Shoir Ismoil To’xtamishev vafot etdi

003    Бугун шоир Исмоил Тўхтамишев вафот этгани ҳақида хабар келди. Шоир 1950 йили Қамаши туманининг Ароловул қишлоғида дунёга келган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатиб, «Қашқадарё ҳақиқати» газетасида мусаҳҳиҳ сифатида меҳнат фаолиятини бошлайди. 1967-1972 йилларда Тошкент Давлат университети журналистика факультетида билим олади. Сўнг турли жамоат ишларида меҳнат қилади. Вилоят маданият бўлимини бошқаради. Қисқа вақт Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ҳам ишлади.
Исмоил Тўхтамишевнинг дастлабки шеърлари 1976 йилда Абдулла Орировнинг «оқ йўл»и билан чоп этилади. Шундан кейин унинг “Чўл бойчечаги”, “Онам тилаклари”, “Дунё устуни”, “Ҳайқириқ”, “Кўҳна Насаф хаёли”, “Сенга интилдим”, “Дил садолари”, “От – йигитнинг йўлдоши”, “Ҳад”, “Бу гулшан саҳнида”, “Кўнгил битиклари”, “Ерқўрғон”, “Шонли таянч”, “Ёниб яшаш бахти”, “Бу гулшан саҳнида” каби тўпламлари нашр этилган. Шоир шеърларини ўқиганда бепоён Қарши чўлларининг табиатига, кайвони одамларига хос ҳам қахрли, ҳам меҳрли нидо эшитилади.
Мен Исмоил ака билан 3-4 марта учрашганман. Хотирамда яхши, кўнглида кири йўқ инсон қиёфасида қолган. Сайтимиз номидан шоир оиласи ва яқинларига ҳамдардлигимизни билдираман.
Парвардигори Олам Исмоил акани раҳматига олсин. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Исмоил Тўхтамишев
ШЕЪРЛАР
021

***

Яшаяпман хокисор, сокин,
Мен ўзимча эртароқ тиндим.
Тарк айлади иштиёқ, лекин
Безовта қалб, сени соғиндим.

Яралганман, дердим, оташдан,
Дард, аламдан ногаҳон синдим.
Четга чиқиб қолдим курашдан,
Безовта қалб, сени соғиндим.

Унутиб не-нени тобора,
Зарра қумдай ерларга сингдим.
Энди, топай, излаб бир чора,
Безовта қалб, сени соғиндим.

Нигоҳимни тортмас сулувлар,
Йўл бермагай гўёки индим,
Кел, юракка солгин ғулулар,
Безовта қалб, сени соғиндим.

***

Интил, барҳам бергил камликка,
Кўникмагин боши хамликка,
Ҳукм сурган хотиржамликка
Шукроналар айтиб юр, болам!

Барҳам топди нолаю оҳинг,
Юксакларни қучди нигоҳинг,
Ишонч бўлиб доим ҳамроҳинг,
Шукроналар айтиб юр, болам!

Кўрсатарди кабоҳат кучин,
Енгиб ўтдинг кўргуликни, чин,
Мустақиллик, эркинлик учун
Шукроналар айтиб юр, болам!

Ҳурлик бугун ўз қўлларингда,
Дастинг узун, ўз қўлларингда,
Ризқинг бутун, ўз қўлларингда,
Шукроналар айтиб юр, болам!

Юз кўрсатди орзую ният,
Ҳурлик, асли, буюк бир неъмат,
Кўп нарсалар, ахир, ғанимат,
Шукроналар айтиб юр, болам!

Кунларингга – осойишта, тинч,
Балқигайдир юзларда севинч,
Бўй кўрсатди қатъият, илинж,
Шукроналар айтиб юр, болам!

***

Йўлларда тинмайин югурдим, елдим,
Қадрни бирдайин дилга эш қилдим.

Тунлар кўзларимни тарк этар уйқу,
Дилимни ўртамиш хомуш бир туйғу.

Руҳу вужудимда йўқ зарра таъма,
Йўқотганим нима, топганим нима?

Дилни ошно этмиш турфа хил ранглар,
Ўзига ром этмиш жилва, оҳанглар.

Қулоқни тутмабман мозий сасига,
Умрим ҳам ўтибди басма-басига.

Бир фурсат макондан олислаб кетдим,
Йўқотган нарсамни мен англаб етдим.

Интилдим ҳурликка тикиб кўзимни,
Ниҳоят топдим чин айтар сўзимни.

Юксаклик этгандир хаёлимни жалб,
Мен юрган эканман ўзимни излаб.

ОНАЖОН

Саболар сочимни силайди майин,
Онажон, мен сизни жуда соғиндим.
Ўрнингиз билинар вақт ўтган сайин,
Олис-олисларга термиламан жим.

Васлингиз эслатар ҳар битта буюм,
Судралиб ўтмоқда ойлар ва йиллар.
Деворга осиғлиқ соат ҳам шу зум,
Асабга ўйнайди ҳар он чиқиллаб.

Соғинчдан ўртаниб тилкаланар қалб,
Дунёга сиғмасман, солгим келар жар.
Ё раб, худди сизга боради ўхшаб,
Укамнинг кенжаси – кайвони Ҳулкар.

Лекин, нетай, йўқдир ўтмаган бир кун,
Илож йўқдир бунга кўнмокдан бўлак.
Вужудим гоҳ ёниб бўладирман хун,
Тарс ёриб кетай дер, кўксимни юрак.

Айрилиқдан зада бу кўҳна олам,
Сизнингсиз зулматга чўккандай чуқур.
Онажон, шодликни кўрингиз баҳам,
Меҳр бўлсин мудом йўл ёритган нур.

КЎНГИЛДАН ЖОЙ БЕРДИМ

Кўнгилдан жой бердим, энди, кет, дема,
Ҳайдасанг ҳам кетмагайман қошингдан.
Ҳаёт – тўлқинларга тўш урган кема,
Сени севдим қатъийназар ёшингдан.

Кўнгилдан жой бердим, энди, кет, дема,
Лабим тахир кўздан оққан ёшингдан.
Ҳолим кўриб, қилаверма ваҳима,
Маломатлар отмагин кўп тошингдан.

Кўнгилдан жой бердим, энди, кет, дема,
Сув ўгириб ичгайдирман бошингдан.
Бўлар-бўлмас ёниб, куйсам ғам ема,
Ёғду олгум нур эмган қуёшингдан.

Кўнгилдан жой бердим, энди, кет, дема,
Ҳали кўпнинг қўли етмас бир шонман.
Бу дунёда ўхшамасман ҳеч ким-а,
Мен шундайин ўзига хос туғёнман.

Сени кўргач, зулмат борар ёришиб,
Менга яшаш йўлларини кўрсатдинг.
Меҳрим кетди ишқинг билан қоришиб,
Синовларга дош бермоқни ўргатдинг.

Кўнгилдан жой бердим, энди, кет, дема..

* * *

Чирой очмиш бу шаҳри азим,
Ҳуснига лол қолмишдир фалак.
Ўзлиги бор қадим воҳага
Юртбошимиз меҳри ҳам бўлак.

Тўй баҳона топгандир сайқал
Жаҳонга бўй кўрсатган Насаф —
Қад ростлаган оила-ҳайкал,
Узукка мос тушган кўз — садаф.

Довруғини тан олган жаҳон,
Ортиб борар шон, эҳтироми.
Ўтса ҳам-ки неча бир замон,
Ўчмас дилдан фарзандлар номи.

Насафийлар яратган илм —
Фанга ҳисса бўлган муносиб.
Зиё, нурдир заковат, билим
Келган олис шонли йўл босиб.

Мард, тантилик толедан эҳсон,
Ҳамроҳ мудом эзгу ўй, хаёл.
Бўй кўрсатиб гўзал хиёбон,
Ақли ҳушни қолдиради лол.

Товланади гуллар рангго-ранг,
Кўнгилларга ҳаяжон солар.
Меҳмонларни этар ҳангу манг,
Савлат тўкиб кўркам бинолар.

Келажаги янада порлоқ,
Эгасини топмишдир қадр.
Томошабин йўлига муштоқ
Ўзига хос Амфитеатр.

Ҳикоятлар мавж урар тўлиб,
Ҳар бир кошин муқаддас, сирли.
Мен ҳам битта фарзанди бўлиб,
Иш қилдимми бирор арзирли?!

Шайдодирман кўрк, чиройига,
Мавжларига тўш уриб жўшай.
Бош урайин ҳар он пойига,
Поёндоздай меҳримни тўшай.

Шубҳа, гумон сололмас ғулу,
Кўрганим ким қилолгай инкор?
Эзгу ҳар иш яшайди мангу,
Бу ҳаётда Ватан барқарор.

Йиқилганни бўлгай суянчи,
Юз очади орзулар қат-қат.
Элу юртнинг шонли таянчи —
Меҳнаткаш халқ яшайди абад.

БИР КЎРИШ ШАВҚИДА…

Нима бор оламда висолдан ортиқ,
Кўкларга чорлаган хаёлдан ортиқ,
Учрашмоқ — аслида худодан тортиқ,
Бир кўриш шавқида интизор бўлдим.

Яшашимдан мен фақат Ҳаққа интилиб,
Бешафқат ҳижронлар бағрини тилиб,
Хатолар қилдим кўп билмай, ё билиб,
Улгуриш завқида интизор бўлдим.

Гоҳо отда кездим, гоҳ отга минмай,
Довон, ғовдан ошдим шаштларим синмай,
Кўпириб қирғоққа тўш урган тинмай
Тўлқинлар мавжида интизор бўлдим.

Дард қолсам қўллади азиз пирларим,
Ошкора айтилди кўнгил сирларим,
Ғам чексам, дардлашди фақат шеърларим,
Ҳаётим авжида интизор бўлдим.

Мастона айлади бу гуллар мени,
Сафига чорлагай булбуллар мени,
Қайларга етаклар бу йўллар мени,
Қизиқдим-да жуда, интизор бўлдим.

Рад қилди, ишқ изҳор айладим қайта,
Кўнглмни орзуга бойладим қайта,
Ишқни изҳор қилдим қўшиқлар айта,
Балки мен беҳуда интизор, бўлдим.

ВАТАН

Сарҳадлари пурвиқор, юксак,
Эшдир унга ёрқин келажак,
Кўксимизда лов ёнган юрак
Зарбларидан бошланар Ватан.

Садосидир жўш урган қоннинг,
Ибтидоси қучилган шоннинг,
Танти, ўктам ҳар қиз-ўғлоннинг
Қалбларидан бошланар Ватан.

Нола чекса бағир бўлар хун,
Ҳар бир гарди тўтиёдир чин,
Керак бўлса қарич ер учун
Ҳарбларидан бошланар Ватан.

Курашлардан олмаган ҳадик,
Ўлимга ҳам боқа олган тик,
Шоирларнинг гулдан ҳам нозик
Таъбларидан бошланар Ватан.

Назокатли гулгун баҳорнинг,
Масканидир ғурурнинг, орнинг,
Садоқатли севимли ёрнинг
Лабларидан бошланар Ватан.

Гар бепарво бўлиб қолсак гоҳ,
“Муқаддасдир мисли саждагоҳ” —
Пайғамбарлар айлаган огоҳ
Гапларидан бошланар Ватан.

ЧАВАНДОЗЛАР ҚЎШИҒИ

Ишқим Ғиротга тушди,
Толмас қанотга тушди,
Совринга — зотга тушди,
Урҳо-ё, урҳо.

Учиб борар Бойчибор,
Шиддати дарёча бор,
Дунё келар унга тор,
Урҳо-ё, урҳо.

Бобомдан алплик мерос,
Қўйганман отга ихлос,
Тантилиги менга хос,
Урҳо-ё, урҳо.

Улоқ — мардлар ўйини,
Излаб бордим тўйини,
Ёр кўрсатсин бўйини,
Урҳо-ё, урҳо.

Муҳаббатда мен нўноқ,
Уйига бўлдим қўноқ,
Эртага чопгум улоқ,
Урҳо-ё, урҳо.

Чидамлидир такаси,
Гул таққан уй бекаси.
Улоқ чопар акаси,
Урҳо-ё, урҳо.

Орзулар дилда қат-қат,
Чопағон кутмас шафқат.
Ҳалоллаб олгай фақат,
Урҳо-ё, урҳо.

Такани қилма нимта,
Уни босгин тақимга,
Ҳақинг берма ҳеч кимга,
Урҳо-ё, урҳо.

Дўстлар, тиланг, бахт кулсин,
Отимдан кўнглим тўлсин,
Юртда ҳар кун тўй бўлсин,
Урҳо-ё, урҳо.

ҚАЛБИМДА БОРИМСАН, ВАТАН!

Кетиб борар бир қатор карвон,
Мардларга хос сарҳадсиз майдон,
Дилимга жо: ҳар лаҳза, ҳар он,
Сафлардаги норимсан Ватан!

Ўхшадим мен, энди ўзимга,
Жаҳон қулоқ тутар сўзингга,
Ҳар гардингни суртай кўзимга,
Ғуруримсан, оримсан Ватан!

Савлат тўккан тоғларинг айтсин,
Чирой очган боғларинг айтсин,
Хушнуд чеккан чоғларинг айтсин,
Рангимсан, оҳоримсан Ватан!

Боғларимга кечикса баҳор,
Бу кенг дунё кўринса сал тор,
Ўзни сезсам озгина ночор,
Дардларимга коримсан Ватан!

Қадамингда қучадирсан шон,
Мен сени деб фидо қилай жон,
Соғ-омон бўл, жон Ўзбекистон,
Зукко, иқтидоримсан Ватан!

Камалакдан олдинг жило, ранг,
Товланасан турфа, ранго-ранг,
Мужассамдир қалбда минг оҳанг,
Чертилмаган торимсан Ватан!

Чиройлисан, бунчалар шинам,
Сулувдирсан, ёқимли бирам,
Хушрўйимсан, чиройлигинам,
Кўкда учган соримсан Ватан!

Кунлар ўтар: осойишта, тинч,
Ҳар бир оним мазмунларга зинч,
Қиёсингни тополмадим ҳеч,
Ғурур, ифтихоримсан Ватан!

Эътиқод ва қалбдаги ихлос,
Номус ва шаън бобомдан мерос,
Кўз қароғда асрагайман, рост,
Қувват ҳам мадоримсан Ватан!

Муҳаббатни жойлаб юракка,
Етгин деган эзгу тилакка,
Етакловчи ҳар он юксакка,
Қатъий бир қароримсан Ватан!

Номинг тутсам кетаман тўлиб,
Ўз-ўзимча мард, жасур бўлиб,
Ютуғингдан шод-хуррам кулиб,
Авжида бароримсан Ватан!

Мужассамдир эзгуликлар, ўй,
Кундан-кунга очадирсан рўй,
Дунёларга кўрсатурсан бўй,
Тўрт фасли баҳоримсан Ватан!

Ягонасан, танҳосан, асли,
Кўз олдимда тургайдир васлинг,
Очилгандан кўргайдир фаслинг,
Тонг – саҳар, наҳоримсан Ватан!

Кўрар кўзим, ёруғ юзимсан,
Юракдаги айтар сўзимсан,
Ўзимни бор этган ўзимсан –
Қалбимдаги боримсан Ватан!

***

Дунё турсин осойишта, тинч,
Ҳар бир дилда балқисин севинч,
Барҳақ бўлсин ҳамиша илинж,
Олам тўлсин дея зиёга,
Она, қўлни очинг дуога.

Тўлиб оқсин дарё, сойимиз,
Мўл-кўл бўлсин дон, буғдойимиз,
Порлайверсин юлдуз, ойимиз,
Олам тўлсин дея зиёга,
Она, қўлни очинг дуога.

Чоҳ қазмасин одамга-одам,
Баҳам кўрсин шодлигин ҳар дам,
Инсоф берсин ёмонларга ҳам,
Олам тўлсин дея зиёга,
Она, қўлни очинг дуога.

Яратганнинг ўзи қўлласин,
Тўғри йўлга бизни йўлласин,
Ватанимиз яшнаб, гулласин,
Олам тўлсин дея зиёга,
Она, қўлни очинг дуога.

Онажоним, дорулдур замон,
Сиз туфайли қучилгайдир шон,
Бахтимизга бўлингиз омон,
Жўр овозман сизнинг дуога,
Олам тўлсин дейман зиёга.

023

(Tashriflar: umumiy 147, bugungi 1)

2 izoh

  1. ХУДО РАХМАТИГА ОЛГАН БУЛСИН! ШОИРИМИЗНИНГ ШЕЪРИ БИЛАН «БАРЧАСИНИ ХАЗИЛГА ЙУЙДИК» ДЕГАН САТРЛАР БОР КУШИК ЯРАЛГАН.АЖОЙИБ КУШИК…РУСТАМ ГОЙИПОВ, САРДОР МАМАДАЛИЕВ ИЖРО ЭТГАН. ЯХШИЛИККУ БУЙИНДАГИ КАРЗ,КАЙТАРМАДИК ХАЗИЛГА ЙУЙДИК ДЕЙДИ У ШЕЪРИДА…ШОИР УМРИ ШЕЪРУ КУШИКЛАРГА АЙЛАНИБ КОЛАРКАН…ЖОЙЛАРИ ЖАННАТДА БУЛСИН!

  2. Men, u kishining bir kitoblarini o‘qib jo‘shqin, samimiy she’rlaridan hayratlanganman. Va nega shunday bir ijodkorimiz matbuotda uncha faol emasligiga, odamlar ichida uncha mashhurmasligiga hayron bo‘lganman. Siz aytgandek yaxshi insonligi she’rlaridan ham bilinib turadi. Ha, o‘lim baribir haq. Oxirati obod bo‘lsin.

Izoh qoldiring