bir quchoq o’tinni ko’tarib kirdi. Uni kamarning to’rrog’iga eltib tashladi-da, menga qaramay, «isina bering», deya yana chiqib ketdi. «Isina bering? Olovini minnat qilganimi!» Pidjakni kiyib, o’rnimdan turdim. Kamardan chiqarkanman, notanish odamni ko’rdim. U pastda, soyning yoqasida yugura-yela, daryo toshqini toshlarning tagiga tiqib tashlagan shox-shabbalarni terardi. «Ha, pishiq odam. Bu o’tinlarni uyga olib ketadi. Eshagiyam tayyor».

Ko’p o’tmay, yigit o’zining shubhali xayollaridan uyalib ketadi. U odam o’tinni uyiga olib ketish uchun emas, boshqa bir yo’lovchilar sovuq havoda o’t yoqib isinishlari uchun tashib kelgan ekan. Yomg’irda ivib! Buni o’zbekona xarakter deydilar!

Haqiqiy tog’ odamining xarakteri! Kichik hajmli bu hikoyaning yozilganiga bunday hisoblab qarasam, ellik olti yil bo’libdi. Zamon o’zgardi, zamonni o’zgartirgan boshqa odamlarga qo’shilib, ko’pchilik o’zgardi. Lekin haligacha faqat o’zini emas, balki boshqalarni ham o’ylaydiganlar, buning uchun o’zini o’tga-cho’qqa uradigan insonlar bor! Shukr!

Shukur aka agar ta’bir joiz bo’lsa, o’zbeklar qalbini tasvirlashga, borligicha in’ikos ettirishga intilish Sizning juda ko’p hikoyalaringizda baralla sezilib turadi. Buni ayniqsa «O’zbek xarakteri» hikoyasida ko’rish mumkin. Bu hikoya «Notanish odam»dan so’ng 28 yil keyin yozilgan. Keling, avval hikoya oxiridagi jumlalarni keltirayin:

«Ishonasizmi, avtobusga o’tirganimdan keyin sovuq oynadan laylakqorga qarab yig’lar edim: ana shu o’zbeklarning bag’ri kengligi uchun, ne-ne qiyinchiliklarga, faqirlikka qaramay, fe’li tor bo’lmagan, ajib-afsonaviy mehmondo’stligi instinkt kabi mavjud qolgani uchun… ichimda, ich-ichimdan quvonib yig’lardim».

Men bu hikoyani birinchi marta o’qiganimda ich-ichimdan yulqinib chiqqan alam aralash quvonch ko’zlarimni tinch qo’ymagandi. Shukur aka, yig’lang, yig’layvering, xuddi ana shu oddiygina cho’pon, uning xotini, o’g’li — Abduqodir kabilar borligi uchun o’zbek o’zbekligi-cha turibdi, dedim xo’rsiniqni yengib. Yo’qolgan qo’zisining qoldiqlarini to’qaydan top-gan Botir cho’pon hech qachon bu ishni odam bolasi qilgan deya xayoliga keltirmagan. O’rmonjon, Azimjon, Mirzag’olib kabi hamma narsadan nafsini ustun ko’radigan, bag’rikeng insonning tuzini yeb, tuzlug’iga tupurib ketadigan qorin qullariga yana qo’y so’yib ziyofat beradigan odamlar qaysi zamon bo’lmasin, o’zbekning nomini baland tutib turaverishadi. Va yana ular, Shukur aka, siz kabi – men hikoyani so’zlab berayotgan talaba yigit — Ergash garchi arxeolog bo’lsa-da, uni Siz deb qabul qilganman, halol, pokiza insonlar dasturxonidan totinmasalar, axir, cho’ponning churuk yashayotganini ko’rib, uning to’kib tashlaganlari tomog’idan qanday o’tsin, yurak-yuraklaridan xafa bo’lishadi. Men quyidagi satrlaringizni o’qiganimda titrab ketganman:

«U kishi hamma bilan qo’l berib xayrlashdi-da, menga qolganda, burilib ketdi. Shunda ayoli ham xo’shlasha boshladi. Qadoq qo’llarining uchini berib xo’shlasha-xo’shlasha menga yetganda, uyam burilib ketdi.

Men titrab-qaqshab ularning oldiga bordim.

— Botir aka, opa… men sizlarni juda yaxshi ko’raman, — dedim. — Xafa bo’lmangizlar.
— Yo’q, siz bizni yaxshi ko’rmaysiz, — dedi xotini. — Boshdan yomon ko’rib edingiz.

— Rost, uka. Pisand qilmadingiz bizni, — dedi shunda cho’pon ham. — Anavi yigitlar boshqacha…
— Axir men sizlarni juda-juda hurmat qilaman.

— Bekor gap, — dedi ayol.
— Ha, — dedi eri.

Abduqodir menga yotsirab qarab turardi.
— Shunaqa».

Shukur aka, siz cho’pon va oilasini mehr bilan tasvirlaysiz. Lekin men pokko’ngil o’zbeklarning hali-hamon yaxshi va yomonni ajrata olmayotganliklaridan kuyinib ketaman. Haligacha aslida dasturxon to’kin bo’lishi, mehmonlar saralab-saralab yeyishlari uchun qarzga bozor qilib, mehmon kutadigan insonlarni quyuq ziyofatni yegan kunlarining ertasigayoq butunlay unutib yuboradigan kaslar borligidan kuyinib ketaman, Shukur aka.

Bu toifa odamlar ha, «o’zbek xarakteri»da tasvirlaganingiz O’rmonjon, Azimjon, Mirzag’oliblar aslida o’zbekmikanlar? O’zbekman deb ko’krakka urish boshqa-yu, o’zbek bo’lib qo-lish boshqa ekan-da! Bilaman, sholi kurmaksiz bo’lmaydi. Lekin kurmaklar haddan tashqa-ri ko’payib ketmayaptimikan? To’g’ri, siz o’sha nafs bandalarining ham odamiylikni butunlay unutmaganliklarini eslatasiz. Cho’pon so’ygan qo’yni yeb, xotini kimdandir topib kelgan «shayton suvi»ni ichib, boshi qizib ketgan talabalarni shunday tasvirlaysiz:

«Ko’pchiligining kayfi bor edi. Kayfdagi odamning gapiga ishonish qiyin-u, lekin… ha-ha, o’sha, xuddi o’ylagan gapingiz bo’ldi: pushaymonlik… E, biri qo’yib, biri oladi, biri qo’yib, biri…

Chamasi, hammasining og’zi tekkan ekan o’sha go’shtga.

Azimjon akaning bir nidosi yodimda qoldi:
— Biz ablahmiz! — dedi ingrab. — Ko’ra-bila turib ablahlik qilamiz. Biz qanaqasiga o’zbekmiz-a? Ana ularni o’zbek desa bo’ladi. Nima deding, O’rmonjon?

— Biz ancha buzilganmiz, — deb po’ng’illadi O’rmon aka. — Lekin hayotning o’ziyam majbur qiladi-da, kishini.
— Ularni majbur qilmayapti-ku?

— Nimaga?
— Shu, endi… Balki pul yig’ib berarmiz-a?
— Bo’lsa!

Keyin yana men haqimda gapirishdi. Bittasi, ovozidan bilolmadim, tik turgancha:
— Shu Ergashvoyning ichiga tepsang-da — dedi. — Ko’zimga itdan battar ko’rinyapti… Endi, bir umr kulib yuradi bizdan, yaramas. Yovvoyi…»

«O’zbek xarakteri» yozilganidan buyon mana salkam o’ttiz yil o’tyapti. Davr o’zgardi, yashash tarzi, odamlar o’zgardi. Lekin hikoya zarracha ahamiyatini yo’qotgan emas. Buni voqelikni mohirona badiiy ifodalash kuchi deydilar! Shukur aka, bu zarracha maqtov yoki iltifot emas! Bu voqelik, bor gapdir!

Shukur aka, men «Tabassum» e’lon qilingan yildayoq aytgandim, bu hikoya o’zbek adabiyotidagi eng zo’r hikoyalardan biridir va shunday bo’lib qoladi. Xuddi shunday «Bodom qishda gulladi» va «Cho’loq turna» ham o’zbek adabiyotidagi eng zo’r hikoyalardandir, deb hisoblab kelganman va hozir ham shunday fikrdaman.

E’tiqodda sobit turishni «Tabassum»ning qahramoni Jalil otadan o’rgansa arziydi. Uning yolg’iz o’g’li va bittagina nevarasi bor. Tuzalmas dardga giriftor bo’lgan bobo ana shu nevarasining baxtini ko’rishni istaydi: «— A-a, Sadafning ham bo’yi yetib qoldi. Shuning to’yini… tinchiganini ko’rsam, armonim yo’q edi».

Lekin unga kelgan sovchilarning kimdan ekanligini bilib, tinchini yo’qotadi. Sadafni o’sha Mo’minning nevarasiga bermanglar, deydi, lekin sababini ayta olmaydi. Chunki bir paytlar so’z bergan. Yillar o’tsa-da, o’sha suronli yillardagi voqeani unutmaydigan Jalil ota so’zidan qaytadiganlar xilidan emas.

Shukur aka, siz Jalil otani shunday ta’riflaysiz: «Zero, oddiy ish… xushomad qilish, kattalarga ta’zimda bo’lish, kezi kelganda, bir gapdan qolish ham… qo’lidan kelmadi. Ak-sincha, shunday qilib, obro’ topgan, martabaga mingan kishilardan nafratlanadi hamon…»

Mo’min esa, Jalil otaning nafratiga loyiq aynan ana shunday kaslardan. Do’ppi tor kelgan mahal asli o’zi ayg’oqchi Mo’min Jalilni o’ldirishga-da tayyor edi:

« — Manavi bola… — Mo’min burila solib, Jalilga o’qtaldi. — Chopib tashlayman. Bu ayg’oqchi, begim… Meni yo’ldan urdi…

Quyun qo’rboshi kulib, yonidan miltiqni oldi. Qo’ndog’i bilan shiftga qadalib-sollanib turgan qilichni turtdi. Qilich yerga tushdi.
— E, Mo’minboy-yey! — dedi. — Tashqarida nari borsa, ikki og’iz gaplashdilaring, shunda aldab oldimi?»

Shukur aka, men «Tabassum»dagi Quyun qo’rboshi siymosida negadir mashhur Ibrohimbekni ko’rganman. Hatto o’ttizinchi yillarda ham mustaqillik deya kurashgan Ibrohimbek o’zbek urug’laridan bo’lgan laqaylarning ham, butun o’zbek xalqining ham iftixoridir. Men laqaylar hayoti, tarixi, urf-odatlari haqida vaqtida turkum maqolalar tayyorlaganman. Ibrohimbek hayoti bilan ilgari ham qiziqqanman. Lekin laqaylarning Ibrohimbekni bosmachi deyishganida titrab ketishlarini, uning xalq, yurt ozodligi yo’lida jasurlik bilan, jonini ayamay kurashganidan g’ururlanishlarini ko’rib hayratlanganman.

Siz Sho’rolar davrida bosmachilarni birinchi marta ijobiy qahramon sifatida tasvirlagan qo’rqmas, yurtini, xalqini sevgan adiblardan birisiz,

Shukur aka! Ibrohimbek – Quyun qo’rboshi ham yurtini sevardi:
«— Bek yo’q… — kulimsiradi Quyun qo’rboshi. — Qarshingda bir sayoq bevatan turipti.
— Begim…

Quyun qo’rboshi uyga qaradi. Shimolga — tog’larga, cho’qqilarga qaradi. Suyaklar sochilib yotgan yerga qaradi. Chakmonini kiyib, o’rnidan turdi.
— Bog’langlar.

U qo’lini orqasiga qildi.

Mo’min Jalilga qaradi, Jalil… Quyun qo’rboshiga qaradi va negadir yig’lagisi keldi. Mo’min ham Quyun qo’rboshiga tikildi-da, asta tislandi.

— E, yigitlar-ye, — dedi Quyun qo’rboshi. — Joylaringda men bo’lmadim-da!..
— Endi…

— Rost, — dedi u o’ychanlik bilan. — Vatan qo’ldan ketganiga oldinroq ishonganimda, oldinroq o’zim tushib borar edim. Shahid ketishga nima yetsin.

Mo’min bir qadam chetga bosdi.

— Qo’rqma, — dedi Quyun qo’rboshi. — Bog’la, uka. Lekin tag’in bir narsaga ishonishni istayman.
— Ayting, begim!

— Meni sud qilishsin.
— A?
— Bozorda».

«Tabassum»da Quyun qo’rboshining bozorda sud qilishni istaganidan maqsadi keyinroq anglashiladi. U ko’pchilik oldida nima uchun kurashganini baralla aytadi.

Hayotda qilmagan ishini qildim deb, o’zini qahramon qilib ko’rsatayotganlar oz emas. Agar Quyun qo’rboshi o’zi qo’lini bog’latmasa, uni ikki dunyoda ham oldiga solib ketishni uddalay olmaydigan Mo’min ham ana shunday odamlar xilidan. Lekin Quyun qo’rboshining mardligini Jalil ikkovidan boshqa kim ko’ribdi. Jalil esa qasam ichgan. O’sha voqea haqida og’iz ochmaydi. Mo’minning odamlar og’zini ochirgancha qo’rboshini qanday qo’lga tushirgani haqidagi hikoyalari boshqalar qatori Jalil otaning o’g’lini ham ishontirgan-da. Eng yomoni, u o’z otasini boshqalar jasoratini ko’rolmaslikda ayblaydi…

«Shokir bir nafas lunjlari tirishib turdi-da:
— Axir, uni yomon ko’rsangiz — o’zingizga, — dedi. — Lekin bizga ma’qul.

— Nimasi?
— Mo’min bobo… grajdan urushining qahramoni… Orden-medallari bor. Respublika ahamiyatiga ega… pensioner. Gapi har yerda o’tadi…

— Ha. Mengayam yordami tegadi de?
— Odam sal… orqali bo’lishi kerak-ku!

— O’, bechora bolam.
— Qo’ying kulmang… Siz o’shanday bo’lmagan bo’lsangiz, biz aybdor emas.

— Attang.
— To’g’ri-da… Hozir qaysi qariya bilan gaplashmang, o’zidan sal obro’li tengqurini g’iybat qiladi…

— Men hech narsa demadim-ku!
— Bari bir-da!

Chol to’shakda chalqancha bo’lib yotdi. Uning xo’rligi kelar, lekin allaqanday jirkanchli narsa atrofida bor-u… xo’rlandim desa, u maraz yopishadigandek edi».

Shukur aka, siz voqeaga aralashmaysiz, tasvirlaysiz. Kim haq, kim nohaq ekanligini zukko o’quvchining o’zi ajratib oladi.

Lekin o’sha zukko o’quvchi ham hadikda: nahotki, Jalil ota istamagan to’y bo’lsa?!

Jalil otani viloyat markaziga, bemorxonaga yuborishmoqchi bo’lishadi. Lekin u tuzalishni emas… tezroq o’lishni istaydi. Buning uchun hech narsa yemay qo’yadi, bergan ovqatlarini bildirmasdan to’kib tashlaydi va…

«Hammani dahshatga solgan narsa — uning yuzida qotib qolgan tabassum bo’ldi. To’y qoldi». Shukur aka, siz ustalik bilan Jalil ota o’limi bilan ham o’zi nafratlangan odamga qarshi kurashganini ko’rsatgansiz. O’ta mohirlik bilan!

Shukur aka, sizning hikoyalaringizni o’qiganimda biron-bir detal, biron-bir jumla behuda ishlatilmaganini sezaman. «Bodom qishda gulladi»ni olsak.
Hikoya qahramoni soddagina Nosirjon o’zi aytmoqchi «aptovus parkida kur`er» bo’lib ishlaydi. U odamlarning bekatlar nomini bilishmasligidan kuyinadi.

«Bilmasa adashadi-da!.. Adashadi! — deb ta’kidladi u zo’r qanoat bilan. So’ng o’zicha maza qilib davom etdi: — Desangiz, bizga… menga har oy bepul abonement qog’oz berishadi. Bo’sh vaqtim bo’ldimi, duch kelgan aptovusga tushaman. Shaharni aylanaman… Misol uchun, aptovusda ketyapman. Ko’rib qolamanki, bekatda bir chol alanglab turipti. Sezaman: yo’lni bilmaydi, adashgan… Shartta aptovusdan tushaman. «Salomalaykum, otaxon! Yo’l bo’lsin?» «E, bolam, adashib qoldim. Falon joyga bormoqchi edim». Men darrov u kishiga tushuntiraman: shundoq aptovus keladi, o’shanga o’tirib, falon bekatda tushasiz… Vassalom. Chol bizni duo qiladi. Men yana aptovusga tushib ketaveraman. Yana bir bekatda…»

Ayrim o’quvchilar shunchaki ko’z yugurtirib o’tadigan bu detalning qanchalik muhimligini hikoya davomida sezib olish mumkin. Yuragida birinchi bor muhabbat uyg’ongan yigitcha shunday deydi:

«— Aka, bir yaxshi ishlar qilgim kelyapti! — deb qoldi endi ko’zim ilinganda. — O’sha kishi uchun!.. — deya so’lg’in davom etdi. — U kishi bir joyda adashib qolgan bo’lsalaru men aptovusdan tushib ko’rsam-da, kulib, yo’lga solsam… — U birdan quvnab, hatto jilmayib menga tikildi. — A, yaxshi-ya! — dedi hayajonlanib. — Men bilaman, u kishiyam shaharning hamma yo’llarini bilmaydilar… Hech kim bilmaydi, menchalik! E, qancha odamlarni…»

Birinchi detaldayoq sinchkov o’quvchi Nosirjonning qanday qilib bo’lsa-da, odamlar uchun yaxshilik qilish ishtiyoqida yuradigan insonligini payqab oladi. Endi bu ishtiyoqqa muhabbat ham qo’shiladi. U o’zi sevgan qizga – bo’lajak shifokor Xubbijamolga boshka oshiqlar kabi gul berishni, qimmatbaho sovg’alar bilan ko’ngil olishni bilmaydi. Uning eng yaxshi sovg’asi – bekatda adashib qolgan odamni yo’lga solib yuborib, yaxshilik qilish!»

Hikoyaning chiroyli yakunlashida ham birinchi detal` – tamal toshiniing o’rnini sezish qiyin emas:
«Shundan keyin men Nosirjonni ko’rmadim. Qaysidir kuni avtobus bekatida ko’zlari yoshli bolakay bilan cho’nqayib turib gaplashayotgan yigitchaga ko’zim tushdi. Mashinada edim. U Nosirjonmidi, boshqamidi — bilolmay qoldim».

Shukur aka, Sizning odamlar fe’l-atvorini sinchiklab o’rganishingiz, bir-biriga aslo o’xshamaydigan qahramonlar yaratish mahoratingiz «Bodom qishda gulladi»da yaqqol ko’rinadi va yosh yozuvchilarning o’rganishlari uchun arziydi. Hikoyada katta-kichik o’n uch nafar qahramon va personaj bor — Nosirjon, Xubbijamol, yozuvchi, uning xotini Sadaf, hamshira Polina, duxtur Qobiljon, bemorlar – karavotsozlik fabrikasi injeneri Ziganshin, tilshunos, Eshim montyor, Qodir etikdo’z, buxorolik Aminjon, militsiya kapitani, uyg’ur yigit. Ha, o’n uch nafar. Lekin ulardan birontasining gapirishi, xulq-atvori bir-biriga o’xshamaydi. Va hikoyani o’qiganingizda ularning har biri ko’z o’ngingizda jonli odamlar bo’lib gavdalanishadi.

Xuddi shu «Bodom qishda gulladi» hikoyasida Nosirjon shoir Rafiqiyni ko’rganligini aytadi. Shunda hikoya qahramonlaridan biri – Yozuvchi Rafiqiy haqida o’ylaydi: «Dam hajviyanamo, dam qasidanamo she’rlar yozib yuradigan, qalam ahli orasida obro’siz, menga yoqmaydigan bir tizmakash edi Rafiqiy». Bu yerda Shukur Xolmirzaev garchi qahramon tilidan bo’lsa-da, ijod bog’iga suqulib kiradigan «Rafiqiy»larga munosabatini bildiradi.

Va yana bu hikoyada quyidagi satrlar bor:
«Shunda men bir adib sifatida… odamda bo’layotgan o’zgarishni ko’rdim; uni kuzatish ahdim bo’lib qoldi. Yozuvchilik kasbi ba’zan shafqatsizlikni talab etadi. Deylik, aybdorni so’roq qilishyapti. Uning qarindoshlari yig’layapti, tomoshabinlar hayratda. Tergovchi esa pinak buzmaydi. Yozuvchi ham ba’zan shunday holga tushadi. Biroq, sizni ishontirib aytaman, uning tergovchidan farqi bor — u qiynalib, o’rtanib kuzatadi, «so’roq qiladi». Ammo, tabiiy, buni sirtiga chiqarmaydi. To’g’ri, u ham odam, ba’zan sirtiga tepib ham qoladi».

Shukur akaning haqiqiy yozuvchining xislatlaridan biri haqidagi bu fikrlarini yosh ijodkorlar o’rganib qo’yishsa chakki bo’lmasdi. Kuzatuvchan bo’lmagan jurnalistdan hech qachon yaxshi jurnalist chiqmagani singari yozuvchida bu muhim xislat bo’lmasa, undan o’quvchi qalb torlarini cherta oladigan asar kutish qiyin. Axir, voqelikni, turfa fe’l-atvordagi odamlarni kuzatmay turib, qanday qilib yaxshi asar yaratish mumkin?

Shukur aka, sizning adabiyot uchun qanchalik jonkuyar ekanligingiz, hayotdagi bosh vazifangizni ADABIYOT deb belgilaganingizni, buning uchun hatto aktyorlik iste’dodin-gizni qurbon qilganingizni ko’p yozishgan, ta’kidlashgan.

Sizning adabiyot, ijod ahli, kitob va kitobxonlik haqidagi fikrlaringizni har gal o’qiganimda bu qimmatli fikrlarni faqat yosh ijodkorlargagina emas, balki to’rt-beshta kitob chiqarishga ulgurgan adib va shoirlarga ham anglatish zarurligini o’ylab ketaman.

Masalan, «…shaxsan men kitobxonni bir yoqqa torta bilgan, uning didiga mo’ljallab – unga asarini nima qilib bo’lsa ham yoqtirish maqsadida emas, o’sha didni bir bahya bo’lsa-da ko’tarish niyatida ter to’kkan yozuvchilarni sevaman», degan fikringizni uqqan, zig’ircha bo’lsa-da insofi bor, o’quvchiga, qog’oz va inson vaqtiga achinadigan, o’zini shoir yo adib sanab yurganlarning kitobxon didini pasaytirayotganliklarini sezib qolib, boshqa, ko’pchilik uchun foydaliroq kasb etagidan tutishlarini o’ylaganman.

Haligacha ayrim ijodkorlar Siz aytganingizday «Muammolarning muammosi – odam» ekanligini tushunib yetishganicha yo’q. Sizning «Odamni chinakamiga aks ettirar ekansiz, uning qilmish-qidirmishlaridan muammolar kelib chiqaveradi. O’sha muammolarni hal etish esa… sening ishing emas: uni hayot hal etadi va pirovardi, o’sha «hal etilish» jarayoni yana adabiyotda aks etishi mumkin», degan qimmatli fikringizni bilib, bilmaganga olayotgan «ijodkorlar»ga achinib ketaman, Shukur aka!

Sizning hikoyalaringizni o’qigan haqiqiy kitobxonga qahramonlaringiz shundaygina yonida yurgandek tuyuladi. Birontasi «yasalgan», «qo’g’irchoq» qahramonlar emas! Ijoddagi bu mahoratingizni esa, yana o’z adabiy qarashlaringizdan topaman: «Mening butun ongli hayotim — ijod bobidagi izlanishlarim — mumkin qadar soddalikka yetishish, asar voqealarining mumkin qadar hayotga va uning tabiiy jarayonlariga o’xshashligiga, qolaversa, asar g’oyasi — badiiy niyatning ham ana o’sha voqea-jarayon tizimidan beixtiyor sitilib chiqishi yo’lida kechib kelayotir. Bu izlanishlarni sintezga erishish, deb baholash ham mumkin».

Sizningcha, o’zini bilmagan adibdan boshqa odamlar qalbiga kirib borish, uni to’laligacha ochishga erishish hech bir mumkin emas. «Iqtidorli yozuvchilar bilib-bilmagan holda o’zini — o’zligini izlaydi; o’zlikni bilmoq esa — o’zgalarni bilmoq uchun kalit vazifasini o’taydi». Sizning bu fikringizdan kelib chiqqan holda, o’zini bilmaydigan ijodkordan o’zgalar dunyosiga kirishni talab qilish aslo mumkin emas.

Shukur aka, sizning dunyo adabiyotini yaxshi o’rganganingiz, buni asarlaringizda ham, so’zlaringizda ham bilinib turganini ko’rar ekanman, haligacha o’z hovuzidan nari chiqa olmayotganlarni va o’z «vaqillashi»ni eng yoqimli deb o’ylaydigan, bunga boshqalarni ham ishontirishga intiladigan «ijodkorlar»ning «asarlari»ni Shukur aka o’qiganlarida nima qilardilar, degan o’yga tolaman.

Siz «…bugungi kun yozuvchisi, shubhasiz, faqat o’z adabiyoti tajribalariga suyanib qalam tebratishi mumkin emas», degan aqidadasiz va asarlaringiz bu aqidangiz qanchalik mustahkamligini isbotlaydi.

Sizning ijodkor uchun shuhrat, mukofot nimaligi haqida ham aqidangiz bor. Birda «…haqiqiy adib mukofot uchun yozmaydi va yozmasligi kerak», degansiz. To’g’ri-da, axir ijod olamiga cho’mib ketgan odam o’sha tobda qanday qilib mukofot haqida o’ylashi mumkin? O’ylamagan ekan va u albatta mukofot uchun yozmasligi aniq.

Lekin shu bilan barobar Siz «Vaqti kelganda, ijodkorni bir og’iz iliq so’z bilan siylab qo’yish ham uning hayotini o’zgartirib yuborishi mumkin. Biroq pishmagan mevani urib tushiradigan “mergan”dek mukofotga intilish, hay-hay, uyat! Ta’magirlikdan boshqa narsa emas», degan fikrdasiz. Ha, kimlarningdir kitoblari ustma-ust chop etilib, o’zlari turli-tuman mukofotlar bilan rag’batlantirilib yotganlarida, haqiqiy asar egasining faqatgina o’quvchilardangina yaxshi so’z topishi ham ijodkorga u yoki bu darajada ta’sir etishi mumkin-da! Yaxshi asarlarni ko’rib, ko’rmaslikka oladigan mas’ullar, o’zini adabiyotshunos deb sanaydigan olimlarning marhamatiga chinakam, iqtidorli, iste’dodli ijodkorlar muhtoj emaslar. Lekin baribir sayoz narsalarni «shedevr» deb ko’klarga ko’tarishlar, mukofotlashlar adabiyotda voqea bo’layotgan asarlarni yaratayotgan ijodkorlarga bilinar-bilinmas darajada ta’sir etishi o’ylantiradigan masala-da!

Siz esa, Shukur aka, siz, mudom haq gapni aytib kelgansiz. Adabiyot manfaatini o’z manfaatingizdan ustun qo’ygansiz. Bunda biron asar muallifining na jamiyatda tutgan obro’-e’tiborini, na uning aslida juda yaxshi inson ekanligini hisobga olgansiz. Ha, aslida adabiyot shafqatsiz – uning o’lchovlari uchun baho berilayotganda, muallifning na shohligi, na gadoligi, na mansabdorligi, na ishsizligi, na boyligi, na kambag’alligi, na sog’lomligi, na nogironligi hisobga olinadi. Adabiyotning mezoni bitta – badiiy to’laqon-li, chinakamiga yaxshi asar!

Shukur aka, men bu jumlalarni Sizning Sho’rolar paytida O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida bo’lib o’tgan bir roman muhokamasi haqidagi gaplaringizni o’qib yozdim. O’shanda Uyushmada qo’li uzun bir adibning romani muhokamasi bo’lgan. Nufuzli adabiyotshunos romanni maqtagan. Taniqli bir shoir roman qo’lyozmasini bir marta emas, uch marta o’qib chiqqanini aytgan. Betgachopar deb tanilgan bir tanqidchi ham roman haqida to’g’ri fikrini aytmagan. Faqat siz, o’sha paytlar «Sharq Yulduzi»da bo’lim mudiri bo’lib ishlagan ekansiz, qo’lyozma haqida bor gapni aytgansiz. Shunda ham muallifning yaxshi odamligini unutmagan holda uni ayabroq gapirgansiz. Lekin Sizning qo’lyozmani badiiy asar darajasiga yetkazish uchun kuyinib aytgan tanqidiy, to’g’ri fikrlaringiz na muallifga, na uni yoqlab gapirganlarga yoqqan…

Noqulay ahvol yuz bergan bir vaziyatda ustoz adib Odil Yoqubovning aytgan gaplari Sizga tasalli bergan. Odil Yoqubov u gaplarga xafa bo’lmaslikni so’rab, haqiqatni aytish kerakligini, busiz yashash mumkin emasligini aytgan. «Shu yo’lingdan qolma. To’g’ri endi, haqiqat qachon ro’yobga chiqadi? Biz qachon bir-birimizga tik qarab qalbimizdagi gaplarni aytamiz? Olloh biladi… Lekin aytaverish kerak!..», degan oqil inson. Va u roman haqida fikr bildirgan uchovlondan birontasi qo’lyozmani o’qishmaganini aytgan. Odil Yoqubov roman muallifi haqida «Yaxshi inson! Sen to’g’ri aytding. Ulug’ bir rahbarga xos qobiliyat bor u insonda. Lekin beayb Parvardigor…», degan.

Shukur aka, Siz Uyushmadagi o’sha dilxiralikni eslar ekansiz, Odil Yoqubovning ikkinchi bir fazilatini kashf etdim, deya yozasiz: «bu ulkan adib o’z asarlarinigina emas, adabiyotimizning ham himoyasiga tayyor yurar ekan».

Shukur aka, Siz ham mudom adabiyotni himoya qilib yurgan insonsiz. Esimda, bunga balki bunga qirq yil bo’lgandir, balki bundan biroz ozroq yo ko’proqdir. Siz Toshkent televideniesida chiqish qildingiz. O’shanda tojikistonlik yozuvchi, O’zbekistonda ko’plar bilmaydigan Solih Qahhor haqida gapirdingiz. Uning iqtidori haqida so’z ochdingiz. O’sha paytlar O’zbekistonni aytmayin, Tojikistonning o’zida ham Solih Qahhorning hali bironta kitobi nashr etilmagan edi. Sizning chiqishingizdan keyin ko’p o’tmay u kishining «Ayri yo’l» degan hikoyalar to’plami bosmadan chiqdi. Taqdir taqozosi bilan Solih Qahhor hozirda O’zbekistonda, Farg’onada yashayapti. To’g’risi, men u kishining ko’p asarlarini bilmayman. Lekin sarguzasht kitoblari ommalashib ketganidan xabarim bor.

Ha, Shukur aka, qaerda yaratilmasin, o’zbek tilida yozilayotgan asarlarning o’zbek adabiyoti mulki, boyligi ekanligini yaxshi bilardingiz. To’g’ri-da, bu o’rinda Alisher Navoiyning qaerda tug’ilib, qaerda ijod etganliklarini aytmay qo’yaqolayin, faqatgina Odil Yoqubovning Qozog’istondan, Pirimqul Qodirovning Tojikistondan, Shavkat Rahmonning Qirg’izistondan ekanliklarini eslatmoqchiman, xolos. Ular yaratgan asarlar butun o’zbek adabiyotining boyligi emasmi?

Shukur aka, Sizning yosh ijodkorlar asarlarini kuzatib borishga, faqat kuzatib borish emas, sinchiklab o’qish uchun vaqt topishingizga ham qoyil qolardim. Siz Erkin A’zamovning kitobini o’qiganingizdan keyin matbuot orqali uning ijodi haqida fikrlaringizni bildirishga shaylanasiz. Uning bir hikoyasini o’qib shunchalik quvonasiz, shunchalik quvonasiz, faqat samimiy, yangi asar muallifi kimligidan qat’iy nazar unga to’g’ri baho beradigan insonlargina shunday quvona oladilar. «Hikoyangiz, umuman, nuqsonsiz va klassik hikoya bo’libdi. Zar qadriga zargar yetadi, Erkin! U hikoyani Afrikaning zanji o’quvchisi o’qib qolsa ham, tushunadi. Illo, unda inson — mukammal inson obrazi qiyomiga yetkazib tasvirlangan».

Bu so’zlaringizni o’qiganimda qaniydi, hamma ham Shukur aka kabi shogirdlari, o’zidan yosh yozuvchilar ijodidan shunchalik boshi ko’kka yetib gapirsa, degan o’yga borgandim. To’g’ri, adibning ayrim asarlari haqida biroz tanqidiy fikrlar ham bildirgansiz.

Erkinning “Chapaklar va chalpaklar mamlakati” qissasi haqidagi fikrlaringizni o’qiganimda negadir buyuk odamlarning qarashi ham, qalbi ham buyuk bo’ladi, deb o’yladim.

«Erkin, bu qissangiz haqida hajmi o’shancha bo’lgan maqola yozishim mumkin ekan: voy, dahshat asar… Go’zal asar! Asarni go’zal qilib turgan omil — demokratik tamoyillar ruhida tarbiya topgan pokiza bir insonning diktatura hukmronlik qilayotgan jamiyatning aft-angoriga qarab hayratlanishlari-yu, undagi har bir shaxsga nozik munosabatda bo’lishi, diktatura hukmronligidagi jamiyat ichida yashab, har qadami xavf ostida ekanini teran sezaroq ehtiyot choralarini (kitobxon bot-bot ma’qullaydi) ko’rishlari va ul tuzumdagi hayot havasidan zo’rg’a nafas olarkan, nihoyat, ul yurtni tark etish muddati yetib qolganda, ya’ni qahramon ozodlikka chiqib ketish oldidan mehmonxona derazasidan ko’rib qolgani bir qizaloqqa munosabatida ekan: tavba, bir yosh, hali dunyoning bordi-keldisidan bexabar soddagina qizaloq — baxtiyor, quvnab-quvnab arg’imchoq uchayotir. Mehmonxona pastidagi hovlida…»
Buni boshqalar yutug’ini o’z yutug’i deb bilib, ich-ichdan masrurlik tuyish deydilar!

Shukur aka, Siz kitob, bu mislsiz boylikni qadrlash va qadrlayotganlar, adabiyotning kuchi haqida Murod Abdullaev bilan qurgan «Tolstoyning niyati meni maftun etgan» suhbatingizda ham ko’p ibratli gaplarni aytgansiz.

«Chunki kitob o’qiydigan kimsa — yoshmi u, keksami u — qat’i nazar, KITOB bilan yuzma-yuz qoladi. Undagi — asardagi qahramonlar bilan O’ZICHA gaplashadi. Oraga birov tushmaydi! Yo’q-yo’q. Kitobxonning o’zi… o’zini tarbiya qila boshlaganini sezmay ham qoladi. … Tolstoy domla ayni mana shu usulni «eng samarali usul», deb hisoblaydi va shunga butkul ishonch hosil qiladi. Illo bu holga O’ZI misol — o’zligi shohid…», deysiz.

«Bir olam TARBIYA beradi (har yo’sinda) bu mo»jiza — Adabiyot! O, uning sadag’asi ketay…», deya hayqirasiz. Bu ichki hayqiriq. Adabiyotni jon-dilidan sevgan, unga butun umrini baxshida etgan insonning hayqirig’i. Men bu hayqiriq mudrayotgan qalblarni ham uyg’otishiga, o’lik ko’ngillar tirilib, adabiyotga talpinishiga ishonaman.

Garchi ijod mizingizda navbat kutib turgan, yozila boshlangan va yozilishi rejalangan asarlaringiz bo’lsa-da, Siz adabiyotga daxldor nima bor, ko’zdan qochirmaslikka intilasiz. Televidenieda adabiyot mavzuida o’tkazilgan davra suhbatini ko’rib kuyinib ketganingiz ham aynan ADABIYOT uchun jonkuyarlik belgisidir.

«O’shanda pachoqqina, surroq kulimsirab turgan bir yigitcha boshlovchining savoliga javoban — taxminan shunday dedi: «Adabiyot menga kerak emas. Mening maqsadim bor, kompyuterni o’rganaman. Shu maqsadimga mos keladigan ilmiy qo’llanmalarni o’qiyman. Maqsadimga, albatta, yetaman!»

Men o’shanda o’zimcha shivirladim:
— Maqsadingga yetarsan-u, attang, baribir odam bo’lolmas ekansan-da, nodon. — Keyin jahlim chiqa boshladi. — Uning ishshayib turishini qara. Xuddi bir narsani qoyil qilib qo’yganday… Obbo, qaerdan chiqdi o’zi bunaqa gaplar-a: «Har kimning o’z FIKRI bo’lishi kerak!» Ha-ha-ha, fikri bo’lishi kerak!

Lekin olamda shunday haqiqatlar borki, jumladan, Yaxshiligu Yomonlik, Nodonligu Johillik, Rahm-shafqatu bularning aksi… Bu tamoyillarga nisbatan har xil ema-as, BIR xil fikr, bir xil ko’zqarash bo’lishi kerak-ku! Aks holda…

O’sha ko’rsatuvning oxirida yana bitta — qandaydir savolga o’sha yigitcha shunday javob berdi: «A-a, «O’tgan kunlar»mi? O’qimaganman. Otebk («Otabek» emas) degan yigitning fojiasi yozilgan emish. Televizorda ko’zim tushgan… Yo’q, o’qimayman. Axir, aytdim-ku, mening adabiyotgayam o’z nuqtai nazarim bor. O’z fikrim bor…»

Vassalom.

Keyin boshlovchimiz ham nazarimda, qovun tushirdilar. «Mana, ma’lum bo’ldiki, — deya palag’dagina tovushda xulosa yasay boshladi boshlovchi ukamiz, — har bir masalaga har xil yondashish bo’lganidek, adabiyotga ham ikki xil qarash mavjud ekan. Bu — tabiiy hol…»

E, bekorlarni aytibsiz!
Tavba».

Bu fikrlaringizni, o’rtanishlaringizni batafsil keltirayotganimning sababini Siz yaxshi anglab turibsiz, Shukur aka. Buyuk asarni o’qimasdan turib nopisand gapirayotganlar beshigi ustida onasi alla aytganmikan, u tug’ilganida qulog’iga azon aytishganmikan?! U dunyobexabarlar milliy qadriyat degan boylik nimaligini bilisharmikan?

Vale, shukrkim, hali «O’tkan kunlar»ni o’qiydiganlar ko’p. Men asli shohimardonlik, lekin zamona zayli bilan yurtidan ketishga majbur bo’lgan bir insonni yaxshi bilardim. Adham Muzaffarov ismli bu kishi sakson yoshda dunyodan o’tdilar. Adham aka «O’tkan kunlar»ni boshdan-oyoq yoddan bilardilar. Yoddan! Romanning qaysi bir voqeasidan gap ochilsa, berilganlaricha o’sha yerini yoddan aytishga tushardilar. Men «adabiyotgayam o’z nuqtai nazari bor» yigit bilan rahmatli Adham akani qiyoslayman. Asli kasbi huquqshunos bo’lgan bu insonning qalbida ADABIYOTga ulkan muhabbat bor edi. Otalari – Hamzani o’ldirishda nohaq ayblanib, surgun qilingan Muzaffarjon mingboshi o’ttiz yettinchi yilda o’zi to’plagan ulkan boylik — kitoblarni farzandlarini ayblashda dalil bo’lmasligi uchun yoqayotganlarida Adham u kitoblardan bir nechtasini olib, asrab qo’yadi. Arab imlosida yozilgan kitoblar, ayniqsa «O’tkan kunlar» kitobi borligi uchun jazoga tortishlaridan qo’rqmaydi. Adham aka menga «O’tkan kunlar»ning ana shu dastlabki nashrini ko’rsatganlar. Adabiyot fidoyisi bo’lgan bu inson buyuk asarni jonlarini garovga qo’yib saqlab yurganlar va yana uni to’laligicha yod olganlar! Haligacha Otabekning Kumushga yozgan maktublarini yoddan aytayotganlarida otaxon yuz-ko’zlaridagi allaqanday tasvirlab bo’lmas, sehrli bir ifoda ko’z o’ngimdan o’taveradi.

Biz o’qib yurganimizda Toshkentning o’sha paytlardagi Pushkin ko’chasida mashhur kitob passaji bo’lardi. Hozir u qaytadan tiklanibdi. Chiroyli, zamonaviy magazinda kitoblar biram ko’p, biram ko’p. Quvonib ketasan odam, entikib ketasan odam. Lekin men bu boy magazindan o’zim istagan ikkita kitobni topa olmadim. Biri Abdulla Qodiriyning yangi nashr qilingan saylanma asarlari kitobi, ikkinchisi – Sizning kitobingiz! Demak, hali kitobxonlik o’lgan emas! Demak, hali yaxshi kitobni ko’ziga surtib o’qiydiganlar bor!

Shukur aka, shukr, hali bu dunyoda ADABIYOT kuchini yaxshi biladiganlar, uni qadrlaydiganlar bor. Jumladan, Sizning ijodingizni, ADABIYOT yo’lidagi fidoyiligingizni qadrlaydigan insonlar ko’p hali. Men ana shunday insonlardan biri – iste’dodli shoir Eshqobil Shukurga havasim keladi. Faqat unga emas, Siz bilan yuzma-yuz suhbatlashgan, qimmati tengsiz so’zlaringizdan bevosita bahramand bo’lgan har bir insonga havasim keladi. Eshqobil Shukurning «Eh, akam-a, akam…» deb atalgan, yurak iztirobiga qorilgan bir maqolasi bor. Ana shu maqolada yozilishicha Sizning jismingiz bilan vidolashuv chog’ida Abdulla Oripov har bir ijodkor uchun o’ta muhim gaplarni aytgan ekanlar: «Qog’oz qoralab yurgan har kimni ham, «men yozuvchiman» deb da’vo qiladiganlarning hammasini ham haqiqiy yozuvchi deb bo’lmaydi. Haqiqiy yozuvchining timsolini biz Shukur Xolmirzaevga o’xshagan adiblar misolida ko’ramiz. U tom ma’nodagi professional yozuvchi edi. Yoshlarimiz jahon adabiyotini Shukur orqali o’rganishlari kerak. Chunki, uning asarlarida jahon adabiyotining eng ilg’or an’analari yuksak darajada mujassam bo’lgan. Shukur Xolmirzaev adabiyotimizda o’z maktabini yaratdi. Jahon adabiyoti mashvaratida uning o’z o’rni bor. Buni e’tirof etish kerak».

Sizning ijodingizni e’tirof etgan birgina Abdulla Oripov yo shogirdlaringiz, chinakam muxlislaringizgina emas. Hatto Sizning haq gaplaringiz oldida dovdirab qolgan, sirtida jilmayib turgan bo’lsa-da, ichida yanib turgan adabiyot bog’idagi o’tkinchilar ham aslida Sizni e’tirof etishadi.

«Haqiqiy adib hayotining mazmuni so’zga sodiqligida namoyon bo’ladi. Adabiyotga sadoqat — haqiqatga sadoqatdir. Men har gal Shukur aka bilan suhbatlashganimda, uning botini-da katta bir kuch berkinib yotganini his etib turardim va 65 yildan beri bu kuchga tiriklik bag’ishlab kelayotgan manba ham aynan adabiyot ekanlig’ini anglardim. U faqat adabiyot uchungina yashadi, bu yo’lda o’zini ayamadi va har qanday vaziyatda qaddini tik tuta oldi. 2005-yilning 29-sentyabr` kuni ertalab telefon orqali «Shukur akangiz olamdan o’tdilar…» degan sovuq xabarni eshitganimda yuragim zirqirab ketdi», deya yozadi Eshqobil Shukur.

O’sha onlarda Sizni yaxshi bilgan, ijodingizdan bahra olgan qaysi insonning yuragi zirqiramagan, Shukur aka!

Ahmad A’zam (Alloh joyini jannatdan aylagay) dunyodan o’tganini eshitganimda yuragim yana zirqirab ketdi. Rahmatli Siz kabi ADABIYOT jonkuyari edi. Qaysi asar bo’lmasin, gapni buramasdan to’g’ri aytardi. Afsus, qattol ajal hech kimni ayab o’tirmas ekan.

Shukur aka, hozir Siz va Ahmad A’zam kabi ADABIYOT jonkuyarlarining o’rni juda bilinyapti. Qattiq bilinyapti, Shukur aka!

Shukur Xolmirzaev
TABASSUM
006

007Shukur Xolmirzaev 1940 yil Surxondaryo viloyati Boysun tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1963). «Olis yulduzlar ostida» (1971), «Hayot abadiy» (1974), «Og’ir tosh ko’chsa…» (1980), «Yo’llar, yo’ldoshlar» (1984), «Bodom qishda gulladi» (1986), «Tog’larga qor tushdi» (1987) singari hikoya va qissalar to’plamlari, «So’nggi bekat» (1976), «Qil ko’prik» (1984), «Yo’lovchi» (1987), «Olabo’ji» (1992), «Dinozavr» (1-kitob, 1996) kabi romanlar muallifi. «Qora kamar» (1987), «Ziyofat» (1990 yili sahnalashtirilgan) dramalari ham bor.
Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofoti (1989) hamda «Mehnat shuhrati» (1999) ordeni bilan taqdirlangan.
Shukur Xolmirzaev 2005 yil 29 sentyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

006

Jalil aka deraza tagida yotardi. To’shakda. Bolishi baland. Unga suyanib, boshini ko’tarsa, bog’ni ko’radi. O’zi obod qilgan bog’ u. Eng qari yong’oq «oltmish»ga kirdi. U bilan bir vaqtda ekilgan tut kesilib ketdi. Kallaklanaverib quridi. Keyin yiqitib, g’o’la qilib olishdi.

Jalil akaning o’zi ham ketish oldida. O’sma bilan og’rigan. Biladi. Doktorlar ko’p vaqt yashirib yurishdi. Lekin Jalil aka ovqatdan qolayottani, ozib ketayotganidan qo’rqib yurardi. Bir kuni sevimli nevarasi — yolg’iz o’g’lining yagona qizi Sadafdan so’radi: «Bolam, dardni kasal odam bilsa, o’ziyam tuzalishiga ko’shish ko’rsatar ekan. Eshittanim bor. Sen begona doktorlardan so’ra, bolam. Dardim nima ekan? Faqat rostini aytasan,
xo’pmi?» «Xo’p, bobojon», dedi Sadaf. Oradan bir kun o’tmay Sadaf quti o’chib keldi. Bobosi yoniga cho’kkalab xo’p yig’ladi. Keyin: «Bobojon, aytishga tilim bormaydi-da», — dedi. «Nevaram, men seni o’zim katta qildim… ko’tarib. Meni… bobongni yaxshi ko’rsang, hurmatlasang, borini ayt». «Bobojon, o’zingiz ham unga qarshi… ish qilasiz-a?» «Albatta-da! Nima deb edim senga?». «Bobojon, kasalingiz — rak ekan». Sadaf yana izillab yig’lay boshladi.

Jalil aka, odamlar aytishicha, Jalil ota karaxt tortib qoldi: qayoqdan paydo bo’ldi bu dard? Ko’p-a, hozir… Qariya ancha sukutga tolib yotgach, xo’rsindi. Bu dard — bedavo ekanini eshigtan va chamasi o’zining «kasalligi» ham shunga yaqinroqmikan degan xayollarga ham borgan edi.

«Qismat ekan-da, — dedi. — Vo darig’. Yo’g’-ye… O’ksish bekor. Birniki o’tdan, birniki suvdan… Meniki shundan ekan. O’zi bir hisobda yoshimniyam yashab bo’ldim. Men tengi qurdoshlarimdan kimlar qoldi? Ha-a, Mo’min… bor. U mendan ikki-uch yosh katta-ya. Yuragi butun ekan-da! Ha, uning yuragi butun. — Jalil ota g’ashlanib o’ylay boshladi. — U boshqacha… Yomonga, nomardga… o’lim yo’q deydilar-ku! Ha-ye, mayli… Uyam yashasin. Bari bir dunyoga ustun bo’lmaydi. Birovga o’lim tilagandan…»

U o’zining rak ekani, ya’ni o’sma kasaliga mubtalo bo’lganini eslab ayanch jilmaydi. Kunlar o’tdi, oy o’tdi.

Qariya ba’zan tongga yetishi gumondek sezardi o’zini, ba’zan shu yotishda ming yil yashaydigandek edi. Lekin keyin-keyin o’g’lining ham, kelinining ham o’ziga tikilib-tikilib qarashidan angladiki, kasali nimaligi ularga ham ma’lum. Biroq miq etmadi. Ular… ular otaning hademay turib ketishini bashorat qilishardi.

Bir kuni hovlida yugur-yugur ko’p bo’ldi. Kimlardir kelishdi. Jalil ota kechasi uxlolmagani, o’ylanib chiqqani uchun kunduzi uyqu bosib yotgan edi.
«Ha, birontasi kelgandir-da», deb qo’ydi.

Biroq, kechga tomon hovlida tag’in yugur-yugur bo’lib qoldi-da, keyin hammayoq tinchidi. Keyin qosh qorayganda, o’g’li Shokir novcha qomatini egib, eshikdan kirdi.

— Salom alaykum, ota.
— Ke, o’g’lim, o’tir.

— E, bir-ikki odam keldi. Sizni bezovta qilmasin, deb bu yerga kiritmadim.
— Kim ekan ular?

— Sovchilar-da! Nevarangizga.
— A-a, Sadafning ham bo’yi yetib qoldi. Shuning to’yini… tinchiganini ko’rsam, armonim yo’q edi.

— E, hali chevarayam ko’rasiz, ota.
— Yo’-o’q, bolam… o’lim — haq. Bir yerda gurung bo’lib edi. He, yosh edim o’shanda. Lekin esimda qolgan. Bir komandirimiz bo’lgich edi.

Shokir kulimsiradi.
— Komandir…
— Ha, endi, mullayam bilganini o’qiydi-da, bolam… Bizning yoshlik o’z yo’liga o’tdi. Jang-jadal…

Jalil otaning umri chindan ham «jang-jadallar»da o’tgan. Inqilob g’alaba qilganda o’n besh yoshlarda edi. Iigirmanchi yillarda ko’ngilli bo’lib qizil askarlar safiga qo’shildi: ular xizmatini qilib, otlariga yem tashib, tagini kurab yurdi. Yetimcha qiyofasida bosmachilar qarorgohlariga necha marta borib keldi. Ammo-lekin bir gal… O’shanda…

Keyin «Qizil kaltakchilar» safiga qo’shildi. Keyin quloqlarni tugatish… Vatan urushi…

Shunisi qiziqki, Jalil… Jalil aka o’sha qilgan xizmatlari haqiga shtifoqo bitta ham nishon taqmadi. Nishon qayda, bir parcha yorliq ham olmadi.

Lekin bu narsalarni orzu qilmagan ham edi: u qilishi lozim degan ishni qilar, aksini qilmas, yo’q: o’zligiga qarshi bormas, bunga kuchi yetmas edi. Shuning uchun ba’zi o’rinlarda «tirsaklandi» ham.

Zero, oddiy ish… xushomad qilish, kattalarga ta’zimda bo’lish, kezi kelganda, bir gapdan qolish ham… qo’lidan kelmadi. Aksincha, shunday qilib, obro’ topgan, martabaga mingan kishilardan nafratlanadi hamon…

Uning bori — shu ekan.
— Ha, yaxshi gapmidi o’sha gap?

— U-u, dono gap. — Jalil ota shiftga tikildi. — Rahmatli komandirimiz o’zi xo’jalardan chiqqan edi. Lekin yangi hukumatga… sovetga sodiq edi. Nomardlik yomon…

— Uni aytgansiz, — dedi Shokir. — Xo’jasan deb qamashgan.
— Ha, o’z jo’rasi qamadi.
— Haligi gap…

«Shoshilyapti» deb o’yladi Jalil ota va gapni qisqa qildi:
— Shu kishi rahmatli aytgich edi-da: «O’limdan qochish kerak! Lekin o’limniyam bo’yinga olib yurish kerak!»

— Qo’ying, ota, o’limdan gapirmang.
— E, bolam, men ko’rdim…
— Yana…
— Sen ishingdan qolma… Mening dori-darmonim bor. Ishtaham yaxshi… Faqat sizlarga juda qarab qolganimdan xijolatman, o’g’lim. Yo’-yo’q, sen gapirma…

Shokir jim qoldi.
— Shunday. Endi, na chora!
— Omonatini olguncha kutaman-da.

Shokir iliqqina kuldi.
— Yoshingiz o’tib, judayam taqvodor bo’lib qoldingiz.

Jalil ota ham kuldi.
— O’zimam hayronman.
— Ota deyman… Haligi…
— Labbay, gapiraver.

— Sadafingiz bu yil o’nni bitiradi. Keyin o’qishga bormoqchi.
— A-a.
— Mayli. Mening qarshiligim yo’q. Lekin unga yordam ham berolmayman.
— Ha-a.

— Lekin qaerga ketsayam boshi bog’liq bo’lib ketsa degandim. Keyin o’qishini sirtqiga o’tkazish mumkin. Qisqasi, qiz bolaning bir o’zi shaharga ketishi…

Jalil ota yana kulimsiradi.
— Sen ham mendan qolishmaysan.
— Nimada?
— E…

Shokir o’rnidan turdi.
— Mayli.

Bir haftadan keyin yana hovlida yugur-yugur bo’lib qoldi. Jalil ota hushyor edi. Biroq, bu gal ham mehmonlarni bu xonaga kiritishmadi. Bu gal ham ular ketib bo’lishgach, Shokir kelin bilan kirdi. Otaga qo’sh salom berib, chetga o’tirishdi. Keyin Shokir gap boshladi:

— Ota, siz jang-jadal, urush, komandir… deb bejiz gapirmaysiz, — dedi. — O’sha yillarni siz juda yaxshi bilasiz. Yoshlikdan ko’p narsa boshingizdan o’tgan…

Chol tetiklanib yotgan joyida bosh qimirlatdi.
— Haqiqat, rost.

— O’sha davrdagi tengdosh jo’ralaringiz ham sanoqli qolgan-a?
— Ha, bolam.
— Shu, Mo’min ota bilan qalaysiz?

Chol o’g’liga tikilib qoldi. Keyin, ijirg’anib, ko’zini pastga oldi.

— Nimaga so’rayapsan?
— Endi… sizlarning munday non-qatiq bo’lib o’tirganlaringni hech ko’rmadik-da.

— Ha, ko’rmaysan ham. — Shokir sovuq tikildi.
— Nima uchun?

Chol yana birpas sukutga tolib qoldi-da:
— So’rama, — dedi. Keyin yuzi tirishib ketdi. — So’rama… Ont ichganman.
— A?

— Qasam ichganman.
— Tavba!
— Qo’y uni.
— Endi…

— Bolam, ovora bo’lma.
— Qiziq odatlaringiz bor-da.
— Shu-shu.
— Ha. Oqshom yana kiraman.
— Xo’p.

Shu bilan ota-bolaning orasi soviy boshladi. Shokir kelib, Mo’min aka haqida gap boshlaydi. Jalil ota ko’zini yumib oladi. O’rtada boshqa gap qolmagandek. Shokir chiqib ketadi, chol xayol surib, ijirg’anib yotadi.

Keyin-keyin tusmollay boshladi. Mo’minda ham ikki-uchta nevara bor. Eng kichigi Sadaf bilan tengdosh, yo undan bir-ikki yosh katta.
O’sha odam qo’yayaptimi Sadafga?
Chol titrab ketdi.

U Mo’min aka bilan bir umrga ajralishgan. To’g’ri, joyi kelganda u bilan so’rashgan bo’ladi. Bir davrada o’tiradi ham. Biroq, begonalardek.
Biroq uning orqasidan… bir og’iz so’z demagan, demas ham.

Uni eslasa bormi, darrov ko’z oldiga Bobotog’ yo’llari, Yolg’izkapa o’rkachidagi ovchilarning pistirmasi, qilich, miltiq, o’q-dori, sovuq tunlar, yulduzli osmonlar gavdalanib ketadi. O’ksib jimib qoladi.

O’shanda, tog’dan qaytib tushayotganda, Mo’minga bergan va’dasini eslaydi.
Keyin: «Ha-ye, shundayi ham bo’lar ekan-da», deb qo’yadi. Shu, xolos.

…Gap shundaki, Jalil aka Jalilbek bo’lib, Orzixo’ja komandirning otryadida yurganda, bir tun uni o’choq boshiga chaqirib, Orzixo’ja shunday dedi:
— Quyun qo’rboshini bilasan-a?
— Ha, — dedi Jalil.
— Uning ishlarini?
— Eshitganman.

— Bizga topshiriq keldi. Uni tiriklay qo’lga olish kerak.
— Bu qiyin.

— Quloq sol. Qiyinligini men ham bilaman. Lekin uning to’pida Mo’min degan yigitimiz bor…
— Tanimayman.

— Ko’rsang, tanirsan.
— Boramanmi?

— Ha. Quyunning yigitlari ozayib qolgan. Shu kunlarda Bobotog’ning Yolg’izkapa degan dovonida emish. Bir cho’pon ko’ripti. Xabar berdi.
— Uni tutish kerakmi?
— Ha..

Ertasi kuni Jalil janda kiyib, qo’liga tayoq olib, hech qanday qurolsiz holda yo’lga chiqdi. Yo’lakay cho’ponlarning ovulida tunab, o’z kunini ko’rib, Bobotoqqa yetdi.

Nihoyat, Yolg’izkapaga ro’para bo’ldi.

Shunda oldidan bir kiyik chiqib qoldi. Keyin bir ovchi ko’rindi. Kiyik Jalildan hurkib, ovchiga burildi. U otib oldi. Jalil chopib borib, kiyikning oyog’ini bosib turdi. Ovchi so’yib halolladi.

Keyin Jalil:
— Og’a, bizdan hurkib sizga yo’liqdi, tanimizni bermaysizmi? — dedi.

— Kimsan o’zing?
— Bu dunyoda otasi o’lmagan kim bor, onasi o’lmagan kim bor?

— Kimsan? Kimlardan bo’lasan? Nima qilib yuribsan?

— Tagi yetimman, og’a… Lekin otamiz beli baquvvat odam o’tgan. Undan besh-o’nta ushoq mol bir cho’ponning qo’lida qolgan deb eshitar edim… Mana, fursati yetdi deb shuni qidirib chiqdim. Topsam, insof qilsa…

— Bosmachilar yeb ketgan bo’lsa-chi?
— Teshib chiqsin.

— Qizillar yegan bo’lsa-chi?
— Og’a, yetimning haqiga kim ko’z olaytirsa, topadi…

— Oti nima ekan u cho’ponning?
— Shuni bilmayman-da… Bir cho’pon deyishdi. Otam o’lim oldida tildan qolgan edi.

— Shuni izlab yuribsan?
— Ha, qaerda ovul ko’rsam, boraman. Bir kecha yotaman. Cho’ponlarni gapga solaman…

— Bu yoqda ovul yo’q.
— He, tepalikda bir didbon ko’rinadi.

— A, umi? Qani, yur-chi.
— U yerda odam yashaydimi?

— Bilmadim.
— Esa, qaytsam…
— Ha, yur-chi.

Ovchi kiyikning oyoqlarini kuliklab, dast ko’tardi. U baland bo’yli, sariq chakmon kiygan, barvasta yigit. Lekin ko’zlari horg’in, zerikkandek edi.

Jalil uning kimligini bilolmay, biroq bosmachilarga aloqasi borligiga ishongan holda ergashdi. Saldan keyin, kiyikni men ko’taray, dedi. Yigit qaramadi.

Pistirma qora suvoq qilingan, toshqalama devorli uycha edi. Atrofda xas-cho’p, suyaklar yotibdi. Nariroqda bir ko’lmak suv. Lekin rangi qora hamda undan sassiq hid kelar edi. Pistirmaning ichi shinamgina. Biroq uch tomonda to’rt-besh qavat qilib ko’rpachalar solingan, ular eskirib ketgan va moy to’kilgan. To’r devoriga uchta pilta miltiq va ikkita qiyshiq qilich osig’liq turardi. O’rtada o’choq.

Quyun qo’rboshi shu ovchining o’zi ekan.

— Uka, balki sen qizillarning odamidirsan, — dedi u kiyikning bir sonini qovurib, o’rtaga qo’ygach. — Mayli… men Quyun qo’rboshi bo’laman. Eshitgan bo’lsang…

Jalil qo’rqib ketib, yoqasini ushladi.

— Agar…
— Qasam ichma. Men dunyoda qasamdan qo’rqaman, uka… Bir vaqtlar qasam ichib edim… «Shuncha qizilni o’ldiryapman. Shuncha musulmonni qiyratdim. Shuncha uyga o’t qo’ydim. Shuncha suruv molni afg’onga o’tkazib, qurolga
almashdim…»

— U-o’! — dedi Jalil.

— Yurt ozod bo’lmasa, uka… biz yengilsak, o’zim pastga enib boraman deb qasam ichib edim… Qaytar dunyo deydilar. Odam mard bo’lib o’lishi kerak, uka…
— Him…

— Shuytib o’tiribmiz.
— Bir o’zingiz?
— Yo’q.

Mo’min ham ovga ketgan ekan. Ikkita quyonni yelkasiga tashlab keldi. U o’rta bo’y, ko’zlari kichkina va chag’ir, sergak va jonsarak yigit edi.
— Bu kim? Senga nima bor? — deb do’q qildi Jalilga.

Quyun qo’rboshi oraga tushdi.
— Qo’y, tegma… Buyam senga o’xshagan bir darvesh-da, Mo’min. Sen ham qalandar bo’lib kelib eding-ku! Tegma bunga… o’tir.

Mo’min Jalilga o’qraya-o’qraya o’tirdi.

— Mening jo’ram, — dedi Quyun qo’rboshi Mo’minni ko’rsatib. — Otgan o’qi tegmaydi-yu, o’zi menga sodiq… Uka, qovurdoqdan ol. Bu halol go’sht… — U g’amgin kuldi. — O’zing ko’rding-ku, o’g’irlikdan kelgan emas…
— Ha, og’a.

Qovurdoqni yeb bo’lib, choy ichishdi. Keyin tashqarida gulxan yoqib o’tirishdi. Anavi qora ko’lmakda yer-moyi bor ekan. Bir archa shoxini botirib olib, o’tga qo’yilsa, talay vaqt yonib turadi.

Bir mahal tog’dan sovuq shamol esdi.
— Turaylik, — dedi Mo’min. — Lekin shu yerda gulxan yoqishimiz ham chakki ish, begim.

Quyun hech narsa demay uyga kirdi. Yechinmasdan to’rga o’tib yotdi.

— Sen bu yokda yot, — deb oyoq tomonidagi to’shakni ko’rsatdi Jalilga. Keyin Mo’minga dedi: — Eshikni yopma, jo’ra. Havo kirib tursin.

Kechasi allamahal. Jalil bezovta. Qo’rqadi. Quyundan qo’rqadi. U ho’kizdek kuchli. Eng yomoni — o’zining kimligini sezgandek: juda mayin gapirdi.

Gulxan ham yoqtirdi…

Bir payt Mo’min uyqusirab turib ketdi-da, so’kinib bir muddat o’tirdi. Keyin inqillab tashqariga chiqdi. Eshik og’zida bir oz serraygach, yon tomonga o’tdi.
Jalil turmoqchi. Lekin Quyundan qo’rqadi. Oxiri Mo’min bilan gaplashish uchun bundan qulay payt bo’lmasligiga ishonib, sekin qo’zg’aldi.

Tog’dan izg’irin esardi.
— Ha, qayoqqa? — deb baqirdi Mo’min va lapanglab yurib, Jalilga yaqinlashdi.
— Orzixo’ja aka yubordi meni… — shivirladi Jalil. — Tiriklay tutib borar ekanmiz.
— Jim.

Ular uyga qaytib kirishdi. Mo’min o’z joyiga, Jalil o’z joyiga yotdi.

Jalil endi Mo’mindan qo’rqa boshladi… Biroq, sal vaqt o’tmay uning o’z odami ekaniga ishondi. Lekin u nima qilmoqchi? Bilolmasdi. Quyun qo’rboshini esa, o’ldirmasdan qo’lga olishga ikkisining ham kuchi yetmasligi aniq.

Balki kelishib, birdan ustiga tashlanishsa…
Yo’q…

Eshikdan osmon etagidagi yulduzlar ko’rinar, ular ham bu izg’irinda sovqotib, shuning uchun zo’rg’a miltillayotganga o’xshar edi. Quyun qo’rboshi bir tekis nafas olib uxlayapti. Qorong’ida Mo’minning qimirlab qo’ygani ko’rinadi.

Bir payt Jalil uyqu aralash tepasida bir soyani ko’rdi. Ko’zlarini ochdi. Yo’q: tepasida emas. Nariroqda. Mo’min!.. Qo’lida qilich. U xiyol tislanib, Quyun qo’rboshiga tikildi. Engashdi. Qilichni ko’tardi-yu:
— Vo-o! — deb yubordi. Jalil turib o’tirdi. Quyun qo’rboshi yonboshlab:
— He, Mo’minboy-ye, — dedi.

Jalilni sovuq ter bosib, qalt-qalt titray boshladi.
— Begim, meni afv eting! — Mo’min tiz cho’kkancha boshini yerga urib oldi.

Quyun elan-qaran qo’zg’alib, chordana qurdi.
— Ayt, ayt, — dedi. — To’qi endi bir narsa.
— Yo’q, men…

— Nima?
— Manavi bola… — Mo’min burila solib, Jalilga o’qtaldi. — Chopib tashlayman. Bu ayg’oqchi, begim… Meni yo’ldan urdi…

Quyun qo’rboshi kulib, yonidan miltiqni oldi. Qo’ndog’i bilan shiftga qadalib-sollanib turgan qilichni turtdi. Qilich yerga tushdi.
— E, Mo’minboy-yey! — dedi. — Tashqarida nari borsa, ikki og’iz gaplashdilaring, shunda aldab oldimi?

— Begim, begim!
— Ha, mayli. Yotinglar… YO yana o’t yoqamizmi? Tong ham bo’zarib qoldi.

Jalil eng orqada chiqdi. Har narsaga tayyor: jumladan, qochishga ham. Biroq qochib qutila oladimi? Quyun qo’rboshi pastroqqa tushib kerishdi. Keyin yermoyli ko’lmak boshidan qumg’onni olib, pastga endi.

Mo’min burila solib, Jalilga shivirladi.
— Miltiqni opchiq!
— Tiriklay tutish kerak.
— Tur-ye!

Mo’min o’zi chopib, uychaga kirdi. Miltiqni olib chiqdi. Lekin pilta miltiqni otish oson emas. Paxtani tutatish uchun chaqmoqni toshga urar ekan, Quyun asta-sekin qaytib chiqdi.

— Nima qilyapsan?
— Shu… tongda ov…
— Ha-ha-ha!
— E-e!
— Shoshilma.

U miltiqni olib, o’q-dorini to’kdi, devorga suyab qo’ydi.
— O’t yoqamiz.

Kiyikning yana bir sonini kabob qilishdi. Og’iz-burunlari, qo’llari qorakuya va moy bo’lib, choy ichisharkan, quyosh ham chiqdi.

— Yigitlar, endi gap munday, — dedi. — Meni Denov bozoriga olib borasizlar.
— Begim?

— Bek yo’q… — kulimsiradi Quyun qo’rboshi. — Qarshingda bir sayoq bevatan turipti.
— Begim…

Quyun qo’rboshi uyga qaradi. Shimolga — tog’larga, cho’qqilarga qaradi. Suyaklar sochilib yotgan yerga qaradi. Chakmonini kiyib, o’rnidan turdi.

— Bog’langlar.
U qo’lini orqasiga qildi.

Mo’min Jalilga qaradi, Jalil… Quyun qo’rboshiga qaradi va negadir yig’lagisi keldi. Mo’min ham Quyun qo’rboshiga tikildi-da, asta tislandi.

— E, yigitlar-ye, — dedi Quyun qo’rboshi. — Joylaringda men bo’lmadim-da!..
— Endi…
— Rost, — dedi u o’ychanlik bilan. — Vatan qo’ldan ketganiga oldinroq ishonganimda, oldinroq o’zim tushib borar edim. Shahid ketishga nima yetsin.

Mo’min bir qadam chetga bosdi.
— Qo’rqma, — dedi Quyun qo’rboshi. — Bog’la, uka. Lekin tag’in bir narsaga ishonishni istayman.

— Ayting, begim!
— Meni sud qilishsin.
— A?
— Bozorda.

Birpasdan keyin Quyun qo’rboshi — oldinda, qo’llari ortida bog’liq holda, xotirjam ketib borar, uning orqasida — Mo’min, qo’lida bir miltiq, yelkasida bir miltiq, shaxdam odim otar, Jalil — eng orqada, kiyikning qolgan go’shti va bir bo’xcha shol ro’mol ko’tarib olgan edi.

006Bobotog’dan enaverishda Mo’min ancha o’zgardi. Ovozi ham balandlab, Quyun qo’rboshiga:
— Buyoqdan, uyoqdan yuring! — deydigan bo’ldi. Keyin uni senlashga o’tdi.

Ilk qishloqqa yaqinlashganda, Jalilga qarab:
— Ko’rdingmi, bosmachini ushlash qanday bo’ladi? — dedi.

Jalil garangsib:
— Siz ushlaganingiz yo’q, — dedi. Mo’min taqqa to’xtadi.
— Esa senmi?
— Bog’lashga bog’ladingiz.

Shunda Quyun qo’rboshi o’girildi.
— Bola ekansan-ku, Jalil, — dedi. — Buni men bilaman… Bu seniyam otib qo’yishi mumkin.
— Bas!

— Shuning uchun, uka, bunga xo’p de… Sendan nima ketdi? YO sen ham Quyun qo’rboshini tutdim deb…
— Nega?

— Unday bo’lsa, mayli, de.
— O’t oldinga! — baqirib yubordi Mo’min.

Jalil qo’rqa-pisa o’tarkan, Quyun Mo’minga o’girilib:
— Bolaga tegma, — dedi.
— Ishing bo’lmasin!

— Sen bola, qasam ich, — dedi u Jalilga. — Meni bu qo’lga tushirib bog’ladi.
— Nimaga?

Mo’min asta miltiqni unga to’g’riladi.
— Ana, — dedi Quyun qo’rboshi. — Ko’rdingmi? Senga bari bir-ku. To’g’rimi?
— Ha..

— Bo’ldi-da.
— Nima qilay?

— Mo’min aka Quyun qo’rboshini qo’lga tushirdi de.
— Axir…
— Deysan!

Jalil ko’zlari do’layib:
— Xo’p, — dedi.
— U yoqdagi gap-so’zni unut.
— Xo’p.

05… Uni to’g’ri qizilkaltakchilarning qurollangan otryadlari qarorgohiga olib bordilar. Orzixo’ja Quyun bilan bemalol gaplashdi. Keyin uni Denovga olib jo’nadi. Sud bo’ladigan kun jar chaqirtirildi. Olomon atrofda devor bo’lib turar ekan, revkom, CHK va qishloq sho’rolari nomidan Orzixo’ja Quyun qo’rboshiga ikkita savol berdi.

— Nima uchun kurashding?
— Din uchun… — dedi Quyun bosmachi. Orzixo’ja vakillar yonida saf tortib turgan domla, so’fi va masjid imomlariga qaradi.

— Quyun qurboshi nima jazoga loyiq?
— O’lim! Ulim! — deyishdi ular qo’rqa-pisa. Orzixo’ja yana Quyundan so’radi:

— Tag’in nima uchun kurashding? Quyun qo’rboshi:
— Ozodlik… uchun, — dedi.

— Xalq! — xitob qildi Orzixo’ja, — Quyun qo’rboshi nima jazoga loyiq?
— O’lim, o’lim…

Quyun qo’rboshi shu yerda otildi.

Jalil ota Mo’min aka haqida o’ylaganda, mana shular ko’z o’ngidan…

Shokir kirdi.
— Ota, — dedi bir tizzasida cho’kkalab. — Biz shoshishimiz kerak…

Chol yonboshlab unga tikildi.
— Mo’minning nevarasigami?
— Ha..

— Yo’q.
— Ota…
— Yo’q.

Shokir bir nafas lunjlari tirishib turdi-da:
— Axir, uni yomon ko’rsangiz — o’zingizga, — dedi. — Lekin bizga ma’qul.
— Nimasi?

— Mo’min bobo… grajdan urushining qahramoni… Orden-medallari bor. Respublika ahamiyatiga ega… pensioner. Gapi har yerda o’tadi…
— Ha. Mengayam yordami tegadi de?
— Odam sal… orqali bo’lishi kerak-ku!
— O’, bechora bolam.

— Qo’ying kulmang… Siz o’shanday bo’lmagan bo’lsangiz, biz aybdor emas.
— Attang.

— To’g’ri-da… Hozir qaysi qariya bilan gaplashmang, o’zidan sal obro’li tengqurini g’iybat qiladi…
— Men hech narsa demadim-ku!
— Bari bir-da!

Chol to’shakda chalqancha bo’lib yotdi. Uning xo’rligi kelar, lekin allaqanday jirkanchli narsa atrofida bor-u… xo’rlandim desa, u maraz yopishadigandek edi.

Kunlar o’tdi.

Bir kuni yana hovlida yugur-yugur bo’lib qoldi-yu, Sadaf cholning hujrasiga kirdi. Yonida tiz cho’kib, choynakni ushlab ko’rdi. Issiqqina. Qopqog’ini ochib ko’rdi.

— Bobojon, ichmabsiz-ku!
— Ishtaham yo’q.
— Bobo!

— Gapir.
— Meni…
— Ayt.
— Mo’min boboning kichik nevarasiga…

Chol ko’zini ochdi.
— O’zingni ko’ngling bormi?
— Voy, men uni tanimayman ham.

Chol birdan yayrab, tabassum qildi.
— Esa…
— Xo’sh?

Chol ko’zini yumdi.
— Bobojon…
— Mendan domangir bo’lmanglar… O’zlaring bilasizlar.

Shu oqshom uyda, hovlida janjal bo’ldi. Shokir baqirib xotinini so’kdi. Xotini itni tesha bilan urib vangillatdi. Sadaf o’zicha yig’ladi.

Tag’in bir oycha vaqt o’tdi.

Jalil chol favqulodda sezib qoldiki, o’g’li bilan kelini behad shoshilyapti.

Sadaf ovqat olib kirganda Jalil ota:
— Bir oz o’tir, — dedi. — Sen menga yolyun gapirmagansan…
— Ha, bobojon.

— Ota-onang nimaga shoshyapti?
— Aytolmayman…
— Yo’q, aytasan… Men xafa bo’lmayman-ku! Boshga tushganini ko’z ko’radi…

— Sizni…
— Nima?
— Termizga yuborishmoqchi.

— Ha-a! — chol hiqillab kulib yubordi. — Ko’zdan panada tursin deb-a?
— Yo’q.
— Ha?
— U yoqda katta doktorlarga ko’rsatishadi.

— He, ona qizim-ye, bari bir-da!
Sadaf yig’lab yubordi.

— Bari bir emas.

Chol boshini ko’tardi.
— Nima?
— Sizni… o’lib qolsa…

Jalil ota tushundi.
— To’y orqaga suriladi?
— Ha..

— U yigitni ko’rmadingmi?
— Yo’q.

Sadaf zira solingan shovlani cholga surib qo’ydi. Qariya ovqat hididan ishtahasi ochilib burildi-yu, shovladan ko’z uzmay qoldi.
Keyin yana chalqancha bo’ldi.

…Ertalab doktorlar kelishdi. Cholni Termizga jo’natishlarini aytishdi. Jalil ota:
— Men tuzalib qoldim, — dedi.

Doktorlar cholni tekshirib bir-biriga qarashdi.
— Rostdan ham! — dedi biri ostonada turgan Shokirga.
— O’zgarish bor…
— A, unday bo’lsa… — U ikki qadam bosib, otasi qoshiga yetdi.

Chol mayin jilmaydi.
— Nimaga kecha ovqat yemadingiz?
— Qornim to’q edi.
— Bekor gap!

Doktorlar chiqishdi.

Chol bugungi kun ham ovqat yemadi. Keyingi kun ham. Undan keyin…

O’rmalab borib, obrezga to’kadi. Qo’lini yuvgan bo’lib, ustidan suv quyadi.

U… holdan toyib, o’rnidan qimirlolmay qoldi. Shunda ham tuz totmadi. Endi, kelgan ovqatni to’shagi yonida nos tupurish uchun qazib qo’yilgan chuqurchaga ag’daradi.

U karaxt bo’lib qoldi.

Keyin o’g’li, kelini va Sadaf tepasida ko’zyoshi qilib turganda, ketdi.

Hammani dahshatga solgan narsa — uning yuzida qotib qolgan tabassum bo’ldi.

To’y qoldi.

1984

012

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring