Shoislom Shomuhammedovni eslab…(Uch maqola)

089
16 апрел — шарқшунос олим ва таржимон Шоислом Шомуҳаммедов таваллуд топган кун.

Шоислом Шомуҳамедов домла Ўзбекистоннинг ана шундай нурбахш сиймоларидан бири эди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқаро Фирдавсий мукофотининг лауреати, таниқли таржимон-шоир, заковатли шарқшунос олим Ш.Шомуҳамедов номини эшитмаган одам кам эди. Унинг таржимасида янграган Умар Хайёмнинг олам ва одам моҳиятини изҳор этувчи дилбар рубоийларини бутун мамлакатимизда ва ундан ташқарида туркийзабон аҳоли севиб ўқир, аксари ёд бўлиб, эл оғзида юрадиган бўлганди.

09

Озод Шарафиддинов
ОЛИМНИНГ СУВРАТИ ВА СИЙРАТИ
07

1-8Одамки бор, унинг суврати сийрати учун ниқоб вазифасини ўтайди. Одамки бор, унинг суврати ва сийрати бир-бирига монанд, улар ўртасида ажиб бир уйғунлик бор. Бундай одамларни нуроний одамлар деб аташади – уларнинг чеҳрасидан нур ёғилиб турганга ўхшайди. Бу нур бир қарашда дабдурустдан кўзга ташланмайдиган, лекин одамнинг бутун хулқи-атворида, хатти-ҳаракатида, гап-сўзларида сезилиб турадиган фазилатлар нури.

Бу гал шундай инсонлардан бири тўғрисида ҳикоя қилиб бермоқчиман. (Бу Шоислом Шомуҳамедов)…

…Менинг Шоислом Шомуҳамедов билан яқиндан танишувим 1957 йилда содир бўлди. Шу йили Тошкентда, ҳозир Ғафур Ғулом номи билан аталаётган Адабиёт ва санъат нашриёти ташкил қилинди. Нашриёт директори Насрулло Охундий мени адабиётшунослик бўлимида ишлашга таклиф қилди. Мен билан бирга шарқ бўлимида ишлаш учун Шоислом Шомуҳамедов ҳам таклиф қилинган экан. Биз қисқа муддатда жуда иноқлашиб кетдик. Шоислом ака мендан саккиз ёш катта эди – у урушга бориб келган, кейин университетда ўқиган, бир неча йил амалий ишларда ишлаб дурустгина тажриба орттирган эди. У ҳам мен каби аввал нашриётларда ишлаб кўрмаган бўлса-да, адабиётни яхши кўргани ва яхши билгани учун, ақл-заковати ва идроки юқори бўлгани сабабли биринчи кунлардан бошлабоқ бутун умри нашриётда ўтган одамдек ишга киришиб кетди…

…У шарқнинг машҳур асарларини нашр эттиришда ҳар гал қандайдир янгиликка интилар, китобларнинг жозибадорлиги юксак бўлишига, китобхон қўлида чўғдай ёниб туришига эришишга ҳаракат қиларди. Мана, буюк шарқ булбули Ҳофизнинг ғазалларини олайлик. Бу китобнинг ўзбек тилида чиқишининг ўзи-ку ҳар бир ўзбек учун улуғ бир туҳфа. Лекин Шоислом ака бу билан қаноатланмайди. У китобнинг бир бетида ғазалнинг ўзбекча таржимасини беради-да, иккинчи бетида унинг форсча матнини арабча ҳуснихатда беради. Тиши ўтадиган одам таржимани аслият билан таққослаб, керакли хулосани чиқариб олаверади. Ёки Умар Хайём рубоийларини олайлик…

…Шоислом ака, назаримда, Умар Хайёмни бошқача бир меҳр билан суяр ва шунинг учун иш кабинетида бу буюк инсоннинг руҳини барқарор қилишга интиларди. Китоб жовонларида шоирнинг рус, инглиз, француз, эстон, ҳинд, турк, ўзбек ва форс тилларида чиққан китоблари терилиб турарди. Бир куни Шоислом аканикига бориб, кабинетга кўтарилдим. Ёзув столининг ёнида ўртачароқ катталикда бир хум пайдо бўлипти. Унинг усти сирланмаган, лекин арабча чиройли ёзувда Умар Хайёмнинг бир рубоийси ёзиб қўйилипти. Ҳайрон бўлиб, Шоислом акага қарадим.

– Ота-боболаримиз шунақа хумларда шароб ичишган. Биз ҳам шу удумни қилайлик-да…

Шоислом ака хумнинг олдига бориб, унинг ичига қўлини тиқди-да, икки шиша оқ мусаллас олди. Хайём рубоийларини ўқий-ўқий мусалласдан нўш қилмоқнинг гашти бошқача бўлар экан. Хуллас, Шоислом ака ана шунақа шинаванда, дилкаш одам…

Нажмиддин Комилов
ИЛМ, ИЖОД ПЕШВОСИ
07

01   Ўз умрини илм-маърифат ривожига, ижодга бағишлаган одамлар жисман орамиздан кетсалар ҳам, аммо руҳан ва қалбан ҳамиша тириклар ичра тирикдирлар. Зеро, бундай инсонларнинг орзу-армонлари, ёниқ сўзи, тафаккур мевалари ёзган асарларида муҳрланиб, авлоддан-авлодга ўтади ва янги қалбларни ёритиб, ҳаёт ҳақиқатларини англашга кўмаклашиб туради.

Шоислом Шомуҳамедов домла Ўзбекистоннинг ана шундай нурбахш сиймоларидан бири эди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқаро Фирдавсий мукофотининг лауреати, таниқли таржимон-шоир, заковатли шарқшунос олим Ш.Шомуҳамедов номини эшитмаган одам кам эди. Унинг таржимасида янграган Умар Хайёмнинг олам ва одам моҳиятини изҳор этувчи дилбар рубоийларини бутун мамлакатимизда ва ундан ташқарида туркийзабон аҳоли севиб ўқир, аксари ёд бўлиб, эл оғзида юрадиган бўлганди.

Рубоийлар ўзбекча таржималардан қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур, татар тилларига ўгирилди. Хайём рубоийларининг ўзбекча таржималари 1958 йилда биринчи марта чоп этилганда, катта бир адабий воқеа бўлгани эсимда. Шундан кейин бу китоб ҳар сафар тўлдирилиб (илк нашрда 200 та рубоий бор эди), кўп марта қайта нашр этилди. Умар Хайём рубоийларини Ш.Шомуҳамедовдан кейин яна бир неча киши ўзбек тилига ўгирди, аммо ўша биринчи таржима китобхонлар қалбидан чуқур жой олганини айтиш жоиз. Ш.Шомуҳамедов форс-тожик адабиётини ўзбек китобхонлари учун кашф этди, катта бир маънавий хазинани очди: у Рудакий, Фирдавсий, Носир Хисрав, Хисрав Деҳлавий, Саъдий Шерозий, Камол Хўжандий, Жомий, Бедил асарларидан намуналар таржима қилди, уларнинг энг машҳур, ҳикматомуз асарларини тадқиқ қилиб, китобхонларга туҳфа этди.

Бу таржималардан ўнлаб байтлар эл орасида машҳур бўлиб, халқ ҳикматлари қаторидан жой олди.

Рудакийнинг:

Кимдаким ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим;

ёки:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлмагай устун,

кабилар…

Бу байтларни кўпчилик давралару суҳбатларда такрорлашади, аммо бу Шоислом Шомуҳамедов таржимонлик истеъдодининг туҳфаси эканини баъзан билмайдилар. Бу ҳам шоир-таржимоннинг бахти, ижод меваларининг умумхалқ мулкига айланганига далилдир…

…Камина гарчи бевосита у кишининг қўлида таҳсил олмаган бўлсам-да, бироқ бу одамдан, унинг асарларидан кўп нарса ўрганганман. Мен буни яна шу учун таъкидламоқчиманки, Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да ишлаган йилларим (1971-1993) Шоислом ака билан илмий анжуманларда, баъзан иш юзасидан тез-тез мулоқотда бўлганман. Шоислом ака ҳам талабчан, тўғри сўз ва ҳам меҳрибон инсон эди. Номзодлик диссертациямга оппонентлик қилганлар, маслаҳатлари, амалий кўмакларини аямаганлар. У киши университет проректори, Шарқшунослик факультети декани, кафедра мудири бўлиб ишлади. Аммо у ҳамма ерда – хоҳ мансаб курсисида бўлсин, хоҳ оддий давраларда бўлсин, бир хил эди, ўзгармас эди. Ва, энг асосийси, ҳар доим олим ва ижодкор инсон сифатидаги борлиғини сақлаб юрарди, шу билан талабалар, касбдошлар ҳурматини қозонган эди.

Домланинг самарали умри, ишлари ибратли, хизматлари бениҳоя катта. У Ватанимизнинг ёрқин сиймоларидан биридир, шу боис номи ҳам, ишлари ҳам унутилмайди, қалбларда яшайверади.

Эркин Воҳидов
ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ҲАЁТ
07

034  Бир пайтлар Шоислом Шомуҳамедов, Асқар Мухтор, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Жуманиёз Жабборовлар билан оилавий суҳбат (“гап”) имиз бўларди. Тажрибали, ишни кўзини биладиган инсон сифатида Шоислом ака бундай суҳбатларимизнинг ташкилотчиси бўлиб, улар жуда сипо, ботартиб, камтар, болалар тарбиясига алоҳида эътиборли, умуман, оилага меҳрибон инсон эдилар.

Суҳбатларимиз, асосан, адабиёт тўғрисида борар, бу шажаранинг катта бир шохи бўлмиш шеърият тўғрисида ҳам баҳслар бўларди. Дунё адабиёти устида гап кетганда, албатта, шарқ адабиёти, жумладан, форс шеърияти кўпроқ ўзига тортар эди. Аслида, биз маънавий хазина эшигигача борардик. Миртемир домла айтганларидай, бизни “эшик оғо” си Шоислом Шомуҳамедов кутиб олиб, форс шеърияти дурдоналари билан ошно этардилар…

…Истеъдодли олим ва таржимоннинг Фирдавсий “Шоҳнома” си устида олиб борган ижодий меҳнати, ташкилий ишлари, айниқса, таҳсинга лойиқ. Жаҳон шеъриятининг дурдонаси, улуғ шоирнинг ўттиз йиллик меҳнати маҳсули бўлган бу улкан адабий ёдгорликни бир неча йил ичида ўзбек китобхонига етказиш учун Шоислом акадек ҳурматли инсоннинг куюнчаклиги керак эди. Домла ўзлари ҳам кеча-кундуз ишлаб, Миртемир, Ҳамид Ғулом, Жуманиёз Жабборовларга ҳам тинчлик бермай қилган саъй-ҳаракатлари натижаси бўлиб, ўзбекнинг уйига ўзбек тилида сўзлаб Фирдавсий кириб борди.

“Шоҳнома” битилган вазн – мутақориб жанговар шиддат баробарида, ҳарбий машқлар ўйноқилиги акс этган вазн. “Садди Искандарий” шу вазнда ёзилган.

Шоислом Шомуҳамедовнинг аруз ва бармоқ вазнларида таржималар қилиб орттирган тажрибаси “Шоҳнома”ни ўгиришда қўл келди. Мутақориб вазнининг ўн бир ҳижоли бармоқ вазнига яқинлигидан фойдаланиб “Шоҳнома” таржимасида шундай йўл танландики, достонни аруз вазнида ҳам, бармоқ вазнида ҳам ўқиш мумкин. Бу иш билимдонлик баробарида, катта маҳоратни ҳам талаб этади.

“Гап” йиғинларимиздан бирида навбат шеър ўқишга келди. Шоислом ака Ҳаётхон кеннойимизга бағишлаган рубоийсини ўқиб бердилар:

Бахтиёр десалар арзир отимни,
Келтирайин бунга қўш исботимни:
Кўкракдан ўқ едим, ўлмайин қолдим,
Муҳаббатдан топдим чин Ҳаётимни…

– Ҳаётхон опа, – деди қарсаклар тингач Жуманиёз Жабборов, – устознинг рубоийга меҳр қўйганларига сиз сабабчисиз. Номингиз тўрт ҳарфдан иборат. Ҳар бир ҳарфига бир сатрдан мувашшах ёзиб, ўзбекнинг Умар Хайёми бўлдилар. Шоислом ака ва Ҳаётхон кеннойи тотув турмуш кечирдилар, оилада олим-олима фарзандлар камол топдилар. Домладан илмий монографиялар, бадиий ижод, нодир асарлардан таржималар, кўплаб шогирдлар, энг аввало, яхши ном қолди.

Бори элға яхшилик қилғилки, бундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ…

Мирзо Бобурнинг бу сатрларини севиб такрорлаган устоз олим ва шоир-таржимоннинг ҳаёт китобига яхшилик сўзи сарлавҳа бўлғуликдир.

06

(Tashriflar: umumiy 76, bugungi 1)

Izoh qoldiring