Qadam Sayid Murod vafot etdi.

777

Қадам Сайид Мурод билан тенгдош,  адабиётга бирин-кетин  кириб келган эдик. Йиллар ўтиб, қўшни бўлиб бир неча йил ёнма-ён яшадик. Бир-биримиздан ёмонлик кўрмадик.
Биринчи тўпламларига ўша даврнинг  «муқбилтошотар»ларидан  бўлмиш Сафо Очил кўзларининг тошларини ғажирлатганда (Рауф ака таъбири) Озод Шарафиддинов Қадамни ҳимоя қилди. 

Радиода ишлагани учунми, кўпроқ қўшиқ ёзиш билан шуғулланди. Қадамнинг шеърларини қўшиқ қилиб айтмаган хонанда йўқ эди ўша   пайтларда. Отажон Худойшукуров, Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳамроқулов, Ортиқ Отажонов, Охунжон Мадалиев, Султонпошша Ўдаева, Юлдуз Абдуллаева ва яна…яна…
Мендан кўра Усмон Азим ва Муҳаммад Раҳмонга яқин эди. Чунки улар ёшликда радиода бирга ишлашган, бир-бирларининг  сирларини билишарди. 
Мустақиллик арафасида Ёзувчилар уюшмаси томонидан уй тақсимланганда болаларимиз билан сиғмай қолган уйларимизни топшириш эвазига янги уй беришди. Кейин маълум бўлдики, мен билан Қадаму яна 2 кишидан бошқа бирон зот эски уйини топширмабди,эски уйларини ҳам сақлаб қолишибди,янги уйли ҳам бўлишибди. Баъзилари ҳатто » Ўзи менга квартира керак ҳам эмасди, бергандан кейин ноилож олдим» деб керилиб юришди. Ҳолбуки,Қадамнинг 3 ўғли бирин-кетин бўй чўзиб келаётган эди,у эски уйини топширмаса ҳам бўларди. Аммо, тўғрилиги учун, поклиги учун уйини топширди. Янги уйга кўчиб келиб,4-5 йил ўтар ўтмай яна қисилиб яшашга мажбур бўлди.
Бизнес билан шуғулланди. Шоирдан «фирибгар» чиқармиди. Топган-тутганини янги орттирган дўстларини меҳмон қилишга сарфларди. Қўшни эмасманми, меҳмон келса,мениям чақирарди. «Хуршид, ҳаммаси зўр бўлади! — дерди ишонч билан, — ҳали мен сизгаям ҳовли қуриб бераман».
Қадам кўнгли очиқ инсон эди. Катта гапирарди. Сиздан битта ғишт сўраса, «Эртага бир машина олиб келиб тўкиб қўяман» — деб гапирарди.
Уч ўғли кўз ўнгимда азамат йигитларга айланди. Бир хатоси туфайли неча йил бола-чақасидан узоқда,тўрт девор ичида яшади. У ёқдан сочлари оқариб, кўзида мунг билан қайтди,аммо, сир бой бермай, ҳеч нима бўлмагандек, яшашга уринди. Яна бизнес қилмоқчи бўлди. Шу мақсадда биз билан ҳамсоя уйини сотиб, арзонроқ жой сотиб олди. Чунки,ноилож эди. Болалари улғайган,ҳаммасини уйли-жойли қилиши керак эди.
Ўша тўрт девор ичида  сақланган пайтлари қўшничилик ҳақи ҳурмати оиласига қўлимдан келган ёрдамни аямаганман. Қайтиб келгач, Қадам чин дилдан миннатдор бўлди. Ҳатто уйини сотмоқчи бўлгандаям энг аввал менинг олдимга чиқиб «Шу уйни сиз олинг, ҳозир борини берсангиз бас,етмаганини топганингизда берасиз!» деди. Гарчи мен ўшанда фарзандларимдан бирига уй олиш учун пул тўплаб юрган бўлсам ҳам биродаримнинг ноиложликдан сотаётган уйини сотиб олишдан уялдим.
Бошқа жойга кўчганидан кейин 2-3 бор ишхонамга келди,суҳбатлашиб ўтирдик. Янги ёзган шеърларини ўқиб берди. «Ёзаяпман,дўстим,ёзаяпман» деб мақтанди. Сўнгги 2 ичида йил уни кўрмадим.
Бугун эса тушдан кейин унинг вафот этганини эшитиб, юрагим эзилди.
Яратган раҳматига олсин,Қадам дўстим!

9у
ҚАДАМ САЙИД МУРОД ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

МАШРАБУ МАНСУР…

Ёр билиб номус, имону орни,
Комили Ҳақ бўл, Холиқи борни,
Бошинга сочмай замона хорни,
Бўйнига сол бу бузуқ бозорни,
Машрабу Мансур осилган дорни.

Эй кўнгил, ўзни кўмгил пойига,
Кўр, қаро кўзни кўмгил пойига,
«Ман» деган сўзни кўмгил пойига,
Бор дала-тузни кўмгил пойига,
Машрабу Мансур осилган дорни.

Ким азиз даври даврон истасин,
Бир буюк орзу-армон истасин,
Ҳар нафас, дамда, ҳар он истасин,
Чўпидан дардга дармон истасин,
Машрабу Мансур осилган дорни.

Дўст демас дилни янчингиз, дўстлар,
Энг улуғ роҳат — ранжингиз, дўстлар,
Зевару зар, дур, ганжингиз, дўстлар,
Ҳар мўйга минг бор санчингиз, дўстлар,
Машрабу Мансур осилган дорни.

Мулки имондан иборат дор бу,
Кўзга сурт дўст, бу ягона ёр бу,
Ҳар замонга ҳар замон даркор бу,
Аҳли элга айт Қадам, туммор бу,
Машрабу Мансур осилган дорни…

ПЕШОНАНГ ЕРГА ТЕГМАСА

Бошинг фалакка етса ҳам,
Кошонанг ерга тегмаса,
Ложарамсан,
Сан ложарам,
Пешонанг ерга тегмаса.

Минбар, меҳроб, тавофинг на,
Бир кун бўлар жавобинг на,
Гувоҳинг на,
Савобинг на,
Пешонанг ерга тегмаса.

Кунда беш бор хирожинг йўқ,
Жойнамозинг-меърожинг йўқ,
Чоранг йўқдир,
Иложинг йўқ,
Пешонанг ерга тегмаса.

Байраминг на, тўйинг сани,
Қурбонлигинг, қўйинг сани,
Ранги-рўйинг,
Бўйинг сани,
Пешонанг ерга тегмаса.

Кайфи-сафо, кибру-ҳаво,
Каъбадин айлар мосуво,
Номарди —
Дарди бедаво —
Пешонанг ерга тегмаса.

Кунинг-гумроҳ, тунинг-гумроҳ,
Соғу сўлинг шайтони роҳ,
Шоир Қадам,
Бўлгин огоҳ,
Пешонанг ерга тегмаса…

ШУКР АЙЛАСАНГ…

Шукр айласанг шукрингда Ҳақ,
Гумон қилсанг —гумонингда.
Энг аввало кўнглингга боқ,
Дилингда на забонингда.

Хайр-хушдир, оқибат-хуш,
Танинг—тупроқ, жонинг бир қуш.
Икки қўлинг, ёқангдир бўш,
Камолингдир тавонингда.

Тилда дуо, тилак бўлар,
Номус-имон-юрак бўлар,
Пойи патак-фалак бўлар,
Ҳар бир замон, замонингда.

Гар насибанг алингдадир,
Дини ислом элингдадир,
Дори Мансур дилингдадир,
Толеинг тўрт томонингда.

Шоир Қадам, ботининг ҳам,
Бир қараб қўй, зоҳиринг ҳам,
Аввалинг ҳам,
Охиринг ҳам,
Роҳи чоҳинг имонингда…

БИЛАМАН

Сиз бир қаро кўзим, биламан,
Етмас сизга сўзим, биламан,
Бўғзимдаги —
Наврўзи бўзни —
Бир Худо, бир ўзим биламан.

Баланд тоғлар паст бўлган тунни,
Нор туялар маст бўлган тунни,
Кўнгли ярим,
Бағри бутунни,
Бир Худо, бир ўзим биламан.

Қалам билан чизилган қошлар,
Оқ сийнага ботмаган бошлар,
Қайдан билсин
Кесаклар, тошлар,
Бир Худо, бир ўзим биламан.

Лаб учида йиғлаб, кулишни,
Одамларга ўхшаб юришни,
Отабекни,
Зайнаб, Кумушни,
Бир Худо, бир ўзим биламан.

Сабрим сабил, саробим кабир,
Сирот, сўроқ, жавобим жабир,
Ободим на,
Харобим надир,
Бир Худо, бир ўзим биламан…

ЖОНИМ, МЕН ҲАМ ҒАНИМАТМАН

Баҳор ўтар, ёз ўтади,
Турна ўтар, ғоз ўтади,
Суҳбат ўтар, соз ўтади,
Жоним, мен ҳам ғаниматман.

Ҳар бир нафас, дам саноқда,
Ҳар на ортиқ, кам саноқда,
Шодлик, қувонч, ғам саноқда,
Жоним, мен ҳам ғаниматман.

Боғларинг кўрки омонат,
Оҳ-нола, кулги омонат,
Бу дунё мулки омонат,
Жоним, мен ҳам ғаниматман.

Тоғу тошлар зарра, чангдир,
Бир «уф» деса, ғубор-рангдир,
Бугун мани ҳолим тангдир,
Жоним, мен ҳам ғаниматман.

Қарз эрур тан, жон эрур қарз,
Бу не гийна, бу не араз,
Бир жисмимда минг битта дарз,
Жоним, мен ҳам ғаниматман.

Дийдорлашмоқ дами бу дам,
Ҳижрон нега, дарди ситам,
Ғаниматман ахир мен ҳам,
Ахир мен ҳам ғаниматман…

КЎНГИЛ

Йиллар тўлиб,
Тўлмас кўнгил,
Бу кунларга кўнмас кўнгил,
Гул-ғунчадек хазон бўлмас,
Бир шам каби сўнмас кўнгил.

Бир ён баҳор, бир ёнда ёз,
Тўй-томоша, суҳбату соз.
Ман на қилай,
Иложим на,
Ўнгу чап, соғ-сўлмас, кўнгил.

Сувга айтсам туш эмас у,
Бир тош отсам, қуш эмас у,
Дасти дароз,
Ё дасти по —
Бир силтасам, қўлмас кўнгил.

Сабир сароб аро кўприк,
Қоқилмайди, қоқмас киприк.
Тақдир надир,
Толе нима,
Пешонамдан кўрмас кўнгил.

Ложарам тан,
Жон талабда,
Афтода рафтор тарафда,
Билдим, Қадам, мен ўлмайин
Энди ўзи ўлмас кўнгил…

Шеърлар «Ёшлик» журналидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 80, bugungi 1)

3 izoh

  1. Olloh ğani-gani rahmat aylasin Qadam birodarimizning ruhiga, yaxshi inson edi, soddadil va togri kishi edi, Olloh gunohlarini kechirsin!
    Hurshid Beg, rahmat sizga, dostlarning janozasidan bizni habardor qildingiz, Olloh rozi bolsin!

  2. Бундай тўғри, самимий ва тоза одамлар Аллоҳга суюмли бўладилар. Илоҳим, у дунёси обод бўлсин! Бу дунёда нимаси кам бўлса, у дунёда сероб бўлсин! Фарзандлари ўрнини боссин! Сўзлари ҳам ёқимли экан! Битиклар ҳам фарзанддай гап, соҳибининг номини асрларга олиб ўтади. Ёзганлари унинг номига ҳам Машраб ва Мансур Халложнинг номларидек узоқ умр берсин!

  3. Akamizni Alloh rahmatiga olgan bo’lsin. Keyingi paytlari qayta-qayta bir haqiqatga to’qnash kelaveryapman: jonga ishonch yo’q! Yashashga shoshilaylik.Bir-birimizni qadrlaylik.

Izoh qoldiring