Sharof Boshbekov. Qalbi yalang’och shoir & Ona Turkiston. Rauf Parfi haqida videofilm

Ashampoo_Snap_2017.12.04_23h06m37s_001_a (2).png   1989 йил. “Темир хотин” асарим шов-шув бўлган пайтлар. Рауф ака сўнгги пайтда менга сал, нима десам бўлади… совуқроқ муносабатда бўлаётганини сезиб қолдим. Салом берсам алик олади-ю, тўхтамай ўтиб кетади, илгаригидай сўрашиш, соатлаб гаплашишлар йўқ. Сабабини кейин билдим…

Шароф Бошбеков
ҚАЛБИ ЯЛАНҒОЧ ШОИР
09

  7232_n.jpg  Рауф акани мен оппоқ соқол-мўйлови йўқ пайтларидан бери биламан. Тўғри, ўшанда ҳам сочининг қорасидан оқи кўпроқ эди. Унинг феъл-атворида жиддийлик билан юмор бақамти турардики, қай бири олдин бўй кўрсатишини аввалдан билиш амри-маҳол эди. Масалан, ҳол-аҳвол сўрай туриб, “соғликларингиз тузикми, уйдагилар тинч-омонми, бола-чақа катта бўлишяптими, ғоявий жиҳатларингиз яхшими?” деб қоларди. Туппа-тузик сўрашиб турган одамдан “Ғоявий жиҳатларингиз” деган гапни кутмайсиз-да.

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Ёзувчилар уюшмасига энди ишга келган пайтларим. Ўша замонлар уюшма биносининг ертўласида буфет ишларди. У ерда пиширилган товуқ, балиқ, колбоса, сосиска, чойдан тортиб, турфа шарбатларгача, ҳатто, Рауф аканинг тили билан айтганда, “жиддий жанрдаги” ичимликларгача бўларди. Биз каби бола-чақаси билан ижарада турадиганлар бошқа республикалардан ҳамкасблар келиб қолса, меҳмон қилишга қулай жой эди. Зиёфатдан кейин меҳмонхонагача кузатиб қўярдик – бўлди: меҳмон ҳам хурсанд, уйда хотин ҳам хурсанд.

Бир куни етти-саккиз киши ўтирсак, буфетга Рауф ака кириб келди. Ўзида йўқ – хурсанд. Барчамизга кўз югуртириб чиқди-да:
— Ўртоқлар! – деб хитоб қилди.

Ҳаммамиз Рауф ака томон юзландик.
— Шу ерда ўтирганларнинг деярли ҳаммаси мени қўллаб-қувватлаб, вақтида иқтисодий масалаларда қарашиб турган бандалар экан! Бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлиб, китобимиз чиқди! Ҳозир одам бошига ўн сўмдан тарқатиб чиқишга қурбимиз етади!

Чапак бўп кетди. Мен – ишга янги келган одам – қизиқсиниб қараб турибман. Дарҳақиқат, Рауф ака ўтирганларнинг ҳаммасига ўн сўмдан тарқата бошлади. (Ўша пайтда ўн сўм яхши пул – кичикроқ оила бир ҳафта рўзғор тебратса бўлади.)

Бир пайт таниқли шоир Чўлпон Эргаш гап қотди:
— Менга йигирма сўм берсангиз қарзларимни тўлаб олардим…

— Йўқ, беролмайман, – деди Рауф ака. – Демократия бўлиши керак.
— Ҳў, инсон, қарзларимни тўлаб олай деяпман, сизда инсоф деган нарса борми ўзи?

Ҳозиргина йигирма тийинлик бир кружка пиво муаммо бўлиб турган эди, худо бериб, ўн сўмлик бўлиб ўтирибди. Инсоф ҳақида гапирмаса ҳам бўларди, деган ўй ўтди хаёлимдан. Шунда гурра кулги кўтарилди. Рауф ака ҳам шарақлаб кулиб юборди-да, яна ўн сўм қўшди…

Мен Рауф акани йигирма йилдан бери таниган бўлсам, унинг бирор марта кимгадир ёки нимагадир бақирганини эшитмаганман. Доим секин, босиқлик билан, суҳбатдошини чўчитиб юборишдан қўрққандай, эҳтиёткорлик билан гапирарди. Ундан жуда камдан-кам одам хафа бўларди.

Рауф ака ниҳоятда миллатпарвар одам эди. Бир сафар ёзувчи дўстларидан бири янги чиққан китобига дастхат ёзиб, Рауф акага тортиқ қилди.

— Шароф, қаранг, биронта ҳам форсий, арабий сўз ишлатмабди, фақат туркий сўзлар! – деди севинчдан тўлиб-тошиб.

Қаранг, шунга шунчалик қувоняпти! Миллат, унинг тили, унинг дини учун жон куйдирмоқ қанақа бўлишини мен илк бор Рауф акада кўрганман.

1989 йил. “Темир хотин” асарим шов-шув бўлган пайтлар. Рауф ака сўнгги пайтда менга сал, нима десам бўлади… совуқроқ муносабатда бўлаётганини сезиб қолдим. Салом берсам алик олади-ю, тўхтамай ўтиб кетади, илгаригидай сўрашиш, соатлаб гаплашишлар йўқ. Сабабини кейин билдим.

Ўшанда Рауф ака аёли билан муносабатлари келишмай, костюмини елкага ташлаб чиқиб кетган пайтлар экан. Қорақамишми, Юнусободми – ҳозир эсимда йўқ – томонда ижарада турар экан. Нон-пон, мава-чева олиб, битта новча “мўйсафид”ни қўлтиққа қистирдим-да, кўнгил сўрагани бордим. Индамай кутиб олди. Қарасам, гап қурғур қовушмаяпти. Дарров ошхонага кириб, картошка билан колбоса қовуриб ташладим.Ҳалиги “мўйсафид”нинг боши узилди. Ана шундагина Рауф аканинг қовоғи очилгандай бўлди.

— Менга қаранг, Шароф, сиз нимага комедия ёзасиз? – деб қолди у дабдурустдан. – Ҳозир халқ куладиган аҳволдами?

Э-э, гап бу ёқда экан-ку. Мен нима хаёлларга бориб юрибман. Ўртадаги тарангликни юмшатмоқчи бўлдим:

— Халқ кулмаса ўзим куламан.
— Нимага куласиз?

— Ҳаётнинг ўзи кулгили-да, жамият кулгили. Ўзкомпартиянинг биринчи секретари “қулупнайфуруш” бўлса, мафкура бўйича секретарингиз талаба қизлар ётоқхонасидаги лозим кийиб юрган талабаларга жазаваси тутиб ечишни буюрса, “қайта қуриш”ни иштондан бошлаган бўлса, кулмай йиғлайми? Кулгили-да!

Рауф ака кулиб юборди. Шундан кейин муносабатимиз бой-боягидай изига тушиб кетди.

Ижодкорнинг хотини бўлиш – қийин юмуш. Сурункали етишмовчиликлар, бирон бошпана йўқлиги, турмуш икир-чикирлари ҳар қандай аёлни эзиб қўяди. Бунинг устига ижодкор кўп ҳолларда маиший ҳаётга мослашмаган бўлади. Дазмолнинг шнури бирон жойидан узилиб кетса ёки газ плитасининг бурайдиган дастаси синиб қолса, шу арзимаган юмушга ҳам устага югурамиз. Ваҳоланки, телевизор бузилса тузатадиган, ваннахонадан сув оқса эплайдиган эрлар бисёр. Бу хотинлар келиб-келиб бизга ўхшаган “тиригининг мазаси йўқ, ўлигининг азаси йўқ”ларни танлашганига ҳайронман. Шу сабабларга кўрами ё бошқами (мен шу сабаб бўлганини жуда-жуда истардим), хуллас, Рауф ака буни сездирмасликка ҳарчанд уринмасин, уйи нотинчлиги сезилиб қоларди.

Ўша пайтлар Ёзувчилар уюшмасида тақчил бўлган – гўшт, ёғ, картошка, пиёз, кийим-кечаклар арзон нархда сотиш ташкил қилинарди. Эсимда, бир сафар Югославияда ишлаб чиқарилган хотин-қизлар этигини бериб қолишди. Аёлимни бир хурсанд қилай деб навбат олдим. Қарасам, бир чеккада хаёл суриб Рауф ака турибди. Одатдагидек ҳазиллашмоқчи бўлдими:

— Сиз ҳам харидормисиз, тақсир?

У маъюс жилмайганча жавоб қилди:
— Харидор бўлардим-у, истеъмолчи йўқ-да…

Рауф ака бу гапни этни жунжуктириб юборадиган даражада чуқур дард, чидаб бўлмас афсус-надомат билан айтдики, очиғи, у томонга қарагани қўрқдим – гап оҳангида шу қадар мунг бўлса, кўзлари қанақа экан?..

Мен Рауф Парфининг шеърияти ҳақида гапирмадим. Адабиётшунослар бу масалада кўп ва хўб ёзишган, яна ёзишади. Мен Рауф ака қандай одам эди, саволга жавоб қидирдим. Юқоридаги ва бошқа лавҳаларни кўз олдимдан кино лентасидай ўтказар эканман, Рауф акани инсон сифатида қайта кашф қилгандай бўлдим.

Одамлар бор, қалби пўстин кийиб олган – на совуқ ўтади, на калтак ўтади. Рауф ака қалби яланғоч, кийими йўқ шоир эди – салгина шабададан озорланиб, салгина совуқ суяк-суягидан ўтиб кетар эди. Ваҳоланки, шўролар замонида не-не бўронларни кўрмади, не-не бўҳронларга гувоҳ бўлмади. Энди қалби яланғоч одамнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Айниқса, у шоир бўлса…

Шундай одам ҳақида “эди” деб гапириш жуда-жуда оғир…

Муаллиф ҳақида

0267Шароф Бошбеков Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Ғубир қишлоғида 1951 йил 4 январда туғилди. 1974 йили Санъат институтининг мусиқали актёрлик бўлимини тугатди. Тошкентдаги Муқимий номидаги  мусиқали драма театрида, Гулистондаги театрда актёр сифатида фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1983—1985) Ўзбекистон Миллий театрида (1986—1987) адабий ходим бўлди.  Унинг «Тақдир эшиги», «Эски шаҳар Гаврошлари», «Темир хотин» каби асарлари театрлар репертуарларидан муносиб ўрин эгаллаган. Инчунин, «Темир хотин» комедияси собиқ иттифоқ республикаларининг барчасида саҳналаштирилган.
У кино соҳасида ҳам ижод қилди. Унинг сценарийлари асосида «Юзсиз», «Тилла бола», «Темир хотин», «Маъруф ва Шариф», «Масхарабоз» каби филмлар суратга олинган. Айниқса, «Чархпалак» телесериали машҳур бўлди.  Ш. Бошбеков драматургиясининг кучи (сеҳри) асар сюжетида эмас, ғаройиб характерлар ва тилидадир.
«Темир хотин» асари учун драматург Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбек кино санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди (1999 йил). 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

1989 yil. “Temir xotin” asarim shov-shuv bo‘lgan paytlar. Rauf aka so‘nggi paytda menga sal, nima desam bo‘ladi… sovuqroq munosabatda bo‘layotganini sezib qoldim. Salom bersam alik oladi-yu, to‘xtamay o‘tib ketadi,  ilgarigiday so‘rashish, soatlab gaplashishlar yo‘q. Sababini keyin bildim.

Sharof Boshbekov
QALBI YALANG‘OCH SHOIR
09

 0 azam-rauf-parfi.jpgRauf akani men oppoq soqol-mo‘ylovi yo‘q paytlaridan beri bilaman. To‘g‘ri, o‘shanda ham sochining qorasidan oqi ko‘proq edi. Uning fe’l-atvorida jiddiylik bilan yumor baqamti turardiki, qay biri oldin bo‘y ko‘rsatishini avvaldan bilish amri-mahol edi. Masalan, hol-ahvol so‘ray turib, “sog‘liklaringiz tuzikmi, uydagilar tinch-omonmi, bola-chaqa katta bo‘lishyaptimi, g‘oyaviy jihatlaringiz yaxshimi?” deb qolardi. Tuppa-tuzik so‘rashib turgan odamdan “G‘oyaviy jihatlaringiz” degan gapni kutmaysiz-da.

O‘tgan asrning 80-yillari. Yozuvchilar uyushmasiga endi ishga kelgan paytlarim. O‘sha zamonlar uyushma binosining yerto‘lasida bufet ishlardi. U yerda pishirilgan tovuq, baliq, kolbosa, sosiska, choydan tortib, turfa sharbatlargacha, hatto, Rauf akaning tili bilan aytganda, “jiddiy janrdagi” ichimliklargacha bo‘lardi. Biz kabi bola-chaqasi bilan ijarada turadiganlar boshqa respublikalardan hamkasblar kelib qolsa, mehmon qilishga qulay joy edi. Ziyofatdan keyin mehmonxonagacha kuzatib qo‘yardik – bo‘ldi: mehmon ham xursand, uyda xotin ham xursand.

Bir kuni yetti-sakkiz kishi o‘tirsak, bufetga Rauf aka kirib keldi. O‘zida yo‘q – xursand. Barchamizga ko‘z yugurtirib chiqdi-da:
— O‘rtoqlar! – deb xitob qildi.

Hammamiz Rauf aka tomon yuzlandik.
— Shu yerda o‘tirganlarning deyarli hammasi meni qo‘llab-quvvatlab, vaqtida iqtisodiy masalalarda qarashib turgan bandalar ekan! Bizning ko‘chamizda ham bayram bo‘lib, kitobimiz chiqdi! Hozir odam boshiga o‘n so‘mdan tarqatib chiqishga qurbimiz yetadi!

Chapak bo‘p ketdi. Men – ishga yangi kelgan odam – qiziqsinib qarab turibman. Darhaqiqat, Rauf aka o‘tirganlarning hammasiga o‘n so‘mdan tarqata boshladi. (O‘sha paytda o‘n so‘m yaxshi pul – kichikroq oila bir hafta ro‘zg‘or tebratsa bo‘ladi.)

Bir payt taniqli shoir Cho‘lpon Ergash gap qotdi:
— Menga yigirma so‘m bersangiz qarzlarimni to‘lab olardim…

— Yo‘q, berolmayman, – dedi Rauf aka. – Demokratiya bo‘lishi kerak.
— Ho‘, inson, qarzlarimni to‘lab olay deyapman, sizda insof degan narsa bormi o‘zi?

Hozirgina yigirma tiyinlik bir krujka pivo muammo bo‘lib turgan edi, xudo berib, o‘n so‘mlik bo‘lib o‘tiribdi. Insof haqida gapirmasa ham bo‘lardi, degan o‘y o‘tdi xayolimdan. Shunda gurra kulgi ko‘tarildi. Rauf aka ham sharaqlab kulib yubordi-da, yana o‘n so‘m qo‘shdi…

Men Rauf akani yigirma yildan beri tanigan bo‘lsam, uning biror marta kimgadir yoki nimagadir baqirganini eshitmaganman. Doim sekin, bosiqlik bilan, suhbatdoshini cho‘chitib yuborishdan qo‘rqqanday, ehtiyotkorlik bilan gapirardi. Undan juda kamdan-kam odam xafa bo‘lardi.

Rauf aka nihoyatda millatparvar odam edi. Bir safar yozuvchi do‘stlaridan biri yangi chiqqan kitobiga dastxat yozib, Rauf akaga tortiq qildi.

— Sharof, qarang, bironta ham forsiy, arabiy so‘z ishlatmabdi, faqat turkiy so‘zlar! – dedi sevinchdan to‘lib-toshib.

Qarang, shunga shunchalik quvonyapti! Millat, uning tili, uning dini uchun jon kuydirmoq qanaqa bo‘lishini men ilk bor Rauf akada ko‘rganman.

1989 yil. “Temir xotin” asarim shov-shuv bo‘lgan paytlar. Rauf aka so‘nggi paytda menga sal, nima desam bo‘ladi… sovuqroq munosabatda bo‘layotganini sezib qoldim. Salom bersam alik oladi-yu, to‘xtamay o‘tib ketadi, ilgarigiday so‘rashish, soatlab gaplashishlar yo‘q. Sababini keyin bildim.

O‘shanda Rauf aka ayoli bilan munosabatlari kelishmay, kostyumini yelkaga tashlab chiqib ketgan paytlar ekan. Qoraqamishmi, Yunusobodmi – hozir esimda yo‘q – tomonda ijarada turar ekan. Non-pon, mava-cheva olib, bitta novcha “mo‘ysafid”ni qo‘ltiqqa qistirdim-da, ko‘ngil so‘ragani bordim. Indamay kutib oldi. Qarasam, gap qurg‘ur qovushmayapti. Darrov oshxonaga kirib, kartoshka bilan kolbosa qovurib tashladim.Haligi “mo‘ysafid”ning boshi uzildi. Ana shundagina Rauf akaning qovog‘i ochilganday bo‘ldi.

— Menga qarang, Sharof, siz nimaga komediya yozasiz? – deb qoldi u dabdurustdan. – Hozir xalq kuladigan ahvoldami?

E-e, gap bu yoqda ekan-ku. Men nima xayollarga borib yuribman. O‘rtadagi taranglikni yumshatmoqchi bo‘ldim:

— Xalq kulmasa o‘zim kulaman.
— Nimaga kulasiz?

— Hayotning o‘zi kulgili-da, jamiyat kulgili. O‘zkompartiyaning birinchi sekretari “qulupnayfurush” bo‘lsa, mafkura bo‘yicha sekretaringiz talaba qizlar yotoqxonasidagi lozim kiyib yurgan talabalarga jazavasi tutib yechishni buyursa, “qayta qurish”ni ishtondan boshlagan bo‘lsa, kulmay yig‘laymi? Kulgili-da!

Rauf aka kulib yubordi. Shundan keyin munosabatimiz boy-boyagiday iziga tushib ketdi.

Ijodkorning xotini bo‘lish – qiyin yumush. Surunkali yetishmovchiliklar, biron boshpana yo‘qligi, turmush ikir-chikirlari har qanday ayolni ezib qo‘yadi. Buning ustiga ijodkor ko‘p hollarda maishiy hayotga moslashmagan bo‘ladi. Dazmolning shnuri biron joyidan uzilib ketsa yoki gaz plitasining buraydigan dastasi sinib qolsa, shu arzimagan yumushga ham ustaga yuguramiz. Vaholanki, televizor buzilsa tuzatadigan, vannaxonadan suv oqsa eplaydigan erlar bisyor. Bu xotinlar kelib-kelib bizga o‘xshagan “tirigining mazasi yo‘q, o‘ligining azasi yo‘q”larni tanlashganiga hayronman. Shu sabablarga ko‘rami yo boshqami (men shu sabab bo‘lganini juda-juda istardim), xullas, Rauf aka buni sezdirmaslikka harchand urinmasin, uyi notinchligi sezilib qolardi.

O‘sha paytlar Yozuvchilar uyushmasida taqchil bo‘lgan – go‘sht, yog‘, kartoshka, piyoz, kiyim-kechaklar arzon narxda sotish tashkil qilinardi. Esimda, bir safar Yugoslaviyada ishlab chiqarilgan xotin-qizlar etigini berib qolishdi. Ayolimni bir xursand qilay deb navbat oldim. Qarasam, bir chekkada xayol surib Rauf aka turibdi. Odatdagidek hazillashmoqchi bo‘ldimi:

— Siz ham xaridormisiz, taqsir?

U ma’yus jilmaygancha javob qildi:
— Xaridor bo‘lardim-u, iste’molchi yo‘q-da…

Rauf aka bu gapni etni junjuktirib yuboradigan darajada chuqur dard, chidab bo‘lmas afsus-nadomat bilan aytdiki, ochig‘i, u tomonga qaragani qo‘rqdim – gap ohangida shu qadar mung bo‘lsa, ko‘zlari qanaqa ekan?..

Men Rauf Parfining she’riyati haqida gapirmadim. Adabiyotshunoslar bu masalada ko‘p va xo‘b yozishgan, yana yozishadi. Men Rauf aka qanday odam edi, savolga javob qidirdim. Yuqoridagi va boshqa lavhalarni ko‘z oldimdan kino lentasiday o‘tkazar ekanman, Rauf akani inson sifatida qayta kashf qilganday bo‘ldim.

Odamlar bor, qalbi po‘stin kiyib olgan – na sovuq o‘tadi, na kaltak o‘tadi. Rauf aka qalbi yalang‘och, kiyimi yo‘q shoir edi – salgina shabadadan ozorlanib, salgina sovuq suyak-suyagidan o‘tib ketar edi. Vaholanki, sho‘rolar zamonida ne-ne bo‘ronlarni ko‘rmadi, ne-ne bo‘hronlarga guvoh bo‘lmadi. Endi qalbi yalang‘och odamning ahvolini o‘zingiz tasavvur qilavering. Ayniqsa, u shoir bo‘lsa…

Shunday odam haqida “edi” deb gapirish juda-juda og‘ir…

Muallif haqida

6_o.jpgSharof Boshbekov Samarqand viloyati Bulung‘ur tumanidagi G‘ubir qishlog‘ida 1951 yil 4 yanvarda tug‘ildi. 1974 yili San’at institutining musiqali aktyorlik bo‘limini tugatdi. Toshkentdagi Muqimiy nomidagi musiqali drama teatrida, Gulistondagi teatrda aktyor sifatida faoliyat ko‘rsatdi. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida (1983—1985) O‘zbekiston Milliy teatrida (1986—1987) adabiy xodim bo‘ldi.  Uning «Taqdir eshigi», «Eski shahar Gavroshlari», «Temir xotin» kabi asarlari teatrlar repertuarlaridan munosib o‘rin egallagan. Inchunin, «Temir xotin» komediyasi sobiq ittifoq respublikalarining barchasida sahnalashtirilgan.
U kino sohasida ham ijod qildi. Uning senariylari asosida «Yuzsiz», «Tilla bola», «Temir xotin», «Ma’ruf va Sharif», «Masxaraboz» kabi filmlar suratga olingan. Ayniqsa, «Charxpalak» teleseriali mashhur bo‘ldi.  Sh. Boshbekov dramaturgiyasining kuchi (sehri) asar syujetida emas, g‘aroyib xarakterlar va tilidadir.
«Temir xotin» asari uchun dramaturg O‘zbekiston Respublikasi davlat mukofotiga sazovor bo‘ldi. O‘zbek kino san’ati rivojiga qo‘shgan hissasi uchun «O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi» unvoniga sazovor bo‘ldi (1999 yil). 2001 yilda «Mehnat shuhrati» ordeni bilan taqdirlandi.

09

(Tashriflar: umumiy 2 037, bugungi 1)

2 izoh

  1. …Сени ўйлаб келмайди уйқу –
    Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
    Тушларимда топай деб гулрў
    Мен ухларман мангу, эҳтимол.
    Гўзал тушлар тилайман, Лайло…

Izoh qoldiring