Sobir O’nar. Oybegimiz

oybek1 июль — Устоз Ойбек хотираси куни

   Адабиёт тарихимизда ўзининг муқим ўрнини эгаллаган Ойбек номи тилга олинганда, эътибор берганмисиз, кўнгилда мўътадил бир кайфият, мўътадил фикр зоҳир бўлади: у сўзсиз улкан адиб. Ортиқча эҳтиросга берилмаймиз, баҳс-мунозарага ҳам ўрин йўқ, ҳадеганда олқишлашга ҳам шошилмаймиз. Сиймосини, у ҳақдаги хотираларни эспаганимиз заҳоти, турли фитналар, алғов-далғовлар замонида яшаган эса-да, қалбимизга сокин бир салобат билан киради Ойбек.

Собир ЎНАР
ОЙБЕГИМИЗ
04

02Ойбек сиймоси, бадиий салоҳияти ҳақида гап кетса қандайдир эътирозсиз тасаввурлар ҳар биримизда бор. У билан замондош бўлган адиблар адабий анжуманларда жуда илиқ сўз ай- тадилар. Ижоди ҳақида гап очилганда ҳам ортиқча мунозаралар бўлмайди. Бу — фазилатми ёки кимдандир баланд, кимдандир паст қўйишга сабаб бўлувчи дастакми?
Шуларни ўйлаб, бир неча йиллар бурун Ойбек сиймоси ҳақида ўқиб билганларимдан таъсирланиб бир мақола ёзган эдим. Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” китоби номини андак ўзгартириб “Ойбегимиз” деб қўйишга жазм этдим. Бу бошқа авлод вакилларининг улкан устозга, замонлар бўронида чўққидек қўр солиб келган буюк адибга меҳримиз, ҳурматимиз белгисидир балки…

Муаллиф

04

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак.
Хуршид Даврон

Адабиёт тарихимизда ўзининг муқим ўрнини эгаллаган Ойбек номи тилга олинганда, эътибор берганмисиз, кўнгилда мўътадил бир кайфият, мўътадил фикр зоҳир бўлади: у сўзсиз улкан адиб. Ортиқча эҳтиросга берилмаймиз, баҳс-мунозарага ҳам ўрин йўқ, ҳадеганда олқишлашга ҳам шошилмаймиз. Сиймосини, у ҳақдаги хотираларни эспаганимиз заҳоти, турли фитналар, алғов-далғовлар замонида яшаган эса-да, қалбимизга сокин бир салобат билан киради Ойбек. Боз устига “Қутлуғ қон” билан “Навоий” романларининг ўзи етмайдими, деймиз ўзимизча. Шу асарлари биланоқ у ўзига улкан ёдгорлик ўрнатиб бўлган.

Шеърий мероси-чи?

Рости, камина Ойбекнинг шеърларини, хусусан, лирик шеърларини ўқиганимда беғуборлик, жозиба, меҳр туяман юрагимда. Кўнглим тусайди шу шеърларни. Бу, энди, кўнгилнинг ўзига қўйиб берилгандаги холис ҳолат. Кези келганда “Қутлуғ қон”ни ҳам, “Навоий”ни ҳам титкилайман.

Бошқа асарлари тўғрисида ҳозир балки ўрни билан нима дейиш мумкин бўлса, айтиш мумкиндир, бироқ адибимиз тирик бўлганида муқаррар шу икки романни қўлига олиб кўз-кўз қилган бўларди. “Қутлуғ қон’нинг сўнгини замонасоз қилишга мажбур бўлганман, дерди хижолат тортиб.

Қамрови, эпик кўлами, бадиий қуввати жиҳатидан қаралганда ҳам жуда кучли асар.

04Бироқ мен Ойбекнинг ўзи — шахси ҳақида кўпроқ ўйлайман. Ва муттасил суратда замон мафкурасининг занжири қобирғаларига ҳам, қалбига ҳам ботиб, танғиб тортилган буюк ёзувчи гавдаланади кўз олдимда.

Ойбекдаги сингари ижодий куч, Ойбекдаги сингари шижоат, Ойбекники каби сабру матонат ўйлайманки, унча-мунча Ғарб ёзувчиларида ҳам бўлмаган.

Ойбек ҳақида илгари қатор мақолалар, таниқли адабиётшунос Н.Каримовнинг рисола ва асарларини ўқиб у ҳақда тасаввур майдони пайдо бўлган эди. Бироқ адибимизнинг рафиқаси, буюк зиёли Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” китобини ўқиб, очиғи ҳайрат бармоғимни ташладим.

Авваламбор бу оиланинг вужудга келиши тарихи, ундан сўнгги улуғ бирлик, улуғ елкадошлик, бемисл садоқат ҳам замонлар саҳнасидан бизга фақат ибрат, ҳикмат намунаси бўлиб балқийди.

Ўйладим: Зарифа Саидносирова Ойбексиз ҳам катта аллома бўлиб етишиши мумкин экан, аммо Ойбек Зарифа Саидносировасиз Ойбек бўлиши мушкул экан.

Бу бирлик чиндан ҳам вақтлар силсиласида бошқалар учун ибрат бўлиб қолса керак. Ҳар қандай ижодкор учун ҳам даставвал чидамли, вафодор аёл керак. Чунки ижодкорнинг инжиқлигини унча-мунча аёл зоти ҳазм қилолмайди.

Лекин Зарифа Саидносированинг бу борада бахти кулган эди. Ойбек унақа инжиқ эмасди. У ичкуёв бўлганидаям, бир хонали ётоқда фарзандлари билан яшагандаям, устига бўҳтон ёғилиб, тор жойларга қувилиб чиққанда ҳам ёзаверар эди. Шунингдек, мансабдан туширилган, ҳатто Ёзувчилар уюшмаси таркибидан ўчирилганда ҳам дами ичига тушиб кетмасди, аксинча, вақт бўлганига шукур қилиб тинимсиз ёзар эди.

Бу ҳам биз учун бир сабоқ. Чунончи биз ўз ялқовлигимизни, танбаллигимизни, эринчоқпигимизни арзимаган баҳоналар билан оқламоқчи бўламиз. Ойбекдек чўнг ўтириб меҳнат қилишга сабримиз етмайди, холос.

Ойбекка Худо тағин 20 йил умр берганида борми, шубҳасиз, у етиб бўлмас чўққиларни забт этган, бизга не-не улкан асарларни армуғон этган бўларди.

Ойбекнинг олижаноблиги, шоирлиги, заковати, садоқати, сабрлилиги рафиқасига илҳом берарди.

Оилада иккаласиям ишдан қувилган, маошсиз, нонсиз, бир пайса унсиз, Ойбекнинг қайнотаси Саидносир Миржалилов репрессияга учраб мушкул аҳволга тушиб қолган, боз устига очарчиликка юз тутилган даврлар ҳам бўлган экан.

“Бозорда бир буханка нон 200 сўм, бир килограмм гўшт эса 150 сўмга кўтарилди. Бозордан нон олиб бўлмайди, карточка бўйича олинган нонга қаноат қилишдан ўзга илож йўқ.

…Ойбек жуда тез оза бошлади. Бу унинг шу вақтда олдирган расмларидан ҳам билинади. Биз бир пайтлар бир катта, бир кичик гилам сотиб олган эдик. Ўша кунлари катта гиламни сотиб, қўй олдик. У қўзилади. Икковимиз маслаҳат қилдик-да, қўй билан қўзини сотиб, пича пул қўшиб, сигир оладиган бўлдик.

Ойбек қўйни етаклади. Ойим икковимиз орқадан ҳайдадик. Бозорга йўл олдик. Сигир қиммат, сутли сигир эса бир ҳовлининг пули экан. Биз яна қўй-қўзини ҳайдаб, изимизга қайтиб келдик. Кейин сўйиб едик.

…Бир кеча, ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман,
— Зарифа, қорним оч, очиқдим, — деб қолди, Ойбек.
Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди.
— Бирор нарса йўқми? — сўради Ойбек.

Ўрнимдан туриб, шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг “сен ҳам егин” деб мени қистади.
— Йўқ, очиқмадим. Ўзингиз ея беринг, — дедим унга.
Менинг ҳам қурсоғимда ҳеч нарса йўқ, фақат қаноат бор, холос.

Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб, деди:
— Эрталаб болаларга берарсан.
Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди.
Билмадим, бемазаликдан ея олмадими ёхуд болаларга илиниб, томоғидан ўтмадими?”

011Зарифа Саидносирова олий мактабда таълим берган биринчи ўзбек муаллимаси, анорганик кимёни ўзбек талабаларига биринчи бўлиб таништирган, кимё луғатини биринчи тузган олима. Шунингдек, рассом, мусиқачи, шоира ва мана, қўлимизда китоби — ёзувчи эди. Аммо у энг аввал ўзини Ойбекнинг вафодор хотини деб билар, энг катта ифтихори ҳам, энг йирик бахти ҳам мана шунда эди. Асардан маълум бўлишича, Ойбек ҳам асарининг илк нусхасини Зарифасига ўқитар эди. Икковлари эмчакдош эгизаклар каби мудом бир- бирига интиқиб яшаган эдилар.

Хатлар, хотираларни ўқисангиз, ҳавасингиз келади.

Айни пайтда Ойбек хотинини муттасил ишлашга мажбур этарди. Илмда худди ўзи каби заҳмат чекишини, катта олима бўлишини уқтирарди.

Зарифа Саидносирова профессор бўлди.
Ойбек — академик бўлди ҳам. Ўзбекистон Фанлар академиясининг гуманитар фанлар йўналишига бошчилик қилди.

У иқтисодчи олим эди. Бу борада бетиним илмий, назарий изланиш олиб борди. Институтда дарс берди. Сўнгра фалсафага шўнғиди. Тарихни мукаммал ўрганишга тиришди. Навоий, Бобур, Темур каби тарихимиз сиймоларининг бадиий образини яратиш ишқи билан яшади.

Ойбек замоннинг мароми билан иш тутди.
Оқимга сира қарши бормаган эди. Бу буюк қаршилик балки унинг қалбида қолди.
Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носирники сингари қатағонга дастак бўлгувчи “атрибутлар”ни ундан тополмас эдилар.

Тарих ҳақида ёзса, устидан қора чизиқ тортилмаган ҳазрат Навоий ҳақида ёзди. Бу “номаъқул” иш эмасди шўро ҳукумати учун.
Яъни, замонга ёт мафкура унга ҳам ёт эди.

Оила ҳам замонга монанд эди. Хотини ҳам, ўзи ҳам рус тилида лекциялар ўқирди. Фарзандларининг тили ҳам “мама”, “папа”дан бошланган эди.
Баъзан топшириқ билан, топшириқ бўлмаса-да,  қалби билан шўро тузумини қувватловчи асарларни кетма-кет ёзаверди.

Академик бўлганидан ташқари у Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик ҳам қилди, депутат бўлиб турли учрашувлар, сессияларда қатнашди. Қайноқ ишлаб, қайноқ яшашга интилди.
Бинобарин, ўз меҳнатининг тотли меваларидан баҳраманд бўлишга у ҳақли эди.

Назаримизда, унга шўро ҳукумати бирор айб тўнкаса, бу ғоят густоҳлик бўларди. Ахир, бундан ортиқ идеал шахс, идеал ижодкорни қайси гўшада қайси она туғиб улғайтириб қўйибди? Бўлса шунчалик бўлар-да инсон дегани. Шўрога яна нима керак? Тағин қандай хизмат қилиш мумкин шўрога?!

Бироқ… 1937 йил шамоллари Ойбекка ҳам тегмай ўтолмас эди. У ишдан ҳайдалади, Уюшма сафидан чиқарилади, газета-журналлар унинг асарларини босмай қўяди. Аслида у турли тадбирлар, жамоат ишидан чарчаган, ижодга вақт тополмай юрарди. Аммо замон таҳликали эди. Хуллас, ҳали у, ҳали бу ҳамроҳи, дўсти, устози бирин-кетин қамалиб турган кезда кўнгилга ижод сиғиши мушкул эди. “…бир қанча тенгдошлари секин-аста ғойиб бўлаётган, унинг ўзига ҳам қамалиш навбати келган пайт эди. Шундай таҳликали айёмда ижод билан шуғулланиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Ойбек буюк ирода эгаси эди. Шунинг учун ҳам у ўта таҳликали ва фожиали кунларда, ғурбат ютиб, кечирилган ҳаётда “Қутлуғ қон”дай гўзал ва ўлмас бир асарни яратди”.

Аслида ҳам ижодкорнинг мансаби бўлмайди. Мансаб унинг ижодига халақит беради, холос. Севиб яратган асари, унинг ортидан топган обрўси ҳар қандай лавозимдан устун турмайдими?

Шу ўринда бундан талай йиллар муқаддам Ёзувчилар уюшмасида бўлиб турадиган тўполонлар ёдга келади. Тўполончилар уюшма раҳбариятини халққа, адабиётга “хиёнат” қилганликда, ёшларга йўл берма-ётганликда айблар эдилар. Аслида гуруҳ-гуруҳ бўлиб мансаб талашардилар. Кўп ўтмай ғалвир сувдан кўтариладиган пайт ҳам келди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида бугун ўқиладиган шеър, бугун ўқиладиган наср керак бўлганида не аҳволга тушдик? Демак, халқ учун ёзувчиларнинг лавозимлари аҳамиятсиз экан. Бирданига бўшлиқ ҳосил бўлди. Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” дея безовта бўлиб мақола ёзса, барчамиз ёқасидан олдик, “Нималар деяпсиз, адабиёт ўлмайди!”

Ҳолбуки ёзувчи киноя қилган экан. Индаллосини айтганда адабиёт ўлиши ҳам мумкин, шекилли. Ўлмайдиган бўлса, мустақилликдан сўнг қандай ўлмас асар яратилди? Шахсан мен Шукур Холмирзаевнинг “Динозавр” романидан бошқа бугуннинг руҳида ёзилган, бугуннинг ҳаёти ифода этилган йирик, пухта жиддий асар кўрганим йўқ.

Ҳамкасбларим каминани маъзур тутсинлар. “Айбдорлар” сирасига аввал ўзимниям қўшган ҳолда, илло йирик насрни назарда тутяпман бу ерда. Асло бошқа жанрни эмас.

Ошкоралик даврининг ура-ур пайтида бир талай адабиётимизнинг устун вакиллари ҳақида ихлосимизни тамом сўндирадиган мақолалар ўқидик. Ўша пайтда шунақа гапларга ҳам ғоят ташна эканмиз-да чоғи. Аммо ҳозир ўйлаб қарасам, домла Ойбек ўша талотўплардан ҳам нисбатан “беталофат” чиқдилар. Қолганлари (Миртемир ва бошқа ўзларини четга олиб юрганлардан ташқари) чақимчи, хиёнатчи, жаллод бўлиб гавдаландилар.

Булар бариси замоннинг ўта оғир, серташвишлигидан бўлган асли. Ўша чоғ оғиз кўпиртириб ошкоралик даври қаҳрамонларига айланганлар ҳам тақдир тақозоси билан 30-50-йилларда яшаб кўрганларида эди, балки бу қадар ҳукм гаплар айтишга уялиб туришарди…

Энди билсак, улоқни олиб қолиш, яъни “очко” жамғариш учун айтилган экан бир хиллари. Бугун эса ўша тўпланган очколардан кимга наф?

Замон одамларни, хусусан, ёзувчиларни ҳам бир-бир элакдан ўтказган. Менинг тасаввуримда Ойбек ул даврлардан ҳам устига оқ либос ёпиниб кириб келади. Юзи ҳам нурли.

“Бир кеча уйимиз олдида машина тўхтаб, эшик қоқилди. Ички ишлар министрлигидан келган одам Ойбекни олиб кетажагини айтди. Менинг оёқ-қўлларимда мадор қолмади. Қалтираб кетдим. Кўзларимдан қайноқ ёшлар қуюлар экан, Ойбек остонада туриб, мени қучди-да:
— Қўрқма, сабр қил, балки сўроқ учун чақирилгандирман, -деди.

Ойбекнинг ранги ўчган, ички асабий титроғи сезилиб турибди. Мен довдираган ҳолда унинг чўнтагига озгина ақча солдим.
—  Зарифа, кераги йўқ! Олиб қолсалар, аввал ёнимни тинтиб-тозалайдилар!
Хуллас, Ойбекни олиб кетдилар. Гўё кўксимни пичоқлаб, қалбимни узиб ташлагандек туюлди менга.

Шу куни ойим бизникида эди. У бўздай оқарган, муттасил пичирлаб, ихлос билан дуо қилар, “Парвардигорим, Ўзингга топширдим! Ўзинг сақла!” деб шивирлар эди.

Тонг кўкарди. На ойим бошини ёстиққа қўйди, на мен. У уйдан бу уйга тентираб, товушсиз йиғлайман, кўз ёшларимни тиндира олмайман.

Ойбекни олиб кетган Иванов деган рус зобити эрталаб уни қайтариб олиб келди. Ошиқиб, эшикни очдим.
—  Қўрқма! Нега бунча титрайсан? Тинчман! — деди бағрига босиб Ойбек.
У эшикни илгандан сўнггина ўпкамни босдим. Ойбек — у ниҳоят ҳорғин эди, ранги-рўйида қон кўринмасди —  ўзини диванга ташлади. Ойим чой қайнатиш билан овора. Мен Ойбекнинг қаршисига ўтирдим. У сукунатнинг ўзи савол эканлигини англади.

—  Тўғри министрнинг олдига олиб бордилар. Унинг кабинетида икки-уч соат кутдим. Сўнг шоҳи тўнга ўралиб чиқди у киши, Худоёрхонда ҳам бўлмаган бундай тўн! — сўйлай бошлади Ойбек. — Министрни баъзан тантаналар ҳайъатида, саҳнада кўрардим. Баланд бўйли, йирик гавдали, девдай баҳайбат, кўзларига қаҳр-ғазаб қуйилган бир киши у! Грузин бўлса ҳам исми-шарифини ўзбекчага мувофиқлаб, Кабулов қилиб олган. Аслида Кабулидзе бўлган.

Ойбек давом  этди:
“Сен ёзувчисан. Ёзувчилар орасида шубҳали унсурлар, халқ душманлари кўп. Нега бирор марта келиб айтмайсан? Бизга хизмат қилишни истамайсан!”деди у дағдаға қилиб. Мен: “Ахир мен шоирман, адибман, бундай ишларни эплай олмайман”, дедим. Шундан кейин унинг ғазаби кўпириб кетди, сўкди, итдан бадтар қилиб ҳайдади мени…

Ойбек кўчага чиққанида, Иванов унга:
“Хафа бўлманг! Министримиз бир оз қўрс, қўпол одам. Унинг иши шуни тақозо этади”, деб авф сўрагансимон гапирибди.

—  Министрингизга айтинг, — дебди Ойбек унга жавобан. — Агар у ички ишлар министри бўлса, мен шеърият министриман. У бугун министр бўлса, эртага унинг ўрнига бошқа одам келади, мен эсам, адабиёт оламида абадий министр бўлиб қоламан!”

Ҳар қандай фақир, оддий одамнинг ҳам нафсониятига тегаверсанг, охир оқибат, у ҳам жиллақурса, сен қатори мен ҳам Худонинг бандасиман-ку, мен ҳам одамман-ку, деб юборади. Ойбек эса оддий одам эмасди — адабиёт майдонининг манаман деган пешқадамларидан эди. Унинг ички маданияти, табиати, ёзувчилар, ёшлар даврасида зинҳор “шеърият министриман!” дейишга йўл қўймас эди. Аммо ички ишлар министрининг уни одам ўрнида кўрмай, менсимай муомала қилиши, ниҳоят, ориятини қўзғаган. Ҳар қалай адабиётга жон бериб хизмат қиляпман-ку, деган нидони пеш қила билган.

“Мен Ойбекнинг бу сўзларидан тезда мамнун бўлдим, — дейди Зарифа Саидносирова. — Кўнглимга ғурур туйғуси тўлиб кетди шу топда.

Бир неча йилдан сўнг Ўзбекистонга ўша грузин ўрнига Гогидзе деган бошқа бир грузин министр бўлиб келди. Бунинг кўзлари аввалгисиникидан ҳам ёмон, ўзи ҳам ундан баттар бадбахт киши эди. Уларнинг ҳар икковпари 1953 йилдан сўнг Берия билан бирга отилдилар”.

Синчиклаб текширилса, Ойбекнинг ҳам(!) ижодидан қусурлар, айб топиш мумкин экан. Жумладан у Навоийни ҳаддан зиёд “идеаллаштирган” эди. Тушкун-пессимистик кайфиятда асарлар битган, яъни эрта бир кун келадиган коммунизмга ишончсизлик руҳида шеърлар ёзган. Ойбек сил касалига йўлиқиб, пулсиз, иложсиз, Ленинградда талаба чоғида кўп азоб тортади. “Хастимом” деган шеъри ўша пайтда ёзилади.

Сирасини айтганда, шоирнинг хасталигидан мутаассир бўлишга ҳаққи йўқми? У ҳам иссиқ жон, шу ҳолатини ифодалаш мумкин эмасми? Душманлар бу фикрга образ бағишлаб “мамлакатни хаста қилиб кўрсатаётир” дейишади. Ана дастак сизга. Демак, шу жиҳатларини ушлаб олиб жазолаш мумкин эди.

Ёзувчилар уюшмасидан Шевердин, Мильчаков ва бир неча бизга номлари таниш, аслида Ойбекнинг адабиётдаги ҳамроҳлари, дўстлари шу айбларни тўнкайдилар. Руҳан эзадилар, асарларининг чиқишига йўл бермай қўядилар. “Халқ душмани” деган тамғани босишга чинакам уринадилар. Булар асли кўролмаслик билан қилинаётган ҳаракатлар эди. Рост-да, нега кимсан фалончи-фалончилар қамалиб, отилиб, сургун қилиниб кетадилару, бу гигант ёзувчи ақалли бирон марта қамалмаса-я. Жуда бўлмаганда танқидга учраб, бадном бўлсин ахир!

Бадниятлар бунга эришолмайдилар, чунки бу гал ҳам омад деган нарса Ойбекдан юз ўгирмаган эди. Фақат бир аянчли асорат қолади: Ойбекнинг қон босими ҳаддан ортиқ кўтарилиб инсультга учрайди, тилдан қолади. Узоқ муолажа ва эҳтиёткорлик, парҳез натижасида сўзлай олиш қобилияти нисбатан тикланади. Аммо бундан бу ёғига у эҳтиросга берилмаслиги, ҳаяжонланмаслиги, қайғурмаслиги керак эди.

Ойбекда юз берган хасталик ҳам уларга қувонч бағишлайди.

Кўролмаслик нақадар бедаво иллат!

Йигирма йилча бурун катта бир йиғинда Президентимиз қатағон йиллари қурбонларининг ҳурмат-
эҳтиромини жойига қўйиш ташаббуси билан чиқдилар. Шунда бир адиб уларнинг қатағонга учрашига сабаб бўлган айбдорларни ҳам очиқ айтиб, халққа ошкор қилайлик, деди.
Бундай олганда халқдан яширин нарса ўзи йўқ.

Жабр кўрган, қамалган, қурбон бўлган инсонларга эҳтиром кўрсатилишининг ўзиёқ, ниҳоят, улар учун адолат қарор топганлигини, қолаверса, айбдорларни қоралаганимизни билдиради. Президентимиз айбдорларни номма-ном айблашга шу сабабли қарши эканлигини билдирдилар. Чунки мен оқ эдиму у қора эди, деган тортишув, ўзаро адоват тағин юзага келишини таъкидладилар…
Бундай адолатли фикр олдида ҳамма бош эгади.

Ойбек ўша министр олдида ўзига хайрихоҳ, кейинчалик оёғига чанг солиши мумкин бўлганларни “чақиб, уларга айб тўнкаб, ўзини оқлаб” чиқса ҳам бўларди. Эҳтимол, унинг ўрнида бўлганда кимдир шундай қиларди. Демак, унинг кўнглида бировга ёмонлик соғиниш асло бўлмаган. Шунинг учун энг аввало, ўзини қийин аҳволга қўйиб чиқди. Бу ҳам мардлик. Бу — жасорат!

Агар 30-йиллар адабиёт оламида юз берган талотўп, саросималикларга эътибор бериб нигоҳ ташласангиз, Абдулла Қодирий ижоди ва шахсини қораламаган бирорта адиб ёки адабиётшуносни топиш қийин. Бироқ, биргина Ойбек Қодирий ҳақида ижодий фазилатларини, улкан ёзувчи эканини таъкидлаб, таҳлил қилиб мақолалар ёзган, ёзолган эди. Бу ҳам мардлик эмасми?

Ойбек кўпгина тарихий асарлар ёзишни мўлжаллаган эди. Темур, Бобур, Бухоро амирлигининг сўнгги кунлари ҳақида ашёлар тўплаб юрган эди. У ўзининг хасталигини ўйлаб кўп безовта бўлмасди. Имкон борида ёзиш керак дерди. Маломат ёғилса ҳам, очиқ душманлик туғилса ҳам ичига ютарди, қарши курашишга вақт сарфлаб ўтирмасди.

Эҳтимол, шунинг учундир, Ойбек нисбатан қисқа умр кўрди. Адабиётимиз тоқини мангу безаши мумкин бўлган йирик насрий асарларини ўз қалби билан олиб кетди. Бироқ, барибир ундан улкан адабий мерос, жуда тиниқ, жуда жозибали, эҳтиросли шеърлар қолди.

Ва… гўзал оила қурди, бу оилани бир қўрғон каби асрай билди, фарзандларининг барчаси катта зиёлилар, ҳатто академик бўлиб етишди. Муҳими, у қалбини, ўзини ҳам сақлай билди, сотилмади, сотмади. Миртемир каби армонлари ўзи билан кетди.

Мен Ойбек хонадони билан таниш эмасман. Бирор тадбир ёхуд юбилей муносабати билан ҳам ёзаётганим йўқ бу гапларни.

Ойбек даҳосига, Ойбек салоҳиятига, қолаверса, метиндек матонатига эллик йиллар ортдаги авлодларнинг бир иқрори, тасанноси деб қаралса бўлар.

Зеро, замонлар, даврлар ўтар, авлодлар ўзгарар, бироқ Ойбек феномени, Ойбекнинг бизга замоннинг беаёв зарбпари қошидаги темир иродаси, заҳмати, меҳнати намуна бўлиб қолаверади. Таъзим деймиз.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015/03

055

Sobir O’NAR
OYBEGIMIZ
04

Oybek siymosi, badiiy salohiyati haqida gap ketsa qandaydir e’tirozsiz tasavvurlar har birimizda bor. U bilan zamondosh bo’lgan adiblar adabiy anjumanlarda juda iliq so’z ay- tadilar. Ijodi haqida gap ochilganda ham ortiqcha munozaralar bo’lmaydi. Bu — fazilatmi yoki kimdandir baland, kimdandir past qo’yishga sabab bo’luvchi dastakmi?
Shularni o’ylab, bir necha yillar burun Oybek siymosi haqida o’qib bilganlarimdan ta’sirlanib bir maqola yozgan edim. Zarifa Saidnosirovaning “Oybegim mening” kitobi nomini andak o’zgartirib “Oybegimiz” deb qo’yishga jazm etdim. Bu boshqa avlod vakillarining ulkan ustozga, zamonlar bo’ronida cho’qqidek qo’r solib kelgan buyuk adibga mehrimiz, hurmatimiz belgisidir balki…

Muallif

04

Oybekning she’rini dalaga chiqib,Maysaga ag’anab o’qimoq kerak.
Xurshid Davron

Adabiyot tariximizda o’zining muqim o’rnini egallagan Oybek nomi tilga olinganda, e’tibor berganmisiz, ko’ngilda mo»tadil bir kayfiyat, mo»tadil fikr zohir bo’ladi: u so’zsiz ulkan adib. Ortiqcha ehtirosga berilmaymiz, bahs-munozaraga ham o’rin yo’q, hadeganda olqishlashga ham shoshilmaymiz. Siymosini, u haqdagi xotiralarni espaganimiz zahoti, turli fitnalar, alg’ov-dalg’ovlar zamonida yashagan esa-da, qalbimizga sokin bir salobat bilan kiradi Oybek. Boz ustiga “Qutlug’ qon” bilan “Navoiy” romanlarining o’zi yetmaydimi, deymiz o’zimizcha. Shu asarlari bilanoq u o’ziga ulkan yodgorlik o’rnatib bo’lgan.

She’riy merosi-chi?

Rosti, kamina Oybekning she’rlarini, xususan, lirik she’rlarini o’qiganimda beg’uborlik, joziba, mehr tuyaman yuragimda. Ko’nglim tusaydi shu she’rlarni. Bu, endi, ko’ngilning o’ziga qo’yib berilgandagi xolis holat. Kezi kelganda “Qutlug’ qon”ni ham, “Navoiy”ni ham titkilayman.

Boshqa asarlari to’g’risida hozir balki o’rni bilan nima deyish mumkin bo’lsa, aytish mumkindir, biroq adibimiz tirik bo’lganida muqarrar shu ikki romanni qo’liga olib ko’z-ko’z qilgan bo’lardi. “Qutlug’ qon’ning so’ngini zamonasoz qilishga majbur bo’lganman, derdi xijolat tortib.

Qamrovi, epik ko’lami, badiiy quvvati jihatidan qaralganda ham juda kuchli asar.

Biroq men Oybekning o’zi — shaxsi haqida ko’proq o’ylayman. Va muttasil suratda zamon mafkurasining zanjiri qobirg’alariga ham, qalbiga ham botib, tang’ib tortilgan buyuk yozuvchi gavdalanadi ko’z oldimda.

Oybekdagi singari ijodiy kuch, Oybekdagi singari shijoat, Oybekniki kabi sabru matonat o’ylaymanki, uncha-muncha G’arb yozuvchilarida ham bo’lmagan.

09Oybek haqida ilgari qator maqolalar, taniqli adabiyotshunos N.Karimovning risola va asarlarini o’qib u haqda tasavvur maydoni paydo bo’lgan edi. Biroq adibimizning rafiqasi, buyuk ziyoli Zarifa Saidnosirovaning “Oybegim mening” kitobini o’qib, ochig’i hayrat barmog’imni tashladim.

Avvalambor bu oilaning vujudga kelishi tarixi, undan so’nggi ulug’ birlik, ulug’ yelkadoshlik, bemisl sadoqat ham zamonlar sahnasidan bizga faqat ibrat, hikmat namunasi bo’lib balqiydi.

O’yladim: Zarifa Saidnosirova Oybeksiz ham katta alloma bo’lib yetishishi mumkin ekan, ammo Oybek Zarifa Saidnosirovasiz Oybek bo’lishi mushkul ekan.

Bu birlik chindan ham vaqtlar silsilasida boshqalar uchun ibrat bo’lib qolsa kerak. Har qanday ijodkor uchun ham dastavval chidamli, vafodor ayol kerak. Chunki ijodkorning injiqligini uncha-muncha ayol zoti hazm qilolmaydi.

Lekin Zarifa Saidnosirovaning bu borada baxti kulgan edi. Oybek unaqa injiq emasdi. U ichkuyov bo’lganidayam, bir xonali yotoqda farzandlari bilan yashagandayam, ustiga bo’hton yog’ilib, tor joylarga quvilib chiqqanda ham yozaverar edi. Shuningdek, mansabdan tushirilgan, hatto Yozuvchilar uyushmasi tarkibidan o’chirilganda ham dami ichiga tushib ketmasdi, aksincha, vaqt bo’lganiga shukur qilib tinimsiz yozar edi.

Bu ham biz uchun bir saboq. Chunonchi biz o’z yalqovligimizni, tanballigimizni, erinchoqpigimizni arzimagan bahonalar bilan oqlamoqchi bo’lamiz. Oybekdek cho’ng o’tirib mehnat qilishga sabrimiz yetmaydi, xolos.

Oybekka Xudo tag’in 20 yil umr berganida bormi, shubhasiz, u yetib bo’lmas cho’qqilarni zabt etgan, bizga ne-ne ulkan asarlarni armug’on etgan bo’lardi.

Oybekning olijanobligi, shoirligi, zakovati, sadoqati, sabrliligi rafiqasiga ilhom berardi.

Oilada ikkalasiyam ishdan quvilgan, maoshsiz, nonsiz, bir paysa unsiz, Oybekning qaynotasi Saidnosir Mirjalilov repressiyaga uchrab mushkul ahvolga tushib qolgan, boz ustiga ocharchilikka yuz tutilgan davrlar ham bo’lgan ekan.

“Bozorda bir buxanka non 200 so’m, bir kilogramm go’sht esa 150 so’mga ko’tarildi. Bozordan non olib bo’lmaydi, kartochka bo’yicha olingan nonga qanoat qilishdan o’zga iloj yo’q.

…Oybek juda tez oza boshladi. Bu uning shu vaqtda oldirgan rasmlaridan ham bilinadi. Biz bir paytlar bir katta, bir kichik gilam sotib olgan edik. O’sha kunlari katta gilamni sotib, qo’y oldik. U qo’ziladi. Ikkovimiz maslahat qildik-da, qo’y bilan qo’zini sotib, picha pul qo’shib, sigir oladigan bo’ldik.

Oybek qo’yni yetakladi. Oyim ikkovimiz orqadan haydadik. Bozorga yo’l oldik. Sigir qimmat, sutli sigir esa bir hovlining puli ekan. Biz yana qo’y-qo’zini haydab, izimizga qaytib keldik. Keyin so’yib yedik.

…Bir kecha, yodimda, Oybek yozib o’tirardi. Men ham yozibmi, o’qibmi o’tiribman,
— Zarifa, qornim och, ochiqdim, — deb qoldi, Oybek.
Men nima deyishni bilmayman, indamadim, javob qilolmadim. Negaki, uy qup-quruq edi.
— Biror narsa yo’qmi? — so’radi Oybek.

O’rnimdan turib, shkafni axtardim. Hujradagi xurmacha, xaltalarni tekshirdim. Bir hovuch yirik kepak, bir-ikki qoshiq shakar topdim, so’ng xurmachaning tagini sidira-sidira bir qoshiq yog’ oldim. Primusda kepakni qovurib, so’ng unga shakar aralashtirib dasturxonga tortdim. Bilmadim, bu qanday taom bo’ldi ekan? Oybek hazratlari nomi menga ham noma’lum bo’lgan bu taomdan bir-ikki marta qoshiq uchida olgan bo’ldi. So’ng “sen ham yegin” deb meni qistadi.
— Yo’q, ochiqmadim. O’zingiz yeya bering, — dedim unga.
Mening ham qursog’imda hech narsa yo’q, faqat qanoat bor, xolos.

Oybek ozgina yedi. Ozginasini qoldirib, dedi:
— Ertalab bolalarga berarsan.
Menga boqib jilmaydi-da, tag’in yozuvga kirishdi.
Bilmadim, bemazalikdan yeya olmadimi yoxud bolalarga ilinib, tomog’idan o’tmadimi?”

032Zarifa Saidnosirova oliy maktabda ta’lim bergan birinchi o’zbek muallimasi, anorganik kimyoni o’zbek talabalariga birinchi bo’lib tanishtirgan, kimyo lug’atini birinchi tuzgan olima. Shuningdek, rassom, musiqachi, shoira va mana, qo’limizda kitobi — yozuvchi edi. Ammo u eng avval o’zini Oybekning vafodor xotini deb bilar, eng katta iftixori ham, eng yirik baxti ham mana shunda edi. Asardan ma’lum bo’lishicha, Oybek ham asarining ilk nusxasini Zarifasiga o’qitar edi. Ikkovlari emchakdosh egizaklar kabi mudom bir- biriga intiqib yashagan edilar.

Xatlar, xotiralarni o’qisangiz, havasingiz keladi.

Ayni paytda Oybek xotinini muttasil ishlashga majbur etardi. Ilmda xuddi o’zi kabi zahmat chekishini, katta olima bo’lishini uqtirardi.

Zarifa Saidnosirova professor bo’ldi.
Oybek — akademik bo’ldi ham. O’zbekiston Fanlar akademiyasining gumanitar fanlar yo’nalishiga boshchilik qildi.

U iqtisodchi olim edi. Bu borada betinim ilmiy, nazariy izlanish olib bordi. Institutda dars berdi. So’ngra falsafaga sho’ng’idi. Tarixni mukammal o’rganishga tirishdi. Navoiy, Bobur, Temur kabi tariximiz siymolarining badiiy obrazini yaratish ishqi bilan yashadi.

Oybek zamonning maromi bilan ish tutdi.
Oqimga sira qarshi bormagan edi. Bu buyuk qarshilik balki uning qalbida qoldi.
Cho’lpon, Abdulla Qodiriy, Usmon Nosirniki singari qatag’onga dastak bo’lguvchi “atributlar”ni undan topolmas edilar.

Tarix haqida yozsa, ustidan qora chiziq tortilmagan hazrat Navoiy haqida yozdi. Bu “noma’qul” ish emasdi sho’ro hukumati uchun.
Ya’ni, zamonga yot mafkura unga ham yot edi.

Oila ham zamonga monand edi. Xotini ham, o’zi ham rus tilida lektsiyalar o’qirdi. Farzandlarining tili ham “mama”, “papa”dan boshlangan edi.
Ba’zan topshiriq bilan, topshiriq bo’lmasa-da, qalbi bilan sho’ro tuzumini quvvatlovchi asarlarni ketma-ket yozaverdi.

Akademik bo’lganidan tashqari u Yozuvchilar uyushmasiga rahbarlik ham qildi, deputat bo’lib turli uchrashuvlar, sessiyalarda qatnashdi. Qaynoq ishlab, qaynoq yashashga intildi.
Binobarin, o’z mehnatining totli mevalaridan bahramand bo’lishga u haqli edi.

Nazarimizda, unga sho’ro hukumati biror ayb to’nkasa, bu g’oyat gustohlik bo’lardi. Axir, bundan ortiq ideal shaxs, ideal ijodkorni qaysi go’shada qaysi ona tug’ib ulg’aytirib qo’yibdi? Bo’lsa shunchalik bo’lar-da inson degani. Sho’roga yana nima kerak? Tag’in qanday xizmat qilish mumkin sho’roga?!

Biroq… 1937 yil shamollari Oybekka ham tegmay o’tolmas edi. U ishdan haydaladi, Uyushma safidan chiqariladi, gazeta-jurnallar uning asarlarini bosmay qo’yadi. Aslida u turli tadbirlar, jamoat ishidan charchagan, ijodga vaqt topolmay yurardi. Ammo zamon tahlikali edi. Xullas, hali u, hali bu hamrohi, do’sti, ustozi birin-ketin qamalib turgan kezda ko’ngilga ijod sig’ishi mushkul edi. “…bir qancha tengdoshlari sekin-asta g’oyib bo’layotgan, uning o’ziga ham qamalish navbati kelgan payt edi. Shunday tahlikali ayyomda ijod bilan shug’ullanish har kimning ham qo’lidan kelavermaydi. Ammo Oybek buyuk iroda egasi edi. Shuning uchun ham u o’ta tahlikali va fojiali kunlarda, g’urbat yutib, kechirilgan hayotda “Qutlug’ qon”day go’zal va o’lmas bir asarni yaratdi”.

Aslida ham ijodkorning mansabi bo’lmaydi. Mansab uning ijodiga xalaqit beradi, xolos. Sevib yaratgan asari, uning ortidan topgan obro’si har qanday lavozimdan ustun turmaydimi?

Shu o’rinda bundan talay yillar muqaddam Yozuvchilar uyushmasida bo’lib turadigan to’polonlar yodga keladi. To’polonchilar uyushma rahbariyatini xalqqa, adabiyotga “xiyonat” qilganlikda, yoshlarga yo’l berma-yotganlikda ayblar edilar. Aslida guruh-guruh bo’lib mansab talashardilar. Ko’p o’tmay g’alvir suvdan ko’tariladigan payt ham keldi.

Mustaqillikning dastlabki yillarida bugun o’qiladigan she’r, bugun o’qiladigan nasr kerak bo’lganida ne ahvolga tushdik? Demak, xalq uchun yozuvchilarning lavozimlari ahamiyatsiz ekan. Birdaniga bo’shliq hosil bo’ldi. Xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzaev “Adabiyot o’ladimi?” deya bezovta bo’lib maqola yozsa, barchamiz yoqasidan oldik, “Nimalar deyapsiz, adabiyot o’lmaydi!”

Holbuki yozuvchi kinoya qilgan ekan. Indallosini aytganda adabiyot o’lishi ham mumkin, shekilli. O’lmaydigan bo’lsa, mustaqillikdan so’ng qanday o’lmas asar yaratildi? Shaxsan men Shukur Xolmirzaevning “Dinozavr” romanidan boshqa bugunning ruhida yozilgan, bugunning hayoti ifoda etilgan yirik, puxta jiddiy asar ko’rganim yo’q.

Hamkasblarim kaminani ma’zur tutsinlar. “Aybdorlar” sirasiga avval o’zimniyam qo’shgan holda, illo yirik nasrni nazarda tutyapman bu yerda. Aslo boshqa janrni emas.

Oshkoralik davrining ura-ur paytida bir talay adabiyotimizning ustun vakillari haqida ixlosimizni tamom so’ndiradigan maqolalar o’qidik. O’sha paytda shunaqa gaplarga ham g’oyat tashna ekanmiz-da chog’i. Ammo hozir o’ylab qarasam, domla Oybek o’sha taloto’plardan ham nisbatan “betalofat” chiqdilar. Qolganlari (Mirtemir va boshqa o’zlarini chetga olib yurganlardan tashqari) chaqimchi, xiyonatchi, jallod bo’lib gavdalandilar.

Bular barisi zamonning o’ta og’ir, sertashvishligidan bo’lgan asli. O’sha chog’ og’iz ko’pirtirib oshkoralik davri qahramonlariga aylanganlar ham taqdir taqozosi bilan 30-50-yillarda yashab ko’rganlarida edi, balki bu qadar hukm gaplar aytishga uyalib turishardi…

Endi bilsak, uloqni olib qolish, ya’ni “ochko” jamg’arish uchun aytilgan ekan bir xillari. Bugun esa o’sha to’plangan ochkolardan kimga naf?

Zamon odamlarni, xususan, yozuvchilarni ham bir-bir elakdan o’tkazgan. Mening tasavvurimda Oybek ul davrlardan ham ustiga oq libos yopinib kirib keladi. Yuzi ham nurli.

“Bir kecha uyimiz oldida mashina to’xtab, eshik qoqildi. Ichki ishlar ministrligidan kelgan odam Oybekni olib ketajagini aytdi. Mening oyoq-qo’llarimda mador qolmadi. Qaltirab ketdim. Ko’zlarimdan qaynoq yoshlar quyular ekan, Oybek ostonada turib, meni quchdi-da:
— Qo’rqma, sabr qil, balki so’roq uchun chaqirilgandirman, -dedi.

Oybekning rangi o’chgan, ichki asabiy titrog’i sezilib turibdi. Men dovdiragan holda uning cho’ntagiga ozgina aqcha soldim.
— Zarifa, keragi yo’q! Olib qolsalar, avval yonimni tintib-tozalaydilar!
Xullas, Oybekni olib ketdilar. Go’yo ko’ksimni pichoqlab, qalbimni uzib tashlagandek tuyuldi menga.

Shu kuni oyim biznikida edi. U bo’zday oqargan, muttasil pichirlab, ixlos bilan duo qilar, “Parvardigorim, O’zingga topshirdim! O’zing saqla!” deb shivirlar edi.

Tong ko’kardi. Na oyim boshini yostiqqa qo’ydi, na men. U uydan bu uyga tentirab, tovushsiz yig’layman, ko’z yoshlarimni tindira olmayman.

Oybekni olib ketgan Ivanov degan rus zobiti ertalab uni qaytarib olib keldi. Oshiqib, eshikni ochdim.
— Qo’rqma! Nega buncha titraysan? Tinchman! — dedi bag’riga bosib Oybek.
U eshikni ilgandan so’nggina o’pkamni bosdim. Oybek — u nihoyat horg’in edi, rangi-ro’yida qon ko’rinmasdi — o’zini divanga tashladi. Oyim choy qaynatish bilan ovora. Men Oybekning qarshisiga o’tirdim. U sukunatning o’zi savol ekanligini angladi.

— To’g’ri ministrning oldiga olib bordilar. Uning kabinetida ikki-uch soat kutdim. So’ng shohi to’nga o’ralib chiqdi u kishi, Xudoyorxonda ham bo’lmagan bunday to’n! — so’ylay boshladi Oybek. — Ministrni ba’zan tantanalar hay’atida, sahnada ko’rardim. Baland bo’yli, yirik gavdali, devday bahaybat, ko’zlariga qahr-g’azab quyilgan bir kishi u! Gruzin bo’lsa ham ismi-sharifini o’zbekchaga muvofiqlab, Kabulov qilib olgan. Aslida Kabulidze bo’lgan.

Oybek davom  etdi:
“Sen yozuvchisan. Yozuvchilar orasida shubhali unsurlar, xalq dushmanlari ko’p. Nega biror marta kelib aytmaysan? Bizga xizmat qilishni istamaysan!”dedi u dag’dag’a qilib. Men: “Axir men shoirman, adibman, bunday ishlarni eplay olmayman”, dedim. Shundan keyin uning g’azabi ko’pirib ketdi, so’kdi, itdan badtar qilib haydadi meni…

Oybek ko’chaga chiqqanida, Ivanov unga:
“Xafa bo’lmang! Ministrimiz bir oz qo’rs, qo’pol odam. Uning ishi shuni taqozo etadi”, deb avf so’ragansimon gapiribdi.

— Ministringizga ayting, — debdi Oybek unga javoban. — Agar u ichki ishlar ministri bo’lsa, men she’riyat ministriman. U bugun ministr bo’lsa, ertaga uning o’rniga boshqa odam keladi, men esam, adabiyot olamida abadiy ministr bo’lib qolaman!”

Har qanday faqir, oddiy odamning ham nafsoniyatiga tegaversang, oxir oqibat, u ham jillaqursa,
sen qatori men ham Xudoning bandasiman-ku, men ham odamman-ku, deb yuboradi. Oybek esa oddiy odam emasdi — adabiyot maydonining manaman degan peshqadamlaridan edi. Uning ichki madaniyati, tabiati, yozuvchilar, yoshlar davrasida zinhor “she’riyat ministriman!” deyishga yo’l qo’ymas edi. Ammo ichki ishlar ministrining uni odam o’rnida ko’rmay, mensimay muomala qilishi, nihoyat, oriyatini qo’zg’agan. Har qalay adabiyotga jon berib xizmat qilyapman-ku, degan nidoni pesh qila bilgan.

“Men Oybekning bu so’zlaridan tezda mamnun bo’ldim, — deydi Zarifa Saidnosirova. — Ko’nglimga g’urur tuyg’usi to’lib ketdi shu topda.

Bir necha yildan so’ng O’zbekistonga o’sha gruzin o’rniga Gogidze degan boshqa bir gruzin ministr bo’lib keldi. Buning ko’zlari avvalgisinikidan ham yomon, o’zi ham undan battar badbaxt kishi edi. Ularning har ikkovpari 1953 yildan so’ng Beriya bilan birga otildilar”.

Sinchiklab tekshirilsa, Oybekning ham(!) ijodidan qusurlar, ayb topish mumkin ekan. Jumladan u Navoiyni haddan ziyod “ideallashtirgan” edi. Tushkun-pessimistik kayfiyatda asarlar bitgan, ya’ni erta bir kun keladigan kommunizmga ishonchsizlik ruhida she’rlar yozgan. Oybek sil kasaliga yo’liqib, pulsiz, ilojsiz, Leningradda talaba chog’ida ko’p azob tortadi. “Xastimom” degan she’ri o’sha paytda yoziladi.

Sirasini aytganda, shoirning xastaligidan mutaassir bo’lishga haqqi yo’qmi? U ham issiq jon, shu holatini ifodalash mumkin emasmi? Dushmanlar bu fikrga obraz bag’ishlab “mamlakatni xasta qilib ko’rsatayotir” deyishadi. Ana dastak sizga. Demak, shu jihatlarini ushlab olib jazolash mumkin edi.

Yozuvchilar uyushmasidan Sheverdin, Mil`chakov va bir necha bizga nomlari tanish, aslida Oybekning adabiyotdagi hamrohlari, do’stlari shu ayblarni to’nkaydilar. Ruhan ezadilar, asarlarining chiqishiga yo’l bermay qo’yadilar. “Xalq dushmani” degan tamg’ani bosishga chinakam urinadilar. Bular asli ko’rolmaslik bilan qilinayotgan harakatlar edi. Rost-da, nega kimsan falonchi-falonchilar qamalib, otilib, surgun qilinib ketadilaru, bu gigant yozuvchi aqalli biron marta qamalmasa-ya. Juda bo’lmaganda tanqidga uchrab, badnom bo’lsin axir!

Badniyatlar bunga erisholmaydilar, chunki bu gal ham omad degan narsa Oybekdan yuz o’girmagan edi. Faqat bir ayanchli asorat qoladi: Oybekning qon bosimi haddan ortiq ko’tarilib insul`tga uchraydi, tildan qoladi. Uzoq muolaja va ehtiyotkorlik, parhez natijasida so’zlay olish qobiliyati nisbatan tiklanadi. Ammo bundan bu yog’iga u ehtirosga berilmasligi, hayajonlanmasligi, qayg’urmasligi kerak edi.

Oybekda yuz bergan xastalik ham ularga quvonch bag’ishlaydi.

Ko’rolmaslik naqadar bedavo illat!

Yigirma yilcha burun katta bir yig’inda Prezidentimiz qatag’on yillari qurbonlarining hurmat-
ehtiromini joyiga qo’yish tashabbusi bilan chiqdilar. Shunda bir adib ularning qatag’onga uchrashiga sabab bo’lgan aybdorlarni ham ochiq aytib, xalqqa oshkor qilaylik, dedi.
Bunday olganda xalqdan yashirin narsa o’zi yo’q.

Jabr ko’rgan, qamalgan, qurbon bo’lgan insonlarga ehtirom ko’rsatilishining o’ziyoq, nihoyat, ular uchun
adolat qaror topganligini, qolaversa, aybdorlarni qoralaganimizni bildiradi. Prezidentimiz aybdorlarni nomma-nom ayblashga shu sababli qarshi ekanligini bildirdilar. Chunki men oq edimu u qora edi, degan tortishuv, o’zaro adovat tag’in yuzaga kelishini ta’kidladilar…

Bunday adolatli fikr oldida hamma bosh egadi.

Oybek o’sha ministr oldida o’ziga xayrixoh, keyinchalik oyog’iga chang solishi mumkin bo’lganlarni “chaqib, ularga ayb to’nkab, o’zini oqlab” chiqsa ham bo’lardi. Ehtimol, uning o’rnida bo’lganda kimdir shunday qilardi. Demak, uning ko’nglida birovga yomonlik sog’inish aslo bo’lmagan. Shuning uchun eng avvalo, o’zini qiyin ahvolga qo’yib chiqdi. Bu ham mardlik. Bu — jasorat!

Agar 30-yillar adabiyot olamida yuz bergan taloto’p, sarosimaliklarga e’tibor berib nigoh tashlasangiz, Abdulla Qodiriy ijodi va shaxsini qoralamagan birorta adib yoki adabiyotshunosni topish qiyin. Biroq, birgina Oybek Qodiriy haqida ijodiy fazilatlarini, ulkan yozuvchi ekanini ta’kidlab, tahlil qilib maqolalar yozgan, yozolgan edi. Bu ham mardlik emasmi?

03Oybek ko’pgina tarixiy asarlar yozishni mo’ljallagan edi. Temur, Bobur, Buxoro amirligining so’nggi kunlari haqida ashyolar to’plab yurgan edi. U o’zining xastaligini o’ylab ko’p bezovta bo’lmasdi. Imkon borida yozish kerak derdi. Malomat yog’ilsa ham, ochiq dushmanlik tug’ilsa ham ichiga yutardi, qarshi kurashishga vaqt sarflab o’tirmasdi.

Ehtimol, shuning uchundir, Oybek nisbatan qisqa umr ko’rdi. Adabiyotimiz toqini mangu bezashi mumkin bo’lgan yirik nasriy asarlarini o’z qalbi bilan olib ketdi. Biroq, baribir undan ulkan adabiy meros, juda tiniq, juda jozibali, ehtirosli she’rlar qoldi.

Va… go’zal oila qurdi, bu oilani bir qo’rg’on kabi asray bildi, farzandlarining barchasi katta ziyolilar, hatto akademik bo’lib yetishdi. Muhimi, u qalbini, o’zini ham saqlay bildi, sotilmadi, sotmadi. Mirtemir kabi armonlari o’zi bilan ketdi.

Men Oybek xonadoni bilan tanish emasman. Biror tadbir yoxud yubiley munosabati bilan ham yozayotganim yo’q bu gaplarni.

Oybek dahosiga, Oybek salohiyatiga, qolaversa, metindek matonatiga ellik yillar ortdagi avlodlarning bir iqrori, tasannosi deb qaralsa bo’lar.

Zero, zamonlar, davrlar o’tar, avlodlar o’zgarar, biroq Oybek fenomeni, Oybekning bizga zamonning beayov zarbpari qoshidagi temir irodasi, zahmati, mehnati namuna bo’lib qolaveradi. Ta’zim deymiz.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015/03

055

(Tashriflar: umumiy 285, bugungi 1)

Izoh qoldiring