So’zlarni qayraylik,shoir jo’ralar! (Shavkat Rahmon xotirasiga)

07
Инсон умри қанча яшагани билан эмас, қандай эзгу ишлар қилгани билан, инсониятга қолдирган хизматлари билан ўлчанади. Кимдир мактаб қуради, кимдир кўприк тиклайди, кимдир уч-тўртта кўчат ўтқазади, кимдир ҳеч нима… Шавкат Раҳмон эса Шавкат Раҳмон аталмиш сўлмас шеърият боғини яратиб кетди, у кўнгилларга кўприк қурди, мангуликка иморатлар тиклади. У тоғлардай улуғвор ҳиссиётлар билан яшади, у юлдузлардай теран нигоҳлар билан яшади, у ҳақиқатни куйлаган қалби билан яшади.

022
«СЎЗЛАРНИ ҚАЙРАЙЛИК, ДЎСТЛАР, ЖЎРАЛАР!»
Мансур Ғаниев
011

Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлайман

Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи изидан ўзбек адабиётининг кейинги яловбардор авлоди- Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Давронлар кириб келди. Улар ўзларининг адабиётда бошқаларга ўхшамайдиган СЎЗИ билан бир пастда шеърият ихлосмандларининг назарига тушди.

077Шавкат Раҳмон… Камсуқум, тортинчоқ, ёзганларини бошқа тенгдошларига ўхшаб катта-кичик давраларда «намойиш» қилишни унча хушламайдиган, ҳатто матбуотга беришга иккиланиб юрган ёш шоирнинг адабиёт майдонига кириб келишига унга устоз сифатида Турсунбой Адашбоевнинг ғамхўрликлари ва кейинчалик Москвадаги Олий Адабиёт курсидаги таҳсил шоирда истеъдод қирраларининг шаклланиб, ўлмас шеърият яратишига пойдевор бўлганди. Ёш ижодкор сифатида дастлабки ёзмалариёқ келажакда улкан шоир етишиб келаётганидан дарак бериб турарди. Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари газета ва журналларда берилишиёқ уни адабиётшуносу адабиёт мухлислари қалбига жойлади.

Ҳақиқий шоир учун Адабиёт кўнгил эрмаги эмас, кўнгил азоби бўлади. У касбга эмас, қисматига айланади. Шавкат Раҳмонга ҳам ҳаёт ҳақиқатларини бадиий ҳақиқатларда виждонан, сўзга хиёнат қилмасдан айтиш табиати сут билан кирган мерос эди. Унинг дастлабки шеърий тўплами «Рангин лаҳзалар»даги «Ватан» тўртлиги-кичкина қатрасида унинг кейинги бутун бир умр йўли гўё белгилаб олингандек:

Жойлашгансан
шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.

Унинг шоир сифатида дунёга келишида, албатта, адабий муҳитнинг, ўзбек шеъриятининг бой мероси-Атоию Навоийдан тортиб, Чўлпону Абдулла Ориповларгача бўлган назмий бўстоннинг ўлмас ва боқий жавҳарлари хизмати беқиёс бўлгани шубҳасиздир. Шу баробаринда, жаҳон адабиётининг буюк ирмоқларидан ҳам ижоди суғорилди. Айниқса, испан шоири Федерико Гарсиа Лорка шеърияти унинг ижодига қаттиқ таъсир қилади. У бутун умри давомида Лорка ижодини севиб ўрганади, ҳатто испан тилини ҳам ўрганиб, унинг шеърларини испанчадан аслияти бўйича ўзбекчага таржималар қилган.

Лорканинг «Энг қайғули шодлик» асари ҳам Шавкат Раҳмон саъй-ҳаракати билан ўзбек китобхонларига туҳфа этилди. Демак, Шавкат Раҳмон шеърларида ўзбек ва жаҳон шеъриятининг минг йиллик тажрибалари ўзига хос давом эттирилиб, лекин такрорланмас, ўзига хос янгича услубда кашф этилди. Оҳорли сўзлар, шеърда рост сўзни айта олиш, ҳиссиётларнинг жўшқинлиги ва уни ҳеч кимга ўхшатмаслик-Шавкат Раҳмон шундай шоир сифатида дунёга келди.

Ёш ижодкорга бефарқ бўлмаган мунаққидлар ҳам ўз баҳосини бера бошлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўша даврларда ўзбек адабий танқидчилиги ҳам салмоқ билан ўсиб, ёш қаламкашларга муносиб тақриз ва ҳаққоний сўзни айтиб, уларнинг ижодида ижобий хусусиятларни оширди. Озод Шарафиддинов, Мат-ёқуб Қўшжонов каби устозлар кўплаб ёшларга катта йўл олдидан «оқ йўл» тиладилар ва улар кейинчалик ўзбек адабиёти меросига кўплаб асарлари, қиссаю романлари, достонлари билан ўз ҳиссаларини қўшдилар. Мустақилликка эришганимиздан сўнг буюк хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган Озод Шарафиддинов Шавкат Раҳмоннинг матбуотда берилган дастлабки шеърлари билан танишиб борар экан, унинг ижодига хайрихоҳлик билдиради ва мамнуният билан сўз юритади. «Талант – халқ мулки» китобининг «Чўққиларга чорлар шеърият» сарлавҳали мақоласида шундай илиқ фикрларини ёзади: «Бир замонлар «ёш шоир» деганда… «ёш шоир» тушунчасининг замирида «ҳали ғўр, пишиб етилмаган, думбул» деганга яқинроқ маъно ётарди.

Бугунги, яъни етмишинчи йилларнинг иккинчи ярмидаги ёшлар поэзияси, назаримда, бу тушунчани салбий маънодан халос этиб, унга асл маънони қайтарганга ўхшайди. Бугун илк шеърларини китобхон ҳукмига ҳавола этаётган ёшларимиз деярли ҳаммаси ўқимишли, билимдон, адабиёт илмини пухта эгаллаган ёшлар. Ана шундай шеърларнинг муаллифлари қаторида, биринчи навбатда, бойсунлик Усмон Азимов, самарқандлик Хуршид Даврон ва шерободлик Шафоат Раҳматуллаев, ўшлик Шавкат Раҳмон…ларни санашни истардим.

…Худди шундай мисолни Шавкат Раҳмон ижодида ҳам кўп учратиш мумкин. Бу шоирнинг менга жуда маъқул томони шунда бўлдики, у кўп шеърларида шишадек тиниқ, беғубор ва пок туйғуларни чинакам лиризм билан ифодалай олади. Айни чоғда унинг шеърларида ҳам лоқайд-лик, бепарволик қораланади. У ўзига хос шаклда қаҳрамонни доим ҳаракатда бўлишга ундайди:

Биз ҳамон кетяпмиз,
Ҳамон кетяпмиз,
Кўз тикиб олисга
толиқиб, тўниб,
Биз қанча манзилдан
бефарқ ўтяпмиз,
Буюк йўл измига бўйсуниб!

Кетяпмиз сен билан,
Безовта юрак!
Бу йўлнинг сира ҳам
йўқдир ҳудуди.
Биз тўхтай олмасмиз,
Зотан, тўхтамак-
Биз учун ҳақиқий
бахтсизлик эди.»

Шу тахлит адабий муҳитда чархланган, мустабид тузум ҳукм сурган даврларда ўзлигига хиёнат қилмаган, пуфак сингари «пуф», деса учиб кетадиган безакдор сўзлару сохта туйғуларни қалб қўрғонига олиб кирмаган шоир ВАТАН, ОР-НОМУС, ҲАҚИҚАТ, ВИЖДОН, ЖАСОРАТ каби сўз эътиқодларига бир умр содиқ қолди. Шавкат Раҳмон ижодида Ватан тақдири мавзуси энг асосий қўналға. У гоҳ халқнинг қора кунларига, тарқоқ эл қисматига ачинган кўйи изтироб билан юрак қонидан сўзлар битади. Миллат манфаатларини ўзининг шахсий манфаатларидан устун қўя олмаган кимсаларни нафрат билан, ғазаб билан виждонсизлик, ман-қуртлик тўнига ўраб, сўз бичади. Ғафлатда ётган одамларнинг кўзи очилишини истайди. Ҳурликни улуғлайди. «Озодлик қўшиғи» шеърида шундай мисралар бор:

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
Сўзлари куйдирар томоқни,
Ўлимни назарга илмайсан,
Сезмайсан сургуну қамоқни.

Шу боис у барча ватандошларига қарата: «Ёвга терс қараган-мусулмон эмас!»-деб бу қўшиққа даъват этади. У Ватан тақдирини ўз тақдири деб билади. Ҳақиқий шоирнинг умри халқ бахти учун, юртнинг тинчлиги ва тараққиёти учун сарфланишини «Бахт сўзи» шеърида лўнда айтади: «Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин, айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб, элнинг бахти учун умрини тиккан, шоирлар айтмасин биринчи бўлиб… ҳам сўзин элимдан олдинроқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.»

Қисқа умр кўрган бўлса-да, ўз шеърлари билан Ватан тарихига дахл-дор инсонга айланган Шавкат Раҳмон доимий орзу бўлган юртимизнинг мустақилликка эришган илк йилларини кўрди, Ватаннинг эрк ва ҳурлик ҳавосидан нафас олди. Қарови ўзгалар қўлида бўлган тутқунлик йилларида битилган шеъридаги:

Халқлар инжуларни ўтмишларидан
Зарралаб-зарралаб терган пайтида
Биз ногоҳ шамолда очилиб қолган
Қанча жавоҳирни кўмдик қайтадан,

деб надомат чеккан шоир буюк қадамжоларимиз таъмирланиб тикланганини, Амир Темуру Алишер Навоий каби аждодларимизнинг азиз номлари қадр топганини, элнинг фидойи фарзандлари Фитрату Авлонийлар, Чўлпону Усмон Носирларнинг асл ҳаёт мазмунлари, ҳақиқатлари тарих олдида очилган кунларни ўз кўзи билан кўриб кетди.

Инсон умри қанча яшагани билан эмас, қандай эзгу ишлар қилгани билан, инсониятга қолдирган хизматлари билан ўлчанади. Кимдир мактаб қуради, кимдир кўприк тиклайди, кимдир уч-тўртта кўчат ўтқазади, кимдир ҳеч нима… Шавкат Раҳмон эса Шавкат Раҳмон аталмиш сўлмас шеърият боғини яратиб кетди, у кўнгилларга кўприк қурди, мангуликка иморатлар тиклади. У тоғлардай улуғвор ҳиссиётлар билан яшади, у юлдузлардай теран нигоҳлар билан яшади, у ҳақиқатни куйлаган қалби билан яшади. Унинг шеърлари абадий яшайди. Шавкат Раҳмон ёзганлари келгусида эзгуликка хизмат қилишини билиб ёзди:

Ногаҳон хаёлим ёришиб кетар,
Эслаб келажакнинг улуғларини.
Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга
Ўлмас қояларнинг уруғларини.

Манзилининг бир довонига етган шоир ҳаёт ҳақиқатларини мушоҳада қилиб, шундай деганди: «Башар фожеасини, миллат фожеасини ўз фожеаси билиб ўрганган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади.» Шавкат Раҳмон ана шундай бахтга эришган шоирлардан биридир. Ҳали неча-неча авлодлар унинг шеъриятидан илҳом оладилар ва шеърлари Шавкат Раҳмон юраги бўлиб абадий яшаб қолади!

Манба: «Термиз оқшоми» газетаси,№ 13, 12.04.2013

009

022
«SO’ZLARNI QAYRAYLIK, DO’STLAR, JO’RALAR!»
Mansur G’aniev
011

Shavkat Rahmon xotirasiga bag’ishlayman

O’tgan asrning 70-yillari o’rtalarida Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi izidan o’zbek adabiyotining keyingi yalovbardor avlodi- Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davronlar kirib keldi. Ular o’zlarining adabiyotda boshqalarga o’xshamaydigan SO’ZI bilan bir pastda she’riyat ixlosmandlarining nazariga tushdi.

087Shavkat Rahmon… Kamsuqum, tortinchoq, yozganlarini boshqa tengdoshlariga o’xshab katta-kichik davralarda «namoyish» qilishni uncha xushlamaydigan, hatto matbuotga berishga ikkilanib yurgan yosh shoirning adabiyot maydoniga kirib kelishiga unga ustoz sifatida Tursunboy Adashboevning g’amxo’rliklari va keyinchalik Moskvadagi Oliy Adabiyot kursidagi tahsil shoirda iste’dod qirralarining shakllanib, o’lmas she’riyat yaratishiga poydevor bo’lgandi. Yosh ijodkor sifatida dastlabki yozmalariyoq kelajakda ulkan shoir yetishib kelayotganidan darak berib turardi. Shavkat Rahmonning ilk she’rlari gazeta va jurnallarda berilishiyoq uni adabiyotshunosu adabiyot muxlislari qalbiga joyladi.

Haqiqiy shoir uchun Adabiyot ko’ngil ermagi emas, ko’ngil azobi bo’ladi. U kasbga emas, qismatiga aylanadi. Shavkat Rahmonga ham hayot haqiqatlarini badiiy haqiqatlarda vijdonan, so’zga xiyonat qilmasdan aytish tabiati sut bilan kirgan meros edi. Uning dastlabki she’riy to’plami «Rangin lahzalar»dagi «Vatan» to’rtligi-kichkina qatrasida uning keyingi butun bir umr yo’li go’yo belgilab olingandek:

Joylashgansan
shunchalar chuqur…
O’z tubiga yashirgan yurak.
Senga yetib bormoqlik uchun
Uzun umrim yetmasa kerak.

Uning shoir sifatida dunyoga kelishida, albatta, adabiy muhitning, o’zbek she’riyatining boy merosi-Atoiyu Navoiydan tortib, Cho’lponu Abdulla Oripovlargacha bo’lgan nazmiy bo’stonning o’lmas va boqiy javharlari xizmati beqiyos bo’lgani shubhasizdir. Shu barobarinda, jahon adabiyotining buyuk irmoqlaridan ham ijodi sug’orildi. Ayniqsa, ispan shoiri Federiko Garsia Lorka she’riyati uning ijodiga qattiq ta’sir qiladi. U butun umri davomida Lorka ijodini sevib o’rganadi, hatto ispan tilini ham o’rganib, uning she’rlarini ispanchadan asliyati bo’yicha o’zbekchaga tarjimalar qilgan.

Lorkaning «Eng qayg’uli shodlik» asari ham Shavkat Rahmon sa’y-harakati bilan o’zbek kitobxonlariga tuhfa etildi. Demak, Shavkat Rahmon she’rlarida o’zbek va jahon she’riyatining ming yillik tajribalari o’ziga xos davom ettirilib, lekin takrorlanmas, o’ziga xos yangicha uslubda kashf etildi. Ohorli so’zlar, she’rda rost so’zni ayta olish, hissiyotlarning jo’shqinligi va uni hech kimga o’xshatmaslik-Shavkat Rahmon shunday shoir sifatida dunyoga keldi.

Yosh ijodkorga befarq bo’lmagan munaqqidlar ham o’z bahosini bera boshladi. Shuni ham aytib o’tish lozimki, o’sha davrlarda o’zbek adabiy tanqidchiligi ham salmoq bilan o’sib, yosh qalamkashlarga munosib taqriz va haqqoniy so’zni aytib, ularning ijodida ijobiy xususiyatlarni oshirdi. Ozod Sharafiddinov, Mat-yoqub Qo’shjonov kabi ustozlar ko’plab yoshlarga katta yo’l oldidan «oq yo’l» tiladilar va ular keyinchalik o’zbek adabiyoti merosiga ko’plab asarlari, qissayu romanlari, dostonlari bilan o’z hissalarini qo’shdilar. Mustaqillikka erishganimizdan so’ng buyuk xizmatlari e’tirof etilib, O’zbekiston Qahramoni unvoniga sazovor bo’lgan Ozod Sharafiddinov Shavkat Rahmonning matbuotda berilgan dastlabki she’rlari bilan tanishib borar ekan, uning ijodiga xayrixohlik bildiradi va mamnuniyat bilan so’z yuritadi. «Talant – xalq mulki» kitobining «Cho’qqilarga chorlar she’riyat» sarlavhali maqolasida shunday iliq fikrlarini yozadi: «Bir zamonlar «yosh shoir» deganda… «yosh shoir» tushunchasining zamirida «hali g’o’r, pishib yetilmagan, dumbul» deganga yaqinroq ma’no yotardi.

Bugungi, ya’ni yetmishinchi yillarning ikkinchi yarmidagi yoshlar poeziyasi, nazarimda, bu tushunchani salbiy ma’nodan xalos etib, unga asl ma’noni qaytarganga o’xshaydi. Bugun ilk she’rlarini kitobxon hukmiga havola etayotgan yoshlarimiz deyarli hammasi o’qimishli, bilimdon, adabiyot ilmini puxta egallagan yoshlar. Ana shunday she’rlarning mualliflari qatorida, birinchi navbatda, boysunlik Usmon Azimov, samarqandlik Xurshid Davron va sherobodlik Shafoat Rahmatullaev, o’shlik Shavkat Rahmon…larni sanashni istardim.

…Xuddi shunday misolni Shavkat Rahmon ijodida ham ko’p uchratish mumkin. Bu shoirning menga juda ma’qul tomoni shunda bo’ldiki, u ko’p she’rlarida shishadek tiniq, beg’ubor va pok tuyg’ularni chinakam lirizm bilan ifodalay oladi. Ayni chog’da uning she’rlarida ham loqayd-lik, beparvolik qoralanadi. U o’ziga xos shaklda qahramonni doim harakatda bo’lishga undaydi:

Biz hamon ketyapmiz,
Hamon ketyapmiz,
Ko’z tikib olisga
toliqib, to’nib,
Biz qancha manzildan
befarq o’tyapmiz,
Buyuk yo’l izmiga bo’ysunib!

Ketyapmiz sen bilan,
Bezovta yurak!
Bu yo’lning sira ham
yo’qdir hududi.
Biz to’xtay olmasmiz,
Zotan, to’xtamak-
Biz uchun haqiqiy
baxtsizlik edi.»

Shu taxlit adabiy muhitda charxlangan, mustabid tuzum hukm surgan davrlarda o’zligiga xiyonat qilmagan, pufak singari «puf», desa uchib ketadigan bezakdor so’zlaru soxta tuyg’ularni qalb qo’rg’oniga olib kirmagan shoir VATAN, OR-NOMUS, HAQIQAT, VIJDON, JASORAT kabi so’z e’tiqodlariga bir umr sodiq qoldi. Shavkat Rahmon ijodida Vatan taqdiri mavzusi eng asosiy qo’nalg’a. U goh xalqning qora kunlariga, tarqoq el qismatiga achingan ko’yi iztirob bilan yurak qonidan so’zlar bitadi. Millat manfaatlarini o’zining shaxsiy manfaatlaridan ustun qo’ya olmagan kimsalarni nafrat bilan, g’azab bilan vijdonsizlik, man-qurtlik to’niga o’rab, so’z bichadi. G’aflatda yotgan odamlarning ko’zi ochilishini istaydi. Hurlikni ulug’laydi. «Ozodlik qo’shig’i» she’rida shunday misralar bor:

Bu qo’shiq ajoyib qo’shiqdir,
So’zlari kuydirar tomoqni,
O’limni nazarga ilmaysan,
Sezmaysan surgunu qamoqni.

Shu bois u barcha vatandoshlariga qarata: «Yovga ters qaragan-musulmon emas!»-deb bu qo’shiqqa da’vat etadi. U Vatan taqdirini o’z taqdiri deb biladi. Haqiqiy shoirning umri xalq baxti uchun, yurtning tinchligi va taraqqiyoti uchun sarflanishini «Baxt so’zi» she’rida lo’nda aytadi: «Avvalo bu so’zni o’zgalar aytsin, aytsinlar ko’zlari sevinchga to’lib, elning baxti uchun umrini tikkan, shoirlar aytmasin birinchi bo’lib… ham so’zin elimdan oldinroq aytdim, baxt so’zin aytaman eldan keyinroq.»

Qisqa umr ko’rgan bo’lsa-da, o’z she’rlari bilan Vatan tarixiga daxl-dor insonga aylangan Shavkat Rahmon doimiy orzu bo’lgan yurtimizning mustaqillikka erishgan ilk yillarini ko’rdi, Vatanning erk va hurlik havosidan nafas oldi. Qarovi o’zgalar qo’lida bo’lgan tutqunlik yillarida bitilgan she’ridagi:

Xalqlar injularni o’tmishlaridan
Zarralab-zarralab tergan paytida
Biz nogoh shamolda ochilib qolgan
Qancha javohirni ko’mdik qaytadan,

deb nadomat chekkan shoir buyuk qadamjolarimiz ta’mirlanib tiklanganini, Amir Temuru Alisher Navoiy kabi ajdodlarimizning aziz nomlari qadr topganini, elning fidoyi farzandlari Fitratu Avloniylar, Cho’lponu Usmon Nosirlarning asl hayot mazmunlari, haqiqatlari tarix oldida ochilgan kunlarni o’z ko’zi bilan ko’rib ketdi.

Inson umri qancha yashagani bilan emas, qanday ezgu ishlar qilgani bilan, insoniyatga qoldirgan xizmatlari bilan o’lchanadi. Kimdir maktab quradi, kimdir ko’prik tiklaydi, kimdir uch-to’rtta ko’chat o’tqazadi, kimdir hech nima… Shavkat Rahmon esa Shavkat Rahmon atalmish so’lmas she’riyat bog’ini yaratib ketdi, u ko’ngillarga ko’prik qurdi, mangulikka imoratlar tikladi. U tog’larday ulug’vor hissiyotlar bilan yashadi, u yulduzlarday teran nigohlar bilan yashadi, u haqiqatni kuylagan qalbi bilan yashadi. Uning she’rlari abadiy yashaydi. Shavkat Rahmon yozganlari kelgusida ezgulikka xizmat qilishini bilib yozdi:

Nogahon xayolim yorishib ketar,
Eslab kelajakning ulug’larini.
Men sochib ketaman ko’hna bag’ringga
O’lmas qoyalarning urug’larini.

Manzilining bir dovoniga yetgan shoir hayot haqiqatlarini mushohada qilib, shunday degandi: «Bashar fojeasini, millat fojeasini o’z fojeasi bilib o’rgangan shoir haqiqiy she’r baxtiga muyassar bo’ladi.» Shavkat Rahmon ana shunday baxtga erishgan shoirlardan biridir. Hali necha-necha avlodlar uning she’riyatidan ilhom oladilar va she’rlari Shavkat Rahmon yuragi bo’lib abadiy yashab qoladi!

Manba: «Termiz oqshomi» gazetasi,№ 13, 12.04.2013

012

(Tashriflar: umumiy 172, bugungi 1)

Izoh qoldiring