Said Ahmad. Bosgan izim, aytgan so’zim qoladi.

шухрат

      Шуҳрат  домлани мен болаликдан билардим. Янада аниқроқ айтсам,ўзларини эмас, шеърларини билардим.  Эсимда: чап томонимиздаги қўшнимиз Мусурмон бобо эртадан кечгача Комилжон Отаниёзов ижро этган қўшиқларни патефонида варанглатиб қўйса, қаршидаги қўшнимиз Қобил бобо  тонгдан ярим кечагача Фахриддин Умаров қўшиқларини етти қўшни эшитадиган қилиб жаранглатарди. Ҳар куни эшитавериб, мен ҳам Фахриддин Умаровга тақлид қилиб «Кўмилганман сенинг қалбингга!» деб минғирлаб юрадиган бўлиб қолган эдим. Вақт ўтиб,шеърга қизиқа бошлаганимда ўша «Кўмилганман сенинг қалбингга»ни шоир Шуҳрат ёзганини билганман.
Мен  учун то шу кунгача муҳтарам бўлиб қолаётган бу инсон хонадонига Усмон Азимга эргашиб борганман. Шуҳрат домла ҳарбий хизматда юрган Усмон Азимнинг шеърларини,  муаллифнинг ўзини кўрмай-билмай,журналда босилиб чиқишига сабабчи бўлган эди. Биринчи кўришдаёқ,унинг ажойиб ва покиза инсон эканини англаганман. Кейинчалик ҳам домла оғир бетоб бўлиб қолганларида ҳам тил билан бўлмаса-да, дил билан, кўз билан суҳбатлашганларимиз умрбод хотирамдан ўчмаса керак. 

Хуршид Даврон

перо

Саид Аҳмад
БОСГАН ИЗИМ, АЙТГАН СЎЗИМ ҚОЛАДИ
(Устоз Ойбек даъвати билан ёзилган хотиралар туркумидан)

     Қозоқнинг улкан шоири Абдилда Тожибоев етмиш беш ёшга кирганда сўнгги китобини «Кузги жапрақтар» деб номлади. Ўзбек шоири Шухрат ҳам шу ёшга етганда китобини «Кечки нурлар» деб атади. Каранг, бир-бирининг китобини кўрмаган икки шоирда нақадар яқинлик!
Ўтаётган ғанимат умрнинг энди асло қайтиб келмаслиги уларга аллақандай маҳзунлик соясини ташлаб турибди.

     Оптимист ҳаётдан умидвор ижодкорлар эса бу руҳий ҳазинликка чап бермоқчи бўладилар. Олдинда боқий дунё элчиси йўлга пешвоз чиқиб кутиб турганини писанд қилмайдилар.
Шуҳрат ана шундай оптимист шоир эди. У оғир хасталик туфайли то тилдан колгунча, кўли калам тутолмайдиган даражага етгунча, гўёки олдинда узини кутиб турган ғам-ҳасратли кунларни илгарироқ сезгандек, анчагина шеър ёзиб қўйганди.
Шухрат шеър ёзиш имкониятидан мутлақо махрум бўлган армонли пайтлари нашр қилинган «Ҳали тун узоқ», «Кечки нурлар», «Шайдо кўнгил» китобларида хазинлик туйғуси деярли йўқ, нолиш йўк, умидсизлик йўқ. Уларда оталик бахти, оналик иқболи, кўзининг оқу қораси уч азамат ўғил, худодан тилаб-тилаб олган биргина суюкли қизию қатор невараларининг толеи куйланади.
Ўғли қамоқда пайтларда тиқ этса эшикка қараб йўл пойлаган қайнонасини юпата олган, ўзи айрилиқ алангасида ўртаниб, ўтга-чўққа кўл теккизиб рўзғор тебратган хотинига миннатдорлик туйғуси шоир шеърларида гуркираб туради.
Баҳор офтоби танни куйдиради, куз офтоби яйратади. Шунинг учун ҳам қайноналар «баҳор офтобига келинингни, куз офтобига қизингни сол», дейдилар.
Шухратнинг хотини Турсуной қайнона дуосини олиш бахтига муяссар бўлган жаннати аёл эди.
Урушдан анча олдин, ўттизинчи йилларда редакциялар янги шаҳардаги Иқон кўчасида, қалам ҳақи берадиган нашриёт кассаси «Узбекистанский» кўчасида эди.
Мен Шуҳратни биринчи марта шу ерда «Посбон» деган шеърига пул олаётган пайтда учратганман.
Ҳали йигирмага кирмаган навқирон Шуҳратнинг сочлари бошига қор ёққандек оқариб кетган, лекин ўзи тетик, қувноқ, соғлом йигит эди. У ўзи хақида ёзган каттагина гаеърида агар янглишмасам шундай икки сатр ҳам бор эди.

Бошимда ҳор,
Кўнглимда баҳор…

Амин Умарий, Султон Жўра, Зафар Диёр, Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Муҳаммад Тўлаш ҳамда Шуҳратлар фаол ижод қилаётган вақтлар.
У маҳалда адабиёт назарияси ҳали яратилмаган, ким қанақа тушунса, ўшандоқ килиб ёзаётган пайтлар. Шоир бўламан деган бир гуруҳ ёшлар Ғафур Ғуломнинг, ҳикоячи бўламан деганлари Абдулла Каҳҳорнинг этагидан ушладилар.
Шеърият кўкида чақнаб кўринган Усмон Носир кўп ёшларнинг кўзини қамаштириб қўйди. Шуҳрат ҳам бир муддат Усмон Носир таъсирида бўлдию кейин ўзини услуб жиҳатдан Шайхзодага яқин келаётганини сезиб, Миртемир домла ибораси билан айтганда «Шайхона» шеърлар ёза бошлаган эди.
Кўплар Шухрат услубда ҳам, фикр қилишда хам Абдулла Қаҳҳорга яқин, дейишарди.

Иўқ, Абдулла Қаҳҳор услубида ўзидан бошқа ҳеч ким ёзолмасди. Шуҳрат ижоддаги ёзувчи Қаҳҳорга эмас, ҳаётдаги Қаҳҳор шахсига эргашган эди. «Бошқа ёзувчига ўхшатиб ёзиш ҳеч кимга обрў келтирган эмас, — деб айтар эди Абдулла ака. — Бунақалар ёзувчи эмас, ёзувчининг сояси бўлади, холос».
Шуҳрат қай республикага борса албатта ўша ердан дўст орттириб қайтарди. Янги дўстлари уни йўқлаб Тошкентга келишарди. Озарбойжонлар «Шўйрат афандим» десалар, нахичеванликлар, бизим Шўйрат чўх жўзал инсондир, дея иззат қилардилар.
Бу дўстлари уни ғоят қадрлашарди. Тўй-маъракаларга албатта олиб кетишарди. Ўзлари ҳам Шухратникида бўладиган тўйларга, базмларга етиб келишарди. Унинг туркман дўстлари ниҳоятда ҳимматли, одамшаванда кишилар эди. Сталин Теҳрон конференциясида Рузвельт билан Черчилга совға қилган ноёб Каспий балиғидан ҳимматли туркман дўстлари баъзан Шухратга хам олиб келар эдилар.
Ўттизинчи йилларда хўп ажаб ғалати воқеаларнинг гувоҳи бўлганмиз. Ҳозир эсласам кулгим қистайди.
«Тошселмаш» заводидан бир нечта ишчи адабиётга сафарбар қилинган эди. «Заводдан — адабиётга!» деган шнор газета саҳифаларидан тушмас, мажлисларда «Адабиёт энди ишчиларнинг қадақ қўллари билан яратилади» деган «оташин» нутқлар ирод қилинарди.
«Сафарбар» қилинган ишчиларни ёзувчилар уюшмасига бошлаб келиб, қўлларига тантанали равишда «Уюшма аъзоси» деган хужжат бердилар. Қайсидир фабрикадами, артелдами, ҳозир эсимда йўқ, бинойидек ишлаб юрган фаол бир опани, энди «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналига масъул муҳаррир бўлдингиз» деб редакцияга ташлаб кетишди. Шаҳар комсомол комитетида пионерлар билан ишлаш бўлимининг бошлиғи, инсофлигина бир опани энди болалар журналига ўзингиз масъул муҳаррир бўлдингиз, деб редакцияга қўйиб кетишди. Тошкент трамвай трестида чиқадиган катталиги бир варақ қоғоздек «Мотор» деган атиги 200 нусха босиладиган газетада мухбирлик қилиб юрган, на имлони, на жумлани жумлага улашни биладиган яна бир ишчи одамни ўша пайтларда ҳар бир сони талаш бўлиб кетадиган «Муштум» журнали бош муҳаррири креслосига ўтказиб кетдилар.
Уларни камситишга тилим бормайди. Бироқ, бу бечоралар нима иш қилишларини билмай «ишга» келиб эснаб-эснаб уйларига қайтиб кетардилар. Улар имлони унчалик билмасдилар. Бирон сатр мақола ёзишга қўллари келишмасди. Фақат, болалар журналининг муҳаррири мақола ёзолмаса ҳам мактабларда журнални тарғиб килиб, вожатийларнинг ҳаммасини обуна қилишни уюштирарди. Мана шу опанинг харакати билан республикадаги жами мактабларнинг вожатийлари ёппасига журналга обуна бўлган эдилар.
Ўша йиллари Колхозчилар қурултойига раислик қилаётган халқ комиссарлари кенгашининг раиси қурултой қатнашчиларига «Ёш шоир Юсуфжон Ҳамдамга «Узбе-кистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги шоири» унвони беришга қарор қилсак, бу ташаббусни қувватлайсизларми?», деб мурожаат қилди. Пастдан «Қувватлаймиз, қувватлаймиз» деган қарсак аралаш овозлар чикди.

Ёзувчилар уюшмаси бу бемаъни ташаббус, матбуотда чиқиб кетмасин, деб фармонни зўрға тўхтатиб қолган эди.
Адабиётга сафарбар қилинган «Қўли қадақ ишчи гиоирлар» ҳар тарафга тарқаб кетишди. Баъзилари «Ўзимизнинг ишдан қолмайлик», деб заводга қайтиб кетишди.
«Сафарбар»лар орасида Ғиёс Соатий дстан анчагина талантли бир шоир борлиги билиниб қолди. У мумтоз адабиётдан дурустгина хабардор экан. Ўша пайтда ёзган «Сўлим» қўшиғи 65 йилдан бери бир неча авлод ҳофизлар томонидан завқ-шавқ билан ижро этилади. Ҳозир ҳам катта концертларда байрам базмларида қайта-қайта ижро этиляпти.
Унда, жумладан, шундай сатрлар бор:

Ёрни ойнакдан қаранг,ноз уйқуда ётганмикан?
Ёки қилган нолишим уйқудан уйготганмикан.

Атри бўйи ёр димогига етишгач эй сабо,
Тонг шамоли кокилин,мушкини қўзготганмикан.

Тун ярмида кун тиғ урдиёки бепарво чиқиб
Зулф орасидан юзини ойга кўрсатганмикан.

Офтоби тальати биз сори кўрсатса жамол,
Тўлган ой синган сополга ўзни ўхшатганмикан.

Бу гапларни мен Шухрат қандай оғир даврда, қанақа «ижодкорлар» орасидан ўтиб келганини билдириб қўйиш учун айтаяпман.
Ўша пайтларда кўлларидан келмайдиган ишларга «раҳбарлик» қилган кишиларни асло камситиш ниятим йўқ. фақат уларни ноқулай аҳволга солиб қўйган акаларимизга гинахонлик қиляпман холос.
Бирон чигал иш бошига тушиб ёрдам сўраб келган одамга Шуҳрат астойдил қулоқ солиб унинг мушкулини осон қилиш пайида бўларди. Иши битган одамдан кўра Шуҳратнинг ўзи кўпроқ қувонарди.
Шуҳрат ичи дардга тўлиб турган пайтда ҳам зорланмасди. Бировдан юпанч кутмасди. Ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверарди.
У нашриётда муҳаррир бўлиб ишлаб юрган пайтда таржимонликни ҳавас қилган ёшгина қизча Холида Аҳроровага ҳеч иккиланмай Лев Толстойнинг машҳур «Тирилиш» романини таржима қилишга беради.
Холида атоқли жамоат арбоби, шоир, драматург Саид Аҳрорийнинг қизи эди. Аҳрорий «халқ душмани» бўлиб отилиб кетади. Онаси Вазирахон билан уйсиз, жойсиз, таъминотсиз қолган ҳали гўдак Холида укаларини бағрига босиб сарсон-саргардон кезади. Саид Аҳрорийни билган, ундан кўп ҳимматлар кўрган кишилар Холидага пинҳона ёрдам қўлини чўзадилар. Ишга жойлайдилар, эски бўлса ҳам бир бошпана топиб берадилар.
Рус тилини дурустгина билган Холида кичик-кичик ҳикояларни, қиссаларни таржима қилиб журналларда бостирарди.
Холида кечалари мижжа қоқмай «Тирйлиш»нинг тар-жимасини тугатади. Уни ўқиб чиққан Мақсуд Шайхзода, атоқли таржимон Мирзакалон Исмоилий ҳамда Шуҳратлар бир бурдагина бу тиришқоқ қизчанинг шундоқ машҳур, шундоқ мураккаб, шундоқ катта романни жуда яхши таржима қилганига ҳайрон қоладилар. Тезда босиб чиқаришга оқ фотиҳа берадилар.
Роман босилиб чиққанда Холидадан кўра Шуҳратнинг қувончи чексиз эди. Олдига ким келса романни кўрсатар, буни Холида деган кичкинагина қизча таржима қилган, деб мақтарди.
Холидани кўпчилик бўлиб «Саодат» журналига ишга жойлаб қўядилар. Шуҳрат романни кўтариб Холида ишлаётган журнал таҳририятига олиб боради. Уни ҳаммага бир-бир кўрсатиб бу буюк Толстойнинг энг мураккаб романини сизнинг ходимангиз Холида қизим таржима қилган, деб қувончини ичига сиғдиролмасди.
Журналнинг бош муҳаррири Зулфияхоним, баракалла, синглим, табриклайман, деб Холидани бағрига босиб пешонасидан ўпади.
Шуҳрат «Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб эди. Республика кўзи ожизлар жамиятининг раиси Вали Ғафуров қалин бир папкани қўлтиқлаб, кузатувчи кўмагида кириб келди. У игна билан ёзилган китобининг машинкада кўчирилган нусхасини олиб келган экан. Шуҳрат уни икки кунда ўкиб, бўлғуси китоб билан танишиб чикди. Тажрибали бирон ёзувчи яхшилаб, жиддий тахрир қилса, дурустгина китоб бўлиши мумкин деган хулосага келди. Лекин кўлёзма жиддий ишланиши керак. У бадиий жиҳатдан жуда заиф. Уч-тўрт ой тер тукиб меҳнат қилиш зарур. Бу ишни ким бўйнига олади? Ёзувчилар ўз ижодлари, хизмат вазифалари билан бандлар.

Шуҳрат фикрини Вали Ғафуровга очиқ айтди-қўйди.

— Шуҳрат ака, — деди шунда Ғафуров. — Икковимиз қуролдошмиз. Шу лаънати урушнинг жабру-жафоларини тортган инсонлармиз. Келинг, шу ишни ўзингиз қилинг. Бадиий ижодда тажрибам йўклигини ўзим ҳам биламан. Қанақа шарт қўйсангиз ҳам розиман.

Шуҳрат ўйланиб қолди.
— Агар шу ишни мен қиладиган бўлсам, нашриёт қонуни қандоқ бўлса, ўшанга амал қиламиз. Муаллифлик хуқуқини ҳимоя қиладиган идоранинг юристи кафолат бергандагина иш бошлаймиз. Шуни яхши билинг-ки, уйқумдан кечиб, бошлаб қўйган «Жаннат қидирганлар» романимни тўхтатиб қўйиб, фақат сизнинг китобингиз билан банд бўлишим лозим.
Шухрат кўзи ожиз бир одамнинг игна билан машаққат чекиб ёзган китобига бефарқ караёлмади. Дунё кўзига зимистон бўлган, ҳаётда ўз ўрнини қидираётган одамга ҳамдардлик ҳисси уни шундай қилишга ундарди.
Китоб хали хом, Шуҳрат уни пишириши, ортиқча жойларини ўчириб, ўрнига янги боблар ёзиши, қаҳрамонлар қиёфасига жон ато қилиши керак. Бу осон иш эмасди. Янги роман ёзишдан мушкулроқ эди.

Шуҳратдаги бировга яхшилик қилса, уни то охиригача етказиш ва шу яхшиликлардан ўзи хузур қилиш хусусияти ғолиб келди.
Уч ярим ой тунни тонгга улаб меҳнат қилди. То ўзига маъқул бўладиган даражага етгунча қайта-қайта ишлайверди. Ниҳоят, игна билан ёзилган, кейинчалик «Вафодор» деб аталган романга нуқта кўйилди. Уни машинкада оққа кўчириб, муаллиф Вали Ғафуровнинг ўзига юборди. «Шинелли йиллар», «Олтин зангламас» романларида орттирган тажрибалари «Вафодор»нинг маъқул асар даражасига етишида қўл келган эди.
Бу роман даставвал «Шарқ юлдузи» журналининг бир неча сонида «Бадиий қайта ишлаган Шуҳрат» деган илова билан эълон қилинди.
«Вафодор» кўп марта нашр қилинди. Кейинги нашрларидан фақат биттасига «Бадиий қайта ишлаган Шуҳрат» деган илова киритилди. Қолган нашрларда эса нима учундир «Бадиий мухаррир Шуҳрат» деб қўя қолинди.

«Вафодор» рус тилига таржима қилиниб, зукко рус китобхонларига ҳам манзур бўлди. Муваффақиятлардан руҳланган Вали Ғафуров яна иккита қисса ёзди. Аммо уларни таҳрир қиладиган Шуҳрат бу орада қаттиқ дардга чалинган эди. Бошқалар таҳрир қилишга уриниб кўришди. Бўлмади. Эплашолмади. Ўшанда Ғафуров «Шуҳрат аканинг қадри билинди», деб ўкинган эди.
Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Москвада йирик мутахассислар даволамаса бўлмайдиган ҳолга келди. Уни кузатиб қўйиш учун Ўлмас Умарбеков билан аэропортга бордик. Санитарлар уни самолётга олиб чиқаётганларида Кибриё опа, «Домлажон, туфли олишни унутибмиз-ку», деб қолди. Абдулла ака сесканмай, овози титрамай даҳшатли бир гап айтди:
— Қайтишда оёқ кийим керак бўлмас.
Шунда икки кўзим жиққа ёшга тўлиб кетди. Буни Абдулла ака кўриб қолди.
— Сиздек шогирдим борлигидан хурсандман. Кўчадан гап топиб келмадингиз, уйдаги гапни кўчага чиқармадингиз. Илтимос, энди уйимга келманг. Бундан бу ёғига сизга балогардон бўладиган Абдулла Қаҳҳор йўқ… Энди эҳтиёт бўлинг, оёқ остида қолиб кетишингиз мумкин.

Орадан 20 кунлар ўтиб, Абдулла ака Шуҳратни зудлик билан Москвага чақиртирди. Демак,домланинг аҳволи яхши эмас, бирон кор-ҳол бўлса, оёқ-қўли чаққон Шухрат керак бўлади, деб чақиртирган.
Устозни ваъда қилинган энг катта шифохонага эмас, оддий бир касалхонанинг умумий палатасига обориб ташлаган эканлар.
Абдулла акани бениҳоя ҳурмат қиладиган, унга тан берадиган машҳур шоир ва адиб Константин Симонов ундан хабар топиб, икки марта йўқлаб келади. Унинг ёрдами билан алоҳида палатага ўтказишади, Симонов академикларни, номдор профессорларни уни даволашга жалб қилади. Бироқ, вақт ўтган эди. У қўш ёстиққа суяниб, қисқа-қисқа нафас оларкан, Дўрмонни соғиндим, боғимнинг ҳавосидан нафас олгим келаяпти, деб зорланади.
Абдулла Қаҳҳорнинг жасадини эрталаб соат саккиздаги самолётда олиб келишди. Москвадан то Тошкентгача темир тобут ёнида келган Шуҳрат чарчоқни унутиб, елиб-югуриб хизмат қиларди. Бу орада Чиғатой қабристонига бориб дафн жойини аниқлаб келди. Марҳумнинг ижодхонасида ҳукумат вакиллари тўпланиб турардилар. Улар Кибриёхонимга ҳукумат номидан таъзия изҳор қилиб, ундан «Абдулла ака бизга қандоқ топшириқлар бердилар», деб сўрадилар.
Бундай пайтда ҳар қандай гина-кудуратлар унутилади. Марҳумнинг сўнгги истаги бажо келтирилади.
Шуҳрат дафн маросимидаги сўзлаган нутқида Абдулла Қаҳҳор ҳақида мардона, ҳаққоний сўзларни айтди. Унинг бу сўзларидан ноқулай вазиятга тушиб қолган айрим арбоблар «Бу бола ўзига кулфат тилаб оляпти», деган фикр билан қабристондан чиқиб кетдилар.

Ўша оғир замоннинг мафкуравий тазйиқи остида Абдулла Қаҳҳор дини, эътиқоди номаълум кимсадек бир калима тиловатга илҳақ бўлиб тупроққа қўйилмокда эди. Устозимизга ҳарф танитган биринчи ўқитувчиси Муҳаммаджон домла Қўқондан саҳар пайти Тошкентга етиб келган, қабристондаги одамлар орасида эди.Абдулла Қаҳҳорга ихлос қўйган икки юз чоғли адабиёт мухлислари, нимадандир кўнгиллари тўлмай, қандайдир бир гап бўлиши керакдай тарқамай турардилар.
Мухаммаджон домла аста тирсагимдан ушлаб «Сиз кетмай туринг», деди. Кейин у баланд овозда:
— Биродарлар, Абдуллажон бир мусулмоннинг фарзанди эди, у тангри ҳузурига тиловатсиз кетмасин, — деди кўзида ёш билан.
У тўнини ерга тўшаб чўккалади. Атрофга бир-бир қараб тиловат бошлади. Биров тиззалаб, биров дастрўмолини тагига ёзиб ўтирди.
Қабристон сукутга чўмди. Қуръоннинг сеҳрли оҳангларидан сел бўлган одамлар ерга қараб қимир этмасдилар.
Одамлар бош эгиб ўтирган шу пайтда гўрковнинг қопқоқли тобутни юқорига узатганини, кафанланган майитни лаҳадга қўйганини хеч ким кўрмай қолди.
Шуҳратнинг бошига тушган савдолар, шўришлар худди шу ерда, худди шу соатларда бошланган эди.
Шуҳратга кийим ярашарди. Шунинг учун бўлса керак, сал бошқачароқ, яъни ўзига бино қўйиб, олифтароқ, пўримроқ юриш қиларди. Эрталаб хизматга келиши биланоқ, уйдан опкелиб қўйган букма илгакка плашчини, костюмини илиб, коржомасини кийиб оларди.
Хулласи, у жуда саранжом-саришта, «паратка» одам эди.
У ҳаммамизнинг тўйларимизда, юбилей зиёфатларимизда елиб-югуриб хизмат қиларди. Ойбек домла, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода ҳамда Миртемирларнинг этагидан ушлаб адабиётга кирган биз ёшлар бодрокдек потирлаб кетма-кет олтмиш ёшга етиб келдик. Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Рамз Бобожон, Одил Ёқубовларнинг юбилейлари катта тантанага айланди. Уларнинг ҳаммасига «Халқ ёзувчиси», «Халқ шоири» деган унвонлар берилди, орденлар билан мукофотландилар. Негадир Шуҳрат бу рўйхатдан ўчириб ташланди. Бу ҳам етмагандек, матбуот унинг номини тилга олмай қўйди. Босилиш арафасида турган романлари, шеърий тўпламлари тўхтатиб қўйилди. Радио-телевидение у тўғрида лом-лим демай қўйди.
Нега?!
Шуҳрат ҳаётдан умидвор оптимист одам эди. Майли, бу ишлар вақти келиб изга тушиб кетади, деб ичидан зил кетаётганини сездирмасликка ҳаракат қиларди. У ҳамон тўйларга бош, ҳамон ўша мағрур юриши.
Шуҳрат тилдан қолгунча, қўлдан қолгунча тиним билмади. Грузин, арман, озарбойжон, туркман, доғистон шоирларининг туркум шеърларини таржима қилди. Кавказ мавзуида қанчалаб балладалар, тўртликлар, олтиликлар ёзди. Уларни шеърхонлар севиб ўқиётганларидан боши осмонга етди.
Эҳтимол таржима асносида «Кавказ дафтари»ни ёзиш нияти туғилгандир. Бу тоғ шоирларининг қандайдир ўзига хос ўктам оҳанглари Шуҳратнинг дилига оқиб киргандир.
Чархи кажрафторни қарангки, Шуҳратни бир кун олқишсалар, бир кун унга олкишладилар. Шуҳратнинг ночорлигини, эзилиб кетганини кўриб биз сафдошларига берилган унвонлар ҳам татимай қолди. Ёзувчилар уюшмасининг раиси Ўлмас Умарбеков билан раҳбариятга учраб дўстимизнинг аҳволи ниҳоятда ночорлигини тушунтирдик. Бизнинг илтимосларимиздан кейин инсофга келиб, Шуҳратга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонини беришди.

Шуҳратни қутлаб уйига борганимизда у бир муддат жим қолди. Нимадир демоқчи бўлди. Деёлмади. Кейин кўл силтаб, ғамгин жилмайди. У гўё ўз аҳволига кулаётганга ўхшарди. Унинг ҳозирги ҳолатидан кўнглида бир дунё армон, бир дунё ўкинч, бир дунё алам ғалаён қилаётгани сезилиб турарди.
У ёнбошига қўйилган ёстиқни олдига тортиб, устига дўпписини қўйиб, белгисиз тарафга худди хайрлашаётганга ўхшаб қўл силтади.
Бу «Мени сўнгги йўлга кузатаётганингизда «Халқ ёзувчиси» нишонини қизил ёстиқчага қадаб Чиғатойга олиб борасизлар», дегани эди. Бу «сўзлар» Қаҳҳор домланинг «Москвадан қайтишда оёқ кийими керак бўлмас», деган даҳшатли гапини эслатарди.
Шуҳрат кўзни қамаштирадиган, ёруғ, ёрқин кунларни ҳам кўп кўрди. Минг-минглаб одам йиғилган маросимларда тўлиб-тошиб, қайнаб, ўтдек чақнаб шеърлар ўқиди. Олқишлардан «маст» бўлган кайфли онларни ҳам кўп кечирди.
Уни Ўзбекистонда деярли ҳамма ўқитувчилар бениҳоя севардилар. «Муаллим» деган шеъри ўқитувчиларнинг гимни-таронасига айланиб кетган эди.

Инсон боласининг ҳаёти ҳамма вақт бир текис кечмайди. Бу мураккаб оламда умргузаронлик қилиш узлуксиз курашиш, сув келса симириб, тош келса кемириб яшашдан иборатдир.
Шуҳрат ана шундай яшади. У хар қандай қийин-қистовларга бардош билан чидади. Унга ҳатто тирик юришнинг ўзи бир бахт бўлиб колганди. Афсуски, шуни ҳам ундан қизғондилар.
Шуҳрат кечиримли одам эди. Ўзини шу алпозга солган кимсаларнинг гуноҳларини ҳар йили Рамазон ҳайити кунларида кечириб юборарди.
Бомбалар портлаб турган окопларда кечган даҳшатли дақиқалар, ўлим билан юзма-юз келишлар, қатағонлардаги хўрликлар, умрнинг заволи бўлган бўҳтонлар нихоят ўз ишини қилди.

У нолимай, жимгина оламдан кўз юмди. Халқимизнинг улкан бир ёзувчисидан айрилиб қолдик…

Мен кўзим очганда ҳаёт бор эди,
Ҳа, мендан кейин ҳам яшнабқолади.
Тилимда кепгади ҳаётим тоти,
Ўрнимни ўзга бир одам олади!

У эса, ўзича яшайди яна,
Умрни ўзича талқин қилади.
Мен куйган оловда у ёна-ёна
Эҳтимол қадримни шунда билади!

Мен келдим ва кетдим, изим қолдими?
Ўртаниб айтганим сўзим қолдими?

Лекин, барчамиз учун энг катта таскин-тасалли шундан иборатки, хассос адиб Шухратнинг бу хаётда босган изи, айтган мардона ва ҳаққоний сўзлари ҳамишаликка қолди.

(Tashriflar: umumiy 322, bugungi 1)

Izoh qoldiring