Sadriddin Salim Buxoriy. She’rlari va kitoblari.

sadriddin Salim16 сентябр — таниқли шоир Садриддин Салим Бухорий таваллуд топган кун.

    «Ҳикмат излаганга — ҳикматдур дунё» деган доно ўгитни ҳар баримиз кўп бор республика радиоси ва телевидениесидан эшитганмиз. Бироқ бу доно ўгитнинг замондош шоиримиз Садриддин Салим Бухорий қаламига мансуб эканлигини кўпчилигимиз ўшанда хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Бу пурмаъно изҳор мумтоз адабиётимиздан олинган бўлса керак, дегувчилар ҳам бўлди. Мана шу биргина мисрадан Садриддин Салим Бухорийнинг фалсафий мушоҳадаси нечоғли кенг¬лигини, шеърларининг чуқур миллий руҳ билан суғорилганлигини, бугунги кун билан ҳамнафаслигини тасаввур қилиш мумкин.

07
НУРДАН КЕЛИБ, НУРГА КЕТДИ
Самад Азимов

011

079Садриддин Салим билан Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)нинг чет тиллар факультети немис тили бўлимида бирга таҳсил олдик. Унинг уйидаги мўъжазгина дарсхонасида машғулотларга бирга тайёрланардик. Хона тўла китоб. Дунё адабиётининг дурдоналари йиғилган. Тунни тонгга улаб дарс қилар, суҳбатлашар эдик.

Садриддин ака ҳали ёш бўлса ҳам фикрлаши, бадиий асарлар тўғрисидаги ўзининг мушоҳадаси жиҳатидан салоҳиятли олимнинг дидини берар эди. У Навоий, Фузулий, Фирдавсий, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Умар Хайём, Бедил каби Шарқ мумтоз шоирларининг кўплаб шеърларини ўқиб ёд олганди. Дунёга уларнинг назари билан боқиб, тирикликнинг моҳиятини уларнинг шеърларидан англаган панду насиҳатлар орқали таҳлил қилар ва уларга ҳаётда амал қилишга интиларди.

У Европа адабиётининг ҳам заковатли билимдони эди. Гёте, Байрон, Ҳ. Ҳайне, Шекспир, Мопассан, Бальзак, Пушкин, Л. Толстой асарларини институтда ўқиб юрган кезларимда Садриддин аканинг кутубхонасидан олиб ўқиганман. Дўстлигимиз анча мустаҳкамланиб, сирдош бўлганимиздан кейин Чўлпон ва Фитратнинг ўшанда тақиқланган ижоди билан у мени воқиф қилди. Эски ўзбек ёзуви — араб алифбосини талабалик йилларимда Садриддин акадан ўргандим. Бир сўз билан айтганда, Садриддин ака нафақат чин дўст, балки менинг маънавий устозим ҳам эди.

Институтни битириб, шу даргоҳда бирга ишладик. Сафарларда бирга бўлдик. Шоирнинг сафарлардан муроди тарихий ва табаррук жойларни зиёрат қилиш, нодир китобларни излашдан иборат эди. Бу китоб¬лардан тўрт-беш нусхалаб олинарди, дўстлар учун ҳам албатта. Садриддин ака китоб ҳадя қилмаган дўстлар хонадони бўлмаса керак. Жумладан, менинг шахсий кутубхонамда ҳам у кишининг дастхати битилган элликдан ортиқ қимматли китоблар бор.

Садриддин Салим Бухорий — шоир, минг йиллик ўзбек-тожик зуллисонайнлик анъанасининг давомчиси. Унинг «Оқ қушим», «Эрка қушим», «Ёруғлик одами», «Рўмолча», «Бухорога Бухоро келди», «Дурдона», «Ҳикмат аст дунё» (тожик тилида) каби шеърий китоблари одамлар қалбидан жой олган.

У — тарихчи олим. Унинг қаламига мансуб Бухоро ва Бухоро авлиё-алломалари тарихи билан боғлиқ китобу мақолалари қўлдан қўлга, дилдан дилга кўчиб юрибди. Унинг «Дилда ёр», «Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», «Даҳмаи Беҳиштиён», «Табаррук зиёратгоҳлар», «Икки юз етмиш етти пир» ва бошқа тарихий-маърифий китоблари шулар жумласидандир.

У — тасаввуфшунос олим. Даҳмаи Беҳиштиёнда, Чорбакрда дафн этилган улуғ инсонларнинг номи, шунингдек, Абу Ҳафс Кабир, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Рометаний, Бобои Самосий, Саид Амир Кулол, Мавлоно Ориф Деггароний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Исматулло Бухорийларнинг номи ва меросини халққа таништиришда Садриддин Салим Бухорий хизматлари катта эди. Унинг тариқат илми билан боғлиқ мақолаларини олмону фаранг билади. Олимнинг нақшбандия тариқатига оид илмий изланишлари Олмониянинг «Дер Морген Штерн» («Тонг юлдузи») журналида чоп этилган.

У — таржимон. Немис мумтоз шоири Й. В. Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»ни тўлиқ ҳолда немис тилидан ўзбекчалаштирди. Хожа Ориф ар-Ревгарийнинг «Орифнома», Муҳаммад Боқирнинг «Мақомати Шоҳи Нақш¬банд» китоблари унинг шарофатидан халқимиз маънавий мулкига айланди. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Баҳоуддин Нақшбандларнинг рубоийлари ўзбек тилига аслига монанд тарзда ўгирилди.
Садриддин Салим Бухорий «Имом ал-Бухорий» телевидеофильми, «Абу Ҳафс Кабир», «Хожаи Жаҳон» телефильмлари сценарийси муаллифи.

У — оташин воиз эди. Республика ҳамда вилоят радио-телевидениеси орқали чиқишлари билан моҳир нотиқ, сухандон сифатида элга танилганди. Бир тану бир жонда шунча дониш, шунча ғайрат…
Шоир бир шеърида «ҳар бир ғунча аввал менинг юрагимда гуллайди», деб ёзган эди. Истиқлол ғунчаси ҳам аввало унинг юрагида гуллади. Бутун қалби, жону тани билан у истиқлолни куйлади. Мустақил юртнинг ҳар бир ютуғи аввало унинг тилида, қаламидан янгради. У учун Ватан, миллат тақдири, равнақи ҳамма нарсадан устун эди.
Шоир ҳар нарсадан ғурбат эмас, ҳикмат излаб яшади:

Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдур дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё.

«Ҳикмат излаганга — ҳикматдур дунё» деган доно ўгитни ҳар баримиз кўп бор республика радиоси ва телевидениесидан эшитганмиз. Бироқ бу доно ўгитнинг замондош шоиримиз Садриддин Салим Бухорий қаламига мансуб эканлигини кўпчилигимиз ўшанда хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Бу пурмаъно изҳор мумтоз адабиётимиздан олинган бўлса керак, дегувчилар ҳам бўлди. Мана шу биргина мисрадан Садриддин Салим Бухорийнинг фалсафий мушоҳадаси нечоғли кенг¬лигини, шеърларининг чуқур миллий руҳ билан суғорилганлигини, бугунги кун билан ҳамнафаслигини тасаввур қилиш мумкин.

Садриддин Салим Бухорий 60 ёшга тўлганида «Тақсир, юбилейингизни университетда ўтказайлик», деганимда: «Менинг юбилейимни қўйиб туринг, аввал Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Сайфиддин Бохарзий, Хўжа Исматулло Бухорийларнинг юбилейларини ўтказайлик. Улар турган жойда бизга уят бўлади», деб камтарлик қилганди.

Ёдимда, мустақилликнинг илк кунларида ўтказилган бир тадбирда у минбардан туриб: «Мен яшайдиган замон келди», деб хитоб қилган эди. Дарҳақиқат, мустақиллик унинг дилини, қадрини тоғдек юксакликка кўтарди. Шоирнинг холисона хизматлари юқори баҳоланди. Президентимизнинг Фармонлари билан Садриддин Салим Бухорий «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланди. Ҳаж, умра зиёратига бориб келди.

Садриддин Салим Бухорий айни ижоди тўлишиб, миллат ва адабиёт хизматига росмана камарбаста пайтида, 2010 йил 11 мартда оламдан ўтди. Тоғнинг гўзаллиги чўққидан эмас, узоқдан яхши кўрингани каби, даҳо одамнинг қадри ҳам ундан узоқлашганда янада аниқроқ билинар экан. Садриддин Салим Бухорийни яқинроқ билган кишилардан у қандай одам эди, деб сўрасангиз улар худди бир-бири билан келишиб олгандай: «Фариштасифат, авлиёсифат бу одам юрт фидо¬йиси, донишмандлик, камтарлик тимсоли эди», деган фикрларни айтади. Бу — Садриддин Салим Бухорийга халқ¬нинг берган одилона баҳоси.

Айтма зинҳор гўрга кетди,
У Мусодай Турга кетди,
У нур эди, асли билсанг,
Нурдан келиб, нурга кетди.

Шайх Асад Жўшанга бағишлаб ёзган ушбу мисраларида шоир аслида ўз қисматини баён қилган. Дарҳақиқат, Садриддин Салим Бухорий нур эди, нурдан келиб, нурга кетди.

077
Садриддин Салим Бухорий
ДУНЁ ГЎЁ УЛКАН КУРТАК…
Шеърлар
011

Садриддин Салимов 1946 йил 16 сентябрда Бухоро шаҳридаги Чўпбоз гузарида туғилган. Бухоро педагогика институтининг немис тили факультетини тамомлаган (1972). «Оққушим», «Эрка қушим» (1979), «Ёруғлик одами» (1983), «Рўмолча» (1988), «Бухорога Бухоро келди» (1999), «Дурдоналар» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бир нечта тарихий-маърифий китоблар ҳам ёзган («Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», 1993; «Уч авлиё», 2000; «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», 2006; «Икки юз етмиш етти пир», 2006; «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», 2006; «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий», 2007 ва бошқа). И. В. Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»ни ўзбек тилига таржима қилган.У умрининг сўнгги кунларигача “Баҳоудддин Нақшбандий” жамғармасига раҳбарлик ҳам қилиб келди.. «Меҳнат шуҳрати» ордени (1999) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2005) ордени билан мукофотланган. Садриддин Салим Бухорий 2010 йил 10 мартда оғир юрак хуружи туфайли оламдан кўз юмган.

08

***

09

Дилларда умидлар уйғонди,
Паҳлавон Маҳмудлар уйғонди,
Ошиқу обидлар уйғонди,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Аббосинг, аслида, Алпомиш,
Бу олқиш жаҳоний, бу олқиш,
Ўзбекнинг зарбаси бу эмас туш,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Тушларинг ўнгларга айланди,
Тунларинг тонгларга айланди,
Ёвларинг гунгларга айланди,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Ўзбекнинг зарби ҳам зарб экан,
Жаҳон лол, бу ажиб ҳарб экан,
Рингларда мададкор рабб экан,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

***

Сўз қанотга айланди,
Шайлан, юрак, парвозга.
Ғиркўк отга айланди,
Сиғмагай у қоғозга.

Сўз қанотга айланди,
Қалам ҳам даркор эмас.
Сўз баётга айланди,
Олам тинглаб бўлди маст.

Сўз қанотга айланди,
Кўкни қучмоқда қўшиқ.
Сўз саботга айланди,
Малаклар унга ошиқ.

Сўз қанотга айланди,
Юрак кўчди осмонга.
Сўз ҳаётга айланди,
Сўз айланди инсонга.

***

Замин кутиб навбаҳорни, музу қорни ютади,
Қуёш уч ой куртакларни сийпаб-сийпаб кутади.
Куртакларга бутун олам кўз тиккандур, воажаб,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Куртакларнинг рангларидан безанади камалак,
Куртакларнинг шивиридан уйғонади капалак,
Куртакларнинг зикрига, оҳ, жўр бўлади ҳар малак,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Дунё гўё улкан куртак, куртакда дунё жодир,
Дунёларни бир куртакка жойламоққа у қодир,
Унинг ҳукми билан бўлар дунёда ҳар иш содир,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Баҳорларни туққан куртак баҳорга нозланади,
Ифорларга бурканиб у жаҳонга юзланади,
Кейин эса юрагимга кириб у ёзланади,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Қиш келганда навбаҳорни сиз куртакдан изламанг,
Деразамнинг ёнидаги гултувакдан изламанг,
Баҳор менинг юрагимда, гулбаргакдан изламанг,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

***

Эй мозийни унутган одам,
Эй сўзини унутган одам,
Ғафлат билан умринг ўтмоқда,
Эй ўзини унутган одам.

Ўзни нечун сен хор айладинг,
Таъмага қул-абгор айладинг,
Дунёингни бозор айладинг,
Эй ўзини унутган одам.

Ибодатинг, шукронанг қани,
Раббинг бирдир, раббингни тани
Ҳаётингда бошланар маъни,
Эй ўзини унутган одам!

Сен эмасми Сино фарзанди,
Баҳоуддин бобо фарзанди,
Марғилоний даҳо фарзанди,
Эй ўзини унутган одам!

Замон келди, ғафлатни тарк эт,
Қуёшдай балқ ўзингни Шарқ эт,
Ёмондан-да, яхшини фарқ эт,
Эй ўзини унутган одам!

***

Гуллар гуллигидан хижолат, Гулим,
Сиз турганда гулга на ҳожат, Гулим?

Гуллар гулзорини тарк этиб кетди,
Сизни кўрганида, не ҳолат, Гулим?

Гулзор ҳам сиздайин гулнинг пойига
Тўшалиб сўнг топди ҳаловат, Гулим.

Ажабки, сиз гулни кўриб Садриддин
Этди ишқ оятин тиловат, Гулим.

***

Мен сабрни тоғдан ўргандим,
Дўлу қордан этмагай нола.
Мева берган боғдан ўргандим,
Кўзёш тўкмас бамисли жала.

Мен сабрни гулдан ўргандим,
Хушҳид сочиб фидо этар жон.
Қишлоқдаги йўлдан ўргандим,
Кас-нокасдан этмагай фиғон.

Кўзни очиб этдим тафаккур,
Сайёрада кўрдим сабрни.
Мен сабрни кўрдим минг шукур,
Минорада кўрдим сабрни.

Улуғлардан ўрганса бўлур
Сабр этмоқни ғаму дардларга.
Сабр олий мукофот эрур,
Берилгайдур фақат мардларга.

***

Гар жаҳон истасанг – жаҳонинг манам,
Замининг, аё, дўст замонинг манам.
Манинг риҳлатимдан кейин билгайсен:
Баҳоринг манаму хазонинг манам.

She’rlar matni «Sharq yulduzi» jurnalining 2010 yil 2-sonidan olindi.

076
Садриддин Салим Бухорийнинг «Ёруғлик одами», «Буюк ғиждувонийлар», «Буюк хоразмийлар» китобларини мутолаа қилинг
05

022

(Tashriflar: umumiy 570, bugungi 1)

2 izoh

  1. Аллох у кишини рахмат килсин. 2006 йили ман Эшонбобом билан Бухорога зиёратга борганимда, у киши билан куришгандим. У киши шажарашуносликка жуда кизикардилар. Утган авлиёлар ва пайгамбар авлодларининг шажараларини укиш, таржима килиб, уз асарларида омма эътиборига такдим этардилар. Ушанда у киши бизнинг шажарамизни хам укиб «Ие, сизларнинг шажарангиздаги 11та боболариз Бухоролик авлиё Эшони Имло хазратларининг боболариники билан туппа тугри келаркан, хазрати Эшон Имло сизларга аждод кариндош буларканлар» деб айтгандилар. Биз жуда хурсанд булгандик. У киши ана шундай шажараларга бой булмиш «Икки юз етмиш етти пир» номли китобларини бизга совга килгандилар. У киши мани ва Эшонбобомни Бухоронинг туй нахор ошисига таклиф этгандилар, биз у киши билан бирга мехмонга ошга борган эдик. Жуда мехмондуст эдилар. Ушанда ман биринчи марта Бухоронинг оши сўфийсидан еб кургандим. Шундай зиёли, камтар ва одамшинаванда инсон билан бир дастурхонда сухбатда булганимдан Аллохга хамдлар айтаман. Аллох у киши рахматига олиб, ётган қабрларини куръон ва иймон нурларига тўлдирсин.Омийн

  2. Ассалому алайкум! Биродар Илхомжон изохизни укиб таъсирландим. Хакикатдан хам хазрат Бухорий жаноблари жуда ажойиб инсон эдилар. Ха у киши насабнома — шажараларни урганиб таржима килишга, утган боболарнинг номларини тилкашга кизикганлар. Ха, Хазрат Бухорий Эшони Имло авлиёнинг шажарасини уз китобларида хам киритганлар. Эшони Имло хазратларининг насабномалари 11-имом булмиш Имом Хасан Ал-Аскарийга бориб такалади. Бу жуда кизикарли холатдир, чунки айрим тарих манбаларида 11-имомнинг факат 1та угли булган яъни Имом Махди деб ёзиб келинган. Лекин хазрат Бухорийнинг саййидлар шажараларини урганишлари натижасида 11-имомнинг 2та угли булганлиги маълум булган. Хазрат Бухорий жанобларининг бу изланишлари 11-чи Имом Хасан Ал-Аскарийнинг авлодлари тугрисидаги тарихий хатоликларнинг тугрилашга катта хизмат килган. У киши хакикатдан ута изланувчан тарихшунос олим булганлар. Худо рахмат килсин!

Izoh qoldiring