Ullibibi Otayeva. She’rlar

042   Ўзбек шеъриятида ўз изини қолдира олган шоира Уллибиби Отаева тирик бўлганда, баҳорнинг  айни шу кунларида 67 ёшга тўлган бўларди. Бугун ҳам шоиранинг шеърларини ўқиган сезгир одам, сўз, бу қандай ўткир назар бўла олишини, нақадар мазмундор шаклларга кира олишини ва ҳамма ҳолларда инсон ички руҳий қуввати аёнлигини ҳис қилади.

04
Умид БЕКМУҲАММАД
УЛЛИБИБИ ОПАНИНГ ДАРДЛАРИ
08

Қадим Хоразм воҳасида шоиралар кам бўлган. Ҳозирда эса вилоятда Гавҳар Ибодуллаева, Сайёра Самандарова, Бибисора Отаева, Муҳаббат Сафоева, Насиба Жуматова, Дурпошша, Шакаржон Ибодуллаева, Зулфия Матёқубова, Умида Нурзодаларнинг кўплаб шеърлари , тўпламлари ўз мухлисларини топиб улгурди.

Табиийки, уларнинг бари хивалик Уллибиби Отаевани ўзларига устоз деб билишади. Уллибиби опа 1948 йили Ичан Қаълада таваллуд топганди. Болалигидан адабиётга, тарихга меҳр руҳида камол топган Уллибиби Отаева 1965-71 йилларда Самарқанд Давлат Университетида таҳсил олади.Шундан кейин Хива туман газетасида, чорак асрга яқин “Хоразм ҳақиқати” газетасида фаолият кўрсатди.

Уллибиби опа газета саҳифаларига ўзбек, хусусан Хоразм аёлларининг дарду ҳасратларини олиб чиқди.Шодлик ва ғамдан иборат аёлларнинг умр йўллари тўғрисидаги шеърлар битди. “Нашида”, “Бармоқлар сеҳри”, “Замин дарғаси” номли шеърий тўпламларини чоп этдириб, ўз мухлисларига эга бўлди.

Шунингдек, шоира ўзбек мумтоз шеъриятини, Хоразм тарихини қунт билан ўрганди, ўрганганлари асосида кўплаб мақолалар чоп этдирди. Аёлларнинг заҳматли меҳнатлари, уларни қийнаётган муаммолар, оғриқли дардлари тўғрисида республика , вилоят матбуотида кўплаб чиқишлар қилди.

Уллибиби опа билан бир даврда Алишер Навоий номидаги Самарқанд университетида ўқиган Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон шоиранинг шеърларига шундай таъриф берганди:
-Уллибибининг шеърларини ўқиган сезгир одам, сўз, бу қандай ўткир назар бўла олишини, нақадар мазмундор шаклларга кира олишини ва ҳамма ҳолларда инсон ички руҳий қуввати аёнлигини ҳис қилади.
Атрофдаги ноқис ҳодисотлардан муттасил туйиладиган безовталик, нафосатни қутқариб қолишга бўлган кучли ошифталик, орзулар рўёбига йўл бермаётган кучларга қарши очиқ-ботин норозилик Уллибиби шеърларини назмимизнинг ноёб ҳодисаларидан бирига айлантирди.

Афсуски, Уллибиби Отаева қирқ ёшларида оғир хасталикга йўлиқди. Йил ўтган сайин бу хасталик кучайиб борди. 1996 йил уни хирургик муолажа учун Москвага олиб боришди.Аммо, шоира муолажа пайтида ҳаётдан кўз юмди.

Уллибиби опа 48 ёшида ҳаётни тарк этган бўлса-да, ундан нафақат ақлу идрокли фарзандлар, балки бой ижодий мерос ҳам қолди.Вафотидан кейин турмуш ўртоғи Одилбек Ёқубов Уллибиби опанинг бир қанча шеърларини тўплаб 1998 йилда “Шукрона” номли тўпламини нашр этдирди.

2018 йилда Уллибиби Отаева таваллудига 70 йил тўлади. Менимча шу санага бағишлаб вилоят, Хива туман ҳокимлиги, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, маънавият тарғибот маркази бошчилигида шоира таваллудининг қутлуғ санасига атаб сайланма тўпламини чоп этишса яхши бўларди.

Зеро, Уллибиби опа эслашга, хотирлашга арзийдиган Хоразмнинг етук шоираси бўлганди.

04
УЛЛИБИБИ ОТАЕВА

ШЕЪРЛАР
08

Уллибиби Отаева 1948 йил 22 апрелда Хива шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факултетини тамомлаган (1976). Дастлабки шеърлар тўплами — «Нашида» (1976). Шундан сўнг шоиранинг «Бармоқлар сеҳри» (1980), «Замин дарғаси» (1991), «Шукрона» (вафотидан сўнг чоп этилган, 1998) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Навоий ғазалига шарҳлар ёзган. 1996 йил Москва шаҳрида вафот этган; Хивада дафн қилинган.

08

КЕЛИНЧАК

Нигоҳларинг илашар нуқул
Ўрик шохин балдоқларига.
Нозиккина никоҳ узуги
Тор келмоқда бармоқларингга.
Юзи доғли ой ҳусн рамзи
саналгани сингари азал,
Чеҳрангдаги доғларинг бугун
Қилмиш сени юз карра гўзал.
Тушларингга қизил гул кирар,
Қиз боладир, дерлар, қизил гул.
Ўғил бўлар тўнғичим дейсан,
Сен барибир,
Кутасан ўғил.

***

Аввал шакар тутарлар,
Яларсан сал қимтиниб.
Тўйдирмаслар, тўймассан,
Юрарсан қилт ютиниб.
Сўнг асалнинг таъмини
Озгина тоттирарлар.
Шу чучук тилинг билан
Ширин деб айттирарлар.
Унутарсан шу тахлит
Заҳар-заққум борлигин,
Фақат бол ялаб ўтмоқ
Бу дунёда орлигин.
Сен ҳушёр тур, юрагим.
Санчгин, ингра, оғригин-
Ҳеч бўлмаса дорининг
Тотмоқ учун заҳридан.

ЙЎЛ БОШИДАГИ ДАРАХТ МОНОЛОГИ

Ўлиб-тирилмоқнинг машқини олдим,
Гарчи бу мушкулдир, лекин бу мумкин.
Ўзни ўтдан олиб, музларга солдим,
Янчилдим, дон бўлдим, сўнг яна экин.
Гулладим…мевага киритмадилар,
Қуёшни тўсдилар, сувни кесдилар,
Етилдим кўз ёшим, алам ҳоврида,
Оҳларим ел бўлиб эсдилар.
Энди калтакларга чидайман, демак
Тўкила бермасман ҳар ишорага.
Насиб қилавермас ҳар кимга термак
Меваман…Ё шохам устида емак.
…Мен боғлар тўрида, эъзозда эмас,
Дарахтман, шундоқ йўл бошида битган.
Кўз солар, лекин қўл соломас менга-
Чангу тўзонларга ботган танимдан
Эҳтиётлаб ўзин ҳар ўтган-кетган.

***

Тоғларни иккига бўлгувчи қилич
Ёвларим бошини кесмади , ажаб!
Менинг қўлларимда ул ўтмас пичоқ,
Шул пичоқ билан мен-омадсиз одам,
Сўяман ўзимни ўзим ҳар куни.

***

Мен сендан ҳаётнинг аламларини
Ҳозирча яшириб яшайман , ўғлим.
Кўпроқ ўз устимга олиб ғамларин,
Шодлигин ошириб яшайман, ўғлим.
Мен сенга эртаклар сўзлайман ёниб,
Ўзим ҳам ишониб уларга гоҳи.
Сўзлайман Алпомиш келганин ғолиб,
Лек айтмай ўтаман чекани оҳин.
Мен сенга сўзлайман бегуноҳ кийик
Йўлбарс панжасидан омон қолганин.
Лек сукут сақлайман у бағри куюк,
Унгача не ғамлар ичра толганин.
Қуёш чиқишидан бошлайман гапни,
Куннинг ботишини айлайман унут.
Сўзлайман музларни эритар тафтни,
Муз қаҳрлар ҳақда сақлайман сукут.
Бу гаплар сенга ҳам хуш ёқиб жуда,
Завқланиб куласан ҳар биридан сўнг.
Биламан, сенинг соф, содда юракчанг
Истар бари ишнинг келишини ўнг.
Фақат кечир , болам, бошингга ҳаёт
Аралаш юборса ғаму шодликни,
Кимгадир ишончинг бўлсаю барбод,
Кўтара олмасанг қай бедодликни.
Дерлар6 ҳаёт-она эмас, у бошинг
Бир хилда эркалаб силамас ҳар дам.
Мен ҳам не қилайин, онаман, ахир,
Ҳаётдай бешафқат бўла олмасам?!

***

Девни енгган баҳодир мисол
Донг қотганча ухлар она-ер.
Ҳуштак чалиб, турса-да шамол,
Чақмоқ чақиб титраса-да кўк,
Уйқусига бўлолмас малол.

Қанча оғир чеккан заҳмати,
Уйқуси ҳам шу қадар қаттиқ.
Тер тўкди у роса уч фасл,
Тушида ҳам, ҳойнаҳой, меҳнат
Жангларининг завқига интиқ.
Ваҳший ҳайвонлар дағдағаси,
Йиртқич тўдалар қаҳ-қаҳаси
Уйғотолмай аламга ботган
Баҳодирни-гўзал малакнинг
Соч толаси уйғотган каби,
Уйқусидан уйғотар ерни
Илк майсанинг нафис гул лаби!

***

Қалби гўзал бўлса кимнингки агар,
Гўзал бўлар унинг фарзандлари ҳам.
Авлодларга руҳнинг нуқси кўп урар,
Нечоғлиқ ҳақ гап бу ё чўпчак-билмам.
Лекин хушрўй, адл қизлар қаддида
Пок бир қалб хотири борлиги аниқ.
Ҳикматли сўзлардай кўзлар қаърида
Аждодлар қалбининг чирой ёниқ.
Ёинки кўримсиз тупроқ бағрида
Олтин ранг бошоқлар товланар экан,
Қуёшдай чарақлар экан чаноқлар,
Қулф уриб ётаркан майсалар кўркам.
Тан олгум ер қалбин гўзаллигини.
Тоғларнинг бадбуруш кўксида
Бир нафис лолазор ўсаркан,
Ҳайбатли бағрида бир майин
Саболар эсаркан,
Ишонгум тоғ қалбин гўзаллигига.
Халқнинг ҳар сўзида рамз, ишора,
Фарзандлар-эҳтимол, шеърлар демакдир.
Шеър кимга танидан ажралган жону,
Ким учун шунчаки эрмакдир.
Шеъргинам, қани бир кўтар-чи қаддинг,
Юзинг оч, сўникми ё ширмой нонсан.
Кимлардир кўролса сенда ўз қалбин,
Демак, сен мен учун эрмакмас, жонсан!

***

Бу гулларга қўл уриб бўлмас,
Улар оғриқ тўла тирик жон.
Гарчи улар барқ урар, кулмас,
Қон йиғлайди улар, қон, инон.
Япроқлари гарчи ям-яшил,
Гарчи яшнаб турар муттасил,
Лекин ичдан ургандир хазон.
Лекин ҳоли ёмондан-ёмон.
Бу гулларга ачин, севиб қол,
Бу дунёга улар бир меҳмон,
Мен биламан улар сирини,
Улар меним кўксимда ниҳон.
Бесабрмас, кутолмас лекин
Улар кузни…секин сўлишни.
Улар шундай фидойи, мумкин
Муддатидан олдин ўлиши.

* * *

Юпун дарахтларнинг титроқларида,
Бир либос тилаган сўроқларида,
Хорғин булутнинг тунд сиёҳларида,
Кўкнинг хиралашган бўёқларида
Баҳор дийдорига интизорлик бор.

Қуёшнинг гоҳ кулиб қарашларида,
Тиғин тоғ тошига қайрашларида,
Ернинг яйраб ором олишларида,
Олча гулидай оқ болишларида
Баҳор ташрифига умидворлик бор.

ЎЗИМГА

Гарчи қонга беланиб ётар,
Додламайди ҳатто инграмас.
Бошин кесиб олсанг инграмас,
Қизил гулдан сукутни ўрган.
Гарчи билар: ҳар тонг, ҳар субҳ
Хаётини қирқар япроқдай,
Ўз-ўзига кафан тўқишдан
Тўхтамаган ипак қуртидан
Ўлимга тик қарашни ўрган.
…Гарчи билар: боласи бемор,
Эҳтимол, сўнг нафасин яшар,
Лекин унинг тўйига атаб
Тўн тикишдан бир бор тинмаган
Онадан сен умидни ўрган.

* * *

Торайиб қолгандир табиат бағри,
Менинг ҳам феълим тор, ниятим баддир.
Эшигим қулфлоғлиқ кундузи, туни,
Рухсат сўрамасдан, тақиллатмасдан
Киришга сигмайди қўшнимнинг ҳадди.
Кун бўйи газ, тутун аралаш ҳаво,
Тунлари хорижий дори ошайман.
Ўз умрим ўтишин истайман ўзим,
Дам олиш ойига шошаман…
Торайиб қолгандир табиат бағри,
Кўзим тешилгудай кенглик сўрайман,
Тополмай гарангсиб, асабийлашиб
Ўғлимга бақириб, қизим қарғайман.
Босинқираб ёмон тушлар кўраман,
Сувлар йўқ уларни оқзиб кетгулик.
Қаттиқ қўрққанингда, ингранмай туриб,
Сувлар йўқ бир зарб-ла ютгулик.
Ўзганинг гапини кўтариш тугул,
Гоҳо ўз овозим малол ўзимга.
Сезилар юрагим, уйим торлиги
Эрим меҳмон солиб келса изига.
Бу туйғу менга ор, менга уятдир,
Аламдан бош ургум бетон деворга:
— Деворжон, ҳеч йўқ-са, сен нари сурил, —
У эса етмайди ҳеч қачон зорга…

* * *

Ишонгим келади сеҳр-жодуга,
Бош-кўзингни боғлаб, бир кунмас бир кун
Ўзимники қилиб олишларимга.
Ишонгим келади афсоналарга,
Сен — оқ ўғлон, куппа-кундузи
Мени шарт ўғирлаб кетишларингта.
Кузатиб боради бизни буғулар,
Оддий буғу эмас, шохи кумушдан.
Ой билан туғушган,
Кун-ла ташланган.
Ишонгим келади кўришимизга —
Зар кокилли ўғил, тилло сочли қиз:
Ўғлинг олтин қошиқ ўйнаб ўтирар,
Қизинг зар бешикка беланиб ётар.
Мен учун йўқ тунги навбатчиликлар,
Уйда чўриликлар,
Ишхонада зир
Югуриб-елишл ар…
Сокин оқиб ётган дарё эмишман,
Чапу ўнг қирғоғим — икки зар бешик.
Мендан бошланармиш боши йўқ дунё,
Мендан очилармиш дунёга эшик.

* * *

Сиз – ёмон отлиқсиз, эй яхши одам,
Қанча яхшиликлар қилманг қанчага.
Сахийлик қилсангиз — исрофгардирсиз,
Очга нон тутсангиз, қолмагай ёдда,
Чунки сиз пиёда.

* * *

Мен оёқ қўйдимми сенинг юзингта,
Унда менинг юзим узра ташланган
Оёқлар кимники?
Сонсиз оёқлар…

БАҲОДИР ЕР УЙҚУСИ

Девни енгтан баҳодир мисол
Донг қотганча ухлар она-ер.
Ҳуштак чалиб турса-да шамол,
Чақмоқ чақиб титраса-да кўк,
Уйқусига бўлолмас малол.

Қанча оғир чеккан заҳмати,
Уйқуси ҳам шу қадар қаттиқ.
Тер тўқди у роса уч фасл,
Тушида ҳам, ҳойнаҳой, меҳнат
Жангларининг завқига интиқ.
Ваҳший ҳайвонлар дағдағаси,
Йиртқич тўдалар қаҳ-қаҳаси
Уйғатолмай аламга ботган
Баҳодирни — гўзал малакнинг
Соч толаси уйғотган каби,
Уйқусидан уйғотар ерни
Илк майсанинг нафис гул лаби!

06

Umid BEKMUHAMMAD
ULLIBIBI OPANING DARDLARI
08

Qadim Xorazm vohasida shoiralar kam bo’lgan. Hozirda esa viloyatda Gavhar Ibodullaeva, Sayyora Samandarova, Bibisora Otaeva, Muhabbat Safoeva, Nasiba Jumatova, Durposhsha, Shakarjon Ibodullaeva, Zulfiya Matyoqubova, Umida Nurzodalarning ko’plab she’rlari , to’plamlari o’z muxlislarini topib ulgurdi.

Tabiiyki, ularning bari xivalik Ullibibi Otaevani o’zlariga ustoz deb bilishadi. Ullibibi opa 1948 yili Ichan Qa’lada tavallud topgandi. Bolaligidan adabiyotga, tarixga mehr ruhida kamol topgan Ullibibi Otaeva 1965-71 yillarda Samarqand Davlat Universitetida tahsil oladi.Shundan keyin Xiva tuman gazetasida, chorak asrga yaqin “Xorazm haqiqati” gazetasida faoliyat ko’rsatdi.

Ullibibi opa gazeta sahifalariga o’zbek, xususan Xorazm ayollarining dardu hasratlarini olib chiqdi.Shodlik va g’amdan iborat ayollarning umr yo’llari to’g’risidagi she’rlar bitdi. “Nashida”, “Barmoqlar sehri”, “Zamin darg’asi” nomli she’riy to’plamlarini chop etdirib, o’z muxlislariga ega bo’ldi.

Shuningdek, shoira o’zbek mumtoz she’riyatini, Xorazm tarixini qunt bilan o’rgandi, o’rganganlari asosida ko’plab maqolalar chop etdirdi. Ayollarning zahmatli mehnatlari, ularni qiynayotgan muammolar, og’riqli dardlari to’g’risida respublika , viloyat matbuotida ko’plab chiqishlar qildi.

Ullibibi opa bilan bir davrda Alisher Navoiy nomidagi Samarqand universitetida o’qigan O’zbekiston xalq shoiri Omon Matjon shoiraning she’rlariga shunday ta’rif bergandi:
-Ullibibining she’rlarini o’qigan sezgir odam, so’z, bu qanday o’tkir nazar bo’la olishini, naqadar mazmundor shakllarga kira olishini va hamma hollarda inson ichki ruhiy quvvati ayonligini his qiladi.
Atrofdagi noqis hodisotlardan muttasil tuyiladigan bezovtalik, nafosatni qutqarib qolishga bo’lgan kuchli oshiftalik, orzular ro’yobiga yo’l bermayotgan kuchlarga qarshi ochiq-botin norozilik Ullibibi she’rlarini nazmimizning noyob hodisalaridan biriga aylantirdi.

Afsuski, Ullibibi Otaeva qirq yoshlarida og’ir xastalikga yo’liqdi. Yil o’tgan sayin bu xastalik kuchayib bordi. 1996 yil uni xirurgik muolaja uchun Moskvaga olib borishdi.Ammo, shoira muolaja paytida hayotdan ko’z yumdi.

Ullibibi opa 48 yoshida hayotni tark etgan bo’lsa-da, undan nafaqat aqlu idrokli farzandlar, balki boy ijodiy meros ham qoldi.Vafotidan keyin turmush o’rtog’i Odilbek Yoqubov Ullibibi opaning bir qancha she’rlarini to’plab 1998 yilda “Shukrona” nomli to’plamini nashr etdirdi.

2018 yilda Ullibibi Otaeva tavalludiga 70 yil to’ladi. Menimcha shu sanaga bag’ishlab viloyat, Xiva tuman hokimligi, yozuvchilar uyushmasi viloyat bo’limi, ma’naviyat targ’ibot markazi boshchiligida shoira tavalludining qutlug’ sanasiga atab saylanma to’plamini chop etishsa yaxshi bo’lardi.

Zero, Ullibibi opa eslashga, xotirlashga arziydigan Xorazmning yetuk shoirasi bo’lgandi.

04
ULLIBIBI OTAEVA

SHE’RLAR
08

Ullibibi Otaeva 1948 yil 22 aprelda Xiva shahrida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining
filologiya fakultetini tamomlagan (1976). Dastlabki she’rlar to’plami — «Nashida» (1976). Shundan so’ng shoiraning «Barmoqlar sehri» (1980), «Zamin darg’asi»
(1991), «Shukrona» (vafotidan so’ng chop etilgan, 1998) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Navoiy g’azaliga sharhlar yozgan. 1996 yil Moskva shahrida vafot
etgan; Xivada dafn qilingan.

08

KELINCHAK

Nigohlaring ilashar nuqul
O’rik shoxin baldoqlariga.
Nozikkina nikoh uzugi
Tor kelmoqda barmoqlaringga.
Yuzi dog’li oy husn ramzi
sanalgani singari azal,
Chehrangdagi dog’laring bugun
Qilmish seni yuz karra go’zal.
Tushlaringga qizil gul kirar,
Qiz boladir, derlar, qizil gul.
O’g’il bo’lar to’ng’ichim deysan,
Sen baribir,
Kutasan o’g’il.

***

Avval shakar tutarlar,
Yalarsan sal qimtinib.
To’ydirmaslar, to’ymassan,
Yurarsan qilt yutinib.
So’ng asalning ta’mini
Ozgina tottirarlar.
Shu chuchuk tiling bilan
Shirin deb ayttirarlar.
Unutarsan shu taxlit
Zahar-zaqqum borligin,
Faqat bol yalab o’tmoq
Bu dunyoda orligin.
Sen hushyor tur, yuragim.
Sanchgin, ingra, og’rigin-
Hech bo’lmasa dorining
Totmoq uchun zahridan.

YO’L BOSHIDAGI DARAXT MONOLOGI

O’lib-tirilmoqning mashqini oldim,
Garchi bu mushkuldir, lekin bu mumkin.
O’zni o’tdan olib, muzlarga soldim,
Yanchildim, don bo’ldim, so’ng yana ekin.
Gulladim…mevaga kiritmadilar,
Quyoshni to’sdilar, suvni kesdilar,
Yetildim ko’z yoshim, alam hovrida,
Ohlarim yel bo’lib esdilar.
Endi kaltaklarga chidayman, demak
To’kila bermasman har ishoraga.
Nasib qilavermas har kimga termak
Mevaman…YO shoxam ustida yemak.
…Men bog’lar to’rida, e’zozda emas,
Daraxtman, shundoq yo’l boshida bitgan.
Ko’z solar, lekin qo’l solomas menga-
Changu to’zonlarga botgan tanimdan
Ehtiyotlab o’zin har o’tgan-ketgan.

***

Tog’larni ikkiga bo’lguvchi qilich
Yovlarim boshini kesmadi , ajab!
Mening qo’llarimda ul o’tmas pichoq,
Shul pichoq bilan men-omadsiz odam,
So’yaman o’zimni o’zim har kuni.

***

Men sendan hayotning alamlarini
Hozircha yashirib yashayman , o’g’lim.
Ko’proq o’z ustimga olib g’amlarin,
Shodligin oshirib yashayman, o’g’lim.
Men senga ertaklar so’zlayman yonib,
O’zim ham ishonib ularga gohi.
So’zlayman Alpomish kelganin g’olib,
Lek aytmay o’taman chekani ohin.
Men senga so’zlayman begunoh kiyik
Yo’lbars panjasidan omon qolganin.
Lek sukut saqlayman u bag’ri kuyuk,
Ungacha ne g’amlar ichra tolganin.
Quyosh chiqishidan boshlayman gapni,
Kunning botishini aylayman unut.
So’zlayman muzlarni eritar taftni,
Muz qahrlar haqda saqlayman sukut.
Bu gaplar senga ham xush yoqib juda,
Zavqlanib kulasan har biridan so’ng.
Bilaman, sening sof, sodda yurakchang
Istar bari ishning kelishini o’ng.
Faqat kechir , bolam, boshingga hayot
Aralash yuborsa g’amu shodlikni,
Kimgadir ishonching bo’lsayu barbod,
Ko’tara olmasang qay bedodlikni.
Derlar6 hayot-ona emas, u boshing
Bir xilda erkalab silamas har dam.
Men ham ne qilayin, onaman, axir,
Hayotday beshafqat bo’la olmasam?!

***

Devni yenggan bahodir misol
Dong qotgancha uxlar ona-yer.
Hushtak chalib, tursa-da shamol,
Chaqmoq chaqib titrasa-da ko’k,
Uyqusiga bo’lolmas malol.

Qancha og’ir chekkan zahmati,
Uyqusi ham shu qadar qattiq.
Ter to’kdi u rosa uch fasl,
Tushida ham, hoynahoy, mehnat
Janglarining zavqiga intiq.
Vahshiy hayvonlar dag’dag’asi,
Yirtqich to’dalar qah-qahasi
Uyg’otolmay alamga botgan
Bahodirni-go’zal malakning
Soch tolasi uyg’otgan kabi,
Uyqusidan uyg’otar yerni
Ilk maysaning nafis gul labi!

***

Qalbi go’zal bo’lsa kimningki agar,
Go’zal bo’lar uning farzandlari ham.
Avlodlarga ruhning nuqsi ko’p urar,
Nechog’liq haq gap bu yo cho’pchak-bilmam.
Lekin xushro’y, adl qizlar qaddida
Pok bir qalb xotiri borligi aniq.
Hikmatli so’zlarday ko’zlar qa’rida
Ajdodlar qalbining chiroy yoniq.
Yoinki ko’rimsiz tuproq bag’rida
Oltin rang boshoqlar tovlanar ekan,
Quyoshday charaqlar ekan chanoqlar,
Qulf urib yotarkan maysalar ko’rkam.
Tan olgum yer qalbin go’zalligini.
Tog’larning badburush ko’ksida
Bir nafis lolazor o’sarkan,
Haybatli bag’rida bir mayin
Sabolar esarkan,
Ishongum tog’ qalbin go’zalligiga.
Xalqning har so’zida ramz, ishora,
Farzandlar-ehtimol, she’rlar demakdir.
She’r kimga tanidan ajralgan jonu,
Kim uchun shunchaki ermakdir.
She’rginam, qani bir ko’tar-chi qadding,
Yuzing och, so’nikmi yo shirmoy nonsan.
Kimlardir ko’rolsa senda o’z qalbin,
Demak, sen men uchun ermakmas, jonsan!

***

Bu gullarga qo’l urib bo’lmas,
Ular og’riq to’la tirik jon.
Garchi ular barq urar, kulmas,
Qon yig’laydi ular, qon, inon.
Yaproqlari garchi yam-yashil,
Garchi yashnab turar muttasil,
Lekin ichdan urgandir xazon.
Lekin holi yomondan-yomon.
Bu gullarga achin, sevib qol,
Bu dunyoga ular bir mehmon,
Men bilaman ular sirini,
Ular menim ko’ksimda nihon.
Besabrmas, kutolmas lekin
Ular kuzni…sekin so’lishni.
Ular shunday fidoyi, mumkin
Muddatidan oldin o’lishi.

* * *

Yupun daraxtlarning titroqlarida,
Bir libos tilagan so’roqlarida,
Xorg’in bulutning tund siyohlarida,
Ko’kning xiralashgan bo’yoqlarida
Bahor diydoriga intizorlik bor.

Quyoshning goh kulib qarashlarida,
Tig’in tog’ toshiga qayrashlarida,
Yerning yayrab orom olishlarida,
Olcha guliday oq bolishlarida
Bahor tashrifiga umidvorlik bor.

O’ZIMGA

Garchi qonga belanib yotar,
Dodlamaydi hatto ingramas.
Boshin kesib olsang ingramas,
Qizil guldan sukutni o’rgan.
Garchi bilar: har tong, har subh
Xayotini qirqar yaproqday,
O’z-o’ziga kafan to’qishdan
To’xtamagan ipak qurtidan
O’limga tik qarashni o’rgan.
…Garchi bilar: bolasi bemor,
Ehtimol, so’ng nafasin yashar,
Lekin uning to’yiga atab
To’n tikishdan bir bor tinmagan
Onadan sen umidni o’rgan.

* * *

Torayib qolgandir tabiat bag’ri,
Mening ham fe’lim tor, niyatim baddir.
Eshigim qulflog’liq kunduzi, tuni,
Ruxsat so’ramasdan, taqillatmasdan
Kirishga sigmaydi qo’shnimning haddi.
Kun bo’yi gaz, tutun aralash havo,
Tunlari xorijiy dori oshayman.
O’z umrim o’tishin istayman o’zim,
Dam olish oyiga shoshaman…
Torayib qolgandir tabiat bag’ri,
Ko’zim teshilguday kenglik so’rayman,
Topolmay garangsib, asabiylashib
O’g’limga baqirib, qizim qarg’ayman.
Bosinqirab yomon tushlar ko’raman,
Suvlar yo’q ularni oqzib ketgulik.
Qattiq qo’rqqaningda, ingranmay turib,
Suvlar yo’q bir zarb-la yutgulik.
O’zganing gapini ko’tarish tugul,
Goho o’z ovozim malol o’zimga.
Sezilar yuragim, uyim torligi
Erim mehmon solib kelsa iziga.
Bu tuyg’u menga or, menga uyatdir,
Alamdan bosh urgum beton devorga:
— Devorjon, hech yo’q-sa, sen nari suril, —
U esa yetmaydi hech qachon zorga…

* * *

Ishongim keladi sehr-joduga,
Bosh-ko’zingni bog’lab, bir kunmas bir kun
O’zimniki qilib olishlarimga.
Ishongim keladi afsonalarga,
Sen — oq o’g’lon, kuppa-kunduzi
Meni shart o’g’irlab ketishlaringta.
Kuzatib boradi bizni bug’ular,
Oddiy bug’u emas, shoxi kumushdan.
Oy bilan tug’ushgan,
Kun-la tashlangan.
Ishongim keladi ko’rishimizga —
Zar kokilli o’g’il, tillo sochli qiz:
O’g’ling oltin qoshiq o’ynab o’tirar,
Qizing zar beshikka belanib yotar.
Men uchun yo’q tungi navbatchiliklar,
Uyda cho’riliklar,
Ishxonada zir
Yugurib-yelishl ar…
Sokin oqib yotgan daryo emishman,
Chapu o’ng qirg’og’im — ikki zar beshik.
Mendan boshlanarmish boshi yo’q dunyo,
Mendan ochilarmish dunyoga eshik.

* * *

Siz – yomon otliqsiz, ey yaxshi odam,
Qancha yaxshiliklar qilmang qanchaga.
Saxiylik qilsangiz — isrofgardirsiz,
Ochga non tutsangiz, qolmagay yodda,
Chunki siz piyoda.

* * *

Men oyoq qo’ydimmi sening yuzingta,
Unda mening yuzim uzra tashlangan
Oyoqlar kimniki?
Sonsiz oyoqlar…

BAHODIR YER UYQUSI

Devni yengtan bahodir misol
Dong qotgancha uxlar ona-yer.
Hushtak chalib tursa-da shamol,
Chaqmoq chaqib titrasa-da ko’k,
Uyqusiga bo’lolmas malol.

Qancha og’ir chekkan zahmati,
Uyqusi ham shu qadar qattiq.
Ter to’qdi u rosa uch fasl,
Tushida ham, hoynahoy, mehnat
Janglarining zavqiga intiq.
Vahshiy hayvonlar dag’dag’asi,
Yirtqich to’dalar qah-qahasi
Uyg’atolmay alamga botgan
Bahodirni — go’zal malakning
Soch tolasi uyg’otgan kabi,
Uyqusidan uyg’otar yerni
Ilk maysaning nafis gul labi!

06

(Tashriflar: umumiy 170, bugungi 1)

Izoh qoldiring