Taniqli adib Omon Muxtor vafot etdi.

омон ака

    Таниқли шоир ва ёзувчи Омон Мухтор 72 ёшида вафот этди. Саҳифамиз номидан адиб оиласига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Адиб узоқ вақтдан буён буйрак хасталигидан азоб чеккани, сўнгги ойларда эса буйрак саратонига чалингани маълум.  Омон Мухтор 16 июль куни 72 ёшга тўларди.
Омон Мухтор 1941 йили Бухорода таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, бир неча вақт нашриётларда адабий ходим, Ўзбекистон радио ва телевидение Давлат қўмитаси, «Ўзбекфильм» киностудияси ҳамда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида эса бош муҳаррир бўлиб ишлаган.
Унинг ижоди 50-йилларнинг охирларида бошланган бўлса ҳам, «Чорлар қуёшли йўллар» биринчи шеърий тўплами 1966 йилда чоп этилади. Шунингдек, «Оҳанг» (1974), «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) каби шеърий тўпламлар ҳам О.Мухтор қаламига мансуб.
Ижодкор болалар учун «Бувим эртак айтади» (1971), «Кунлардан бир кун» (1985), «Минг йилдан сўнг» (1991) каби шеър, эртак ва ҳикоя тўпламлари ҳам яратган.
Омон Мухтор шоир, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис сифатида йигирмадан ортиқ китоб нашр этди. Жумладан, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Ҳаёт дарвозаси» (1978), «Бухоролик донишманд» (1973), «Болаликка саёҳат» (1984) каби ҳикоялар тўпламлари, шунингдек, «Учқур поездлар» (1981), «Вазифа» (1988) каби қиссаларини чоп эттирди. У айни чоғда «Йиллар шамоли» (1976), «Эгилган бош» (1989), «Минг йилдан сўнг» (1991), «Кўзгу олдидаги одам» (1996), «Минг бир қиёфа» (1994), каби романларини яратди.
Омон Мухтор «Эгилган бош» романи учун 1990 йилги Ёзувчилар уюшмасининг йиллик адабий мукофотига сазовор бўлган. Адиб таваллудининг эллик йиллиги муносабати билан (1991) унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган.

Шоир Омон Мухтор бугун Тошкентдаги «Минор» қабристонида дафн этилган.

(Tashriflar: umumiy 42, bugungi 1)

1 izoh

  1. Өзбек хәлқиниң иззәтлик вә қәдирлик әдиби мәрһум аман мухтар акниң гүзәл күйлири унтулмайду! мәрһумниң аилисигә сәбир тиләймән!

Izoh qoldiring