Said Ahmad. Mukammal inson surati

33423 декабр – Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаси  Асқад Мухтор таваллуд топган кун.

  Асқад вужуд-вужуди билан шеърга берилиб кетган пайтлар эди. Дўрмоннинг қимиздек ҳавоси, кўм-кўк осмони, қип-қизил чодир ёпинган, куз офтобида лов-лов ёнаётган ўрик туплари, олис юртларга отланган турналарнинг боғ устидан чуғирлаб ўтишлари, далаларга ёнғоқ «экаётган» қарғаларнинг ерга шўнғишлари, майин оқ ипакдек мезон ипларининг унсиз сузиб ўтишлари, яланғоч новдаларга илашиб қолганларининг офтобда чақнашлари Асқаднинг шеърларига шундоққина тўкилиб қоларди.

Саид Аҳмад
МУКАММАЛ ИНСОН СУВРАТИ
001

08сқад Мухтор тўғрисида бирон янги гап айтиш қийин. Қатор романларию қиссалари, драма ва шеърлари, достонларию таржималари баҳонасида ҳамма гапни адабиётшунослар айтиб қўйишган. Унинг ижодига бағишланган китобларда, ёқланган диссертацияларда адабиётимизга қўшган жуда катта ҳиссаси илмий асослаб 6ерилди.

Лекин эллик йил йўлда ҳамроҳ бўлган, бирга ўй ўйлаб, бирга қоғоз қоралаган дўстининг хам юрагида айтадиган гаплари бордир, ахир.
Асқад ёшлигида хам жиддий бола эди. Бора-бора бу жиддийлик ижодига ҳам кўчди. Китобларининг қаҳрамонлари хам жуда жиддий одамлар. Улар фикр киладиган, жамият тақдирида катта рол ўйнайдиган қаҳрамонлардир. Асқад бир романини «Давр — менинг тақдиримда» деб атади. Менимча, бу ном унинг ҳамма китоблари учун умумий сарлавҳа бўлиши мумкин. «Опа-сингиллар», «Туғилиш», «Бўронларда бордек халоват», «Чинор» романларининг қаҳрамонлари тақдирида бутун бир давр нафаси гуркираб туради.

Асқаднинг ўзи ҳам шу давр, шу тақдир жараёнининг фарзандидир.

Жуда яхши биламан, Асқад умрида бир марта ариза ёзиб ишга кирган. Шу биргина ариза билан жуда кўп ижодий ташкилотларда турли лавозимларда ишлаб келади. Бу гапнинг маъниси шуки, Асқад ҳеч қачон ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзмаган. Уни юқори ташкилотлар буйруғи билан ишдан ишга кўтаришарди. Асқад ҳеч маҳал «Меҳнат дафтарча»сини ушлаб қарамаган. Уни кўрмаган ҳам. Идораларнинг кадрлар бўлимлари бу дафтарчани ўзлари Асқад ишга тайинланган идорага ўтказаверганлар.

У қаерда ишламасин, бирон одам «Асқад Мухтор ишни чала қилиб кетди» ёки «ишни хом қилди» деган гап айтмаган. У ҳамиша ўзига юклатилган вазифани виждон иши деб билган.
Асқад «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаган кезларида жуда кўп қўлёзма ўқирди. Катта-катта романлар ўртага қўйилганда энг жўяли гапларни Асқад айтарди. У Ёзувчилар уюшмасига котиб бўлган пайтларда ёш ёзувчиларни кўп қўлларди. У бош муҳаррир бўлган «Гулистон» журналининг деярли ҳар бир сонида янги бир ёш шоирнинг туркум шеърлари босиларди. Асқад шеър муаллифини ёнига чақириб, шеъридаги нуқсонларни тузаттирарди. Ёш шоирга сабоқ бўлсин, деб унинг кўзи олдида шеърини таҳрир қиларди.

Асқад кўп китоб ўқиган, кўп мушоҳада қиладиган мулло ёзувчи эди. Адабиётга оид илмий баҳсларда Асқад бир олимдек гап айта оладиган, фикри тиниқ ижодкор эди. Газеталарда эълон қилинаётган мақолаларида унинг нақадар теран фикрли, катта-катта адабий анжуманларда казо-казо адабиётшунослар билан беллаша оладиган олим-ёзувчи эканига гувоҳ бўлганмиз.

Асқад йирик асар ёзиш олдидан танлаган мавзу ичига «разведка» уюштиради. Унинг биринчи йирик насрий асари худди шу тахлит дунёга келган эди. Қирқинчи йилларда у Бекободдаги металлургия заводи тўғрисида бир неча туркум мақолалар, очерклар ёзди. Биринчи пўлат қуювчилар тўғрисида туркум шеърлар эълон қилди. Ана шундан кейин «Пўлат қуювчи» деган достон ёзди. Барибир Асқад айтмоқчи бўлган гапларини шеърга сиғдиролмаётганга ўхшайверди. Насрий асар яратиш керак, деган хулосага келди. Унинг «Дарёлар туташган жойда» деб аталган биринчи йирик асари саноат мавзуига қилган «разведкаси» натижаси бўлди.

Эллигинчи йилнинг январь ойи эди. Асқад эрталаб уйимга келди. Икковимиз чўян печка ёнида ўтириб янги қиссасини ўқидик. Эсимда, ўша қиссанинг қўлёзмаси қалин муқовали «Домовая книга»га жуда ҳафсала билан ёзилган эди. Тахминан уч соатча қўлёзма ўқиган бўлсак, яна икки соатча уни муҳокама қилдик.
Ўша қисса унинг йирик насрий асар томон ташлаган биринчи қадами бўлди.

Кейинчалик ҳам Асқад ҳамма қиссаю романларини шунақа «Домовая книга»га ёзадиган бўлди.
Асқад журналда босиладиган асарларни ҳафсала билан тахрир қиларди. Кўлёзма эгалари бундан ранжишмасди. Тузатилган саҳифаларни кўриб, «Маъқул, раҳмат», деб миннатдорчилик билдиришарди. Унинг бу ишлари Миртемир акага ёқарди. «Асқад қўлёзмага билиб қалам тегизади», дер эди.

Асқад таржимачилик соҳасида ҳам анча иш килиб қўйган. Унинг Пушкиндан, Лермонтовдан, Блокдан ҳамда антик адабиётдан қилган талай таржималари адабиётимизни безаб турибди. Чойхонада ёнбошлаб, мудраб, умрини совурганлар бор. Аммо Асқад умрини қизғин ижод тўлғанишлари, оппоқ тонгларни кутиш билан ўтказди.
«Ажаб, — дер эди у, — қуёшнинг дастлабки нури терак учига тушганда офтоб бирдан шаъмга гугурт чақиб юборганга ўхшар экан…»

Романлар, қиссалар, достонлар, қўлтиққа сиғмайдиган шеърий тўпламлар, драмалар, ҳисобсиз адабий-танқидий мақолалар, таржималар мана шу қизғин ижодий тўлғанишлар билан дунёга келди.

Асқад орамиздан кетди. Қайтиб келмас бўлиб кетди. Одамларга малол келмаяпманми, деган бир андиша ичини кемирарди. Кўксидаги дардини ташқарига чиқазмай, бир чиройли жилмайиб кўзини юмди.

Фаришталарнинг қадам товушини хеч ким эшитмаган. Уларнинг излари ерга тушмаган. Гапларимга ишонинг, Асқад билан эллик йилдан ортик бирга бўлиб, унинг оёқ товуши қулоғимга чалинмаган. У худди пар тўшак устида юрганга ўхшарди.

Баъзан ишга берилиб кетиб, машинка шиқирлатиб ўтириб, у келганини сезмай қолардим. Ўтиравериб, зерикканидан ё столни қимирлатар, ё йўталиб келганини билдирарди.
— Нима бало, фариштамисан ё шпионмисан? — дердим кулиб. У гапиролмасди. Гапимга кулибгина қўяқоларди.
Дўрмоннинг энг сўлим пайти бошланган. Асқад хасталигига карамай тиниб-тинчимасди. Эрталаб туриб анжир теради. Уларни ликопчага солиб музлатгичга қўяди. Шоҳида қоқи бўлиб қолган ўрикларни калтак билан қоқади.

У ёзиб-чизиб ўтирадиган жойдан уч-тўрт қадам нарида бир туп «қирқ оғайни» гули бор. У оддий гуллардан эмас. Қип-қизил бўлиб очилганда уйғур мантисидек катта бўлиб кетади. Уруғ боғлаган новдаларини кесиб турса, кетма-кет, дам олмасдан очилаверади. Асқад ундан қаламча кесиб офтобрўй жойга суқиб қўйгаи. Ўтган йилги қаламчалар яхши илдиз отиб, бир-иккитаси гул кўрсатди. Баҳор келиши билан бу қаламчаларни боғ қўшниларига икки-учтадан тарқатади.

Асқад ўша кезлари бошқа ишларни қўйиб, берилиб шеърлар ёзаётган эди. Кўпинча у қоғоз сўраб келарди.
У жуда инсофли, диёнатли одам эди. Журналга бош муҳаррир бўлатуриб таҳририят машинасида юрмасди. Ишга пиёда бориб-келарди. Ишхонасидан иккитагина бўлсин қоғоз олиб кетмасди. Ишдан қайтишда Ўрда гузаридаги магазиндан қоғоз, блокнот, қалин муқовали «общий дафтар» сотиб оларди.
У ёзи билан боғида ижод қиларди. Неваралари ҳам ўзига ўхшаган одобли, қобил болалар эди. Асқад қандоқ иш буюрса, дарров бажаришарди. Сентябрь бошланиб, болалар шаҳарга кетишган. Боғда эр-хотин икковлари қолишган.

Кудаси Франциядан мускат узумининг кўчатини олиб келган, дарвозадан бошланган йўлак охирроғида экиб берган эди. Асқад кунига неча марталаб узум тепасига боради. Яқин дўстларига атир ҳиди келиб турган узумдан битта ғужум узиб беради.

Ошхона ёнида икки туп Дашнобод анори бор. Октябрнинг охирларига бориб бир марта қиров кўриб, кейин пишади. Баъзилари дони йириклашганидан шабнамда пўстини туртиб, ёрилиб кетади.

Асқад вужуд-вужуди билан шеърга берилиб кетган пайтлар эди. Дўрмоннинг қимиздек ҳавоси, кўм-кўк осмони, қип-қизил чодир ёпинган, куз офтобида лов-лов ёнаётган ўрик туплари, олис юртларга отланган турналарнинг боғ устидан чуғирлаб ўтишлари, далаларга ёнғоқ «экаётган» қарғаларнинг ерга шўнғишлари, майин оқ ипакдек мезон ипларининг унсиз сузиб ўтишлари, яланғоч новдаларга илашиб қолганларининг офтобда чақ-нашлари Асқаднинг шеърларига шундоққина тўкилиб қоларди.

Асқад ҳаёт ҳодисаларидан фалсафий хулосалар чиқазарди. Унинг болалик чоғларида ёзган «Соатни ёмон кўрганим ҳақида» деган шеъри бор.
«Соат келаётган бахтли дамларни эмас, қайтмас бўлиб ўтаётган умрни ўлчайди» деган эди. Унинг рақиблари тинч туролмасдилар. Дўстим, дўстим, деб пинжига кириб обрў олмоқчи бўлган, кейинчалик унинг истеъдоди олдида ночор, соядек кимса эканини сезгач, газетада унга тухмат тошларини отган «дўсти»га «Арақхўрнинг эрталабки бошоғриғи гаранглигида айтган

гапларини гап демаса ҳам бўлади», деб Асқад газета орқали жавоб берган эди.

Асқаднинг хотини Равзахоним ниҳоятда қўли очиқ, пазанда аёл. Аскадни йўқлаб келганларни дастурхон ёзмасдан куруқ жўнатмайди. Зум ўтмай куймоқ тайёрлар, устига Мустай Карим Уфадан юборган бошқирд асалини суртиб дастурхонга тортарди.

Асқадни боғигача кузатиб қўйишим керак. Уни қуруқдан-қурук кузатгим келмайди. Оиламизда Саидахондан қолган бир удум бор эди. Баҳорда сумалак пиширардик. Беш-олти
банка сумалакни қопқоқлаб музлатгичда сақлаб қўярдик. Шулардан бирини очиб битта пиёлада Асқадга бервормоқчи бўлдим.
Равзахон кеч кузда сумалакни кўриб ҳайрон қолди. Асқад тутила-тутила менинг кечаси билан сумалак пиширганимни айтиб лақиллатмоқчи эди. Содда хотин бу ёлғонга чиппа-чин ишонди. Бу ҳимматдан ийиб кетган Равза бирпасда қуймоқ пишириб, устига ноёб липа асалини суртиб олиб чиқди.

Равза мени ўзига жуда яқин оларди. Тожикистонда бўлиб ўтган ўзбек адабиёти ва санъати кунларида тожик дўстларимиз собиқ Ҳисор бегининг ҳовлисида ноёб совғалар дўкони очган. Француз упа-эликларини, атирларни аёллар талашиб-тортишиб харид қилишарди. Равзага олиб борасан, деб «Черная магия» атиридан биттасини Асқадга олиб бердим.
Бу ишим Асқадга ёқмади. Кейин майли, суюнсин, деб чўнтагига солиб қўйди.

Ажойиб ҳажвчи, тенгсиз латифагўй қадрдонимиз Адҳам Ҳамдам вафот қилди. Ёзувчилар уюшмаси Асқад билан икковимизни вакил қилиб юборди. Жанозадан кейин райком котиби Муҳиддинов, ҳозир пахта терими авжига чиққан палла, биррав далага чиқиб теримчиларга ҳорма-бор бўл қилиб келайлик, деб қолди. Негадир райком котибидан гуп-гуп атир ҳиди келарди. У яхши теримчи қизларга атиргулнинг бағридан олинган «Розовое масло» деб аталадиган ниҳоятда ҳиди ўткир атирларни совға қиларкан.

Муҳиддинов Асқад билан икковимизга, келин аямизларга олиб боринглар, деб шу атирдан икки донадан берди.
Француз атирини олиб ислганимизда ҳам, гул бағридан олииган атирни берганимизда ҳам Равзахоп ҳаддан ташқари севинган эди.

Асқад хазил қилади:
— Биласанми, буни «Розанинг ёғи» дейишади. Яъни, сенинг ёғингдан ясалган атир.
— Сиз икки дунёда ҳам менга совға олиб келмайсиз. Бу Саидушканинг иши.
— Саидушка дема, қулоғимга Сальтиков-Шчедриннинг Иудушкасига ўхшаб эшитиляпти.

Орадан сал фурсат ўтиб Асқаднинг гапириши янада қийинлашиб қолди.
Шу алфозда ҳам Асқад битта-битта босиб боғимга келади. Бир-биримизга мўлтираб қараб ўтирамиз.
Ўша кезлари тили тутиладиганлар билан гаплашавериб «мутахассис» бўлиб қолган эдим. Шуҳратнинг аҳволи бундан ҳам баттар. У на гапира оларди, на бирон сатр ёза оларди. Рақибларининг бетўхтов ҳужумларидан худди шу аҳволга тушган Ойбек домла билан умрининг сўнгги кунларида кўп «гаплашганман». Раҳматлининг тилига бемалол тушунадиган бўлиб қолган эдим.

Ҳар куни Асқадни бир пиёла сумалак билан кузатиб бораман. Бунга жавобан Равза бошқирд боли суртилган қуймоқ билан меҳмон қилади.

Баъзан кечалари боғ ҳовлисидаги ўнгдан ўқисанг ҳам, чапдан ўқисанг ҳам «642246» рақами чиқадиган телефонга қўнғироқ қиламан. Равзадан Асқаднинг аҳволини сўрайман.
— Ухламаяпти, — дейди у. — Бир нималарни ёзяпти. Умр оз крлди, худо омонатини олгунча ёзиб улгуришим керак, дейди.
Дўрмонга совуқ тушди. Ўриклар яланғочланиб, пойига оловли кўрпа тўшади.
Асқад ҳамон тиним билмасди. Судралиб юриб азим туп анжирни ётқизиб, устига брезентми, эски шолчаларними ёпади. Анорларни ҳам узиб, танасини эски-тускиларга ўрайди. Мускат узуми устидан хашак бостиради.

Асқадни олиб кетишга редакция машинаси келди. Бу машинадан унинг биринчи маротаба шахсий хизмати учун фойдаланиши бўлса керак. Машинага бир банка сумалак қўйдим. Асқад қўлимни силаб, миннатдор жилмайди.
У шахарга кўчиб кетди. Ҳувиллаган боғда бир ўзим қолдим.
Асқаднинг ён қўшниси, адабиётшунос олима, дилбар аёл Саодатхон Тўрабековага телефон қилиб, Асқаднинг аҳволини сўрайман. Асқад билан ҳам, Равза билан ҳам телефонда гаплашиб бўлмайди. Уларнинг аҳволидан шу барака топкур Саодатхон кечаю-кундуз хабар олиб туради.

Қиш қаттиқ келди. Боққа ҳеч ким келмайди. Қишлаб қолган икки-уч ёзувчи ҳам хоналарини иситолмай вақтинча шаҳарга кетиб қолишган. Автобусда бўлса ҳам шаҳарга тушиб Асқаднинг аҳволидан хабар олиб келишим керак.

Ойнадек ялтираган Дўрмон йўлларида бир-бири билан тўқнашиб пачоқ бўлиб кетган машиналарни кўраман. Ен ариққа ёнбоши билан тиқилиб қолган автобуслар олдида ишдан кечикаётган йўловчилар туришарди. Фақат ғилдирагига занжир ўралган машиналаргина сирпанмай йўловчиларни метрогача обориб қўяди.
Шу тариқа, йўл азоби — гўр азоби дегандек, икки-уч марта Асқаддан хабар олиб келдим. У илгаригидек тинимсиз ишлар, бирон дақиқа вақтини беҳуда ўтказмасди.
Яна баҳор келди. Ўриклар гулини тўкиб довучча туга бошлаган. Гилос таналари оппоқ гулга бурканган. Боғ қўшниларининг ҳаммаси хазон тўплаб куйдиришяпти. Бошқа пайтларда тутундан қочадиганларга нечукдир аччиқ хазон тутуни хуш ёқаётганга ўхшарди.

Асқаднинг болалари, келинлари хам хазон куйдириб, ичкари хоналарни тозалаб кетишди.
— Дадам боққа обориб қўйинглар, деб хархаша қиляпти. Кунига беш-олти марта доктор келиб хабар олиб туради. Боғ узоқ, докторнинг бориши қийин, келинлар ишда, неваралар ўқишда. Ойим ўзини эплолмай қолган. Сиз ҳам бир айтиб кўринг, озроқ сабр қилсин, — дейди ўғли Темур.

Асқад боғни соғинган, тезроқ кўчиб борақолсам, деб Дўрмон томон талпинарди. Апрелнинг ўн еттинчи куни эрталаб азонда Саодатхон телефон қилди:
— Асқад ака оғирлашиб қолдилар, етиб келсангиз яхши бўларди.
Аксига олиб Ижод уйида биронта машина йўқ. Боғ қўшнилар шаҳардан ҳали келишмаган. Бирон соатлардан кейин боғда ишлатиш учун одам олиб келишади. Гаражда машинам бор, бироқ уни юргизадиган одам йўқ. Ўзим кўпдан машина минмаганман. Йўл қоидалари ҳам ўзгариб кетган. Кўзим йўлни унча илғамайди. Ўнг қулоғим эшитмайди.
Таваккал қилиб машинани гараждан олиб чиқдиму йўлга тушдим.
Етиб келганимда Асқад тўнғичи Темурнинг бағрида, кўксига бош қўйганича кўз юмган, бир умрга 6у ёруғ оламни тарк қилган эди…
Қадрдоним билан хайрлагаолмай, рози-ризолик қилолмай доғда қолдим.

* * *

Тундаликлар «Уйқу қочганда» номи билан алоҳида китоб бўлиб босилиб чикди. Адабиётшунос олим Наим Каримов Асқад ҳақида, унинг «Тундаликлари» ҳақида айтган ҳалол гаплари қаторида бирданига «қовун туширган» жойлари ҳам анчагина. У шундай деб ёзади: «Бугун кимдир ўша пайтларда Асқад Мухтор ҳолидан мунтазам равишда хабар олиб турганини айтиши мумкин. (Ким у?) Иўқ, унинг уйи ҳеч қачон гавжум бўлган эмас. (?) Оқибатли дўстлари кам бўлганидек оқибатли шогирдлар ҳам қарийб бўлмаган. (?) Ҳатто дўрмондоши Саид Аҳмад ака ҳам «Хаста Асқадни кўрсам эзилиб кетаман» деб унинг эшигини кам чертган».
Наим Каримов бу гапларни қайдан олди экан? Равза бу гапни айтмайди. Асқад икки дунёда ҳам бунақа хоинона, боз устига бўштоб, мўрт сўзларни оғзига олмаган.

Бунақа масъулиятсизлик билан ёзилган мақолалар ўқувчини шубҳага солиб қўяди. Усмон Носир тўғрисида ўйламай, суриштирмай айтган гаплари шоир мухлисларини ҳаддан ташқари ранжитган эди.
Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китоби қўлёзмасини Наим Каримовдан бошқа одам ўқимаган. Уни Н. Каримовнинг ўзи таҳрир қилиб, ўзи нашрга тайёрлаган. Ким билади дейсиз, унда қандоқ «қовун туширди»лар қилган экан? Бир марта бебурд бўлган тадқиқотчига китобхоннинг шубҳа сояси доимо тушиб туради. Ғафур Ғулом айтганидек, бунақа хайрли ишларни бошлаш олдидан қўлни атирсовунда яхшилаб ювиб, поклаб олиш керак.

Боғ файзсиз бўлиб қолгандек… Хазонлар орасидан, хиёбонлардан Асқаднинг изларини кидираман. Шу боғ, шу хиёбонда қоғозга шитирлаб тўкилган сатрлар товушини эшитаман:

Бир вақт дўстлар билан ҳасратлашардим…
Ёлғиз ўтказаман ғамгин чоғларни.
Сукунатни чўчитмасин дардим,
Айланиб ўтаман сокин боғларни.

Манбаъ: Саид Аҳмад.Қисса, Хотиралар. Ҳикоялар.«Шарқ»,Тошкент — 2008

022

(Tashriflar: umumiy 381, bugungi 1)

Izoh qoldiring