Nurulloh Muhammad Raufxon.She’riga ko’chgan shaxsiyat.

022

“Яшамоғим зарур ҳар дақиқани, ғазаб билан, севги билан тўлдириб, дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб. Токим, бош кўтариб қарай қуёшга, токим, кўзларимда ёнсин ҳақиқат, токим, тош мисоли тегмасин бошга мен яшай олмаган ҳар бир дақиқа”; “…қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни, яшамаслик учун юраксиз”; “Йиқилмак, тўхтамак мумкинмас, қаерга бўлса ҳам юрганим яхши”; “Йиқилма, ўзингни ушлагин, отсинлар жаҳолат тошини, лабингни қаттиқроқ тишлагин, кўрсатма кўзларинг ёшини”; “Бу сўзни бир умр айтмай яшадим, ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ. Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”… каби яна кўп-кўп сатрлари кўнглимнинг қай бир бурчакларига ўрнашиб олиб, сира тинчлик бермаганларини соатлаб гапириб беришим, кетма-кет мисоллар келтиришим мумкин. Лекин, қарасам, бунинг учун шоирнинг ҳамма шеърини қарийб бир бошдан кўчириб ёзишимга тўғри келаркан. Яхшиси, у шеърларни ҳар ким ўзи ўқисин, ўзи завқлансин, ҳар ким ўзи учун Шавкат Раҳмонни ўзи кашф этсин.

133

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
ШЕЪРИГА КЎЧГАН ШАХСИЯТ

Адабиёт севгиси юрагимга сут билан сингган бўлса керак, шу туйғу бир пайтлар адашиб кириб қолганим ва бир йил ўқиганим Политехника институти (ҳозирги Техника университети)дан ҳужжатларимни олдириб, ТошДУ (ҳозирги Миллий университети)нинг филология бўлимига топширтирган. Ҳа, техникадан кўра адабиётни яхши кўрардим, лекин шу адабиётнинг бир қаноти бўлган шеърни (ўқирдиму) ёдлашга келганда хафсаласизлик қилардим. Биринчи босқичда дарсларни бошлаганимизданоқ устоз Умарали Норматов ўзларининг завқлари ва шавқлари билан биз талабалар ўзимизча, адабиётга севги деб юрган ялқов туйғуларимизни, ёнолмай тутунқираган ҳисларимизни қўзғаб, алангалатиб юборди. Лекин шунда ҳам, тан олишим керак, шеърни севишда ва севиб шеър ўқишларда мен бошқалардан анча орқада эдим. Талаба курсдошларим ўтиришларда, пахта далаларида мушоиралар, баҳри байтлар қилишса, мен мактаб дарсликларидан ёдлаб олганим айрим мисраларни такрорлаб зўрға қутулиб кетардим. Уларга қараб ҳам ҳавас қилардим, ҳам ичимдан ўксинардим − адабиётни шуларчалик яхши кўрмайманми, деб ўзимдан хавотирланардим.

Бахтимга бу ҳолат узоққа чўзилмади. Иккинчи босқичдами ўқиб юрганимизда бир гуруҳ ёш шоирларнинг илк китоблари чоп этилди.

Булардан қўлимга биринчи бўлиб Шавкат Раҳмоннинг “Рангин лаҳзалар” китоби тушди. Шавкат Раҳмоннинг истарали ушбу илк китоби “Ватан” тўртлиги билан бошланарди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.

Бир ўқишимдаёқ эсимда қолди. Нимаси мени ўзига тортди, нимаси юрагимга тегиб кетди − у пайтлар унча тушунтириб беролмасдим ҳам.

Шавкат Раҳмон йўлчи шоир эди. Илк (“Рангин лаҳзалар”) китобининг биринчи шеърини охирги (“Сайланма”) китобининг охирги шеърига боғлаб турган нарса мана шу йўлчиликдир. Қолган барча шеърлари ҳам, айримлари тўғридан-тўғри, айримлари айланма йўллар билан мана шу йўлчиликка қандайдир миқдорда ва шаклда боғлангандир. Уларни Ватан сари чиқилган йўлда кўрган-кечирганлари, кузатувлари, такрорланмас манзаралар, йўлдош туйғулари, кутилмаган кечинмалари… деса бўлади.

Масалан, мундай қараганда, оддий бир манзара чизгиси бўлиб туюладиган мана бу шеърини ўқиб кўринг. Шунчаки эмас, тингислаб, манзаранинг пайтига ва ҳолатига диққат қилиб, шоирнинг йўлчилиги қиррасидан боқиб ўқинг-а:

Кимдир от етаклаб ўтар азонда,
узилар кўчанинг саҳарги туши.
Тўсатдан от кишнаб юборган онда
шошилиб эшикни очди бир киши.

Тонгда от етаклаб ўтиб борар ким,
қоп-қора оловдай ловиллар ёллар.
Кампирлар аланглаб қулоқ солди жим,
бир сесканиб кетди нуроний чоллар.

Бомдодга азон айтилар маҳали (“азонда”!), яъни, тонг қоронғилигида (“қоп-қора оловдай ловиллар ёллар”!)… ҳали кўплар саҳарги тушини кўриб ётган палла… кимдир от етаклаб ўтиб қолади… Албатта, ким от етаклаб ўтаётгани маълум эмас, кимлигининг аҳамияти ҳам йўқ, муҳими етаклаб ўтилган ва жасорат тимсоли бўлмиш отнинг ўзи ва от туёқларининг ҳайбатли дупури… Кўчанинг саҳарги туши узилишига ҳам жасоратли отнинг ҳайбатли шу дупур-дупури сабаб…

Аммо, чиндан ҳам шу дупур-дупур сабабми? Дупур-дупур нима ўзи? Оддий бир шовқин, холос. Шовқиндан кўчанинг уйғониб кетиши жуда жўн бир воқелик, ҳатто, шеърга кўчиришга арзимайдиган воқеликдир. Демак, бу ерда бошқа нарса бор. От туёқларининг дупур-дупури бир пайтлар йўқотилган (шоир ич-ичидан қўмсайдиган, жуда кўп шеърларида кўнгли тусаган) жасоратдан дарак берувчи сирли товушлар ўлароқ, саҳарги тушини кўриб ётган кўчанинг ўзинигина эмас, бу кўча аҳли юракларида қачонлардан бери ухлаб ётган эски хотираларни ҳам қўшиб уйғотиб юборди! Худди шунинг учун ҳам, айниқса, “тўсатдан от кишнаб юборган онда”, бир киши шошилиб эшикни очди…

Бу киши ким ва у нега эшикни шошилиб (?) очди? От дупури ва кишноғи унга нималарни эслатди? Нималар уйғонди унинг юрагида? Ўтган аср етмишинчи йилларининг (шеър ўша пайтлари ёзилган. − Н.М.Р.) кампирларини бу манзарага “аланглатиб жим қулоқ солдирган” нарса нима? Ўтган аср етмишинчи йилларининг чолларини “бир сескантириб юборган” нарса нима? Бу чол-кампирлар ҳар бири етмишлардан ошган, балки саксонларга етгандир, улар қайси замоннинг одамлари эди ва от дупури билан кишноғи уларга нималарни эслатди?! Айтганча, шеърнинг илк сарлавҳаси “Олис хотира” бўлганини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади…

Албатта, кичкинагина юракка сиққан улкандан-улкан Ватаннинг замонлар ичидаги бир парча қора тарихидан хабари бор кишилар мундай қарашда оддий ва жўн бир манзара чизгиси бўлган бу ҳолатни юрак-юракдан бошқача ва теран ҳис этишади. Балки “қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар суриб” юрган айрим орзуманд кишилар, ёруғ кунлар келиб қолдимикан, деган ўйда шоша-пиша эшикларини очиб кўчага қарагандир.

Ёки, масалан:

Кўзингизни очинг, қўрқманг,
зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
майлига, яшамак бўлсин қийинроқ,
очиқлиги туфайли,

сатрларининг Шавкат Раҳмон ижоди ўзак масаласига − Ватан мавзуига боғлиқ жойи йўқми? Бор! Бор бўлганидаям тўғридан-тўғри боғланади.

Шавкат аканинг илк китоби мени шеърга қандай шавқлантирганини айтдим. “Яшамоғим зарур ҳар дақиқани, ғазаб билан, севги билан тўлдириб, дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб. Токим, бош кўтариб қарай қуёшга, токим, кўзларимда ёнсин ҳақиқат, токим, тош мисоли тегмасин бошга мен яшай олмаган ҳар бир дақиқа”; “…қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни, яшамаслик учун юраксиз”; “Йиқилмак, тўхтамак мумкинмас, қаерга бўлса ҳам юрганим яхши”; “Йиқилма, ўзингни ушлагин, отсинлар жаҳолат тошини, лабингни қаттиқроқ тишлагин, кўрсатма кўзларинг ёшини”; “Бу сўзни бир умр айтмай яшадим, ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ. Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”… каби яна кўп-кўп сатрлари кўнглимнинг қай бир бурчакларига ўрнашиб олиб, сира тинчлик бермаганларини соатлаб гапириб беришим, кетма-кет мисоллар келтиришим мумкин. Лекин, қарасам, бунинг учун шоирнинг ҳамма шеърини қарийб бир бошдан кўчириб ёзишимга тўғри келаркан. Яхшиси, у шеърларни ҳар ким ўзи ўқисин, ўзи завқлансин, ҳар ким ўзи учун Шавкат Раҳмонни ўзи кашф этсин.

Мен вақтида ўзимнинг Шавкат Раҳмонимни кашф этганман ва бу яхши одамни, яхши шоирни бир умрга севиб қолганман. Менинг Шавкат Раҳмоним қандай одам эди?

Бир пайтлар илк китобчасини тўлиғича ёдлаб, ўқиб юрганларимда, ҳали келажакда бу шеърларнинг эгаси билан танишишимни, танишиш не, ака-укадай бўлиб кетишимни хаёлимга ҳам келтирмаганман, албатта. Яқинлашиб кетганимиздан кейин эса, бу ажойиб инсон билан минг йилдан бери қадрдон бўлиб келгандай эдим.

Шавкат Раҳмон самимий инсон эди. Камгап, босиқ ва камтарлиги юрагидаги жасорат ва тўғрисўзликни тўса олмасди, аксинча, бу мақталган хислатлар ичда яшнаб ётган гўзал хислатларининг ташдаги бир ифодаси эди. Яъни, Шавкат ака ичи билан таши бир, ичи ташига, таши ичига терс иш қилмайдиган БУТУН ОДАМлардан эди. Кўзларидаги, қарашларидаги мунгни, товушидаги бир оз синиқликни эътиқодга айланган маҳрам туйғуларини ўз замонида очиқ айта олмаганидан, ичга яширишга, пардалар билан ўрашга мажбур бўлганидан деб биламан. Ҳатто мустамлакага, ҳақсизликларга, зулмга исёни ҳам сокин эди. Ўзи таърифида (“Автопортрет” шеърида) шоир бундай дейди:

Энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам
унинг сокин исёни сўнмас.
Туғилмаган шунчаки, асло,
у ҳеч қачон шунчаки ўлмас.

“Сокин исён”… Бу икки сўз, аслида, бир қозонда қайнамайди − сокинлик исённи, исён сокинликни инкор этади. Ҳеч ҳам қовушмайди улар гўё. Лекин Шавкат акани шахсан таниган, яқиндан билганлар бу икки терс ҳолат унинг шахсиятида ниҳоятда муносиб равишда қовушганини, бир-бири билан роса чиқишганини кўради. Шоирнинг бу сокин исёни қайғули ёки ғазабга минилган онлардагина эмас, балки “энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам” сўнмайди. Чунки унинг туйғулари юзаки эмас. Умуман олганда, юзакилик − ҳақни сўйлашда, Ватанни севишда, инсонга меҳрда, тарихни тушунишда, ҳатто шеърий тимсолларида ҳам юзакилик Шавкат Раҳмоннинг биринчи рақамли душманидир. Минбар шоири бўлмаганининг сабабларидан бирини шунда кўраман. Ўзи фитратан ўйчан, босиқ бўлгани учун унинг туйғулари ичга қараб ўсган. Ҳатто исёнини ҳам сокинлаштирадиган даражада ботинига қараб юксалган. Масалан, “Фикр” шеърида шоир ўзини тинчоқар дарёга ўхшатади:

Дарёга айландим
ўйчан дарёга,
руҳимда қадимги осойишталик.
Қаъримга беркитдим долғаларимни,
руҳимга бўйсунди дунё ишлари.

Дарё долғасиз бўладими?! Йўқ, бўлмайди. Аммо, Шавкат Раҳмон шарқироқ, енгилтак сой эмас, долғаларини қаърига − чуқурликларига беркитган босиқ-оғир, ўйчан дарёдир. Бўлмаса, феълида ўжар, фикрида, эътиқодида, ҳаракатларида қатъий киши эди у. “Руҳида қадимги осойишталик”ни сақлаган бундай ўйчан дарё бир долғаланмасин! Сокинлик бағридаги долға агар юзага чиқса нималар юз бериши ҳаётда кўп кўрилган.

Яна бир шеърида: “Умрим кўчкилардай жимжит, шиддатли”, деган сатрларни ўқиймиз. Шиддатини қаърига яширган жимжит кўчки… Унинг шиддати жимжитлигида. Тўғрироғи, жимжитлигининг туб-тубида шиддат яширин. Жимжитлик косасига сўнгги томчи томиб, бир кўчиб бермасин, бу жимжит кўчки!

Булар ҳаммаси Шавкат Раҳмондир, Шавкат Раҳмоннинг моҳиятидир.

Шавкат Раҳмонни умрида кўрмаган киши унинг шеърларидан ички ва ташқи суратини осонгина чиза олади. Ишонинг, икки томчи сувдай бир хил чиқади, ғирт ўхшайди, қуйиб қўйгандай ўзи бўлади! Мен Шавкат Раҳмоннинг шахсиятини ҳам, шеъриятини ҳам шунинг учун яхши кўраман.

Чунки у эътиқодида содиқ турди, замона зайлига юрмади. Тўғри, замонининг айрим эпкинлари таъсирида ёки яккаҳукмрон мафкура тўсиқлари натижасида, кўплар қатори айрим ҳақиқатлардан узилгани туфайли бир оз фикрий тойилишлар сезилади. Лекин, биринчидан, ундай шеърлар ёки сатрлар жудаям оз; иккинчидан, ўшалар ҳам шеър сифатида ёмон эмас, мазмунида нимадир яхшиликлар бор; учинчидан, у замонни билган, у замонда яшаган одамлар ҳолати ҳисобга олинса, узрлидир. Энг муҳими, Шавкат Раҳмон бир инсон сифатида ҳам, бир шоир сифатида ҳам ўзига катта йўлни танлашда адашмади, борар манзилни ҳам тўғри белгилади. Йўлдаги таассуротларда майда-чуйда камчиликлар бўлиши табиийдир.

Шавкат ака касалхонада экан, бир гал кўргани борганимизда, унинг тўзимига, руҳий тетиклигига қойил қолдим. Ичимдан ўтганини ўзим биламан: қаршимдаги севимли кишим, севимли шоирим тузалмас дардга чалинган, кунлари, ойлари саноқли қолган эди, аммо, у ҳеч нарса бўлмаётгандай, эди. Жуда чиройли суҳбат бўлди. Ҳаётдан, адабиётдан, тўғрилик ва эгриликлардан гаплашдик. Ҳолбуки, у кунлар Шавкат ака оғир дарддан азоб чекиб: “Осмон тўла ҳаволар битта менга етмайди”, деб турган кунлар эди. Мен Шавкат аканинг матонатидан таъсирланиб, уни руҳан янада тетикликка ундайдиган бир-икки фильм келтириб бердим кейинги сафар. Ундан кейинги келганимда эса, ўша фильмлар ҳақида суҳбатлашдик. Фикрлашдик, мулоҳазалашдик.

Орада бирор ҳафтача тузалгандай бўлди. Оёққа турди. У пайтлар мен “Шарқ юлдузи” журналида ишлардим. Бир куни туйқус таҳририятга келиб қолди. Тўғри менинг хонамга кирди. Албатта, оғир касалликдан кейин анча-мунча озган, бир оз паришон кўринар эди. Лекин мен Шавкат аканинг касалхонадан чиққанини, ўз оёқлари билан юриб келганини кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Бир шоир ўртоғи билан бирга келибди. “Катталарнинг олдига кириб кетди, мен сиз билан гаплашгим келди”, деди. Ва, биз то у шоир акамиз катталарнинг олдидан чиққунича узоқ гаплашиб ўтирдик…

Ёшлигида ёзган бир шеърида: “Менинг ҳар қадамим ўлимга қарши”, деб эълон қилган шоир (“ўлимга қарши” ифодасини асл маъносида “ўлим сари” деб ҳам тушуниш мумкин. − Н.М.Р.), бир мўмин ўлароқ, ўлимнинг ҳақ эканини биларди. Тақдирга тан бермасдан иложи йўқлигини ҳам биларди. Суҳбатимиз руҳида шу нарса сезилгандай бўлди. Биз шу гал бошқача хайрлашдик. Шавкат акани охирги кўрганим ҳам ўша бўлиб қолди.

Ўлим мусибати одамларни бирлаштиради, унда бошқа ҳодисаларда учрамайдиган шундай ноёб хусусият бор. Худди шунинг учун ҳам Шавкат ака: “Ўлим бирлаштирар бегоналарни” деб бошланувчи бир шеърида:

…Мана, бегоналар,
бепарволар йўқ,
ниҳоят одамлар биродар − тенгдир.
Ўлимга бош эгдим
қўрққанимданмас,
ҳурмат қилганимдан бошимни эгдим,

– деб ёзган эди. У ўлимини мардона қарши олди. Чунки бу дунёга у шунчаки келмаганидек, шунчаки ҳам яшаб ўтмаган эди. Ҳар ким қатори у ҳам бир вазифа билан келди бу дунёга ва шу вазифасини маромига етказиб бажарди. Сўнгра, вақтинчага бизларни ташлаб, эрта бир кун ҳаммамиз ҳам борадиган маконга − бу дунёдаги хизматларининг мукофотини олишга кетди. Жисман ўлими эса биз ихлосмандларини маънавий шахси − шеърлари атрофида бирлаштирди.

Аммо, мен ҳозир сўзимни бу ҳазин оҳанглар билан тугатмоқчи эмасман. Сўзнинг сўнгини ҳам Шавкат Раҳмоннинг ўзига бермоқчиман. Ер билан сирлашиб ёзган бир шеъридаги умидбахш сўзлари шоир чиндан ҳам бу дунёда бекорга яшаб ўтмаганини билдиради бизларга:

Тобора яқиндир
жасорат они −
мингта қуёши бор гўзал дақиқа −
менга ҳам бир куни бўлур намоён
кўпга насиб бўлган буюк ҳақиқат.
Мен севган дарёлар шундоқ қолурми,
мени ўйлатган йўл қолурми шундоқ?
Мен суянган тоғлар шундоқ қолурми,
шундоқ қолармикан юракларда доғ?
Ногаҳон
хаёлим ёришиб кетар,
эслаб келажакнинг улуғларини.
Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга
ўлмас ғояларнинг уруғларини.

“Шарқ юлдузи” журналининг 2011 йил № 4 сонидан олинди

(Tashriflar: umumiy 32, bugungi 1)

Izoh qoldiring