Sulaymon Rahmon. Tinch oqar daryo. Esse. Ikkinchi qism.

Ashampoo_Snap_2016.11.14_21h17m23s_003_.png    Асқад Мухторнинг сўзи ўткир, залварли, фикри теран, салмоқли эди. Уни кўпчилик адабий савия ва бадиий диднинг юксак мезони (эталони) деб биларди ва шу боисдан бўлса керак, ҳамкасбларининг аксарияти унинг фикрини ҳурмат қиларди.  Асқад Мухтор тинч оқар дарё эди. Унинг долғаларини кўриш учун бу дарёга шўнғиш – унинг асарлари руҳига кириш керак.

Сулаймон РАҲМОН
ТИНЧ ОҚАР ДАРЁ
Асқад Мухтор ижоди, суврати ва сийратига чизгилар
0266

УСМОН АЗИМНИНГ «ОҚ ШАРПА»СИ

052    Шеър билан наср менинг бўйнимда. Эртадан кечгача хатга кўмилиб ўтираман. Ҳикоя унча эмас-у, шеър дегани лайлак қордай ёғилиб туради. Ҳар бирини эринмай ўқийман, ичида йилт этган чўғ бўлса, у ер-бу ерига қалам уриб, бош муҳаррирга олиб кираман. Ҳозирда таниқли Қутлибека Раҳимбоева, Фароғат Камолова, Абдували Қутбиддин каби шоирларни даста-даста хатлар хирмони ичидан топганим эсимда.

Мудирим – Маҳмуд Саъдий. Адабиётшуносликка, танқидга масъул. Саъдулла Аҳмад санъатга жавобгар.
Маҳмуд Саъдий шеър кўрмайди. Тақризлар, мақолалар, адабий суҳбатларни кўради. Шундай бўлса-да, баъзи шоирлар мудир бўлгани учун шеърини кўпинча унга қолдиради. Маҳмуд Саъдий опчиқиб менга беради.
– Манави дадарларни ўзингиз ўқиб, жавобини ўзингиз бераверинг, — дейди.

Маҳмуд Саъдий унча-мунча шоирни писанд қилмайди, лекин муаллифларга қаттиқ ҳам гапирмайди, таниш, ҳадди сиққан шоирга баъзи сатрларини ҳазил-ҳузул билан бироз майна қилади, кейин кулиб туриб секингина қўлига тутқазади. Қаттиққўлликда мен ҳам ундан қолишмайман. Вақтида Юсуф Шомансур, Сайёр, Тўлқин каби «катта» шоирларнинг шеърларини тап тортмай қўлига қайтиб бериб, бироз ранжитиб қўйганман. Лекин ёш шоирларни иложи борича қўллашга ҳаракат қиламан.

Қўлёзма шеърларни «Принципда маъқуллатиб» олиш учун олиб кирганимда, баъзан Асқад Мухтор билан қисқа-қисқа суҳбатлашамиз. У мендан шеърият бўлими савиясини кўтаришни сўрайди. «Майда-чуйдалар билан ўралашманг, бақувват, кучли шоирларни жалб этинг» деб маслаҳат беради.

Маслаҳатига амал қиламан. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов, Рауф Парфи, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Ойдин Ҳожиева, Машраб Бобоев, Омон Мухтор, Маъруф Жалилга ўхшаш яхши, номдор шоирларни журналга тортишга уринаман. Лекин янгичароқ нафас олиб кириш учун янги номлар излашдан ҳам тўхтамайман.

Бир куни мудиримнинг хонасидан қорачадан келган олифтагина бир йигит пешонасини тириштириб, норози қиёфада чиқади. Қўлида бир даста қоғоз. Чиқа-чиқа алланима деб ғудранади, сўкинади чамаси. Ким бўлди бу? Қачон кириб кетган экан?
– Тинчликми? Нима бўлди? – деб ўрнимдан тураман, энсаси қотиброқ қарайди менга, истар-истамас:
— Яқмапти акага, – дейди.
– Нима ёқмабди? Мақолангизми? – дейман ўсмоқчилаб.
– Йўғ-э! – дейди пешонасини баттар тириштириб. – Қанақа мақала? Мен мақала язмайман. Дастаним яқмапти.
– Шеъру достонни Маҳмуд ака кўрмайди-ку, мен кўраман, – дейман. – Хоҳласангиз, ташлаб кетинг. Ўқиб кўрай…
Йигит «Мудирингга ёқмади, сенинг қўлингдан нима келарди, барибир унинг юзидан ўтолмайсан-ку», дегандай ишонқирамай, бирпас серрайиб туради-да, қўлидаги даста қоғозни столимга тап этказиб ташлайди.
– Нўмирингизни ёзиб кетинг, қўнғироқлашамиз, – дейман.

Кўз ташлайман: Усмон Азимов. «Оқ шарпа». Эшитмаган эканман бунақа шоирни. Каттагина достон экан. «Шарқ юлдузи»га олиб бормайдими? «Гулистон»га катталик қилса керак-ов. Майли, ўқиб кўрай-чи…
Хуллас, достон менга «яқади». Ўша заҳотиёқ Асқад Мухторга олиб кираман. Уни қарангки, достон Асқад Мухторгаям «яқади». Ўзи азза-базза кўтариб чиқади.

– Ким экан бу йигит? Қаерда ишлар экан? Илгари ҳеч қаерда чиқмаган шекилли? – дея суриштира кетади.
– Танимайман,– дейман. – Маҳмуд ака номаъқул топиб, қайтиб берган экан, қўлидан олиб, ўқиб кўрсам, яхши. Сиз нима дейсиз деб…
– Маҳмуджон ҳам қизиқ, – дейди Асқад Мухтор . – Талабни қаттиқ қўйгани яхши. Аммо бўладиган болани қўллаш ҳам керак-да. Яхши қибсиз. Сал катта экан-у, лекин бир нафасда ўқилади, бўлиб юрманглар, битта сонда кетақолсин.
Эшикдан чиқа-чиқа:
– Шунақа ёшларни кўпроқ топинг, – деб тайинлайди.
Бу гапни мен унинг раҳмати ўрнида тушунаман.
Хурсанд бўлиб Усмонга қўнғироқ қиламан: «Тезда ўзингиз тўғрингизда икки оғиз сўз ёзиб олиб келинг».

УСМОН ТЕМУРНИНГ ЎҒЛИ

 Маҳмуд Саъдий билан Ака Мурод – икки мудир ичкари хонада, биз Саъдулла Аҳмад билан шундоқ кираверишда, гўёки мудирлар қабулхонасида ўтирамиз. Т шаклида жойлашган катта-кичик икки столнинг каттасида – тўрда Саъдулла ўтиради, кичигида, шундоқ оёқ остида – мен.

Кирди-чиқди кўп. Бунинг устига бошқа бўлимларнинг баъзи бекорчироқ ходимлари ҳам бизнинг хонага кириб, чекиб, гап сотиб ўтиришни яхши кўради. Хусусан, Анвар Эшон билан Усмон Темур кунда-шунда…
Анвар Эшон қизиқчироқ, ҳар хил қизиқ гапларни топиб юради, кўпинча Ғафур Ғулом билан Расул Ҳамзатов номидан ўзи тўқиган бепарда ўрисча шеърни айтиб ҳаммани кулдиради. Қаттиқ портлаган кулги очиқ эшикдан даҳлизга отилиб чиқиб, қўшни таҳририятлардагиларни (Бир ёнимизда «Саодат», бир ёнимизда «Ғунча») ҳам безовта қилади.

Қаҳқаҳа қулоғига етса керак, баъзан мен таҳрир қилган ҳикоя ёки шеърни кўтариб (балки шуни баҳона қилибдир), бош муҳаррир муовини Ваҳоб Рўзиматов кириб келади. Ҳурматига ўрнимдан тураман. Бурнининг учига қўндирилган кўзойнак тепасидан чимирилиб қараб, хонадагиларга бир-бир разм солиб чиқади-да:
– Оковси, манави сўзингизнинг жойини тополмаяпман, – дейди менга. Қўлидан қўлёзмани олиб, қайси сўз қаерга қўйилиб ўқилишини кўрсатувчи чизиқни топиб бераман. Тўғри-да, мен таҳрир қилган матн чапланиб кетади. Тузоқлар, сиртмоқлар расмини соламан, киритмалар қиламан, янги сўзни гоҳ ўчирилган сўзнинг устига, гоҳ остига ёзаман, агар сатрга сиғмаса, ҳошияга чиқариб, унга элтувчи кўрсаткич чизиқлар чизаман. Агар ҳошияга ҳам сиғмаса, ўгириб, варақнинг орқасига ёзаман. Нақ чумоли изининг ўзи бўлади. Бундай чалкаш-чулкаш лабиринтлардан унча-мунча одамнинг ўтиши қийин. Лекин Холида билан Ўлмасга қойилман: фақат уларгина осон «ўта» олади бу лабиринтдан. – Ўзиям роса бежабсиз-да. Чапланиб кетибди. Соавторлик даъво қилсангиз ҳам бўлади. Аммо-лекин яхши, бўш келманг, оковси, – деб тик турган бекорчиларга кўзойнак устидан яна бир бор кўз ташлайди-да, эшикка йўналади. Чиқа-чиқа, тўхтайди:
– Анвар, оковси, анув очерк нима бўлди? – дейди ўгирилиб.

Анвар Эшон эндигина чаққан гугуртини шоша-пиша ўчириб, лабига қистирган сигаретини шартта оғзидан олади.
– Тайёр, домла, – дейди. – Машинкага бериб қўйдим. Ҳозир Ўлмас ҳам, Холида ҳам банд экан. Бўпқолар.
– Бўпқосин, оковси. Усмон, сизнинг ишингиз-чи? – дейди энди у Усмон Темурга тикилиб, оқ оралаган қўнғиртоб бароқ қошларини керади, чимирилади, шу билан гўё бу икки «такасалтангга» танбеҳ беради. Оғзи юмуқ ҳолда худди ниманидир чайнаётгандай пастки жағини қимирлатади, ясама тишлари ғичирлайди.
– Меникини Эминжон кўряпти, домла.
– Худо қувват берсин Эминжонга, сизникини кўравериб кўзи толиқиб қолмаса бўлди, ишқилиб, – дея ямланиб, димоғида минғирлаганча хонасига кириб кетади.
Гапидаги, коса тагидаги нимкосани пайқаб, овоз чиқармай пиқ-пиқ куламиз…

Усмон Темур кўпинча тўрт-беш яшар ўғилчасини (болани боқчага жойлай олмаётган эмиш) етаклаб келади ишхонага. Ўғилчаям ерга урсанг, кўкка сапчийдиган хилидан.
Ғайир, қопағон ит бўлсин деб кучукваччани атай ғашига тегиб, тишлашга, қопишга ўргатадиганларни кўрганман. Усмон Темурнинг ҳам баъзи қилиқлари ўшаларга ўхшайди: ўғлини сўктириб қўйиб, маза қилади, яйрайди, шундай бийрон фарзанди борлигидан фахрланади, қих-қих кулади. Хуллас, кунларнинг бирида яна бизнинг хонада одатдаги гурунг бўлаётган, гурунгда Усмон Темур ҳам ўғилчаси билан иштирок этаётган эди. Кутилмаганда эшикда Асқад Мухтор кўринади. Қўлида каттагина қўлёзма.

Ҳурматига дик этиб ўрнимдан тураман. Тисарилиб йўл берганлар орасидан ўтиб тўғри менинг олдимга келади.
– Келаси ойда Исаакяннинг юз йиллиги бўлади, – дейди у қўлимга ҳалиги қўлёзмани тутқазаётиб. – Шуни бир кўрарсиз. – Кейин хонадагиларга ўгирилади, кўзи Усмон Темурнинг ўғилчасига тушади. – Ия, бу йигитча ким бўлди?
– Аяси боқча масаласида юрувди, қаровчи йўқлигидан… – дея чайналади Усмон Темур.

Асқад Мухтор меҳр билан боланинг бошини силайди. Бола тортинмайди, бегонасирамайди, отасининг қўлини ушлаганча индамай туради.
– «Абул Аъло ал-Маарий», – деб овоз чиқариб ўқийман мен достон номини.
– Билсангиз керак, – дейди Асқад Мухтор. – Бу одам араб оламининг буюк шоирларидан бўлган. Уч яшарлигида кўздан қолган. Шунга қарамай, донишмандлиги, иқтидори, шоирлик маҳорати билан Бағдоднигина эмас, бутун араб оламини қойил қолдирган. «Лузумият» деган шеърлар китоби жуда машҳур, ўрта аср араб шеъриятининг чўққиси, фалсафий қомус деб эътироф этилган. Данте «Илоҳий комедия»сини унинг «Рисолаи малоика» деган трактатидан илҳомланиб ёзган. Уни қарангки, шундай буюк шоир бечораликда яшаган. Миср халифаси уни саройига даъват этган, лекин бормаган. Яхши яшаш, яхши еб-ичиш учун ориятини бой бериб, халқига хиёнат қилиб, адолатсиз ҳукмдорлар, зулм султонлари, мунофиқ, ёвуз подшоҳлар хизматида бўлишдан бош тортган. «Мен икки зиндон маҳбусиман, энди учинчи зиндонга борайми?» деган. Икки зиндон деганда кўрлик билан ёлғизликни назарда тутган. Қўрқмаган. Халифа саройиниям зиндон деган-а! Тили аччиқ бўлган.

Асқад Мухтор худди ўзига ўзи гапираётгандай кўзойнак ортидаги кўзларини деразадан ташқарига, босмахона ҳовлиси тепасидаги бир парча осмонга қадаганча, болакайнинг бошини силаб туриб хотиржам, хаёлчан сўзлайди.
– Исаакян шу шоир тўғрисида зўр достон ёзган. Қаранг, шу достонини ёзганда у ҳали йигирмагаям тўлмаган экан. Буям арманларнинг катта шоири. Йигирма ёшида шу достони ўн бир тилга таржима қилинган. Исаакяннинг ҳам ҳаёти оғир кечган. Бутун ёшлигини Германия, Австрия, Швейцария, Италия, Францияда, бошқа узоқ юртларда дарбадарликда ўтказган. Кўп тилни билган. Кўп китоб ўқиган. Бир дунё китоб тўплаган экан. Ереванда, уй музейида бўлганимда кўрганман. Жаҳоннинг деярли ҳамма тилларидаги китоблар бор у ерда. «Ал-Маарий»ни таржима қилишни ўшанда кўнглимга тугиб қўювдим, – дейди у хаёл аралаш болакай бошини силашда давом этиб. Бола ҳам тушунса-тушунмаса унинг гапларини жимгина эшитганча, ҳаммамизга бир-бир қараб-қараб қўяди.

Бир маҳал бола кутилмаганда юлқиниб отасининг қўлидан чиқади, болахонадор қилиб сўкинади:
– Ҳэ, энангни… – дейди, муштчалари билан Асқад Мухторнинг тиззаларига кетма-кет уриб кетади.
Тахта бўлиб қоламиз. На куларимизни биламиз, на…

Асқад Мухторнинг тили калимага айланмайди. Бирпасда шолғомдай қип-қизариб кетади. Усмон Темур ўлганни кунидан тиржаяди, ўғлига дакки берган бўлади:
– Ҳей, аҳмоқ!.. Сўкинма… Урма… Ҳей!..
– Нега бошимга чертади? – дейди бола.
Суҳбатдан мутаассир бўлиб, пайқамай қолибмиз шекилли, Асқад Мухтор гапини тугатаётиб, худди сўнгги жумласига нуқта қўйгандай, боланинг ўзи силаб турган бошига беихтиёр тирс этказиб чертиб юборган экан.
Асқад Мухтор лом-мим демайди, ерга қараганча, зиппиллаб хонадан ошиғич чиқиб кетади…

ИНТИЗОМСИЗ КИТОБХЎРЛАР

    Ишга келган кунимданоқ сезаман: «Гулистон»да муҳит бошқача. Аввало шуки, ҳамма таҳририятлар соат тўққизда иш бошлаб, олтида тугатса, бу ерда иш соат ўн бирда бошланиб, бешда тугайди. Шунда ҳам ҳамма вақтида келмайди. Маҳмуд Саъдий билан Ака Мурод кўпинча тушдан кейин, баъзан ҳамма ишдан қайтаётганда, пешинда келади. Иккови ҳам китоб жинниси. Асқад Мухтор айтмоқчи, «китобхўр». Қўлларида бир халта-бир халтадан китоб бўлади. Келгандан кейин ҳам харид қилган китобларини ҳар бири ўз столининг устига ёйиб қўйиб, яна бир-икки соат келган-кетганга кўз-кўз қилиб ўтиради. Ишга вақтида келмасликда Саъдулла Аҳмад ҳам улардан ўрнак олади…

Баъзиларга бу «интизомсизлар» ёқмайди. Лекин Асқад Мухтор феъли кенг одам, Маҳмуд Саъдийдан ҳам, Мурод Хидирдан ҳам, ҳатто Саъдулла Аҳмаддан ҳам оғринмайди. Нари борса, «Маҳмуджон келмадими?», «Шайх ҳазратлари келмадиларми?», «Муроджон кўринмайди» ёки «Бу китобхўрлар бугун ҳам йўқми?», деб қўяди. Асқад Мухторнинг ўзи ҳам «китобхўр». Шунинг учун китоб ўқийдиган одамнинг йўлини тўсмайди. У китоб ўқишни инсоннинг энг яхши фазилати деб билади. Баъзан:
– Дуч келган китобни ўқийверманглар. Вақтни қизғанинглар. Танлаб ўқишни ўрганинглар, – дея насиҳат қилган бўлади. – Ўқигандаям фаол ўқиш керак. Қалам билан чизиб ўқиш керак. Мен шундай қиламан. Ёшлигимда ўқиган китобларни ҳозир қайта ўқисам, бошқача ҳузур туяман. Толстой ҳам шундай қилар экан. Голохвастов деган бир дўстига ёзган хатида «Пушкинни қачон қайта ўқигансиз?» деб сўрайди. «Агар дўстим бўлсангиз, «Марҳум Иван Петрович Белкин қиссаларини» эринмай ўқиб чиқинг. Мен яқинда қайта ўқидим, роса маза қилдим» деб маслаҳат беради. Шунақа. Қайта ўқишда гап кўп. Биринчи ўқиганда яшириниб қолган нарсаларни топасиз…

Анвар Эшон эркин мухбир. Ишхонада қоқилиб ўтириши шарт эмас. Шунга қарамай, вақтининг кўпини таҳририятда ўтказади. «Китобхўрлар»нинг ишга бундай муносабатини Асқад Мухтордай одамга ҳурматсизлик деб билади, ўзича нолигандай бўлади.
– Ўлай агар, шу олган китобларининг бирортасиниям охиригача ўқимаган шулар, – дея фол очади. – Нари борса, аннотациясини ўқийди.
– Ундан у ёғини ўқишга вақтлариям етмайди-да, – деб кулади Асқад Мухтор. – Шуям катта гап. Қанийди, ҳамма яхши китобларни ўқиб чиқиш учун одамнинг умри етса!..
– Одам кўп китоб ўқигани билан доно бўлиб қолмайди-ку, Асқад ака, – деб донолик қилади Анвар Эшон. – Масалан, Маҳмуд Саъдийнинг билимида система йўқ. Узуқ-юлуқ. Чўқилаб ўқиган. Унинг билими гадойнинг тўрвасидаги нонга ўхшаб бўлтак-сўлтак. Меҳмоннинг олдига қўйиб бўлмайди, дастурхонбоп эмас…
Асқад Мухтор:
– Биз уни ҳамма илмни сув қилиб ичиб юборган Шайх Саъдий деб юрсак, сиз… бопладингиз-ку… – дейди-да, илжайганча индамай хонасига кириб кетади…

ҲАЛИМ МУАЛЛИМ

    «Гулистон»га ўтганимдан бери Абдулла Орипов билан кўришмаган эдик. Бир куни ўзи кириб келади. Аллақайдан қўлимга тушиб қолган, махфий тарқатилган уч-тўрт варақли норасмий бир нарсани ўқиб ўтирган эдим. Унда ёзилишича, Эрон ҳудудига уч оёқли номаълум учар жисм тушган. Қўнишдан олдин оёқларидан аллақандай яшил суюқлик чиқариб, қўнадиган жойини зарарсизлантирган. Кейин ундан бадани кумушранг, пешонасида биттагина кўзи бор одамсимон махлуқ тушган ва ҳоказо…

– Манавини ўқинг, – деб бераман унга. – Қизиқ экан.
Олиб, тезгина кўз югуртириб чиқади. Тўрт буклаб, чўнтагига солади.
– Бафуржа ўқиш керак экан, сиз ўқиб бўлгандирсиз? – дейди.
– Ҳа, олақолинг, – дейман.

Орадан бир муддат ўтгач, унинг «Самовий меҳмон, беш донишманд ва фаррош кампир қиссаси» деган шеъри пайдо бўлади. «Оббо шоири замон-эй, ҳалиги махфий хабардан илҳомланибди-да», деб кўнглимдан ўтказаман.
Ўша пайтларда Абдулла Орипов Асқад Мухторни унча хушламасди. Сабаби шуки, Асқад Мухтор олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида номи ҳамманинг оғзида бўлган, каттаю кичикнинг арзандасига айланиб улгурган ёш шоирни қаттиқ танқид қилиб чиққан. Абдулла Орипов бундан жуда ранжиган.

Эсимда, бир куни кеч маҳал кимсасиз трамвайда (у Оқлонда, мен Кўкчада ижарада турардик), унга дуч келиб қоламан. Кайф устида: «Эртага қўшоғиз милтиқ оламан, бир оғзидан Асқад Мухторни, бир оғзидан – Ҳамид Ғуломни отаман», деб ҳасратидан чанг чиқади. Хуллас, гапнинг тагига етсам, Асқад Мухтор унинг «Жаннат», «Лайлак» деган шеърларини «Комсомольская правда»да савалабди, уйдаги гапни кўчага олиб чиқибди, сиёсий айб тақабди, гўё уни жувонмарг қилиб юборишни кўзлабди. Ҳамид Ғулом эса «Шарқ юлдузи»да (у шу журналнинг бош муҳаррири эди) чиқаётган «Ўйларим», «Созим», «Биринчи муҳаббатим» ва ҳоказо бир туркум шеърларини тўхтатиб қўйибди.

Мен «Лайлак»ни ҳам, «Жаннат»ни ҳам ўқиганман. Тўғри, ҳар икковининг ҳам тагида гапи бор. Бироқ, ваҳима кўтармаса ҳам бўлаверадиган шеърлар. Чунки «гап» анча маҳорат билан пардаланган. «Лайлак»да Бухорони беклар, амирлар, шайхлар, манғит давлати, булбуллар, товуслар ташлаб кетди, фақат лайлак қолди. Унинг оёқлари ғўзага, қанотлари пахтага ўхшайди, дейилади. Бу факт. Аслида ҳам шундай. Реал воқелик. Ҳаётий ҳақиқат. Чиндан ҳам бу ерда лайлакдан бошқасининг ўтмишга айлангани рост. Шу боис, айтайлик, нияти пок танқидчи «Қаранг, лайлак ўз ватанини нақадар севади» деб, уни садоқат ва вафо рамзи сифатида талқин қилса ҳам, собит ватанпарвар инсонлар тимсоли деб улуғласа ҳам бўлаверади. Лекин ҳақиқатан шоир кўзда тутган асл ғоявий мақсад бўлак. Уни фақат шеър тилини тушунган одамгина илғайди. Шеърни яхлит истиора сифатида англамаган, Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, ҳар бир ҳарфнинг этагини кўтариб қарамаган, яширин маънолар изламаган киши уни шунчаки Бухоро саёҳатидан олинган бир таассурот деб қабул қилиши ҳам мумкин. Бордию у мабодо истиора тилидан, тимсоллар тилидан ўгирилса, таъвил қилинса, моҳиятига кириб талқин этилса, албатта ундан «Совет даврида Бухоро, яъниким ўзбек халқи ўз миллий давлатчилигидан («беклар, амирлар», «манғит давлати»), динидан («ислом, шайхлар, кабирлар»), санъату маданиятидан («булбуллар, «товуслар») жудо бўлди, унинг зиммасида фақат ғўза ва пахта («оёқлари ғўзага, қанотлари пахтага ўхшаган лайлак») машаққати қолди», демакки, «Ўзбекистон пахта хомашёси етиштириб берувчи мустамлака мамлакатга айланди» деган фикр уқилиши тайин. Ва бу ҳам моҳиятан тўғри фикр. Лекин давр сиёсати тақазоси билан айтиш ман этилган фикр.

«Жаннат»да ҳам тагмаъно бор. Унда укасига эртак айтган лирик қаҳрамон жаннатни мақтаб қўйиб, балога қолади. Бола ўша жаннатни топиб бер, деб туриб олади. Ака уни боқчага олиб бориб, жаннат мана шу, деб кўрсатади, алдайди. Бола ишонади. Шоир:

Лекин катталарга сўйламанг эртак,
Улардан қутулиш қийин бўлади, –

дея ўз хулосасини айтади.
Кўриниб турибди, гарчанд коса тагидаги нимкосада «Келажагимиз буюк, коммунизмда яшаймиз, ҳаётимизни жаннатга айлантирамиз» каби ёлғон, пўрсилдоқ ваъдалар билан халқни алдамайлик» деган ҳақиқат ётган бўлса-да, буни ҳам айтишни замон кўтармайди.

Асқад Мухтор закий, шеър тилини яхши тушунади. Бу шеърлар замиридаги ҳақиқий ички маъноларни теран ва тўғри илғайди. Шоирнинг асл ғоявий мақсадини, унинг замон кўтармайдиган фикрларини яхши англайди. Бундай фикрлар даврнинг энг оғриқли ҳақиқатлари эканлигини ҳам билади. Лекин ҳазм қилолмайди, яшириш на ҳожат, коммунистик виждони бунга йўл қўймайди. Буни ғоявий хато, тузумга хиёнат, деб билади ва дарҳол «ориентациясини йўқотган» шоирни, Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони»даги Соттига ўхшаб, «ойижонисига» сотади, «сиёсий ҳушёрлик» қилади, гўё шоирни «адашишлардан» асраб қолмоқчи бўлади.

«Абдулланинг яқинда қаттиқ танқид қилинган (яъни, ўзи танқид қилган – С.Р.) 2-3 шеъри мана шундай ғоявий, ҳаётий ориентациясини йўқотиш пайтларида ёзилган бўлса керак. «Лайлак», «Жаннат» каби шеърлар ҳақиқатан ҳам ғоявий хато шеърлар, жамоатчилик буни тўғри баҳолади… — деб ёзади Асқад Мухтор сал кейинроқ «Замондошимиз» мақоласида яна шу гапга қайтиб. – Мен Абдулладан сўрадим: масалан, «Лайлак»ни нега, қандай қилиб, нималарни ўйлаб ёздингиз, шу хато фикр ҳақиқатан ҳам чин кўнглингиздан чиққанми? – дедим.

Абдулланинг айтишича, юртимиз ҳақида бундай ёмон фикр унинг хаёлига ҳам келмаган. У жуда яхши фикр айтмоқчи бўлган экан. Яъни, пахта – лайлак ассоциацияларида меҳнат образини бермоқчи бўлган, сарой, шоҳ, булбул деталлари билан текинхўр айш-ишрат дунёсини шиддатли меҳнатимизга қарама-қарши қўймоқчи бўлган. Мен Абдуллага ишонаман. Лекин афсуски, шеърда бу ният чиқмаган ва шеър бизнинг зараримизга ишлайди».
Мақолада у нафақат Абдулла Ориповнинг, бошқа ёшларнинг ҳам ижодини сиёсий элакдан ўтказади. Ва шундай хулосага келади: «…ёшлар ҳар нарсадан қийиқ топишга, ҳар нарсани фош қилишга, «эски тартиб»ларни инкор этишга интилишади, ҳозирги оғир, салмоқли, собир сиёсатимизни тушуниб етишмайди. Шунинг учун ёшлар орасида тирноқ орасидан кир қидирувчилар чиқиб қолаяпти… Масалан, Муҳаммад Али «Қўмсаш» шеърида ижодининг «болалиги»ни қўмсаб бундай дейди:

Билганингни қилгансан, шеърим,
Ушламаган қўлингдан биров.
На сохталик, на дўсту на ёв…
Билганингни қилгансан, шеърим.

Асар шу билан тугайди. Шама аниқ. Муҳаммад Али ҳозир ижодимиз унча эркин эмас, бизнинг ёшлигимиздагидек эмас, демоқчи, ижодининг болалигини қўмсаяпти. Мен аминманки, бу – хато».

1950 йили, «халқлар отаси» Сталиннинг ижодкорларга, зиёлиларга нисбатан қатағони янгитдан авж олган бир пайтда қамоқда очлик эълон қилган Нозим Ҳикматга бағишлаб ёзган шеърида «Инсон ғазабидан титранг, жоҳиллар! Турмалар, занжирлар даврин нафратлаб, Босиб, янчиб ўтган инсоннинг энди Кўз олдида кўм-кўк, ёрқин соҳиллар! Бургутпарвоз шоир ёзсин қанотин, Кўкрагига тегсин баҳор нафаси. Шоирга эрк! Ижодга эрк! Сўзга эрк!» дея ҳайқирган ёш Асқад Мухторнинг ўзи нега энди бугунги ёшлардан сиёсий хато излаб қолганига тушунолмайман.

Тасаввур қилинг, ўшанда ўзига ўхшаган бирорта «сиёсий ҳушёр» чиқиб, бу ҳайқириқни бошқача шарҳлаганида, «Ахир бу «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен, эшит» қабилидаги ҳайқириқ-ку, Нозим Ҳикмат баҳонасида «Турмалар, занжирлар даври»да қамалган ўзимизнинг Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир ва бошқалар назарда тутиляпти, бизда шоир, ижод, сўз эркин эмас» деган маъно чиқяпти», дея тирноқ остидан кир қидирганида Асқад Мухторнинг ҳоли нима кечган бўларди?..

Яхшиям, бу мақола ёзилган йиллари қатағоннинг замҳарир қорлари эриб, кўклам шабадаси ҳур-ҳур эсаётган эди. Акс ҳолда, бундай «хато»ларга йўл қўйган Абдулла Орипов, Муҳаммад Алига ўхшаганлар қодирийлар, чўлпонлар қисматига гирифтор бўлиши ҳеч гап эмасди.
Менимча, замирида ҳаёт ҳақиқати ётган асарни текшириб, «Тирноқ остидан кир қидиради» дейишнинг ўзи тирноқ остидан кир қидиришдир, ундан сиёсий-ғоявий хато излашнинг ўзи хатодир. Ахир шу тариқа ғаразли усулда хато излаш вақтию замонида қанчадан-қанча улуғларимиз бошини емади дейсиз.

Шундан сўнг, гапнинг очиғи, Асқад Мухтордан сал ҳайиқиброқ қолганман. Мен ҳам руҳан эркталаб эдим-да. Ўзимча мураккаб рамзлар, тимсоллар, мажозлар замирида зимдан эркинлик, мустақиллик, адолат талаб қилар эдим. Ўшанда у нимани ўйлаб бундай қилган, билмайман.

Мана, орадан анча вақт ўтди. Ҳозир унинг қўлида ишлайман. Ижодини-ку унча-мунча биламан. Аммо ўзини… ҳамон ўрганаман. Муомаласини, маданиятини, одамгарчилигини кўриб кундан-кун меҳрим орта боради. Уни яхшироқ таниганим сари у тўғрисида илгари эшитган гап-сўзларга ишонгим келмайди. Мен тайёрлаб, тавсия қилган «сирли гапи», дарди, коса тагида нимкосаси бор шеърларга индамай қўл қўйиб беради. Ҳайрон қоламан. Унча-мунча ғамгин, мунгли шеърларни, ҳикояларни ҳам ўтказаверади. Қойил қоламан. Чунки ўша йиллари «Гулистон»да дунё юзини кўрган кўпгина шеърий ва насрий асарлар бошқа газета-журналларда чоп этилиши амри маҳол эди. Шунинг учун Асқад Мухтор бошқа муҳаррирларга қараганда журъатли, дадил кўринади менга. Масалан, ўзимнинг замонга тегиб кетадиган анча-мунча гаплари бўлган «Қанотлар» достонимни индамай чоп этганида ич-ичимдан миннатдор бўлганман.

Бошлиқ сифатида ҳам мен кўрган бошлиқларга ўхшамайди, бирор ходимда гапи ёки иши бўлса, уни хонасига чақирмай, олдига ўзи чиқади. Ўзига тенг кўриб гаплашади. «Уни қил, буни қил» деб буйруқ бермайди. Худди шунчаки гап орасида айтгандай, шундай-шундай қилинса яхши бўларди, бир ўйлаб кўринг, дейди. Ёки ниятини сизга маслаҳат солган бўлиб айтади: «Шундай қилсак, нима дейсиз?» Ахир у бошлиқ-ку, бирор ишни буюрса ҳам бажарамиз-ку, йўқ, у буюрмайди, илтимос қилади. Эсимда, бир куни мени даҳлизда учратиб, дафъатан:
– Сиз проза ҳам ёзасизми? – деб сўраб қолди.
– Йўқ, – дедим.
– Лекин прозаниям таҳрир қилаверасиз, – деди.
– Ҳа, – дедим.

Бирпас ўйланиб тургач:
– Эркин шеър ҳам ёзадими, билмайсизми? – деди.
– Ёзмаса керак, яна билмадим, – дедим.
– Нима дейсиз, уни адабиёт бўлимига ўтказсак, шеърни эплармикин? Аҳмад кетяпти, – деди.
– Шеърни яхши-ёмонга ажратиш учун шоир бўлиш шарт бўлмаса керак, – дедим.
– Эркин аллақайси районда пичан ўримида экан, – деди-да, истиҳола қилгандай бироз жим қолди. – Ҳайронман, ўзи уч-тўртта одамимиз бўлса, шу пичан-мичанига катта коллективлардан олса бўлмас эканми одамни. Эркинни топиш керак. Қайтариб олиб келиш керак. Илтимос, шу ишни сиз қилмайсизми?
– Майли, – дедим. – Лекин уни қўйворишармикин?
– Сиз манзилини билиб, йўлга чиқаверинг, бу ёғини ўзим гаплашаман, – деди.

Хуллас, Асқад Мухторнинг илтимоси билан йўлга чиқдим. Қайси туманлиги ҳозир аниқ эсимда йўқ. Ўзиям бир тупканнинг тагида экан. Зўрға топиб бордим. Борсам, Эркин Аъзамов Машъал Ҳакимов ва яна турли таҳририятларнинг мен танийдиган-танимайдиган ходимлари билан бир давра бўлиб, ялло қилиб пичан ўриб юрибди. «Сизни олиб кетгани келдим» десам, «Қандоқ бўларкин?», дейди. Кетгиси йўқ. «Асқад Мухторнинг буйруғи бу» дедим…

Гапнинг очиғи, Асқад Мухтордақа бошлиқлар кам бўлади. Муомала маданиятида тенгсиз. Феъли ҳалим, ҳалимлиги билан яхши муаллим, деса арзийдиган инсон…

Иш юзасидан у билан кўп марта яккама-якка, бақамти гаплашганман. Кўзойнак ортидаги катта-катта ақлли, кўкимтир кўзлари мулойим, айни пайтда синовчан, синчков боқади. Худди ичингдагини билиб олмоқчидай. Нигоҳи равшан, ички нурга, мулоҳазага, хаёлга тўла. Дўрдоққа мойил лабларида кўпинча ним кулги балқиб туради, табассуми ҳам феълига ўхшаб оғир-босиқ. Кулса, овозини баралла қўйиб, қаҳқаҳ отмайди. Кўпинча товуш чиқармасдан мийиғида илжайиб қўяди, баъзан нимадир нашъа қилса ёки нимадандир ўта хурсанд бўлиб кетса, табассуми бутун юзига ёйилади. Юз-кўзлари яшнаб кетади.

Катта-кичикка муомаласи бир хил: бу кекса, бу ёш демайди; асарни муаллифнинг мавқеига қараб эмас, савиясига қараб чоп этади: бу амалдор, бу талаба демайди.
Юриш-туришининг ўзи бир дарс: маданиятли, одобли. Оддий, бежирим, ярашиқли, ёшига муносиб кийинади. Ошда, тўйда, давраларда сипо. Таомни шошилмасдан, назокат билан тановул қилади, чойни кам-кам ҳўплаб, ҳузур қилиб ичади. Суҳбати ширин. Бўлар-бўлмас ўгит бермайди. Лекин айтган гаплари, ҳикоятлари, ривоятлари ҳар қандай ўгитдан ўткир, аъло, ибратли бўлади. Юқори идоралар, амалдорлар олдида ўзини совуққон, хотиржам, мардона тутади. Нафақат адабиёт, санъат, шеърият, умуман, илм-фан билимдони. Тарихдан ҳам, математика билан физикадан ҳам бемалол баҳслашаверади. Эрудит.

Ишига, касбига, ҳамкасбларига ҳурмати зиёда. Зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этади. Бош муҳаррир, қолаверса, машҳур шоир ва адиб бўла туриб, бир оддий ходимдай ишлашдан, энг майда хабаргача назардан ўтказиб, таҳрир қилишдан, вақти-вақти билан ўзи ҳам шундай майда хабарлар, лавҳалар, луқмалар, ҳажвий шеърлар ёзиб туришдан, шундай нарсаларни таржима қилишдан орланмайди.

Асқад Мухторнинг тахаллуси борлигини кўпчилик билмаса керак. Одатда у тишли-тирноқли, ҳажвийроқ майда-чуйда нарсаларига «М. Бахтиёров» деб имзо чекади. «Гулистон»нинг йиллик китобларини варақлаб кўринг, «Наъматак» рукни остида М. Бахтиёров имзоси билан чиққан жуда кўп қизиқ нарсаларга дуч келасиз. Улар Асқад Мухторга тегишли. Мабодо худо ёрлақаб унинг мукаммал асарлар тўплами (академнашр) чоп этиладиган бўлса, М. Бахтиёров тахаллуси билан ёзган ҳажвиёти ҳам тўпловчи-тадқиқотчилар назаридан четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман.

Ишчанлигига, меҳнатсеварлигига ҳавас қилса арзийди. Ёзиб-чизишдан, таҳрир қилишдан, ўқиб-ўрганишдан эринмайди. Худди фақат иш учун, меҳнат учун туғилгандай мук тушиб, бош кўтармай ишлайди. Ҳамма қатори тушликка чиққанини кўрмаганман. Пулини қизғаниш-қизғанмаслигини билмайман. Лекин бировдан яхши маслаҳатини, меҳнатини, меҳрини қизғанмайди. Аммо бўлар-бўлмас мажлислардан, бўлар-бўлмас сафарлардан, хар хил меҳмондорчиликлару зиёфатлардан вақтини қизғанади. Жуда қизғанади. Вақт, назаримда, Асқад Мухтор учун баҳоси йўқ бойлик. Ўрни келиб қолса, вақтнинг қадрига етишдан бизга ҳам сабоқ бериб қўяди.

1979 йили Ёш ёзувчиларнинг Бутуниттифоқ Москва кенгашида қатнашганимдан сўнг назарга тушдим шекилли, номимга гоҳ Бутуниттифоқ комсомоли Марказий Қўмитасидан, гоҳ Иттифоқ ёзувчилари уюшмасидан у ёқ-бу ёққа таклиф қилувчи телеграммалар, хатлар келадиган бўлиб қолди. Бўлар-бўлмас саёҳатларга ўзимнинг ҳам унча ҳушим йўқ. Лекин Иттифоқ ёзувчилар уюшмаси котиби Олег Шестинский хат ёзиб, телеграмма жўнатиб, ҳатто телефон қилиб, бир ойлик БАМ саёҳатига қатнашмасанг бўлмайди, «Ўзбекистондан фақат сени таклиф этяпмиз», деб туриб олди. Ўзимизнинг Комсомол марказқўмига ҳам тайинланган чоғи, устига устак булар ҳам қисталанг қилади. Охири телеграммаю хатларни кўтариб Асқад Мухторга кирдим.

– Мен қарши эмасман, кўнглингиз чопса, майли, бораверинг. Бор-йўғи саёҳат экан. Нима, темир йўл қурилишини кўрмаганмисиз? Яна бир ой-а! Зерикиб кетасиз-ку. Бекорга вақтингиз кетгани қолади, бирор фойда чиқишига кўзим етмайди. Агар ўйнаб келаман, вақтимга ачинмайман, десангиз, яна ўзингиз биласиз, – деди.

Гапи жўяли кўринди. Ростдан ҳам бир ой темир йўлда юриш осонми? Дабдалам чиқиб кетади-ку! Умримнинг бир ойини рельсларни, шпалларни, кесилган ўрмонларни кўришга сарфлайманми? Э, йўқ, ундан кўра шеъримни ёзаман, дедим. Бормадим.

Ҳар қандай жамоада иш юзасидан яхши-ёмон, аччиқ-тизиқ гап-сўзлар бўлиб ўтиши бор гап. Аммо Асқад Мухтор бирорта ходимни тикка турғизиб қўйиб уришганини, дашном берганини эслай олмайман. Ўзим ҳам ҳеч қачон ундан дакки ё танбеҳ эшитмаганман. У ҳар доим ўта хотиржам, босиқ бўлади, энг таранг вазиятда ҳам жиззакилик қилмайди, овозини кўтармайди, бақириб-чақирмайди, фикрини, мақсадини ётиғи билан осойишта тушунтиради. Жуда жаҳли чиқиб кетса юзи қизаради, холос. Бизни худди ўз фарзандидай кўради. Гўё фарзандларининг ҳаммасини бир кўзда кўрадиган, ич-ичидан тенг суядиган меҳрибон, лекин ҳадеганда меҳрини ошкор қилавермайдиган, улар билан жиддий, аммо дўстона муносабатда бўладиган ота қабилида тутади ўзини.
Асқад Мухтор бўлган даврада майда гап-сўзларга, ғийбатларга ўрин йўқ. Гап ҳамиша ё адабиёт, ё ҳаёт, ё илм-фанга оид бирор янгилик, ё бирор улуғ ёзувчининг ибратли феъл-атвори, ижоди тўғрисида боради. Гоҳ улуғлардан ҳикоятлар айтади, уларнинг зўр, муҳим гапларидан ибратли хулоса чиқаради, йўл-йўлакай бизга ҳам ўгит берган бўлади: «Майдалашманглар, майда гапни ёзманглар» деб қистириб ўтади. Ўзи эса, назаримда, ҳар доим аллақандай катта туйғулар, буюк фикрлар билан яшайди. Инсон қадрини, одамларни, эл-юртни, ҳаётни, ўлимни, бахтни, тақдирни ўйлайди, умрни зое ўтказмасликка, ўзидан нимадир қолдиришга тиришади. Буюклардан иқтибос қилади. Кўпинча Толстойдан гап очади. Ғафур Ғуломнинг қизиқ-қизиқ гап-сўзларини эслайди.

«Чинор»даги Лев Толстой билан Абдулаҳад қори ҳикоятини ҳамма билади. Ҳур фикрли ўзбек билан ўриснинг улуғ адиби ўзининг Ясная Полянасида учрашади. Бу тарихий факт деб эшитганмиз. Кўпчилигимизни шу қизиқтиради. Гап Толстойга тақалди дегунча, шуни сўраймиз.
– Асқад ака, Абдулаҳад қори асли бор одамми?
– Бор одам, лекин номини ўзгартирганман, – дейди у. – Толстой кундаликларини ўқиганимда, мулла Абдулвоҳид қори ҳақидаги бор-йўғи бир жумла гапга кўзим тушган. Бу одам ким экан, деб қизиқиб қолдим. Билсам, у тошкентлик, Дума аъзоси бўлган ўзбек экан. Подшога арзнома ёзиб, икки нарсани таклиф қилган. Бири – мол-дунёси ҳам, ўзи ҳам ҳаддидан ошиб-тошиб кетган бойлар ортиқча мол-дунёсини муҳтожлар билан баҳам кўрса яхши бўларди, деган таклиф. Иккинчиси – маҳаллий аҳолининг ерларини тортиб олишга буйруқ берган Столипинни тийиб қўйиш таклифи. Подшонинг «адолатини» қаранг, шу икки қалтис таклиф учун Тула губернясига бадарға қилган бояқишни. Қариндошлари ҳалиям бор.
– Абдулвоҳид қори Олтой деган шоирнинг отаси деб эшитамиз, шу ростми? – дея ижикилаймиз.
– Рост, – дейди Асқад Мухтор. – Айтдим-ку, қариндошлари ҳалиям тирик. Биласизлар, Олтой – тахаллуси, шоирнинг асл исми шарифи Босит Қориев. Отаси Абдулвоҳид Абдурауфов Туркистоннинг илғор фикрли кишиларидан бўлган. Араб, форс, рус тилларини сув қилиб ичган. Қуръонни ёд билган. Ҳамма уни Қори ака деган. Бадарғада юрганида Толстой ижоди билан ҳам танишади. Буюк ёзувчи билан эса ўрмонда сайр қилиб юриб, тасодифан учрашиб қолади.

Толстой ёшлигидан Шарққа жуда қизиққан. Буддани, Кришнани билган, Ислом ақидаларидан хабари бўлган. Конфуцийни, Гандини ўқиган. Талабалигида ҳатто Баҳовуддин Нақшбанд таълимотини ҳам ўрганган экан. «Эсдаликлар»ида эслашича, ҳали бола чоғларида акаси унга қандай қилса одамлар бахтсизликдан қутулиши ва худди чумолилардай иноқ оға-ини бўлиб яшаши мумкинлигининг шартлари ёзилган сирли яшил таёқчани бир жойга кўмиб қўйганини айтади. Толстой ўша яшил таёқчани умр бўйи унутмайди, излайди. Бора-бора бу унинг идеалига айланади, улғайганида «толстойча» таълимотнинг юзага келишига шу туртки бўлади. У одамлар кўнглига меҳр-муҳаббат солиш билан уларни бахтсизликдан қутқариш мумкин, деган фикрга қаттиқ ишонади. «Толстойча таълимот»нинг асосида худди шу ғоя ётади…

Ана шундай суҳбатлар, узуқ-юлуқ мулоқотлар, хуллас, кейинги таассуротларим Асқад Мухтор тўғрисидаги аввалги тасаввуримни мутлақо ўзгартириб юборади…

ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ

   Мен учун Абдулла Орипов ҳам, Асқад Мухтор ҳам бирдай қадрли. Икковиниям қаттиқ ҳурмат қиламан. Хуллас, ўша нохуш хотираларни ҳар икковининг ҳам ёдидан ўчириб ташлаш, икки улкан саъаткорнинг ўзаро муносабатларини илиқлаштириш ниятида Абдулла Ориповдан шеър сўрайман. Зора шу билан ўртадаги гина-кудурат кўтарилса.
– Янги шеърларингиздан беринг бизга, – дейман.
– Ҳозир ёнимда биттагина шеър бор, – дейди у. – Хоҳласангиз шуни олиб қолинг. Энг янгиси шу.
Учта кичик-кичик қисмдан иборат «Тафаккур монологи» деган шеър экан. Майли, борига шукр. Хурсанд бўлиб, ўша куниёқ бош муҳаррирга олиб кираман.

Кўп куттирмай, шеърни Асқад Мухторнинг ўзи олиб чиқади. Индамай, қўлимга тутқазади. Қарасам, анчагина чапланган. Жумладан, унинг «Сизнинг қутқу билан зарра ишим йўқ» сатридаги «қутқу» ўрнига «таҳдид» ёзилган, «Буюкман баридан минг-минглаб карра»даги «минг-минглаб» сўзи «миллионлаб» қилинган, «Теграмда чарх урсин майли замон, вақт, Мен-чи, ўз-ўзимга масъулман фақат» байти «Тинмай атрофимда чарх урар замон, Мен-чи, ўз-ўзимга масъулман ҳамон» деб ўзгартирилган, «Чайқалган сувлардир, рангсиз ва нурсиз»даги «нурсиз» сўзи «туссиз» билан алмаштирилган. «Мени қачонлардир яратган зотдан Қарздорман, яъниким, одамизоддан» байти ўрнига «Мени яратган ҳам улғайтган зотдан Қарздорман, Инсондан қарздорман, ростдан!» байти пайдо бўлган. «У гоҳ буюк эрур, гоҳ забун, барбод»даги «забун» ўчирилиб, устига «эрур» ёзилган. Энг сўнгги «Сени эплолмадим, жувонмарг одам» сатри «Сени билолмадим фақат, эй, одам» деб таҳрир қилинган.

Буёғи қандоқ бўлди? Асқад Мухтор ҳатто ҳаваскорнинг шеърини ҳам бунчалик қаттиқ таҳрир қилмас эди-ку? Муаллифга нима дейман? Шеър нозик нарса. Биргина ножўя сўз ҳам уни бузиб қўяди. Абдулла Орипов шеъри одатда таҳрирга муҳтож бўлмайди. Боз устига у таҳрир қилишларини ёқтирмайди. Чунки у сўзни минг чиғириқдан ўтказиб, ҳар жиҳатини ўйлаб ишлатишини биламан.

Хуллас, бошим қотади. Иш пачава. Муаллиф матнини тикласам, бош муҳаррирга беписандлик қилган бўламан. Бош муҳаррир таҳририни қолдирсам, муаллифни ранжитаман. Ораларидаги гина-кудурат баттар газаклаб кетиши мумкин.
Энди нима қиламан? Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйдим шекилли?

Хуллас, шеър бош муҳаррир таҳририда чиқиб кетади. Абдулла Орипов мендан хафа бўлади. «Энди «Гулистон»ингизга ҳеч нарса бермайман», дейди, аразлайди. Салкам тўрт йил журналга шеър бермайди. Баъзи-баъзида кўришиб, гаплашиб турамиз. Аммо шеърдан оғиз очсам, тумшаяди. Хуллас, «ажойиб кунларнинг бирида» уни эритаман. «Ибн Сино таваллудининг минг йиллиги муносабати билан бирор нарса ёзиб беринг, каттароқ нарса бўлса ҳам, майли», дейман.

– Ўзим ҳам шуни ўйлаб юрибман, бир достон ёзмоқчиман, – дейди.
– Қўлни ташланг, ўша достон бизники бўлади. Харидори бизмиз, – дейман. Қўл олишамиз.
Келишувимиздан бош муҳаррир Асқад Мухторни хабардор қиламан.
– Жуда яхши ўйлабсиз. Абдуллажон анчадан бери қатнашмаётган эди бизда, – дейди у хурсанд бўлиб. — Унинг чиқиши журналимиз обрўсига обрў қўшади. Буёғини бўшаштирмай, тез-тез эслатиб туринг. Ибн Синога бағишланган сон режасига киритиб қўйинг достонини.

Шундай қиламан. Вақти-вақти билан суриштириб тураман: достон битиб қолдими, қачон оламиз, дейман. «Бўпқолди, бўлади», деган жавоб келади у томондан.
Келишилган муддат ҳам тугайди. Лекин достондан дарак йўқ. Телефон қиламан, жавоб мужмал бўлади: «Бир кишига ўқишга берувдим, ўқиб бўлсин, кейин…»
Вақт кутиб турмайди. Журналнинг Ибн Синога бағишланган махсус сони босмахонага тушиб кетади. Достон учун ажратилган жойга бошқа нарса қўйилади.

Бир куни янги келган газета-журналларни варақлаб ўтирсам, не кўз билан кўрайки, «Ҳаким ва ажал» «Совет Ўзбекистони»нинг (ҳозирги «Ўзбекистон овози») бир бетини тўлдириб чиқиб турибди. «Ие, бу нимаси, бизга ваъда бериб, бизни ишонтириб, газетага бериб юборган экан-да улуғ шоир!», деб ҳайрон бўламан.

Дарров қўнғироқ қиламан.
– Кечирасиз, шунақа бўлиб қолди. Достонни шахсан Шароф аканинг ўзлари ўқидилар, – деган жавоб эшитаман гўшакдан. – «Совет Ўзбекистони»га қўнғироқ қилибдилар, «Зудлик билан эртанги сонга беринглар», дебдилар. Мен бир нарса деёлмадим… узр.

Бу гапдан кейин мен ҳам бир нарса деёлмайман. Эшитганимни Асқад Мухторга айтаман. У ҳам аввалига ҳеч нима демайди, кўзойнаги ортидан кўзимга қараб туради. Анча қараб туради. Кейин кўзойнагини олиб, ўқиб турган қўлёзмаси устига қўяди, толиққан кўзларини уқалайди. Ўзини сал орқага ташлаб, қулочини кенг ёяди-да, иккала қўлини каттакон эски столи устига қўйиб, бармоқларини худди пианино чалаётгандай оҳиста ўйната бошлайди. Бирпас лабларини билинар-билинмас чўччайтириб, ўйланиб қолади. Кутилмаганда чеҳрасига маъюс кулги ёйилади, кейин мардона, олижаноб овозда:
– Майли, бировлар лафзидан қайтса-қайтаверсин, биз қайтмайлик, – дейди. – Газетадан олиб, келаси сонга берворинглар.

Эшикка яқинлашганимда:
– Лекин газетадан кўчириб босилди, деманглар. Қалам ҳақиям тўланглар, – деб қўшиб қўяди…

БЕАЙБ — ПАРВАРДИГОР

 Асқад Мухтор билан беш йилдан ортиқроқ бирга ишладим. Кузатдим. Ўргандим. Қойил қолган жойларим кўп, лекин ҳайрон қолган жойларим ҳам бўлди.
Асқад Мухтор бошдан-оёқ сипо – ҳеч кимни ўзига жуда ҳам яқинлаштириб юбормайди; ўзи ҳам ҳеч ким билан жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетмайди. Ўрисча айтганда, масофа сақлайди.

Ҳамманинг Асқад Мухтор билан дўст бўлгиси келади, лекин Асқад Мухтор ҳамма билан ҳам дўст тутинавермайди.
Асқад Мухторни ҳамма ҳам дўст деб билавермайди, лекин Асқад Мухтор ҳаммани дўст деб билгиси келади.
Асқад Мухторни қучоқлаб кўришганларни кўрганман, лекин Асқад Мухтор бировни қучоқлаб кўришганини кўрмаганман.
Асқад Мухторни ўпиб кўришганларни биламан, аммо Асқад Мухтор биров билан ўпишиб кўришганига кўзим тушмаган.
Асқад Мухтор ишхонада бирортамиз билан қўл бериб кўришганини эслай олмайман.
Ўғли Темурнинг ёзишича, узоқ сафарлардан қайтган чоқларида ҳатто ўз болалари билан ҳам қучоқлашиб, ўпишиб кўришмас экан.

Аммо ўзига яқин олган кишисининг билагидан тутиб туриб гаплашиш одати борлигини биламан. Бу одатини айниқса Зулфия билан қилган тасодифий суҳбатлари пайтида кўп кўрганман. Сезаман, Зулфияни жуда қаттиқ ҳурмат қилади. Ўз опасидай кўради. «Саодат» «Гулистон» билан ёнма-ён бўлгани сабабли икки бош муҳаррир даҳлизда кунда-кунора учрашиб қолади. Шунчаки йўл усти, тасодифий қисқа суҳбат тикоёқда, худди сирдошлардай бақамти бир алпозда кечади. Чақчақ асноси Асқад Мухтор албатта Зулфиянинг билагидан меҳрибонлик билан ушлаб туради. Буни суҳбатдошига яқинлик белгиси, меҳрининг ифодаси, ҳурматининг рамзи деб қилса керак. Ўз навбатида Зулфия ҳам Асқад Мухторни ўз укасидай беҳад эъзозлайди. Унинг «Асқад Мухтор билан гаплашсам, ақлим тўлишгандай, кўнглим ёришгандай бўлади, ўзимни маънан бойигандай сезаман» деган гапларини эшитганмиз.

Опа менинг илк китобчаларимни ўқиган-ўқимаганигагина эмас, ҳатто уларни кўрган-кўрмаганига ҳам шубҳам бор. Лекин у бир куни йўлакда мени тўхтатиб, «Сизни манзара шеърларни яхши ёзади, деб эшитдим. Бизга, декабр сонига, қиш боши ҳақида бир шеър ёзиб берсангиз-чи?» деб қолди. Майли, дедим. Опа шеърни «Саодат»нинг муқовасида, рангли фотоманзара ичида – қор босган арчага «ўраб» чоп этди. Яна бир учрашганимизда «Шеър учун раҳмат, Асқад акангиз тўғри айтган экан», деди-да, мени хижолатга қўйиб, шеъримдан узуқ-юлуқ сатрлар ўқиди:

Оққушдек лапанглаб қўна бошлар қиш,
оқ кўрпа ичига кирар анғизлар. ..

Сутдай оқ, шишадай совуқ кечалар,
боғларни безайди оппоқ булдуруқ.

Жаннатий ҳид сочиб тизилган ипда
тўкин куз фаслидан ёдгор беҳилар.

Ўшанда Зулфиядай машҳур шоиранинг оғзидан ўз сатрларимни эшитиб, бир қоп семирдим десам, лоф эмас. Ё тавба, эринмай ёдлаб олибди-я! Аммо сир бой бермадим. Демак, мени Асқад Мухтор тавсия қилган экан-да. Демак, шеърларим Асқад Мухторга маъқул экан-да деб, хурсандлигим яна бир карра ортди. Хуллас, Уюшма аъзолигига ўтаётганимда ҳам Зулфия Ҳайъат аъзоси сифатида мени осмонга кўтариб мақтади, билмадим, Асқад Мухторнинг боласи бўлганим учунми ёки… ҳар- қалай, у менга эмас, мен баҳона кўпроқ Асқад Мухторга чексиз эҳтиромини изҳор этгандай эди назаримда.

Асқад Мухтор ғойибона дўстларидан, мухлисларидан даста-даста хатлар олиб туришини биламан. Хатлар нафақат ўзимизнинг Ўзбекистондан, Россиядан, Германиядан, бошқа жойлардан ҳам келарди. Асқад Мухтор шахсига қизиққан, уни кўришга, у билан танишишга орзуманд кишилар кўп эди.

Бир куни ўзи мусаҳҳиҳ-у, лекин қабулхона котибалиги вазифасини ҳам бажарувчи Назира Йўлдошева эшигимни қия очиб, «Сизни Асқад ака чақиряптилар» деб қолди. Асқад Мухторнинг бундай одати йўқ эди, ҳайрон бўлдим. Кирсам, куни кеча менга Эркин Воҳидовнинг «Ҳозирги ёшлар» шеърини бошидан охиригача ёддан ўқиб, ҳозирги ёшлар ҳақида кўп салбий фикрлар айтиб, чамаси, мени ҳам ўшандайлар сирасига қўшиб қўйган киши, мен ижарада турган ҳовлининг эгаси – Андижон Медицина институтининг профессори Ҳусниддин Салоҳиддинов билан чақчақлашиб ўтирибди.

– Ҳа, мана, худди ўзи, шу йигит, – деди профессор мени кўриши билан кулиб. – Алдамабди. Бўлди, ишондим.
Асқад Мухтор мендан:
– Бу кишидан қанча қарзингиз бор? – деб сўради.
Мен бир оз довдираб:
– Икки ойлик ижара ҳақи тўланмаган. Кеча ўзлари билан келишдик, эрта-индин маош олсам, узаман қарзимни, – дедим.
– Шунга келишдингларми, сиз розими? – деди Асқад Мухтор профессорга қараб.
— Албатта, албатта, розиман. Кечирасиз, шу арзимас нарса деб сизни безовта қилдим, минг бор узр, – деб ўрнидан турди у.

Қабулхонага чиққач, секин қўлтиғидан тутиб, хонамга таклиф қилдим.
– Домла, – дедим, – Сиз билан кеча келишган эдик-ку. Шу уч-тўрт сўмни деб бошлиғимнинг олдида мени изза қилдингиз.
– Энди сиз ҳам кечиринг, ўғлим, – деди у кулиб, кўзларини қувлик билан ўйнатиб. – Мақсадим сизни изза қилиш эмас, Асқад Мухторни кўриш эди. Ашаддий мухлисиман шу одамни. Шеърларини яхши кўраман. Ўзини бир кўрсам деб орзу қилардим. Мана, кўрдим, гаплашдим. Гапнинг очиғи, «Гулистон»да ишлайман», деганингизда ишонмаган эдим. Шу бола Асқад Мухтордай ёзувчи билан ишлар эканми, бир бориб текшириб кўрай дедим. Сизнинг баҳонангизда Асқад Мухторни кўрдим, икки оғиз бўлсаям, суҳбатини олдим, хурсандман. Лекин сизни ўйламабман-да мен хомкалла… Қовун тушириб қўйдим шекилли-а? Майли, сиз хафа бўлманг, гап пулда эмас, топганингизда куёвимга бериб қўярсиз. Мен бугун Анжанга кетаман…

Билишимча, Асқад Мухторнинг орадан қил ўтмас сирдош дўсти бўлмаган. Ўзига тенгқур ёзувчи-шоирлардан бирортаси билан ўта қалин бўлганини сезмаганман. Ўз авлоди ичида борди-келдиси Саид Аҳмад билан кўпроқ бўлганини биламан. Балки боғ қўшни бўлгани учундир. Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Мирмуҳсин, Шуҳрат, Туроб Тўла билан адабий йиғинларда, анжуманларда шунчаки эл кўзига хушмуомала бўлади, ҳурматини бир ҳамкасб сифатида жойига қўяди. Бордию тор доирада тенгқурларидан бирортаси ҳақида нописандроқ гап кетса, мийиғида кулги билан тасдиқлашдан тийилмайди, баъзан ҳатто ўзи ҳам бир оғиз, ярим оғиз ҳазил луқмаси билан ўша дўсти ижодини баҳолаб қўя қолади. Лекин расмий адабий доираларда кимдир улардан бирортасининг шаънига тегадиган гап қилгудек бўлса, унга йўлбарсдай ташланишдан ҳам тоймайди. Ўз авлодини қаттиқ ҳимоя қилади. Улар ичида, назаримда, фақат Шукруллога ўгай кўз билан қарайдигандай туюлади менга.

«Гулистон»да энди иш бошлаган пайтларимда таҳририятдаги айрим дўстларнинг қистови билан янги чиққан китобчамни ёзиб тақдим этганман. Ўзига хос оғир-босиқ табассум, хушнудлик, самимият ва ҳафсала билан китобчамни қўлига оладию илк саҳифаларини варақлаётиб, остида Шукрулло имзоси турган кичик сўзбошига кўзи тушади, табассуми йўқолади, қизаради. Сезаманки, ичида бир нохуш ҳол рўй беради. Бироқ менга сездирмасликка уринади, совуққина қилиб: «Ҳай, кўпайсин», деб китобчани тезгина тортмасига ташлаб қўя қолади.

Шукрулло билан ораларида бир совуқчилик борга ўхшайди, қулоғимга чалинган гап-сўзларда жон бор шекилли, деб ўйлайман. Шукруллонинг “халқ душмани” сифатида қамалишида Асқад Мухторнинг қўли бўлган деб эшитганим бор. Нафақат Шукруллонинг, Мақсуд Шайхзоданинг ҳам қамалишига ҳисса қўшган, деган гаплар юрарди. Узунқулоқ гапларга кўра, Шайхзода қамоқдан чиқиб тўппа-тўғри Асқад Мухторнинг олдига келган: «Мен Мильчаковдан, Шевердиндан, Рамз Бобожондан, Уйғундан ва бошқалардан хафа эмасман, сендан хафаман. Негаки, сен ҳам менга ўхшаган муҳожирсан, мен озарбойжон бўлсам, сен татарсан, нега бундай қилдинг?» деб ранжиган экан. Бу гапларнинг нечоғли рост ёки ёлғонлиги ёлғиз яратганнинг ўзига аён. Балки шунчаки миш-мишдир. Ахир энг яхши одамнинг ҳам ғаними бўлади-ку. Одатда, ақлли, истеъдодли, хоксор, қалби пок, виждони тоза, покдомон, ҳалол одамларнинг душмани кўпроқ бўлади. Асқад Мухторни кўролмайдиганлар ҳам оз бўлмаса керак.

Асқад Мухторнинг бутун туриш-турмуши, нигоҳи, хатти-ҳаракати, муомаласи, ақли, билими, феъл-атвори, маданияти, умуман сувратию сийрати бундай гапларга ишонма, деб туради. Мўъмин-қобил, мушфиқ-мулойим, ҳаётнинг аччиқ-чучугига, оқу қорасига ақли етадиган, фаҳм-фаросати ўткир, донишманд инсон, бунинг устига шоир, бунинг устига адиб ўз ҳамкасбларига хиёнат қилиши мумкинми? Ишониш қийин. Яна ким билади. Асқад Мухтор ҳам тирик жон. Қиёмат қоим бўлганда ҳамма фақат ўзини ўйлар экан. Отанинг бола билан, боланинг ота билан иши бўлмас экан. У замонларнинг қиёматдан фарқи бормиди? Жон ширин. Инсон ўз жонини сақлаш учун нималар қилмайди! Қолаверса, у ҳам адашгандир, хато қилгандир, қўрққандир. Беайб – парвардигор.

Лекин «Гулистон»да қанча ишлаган бўлсам, «Сен Шукруллонинг шогирди экансан-ку», деб ҳеч қачон юзимга солмади. Таҳрирларимдан, ёзган нарсаларимдан қийиқ изламади, айб топишга уринмади, бўлар-бўлмас баҳоналар топиб, тирғалмади. Аксинча, ишимдан, таҳрирларимдан мамнунлигини билдириб, тез орада оддий адабий ходимликдан адабий котибликка, яна орадан кўп ўтмай, фирқа аъзоси бўлмасам-да, масъул котибликка кўтарди. Бу масъулиятли лавозим, раҳбарлик ўрни. Мендан олдин бирорта партиясиз киши бу жойда ўтирмаган. «Гулистон» айни Марказқўмнинг журнали бўлгани учун ҳам унда партиясиз одамнинг раҳбарлик лавозимида ишлаши мумкин эмас эди. Ростми-ёлғонми, билмайман, орқаваротдан эшитишимча, Асқад Мухтор «Партиясиз бўлса ҳам истеъдодли ёшларни раҳбарлик ўринларига кўтариш учун» шахсан Шароф Рашидовнинг ўзидан алоҳида рухсат олган экан…

«МЕН АСҚАД МУХТОРНИНГ БОҒЛАБ ҚЎЙГАН ИТИМАН»

 «Гулистон»да бошқа ҳеч бир таҳририятда бўлмаган тартиб жорий этилган. Ҳар бир материални аввало бош муҳаррир асосан маъқуллаб беради. Лозим топса, енгил-елпи қалам уради. Асосий иш – таҳрир шундан сўнг бошланади. Ҳар бир матн адабий ходим, бўлим мудири, адабий котиб, масъул котиб ва ниҳоят, бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматов қўлидан ўтади.

Ваҳоб Рўзиматов Асқад Мухторнинг ишонган тоғи. Тўрт амалнинг устаси. Ўз таҳрир мактабини яратган деса ҳам бўлади. Сўзни ҳис қилади, ўрнида қўллайди. Тили бой. Мабодо бисотидан керакли сўз топилмай қолса, янги сўз ясаб юборишдан ҳам тоймайди, «ковияқалам» га ўхшаш… Ёмон кўргани – «ганди». Уни қарангки, «ганди»ни мен ҳам ёқтирмайман. Иккинчиси – «ишди». «Борганди, келганди, олишди, келишди» каби сўзларга дуч келса, кўксиёҳли авторучкаси билан шартта «Борган эди, келган эди, олдилар, келдилар» деб тузатиб қўяди.

– «Олишди» десак, хаёл «кураш тушди, курашди»га кетиб қолади, оковси, «келишди» десак, икки кишининг ўзаро тил бириктиргани, бир битимга келгани тушунилади. Хуллас, «ишди»ни билиб, эҳтиёт бўлиб ишлатинглар, – дея тергаб қўяди баъзан.
– Маъно подтекстда билинади-ку? – деб билимдонлик қилмоқчи бўлсангиз:
– Мен бир медбрат бўлсам ҳам, сизга ўхшаб дорилфунунни битирмаган бўлсам ҳам, биламан, оковси, менинг устозим – Ғафур Ғулом, сўзни, имлони у кишидан ўрганганман, – деб чақади, иддао қилади.

Ваҳоб Рўзиматов аслида кенг маънодаги таҳрирчи эмас. Лозим бўлганда матнда мантиқни, изчилликни сақлаш учун композицияни ўзгартирмайди, абзацлар, жумлалар ўрнини алмаштирмайди, ўзидан абзацлар, жумлалар қўшиб бойитмайди, фикр тавтологиясини ёки матнга бегонароқ, ортиқча ўринларни қисқартириб, сиқиб, «сувини тўкиб» ташламайди. Унинг таҳрири асосан матннинг «битини теришдан»: «бўлди-бўлди», «қилди-қилди»лардан тозалаш, сўз тавтологиясини, яъни тишга тегадиган қайтариқларни йўқотиш, жумла тузишдаги нўноқлик-ларни бартараф этиш, «гандилар», «ишдилар» билан курашиш, мазмунни хиралаштириб турган баъзи сўзлар ўрнига ўткирроқ маънодош муқобилини топиб қўйиш, бутун ўзбек матбуоти «нақорат», «озорбайжон» деб бузиб ёзадиган сўзларни «нақарот», «озарбойжон» тарзида тўғри ёзилишини назорат қилишдан иборат.
Абдулла Қаҳҳорнинг тили аччиқ бўлганини, савияси паст асарларни юзхотир қилмай беаёв савалаганини биламиз. Шунинг учун мундайроқ ёзувчилар ундан ҳайиқиб турган, каттароқ асар ёзишга истиҳола қилган, деган гаплар юради.

Ваҳоб Рўзиматов Абдулла Қаҳҳор эмас, лекин зардаси ундан зўр, қаҳри ундан қаттиқ, тили ундан аччиқ. Жумлада арзимас ғализлик ёки имловий хато кўрса, жингалакка мойил, мошгуруч, патила сочлари тикка бўлиб кетади, юзингда кўзинг борми, демай сасийди:
– Қатка қаравоссиз, оковси?! «Кўпчилик келдилар» бўладими, «кўпчилик» кўплик маъносини билдиргани билан ўзи бирликда-ку, бирликда бўлгандан кейин «келди» бўлади-да. «Халқ тўпланишди ёки тўпландилар» бўлмайди, «тўпланди» бўлади. «Анчайин» «анчагина» деган маънода ишлатилвотти, нотўғри бу, у «шунчаки» деган маънони билдиради. Шунақаларга ихтиёт бўлинг-да! – деб ўзи «эҳтиёт» сўзини шевада талаффуз қилади, таъбир жоиз бўлса, оғзаки нутқда (атай талаффузда демаяпман) имловий хатоларга бемалол йўл қўяверади.

Аччиқ-тизиқ гаплари жон-жонингиздан ўтиб кетади. Лекин чидайсиз. Чунки тўғри. Фақат, хафа бўласизки, шуни ётиғи билан айтса бўлмасмикан? Бўлмайди: пиғли шунақа!
Баъзан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бирдан заҳрини сочиб қолади, кимнингдир арзимас бир хатоси учун дилингизни хуфтон қилади. Маҳмуд Саъдий кун бўйи китоб дўконларидан чиқмайди, ишга пешиндан кейин келади, материалларини вақтида топширмайди, бунга ҳам сиз айбдор. Мурод Хидир бутун бошли Фан ва маданият бўлимига мудир бўла туриб, бор-йўғи битта кроссворд ё шахматга оид мақола беради. Бунгаям сиз жавобгар. Фотомухбир Безносов аллақайси саҳродан туяларнинг суратини олиб келади. Улар орасида бисотини кўз-кўз қилиб турган бир ҳанги ҳам бўлади. Ўзи эътиборсизлик қилиб шу суратни зарварақларда чиқариб юборади. Марказқўмдагилар қўнғироқ қилиб: «Бу қандай бемазагарчилик!» деб дакки беради. Бунинг ҳам аламини сиздан олади. Журналнинг бош рассоми Эмил Рўзибоев туман фирқа қўмитасининг мафкура бўйича котибаси бўлган хотини билан ади-бади айтишиб қолиб, уйдан чиқиб кетади, амалдор хотин Ваҳоб Рўзиматовга «Эримни топиб бер» деб қўнғироқ қилавериб, дўқ уравериб, инка-тинкасини қуритиб юборади. Бу дўқнинг ҳам зарбаси сизнинг бошингизга келиб тегади. Саъдулла Аҳмад саланглаб юради, қўлини совуқ сувга урмайди, санъат бўйича бу сонга ҳеч вақо йўқ… Бунга ҳам сиз гуноҳкор.

Асқад Мухтор катта ёзувчи, раҳбар, арбоб, кенгашлардан, анжуманлардан, форумлардан, симпозиумлардан, учрашувлардан, хорижий сафарлардан бўшамайди. Хуллас, ҳамма иш гўё Ваҳоб Рўзиматовнинг ўзига қолган. Шунга жиғибийрон. Алининг аламини Валидан олиб, ҳовридан тушади. Бошқа иложи йўқ. Жини қўзиб турган пайтда унча-мунча гап ҳам ёқмайди: силтаб ташлайди, жеркиб беради. Қўлингизни чўнтагингизга солиб юрсангиз: «Бойвачча!» деб кесатади. Қаддингизни ғоз тутиб юрсангиз: «Ғўдайган!» деб ғижинади.

Гап-сўзларидан сал ранжигандай бўлганингизни билса, ўзича кечирим сўраган бўлиб, яна чақади:
– Шунақаман-де энди, оковси, худо берган пиғл, бирдан акиллаб қоламан, хапа бўмийсиз, майлин-да, чидайсиз-да, нима қилай, мен Асқад Мухторнинг боғлаб қўйган итиман, – дейди.

«Гулистон»да биздан олдин ишлаган Шукур Холмирзаев, Саъдулла Сиёев, Худойберди Тўхтабоев, Маҳкам Маҳмудов каби қаламкашларнинг аксарияти Ваҳоб Рўзиматовнинг инжиқликларига чидай олмай бўшаб кетган деб эшитганман. Маҳкам Маҳмудовнинг эслашича, Асқад Мухторга шикоят қилса, у: «Ваҳобжон талабчан-да, чиданг, ўзингизга фойда бўлади», деб юпатар экан.

Мен келганимдан кейин ҳам кўп ўтмай таҳририятда катта ўзгариш бўлди. Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Эмин Усмон, Усмон Темур, Анвар Эшон бирин-кетин ишдан бўшади. Ҳамма кетганларнинг қўшиғи битта эди: «Ваҳоб аканинг минғир-минғири жонга тегди…»

  Аввалига айб ўзларидадир, жон койитиб ишламаган бўлсалар койигандир-да, деб ўйладим. Ўз тажрибамдан биламанки, ишингни сидқидилдан қилсанг, сифатли қилсанг, ким ҳам сенинг мушугингни пишт дейди!
Таҳририятда ички силжишлар рўй берди. Абдулла Шер Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг ўрнига масъул котиб бўлди. Мен адабий котибликка ўтказилдим. Кейин бирин-кетин янги одамлар келди: менинг ўрнимга – Аҳмад Аъзам, Эмин Усмоннинг ўрнига – Тоҳир Малик, Усмон Темурнинг ўрнига – Эркин Аъзам, Анвар Эшоннинг ўрнига – Шомурод Сиддиқов ишга олинди. Таҳририятда бошқача ҳаво, бошқача кайфият пайдо бўлди. Бу ҳаво, бу кайфият журнал саҳифаларига ҳам кўчди. «Гулистон» замоннинг, ҳаётнинг ичига тобора чуқурроқ кира бошлади. Унинг бадиий савияси кун сайин юксалаверди. Адади ҳам борган сари ошаверди. Нафосат ва тафаккурнинг чинакам бўстони, эркин фикр гулистони деса арзигудай бўлиб қолди. Зиё шамчироғи бўлиб порлади, кўнгилларга маърифат нурини сочишдан толмади. У худди бош муҳаррир Асқад Мухторнинг ўзидай донишманд, журъатли, жасоратли, маърифатли, зиёли журналга айланди. Яширмайман, шундай журналда ишлаётганимиздан ҳар биримиз фахр туяр эдик.

Жамоа ниҳоятда иноқ эди. Кўз тегдими, билмайман, масъул котиб билан адабиёт бўлимининг мудири  чиқишолмай қолди. Мен униси билан ҳам, буниси билан ҳам яхши эдим. Бир куни масъул котибнинг эшигини очаётиб, жанжалнинг устидан чиқдим. Мудир нимадир деб минғирлар, масъул котиб  баланд овозда шанғиллар эди:
— Кетингга ўхшатиб тепаман, бола, орқангда ботинкамнинг изи қолади! Сен ҳали менинг совунимга кир ювмабсан, шошмай тур!

Эшикни секин ёпиб, индамай изимга қайтдим. Жанжалга тобим йўқ. Баъзи бировлардай сабаби билан ҳам қизиқмадим. Ўзлари келишиб кетар, деб ўйладим. Бир-икки ҳафтадан кейин адабиёт бўлимининг мудири  тўсатдан бўшайдиган бўлиб қолди. Сўрасам, сабабини айтмади. Билдимки, бу ўша кунги жанжалнинг оқибати. Демак, масъул котиб  ваъдасига «вафо» қилибди-да, тепибди-да?

Орадан талай вақт ўтгач, бир куни гапдан гап чиқиб, масъул котибнинг ўзи гуллаб қўйди. Айтишича, адабиёт бўлимининг мудири қачонлардир шоиралигидан кўра енгилтаклиги машҳурроқ бўлган бир шоира билан қуюқроқ саломлашиб қўйган экан. Бундан масъул котибнинг қадрдони, курсдош дўсти  бохабар экан. Хуллас, икки дўст ўша шоирани алдаб-сулдаб ишга солади. Авраб, адабиёт бўлимининг мудирининг устидан Асқад Мухтор номига шилта шикоят ёзишга кўндирадилар. Шоиранинг «кўнгил дафтарини» ўқиган Асқад Мухтор мутаасир бўлади, адабиёт бўлимининг мудирини чақириб:
– Шу гаплар ростми? – деб сўрайди. Адабиёт бўлимининг мудири  қизаради-бўзаради. Индамайди. Сукут аломати ризо, деб ўйлаган Асқад Мухтор:
– Ундай бўлса, ариза ёзиб, ўз ихтиёрингиз билан ими-жимида кетинг. Акс ҳолда, бу жувон сизни ҳам, бизни ҳам тинч қўймайдиган кўринади, – деб маслаҳат беради.

ФУРҚАТ БАҲОНА

   «Гулистон» ҳозирги «Шарқ» нашриётига қарашли эски бинонинг учинчи қаватида эди. Илгарилари босмахонага ҳам, таҳририятларга ҳам Навоий театри томонидан кириларди. Кўчаэшикдан кирган жойда яна иккита эшик бўларди. Босмахонага ўтадиган эшикда ёшини яшаб, ошини ошаган минг йиллик ғўладай-ғўладай ўрис кампирлар – вахтёрлар ўтирарди. Таҳририятларга эса бепўшт-пўшт кириб кетилаверарди. Ўн олти қаватли иморат битганидан сўнг эски бино эшиклари тақатақ ёпилиб, босмахонага алоҳида эшик очилди, таҳририятларга эса янги бино орқали кириладиган бўлди. Кампирлар ўрнини соқчи мелисалар эгаллади. Авваллари фақат радио ва телевидение биносига мелиса назоратидан ўтиб кириларди. Энди газета-журналлар биносига ҳам шу тартиб ўрнатилди. Ўз ишхонангга хизмат гувоҳномангни кўрсатиб киришинг шарт қилиб қўйилди.

Бир куни ишхонага кираётсам, ёшгина соқчи мелиса Асқад Мухторнинг йўлини тўсиб турибди. Асқад Мухтор қизариб, бўғриқиб кетган. Мени кўриб, илжайди.
– Гувоҳнома нариги пиджагимда қолибди, – деди хижолатомуз. – Бошқасини кийиб келаверибман…

Мен эшикоғасига гувоҳномамни кўрсатиб, «Бу киши бизнинг бошлиғимиз Асқад Мухтор, ўтказворинг, уят бўлади», дедим секингина. Мелиса: «Мен тартибни бузолмайман, пропуск ёздириб келинг», деб оёқ тиради. Айтганини қилишга мажбур бўлдим.

– Бир ҳисобдан кирди-чиқдига шундай қаттиқ турилганиям яхши экан, – деб кулади Асқад Мухтор учинчи қаватга кўтарилиб, узун йўлакда кетаётганимизда. – Баъзи хирапашша авторларнинг йўли тўсилади.
– Унақаларни эшикдан ҳайдасангиз, тешикдан кираверади, – дейман.
– Бу гапингиз ҳам тўғри, – дейди. – Ғулом Исмоиловга ўхшаганларга бас келиш қийин. – Кейин муҳим бир гап эсига тушгандай: – Ҳа, айтмоқчи, – деб давом этади. – Бугун Шарифжон ҳаммамизни ошга айтган-а, эсингиздами? Жанггоҳга, Абулқосимнинг самоварига. Болаларгаям тайинланг. Кўпчилик бўлиб келинглар, деган. Бориш керак.

Тушга яқин Асқад Мухтор эшигимни қия очади.
– Шарифжон қўнғироқ қилди. Ош ланж бўп кетганмиш. Тезроқ чиқинг. Машина чақириб қўйдим. Болаларгаям айтдингизми?
– Айтдим. Ҳозир яна бир марта эслатаман, – дейман.
Хизмат машинасига уч киши минамиз.
– Сиз олдинга ўтиринг, биз Ваҳобжон билан орқада кетамиз, – дейди Асқад Мухтор ва ўзи биринчи бўлиб чиқиб, ҳайдовчининг орқасига ўтириб олади.
– Оковси, бирпас сабр қиласиз энди, – дейди Ваҳоб Рўзиматов ҳайдовчига. – Энг котта раҳбаримиз ҳали чиқмадилар. У кишини яёв қолдирсак бўлмас.

Асқад Мухтор таажжубланиб қарайди.
– Партиявий раҳбаримизни айтяпман-да, Анварни, – дея истеҳзоли изоҳ беради Ваҳоб Рўзиматов.
– Униям айтдингизми? Ҳа, яхши, – дейди Асқад Мухтор.
Ошда «гулистон»чилар билан мезбон Шариф Юсуповнинг ўзидан ташқари яна бир меҳмон – машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров ҳам қатнашади. Фахриддин Умаров билан Шариф Юсупов бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшайди. Кейин билсам, улар қариндош экан.

Чойхонанинг ҳувиллаб ётган катта биноси совуққина, кеч куз бўлгани учунми ё кун пешиндан оғгани учунми, чорпоялар бўм-бўш, биздан бошқа ошхўр кўринмайди. Бизгаям сўрига эмас, стол-стулга жой қилинган экан. Ош сузилгунча у ёқ, бу ёқдан гурунглашиб ўтирдик. Асқад Мухтор сўриларга ишора қилиб:
– Бу сўрилар кимларни кўрмаган, – дейди оғир тин олиб. – Ғафур аканинг кўп улфатчилиги шу ерда ўтган. Ўн-ўн беш йил бурун Ғафур акалар ўтирарди бу сўриларда. Бугун биз ўтирибмиз. Қизиқ, яна ўн-ўн беш йилдан кейин кимлар ошхўрлик қилар экан бу чойхонада?..

– Нимасини айтасиз, Асқад, – дейди Ваҳоб Рўзиматов. – Ғафур ака узоқ-яқиндан келган қадрли меҳмонлариниям шу самоварга олиб келиб, ош қилиб берарди. Биз хизматда бўлардик. Ўзим гувоҳман, Собит Муқонов ҳам ўтирган шу сўриларда.
– Ғафур ака доно одам эди, – деб ҳикоя бошлайди Асқад Мухтор. – Уюшмада ишлардим. Бир куни Ғафур акадан ҳазиллашиб ижодий ҳисобот талаб қилдик.
– Марҳамат, – деди Ғафур ака, – ёзган нарсаларим кўп. Хоҳласанглар, тарозида тортиб кўринглар. Лекин билиб қўйинглар, ёзилгани эмас, ўқилгани ҳисоб.
Шундай деб гоҳ чап, гоҳ ўнг чўнтагига қўл тиқиб, нимадир излади. Излагани гугурт экан. Чекмоқчи бўлса керак деб ўйладик. Қутидан бир дона гугуртчўп олди.
— Кўряпсизларми? – деди у бизга чап қўлидаги гугуртқутини кўрсатиб. – Бу китоб. Шу ҳолида у ёнмайдиям, ёндирмайдиям, ўлик. Манави гугуртчўп эса – китобхон. Китобхон билан учрашмаган китоб ҳам ўлик. Ана, – деди, гугуртни чақиб, ўт олдирди. – Ана, энди у вазифасини бажарди, ўт чиқди, кўрдингларми?..
Фикрини кўргазмали қурол билан тасдиқлайдиган шунақа одатлариям бор эди Ғафур аканинг…

— Ҳа, бу жуда эски самовар, – деб гап пайровини яна чойхонага буради Шариф Юсупов. – Ажаб эмас, Фурқатниям кўрган бўлса. Фурқат Тошкентга келганда ғойибона дўсти Ҳожи Аъзамнинг Пуштиҳаммом маҳалласидаги уйига қўнган. Бу уй Жанггоҳдан унча узоқ эмас, ҳозирги Сағбон кўчасида. Кейинроқ эса Кўкалдош мадрасасида тўққиз ой яшаган. Албатта бу жойларга ҳам қадами етган бўлса керак.
— Ажаб эмас, – дейди Асқад Мухтор. – Лекин сиз, Шарифжон, савоб иш қилдингиз. Адабиётимиз тарихчиларининг Фурқат тўғрисида тўқиган ҳар хил олди-қочди, асоссиз тахминларию уйдирмаларини фош этдингиз. Биз уни Чор Россияси Шарқий Туркистонга ўзининг айғоқчиси қилиб юборган деб юрардик. Ундай эмас экан-да.
– Қаранг, генарал Жўрабек бошчилигидаги миллий озодлик ҳаракатига аъзо бўлган экан-а! – деб гапга аралашади Ваҳоб Рўзиматов.
– Ҳа-да, худди шу сабабга кўра силлиққина сургун қилинган-да, – дейди Шариф Юсупов. – Ҳужжатсиз, пулсиз-маблағсиз алдаб чиқариб юборилган. Қайтиб келишига йўл қўйилмаган. Фиғон чекиб қолиб кетган ўша ёқларда бадбахт…

Фахриддин Умаров торини қўлга олади.
– Асқад ака, – дейди мулойимгина. – «Фиғонким»ни айтиб берайми, эшитасизми?
– Яхши бўларди, – дейди Асқад Мухтор. – Фурқат баҳонасида тўпландик. Ашуласини эшитайлик. Анча бўлди бу ашулани эшитмаганимгаям.
«Фиғонким»дан кейин Фахриддин Умаров «Сочининг савдоси»ни ва яна ўзининг бир-иккита машҳур ашуласини айтади. Кейин гап ўз-ўзидан қўшиқчиликка кўчади, ғазал тўғрисида кетади. Фахриддин Умаров шеърни, хусусун ғазални яхшигина билар экан. Асқад Мухтор унинг ашулаларини таъсирланиб тинглайди, қўшиқчиликка оид гапларини берилиб эшитади. Қайтаётганимизда:
– Ашулачиларнинг кўпини кўрганман, саводсиз бўлади. Абдулла ака айтганидай, «Бўса» билан «бўлса»нинг фарқига бормайди. Фахриддин ҳам шулардан бири бўлса керак деб юрсам… Йўқ, тузуккина диди бор экан. Шеърни балодай тушунаркан. Шириннафаслигини айтмайсизми… Шундай яхши ашулачи нимага урилиб-сурилиб юради, ўз қадрини тушириб, ҳайронман… – дейди.

КАНАДА ГУГУРТИ

   «Асқад Мухтор жуда жаҳонгашта эди. Дунёда унинг қадами етмаган жой йўқ десак лоф бўлмайди. Ёш кезлари Ҳамид Олимжон унга Ёзувчилар уюшмасига аъзолик дафтарчасини топшираётиб:
– Ҳа, сенмисан Асқад дегани? Шеърларингда олам тор. Бухорони кўрганмисан? Ултармани-чи? Йўл юриш керак. Тинмай йўл юр, – деган экан.

«Ўша гапингиздан кейин юз минг километрдан ортиқ йўл юрдим, ҳамма океанларни ҳам, экваторни ҳам кесиб ўтдим, ҳурматли Ҳамид ака!» дейди у устозига қувонч билан ҳисоб бериб ва умр бўйи йўл юришдан чарчамайди.
Эсимда, 1979 йили Канадага боради. Сафардан хурсанд қайтади. Менга мозорбосди бир гугурт беради. Бунақасини кўрмаган эдим. Аввало, ранги ҳайрон қилди. Яшилбош. Кейин сони – бор-йўғи ўн дона. Ундан сўнг қутиси – қутисиз. Доналар картонга ёпиштирилган. Чақиладиган жойи картоннинг орқасида. Анча пайтгача ишлатмай, авайлаб юрганман. «Гугуртнинг шунақасини кўрганмисан», деб келган-кетганни ажаблантириш учун.
– Оббо, капиталистлар-эй! – дедим ҳайратимни яширмай. – Гугуртиям бошқача-ку буларнинг?
– Ҳамма нарса бошқача уларда, – деди Асқад Мухтор ўзига хос салмоқланиб. – Сиёсат ҳам, матбуот ҳам, қарашлар ҳам, муомала ҳам, одамгарчилик ҳам, нон ҳам…

Қизиқаётганимни сезиб, гарчи хонамга совға баҳонасида бир ровга кирган бўлса-да, гарчи тик оёқда бўлса-да, чамаси бафуржароқ гурунг беришга аҳд қилди.
– Мени ҳайрон қолдиргани шуки, Канадада бир вақтлари замона зайли билан бориб қолган украинлар, руслар, латишлар, эстонлар, яҳудийлар кўп экан, – деб ҳикоя қила бошлади. – Бечораларнинг кўзлари тўла мунг, соғинч, жудолик алами денг. Гуруҳимиз каттагина, лекин шоирлардан Расул Ҳамзатов билан мен, биз гапирамиз, шеър ўқиймиз, артистлардан Евгения Алтухова билан Григорий Жислин бор, иккови қўшиқ айтади. Оила-оила бўлиб келиб, русча, украинча қўшиқларни йиғлаб эшитади шўрликлар. Биздан ҳеч айрилгилари келмайди. Кафтларида кўтариб юргудай бўлади. Ватанжудолик аламини ўз кўзим билан кўрдим ўша ерда, жуда эзилдим. Петро Кравчук деган бир ёзувчисиям бор экан. Бир оқшом биз турган меҳмонхонага келди. Хонамга кириб, мен билан қучоқлашиб кўришди:
– Ўзбек обинонининг таъми ҳалиям оғзимдан кетгани йўқ, – деди тамшаниб. Айтишича, икки йил бурун Ўзбекистонга саёҳат қилган экан. «Уч қитъа» деган китобини берди. Муқовасида Бухоро обидалари Миср эҳромлари билан ёнма-ён қўйилган. Катта бир бобни Ўзбекистонга бағишлабди.

Канадада кўрмаган жойимиз қолмади ҳисоб. Квебек, Онтарио, Альберто, Британия Колумбияси деган вилоятларда, Монреаль, Торонто, Ниагара, Виндзор, Эдмонтон, Ванкувер, Виктория шаҳарларида бўлдик. Учрашувларимиз асосан университетларда ўтди. Тўғрисини айтсам, қойил қолдим: аудиториялар энг сўнгги ўқув-техникаси билан жиҳозланган. Ҳар бир талаба олдида компьютер, профессор дафтаридаги формулалар мониторда кўриниб туради. Қизиғи, ҳамма университетларда санъат, мусиқа факультети бор. Биз фортепьяно дарсида қатнашдик: талабалар бир аудиторияда бир йўла ўнлаб пианинони чалади, лекин хона жимжит. Ҳар кимнинг чалгани ўзига ва бир четда ўтирган устозга эшитилар экан. Устоз бирор талабага танбеҳ берса ёки хатосини айтса, буни ҳам фақат ўша талабанинг ўзи эшитади. Эртак!

Талабалар билан ҳам суҳбатлашдик. Менга уларнинг одобсизлиги ёқмади. Аксарияти ярим яланғоч кийинган. Суҳбат пайтида полга узала тушиб алланималарни кавшаб ўтирганлари ҳам бўлди. Биттаси қиз боши билан шкаф тепасига чиқиб олиб сигарет тутатиб ўтирди… Хуллас, эркин дунё. Биров бировнинг мушугини пишт демайди. Бизга берган саволларини эшитиб, ўзимизни худди қамоқхонадан чиқиб келгандай ҳис этдик: «Сизларда у нарса мумкинми, бу нарса мумкинми?..», «Кийинишларингиз ҳар хил-ку, нима, коммунизмда шунга рухсат борми?», «Бир шаҳардан бир шаҳарга ўтишларингга ижозат бериладими?» Хуллас, шунга ўхшаш куракда турмайдиган саволлар. Ҳаммаси чекланишлар ҳақида.

Тан олиш керак, фан-техника жуда ривожланган, ҳаммаёқ компьютерлашган. Бойлик ҳар қадамда кўриниб турибди. Лекин маънавият пуч, қашшоқ. Ҳаёт ҳақидаги тушунчалар бошқача, мешчанларча. Телевизорда бирор маънили нарса кўрмадим. Ўн тўрт канали бор. Бешдан тўрт қисми реклама. Рим папасининг дафн маросимини ҳам ёлчитиб кўролмадик, олти марта бўлинди, ҳали кекс, ҳали аёллар пайпоғи, сийнабанди, косметикаси мақталди. Кўрсатувлар нуқул ўйин-кулги. Кўнгил очар. Кечаси экранни сексфильмлар босиб кетади.
Матбуоти билан қизиқдик. Канада қоғозга бой мамлакат-да, кундалик газеталар 60-80 бет, якшанба кунлари ҳатто 120 бет бўлиб чиқади. Лекин афсуски, ўқийдиган нарса йўқ. Саксон-тўқсон фоиз жойни реклама эгаллаган. Муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар деярли ёритилмайди. Ёритилса ҳам уларни ижир-вижир рекламалар орасидан топиб ўқиш азоб. Бу аҳволда энг ашаддий газетхонлар ҳам оламдан бехабар қолиши тайин. Ҳайронман, халқни жаҳолатда ушлаб туриш учун атай шундай қилинармикин…
– Қайдам, – дейман.
– Табиатига гап йўқ, жуда гўзал, қатор-қатор кўллар силсиласи, заранг дарахтлар, майсаси чиройли қилиб кузалган майдонлар, фавворалар, мум ҳайкаллар музейи, осмонўпар бинолар… Тараққиёт, бойлик манаман деб турибди. Лекин барибир ўзимизнинг юртимизга етмайди. Нонини айтмайсизми, ғовак, ширин, лекин ғози йўқ, ҳажми каттагина, яхшилаб сиқимласангиз, сиқимингиз тўлмайди. Ўзимизнинг обинонлардан ўтаверсин…
– Гугуртидан ҳам билиниб турибди, – дейман яна қўлимдаги гугуртга қараб.

Асқад Мухтор кулади.
– Шундай бой мамлакат, ҳайронман, гугуртдан чўпни қизғанибди. Шуям гугуртми? Чақиб бўлмайди. Қоғоз-да, майишиб кетади. Кўриб қўйинглар деб, битта-битта обкелдим-да.
– Таассуротларингизни ўзимизга ёзиб берсангиз бўларкан, – дейман. – Журналхонларгаям қизиқ-да…
Хонадан чиқаётиб, бир лаҳза тўхтайди, ўгирилиб менга, кейин жиндак хаёл билан шифтга қарайди, юз-кўзида мойиллик сезилади, хиёл кулимсирайди, лекин индамайди. Эшикни оҳиста ёпиб, чиқади…

ИБН СИНОНИНГ ТУРКИЙ ШЕЪРИ

 «Муҳаррир сифатида Асқад Мухтор яхши бир анъанани йўлга қўйган эди. «Гулистон» халқимизнинг Форобий, Хоразмий, Беруний, Улуғбек, Навоий, Машраб ва бошқа буюкларини вақти-вақти билан ёд этиб туради. Агар таваллудининг санаси яхлит бўлса, бутун йил давомида, деярли ҳар бир сонда эсланади. 1980 йили Ибн Синонинг 1000 йиллиги нишонланди. Буюк олим тўғрисида йил ўн икки ой материал бердик.

Бир куни Асқад Мухтор:
– Форсчага қалайсиз? – деб кириб келди хонамга. – Адашингиз Ибн Сино тўртликларини сўзма-сўз таржима қилибди.
– Қайси адашим?
– Ваҳобжон. Уям Раҳмонов-ку. Баъзиларини бадиий таржима қилишга уринибди. Шундай давом эттирсам, нима дейсиз, деб келибди. Таржимасини кўрдим, бўш, олим одам-да, эплолмабди. Шуни ўзингиз қилақолсангиз-чи? – деди.

Қўлёзмани олиб, кўз югуртирдим.
– Ахир буларнинг тайёр таржимаси бор-ку. Кўпини Шоислом Шомуҳамедов қилган, баъзиларини Эркин Воҳидов, – дедим.
– Майли, сиз ҳам қилаверинг, – деди қатъий. — Классикларни вақти-вақти билан қайта таржима қилиб туриш керак. Шекспир, Байрон, Гёте, Гейне, Пушкин, Лермонтов, Некрасов… Янги авлод иложи борича буларнинг ҳаммасини бошқатдан таржима қилиши керак. Чунки авлод алмашганда руҳ алмашади, муносабат ўзгаради. Бир уриниб кўринг.

– Хўп, – дедим. – Ҳаракат қиламан. — Кейин лоп этиб, Озарбойжондан келган хат эсимга тушди.
– Айтмоқчи, Ибн Сино туркийда ҳам шеър ёзган экан. Анча бурун озарбойжонлик Оғаддин Мансурзода деган бир танишим келган эди. Ибн Сино тўғрисида гаплашиб ўтирсак, кутилмаган бир янгиликни айтиб қолди. Ибн Синонинг туркийда ёзган шеъри топилган эмиш. Мен дарров «Ўша шеърни қандай олсак бўлади?» дедим. У менга Али Аббосов деган шарқшунос олимнинг манзилини берди. Шу одамга хат ёзиб, «Иложи бўлса, қўлёзмадан бир нусха юборсангиз?» деган эдим, мана, қўлёзма факсимилени юборибди. Араб имлосида. Ўқиёлмай ўтирибман, – дедим.

Асқад Мухтор ёйилиб кулди.
– Бу зўр янгилик-ку! – деди. – Қани, кўрай-чи?
Хатни олиб хонасига кириб кетди. Бирпасдан кейин Али Аббосов номидан кичкинагина ахборот ва Ибн Синонинг туркийда ёзган шеърини кўтариб чиқди.
«Буюк Абу Али ибн Сино озарбойжон файласуфи Абу ал-Ҳусайн Бахманёрнинг устози бўлган. Олим шогирдининг илтимоси билан «Китоб ал-мубоҳасот» асарини ёзган.
Ибн Сино Ҳамадонда узоқ вақт яшаб, араб ва форс тилларида ижод этган. Аммо унинг туркий тилда асар ёзгани фанга маълум эмас эди. Афғон олими Муҳаммад Руҳий Афғонистон маориф энциклопедиясига ёзган мақоласида биринчи марта бу ҳақда маълумот беради ва Ибн Синонинг туркий тилда ёзган қуйидаги сатрларини мисол тариқасида келтиради:

Душанба, шанба куни кетма шарқа,
На якшанба, на жума куни – ғарба.
Сешанба, чоршанба куни зинҳор
Шимола кетма, эй, содиқ, ширин ёр.
Жануба қилма пайшанбада ният –
Қилибдир Буали буйла васият…

– Форсча шеърларидай зўр эмас экан-у, лекин Ибн Сино шахсига яхшигина ойдинлик киритадиган шеър экан, – деди Асқад Мухтор. – Ҳали бу шов-шув бўлиб кетишиям мумкин…
Шеър чоп этилди. Лекин, афсуски, Асқад Мухтор айтганидай шов-шув бўлмади. Ибнсиношунослар назарига тушмади шекилли.

БЕКОР ЁТГАНДАН БЕКОР ИШЛА

   «Вақт зиқ, иш кўп, журналнинг галдаги сони эрта-индин босмахонага тушиб кетиши керак. Ҳали матнларнинг талай қисми бош муҳаррир назоратидан ўтмаган, оққа кўчирилмаган. Ҳали қанчаси бўлимлардан чиқмаган. Устига устак, ҳаво иссиқ, хона дим, бу ҳам етмагандай, чекавериб, тутунга тўлдириб юборганман. Нафас олиб бўлмайди. Шунга қарамай, терлаб-пишиб таҳрир қиламан. Қўнғироқ жиринглайди.
– Мен Асқад акангизман, – деган бўғиқ, заиф овоз эшитилади гўшакдан.
– Эшитаман, Асқад ака?
– Хизмат машинасини чақиринг. Столимнинг устида бир тўп ўқилмаган материаллар бор. Яна бўлимлардан чиққанлари бўлса, уларни ҳам қўшиб, менга олиб келиб берсангиз. Уйдаман. Иситмалаб ётибман, ишга боролмадим. Бетобчиликда эрмак қиламан, – дейди. Пихиллаган овоз келади. Чамаси, кулади.
– Мазангиз бўлмаса, қўяверинг, ўзимиз бир амаллаймиз, – дейман. – Толиқиб қоласиз.
– Бир ўзингизга қийин бўлади. Ваҳобжоннинг таътилдалиги чатоқ бўлди, – дейди. – Ўзим кўздан кечирмасам бўлмас. Бекордан худо безор. Обкелаверинг.

Эшикни Роза опа очади.
– Вой-бў, пишиб кетибсиз-ку. Куша шундай иссиқма? Ўтириғиз мунда, – деб ўриндиқни кўрсатади. Кейин: – Мен ҳазир, – дейди-да, музлатгичдаги идишдан бир косачага қип-қизил олча шарбати қуяди. Чанқаб, ўлиб турган бўлсам-да, шартта ютоқиб кўтаришга ийманаман. Аввал озгина ҳўплаб кўраман, муздай. Тишни синдирай дейди. Йўқ, эҳтиёт бўлиш керак. Тағин томоғимдан шиппа олмасин. Ҳадигимни сезгандай Роза опа ҳам: – Аз-аздан ичинг, – деб маслаҳат беради. – Асхад симириб ичди. Тамағи ағриб, иссиғи чиғиб ятипти. Сиз ўтириб туринг, мен Асхадға айтай келганингизди…

Шундай деб иккинчи қават зинасига оёқ қўйганда, шаштидан қайтараман:
– Қўяверинг, безовта қилманг, ётаверсинлар. Фақат манавини олиб чиқиб бериб, менга бошқа гаплари бор-йўқлигини билиб тушсангиз, бўлди, – дейман матн тўла жилдни қўлига тутқазиб.
– Иш олиб келдиғизми? Ўзи сўрадими? Ҳаййя! Касал бўлса-да, дам олишни билмайди бу! – дея нолиб кетади бирдан. – Ниша марта айттим, шу ишиғизди қўйинг энди деб. Алтмишға кирди, ҳали ҳиш нарса язмади. Чиқинг Рашидовқа дедим. Редакторлиқни, мана, сиз яшларға берсин. Ўзи айтқан, балалар зўр, ҳар қайси бир газета-журналға редактор буладиған, деб. Энди Асхадға китабларини язиб ятадиған вақт келди ахир. Ҳаййя!..
– Қўяверинг, эрмак қиламан, деяптилар-ку. Бекор ётгандан бекор ишла, деган гап бор. Ишга чалғисалар қайтанга тезроқ тузаладилар, – дедим.

Ўзим эса касаллигида ҳам тиниб-тинчимайдиган, вақтини, умрини беҳуда ўтказмайдиган бу заҳматкаш инсоннинг матонатига ичимда яна бир бор тасанно айтдим… “Умрини беҳуда ўтказмайдиган бу заҳматкаш инсон” деган гапни қайта ўқиб ўйланиб қолдим: ростдан ҳам шундайми? Абадият мезонлари билан ўлчанганда Асқад ака адабиётнинг кучини ўтин ёришга сарфламадими? (Абдулла Қаҳҳор ибораси эсингиздами?)

ҲАМ ҚУВЛАШ, ҲАМ ҚЎЛЛАШ

   «Ваҳоб Рўзиматов таътилдан янги куч-ғайратга тўлиб қайтади. Дийдиёсини қолган жойидан давом эттиради:
– Оковси, кроссворд бўлимининг мудири қатта? Нима иш қивотти?
– Нага Тоҳирри пиғли айнаб юрибди? Сал гапга чиконглайди?.. Сиркаси сув кўтармай қоптими?
– Сағдинов сариқ бўлдим деб энди беш-ўн кун ётади ялпайиб баннисада… Ишини ким қилади?
– Анув «Ёш ақл»га нима бўлди? Уям кетаман девотганмишми?

(Шу ўринда очиқлаб кетай: Ваҳоб Рўзиматов кроссворддан бошқа нарса бермайди деган маънода кесатиб Мурод Хидирни кроссворд бўлимининг мудири дейди. Маҳмуд Саъдий эса ўзининг икки ходимига – Эркин Аъзамга «Бош ақл», Хайриддин Султоновга «Ёш ақл» деб лақаб қўйган. Таҳририятда деярли ҳамма уларни шундай дейди.

Умуман, Маҳмуд Саъдий кўпчиликка лақаб тақайди. Самарқад-Жиззах томонликларни ёппасига Жонқовул, сурхондарёлик ва қашқадарёликларни ялписига Сурқаш, жами истеъдодсиз ёш-ялангларни Дадарлар дейди. Шукур Холмирзаевни – Шолохов, Мурод Хидирни – Эшон, Саъдулла Аҳмадни – Кетмондаста, Абдулла Шерни Ашир (А.Шердан), мени «С.Раҳмон»дан келиб чиқиб Сўлақмон дейди ва ҳоказо. Биз эса шунча билими бўлатуриб, ҳеч нарса ёзмаслигига ишора қилиб, уни баъзан Оғзаки танқидчи, баъзан Фольклор деймиз.)

Дарҳақиқат, кейинги уч-тўрт ой ичида «Гулистон» яна бир силкинди. Тоҳир Малик бўшади. Ўрнига Муҳаммадали Қўшмоқов келди. Сал ўтмай, Хайриддин Султонов кетди. Ўрнини Оқилжон Ҳусанов эгаллади. Ўзгариш ўзи кичик бўлса-да, ички муҳитга таъсири катта бўлди. Таҳририят обу ҳавосини тубдан ўзгартириб юборди. Гап шундаки, авваллари жамоада эрталаб ишга келган заҳоти у ёки бу раҳбарнинг олдига бошлиқсаломга кириш одати йўқ эди. Ҳар ким тўппа-тўғри иш ўрнига келиб ўтириб, ўз ишини билиб қилаверарди. Бошлиқлардан бирортаси чақирса, ёки ўзининг иши бўлса, кириб, сўрашиб, ишини битириб чиқарди.

Янгилар ниҳоятда «одобли», «одамшаванда» чиқиб қолди. Оқилжон Ҳусанов ҳам, Муҳаммадали Қўшмоқов ҳам ишни ҳар куни эрталиб бошлиқ зиёратидан бошлар экан. Иккови ҳам худонинг берган куни Ваҳоб Рўзиматов зиёратига киришни канда қилмайди. Камида ярим соат чақчақлашиб ўтириб, кейин иш жойига боради. Аслида бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Айниқса, зиёрат тўғри кўнгилда, самимий бўлса, хушомад аралашмаса…

Биз, эскилар, гапнинг очиғи, хушомад қилишни билмасдик. Бошлиқларимиз бизни хушомадимиз учун эмас, меҳнатимиз, қобилиятимиз, қилган ишимиз учун қадрлаши керак деб ўйлардик. Шундай ҳам бўларди. Қобилиятимизга, ишимизнинг савиясига қараб рағбатлантирилар, қадрланар, лавозимда бир поғона-ярим поғона кўтарилар эдик.

Янгиларнинг бундай муомаласи, кўнгил овлашлари, Ваҳоб Рўзиматовга ёмон таъсир қилди. Ҳеч кутилмаганда ортиқча иззатталаб бўлиб қолди. Биздан, эскилардан ҳам худди шундай хушомад таъма қилишга ўтди. Худди шундай муомала кута бошлади. Биз эса ўша-ўша «ғўдайганча», ўша-ўша «бойваччаликча» қолавердик. Шундан сўнг кесатиқларга, ёзғиришларга, янишларга, чалпишларга, аччиқ-тизиқ гапларга, заҳархандага зўр берди. Таънаю дашномлари кўпайди, қилдан қийиқ ахтарадиган, ўтирсак – ўпоқ, турсак – сўпоқ, дейдиган қилиқ чиқарди. Заҳарига заҳар қўшилди. Ўшанда унга бағишлаб манави шеърни ёзганман.

ЗАҲАР ОДАМ

Ана у, келмоқда, юрак оғуси
томчилаб турибди юзидан чак-чак.
Қоплон кўзларидай қонсирар кўзи,
сассиқ сўз тўкилар оғзидан лак-лак.

Бор заҳри икки қош оралиғида
бир тугун солмишдир – на сўгал, на хол.
Мушук миёвига ва ё йиғига
ўхшаш бир товушда минғирлар бу чол.

Қарашлари нишли – нақ қовоқари –
кўзингга санчилар, дилингни чақар,
сичқонни тутолмай оч қолган қари
мушукдай ҳурпайиб, зардали боқар.

Осилган лунжида сувараклардай
таъналар, танбеҳлар ўйнайди ғужғон,
бамисоли мерган ғумараклардай
айни юрагингни оларлар нишон.

Гоҳ ўйнар у содда қалбларимизни
бир ҳуркак қушчадек қўлига олиб.
Гоҳи ғижимлайди қоғоздек бизни,
гоҳ чайнар қазидек оғзига солиб.

Йўқ, уни гўл деманг, ўта қув, уқмас,
ҳа, атай уқмас у элнинг дардини.
Ўзига гард олмас, сурбет, сувюқмас,
гулнинг оқин севмас, севар зардини.

Одамнинг мардини хуш кўрмас бу мор,
севар ландавурин, ялтоқ, ланжини.
Одамнинг шодлигин ёқтирмас зинҳор,
севар тил жабрини, кўнгил ранжини.

Гарчанд унинг заҳил башарасига
тупуриб турса-да замона гоҳ пайт,
қулф уриб қалбининг ташқарисига,
ичида ухлайди бу номард лоқайд.

Ана у, келмоқда, юрак оғуси
чак-чак томиб турар юзидан бот-бот.
Қоплон кўзларидай қонсирар кўзи,
эҳтиёт лозимдир, дўстлар, эҳтиёт…

1980

Ўша кунлари, денг, кутилмаганда шўрликнинг бошига катта кулфат тушди. Пуштикамаридан бўлган ўғли ўз туққан онасини сўйиб қўйди. Айтишларича, йигитнинг эси жойидамас, сал анақароқ экан. Бирваракайига икки яқинидан жудо бўлиш ота учун, эркак киши учун жуда оғир мусибат. Ахир бир кунда узоқ йиллар бир ёстиққа бош қўйган хотин – қабрга, не-не умидлар билан вояга етказилган ўғил руҳий хасталар шифохонасига тушса, бунга чидаш учун қандай зўр асаб, қандай зўр ирода керак? Тавба дейлик, худойимнинг ўзи ҳеч бир бандасининг бошига бундай кўргуликни солмасин.

Ваҳоб Рўзиматовнинг иродаси зўр, асаби мустаҳкам экан. Букилмади, синмади. Аксинча, аламзадалиги янада ортди. Атрофидагиларга заҳрини янаям кўпроқ соча бошлади. Дағдағаси ҳаммани безиллатиб қўйди. Ҳамма унга юрагини ҳовучлаб рўпара бўладиган, орқаваротдан шикоят қиладиган, дастидан дод дейдиган, нолийдиган бўлиб қолди. Менинг хонам нақ ҳасратхонага айланди. Ундан норози ҳар бир киши дардини фақат менга ёради. Бош муҳаррир Асқад Мухторга айтишга истиҳола қилади. Мен ҳам айтолмайман. Олтмиш ёши баҳонасида ўтказиладиган таваллуд тўйига ҳозирлик ишлари билан банд бўлган бош муҳаррирнинг кайфиятини бузгим келмайди. Боз устига, у ўша кунлари ишхонада жуда кам бўларди. Вақтининг кўпи водийда, вилоятларда, пойтахтда китобхонлар билан бўлаётган учрашувларда ўтарди.

Таҳририятда эса иқлим тобора чатоқлашиб, вазият таранглашиб борар, шунга қарамасдан биз чидардик, Асқад Мухторнинг таваллуд тўйи ўтишини кутар эдик.

Ниҳоят, 1980 йилнинг 20 декабри оқшомида «Зарафшон» ресторанида бўлиб ўтган катта зиёфат аввалига вилоятларда, кейин пойтахтда уюштирилган учрашувлар, йиғинлар, тантаналарга якун ясади.

Асқад Мухтор ғоят бахтиёр эди. Зиёфатга гурас-гурас келган ёзувчи-шоирлар, олимлар, санъаткорлар, арбобларнинг қутловларини, ёру биродарлари, яқинлари, жамоалар, ташкилот ва идоралар вакиллари елкасига ёпган тўнларни юзда табассум билан қабул қилади, Муҳаббат Шамаева билан Илёс Маллаевнинг шўх, ўйноқи қўшиқларига рақс тушаётганлардан кўз узмайди, қувонч ва ҳаяжондан қизарган чеҳраси ял-ял яшнаб ўтиради.

Бу шодиёна завқини тотиш, кайфини суриш учун унга яна қарийб бир ой вақт бердик. Ниҳоят, мен Асқад Мухторни вазиятдан хабардор қилдим. Таҳририятда обу ҳаво яхши эмаслигини айтиб, бирор чора топишини сўрадим.
– Чораси битта, муроса, – деди у аввалига қатъий қилиб, кейин сал юмшади. – Ёш бола эмассизлар-ку, келишиб ишлайверсанглар бўлмайдими ахир?
– Келишишнинг иложи бўлмаяпти-да. Ваҳоб ака тўнини тескари кийиб олган. Қилдан қийиқ ахтариб, ҳаммага тирғалгани-тирғалган, – дедим.
– Нима қилай, Ваҳобжонни кетказайми? – деди у.
– Билмадим, – дедим ўзимни тағофилга солиб, аслида унинг виждонига ҳавола қилиб. – Ё у, ё биз кетишимизга тўғри келади. Бошқа чораси йўқ шекилли.
– Бунтарлар кўпчиликми?
– Кўпчилик.

Асқад Мухтор қизарди, сал бўғриқди. Чамаси, жаҳли чиқди. Кўзойнагини олиб, бирпас юзимга қараб турди. Кейин босиқ, хотиржам овозда:
– Агар бутун таҳририят талаб қилсаям Ваҳобжондан кечмайман, – деди қатъий. – У менинг қирқ йиллик дўстим… Билиб қўйинглар!

Асқад Мухтор фикрини аниқ ва тушунарли қилиб айтди. Ортиқча гапга ҳожат қолмади. Мен ариза ёзишга шайланиб турган «бунтарларга» ўртамизда бўлиб ўтган гапни оқизмай-томизмай етказдим. Бир овоздан ҳаммамиз ариза ёзишга келишдик. Ариза ёзилди, имзолар чекилди ва у ўша куниёқ Асқад Мухторнинг қўлига тегди. Аризани кўриб, шолғомдай қип-қизариб кетди.
– Бу ариза бўлмайди, – деди ғалати овозда. – Мен коллектив аризага қўл қўймайман. Битта-битта ёзинглар. Ҳар ким ўз аризасини ўз қўли билан алоҳида ёзсин.
Бу талабни эшитиб, қатордан қуруқ қолмаслик учунми ё бошқа бирор сабабданми, умумий аризага қўл қўйганлардан баъзилари бўшашди. Биринчи бўлиб Шомурод Сиддиқов узрини очиқ айтди.
– Энди мендан хафа бўлмайсизлар, мен сизлар билан руҳан биргаман. Лекин жўжабирдай жонмиз. Ишдан кетсам, бола-чақам қийналиб қолади, – деди.

Машинкачи қизлар ҳам тайсаллашга тушди, Назира Йўлдошева пайсалга солди.
Маҳмуд Саъдийнинг эътирози бошқачароқ бўлди:
– Қўйинглар шу ишни. Кетманглар. Шу ўзимиз билган Ваҳоб ака-да. Букрни қабр тузатади. Нимасига аччиқ қиласизлар? Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйманглар. Эшакни гўшти – ҳаром, меҳнати – ҳалол…
Хуллас, тўрт жўмард – Мурод Хидир, Эркин Аъзам, Алексей Жданов ва мен аҳдимиздан қайтмадик. Аризамизни алоҳида-алоҳида ёздик ва мен ҳаммасини бир пайтда олиб кириб Асқад Мухторнинг олдига қўйдим.

У менга ғалати қаради-да:
– Афсуски, ўттизинчи ё эллигинчи йиллар эмас-да, – деди.
Гапига тушунмадим. Нима демоқчи бўлди? Ўшандан бери ўйлайман. Ҳалиҳануз тушунолганим йўқ. Наҳотки, “ҳаммангни оттириб юбораман” демоқчи бўлган?..

Қисқаси, у барчамизни бир кунда бўшатмади. Аризамизга бир кун-икки кун оралатиб қўл қўйди. Биринчи бўлиб мени бўшатди. Ичимиздан бирортаси билан яккама-якка гаплашиб, фикридан қайтаришга, «сотиб олишга» уринган-уринмаганини билмайман. Шуни биламанки, ариза ёзганлардан бирортаси лафзидан қайтмади.
«Гулистон» Марказқўмнинг журнали эди. Бир ҳафта ичида тўрт кишининг ишдан кетиши яхшилик аломати эмасди. Исён ҳиди бор эди бунда. Ва бу ҳид тегишли идораларга, ҳатто энг биринчи Шахсга ҳам етиб борди. Зудлик билан рокировка бошланди. Биз февралда кетган бўлсак, орадан бир-бир ярим ой ўтиб, апрелда Асқад Мухтор ҳам «Гулистон»дан олинди. Ўша давр сиёсий удумига кўра, бир раҳбарнинг иссиқ жойини совутиб, бошқа ўринга ўтказиш ҳам жазонинг бир тури эди. Шу тариқа «Ўзбекистон маданияти» деган илимилиқ газета тугатилиб, ўрнига «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»ни чиқариш Асқад Мухторга юкланди. «Гулистон»га Мирмуҳсин ўтди, унинг ўрнига – «Шарқ юлдузи»га Ҳафиз Абдусаматов келди.

Мен бизнинг саркашлигимиз, қайсарлигимиз Асқад Мухторни жуда қаттиқ хафа қилган бўлса керак деб ўйлардим. Йўқ, ундай эмас экан. Гина сақламаган экан. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»га ўтиши биланоқ мени йўқлади. Шахсан ўзи эмас. Муҳаббат Туробова деган опамиз орқали. Шу опа менга: «Асқад ака айтдилар, Владимир Луговскойнинг саксон йиллигига шеърларидан таржима қилиб берар эмишсиз», «Асқад ака Осиё-Африка шоирлари ижодидан ярим саҳифага мўлжаллаб шеърлар беришингизни сўраяптилар», «Сулаймон ўз шеърларидан катта бир подборка тайёрлаб берсин деяптилар Асқад ака» дея тез-тез қўнғироқ қилиб турадиган одат чиқарди. Мен ҳам қайсарлигимни ташлаб, шу тариқа «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг фаол муаллифига айландим. Ҳар сонида бўлмаса ҳам ҳар икки-уч сонида Асқад Мухтор буюртмасига кўра Андре Моруа, Андрей Вознесенский, Максим Танк, Суюнбой Эралиев, Лев Ошанин ва бошқалардан қилган таржималарим, даста-даста ўз шеърларим чоп этилади.

Бир куни телевизорни қўйсам, Асқад Мухтор гапиряпти. Қулоқ солсам, ё тавба, гап мен ҳақимда, менинг шеърларим тўғрисида. Баланд гаплар айтяпти. Ҳайрон бўлдим, «Гулистон»да ўзи чиқарган шеърларим ёки китобларим ҳақида бир оғиз ё яхши, ё ёмон, деб фикр билдирмасди. Энди бўлса, «аразлашиб» қолганимиздан кейин телевизорга чиқиб мақтаб ўтирибди. Очиғи, ундан бу қадар холислик (кишининг кўзига ўзини мақтаётган одам дунёдаги енг биринчи рақамли “холислик тимсоли” бўлиб кўринишига ўша пайтда амин бўлганман.) ва бағри кенгликни кутмаган эдим. Ўжарлик қилиб, арзимас баҳона билан шундай танти инсонга озор берганимдан уялиб кетдим. Лекин учрашиб, узр сўрашга ҳам бўйним ёр бермади. Бир куни уйимга ўзи қўнғироқ қилди. Худди ҳеч нарса бўлмагандай қуюққина сўрашгач, Пушкиннинг «Ҳайкал» шеърини таржима қилиб беришимни сўради.
– Ахир уни Рамз Бобожон таржима қилган-ку, – дедим.
– Бир эксперемент қилмоқчимиз, – деди. – Тенгдошларингиздан беш-олти кишига айтдим. Ҳаммасини бир саҳифада берамиз. Ўзига хос конкурс…

Кейин эшитсам, бу «эксперемент» унга анча қимматга тушибди. Рамз Бобожондан эшитадиганини эшитибди… Ўша пайтларда Рамз Бобожон Ҳиндистонга сафарга бориб: “Калкуттада шим тиктирдим, шимим йўқлигиданмас”, деб шеър ёзиб қайтган эди. Ҳамма шу сатрни айтиб Рамз акани орқаваротдан масхара қилиб юрарди…

Бир куни уюшмадан чиқаётиб, зинада Эркин Воҳидовга дуч келиб қолдим.
– Э, Сулаймон, сизни кўрганим яхши бўлди. Телефон рақамингизни кимдан билсам экан деб юрувдим. Яхшиям, ўзингиз учраб қолдингиз, – деди у.
– Ҳа, тинчликми, Эркин ака? – дедим.
– Тинчлик-тинчлик. Яхши гаплар бор. Рақамингизни беринг, кечқурун гаплашамиз, – деди . – Ҳозир шошиб турибман, Сарвар Олимжонович кутиб ўтирибдилар.

Эркин Воҳидов кечаси соат ўнларга яқин қўнғироқ қилди.
– Ҳалиги гапимиз чала қолди, узр, – деди ўзига хос одоб билан мулойим товушда. – Яхши гап деганим шуки, шахсан Шароф аканинг ташаббуслари билан «Ёшлик» журнали чиқадиган бўлди. Мен бош муҳаррир бўлдим.
– Зўр бўлибди-ку, табриклайман,– дедим хурсанд бўлиб. – Ўзи «Юность» типидаги шундай бир журнал жуда керак эди бизга ҳам.
– Раҳмат. Энди сизни излаганимнинг боиси шуки, бирга ишласак, нима дейсиз? – деди Эркин Воҳидов. – Журналларда ишлагансиз, «Гулистон»да… тажрибангиз бор.

Кутилмаган таклифни эшитиб, бироз жим қолдим.
– Қолаверса, сизни Асқад ака тавсия қилдилар, – деди.
– Асқад ака? – дедим ҳайрон бўлиб.
– Ҳа, Асқад ака. Анув куни Сарвар Олимжонович ҳузурида бўлди бу гап. Сизни журнал техникасини яхши билади, таҳрири яхши, диди яхши деб мақтадилар. Нима дейсиз?
– Асқад ака айтган бўлсалар, бўпти, розиман, – дедим. – Фақат яна бир-иккита шеригим ҳам бор-да, шуларниям ишга олсангиз…
– Албатта, яхши йигитлар бўлса, оламиз, – деди Эркин Воҳидов. – Ким экан улар?
– Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, – дедим. – Прозачилар. Агар хоҳласангиз яхши машинкачи қизлар ҳам, ташкилотчи рассом ҳам бор.
– Жуда яхши-да! – деди Эркин Воҳидов. Жамоа бирданига йиғилиб қўя қолганига хурсанд бўлиб кетди. – Ундай бўлса, ҳаммасини чақиринг. Эртага уюшмада, кичик залда учрашамиз.
– Бўпти, – дедим.

Гўшакни қўйиб ўйланиб қолдим. «Ажабо, аввал қувлаш, энди қўллаш! Одам шунчалик ҳам бағри кенг бўладими? Саркашлик қилиб кўнглини оғритганимга қарамай, газетадан тез-тез иш бериб турса, телевизорга чиқиб мақтаса, ишга тавсия қилса… Ё раҳми келганидан қилаётганмикан бу ишларни? Балки ўз ишидан пушаймондир?..»
Шундай қилиб, собиқ «Гулистон»чилар – Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Абдуллар Шер, мен, сал кейинроқ машинкачи Холида Ғуломова «Ёшлик»чиларга айландик-қўйдик.

ТЎЙ БАҲОНА

    «Шундан сўнг орадан бирор йилча ўтиб, Саъдулла Аҳмаднинг тўйи баҳонасида Асқад Мухтор билан биринчи бор юз кўришдик ва «расман ярашдик». Айтмоқчи, бу кунга келиб собиқ «Гулистон»чи Саъдуллани ҳам «Ёшлик»чига айлантириб олган эдик. Қисқаси, у ўғилларини суннат тўйи қиладиган бўлди ва мендан Дўрмонга, Ёзувчилар ижод боғига бориб, Асқад Мухторни кечки базмга олиб келишимни илтимос қилди. Мен ўша пайтлари «Жигули» олган, ҳаваскор ҳайдовчи эдим.
– Мошина ҳайдашни эндигина ўрганган бўлсам, – деб важ кўрсатмоқчи бўлдим. – Катта ёзувчини олиб юришни менга қандай ишонасиз? Қўрқаман.

Баҳонамга асл сабаб аслида бу эмасди, мен ўша кўнгилсизликдан кейин Асқад Мухтор билан юзма-юз келишдан қўрқар эдим чамаси.
– Энди илтимос-да, жўра, бир яхшилик қилинг, – деб туриб олди Саъдулла. – Мен сизга орқа қилиб, Асқад акага, сизни Сулаймон бориб, мошинасида олиб келади, деб қўнғироқ қилиб қўйганман. Бормасангиз, уятга қоламан, жон жўра…

Хуллас, шомга яқин боққа кириб борсам, Асқад Мухтор Саид Аҳмад билан тикоёқда чақчақлашиб, кайфияти хуш, машҳур эман тагида, мени кутиб, шай турган экан. Мошинадан тушишим билан Саид Аҳмад:
– Раисимиз ёшларни хўп сийлавоттию, а, Асқад, буни қара, кўз тегмасин, тойчоғи зўр-ку, а? – деди. – Биз, чолларгаям шунақасидан берса, йўқ демасдик.
– Сарвар Олимжонович ёшларни қўллаб, тўғри қилаяпти. Сенга даққиюнусдан қолган «Волга», менга шалдироқ «Москвич» ҳам бўлаверади. Ёшлар – келажагимиз, уларни ҳар қанча сийласа арзийди, – деди кулиб.
– Лекин мен ҳам уни боплаб сийлаганман, эшитганмисиз? – деди Саид Аҳмад менга қараб.
– Йўқ, – дедим.

Асқад Мухтор мен билан худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, худди ҳар куни кўришиб юргандай, қадрдонларча самимий сўрашди. У тўғрисида ёмон ўйларга бориб юрганимга яна бир карра ичимдан зил кетдим.
– Сайдаҳмад, сен олдинга ўтирақол, мен ўзимнинг ҳар доимги жойимга ўтираман, – деди-да, чиқиб, орқа ўриндиқнинг чап бурчагига ўтириб олди.
– Посанги бузилади-ку, ўртоқ, ўртароққа ўтиравер, – деб кулди Саид Аҳмад. Кейин менга тушунтирди. – Ана, ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга деганлари шу-да. Ҳамма балога мани рўпара қилиб, олдинга ўтқазади-да, ўзи сизнинг орқангизга бекиниб ўтиради. Шопирнинг орқаси бехавотирлигини билади-да. Қўрқоқ…
– Қўрқоқ эмас, эҳтиёткор, – деб тузатди Асқад Мухтор.
– Яқинда, янги раисимиз ҳаммамизни пахта теримига олиб чиқди, – деб ҳалиги гапини қолган жойидан бошлади Саид Аҳмад. – Номига. Хўжакўрсинга. Каттага ёқиш учун. Хуллас, бир автобус бўлиб далага бордик. Этак боғлаб, пайкал ораладик. Ҳамма қўлидан келганча терди. Мен раиснинг қаватида юрдим. У пахта терди, мен унга қизиқ-қизиқ ҳангомалардан айтиб турдим. Тарозибоннинг олдига келиб, қарасам, ҳамманинг этагида уч-тўрт кило бўлсаям, пахта бор. Гап билан бўлиб, мен бир килоям термабман. Ўлчатишга уялиб, индамай четга чиқиб турдим. Бир пайт Носир Фозилов ёнимга келиб этагимдаги бир сиқим пахтани тутамлаб кўрди-да, қитмирлиги тутиб баланд овозда: «Уят эмасми, Саид Аҳмад ака, оқсоқол, терган пахтангиз раисимизнинг кетини артишгаям етмайди-ку» деб қолди. Гурра кулги кўтарилди. Ҳеч кутмаган эдим, ўсал бўлдим. «Оббо, залатой, дедим, раиснинг кўнглига энди йўл топганимда, ишни пачава қилдинг-ку. Ҳап саними!», дедим. Тилим қичиди. Оғзимга келганини қайтармай шартта отдим:
– Сен ташвишини қилмай қўяқол, Носир, раисимиз сенга ўхшаб пахтага артмайдилар, билмайсанми, у киши пат… қоғозга артадилар, дедим. Қалай, боплабманми?
– Сен Носирни эмас, раисни боплабсан-ку, – дейди Асқад Мухтор.
– Э, Носирниям боплаганман, – дейди Саид Аҳмад. Кейин менга дакки беради:
– Ҳей, сиз ғалати бола экансиз-ку! Нега чизиқни миниб юрасиз? Ҳозир бирорта олатаёқ кўриб қолса, ишингиз пачава бўлади. Жонингизга ора кирадиган Сарибола йўқ.
– Сариболангиз ким? – дейман.
– Сариболани билмайсизми? – деб ҳайрон бўлади Саид Аҳмад. – Носир Фозилов-да.
– Нима, Носир ака ҳамма олатаёқлар билан танишми? – дейман.
– Эшитмаганмисиз? – дейди Саид Аҳмад. Кейин гапга тушади. – Носир Фозиловни мошинамга ўтқазиб, дачадан чиқиб, Дўрмоннинг йўлида шаҳарга учириб кетаётсам, Арғиндан сал нарида дарахт панасида бир олаётақ пойлаб турган экан. Шартта чиқиб, таёғини силтаб, ҳуштагини чуриллатиб қолди. Мен ҳам мардлик қилиб таққа тўхтадим.
– Ҳужжатларингизни кўрсатинг, – деди қўлини чеккасига юбориб.
– Тезликни сал оширвордим, айбдорман, командир, кечирасиз, вақт зиқ, шошмасам бўлмайди, манави укамизнинг аҳволи чатоқ, баннисага опкетяпман, – дедим.

Мелиса орқа эшикни очиб энгашиб қаради. Кўрса, афтини бужмайтириб, сап-сариқ бир одам ўтирибди.
– Нима бўлди бу кишига? – деди.
– Кўрмаяпсизми, сариқ бўпқолди! – дедим.

Яна бир қаради-да, шартта орқага тисарилди:
– Жа, ўтиб кетганга ўхшайди-ку. Ҳайданг-ҳайданг, тезроқ ҳайданг! – деб шоширди ранги қув ўчиб. Юқишидан қўрқиб кетди шекилли, бояқиш.
– Буниси энди латифа,– дейди Асқад Мухтор гапга аралашиб. – Ўзи тўқиган…

Бир ёш йигит тўйбоши экан, даврани олиб борди. Ҳар хил бачкана қилиқлар қилди, латифалар айтди. Саид Аҳмад суриштирди, Театр ва рассомлик институти талабаси Мирза Холмедов экан.
– Практикани Саъдулланинг тўйидан бошлабди, – деб кулди Саид Аҳмад.
– Саҳна кўрмай, умри тўйда ўтиб кетадиганга ўхшайди, – деди Асқад Мухтор. – Сендан ҳам бачкана экан шўринг қурғур…
Саид Аҳмад индамади. Ўзини эшитмаганга солиб, таомга овора бўлди. Ажабо, ҳеч кимга тилини бермайдиган, ёзувчи-шоирлар ўртасида «Ўқланган милтиқ» деб ном олган ва ҳар доим ҳозиржавоб Саид Аҳмад негадир бу гал Асқад Мухторга жавоб ўқини узмади…


СЎНГГИ УЧРАШУВЛАР

   «Ғафур Ғулом нашриётнинг Адабий танқид ва адабиётшунослик бўлимида ишлаётганимда наср бўлимининг мудири Носир Фозилов хонамга кириб:
– Шаир, Асқад акангиз «Аму» деган бир рўмон язибди. Шуни таҳририни Сулаймонга берсангиз деяпти, – деб қолди.
– Ахир мен…
– Айтдим, у бошқа бўлимда деб… кўнмаяпти. Эрта-индин ўзиям келиб қолади. Илгари Ваҳоб Рўзиматовга ишанарди китобларининг таҳририни. Энди сизга ишанаяпти. Асқад Мухтардай язувчи китобининг тақдирини сизга топширмақчи бўлаётгани катта чест, билсангиз. Яна ўзингиз биласиз. Хоҳламасангиз, салмоқлироқ бир важ топиб қўйинг, – деб маслаҳат бериб чиқиб кетди.

Носир Фозилов айтганидай тез кунда Асқад Мухторнинг ўзи келди. Менинг наср бўлимига алоқам йўқлигидан бошқа салмоқли баҳонам йўқ эди. Устига устак, Асқад Мухтор баҳонамни эшитгисиям келмади. Гапни шикоятдан бошлади.
– «Шарқ юлдузи»дагилар худо, парвардигор деган сўзларни фалак, осмон деб ўзгартириб чиқишибди. Сиздан илтимос, шу томонига эҳтиёт бўлсангиз, – деди. – Менинг интонациям бузилмаса бўлди. Қолгани ўзингизга ҳавола. Сизга ишонаман…

Ноилож қолдим. Қўлёзмани қўлтиғимга қистириб кетди. Аввалига шунчаки варақлаб кўрдим. Бир-икки жумла ўқиб кўрай-чи, дедим. Бир маҳал қарасам, анча-мунча ўқиб қўйибман. Воқеалар, чиройли тасвирлар, саргузаштлар, интригалар оҳанрабодай тортди-кетди.

Нафсиламрини айтганда, ўзим ҳам казо-казо олимларнинг тўмтоқ ва нўноқ жумлаларига дуч келавериб, ҳакка чўқиган «академ» тили билан ёзувчининг халқона тилини «чўқийдиган» баъзи «шунос»ларнинг пуч фикрини тўқ қиламан дея тиришавериб чарчаган эканман. Асқад Мухтор асарини ўқиш, таҳрир қилиш ёзувчига ақл ўргатувчи «шунослар» китобларини ўқиш ва таҳрир қилишдай азоб эмас, аксинча, бир олам ҳузур бағишлади менга. «Аму»ни ўқиган сари Афғонистонда нари борса беш-ўн кун сафарда бўлган адиб бу ўлка жуғрофиясини, ландшафтларини, табиатини, одамларининг феъл-атворини худди бир умр ўша ерда яшаган кишидай аниқ, тиниқ ва теран акс эттира олганига қойил қолдим…

Шундан сўнг Асқад Мухторни 1991 йилнинг 15 ноябрида Адиблар иттифоқининг таъсис қурултойида кўрдим.
Сўзга чиқиб, Адиблар иттифоқи ташаббускорларининг ишини маъқуллади. Аммо ғалати бир гап ҳам қилди. Ўта кўнгилчанлиги туфайли атрофига бир тўда тарафкашларини тўплаб олиб, Ёзувчилар уюшмасининг иккига бўлиниб кетишига сабабчи бўлган Одил Ёқубовни ҳам Адиблар иттифоқига аъзо қилиб олсак, деган таклиф киритди. Қурултой уни раёсатга сайлади, аммо таклифини инобатга олмади.

Менинг раддиям ҳам инобатга олинмади, бош котибликка сайландим. Янги уюшмани йўқдан бор қилиш: уни рўйхатдан ўтказиш, штатларни шакллантириш, ҳукуматдан бино, маблағ ундириш ва ҳоказо ташкилий ишлар менинг зиммамга тушди. Елиб-югуриб, қўлимдан келганча уддаладим. Биносиз, маошсиз бўлсак ҳам беш-олти ойда ўнга яқин катта-кичик тадбирлар ўтказдик. Ниҳоят, вақтинча бўлса-да, муқим бир жойга ҳам эга бўлдик. Жамоа шаклланди. Шундай кунларнинг бирида Асқад Мухтор кириб келди. Бирпас гапни нимадан бошлашни билмаган ёш боладай ийманиброқ ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Сездим, овозида илгариги бардамлик йўқолгандай, алланечук шикаста туюлди. Кайфияти худди бошидан катта руҳий тўлғоқларни кечирган одамдай ғалатироқ эди.
– Қийналмаяпсизми ишқилиб? Ўрганиб кетдингизми раҳбарликка? – дея ҳазиломуз гап бошлади секин. – Юртбоши билан кўришиб, гаплашибсиз деб эшитдим. Ёрдам берадиган бўпти. Ҳали ҳаммаси изга тушиб кетади. Фақат жудаям қаттиққўл бўлманг. Ёзувчи аҳлини биласиз, кўнгли нозик, улар билан ишлаш қийин, ҳар бири билан тил топишиш керак.

Асқад Мухтор ўзига ўхшамасди. Авваллари ҳеч бу оҳангда насиҳат қилганини эслай олмайман. Бунақа одати йўқ эди-ку. Қарибди-да, деб ўйладим. Назаримда, менга муҳим бир гапни айтмоқчи бўлиб, атай келгандай эди. Лекин айтмаяпти. Гапни узоқдан, насиҳатдан бошлаётганига қараганда, элчи бўлиб келганга ўхшайди.
– Раҳбар, айниқса, ижодкорларга раҳбарлик қиладиган одам мелисанинг олатаёғидай тўппа-тўғри, қаттиқ бўлиши керак эмас, – деб маънодор жилмайди. – Резина таёғидай майишқоқ, эгилувчан бўлиши керак…

Гапини жиринглаган телефон бўлди. Узр сўраб гўшакни олдим:
– Лаббай, Эркин ака, эшитаман, – дедим.
– Саъдулла масаласи нима бўлди? – деган овоз келди гўшакдан.
– Кечирасиз, Эркин ака, – дедим гўшакка. – Бу масалада мен сизга узил-кесил фикримни айтдим. Ҳеч иложи йўқ. Ахир ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку Саъдуллани. Иш бермайди. «Ёшлик»да жонингизга тегмаганмиди? Тўғри, тўғри, оғайним, яхши йигит. Лекин… у билан ишламоқчи эмасман.
– Бугун Мирза билан иккови яна ёнимга келди. Мирза қаттиқ туриб илтимос қиляпти. Мен хўп деб қўйдим. Ишга олмасангиз бўлмайди, – деди Эркин Воҳидов қатъий.
– Кўнглим тортмаган овқатни зўрлаб едирмоқчимисиз?! – деб гўшакни жойига қўйдим жаҳл билан.
– Нимага олмаяпсиз Саъдуллани ишга? – деди Асқад Мухтор. – Ахир бирга ишлагансизлар, бир-бирларингни яхши биласизлар-ку?..
– Ҳамма гап шунда-да, – дедим. – Уни яхши биламан. Ўзи асли жўрамиз. Мени масъул котибликка ўтказишганидан кейин, Эркин Воҳидовга тавсия қилиб, «Ёшлик»нинг Шеърият бўлими мудирлигигаям ўзим олиб борганман уни. У ерда ҳам «Гулистон»даги қилиғини давом эттирди. Ишга тушдан кейин келади. Баъзан икки-уч кунлаб кўринмай кетади. Материалларни вақтида топширмайди. Эркин Воҳидовнинг ўзи неча марта таъна қилган менга: қанақа масъулиятсиз одамни олиб келдингиз деб? Мен ўзига айтдим, Саъдулла, жўра, «Ширинтой»ни сизга бераман, бош муҳаррир бўлинг, деб. Йўқ, шу ерда, Адиблар иттифоқида ишлайман деб оёқ тираб турибди. Энди бўлса… Мирза Кенжабекнинг пинжига кириб, Эркин Воҳидовнинг қўлтиғига сув пуркаб юрибди.

– Ҳа, олинг-қўйинг-да, сиздан нима кетди. Уюшманинг иши журналникидай эмас, – деди Асқад Мухтор.
– Йўқ, барибир олмайман уни, – дедим. – Ўзим кетсам, кетаман, лекин уни ишга олмайман. Бунинг бошқа сабабиям бор. Яқинда Нажмиддин Комилов келувди. Саъдуллани кўриб, «Ҳа, Саъдуллавой, нариги саюзнинг тагига сув қуйдингиз, энди бунисиниям бузмоқчимисиз», деб кулди. Гапида жон бор. Эшитган бўлсангиз, Саъдулла Одил Ёқубовнинг олдига борган. «Яхшиликча ўз ихтиёрингиз билан истеъфо берсангиз, бердингиз, бўлмаса сўяман» деб белидаги пичоғини кўрсатиб пўписа қилган. Ҳатто ҳибсга ҳам олинган экан. Одил Ёқубовнинг ўзи бориб қутқарибди.

– Ия, ҳали шунақа денг? – деди Асқад Мухтор ҳайрон бўлиб. – Ёмон экан-ку у!.. Эркин ҳам биладими шу гапларни?
– Билмадим, – дедим. – Балки билмас.
– Бўлди, тушундим, – деб ўрнидан турди Асқад Мухтор. – Майли, омад сизга…

Назаримда, нимадир демоқчи бўлиб келди-ю, айтмай кетди. Ўзимча уни Саъдулла элчи қилиб юборган бўлса керак, деб тусмол қилдим. Яна ким билсин…

Нажмиддин Комиловнинг ҳазил башорати чин чиқди. Саъдулла Аҳмад билан Мирза Кенжабек мураккаб шатранж комбинатцияларини авжига миндирди. Раёсатдагиларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашиб менинг устимдан мағзава тўкди… Ўзимни таҳқирлашди, таҳдид қилишди. Мен сўзимдан қайтмадим. Оқибатда кўпчилик бўлиб ишдан кетишимга мажбур қилишди. Кетдим. Адабиётдан, адабиётчилардан кўнглим қолди. Ўша куни мана бу шеърни ёзиб ўзимни овутдим:

Полвон эдим, йиқилдим. Майдон қолди, чим қолди.
Фисқу фасод тошидан дабдала ичим қолди.

Таъна тийғин санчдилар. Макр дорин қурдилар.
Йўқ айбларни тақдилар. Беайб бир битим қолди.

Қалбимни яшиқ қилди туҳматларин қамчиси,
фитналарин дарраси бағримда сим-сим қолди.

Руҳимни мижидилар, жигаримни эздилар,
қалбимни ғажидилар – хароб сумбатим қолди.

Ёлғизлигим ёвузлар ёзуқ деб ёзғирдилар,
ичилмасдан умидим қадаҳи лим-лим қолди.

Гангиб чиқдим кўчага, совуқ, зулмат кечада.
Кетдим. Олис юлдузлар ёш тўкиб юм-юм, қолди.

Тала, шамол! Тала, куз! Тала, бўрон! Тала, қор!
Тала, мушук! Тала, ит! Таламаган ким қолди?!.

Қўй, ўкинма, Сулаймон, Бухорога назар сол:
Мўғул ўтди. Рус ўтди. Бари ўтди. Тим қолди…

1992, 9 октябрь

Шундан кейин жуда узоқ вақт ёзувчиман-шоирман деган зотни кўргим ҳам, унга кўрингим ҳам келмади. Орада божхонада ишладим. Адабиётдан кечмоқчи бўлдим. Лекин тақдир экан, кечолмадим. Қаламимни қўлдан қўймадим. Аммо бирор жойга бирор сатр нарса бермадим. Мен ана шундай «узлатга» чекиниб юрган вақтларимда Асқад Мухтор оғир касалга чалинибди, тилдан қолибди ва ниҳоят, бандаликни бажо келтирибди. Мен бехабар юраверибман. Агар Набижон Боқий «Асқад Мухтор замондошлари хотирасида» деган китоб қилаяпмиз, бирга ишлагансиз, хотираларингизни ёзиб беринг, деб келмаганида, мен уни ҳали ҳам ҳаёт деб юрардим. Набижонга «Хўп» дейишга дедим-у, лекин хотира ёзишга қўлим бормади. Унинг ҳаётдан кўз юмганига ишонгим келмади. Мен Асқад Мухтор жуда узоқ яшаса керак деган хаёлда эдим. Чунки зуваласи пишиқ, руҳан бардам, жисмонан соғлом, чиниққан одамга ўхшарди. Кўп яёв юрарди. Уйдан ишга, ишдан уйга пиёда бориб келарди. Боғида кетмон чопарди.

Бугун унинг сувратини ва сийратини эслашга уринаман. Юриш-туриши, гап-сўзлари, қарашлари, кулишлари кўз олдимдан ўтади.

Асқад Мухторнинг сўзи ўткир, залварли, фикри теран, салмоқли эди. Уни кўпчилик адабий савия ва бадиий диднинг юксак мезони (эталони) деб биларди ва шу боисдан бўлса керак, ҳамкасбларининг аксарияти унинг фикрини ҳурмат қиларди.

Асқад Мухтор нуктажўйлар учун нуктагўй бўлди.

Асқад Мухтор қадр-қимматини яхши билди, номига гард юқтирмади. Ҳаромдан, ҳасаддан ҳазар қилди. Тилагандан ҳимматини, сўрагандан нусратини аямади: ҳамиша юзи очиқ, кўнгли очиқ, қўли очиқ бўлди.

Асқад Мухтор тинч оқар дарё эди. Унинг долғаларини кўриш учун бу дарёга шўнғиш – унинг асарлари руҳига кириш керак.

Асқад Мухтор замонасозлик қилди – адашди, чин дилдан афсус чекди.

Асқад Мухтор хатога йўл қўйди – астойдил тавба қилди, узр сўради.
Ҳолбуки, отдан тушса ҳам, эгардан тушмайдиганлар қанча! Абдулла Орипов айтганидай:

Инсонга тобемас замон, инчунун,
Инсон юрагида аламлар қат-қат.
Фақат бир таскин бор, барчаси учун
Афсус чекабилсанг – шу ҳам бир давлат.

05.01 2014

Эссе муалллифи ҳақида

Сулаймон Раҳмон 1946 йилда туғилган. «Илдиз нима дейди?» (1973), «Хаёл» (1975), «Ҳилол» (1977), «Биллур қўнғироқлар» (1979), «Учинчи қиз» (1984), «Ойдин диёр» (1985), «Яйнаған ўлке» (1986, қорақалпоқ тилида), «Дарахтларни уйғотади шаббода» (1987) номли китоблари чоп этилган. Бир қатор шеърлари рус, испан, болгар, турк, туркман, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Москвада, Ашхабодда, Исфарада бўлиб ўтган адабий анжуманларда (семинарлар, фестивалларда) иштирок этиб, ўша даврнинг машҳур шоирлари Қайсин Қулиев ва Давид Қуғултинов назарига тушган.
Сулаймон Раҳмон таржимасида шеърият мухлислари А. Пушкин, Ҳ. Ҳайне, А.Блок, Ю. Марцинкявичюс, А.Вознесенский, Қ.Қулиев, Ў. Сулаймонов, Г. Эмин, А.Софронов, Н.Грибачев, Ю.Воронов, Т.Қобулов ва жуда кўплаб бошқа рус, Оврупо ҳамда Африка шоирлари ижодидан баҳраманд бўлдилар. У Ж.Байроннинг «Дон Жуан» шеърий рўмонини, П. Неруданинг «Муштарак қўшиқ» шеърий эпопеясини ва Ж.Румийнинг «Маънавий маснавий» асарининг биринчи дафтарини она тилимизга ўгирди.
Наср ишқибозлари япон адиби К.Абэнинг «Яшик одам», рус ёзувчиси В.Шукшиннинг «Хўроз уч қичқиргунча», туркман Ў. Эминовнинг «Шиддат», болалар ёзувчиси Э.Успенскийнинг «Фёдор амаки кучук ва мушук», «Кафолат одамчалари» каби рўмон ва қиссаларини унинг таржимасида ўқидилар.

a419e83ec0999a86ee3aca746f4e8a52.jpgSulaymon RAHMON
TINCH OQAR DARYO
Asqad Muxtor ijodi, suvrati va siyratiga chizgilar
0266

USMON AZIMNING «OQ SHARPA»SI

Sulaymon Rahmon 22.jpg She’r bilan nasr mening bo’ynimda. Ertadan kechgacha xatga ko’milib o’tiraman. Hikoya uncha emas-u, she’r degani laylak qorday yog’ilib turadi. Har birini erinmay o’qiyman, ichida yilt etgan cho’g’ bo’lsa, u yer-bu yeriga qalam urib, bosh muharrirga olib kiraman. Hozirda taniqli Qutlibeka Rahimboeva, Farog’at Kamolova, Abduvali Qutbiddin kabi shoirlarni dasta-dasta xatlar xirmoni ichidan topganim esimda.

Mudirim – Mahmud Sa’diy. Adabiyotshunoslikka, tanqidga mas’ul. Sa’dulla Ahmad san’atga javobgar.
Mahmud Sa’diy she’r ko’rmaydi. Taqrizlar, maqolalar, adabiy suhbatlarni ko’radi. Shunday bo’lsa-da, ba’zi shoirlar mudir bo’lgani uchun she’rini ko’pincha unga qoldiradi. Mahmud Sa’diy opchiqib menga beradi.
– Manavi dadarlarni o’zingiz o’qib, javobini o’zingiz beravering, — deydi.

Mahmud Sa’diy uncha-muncha shoirni pisand qilmaydi, lekin mualliflarga qattiq ham gapirmaydi, tanish, haddi siqqan shoirga ba’zi satrlarini hazil-huzul bilan biroz mayna qiladi, keyin kulib turib sekingina qo’liga tutqazadi. Qattiqqo’llikda men ham undan qolishmayman. Vaqtida Yusuf Shomansur, Sayyor, To’lqin kabi «katta» shoirlarning she’rlarini tap tortmay qo’liga qaytib berib, biroz ranjitib qo’yganman. Lekin yosh shoirlarni iloji boricha qo’llashga harakat qilaman.

Qo’lyozma she’rlarni «Printsipda ma’qullatib» olish uchun olib kirganimda, ba’zan Asqad Muxtor bilan qisqa-qisqa suhbatlashamiz. U mendan she’riyat bo’limi saviyasini ko’tarishni so’raydi. «Mayda-chuydalar bilan o’ralashmang, baquvvat, kuchli shoirlarni jalb eting» deb maslahat beradi.

Maslahatiga amal qilaman. Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Husniddin Sharipov, Rauf Parfi, Muhammad Ali, Halima Xudoyberdieva, Omon Matjon, Oydin Hojieva, Mashrab Boboev, Omon Muxtor, Ma’ruf Jalilga o’xshash yaxshi, nomdor shoirlarni jurnalga tortishga urinaman. Lekin yangicharoq nafas olib kirish uchun yangi nomlar izlashdan ham to’xtamayman.

Bir kuni mudirimning xonasidan qorachadan kelgan oliftagina bir yigit peshonasini tirishtirib, norozi qiyofada chiqadi. Qo’lida bir dasta qog’oz. Chiqa-chiqa allanima deb g’udranadi, so’kinadi chamasi. Kim bo’ldi bu? Qachon kirib ketgan ekan?
– Tinchlikmi? Nima bo’ldi? – deb o’rnimdan turaman, ensasi qotibroq qaraydi menga, istar-istamas:
— Yaqmapti akaga, – deydi.
– Nima yoqmabdi? Maqolangizmi? – deyman o’smoqchilab.
– Yo’g’-e! – deydi peshonasini battar tirishtirib. – Qanaqa maqala? Men maqala yazmayman. Dastanim yaqmapti.
– She’ru dostonni Mahmud aka ko’rmaydi-ku, men ko’raman, – deyman. – Xohlasangiz, tashlab keting. O’qib ko’ray…
Yigit «Mudiringga yoqmadi, sening qo’lingdan nima kelardi, baribir uning yuzidan o’tolmaysan-ku», deganday ishonqiramay, birpas serrayib turadi-da, qo’lidagi dasta qog’ozni stolimga tap etkazib tashlaydi.
– No’miringizni yozib keting, qo’ng’iroqlashamiz, – deyman.

Ko’z tashlayman: Usmon Azimov. «Oq sharpa». Eshitmagan ekanman bunaqa shoirni. Kattagina doston ekan. «Sharq yulduzi»ga olib bormaydimi? «Guliston»ga kattalik qilsa kerak-ov. Mayli, o’qib ko’ray-chi…
Xullas, doston menga «yaqadi». O’sha zahotiyoq Asqad Muxtorga olib kiraman. Uni qarangki, doston Asqad Muxtorgayam «yaqadi». O’zi azza-bazza ko’tarib chiqadi.

– Kim ekan bu yigit? Qaerda ishlar ekan? Ilgari hech qaerda chiqmagan shekilli? – deya surishtira ketadi.
– Tanimayman,– deyman. – Mahmud aka noma’qul topib, qaytib bergan ekan, qo’lidan olib, o’qib ko’rsam, yaxshi. Siz nima deysiz deb…
– Mahmudjon ham qiziq, – deydi Asqad Muxtor . – Talabni qattiq qo’ygani yaxshi. Ammo bo’ladigan bolani qo’llash ham kerak-da. Yaxshi qibsiz. Sal katta ekan-u, lekin bir nafasda o’qiladi, bo’lib yurmanglar, bitta sonda ketaqolsin.
Eshikdan chiqa-chiqa:
– Shunaqa yoshlarni ko’proq toping, – deb tayinlaydi.
Bu gapni men uning rahmati o’rnida tushunaman.
Xursand bo’lib Usmonga qo’ng’iroq qilaman: «Tezda o’zingiz to’g’ringizda ikki og’iz so’z yozib olib keling».

USMON TEMURNING O’G’LI

Mahmud Sa’diy bilan Aka Murod – ikki mudir ichkari xonada, biz Sa’dulla Ahmad bilan shundoq kiraverishda, go’yoki mudirlar qabulxonasida o’tiramiz. T shaklida joylashgan katta-kichik ikki stolning kattasida – to’rda Sa’dulla o’tiradi, kichigida, shundoq oyoq ostida – men.

Kirdi-chiqdi ko’p. Buning ustiga boshqa bo’limlarning ba’zi bekorchiroq xodimlari ham bizning xonaga kirib, chekib, gap sotib o’tirishni yaxshi ko’radi. Xususan, Anvar Eshon bilan Usmon Temur kunda-shunda…
Anvar Eshon qiziqchiroq, har xil qiziq gaplarni topib yuradi, ko’pincha G’afur G’ulom bilan Rasul Hamzatov nomidan o’zi to’qigan beparda o’rischa she’rni aytib hammani kuldiradi. Qattiq portlagan kulgi ochiq eshikdan dahlizga otilib chiqib, qo’shni tahririyatlardagilarni (Bir yonimizda «Saodat», bir yonimizda «G’uncha») ham bezovta qiladi.

Qahqaha qulog’iga yetsa kerak, ba’zan men tahrir qilgan hikoya yoki she’rni ko’tarib (balki shuni bahona qilibdir), bosh muharrir muovini Vahob Ro’zimatov kirib keladi. Hurmatiga o’rnimdan turaman. Burnining uchiga qo’ndirilgan ko’zoynak tepasidan chimirilib qarab, xonadagilarga bir-bir razm solib chiqadi-da:
– Okovsi, manavi so’zingizning joyini topolmayapman, – deydi menga. Qo’lidan qo’lyozmani olib, qaysi so’z qaerga qo’yilib o’qilishini ko’rsatuvchi chiziqni topib beraman. To’g’ri-da, men tahrir qilgan matn chaplanib ketadi. Tuzoqlar, sirtmoqlar rasmini solaman, kiritmalar qilaman, yangi so’zni goh o’chirilgan so’zning ustiga, goh ostiga yozaman, agar satrga sig’masa, hoshiyaga chiqarib, unga eltuvchi ko’rsatkich chiziqlar chizaman. Agar hoshiyaga ham sig’masa, o’girib, varaqning orqasiga yozaman. Naq chumoli izining o’zi bo’ladi. Bunday chalkash-chulkash labirintlardan uncha-muncha odamning o’tishi qiyin. Lekin Xolida bilan O’lmasga qoyilman: faqat ulargina oson «o’ta» oladi bu labirintdan. – O’ziyam rosa bejabsiz-da. Chaplanib ketibdi. Soavtorlik da’vo qilsangiz ham bo’ladi. Ammo-lekin yaxshi, bo’sh kelmang, okovsi, – deb tik turgan bekorchilarga ko’zoynak ustidan yana bir bor ko’z tashlaydi-da, eshikka yo’naladi. Chiqa-chiqa, to’xtaydi:
– Anvar, okovsi, anuv ocherk nima bo’ldi? – deydi o’girilib.

Anvar Eshon endigina chaqqan gugurtini shosha-pisha o’chirib, labiga qistirgan sigaretini shartta og’zidan oladi.
– Tayyor, domla, – deydi. – Mashinkaga berib qo’ydim. Hozir O’lmas ham, Xolida ham band ekan. Bo’pqolar.
– Bo’pqosin, okovsi. Usmon, sizning ishingiz-chi? – deydi endi u Usmon Temurga tikilib, oq oralagan qo’ng’irtob baroq qoshlarini keradi, chimiriladi, shu bilan go’yo bu ikki «takasaltangga» tanbeh beradi. Og’zi yumuq holda xuddi nimanidir chaynayotganday pastki jag’ini qimirlatadi, yasama tishlari g’ichirlaydi.
– Menikini Eminjon ko’ryapti, domla.
– Xudo quvvat bersin Eminjonga, siznikini ko’raverib ko’zi toliqib qolmasa bo’ldi, ishqilib, – deya yamlanib, dimog’ida ming’irlagancha xonasiga kirib ketadi.
Gapidagi, kosa tagidagi nimkosani payqab, ovoz chiqarmay piq-piq kulamiz…

Usmon Temur ko’pincha to’rt-besh yashar o’g’ilchasini (bolani boqchaga joylay olmayotgan emish) yetaklab keladi ishxonaga. O’g’ilchayam yerga ursang, ko’kka sapchiydigan xilidan.
G’ayir, qopag’on it bo’lsin deb kuchukvachchani atay g’ashiga tegib, tishlashga, qopishga o’rgatadiganlarni ko’rganman. Usmon Temurning ham ba’zi qiliqlari o’shalarga o’xshaydi: o’g’lini so’ktirib qo’yib, maza qiladi, yayraydi, shunday biyron farzandi borligidan faxrlanadi, qix-qix kuladi. Xullas, kunlarning birida yana bizning xonada odatdagi gurung bo’layotgan, gurungda Usmon Temur ham o’g’ilchasi bilan ishtirok etayotgan edi. Kutilmaganda eshikda Asqad Muxtor ko’rinadi. Qo’lida kattagina qo’lyozma.

Hurmatiga dik etib o’rnimdan turaman. Tisarilib yo’l berganlar orasidan o’tib to’g’ri mening oldimga keladi.
– Kelasi oyda Isaakyanning yuz yilligi bo’ladi, – deydi u qo’limga haligi qo’lyozmani tutqazayotib. – Shuni bir ko’rarsiz. – Keyin xonadagilarga o’giriladi, ko’zi Usmon Temurning o’g’ilchasiga tushadi. – Iya, bu yigitcha kim bo’ldi?
– Ayasi boqcha masalasida yuruvdi, qarovchi yo’qligidan… – deya chaynaladi Usmon Temur.

Asqad Muxtor mehr bilan bolaning boshini silaydi. Bola tortinmaydi, begonasiramaydi, otasining qo’lini ushlagancha indamay turadi.
– «Abul A’lo al-Maariy», – deb ovoz chiqarib o’qiyman men doston nomini.
– Bilsangiz kerak, – deydi Asqad Muxtor. – Bu odam arab olamining buyuk shoirlaridan bo’lgan. Uch yasharligida ko’zdan qolgan. Shunga qaramay, donishmandligi, iqtidori, shoirlik mahorati bilan Bag’dodnigina emas, butun arab olamini qoyil qoldirgan. «Luzumiyat» degan she’rlar kitobi juda mashhur, o’rta asr arab she’riyatining cho’qqisi, falsafiy qomus deb e’tirof etilgan. Dante «Ilohiy komediya»sini uning «Risolai maloika» degan traktatidan ilhomlanib yozgan. Uni qarangki, shunday buyuk shoir bechoralikda yashagan. Misr xalifasi uni saroyiga da’vat etgan, lekin bormagan. Yaxshi yashash, yaxshi yeb-ichish uchun oriyatini boy berib, xalqiga xiyonat qilib, adolatsiz hukmdorlar, zulm sultonlari, munofiq, yovuz podshohlar xizmatida bo’lishdan bosh tortgan. «Men ikki zindon mahbusiman, endi uchinchi zindonga boraymi?» degan. Ikki zindon deganda ko’rlik bilan yolg’izlikni nazarda tutgan. Qo’rqmagan. Xalifa saroyiniyam zindon degan-a! Tili achchiq bo’lgan.

Asqad Muxtor xuddi o’ziga o’zi gapirayotganday ko’zoynak ortidagi ko’zlarini derazadan tashqariga, bosmaxona hovlisi tepasidagi bir parcha osmonga qadagancha, bolakayning boshini silab turib xotirjam, xayolchan so’zlaydi.
– Isaakyan shu shoir to’g’risida zo’r doston yozgan. Qarang, shu dostonini yozganda u hali yigirmagayam to’lmagan ekan. Buyam armanlarning katta shoiri. Yigirma yoshida shu dostoni o’n bir tilga tarjima qilingan. Isaakyanning ham hayoti og’ir kechgan. Butun yoshligini Germaniya, Avstriya, Shveytsariya, Italiya, Frantsiyada, boshqa uzoq yurtlarda darbadarlikda o’tkazgan. Ko’p tilni bilgan. Ko’p kitob o’qigan. Bir dunyo kitob to’plagan ekan. Yerevanda, uy muzeyida bo’lganimda ko’rganman. Jahonning deyarli hamma tillaridagi kitoblar bor u yerda. «Al-Maariy»ni tarjima qilishni o’shanda ko’nglimga tugib qo’yuvdim, – deydi u xayol aralash bolakay boshini silashda davom etib. Bola ham tushunsa-tushunmasa uning gaplarini jimgina eshitgancha, hammamizga bir-bir qarab-qarab qo’yadi.

Bir mahal bola kutilmaganda yulqinib otasining qo’lidan chiqadi, bolaxonador qilib so’kinadi:
– He, enangni… – deydi, mushtchalari bilan Asqad Muxtorning tizzalariga ketma-ket urib ketadi.
Taxta bo’lib qolamiz. Na kularimizni bilamiz, na…

Asqad Muxtorning tili kalimaga aylanmaydi. Birpasda sholg’omday qip-qizarib ketadi. Usmon Temur o’lganni kunidan tirjayadi, o’g’liga dakki bergan bo’ladi:
– Hey, ahmoq!.. So’kinma… Urma… Hey!..
– Nega boshimga chertadi? – deydi bola.
Suhbatdan mutaassir bo’lib, payqamay qolibmiz shekilli, Asqad Muxtor gapini tugatayotib, xuddi so’nggi jumlasiga nuqta qo’yganday, bolaning o’zi silab turgan boshiga beixtiyor tirs etkazib chertib yuborgan ekan.
Asqad Muxtor lom-mim demaydi, yerga qaragancha, zippillab xonadan oshig’ich chiqib ketadi…

INTIZOMSIZ KITOBXO’RLAR

Ishga kelgan kunimdanoq sezaman: «Guliston»da muhit boshqacha. Avvalo shuki, hamma tahririyatlar soat to’qqizda ish boshlab, oltida tugatsa, bu yerda ish soat o’n birda boshlanib, beshda tugaydi. Shunda ham hamma vaqtida kelmaydi. Mahmud Sa’diy bilan Aka Murod ko’pincha tushdan keyin, ba’zan hamma ishdan qaytayotganda, peshinda keladi. Ikkovi ham kitob jinnisi. Asqad Muxtor aytmoqchi, «kitobxo’r». Qo’llarida bir xalta-bir xaltadan kitob bo’ladi. Kelgandan keyin ham xarid qilgan kitoblarini har biri o’z stolining ustiga yoyib qo’yib, yana bir-ikki soat kelgan-ketganga ko’z-ko’z qilib o’tiradi. Ishga vaqtida kelmaslikda Sa’dulla Ahmad ham ulardan o’rnak oladi…

Ba’zilarga bu «intizomsizlar» yoqmaydi. Lekin Asqad Muxtor fe’li keng odam, Mahmud Sa’diydan ham, Murod Xidirdan ham, hatto Sa’dulla Ahmaddan ham og’rinmaydi. Nari borsa, «Mahmudjon kelmadimi?», «Shayx hazratlari kelmadilarmi?», «Murodjon ko’rinmaydi» yoki «Bu kitobxo’rlar bugun ham yo’qmi?», deb qo’yadi. Asqad Muxtorning o’zi ham «kitobxo’r». Shuning uchun kitob o’qiydigan odamning yo’lini to’smaydi. U kitob o’qishni insonning eng yaxshi fazilati deb biladi. Ba’zan:
– Duch kelgan kitobni o’qiyvermanglar. Vaqtni qizg’aninglar. Tanlab o’qishni o’rganinglar, – deya nasihat qilgan bo’ladi. – O’qigandayam faol o’qish kerak. Qalam bilan chizib o’qish kerak. Men shunday qilaman. Yoshligimda o’qigan kitoblarni hozir qayta o’qisam, boshqacha huzur tuyaman. Tolstoy ham shunday qilar ekan. Goloxvastov degan bir do’stiga yozgan xatida «Pushkinni qachon qayta o’qigansiz?» deb so’raydi. «Agar do’stim bo’lsangiz, «Marhum Ivan Petrovich Belkin qissalarini» erinmay o’qib chiqing. Men yaqinda qayta o’qidim, rosa maza qildim» deb maslahat beradi. Shunaqa. Qayta o’qishda gap ko’p. Birinchi o’qiganda yashirinib qolgan narsalarni topasiz…

Anvar Eshon erkin muxbir. Ishxonada qoqilib o’tirishi shart emas. Shunga qaramay, vaqtining ko’pini tahririyatda o’tkazadi. «Kitobxo’rlar»ning ishga bunday munosabatini Asqad Muxtorday odamga hurmatsizlik deb biladi, o’zicha noliganday bo’ladi.
– O’lay agar, shu olgan kitoblarining birortasiniyam oxirigacha o’qimagan shular, – deya fol ochadi. – Nari borsa, annotatsiyasini o’qiydi.
– Undan u yog’ini o’qishga vaqtlariyam yetmaydi-da, – deb kuladi Asqad Muxtor. – Shuyam katta gap. Qaniydi, hamma yaxshi kitoblarni o’qib chiqish uchun odamning umri yetsa!..
– Odam ko’p kitob o’qigani bilan dono bo’lib qolmaydi-ku, Asqad aka, – deb donolik qiladi Anvar Eshon. – Masalan, Mahmud Sa’diyning bilimida sistema yo’q. Uzuq-yuluq. Cho’qilab o’qigan. Uning bilimi gadoyning to’rvasidagi nonga o’xshab bo’ltak-so’ltak. Mehmonning oldiga qo’yib bo’lmaydi, dasturxonbop emas…
Asqad Muxtor:
– Biz uni hamma ilmni suv qilib ichib yuborgan Shayx Sa’diy deb yursak, siz… bopladingiz-ku… – deydi-da, iljaygancha indamay xonasiga kirib ketadi…

HALIM MUALLIM

«Guliston»ga o’tganimdan beri Abdulla Oripov bilan ko’rishmagan edik. Bir kuni o’zi kirib keladi. Allaqaydan qo’limga tushib qolgan, maxfiy tarqatilgan uch-to’rt varaqli norasmiy bir narsani o’qib o’tirgan edim. Unda yozilishicha, Eron hududiga uch oyoqli noma’lum uchar jism tushgan. Qo’nishdan oldin oyoqlaridan allaqanday yashil suyuqlik chiqarib, qo’nadigan joyini zararsizlantirgan. Keyin undan badani kumushrang, peshonasida bittagina ko’zi bor odamsimon maxluq tushgan va hokazo…

– Manavini o’qing, – deb beraman unga. – Qiziq ekan.
Olib, tezgina ko’z yugurtirib chiqadi. To’rt buklab, cho’ntagiga soladi.
– Bafurja o’qish kerak ekan, siz o’qib bo’lgandirsiz? – deydi.
– Ha, olaqoling, – deyman.

Oradan bir muddat o’tgach, uning «Samoviy mehmon, besh donishmand va farrosh kampir qissasi» degan she’ri paydo bo’ladi. «Obbo shoiri zamon-ey, haligi maxfiy xabardan ilhomlanibdi-da», deb ko’nglimdan o’tkazaman.
O’sha paytlarda Abdulla Oripov Asqad Muxtorni uncha xushlamasdi. Sababi shuki, Asqad Muxtor oltmishinchi yillarning ikkinchi yarmida nomi hammaning og’zida bo’lgan, kattayu kichikning arzandasiga aylanib ulgurgan yosh shoirni qattiq tanqid qilib chiqqan. Abdulla Oripov bundan juda ranjigan.

Esimda, bir kuni kech mahal kimsasiz tramvayda (u Oqlonda, men Ko’kchada ijarada turardik), unga duch kelib qolaman. Kayf ustida: «Ertaga qo’shog’iz miltiq olaman, bir og’zidan Asqad Muxtorni, bir og’zidan – Hamid G’ulomni otaman», deb hasratidan chang chiqadi. Xullas, gapning tagiga yetsam, Asqad Muxtor uning «Jannat», «Laylak» degan she’rlarini «Komsomol`skaya pravda»da savalabdi, uydagi gapni ko’chaga olib chiqibdi, siyosiy ayb taqabdi, go’yo uni juvonmarg qilib yuborishni ko’zlabdi. Hamid G’ulom esa «Sharq yulduzi»da (u shu jurnalning bosh muharriri edi) chiqayotgan «O’ylarim», «Sozim», «Birinchi muhabbatim» va hokazo bir turkum she’rlarini to’xtatib qo’yibdi.

Men «Laylak»ni ham, «Jannat»ni ham o’qiganman. To’g’ri, har ikkovining ham tagida gapi bor. Biroq, vahima ko’tarmasa ham bo’laveradigan she’rlar. Chunki «gap» ancha mahorat bilan pardalangan. «Laylak»da Buxoroni beklar, amirlar, shayxlar, mang’it davlati, bulbullar, tovuslar tashlab ketdi, faqat laylak qoldi. Uning oyoqlari g’o’zaga, qanotlari paxtaga o’xshaydi, deyiladi. Bu fakt. Aslida ham shunday. Real voqelik. Hayotiy haqiqat. Chindan ham bu yerda laylakdan boshqasining o’tmishga aylangani rost. Shu bois, aytaylik, niyati pok tanqidchi «Qarang, laylak o’z vatanini naqadar sevadi» deb, uni sadoqat va vafo ramzi sifatida talqin qilsa ham, sobit vatanparvar insonlar timsoli deb ulug’lasa ham bo’laveradi. Lekin haqiqatan shoir ko’zda tutgan asl g’oyaviy maqsad bo’lak. Uni faqat she’r tilini tushungan odamgina ilg’aydi. She’rni yaxlit istiora sifatida anglamagan, Abdulla Qahhor aytmoqchi, har bir harfning etagini ko’tarib qaramagan, yashirin ma’nolar izlamagan kishi uni shunchaki Buxoro sayohatidan olingan bir taassurot deb qabul qilishi ham mumkin. Bordiyu u mabodo istiora tilidan, timsollar tilidan o’girilsa, ta’vil qilinsa, mohiyatiga kirib talqin etilsa, albatta undan «Sovet davrida Buxoro, ya’nikim o’zbek xalqi o’z milliy davlatchiligidan («beklar, amirlar», «mang’it davlati»), dinidan («islom, shayxlar, kabirlar»), san’atu madaniyatidan («bulbullar, «tovuslar») judo bo’ldi, uning zimmasida faqat g’o’za va paxta («oyoqlari g’o’zaga, qanotlari paxtaga o’xshagan laylak») mashaqqati qoldi», demakki, «O’zbekiston paxta xomashyosi yetishtirib beruvchi mustamlaka mamlakatga aylandi» degan fikr uqilishi tayin. Va bu ham mohiyatan to’g’ri fikr. Lekin davr siyosati taqazosi bilan aytish man etilgan fikr.

«Jannat»da ham tagma’no bor. Unda ukasiga ertak aytgan lirik qahramon jannatni maqtab qo’yib, baloga qoladi. Bola o’sha jannatni topib ber, deb turib oladi. Aka uni boqchaga olib borib, jannat mana shu, deb ko’rsatadi, aldaydi. Bola ishonadi. Shoir:

Lekin kattalarga so’ylamang ertak,
Ulardan qutulish qiyin bo’ladi, –

deya o’z xulosasini aytadi.
Ko’rinib turibdi, garchand kosa tagidagi nimkosada «Kelajagimiz buyuk, kommunizmda yashaymiz, hayotimizni jannatga aylantiramiz» kabi yolg’on, po’rsildoq va’dalar bilan xalqni aldamaylik» degan haqiqat yotgan bo’lsa-da, buni ham aytishni zamon ko’tarmaydi.

Asqad Muxtor zakiy, she’r tilini yaxshi tushunadi. Bu she’rlar zamiridagi haqiqiy ichki ma’nolarni teran va to’g’ri ilg’aydi. Shoirning asl g’oyaviy maqsadini, uning zamon ko’tarmaydigan fikrlarini yaxshi anglaydi. Bunday fikrlar davrning eng og’riqli haqiqatlari ekanligini ham biladi. Lekin hazm qilolmaydi, yashirish na hojat, kommunistik vijdoni bunga yo’l qo’ymaydi. Buni g’oyaviy xato, tuzumga xiyonat, deb biladi va darhol «orientatsiyasini yo’qotgan» shoirni, Said Ahmadning «Kelinlar qo’zg’oloni»dagi Sottiga o’xshab, «oyijonisiga» sotadi, «siyosiy hushyorlik» qiladi, go’yo shoirni «adashishlardan» asrab qolmoqchi bo’ladi.

«Abdullaning yaqinda qattiq tanqid qilingan (ya’ni, o’zi tanqid qilgan – S.R.) 2-3 she’ri mana shunday g’oyaviy, hayotiy orientatsiyasini yo’qotish paytlarida yozilgan bo’lsa kerak. «Laylak», «Jannat» kabi she’rlar haqiqatan ham g’oyaviy xato she’rlar, jamoatchilik buni to’g’ri baholadi… — deb yozadi Asqad Muxtor sal keyinroq «Zamondoshimiz» maqolasida yana shu gapga qaytib. – Men Abdulladan so’radim: masalan, «Laylak»ni nega, qanday qilib, nimalarni o’ylab yozdingiz, shu xato fikr haqiqatan ham chin ko’nglingizdan chiqqanmi? – dedim.

Abdullaning aytishicha, yurtimiz haqida bunday yomon fikr uning xayoliga ham kelmagan. U juda yaxshi fikr aytmoqchi bo’lgan ekan. Ya’ni, paxta – laylak assotsiatsiyalarida mehnat obrazini bermoqchi bo’lgan, saroy, shoh, bulbul detallari bilan tekinxo’r aysh-ishrat dunyosini shiddatli mehnatimizga qarama-qarshi qo’ymoqchi bo’lgan. Men Abdullaga ishonaman. Lekin afsuski, she’rda bu niyat chiqmagan va she’r bizning zararimizga ishlaydi».
Maqolada u nafaqat Abdulla Oripovning, boshqa yoshlarning ham ijodini siyosiy elakdan o’tkazadi. Va shunday xulosaga keladi: «…yoshlar har narsadan qiyiq topishga, har narsani fosh qilishga, «eski tartib»larni inkor etishga intilishadi, hozirgi og’ir, salmoqli, sobir siyosatimizni tushunib yetishmaydi. Shuning uchun yoshlar orasida tirnoq orasidan kir qidiruvchilar chiqib qolayapti… Masalan, Muhammad Ali «Qo’msash» she’rida ijodining «bolaligi»ni qo’msab bunday deydi:

Bilganingni qilgansan, she’rim,
Ushlamagan qo’lingdan birov.
Na soxtalik, na do’stu na yov…
Bilganingni qilgansan, she’rim.

Asar shu bilan tugaydi. Shama aniq. Muhammad Ali hozir ijodimiz uncha erkin emas, bizning yoshligimizdagidek emas, demoqchi, ijodining bolaligini qo’msayapti. Men aminmanki, bu – xato».

1950 yili, «xalqlar otasi» Stalinning ijodkorlarga, ziyolilarga nisbatan qatag’oni yangitdan avj olgan bir paytda qamoqda ochlik e’lon qilgan Nozim Hikmatga bag’ishlab yozgan she’rida «Inson g’azabidan titrang, johillar! Turmalar, zanjirlar davrin nafratlab, Bosib, yanchib o’tgan insonning endi Ko’z oldida ko’m-ko’k, yorqin sohillar! Burgutparvoz shoir yozsin qanotin, Ko’kragiga tegsin bahor nafasi. Shoirga erk! Ijodga erk! So’zga erk!» deya hayqirgan yosh Asqad Muxtorning o’zi nega endi bugungi yoshlardan siyosiy xato izlab qolganiga tushunolmayman.

Tasavvur qiling, o’shanda o’ziga o’xshagan birorta «siyosiy hushyor» chiqib, bu hayqiriqni boshqacha sharhlaganida, «Axir bu «Qizim, senga aytaman, kelinim, sen, eshit» qabilidagi hayqiriq-ku, Nozim Hikmat bahonasida «Turmalar, zanjirlar davri»da qamalgan o’zimizning Qodiriy, Cho’lpon, Fitrat, Usmon Nosir va boshqalar nazarda tutilyapti, bizda shoir, ijod, so’z erkin emas» degan ma’no chiqyapti», deya tirnoq ostidan kir qidirganida Asqad Muxtorning holi nima kechgan bo’lardi?..

Yaxshiyam, bu maqola yozilgan yillari qatag’onning zamharir qorlari erib, ko’klam shabadasi hur-hur esayotgan edi. Aks holda, bunday «xato»larga yo’l qo’ygan Abdulla Oripov, Muhammad Aliga o’xshaganlar qodiriylar, cho’lponlar qismatiga giriftor bo’lishi hech gap emasdi.
Menimcha, zamirida hayot haqiqati yotgan asarni tekshirib, «Tirnoq ostidan kir qidiradi» deyishning o’zi tirnoq ostidan kir qidirishdir, undan siyosiy-g’oyaviy xato izlashning o’zi xatodir. Axir shu tariqa g’arazli usulda xato izlash vaqtiyu zamonida qanchadan-qancha ulug’larimiz boshini yemadi deysiz.

Shundan so’ng, gapning ochig’i, Asqad Muxtordan sal hayiqibroq qolganman. Men ham ruhan erktalab edim-da. O’zimcha murakkab ramzlar, timsollar, majozlar zamirida zimdan erkinlik, mustaqillik, adolat talab qilar edim. O’shanda u nimani o’ylab bunday qilgan, bilmayman.

Mana, oradan ancha vaqt o’tdi. Hozir uning qo’lida ishlayman. Ijodini-ku uncha-muncha bilaman. Ammo o’zini… hamon o’rganaman. Muomalasini, madaniyatini, odamgarchiligini ko’rib kundan-kun mehrim orta boradi. Uni yaxshiroq taniganim sari u to’g’risida ilgari eshitgan gap-so’zlarga ishongim kelmaydi. Men tayyorlab, tavsiya qilgan «sirli gapi», dardi, kosa tagida nimkosasi bor she’rlarga indamay qo’l qo’yib beradi. Hayron qolaman. Uncha-muncha g’amgin, mungli she’rlarni, hikoyalarni ham o’tkazaveradi. Qoyil qolaman. Chunki o’sha yillari «Guliston»da dunyo yuzini ko’rgan ko’pgina she’riy va nasriy asarlar boshqa gazeta-jurnallarda chop etilishi amri mahol edi. Shuning uchun Asqad Muxtor boshqa muharrirlarga qaraganda jur’atli, dadil ko’rinadi menga. Masalan, o’zimning zamonga tegib ketadigan ancha-muncha gaplari bo’lgan «Qanotlar» dostonimni indamay chop etganida ich-ichimdan minnatdor bo’lganman.

Boshliq sifatida ham men ko’rgan boshliqlarga o’xshamaydi, biror xodimda gapi yoki ishi bo’lsa, uni xonasiga chaqirmay, oldiga o’zi chiqadi. O’ziga teng ko’rib gaplashadi. «Uni qil, buni qil» deb buyruq bermaydi. Xuddi shunchaki gap orasida aytganday, shunday-shunday qilinsa yaxshi bo’lardi, bir o’ylab ko’ring, deydi. Yoki niyatini sizga maslahat solgan bo’lib aytadi: «Shunday qilsak, nima deysiz?» Axir u boshliq-ku, biror ishni buyursa ham bajaramiz-ku, yo’q, u buyurmaydi, iltimos qiladi. Esimda, bir kuni meni dahlizda uchratib, daf’atan:
– Siz proza ham yozasizmi? – deb so’rab qoldi.
– Yo’q, – dedim.
– Lekin prozaniyam tahrir qilaverasiz, – dedi.
– Ha, – dedim.

Birpas o’ylanib turgach:
– Erkin she’r ham yozadimi, bilmaysizmi? – dedi.
– Yozmasa kerak, yana bilmadim, – dedim.
– Nima deysiz, uni adabiyot bo’limiga o’tkazsak, she’rni eplarmikin? Ahmad ketyapti, – dedi.
– She’rni yaxshi-yomonga ajratish uchun shoir bo’lish shart bo’lmasa kerak, – dedim.
– Erkin allaqaysi rayonda pichan o’rimida ekan, – dedi-da, istihola qilganday biroz jim qoldi. – Hayronman, o’zi uch-to’rtta odamimiz bo’lsa, shu pichan-michaniga katta kollektivlardan olsa bo’lmas ekanmi odamni. Erkinni topish kerak. Qaytarib olib kelish kerak. Iltimos, shu ishni siz qilmaysizmi?
– Mayli, – dedim. – Lekin uni qo’yvorisharmikin?
– Siz manzilini bilib, yo’lga chiqavering, bu yog’ini o’zim gaplashaman, – dedi.

Xullas, Asqad Muxtorning iltimosi bilan yo’lga chiqdim. Qaysi tumanligi hozir aniq esimda yo’q. O’ziyam bir tupkanning tagida ekan. Zo’rg’a topib bordim. Borsam, Erkin A’zamov Mash’al Hakimov va yana turli tahririyatlarning men taniydigan-tanimaydigan xodimlari bilan bir davra bo’lib, yallo qilib pichan o’rib yuribdi. «Sizni olib ketgani keldim» desam, «Qandoq bo’larkin?», deydi. Ketgisi yo’q. «Asqad Muxtorning buyrug’i bu» dedim…

Gapning ochig’i, Asqad Muxtordaqa boshliqlar kam bo’ladi. Muomala madaniyatida tengsiz. Fe’li halim, halimligi bilan yaxshi muallim, desa arziydigan inson…

Ish yuzasidan u bilan ko’p marta yakkama-yakka, baqamti gaplashganman. Ko’zoynak ortidagi katta-katta aqlli, ko’kimtir ko’zlari muloyim, ayni paytda sinovchan, sinchkov boqadi. Xuddi ichingdagini bilib olmoqchiday. Nigohi ravshan, ichki nurga, mulohazaga, xayolga to’la. Do’rdoqqa moyil lablarida ko’pincha nim kulgi balqib turadi, tabassumi ham fe’liga o’xshab og’ir-bosiq. Kulsa, ovozini baralla qo’yib, qahqah otmaydi. Ko’pincha tovush chiqarmasdan miyig’ida iljayib qo’yadi, ba’zan nimadir nash’a qilsa yoki nimadandir o’ta xursand bo’lib ketsa, tabassumi butun yuziga yoyiladi. Yuz-ko’zlari yashnab ketadi.

Katta-kichikka muomalasi bir xil: bu keksa, bu yosh demaydi; asarni muallifning mavqeiga qarab emas, saviyasiga qarab chop etadi: bu amaldor, bu talaba demaydi.
Yurish-turishining o’zi bir dars: madaniyatli, odobli. Oddiy, bejirim, yarashiqli, yoshiga munosib kiyinadi. Oshda, to’yda, davralarda sipo. Taomni shoshilmasdan, nazokat bilan tanovul qiladi, choyni kam-kam ho’plab, huzur qilib ichadi. Suhbati shirin. Bo’lar-bo’lmas o’git bermaydi. Lekin aytgan gaplari, hikoyatlari, rivoyatlari har qanday o’gitdan o’tkir, a’lo, ibratli bo’ladi. Yuqori idoralar, amaldorlar oldida o’zini sovuqqon, xotirjam, mardona tutadi. Nafaqat adabiyot, san’at, she’riyat, umuman, ilm-fan bilimdoni. Tarixdan ham, matematika bilan fizikadan ham bemalol bahslashaveradi. Erudit.

Ishiga, kasbiga, hamkasblariga hurmati ziyoda. Zimmasidagi mas’uliyatni chuqur his etadi. Bosh muharrir, qolaversa, mashhur shoir va adib bo’la turib, bir oddiy xodimday ishlashdan, eng mayda xabargacha nazardan o’tkazib, tahrir qilishdan, vaqti-vaqti bilan o’zi ham shunday mayda xabarlar, lavhalar, luqmalar, hajviy she’rlar yozib turishdan, shunday narsalarni tarjima qilishdan orlanmaydi.

Asqad Muxtorning taxallusi borligini ko’pchilik bilmasa kerak. Odatda u tishli-tirnoqli, hajviyroq mayda-chuyda narsalariga «M. Baxtiyorov» deb imzo chekadi. «Guliston»ning yillik kitoblarini varaqlab ko’ring, «Na’matak» rukni ostida M. Baxtiyorov imzosi bilan chiqqan juda ko’p qiziq narsalarga duch kelasiz. Ular Asqad Muxtorga tegishli. Mabodo xudo yorlaqab uning mukammal asarlar to’plami (akademnashr) chop etiladigan bo’lsa, M. Baxtiyorov taxallusi bilan yozgan hajviyoti ham to’plovchi-tadqiqotchilar nazaridan chetda qolmasligi kerak, deb o’ylayman.

Ishchanligiga, mehnatsevarligiga havas qilsa arziydi. Yozib-chizishdan, tahrir qilishdan, o’qib-o’rganishdan erinmaydi. Xuddi faqat ish uchun, mehnat uchun tug’ilganday muk tushib, bosh ko’tarmay ishlaydi. Hamma qatori tushlikka chiqqanini ko’rmaganman. Pulini qizg’anish-qizg’anmasligini bilmayman. Lekin birovdan yaxshi maslahatini, mehnatini, mehrini qizg’anmaydi. Ammo bo’lar-bo’lmas majlislardan, bo’lar-bo’lmas safarlardan, xar xil mehmondorchiliklaru ziyofatlardan vaqtini qizg’anadi. Juda qizg’anadi. Vaqt, nazarimda, Asqad Muxtor uchun bahosi yo’q boylik. O’rni kelib qolsa, vaqtning qadriga yetishdan bizga ham saboq berib qo’yadi.

1979 yili Yosh yozuvchilarning Butunittifoq Moskva kengashida qatnashganimdan so’ng nazarga tushdim shekilli, nomimga goh Butunittifoq komsomoli Markaziy Qo’mitasidan, goh Ittifoq yozuvchilari uyushmasidan u yoq-bu yoqqa taklif qiluvchi telegrammalar, xatlar keladigan bo’lib qoldi. Bo’lar-bo’lmas sayohatlarga o’zimning ham uncha hushim yo’q. Lekin Ittifoq yozuvchilar uyushmasi kotibi Oleg Shestinskiy xat yozib, telegramma jo’natib, hatto telefon qilib, bir oylik BAM sayohatiga qatnashmasang bo’lmaydi, «O’zbekistondan faqat seni taklif etyapmiz», deb turib oldi. O’zimizning Komsomol markazqo’miga ham tayinlangan chog’i, ustiga ustak bular ham qistalang qiladi. Oxiri telegrammayu xatlarni ko’tarib Asqad Muxtorga kirdim.

– Men qarshi emasman, ko’nglingiz chopsa, mayli, boravering. Bor-yo’g’i sayohat ekan. Nima, temir yo’l qurilishini ko’rmaganmisiz? Yana bir oy-a! Zerikib ketasiz-ku. Bekorga vaqtingiz ketgani qoladi, biror foyda chiqishiga ko’zim yetmaydi. Agar o’ynab kelaman, vaqtimga achinmayman, desangiz, yana o’zingiz bilasiz, – dedi.

Gapi jo’yali ko’rindi. Rostdan ham bir oy temir yo’lda yurish osonmi? Dabdalam chiqib ketadi-ku! Umrimning bir oyini rel`slarni, shpallarni, kesilgan o’rmonlarni ko’rishga sarflaymanmi? E, yo’q, undan ko’ra she’rimni yozaman, dedim. Bormadim.

Har qanday jamoada ish yuzasidan yaxshi-yomon, achchiq-tiziq gap-so’zlar bo’lib o’tishi bor gap. Ammo Asqad Muxtor birorta xodimni tikka turg’izib qo’yib urishganini, dashnom berganini eslay olmayman. O’zim ham hech qachon undan dakki yo tanbeh eshitmaganman. U har doim o’ta xotirjam, bosiq bo’ladi, eng tarang vaziyatda ham jizzakilik qilmaydi, ovozini ko’tarmaydi, baqirib-chaqirmaydi, fikrini, maqsadini yotig’i bilan osoyishta tushuntiradi. Juda jahli chiqib ketsa yuzi qizaradi, xolos. Bizni xuddi o’z farzandiday ko’radi. Go’yo farzandlarining hammasini bir ko’zda ko’radigan, ich-ichidan teng suyadigan mehribon, lekin hadeganda mehrini oshkor qilavermaydigan, ular bilan jiddiy, ammo do’stona munosabatda bo’ladigan ota qabilida tutadi o’zini.
Asqad Muxtor bo’lgan davrada mayda gap-so’zlarga, g’iybatlarga o’rin yo’q. Gap hamisha yo adabiyot, yo hayot, yo ilm-fanga oid biror yangilik, yo biror ulug’ yozuvchining ibratli fe’l-atvori, ijodi to’g’risida boradi. Goh ulug’lardan hikoyatlar aytadi, ularning zo’r, muhim gaplaridan ibratli xulosa chiqaradi, yo’l-yo’lakay bizga ham o’git bergan bo’ladi: «Maydalashmanglar, mayda gapni yozmanglar» deb qistirib o’tadi. O’zi esa, nazarimda, har doim allaqanday katta tuyg’ular, buyuk fikrlar bilan yashaydi. Inson qadrini, odamlarni, el-yurtni, hayotni, o’limni, baxtni, taqdirni o’ylaydi, umrni zoe o’tkazmaslikka, o’zidan nimadir qoldirishga tirishadi. Buyuklardan iqtibos qiladi. Ko’pincha Tolstoydan gap ochadi. G’afur G’ulomning qiziq-qiziq gap-so’zlarini eslaydi.

«Chinor»dagi Lev Tolstoy bilan Abdulahad qori hikoyatini hamma biladi. Hur fikrli o’zbek bilan o’risning ulug’ adibi o’zining Yasnaya Polyanasida uchrashadi. Bu tarixiy fakt deb eshitganmiz. Ko’pchiligimizni shu qiziqtiradi. Gap Tolstoyga taqaldi deguncha, shuni so’raymiz.
– Asqad aka, Abdulahad qori asli bor odammi?
– Bor odam, lekin nomini o’zgartirganman, – deydi u. – Tolstoy kundaliklarini o’qiganimda, mulla Abdulvohid qori haqidagi bor-yo’g’i bir jumla gapga ko’zim tushgan. Bu odam kim ekan, deb qiziqib qoldim. Bilsam, u toshkentlik, Duma a’zosi bo’lgan o’zbek ekan. Podshoga arznoma yozib, ikki narsani taklif qilgan. Biri – mol-dunyosi ham, o’zi ham haddidan oshib-toshib ketgan boylar ortiqcha mol-dunyosini muhtojlar bilan baham ko’rsa yaxshi bo’lardi, degan taklif. Ikkinchisi – mahalliy aholining yerlarini tortib olishga buyruq bergan Stolipinni tiyib qo’yish taklifi. Podshoning «adolatini» qarang, shu ikki qaltis taklif uchun Tula gubernyasiga badarg’a qilgan boyaqishni. Qarindoshlari haliyam bor.
– Abdulvohid qori Oltoy degan shoirning otasi deb eshitamiz, shu rostmi? – deya ijikilaymiz.
– Rost, – deydi Asqad Muxtor. – Aytdim-ku, qarindoshlari haliyam tirik. Bilasizlar, Oltoy – taxallusi, shoirning asl ismi sharifi Bosit Qoriev. Otasi Abdulvohid Abduraufov Turkistonning ilg’or fikrli kishilaridan bo’lgan. Arab, fors, rus tillarini suv qilib ichgan. Qur’onni yod bilgan. Hamma uni Qori aka degan. Badarg’ada yurganida Tolstoy ijodi bilan ham tanishadi. Buyuk yozuvchi bilan esa o’rmonda sayr qilib yurib, tasodifan uchrashib qoladi.

Tolstoy yoshligidan Sharqqa juda qiziqqan. Buddani, Krishnani bilgan, Islom aqidalaridan xabari bo’lgan. Konfutsiyni, Gandini o’qigan. Talabaligida hatto Bahovuddin Naqshband ta’limotini ham o’rgangan ekan. «Esdaliklar»ida eslashicha, hali bola chog’larida akasi unga qanday qilsa odamlar baxtsizlikdan qutulishi va xuddi chumolilarday inoq og’a-ini bo’lib yashashi mumkinligining shartlari yozilgan sirli yashil tayoqchani bir joyga ko’mib qo’yganini aytadi. Tolstoy o’sha yashil tayoqchani umr bo’yi unutmaydi, izlaydi. Bora-bora bu uning idealiga aylanadi, ulg’ayganida «tolstoycha» ta’limotning yuzaga kelishiga shu turtki bo’ladi. U odamlar ko’ngliga mehr-muhabbat solish bilan ularni baxtsizlikdan qutqarish mumkin, degan fikrga qattiq ishonadi. «Tolstoycha ta’limot»ning asosida xuddi shu g’oya yotadi…

Ana shunday suhbatlar, uzuq-yuluq muloqotlar, xullas, keyingi taassurotlarim Asqad Muxtor to’g’risidagi avvalgi tasavvurimni mutlaqo o’zgartirib yuboradi…

QOSH QO’YAMAN DEB

Men uchun Abdulla Oripov ham, Asqad Muxtor ham birday qadrli. Ikkoviniyam qattiq hurmat qilaman. Xullas, o’sha noxush xotiralarni har ikkovining ham yodidan o’chirib tashlash, ikki ulkan sa’atkorning o’zaro munosabatlarini iliqlashtirish niyatida Abdulla Oripovdan she’r so’rayman. Zora shu bilan o’rtadagi gina-kudurat ko’tarilsa.
– Yangi she’rlaringizdan bering bizga, – deyman.
– Hozir yonimda bittagina she’r bor, – deydi u. – Xohlasangiz shuni olib qoling. Eng yangisi shu.
Uchta kichik-kichik qismdan iborat «Tafakkur monologi» degan she’r ekan. Mayli, boriga shukr. Xursand bo’lib, o’sha kuniyoq bosh muharrirga olib kiraman.

Ko’p kuttirmay, she’rni Asqad Muxtorning o’zi olib chiqadi. Indamay, qo’limga tutqazadi. Qarasam, anchagina chaplangan. Jumladan, uning «Sizning qutqu bilan zarra ishim yo’q» satridagi «qutqu» o’rniga «tahdid» yozilgan, «Buyukman baridan ming-minglab karra»dagi «ming-minglab» so’zi «millionlab» qilingan, «Tegramda charx ursin mayli zamon, vaqt, Men-chi, o’z-o’zimga mas’ulman faqat» bayti «Tinmay atrofimda charx urar zamon, Men-chi, o’z-o’zimga mas’ulman hamon» deb o’zgartirilgan, «Chayqalgan suvlardir, rangsiz va nursiz»dagi «nursiz» so’zi «tussiz» bilan almashtirilgan. «Meni qachonlardir yaratgan zotdan Qarzdorman, ya’nikim, odamizoddan» bayti o’rniga «Meni yaratgan ham ulg’aytgan zotdan Qarzdorman, Insondan qarzdorman, rostdan!» bayti paydo bo’lgan. «U goh buyuk erur, goh zabun, barbod»dagi «zabun» o’chirilib, ustiga «erur» yozilgan. Eng so’nggi «Seni eplolmadim, juvonmarg odam» satri «Seni bilolmadim faqat, ey, odam» deb tahrir qilingan.

Buyog’i qandoq bo’ldi? Asqad Muxtor hatto havaskorning she’rini ham bunchalik qattiq tahrir qilmas edi-ku? Muallifga nima deyman? She’r nozik narsa. Birgina nojo’ya so’z ham uni buzib qo’yadi. Abdulla Oripov she’ri odatda tahrirga muhtoj bo’lmaydi. Boz ustiga u tahrir qilishlarini yoqtirmaydi. Chunki u so’zni ming chig’iriqdan o’tkazib, har jihatini o’ylab ishlatishini bilaman.

Xullas, boshim qotadi. Ish pachava. Muallif matnini tiklasam, bosh muharrirga bepisandlik qilgan bo’laman. Bosh muharrir tahririni qoldirsam, muallifni ranjitaman. Oralaridagi gina-kudurat battar gazaklab ketishi mumkin.
Endi nima qilaman? Qosh qo’yaman deb, ko’z chiqarib qo’ydim shekilli?

Xullas, she’r bosh muharrir tahririda chiqib ketadi. Abdulla Oripov mendan xafa bo’ladi. «Endi «Guliston»ingizga hech narsa bermayman», deydi, arazlaydi. Salkam to’rt yil jurnalga she’r bermaydi. Ba’zi-ba’zida ko’rishib, gaplashib turamiz. Ammo she’rdan og’iz ochsam, tumshayadi. Xullas, «ajoyib kunlarning birida» uni eritaman. «Ibn Sino tavalludining ming yilligi munosabati bilan biror narsa yozib bering, kattaroq narsa bo’lsa ham, mayli», deyman.

– O’zim ham shuni o’ylab yuribman, bir doston yozmoqchiman, – deydi.
– Qo’lni tashlang, o’sha doston bizniki bo’ladi. Xaridori bizmiz, – deyman. Qo’l olishamiz.
Kelishuvimizdan bosh muharrir Asqad Muxtorni xabardor qilaman.
– Juda yaxshi o’ylabsiz. Abdullajon anchadan beri qatnashmayotgan edi bizda, – deydi u xursand bo’lib. — Uning chiqishi jurnalimiz obro’siga obro’ qo’shadi. Buyog’ini bo’shashtirmay, tez-tez eslatib turing. Ibn Sinoga bag’ishlangan son rejasiga kiritib qo’ying dostonini.

Shunday qilaman. Vaqti-vaqti bilan surishtirib turaman: doston bitib qoldimi, qachon olamiz, deyman. «Bo’pqoldi, bo’ladi», degan javob keladi u tomondan.
Kelishilgan muddat ham tugaydi. Lekin dostondan darak yo’q. Telefon qilaman, javob mujmal bo’ladi: «Bir kishiga o’qishga beruvdim, o’qib bo’lsin, keyin…»
Vaqt kutib turmaydi. Jurnalning Ibn Sinoga bag’ishlangan maxsus soni bosmaxonaga tushib ketadi. Doston uchun ajratilgan joyga boshqa narsa qo’yiladi.

Bir kuni yangi kelgan gazeta-jurnallarni varaqlab o’tirsam, ne ko’z bilan ko’rayki, «Hakim va ajal» «Sovet O’zbekistoni»ning (hozirgi «O’zbekiston ovozi») bir betini to’ldirib chiqib turibdi. «Ie, bu nimasi, bizga va’da berib, bizni ishontirib, gazetaga berib yuborgan ekan-da ulug’ shoir!», deb hayron bo’laman.

Darrov qo’ng’iroq qilaman.
– Kechirasiz, shunaqa bo’lib qoldi. Dostonni shaxsan Sharof akaning o’zlari o’qidilar, – degan javob eshitaman go’shakdan. – «Sovet O’zbekistoni»ga qo’ng’iroq qilibdilar, «Zudlik bilan ertangi songa beringlar», debdilar. Men bir narsa deyolmadim… uzr.

Bu gapdan keyin men ham bir narsa deyolmayman. Eshitganimni Asqad Muxtorga aytaman. U ham avvaliga hech nima demaydi, ko’zoynagi ortidan ko’zimga qarab turadi. Ancha qarab turadi. Keyin ko’zoynagini olib, o’qib turgan qo’lyozmasi ustiga qo’yadi, toliqqan ko’zlarini uqalaydi. O’zini sal orqaga tashlab, qulochini keng yoyadi-da, ikkala qo’lini kattakon eski stoli ustiga qo’yib, barmoqlarini xuddi pianino chalayotganday ohista o’ynata boshlaydi. Birpas lablarini bilinar-bilinmas cho’chchaytirib, o’ylanib qoladi. Kutilmaganda chehrasiga ma’yus kulgi yoyiladi, keyin mardona, olijanob ovozda:
– Mayli, birovlar lafzidan qaytsa-qaytaversin, biz qaytmaylik, – deydi. – Gazetadan olib, kelasi songa bervoringlar.

Eshikka yaqinlashganimda:
– Lekin gazetadan ko’chirib bosildi, demanglar. Qalam haqiyam to’langlar, – deb qo’shib qo’yadi…

BEAYB — PARVARDIGOR

Asqad Muxtor bilan besh yildan ortiqroq birga ishladim. Kuzatdim. O’rgandim. Qoyil qolgan joylarim ko’p, lekin hayron qolgan joylarim ham bo’ldi.
Asqad Muxtor boshdan-oyoq sipo – hech kimni o’ziga juda ham yaqinlashtirib yubormaydi; o’zi ham hech kim bilan juda apoq-chapoq bo’lib ketmaydi. O’rischa aytganda, masofa saqlaydi.

Hammaning Asqad Muxtor bilan do’st bo’lgisi keladi, lekin Asqad Muxtor hamma bilan ham do’st tutinavermaydi.
Asqad Muxtorni hamma ham do’st deb bilavermaydi, lekin Asqad Muxtor hammani do’st deb bilgisi keladi.
Asqad Muxtorni quchoqlab ko’rishganlarni ko’rganman, lekin Asqad Muxtor birovni quchoqlab ko’rishganini ko’rmaganman.
Asqad Muxtorni o’pib ko’rishganlarni bilaman, ammo Asqad Muxtor birov bilan o’pishib ko’rishganiga ko’zim tushmagan.
Asqad Muxtor ishxonada birortamiz bilan qo’l berib ko’rishganini eslay olmayman.
O’g’li Temurning yozishicha, uzoq safarlardan qaytgan choqlarida hatto o’z bolalari bilan ham quchoqlashib, o’pishib ko’rishmas ekan.

Ammo o’ziga yaqin olgan kishisining bilagidan tutib turib gaplashish odati borligini bilaman. Bu odatini ayniqsa Zulfiya bilan qilgan tasodifiy suhbatlari paytida ko’p ko’rganman. Sezaman, Zulfiyani juda qattiq hurmat qiladi. O’z opasiday ko’radi. «Saodat» «Guliston» bilan yonma-yon bo’lgani sababli ikki bosh muharrir dahlizda kunda-kunora uchrashib qoladi. Shunchaki yo’l usti, tasodifiy qisqa suhbat tikoyoqda, xuddi sirdoshlarday baqamti bir alpozda kechadi. Chaqchaq asnosi Asqad Muxtor albatta Zulfiyaning bilagidan mehribonlik bilan ushlab turadi. Buni suhbatdoshiga yaqinlik belgisi, mehrining ifodasi, hurmatining ramzi deb qilsa kerak. O’z navbatida Zulfiya ham Asqad Muxtorni o’z ukasiday behad e’zozlaydi. Uning «Asqad Muxtor bilan gaplashsam, aqlim to’lishganday, ko’nglim yorishganday bo’ladi, o’zimni ma’nan boyiganday sezaman» degan gaplarini eshitganmiz.

Opa mening ilk kitobchalarimni o’qigan-o’qimaganigagina emas, hatto ularni ko’rgan-ko’rmaganiga ham shubham bor. Lekin u bir kuni yo’lakda meni to’xtatib, «Sizni manzara she’rlarni yaxshi yozadi, deb eshitdim. Bizga, dekabr soniga, qish boshi haqida bir she’r yozib bersangiz-chi?» deb qoldi. Mayli, dedim. Opa she’rni «Saodat»ning muqovasida, rangli fotomanzara ichida – qor bosgan archaga «o’rab» chop etdi. Yana bir uchrashganimizda «She’r uchun rahmat, Asqad akangiz to’g’ri aytgan ekan», dedi-da, meni xijolatga qo’yib, she’rimdan uzuq-yuluq satrlar o’qidi:

Oqqushdek lapanglab qo’na boshlar qish,
oq ko’rpa ichiga kirar ang’izlar. ..

Sutday oq, shishaday sovuq kechalar,
bog’larni bezaydi oppoq bulduruq.

Jannatiy hid sochib tizilgan ipda
to’kin kuz faslidan yodgor behilar.

O’shanda Zulfiyaday mashhur shoiraning og’zidan o’z satrlarimni eshitib, bir qop semirdim desam, lof emas. YO tavba, erinmay yodlab olibdi-ya! Ammo sir boy bermadim. Demak, meni Asqad Muxtor tavsiya qilgan ekan-da. Demak, she’rlarim Asqad Muxtorga ma’qul ekan-da deb, xursandligim yana bir karra ortdi. Xullas, Uyushma a’zoligiga o’tayotganimda ham Zulfiya Hay’at a’zosi sifatida meni osmonga ko’tarib maqtadi, bilmadim, Asqad Muxtorning bolasi bo’lganim uchunmi yoki… har- qalay, u menga emas, men bahona ko’proq Asqad Muxtorga cheksiz ehtiromini izhor etganday edi nazarimda.

Asqad Muxtor g’oyibona do’stlaridan, muxlislaridan dasta-dasta xatlar olib turishini bilaman. Xatlar nafaqat o’zimizning O’zbekistondan, Rossiyadan, Germaniyadan, boshqa joylardan ham kelardi. Asqad Muxtor shaxsiga qiziqqan, uni ko’rishga, u bilan tanishishga orzumand kishilar ko’p edi.

Bir kuni o’zi musahhih-u, lekin qabulxona kotibaligi vazifasini ham bajaruvchi Nazira Yo’ldosheva eshigimni qiya ochib, «Sizni Asqad aka chaqiryaptilar» deb qoldi. Asqad Muxtorning bunday odati yo’q edi, hayron bo’ldim. Kirsam, kuni kecha menga Erkin Vohidovning «Hozirgi yoshlar» she’rini boshidan oxirigacha yoddan o’qib, hozirgi yoshlar haqida ko’p salbiy fikrlar aytib, chamasi, meni ham o’shandaylar sirasiga qo’shib qo’ygan kishi, men ijarada turgan hovlining egasi – Andijon Meditsina institutining professori Husniddin Salohiddinov bilan chaqchaqlashib o’tiribdi.

– Ha, mana, xuddi o’zi, shu yigit, – dedi professor meni ko’rishi bilan kulib. – Aldamabdi. Bo’ldi, ishondim.
Asqad Muxtor mendan:
– Bu kishidan qancha qarzingiz bor? – deb so’radi.
Men bir oz dovdirab:
– Ikki oylik ijara haqi to’lanmagan. Kecha o’zlari bilan kelishdik, erta-indin maosh olsam, uzaman qarzimni, – dedim.
– Shunga kelishdinglarmi, siz rozimi? – dedi Asqad Muxtor professorga qarab.
— Albatta, albatta, roziman. Kechirasiz, shu arzimas narsa deb sizni bezovta qildim, ming bor uzr, – deb o’rnidan turdi u.

Qabulxonaga chiqqach, sekin qo’ltig’idan tutib, xonamga taklif qildim.
– Domla, – dedim, – Siz bilan kecha kelishgan edik-ku. Shu uch-to’rt so’mni deb boshlig’imning oldida meni izza qildingiz.
– Endi siz ham kechiring, o’g’lim, – dedi u kulib, ko’zlarini quvlik bilan o’ynatib. – Maqsadim sizni izza qilish emas, Asqad Muxtorni ko’rish edi. Ashaddiy muxlisiman shu odamni. She’rlarini yaxshi ko’raman. O’zini bir ko’rsam deb orzu qilardim. Mana, ko’rdim, gaplashdim. Gapning ochig’i, «Guliston»da ishlayman», deganingizda ishonmagan edim. Shu bola Asqad Muxtorday yozuvchi bilan ishlar ekanmi, bir borib tekshirib ko’ray dedim. Sizning bahonangizda Asqad Muxtorni ko’rdim, ikki og’iz bo’lsayam, suhbatini oldim, xursandman. Lekin sizni o’ylamabman-da men xomkalla… Qovun tushirib qo’ydim shekilli-a? Mayli, siz xafa bo’lmang, gap pulda emas, topganingizda kuyovimga berib qo’yarsiz. Men bugun Anjanga ketaman…

Bilishimcha, Asqad Muxtorning oradan qil o’tmas sirdosh do’sti bo’lmagan. O’ziga tengqur yozuvchi-shoirlardan birortasi bilan o’ta qalin bo’lganini sezmaganman. O’z avlodi ichida bordi-keldisi Said Ahmad bilan ko’proq bo’lganini bilaman. Balki bog’ qo’shni bo’lgani uchundir. Hamid G’ulom, Ramz Bobojon, Mirmuhsin, Shuhrat, Turob To’la bilan adabiy yig’inlarda, anjumanlarda shunchaki el ko’ziga xushmuomala bo’ladi, hurmatini bir hamkasb sifatida joyiga qo’yadi. Bordiyu tor doirada tengqurlaridan birortasi haqida nopisandroq gap ketsa, miyig’ida kulgi bilan tasdiqlashdan tiyilmaydi, ba’zan hatto o’zi ham bir og’iz, yarim og’iz hazil luqmasi bilan o’sha do’sti ijodini baholab qo’ya qoladi. Lekin rasmiy adabiy doiralarda kimdir ulardan birortasining sha’niga tegadigan gap qilgudek bo’lsa, unga yo’lbarsday tashlanishdan ham toymaydi. O’z avlodini qattiq himoya qiladi. Ular ichida, nazarimda, faqat Shukrulloga o’gay ko’z bilan qaraydiganday tuyuladi menga.

«Guliston»da endi ish boshlagan paytlarimda tahririyatdagi ayrim do’stlarning qistovi bilan yangi chiqqan kitobchamni yozib taqdim etganman. O’ziga xos og’ir-bosiq tabassum, xushnudlik, samimiyat va hafsala bilan kitobchamni qo’liga oladiyu ilk sahifalarini varaqlayotib, ostida Shukrullo imzosi turgan kichik so’zboshiga ko’zi tushadi, tabassumi yo’qoladi, qizaradi. Sezamanki, ichida bir noxush hol ro’y beradi. Biroq menga sezdirmaslikka urinadi, sovuqqina qilib: «Hay, ko’paysin», deb kitobchani tezgina tortmasiga tashlab qo’ya qoladi.

Shukrullo bilan oralarida bir sovuqchilik borga o’xshaydi, qulog’imga chalingan gap-so’zlarda jon bor shekilli, deb o’ylayman. Shukrulloning “xalq dushmani” sifatida qamalishida Asqad Muxtorning qo’li bo’lgan deb eshitganim bor. Nafaqat Shukrulloning, Maqsud Shayxzodaning ham qamalishiga hissa qo’shgan, degan gaplar yurardi. Uzunquloq gaplarga ko’ra, Shayxzoda qamoqdan chiqib to’ppa-to’g’ri Asqad Muxtorning oldiga kelgan: «Men Mil`chakovdan, Sheverdindan, Ramz Bobojondan, Uyg’undan va boshqalardan xafa emasman, sendan xafaman. Negaki, sen ham menga o’xshagan muhojirsan, men ozarboyjon bo’lsam, sen tatarsan, nega bunday qilding?» deb ranjigan ekan. Bu gaplarning nechog’li rost yoki yolg’onligi yolg’iz yaratganning o’ziga ayon. Balki shunchaki mish-mishdir. Axir eng yaxshi odamning ham g’animi bo’ladi-ku. Odatda, aqlli, iste’dodli, xoksor, qalbi pok, vijdoni toza, pokdomon, halol odamlarning dushmani ko’proq bo’ladi. Asqad Muxtorni ko’rolmaydiganlar ham oz bo’lmasa kerak.

Asqad Muxtorning butun turish-turmushi, nigohi, xatti-harakati, muomalasi, aqli, bilimi, fe’l-atvori, madaniyati, umuman suvratiyu siyrati bunday gaplarga ishonma, deb turadi. Mo»min-qobil, mushfiq-muloyim, hayotning achchiq-chuchugiga, oqu qorasiga aqli yetadigan, fahm-farosati o’tkir, donishmand inson, buning ustiga shoir, buning ustiga adib o’z hamkasblariga xiyonat qilishi mumkinmi? Ishonish qiyin. Yana kim biladi. Asqad Muxtor ham tirik jon. Qiyomat qoim bo’lganda hamma faqat o’zini o’ylar ekan. Otaning bola bilan, bolaning ota bilan ishi bo’lmas ekan. U zamonlarning qiyomatdan farqi bormidi? Jon shirin. Inson o’z jonini saqlash uchun nimalar qilmaydi! Qolaversa, u ham adashgandir, xato qilgandir, qo’rqqandir. Beayb – parvardigor.

Lekin «Guliston»da qancha ishlagan bo’lsam, «Sen Shukrulloning shogirdi ekansan-ku», deb hech qachon yuzimga solmadi. Tahrirlarimdan, yozgan narsalarimdan qiyiq izlamadi, ayb topishga urinmadi, bo’lar-bo’lmas bahonalar topib, tirg’almadi. Aksincha, ishimdan, tahrirlarimdan mamnunligini bildirib, tez orada oddiy adabiy xodimlikdan adabiy kotiblikka, yana oradan ko’p o’tmay, firqa a’zosi bo’lmasam-da, mas’ul kotiblikka ko’tardi. Bu mas’uliyatli lavozim, rahbarlik o’rni. Mendan oldin birorta partiyasiz kishi bu joyda o’tirmagan. «Guliston» ayni Markazqo’mning jurnali bo’lgani uchun ham unda partiyasiz odamning rahbarlik lavozimida ishlashi mumkin emas edi. Rostmi-yolg’onmi, bilmayman, orqavarotdan eshitishimcha, Asqad Muxtor «Partiyasiz bo’lsa ham iste’dodli yoshlarni rahbarlik o’rinlariga ko’tarish uchun» shaxsan Sharof Rashidovning o’zidan alohida ruxsat olgan ekan…

«MEN ASQAD MUXTORNING BOG’LAB QO’YGAN ITIMAN»

«Guliston»da boshqa hech bir tahririyatda bo’lmagan tartib joriy etilgan. Har bir materialni avvalo bosh muharrir asosan ma’qullab beradi. Lozim topsa, yengil-yelpi qalam uradi. Asosiy ish – tahrir shundan so’ng boshlanadi. Har bir matn adabiy xodim, bo’lim mudiri, adabiy kotib, mas’ul kotib va nihoyat, bosh muharrir o’rinbosari Vahob Ro’zimatov qo’lidan o’tadi.

Vahob Ro’zimatov Asqad Muxtorning ishongan tog’i. To’rt amalning ustasi. O’z tahrir maktabini yaratgan desa ham bo’ladi. So’zni his qiladi, o’rnida qo’llaydi. Tili boy. Mabodo bisotidan kerakli so’z topilmay qolsa, yangi so’z yasab yuborishdan ham toymaydi, «koviyaqalam» ga o’xshash… Yomon ko’rgani – «gandi». Uni qarangki, «gandi»ni men ham yoqtirmayman. Ikkinchisi – «ishdi». «Borgandi, kelgandi, olishdi, kelishdi» kabi so’zlarga duch kelsa, ko’ksiyohli avtoruchkasi bilan shartta «Borgan edi, kelgan edi, oldilar, keldilar» deb tuzatib qo’yadi.

– «Olishdi» desak, xayol «kurash tushdi, kurashdi»ga ketib qoladi, okovsi, «kelishdi» desak, ikki kishining o’zaro til biriktirgani, bir bitimga kelgani tushuniladi. Xullas, «ishdi»ni bilib, ehtiyot bo’lib ishlatinglar, – deya tergab qo’yadi ba’zan.
– Ma’no podtekstda bilinadi-ku? – deb bilimdonlik qilmoqchi bo’lsangiz:
– Men bir medbrat bo’lsam ham, sizga o’xshab dorilfununni bitirmagan bo’lsam ham, bilaman, okovsi, mening ustozim – G’afur G’ulom, so’zni, imloni u kishidan o’rganganman, – deb chaqadi, iddao qiladi.

Vahob Ro’zimatov aslida keng ma’nodagi tahrirchi emas. Lozim bo’lganda matnda mantiqni, izchillikni saqlash uchun kompozitsiyani o’zgartirmaydi, abzatslar, jumlalar o’rnini almashtirmaydi, o’zidan abzatslar, jumlalar qo’shib boyitmaydi, fikr tavtologiyasini yoki matnga begonaroq, ortiqcha o’rinlarni qisqartirib, siqib, «suvini to’kib» tashlamaydi. Uning tahriri asosan matnning «bitini terishdan»: «bo’ldi-bo’ldi», «qildi-qildi»lardan tozalash, so’z tavtologiyasini, ya’ni tishga tegadigan qaytariqlarni yo’qotish, jumla tuzishdagi no’noqlik-larni bartaraf etish, «gandilar», «ishdilar» bilan kurashish, mazmunni xiralashtirib turgan ba’zi so’zlar o’rniga o’tkirroq ma’nodosh muqobilini topib qo’yish, butun o’zbek matbuoti «naqorat», «ozorbayjon» deb buzib yozadigan so’zlarni «naqarot», «ozarboyjon» tarzida to’g’ri yozilishini nazorat qilishdan iborat.
Abdulla Qahhorning tili achchiq bo’lganini, saviyasi past asarlarni yuzxotir qilmay beayov savalaganini bilamiz. Shuning uchun mundayroq yozuvchilar undan hayiqib turgan, kattaroq asar yozishga istihola qilgan, degan gaplar yuradi.

Vahob Ro’zimatov Abdulla Qahhor emas, lekin zardasi undan zo’r, qahri undan qattiq, tili undan achchiq. Jumlada arzimas g’alizlik yoki imloviy xato ko’rsa, jingalakka moyil, moshguruch, patila sochlari tikka bo’lib ketadi, yuzingda ko’zing bormi, demay sasiydi:
– Qatka qaravossiz, okovsi?! «Ko’pchilik keldilar» bo’ladimi, «ko’pchilik» ko’plik ma’nosini bildirgani bilan o’zi birlikda-ku, birlikda bo’lgandan keyin «keldi» bo’ladi-da. «Xalq to’planishdi yoki to’plandilar» bo’lmaydi, «to’plandi» bo’ladi. «Anchayin» «anchagina» degan ma’noda ishlatilvotti, noto’g’ri bu, u «shunchaki» degan ma’noni bildiradi. Shunaqalarga ixtiyot bo’ling-da! – deb o’zi «ehtiyot» so’zini shevada talaffuz qiladi, ta’bir joiz bo’lsa, og’zaki nutqda (atay talaffuzda demayapman) imloviy xatolarga bemalol yo’l qo’yaveradi.

Achchiq-tiziq gaplari jon-joningizdan o’tib ketadi. Lekin chidaysiz. Chunki to’g’ri. Faqat, xafa bo’lasizki, shuni yotig’i bilan aytsa bo’lmasmikan? Bo’lmaydi: pig’li shunaqa!
Ba’zan hech narsadan hech narsa yo’q, birdan zahrini sochib qoladi, kimningdir arzimas bir xatosi uchun dilingizni xufton qiladi. Mahmud Sa’diy kun bo’yi kitob do’konlaridan chiqmaydi, ishga peshindan keyin keladi, materiallarini vaqtida topshirmaydi, bunga ham siz aybdor. Murod Xidir butun boshli Fan va madaniyat bo’limiga mudir bo’la turib, bor-yo’g’i bitta krossvord yo shaxmatga oid maqola beradi. Bungayam siz javobgar. Fotomuxbir Beznosov allaqaysi sahrodan tuyalarning suratini olib keladi. Ular orasida bisotini ko’z-ko’z qilib turgan bir hangi ham bo’ladi. O’zi e’tiborsizlik qilib shu suratni zarvaraqlarda chiqarib yuboradi. Markazqo’mdagilar qo’ng’iroq qilib: «Bu qanday bemazagarchilik!» deb dakki beradi. Buning ham alamini sizdan oladi. Jurnalning bosh rassomi Emil Ro’ziboev tuman firqa qo’mitasining mafkura bo’yicha kotibasi bo’lgan xotini bilan adi-badi aytishib qolib, uydan chiqib ketadi, amaldor xotin Vahob Ro’zimatovga «Erimni topib ber» deb qo’ng’iroq qilaverib, do’q uraverib, inka-tinkasini quritib yuboradi. Bu do’qning ham zarbasi sizning boshingizga kelib tegadi. Sa’dulla Ahmad salanglab yuradi, qo’lini sovuq suvga urmaydi, san’at bo’yicha bu songa hech vaqo yo’q… Bunga ham siz gunohkor.

Asqad Muxtor katta yozuvchi, rahbar, arbob, kengashlardan, anjumanlardan, forumlardan, simpoziumlardan, uchrashuvlardan, xorijiy safarlardan bo’shamaydi. Xullas, hamma ish go’yo Vahob Ro’zimatovning o’ziga qolgan. Shunga jig’ibiyron. Alining alamini Validan olib, hovridan tushadi. Boshqa iloji yo’q. Jini qo’zib turgan paytda uncha-muncha gap ham yoqmaydi: siltab tashlaydi, jerkib beradi. Qo’lingizni cho’ntagingizga solib yursangiz: «Boyvachcha!» deb kesatadi. Qaddingizni g’oz tutib yursangiz: «G’o’daygan!» deb g’ijinadi.

Gap-so’zlaridan sal ranjiganday bo’lganingizni bilsa, o’zicha kechirim so’ragan bo’lib, yana chaqadi:
– Shunaqaman-de endi, okovsi, xudo bergan pig’l, birdan akillab qolaman, xapa bo’miysiz, maylin-da, chidaysiz-da, nima qilay, men Asqad Muxtorning bog’lab qo’ygan itiman, – deydi.

«Guliston»da bizdan oldin ishlagan Shukur Xolmirzaev, Sa’dulla Siyoev, Xudoyberdi To’xtaboev, Mahkam Mahmudov kabi qalamkashlarning aksariyati Vahob Ro’zimatovning injiqliklariga chiday olmay bo’shab ketgan deb eshitganman. Mahkam Mahmudovning eslashicha, Asqad Muxtorga shikoyat qilsa, u: «Vahobjon talabchan-da, chidang, o’zingizga foyda bo’ladi», deb yupatar ekan.

Men kelganimdan keyin ham ko’p o’tmay tahririyatda katta o’zgarish bo’ldi. Abduqahhor Ibrohimov, Emin Usmon, Usmon Temur, Anvar Eshon birin-ketin ishdan bo’shadi. Hamma ketganlarning qo’shig’i bitta edi: «Vahob akaning ming’ir-ming’iri jonga tegdi…»

Avvaliga ayb o’zlaridadir, jon koyitib ishlamagan bo’lsalar koyigandir-da, deb o’yladim. O’z tajribamdan bilamanki, ishingni sidqidildan qilsang, sifatli qilsang, kim ham sening mushugingni pisht deydi!
Tahririyatda ichki siljishlar ro’y berdi. Abdulla Sher Abduqahhor Ibrohimovning o’rniga mas’ul kotib bo’ldi. Men adabiy kotiblikka o’tkazildim. Keyin birin-ketin yangi odamlar keldi: mening o’rnimga – Ahmad A’zam, Emin Usmonning o’rniga – Tohir Malik, Usmon Temurning o’rniga – Erkin A’zam, Anvar Eshonning o’rniga – Shomurod Siddiqov ishga olindi. Tahririyatda boshqacha havo, boshqacha kayfiyat paydo bo’ldi. Bu havo, bu kayfiyat jurnal sahifalariga ham ko’chdi. «Guliston» zamonning, hayotning ichiga tobora chuqurroq kira boshladi. Uning badiiy saviyasi kun sayin yuksalaverdi. Adadi ham borgan sari oshaverdi. Nafosat va tafakkurning chinakam bo’stoni, erkin fikr gulistoni desa arziguday bo’lib qoldi. Ziyo shamchirog’i bo’lib porladi, ko’ngillarga ma’rifat nurini sochishdan tolmadi. U xuddi bosh muharrir Asqad Muxtorning o’ziday donishmand, jur’atli, jasoratli, ma’rifatli, ziyoli jurnalga aylandi. Yashirmayman, shunday jurnalda ishlayotganimizdan har birimiz faxr tuyar edik.

Jamoa nihoyatda inoq edi. Ko’z tegdimi, bilmayman, mas’ul kotib bilan adabiyot bo’limining mudiri chiqisholmay qoldi. Men unisi bilan ham, bunisi bilan ham yaxshi edim. Bir kuni mas’ul kotibning eshigini ochayotib, janjalning ustidan chiqdim. Mudir nimadir deb ming’irlar, mas’ul kotib baland ovozda shang’illar edi:
— Ketingga o’xshatib tepaman, bola, orqangda botinkamning izi qoladi! Sen hali mening sovunimga kir yuvmabsan, shoshmay tur!

Eshikni sekin yopib, indamay izimga qaytdim. Janjalga tobim yo’q. Ba’zi birovlarday sababi bilan ham qiziqmadim. O’zlari kelishib ketar, deb o’yladim. Bir-ikki haftadan keyin adabiyot bo’limining mudiri to’satdan bo’shaydigan bo’lib qoldi. So’rasam, sababini aytmadi. Bildimki, bu o’sha kungi janjalning oqibati. Demak, mas’ul kotib va’dasiga «vafo» qilibdi-da, tepibdi-da?

Oradan talay vaqt o’tgach, bir kuni gapdan gap chiqib, mas’ul kotibning o’zi gullab qo’ydi. Aytishicha, adabiyot bo’limining mudiri qachonlardir shoiraligidan ko’ra yengiltakligi mashhurroq bo’lgan bir shoira bilan quyuqroq salomlashib qo’ygan ekan. Bundan mas’ul kotibning qadrdoni, kursdosh do’sti boxabar ekan. Xullas, ikki do’st o’sha shoirani aldab-suldab ishga soladi. Avrab, adabiyot bo’limining mudirining ustidan Asqad Muxtor nomiga shilta shikoyat yozishga ko’ndiradilar. Shoiraning «ko’ngil daftarini» o’qigan Asqad Muxtor mutaasir bo’ladi, adabiyot bo’limining mudirini chaqirib:
– Shu gaplar rostmi? – deb so’raydi. Adabiyot bo’limining mudiri qizaradi-bo’zaradi. Indamaydi. Sukut alomati rizo, deb o’ylagan Asqad Muxtor:
– Unday bo’lsa, ariza yozib, o’z ixtiyoringiz bilan imi-jimida keting. Aks holda, bu juvon sizni ham, bizni ham tinch qo’ymaydigan ko’rinadi, – deb maslahat beradi.

FURQAT BAHONA

«Guliston» hozirgi «Sharq» nashriyotiga qarashli eski binoning uchinchi qavatida edi. Ilgarilari bosmaxonaga ham, tahririyatlarga ham Navoiy teatri tomonidan kirilardi. Ko’chaeshikdan kirgan joyda yana ikkita eshik bo’lardi. Bosmaxonaga o’tadigan eshikda yoshini yashab, oshini oshagan ming yillik g’o’laday-g’o’laday o’ris kampirlar – vaxtyorlar o’tirardi. Tahririyatlarga esa bepo’sht-po’sht kirib ketilaverardi. O’n olti qavatli imorat bitganidan so’ng eski bino eshiklari taqataq yopilib, bosmaxonaga alohida eshik ochildi, tahririyatlarga esa yangi bino orqali kiriladigan bo’ldi. Kampirlar o’rnini soqchi melisalar egalladi. Avvallari faqat radio va televidenie binosiga melisa nazoratidan o’tib kirilardi. Endi gazeta-jurnallar binosiga ham shu tartib o’rnatildi. O’z ishxonangga xizmat guvohnomangni ko’rsatib kirishing shart qilib qo’yildi.

Bir kuni ishxonaga kirayotsam, yoshgina soqchi melisa Asqad Muxtorning yo’lini to’sib turibdi. Asqad Muxtor qizarib, bo’g’riqib ketgan. Meni ko’rib, iljaydi.
– Guvohnoma narigi pidjagimda qolibdi, – dedi xijolatomuz. – Boshqasini kiyib kelaveribman…

Men eshikog’asiga guvohnomamni ko’rsatib, «Bu kishi bizning boshlig’imiz Asqad Muxtor, o’tkazvoring, uyat bo’ladi», dedim sekingina. Melisa: «Men tartibni buzolmayman, propusk yozdirib keling», deb oyoq tiradi. Aytganini qilishga majbur bo’ldim.

– Bir hisobdan kirdi-chiqdiga shunday qattiq turilganiyam yaxshi ekan, – deb kuladi Asqad Muxtor uchinchi qavatga ko’tarilib, uzun yo’lakda ketayotganimizda. – Ba’zi xirapashsha avtorlarning yo’li to’siladi.
– Unaqalarni eshikdan haydasangiz, teshikdan kiraveradi, – deyman.
– Bu gapingiz ham to’g’ri, – deydi. – G’ulom Ismoilovga o’xshaganlarga bas kelish qiyin. – Keyin muhim bir gap esiga tushganday: – Ha, aytmoqchi, – deb davom etadi. – Bugun Sharifjon hammamizni oshga aytgan-a, esingizdami? Janggohga, Abulqosimning samovariga. Bolalargayam tayinlang. Ko’pchilik bo’lib kelinglar, degan. Borish kerak.

Tushga yaqin Asqad Muxtor eshigimni qiya ochadi.
– Sharifjon qo’ng’iroq qildi. Osh lanj bo’p ketganmish. Tezroq chiqing. Mashina chaqirib qo’ydim. Bolalargayam aytdingizmi?
– Aytdim. Hozir yana bir marta eslataman, – deyman.
Xizmat mashinasiga uch kishi minamiz.
– Siz oldinga o’tiring, biz Vahobjon bilan orqada ketamiz, – deydi Asqad Muxtor va o’zi birinchi bo’lib chiqib, haydovchining orqasiga o’tirib oladi.
– Okovsi, birpas sabr qilasiz endi, – deydi Vahob Ro’zimatov haydovchiga. – Eng kotta rahbarimiz hali chiqmadilar. U kishini yayov qoldirsak bo’lmas.

Asqad Muxtor taajjublanib qaraydi.
– Partiyaviy rahbarimizni aytyapman-da, Anvarni, – deya istehzoli izoh beradi Vahob Ro’zimatov.
– Uniyam aytdingizmi? Ha, yaxshi, – deydi Asqad Muxtor.
Oshda «guliston»chilar bilan mezbon Sharif Yusupovning o’zidan tashqari yana bir mehmon – mashhur hofiz Faxriddin Umarov ham qatnashadi. Faxriddin Umarov bilan Sharif Yusupov bir-biriga quyib qo’yganday o’xshaydi. Keyin bilsam, ular qarindosh ekan.

Choyxonaning huvillab yotgan katta binosi sovuqqina, kech kuz bo’lgani uchunmi yo kun peshindan og’gani uchunmi, chorpoyalar bo’m-bo’sh, bizdan boshqa oshxo’r ko’rinmaydi. Bizgayam so’riga emas, stol-stulga joy qilingan ekan. Osh suzilguncha u yoq, bu yoqdan gurunglashib o’tirdik. Asqad Muxtor so’rilarga ishora qilib:
– Bu so’rilar kimlarni ko’rmagan, – deydi og’ir tin olib. – G’afur akaning ko’p ulfatchiligi shu yerda o’tgan. O’n-o’n besh yil burun G’afur akalar o’tirardi bu so’rilarda. Bugun biz o’tiribmiz. Qiziq, yana o’n-o’n besh yildan keyin kimlar oshxo’rlik qilar ekan bu choyxonada?..

– Nimasini aytasiz, Asqad, – deydi Vahob Ro’zimatov. – G’afur aka uzoq-yaqindan kelgan qadrli mehmonlariniyam shu samovarga olib kelib, osh qilib berardi. Biz xizmatda bo’lardik. O’zim guvohman, Sobit Muqonov ham o’tirgan shu so’rilarda.
– G’afur aka dono odam edi, – deb hikoya boshlaydi Asqad Muxtor. – Uyushmada ishlardim. Bir kuni G’afur akadan hazillashib ijodiy hisobot talab qildik.
– Marhamat, – dedi G’afur aka, – yozgan narsalarim ko’p. Xohlasanglar, tarozida tortib ko’ringlar. Lekin bilib qo’yinglar, yozilgani emas, o’qilgani hisob.
Shunday deb goh chap, goh o’ng cho’ntagiga qo’l tiqib, nimadir izladi. Izlagani gugurt ekan. Chekmoqchi bo’lsa kerak deb o’yladik. Qutidan bir dona gugurtcho’p oldi.
— Ko’ryapsizlarmi? – dedi u bizga chap qo’lidagi gugurtqutini ko’rsatib. – Bu kitob. Shu holida u yonmaydiyam, yondirmaydiyam, o’lik. Manavi gugurtcho’p esa – kitobxon. Kitobxon bilan uchrashmagan kitob ham o’lik. Ana, – dedi, gugurtni chaqib, o’t oldirdi. – Ana, endi u vazifasini bajardi, o’t chiqdi, ko’rdinglarmi?..
Fikrini ko’rgazmali qurol bilan tasdiqlaydigan shunaqa odatlariyam bor edi G’afur akaning…

— Ha, bu juda eski samovar, – deb gap payrovini yana choyxonaga buradi Sharif Yusupov. – Ajab emas, Furqatniyam ko’rgan bo’lsa. Furqat Toshkentga kelganda g’oyibona do’sti Hoji A’zamning Pushtihammom mahallasidagi uyiga qo’ngan. Bu uy Janggohdan uncha uzoq emas, hozirgi Sag’bon ko’chasida. Keyinroq esa Ko’kaldosh madrasasida to’qqiz oy yashagan. Albatta bu joylarga ham qadami yetgan bo’lsa kerak.
— Ajab emas, – deydi Asqad Muxtor. – Lekin siz, Sharifjon, savob ish qildingiz. Adabiyotimiz tarixchilarining Furqat to’g’risida to’qigan har xil oldi-qochdi, asossiz taxminlariyu uydirmalarini fosh etdingiz. Biz uni Chor Rossiyasi Sharqiy Turkistonga o’zining ayg’oqchisi qilib yuborgan deb yurardik. Unday emas ekan-da.
– Qarang, genaral Jo’rabek boshchiligidagi milliy ozodlik harakatiga a’zo bo’lgan ekan-a! – deb gapga aralashadi Vahob Ro’zimatov.
– Ha-da, xuddi shu sababga ko’ra silliqqina surgun qilingan-da, – deydi Sharif Yusupov. – Hujjatsiz, pulsiz-mablag’siz aldab chiqarib yuborilgan. Qaytib kelishiga yo’l qo’yilmagan. Fig’on chekib qolib ketgan o’sha yoqlarda badbaxt…

Faxriddin Umarov torini qo’lga oladi.
– Asqad aka, – deydi muloyimgina. – «Fig’onkim»ni aytib beraymi, eshitasizmi?
– Yaxshi bo’lardi, – deydi Asqad Muxtor. – Furqat bahonasida to’plandik. Ashulasini eshitaylik. Ancha bo’ldi bu ashulani eshitmaganimgayam.
«Fig’onkim»dan keyin Faxriddin Umarov «Sochining savdosi»ni va yana o’zining bir-ikkita mashhur ashulasini aytadi. Keyin gap o’z-o’zidan qo’shiqchilikka ko’chadi, g’azal to’g’risida ketadi. Faxriddin Umarov she’rni, xususun g’azalni yaxshigina bilar ekan. Asqad Muxtor uning ashulalarini ta’sirlanib tinglaydi, qo’shiqchilikka oid gaplarini berilib eshitadi. Qaytayotganimizda:
– Ashulachilarning ko’pini ko’rganman, savodsiz bo’ladi. Abdulla aka aytganiday, «Bo’sa» bilan «bo’lsa»ning farqiga bormaydi. Faxriddin ham shulardan biri bo’lsa kerak deb yursam… Yo’q, tuzukkina didi bor ekan. She’rni baloday tushunarkan. Shirinnafasligini aytmaysizmi… Shunday yaxshi ashulachi nimaga urilib-surilib yuradi, o’z qadrini tushirib, hayronman… – deydi.

KANADA GUGURTI

«Asqad Muxtor juda jahongashta edi. Dunyoda uning qadami yetmagan joy yo’q desak lof bo’lmaydi. Yosh kezlari Hamid Olimjon unga Yozuvchilar uyushmasiga a’zolik daftarchasini topshirayotib:
– Ha, senmisan Asqad degani? She’rlaringda olam tor. Buxoroni ko’rganmisan? Ultarmani-chi? Yo’l yurish kerak. Tinmay yo’l yur, – degan ekan.

«O’sha gapingizdan keyin yuz ming kilometrdan ortiq yo’l yurdim, hamma okeanlarni ham, ekvatorni ham kesib o’tdim, hurmatli Hamid aka!» deydi u ustoziga quvonch bilan hisob berib va umr bo’yi yo’l yurishdan charchamaydi.
Esimda, 1979 yili Kanadaga boradi. Safardan xursand qaytadi. Menga mozorbosdi bir gugurt beradi. Bunaqasini ko’rmagan edim. Avvalo, rangi hayron qildi. Yashilbosh. Keyin soni – bor-yo’g’i o’n dona. Undan so’ng qutisi – qutisiz. Donalar kartonga yopishtirilgan. Chaqiladigan joyi kartonning orqasida. Ancha paytgacha ishlatmay, avaylab yurganman. «Gugurtning shunaqasini ko’rganmisan», deb kelgan-ketganni ajablantirish uchun.
– Obbo, kapitalistlar-ey! – dedim hayratimni yashirmay. – Gugurtiyam boshqacha-ku bularning?
– Hamma narsa boshqacha ularda, – dedi Asqad Muxtor o’ziga xos salmoqlanib. – Siyosat ham, matbuot ham, qarashlar ham, muomala ham, odamgarchilik ham, non ham…

Qiziqayotganimni sezib, garchi xonamga sovg’a bahonasida bir rovga kirgan bo’lsa-da, garchi tik oyoqda bo’lsa-da, chamasi bafurjaroq gurung berishga ahd qildi.
– Meni hayron qoldirgani shuki, Kanadada bir vaqtlari zamona zayli bilan borib qolgan ukrainlar, ruslar, latishlar, estonlar, yahudiylar ko’p ekan, – deb hikoya qila boshladi. – Bechoralarning ko’zlari to’la mung, sog’inch, judolik alami deng. Guruhimiz kattagina, lekin shoirlardan Rasul Hamzatov bilan men, biz gapiramiz, she’r o’qiymiz, artistlardan Yevgeniya Altuxova bilan Grigoriy Jislin bor, ikkovi qo’shiq aytadi. Oila-oila bo’lib kelib, ruscha, ukraincha qo’shiqlarni yig’lab eshitadi sho’rliklar. Bizdan hech ayrilgilari kelmaydi. Kaftlarida ko’tarib yurguday bo’ladi. Vatanjudolik alamini o’z ko’zim bilan ko’rdim o’sha yerda, juda ezildim. Petro Kravchuk degan bir yozuvchisiyam bor ekan. Bir oqshom biz turgan mehmonxonaga keldi. Xonamga kirib, men bilan quchoqlashib ko’rishdi:
– O’zbek obinonining ta’mi haliyam og’zimdan ketgani yo’q, – dedi tamshanib. Aytishicha, ikki yil burun O’zbekistonga sayohat qilgan ekan. «Uch qit’a» degan kitobini berdi. Muqovasida Buxoro obidalari Misr ehromlari bilan yonma-yon qo’yilgan. Katta bir bobni O’zbekistonga bag’ishlabdi.

Kanadada ko’rmagan joyimiz qolmadi hisob. Kvebek, Ontario, Al`berto, Britaniya Kolumbiyasi degan viloyatlarda, Monreal`, Toronto, Niagara, Vindzor, Edmonton, Vankuver, Viktoriya shaharlarida bo’ldik. Uchrashuvlarimiz asosan universitetlarda o’tdi. To’g’risini aytsam, qoyil qoldim: auditoriyalar eng so’nggi o’quv-texnikasi bilan jihozlangan. Har bir talaba oldida komp`yuter, professor daftaridagi formulalar monitorda ko’rinib turadi. Qizig’i, hamma universitetlarda san’at, musiqa fakul`teti bor. Biz fortep`yano darsida qatnashdik: talabalar bir auditoriyada bir yo’la o’nlab pianinoni chaladi, lekin xona jimjit. Har kimning chalgani o’ziga va bir chetda o’tirgan ustozga eshitilar ekan. Ustoz biror talabaga tanbeh bersa yoki xatosini aytsa, buni ham faqat o’sha talabaning o’zi eshitadi. Ertak!

Talabalar bilan ham suhbatlashdik. Menga ularning odobsizligi yoqmadi. Aksariyati yarim yalang’och kiyingan. Suhbat paytida polga uzala tushib allanimalarni kavshab o’tirganlari ham bo’ldi. Bittasi qiz boshi bilan shkaf tepasiga chiqib olib sigaret tutatib o’tirdi… Xullas, erkin dunyo. Birov birovning mushugini pisht demaydi. Bizga bergan savollarini eshitib, o’zimizni xuddi qamoqxonadan chiqib kelganday his etdik: «Sizlarda u narsa mumkinmi, bu narsa mumkinmi?..», «Kiyinishlaringiz har xil-ku, nima, kommunizmda shunga ruxsat bormi?», «Bir shahardan bir shaharga o’tishlaringga ijozat beriladimi?» Xullas, shunga o’xshash kurakda turmaydigan savollar. Hammasi cheklanishlar haqida.

Tan olish kerak, fan-texnika juda rivojlangan, hammayoq komp`yuterlashgan. Boylik har qadamda ko’rinib turibdi. Lekin ma’naviyat puch, qashshoq. Hayot haqidagi tushunchalar boshqacha, meshchanlarcha. Televizorda biror ma’nili narsa ko’rmadim. O’n to’rt kanali bor. Beshdan to’rt qismi reklama. Rim papasining dafn marosimini ham yolchitib ko’rolmadik, olti marta bo’lindi, hali keks, hali ayollar paypog’i, siynabandi, kosmetikasi maqtaldi. Ko’rsatuvlar nuqul o’yin-kulgi. Ko’ngil ochar. Kechasi ekranni seksfil`mlar bosib ketadi.
Matbuoti bilan qiziqdik. Kanada qog’ozga boy mamlakat-da, kundalik gazetalar 60-80 bet, yakshanba kunlari hatto 120 bet bo’lib chiqadi. Lekin afsuski, o’qiydigan narsa yo’q. Sakson-to’qson foiz joyni reklama egallagan. Muhim ijtimoiy-siyosiy voqealar deyarli yoritilmaydi. Yoritilsa ham ularni ijir-vijir reklamalar orasidan topib o’qish azob. Bu ahvolda eng ashaddiy gazetxonlar ham olamdan bexabar qolishi tayin. Hayronman, xalqni jaholatda ushlab turish uchun atay shunday qilinarmikin…
– Qaydam, – deyman.
– Tabiatiga gap yo’q, juda go’zal, qator-qator ko’llar silsilasi, zarang daraxtlar, maysasi chiroyli qilib kuzalgan maydonlar, favvoralar, mum haykallar muzeyi, osmono’par binolar… Taraqqiyot, boylik manaman deb turibdi. Lekin baribir o’zimizning yurtimizga yetmaydi. Nonini aytmaysizmi, g’ovak, shirin, lekin g’ozi yo’q, hajmi kattagina, yaxshilab siqimlasangiz, siqimingiz to’lmaydi. O’zimizning obinonlardan o’taversin…
– Gugurtidan ham bilinib turibdi, – deyman yana qo’limdagi gugurtga qarab.

Asqad Muxtor kuladi.
– Shunday boy mamlakat, hayronman, gugurtdan cho’pni qizg’anibdi. Shuyam gugurtmi? Chaqib bo’lmaydi. Qog’oz-da, mayishib ketadi. Ko’rib qo’yinglar deb, bitta-bitta obkeldim-da.
– Taassurotlaringizni o’zimizga yozib bersangiz bo’larkan, – deyman. – Jurnalxonlargayam qiziq-da…
Xonadan chiqayotib, bir lahza to’xtaydi, o’girilib menga, keyin jindak xayol bilan shiftga qaraydi, yuz-ko’zida moyillik seziladi, xiyol kulimsiraydi, lekin indamaydi. Eshikni ohista yopib, chiqadi…

IBN SINONING TURKIY SHE’RI

«Muharrir sifatida Asqad Muxtor yaxshi bir an’anani yo’lga qo’ygan edi. «Guliston» xalqimizning Forobiy, Xorazmiy, Beruniy, Ulug’bek, Navoiy, Mashrab va boshqa buyuklarini vaqti-vaqti bilan yod etib turadi. Agar tavalludining sanasi yaxlit bo’lsa, butun yil davomida, deyarli har bir sonda eslanadi. 1980 yili Ibn Sinoning 1000 yilligi nishonlandi. Buyuk olim to’g’risida yil o’n ikki oy material berdik.

Bir kuni Asqad Muxtor:
– Forschaga qalaysiz? – deb kirib keldi xonamga. – Adashingiz Ibn Sino to’rtliklarini so’zma-so’z tarjima qilibdi.
– Qaysi adashim?
– Vahobjon. Uyam Rahmonov-ku. Ba’zilarini badiiy tarjima qilishga urinibdi. Shunday davom ettirsam, nima deysiz, deb kelibdi. Tarjimasini ko’rdim, bo’sh, olim odam-da, eplolmabdi. Shuni o’zingiz qilaqolsangiz-chi? – dedi.

Qo’lyozmani olib, ko’z yugurtirdim.
– Axir bularning tayyor tarjimasi bor-ku. Ko’pini Shoislom Shomuhamedov qilgan, ba’zilarini Erkin Vohidov, – dedim.
– Mayli, siz ham qilavering, – dedi qat’iy. — Klassiklarni vaqti-vaqti bilan qayta tarjima qilib turish kerak. Shekspir, Bayron, Gyote, Geyne, Pushkin, Lermontov, Nekrasov… Yangi avlod iloji boricha bularning hammasini boshqatdan tarjima qilishi kerak. Chunki avlod almashganda ruh almashadi, munosabat o’zgaradi. Bir urinib ko’ring.

– Xo’p, – dedim. – Harakat qilaman. — Keyin lop etib, Ozarboyjondan kelgan xat esimga tushdi.
– Aytmoqchi, Ibn Sino turkiyda ham she’r yozgan ekan. Ancha burun ozarboyjonlik Og’addin Mansurzoda degan bir tanishim kelgan edi. Ibn Sino to’g’risida gaplashib o’tirsak, kutilmagan bir yangilikni aytib qoldi. Ibn Sinoning turkiyda yozgan she’ri topilgan emish. Men darrov «O’sha she’rni qanday olsak bo’ladi?» dedim. U menga Ali Abbosov degan sharqshunos olimning manzilini berdi. Shu odamga xat yozib, «Iloji bo’lsa, qo’lyozmadan bir nusxa yuborsangiz?» degan edim, mana, qo’lyozma faksimileni yuboribdi. Arab imlosida. O’qiyolmay o’tiribman, – dedim.

Asqad Muxtor yoyilib kuldi.
– Bu zo’r yangilik-ku! – dedi. – Qani, ko’ray-chi?
Xatni olib xonasiga kirib ketdi. Birpasdan keyin Ali Abbosov nomidan kichkinagina axborot va Ibn Sinoning turkiyda yozgan she’rini ko’tarib chiqdi.
«Buyuk Abu Ali ibn Sino ozarboyjon faylasufi Abu al-Husayn Baxmanyorning ustozi bo’lgan. Olim shogirdining iltimosi bilan «Kitob al-mubohasot» asarini yozgan.
Ibn Sino Hamadonda uzoq vaqt yashab, arab va fors tillarida ijod etgan. Ammo uning turkiy tilda asar yozgani fanga ma’lum emas edi. Afg’on olimi Muhammad Ruhiy Afg’oniston maorif entsiklopediyasiga yozgan maqolasida birinchi marta bu haqda ma’lumot beradi va Ibn Sinoning turkiy tilda yozgan quyidagi satrlarini misol tariqasida keltiradi:

Dushanba, shanba kuni ketma sharqa,
Na yakshanba, na juma kuni – g’arba.
Seshanba, chorshanba kuni zinhor
Shimola ketma, ey, sodiq, shirin yor.
Januba qilma payshanbada niyat –
Qilibdir Buali buyla vasiyat…

– Forscha she’rlariday zo’r emas ekan-u, lekin Ibn Sino shaxsiga yaxshigina oydinlik kiritadigan she’r ekan, – dedi Asqad Muxtor. – Hali bu shov-shuv bo’lib ketishiyam mumkin…
She’r chop etildi. Lekin, afsuski, Asqad Muxtor aytganiday shov-shuv bo’lmadi. Ibnsinoshunoslar nazariga tushmadi shekilli.

BEKOR YOTGANDAN BEKOR ISHLA

«Vaqt ziq, ish ko’p, jurnalning galdagi soni erta-indin bosmaxonaga tushib ketishi kerak. Hali matnlarning talay qismi bosh muharrir nazoratidan o’tmagan, oqqa ko’chirilmagan. Hali qanchasi bo’limlardan chiqmagan. Ustiga ustak, havo issiq, xona dim, bu ham yetmaganday, chekaverib, tutunga to’ldirib yuborganman. Nafas olib bo’lmaydi. Shunga qaramay, terlab-pishib tahrir qilaman. Qo’ng’iroq jiringlaydi.
– Men Asqad akangizman, – degan bo’g’iq, zaif ovoz eshitiladi go’shakdan.
– Eshitaman, Asqad aka?
– Xizmat mashinasini chaqiring. Stolimning ustida bir to’p o’qilmagan materiallar bor. Yana bo’limlardan chiqqanlari bo’lsa, ularni ham qo’shib, menga olib kelib bersangiz. Uydaman. Isitmalab yotibman, ishga borolmadim. Betobchilikda ermak qilaman, – deydi. Pixillagan ovoz keladi. Chamasi, kuladi.
– Mazangiz bo’lmasa, qo’yavering, o’zimiz bir amallaymiz, – deyman. – Toliqib qolasiz.
– Bir o’zingizga qiyin bo’ladi. Vahobjonning ta’tildaligi chatoq bo’ldi, – deydi. – O’zim ko’zdan kechirmasam bo’lmas. Bekordan xudo bezor. Obkelavering.

Eshikni Roza opa ochadi.
– Voy-bo’, pishib ketibsiz-ku. Kusha shunday issiqma? O’tirig’iz munda, – deb o’rindiqni ko’rsatadi. Keyin: – Men hazir, – deydi-da, muzlatgichdagi idishdan bir kosachaga qip-qizil olcha sharbati quyadi. Chanqab, o’lib turgan bo’lsam-da, shartta yutoqib ko’tarishga iymanaman. Avval ozgina ho’plab ko’raman, muzday. Tishni sindiray deydi. Yo’q, ehtiyot bo’lish kerak. Tag’in tomog’imdan shippa olmasin. Hadigimni sezganday Roza opa ham: – Az-azdan iching, – deb maslahat beradi. – Asxad simirib ichdi. Tamag’i ag’rib, issig’i chig’ib yatipti. Siz o’tirib turing, men Asxadg’a aytay kelganingizdi…

Shunday deb ikkinchi qavat zinasiga oyoq qo’yganda, shashtidan qaytaraman:
– Qo’yavering, bezovta qilmang, yotaversinlar. Faqat manavini olib chiqib berib, menga boshqa gaplari bor-yo’qligini bilib tushsangiz, bo’ldi, – deyman matn to’la jildni qo’liga tutqazib.
– Ish olib keldig’izmi? O’zi so’radimi? Hayyya! Kasal bo’lsa-da, dam olishni bilmaydi bu! – deya nolib ketadi birdan. – Nisha marta ayttim, shu ishig’izdi qo’ying endi deb. Altmishg’a kirdi, hali hish narsa yazmadi. Chiqing Rashidovqa dedim. Redaktorliqni, mana, siz yashlarg’a bersin. O’zi aytqan, balalar zo’r, har qaysi bir gazeta-jurnalg’a redaktor buladig’an, deb. Endi Asxadg’a kitablarini yazib yatadig’an vaqt keldi axir. Hayyya!..
– Qo’yavering, ermak qilaman, deyaptilar-ku. Bekor yotgandan bekor ishla, degan gap bor. Ishga chalg’isalar qaytanga tezroq tuzaladilar, – dedim.

O’zim esa kasalligida ham tinib-tinchimaydigan, vaqtini, umrini behuda o’tkazmaydigan bu zahmatkash insonning matonatiga ichimda yana bir bor tasanno aytdim… “Umrini behuda o’tkazmaydigan bu zahmatkash inson” degan gapni qayta o’qib o’ylanib qoldim: rostdan ham shundaymi? Abadiyat mezonlari bilan o’lchanganda Asqad aka adabiyotning kuchini o’tin yorishga sarflamadimi? (Abdulla Qahhor iborasi esingizdami?)

HAM QUVLASH, HAM QO’LLASH

«Vahob Ro’zimatov ta’tildan yangi kuch-g’ayratga to’lib qaytadi. Diydiyosini qolgan joyidan davom ettiradi:
– Okovsi, krossvord bo’limining mudiri qatta? Nima ish qivotti?
– Naga Tohirri pig’li aynab yuribdi? Sal gapga chikonglaydi?.. Sirkasi suv ko’tarmay qoptimi?
– Sag’dinov sariq bo’ldim deb endi besh-o’n kun yotadi yalpayib bannisada… Ishini kim qiladi?
– Anuv «Yosh aql»ga nima bo’ldi? Uyam ketaman devotganmishmi?

(Shu o’rinda ochiqlab ketay: Vahob Ro’zimatov krossvorddan boshqa narsa bermaydi degan ma’noda kesatib Murod Xidirni krossvord bo’limining mudiri deydi. Mahmud Sa’diy esa o’zining ikki xodimiga – Erkin A’zamga «Bosh aql», Xayriddin Sultonovga «Yosh aql» deb laqab qo’ygan. Tahririyatda deyarli hamma ularni shunday deydi.

Umuman, Mahmud Sa’diy ko’pchilikka laqab taqaydi. Samarqad-Jizzax tomonliklarni yoppasiga Jonqovul, surxondaryolik va qashqadaryoliklarni yalpisiga Surqash, jami iste’dodsiz yosh-yalanglarni Dadarlar deydi. Shukur Xolmirzaevni – Sholoxov, Murod Xidirni – Eshon, Sa’dulla Ahmadni – Ketmondasta, Abdulla Sherni Ashir (A.Sherdan), meni «S.Rahmon»dan kelib chiqib So’laqmon deydi va hokazo. Biz esa shuncha bilimi bo’laturib, hech narsa yozmasligiga ishora qilib, uni ba’zan Og’zaki tanqidchi, ba’zan Fol`klor deymiz.)

Darhaqiqat, keyingi uch-to’rt oy ichida «Guliston» yana bir silkindi. Tohir Malik bo’shadi. O’rniga Muhammadali Qo’shmoqov keldi. Sal o’tmay, Xayriddin Sultonov ketdi. O’rnini Oqiljon Husanov egalladi. O’zgarish o’zi kichik bo’lsa-da, ichki muhitga ta’siri katta bo’ldi. Tahririyat obu havosini tubdan o’zgartirib yubordi. Gap shundaki, avvallari jamoada ertalab ishga kelgan zahoti u yoki bu rahbarning oldiga boshliqsalomga kirish odati yo’q edi. Har kim to’ppa-to’g’ri ish o’rniga kelib o’tirib, o’z ishini bilib qilaverardi. Boshliqlardan birortasi chaqirsa, yoki o’zining ishi bo’lsa, kirib, so’rashib, ishini bitirib chiqardi.

Yangilar nihoyatda «odobli», «odamshavanda» chiqib qoldi. Oqiljon Husanov ham, Muhammadali Qo’shmoqov ham ishni har kuni ertalib boshliq ziyoratidan boshlar ekan. Ikkovi ham xudoning bergan kuni Vahob Ro’zimatov ziyoratiga kirishni kanda qilmaydi. Kamida yarim soat chaqchaqlashib o’tirib, keyin ish joyiga boradi. Aslida buning hech yomon joyi yo’q. Ayniqsa, ziyorat to’g’ri ko’ngilda, samimiy bo’lsa, xushomad aralashmasa…

Biz, eskilar, gapning ochig’i, xushomad qilishni bilmasdik. Boshliqlarimiz bizni xushomadimiz uchun emas, mehnatimiz, qobiliyatimiz, qilgan ishimiz uchun qadrlashi kerak deb o’ylardik. Shunday ham bo’lardi. Qobiliyatimizga, ishimizning saviyasiga qarab rag’batlantirilar, qadrlanar, lavozimda bir pog’ona-yarim pog’ona ko’tarilar edik.

Yangilarning bunday muomalasi, ko’ngil ovlashlari, Vahob Ro’zimatovga yomon ta’sir qildi. Hech kutilmaganda ortiqcha izzattalab bo’lib qoldi. Bizdan, eskilardan ham xuddi shunday xushomad ta’ma qilishga o’tdi. Xuddi shunday muomala kuta boshladi. Biz esa o’sha-o’sha «g’o’daygancha», o’sha-o’sha «boyvachchalikcha» qolaverdik. Shundan so’ng kesatiqlarga, yozg’irishlarga, yanishlarga, chalpishlarga, achchiq-tiziq gaplarga, zaharxandaga zo’r berdi. Ta’nayu dashnomlari ko’paydi, qildan qiyiq axtaradigan, o’tirsak – o’poq, tursak – so’poq, deydigan qiliq chiqardi. Zahariga zahar qo’shildi. O’shanda unga bag’ishlab manavi she’rni yozganman.

ZAHAR ODAM

Ana u, kelmoqda, yurak og’usi
tomchilab turibdi yuzidan chak-chak.
Qoplon ko’zlariday qonsirar ko’zi,
sassiq so’z to’kilar og’zidan lak-lak.

Bor zahri ikki qosh oralig’ida
bir tugun solmishdir – na so’gal, na xol.
Mushuk miyoviga va yo yig’iga
o’xshash bir tovushda ming’irlar bu chol.

Qarashlari nishli – naq qovoqari –
ko’zingga sanchilar, dilingni chaqar,
sichqonni tutolmay och qolgan qari
mushukday hurpayib, zardali boqar.

Osilgan lunjida suvaraklarday
ta’nalar, tanbehlar o’ynaydi g’ujg’on,
bamisoli mergan g’umaraklarday
ayni yuragingni olarlar nishon.

Goh o’ynar u sodda qalblarimizni
bir hurkak qushchadek qo’liga olib.
Gohi g’ijimlaydi qog’ozdek bizni,
goh chaynar qazidek og’ziga solib.

Yo’q, uni go’l demang, o’ta quv, uqmas,
ha, atay uqmas u elning dardini.
O’ziga gard olmas, surbet, suvyuqmas,
gulning oqin sevmas, sevar zardini.

Odamning mardini xush ko’rmas bu mor,
sevar landavurin, yaltoq, lanjini.
Odamning shodligin yoqtirmas zinhor,
sevar til jabrini, ko’ngil ranjini.

Garchand uning zahil basharasiga
tupurib tursa-da zamona goh payt,
qulf urib qalbining tashqarisiga,
ichida uxlaydi bu nomard loqayd.

Ana u, kelmoqda, yurak og’usi
chak-chak tomib turar yuzidan bot-bot.
Qoplon ko’zlariday qonsirar ko’zi,
ehtiyot lozimdir, do’stlar, ehtiyot…

1980

O’sha kunlari, deng, kutilmaganda sho’rlikning boshiga katta kulfat tushdi. Pushtikamaridan bo’lgan o’g’li o’z tuqqan onasini so’yib qo’ydi. Aytishlaricha, yigitning esi joyidamas, sal anaqaroq ekan. Birvarakayiga ikki yaqinidan judo bo’lish ota uchun, erkak kishi uchun juda og’ir musibat. Axir bir kunda uzoq yillar bir yostiqqa bosh qo’ygan xotin – qabrga, ne-ne umidlar bilan voyaga yetkazilgan o’g’il ruhiy xastalar shifoxonasiga tushsa, bunga chidash uchun qanday zo’r asab, qanday zo’r iroda kerak? Tavba deylik, xudoyimning o’zi hech bir bandasining boshiga bunday ko’rgulikni solmasin.

Vahob Ro’zimatovning irodasi zo’r, asabi mustahkam ekan. Bukilmadi, sinmadi. Aksincha, alamzadaligi yanada ortdi. Atrofidagilarga zahrini yanayam ko’proq socha boshladi. Dag’dag’asi hammani bezillatib qo’ydi. Hamma unga yuragini hovuchlab ro’para bo’ladigan, orqavarotdan shikoyat qiladigan, dastidan dod deydigan, noliydigan bo’lib qoldi. Mening xonam naq hasratxonaga aylandi. Undan norozi har bir kishi dardini faqat menga yoradi. Bosh muharrir Asqad Muxtorga aytishga istihola qiladi. Men ham aytolmayman. Oltmish yoshi bahonasida o’tkaziladigan tavallud to’yiga hozirlik ishlari bilan band bo’lgan bosh muharrirning kayfiyatini buzgim kelmaydi. Boz ustiga, u o’sha kunlari ishxonada juda kam bo’lardi. Vaqtining ko’pi vodiyda, viloyatlarda, poytaxtda kitobxonlar bilan bo’layotgan uchrashuvlarda o’tardi.

Tahririyatda esa iqlim tobora chatoqlashib, vaziyat taranglashib borar, shunga qaramasdan biz chidardik, Asqad Muxtorning tavallud to’yi o’tishini kutar edik.

Nihoyat, 1980 yilning 20 dekabri oqshomida «Zarafshon» restoranida bo’lib o’tgan katta ziyofat avvaliga viloyatlarda, keyin poytaxtda uyushtirilgan uchrashuvlar, yig’inlar, tantanalarga yakun yasadi.

Asqad Muxtor g’oyat baxtiyor edi. Ziyofatga guras-guras kelgan yozuvchi-shoirlar, olimlar, san’atkorlar, arboblarning qutlovlarini, yoru birodarlari, yaqinlari, jamoalar, tashkilot va idoralar vakillari yelkasiga yopgan to’nlarni yuzda tabassum bilan qabul qiladi, Muhabbat Shamaeva bilan Ilyos Mallaevning sho’x, o’ynoqi qo’shiqlariga raqs tushayotganlardan ko’z uzmaydi, quvonch va hayajondan qizargan chehrasi yal-yal yashnab o’tiradi.

Bu shodiyona zavqini totish, kayfini surish uchun unga yana qariyb bir oy vaqt berdik. Nihoyat, men Asqad Muxtorni vaziyatdan xabardor qildim. Tahririyatda obu havo yaxshi emasligini aytib, biror chora topishini so’radim.
– Chorasi bitta, murosa, – dedi u avvaliga qat’iy qilib, keyin sal yumshadi. – Yosh bola emassizlar-ku, kelishib ishlayversanglar bo’lmaydimi axir?
– Kelishishning iloji bo’lmayapti-da. Vahob aka to’nini teskari kiyib olgan. Qildan qiyiq axtarib, hammaga tirg’algani-tirg’algan, – dedim.
– Nima qilay, Vahobjonni ketkazaymi? – dedi u.
– Bilmadim, – dedim o’zimni tag’ofilga solib, aslida uning vijdoniga havola qilib. – YO u, yo biz ketishimizga to’g’ri keladi. Boshqa chorasi yo’q shekilli.
– Buntarlar ko’pchilikmi?
– Ko’pchilik.

Asqad Muxtor qizardi, sal bo’g’riqdi. Chamasi, jahli chiqdi. Ko’zoynagini olib, birpas yuzimga qarab turdi. Keyin bosiq, xotirjam ovozda:
– Agar butun tahririyat talab qilsayam Vahobjondan kechmayman, – dedi qat’iy. – U mening qirq yillik do’stim… Bilib qo’yinglar!

Asqad Muxtor fikrini aniq va tushunarli qilib aytdi. Ortiqcha gapga hojat qolmadi. Men ariza yozishga shaylanib turgan «buntarlarga» o’rtamizda bo’lib o’tgan gapni oqizmay-tomizmay yetkazdim. Bir ovozdan hammamiz ariza yozishga kelishdik. Ariza yozildi, imzolar chekildi va u o’sha kuniyoq Asqad Muxtorning qo’liga tegdi. Arizani ko’rib, sholg’omday qip-qizarib ketdi.
– Bu ariza bo’lmaydi, – dedi g’alati ovozda. – Men kollektiv arizaga qo’l qo’ymayman. Bitta-bitta yozinglar. Har kim o’z arizasini o’z qo’li bilan alohida yozsin.
Bu talabni eshitib, qatordan quruq qolmaslik uchunmi yo boshqa biror sababdanmi, umumiy arizaga qo’l qo’yganlardan ba’zilari bo’shashdi. Birinchi bo’lib Shomurod Siddiqov uzrini ochiq aytdi.
– Endi mendan xafa bo’lmaysizlar, men sizlar bilan ruhan birgaman. Lekin jo’jabirday jonmiz. Ishdan ketsam, bola-chaqam qiynalib qoladi, – dedi.

Mashinkachi qizlar ham taysallashga tushdi, Nazira Yo’ldosheva paysalga soldi.
Mahmud Sa’diyning e’tirozi boshqacharoq bo’ldi:
– Qo’yinglar shu ishni. Ketmanglar. Shu o’zimiz bilgan Vahob aka-da. Bukrni qabr tuzatadi. Nimasiga achchiq qilasizlar? Burgaga achchiq qilib, ko’rpaga o’t qo’ymanglar. Eshakni go’shti – harom, mehnati – halol…
Xullas, to’rt jo’mard – Murod Xidir, Erkin A’zam, Aleksey Jdanov va men ahdimizdan qaytmadik. Arizamizni alohida-alohida yozdik va men hammasini bir paytda olib kirib Asqad Muxtorning oldiga qo’ydim.

U menga g’alati qaradi-da:
– Afsuski, o’ttizinchi yo elliginchi yillar emas-da, – dedi.
Gapiga tushunmadim. Nima demoqchi bo’ldi? O’shandan beri o’ylayman. Halihanuz tushunolganim yo’q. Nahotki, “hammangni ottirib yuboraman” demoqchi bo’lgan?..

Qisqasi, u barchamizni bir kunda bo’shatmadi. Arizamizga bir kun-ikki kun oralatib qo’l qo’ydi. Birinchi bo’lib meni bo’shatdi. Ichimizdan birortasi bilan yakkama-yakka gaplashib, fikridan qaytarishga, «sotib olishga» uringan-urinmaganini bilmayman. Shuni bilamanki, ariza yozganlardan birortasi lafzidan qaytmadi.
«Guliston» Markazqo’mning jurnali edi. Bir hafta ichida to’rt kishining ishdan ketishi yaxshilik alomati emasdi. Isyon hidi bor edi bunda. Va bu hid tegishli idoralarga, hatto eng birinchi Shaxsga ham yetib bordi. Zudlik bilan rokirovka boshlandi. Biz fevralda ketgan bo’lsak, oradan bir-bir yarim oy o’tib, aprelda Asqad Muxtor ham «Guliston»dan olindi. O’sha davr siyosiy udumiga ko’ra, bir rahbarning issiq joyini sovutib, boshqa o’ringa o’tkazish ham jazoning bir turi edi. Shu tariqa «O’zbekiston madaniyati» degan ilimiliq gazeta tugatilib, o’rniga «O’zbekiston adabiyoti va san’ati»ni chiqarish Asqad Muxtorga yuklandi. «Guliston»ga Mirmuhsin o’tdi, uning o’rniga – «Sharq yulduzi»ga Hafiz Abdusamatov keldi.

Men bizning sarkashligimiz, qaysarligimiz Asqad Muxtorni juda qattiq xafa qilgan bo’lsa kerak deb o’ylardim. Yo’q, unday emas ekan. Gina saqlamagan ekan. «O’zbekiston adabiyoti va san’ati»ga o’tishi bilanoq meni yo’qladi. Shaxsan o’zi emas. Muhabbat Turobova degan opamiz orqali. Shu opa menga: «Asqad aka aytdilar, Vladimir Lugovskoyning sakson yilligiga she’rlaridan tarjima qilib berar emishsiz», «Asqad aka Osiyo-Afrika shoirlari ijodidan yarim sahifaga mo’ljallab she’rlar berishingizni so’rayaptilar», «Sulaymon o’z she’rlaridan katta bir podborka tayyorlab bersin deyaptilar Asqad aka» deya tez-tez qo’ng’iroq qilib turadigan odat chiqardi. Men ham qaysarligimni tashlab, shu tariqa «O’zbekiston adabiyoti va san’ati»ning faol muallifiga aylandim. Har sonida bo’lmasa ham har ikki-uch sonida Asqad Muxtor buyurtmasiga ko’ra Andre Morua, Andrey Voznesenskiy, Maksim Tank, Suyunboy Eraliev, Lev Oshanin va boshqalardan qilgan tarjimalarim, dasta-dasta o’z she’rlarim chop etiladi.

Bir kuni televizorni qo’ysam, Asqad Muxtor gapiryapti. Quloq solsam, yo tavba, gap men haqimda, mening she’rlarim to’g’risida. Baland gaplar aytyapti. Hayron bo’ldim, «Guliston»da o’zi chiqargan she’rlarim yoki kitoblarim haqida bir og’iz yo yaxshi, yo yomon, deb fikr bildirmasdi. Endi bo’lsa, «arazlashib» qolganimizdan keyin televizorga chiqib maqtab o’tiribdi. Ochig’i, undan bu qadar xolislik (kishining ko’ziga o’zini maqtayotgan odam dunyodagi yeng birinchi raqamli “xolislik timsoli” bo’lib ko’rinishiga o’sha paytda amin bo’lganman.) va bag’ri kenglikni kutmagan edim. O’jarlik qilib, arzimas bahona bilan shunday tanti insonga ozor berganimdan uyalib ketdim. Lekin uchrashib, uzr so’rashga ham bo’ynim yor bermadi. Bir kuni uyimga o’zi qo’ng’iroq qildi. Xuddi hech narsa bo’lmaganday quyuqqina so’rashgach, Pushkinning «Haykal» she’rini tarjima qilib berishimni so’radi.
– Axir uni Ramz Bobojon tarjima qilgan-ku, – dedim.
– Bir eksperement qilmoqchimiz, – dedi. – Tengdoshlaringizdan besh-olti kishiga aytdim. Hammasini bir sahifada beramiz. O’ziga xos konkurs…

Keyin eshitsam, bu «eksperement» unga ancha qimmatga tushibdi. Ramz Bobojondan eshitadiganini eshitibdi… O’sha paytlarda Ramz Bobojon Hindistonga safarga borib: “Kalkuttada shim tiktirdim, shimim yo’qligidanmas”, deb she’r yozib qaytgan edi. Hamma shu satrni aytib Ramz akani orqavarotdan masxara qilib yurardi…

Bir kuni uyushmadan chiqayotib, zinada Erkin Vohidovga duch kelib qoldim.
– E, Sulaymon, sizni ko’rganim yaxshi bo’ldi. Telefon raqamingizni kimdan bilsam ekan deb yuruvdim. Yaxshiyam, o’zingiz uchrab qoldingiz, – dedi u.
– Ha, tinchlikmi, Erkin aka? – dedim.
– Tinchlik-tinchlik. Yaxshi gaplar bor. Raqamingizni bering, kechqurun gaplashamiz, – dedi . – Hozir shoshib turibman, Sarvar Olimjonovich kutib o’tiribdilar.

Erkin Vohidov kechasi soat o’nlarga yaqin qo’ng’iroq qildi.
– Haligi gapimiz chala qoldi, uzr, – dedi o’ziga xos odob bilan muloyim tovushda. – Yaxshi gap deganim shuki, shaxsan Sharof akaning tashabbuslari bilan «Yoshlik» jurnali chiqadigan bo’ldi. Men bosh muharrir bo’ldim.
– Zo’r bo’libdi-ku, tabriklayman,– dedim xursand bo’lib. – O’zi «Yunost`» tipidagi shunday bir jurnal juda kerak edi bizga ham.
– Rahmat. Endi sizni izlaganimning boisi shuki, birga ishlasak, nima deysiz? – dedi Erkin Vohidov. – Jurnallarda ishlagansiz, «Guliston»da… tajribangiz bor.

Kutilmagan taklifni eshitib, biroz jim qoldim.
– Qolaversa, sizni Asqad aka tavsiya qildilar, – dedi.
– Asqad aka? – dedim hayron bo’lib.
– Ha, Asqad aka. Anuv kuni Sarvar Olimjonovich huzurida bo’ldi bu gap. Sizni jurnal texnikasini yaxshi biladi, tahriri yaxshi, didi yaxshi deb maqtadilar. Nima deysiz?
– Asqad aka aytgan bo’lsalar, bo’pti, roziman, – dedim. – Faqat yana bir-ikkita sherigim ham bor-da, shularniyam ishga olsangiz…
– Albatta, yaxshi yigitlar bo’lsa, olamiz, – dedi Erkin Vohidov. – Kim ekan ular?
– Erkin A’zam, Xayriddin Sultonov, – dedim. – Prozachilar. Agar xohlasangiz yaxshi mashinkachi qizlar ham, tashkilotchi rassom ham bor.
– Juda yaxshi-da! – dedi Erkin Vohidov. Jamoa birdaniga yig’ilib qo’ya qolganiga xursand bo’lib ketdi. – Unday bo’lsa, hammasini chaqiring. Ertaga uyushmada, kichik zalda uchrashamiz.
– Bo’pti, – dedim.

Go’shakni qo’yib o’ylanib qoldim. «Ajabo, avval quvlash, endi qo’llash! Odam shunchalik ham bag’ri keng bo’ladimi? Sarkashlik qilib ko’nglini og’ritganimga qaramay, gazetadan tez-tez ish berib tursa, televizorga chiqib maqtasa, ishga tavsiya qilsa… YO rahmi kelganidan qilayotganmikan bu ishlarni? Balki o’z ishidan pushaymondir?..»
Shunday qilib, sobiq «Guliston»chilar – Erkin A’zam, Xayriddin Sultonov, Abdullar Sher, men, sal keyinroq mashinkachi Xolida G’ulomova «Yoshlik»chilarga aylandik-qo’ydik.

TO’Y BAHONA

«Shundan so’ng oradan biror yilcha o’tib, Sa’dulla Ahmadning to’yi bahonasida Asqad Muxtor bilan birinchi bor yuz ko’rishdik va «rasman yarashdik». Aytmoqchi, bu kunga kelib sobiq «Guliston»chi Sa’dullani ham «Yoshlik»chiga aylantirib olgan edik. Qisqasi, u o’g’illarini sunnat to’yi qiladigan bo’ldi va mendan Do’rmonga, Yozuvchilar ijod bog’iga borib, Asqad Muxtorni kechki bazmga olib kelishimni iltimos qildi. Men o’sha paytlari «Jiguli» olgan, havaskor haydovchi edim.
– Moshina haydashni endigina o’rgangan bo’lsam, – deb vaj ko’rsatmoqchi bo’ldim. – Katta yozuvchini olib yurishni menga qanday ishonasiz? Qo’rqaman.

Bahonamga asl sabab aslida bu emasdi, men o’sha ko’ngilsizlikdan keyin Asqad Muxtor bilan yuzma-yuz kelishdan qo’rqar edim chamasi.
– Endi iltimos-da, jo’ra, bir yaxshilik qiling, – deb turib oldi Sa’dulla. – Men sizga orqa qilib, Asqad akaga, sizni Sulaymon borib, moshinasida olib keladi, deb qo’ng’iroq qilib qo’yganman. Bormasangiz, uyatga qolaman, jon jo’ra…

Xullas, shomga yaqin boqqa kirib borsam, Asqad Muxtor Said Ahmad bilan tikoyoqda chaqchaqlashib, kayfiyati xush, mashhur eman tagida, meni kutib, shay turgan ekan. Moshinadan tushishim bilan Said Ahmad:
– Raisimiz yoshlarni xo’p siylavottiyu, a, Asqad, buni qara, ko’z tegmasin, toychog’i zo’r-ku, a? – dedi. – Biz, chollargayam shunaqasidan bersa, yo’q demasdik.
– Sarvar Olimjonovich yoshlarni qo’llab, to’g’ri qilayapti. Senga daqqiyunusdan qolgan «Volga», menga shaldiroq «Moskvich» ham bo’laveradi. Yoshlar – kelajagimiz, ularni har qancha siylasa arziydi, – dedi kulib.
– Lekin men ham uni boplab siylaganman, eshitganmisiz? – dedi Said Ahmad menga qarab.
– Yo’q, – dedim.

Asqad Muxtor men bilan xuddi oramizda hech gap o’tmaganday, xuddi har kuni ko’rishib yurganday, qadrdonlarcha samimiy so’rashdi. U to’g’risida yomon o’ylarga borib yurganimga yana bir karra ichimdan zil ketdim.
– Saydahmad, sen oldinga o’tiraqol, men o’zimning har doimgi joyimga o’tiraman, – dedi-da, chiqib, orqa o’rindiqning chap burchagiga o’tirib oldi.
– Posangi buziladi-ku, o’rtoq, o’rtaroqqa o’tiraver, – deb kuldi Said Ahmad. Keyin menga tushuntirdi. – Ana, ishonmagin do’stingga, somon tiqar po’stingga deganlari shu-da. Hamma baloga mani ro’para qilib, oldinga o’tqazadi-da, o’zi sizning orqangizga bekinib o’tiradi. Shopirning orqasi bexavotirligini biladi-da. Qo’rqoq…
– Qo’rqoq emas, ehtiyotkor, – deb tuzatdi Asqad Muxtor.
– Yaqinda, yangi raisimiz hammamizni paxta terimiga olib chiqdi, – deb haligi gapini qolgan joyidan boshladi Said Ahmad. – Nomiga. Xo’jako’rsinga. Kattaga yoqish uchun. Xullas, bir avtobus bo’lib dalaga bordik. Etak bog’lab, paykal oraladik. Hamma qo’lidan kelgancha terdi. Men raisning qavatida yurdim. U paxta terdi, men unga qiziq-qiziq hangomalardan aytib turdim. Tarozibonning oldiga kelib, qarasam, hammaning etagida uch-to’rt kilo bo’lsayam, paxta bor. Gap bilan bo’lib, men bir kiloyam termabman. O’lchatishga uyalib, indamay chetga chiqib turdim. Bir payt Nosir Fozilov yonimga kelib etagimdagi bir siqim paxtani tutamlab ko’rdi-da, qitmirligi tutib baland ovozda: «Uyat emasmi, Said Ahmad aka, oqsoqol, tergan paxtangiz raisimizning ketini artishgayam yetmaydi-ku» deb qoldi. Gurra kulgi ko’tarildi. Hech kutmagan edim, o’sal bo’ldim. «Obbo, zalatoy, dedim, raisning ko’ngliga endi yo’l topganimda, ishni pachava qilding-ku. Hap sanimi!», dedim. Tilim qichidi. Og’zimga kelganini qaytarmay shartta otdim:
– Sen tashvishini qilmay qo’yaqol, Nosir, raisimiz senga o’xshab paxtaga artmaydilar, bilmaysanmi, u kishi pat… qog’ozga artadilar, dedim. Qalay, boplabmanmi?
– Sen Nosirni emas, raisni boplabsan-ku, – deydi Asqad Muxtor.
– E, Nosirniyam boplaganman, – deydi Said Ahmad. Keyin menga dakki beradi:
– Hey, siz g’alati bola ekansiz-ku! Nega chiziqni minib yurasiz? Hozir birorta olatayoq ko’rib qolsa, ishingiz pachava bo’ladi. Joningizga ora kiradigan Saribola yo’q.
– Saribolangiz kim? – deyman.
– Saribolani bilmaysizmi? – deb hayron bo’ladi Said Ahmad. – Nosir Fozilov-da.
– Nima, Nosir aka hamma olatayoqlar bilan tanishmi? – deyman.
– Eshitmaganmisiz? – deydi Said Ahmad. Keyin gapga tushadi. – Nosir Fozilovni moshinamga o’tqazib, dachadan chiqib, Do’rmonning yo’lida shaharga uchirib ketayotsam, Arg’indan sal narida daraxt panasida bir olayotaq poylab turgan ekan. Shartta chiqib, tayog’ini siltab, hushtagini churillatib qoldi. Men ham mardlik qilib taqqa to’xtadim.
– Hujjatlaringizni ko’rsating, – dedi qo’lini chekkasiga yuborib.
– Tezlikni sal oshirvordim, aybdorman, komandir, kechirasiz, vaqt ziq, shoshmasam bo’lmaydi, manavi ukamizning ahvoli chatoq, bannisaga opketyapman, – dedim.

Melisa orqa eshikni ochib engashib qaradi. Ko’rsa, aftini bujmaytirib, sap-sariq bir odam o’tiribdi.
– Nima bo’ldi bu kishiga? – dedi.
– Ko’rmayapsizmi, sariq bo’pqoldi! – dedim.

Yana bir qaradi-da, shartta orqaga tisarildi:
– Ja, o’tib ketganga o’xshaydi-ku. Haydang-haydang, tezroq haydang! – deb shoshirdi rangi quv o’chib. Yuqishidan qo’rqib ketdi shekilli, boyaqish.
– Bunisi endi latifa,– deydi Asqad Muxtor gapga aralashib. – O’zi to’qigan…

Bir yosh yigit to’yboshi ekan, davrani olib bordi. Har xil bachkana qiliqlar qildi, latifalar aytdi. Said Ahmad surishtirdi, Teatr va rassomlik instituti talabasi Mirza Xolmedov ekan.
– Praktikani Sa’dullaning to’yidan boshlabdi, – deb kuldi Said Ahmad.
– Sahna ko’rmay, umri to’yda o’tib ketadiganga o’xshaydi, – dedi Asqad Muxtor. – Sendan ham bachkana ekan sho’ring qurg’ur…
Said Ahmad indamadi. O’zini eshitmaganga solib, taomga ovora bo’ldi. Ajabo, hech kimga tilini bermaydigan, yozuvchi-shoirlar o’rtasida «O’qlangan miltiq» deb nom olgan va har doim hozirjavob Said Ahmad negadir
bu gal Asqad Muxtorga javob o’qini uzmadi…


SO’NGGI UCHRASHUVLAR

«G’afur G’ulom nashriyotning Adabiy tanqid va adabiyotshunoslik bo’limida ishlayotganimda nasr bo’limining mudiri Nosir Fozilov xonamga kirib:
– Shair, Asqad akangiz «Amu» degan bir ro’mon yazibdi. Shuni tahririni Sulaymonga bersangiz deyapti, – deb qoldi.
– Axir men…
– Aytdim, u boshqa bo’limda deb… ko’nmayapti. Erta-indin o’ziyam kelib qoladi. Ilgari Vahob Ro’zimatovga ishanardi kitoblarining tahririni. Endi sizga ishanayapti. Asqad Muxtarday yazuvchi kitobining taqdirini sizga topshirmaqchi bo’layotgani katta chest, bilsangiz. Yana o’zingiz bilasiz. Xohlamasangiz, salmoqliroq bir vaj topib qo’ying, – deb maslahat berib chiqib ketdi.

Nosir Fozilov aytganiday tez kunda Asqad Muxtorning o’zi keldi. Mening nasr bo’limiga aloqam yo’qligidan boshqa salmoqli bahonam yo’q edi. Ustiga ustak, Asqad Muxtor bahonamni eshitgisiyam kelmadi. Gapni shikoyatdan boshladi.
– «Sharq yulduzi»dagilar xudo, parvardigor degan so’zlarni falak, osmon deb o’zgartirib chiqishibdi. Sizdan iltimos, shu tomoniga ehtiyot bo’lsangiz, – dedi. – Mening intonatsiyam buzilmasa bo’ldi. Qolgani o’zingizga havola. Sizga ishonaman…

Noiloj qoldim. Qo’lyozmani qo’ltig’imga qistirib ketdi. Avvaliga shunchaki varaqlab ko’rdim. Bir-ikki jumla o’qib ko’ray-chi, dedim. Bir mahal qarasam, ancha-muncha o’qib qo’yibman. Voqealar, chiroyli tasvirlar, sarguzashtlar, intrigalar ohanraboday tortdi-ketdi.

Nafsilamrini aytganda, o’zim ham kazo-kazo olimlarning to’mtoq va no’noq jumlalariga duch kelaverib, hakka cho’qigan «akadem» tili bilan yozuvchining xalqona tilini «cho’qiydigan» ba’zi «shunos»larning puch fikrini to’q qilaman deya tirishaverib charchagan ekanman. Asqad Muxtor asarini o’qish, tahrir qilish yozuvchiga aql o’rgatuvchi «shunoslar» kitoblarini o’qish va tahrir qilishday azob emas, aksincha, bir olam huzur bag’ishladi menga. «Amu»ni o’qigan sari Afg’onistonda nari borsa besh-o’n kun safarda bo’lgan adib bu o’lka jug’rofiyasini, landshaftlarini, tabiatini, odamlarining fe’l-atvorini xuddi bir umr o’sha yerda yashagan kishiday aniq, tiniq va teran aks ettira olganiga qoyil qoldim…

Shundan so’ng Asqad Muxtorni 1991 yilning 15 noyabrida Adiblar ittifoqining ta’sis qurultoyida ko’rdim.
So’zga chiqib, Adiblar ittifoqi tashabbuskorlarining ishini ma’qulladi. Ammo g’alati bir gap ham qildi. O’ta ko’ngilchanligi tufayli atrofiga bir to’da tarafkashlarini to’plab olib, Yozuvchilar uyushmasining ikkiga bo’linib ketishiga sababchi bo’lgan Odil Yoqubovni ham Adiblar ittifoqiga a’zo qilib olsak, degan taklif kiritdi. Qurultoy uni rayosatga sayladi, ammo taklifini inobatga olmadi.

Mening raddiyam ham inobatga olinmadi, bosh kotiblikka saylandim. Yangi uyushmani yo’qdan bor qilish: uni ro’yxatdan o’tkazish, shtatlarni shakllantirish, hukumatdan bino, mablag’ undirish va hokazo tashkiliy ishlar mening zimmamga tushdi. Yelib-yugurib, qo’limdan kelgancha uddaladim. Binosiz, maoshsiz bo’lsak ham besh-olti oyda o’nga yaqin katta-kichik tadbirlar o’tkazdik. Nihoyat, vaqtincha bo’lsa-da, muqim bir joyga ham ega bo’ldik. Jamoa shakllandi. Shunday kunlarning birida Asqad Muxtor kirib keldi. Birpas gapni nimadan boshlashni bilmagan yosh boladay iymanibroq o’tirdi. Hol-ahvol so’rashdik. Sezdim, ovozida ilgarigi bardamlik yo’qolganday, allanechuk shikasta tuyuldi. Kayfiyati xuddi boshidan katta ruhiy to’lg’oqlarni kechirgan odamday g’alatiroq edi.
– Qiynalmayapsizmi ishqilib? O’rganib ketdingizmi rahbarlikka? – deya hazilomuz gap boshladi sekin. – Yurtboshi bilan ko’rishib, gaplashibsiz deb eshitdim. Yordam beradigan bo’pti. Hali hammasi izga tushib ketadi. Faqat judayam qattiqqo’l bo’lmang. Yozuvchi ahlini bilasiz, ko’ngli nozik, ular bilan ishlash qiyin, har biri bilan til topishish kerak.

Asqad Muxtor o’ziga o’xshamasdi. Avvallari hech bu ohangda nasihat qilganini eslay olmayman. Bunaqa odati yo’q edi-ku. Qaribdi-da, deb o’yladim. Nazarimda, menga muhim bir gapni aytmoqchi bo’lib, atay kelganday edi. Lekin aytmayapti. Gapni uzoqdan, nasihatdan boshlayotganiga qaraganda, elchi bo’lib kelganga o’xshaydi.
– Rahbar, ayniqsa, ijodkorlarga rahbarlik qiladigan odam melisaning olatayog’iday to’ppa-to’g’ri, qattiq bo’lishi kerak emas, – deb ma’nodor jilmaydi. – Rezina tayog’iday mayishqoq, egiluvchan bo’lishi kerak…

Gapini jiringlagan telefon bo’ldi. Uzr so’rab go’shakni oldim:
– Labbay, Erkin aka, eshitaman, – dedim.
– Sa’dulla masalasi nima bo’ldi? – degan ovoz keldi go’shakdan.
– Kechirasiz, Erkin aka, – dedim go’shakka. – Bu masalada men sizga uzil-kesil fikrimni aytdim. Hech iloji yo’q. Axir o’zingiz ham yaxshi bilasiz-ku Sa’dullani. Ish bermaydi. «Yoshlik»da joningizga tegmaganmidi? To’g’ri, to’g’ri, og’aynim, yaxshi yigit. Lekin… u bilan ishlamoqchi emasman.
– Bugun Mirza bilan ikkovi yana yonimga keldi. Mirza qattiq turib iltimos qilyapti. Men xo’p deb qo’ydim. Ishga olmasangiz bo’lmaydi, – dedi Erkin Vohidov qat’iy.
– Ko’nglim tortmagan ovqatni zo’rlab yedirmoqchimisiz?! – deb go’shakni joyiga qo’ydim jahl bilan.
– Nimaga olmayapsiz Sa’dullani ishga? – dedi Asqad Muxtor. – Axir birga ishlagansizlar, bir-birlaringni yaxshi bilasizlar-ku?..
– Hamma gap shunda-da, – dedim. – Uni yaxshi bilaman. O’zi asli jo’ramiz. Meni mas’ul kotiblikka o’tkazishganidan keyin, Erkin Vohidovga tavsiya qilib, «Yoshlik»ning She’riyat bo’limi mudirligigayam o’zim olib borganman uni. U yerda ham «Guliston»dagi qilig’ini davom ettirdi. Ishga tushdan keyin keladi. Ba’zan ikki-uch kunlab ko’rinmay ketadi. Materiallarni vaqtida topshirmaydi. Erkin Vohidovning o’zi necha marta ta’na qilgan menga: qanaqa mas’uliyatsiz odamni olib keldingiz deb? Men o’ziga aytdim, Sa’dulla, jo’ra, «Shirintoy»ni sizga beraman, bosh muharrir bo’ling, deb. Yo’q, shu yerda, Adiblar ittifoqida ishlayman deb oyoq tirab turibdi. Endi bo’lsa… Mirza Kenjabekning pinjiga kirib, Erkin Vohidovning qo’ltig’iga suv purkab yuribdi.

– Ha, oling-qo’ying-da, sizdan nima ketdi. Uyushmaning ishi jurnalnikiday emas, – dedi Asqad Muxtor.
– Yo’q, baribir olmayman uni, – dedim. – O’zim ketsam, ketaman, lekin uni ishga olmayman. Buning boshqa sababiyam bor. Yaqinda Najmiddin Komilov keluvdi. Sa’dullani ko’rib, «Ha, Sa’dullavoy, narigi sayuzning tagiga suv quydingiz, endi bunisiniyam buzmoqchimisiz», deb kuldi. Gapida jon bor. Eshitgan bo’lsangiz, Sa’dulla Odil Yoqubovning oldiga borgan. «Yaxshilikcha o’z ixtiyoringiz bilan iste’fo bersangiz, berdingiz, bo’lmasa so’yaman» deb belidagi pichog’ini ko’rsatib po’pisa qilgan. Hatto hibsga ham olingan ekan. Odil Yoqubovning o’zi borib qutqaribdi.

– Iya, hali shunaqa deng? – dedi Asqad Muxtor hayron bo’lib. – Yomon ekan-ku u!.. Erkin ham biladimi shu gaplarni?
– Bilmadim, – dedim. – Balki bilmas.
– Bo’ldi, tushundim, – deb o’rnidan turdi Asqad Muxtor. – Mayli, omad sizga…

Nazarimda, nimadir demoqchi bo’lib keldi-yu, aytmay ketdi. O’zimcha uni Sa’dulla elchi qilib yuborgan bo’lsa kerak, deb tusmol qildim. Yana kim bilsin…

Najmiddin Komilovning hazil bashorati chin chiqdi. Sa’dulla Ahmad bilan Mirza Kenjabek murakkab shatranj kombinattsiyalarini avjiga mindirdi. Rayosatdagilarning har biri bilan alohida-alohida uchrashib mening ustimdan mag’zava to’kdi… O’zimni tahqirlashdi, tahdid qilishdi. Men so’zimdan qaytmadim. Oqibatda ko’pchilik bo’lib ishdan ketishimga majbur qilishdi. Ketdim. Adabiyotdan, adabiyotchilardan ko’nglim qoldi. O’sha kuni mana bu she’rni yozib o’zimni ovutdim:

Polvon edim, yiqildim. Maydon qoldi, chim qoldi.Fisqu fasod toshidan dabdala ichim qoldi.

Ta’na tiyg’in sanchdilar. Makr dorin qurdilar.
Yo’q ayblarni taqdilar. Beayb bir bitim qoldi.

Qalbimni yashiq qildi tuhmatlarin qamchisi,
fitnalarin darrasi bag’rimda sim-sim qoldi.

Ruhimni mijidilar, jigarimni ezdilar,
qalbimni g’ajidilar – xarob sumbatim qoldi.

Yolg’izligim yovuzlar yozuq deb yozg’irdilar,
ichilmasdan umidim qadahi lim-lim qoldi.

Gangib chiqdim ko’chaga, sovuq, zulmat kechada.
Ketdim. Olis yulduzlar yosh to’kib yum-yum, qoldi.

Tala, shamol! Tala, kuz! Tala, bo’ron! Tala, qor!
Tala, mushuk! Tala, it! Talamagan kim qoldi?!.

Qo’y, o’kinma, Sulaymon, Buxoroga nazar sol:
Mo’g’ul o’tdi. Rus o’tdi. Bari o’tdi. Tim qoldi…

1992, 9 oktyabr`

Shundan keyin juda uzoq vaqt yozuvchiman-shoirman degan zotni ko’rgim ham, unga ko’ringim ham kelmadi. Orada bojxonada ishladim. Adabiyotdan kechmoqchi bo’ldim. Lekin taqdir ekan, kecholmadim. Qalamimni qo’ldan qo’ymadim. Ammo biror joyga biror satr narsa bermadim. Men ana shunday «uzlatga» chekinib yurgan vaqtlarimda Asqad Muxtor og’ir kasalga chalinibdi, tildan qolibdi va nihoyat, bandalikni bajo keltiribdi. Men bexabar yuraveribman. Agar Nabijon Boqiy «Asqad Muxtor zamondoshlari xotirasida» degan kitob qilayapmiz, birga ishlagansiz, xotiralaringizni yozib bering, deb kelmaganida, men uni hali ham hayot deb yurardim. Nabijonga «Xo’p» deyishga dedim-u, lekin xotira yozishga qo’lim bormadi. Uning hayotdan ko’z yumganiga ishongim kelmadi. Men Asqad Muxtor juda uzoq yashasa kerak degan xayolda edim. Chunki zuvalasi pishiq, ruhan bardam, jismonan sog’lom, chiniqqan odamga o’xshardi. Ko’p yayov yurardi. Uydan ishga, ishdan uyga piyoda borib kelardi. Bog’ida ketmon chopardi.

Bugun uning suvratini va siyratini eslashga urinaman. Yurish-turishi, gap-so’zlari, qarashlari, kulishlari ko’z oldimdan o’tadi.

Asqad Muxtorning so’zi o’tkir, zalvarli, fikri teran, salmoqli edi. Uni ko’pchilik adabiy saviya va badiiy didning yuksak mezoni (etaloni) deb bilardi va shu boisdan bo’lsa kerak, hamkasblarining aksariyati uning fikrini hurmat qilardi.

Asqad Muxtor nuktajo’ylar uchun nuktago’y bo’ldi.

Asqad Muxtor qadr-qimmatini yaxshi bildi, nomiga gard yuqtirmadi. Haromdan, hasaddan hazar qildi. Tilagandan himmatini, so’ragandan nusratini ayamadi: hamisha yuzi ochiq, ko’ngli ochiq, qo’li ochiq bo’ldi.

Asqad Muxtor tinch oqar daryo edi. Uning dolg’alarini ko’rish uchun bu daryoga sho’ng’ish – uning asarlari ruhiga kirish kerak.

Asqad Muxtor zamonasozlik qildi – adashdi, chin dildan afsus chekdi.

Asqad Muxtor xatoga yo’l qo’ydi – astoydil tavba qildi, uzr so’radi.
Holbuki, otdan tushsa ham, egardan tushmaydiganlar qancha! Abdulla Oripov aytganiday:

Insonga tobemas zamon, inchunun,
Inson yuragida alamlar qat-qat.
Faqat bir taskin bor, barchasi uchun
Afsus chekabilsang – shu ham bir davlat.

05.01 2014

Esse mualllifi haqida

09Sulaymon Rahmon 1946 yilda tug’ilgan. «Ildiz nima deydi?» (1973), «Xayol» (1975), «Hilol» (1977), «Billur qo’ng’iroqlar» (1979), «Uchinchi qiz» (1984), «Oydin diyor» (1985), «Yaynag’an o’lke» (1986, qoraqalpoq tilida), «Daraxtlarni uyg’otadi shabboda» (1987) nomli kitoblari chop etilgan. Bir qator she’rlari rus, ispan, bolgar, turk, turkman, tojik, qoraqalpoq tillariga tarjima qilingan. Moskvada, Ashxabodda, Isfarada bo’lib o’tgan adabiy anjumanlarda (seminarlar, festivallarda) ishtirok etib, o’sha davrning mashhur shoirlari Qaysin Quliev va David Qug’ultinov nazariga tushgan.Sulaymon Rahmon tarjimasida she’riyat muxlislari A. Pushkin, H. Hayne, A.Blok, YU. Martsinkyavichyus, A.Voznesenskiy, Q.Quliev, O’. Sulaymonov, G. Emin, A.Sofronov, N.Gribachev, YU.Voronov, T.Qobulov va juda ko’plab boshqa rus, Ovrupo hamda Afrika shoirlari ijodidan bahramand bo’ldilar. U J.Bayronning «Don Juan» she’riy ro’monini, P. Nerudaning «Mushtarak qo’shiq» she’riy epopeyasini va J.Rumiyning «Ma’naviy masnaviy» asarining birinchi daftarini ona tilimizga o’girdi.Nasr ishqibozlari yapon adibi K.Abening «Yashik odam», rus yozuvchisi V.Shukshinning «Xo’roz uch qichqirguncha», turkman O’. Eminovning «Shiddat», bolalar yozuvchisi E.Uspenskiyning «Fyodor amaki kuchuk va mushuk», «Kafolat odamchalari» kabi ro’mon va qissalarini uning tarjimasida o’qidilar.

xdk

(Tashriflar: umumiy 818, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring