Nabijon Boqiy. Shukur akaning bog’i. Esse

Ashampoo_Snap_2017.10.16_17h42m18s_010_.png   Сезишимча, Шукур ака адабиётни ўзининг шахсий  боғидек авайлаб-асрашни истарди, боғидек яхши кўрарди адабиётни. Афсуски, боғи ҳам худди адабиётдек рўзғор тебратишига имкон бермасди. Боғ ҳам, адабиёт ҳам битта ёзувчини боқишга қодир эмас эди…

Набижон Боқий
ШУКУР АКАНИНГ БОҒИ
06

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдин қолғон ул эски дўконни на қилай?!

Бобораҳим Машраб

26.jpgЎзбекистон ёзувчиларининг Арғин қишлоғи ўрамида жойлашган Дўрмон қўрғончасида Шукур Холмирзаевнинг олти-етти сотих чамаси боғ-ҳовлиси бор. Киночилар оромгоҳи ёнидан кирилса, дарвозадан сўнг кўзга ташланадиган иккинчи (ўнгдан) боғча Шукур аканинг шахсий мулки ҳисобланади. Шукур ака — мулкдор, мўъжаз боғчасида ўзини помешчикдек ҳис этарди. Дастлаб бу ерлар ёзувчи-шоирларга тақсимлаб берилганда ёппасига шафтолизор бўлган. Янглишмасам, биринчи бўлиб таниқли таржимон Ҳасан Тўрабеков иморат қуриб, боғчасини ўраб олади. Кейин Шавкат Раҳмон иморат пойдевори ўрнини эринмасдан кавлаб чиқади: у боғчасига қумғон келтириб қўйган, қўлбола ўчоқ ясаб чой қайнатарди. Баъзан шафтоли салқинида Шавкат Раҳмон билан Шукур акани чойлашиб, гурунглашиб ўтирган ҳолда учратиш мумкин эди. Улар бир-бирини самимий ҳурмат қиларди.

Шукур ака икковимиз етти-саккиз йил Ижодкорлар меҳмонхонасида нари-бери яшадик. У иккинчи қаватда, қўш табақали ойнаванд эшик тепасидаги 14-хонани мустаҳкам эгаллаган бўлса, камина учинчи қаватдаги 39-хонада яшар эдим. Шукур аканинг хонаси бинонинг ўнг қанотида, телевизор қўйилган фойе ёнида жойлашган; мен эсам сўл қанотда, деразаси ҳовузга, олмазорга қараган ҳужрада қўноқ бўлган эдим. Шукур акага кўчадан келадиган машинаю одамларнинг ғўнғирлаган товушлари эшитилиб турарди. Менинг ҳужрамга деярли ҳеч қандай овоз эшитилмасди. Уч қаватли меҳмонхонанинг иккинчи ва учинчи қаватларидан, яна-тағин икки чеккасидан ошиён танлаганимизга сабаб шуки, баъзан бирортамиз ярим кечасигача ёки тонг-саҳарда ёзув машинкасини чиқиллатиб, қўшнимизни беҳаловат қилишимиз мумкин эди. Қолаверса, кун тартибимизда режалаштирилмаган меҳмондорчилик бошланиб кетса, ўринли-ўринсиз баҳс-мунозара авж олар, бақир-чақир, эски ашулаларнинг жўровоз садоси ён-атрофга баралла эшитилар эди. Албатта, кўпинча мен Шукур акани ёки у киши мени ўз хонасига таклиф этарди. Бироқ, меҳмондорчиликка бориш-бормаслик мутлақо ихтиёрий эди, биз бир-биримиздан асло хафа бўлмасдик. Имкон қадар бир-биримизга халақит бермасдик. Тўғри, “бир-биримизга халақит бермаймиз” деб атай келишиб олмагандик; бу ойлар, йиллар давомида ўз-ўзидан таомилга айланиб қолган эди. Таомил эса бориб-бориб кўникма ҳосил қилади.

Битта стол атрофида ўтириб нонушта қилардик, кечки овқатни ҳам бирга тановул қилардик. Иш кунлари шаҳарга тушиб кетсам тушлик пайти Шукур ака ёлғиз ўтирарди.

Куз, қиш, баҳор фаслида Ижодкорлар меҳмонхонасида кўпинча Шукур ака икковимиздан бошқа ҳеч ким бўлмасди. Гоҳ-гоҳида вилоятлардан бир-иккита қаламкаш келиб қоларди, баъзан Тошкентда истиқомат қиладиган таниш-билиш адиблар хотинидан, бола-чақаларининг ғишавасидан безор бўлиб ёки қандайдир “қатъий буюртма”ни юмалоқ-ёстиқ қилиб охирига етказиш баҳонасида боғда пайдо бўлиб қоларди. Улар мўъжаз муҳитнинг умумий маромига деярли таъсир этмасди.

Сўнгра “Аралашқўрғон”, “Ҳисорак” каби тўқима номлар остида тилга тушган ҳудудий бирлик қамровида овулдош, қовулдош бўлдик. Йил – ўн икки ой давомида Шукур ака ҳар куни эрта тонгда боғчасига чиқиб кетарди. Баҳор, ёз, куз фаслида қандайдир юмушларни бажариб, агар шудрингми, шабнам тушган бўлса, шимининг пойчалари ҳўл бўлиб қайтарди.

— Нима қилдингиз? Ёрдам керакми?
— Э-э, майда-чуйда ишлар кўп, — деб қўл силтарди. — Ўзим боғчамнинг бир чеккасида сигарет чекиб ўтириб-ўтириб, охири бир нарса қилиш кераклигини аниқлаб оламан; ишнинг кўзи очилиб кетса, вақт ўтганини ҳам сезмай қоламан…

Аввало, Шукур ака боғчасига чайла қуради (“Ленин бобо ҳам ишни Фин кўрфазида чайла қуришдан бошлаган”). Илгари хонасига келтириб қўядиган иш қуролларини – кетмон, белкурак, ўроқ, гулқайчи, дастарра, болта, болға ва ҳоказоларни чайла томида қолдирадиган бўлади. Сўнг боғча атрофини мол-ҳол кирмаслиги учун қўра қилиб ўрайди. Эшик ўрнига ходалардан тўсиқ ясайди. Аста-секин танлаб-танлаб кўчат экишга киришади. Назаримда, мевали кўчатлардан ҳам илгари ҳар хил гул кўчатларини экади. Қайдандир “хитой атиргули”ни топиб келади. Бир томонга атиргуллар ўтқазади; ҳовуз қазиб четига қизил атиргул кўчатини ўрнаштиради. Бу гулни тарвақайлантириб ўстиради; у жангалга айланади. Кўчадан жангал орқасидаги чайла, чайлада ўтирган одам кўзга ташланмасди.

Баҳорда помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка, сабзи, пиёз экиладиган махсус жой ҳозирланади. Кеч кузда уч-тўрт жўякка албатта саримсоқпиёз экилади. Анор кўчатлари ҳар кузда албатта кўмилади. Ҳар туп дарахт ости юмшатилиб ўғитланади, сабзавот экиладиган ерга ҳам ўғит солинади. Эрта баҳорда биринчи бўлиб наргис гуллари барқ уриб очилади. Боғчани ранг-баранг гул-чечаклар қоплайди, ям-яшил ўтлоқ кўзни қувонтиради. Боғча ўртасига қўлбола стол ўрнатилиб, икки томонига тахта ўриндиқ қўйилади. Боғчанинг адоғидан жилдираб оқиб ўтадиган ариқча бўйига ғишт қалаб ўчоқ ясалади. Ўчоққа яраша қозонча келтириб қўйилади, чойгум ҳам ўчоқбошидан жой олади.

Боғчада гулу гиёҳлар, ниҳолчалар, нишона берган кўчатлар, расмона мевага кирган дарахтлар икки юз тупдан кўпроқ, уч юз тупдан камроқ бўлса, ҳар бирига Шукур аканинг қўли теккан, ҳар бирига меҳри тушган.

“Улуғ-кичик мени умидворлик била ирашиб юрийдурганлар икки юздин кўпрак, уч юздин озроқ бўлғай эди”, деб ёзади хотираларида Бобуршоҳ.

Шукур ака боғчасида ўзини меҳр-мурувватли шоҳдек ҳис этарди; ям-яшил ўтлоқ, гул-гиёҳлар, дов-дарахтлар унга умидворлик билан тикилиб тургандек туюларди. Шу боис ҳатто қалин қор тушган қаҳратон қиш кунларида ҳам Шукур ака албатта боғчасидан хабар олиб қайтарди; эгилиб қолган шохлардан қорни силкиб туширар, ўчоқ устига ёпиб қўйилган тахтани қордан тозалар, тўнкага омонат ўтириб бир-икки сигарет чекар эди.

Кейинчалик боғчанинг бир чеккасига кичик-катта икки хонадан иборат кулба тикланади. Кулба қурилишига атайлаб Бойсундан келган Неъматжон исмли укаси бош-қош бўлади. Неъматжон ака ниҳоятда камсуқум, хокисор йигит экан. У ишга ўтиб-қайтиб юрадиган Иброҳим Ҳаққул билан кўп бора ҳамсуҳбат бўлиб, ошно тутинади.

Қишда совуқ кучайиб кетган пайтлардагина Шукур ака шаҳардаги квартирасига жўнаб кетарди. Боғда қолган мухлислари, қадрини биладиган укалари аҳён-аҳён у кишини йўқлаб борарди…

Ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамлари Шукур ака шахсиятининг, ижодининг асосий мезонлари эди. У кишини яқиндан билмайдиган одамлар учун бу гап дафъатан ғалати туюлиши мумкин. Ҳа, дафъатан эриш туюлади. Лекин шу гапдан кейин хийла сукут сақланиб жиддий ўйлаб кўрилса, ўй-хаёллар хас-хашаклардан тозаланса, охир-оқибат иқрор бўласиз: ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамлари борлигини Шукур ака яхши биларди. Ҳар хил сабаб-баҳоналар билан деворга тақаб қўйилган чоғларида ҳам ўша ўлчамларни қўйиб юбормасди.

— Менга қаранг, мулла! Ақлингиз етмаган ишга нега бурнингизни тиқасиз?! Ахир, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмайсиз-ку! Ёки Шукур Холмирзаев билан улфатчилик қилдим, энди ҳамма нарсага аралашишим мумкин деб ўйлаяпсизми?! Подумаещ!.. Пошёл вон!.. – деб бирдан эшикни ёки кўчани кўрсатиб қўярди.

Шукур ака табиатини, ички оламини яхши билмайдиган “янги меҳмон” бундай пайтларда довдираб қоларди.

— Пошёл вон!.. Иккинчи кўзимга кўринма! – деб бир қошини баланд, бир қошини пастга қилиб гулдурак товушда такроран буйруқ берилгач, шикоятга ҳеч қандай ўрин қолмасди.

Арғинда яшайдиган Холмирза амаки исмли ёши улуғ қозоқ чол ёзувчиларнинг қаровсиз чорбоғларига экин-тикин экиб, мол-қўйларини шу ерларда боқиб юрарди. У киши кўп йиллар давомида геолог бўлиб ишлаган, Ўзбекистоннинг олис вилоятларини кезиб чиққан, бир сўз билан айтганда, дунё кўрган зот эди. Бундан ташқари, Холмирза амаки китобхон бўлиб, қўлига тушган асарларни эринмасдан мутолаа қиларди. У Шукур аканинг чинакам мухлиси эди. Баъзан Холмирза амаки ўзи ўқиган қайсидир асар ҳақида жайдари фикр-мулоҳазаларини баён этарди, эътирозларини билдирарди. Бундай пайтларда Шукур ака тафсилотларга тўхталмасдан “ҳа” ёки “йўқ” деб лўнда жавоб берарди-да, муайян бир воқеа, аниқ бир детал хусусида гап бошларди. Сўнг шу ҳақда Холмирза амаки қандай фикрда экани билан қизиқарди. Ер тузилиши, тупроқ қатламлари, чўл-саҳроларда қандай қушлар, ёввойи ҳайвонлар яшаши каби мавзуларда бошланган суҳбат соатлаб давом этарди.

Ёки бўлмасам, кутилмаганда Сирдарёдан шоир оғамиз Тўра Сулаймоннинг тўнғич ўғли Неъмат “жаҳонгир” келиб қолардию салқин жойга экилган анор кўчатларига шакл беришга, ғовлаган шохларини бутаб олишга киришиб кетарди. Неъмат билан ҳам Шукур ака соатлаб суҳбатлашарди; бирга овқат пиширишарди ва ёш дўстининг Қозоғистон чўлларида, Россия ўрмонларида бошидан кечирган саргузаштларини завқ билан тинглар эди. Неъматбой бўлса, ҳар гал “Ҳовлимиздан беш-ўн туп анор кўчати келтириб, ўзим экиб бериб кетаман”, деб ваъда берарди. Шу кетганча анор пишган кезларда қўққисдан пайдо бўлиб, суҳбатни қолган жойидан давом эттириб кетаверарди…

Шукур ака ўзи яхши биладиган, ақли етган мавзуларда гапирадиган одамларни яхши кўрарди. Қайси соҳада бўлмасин, чаласавод – дилетант кимсаларни жини суймасди.

Муҳаммад Юсуф “қўшиқчи-шоир” сифатида гуриллаб юрган кезларида мухлисларидан биттаси унга чумчуқ отадиган “воздушка” милтиғини совға қилади. Муҳаммаджон шу милтиқни елкасига белкуракдек ташлаб олиб боғ оралаб юрадиган одат чиқаради.

— Йўл бўлсин, йигит?
— Овга чиқдим. Беш-ўнта олақанот (майна) отсам, шўрва қиламиз. Келинг.
— Хўп.

Лекин шоир ҳадеганда шўрвага яраша қуш ота олмасди: битта-иккита чумчуқ, битта-иккита мусича отиб, кенжатой қизи Мадинанинг арзанда кучугини “меҳмон” қиларди, холос.

— Нега мусичани ўлдирдингиз? Увол бўлмайдими?

— Увол бўлади, худонинг ўзи кечирсин. Бироқ, мусичалар ўлгудек гўл бўлар экан, ўзини нишонга тўғрилаб беради; беихтиёр тепкини босиб юборганимни билмай қоламан. Олақанот бекорга “майна” дейилмас экан; нишонни тўғрилаб олгунимча бир жойда жим туради, тепкини босар-босмасимдан дик этиб ён томонга сакраб чап беради. Алам қилади одамга. Охири, бақрайиб турган мусичани отишга мажбур бўламан, — дерди Муҳаммад Юсуф кулимсираб.

Бир кун пешин маҳали Муҳаммаджоннинг боғ-ҳовлисига ўтсам, не тонгки, улар Шукур ака билан “ўқ отиш бўйича машғулот” ўтказаётган экан.

— Келинг, ўтиринг, — деб чорпоядан жой кўрсатди Муҳаммаджон. —Лекин бизга халақит берманг.

Тол соясига эски шолча тўшалган, улар ёнма-ён ётиб олишган, чорбоғнинг кунботар томонига, йигирма-йигирма беш қадам чамаси узоқликка, уват-марзага шампан виносидан бўшаган катта шиша санчиб қўйилган, шишанинг кетига ёш боланинг муштидек қуртлаган қизил олма ўрнатилган эди.

— Тепкини босаётганингизда кучанманг, кучансангиз нишон ўзгариб кетади. Қўндоқни елкага маҳкам тиранг! — деб Шукур ака йўл-йўриқ кўрсатади.

Муҳаммаджон мен келгандан кейин бешинчи марта ўқ отишида шишани чил-чил синдирди.

— Яхши, — деди Шукур ака мамнун бўлиб, — ўқ олмадан бор-йўғи бир сантиметр пастга тегди. Яна икки соат машқ қилсак, олманинг ичидаги қуртни ҳам отиб ўлдирадиган бўласиз.

Ўринларидан туришди. Сўрашдик.
— Бир сантиметр пастга ўқ текканини қайдан билдингиз? Эҳтимол, ўқ шишанинг белига теккандир? — дедим ишонқирамай. Кулдим.
— Юринг, кўрсатаман, — деди Шукур ака.

Пайкал оралаб нишон томон бордик. Шукур ака оёқ устига ўтириб шишанинг йирик парчаларини жой-жойига қўйиб кўрсатди:

— Дарз кетган чизиқларни кўряпсизми?.. Барча чизиқлар шишанинг кетига яқин жойдан бошланяпти. Яъни, бир сантиметр пастдаги нуқтага бориб туташяпти ҳамма чизиқлар. Демак, ўқ ўша жойга теккан, — деб шиша синиқларини жўякка ташлаб қаддини ростлади. — Диққатини бир жойга тўплай оладиган одам ўқ йўналишини кўра олади.

Қўлларимни икки томонга ёздим: Шукур аканинг гаплари рост эканини билдим, лекин йигирма-йигирма беш қадам нарида туриб зиғирдек ўқнинг шишанинг айнан қаерига текканини кўриш ёки билиш мумкинлигини барибир тасаввур эта олмадим.

Шукур аканинг иккита ов милтиғи бор эди; биттаси бузуқ, иккинчиси тузукка ўхшарди, лекин ўқ отганини кўрмаганман. Фақат ўзи ҳақида ишланган ҳужжатли фильмда деворга осиб қўйилган милтиққа ишора қилиб: “Агар ёза олмай қолсам, Хемингуэйга ўхшаб…” деб “эффект” чиқармоқчи бўлганда кинохона раиси Мурод Муҳаммад Дўст бунга изн бермаган: “Бориб айтинглар, Шукур ака тек ўтирсин, ёзолмай қолган куни ўзим боғига бориб отиб келаман”, деган экан жиддият аралаш. Умуман, Шукур ака ёшлигида яхши овчи бўлган.

Шукур ака маъюс жилмайиб, бош чайқаб қўйди.
— Ишонмаяпсиз-а? — деди Шукур ака. — Баъзан шу қадар нозик нарсалар бўладики, уни мантиқан тасаввур этиш ниҳоятда мушкул, унга ақл бовар қилмайди. Буларни фақат ҳис қилиш мумкин, агар ўша нарсани ҳис қила олмасангиз, демак сизда шунга қобилият йўқ; рационал уруғ ичингизда бўлса, вақти-соати келиб ниш уради, нишона беради. Бўлмаса, бўлмаганга бўлишма, дейдилар. Тақдирга тан бериш керак, вассалом. Ҳамма ёппасига овчи ёки мерган бўлиб кетаверса, подани ким боқади?! — деб орқасига қайтди.

Муҳаммаджон ҳам қиқирлаб кулди.
— Одамнинг талантли эканини ўз фикрини қандай ифодалашидан ҳам билиш мумкин, — деди Муҳаммаджон менга қараб. У Шукур акани назарда тутган эди.

— Шоир, хушомад қилманг, мен хушомадни ёмон кўраман, — деди Шукур ака пўписа оҳангида. Чорпоянинг бир четига оёқларини осилтириб ўтиргач, мийиғида кулиб қўйди. — Лекин хушомад одамга барибир ёқади… Қани, анавиндан қолганми? — деб дастурхонга ишора қилди.

— Ҳа-а, майна шўрвами? — дедим талмовсираб.

Кулишдик. Пиёлаларга “анавиндан” қуйилди. Олинди.

— Муҳаммаджонди “Лолақизғалдоқ” шеърини ўқидингизми? Шавкат Раҳмонга бағишланган. Яхши шеър ёзибди, маладес… — Шукур ака помидорни газак қилди.
— Дарров “товоққайтди” қиляпсизми? — дедим.

— Йўқ, мен рост гапни айтяпман, ўлай агар, — деди Шукур ака. — Муҳаммаджон енгил-елпи нарсалар ёзиб, кўп вақтини беҳуда ўтказяпти. Бу гапим ҳам рост.

— Тўғри, — деб Муҳаммаджон кўкракларини уқалай бошлади. У уч-тўрт ой бурун ўзининг машинасида авария бўлган, энди-энди асил ҳолига қайтаётган эди. — Энди шунақа ишларни бас қиламан.

Оқшомгача уёқ-буёқдан гурунглашиб ўтирдик.

Шукур ака назарига тушиб қолган ёш шоир-ёзувчиларнинг қадамини зимдан кузатиб борарди. Қачонки илк таассуротлари тасодиф эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, кимгадир ғойибона меҳр қўярди. Бу ҳолатини “ойнаи жаҳон”да Шириннинг рухсорини кўриб ошиқ бўлиб қолган Фарҳодга ўхшатиш мумкин. Ўзини кўрмасдан, гаплашмасдан меҳр қўярди-қоларди. Туйғуларига ишонарди, туйғулари уни алдамасди.

— Иқбол олдингизга келиб-кетиб юради-а? — деди бир куни.
— Ҳа, — дедим.
— Яна келса, айтинг, учрашайлик. Шу йигит бошқача, ҳеч кимга ўхшамайди.

Маълум бўлишича, Шукур ака яқинда Иқбол телевизорда шеър ўқиганини кўрибди.
— Йиғладим, — деди. — Вой, уккағар-эй, мени йиғлатди-я!
Кулдим.

Орадан бир неча кун ўтгач ҳамшаҳарлар Муҳаммад Шарифнинг машинасида “гилос сайли”га келиб қолишди. Улар орасида Иқбол кўринмади.

— Иқбол келмадими?
— Шукур ака боғида ишлаётган экан. Бораверинглар, мен Шукур ака билан сўрашиб бораман, деди, — деб изоҳ берди Азизбек. — Аслида, мен ҳам сўрашиб ўтсам бўларди, лекин Ўткир акам машинадан туширмади.

— Ҳа, сиз ҳам Шукур аканинг боғида қолиб кетсангиз, овқатни ким пиширади? Муҳаммад Шарифми? — деди Ўткир.

— Э-э йўқ, мен ош пиширишни билмайман, мен гилос тергани келганман, — деб Муҳаммад Шариф туфлисини ечиб водапровод томон кетди. У томондан норози товуши эшитилди: — Ўзим ўрисга ўхшаган кўк кўз бўлсам, яна ош пишираманми?!

— Ўзбекнинг кичиги ўзим эканман, — деб Азизбек ўчоққа ўтин қалай бошлади.

Ҳадеганда Иқболдан дарак бўлмади. Зирбак аллақачон тайёр бўлган, вақт пешиндан ўтган. Кўплашиб палов ҳам дамладик. Азизбекдан бир товоқ паловни Шукур аканинг боғига бериб юбордик. У жилмайганча қайтиб келди.

— Мушоира бўляпти, — деди Азизбек. — Лекин мени ҳайдаб юборишди.

Овқатландик.
Иқбол шомга яқин келди.

— Узр, ушланиб қолдим, — деди Иқбол бош чайқаб. — Шукур акани ниҳоятда тунд одам бўлса керак деб ўйлардим, бошқача экан. Орқамдан Шавкат Раҳмоннинг дачасигача кузатиб чиқди, ноқулай бўлди. Кўчада тик турғазиб қўйиб Шавкат акамга бағишланган шеъримни уч марта ўқитди; Барот Бойқобилов чорбоғида юрган экан, ҳайрон бўлиб бизга қараб-қараб қўйди. Охири Шукур ака: “Бўлди, кетинг, ҳозир мени яна йиғлатасиз!” деди. Кетар чоғим, “Шукур ака, жонон йигит экансиз!” дедиму қочдим. У кула-кула йўл четидан тош қидириб қолди.

Иқболнинг “Қачондир” шеърини Шукур ака бошқача яхши кўрарди:

Қачондир довдираб турган қулунлар,
Қуёшни илк бора кўрган қулунлар,
Оёғи чалишиб юрган  қулунлар

Учқур саман бўпти аллақачонлар…

Кейинги сафар “хумор босди” учун Шукур аканинг боғига Азизбекни юбордик. У ҳам оқшомгача боғда қолиб кетди. Азизбек қайтган чоғда меҳмонлар аллақачон шаҳарга тушиб кетган эди. Суҳбат тафсилотларини ҳаяжонланиб ўзимга гапириб берди:

— Шукур ака қизиқ экан, — деди Азизбек бош чайқаб. — Дабдурустдан, “Аъзам Ўктамдан бошқа водий йигитлари бўшанг бўлади!” деса бўладими?!

— Сиз шу ҳукмга рози бўлиб индамай келавердингизми?
— Йўқ, шунинг учун мен Сурхон томонлардан уйланмоқчиман, дедим. Майли, биз кўрмаган бўлсак, фарзандларимиз кўради…

Азизбек Иқболнинг “Қачондир” шеърини етти марта ёдаки ифодали ўқиб берибди, саккизинчи марта ўқишга эса рози бўлмабди.

—Ҳазрат Навоийнинг гувоҳлик беришича, Мирзо Улуғбек Қуръони каримни етти хил усулда қироат қилар экан. Демак, Шукур ака, қироатнинг саккизинчи усули ҳали кашф этилмаган, — дейди Азизбек.

— Вой, аблаҳ-эй, шунақа гапларни қаердан топасизлар-а?! Бундай гапни билиш мумкин, лекин ўрнида ҳимоя ёки ҳужум мақсадида ишлатиш учун жуда катта фаҳм-фаросат керак. Умуман, водий йигитларининг устун томонлари ҳам йўқ эмас, — деб иқрор бўлади Шукур ака.

Унинг гаплари ҳазилми-чин эканини билолмай Азизбекнинг боши қотади. Мен ҳам жўрттага изоҳ бермайман.

Қўйлиқдан аэропортга кетаверишда, йўлнинг сўл томонида Хонобод қишлоғи бор. Бу қишлоқдан сўнг Сергели мавзеси — пойтахтнинг бир қисми жойлашган бўлса-да, лекин Зангиота туманига қарашли маъмурий бирлик ҳисобланади. Биз талабалик йилларимиздан буён Хонободга тез-тез бориб турамиз. У ерда Фазлиддин ота Муҳиддинов (курсдошимиз Фатҳиддиннинг додалари) истиқомат қиларди. Фазлиддин ота ўтган асрнинг 30-йилларида Сурхон воҳасида, хусусан, Бойсун туманида ўқитувчи бўлиб ишлаганлар ва ўша ердан иккинчи жаҳон уришига жўнаб кетган. Ота бизга Абдурауф Фитратнинг маърузаларини, Чўлпоннинг “Клеопатра” достонини афсонавий шоир алломаларимизнинг ўз оғзидан эшитганини гапириб берган эди. 80-йилларда Фитрат, Чўлпон каби шоирлар ўтганини биз ҳали эшитмаган эдик. Табиийки, Рўзимбой икковимиз ниҳоятда ажабланганмиз.

— Фитрат домла Бухоро лаҳжасида гапирарди, оғир-вазмин инсон эди. Чўлпон достонини ўқиётганда ўзи ҳам образга кириб кетарди. Уларнинг китобларини қопларга солиб, чердакка чиқариб қўйган эдим. Афсус, урушдан қайтиб келсам биттаси ҳам қолмабди. Уйимиздан “халқ душманлари”нинг китоблари чиқиб қолса, бирор кор-ҳол рўй бермасин дейишиб Чирчиққа оқизиб юборишган экан, — деб ҳикоя қиларди Фазлиддин ота надомат билан.

Ота суҳбатлари чоғида “Илғор Сурхон учун”, “Ғалла фронти” газеталарида мақолалари эълон қилинганини бир неча бора эслатган эди. Кўнглимда ўша газеталарнинг тахламлари билан танишиш истаги туғилади. Шу мақсадда бир куни республика Китоб палатасига бордим. Сурхондарё округининг “Илғор Сурхон учун” ва Бойсун туманининг “Ғалла фронти” газеталарини буюртма бериб, қироатхонада кутиб ўтирдим. Ҳадемай палатанинг жонкуяр ходимаси Сайёра опа уч-тўртта тахламни архивдан чиқариб берди. Дастлаб, газетанинг 1937 йилда чоп этилган сонларини сўраган эдим. Сарғайиб кетган саҳифаларни варақлай бошладим. У пайтларда лотин алифбеси жорий этилган эди.

“Илғор Сурхон учун” газетасининг 1937 йил 2 феврал куни чоп этилган 26-сонида “Методик маслаҳатлар” рукни остида эълон қилинган “Катталарнинг чаласавод мактабларида ўқишни қандай уюштириш керак?” номли мақолага дуч келдим. Мақола муаллифи “Муҳиддинов” деб кўрсатилган эди. Аксарият мақолаларда муаллифларнинг исми ҳам, исмининг бош ҳарфи ҳам ёзилмасди. Редакция томонидан ёзилган сўзбошини ўқидим:

“Қуйида Бойсун район маорифининг мактаб инспектори ўртоқ Муҳиддинов катталарнинг чаласавод мактабларида ўқишни қандай уюштириш лозимлиги тўғрисида ўз мулоҳазаларини айтади. Ҳақиқатан ҳам, ҳарфлар билан кўз таниш бўлиб олгач, уларни бир-бирига уриштириб ўқишга оз-моз ўтгандан чаласаводлар орасида китоб ўқишни қандай ҳолда қўйиш зарурлигини аниқлаб олиш муҳим масала. Бу айрим ўқитувчи ўртоқларнинг ўз тажрибаларини ўртага ташлашлари натижасида аниқланади. Ўқитувчилардан бу ҳақда ўз фикрларини редакциямизга юборишларини сўраймиз”.
Мақола унча катта эмас. Боз устига, муаллиф тавсиялари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагандек туюлади. Мана, кўчирмага эътибор беринг:

“Тез ва тушуниб ўқишни ўргатиш учун яна тубандагиларга риоя қилиш зарур:

Тез ўқиган нарсани тушуниш учун жумлалари бир-бирига яхши боғланган бўлиши керак. Агар жумлалар бир-бирига яхши боғланган бўлмаса,тез ўқишга анча қийинлик келтиради.

Ўқиш вақтида дастлабки ўқиш вақтидагидай бармоқ билан кўрсатиб ўқишга ўрганмаслик керак.

Ўқиётган материални кўз билан кузатиб борганда тез ўқишга осон ўрганиш мумкин.

Китобни маълум даражадаги узоқликда тутиб ўқиш лозим.
Ўқишнинг вақтини ҳисобга олиб бориш лозим.
Ўқитилган текстнинг маьносини сўраш зарур.

Бундан ташқари, алоҳида узун мақолаларни уйда ўқиш учун топшириб, классда сўраб кўрилсин…”

Менимча, бундай методик кўрсатмаларни 60 йилдан кейин ҳам бошланғич синф муаллимларига дастуруламал сифатида тавсия этиш мумкин.

Маълум бир йўналиш бўйича архивда шуғулланаётган одам истаса-истамаса мавзудан четга чиқади. Биринчидан, ўша даврни тўла-тўкис тасаввур этиш учун қамровни кенгроқ олиб, ижтимоий ҳаёт батафсилроқ ўрганилиши лозим. Иккинчидан, ҳар доим ҳаёт мураккаб қатламлардан иборат бўлади; бир қатламда мўътадил оқим қарор топган бўлса, бошқа қатламда пўртана-тўфон авж олиши мумкин. Бу ҳол беихтиёр диққат- эътиборни жалб этади. Мен ҳам кутилмаганда гўё тўфонга дуч келиб қолдим. Мана, “Илғор Сурхон учун” газетасининг 1937 йил 28 феврал, якшанба кунги 48-сонида “Йўлдош Саидов ва унинг кирдикорлари” номли танқидий мақола эълон қилинган экан. Бу мақола ҳали дунёга келмаган бўлажак буюк ёзувчимиз Шукур Холмирзаевнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади.

Кўчирма:  “Бойсун райони 1930 йилда ғалла, чорва хўжалигини ўстириш соҳасида катта ютуқларга эришдики, бу ютуқлар Бойсун районини республикамизнинг илғор районлари қаторига ўтиши учун асосий дастак бўла олади. Колхозчи меҳнаткашларнинг ғалладан юқори ҳосил олиш ва чорвачиликни тараққий қилдиришдаги фаолиятлари мисли кўрилмаган даражада ошди. Районда йигирмалаб ғалла, чорвачиликни ўстирган йирик колхозлар вужудга келган бир вақтда Йўлдош Саидов, Матумовлар бошчилик қилган зараркунандачилар группаси ташкил қилинган. Булар районнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаб, район партия ташкилоти томонидан юклатилган вазифаларни бажаришдан бош тортиб, ўзбошимчалик қилиб келганлар. Раҳим Шокиров, Хурсанд Эшқулов, Бўри Норқулов каби ўттизлаб растратчи, зиёнчи, қулоқ лаганбардорларни ўз атрофларига тўплаб район партия ва совет ташкилоти раҳбарлари устидан бўлмағур маълумотлар тўплай бошлаган. Булар томонидан берилган материаллар текширилганда мутлақо аниқланмаган. Шундан кейин жиноятчи Йўлдош Саидов ва унинг ёрдамчилари қамоққа олинган эди. Кейинги вақтда нима учундир Йўлдош Саидов бошлиқ группа қатнашчилари қамоқдан озод бўлганлар. Йўлдош Саидов эса қандайдир ижтимоий чиқишини яшириб, партия кандидатлигига ўтиб олган.

1935 йилда Йўлдош Саидов район “Ғалла фронти” газетасининг масъул муҳаррири Холмирзаевнинг б ў ш а н г л и г и д а н фойдаланиб оммавий бўлим мудири бўлиб, шу кундан бошлаб газета ишларига зарар келтириш учун уринган.

Партия ҳужжатларини алмаштириш вақтида Йўлдош Саидовнинг ижтимоий чиқишини яшириб партия кандидатлигига ўтиб олгани аниқланиб, Саидов партиядан ҳайдалган эди. Шундан кейин Й. Саидов яна ўз атрофига қатор маиший томондан бузилган шахсларни тўплаб район партия ва совет ташкилоти раҳбарларини ишдан уриш, раҳбарлик ўринларини ўзлари эгаллаб олиш учун бўлмаган материалларни тўплаб округ партия қўмитасидан тортиб ВКП(б) Марказқўмининг секретари ўртоқ Сталингача ёзганлар. Йўлдош Саидов, Хурсанд Эшқулов, Раҳим Шокировлар ВКП(б) Марказқўмининг секретари ўртоқ Сталинга: “Район партия ва совет ташкилоти раҳбарлари Зокиров, Егоровлар меҳнаткашларга ҳужум қилмоқдалар, ҳаётимиз таҳлика остида туради”, деган ёлғон материалларни ёзганлар. Бу билан ҳам дардларига даво топа олмаганлари учун район партия қўмитасининг нашр афкори бўлган “Ғалла фронти” газетасининг ўзига район партия ташкилотини айблаб хабар ёзганлар. Саидовнинг тулки, маккорлиги билан газетанинг кундалик саҳифаларида қўпол сиёсий хатолар кетиб турган. Бундан бошқа, Саидов пулсиз гўшт бермагани учун Назар қассобни, очередсиз мол бермагани учун магазин мудири Имомқулов ва Раҳимов ўртоқларни бўлмағур баҳоналар билан газетага ёзиб чиққан. Колхозчи мухбирлардан келган жиддий аҳамиятга эга бўган хат-хабарларни газетага ёритиш учун йўл бермаган. Ҳаттоки, Й. Саидов Сайроблик мухбир Жалоловни колхоз зараркунандачилари устидан ёзган хабарларини жиноят эгасига ўқиб берган. Умуман, Саидов газетачилик ишини яхшилаш тўғрисида партия ва ҳукумат қарорларини очиқдан-очиқ бузиб келган…”

Йўлдош Саидов ким экан? Унинг кейинги тақдири нима бўлган? Ҳозир телевидениеда ишлайдиган бойсунлик Азамат “бобоси” Шукур аканинг отасига ҳамкасб бўлганини билармикан?

Округ-вилоят газетасида чоп этилган мақола билан танишиб, “бўшанглик” қилган Холмирзаев кимлигини аниқлаш учун дарҳол Бойсун туманининг “Ғалла фронти” газетаси тахламини варақлаб чиқдим. 1935 йилда масъул муҳаррир Холмирзаев “бўшанглиги” учун ўз вазифасидан озод қилинган экан. Бу газета 1937 йилда “вақтича масъул муҳаррир Т. Зиёхўжаев”, 1938 йилда “в.м.м. А. Пардаев” ўртоқларнинг имзолари билан чоп этилган.

1938 йилнинг 12 февраль куни “Ғалла фронти”нинг 13- сонида “Амон даҳбошининг арзандаси райкамол бошида” номли мақола чоп этилади:

“Кимсан “Амон даҳбоши” деб Бухоро амири вақтида донг чиқариб, ёнида ўн-ўн бешлаб шабгарлари билан Бойсунда ҳукм суриб, меҳнаткашларнинг бошига қонли қамчисини ўйнатиб келгани ҳеч кимдан яширин эмас…”

Бу мақолада район “ёш камол-комсомол” ташкилотининг раҳбари бўлмиш Айша Амонова тўғрисида гап кетади. Бу аёл ҳам худди “бўшанг Холмирзаев” каби қаттиқ танқидга учрайди. Умуман, мақола репрессияга замин ҳозирлаш учун махсус “заказ” билан ёзилгандек таассурот қолдиради.

Фазлиддин ота 1937-1938 йилларда ёзган мақолаларни архивдан олиб ўрганаман деб бошлаган ишим кутилмаганда бошқа ўзанга бурилиб кетди. Вақтинча хайрли ишни тўхтатиб, қисқа танаффус эълон қилдим. Бўшашиброқ Дўрмон боғига қайтдим. Дарвозадан ичкарига кирган заҳотим Усмон Азимни учратдим.

— Усмон ака, Бойсунда Айша Амонова деган раҳбар аёл ўтганини эшитганмисиз?
— Ҳа, биламан, у киши Шукур акамизнинг оналари бўлади, — деди Усмон Азим.

— Ростданми?… “Ғалла фронти”нинг масъул муҳаррири Холмирзаев деган киши Шукур аканинг отаси эмасми?
— Бўлмасам-чи! Нега сўраяпсиз?

Мен бўлган воқеани гапириб бердим.

— Ота-онаси тўғрисида ёзилган эски мақолаларни кўчириб олганимни эшитса, Шукур ака хафа бўлмасмикан?

— Йўғ-э, аксинча, хурсанд бўлади-ку! — деди Усмон ака ишонч билан. — Қани, аввал мен ўқиб кўрай-чи, қизиқиб қолдим.

“Умумий дафтар”имни Усмон акага бердим.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб дафтар қайтарилгач нонушта маҳали:
— Шукур ака, отангиз водийдан бўлганми? – деб сўрадим жиддий оҳангда.

— Йўқ, Булунғурдан эди, жузлардан бўлади.
— Эмасам, нега бўшанглик қилган?

— Тушунмадим, — деб Шукур ака оғзига яқинлаштирган пиёласини қайтариб стол четига қўйди. — Отамни айтяпсизми?

— Ҳа, 1935 йилда Бойсунда чиқадиган “Ғалла фронти” газетасининг масъул муҳаррири Холмирзаев бўшанглик қилгани тўғрисидаги чинми-ёлғонми маълумотга дуч келиб, у киши ҳам водийдан бўлса керак деб ўйлаб қолдим. Шу пайтгача отангиз водийдан эканини нега яшириб келдингиз, ҳайронман, — дедим пинак бузмасдан.

Шукур ака битта қошини баланд, биттасини паст қилиб менга тикилиб қолди. Ҳеч нарса бўлмагандек чойимни бемалол ичиб, юзимга фотиҳа тортиб ўрнимдан турдим.

— Мен сизга архивдан олинган маълумотларни бераман, юринг, — дедим. — Кечки пайт шаҳардан қайтаман. Кейин гаплашармиз… Даҳбошининг невараси экансиз-ку!…

Шукур акага “Умумий дафтар”имни хонамдан чиқариб бердим.

Кечки пайт кўришмадик. Шукур ака боғида бўлса керак деб ўйладим.

Эртаси куни нонушта чоғи Шукур акани ҳорғин аҳволда учратдим; кўзлари қизарган, қовоқлари шишган, юзида ажинлари кўпайган эди.

— Ухламабсиз, шекилли?
Индамади.

Апил-тапил чойимни ичиб ўрнимдан турмоқчи бўлдим.
— Бирпас ўтиринг, илтимос.

Сигарет тутатдим.

— Отамни кўрмаганман… Лекин район газетасининг бош муҳаррири бўлганини билардим…
Шукур ака ҳам сигарет тутатди.

Ноқулай жимлик хийла давом этди. Сигарет қолдиқларини кулдонга эзиб ўчирдик.

— Агар суриштирсангиз, делосини архивдан топиш мумкин, — дедим аста.
— Нима фойдаси бор? — деб Шукур ака секин ўрнидан турди. — Кетдикми?..

Индамай ўз хоналаримизга кўтарилдик.
Кечки овқат пайтида Шукур аканинг кайфияти хийла кўтаринки эди.

— Қаранг-а, отам ҳам бўшанглик қилган экан-да! — деб кулди. —Бўшанглик айб ҳисобланган экан, қаранг!..

Бу мавзуда бошқа гап бўлмади.

Шукур ака янги нарса ёзаётган бўлса, ўзи билан овора бўлиб қоларди. Иш тугагандан сўнг орадан бир ҳафта-ўн кун чамаси вақт ўтгач (бу орада қўлёзмага сайқал беради, тузатишлар киритади ва ҳоказо): “Ниҳоят, тугатдим! — дерди чеҳраси ёришиб. — Вақтингиз бўлса, ўқиб кўрасизми?..”

Шукур ака илк бора қачон ва қайси қўлёзмасини менга ўқиб кўриш учун берганини аниқ эслолмайман. Лекин бошқа нарсани аниқ эслайманки, одатда ўқитиш учун берган нарсасини “Ватан” газетасида чоп этилган ҳолда келтириб берсам ҳайрон бўларди.

— Ие, мен фақат фикрингизни билмоқчи эдим, — дерди ич-ичидан қувониб.

— Менинг фикримнинг нима аҳамияти бор, қизиқ экансиз-ку! Келаси ҳафтада гонорарини келтириб бераман, лекин…

— Бўлди, тушунарли, — дерди томоғини уқалаб. — Ишқилиб, бошқаларга ҳам маъқул бўлдими?
— Редакцияда қийқириқ бўлиб кетди, ишонаверинг!

“Казённий” овқатлар баъзан совуқликни ошириб юборарди. Шунда Шукур ака, “Боғимда ош қилмаймизми?” деб қоларди. Масаллиқни кўтариб боғчага йўл олардик. Шукур аканинг ўзи завқ билан паловга уннарди.

Бир куни ошхўрликдан сўнг қўлимга папка тутқазиб “Шуни ўқиб кўринг, илтимос”, деди. Ҳажми 50-60 саҳифа бор, устидан ишланган, жиддий таҳрир қилинган “палсапий рисола” экан. Қўлёзмани тун бўйи ўқидим. Эртаси куни Шукур аканинг хонасига Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини ҳам қўлтиқлаб тушдим.

— Мен сиздан буни кутмаган эдим, — дедим папкани столга қўйиб диван четига ўтирар эканман. Шукур ака стол ёнида турган стулни мен томон буриб ўтирди-да, бошини эгиб олди. — Ҳали-бери тўхтамайдиган электр тегирмонга янги ариқчадан сув келтириб қўйишингиз шартмиди?! Боз устига, Қодирийдан сўзма-сўз кўчириб олибсиз-ку, уялмайсизми?!

— Йўғ-э! — деб бирдан бошини кўтарди. Ниҳоятда ажабланди.

— Мана, эшитинг! — деб “Меҳробдан чаён” романини хатчўп қистирилган саҳифасини очиб Мирзо Анвар монологини товуш чиқариб ўқий бошладим:

“Мен бек почча бўлолмайман, Раъно. Ўрдадаги тўкилиб турган гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турган оҳу зорлар менинг юрагимни эзади, тичлигимни олади. Яна мен мирзабоши бўлиб қолсам, бу оҳу зорларнинг, тўкилган маъсум қонларнинг ичида билфеъл сузарман. Бу вақт менинг азобим бевосита бўлур. Балки, бунда иштирок ҳам қулурман. Чунки хонга яхши кўриниш учун кўп ишларни унинг истагича кўрсатиш – зулм пичоғини қайраб бериш шу мансабда узоқ яшамоқнинг асосий шартидир. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яратилмаган ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замирига яширинган зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маъноларига малҳам бўлиш, албатта, менинг қўлимдан келмас. Чунки “соябони марҳамат” виждон кенгашига қулоқ солғувчи аҳмоқлардан эмасдир. Дадангнинг феъли сенга маълум, Раъно…”

— Бўлди, бўлди! Одамни уялтирманг! — деб Шукур ака сигарет тутатди. — Ҳаммасини тушундим… Акангизни кечиринг… Лекин шунақа бўп қолди-да, нима қилай… Беихтиёр розилик бериб…

— Қўйинг, ўзингизни оқламанг! Барибир уят иш қилгансиз, лекин ихтиёр ўзингизда… Эсингиздами, Бобуршоҳ: “Қосимбек чун давлатхоҳ эди ва менинг номусим анинг номуси эди, белбоғимдин бир тортти, воқиф бўлдим” дейди. Шу.

Шукур ака иқрор бўлди, лекин ўша “буюртмани” барибир матбуотда эълон қилди.
Кейин бу мавзуда ҳам бошқа гап бўлмади.

Ажабки, устоз Эркин Аъзам ҳозиргача: “Кўп меҳнат қилганмиз, цитаталарни обдон тўғрилаганмиз”, деб юради…

Бозор иқтисоди чинакамига бошланди. Дўрмон атрофида ҳам тамшаниб юрадиган бозоргонлар пайдо бўлди. Дастлаб хориждан келган бозоргон хушҳаво жойларни кўриб қулт-қулт ютинади; ўлжани қайси томонидан ютиб юборсам тезроқ ҳазм бўлар экан деб ўйлайди. У бурганинг кетини кўрган ишбилармон-тадбиркор эди ва умуман, ёмон одамга ўхшамасди.

Аллақачон кўпчиликнинг ишончини қозонишга улгурган эди: одмигина кийиниб, эл қатори юрарди, овқат танламасди — дуч келган нарсани тик турганча еб кетаверарди. Ўша кимса ҳамшаҳари Шукур ака билан ошна тутинмоқ илинжида атрофида ўралашиб қолди. Уларнинг боғчада гаплашиб ўтирганини тез-тез кўриш мумкин эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Шукур ака бирдан тўнини тескари кийиб олди: “тадбиркор”ни боғчасига киритмай қўяди, неча пуллик маҳмадона махлуқ эканини ҳам башарасига очиқ-ойдин айтади. Воқеанинг бундай тус олишини ақли расо одамлар кутмаган эди.

— Нима бўпти? Нега бундай бўпти?..

Чамаси, қўли юпқалик қилиб иморатини битказа олмай юрган ҳалол қаламкашлардан бирининг уй-жойини “тадбиркор” кўтарасига сотиб олмоқчи бўлади. Бу ҳақда Шукур акага маслаҳат солади. Эҳтимол, “ширинкамо” таклиф қилингандир.

— Мулла, менга қаранг, ундан кўра муҳтож дўстимизга қарз бериб турсангиз ўласизми?! — дейди Шукур ака.

— Қарз берсам, қайтара олмайди-ку! — деб ажабланади “тадбиркор”.

— Шуни билиб туриб, бировнинг мусибати эвазига бойлик орттирмоқчимисиз, келажакда бир неча баробар фойда келтирадиган кўчмас мулкни қўлга киритмоқчи бўляпсизми?! Ўргилдим сиздақа Мирзакаримбойдан!

— Шукур ака, сиз мени тушунмадингиз, ахир бутун дунёда шундай.
— Марш отсюда! — деб кўчани кўрсатади Шукур ака тутақиб. — Пошёл вон, бўқвой!

— Сўкманг охир, барибир ўрисчани тушунмайман…
— Иди н….

“Тадбиркор ” қорачадан келган бўлса ҳам кўкариб кетади ва дарҳол жуфтакни ростлайди. У анча пайтгача Шукур аканинг кўчасини айланиб ўтадиган бўлади.

“Менинг номусим анинг номуси эди”, деб иқрор бўлади кейинчалик юпқақўл қаламкаш. У Шукур акадан ғойибона миннатдор бўлади.

Орадан уч-тўрт йил ўткач, мансабидан урилган-сурилган “янгибойлар” қоринларини қаппайтириб, боғ оралаб “ҳазмитаом” учун сайр этиб юрадиган бўлади. Кейин уларнинг ёнига қорин бўшлиғи, ошқозон, киндик, киндикости, йўғон ичак тўғрисида соатлаб гаплашадиган “дилхаста” кимсалар ҳам қўшилади. Улар бирин-кетин хусусий мулк эгаларига айланади; ўртага одам қўйиб ишларини ими-жимида битириб, оҳори тўкилган кийимда, йўл четида пиёда кетаётган қаламкашни кўрса мийиғида кулиб, кўчани чангитиб ўтадиган одат чиқаради. Бора-бора ҳеч ким уларнинг мушугини “пишт!” демай қўяди. Ўйлашадики, “буларнинг эски шляпасидан бошқа, алмисоқдан қолган машинкасидан бошқа яна нимаси бор?!”

Шукур аканинг кулбасига айвончадан кирилади. Айвончага диван билан кичик хонтахта қўйилса, нариги томонга ёнбошлаб ўтиш мумкин, холос. Баҳор ва куз фаслида асосан мана шу жойда ўтирилади.

Баҳор эди. Шукур ака айвонча рўпарасига жўяк тортиб помидор кўчатларини экибди. Кўчатлар тутган, ёнига чўп тиқиб қўйилган. Бир куни боғчага кирсам, Шукур ака ўтлоққа кўрпача тўшаб ўтирган экан. Сўрашганимиздан сўнг ичкарига кириб пиёла олиб чиқмоқчи бўлди; помидор жўяклари оралаб бориб, айвонча тўсиғидан ошиб ўтиб ичкарига кириб чиқди. Ҳайрон бўлдим.

— Кўрдингизми, шунақа бўп қолди, — деди кулиб.
— Айвончага остонадан ўтсангиз бўлмасмиди?

— Шуни айтяпман-да! — Чой қуйиб узатди. — Эрта баҳорда афғонқуш-олақанот айвонча пештоқига ин қурди, кейин тухум қўйди. Яқинда палопонларининг чирқ-чирқ товушини эшитиб қолдим. Олақанот бола очибди. Майли, умри билан берган бўлсин, дедим. Бироқ, энди остонадан айвончага ўтадиган бўлсам олақанот бошим узра айланиб мени чўқимоқчи бўлади, палопонларини қизғанади. Шунинг учун инида ётган, болаларини озиқлантираётган афғонқушни безовта қилмаслик учун пойабзалимни лойга ботириб жўяк оралаб юриб, тўсиқдан ошиб тушадиган бўлдим. Мокиён боя инига кириб кетган эди…

Афғонқуш палопонлари учирма бўлиб инини тарк этгунча Шукур ака айвонча тўсиғидан ошиб ўтиб юрди.

Шукур аканинг боғи доим гавжум бўларди. Турли тоифа , турли табақага мансуб қўноқларни назарда тутаётганим йўқ. Улар ўз йўлига. Шукур ака уларга жиддий эътибор бермасди. Кун бўйи, баъзан бир неча кун таниш-нотаниш одамлар билан вақтини ўтказиши мумкин эди, лекин кўнгли бошқа ёқда бўлар эди, кўнгли қаёқда эканини ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Даврада бўлаётган гапларга қулоқ солиб ўтирарди, эътиборли воқеалар тўғрисида гап кетса, эслаб қоларди. Айни чоғда кутилмаган мулоҳазани ўртага ташлаб қўноқларни антак-тентак қилиб қўярди:

— Тургенев билан Достоевский учрашмаган-а!.. Йўқ, учрашган, фақат сўрашмаган, шекилли. Ижтимоий табақаланиш, ижодий принциплар баъзан кўнгли яқин ёзувчиларни ҳам бир-бирига бегона қилиб қўяр экан-да! Тўғрими?

Давра анқайиб қоларди. “Причем тут Муртазоев?” деган савол кўпчиликнинг хаёлидан ўтарди. Шукур ака эса пинак бузмасдан яна ўзининг ўй-хаёлларига ғарқ бўларди.

Шукур аканинг боғи доим гавжум бўларди: ҳув марвартак остида битта қўлини тасма-белбоғига тиқиб, битта қўлини пешонасига соябон қилиб Толстой бобо тикилиб турарди; Достоевский ариқ бўйидаги тўнкада деворга қараб тумтайиб ўтирарди; Чехов айвондаги диванда оёқларини чалиштириб ўтирган ҳолда палопонларнинг чуғурлашини тингларди; Пушкин чайлада тик турганча ён дафтарчасига бир нималарни қораларди; Тургенев ичкарида милтиқни қисмларга ажратиб, учига оқ пахта ўралган шомпол билан қувурни мойлаб тозалаяпти – овга ҳозирлик кўряпти; Гоголь бўйнидаги хочни бағрига маҳкам босиб, хаёлан деворда осиғлиқ турган Биби Марям тимсолига тикилиб паст товушда дуо ўқияпти… Руссо, Бальзак, Гюго, Шекспир, Флобер, Жек Лондон, Михаил Шолохов, Хемингуэйлар ҳовур кўтарилиб турган қўр атрофида давра қуриб ўтиришибди; гоҳ-гоҳ кимдир луқма ташлаб қўяди…

Шукур ака меҳмонларига мулозамат қилмасди. Ҳар ким ўзини ўз уйида юргандек, ўтиргандек ҳис этарди. Бу ерда мезбон ким, меҳмон ким – ажратиб бўлмасди. Суҳбат асосан сукунатдан иборат бўларди, фақат сукунат билан ифодалаб бўлмайдиган фикрларгина сўз билан айтиларди. Ҳис-туйғулар эса сукунатда зуҳур этиларди.

Лев Толстой Шукур ака учун сўз санъатининг ўзгармас ўлчами, мезони эди. “Уруш ва тинчлик” муаллифининг ҳаёт ҳикоясини, ижодий фалсафасини беш қўлдай биларди.

“Ҳар бир бадиий асарнинг учта унсурига алоҳида эътибор бериш керак. Энг асосийси – мазмун, кейин мавзуга (предметга) муҳаббат, ниҳоят, ижро маҳорати-техника муҳим аҳмиятга эга. Мазмун билан муҳаббат уйғунлиги таъминланса, яхши асар яратилади. Шунда техника ҳам қиёмига етади… Тургенев асарлари мазмунсизроқ, лекин предметга муҳаббат яққол сезилиб туради, маҳорат ҳам юксак даражада. Достоевский асарларининг мағзи тўқ, аммо маҳоратдан асар ҳам йўқ. Некрасов асарларида мазмун ҳам, маҳорат ҳам жойида, бироқ ҳақиқий муҳаббат етишмайди”, деб “таълим” берган эди Лев Толстой (А. Ф. Кони хотираларидан).

Император Александр II бўлса: “Крепостной ҳуқуқни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришимга Тургеневнинг “Овчи хотиралари” китоби жиддий таъсир кўрсатди”, деб эътироф этади.

Ана холос! Толстой назарида “мазмунсизроқ” асарлар яратган ёзувчи Тургенев Россиядек буюк салтанат тақдирини ўзгартириб юборишга муносиб ҳисса қўшади.

Толстой бобо Ясная Поляна ўтлоқлари, ўрмонлари, ботқоқзорлари оралаб сайр этиб юрган чоғларида мафтункор табиатни томоша қилиб тўймасди, табиий гўзалликдан битмас-туганмас эстетик завқ оларди. Баъзан сўқмоққа эгилиб қолган ёввойи гулларни ҳассаси билан туртиб қаддини ростлаб қўярди, ранг-баранг капалакларни ҳуркитиб юборарди. Майин шабада эсган заҳоти димоққа муаттар ҳидлар уриларди… Шундай фараҳбахш дамларда шаҳардаги диққинафас хоналарида қоғоз қоралаб ўтирган ҳамкасбларини кўз олдига келтириб, афсуслангандек бош чайқарди, “Оббо эсипастлар-эй, ундан кўра қамоқда ётган афзал эмасми?!”

Шукур ака Лев Толстойнинг феъл-атворини, ўй-хаёлларини яхши биларди. Айрим фикр-мулоҳазалари назарий жиҳатдан тўғри бўлса-да, ҳаёт ҳақиқатига мутлақо мос келмасди. Умуман олганда, Толстой баъзан замондошларини (жамоатчилик фикрини) нуқиб, мувозанатдан чиқариш учун ҳам атайлаб оқимга қарши борарди. Шу тарзда одамларни ўйлашга, мустақил фикр юритишга ўргатмоқчи бўларди. Бировга ақл ўргатиш – ўқитувчилик Толстой бобонинг “хоббиси” эди.

Шукур ака яхши кўрадиган классик ёзувчилардан яна биттаси, шубҳасиз, Антон Павлович Чехов эди. У бор-йўғи 44 йил умр кўрган. 1890 йилда Сахалин оролига сафарга бориб келгач, ўн-ўн беш йил давомида оғир касалликка чалиниб ҳаёт кечиради. Лекин Чехов асарларида ўлим васвасаси асло сезилмайди. У ҳаёт билан ўлимни табиий ҳодиса сифатида хотиржам қабул қилади – чамаси, ич-ичидан охиратга ишонади. Чехов жаҳон адабиётида фавқулодда ҳодиса ҳисобланади. Илгари ҳам, ундан кейин ҳам бундай ёзувчи бўлмаган…

Шукур ака яхши ёзишни кимдан ўрганган? Менимча, ҳеч кимдан ўрганмаган. Ўзи яхши ёзувчи эди. Гап шундаки, ўзининг ҳақиқатан ҳам яхши ёзувчи эканига ишонч ҳосил қилиш учун буюк адибларнинг асарларини синчиклаб мутолаа қиларди. Эсимда, Уильям Фолкнернинг “Танланган асарлари”ни бир ой давомида ётволиб ўқиган эди. Қироатдан сўнг анча пайтгача жиғибийрон бўлиб юрди, “Одамлар ҳам аҳмақ экан! Кўпчилик Фолкнерни ёзувчи деб юрибди, у ёзувчи эмас, эзма — граммофон!”

Ваҳоланки, 1949 йилда У. Фолкнер Нобел мукофоти билан тақдирланган эди.

— Нима бўпти?! Ўн-ўн бешта мияси айниган чол тўпланиб олиб мукофот берса, эски пластинка ҳам ёзувчи бўлиб қоладими?! — дерди Шукур ака расмона ажабланиб.

Дарвоқе, аксарият ўртамиёна қаламкашлар юзларига жиддий (оқилона) тус бериб, савлат тўкиб юрган чоғларида рўпарасидан Шукур ака чиқиб қолса, қочгани жой тополмай қоларди. Бундай пайтда Шукур ака албатта ниш уриб, нишона қолдириб ўтиб кетарди.

— Шукур ака, палончини нега кўпчилик олдида шарманда қилдингиз?.. Энди сассиб юради. Ахир бирибир фойдаси йўқ-ку!

— Фойдаси бўлмаса ҳам ўзининг бир пулга қиммат эканини билиб қўйгани яхши.

Аслини олганда, кўпинча Шукур ака ҳақ бўларди. Сезишимча, у адабиётни ўзининг шахсий  боғидек авайлаб-асрашни истарди, боғидек яхши кўрарди адабиётни. Афсуски, боғи ҳам худди адабиётдек рўзғор тебратишига имкон бермасди. Боғ ҳам, адабиёт ҳам битта ёзувчини боқишга қодир эмас эди. Боғида ўкиниб хаёл суриб ўтирганини кўп кўрганман. Айниқса, ўртамиёна қаламкашлар ёстиқдек китобларига дасхат ёзиб Шукур акага тақдим этиб кетганидан сўнг қадр-қиммат тўғрисида маҳзун ўйга толарди. Адабиётни “воситаи жоҳ” этиб олган тенг-тўш ҳамкасблари, “укахонлари” бир-бир кўз ўнгидан ўтаверарди. Яхшиямки, зийрак Иброҳим Ҳаққул Шукур аканинг маҳзун ҳикояларини, замон ва замондошлари тўғрисидаги аччиқ-чучук фикр-мулоҳазаларини ўнлаб оҳанрабо тасмаларга ёздириб олади. Тасмаларга ёзилган сўзлар қоғозга кўчирилса, расмона китоб бўлади. Шунда Шукур аканинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирлари, қирралари ярақлаб кўзга ташланади. Лекин у кунларгача ҳали анча бор.

Шукур ака боғини адабиётдек яхши кўрарди. Шу жумлани “адабиётни боғидек яхши кўрарди” деб ёзсам ҳам мантиқан хато бўлмайди, лекин ҳақиқатнинг оёғидан чалиб йиқитган бўламан. Фаҳм-фаросати ҳаминқадар ўқувчи йиқилиб ётган ҳақиқатни кўриб, эшакка ўхшаб тупроққа юмалаяпти, “загар” қиляпти деб ўйлаши мумкин. Шукур ака бўлса, шундай жумлага кўзи тушган заҳоти: “Мулла, ақлингиз етмаган ишга нега бурнингизни тиқасиз, ёзсангиз – тўғри ёзинг, бошимни қотирманг!” деган бўларди. Тўғриси, Шукур ака боғини адабиётдек яхши кўрарди. Бу боғни умрининг охирларида ўз қўллари билан барпо этди. Адабиётга эса бутун умрини бағишлади: ёзувчи бўлиб туғилди, ёзувчи бўлиб яшади, ёзувчи бўлиб вафот этди. Ҳаётни, ҳаётини асарларига кўчирди; адабиётни максимал даражада ҳаётга яқинлаштирди. Буюртма “макалатура” билан ҳақиқий адабиёт ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини аввал-бошдан теран англади.

Жумла кўп нарсани ҳал қилади. Биргина жумла бутун асарни ағдар-тўнтар этиб юбориши мумкин. Жумла – ўқилдизга ўхшайди.

Меҳмонхонада яшаган пайтларимизда ҳар куни кечки пайт фойега чиқиб “Время”ни ёнма-ён ўтириб томоша қилардик. Кўпинча Шукур ака чойнак-пиёласини кўтариб чиқарди. Бир пиёла чой узатарди. Кўрсатув тугагач, дарҳол хонасига кириб кетарди. Бир куни “Время”дан кейин: “Биласизми, Ҳиндистон гимнини ким ёзган?.. Рабиндранат Тагор ёзган”, деб қолди. “Тагор 1941 йил ўлган, Ҳиндистон эса 1956 йилда мустақил бўлган”, дедим ишонқирамай. “Кечирасиз, нотўғри гапирибман. Қаранг, бир жумла мазмунни бутунлай ўзгартириб юборади. Тўғрироғи, Тагор ёзган шеър кейинчалик мамлакат гимни сифатида қабул қилинади. Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, ўша гимнда “Ҳиндистон – менинг жазманимсан (“любовница моя”) ” деган жумла бор. “Жазманим” дейди чол, “рафиқам” демайди. Демак, ўша шеърни ёзаётган пайтида Тогорнинг кўнглига рафиқасидан кўра жазмани яқинроқ экан-да! Эҳтимол, жазман тутиб қўйиш Ҳиндистонда айб ҳисобланмас. Тагор ўз мамлкатини шахсий ҳаётидек яхши кўради. Зўр-а!” деб мириқиб кулади. “Шунақа гапларни атайлаб териб юрасизми, ҳайронман!” дейман ҳазил аралаш. “Нима қилай, хотирамга ўрнашиб қолади, кейин узоқ пайт ўйлаб юраман… “Время”да Ҳиндистонда сув тошқини рўй бергани тўғрисида лавҳа берилган заҳоти Тагор эсимга тушди…”

Шукур ака ниҳоятда синчков эди. Ҳеч нарса унинг назаридан четда қолмасди. Ҳамма нарсани кузатиб, қиёслаб юрарди.

Боғида ҳам бекор ўтирмасди, доим нима биландир машғул бўларди. Агар иш тополмай қолса, “экспримент” ўтказарди. Эсимда, шиғил-шиғил мева қиладиган шафтолининг тепа шохлари қурий бошлади. Шунда дарахт остига, қаердандир топиб келиб, аноргул экди. Бу гул чирмовуққа ўхшар экан, бирпасда дарахтнинг устига чиқиб кетди, шафтолининг ҳамма шохларини қоплаб олди. Тез орада шафтоли қуриб қолди. “Кўрдингизми, эксприментим тескари натижа берди, лекин барибир натижа берди-ку, муҳими — шу! Демак, чирмовиқ гулларни мевали дарахт остига экмаслик керак экан”, дейди Шукур ака кулиб.

Боғ доимий парваришни талаб қиларди.

Шукур аканинг боғи гўё адабиётдан андаза олган эди, адабиётнинг мўъжаз нусхасига ўхшарди.

* * *

Ўрта мактабнинг юқори синфидами ёки илк уриниш билан ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кира олмаганимдан сўнг Қўқонда ДОСААФнинг профессионал шофёрлар тайёрлаш курсида ўқиб юрган кезларимдами, ҳартугул, бир нарса аниқки, Бағдод райони марказидаги ягона китоб дўконидан (ҳозирги автостанция майдонида жойлашган эди) Иброҳим Раҳим, Адҳам Раҳмат, Назир Сафаров, Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков каби ёзувчиларнинг китоблари қаторида Шукур Холмирзаевнинг “Ҳаёт абадий” ҳикоялар тўпламини ҳам сотиб олганман. У пайтларда қўлимга тушган китобни “хатм” қилаверардим. Ёмон китоб бўлса, чоп этилмасди деб ўйлардим. Хуллас, “ақлни пешлайдиган” – ўқувчини “коммунистик ахлоқ кодекси” моддалари асосида тарбиялайдиган “фойдали” китоблар мутолаасидан сўнг “Ҳаёт абадий”ни варақлаб кўрганман. Дастлаб, муаллифнинг исм-фамилияси нотекис туюлган. Одатда, ёзувчиларнинг исми шарифи, тахаллуси сип-силлиқ бўларди. Боз устига, ҳикоя ўқишни унчалик ёқтирмасдим. Чунки аксарият ҳикоялар энг қизиқ жойида тугаб қоларди: кейин нима бўлади?.. Ўқишдан “йиқилиб” қайтган йигит ҳарбий хизматга жўнагани маъқулми ёки хотин олса жамиятга кўпроқ фойда келтирадими?.. Бундай “долзарб” масалага Ў. Ҳошимов билан Ў. Умарбеков қиссаларида баҳоли қудрат жавоб бериларди, лекин кўп ҳикоялар атлас лозимнинг жияклари кўринган заҳоти тугатиларди, юқорироқ кўтарилмасди. Қизиқ жойини қидириб давомини ўқисангиз, кейинги саҳифада келин-куёв комсомол йўлланмаси бўйича ўқишда, ишда, зўр қурилишда юрган бўларди. Ажаб, ёзувчилар жўрттага одамни аҳмоқ қилармикан ёки ўзлари ғирт аҳмоқмикан?.. Романлардан, қиссалардан тайинли бир гап чиқишига паққос ишонмай қўйганим боис “Ҳаёт абадий” тўпламидаги ҳикояларни чўқилаб ўқиб кўрдим. Дафъатан ҳайрон бўлдим, ҳикоялар ғадир-будурдек эди. Астойдил мутолаага киришаман. Бостирмада боғлиқ қолган сигир-бузоқлар чанқаб бўкира бошлайди; уларга ариқдан пақирлаб сув келтириб беришим лозим эди, вақтимни аяб… паншаха-бешлик сопи билан бақироқларини яхшилаб калтаклаб қайтаман. Хийла пайт ҳаммасининг овози ўчади. Навбатдаги ҳикояни ўқий бошлаган чоғимда яна бақир-чақир авж олади, яна-тағин сигир-бузоқларни танлаб-танлаб калтаклаб қайтаман. Мутолаа поёнига етади: ие, шунақа ёзса ҳам бўлар экан-ку?! Шукур Холмирзаев “тўғри” ёзишни билмагани учун шунақа ғадир-будур ёзганмикан? Ҳойнаҳой, сип-силлиқ ёзишни ҳам, тахаллус танлашни ҳам билмаса керак… Муаллиф кўнглимда шубҳа уйғотади, чувалашиб қоламан. Чатоқ бўлади. Ҳамма ёзувчилар бир тараф бўлса, Шукур Холмирзаев бир тараф бўлади. Ҳамма ноҳақ бўлиб, бир кишининг ҳақ бўлиши мутлақо мумкин эмас эди. Мен билган таълимотга кўра, ҳар доим коллектив ҳақ бўларди. Бошқача бўлишини тасаввур эта олмасдим. Тасаввурим чекланган эканини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Одамлар нима деркин?.. Ён-атрофимда бу масала юзасидан фикр-мулоҳаза билдирадиган одамнинг ўзи йўқ эди.

Шукур Холмирзаев билан ғойибона танишув мени ажаблантирган, холос.

Орадан кўп йиллар ўтди. 1984 йилда “Ёшлик” журналида “Табассум” ҳикояси чоп этишга тайёрланаётган пайтларда Шукур акани биринчи марта учратдим. Бу пайтда туркум ҳикояларим эълон қилинган, Эрнест Хемингуэйнинг “Ёшлар билан суҳбат”ини таржима қилган эдим. Шукур ака уларни ўқиган экан, хурсанд бўпти. “Нега хурсанд бўлади, ахир ўзи мендан яхши ёзади-ку”, деб ўйлаганман…

Рангонтовда туғилган биродаримиз Неъмат Иброҳим, ёзувчининг кенжа ўғли Жаҳонгир ва мен мустақилликнинг илк йиллари Сурхондарёга бир ҳафталик сафар чоғида Шукур акага ҳамроҳ бўлдик. Бойсунга бориб Шукур аканинг онаси Ойша момони зиёрат қилдик, ёзувчи туғилган хонадонни кўрдик. Сафар давомида Неъмат ака қизиқувчанлик билан Шукур акага юзлаб савол бериб, юзлаб жавоб олган; Шукур аканинг ўзи ҳам Эшон бободан Иброҳимбек ва лақайлар тўғрисида кўп нарсаларни сўраб-суриштирган эди. Янглишмасам, шоир Неъмат Иброҳим ўша сафар таассуротларини аллақачон қоғозга тушириб қўйган бўлса керак.

Дилетант мухлислар, дилетант қаламкашлар муттасил Шукур аканинг бошини қотирарди: Қаҳҳор, Қодирий, Ойбек, Айний; Қодирий, Қаҳҳор, Ойбек, Айний; Ойбек, Қодирий, Қаҳҳор, Айний… Бечора Айний домла ҳар доим рўйхат охирида зикр этиларди. Кўпинча Қаҳҳор бери сурилиб, бошқа ёзувчилар нари суриб қўйиларди. Ҳартугул, Қаҳҳор Шукур аканинг устози бўлган… Шукур ака туйқус тутун қайтариб қоларди:

— Айний домла билан ҳазиллашманг, жипириқлар! Сизлар нимани ҳам билардингиз?! Қаҳҳор-Қаҳҳор эмиш… Нима бўпти ўша Қаҳҳор? Саржин-саржин ўтин ёрди, яна нима қилди?! Ҳатто “Зилзила”ни ҳам охирига етказмаган, юраги дов бермаган…

— Оҳ, ширк кетманг, Шукур ака! Куфр кетдингиз, астоғфурулло денг!
— Пошёл вон! Всем, кругом, шагом марш! Подумаещ…

Қўноқлар шумшайганча бирин-кетин боғни тарк этарди. Албатта, кўчага чиқар-чиқмас мишмишни бошлаб юборишарди.

Аслида, Шукур ака Қаҳҳор мактабини талабалик йилларидаёқ ўтаб бўлган эди, энди Қаҳҳор кўзлаган-у, лекин етаолмаган довонга кўтарилган, аста-аста довондан энаётган эди.

— Довонга чиқиш қийинми, тушишми? — деб сўрашибди туядан.
— Э-э, учинчисининг ҳам гизини… — деб сўкинибди туя.

— Учинчиси нима экан?
— Довонга чиқиб-тушиб кўрмагансан-да, билмайсан. Учинчиси —чанқов! — дейди туя.

Ўша туя, хокисор Матназар Абдулҳакимнинг айтишича, хоразмлик экан.

Довонга чиқиб-тушаётган одамнинг бутун вужуди ўртаниб кетганини томошабинлар қаёқдан ҳам билсин!

Шукур ака вақти-вақти билан “Қуллар”ни, “Қутлуғ қон”ни, “Ўтмишдан эртаклар”ни, “Обид кетмон”ни қайта мутолаа қилиб, ўзида йўқ қувониб юрарди.

Биз ҳам дўппимизни ечиб қўйиб салафларимизнинг асарларини хотиржам мутолаа қилсак кам бўлмасдик.

1873 йилнинг апрель ойида Лев Толстой мактубларининг бирида П. Д. Голохвастовга: “Пушкиннинг насрий асарларини қачон қайта ўқигансиз? Дўстим бўлсангиз, “Белкин қиссалари”ни бир бошдан қайта ўқиб чиқинг. Ўзим яқинда шундай қилдим; мутолаадан сўнг қанчалик роҳат қилганимни сўз билан ифодалай олмайман”, деб ёзган экан.

Толстой бобонинг хотираси ҳаққи-ҳурмати “Белкин қиссалари”ни яқинда қайта мутолаа қилишга киришдим. Туркумдаги биринчи қисса “Отишма” (“Выстрел”) деб номланган. Унда бир-бири билан отишмага (дуэлга) чиққан икки йигит ҳақида гап кетади: Сильвио ниҳоятда мерган бўлади, ҳатто деворга қўнган чивинни ҳам тўппончадан ўқ узиб ўлдира олади, лекин кўнгилхушлик учун ваҳшийлик қилмайди, одамгарчилиги ҳам йўқ эмас. Қисқаси, шу Сильвио ўн-ўн беш қадам нарида турган, илгари ўқ тешиб ўтган тешикчани аниқ нишонга олиб, аввалги ўқ устига яна битта ўқни “ўтқазиб” қўяди. Сильвио Швецария манзараси тасвирланган картина – расм остида турган пайтида рақиби биринчи бўлиб унга қарата ўқ узади, лекин ўқ бошига эмас, айнан картинага тегади ва тешик ҳосил қилади. Ўқ товушини эшитиб ичкарига кирган келинчак дод-фарёд кўтариб ялиниб-ёлворгач, Сильвио ҳақли равишда жавобан ўқ узишдан воз кечади, ташқарига чиқиб кетар чоғида эса остонада тўхтайдию орқасига ўгирилиб картинадаги тешикни нишонга олиб ўтирмасдан ўқ узади: ўқ айнан аввалги ўқ ҳосил қилган тешикка тегади. Яъни, муаллиф айтмоқчики, агар у рақибини ўлдирмоқчи бўлганида борми, хоҳлаган жойидан дарича очиб қўйиши мумкин эди… Яхши, Пушкинга бу борада ҳеч қандай эътироз йўқ; ўқ ўрни гугурт чўпининг учидек бўлса, уни кўриш мумкин, бироқ ўша тешикка битта эмас, иккита ўқ кириб кетганини қандай аниқлаб, кўриб бўлади?! Баллистик текширув – экспертиза оқибатида мутахассислар тешикчага иккита ўқ устма-уст кириб кетганини, эҳтимол, осонликча аниқлаб берар. Қисса қаҳрамони – ровий бир қарашдаёқ картинадаги тешикчадан устма-уст иккита ўқ ўтганни дарҳол айтади. Аммо нимага, қандай далилга асосланиб шундай хулоса чиқаради? Бу саволга ким аниқ жавоб бера олади?.. Тўғри, Пушкин ўқувчини ишонтиради, лекин муҳим бир детални оддий китобхон тушунадиган тарзда асослаб бермайди.

Шунда Шукур акани қидириб қолдим. Шунда Шукур аканинг қадри ўтди.

Афсус, бояги саволим жавобсиз қолди. Балки Толстой, Пушкин каби малакали ҳарбий билимга эга бўлган ёзувчи-ўқувчи учун менинг кўнглимда пайдо бўлган шубҳа эриш туюлиши мумкин. Лекин “Белкин қиссалари”ни умрида қўлига тўппонча ушлаб кўрмаган одамлар ҳам ўқиши мумкинлигини ҳисобга олиши лозим эди. Ё нотўғрими?..

Шу йил ёзда букинист-дўкондан Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романини харид қилиб ўқиб чиқдим. Унда жонли ҳаёт бор экан. Жонли одамлар бор экан. Парда Турсун ҳам чакана ёзувчи бўлмаган экан-ку, деб ўйладим. Сўнг устоз Эркин Аъзамга ўз мулоҳазаларимни айтдим. Эркин ака ҳам бу романни мақтади: “Лекин талабалик пайтимда ўқиганман, шундай бўлса-да ҳаётий лавҳалари ҳамон кўз одимда элас-элас турибди; бадиий асарнинг қиммати кўнгилга қай даражада таъсир этган-этмагани билан ўлчанмайдими? Эҳ, Шукур ака бўлганида аниқ жавоб берарди, аниқ баҳо берарди”, деди.

Шукур аканинг қадри яна билинди.

Ўрхон Помуқ “Қор” романида: “1878 йилда беш юз йиллик қалъа рус аскарларига таслим бўлганидан сўнг мусулмонларнинг бир қисми сурилмиш…” деб ёзади Туркиянинг шимолий қисмида жойлашган Карс шаҳри тўғрисида. Ваҳоланки, Пушкин 1829 йилда “Эрзрумга саёҳат” қилган, ўшанда ҳам Карс шаҳридан ўтиб кетган, чунки Эрзурум ҳатто Карсдан ҳам юз-юз йигирма чақирим ичкарида — Истанбул томонда жойлашган. Демак, 1829 йилда генерал И. Ф. Паскевич томонидан Карс забт этилгач, яна усмонлилар қўлига ўтган экан-да?.. Бу саволга аниқ жавоб олиш учун романни бир четга қўйиб, тарихий асарларни титкилашга тўғри келади. Аслида, малакали муаллиф томонидан ёзилган бадиий асарда ўқувчи-китобхон кўнглида шубҳа-савол уйғотадиган ўринлар бўлмаслиги лозим. Шубҳа ўқувчи ишончини сўндиради.

Шукур ака бадиий адабиётнинг тирик тимсоли эди.

Умрининг охирларида Шукур ака уч жилдлик “сайланма”сини нашрга тайёрлашга астойдил киришади. Хайриятки, жонтортар қизи Сайёра адасининг вақтли матбуот саҳифаларига сочилиб кетган барча катта-кичик асарларини тўплаб юрган экан. Сайёра туфайли Шукур ака “сайланма”нинг биринчи жилдини қўлига олди, иккинчи жилдининг корректурасини ўқиб беришга улгуради. Муаллиф хоҳиши бўйича мен муҳаррир бўлдим, аннотацияларни ҳам ўзим ёздим.

Биринчи жилдга ёзилган аннотация:

“Шукур ХОЛМИРЗАЕВ бадиий солнома яратган ёзувчи. Ўзбек халқининг 50 йиллик ҳаёти ана шу солномада ҳаққоний акс эттирилган. Ҳикояларнинг ҳар бири мустақил асар бўлса-да, лекин улуғвор иморатга қўйилган ғиштга ўхшайди: агар бирорта ғишт ўз ўрнидан олиб қўйилса, иморат қулаб тушмаган тақдирда ҳам, нуқсонли кўринади. Декмак, Шукур Холмирзаев барпо этган иморатни бенуқсон кўриш учун нафақат “танланган асарлар”ини, балки уч жилдликка кирмай қолган бошқа асарларини ҳам мутолаа қилиш керак.

Ҳақпарвар ва халқпарвар адибимизнинг уч жилдлик сайланмаси шак-шубҳасиз кўнглимизни ҳам, китоб жавонимизни ҳам обод қилади”.

Иккинчи жилдга ёзилган аннотация:

“Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур ХОЛМИРЗАЕВнинг уч жилдлик “Сайланма”сининг иккинчи жилдидан 1984 йилда ёзилган “Табассум” ҳикоясидан 1996 йилга қадар яратилган энг сара асарлари ўрин олган. Яъни, мумтоз адибимизнинг бир неча йиллик фидокорона меҳнати иккинчи жилдда ўз аксини топган. Ушбу ҳикоялар китоб ҳолида илк бор нашр этилмоқда. Ўтган давр мобайнида замон ўзгарди, ижтимоий тузум ўзгарди, одамлар ҳам ўзгарди, лекин адиб ўзгармади – у ўзининг ижодий тутумларига содиқ қолди. Шукур ХОЛМИРЗАЕВ ҳамон ҲАҚИҚАТ БАЙРОҒИ остида ҲАЛОЛ ижод қиляпти, ҳалол ЯШАЯПТИ. Ўйлаймизки, иккинчи жилд мутолаасидан сўнг зукко ўқувчи беихтиёр: “Баракали ижод соҳибига баракали умр тилайман! Умрингиз узоқ бўлсин, бахтимизга соғ-саломат бўлинг, Шукур ака!” деб юбориши турган гап”.

Эсимда, шу аннотациялар қўлёзмасини илк бор қўлига олганда Шукур ака бир қошини баланд, бир қошини паст қилиб ўқишга киришган эди. Матнларга бир қур кўз югуртиргач, қошлари жойига тушади. Сўнг синчиклаб қайта ўқийди. Бу гал чеҳраси ёришиб, юзида табассум пайдо бўлади; боз устига, табассумини яширишга беҳуда урина бошлайди. Индамай сигарет чекиб ўтиравераман. Қарасам, Шукур ака ростакамига хижолат бўляпти. Аста ўрнимдан турдим.

— Бўпти, мен кетдим, ишим бор эди.
Э-э, шошманг, бу ахир…
Нима дейсиз?.. Мен тўғрисини ёздим, холос.

Шукур ака бирдан шарақлаб кулиб юборади. Анчадан буён Шукур аканинг ич-ичидан қувониб кулганини кўрмаган эдим. Ўзим ҳам хурсанд бўлдим.

Айвончадан тушиб орқамга бурилдим-да:
— Ҳа, мени аҳмоқ деб ўйловдингизми?! Сиз билган нарсани мен билмайманми?! Кечирасиз, ернинг остида илон қимирласа биламан! — дедим ҳазиллашиб.

Шукур ака ҳайҳайлаб қолди. Ўша куни ростдан ҳам зарур ишларим бор эди…

Ушбу хотираларимни қоғозга тушираётиб ора-орада уч-тўрт марта Шукур аканинг боғига бордим. Панжара дарвозасида қулф осиғлик экан, боғ атрофида айланиб изимга қайтдим ҳар сафар. Назаримда, боғ ҳамон гавжумдек туюлди: шу тобда Шукур ака айвончада хаёл суриб ўтирган бўлса, хаёлини бўлмай деб ўйладим охирги борганимда.

Куз. Хазон фасли бошланган. Лекин Шукур аканинг боғида чиннигуллар барқ уриб очилиб ётибди. Табиатнинг бир парчаси қўриқхонада сақлангандек туюлади. Шукур ака табиий ҳолатда боғ яратиб кетди. У адабиётимизни ҳам ҳаётга яқинлаштирди, ҳаётга боғлади; оёғи ердан узилган адабиётни ерга тушириб қўйди. Шу пайтгача ҳеч кимнинг қўлидан келмаган буюк бир вазифани чин дилдан адо этди; дунё адабиёти мезони билан ўлчанадиган гўзал асарлар яратди. Ҳаётни қандай бўлса шундайлигича тасвирлади; ҳаётни товлаб-товлантириб кўрсатмади. Ҳаққоний адабиётнинг бетакрор намуналарини мерос этиб қолдирди.

Шукур ака ҳали яшаши керак эди. Тоғда ўсган, жисмоний меҳнатни бир умр канда қилмаган инсон ўйнаб-кулиб саксон-тўқсон йил яшаши мумкин эди. Худди ўзи ихлос қўйган Толстой бобога ўхшаб. Фақат боғига андармон бўлиб, майли, ҳеч нарса ёзмасин, қулоқлари том битсин — ҳеч нарсани эшитмасин, кўзлари хира тортсин — нурдан бошқа нарсани кўрмасин, белидан қувват кетсин — юк кўтармасин, лекин яшаши керак эди. Ўнкиллаган, мўнкиллаган ҳолатида ҳам тирик ТИМСОЛга айланарди. Тирик тимсол қанча-қанча қалбларни олислардан илитиб турарди, чорлаб турарди ўзига. Тимсолга талпиниб яшаш бошқача бўларди. “Шукур ака нима деркин?” деган савол мудом бизни бедорликка чорларди. Ўзимизга нисбатан бешафқатроқ, ростгўйроқ бўлишга ундарди. Тимсолимиз — тоғимизга қараб, борадиган манзилимизни аниқлаш осон кечарди. Тоғ ўз ўрнидан қўзғалмайди. Тимсол қўзғалар экан. Тоғ ўзини асрайди, Тимсол ўзини асрай олмас экан. Афсус. Лекин, асрашингиз керак эди ўзингизни, Шукур ака. Ўзингизни асрашни ўрганмаган экансиз-да, Шукур ака. Ер тўярмиди, Шукур ака?! Ер қачон тўйибди?!.

Анчадан бери хаёлимни банд этган саволга кимдан, қаердан жавоб топсам экан? Бир нуқтага устма-уст иккита ўқ текканини баллистик текширув ўтказмасдан ҳам аниқлаш мумкинми?.. Бу саволга фақат Шукур ака жавоб бериши мумкин эди. У Муҳаммад Юсуфнинг боғ-ҳовлисида “воздушка”дан отилган ўқ шишанинг қаерига текканини олис масофада туриб бехато айтган эди. Ўшанда дастлаб ишонқирамаган эдим; ҳозир ишонаманки, Пушкин ҳам, Толстой ҳам нозик бир нуқтада эътиборсизлик қилиб ўқувчи-китобхон кўнглида шубҳа уйғотган бўлиши мумкин. Бироқ Шукур ака бундай муҳим ва нозик масалада асло эътиборсизлик қилмаган бўларди.
Яна қайдам, беайб – Парвардигор, дейдилар.

2008 йил 22 октябрь, Дўрмон

4.jpg   Sezishimcha, Shukur aka adabiyotni o‘zining shaxsiy bog‘idek avaylab-asrashni istardi, bog‘idek yaxshi ko‘rardi adabiyotni. Afsuski, bog‘i ham xuddi adabiyotdek ro‘zg‘or tebratishiga imkon bermasdi. Bog‘ ham, adabiyot ham bitta yozuvchini  boqishga qodir emas edi…

Nabijon Boqiy
SHUKUR AKANING BOG‘I
06

Yorsiz ham bodasiz Makkaga bormoq ne kerak,
Ibrohimdin qolg‘on ul eski do‘konni na qilay?!

Boborahim Mashrab

547_n.jpgO‘zbekiston yozuvchilarining Arg‘in qishlog‘i o‘ramida joylashgan Do‘rmon qo‘rg‘onchasida Shukur Xolmirzayevning olti-yetti sotix chamasi bog‘-hovlisi bor. Kinochilar oromgohi yonidan kirilsa, darvozadan so‘ng ko‘zga tashlanadigan ikkinchi (o‘ngdan) bog‘cha Shukur akaning shaxsiy mulki hisoblanadi. Shukur aka — mulkdor, mo‘’jaz bog‘chasida o‘zini pomeshchikdek his etardi. Dastlab bu yerlar yozuvchi-shoirlarga taqsimlab berilganda yoppasiga shaftolizor bo‘lgan. Yanglishmasam, birinchi bo‘lib taniqli tarjimon Hasan To‘rabekov imorat qurib, bog‘chasini o‘rab oladi. Keyin Shavkat Rahmon imorat poydevori o‘rnini erinmasdan kavlab chiqadi: u bog‘chasiga qumg‘on keltirib qo‘ygan, qo‘lbola o‘choq yasab choy qaynatardi. Ba’zan shaftoli salqinida Shavkat Rahmon bilan Shukur akani choylashib, gurunglashib o‘tirgan holda uchratish mumkin edi. Ular bir-birini samimiy hurmat qilardi.

Shukur aka ikkovimiz yetti-sakkiz yil Ijodkorlar mehmonxonasida nari-beri yashadik. U ikkinchi qavatda, qo‘sh tabaqali oynavand eshik tepasidagi 14-xonani mustahkam egallagan bo‘lsa, kamina uchinchi qavatdagi 39-xonada yashar edim. Shukur akaning xonasi binoning o‘ng qanotida, televizor qo‘yilgan foye yonida joylashgan; men esam so‘l qanotda, derazasi hovuzga, olmazorga qaragan hujrada qo‘noq bo‘lgan edim. Shukur akaga ko‘chadan keladigan mashinayu odamlarning g‘o‘ng‘irlagan tovushlari eshitilib turardi. Mening hujramga deyarli hech qanday ovoz eshitilmasdi. Uch qavatli mehmonxonaning ikkinchi va uchinchi qavatlaridan, yana-tag‘in ikki chekkasidan oshiyon tanlaganimizga sabab shuki, ba’zan birortamiz yarim kechasigacha yoki tong-saharda yozuv mashinkasini chiqillatib, qo‘shnimizni behalovat qilishimiz mumkin edi. Qolaversa, kun tartibimizda rejalashtirilmagan mehmondorchilik boshlanib ketsa, o‘rinli-o‘rinsiz bahs-munozara avj olar, baqir-chaqir, eski ashulalarning jo‘rovoz sadosi yon-atrofga baralla eshitilar edi. Albatta, ko‘pincha men Shukur akani yoki u kishi meni o‘z xonasiga taklif etardi. Biroq, mehmondorchilikka borish-bormaslik mutlaqo ixtiyoriy edi, biz bir-birimizdan aslo xafa bo‘lmasdik. Imkon qadar bir-birimizga xalaqit bermasdik. To‘g‘ri, “bir-birimizga xalaqit bermaymiz” deb atay kelishib olmagandik; bu oylar, yillar davomida o‘z-o‘zidan taomilga aylanib qolgan edi. Taomil esa borib-borib ko‘nikma hosil qiladi.

Bitta stol atrofida o‘tirib nonushta qilardik, kechki ovqatni ham birga tanovul qilardik. Ish kunlari shaharga tushib ketsam tushlik payti Shukur aka yolg‘iz o‘tirardi.

Kuz, qish, bahor faslida Ijodkorlar mehmonxonasida ko‘pincha Shukur aka ikkovimizdan boshqa hech kim bo‘lmasdi. Goh-gohida viloyatlardan bir-ikkita qalamkash kelib qolardi, ba’zan Toshkentda istiqomat qiladigan tanish-bilish adiblar xotinidan, bola-chaqalarining g‘ishavasidan bezor bo‘lib yoki qandaydir “qat’iy buyurtma”ni yumaloq-yostiq qilib oxiriga yetkazish bahonasida bog‘da paydo bo‘lib qolardi. Ular mo‘’jaz muhitning umumiy maromiga deyarli ta’sir etmasdi.

So‘ngra “Aralashqo‘rg‘on”, “Hisorak” kabi to‘qima nomlar ostida tilga tushgan hududiy birlik qamrovida ovuldosh, qovuldosh bo‘ldik. Yil – o‘n ikki oy davomida Shukur aka har kuni erta tongda bog‘chasiga chiqib ketardi. Bahor, yoz, kuz faslida qandaydir yumushlarni bajarib, agar shudringmi, shabnam tushgan bo‘lsa, shimining poychalari ho‘l bo‘lib qaytardi.

— Nima qildingiz? Yordam kerakmi?
— E-e, mayda-chuyda ishlar ko‘p, — deb qo‘l siltardi. — O‘zim bog‘chamning bir chekkasida sigaret chekib o‘tirib-o‘tirib, oxiri bir narsa qilish kerakligini aniqlab olaman; ishning ko‘zi ochilib ketsa, vaqt o‘tganini ham sezmay qolaman…

Avvalo, Shukur aka bog‘chasiga chayla quradi (“Lenin bobo ham ishni Fin ko‘rfazida chayla qurishdan boshlagan”). Ilgari xonasiga keltirib qo‘yadigan ish qurollarini – ketmon, belkurak, o‘roq, gulqaychi, dastarra, bolta, bolg‘a va hokazolarni chayla tomida qoldiradigan bo‘ladi. So‘ng bog‘cha atrofini mol-hol kirmasligi uchun qo‘ra qilib o‘raydi. Eshik o‘rniga xodalardan to‘siq yasaydi. Asta-sekin tanlab-tanlab ko‘chat ekishga kirishadi. Nazarimda, mevali ko‘chatlardan ham ilgari har xil gul ko‘chatlarini ekadi. Qaydandir “xitoy atirguli”ni topib keladi. Bir tomonga atirgullar o‘tqazadi; hovuz qazib chetiga qizil atirgul ko‘chatini o‘rnashtiradi. Bu gulni tarvaqaylantirib o‘stiradi; u jangalga aylanadi. Ko‘chadan jangal orqasidagi chayla, chaylada o‘tirgan odam ko‘zga tashlanmasdi.

Bahorda pomidor, bodring, bulg‘or qalampiri, kartoshka, sabzi, piyoz ekiladigan maxsus joy hozirlanadi. Kech kuzda uch-to‘rt jo‘yakka albatta sarimsoqpiyoz ekiladi. Anor ko‘chatlari har kuzda albatta ko‘miladi. Har tup daraxt osti yumshatilib o‘g‘itlanadi, sabzavot ekiladigan yerga ham o‘g‘it solinadi. Erta bahorda birinchi bo‘lib nargis gullari barq urib ochiladi. Bog‘chani rang-barang gul-chechaklar qoplaydi, yam-yashil o‘tloq ko‘zni quvontiradi. Bog‘cha o‘rtasiga qo‘lbola stol o‘rnatilib, ikki tomoniga taxta o‘rindiq qo‘yiladi. Bog‘chaning adog‘idan jildirab oqib o‘tadigan ariqcha bo‘yiga g‘isht qalab o‘choq yasaladi. O‘choqqa yarasha qozoncha keltirib qo‘yiladi, choygum ham o‘choqboshidan joy oladi.

Bog‘chada gulu giyohlar, niholchalar, nishona bergan ko‘chatlar, rasmona mevaga kirgan daraxtlar ikki yuz tupdan ko‘proq, uch yuz tupdan kamroq bo‘lsa, har biriga Shukur akaning qo‘li tekkan, har biriga mehri tushgan.

“Ulug‘-kichik meni umidvorlik bila irashib yuriydurganlar ikki yuzdin ko‘prak, uch yuzdin ozroq bo‘lg‘ay edi”, deb yozadi xotiralarida Boburshoh.

Shukur aka bog‘chasida o‘zini mehr-muruvvatli shohdek his etardi; yam-yashil o‘tloq, gul-giyohlar, dov-daraxtlar unga umidvorlik bilan tikilib turgandek tuyulardi. Shu bois hatto qalin qor tushgan qahraton qish kunlarida ham Shukur aka albatta bog‘chasidan xabar olib qaytardi; egilib qolgan shoxlardan qorni silkib tushirar, o‘choq ustiga yopib qo‘yilgan taxtani qordan tozalar, to‘nkaga omonat o‘tirib bir-ikki sigaret chekar edi.

Keyinchalik bog‘chaning bir chekkasiga kichik-katta ikki xonadan iborat kulba tiklanadi. Kulba qurilishiga ataylab Boysundan kelgan Ne’matjon ismli ukasi bosh-qosh bo‘ladi. Ne’matjon aka nihoyatda kamsuqum, xokisor yigit ekan. U ishga o‘tib-qaytib yuradigan Ibrohim Haqqul bilan ko‘p bora hamsuhbat bo‘lib, oshno tutinadi.

Qishda sovuq kuchayib ketgan paytlardagina Shukur aka shahardagi kvartirasiga jo‘nab ketardi. Bog‘da qolgan muxlislari, qadrini biladigan ukalari ahyon-ahyon u kishini yo‘qlab borardi…

Hayotning, adabiyotning o‘zgarmas o‘lchamlari Shukur aka shaxsiyatining, ijodining asosiy mezonlari edi. U kishini yaqindan bilmaydigan odamlar uchun bu gap daf’atan g‘alati tuyulishi mumkin. Ha, daf’atan erish tuyuladi. Lekin shu gapdan keyin xiyla sukut saqlanib jiddiy o‘ylab ko‘rilsa, o‘y-xayollar xas-xashaklardan tozalansa, oxir-oqibat iqror bo‘lasiz: hayotning, adabiyotning o‘zgarmas o‘lchamlari borligini Shukur aka yaxshi bilardi. Har xil sabab-bahonalar bilan devorga taqab qo‘yilgan chog‘larida ham o‘sha o‘lchamlarni qo‘yib yubormasdi.

— Menga qarang, mulla! Aqlingiz yetmagan ishga nega burningizni tiqasiz?! Axir, gap nima haqida ketayotganini tushunmaysiz-ku! Yoki Shukur Xolmirzayev bilan ulfatchilik qildim, endi hamma narsaga aralashishim mumkin deb o‘ylayapsizmi?! Podumayeщ!.. Poshyol von!.. – deb birdan eshikni yoki ko‘chani ko‘rsatib qo‘yardi.

Shukur aka tabiatini, ichki olamini yaxshi bilmaydigan “yangi mehmon” bunday paytlarda dovdirab qolardi.

— Poshyol von!.. Ikkinchi ko‘zimga ko‘rinma! – deb bir qoshini baland, bir qoshini pastga qilib guldurak tovushda takroran buyruq berilgach, shikoyatga hech qanday o‘rin qolmasdi.

Arg‘inda yashaydigan Xolmirza amaki ismli yoshi ulug‘ qozoq chol yozuvchilarning qarovsiz chorbog‘lariga ekin-tikin ekib, mol-qo‘ylarini shu yerlarda boqib yurardi. U kishi ko‘p yillar davomida geolog bo‘lib ishlagan, O‘zbekistonning olis viloyatlarini kezib chiqqan, bir so‘z bilan aytganda, dunyo ko‘rgan zot edi. Bundan tashqari, Xolmirza amaki kitobxon bo‘lib, qo‘liga tushgan asarlarni erinmasdan mutolaa qilardi. U Shukur akaning chinakam muxlisi edi. Ba’zan Xolmirza amaki o‘zi o‘qigan qaysidir asar haqida jaydari fikr-mulohazalarini bayon etardi, e’tirozlarini bildirardi. Bunday paytlarda Shukur aka tafsilotlarga to‘xtalmasdan “ha” yoki “yo‘q” deb lo‘nda javob berardi-da, muayyan bir voqea, aniq bir detal xususida gap boshlardi. So‘ng shu haqda Xolmirza amaki qanday fikrda ekani bilan qiziqardi. Yer tuzilishi, tuproq qatlamlari, cho‘l-sahrolarda qanday qushlar, yovvoyi hayvonlar yashashi kabi mavzularda boshlangan suhbat soatlab davom etardi.

Yoki bo‘lmasam, kutilmaganda Sirdaryodan shoir og‘amiz To‘ra Sulaymonning to‘ng‘ich o‘g‘li Ne’mat “jahongir” kelib qolardiyu salqin joyga ekilgan anor ko‘chatlariga shakl berishga, g‘ovlagan shoxlarini butab olishga kirishib ketardi. Ne’mat bilan ham Shukur aka soatlab suhbatlashardi; birga ovqat pishirishardi va yosh do‘stining Qozog‘iston cho‘llarida, Rossiya o‘rmonlarida boshidan kechirgan sarguzashtlarini zavq bilan tinglar edi. Ne’matboy bo‘lsa, har gal “Hovlimizdan besh-o‘n tup anor ko‘chati keltirib, o‘zim ekib berib ketaman”, deb va’da berardi. Shu ketgancha anor pishgan kezlarda qo‘qqisdan paydo bo‘lib, suhbatni qolgan joyidan davom ettirib ketaverardi…

Shukur aka o‘zi yaxshi biladigan, aqli yetgan mavzularda gapiradigan odamlarni yaxshi ko‘rardi. Qaysi sohada bo‘lmasin, chalasavod – diletant kimsalarni jini suymasdi.

Muhammad Yusuf “qo‘shiqchi-shoir” sifatida gurillab yurgan kezlarida muxlislaridan bittasi unga chumchuq otadigan “vozdushka” miltig‘ini sovg‘a qiladi. Muhammadjon shu miltiqni yelkasiga belkurakdek tashlab olib bog‘ oralab yuradigan odat chiqaradi.

— Yo‘l bo‘lsin, yigit?
— Ovga chiqdim. Besh-o‘nta olaqanot (mayna) otsam, sho‘rva qilamiz. Keling.
— Xo‘p.

Lekin shoir hadeganda sho‘rvaga yarasha qush ota olmasdi: bitta-ikkita chumchuq, bitta-ikkita musicha otib, kenjatoy qizi Madinaning arzanda kuchugini “mehmon” qilardi, xolos.

— Nega musichani o‘ldirdingiz? Uvol bo‘lmaydimi?

— Uvol bo‘ladi, xudoning o‘zi kechirsin. Biroq, musichalar o‘lgudek go‘l bo‘lar ekan, o‘zini nishonga to‘g‘rilab beradi; beixtiyor tepkini bosib yuborganimni bilmay qolaman. Olaqanot bekorga “mayna” deyilmas ekan; nishonni to‘g‘rilab olgunimcha bir joyda jim turadi, tepkini bosar-bosmasimdan dik etib yon tomonga sakrab chap beradi. Alam qiladi odamga. Oxiri, baqrayib turgan musichani otishga majbur bo‘laman, — derdi Muhammad Yusuf kulimsirab.

Bir kun peshin mahali Muhammadjonning bog‘-hovlisiga o‘tsam, ne tongki, ular Shukur aka bilan “o‘q otish bo‘yicha mashg‘ulot” o‘tkazayotgan ekan.

— Keling, o‘tiring, — deb chorpoyadan joy ko‘rsatdi Muhammadjon. —Lekin bizga xalaqit bermang.

Tol soyasiga eski sholcha to‘shalgan, ular yonma-yon yotib olishgan, chorbog‘ning kunbotar tomoniga, yigirma-yigirma besh qadam chamasi uzoqlikka, uvat-marzaga shampan vinosidan bo‘shagan katta shisha sanchib qo‘yilgan, shishaning ketiga yosh bolaning mushtidek qurtlagan qizil olma o‘rnatilgan edi.

— Tepkini bosayotganingizda kuchanmang, kuchansangiz nishon o‘zgarib ketadi. Qo‘ndoqni yelkaga mahkam tirang! — deb Shukur aka yo‘l-yo‘riq ko‘rsatadi.

Muhammadjon men kelgandan keyin beshinchi marta o‘q otishida shishani chil-chil sindirdi.

— Yaxshi, — dedi Shukur aka mamnun bo‘lib, — o‘q olmadan bor-yo‘g‘i bir santimetr pastga tegdi. Yana ikki soat mashq qilsak, olmaning ichidagi qurtni ham otib o‘ldiradigan bo‘lasiz.

O‘rinlaridan turishdi. So‘rashdik.
— Bir santimetr pastga o‘q tekkanini qaydan bildingiz? Ehtimol, o‘q shishaning beliga tekkandir? — dedim ishonqiramay. Kuldim.
— Yuring, ko‘rsataman, — dedi Shukur aka.

Paykal oralab nishon tomon bordik. Shukur aka oyoq ustiga o‘tirib shishaning yirik parchalarini joy-joyiga qo‘yib ko‘rsatdi:

— Darz ketgan chiziqlarni ko‘ryapsizmi?.. Barcha chiziqlar shishaning ketiga yaqin joydan boshlanyapti. Ya’ni, bir santimetr pastdagi nuqtaga borib tutashyapti hamma chiziqlar. Demak, o‘q o‘sha joyga tekkan, — deb shisha siniqlarini jo‘yakka tashlab qaddini rostladi. — Diqqatini bir joyga to‘play oladigan odam o‘q yo‘nalishini ko‘ra oladi.

Qo‘llarimni ikki tomonga yozdim: Shukur akaning gaplari rost ekanini bildim, lekin yigirma-yigirma besh qadam narida turib zig‘irdek o‘qning shishaning aynan qayeriga tekkanini ko‘rish yoki bilish mumkinligini baribir tasavvur eta olmadim.

Shukur akaning ikkita ov miltig‘i bor edi; bittasi buzuq, ikkinchisi tuzukka o‘xshardi, lekin o‘q otganini ko‘rmaganman. Faqat o‘zi haqida ishlangan hujjatli filmda devorga osib qo‘yilgan miltiqqa ishora qilib: “Agar yoza olmay qolsam, Xemingueyga o‘xshab…” deb “effekt” chiqarmoqchi bo‘lganda kinoxona raisi Murod Muhammad Do‘st bunga izn bermagan: “Borib aytinglar, Shukur aka tek o‘tirsin, yozolmay qolgan kuni o‘zim bog‘iga borib otib kelaman”, degan ekan jiddiyat aralash. Umuman, Shukur aka yoshligida yaxshi ovchi bo‘lgan.

Shukur aka ma’yus jilmayib, bosh chayqab qo‘ydi.
— Ishonmayapsiz-a? — dedi Shukur aka. — Ba’zan shu qadar nozik narsalar bo‘ladiki, uni mantiqan tasavvur etish nihoyatda mushkul, unga aql bovar qilmaydi. Bularni faqat his qilish mumkin, agar o‘sha narsani his qila olmasangiz, demak sizda shunga qobiliyat yo‘q; ratsional urug‘ ichingizda bo‘lsa, vaqti-soati kelib nish uradi, nishona beradi. Bo‘lmasa, bo‘lmaganga bo‘lishma, deydilar. Taqdirga tan berish kerak, vassalom. Hamma yoppasiga ovchi yoki mergan bo‘lib ketaversa, podani kim boqadi?! — deb orqasiga qaytdi.

Muhammadjon ham qiqirlab kuldi.
— Odamning talantli ekanini o‘z fikrini qanday ifodalashidan ham bilish mumkin, — dedi Muhammadjon menga qarab. U Shukur akani nazarda tutgan edi.

— Shoir, xushomad qilmang, men xushomadni yomon ko‘raman, — dedi Shukur aka po‘pisa ohangida. Chorpoyaning bir chetiga oyoqlarini osiltirib o‘tirgach, miyig‘ida kulib qo‘ydi. — Lekin xushomad odamga baribir yoqadi… Qani, anavindan qolganmi? — deb dasturxonga ishora qildi.

— Ha-a, mayna sho‘rvami? — dedim talmovsirab.

Kulishdik. Piyolalarga “anavindan” quyildi. Olindi.

— Muhammadjondi “Lolaqizg‘aldoq” she’rini o‘qidingizmi? Shavkat Rahmonga bag‘ishlangan. Yaxshi she’r yozibdi, malades… — Shukur aka pomidorni gazak qildi.
— Darrov “tovoqqaytdi” qilyapsizmi? — dedim.

— Yo‘q, men rost gapni aytyapman, o‘lay agar, — dedi Shukur aka. — Muhammadjon yengil-yelpi narsalar yozib, ko‘p vaqtini behuda o‘tkazyapti. Bu gapim ham rost.

— To‘g‘ri, — deb Muhammadjon ko‘kraklarini uqalay boshladi. U uch-to‘rt oy burun o‘zining mashinasida avariya bo‘lgan, endi-endi asil holiga qaytayotgan edi. — Endi shunaqa ishlarni bas qilaman.

Oqshomgacha uyoq-buyoqdan gurunglashib o‘tirdik.

Shukur aka nazariga tushib qolgan yosh shoir-yozuvchilarning qadamini zimdan kuzatib borardi. Qachonki ilk taassurotlari tasodif emasligiga ishonch hosil qilgach, kimgadir g‘oyibona mehr qo‘yardi. Bu holatini “oynai jahon”da Shirinning ruxsorini ko‘rib oshiq bo‘lib qolgan Farhodga o‘xshatish mumkin. O‘zini ko‘rmasdan, gaplashmasdan mehr qo‘yardi-qolardi. Tuyg‘ulariga ishonardi, tuyg‘ulari uni aldamasdi.

— Iqbol oldingizga kelib-ketib yuradi-a? — dedi bir kuni.
— Ha, — dedim.
— Yana kelsa, ayting, uchrashaylik. Shu yigit boshqacha, hech kimga o‘xshamaydi.

Ma’lum bo‘lishicha, Shukur aka yaqinda Iqbol televizorda she’r o‘qiganini ko‘ribdi.
— Yig‘ladim, — dedi. — Voy, ukkag‘ar-ey, meni yig‘latdi-ya!
Kuldim.

Oradan bir necha kun o‘tgach hamshaharlar Muhammad Sharifning mashinasida “gilos sayli”ga kelib qolishdi. Ular orasida Iqbol ko‘rinmadi.

— Iqbol kelmadimi?
— Shukur aka bog‘ida ishlayotgan ekan. Boraveringlar, men Shukur aka bilan so‘rashib boraman, dedi, — deb izoh berdi Azizbek. — Aslida, men ham so‘rashib o‘tsam bo‘lardi, lekin O‘tkir akam mashinadan tushirmadi.

— Ha, siz ham Shukur akaning bog‘ida qolib ketsangiz, ovqatni kim pishiradi? Muhammad Sharifmi? — dedi O‘tkir.

— E-e yo‘q, men osh pishirishni bilmayman, men gilos tergani kelganman, — deb Muhammad Sharif tuflisini yechib vodaprovod tomon ketdi. U tomondan norozi tovushi eshitildi: — O‘zim o‘risga o‘xshagan ko‘k ko‘z bo‘lsam, yana osh pishiramanmi?!

— O‘zbekning kichigi o‘zim ekanman, — deb Azizbek o‘choqqa o‘tin qalay boshladi.

Hadeganda Iqboldan darak bo‘lmadi. Zirbak allaqachon tayyor bo‘lgan, vaqt peshindan o‘tgan. Ko‘plashib palov ham damladik. Azizbekdan bir tovoq palovni Shukur akaning bog‘iga berib yubordik. U jilmaygancha qaytib keldi.

— Mushoira bo‘lyapti, — dedi Azizbek. — Lekin meni haydab yuborishdi.

Ovqatlandik.
Iqbol shomga yaqin keldi.

— Uzr, ushlanib qoldim, — dedi Iqbol bosh chayqab. — Shukur akani nihoyatda tund odam bo‘lsa kerak deb o‘ylardim, boshqacha ekan. Orqamdan Shavkat Rahmonning dachasigacha kuzatib chiqdi, noqulay bo‘ldi. Ko‘chada tik turg‘azib qo‘yib Shavkat akamga bag‘ishlangan she’rimni uch marta o‘qitdi; Barot Boyqobilov chorbog‘ida yurgan ekan, hayron bo‘lib bizga qarab-qarab qo‘ydi. Oxiri Shukur aka: “Bo‘ldi, keting, hozir meni yana yig‘latasiz!” dedi. Ketar chog‘im, “Shukur aka, jonon yigit ekansiz!” dedimu qochdim. U kula-kula yo‘l chetidan tosh qidirib qoldi.

Iqbolning “Qachondir” she’rini Shukur aka boshqacha yaxshi ko‘rardi:

Qachondir dovdirab turgan qulunlar,
Quyoshni ilk bora ko‘rgan qulunlar,
Oyog‘i chalishib yurgan qulunlar

Uchqur saman bo‘pti allaqachonlar…

Keyingi safar “xumor bosdi” uchun Shukur akaning bog‘iga Azizbekni yubordik. U ham oqshomgacha bog‘da qolib ketdi. Azizbek qaytgan chog‘da mehmonlar allaqachon shaharga tushib ketgan edi. Suhbat tafsilotlarini hayajonlanib o‘zimga gapirib berdi:

— Shukur aka qiziq ekan, — dedi Azizbek bosh chayqab. — Dabdurustdan, “A’zam O‘ktamdan boshqa vodiy yigitlari bo‘shang bo‘ladi!” desa bo‘ladimi?!

— Siz shu hukmga rozi bo‘lib indamay kelaverdingizmi?
— Yo‘q, shuning uchun men Surxon tomonlardan uylanmoqchiman, dedim. Mayli, biz ko‘rmagan bo‘lsak, farzandlarimiz ko‘radi…

Azizbek Iqbolning “Qachondir” she’rini yetti marta yodaki ifodali o‘qib beribdi, sakkizinchi marta o‘qishga esa rozi bo‘lmabdi.

—Hazrat Navoiyning guvohlik berishicha, Mirzo Ulug‘bek Qur’oni karimni yetti xil usulda qiroat qilar ekan. Demak, Shukur aka, qiroatning sakkizinchi usuli hali kashf etilmagan, — deydi Azizbek.

— Voy, ablah-ey, shunaqa gaplarni qayerdan topasizlar-a?! Bunday gapni bilish mumkin, lekin o‘rnida himoya yoki hujum maqsadida ishlatish uchun juda katta fahm-farosat kerak. Umuman, vodiy yigitlarining ustun tomonlari ham yo‘q emas, — deb iqror bo‘ladi Shukur aka.

Uning gaplari hazilmi-chin ekanini bilolmay Azizbekning boshi qotadi. Men ham jo‘rttaga izoh bermayman.

Qo‘yliqdan aeroportga ketaverishda, yo‘lning so‘l tomonida Xonobod qishlog‘i bor. Bu qishloqdan so‘ng Sergeli mavzesi — poytaxtning bir qismi joylashgan bo‘lsa-da, lekin Zangiota tumaniga qarashli ma’muriy birlik hisoblanadi. Biz talabalik yillarimizdan buyon Xonobodga tez-tez borib turamiz. U yerda Fazliddin ota Muhiddinov (kursdoshimiz Fathiddinning dodalari) istiqomat qilardi. Fazliddin ota o‘tgan asrning 30-yillarida Surxon vohasida, xususan, Boysun tumanida o‘qituvchi bo‘lib ishlaganlar va o‘sha yerdan ikkinchi jahon urishiga jo‘nab ketgan. Ota bizga Abdurauf Fitratning ma’ruzalarini, Cho‘lponning “Kleopatra” dostonini afsonaviy shoir allomalarimizning o‘z og‘zidan eshitganini gapirib bergan edi. 80-yillarda Fitrat, Cho‘lpon kabi shoirlar o‘tganini biz hali eshitmagan edik. Tabiiyki, Ro‘zimboy ikkovimiz nihoyatda ajablanganmiz.

— Fitrat domla Buxoro lahjasida gapirardi, og‘ir-vazmin inson edi. Cho‘lpon dostonini o‘qiyotganda o‘zi ham obrazga kirib ketardi. Ularning kitoblarini qoplarga solib, cherdakka chiqarib qo‘ygan edim. Afsus, urushdan qaytib kelsam bittasi ham qolmabdi. Uyimizdan “xalq dushmanlari”ning kitoblari chiqib qolsa, biror kor-hol ro‘y bermasin deyishib Chirchiqqa oqizib yuborishgan ekan, — deb hikoya qilardi Fazliddin ota nadomat bilan.

Ota suhbatlari chog‘ida “Ilg‘or Surxon uchun”, “G‘alla fronti” gazetalarida maqolalari e’lon qilinganini bir necha bora eslatgan edi. Ko‘nglimda o‘sha gazetalarning taxlamlari bilan tanishish istagi tug‘iladi. Shu maqsadda bir kuni respublika Kitob palatasiga bordim. Surxondaryo okrugining “Ilg‘or Surxon uchun” va Boysun tumanining “G‘alla fronti” gazetalarini buyurtma berib, qiroatxonada kutib o‘tirdim. Hademay palataning jonkuyar xodimasi Sayyora opa uch-to‘rtta taxlamni arxivdan chiqarib berdi. Dastlab, gazetaning 1937 yilda chop etilgan sonlarini so‘ragan edim. Sarg‘ayib ketgan sahifalarni varaqlay boshladim. U paytlarda lotin alifbesi joriy etilgan edi.

“Ilg‘or Surxon uchun” gazetasining 1937 yil 2 fevral kuni chop etilgan 26-sonida “Metodik maslahatlar” rukni ostida e’lon qilingan “Kattalarning chalasavod maktablarida o‘qishni qanday uyushtirish kerak?” nomli maqolaga duch keldim. Maqola muallifi “Muhiddinov” deb ko‘rsatilgan edi. Aksariyat maqolalarda mualliflarning ismi ham, ismining bosh harfi ham yozilmasdi. Redaksiya tomonidan yozilgan so‘zboshini o‘qidim:

“Quyida Boysun rayon maorifining maktab inspektori o‘rtoq Muhiddinov kattalarning chalasavod maktablarida o‘qishni qanday uyushtirish lozimligi to‘g‘risida o‘z mulohazalarini aytadi. Haqiqatan ham, harflar bilan ko‘z tanish bo‘lib olgach, ularni bir-biriga urishtirib o‘qishga oz-moz o‘tgandan chalasavodlar orasida kitob o‘qishni qanday holda qo‘yish zarurligini aniqlab olish muhim masala. Bu ayrim o‘qituvchi o‘rtoqlarning o‘z tajribalarini o‘rtaga tashlashlari natijasida aniqlanadi. O‘qituvchilardan bu haqda o‘z fikrlarini redaksiyamizga yuborishlarini so‘raymiz”.
Maqola uncha katta emas. Boz ustiga, muallif tavsiyalari hozir ham o‘z ahamiyatini yo‘qotmagandek tuyuladi. Mana, ko‘chirmaga e’tibor bering:

“Tez va tushunib o‘qishni o‘rgatish uchun yana tubandagilarga rioya qilish zarur:

Tez o‘qigan narsani tushunish uchun jumlalari bir-biriga yaxshi bog‘langan bo‘lishi kerak. Agar jumlalar bir-biriga yaxshi bog‘langan bo‘lmasa,tez o‘qishga ancha qiyinlik keltiradi.

O‘qish vaqtida dastlabki o‘qish vaqtidagiday barmoq bilan ko‘rsatib o‘qishga o‘rganmaslik kerak.

O‘qiyotgan materialni ko‘z bilan kuzatib borganda tez o‘qishga oson o‘rganish mumkin.

Kitobni ma’lum darajadagi uzoqlikda tutib o‘qish lozim.
O‘qishning vaqtini hisobga olib borish lozim.
O‘qitilgan tekstning manosini so‘rash zarur.

Bundan tashqari, alohida uzun maqolalarni uyda o‘qish uchun topshirib, klassda so‘rab ko‘rilsin…”

Menimcha, bunday metodik ko‘rsatmalarni 60 yildan keyin ham boshlang‘ich sinf muallimlariga dasturulamal sifatida tavsiya etish mumkin.

Ma’lum bir yo‘nalish bo‘yicha arxivda shug‘ullanayotgan odam istasa-istamasa mavzudan chetga chiqadi. Birinchidan, o‘sha davrni to‘la-to‘kis tasavvur etish uchun qamrovni kengroq olib, ijtimoiy hayot batafsilroq o‘rganilishi lozim. Ikkinchidan, har doim hayot murakkab qatlamlardan iborat bo‘ladi; bir qatlamda mo‘’tadil oqim qaror topgan bo‘lsa, boshqa qatlamda po‘rtana-to‘fon avj olishi mumkin. Bu hol beixtiyor diqqat- e’tiborni jalb etadi. Men ham kutilmaganda go‘yo to‘fonga duch kelib qoldim. Mana, “Ilg‘or Surxon uchun” gazetasining 1937 yil 28 fevral, yakshanba kungi 48-sonida “Yo‘ldosh Saidov va uning kirdikorlari” nomli tanqidiy maqola e’lon qilingan ekan. Bu maqola hali dunyoga kelmagan bo‘lajak buyuk yozuvchimiz Shukur Xolmirzayevning taqdirini butunlay o‘zgartirib yuboradi.

Ko‘chirma: “Boysun rayoni 1930 yilda g‘alla, chorva xo‘jaligini o‘stirish sohasida katta yutuqlarga erishdiki, bu yutuqlar Boysun rayonini respublikamizning ilg‘or rayonlari qatoriga o‘tishi uchun asosiy dastak bo‘la oladi. Kolxozchi mehnatkashlarning g‘alladan yuqori hosil olish va chorvachilikni taraqqiy qildirishdagi faoliyatlari misli ko‘rilmagan darajada oshdi. Rayonda yigirmalab g‘alla, chorvachilikni o‘stirgan yirik kolxozlar vujudga kelgan bir vaqtda Yo‘ldosh Saidov, Matumovlar boshchilik qilgan zararkunandachilar gruppasi tashkil qilingan. Bular rayonning rahbarlik lavozimlarida ishlab, rayon partiya tashkiloti tomonidan yuklatilgan vazifalarni bajarishdan bosh tortib, o‘zboshimchalik qilib kelganlar. Rahim Shokirov, Xursand Eshqulov, Bo‘ri Norqulov kabi o‘ttizlab rastratchi, ziyonchi, quloq laganbardorlarni o‘z atroflariga to‘plab rayon partiya va sovet tashkiloti rahbarlari ustidan bo‘lmag‘ur ma’lumotlar to‘play boshlagan. Bular tomonidan berilgan materiallar tekshirilganda mutlaqo aniqlanmagan. Shundan keyin jinoyatchi Yo‘ldosh Saidov va uning yordamchilari qamoqqa olingan edi. Keyingi vaqtda nima uchundir Yo‘ldosh Saidov boshliq gruppa qatnashchilari qamoqdan ozod bo‘lganlar. Yo‘ldosh Saidov esa qandaydir ijtimoiy chiqishini yashirib, partiya kandidatligiga o‘tib olgan.

1935 yilda Yo‘ldosh Saidov rayon “G‘alla fronti” gazetasining mas’ul muharriri Xolmirzayevning b o‘ sh a n g l i g i d a n foydalanib ommaviy bo‘lim mudiri bo‘lib, shu kundan boshlab gazeta ishlariga zarar keltirish uchun uringan.

Partiya hujjatlarini almashtirish vaqtida Yo‘ldosh Saidovning ijtimoiy chiqishini yashirib partiya kandidatligiga o‘tib olgani aniqlanib, Saidov partiyadan haydalgan edi. Shundan keyin Y. Saidov yana o‘z atrofiga qator maishiy tomondan buzilgan shaxslarni to‘plab rayon partiya va sovet tashkiloti rahbarlarini ishdan urish, rahbarlik o‘rinlarini o‘zlari egallab olish uchun bo‘lmagan materiallarni to‘plab okrug partiya qo‘mitasidan tortib VKP(b) Markazqo‘mining sekretari o‘rtoq Stalingacha yozganlar. Yo‘ldosh Saidov, Xursand Eshqulov, Rahim Shokirovlar VKP(b) Markazqo‘mining sekretari o‘rtoq Stalinga: “Rayon partiya va sovet tashkiloti rahbarlari Zokirov, Yegorovlar mehnatkashlarga hujum qilmoqdalar, hayotimiz tahlika ostida turadi”, degan yolg‘on materiallarni yozganlar. Bu bilan ham dardlariga davo topa olmaganlari uchun rayon partiya qo‘mitasining nashr afkori bo‘lgan “G‘alla fronti” gazetasining o‘ziga rayon partiya tashkilotini ayblab xabar yozganlar. Saidovning tulki, makkorligi bilan gazetaning kundalik sahifalarida qo‘pol siyosiy xatolar ketib turgan. Bundan boshqa, Saidov pulsiz go‘sht bermagani uchun Nazar qassobni, ocheredsiz mol bermagani uchun magazin mudiri Imomqulov va Rahimov o‘rtoqlarni bo‘lmag‘ur bahonalar bilan gazetaga yozib chiqqan. Kolxozchi muxbirlardan kelgan jiddiy ahamiyatga ega bo‘gan xat-xabarlarni gazetaga yoritish uchun yo‘l bermagan. Hattoki, Y. Saidov Sayroblik muxbir Jalolovni kolxoz zararkunandachilari ustidan yozgan xabarlarini jinoyat egasiga o‘qib bergan. Umuman, Saidov gazetachilik ishini yaxshilash to‘g‘risida partiya va hukumat qarorlarini ochiqdan-ochiq buzib kelgan…”

Yo‘ldosh Saidov kim ekan? Uning keyingi taqdiri nima bo‘lgan? Hozir televideniyeda ishlaydigan boysunlik Azamat “bobosi” Shukur akaning otasiga hamkasb bo‘lganini bilarmikan?

Okrug-viloyat gazetasida chop etilgan maqola bilan tanishib, “bo‘shanglik” qilgan Xolmirzayev kimligini aniqlash uchun darhol Boysun tumanining “G‘alla fronti” gazetasi taxlamini varaqlab chiqdim. 1935 yilda mas’ul muharrir Xolmirzayev “bo‘shangligi” uchun o‘z vazifasidan ozod qilingan ekan. Bu gazeta 1937 yilda “vaqticha mas’ul muharrir T. Ziyoxo‘jayev”, 1938 yilda “v.m.m. A. Pardayev” o‘rtoqlarning imzolari bilan chop etilgan.

1938 yilning 12 fevral kuni “G‘alla fronti”ning 13- sonida “Amon dahboshining arzandasi raykamol boshida” nomli maqola chop etiladi:

“Kimsan “Amon dahboshi” deb Buxoro amiri vaqtida dong chiqarib, yonida o‘n-o‘n beshlab shabgarlari bilan Boysunda hukm surib, mehnatkashlarning boshiga qonli qamchisini o‘ynatib kelgani hech kimdan yashirin emas…”

Bu maqolada rayon “yosh kamol-komsomol” tashkilotining rahbari bo‘lmish Aysha Amonova to‘g‘risida gap ketadi. Bu ayol ham xuddi “bo‘shang Xolmirzayev” kabi qattiq tanqidga uchraydi. Umuman, maqola repressiyaga zamin hozirlash uchun maxsus “zakaz” bilan yozilgandek taassurot qoldiradi.

Fazliddin ota 1937-1938 yillarda yozgan maqolalarni arxivdan olib o‘rganaman deb boshlagan ishim kutilmaganda boshqa o‘zanga burilib ketdi. Vaqtincha xayrli ishni to‘xtatib, qisqa tanaffus e’lon qildim. Bo‘shashibroq Do‘rmon bog‘iga qaytdim. Darvozadan ichkariga kirgan zahotim Usmon Azimni uchratdim.

— Usmon aka, Boysunda Aysha Amonova degan rahbar ayol o‘tganini eshitganmisiz?
— Ha, bilaman, u kishi Shukur akamizning onalari bo‘ladi, — dedi Usmon Azim.

— Rostdanmi?… “G‘alla fronti”ning mas’ul muharriri Xolmirzayev degan kishi Shukur akaning otasi emasmi?
— Bo‘lmasam-chi! Nega so‘rayapsiz?

Men bo‘lgan voqeani gapirib berdim.

— Ota-onasi to‘g‘risida yozilgan eski maqolalarni ko‘chirib olganimni eshitsa, Shukur aka xafa bo‘lmasmikan?

— Yo‘g‘-e, aksincha, xursand bo‘ladi-ku! — dedi Usmon aka ishonch bilan. — Qani, avval men o‘qib ko‘ray-chi, qiziqib qoldim.

“Umumiy daftar”imni Usmon akaga berdim.

Oradan uch-to‘rt kun o‘tib daftar qaytarilgach nonushta mahali:
— Shukur aka, otangiz vodiydan bo‘lganmi? – deb so‘radim jiddiy ohangda.

— Yo‘q, Bulung‘urdan edi, juzlardan bo‘ladi.
— Emasam, nega bo‘shanglik qilgan?

— Tushunmadim, — deb Shukur aka og‘ziga yaqinlashtirgan piyolasini qaytarib stol chetiga qo‘ydi. — Otamni aytyapsizmi?

— Ha, 1935 yilda Boysunda chiqadigan “G‘alla fronti” gazetasining mas’ul muharriri Xolmirzayev bo‘shanglik qilgani to‘g‘risidagi chinmi-yolg‘onmi ma’lumotga duch kelib, u kishi ham vodiydan bo‘lsa kerak deb o‘ylab qoldim. Shu paytgacha otangiz vodiydan ekanini nega yashirib keldingiz, hayronman, — dedim pinak buzmasdan.

Shukur aka bitta qoshini baland, bittasini past qilib menga tikilib qoldi. Hech narsa bo‘lmagandek choyimni bemalol ichib, yuzimga fotiha tortib o‘rnimdan turdim.

— Men sizga arxivdan olingan ma’lumotlarni beraman, yuring, — dedim. — Kechki payt shahardan qaytaman. Keyin gaplasharmiz… Dahboshining nevarasi ekansiz-ku!…

Shukur akaga “Umumiy daftar”imni xonamdan chiqarib berdim.

Kechki payt ko‘rishmadik. Shukur aka bog‘ida bo‘lsa kerak deb o‘yladim.

Ertasi kuni nonushta chog‘i Shukur akani horg‘in ahvolda uchratdim; ko‘zlari qizargan, qovoqlari shishgan, yuzida ajinlari ko‘paygan edi.

— Uxlamabsiz, shekilli?
Indamadi.

Apil-tapil choyimni ichib o‘rnimdan turmoqchi bo‘ldim.
— Birpas o‘tiring, iltimos.

Sigaret tutatdim.

— Otamni ko‘rmaganman… Lekin rayon gazetasining bosh muharriri bo‘lganini bilardim…
Shukur aka ham sigaret tutatdi.

Noqulay jimlik xiyla davom etdi. Sigaret qoldiqlarini kuldonga ezib o‘chirdik.

— Agar surishtirsangiz, delosini arxivdan topish mumkin, — dedim asta.
— Nima foydasi bor? — deb Shukur aka sekin o‘rnidan turdi. — Ketdikmi?..

Indamay o‘z xonalarimizga ko‘tarildik.
Kechki ovqat paytida Shukur akaning kayfiyati xiyla ko‘tarinki edi.

— Qarang-a, otam ham bo‘shanglik qilgan ekan-da! — deb kuldi. —Bo‘shanglik ayb hisoblangan ekan, qarang!..

Bu mavzuda boshqa gap bo‘lmadi.

Shukur aka yangi narsa yozayotgan bo‘lsa, o‘zi bilan ovora bo‘lib qolardi. Ish tugagandan so‘ng oradan bir hafta-o‘n kun chamasi vaqt o‘tgach (bu orada qo‘lyozmaga sayqal beradi, tuzatishlar kiritadi va hokazo): “Nihoyat, tugatdim! — derdi chehrasi yorishib. — Vaqtingiz bo‘lsa, o‘qib ko‘rasizmi?..”

Shukur aka ilk bora qachon va qaysi qo‘lyozmasini menga o‘qib ko‘rish uchun berganini aniq eslolmayman. Lekin boshqa narsani aniq eslaymanki, odatda o‘qitish uchun bergan narsasini “Vatan” gazetasida chop etilgan holda keltirib bersam hayron bo‘lardi.

— Ie, men faqat fikringizni bilmoqchi edim, — derdi ich-ichidan quvonib.

— Mening fikrimning nima ahamiyati bor, qiziq ekansiz-ku! Kelasi haftada gonorarini keltirib beraman, lekin…

— Bo‘ldi, tushunarli, — derdi tomog‘ini uqalab. — Ishqilib, boshqalarga ham ma’qul bo‘ldimi?
— Redaksiyada qiyqiriq bo‘lib ketdi, ishonavering!

“Kazyonniy” ovqatlar ba’zan sovuqlikni oshirib yuborardi. Shunda Shukur aka, “Bog‘imda osh qilmaymizmi?” deb qolardi. Masalliqni ko‘tarib bog‘chaga yo‘l olardik. Shukur akaning o‘zi zavq bilan palovga unnardi.

Bir kuni oshxo‘rlikdan so‘ng qo‘limga papka tutqazib “Shuni o‘qib ko‘ring, iltimos”, dedi. Hajmi 50-60 sahifa bor, ustidan ishlangan, jiddiy tahrir qilingan “palsapiy risola” ekan. Qo‘lyozmani tun bo‘yi o‘qidim. Ertasi kuni Shukur akaning xonasiga Abdulla Qodiriyning “Mehrobdan chayon” romanini ham qo‘ltiqlab tushdim.

— Men sizdan buni kutmagan edim, — dedim papkani stolga qo‘yib divan chetiga o‘tirar ekanman. Shukur aka stol yonida turgan stulni men tomon burib o‘tirdi-da, boshini egib oldi. — Hali-beri to‘xtamaydigan elektr tegirmonga yangi ariqchadan suv keltirib qo‘yishingiz shartmidi?! Boz ustiga, Qodiriydan so‘zma-so‘z ko‘chirib olibsiz-ku, uyalmaysizmi?!

— Yo‘g‘-e! — deb birdan boshini ko‘tardi. Nihoyatda ajablandi.

— Mana, eshiting! — deb “Mehrobdan chayon” romanini xatcho‘p qistirilgan sahifasini ochib Mirzo Anvar monologini tovush chiqarib o‘qiy boshladim:

“Men bek pochcha bo‘lolmayman, Ra’no. O‘rdadagi to‘kilib turgan gunohsiz qonlar, doim tevarakdan eshitilib turgan ohu zorlar mening yuragimni ezadi, tichligimni oladi. Yana men mirzaboshi bo‘lib qolsam, bu ohu zorlarning, to‘kilgan ma’sum qonlarning ichida bilfe’l suzarman. Bu vaqt mening azobim bevosita bo‘lur. Balki, bunda ishtirok ham qulurman. Chunki xonga yaxshi ko‘rinish uchun ko‘p ishlarni uning istagicha ko‘rsatish – zulm pichog‘ini qayrab berish shu mansabda uzoq yashamoqning asosiy shartidir. Lekin men bunday vijdonsizlik uchun yaratilmagan o‘xshayman. Madhu sano, olqish va duo zamiriga yashiringan zulmdan faryod, haqsizlikdan dod ma’nolariga malham bo‘lish, albatta, mening qo‘limdan kelmas. Chunki “soyaboni marhamat” vijdon kengashiga quloq solg‘uvchi ahmoqlardan emasdir. Dadangning fe’li senga ma’lum, Ra’no…”

— Bo‘ldi, bo‘ldi! Odamni uyaltirmang! — deb Shukur aka sigaret tutatdi. — Hammasini tushundim… Akangizni kechiring… Lekin shunaqa bo‘p qoldi-da, nima qilay… Beixtiyor rozilik berib…

— Qo‘ying, o‘zingizni oqlamang! Baribir uyat ish qilgansiz, lekin ixtiyor o‘zingizda… Esingizdami, Boburshoh: “Qosimbek chun davlatxoh edi va mening nomusim aning nomusi edi, belbog‘imdin bir tortti, voqif bo‘ldim” deydi. Shu.

Shukur aka iqror bo‘ldi, lekin o‘sha “buyurtmani” baribir matbuotda e’lon qildi.
Keyin bu mavzuda ham boshqa gap bo‘lmadi.

Ajabki, ustoz Erkin A’zam hozirgacha: “Ko‘p mehnat qilganmiz, sitatalarni obdon to‘g‘rilaganmiz”, deb yuradi…

Bozor iqtisodi chinakamiga boshlandi. Do‘rmon atrofida ham tamshanib yuradigan bozorgonlar paydo bo‘ldi. Dastlab xorijdan kelgan bozorgon xushhavo joylarni ko‘rib qult-qult yutinadi; o‘ljani qaysi tomonidan yutib yuborsam tezroq hazm bo‘lar ekan deb o‘ylaydi. U burganing ketini ko‘rgan ishbilarmon-tadbirkor edi va umuman, yomon odamga o‘xshamasdi.

Allaqachon ko‘pchilikning ishonchini qozonishga ulgurgan edi: odmigina kiyinib, el qatori yurardi, ovqat tanlamasdi — duch kelgan narsani tik turgancha yeb ketaverardi. O‘sha kimsa hamshahari Shukur aka bilan oshna tutinmoq ilinjida atrofida o‘ralashib qoldi. Ularning bog‘chada gaplashib o‘tirganini tez-tez ko‘rish mumkin edi. Oradan hech qancha vaqt o‘tmasdan Shukur aka birdan to‘nini teskari kiyib oldi: “tadbirkor”ni bog‘chasiga kiritmay qo‘yadi, necha pullik mahmadona maxluq ekanini ham basharasiga ochiq-oydin aytadi. Voqeaning bunday tus olishini aqli raso odamlar kutmagan edi.

— Nima bo‘pti? Nega bunday bo‘pti?..

Chamasi, qo‘li yupqalik qilib imoratini bitkaza olmay yurgan halol qalamkashlardan birining uy-joyini “tadbirkor” ko‘tarasiga sotib olmoqchi bo‘ladi. Bu haqda Shukur akaga maslahat soladi. Ehtimol, “shirinkamo” taklif qilingandir.

— Mulla, menga qarang, undan ko‘ra muhtoj do‘stimizga qarz berib tursangiz o‘lasizmi?! — deydi Shukur aka.

— Qarz bersam, qaytara olmaydi-ku! — deb ajablanadi “tadbirkor”.

— Shuni bilib turib, birovning musibati evaziga boylik orttirmoqchimisiz, kelajakda bir necha barobar foyda keltiradigan ko‘chmas mulkni qo‘lga kiritmoqchi bo‘lyapsizmi?! O‘rgildim sizdaqa Mirzakarimboydan!

— Shukur aka, siz meni tushunmadingiz, axir butun dunyoda shunday.
— Marsh otsyuda! — deb ko‘chani ko‘rsatadi Shukur aka tutaqib. — Poshyol von, bo‘qvoy!

— So‘kmang oxir, baribir o‘rischani tushunmayman…
— Idi n….

“Tadbirkor ” qorachadan kelgan bo‘lsa ham ko‘karib ketadi va darhol juftakni rostlaydi. U ancha paytgacha Shukur akaning ko‘chasini aylanib o‘tadigan bo‘ladi.

“Mening nomusim aning nomusi edi”, deb iqror bo‘ladi keyinchalik yupqaqo‘l qalamkash. U Shukur akadan g‘oyibona minnatdor bo‘ladi.

Oradan uch-to‘rt yil o‘tkach, mansabidan urilgan-surilgan “yangiboylar” qorinlarini qappaytirib, bog‘ oralab “hazmitaom” uchun sayr etib yuradigan bo‘ladi. Keyin ularning yoniga qorin bo‘shlig‘i, oshqozon, kindik, kindikosti, yo‘g‘on ichak to‘g‘risida soatlab gaplashadigan “dilxasta” kimsalar ham qo‘shiladi. Ular birin-ketin xususiy mulk egalariga aylanadi; o‘rtaga odam qo‘yib ishlarini imi-jimida bitirib, ohori to‘kilgan kiyimda, yo‘l chetida piyoda ketayotgan qalamkashni ko‘rsa miyig‘ida kulib, ko‘chani changitib o‘tadigan odat chiqaradi. Bora-bora hech kim ularning mushugini “pisht!” demay qo‘yadi. O‘ylashadiki, “bularning eski shlyapasidan boshqa, almisoqdan qolgan mashinkasidan boshqa yana nimasi bor?!”

Shukur akaning kulbasiga ayvonchadan kiriladi. Ayvonchaga divan bilan kichik xontaxta qo‘yilsa, narigi tomonga yonboshlab o‘tish mumkin, xolos. Bahor va kuz faslida asosan mana shu joyda o‘tiriladi.

Bahor edi. Shukur aka ayvoncha ro‘parasiga jo‘yak tortib pomidor ko‘chatlarini ekibdi. Ko‘chatlar tutgan, yoniga cho‘p tiqib qo‘yilgan. Bir kuni bog‘chaga kirsam, Shukur aka o‘tloqqa ko‘rpacha to‘shab o‘tirgan ekan. So‘rashganimizdan so‘ng ichkariga kirib piyola olib chiqmoqchi bo‘ldi; pomidor jo‘yaklari oralab borib, ayvoncha to‘sig‘idan oshib o‘tib ichkariga kirib chiqdi. Hayron bo‘ldim.

— Ko‘rdingizmi, shunaqa bo‘p qoldi, — dedi kulib.
— Ayvonchaga ostonadan o‘tsangiz bo‘lmasmidi?

— Shuni aytyapman-da! — Choy quyib uzatdi. — Erta bahorda afg‘onqush-olaqanot ayvoncha peshtoqiga in qurdi, keyin tuxum qo‘ydi. Yaqinda paloponlarining chirq-chirq tovushini eshitib qoldim. Olaqanot bola ochibdi. Mayli, umri bilan bergan bo‘lsin, dedim. Biroq, endi ostonadan ayvonchaga o‘tadigan bo‘lsam olaqanot boshim uzra aylanib meni cho‘qimoqchi bo‘ladi, paloponlarini qizg‘anadi. Shuning uchun inida yotgan, bolalarini oziqlantirayotgan afg‘onqushni bezovta qilmaslik uchun poyabzalimni loyga botirib jo‘yak oralab yurib, to‘siqdan oshib tushadigan bo‘ldim. Mokiyon boya iniga kirib ketgan edi…

Afg‘onqush paloponlari uchirma bo‘lib inini tark etguncha Shukur aka ayvoncha to‘sig‘idan oshib o‘tib yurdi.

Shukur akaning bog‘i doim gavjum bo‘lardi. Turli toifa , turli tabaqaga mansub qo‘noqlarni nazarda tutayotganim yo‘q. Ular o‘z yo‘liga. Shukur aka ularga jiddiy e’tibor bermasdi. Kun bo‘yi, ba’zan bir necha kun tanish-notanish odamlar bilan vaqtini o‘tkazishi mumkin edi, lekin ko‘ngli boshqa yoqda bo‘lar edi, ko‘ngli qayoqda ekanini o‘zidan boshqa hech kim bilmasdi. Davrada bo‘layotgan gaplarga quloq solib o‘tirardi, e’tiborli voqealar to‘g‘risida gap ketsa, eslab qolardi. Ayni chog‘da kutilmagan mulohazani o‘rtaga tashlab qo‘noqlarni antak-tentak qilib qo‘yardi:

— Turgenev bilan Dostoyevskiy uchrashmagan-a!.. Yo‘q, uchrashgan, faqat so‘rashmagan, shekilli. Ijtimoiy tabaqalanish, ijodiy prinsiplar ba’zan ko‘ngli yaqin yozuvchilarni ham bir-biriga begona qilib qo‘yar ekan-da! To‘g‘rimi?

Davra anqayib qolardi. “Prichem tut Murtazoyev?” degan savol ko‘pchilikning xayolidan o‘tardi. Shukur aka esa pinak buzmasdan yana o‘zining o‘y-xayollariga g‘arq bo‘lardi.

Shukur akaning bog‘i doim gavjum bo‘lardi: huv marvartak ostida bitta qo‘lini tasma-belbog‘iga tiqib, bitta qo‘lini peshonasiga soyabon qilib Tolstoy bobo tikilib turardi; Dostoyevskiy ariq bo‘yidagi to‘nkada devorga qarab tumtayib o‘tirardi; Chexov ayvondagi divanda oyoqlarini chalishtirib o‘tirgan holda paloponlarning chug‘urlashini tinglardi; Pushkin chaylada tik turgancha yon daftarchasiga bir nimalarni qoralardi; Turgenev ichkarida miltiqni qismlarga ajratib, uchiga oq paxta o‘ralgan shompol bilan quvurni moylab tozalayapti – ovga hozirlik ko‘ryapti; Gogol bo‘ynidagi xochni bag‘riga mahkam bosib, xayolan devorda osig‘liq turgan Bibi Maryam timsoliga tikilib past tovushda duo o‘qiyapti… Russo, Balzak, Gyugo, Shekspir, Flober, Jek London, Mixail Sholoxov, Xemingueylar hovur ko‘tarilib turgan qo‘r atrofida davra qurib o‘tirishibdi; goh-goh kimdir luqma tashlab qo‘yadi…

Shukur aka mehmonlariga mulozamat qilmasdi. Har kim o‘zini o‘z uyida yurgandek, o‘tirgandek his etardi. Bu yerda mezbon kim, mehmon kim – ajratib bo‘lmasdi. Suhbat asosan sukunatdan iborat bo‘lardi, faqat sukunat bilan ifodalab bo‘lmaydigan fikrlargina so‘z bilan aytilardi. His-tuyg‘ular esa sukunatda zuhur etilardi.

Lev Tolstoy Shukur aka uchun so‘z san’atining o‘zgarmas o‘lchami, mezoni edi. “Urush va tinchlik” muallifining hayot hikoyasini, ijodiy falsafasini besh qo‘lday bilardi.

“Har bir badiiy asarning uchta unsuriga alohida e’tibor berish kerak. Eng asosiysi – mazmun, keyin mavzuga (predmetga) muhabbat, nihoyat, ijro mahorati-texnika muhim ahmiyatga ega. Mazmun bilan muhabbat uyg‘unligi ta’minlansa, yaxshi asar yaratiladi. Shunda texnika ham qiyomiga yetadi… Turgenev asarlari mazmunsizroq, lekin predmetga muhabbat yaqqol sezilib turadi, mahorat ham yuksak darajada. Dostoyevskiy asarlarining mag‘zi to‘q, ammo mahoratdan asar ham yo‘q. Nekrasov asarlarida mazmun ham, mahorat ham joyida, biroq haqiqiy muhabbat yetishmaydi”, deb “ta’lim” bergan edi Lev Tolstoy (A. F. Koni xotiralaridan).

Imperator Aleksandr II bo‘lsa: “Krepostnoy huquqni bekor qilish to‘g‘risida qaror chiqarishimga Turgenevning “Ovchi xotiralari” kitobi jiddiy ta’sir ko‘rsatdi”, deb e’tirof etadi.

Ana xolos! Tolstoy nazarida “mazmunsizroq” asarlar yaratgan yozuvchi Turgenev Rossiyadek buyuk saltanat taqdirini o‘zgartirib yuborishga munosib hissa qo‘shadi.

Tolstoy bobo Yasnaya Polyana o‘tloqlari, o‘rmonlari, botqoqzorlari oralab sayr etib yurgan chog‘larida maftunkor tabiatni tomosha qilib to‘ymasdi, tabiiy go‘zallikdan bitmas-tuganmas estetik zavq olardi. Ba’zan so‘qmoqqa egilib qolgan yovvoyi gullarni hassasi bilan turtib qaddini rostlab qo‘yardi, rang-barang kapalaklarni hurkitib yuborardi. Mayin shabada esgan zahoti dimoqqa muattar hidlar urilardi… Shunday farahbaxsh damlarda shahardagi diqqinafas xonalarida qog‘oz qoralab o‘tirgan hamkasblarini ko‘z oldiga keltirib, afsuslangandek bosh chayqardi, “Obbo esipastlar-ey, undan ko‘ra qamoqda yotgan afzal emasmi?!”

Shukur aka Lev Tolstoyning fe’l-atvorini, o‘y-xayollarini yaxshi bilardi. Ayrim fikr-mulohazalari nazariy jihatdan to‘g‘ri bo‘lsa-da, hayot haqiqatiga mutlaqo mos kelmasdi. Umuman olganda, Tolstoy ba’zan zamondoshlarini (jamoatchilik fikrini) nuqib, muvozanatdan chiqarish uchun ham ataylab oqimga qarshi borardi. Shu tarzda odamlarni o‘ylashga, mustaqil fikr yuritishga o‘rgatmoqchi bo‘lardi. Birovga aql o‘rgatish – o‘qituvchilik Tolstoy boboning “xobbisi” edi.

Shukur aka yaxshi ko‘radigan klassik yozuvchilardan yana bittasi, shubhasiz, Anton Pavlovich Chexov edi. U bor-yo‘g‘i 44 yil umr ko‘rgan. 1890 yilda Saxalin oroliga safarga borib kelgach, o‘n-o‘n besh yil davomida og‘ir kasallikka chalinib hayot kechiradi. Lekin Chexov asarlarida o‘lim vasvasasi aslo sezilmaydi. U hayot bilan o‘limni tabiiy hodisa sifatida xotirjam qabul qiladi – chamasi, ich-ichidan oxiratga ishonadi. Chexov jahon adabiyotida favqulodda hodisa hisoblanadi. Ilgari ham, undan keyin ham bunday yozuvchi bo‘lmagan…

Shukur aka yaxshi yozishni kimdan o‘rgangan? Menimcha, hech kimdan o‘rganmagan. O‘zi yaxshi yozuvchi edi. Gap shundaki, o‘zining haqiqatan ham yaxshi yozuvchi ekaniga ishonch hosil qilish uchun buyuk adiblarning asarlarini sinchiklab mutolaa qilardi. Esimda, Uilyam Folknerning “Tanlangan asarlari”ni bir oy davomida yotvolib o‘qigan edi. Qiroatdan so‘ng ancha paytgacha jig‘ibiyron bo‘lib yurdi, “Odamlar ham ahmaq ekan! Ko‘pchilik Folknerni yozuvchi deb yuribdi, u yozuvchi emas, ezma — grammofon!”

Vaholanki, 1949 yilda U. Folkner Nobel mukofoti bilan taqdirlangan edi.

— Nima bo‘pti?! O‘n-o‘n beshta miyasi aynigan chol to‘planib olib mukofot bersa, eski plastinka ham yozuvchi bo‘lib qoladimi?! — derdi Shukur aka rasmona ajablanib.

Darvoqe, aksariyat o‘rtamiyona qalamkashlar yuzlariga jiddiy (oqilona) tus berib, savlat to‘kib yurgan chog‘larida ro‘parasidan Shukur aka chiqib qolsa, qochgani joy topolmay qolardi. Bunday paytda Shukur aka albatta nish urib, nishona qoldirib o‘tib ketardi.

— Shukur aka, palonchini nega ko‘pchilik oldida sharmanda qildingiz?.. Endi sassib yuradi. Axir biribir foydasi yo‘q-ku!

— Foydasi bo‘lmasa ham o‘zining bir pulga qimmat ekanini bilib qo‘ygani yaxshi.

Aslini olganda, ko‘pincha Shukur aka haq bo‘lardi. Sezishimcha, u adabiyotni o‘zining shaxsiy bog‘idek avaylab-asrashni istardi, bog‘idek yaxshi ko‘rardi adabiyotni. Afsuski, bog‘i ham xuddi adabiyotdek ro‘zg‘or tebratishiga imkon bermasdi. Bog‘ ham, adabiyot ham bitta yozuvchini boqishga qodir emas edi. Bog‘ida o‘kinib xayol surib o‘tirganini ko‘p ko‘rganman. Ayniqsa, o‘rtamiyona qalamkashlar yostiqdek kitoblariga dasxat yozib Shukur akaga taqdim etib ketganidan so‘ng qadr-qimmat to‘g‘risida mahzun o‘yga tolardi. Adabiyotni “vositai joh” etib olgan teng-to‘sh hamkasblari, “ukaxonlari” bir-bir ko‘z o‘ngidan o‘taverardi. Yaxshiyamki, ziyrak Ibrohim Haqqul Shukur akaning mahzun hikoyalarini, zamon va zamondoshlari to‘g‘risidagi achchiq-chuchuk fikr-mulohazalarini o‘nlab ohanrabo tasmalarga yozdirib oladi. Tasmalarga yozilgan so‘zlar qog‘ozga ko‘chirilsa, rasmona kitob bo‘ladi. Shunda Shukur akaning ko‘pchilikka ma’lum bo‘lmagan qirlari, qirralari yaraqlab ko‘zga tashlanadi. Lekin u kunlargacha hali ancha bor.

Shukur aka bog‘ini adabiyotdek yaxshi ko‘rardi. Shu jumlani “adabiyotni bog‘idek yaxshi ko‘rardi” deb yozsam ham mantiqan xato bo‘lmaydi, lekin haqiqatning oyog‘idan chalib yiqitgan bo‘laman. Fahm-farosati haminqadar o‘quvchi yiqilib yotgan haqiqatni ko‘rib, eshakka o‘xshab tuproqqa yumalayapti, “zagar” qilyapti deb o‘ylashi mumkin. Shukur aka bo‘lsa, shunday jumlaga ko‘zi tushgan zahoti: “Mulla, aqlingiz yetmagan ishga nega burningizni tiqasiz, yozsangiz – to‘g‘ri yozing, boshimni qotirmang!” degan bo‘lardi. To‘g‘risi, Shukur aka bog‘ini adabiyotdek yaxshi ko‘rardi. Bu bog‘ni umrining oxirlarida o‘z qo‘llari bilan barpo etdi. Adabiyotga esa butun umrini bag‘ishladi: yozuvchi bo‘lib tug‘ildi, yozuvchi bo‘lib yashadi, yozuvchi bo‘lib vafot etdi. Hayotni, hayotini asarlariga ko‘chirdi; adabiyotni maksimal darajada hayotga yaqinlashtirdi. Buyurtma “makalatura” bilan haqiqiy adabiyot o‘rtasida yer bilan osmoncha farq borligini avval-boshdan teran angladi.

Jumla ko‘p narsani hal qiladi. Birgina jumla butun asarni ag‘dar-to‘ntar etib yuborishi mumkin. Jumla – o‘qildizga o‘xshaydi.

Mehmonxonada yashagan paytlarimizda har kuni kechki payt foyega chiqib “Vremya”ni yonma-yon o‘tirib tomosha qilardik. Ko‘pincha Shukur aka choynak-piyolasini ko‘tarib chiqardi. Bir piyola choy uzatardi. Ko‘rsatuv tugagach, darhol xonasiga kirib ketardi. Bir kuni “Vremya”dan keyin: “Bilasizmi, Hindiston gimnini kim yozgan?.. Rabindranat Tagor yozgan”, deb qoldi. “Tagor 1941 yil o‘lgan, Hindiston esa 1956 yilda mustaqil bo‘lgan”, dedim ishonqiramay. “Kechirasiz, noto‘g‘ri gapiribman. Qarang, bir jumla mazmunni butunlay o‘zgartirib yuboradi. To‘g‘rirog‘i, Tagor yozgan she’r keyinchalik mamlakat gimni sifatida qabul qilinadi. Mayli, hozir gap bu haqda emas. Gap shundaki, o‘sha gimnda “Hindiston – mening jazmanimsan (“lyubovnitsa moya”) ” degan jumla bor. “Jazmanim” deydi chol, “rafiqam” demaydi. Demak, o‘sha she’rni yozayotgan paytida Togorning ko‘ngliga rafiqasidan ko‘ra jazmani yaqinroq ekan-da! Ehtimol, jazman tutib qo‘yish Hindistonda ayb hisoblanmas. Tagor o‘z mamlkatini shaxsiy hayotidek yaxshi ko‘radi. Zo‘r-a!” deb miriqib kuladi. “Shunaqa gaplarni ataylab terib yurasizmi, hayronman!” deyman hazil aralash. “Nima qilay, xotiramga o‘rnashib qoladi, keyin uzoq payt o‘ylab yuraman… “Vremya”da Hindistonda suv toshqini ro‘y bergani to‘g‘risida lavha berilgan zahoti Tagor esimga tushdi…”

Shukur aka nihoyatda sinchkov edi. Hech narsa uning nazaridan chetda qolmasdi. Hamma narsani kuzatib, qiyoslab yurardi.

Bog‘ida ham bekor o‘tirmasdi, doim nima bilandir mashg‘ul bo‘lardi. Agar ish topolmay qolsa, “ekspriment” o‘tkazardi. Esimda, shig‘il-shig‘il meva qiladigan shaftolining tepa shoxlari quriy boshladi. Shunda daraxt ostiga, qayerdandir topib kelib, anorgul ekdi. Bu gul chirmovuqqa o‘xshar ekan, birpasda daraxtning ustiga chiqib ketdi, shaftolining hamma shoxlarini qoplab oldi. Tez orada shaftoli qurib qoldi. “Ko‘rdingizmi, eksprimentim teskari natija berdi, lekin baribir natija berdi-ku, muhimi — shu! Demak, chirmoviq gullarni mevali daraxt ostiga ekmaslik kerak ekan”, deydi Shukur aka kulib.

Bog‘ doimiy parvarishni talab qilardi.

Shukur akaning bog‘i go‘yo adabiyotdan andaza olgan edi, adabiyotning mo‘’jaz nusxasiga o‘xshardi.

* * *

O‘rta maktabning yuqori sinfidami yoki ilk urinish bilan ToshDUning jurnalistika fakultetiga o‘qishga kira olmaganimdan so‘ng Qo‘qonda DOSAAFning professional shofyorlar tayyorlash kursida o‘qib yurgan kezlarimdami, hartugul, bir narsa aniqki, Bag‘dod rayoni markazidagi yagona kitob do‘konidan (hozirgi avtostansiya maydonida joylashgan edi) Ibrohim Rahim, Adham Rahmat, Nazir Safarov, Mirmuhsin, O‘tkir Hoshimov, O‘lmas Umarbekov kabi yozuvchilarning kitoblari qatorida Shukur Xolmirzayevning “Hayot abadiy” hikoyalar to‘plamini ham sotib olganman. U paytlarda qo‘limga tushgan kitobni “xatm” qilaverardim. Yomon kitob bo‘lsa, chop etilmasdi deb o‘ylardim. Xullas, “aqlni peshlaydigan” – o‘quvchini “kommunistik axloq kodeksi” moddalari asosida tarbiyalaydigan “foydali” kitoblar mutolaasidan so‘ng “Hayot abadiy”ni varaqlab ko‘rganman. Dastlab, muallifning ism-familiyasi notekis tuyulgan. Odatda, yozuvchilarning ismi sharifi, taxallusi sip-silliq bo‘lardi. Boz ustiga, hikoya o‘qishni unchalik yoqtirmasdim. Chunki aksariyat hikoyalar eng qiziq joyida tugab qolardi: keyin nima bo‘ladi?.. O‘qishdan “yiqilib” qaytgan yigit harbiy xizmatga jo‘nagani ma’qulmi yoki xotin olsa jamiyatga ko‘proq foyda keltiradimi?.. Bunday “dolzarb” masalaga O‘. Hoshimov bilan O‘. Umarbekov qissalarida baholi qudrat javob berilardi, lekin ko‘p hikoyalar atlas lozimning jiyaklari ko‘ringan zahoti tugatilardi, yuqoriroq ko‘tarilmasdi. Qiziq joyini qidirib davomini o‘qisangiz, keyingi sahifada kelin-kuyov komsomol yo‘llanmasi bo‘yicha o‘qishda, ishda, zo‘r qurilishda yurgan bo‘lardi. Ajab, yozuvchilar jo‘rttaga odamni ahmoq qilarmikan yoki o‘zlari g‘irt ahmoqmikan?.. Romanlardan, qissalardan tayinli bir gap chiqishiga paqqos ishonmay qo‘yganim bois “Hayot abadiy” to‘plamidagi hikoyalarni cho‘qilab o‘qib ko‘rdim. Daf’atan hayron bo‘ldim, hikoyalar g‘adir-budurdek edi. Astoydil mutolaaga kirishaman. Bostirmada bog‘liq qolgan sigir-buzoqlar chanqab bo‘kira boshlaydi; ularga ariqdan paqirlab suv keltirib berishim lozim edi, vaqtimni ayab… panshaxa-beshlik sopi bilan baqiroqlarini yaxshilab kaltaklab qaytaman. Xiyla payt hammasining ovozi o‘chadi. Navbatdagi hikoyani o‘qiy boshlagan chog‘imda yana baqir-chaqir avj oladi, yana-tag‘in sigir-buzoqlarni tanlab-tanlab kaltaklab qaytaman. Mutolaa poyoniga yetadi: iye, shunaqa yozsa ham bo‘lar ekan-ku?! Shukur Xolmirzayev “to‘g‘ri” yozishni bilmagani uchun shunaqa g‘adir-budur yozganmikan? Hoynahoy, sip-silliq yozishni ham, taxallus tanlashni ham bilmasa kerak… Muallif ko‘nglimda shubha uyg‘otadi, chuvalashib qolaman. Chatoq bo‘ladi. Hamma yozuvchilar bir taraf bo‘lsa, Shukur Xolmirzayev bir taraf bo‘ladi. Hamma nohaq bo‘lib, bir kishining haq bo‘lishi mutlaqo mumkin emas edi. Men bilgan ta’limotga ko‘ra, har doim kollektiv haq bo‘lardi. Boshqacha bo‘lishini tasavvur eta olmasdim. Tasavvurim cheklangan ekanini xayolimga ham keltirmasdim. Odamlar nima derkin?.. Yon-atrofimda bu masala yuzasidan fikr-mulohaza bildiradigan odamning o‘zi yo‘q edi.

Shukur Xolmirzayev bilan g‘oyibona tanishuv meni ajablantirgan, xolos.

Oradan ko‘p yillar o‘tdi. 1984 yilda “Yoshlik” jurnalida “Tabassum” hikoyasi chop etishga tayyorlanayotgan paytlarda Shukur akani birinchi marta uchratdim. Bu paytda turkum hikoyalarim e’lon qilingan, Ernest Xemingueyning “Yoshlar bilan suhbat”ini tarjima qilgan edim. Shukur aka ularni o‘qigan ekan, xursand bo‘pti. “Nega xursand bo‘ladi, axir o‘zi mendan yaxshi yozadi-ku”, deb o‘ylaganman…

Rangontovda tug‘ilgan birodarimiz Ne’mat Ibrohim, yozuvchining kenja o‘g‘li Jahongir va men mustaqillikning ilk yillari Surxondaryoga bir haftalik safar chog‘ida Shukur akaga hamroh bo‘ldik. Boysunga borib Shukur akaning onasi Oysha momoni ziyorat qildik, yozuvchi tug‘ilgan xonadonni ko‘rdik. Safar davomida Ne’mat aka qiziquvchanlik bilan Shukur akaga yuzlab savol berib, yuzlab javob olgan; Shukur akaning o‘zi ham Eshon bobodan Ibrohimbek va laqaylar to‘g‘risida ko‘p narsalarni so‘rab-surishtirgan edi. Yanglishmasam, shoir Ne’mat Ibrohim o‘sha safar taassurotlarini allaqachon qog‘ozga tushirib qo‘ygan bo‘lsa kerak.

Diletant muxlislar, diletant qalamkashlar muttasil Shukur akaning boshini qotirardi: Qahhor, Qodiriy, Oybek, Ayniy; Qodiriy, Qahhor, Oybek, Ayniy; Oybek, Qodiriy, Qahhor, Ayniy… Bechora Ayniy domla har doim ro‘yxat oxirida zikr etilardi. Ko‘pincha Qahhor beri surilib, boshqa yozuvchilar nari surib qo‘yilardi. Hartugul, Qahhor Shukur akaning ustozi bo‘lgan… Shukur aka tuyqus tutun qaytarib qolardi:

— Ayniy domla bilan hazillashmang, jipiriqlar! Sizlar nimani ham bilardingiz?! Qahhor-Qahhor emish… Nima bo‘pti o‘sha Qahhor? Sarjin-sarjin o‘tin yordi, yana nima qildi?! Hatto “Zilzila”ni ham oxiriga yetkazmagan, yuragi dov bermagan…

— Oh, shirk ketmang, Shukur aka! Kufr ketdingiz, astog‘furullo deng!
— Poshyol von! Vsem, krugom, shagom marsh! Podumayeщ…

Qo‘noqlar shumshaygancha birin-ketin bog‘ni tark etardi. Albatta, ko‘chaga chiqar-chiqmas mishmishni boshlab yuborishardi.

Aslida, Shukur aka Qahhor maktabini talabalik yillaridayoq o‘tab bo‘lgan edi, endi Qahhor ko‘zlagan-u, lekin yetaolmagan dovonga ko‘tarilgan, asta-asta dovondan enayotgan edi.

— Dovonga chiqish qiyinmi, tushishmi? — deb so‘rashibdi tuyadan.
— E-e, uchinchisining ham gizini… — deb so‘kinibdi tuya.

— Uchinchisi nima ekan?
— Dovonga chiqib-tushib ko‘rmagansan-da, bilmaysan. Uchinchisi —chanqov! — deydi tuya.

O‘sha tuya, xokisor Matnazar Abdulhakimning aytishicha, xorazmlik ekan.

Dovonga chiqib-tushayotgan odamning butun vujudi o‘rtanib ketganini tomoshabinlar qayoqdan ham bilsin!

Shukur aka vaqti-vaqti bilan “Qullar”ni, “Qutlug‘ qon”ni, “O‘tmishdan ertaklar”ni, “Obid ketmon”ni qayta mutolaa qilib, o‘zida yo‘q quvonib yurardi.

Biz ham do‘ppimizni yechib qo‘yib salaflarimizning asarlarini xotirjam mutolaa qilsak kam bo‘lmasdik.

1873 yilning aprel oyida Lev Tolstoy maktublarining birida P. D. Goloxvastovga: “Pushkinning nasriy asarlarini qachon qayta o‘qigansiz? Do‘stim bo‘lsangiz, “Belkin qissalari”ni bir boshdan qayta o‘qib chiqing. O‘zim yaqinda shunday qildim; mutolaadan so‘ng qanchalik rohat qilganimni so‘z bilan ifodalay olmayman”, deb yozgan ekan.

Tolstoy boboning xotirasi haqqi-hurmati “Belkin qissalari”ni yaqinda qayta mutolaa qilishga kirishdim. Turkumdagi birinchi qissa “Otishma” (“Vыstrel”) deb nomlangan. Unda bir-biri bilan otishmaga (duelga) chiqqan ikki yigit haqida gap ketadi: Silvio nihoyatda mergan bo‘ladi, hatto devorga qo‘ngan chivinni ham to‘pponchadan o‘q uzib o‘ldira oladi, lekin ko‘ngilxushlik uchun vahshiylik qilmaydi, odamgarchiligi ham yo‘q emas. Qisqasi, shu Silvio o‘n-o‘n besh qadam narida turgan, ilgari o‘q teshib o‘tgan teshikchani aniq nishonga olib, avvalgi o‘q ustiga yana bitta o‘qni “o‘tqazib” qo‘yadi. Silvio Shvetsariya manzarasi tasvirlangan kartina – rasm ostida turgan paytida raqibi birinchi bo‘lib unga qarata o‘q uzadi, lekin o‘q boshiga emas, aynan kartinaga tegadi va teshik hosil qiladi. O‘q tovushini eshitib ichkariga kirgan kelinchak dod-faryod ko‘tarib yalinib-yolvorgach, Silvio haqli ravishda javoban o‘q uzishdan voz kechadi, tashqariga chiqib ketar chog‘ida esa ostonada to‘xtaydiyu orqasiga o‘girilib kartinadagi teshikni nishonga olib o‘tirmasdan o‘q uzadi: o‘q aynan avvalgi o‘q hosil qilgan teshikka tegadi. Ya’ni, muallif aytmoqchiki, agar u raqibini o‘ldirmoqchi bo‘lganida bormi, xohlagan joyidan daricha ochib qo‘yishi mumkin edi… Yaxshi, Pushkinga bu borada hech qanday e’tiroz yo‘q; o‘q o‘rni gugurt cho‘pining uchidek bo‘lsa, uni ko‘rish mumkin, biroq o‘sha teshikka bitta emas, ikkita o‘q kirib ketganini qanday aniqlab, ko‘rib bo‘ladi?! Ballistik tekshiruv – ekspertiza oqibatida mutaxassislar teshikchaga ikkita o‘q ustma-ust kirib ketganini, ehtimol, osonlikcha aniqlab berar. Qissa qahramoni – roviy bir qarashdayoq kartinadagi teshikchadan ustma-ust ikkita o‘q o‘tganni darhol aytadi. Ammo nimaga, qanday dalilga asoslanib shunday xulosa chiqaradi? Bu savolga kim aniq javob bera oladi?.. To‘g‘ri, Pushkin o‘quvchini ishontiradi, lekin muhim bir detalni oddiy kitobxon tushunadigan tarzda asoslab bermaydi.

Shunda Shukur akani qidirib qoldim. Shunda Shukur akaning qadri o‘tdi.

Afsus, boyagi savolim javobsiz qoldi. Balki Tolstoy, Pushkin kabi malakali harbiy bilimga ega bo‘lgan yozuvchi-o‘quvchi uchun mening ko‘nglimda paydo bo‘lgan shubha erish tuyulishi mumkin. Lekin “Belkin qissalari”ni umrida qo‘liga to‘pponcha ushlab ko‘rmagan odamlar ham o‘qishi mumkinligini hisobga olishi lozim edi. Yo noto‘g‘rimi?..

Shu yil yozda bukinist-do‘kondan Parda Tursunning “O‘qituvchi” romanini xarid qilib o‘qib chiqdim. Unda jonli hayot bor ekan. Jonli odamlar bor ekan. Parda Tursun ham chakana yozuvchi bo‘lmagan ekan-ku, deb o‘yladim. So‘ng ustoz Erkin A’zamga o‘z mulohazalarimni aytdim. Erkin aka ham bu romanni maqtadi: “Lekin talabalik paytimda o‘qiganman, shunday bo‘lsa-da hayotiy lavhalari hamon ko‘z odimda elas-elas turibdi; badiiy asarning qimmati ko‘ngilga qay darajada ta’sir etgan-etmagani bilan o‘lchanmaydimi? Eh, Shukur aka bo‘lganida aniq javob berardi, aniq baho berardi”, dedi.

Shukur akaning qadri yana bilindi.

O‘rxon Pomuq “Qor” romanida: “1878 yilda besh yuz yillik qal’a rus askarlariga taslim bo‘lganidan so‘ng musulmonlarning bir qismi surilmish…” deb yozadi Turkiyaning shimoliy qismida joylashgan Kars shahri to‘g‘risida. Vaholanki, Pushkin 1829 yilda “Erzrumga sayohat” qilgan, o‘shanda ham Kars shahridan o‘tib ketgan, chunki Erzurum hatto Karsdan ham yuz-yuz yigirma chaqirim ichkarida — Istanbul tomonda joylashgan. Demak, 1829 yilda general I. F. Paskevich tomonidan Kars zabt etilgach, yana usmonlilar qo‘liga o‘tgan ekan-da?.. Bu savolga aniq javob olish uchun romanni bir chetga qo‘yib, tarixiy asarlarni titkilashga to‘g‘ri keladi. Aslida, malakali muallif tomonidan yozilgan badiiy asarda o‘quvchi-kitobxon ko‘nglida shubha-savol uyg‘otadigan o‘rinlar bo‘lmasligi lozim. Shubha o‘quvchi ishonchini so‘ndiradi.

Shukur aka badiiy adabiyotning tirik timsoli edi.

Umrining oxirlarida Shukur aka uch jildlik “saylanma”sini nashrga tayyorlashga astoydil kirishadi. Xayriyatki, jontortar qizi Sayyora adasining vaqtli matbuot sahifalariga sochilib ketgan barcha katta-kichik asarlarini to‘plab yurgan ekan. Sayyora tufayli Shukur aka “saylanma”ning birinchi jildini qo‘liga oldi, ikkinchi jildining korrekturasini o‘qib berishga ulguradi. Muallif xohishi bo‘yicha men muharrir bo‘ldim, annotatsiyalarni ham o‘zim yozdim.

Birinchi jildga yozilgan annotatsiya:

“Shukur XOLMIRZAYEV badiiy solnoma yaratgan yozuvchi. O‘zbek xalqining 50 yillik hayoti ana shu solnomada haqqoniy aks ettirilgan. Hikoyalarning har biri mustaqil asar bo‘lsa-da, lekin ulug‘vor imoratga qo‘yilgan g‘ishtga o‘xshaydi: agar birorta g‘isht o‘z o‘rnidan olib qo‘yilsa, imorat qulab tushmagan taqdirda ham, nuqsonli ko‘rinadi. Dekmak, Shukur Xolmirzayev barpo etgan imoratni benuqson ko‘rish uchun nafaqat “tanlangan asarlar”ini, balki uch jildlikka kirmay qolgan boshqa asarlarini ham mutolaa qilish kerak.

Haqparvar va xalqparvar adibimizning uch jildlik saylanmasi shak-shubhasiz ko‘nglimizni ham, kitob javonimizni ham obod qiladi”.

Ikkinchi jildga yozilgan annotatsiya:

“O‘zbekiston xalq yozuvchisi Shukur XOLMIRZAYEVning uch jildlik “Saylanma”sining ikkinchi jildidan 1984 yilda yozilgan “Tabassum” hikoyasidan 1996 yilga qadar yaratilgan eng sara asarlari o‘rin olgan. Ya’ni, mumtoz adibimizning bir necha yillik fidokorona mehnati ikkinchi jildda o‘z aksini topgan. Ushbu hikoyalar kitob holida ilk bor nashr etilmoqda. O‘tgan davr mobaynida zamon o‘zgardi, ijtimoiy tuzum o‘zgardi, odamlar ham o‘zgardi, lekin adib o‘zgarmadi – u o‘zining ijodiy tutumlariga sodiq qoldi. Shukur XOLMIRZAYEV hamon HAQIQAT BAYROG‘I ostida HALOL ijod qilyapti, halol YASHAYAPTI. O‘ylaymizki, ikkinchi jild mutolaasidan so‘ng zukko o‘quvchi beixtiyor: “Barakali ijod sohibiga barakali umr tilayman! Umringiz uzoq bo‘lsin, baxtimizga sog‘-salomat bo‘ling, Shukur aka!” deb yuborishi turgan gap”.

Esimda, shu annotatsiyalar qo‘lyozmasini ilk bor qo‘liga olganda Shukur aka bir qoshini baland, bir qoshini past qilib o‘qishga kirishgan edi. Matnlarga bir qur ko‘z yugurtirgach, qoshlari joyiga tushadi. So‘ng sinchiklab qayta o‘qiydi. Bu gal chehrasi yorishib, yuzida tabassum paydo bo‘ladi; boz ustiga, tabassumini yashirishga behuda urina boshlaydi. Indamay sigaret chekib o‘tiraveraman. Qarasam, Shukur aka rostakamiga xijolat bo‘lyapti. Asta o‘rnimdan turdim.

— Bo‘pti, men ketdim, ishim bor edi.
E-e, shoshmang, bu axir…
Nima deysiz?.. Men to‘g‘risini yozdim, xolos.

Shukur aka birdan sharaqlab kulib yuboradi. Anchadan buyon Shukur akaning ich-ichidan quvonib kulganini ko‘rmagan edim. O‘zim ham xursand bo‘ldim.

Ayvonchadan tushib orqamga burildim-da:
— Ha, meni ahmoq deb o‘ylovdingizmi?! Siz bilgan narsani men bilmaymanmi?! Kechirasiz, yerning ostida ilon qimirlasa bilaman! — dedim hazillashib.

Shukur aka hayhaylab qoldi. O‘sha kuni rostdan ham zarur ishlarim bor edi…

Ushbu xotiralarimni qog‘ozga tushirayotib ora-orada uch-to‘rt marta Shukur akaning bog‘iga bordim. Panjara darvozasida qulf osig‘lik ekan, bog‘ atrofida aylanib izimga qaytdim har safar. Nazarimda, bog‘ hamon gavjumdek tuyuldi: shu tobda Shukur aka ayvonchada xayol surib o‘tirgan bo‘lsa, xayolini bo‘lmay deb o‘yladim oxirgi borganimda.

Kuz. Xazon fasli boshlangan. Lekin Shukur akaning bog‘ida chinnigullar barq urib ochilib yotibdi. Tabiatning bir parchasi qo‘riqxonada saqlangandek tuyuladi. Shukur aka tabiiy holatda bog‘ yaratib ketdi. U adabiyotimizni ham hayotga yaqinlashtirdi, hayotga bog‘ladi; oyog‘i yerdan uzilgan adabiyotni yerga tushirib qo‘ydi. Shu paytgacha hech kimning qo‘lidan kelmagan buyuk bir vazifani chin dildan ado etdi; dunyo adabiyoti mezoni bilan o‘lchanadigan go‘zal asarlar yaratdi. Hayotni qanday bo‘lsa shundayligicha tasvirladi; hayotni tovlab-tovlantirib ko‘rsatmadi. Haqqoniy adabiyotning betakror namunalarini meros etib qoldirdi.

Shukur aka hali yashashi kerak edi. Tog‘da o‘sgan, jismoniy mehnatni bir umr kanda qilmagan inson o‘ynab-kulib sakson-to‘qson yil yashashi mumkin edi. Xuddi o‘zi ixlos qo‘ygan Tolstoy boboga o‘xshab. Faqat bog‘iga andarmon bo‘lib, mayli, hech narsa yozmasin, quloqlari tom bitsin — hech narsani eshitmasin, ko‘zlari xira tortsin — nurdan boshqa narsani ko‘rmasin, belidan quvvat ketsin — yuk ko‘tarmasin, lekin yashashi kerak edi. O‘nkillagan, mo‘nkillagan holatida ham tirik TIMSOLga aylanardi. Tirik timsol qancha-qancha qalblarni olislardan ilitib turardi, chorlab turardi o‘ziga. Timsolga talpinib yashash boshqacha bo‘lardi. “Shukur aka nima derkin?” degan savol mudom bizni bedorlikka chorlardi. O‘zimizga nisbatan beshafqatroq, rostgo‘yroq bo‘lishga undardi. Timsolimiz — tog‘imizga qarab, boradigan manzilimizni aniqlash oson kechardi. Tog‘ o‘z o‘rnidan qo‘zg‘almaydi. Timsol qo‘zg‘alar ekan. Tog‘ o‘zini asraydi, Timsol o‘zini asray olmas ekan. Afsus. Lekin, asrashingiz kerak edi o‘zingizni, Shukur aka. O‘zingizni asrashni o‘rganmagan ekansiz-da, Shukur aka. Yer to‘yarmidi, Shukur aka?! Yer qachon to‘yibdi?!.

Anchadan beri xayolimni band etgan savolga kimdan, qayerdan javob topsam ekan? Bir nuqtaga ustma-ust ikkita o‘q tekkanini ballistik tekshiruv o‘tkazmasdan ham aniqlash mumkinmi?.. Bu savolga faqat Shukur aka javob berishi mumkin edi. U Muhammad Yusufning bog‘-hovlisida “vozdushka”dan otilgan o‘q shishaning qayeriga tekkanini olis masofada turib bexato aytgan edi. O‘shanda dastlab ishonqiramagan edim; hozir ishonamanki, Pushkin ham, Tolstoy ham nozik bir nuqtada e’tiborsizlik qilib o‘quvchi-kitobxon ko‘nglida shubha uyg‘otgan bo‘lishi mumkin. Biroq Shukur aka bunday muhim va nozik masalada aslo e’tiborsizlik qilmagan bo‘lardi.
Yana qaydam, beayb – Parvardigor, deydilar.

2008 yil 22 oktyabr, Do‘rmon

04

(Tashriflar: umumiy 345, bugungi 1)

Izoh qoldiring