Maryam Yoqubova. Xotiralar (Odil Yoqubovning umr yo’ldoshi Maryam aya xotiralaridan)

045

   Ўша кунларимиз худди бугунгидай кўз ўнгимда: университетнинг ўнг тарафдаги биноси ҳовлисида кичикроқ фаввора бўларди. Дарсларимиз тамом бўлди дегунча ўша фаввора ёнига, учрашувга шошардим. Аниқ билардим, у ерда Одил ака фавворадан томаётган томчиларга ўйчан термулиб, мени кутиб турардилар…

Марям ая Ёқубова
ХОТИРАЛАР
045

Танишув ёки магазинчи йигит

004Мен Одил акамнинг «Тенгдошлар» қиссасини «Тонг юлдузи» (ўша пайтдаги «Ленин учқуни») газетасида ўқиб чиққанман. Асар газетанинг 1951 йили ёз давомидаги қатор сонларида босилиб чиққан эди. Қиссадаги қизиқарли воқеалар, қаҳрамонларнинг тақдири мени ўзига шу қадар маҳкам боғлаб олганлигидан газетанинг ҳар бир сонини сабрсизлик билан кутардим.

1952 йил ёзги таътилда онам билан Қарноқ қишлоғига қариндошларимизни кўргани бордик. Ўзимиз Тошкент шаҳрида истиқомат қилсак ҳам, ота-боболаримиз юрти – Туркистон сафари биз учун жуда катта қувонч туғдирар, бундай сафарлар қалбимизда унутилмас эсдаликлар қолдирарди.

Қарноққа борган кунимоқ менинг китобга ошно эканлигимни яхши билган амакимнинг қизи – дугонам Каромат саволга тутди:
– «Тенгдошлар»ни ўқигандирсан? Жудаям зўр асар!
– Ҳа, газетада чиққанини ўқидим, асар менга ҳам ёқди, – дедим Кароматнинг саволига жавобан.
– Шу асарни ёзган ёзувчи ўзимизнинг қарноқлик– Одил ака Ёқубов. Мен унинг жияни билан ўқийман, – деди.
Кароматнинг сўзидан кейин севимли асарим – «Тенгдошлар»нинг муаллифи билан ич-ичимдан танишиш истаги туғилди.

* * *

У даврларда аёллар бозор ва дўконларга чиқавермасдилар. Бу юмуш кўпинча бизга ўхшаган дастёр қизларга буюриларди. Биз бозорга чиқиб рўзғорга керакли бўлган қанд-қурсми, игна-ипми, совун-повун дегандай, кундалик эҳтиёжга яроқли нарсаларни олиб келардик.
Шундай кунларнинг бирида магазинга янги кийим-кечаклар келганини эшитдик ва маъқул келган бирон нарса топсак харид қиламиз, деган ниятда у ерга бордик.
Қишлоқ магазинида Тошкентда қисқа муддатда сотилиб кетадиган, кам топиладиган кийим-кечак, қимматбаҳо матолар кўп бўларди. Камсуқум, содда қишлоқ аҳолиси бундай башанг кийимларга кўпам эҳтиёж сезавермасди.
Каромат билан магазинга кирганимизда кийим бўлмасида қорачадан келган, ўрта бўйли йигит турарди.

– Мана шу киши-да «Тенгдошлар»ни ёзган, – деди Каромат қулоғимга. Магазинда Одил ака сотувчи ўрнида ишлаб турган экан. – Аслида, у киши бухгалтер, бу ерда опаси Заҳро – сотувчи. Баъзан опага ёрдам бериш учун сотувчиликни ўз зиммасига оладилар.

Илгакда турган чиройли пальто эътиборимни тортди. «Сотувчи»дан пальтони олиб беришини сўрадим. У менга жилмайиб қаради-да, жуда секинлик билан пальтони олиб берди. Унинг нигоҳидан юзим ловуллаб кетди.

– Тезроқ бўла қолинг, – дедим сабрсизлик билан.

Йигит жилмайиб пальтони узатди. Анчадан буён худди шу бичимдаги пальтони излаб юргандим. Уни кийиб, ёнимдаги каттагина кўзгуга қарадим. Кўзгудан сотувчи йигит термулиб турарди:

– Жуда ярашди, худди атайлаб сизга ўлчаб тикилгандай. Жуда очилиб кетдингиз. Аслида… билмадим… сиз пальтони очиб юбордингиз шекилли… Худди ўн беш кунлик ойдек…

– Вой, Марям, Одил ака сенинг ўн бешга тўлганингни биларкан, – деди Каромат қулоғимга секин пичирлаб.

Кароматнинг соддалигидан кулдим-да, эгнимдаги пальтони ечиб, ўраб бериш учун сотувчига узатдим. Ўша вақтда ростдан ҳам эндигина ўн беш ёшдан ўтиб, ўн олтига кетаётган эдим.

Пальто учун сотувчи айтган пулни узатдим. Одил ака пулни жуда секин, эҳтиётлаб, қайта-қайта санагандан сўнг пальтони ҳафсала билан тахлаб, худди почтадан юбориладиган посилканинг қоидасига амал қилгандай теп-текис қилиб ўраб қўлимга тутқазди…

Кейинчалик бу ҳолатни кулиб-кулиб эслардик. «Пулни қайта-қайта санаш, пальтони шошилмасдан ҳафсала билан ўраш… – буларнинг ҳаммасини сен ёнимдан тез кетиб қолмаслигинг учун қилгандим»,– дердилар Одил ака. Пальто савдоси – илк учрашувимиз, кўзларимиз билан дийдорлашувимизга бир баҳона бўлганди. Шу-шу, Одил ака билан топишганимиз ҳақида сўрашса: «Пальто баҳона мен бу «сотувчи йигит»нинг бир умрлик харидорига айланиб қолдим», – дердим ҳазиллашиб. Одил ака эса: «Бу қиз дўконимиздан молимизга қўшиб менинг кўнглиму оромимни ҳам олиб кетган. Шўрлик ёзувчига сал бўлсаям раҳм қилмаган!» – дердилар кулиб.

Биринчи ҳикоя

Ҳозирги Амир Темур хиёбонидаги эгизак биноларда Ўзбекистон Миллий университети (олдинги Ўрта Осиё давлат университети)нинг асосий факультетлари жойлашган бўлиб, биз учун нафақат илм маскани, балки илк учрашувларимизнинг гувоҳи ҳам эди.

1954 йил. Илм масканига кириш имтиҳонларига тайёргарлик авжида. Кимё факультетининг катта залида тайёрлов курси тингловчилари ўртасида география фанидан савол-жавоб бўлаётган эди. Мен домланинг қатор саволларига жавоб бердим. Домлага берган жавобларим маъқул келди шекилли, менинг география факультетига ўтишимни маслаҳат берди. Мен эса филология факультетига ҳужжат топширганимни, орзуим журналист бўлиш эканлигини айтдим. Аслида эса, бунинг асосий сабаби – Одил ака билан бир бинода ўқиб, у кишини кунда кўриб туриш эди. География факультети эса бошқа бинода жойлашган бўлиб, агар шу факультетга ўтадиган бўлсам, худди Одил акани йўқотиб қўядигандек туюларди. Шунинг учун домлага ҳеч иккиланмай рад жавобини бердим.

Эллигинчи йилларда Тошкент бугунги кундагидай катта эмасди. Шаҳар марказида деярли ҳамма олий ўқув даргоҳлари: САГУ [Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети у вақтларда САГУ (Ўрта Осиё давлат университети) деб аталган.], Политехника, Қишлоқ хўжалик институтлари, «Искра», «Молодая гвардия», «Хива» кинотеатрлари, цирк, энг катта универмаг, озиқ-овқат дўкони, заргарлик дўкони ва энг катта китоб дўкони жойлашган эди.
Бу кўчаларда ўқишга боришда учратган одамни, қайтишда, у ким бўлишидан қатъи назар, яна кўрардингиз.

Марказга асосан 1-трамвай юрарди.
Кўпинча универмаг олдидаги чорраҳада иккимиз икки томондан келиб қолардик. Аслида бундай учрашувлар учун иккимиз ҳам пинҳона тайёрланар, бир-биримизнинг уйдан чиқишимиз-у чорраҳага қанча вақтда етиб келишимизнинг ҳисобини олардик. Худди кутилмаганда рўбарў келиб қолгандек бир-биримиз билан саломлашардик ва университетгача суҳбатимиз тугамай бирга кетардик.

Шундай қилиб, менга ҳам омад кулиб боқди. Одил ака билан бир бинода, бир коридорда ўқий бошладим. Одил ака қорачадан келган, юзлари қизғиш, сочлари қалин, кенг пешонали эди. Ўсиқ қошлари остидан тикилиб турадиган кўзларининг ўткир нигоҳидан кишини суст босарди. У жуда босиқ, кўзлари бўлар-бўлмасга аланглайвермас, ҳамиша ўйчан боқарди. «Мендай олти йил ватан ҳимояси учун жон тикиб йигитлик бурчини ўтаб келган йигитга энди қизлар қарасин», дегандек салгина мағрур қадам ташлардилар. Ўша, уларга қарайдиган қизлардан бири мен бўлдим, шекилли. Кутилган ва кутилмаган вақтларда дуч келиб қолишларимиз жуда кўп бўларди. Шулардан бирида Одил ака ўзининг янги «Икки муҳаббат» номли қиссасининг биринчи нусхасини қўлимга узатиб:

– Яхши мутахассис сифатида эътибор билан ўқиб, хатолари бўлса тузатиб, ўз фикрларингизни айтсангиз, – дедилар.

Мен бундай илтифотдан хурсанд бўлдим. Китобдан кўзимни узмай, бир нафасда ўқиб чиқдим. Қиссани ўқиш давомида Одил аканинг сиймоси кўз ўнгимда турди. Унинг мазмуни қуйидагича эди: йигит ва қиз бирга ўқишади. Бир куни ўқув юртида бўладиган давомли йиғилишлардан сўнг уйга қайтишга кеч қолган қиз йигитдан кузатиб қўйишини илтимос қилади. Йигит бажонидил рози бўлади. Аллақачон ишдан келган қизнинг дадаси ёшларни яхши қабул қилади. Йигитнинг аъло баҳоларга ўқиши, жамоат ишларида фаоллигини эшитиб, қизи ва йигитга агар ўқишни шундай руҳда давом эттирсалар, келажакда мартабалари улуғ кишилар бўлиши мумкинлиги ва бунга ўзи бош-қош бўлишини айтади.

Ёзги таътилда йигит ўз қишлоғига боради. Уйда уни одмигина кийинган, сочини рўмолнинг устидан танғиб боғлаган бир қишлоқ қизи кутиб олади. Маълум бўлишича, бу қиз аллақачон ўқишни битирган, қишлоқ мактабида ўқитувчилик қиларкан. Йигитнинг онаси ёлғизлиги сабаб қишлоқда турар жойи бўлмаган ўқитувчини ўз уйининг бир хонасида яшашга таклиф қилади. Қиз саранжом-саришта, ширин муомалали, мулойим… Йигит қизнинг оқилалиги, онасига жуда меҳрибонлигини кўриб хурсанд бўлади. Қиз билан узоқ-узоқ суҳбат қуради. Худди шаҳарда юриб кўнгли ёлғизланиб қолган-у, қишлоққа келиб йўқотиб қўйган дилдошини топгандек бўлади… Охир-оқибат улар аҳду паймон қилишади. Келажак режалари, орзулари амалга ошишини тилаб хайрлашадилар…

Бу қиссанинг илк нусхасини менга беришлари замирида: «Мен ўқишни тугатсам, қишлоғимга кетиб, мактаб ўқитувчиси бўламан, устоз деган номни улуғлайман. Сиз-чи, мен билан қишлоққа кетишга розимисиз ёки катта лавозимларни орзу қилиб шаҳарда қоласизми?» деган маъно бор эди. Мен эса аллақачон бир қарорга келиб қўйгандим. Қалбимдаги бу қарорнинг тилимга чиқишига андиша йўл қўймасди.

Одил ака шиддатли, сўзлари ўткир, ҳар қандай одамни ҳам ўзига ром қила оладиган ва яна, энг муҳими, шогидларидан яхшилигини аямайдиган саховатли йигит эди.

Талабалик йилларимиздаёқ Одил ака ёш ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг илк ҳикоясини у билан биргаликда ўқиб, таҳрир қилганлар ва «Шарқ юлдузи» журналида чиқартириб бергандилар. Дастлабки ҳикояларини таҳрир қилиб, йўл кўрсатган барча шогирдларининг янги асарларини мунтазам ўқир ва керакли маслаҳатлар бериб борардилар.

Агар Одил ака ёзувчи бўлмаганларида жуда моҳир педагог, рус тили ва адабиётининг билимдони бўлишлари аниқ эди. Уларда устозлик қобилияти юқори эди. Жуда куюнчак, келажак авлоднинг таълим-тарбияси учун бор билим ва куч-қувватини аямайдиган фидойи ўқитувчи бўлардилар.

Кейинчалик билишимча, мактабда ўқиб юрган пайтларида нафақат гуманитар фанлар, балки аниқ фанларни ҳам яхши ўзлаштирган эканлар. Айниқса, математика ўқитувчиси «халқ душмани»нинг боласи билағонлигига тишини-тишига қўйиб, базўр чидаркан. Айрим ҳолларда у мукаммал бажара олмаган масалаларни Одил ака осонлик билан ечар, бу ҳолатга ўқитувчининг ранги гезариб, лаблари титраб қараб тураркан…

Совчилар

Кўнглимиз бир-бирига пайванд бўлиб, мендан розилик олганларидан кейин Одил ака яқин қариндоши, университет домласи, баобрў одамни [Эргаш ота Матмусаев – САГУ доценти эди] уйимизга совчиликка юборди…

Аслини олганда, биз бир-бирига зидроқ оилаларнинг фарзандлари эдик. Менинг боболарим диний уламолар саналишарди. Одил аканинг оталари эса қишлоқ бойлари, эшонларини камбағаллаштиришда жонбозлик кўрсатган коммунист бўлиб, кейинчалик эса «халқ душмани»га чиқарилган эди. Шундай оилаларнинг ўзаро қуда-анда бўлишлари даргумон эди. Айниқса, бобом: «Этакни кессанг енг бўлмас, аввалги душман эл бўлмас», – деб туриб олган эдилар.

Менинг эса кўнглим нотинч, бир сўзли бобомнинг совчиларга айтган қатъий қарори-ю бувижо-нимнинг бу қарорга сўзсиз итоат этишларидан қўрқардим. Бобомнинг кўнглига юмшоқлик, бизнинг кўнглимиздаги туғённи тушунишни солишни Худодан сўрардим.

Совчилар келиб кетишганидан кейин уйдагиларнинг аҳволини кўриб:

«Қизларига фалон жойдан совчи келибди:
Хотинлари аччиқ нарса егандай,
Эркаклари сассиқ нарса кўргандай,
Минг қўйлидан бир қўйлига гўё овчи келибди»
,

деган гап кўнглимдан ўтди.
Ундан ташқари, Одил ака мендан 11 ёш катта эдилар. Ҳадеб атрофимдагилар мени айнитмоқчи, ўртага совуқчилик туширмоқчи бўлишди.

– Битта китоби чиқиб ёзувчи бўлиб қолдими? Сен шу пуч обрўга учаяпсанми? Ахир, ҳали жуда ёшсан, ўз тенгинг топилар?
– Нега шошасан? Ўқишни тугат, сендай қизга ҳали жуда кўп совчи чиқади.
– Ўйлаб кўр, кейинчалик ўзинг қатори ёш-ёш йигитларни кўрганингда афсусланиб қолма тағин, кейин кеч бўлади.
– Китоб ёзиб рўзғор қилиб бўларканми? Сен унинг ширин сўзларига учма! Эртага уйсиз-жойсиз, ижара уйда умринг ўтиб кетади…

Мен ўз аҳдимдан қолмадим, чунки ўша «ўз тенги»ни топганларнинг «бахт»ини кўрмаганман. Отам ҳам ўз вақтида ана шундай, «ўз тенги»ни қидириб кетган. Биз онам билан бувим ва бобомнинг уйига қайтиб келишга мажбур бўлганмиз. Одил ака эса ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп тортганлиги сабабли жуда мулоҳазали, ҳар бир гапни ўйлаб, менинг кўнглимга оғир ботмасдан гапирардилар. Мени гўёки гулдек кафтларида асраб-авайлардилар. Уларнинг ёнларида ўзимни баланд, ишончли қўрғонда юргандек эркин ва бахтли сезардим. Ўз касбини мукаммал билган боғбон парвариш қилаётган атиргулдек очилиб-сочилиб юрардим.

Совчилар бир неча марта рад жавобини олганларига қарамай, биз бир-биримиздан кўнгил узолмасдик. Катталарнинг норозилигини, ташвишли чеҳраларини бизнинг муҳаббатга тўла кўзларимиз кўрмасди. Энтикиб-энтикиб бир-биримизга талпинардик, учрашувларимиз давом этарди.

Ўша кунларимиз худди бугунгидай кўз ўнгимда: университетнинг ўнг тарафдаги биноси ҳовлисида кичикроқ фаввора бўларди. Дарсларимиз тамом бўлди дегунча ўша фаввора ёнига, учрашувга шошардим. Аниқ билардим, у ерда Одил ака фавворадан томаётган томчиларга ўйчан термулиб, мени кутиб турардилар. Ўша жой бизнинг ширин суҳбатларимизнинг тилсиз гувоҳи эди. Одил ака фавворадан томаётган биллур томчилар каби соф севгимизни асраб-авайлашга ваъдалар берардилар. Мен эса Одил ака ва унинг совчилари, албатта, менинг яқин қариндошларимни рози қилишига ва, албатта, биз бахтли бўлишимизга ишонардим.

Тўй

Оналари Одил акани уйлантиришга шошиларди.
Чунки ўша даврда Одил ака ўттизни қоралаб қолган, мен бўлсам биринчи курсда таҳсил олаётган эдим.
Охир-оқибат катталар биз ёшларнинг муҳаббатимизга фотиҳа беришга мажбур бўлдилар.
Одил ака фикрларини айтдилар: «Ёзда тўй қиламиз, Тошкентдан ижара уй топиб, онамни, укаларимни кўчириб келиб, катта оила бўлиб яшаймиз!» – деб.
Одил ака оиланинг ишонган тоғи эдилар. Шунинг учун оналари, укаларини ҳамиша қўллаб-қувватлар, асраб-авайлардилар. Ҳатто мендай ёш, гўзал қиз-нинг кўнглини олиш учун ҳам алоҳида яшаш ёки фақатгина менинг кўнглимга қараш каби ваъдаларни бермасдилар.

1955 йилнинг 29 июни эди. Худди келишилгандек, мен охирги имтиҳондан чиқишимга Одил ака аллақачон машина тайёрлаб қўйган эканлар. Ўша даврнинг энг обрўли машинаси саналган «Победа»да Қарноққа кетдик.
Йўлда кетаётганимизда ҳар доим бемалол гаплашиб юрадиган бўлишимизга қарамай, Одил аканинг юзларига қаролмасдим. Юрак уришим, ҳатто нафас олишим ҳам ўзимга эшитилар, худди бу овозларни Одил ака ҳам эшитаётганларидек жуда хижолат бўлардим. Одил ака ҳам жуда босиқ ва ўйчан бўлиб қолган, оғизларидан бирон сўз чиқмасди.

Қишлоқдагилар тўй тараддудини бошлаб юборишган экан. Биз етиб боришимиз билан «чоп-чоп», «бўл-бўл» бошланиб кетди. Чевар бувижоним менга атаб оппоқ, атиргули ўзидан чиқарилган «парча» матодан «келин кўйлак» тикиб қўйган эканлар. Кийиб кўрсам, сал кенг экан-у, лекин жуда ярашди.
Бошимга бувижонимнинг оқ ғижим рўмолини ташлаган эдим, ойдек келин бўлдим-қўйдим. Кечга яқин уйга куёв жўралари қуршовида кириб келди. Амакимнинг аёли – Шакар янгам қўлимдан етаклаб ҳовлига олиб чиқди. Оқ ғижим рўмолнинг остидан секингина Одил акани қидирдим. Одил аканинг туртиб чиққан яноқлари бироз бўғриққан, бисотидаги биттаю битта оқ кўйлагини кийган, жўралари орасида қимтинибгина турардилар…

Шу куни кечқурун никоҳдан ўтдик. Тўй базми авжига чиқди. Уруш йилларида Одил аканинг оналари бош-қош бўлиб қўни-қўшни аёллар ёрдамида қурган икки хонали, бир айвонли уй келинни кўргани келганлар билан тўлиб кетди.
Айниқса, тақдир бошига не-не қора кунларни солган кезларда ҳам сабрли, шукурли бўлган Одил аканинг оналари жуда серҳаяжон, тиниб-тинчимас, ўзларининг иборалари билан айтганда, «терисига сиғмас» эдилар. Ҳали меҳмонларнинг олдига бориб, «олинг-олинг», десалар, ҳали қуда томоннинг ёнига кириб, кўнгил сўрайдилар.

Онажонимизнинг ўша кундаги ҳолатларини йиллар ўтиб, ўзим келин олган кунимда тушундим. Ахир, бир парча этлигидан минг қийинчилик билан ювиб-тараб катта қилган фарзандинг эр етиб, куёв бўлади-ю, суюнмайсанми, киши!
У даврларда бугунги кундаги серҳашам тўйхоналар, карнай-сурнай, тўкин дастурхонлар қаёқда дейсиз, бечора қайнонам яхши ниятлар билан боқиб юрган улоқни сўйиб, тўй дастурхонини ёздилар.
Келин саруполарини томоша қилмаган, келиннинг саломини олишга кирмаган қариндош-уруғ, ёру дўст, қўни-қўшни, хуллас, ҳеч ким четда қолмади.
1955йилнинг июнь оқшомида бир чиройли, бир серзавқ, севги-муҳаббатга тўла тўйимиз бўлди.

Муқаддас қўрғон

Шундай қилиб, севги, ишонч деган пойдевори мустаҳкам, ширингина муқаддас қўрғонимиз бунёд бўлди.
Тўйдан кейин Қарноқда бир ой дам олиб, қишлоқдагиларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб, Тошкентга қайтдик.
Олдиндан келишилган икки хонали ижара уйнинг бир хонасига биз – ёш келин-куёв, иккинчисига онамиз, укалари ва жиянлари жойлашишди.
Одил ака университетнинг охирги курсида ўқиш билан бирга Ёзувчилар уюшмасида ишлардилар. Катта оиланинг ола хуржуни ёлғиз Одил аканинг елкасида эди.

1955 йилнинг охирида ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида Одил аканинг «Чин муҳаббат» деган илк драмаси саҳна юзини кўрди.

Асарни томошабинлар жуда илиқ кутиб олишди. Асар узоқ вақт саҳнадан тушмади. Ҳатто вилоят театрларида ҳам саҳналаштирилди.
Томошабинларни ўзига жалб қилган «Чин муҳаббат» оиламизни моддий жиҳатдан тиклаб олишимизга сабаб бўлди. «Ўзимнинг қутли, баракали Марямим, сен ҳаётимга кириб келишинг билан ижодимга ҳам, топиш-тутишимга ҳам барака кирди», – дердилар Одил ака.

Қалам ҳақи ҳисобига «ота кўрди», «қуда чақириқ» каби тадбирларимизни ўтказдик.
Ёш оила бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилаётганини кўрган яқинларимиз – бобомлар, бувимлар, амаки, тоға ва янгаларимиз хурсанд бўлишди.
Шундай қилиб, никоҳимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлганларнинг кўнглини «Чин муҳаббат» орқали бир оз юмшатдик. Тўғрироғи, бунга Одил аканинг меҳр-муҳаббати, меҳнати, масъулияти туфайли эришдик.

Бошпана

Инсон учун энг зарури ўз уйи – ўлан тўшаги. Агар ўз уйи бўлса, кишининг кўнгли хотиржам, уйқуси тинч бўлади. Бировнинг уйида яшаганда эса ўйлаб қадам босиб, минг ўлчаб чироқ ёқаркансан, киши.

Бир муддат ижара уйда яшаб, унинг машаққатларини чуқур ҳис қилдик. Одил ака ҳам ҳар куни бир марта: «Мар, жоним, бир оз сабр қилгин, ҳадемай ўзимизнинг уйимиз бўлади, кейин оёғимизни узатииб ётамиз», – дердилар. Мен эса кулиб: «Нима, ҳозир оёғингизни узатолмаяпсизми?» – десам, у киши: «Менинг-ку аҳволим ўзимга аён, сенинг олдингда хижолатдаман-да», – дердилар.

Хуллас, бир йилдан сўнг омонат ижара уйнинг барча ташвишларидан қутулишга муяссар бўлдик. Бу хабарни келтирган кундаги ҳолатлари кўз олдимдан кетмайди. «Мар, хоним, суюнчи!» – дедилар эшикдан кирар-кирмас. «Энди бизнинг ўз уйимиз– ўлан тўшагимиз бор. Майли, бир оз тор-ку, лекин ўзимизники-да».

Кузнинг илиқ куни бўлишига қарамай, Одил аканинг пешоналаридан реза-реза тер оқар, қувончдан энтикиб нафас олардилар. Шунда Одил аканинг муқаддас оиламиз олдидаги масъулиятни сезиши, унинг мустаҳкамлигини таъминлашда эркак кишининг ўрни муҳимлигини, бошпана эканликларини чуқур ҳис қилишларини кўриб қувонганим ёдимдан чиқмайди.

Пойтахтнинг маркази – Амир Темур хиёбонининг биқинида жойлашган Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги бинодан бизга бир хонали уй беришди.

Курант қаршисидаги бу уйда олимлар, санъаткорлар, хуллас, бир сўз билан айтганда, ўша даврнинг машҳурларидан кўпчилиги истиқомат қилганлари сабабли ҳовлисига кираверишда қоровулхона бўларди.

Ҳар сафар ишдан қайтаётганларида Одил ака ўша қоровулхонага кириб, қоровул чол билан бир пиёла чой ичиб, бир оз гурунглашиб, кейин уйга кирардилар. Баъзи кунларда Одил акани ҳовлида кўриб, овқатимни суза бошлардим. Бироқ у киши қоровул билан узоқ гурунглашиб қолсалар, овқатим совиб, бир оз жаҳлим чиқарди.

Уйга кирганларидан сўнг: «Тенг-тенги билан-да, бир соат қолдингиз ўша қоровул чолнинг ёнида», деб иддао қилсам, Одил ака: «Қизишманг, одамни ажратиш керак эмас, уч хонали уйда яшайдиган Фалончиев ҳам, ўша қоровул чол ҳам мен учун бир хил – иккаласи ҳам Оллоҳнинг бандаси. Ўша киши борлиги учун биз хотиржам яшаймиз. Бир оз кўнглига қарагим келди-да», – дердилар.

Фарзанд қувончи

045Янги уй қувонч устига қувонч келтирди. 1956 йил 14 ноябрда ўғлимиз Муроджон дунёга келди. Туғруқ бир оз қийинчилик билан ўтди. Лекин фарзандимни бағримга босган лаҳзадаёқ чеккан азобим ёдимдан кўтарилди. Чақалоғимнинг «инга»сини эшитган куним мендан бахтли одам бу дунёда йўқ эди, гўё. Шундай онларда ҳамшира қўлимга мактуб тутқазди.

«Эркам, гўзалим, ақллим!
Аввало «она» деган номни олганингиз билан олам-олам табриклар ва ташаккурлар.
Менинг йўқлигим оқибатида тўккан ҳар бир қатра ёшларингиз, ҳамма азоб-уқубатларингизни мен ҳам бир-бир кечириб чиқдим, лекин шунда ҳам бу изтиробларингиз учун ўзимни чуқур гуноҳкор ҳисоблаб, қаттиқ кечирим сўрайман. Сиз, албатта, «эгилган бошни қилич кесмас», деб ўйлайсиз, бироқ ишонинг, эркам, мен кечаси билан ўйлаб, қаттиқ азобланиб чиқдим.
Майли, эркам, бу оғир қийинчиликлар эвазига ўғиллик бўлибмиз. Сиз она, биз ота бўлибмиз. Бу шундай катта, ҳатто шундай улуғ бахтки, ҳар иккимизнинг чеккан азобларимиз унинг олдида чивиндек бўлиб кўринмайди.
Гўзалим, гўзалим, кечиринг, кечиринг… Ёнингизда бўлмаганим учун, лаънати одамларга сизни қийнашга йўл қўйганим учун, ҳаммаси учун кечиринг, оппоғим!
Мен кеча самолётда учиб келдим. Бу катта ва бахтли хабарни эшитганимда Москва ҳам кўзимга кўринмасдан қолди. Шу заҳотиёқ самолётга чиқдим-у, қушдек учдим, 12 соатли йўл ўн икки йилдек кўринган узоқ сафар орқада қолиб, мана, олдингизга келдим…
Ҳамма гапингиз, талабингиз, қайғу ва шодлигингизга йўлдош бўлиш учун оддий бир жангчидек эшикларингиз тагида бош эгиб турибман. Буюринг, талаб қилинг, дўқ қилинг – ҳаммасига бош эгаман. Бугундан бошлаб сиз қўмондон, биз жангчига айландик.

Ўзингиз ва ўғлимизни ўпиб қолган гуноҳкорингиз.
(Имзо)».

Бу хат қалбимни янада нурга тўлдирди. Шундай одам билан бирга яшаётганимдан ич-ичимдан суюниб кетдим.
Мурод эмаклаб «овора» бўлмасдан тез юриб кетди. Ўша уйда Мурод бир ёшга тўлди. 1957 йил охирида эски уйимизда катта полвонимизнинг «юбилей»ини қилдик.
1958 йилни Чилонзордаги икки хонали янги уйда кутиб олдик. Бу уйда Шуҳрат ака, Иззат Султон, Мавлон Икром, Ваҳоб Рўзиматов, Пўлат Мўмин, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, қорақалпоғистонлик шоир Абитой Турумбетов каби Ўзбекистоннинг атоқли шоир ва ёзувчилари билан қўшни яшадик. Айниқса, ижодкорларнинг аёллари бир-биримиз билан опа-сингилдай бўлиб кетдик.

Ижод тайёргарлиги

Одил ака ўзларига қулай, тинч жойда ишлайверардилар. Бир парча оқ қоғоз ва биргина қалам бўлса бас. «Мен энди ижод билан шуғулланаман», дея бориб ўтирадиган алоҳида белгиланган ўринлари бўлмасди, жой танламасдилар.
Фақат битта нарсани яхши кўрардилар: ижод вақтида осойишталик ҳукм сурса, атрофда чанг, бесаранжонлик сезилмаса бўлгани. Айрим вақтларда рўзғор ишлари билан овора бўлиб, стол чангини артишни унутсам, ишга ўтиришдан олдин уни ўзлари ҳафсала билан артардилар.

Эътиборсизлигим учун танбеҳ бермас ёки бировимизга «Буни артиб қўй!» – демасдилар.
Тонг саҳар соат бешларда туриб, ўн беш-йигирма дақиқа бадантарбия қилардилар. Болаларни ҳам бунга мажбурлардилар. Сўнгра бир коса қайнатилган илиқ сувга озгина асал солиб, обдон эзиб эритар, уни аста, бўлиб-бўлиб, симириб-симириб ичардилар. Сўнгра соқолларини тоза қиртишлаб, кейин столга ўтирардилар.

Дам олиш кунларида ҳам одатларини канда қилмасдилар. Соқоллари ўсиб, дарвешнамо юрганларини бирон марта кўрмаганман. Уйдан ташқарига чиқиш режалари бўлмаса ҳам одатдагидай эрталабдан ювиниб, соқолларини қиртишлаб, покиза бўлиб ижодга шўнғирдилар. Яхши асар ёзиш учун ёзувчи маънан, жисмонан ва руҳан бақувват бўлиши кераклигини яхши тушунардилар.

Ижод қилиш учун ажратилган эрталабки соат 5 дан то 8 гача вақтларини ҳеч кимга бермасдилар. Жуда қизғанардилар. Зарурат бўлмаса, наҳорги ошларга бормасдилар. «Эрта тонгда асаблар ором олган, яхши ҳордиқдан кейин ақл янада пешланган, руҳ енгил, иштиёқ баланд бўлади»,– дердилар.

Одил ака тинмай ижод қилардилар. Одатларига кўра, тонгда бир оз ҳовлида айланиб келгач, ишга кетгунга қадар ҳам столга мук тушиб ишлардилар. Ижодга шунчалик шўнғирдиларки, бир неча марта нонуштага чақирсам ҳам ўрниларидан қўзғалмасдилар.
Тонгги ижоддан кўнгиллари тўлгач, ёзиб ўтирган асарларининг бирон бобини папка ёки газета ичига жойлаб ишга кетардилар. Кетаётиб қўлимга тайёр қўлёзмаларни тутардилар.

Қўлёзмаларни машинкада тердириш, устидан ўқиб, зарур жойларини тўғрилаш каби ишлар менинг зиммамда эди. Мен бундай масъулиятли ишни сидқидилдан бажарардим. Адибнинг сиёҳи қуримаган ижод намуналарини илк бор ўқиш мен учун жуда завқли эди.

«Бир жойда ўтиравериб бўғимларимиз ўз вазифасини унутиб қўймаслиги керак», – дея бир кунда икки ярим – уч чақирим пиёда юришни ҳам канда қилмасдилар. Бу сайру саёҳат давомида хаёлларида ёзилажак асарнинг хомаки нусхаси пишиб етиларди. «Кечқурунлари ишлашнинг хосияти камроқ», – десалар-да, барибир, ҳар куни кечда ҳам икки-уч соат ишлардилар.
1958 йили «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» пьесасини ёзиб тугатдилар. Бу асар ҳам Ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақиятли қўйилди.
Ўша йилнинг охирларида Одил ака Москвада чоп этиладиган «Литературная газета»нинг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири лавозимида иш бошладилар.
Газетанинг топшириқларини бажариш баробарида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, туманлари, ҳатто хўжаликларини айланиб чиққанлар, десам муболаға бўлмайди.

Самарқанддан қайтган кунлари эртасига Хоразмга, у ердан қайтиб, Фарғона водийсига кетардилар. «Қадамим етмаган биронта хўжалик қолмади-ёв, чамамда», дердилар ҳар гал хизмат сафаридан қайтганларида. Улар шундай сафарлар чоғида ўша жойда яшайдиган аҳолининг турмуш тарзини ўрганар, одамлар билан самимий суҳбатлашар, янги асарлари учун мавзу ва қаҳрамонлар топиб келардилар.
Ўйлайманки, бўлажак асарлари ана шу тинимсиз меҳнат, «югур-югурлар»нинг меваси эди.

Кутубхона интизомга чақиради

054Эндигина турмуш қурган кунларимизда бирмунча вақт 15-шаҳар касалхонаси рўпарасидаги маҳаллада– Нишон Раҳимов кўчасидаги ижара уйда яшаганмиз.
Сўнгра курант ёнидаги бир хонали уйда, кейин Чилонзордаги савдо маркази қаршисидаги уйда истиқомат қилдик.
Бу уйларнинг торлиги, бир томондан, бола-чақанинг қий-чуви, иккинчи томондан, кети узилмайдиган келди-кетдининг кўплиги учун Одил ака бу уйларда ижод қилишга қийналардилар.

Шу даврда ёзилган асарларнинг аксарияти университет ёки «Навоий» кутубхоналари залида қоғозга туширилган, десам хато бўлмайди.
Бу ҳолатга бир неча марта гувоҳ бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳайратланиб: «Эй Одил! Ёзувчи деган жонивор кутубхонада китоб ёзадими?» – деган экан.

Уйда ёзиш имконияти йўқлигини айтишга ийманган Одил ака умрларининг охирги кунларигача кутубхонада ўтириб ишлаш кераклигини айтиб: «Кутубхона одамни интизомга чақиради! Уйда майда-чуйда ишларга ўралашиб қоласан, киши. Бу ер тинч, агар ёзаётганимда биронта маълумот зарур бўлиб қолса, қўлимни узатсам керакли китобга етади. Менга ҳар жиҳатдан кутубхонада ижод қилиш қулай-да»,– дея вазиятдан чиққан эканлар.

Одил ака талабалик йилларида бир нечта йигитлар билан бирга ижарада турганлар. Шундай шароитда фикрни жамлаб асар ёзиш маҳоллигини инобатга олиб, дарсдан кейин университет аудиторияларининг охирги қаторида ўтириб ижод қилишни одат қилганлар.

Шунинг учун Одил ака керак бўлиб қолганларида, ўқиш соатлари тугагани, ҳатто кеч бўлганига қарамай, ёр-дўстлари ўқув хоналаридан қидиришар ва у кишини ўша ердан топишар экан.

Оила ташвишлари

Мен Одил аканинг ижодини таҳлил қилиш ишини адабиётшунос олимларга ҳавола қилиб, яна оиламиз тўғрисида гапирсам.
Чилонзордаги икки хонали уйимизда икки ўғлим – Рустам билан Искандар дунёга келди. Фарзандларимиз сони учтага етди, яна ҳаммаси ўғил бола. Секин юришмайди, у ёқдан-бу ёққа югурганлари югурган.
1960 йилда оиламиз анча катталашди, шу билан бирга янада мустаҳкамланди. Икки хонали уй 3 та фарзанд, онамиз, опамиз, ука, келин (уканинг хотини) ва жиянлардан иборат каттагина оилага торлик қилди. Энди ҳовли-жой қуриш ташвишлари бошланди.

Уй қуриш қийинчиликларини бошидан ўтказганлар яхши билади. Қайси бир халқда: «Илойим, уй қуриш бошингга тушсин», деган қарғиш бўларкан. «Бизга ўхшаб қум, шағал, симон орасида ўралашиб юриб, тинкаси қурисин», деган бўлса керак-да, дер эдилар Одил ака қурилиш ишларидан бир оз чарчаган кезларида чин-ҳазил аралаш қилиб.
Газетада махсус мухбир эмасмилар, хизмат сафарлари жуда кўп. Ҳаётларининг катта қисми йўлда ўтади. Бу эса уй-жой ташвишларининг ҳал этилиши ортга сурилишига сабаб бўларди. Уй-рўзғор ташвишлари менинг зиммамда бўлса-да, қанча кўп ишласалар ҳам, қурилиш ишларига барибир Одил аканинг ўзлари бош-қош бўлардилар.

Ҳеч қачон оғир юкни менинг елкамга ортмасдилар. «Аёл киши саранжом-саришталик, пазандаликни дўндириши керак, эркак эса бу ишларни бажариш учун аёлга шароит яратиши лозим. Уйни қуриш мендан, ясатиб, гуллатиш сиздан, лекин мен ишимни уддалагунимча сиз сабр қилинг. Сизга сабр, менга куч-қудрат берсин бу ишларимизда», – деган сўзни кўп айтардилар.

1960 йилнинг кузида чала битган, томига эски шиферлар қоқилган, айрим хоналарида ойна-эшиги йўқ янги уйга кўчиб ўтдик. Лекин тор уйда тиқилиб қолган эканмиз, кенг ҳовлининг ярим харобалигига ҳам қарамай, яйраб яшай бошладик.
Рост-да, эрта саҳарда уйқудан уйғониб ҳовлига чиқса, тоза ҳаводан баҳри дили очилади кишининг. Кенгликни яхши кўрадиган, қишлоқда туғилиб ўсган одамлар эмасмизми, чала битган ҳовлимиз кошонадек кўринарди кўзимизга.

Маҳалла фаоли

Инсон қаерда яшамасин, ўша жойни «ўзиники» қилиб, обод ва озода сақлаш учун тиниб-тинчимайди.
Янги ҳовлимизни эпақага келтириш, кўчани текислаш, телефон ўрнатиш, хуллас, обод маҳалла ва рисоладагидай уйда яшаш учун Одил ака иккимиз бор кучимиз билан ҳаракат қилдик.
Ёшлик деб аталмиш умр баҳорида инсоннинг танаси куч-ғайрат, энергияга шу қадар тўла бўларканки, киши чарчоқни ҳам ҳис қилмас экан.
Қанча меҳнат қилсанг ҳам, бир ухлаб турсанг, тананг яна енгил, чарчоқлар батамом чекинган бўларкан.

Шунинг учун бўлса керак, доим масъулиятли вазифаларда меҳнат қилишларига қарамай, «Ишдан чарчаб келдим», деган гап Одил аканинг оғизларидан чиқмасди.

Янги ҳовлимиз икки катта завод оралиғидаги маҳалла – Оққўрғон ариғи бўйида эди. Бир томондан, «Ўзбексельмаш», яна бир томондан, Экскаватор заводлари чиқиндисини келтириб кўчаларга тўкиб кетишарди. Кўчалар ёзда чанг, қишда лой бўларди.
Янги маҳаллада кўчани асфальтлаш, телефон ўтказиш учун 20 та симёғоч ўрнатиш, табиий газни улаш, канализация каби бир дунё ишларни амалга ошириш учун саводли, оқ-қорани танийдиган бир киши бош-қош бўлиши лозим эди.
Бундай жамоат ишларига қўлидан ёзиш-чизиш келадиган, турли идораларда музокара олиб бориб, яхши натижаларга эришадиган Одил ака масъул бўлиб қолдилар.

Шундай қилиб, қўни-қўшнилар Одил акани «ўзлариники» қилиб олишди. Барча тааллуқли идораларга бўладиган югур-югурми, усталарнинг ишларини жонлантиришми, хуллас, жамоат ишларини ташкил этиш ҳам «маҳалла фаоли» Ёқубовнинг зиммасига тушди.
Шунинг билан бирга Одил ака, шак-шубҳасиз, ижод машаққатидан ҳам лаззат олардилар. Ҳар куни тонгда ва кечки овқатдан кейин столга мук тушганларича ижодга шўнғирдилар.

Асарларини бир неча марта қайта-қайта ёзардилар. Ишлаётганларида атрофлари қоғозга тўлиб кетарди. Мен уларга халақит бермасликка тиришардим.

Машаққатли, тинимсиз ижодий жараён кетма-кет ўз самарасини кўрсатарди. «Муқаддас»дан кейин 1961 йилда «Тилла узук», 1962йилда «Ларза», 1963 йилда «Бир фельетон қиссаси», 1965 йилда «Эр бошига иш тушса», 1969 йилда «Қанот жуфт бўлади» ва «Матлуба», 1970йилда эса «Излайман» роман ва қиссалари дунё юзини кўрди.
Бу асарларни ҳам адабиёт аҳли ва китобхонлар илиқ қаршиладилар.

«Тановар»

0056Юқорида айтганимдек, 1960 йилнинг аввалида янги участкани чала битириб кўчиб келдик. Сир эмаски, янги уйда қурилиш ишлари билан бирга уйни жиҳозлаш бўйича ҳам анча-мунча ҳаракат қилишга тўғри келади.
Энди эски уйдаги бор жиҳозларимиз янги уйнинг биргина хонасини тўлдирса тўлдирар, бўлмаса бу ҳам йўқ. Чилонзордаги уйимиздан биз билан бирга кўчиб келган эски «Саратов» музлатгичи ва бошқа жиҳозлар рўзғоримизга 1970-йилларгача асқотган.
Мен кунда музлатгич эскилиги, яхши совитмаётгани, келаётган меҳмонларга идиш-товоқларнинг етишмаётгани, баъзи хоналарда эса гилам йўқлигини айтиб хархаша қила бошладим. У даврларда ҳар бир буюмнинг ўз «торги»[1] бўлар, уларнинг эгалари Одил акани яхши танишар, ҳурмат қилишар, бироқ Одил ака уларга бориб илтимос қилишни хушламасдилар.

Одил аканинг доимий ҳамроҳи – 1950-йилларда жуда машҳур бўлган «Белорусь» русумидаги радиомиз бўларди. Унинг бош қопқоғида ликопча қўйиладиган патефони бор эди.
Одил ака мумтоз мусиқаларимиз ёзилган ликопчаларни тез-тез олиб келардилар. Уйда жиҳозлар эскилигидан, ҳатто телевизоримиз йўқлигидан нолиб, аразлаган маҳалимда у киши Маъмуржон Узоқовнинг ликопчасини қўярдилар-да, секин кўрпачага бориб ўтирардилар.
Хонада «Тановар»нинг дилтортар саси янграши баробарида: «Қани, бир соллана-соллана рақс тушинг, хоним», дея қарсак чала бошлардилар. Бир муддат уйнинг бурчагида аразлаб, тўмтайиб турардим. Одил ака яна қошлари билан имлардилар.
Мен қўзғалмай тураверганимдан кейин паст овозда гап бошлардилар: «Болалик вақтларимизда, Қарноқдаги бир қўшнимизда патефон бўларди. Унда «Тановар» куйи янграса, бутун қўни-қўшнилар уни тинглашга ошиқарди. Мукаррама опа куйга монанд шундай рақс тушадилар-ки, дилингиз яйрарди.
Худо хоҳласа, келажакда шу опа ҳақида бир чиройли очерк ёзаман, деган ниятим бор. Ҳозирча сиз Мукаррама хоним бўлиб рақс тушиб бера қолинг. Бир кўнглимиз ором олсин», – дедилар.
Одил ака завқ билан тебраниб куй эшитиш асносида қўллари билан секин-секин чапак чалар, ҳадеб бошлари билан имлаб мени рақс тушишга даъват этардилар.
Шунда гиналарим ҳам унут бўлиб, ёримнинг кўнглини олиш учун қўлларимни кўтариб «Тановар»га рақс туша бошлардим…

Ижодий сафарлар

Айрим ҳолларда Дўрмондаги Ёзувчилар боғида ишлар, лекин энг яхши кўрган жойлари Москва яқинидаги Переделкино ва Малеевкадаги ёзувчиларнинг Ижод уйлари эди.

Тошкентда фикрлари жамлангандан сўнг ёзиш эҳтиёжи туғилиб, кўпроқ ўз ҳисобларидан таътил олардилар-да, у ерга равона бўлардилар.
Ишонсангиз, бир ойда катта романнинг «суяги»ни тиклаб, сўз билан ифодалаш қийин бўлган жуда кўтаринки кайфиятда қайтиб келардилар.

Ана шундай ижодий сафарлар давомида кунда, кунора мактуб йўллаб, бизнинг ҳолимиздан хабар олардилар. Ўзлари узоқда бўлсалар ҳам, оилавий муаммоларни ҳал қилардилар.

Переделкинодан Тошкентга қайтишда Москва орқали самолётда училарди. Ҳар сафар самолётга чиқишдан олдин роман қўлёзмасини ниҳоятда эҳтиётлаш чорасини кўриб қўярдилар. Қўлёзмалар солинган иккита қалин папкалар устига ручкада «Это рукопись узбекского писателя Адыла Якубова. При утери прошу вернуть за хорошее вознаграждения», деб уй манзили ва телефон рақамини ёзиб қўярдилар. Шундан билингки, асарнинг қаймоғи айнан мана шу папкаларда. Қайтиб келганларидан кейин эса маза қилиб унга сайқал берардилар. Переделкинога ҳар сафар борганларида папкалар устига юқоридаги «визитка» бўлиб қолган илтимосларини ёзиб қўйишни эсларидан чиқармасдилар. Ўз қўллари билан ёзилган бундай «устхатли» папкаларни сақлаб қўйганман. Уларни қўлимга олсам, ўша кунлар кўз ўнгимда намоён бўлади.

Руҳий ҳолат

Тез-тез ҳовли ёки кўчамизнинг у бошидан бу бошига юриб, ўзлари билан ўзлари гаплашган ҳолатдаям асарни пишитардилар. Бу жараёнда ўнг ёки чап қўлларининг тирсагидан озроқ букиб, кўрсатгич бармоқларининг учигача силтаб-силтаб қаҳрамонларини «гапиртирар» эдилар. Монолог ва диалоглар пишиб етилгач, дарров уйга кириб, қоғозга ёки тик турганча ён дафтарга туширардилар. Бирор асарни бошлашдан аввал шу асар бўйича туғилган фикрларни ёнларидаги блокнотга, албатта, тушириб олардилар. Ана шу блокнотларда ёзилажак асар санаси, сабаби, уни ёзишдан олдинги ўзларининг руҳий ҳолатларини айтиб, персонажлар, қаҳрамонлар, образларни мухтасар тарзда «пишириб» олардилар. Шунингдек, Қуръон оятлари, айрим арабча, форсча, русча сўзларнинг маъноларини ёзиб қўярдилар. Шундай қайдлардан иборат қирққа яқин блокнотлар сақланганки, уларда аксарият асарларнинг хамиртурушлари, ижодий сафарлар давомида кўрган-кечган ҳолатлар, турли қаҳрамонларнинг сийратлари ўз аксини топган. Костюмларининг ташқи ўнг чўнтакларида доим иккита-учта ручка юрарди. Етмишинчи йилларнинг ўрталаригача, ҳатто «Улуғбек хазинаси»ни ҳам сиёҳли ручкада ёзганлар. Аксар ҳолларда столга газетани ёйиб, унинг устига тоза қоғозни қўярдилар. Чарчаган ёки хаёл сурган кезларида газета ҳошиясига айрим чизги ва белгилар, сўз ва рақамлар, ғаройиб ибора ва ҳикматли сўзларни ёзиб, айниқса, Пушкиннинг машҳур профилини чизиб қўйишни хуш кўрардилар. Чуқурроқ хаёлга чўкканларида эса бояги газета ҳошиясидан бир парчани йиртиб олиб, бош ва кўрсаткич бармоқлари орасида буклар, юмалатар ёки чайнаб ўтирардилар. Бир нуқтага қараганча узоқ ўйланиб қолардилар. Ана шундай ҳолатларда уларга халақит бермасликка, ўйларини бузмасликка ҳаракат қилардик. Олдиларига чойнакда чой, бир чақмоқ қанд ёки новвот келтириб қўярдим. Бесасгина қадам босганимдан келиб кетганимни билмай қолардилар. Ҳеч қачон қайноқ чой ичмаганлари учун қайноқ чой олиб келганимни айтишим шарт эмасди. Чой совигач, ўринлардан турган ҳолда чойнакнинг ўзидан бир-икки ҳўплаб ичишни афзал кўрардилар. Ижод ўртасида толиққанларида катта тош ойна яқинига келиб, соқоллари тоза олинган-олинмаганлигини кўздан кечирардилар-да, анчайин ўнг қўлларини кўтариб ёки шимларининг ўнг чўнтагида юрадиган майда тароқлари билан сочларини текислаб, «хў…ў…ш» деб қўярдилар нимадандир мамнун бўлиб. Ва яна хаёлга чўмиб кетардилар. Ўзларига «қайтганларида», болаларга қилиниши лозим бўлган вазифаларни топшириб, дам олишга ёки ишга отланардилар.
Ўзларига ярашадиган бу одат ва ҳолатлар деярли ўзгармади. Кўриб турибсизки, уларнинг ҳаммаси оддийгина, табиий.

Нафс

Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганларида бизни ҳукуматнинг «хўжалик ҳовлиси» – «хоздвори»га бириктириб қўйишди. Ўша кезларда кўп буюмлар, айниқса, озиқ-овқат бир оз танқис, боригаям гастрономларда узундан-узун навбат. Бозорларда 2–3 маротаба қиммат, «хоздвор»да эса барча нарса муҳайё. Ўз нархида. Иштаҳани қитиқлайди.
Одил ака халқнинг аҳволини, нимани еб-ичаётгани, қандай яшаётганини яхши билардилар. Ҳукуматнинг «хўжалик ҳовлиси»дан ҳафтасига икки марта «дефицит» маҳсулотларни харид қилиш мумкин бўлса-да, фақат бир марта, ўшандаям энг зарур 3–4 хил маҳсулотга пул бериб, қатъий рўйхат билан юборардилар.

Ҳаёт эмасми, баъзан у кишининг нима дейишларини билсак ҳам, майда-чуйда қийинчиликлардан гап очиб қоламиз. Кўнглимдаги хоҳишимнинг «қойил» қилиб бажарилишига кўзим етмаса ҳам, бир оз таскин топармиканман, дейман-да. Ёки биронта фарзандимиз ниманидир истаб қолади. Ҳар доимдагидек ота билан болалар ўртасидаги воситачилигимни бошлайман. Дарров жавоблари тайёр:

– Эл қатори юринглар. Бировдан олдин, бировдан кейин. Шукур қилинглар! – дердилар. Инсоф, камтарликка чақирардилар. Дабдабани ва ҳашаматни мутлақо тан олмасдилар. – Нафсни тийинглар! Уни идора қила билиш керак, – деб кўп такрорлардилар.– Сиз онасиз-ку, шундай керак-нокерак нарсаларни менга етказгунча фарзандларингизга тушунтиринг, уларни борига қаноат қилишга ўргатинг… каби гапларни эшитганим қоларди, холос.

Одил акам ҳақидаги ушбу хотираларни битаётганимда таниш-билишларим келтириб берган, айрим ёзувчилар адиб вафотидан сўнгра айнан уюшмага у киши раҳбалик қилган кезларда рўй берган баъзи воқеалар ва жараёнлар ҳақидаги аниқ дадил ва фактларга асосланмаган енгил-елпи «асарлар»ни варақлаб, очиғи, қаттиқ ранжидим. Ваҳоланки, Одил акам жонажон Ўзбекистонимизнинг турли гўшаларидан пойтахтга келиб қолган кўпчилик қаламкашлар ва ижодкорларга тенг кўз билан қарайдиган, ижодий ютуқларидан қувонадиган, камчиликларини юзига рўйирост айтадиган, ҳатто айримларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб юборадиган, турфа ғийбатнамо гапларга ишонавермайдиган танти ва сахий, бағри дарё ва қўли очиқ инсон эдилар.

Идеаллаштиришдан йироқман. Аммо, Одил акамлар ёзувчи нафси билан иштаҳасини жиловлай олсагина йирик бир асар ёза олиши мумкинлигини аллақачон тушуниб етган эканлар. Бунинг устига, ўзларига хос назари баландлик, ҳар нарсага эътибор қилавермаслик энг яхши фазилатлари эди.

—————
[1] Импорт молларнинг фақат таниш-билишчилик орқали сотилганлиги
назарда тутиляпти.

Веласипед

Олтмишинчи йиллар сўнгида магнитофон деган нарсалар пайдо бўлди. Болаларнинг олди 14–15 га бориб қолган, кичкиналар ҳам янгиликка ишқивоз…
Бир куни улар отасининг хуш кайфиятда бўлишларини пойлаб, ака-укалар номидан «элчи» сифатида Искандарни у кишининг олдига киритдилар. Ҳали ўн ёшга тўлмаган Искандар отасига магнитофон олиб беришларини илтимос қилди. Отаси:

– Нима? Айт-чи, қайси қўшнининг боласида магнитофон бор? – дедилар.

Искандар хомушгина ортига қайтди. Одил ака болаларнинг бир оз ранжишганини сездилар шекилли, бир ҳафтадан сўнг энг арзон магнитофонга етадиган пул бердилар. Болаларимиз роса қувонишди.

Элчига ўлим йўқ, дегандек, яна бир куни Искандар отаси ишлаб ўтирган хонага кириб борди. Бу сафар юрагини ҳовучлаб акалари учун велосипед олиб беришларини илтимос қилди.

– Ҳай, қанақасизлар ўзи! Магнитофон олиб берганимга ҳали ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Яна янги нарса ўйлаб топишади, булар. Қайси қўшнининг боласида веласипед бор? Улар ранжимайдими? Ёзувчининг боласида бору, менда йўқ, деган фикр уларни ўкситмайдими? – дедилар бу сафар жиддий аччиқланиб.

Болам шўрлик тарвузи қўлтиғидан тушиб, сўппайганича акаларининг олдига чиқиб кетди.

Онаман-ку, болаларимга борлиғимни ҳадя этгим келади, қани энди қўлимда бўлса-ю, уларнинг ҳар бирига биттадан веласипед олиб берсам…

Лекин бу вазиятда аралаша олмасдим. Ўғилларимни сабрга чақирдим.

Биринчи веласипед ҳовлимизга бир йилдан сўнг, чамаси, «Улуғбек хазинаси» журнал нашрининг қалам ҳақига кириб келди-ёв. Болалар жуда қувонишди. Уни миниш учун кўчамиз болалари ҳам навбатда туришарди. Веласипедни бутун кўчамизнинг болалари ўртада «баҳам» кўришаётганидан Одил ака мамнун бўлардилар.

Қалам ҳақи

Гап қалам ҳақига келиб тақалган экан, бир-икки оғиз гапирмасам бўлмайди. Одил ака катта романнавис бўлганликлариданми, билмадим, негадир кўпчилик ижодкорлар, ҳатто қариндошларимиз ҳам бизни ўта бой оила бўлса керак, деб ўйлашарди. Қадрдонлашиб кетган қўшниларимиз, айниқса, журналистикадан бир оз хабари борлар: «Марямхон, Одил ака – катта ёзувчи. Китобларига яхши пул тўлашса керак-а? Меҳнатиям оғир-да. Ҳалиям бизда унчалик бўлмаса керагу, чет элда-чи?.. Таржималарига бир дунё пул оладилар. Лекин сиз жуда камсуқумсиз-да, билдирмайсиз», – дейишади қитиқ патимга теккан бўлиб. Мен эса гапни чўзавермасдан, «қайдам-ов» деб, суҳбат нишабини бошқа ёққа буриб юбораман.

Оилада, қариндош-уруғлар, айниқса, бола-чақалар олдида Одил ака қалам ҳақи тўғрисида гапирмасдилар. Аммо нашриётларга қалам ҳақини олгани баъзан мени, баъзан болалардан биронтасини юбориб турардилар. Қалам хақи кўпроқ бўлса, омонат дафтарчасига ўтказардилар-да, дафтарчаларини «узоқроқ»қа яшириб қўярдилар. Ўша вақтлар ҳисобидаям, бугунги ҳисобдаям дафтарчаларида «катта» пулнинг ўзи бўлмаган. Ҳамма гап борига қаноатланиб яшашда бўлган.

Маълумки, қаламкашларнинг муқим иш жойидан оладиган ойлик маошлари кўп бўлмаган. Асарларнинг босма табоғига қараб олинадиган қалам ҳақи маошларига қўшилиб, ойлик даромадлари ҳисобланарди. Ундан турли бадаллар тўланарди. Даромад қанча юқори бўлса, тўланадиган бадал ҳам шунча юқори эди. Кўриб турибсизки, катта қалам ҳақидан бадал ҳам катта бўлган. Ундан ташқари, Одил ака турли меҳр-саховат йиғимларигаям пул ўтказиб юрардилар. Бу ҳақда ҳеч кимга гапирмасдилар.

Энди ўйласам, Одил ака, Иброҳим Ғафуров айтганидек, «қалам ҳақи ҳисобига бола-чақа боқиб, оила тебратган сўнгги могикан» эканлар.

«Муқаддас» қиссаси

078Турли қийинчиликларга қарамай, ҳаётимиз ширингина ўта бошлади. Бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз кундан-кунга ортиб борди. Биз бир-биримизни кўз қарашларимиз билан англаб етардик. Болаларимиз улғаяр, отаси янги асар устида ишлар, мен эса ҳовлидаги ўчоқдан бери келмай, «пишир-тушир» қилардим. Уйимиздан меҳмон аримасди.
Одил ака эллигинчи йилларнинг охири – олтмишинчи йилларнинг бошларида «Севги қиссалари» номи билан нашр этилган қатор қисса ва ҳикояларни ёздилар. «Аямажуз», «Йўқолган юлдузим», «Бахт қуши», «Матлуба», «Тилла узук» шу туркумдаги қиссалар эди. «Муқаддас» ҳам ўша кезларда ёзилган.

Бу қисса Одил аканинг талабалик йилларида кўрган-кечирганлари, кузатган ҳаётий воқеаларнинг, таъбир жоиз бўлса, акс-садосидир.

«Муқаддас» қиссаси ҳақида нима дейишим мумкин? Агар сохта камтарликни йиғиштириб қўйиб айтар бўлсам, асар олтмишинчи йилларда ёшлар ўртасида анча-мунча баҳсларга сабаб бўлган. Хатлар ёмғирдай ёғилиб келгани ҳам эсимда. Бу мактублар ичида гоҳо юз, гоҳо икки юз талаба имзо чекканлари ҳам бўлган. Уларнинг аксариятида: «Энди нима бўлади? Шарифжон билан Муқаддас топишадими?», «Муқаддас Шарифжонни кечирармикан?» деган безовталик изҳори баён қилинган бўлса, айримлари шундай ўтинчдан иборат эди: «Одил ака, илтимос, Муқаддасга айтинг, Шарифжонни кечирсин! Ахир, у шўрликнинг гуноҳи йўқ-ку!» ва ҳоказо ва ҳоказо…

Бир гал ишдан қайтган Одил ака қўлимга салмоқлигина қоғоз пакетни тутқаздилар-да, мийиғларида кулиб: «Беговот металлургия заводидан юборишибди», дедилар. Нима экан бу, деб очсам, ичидан бир даста хат чиқди. Қиссада Муқаддас Беговот металлургия заводига ишга кетди, деган маъно келиб чиқадиган жумла бор эди. Буни ўқиган соддадил китобхонлар: «Муқаддас Шарифжонни кечирсин!» дея завод раҳбарияти номига ўтинч мактубларини йўллашган экан.

Бу гапларни ўқиб, мийиғда жилмайиб қўйиш ҳам мумкин, албатта.
Одил ака «Муқаддас»га келган хатларни алоҳида жойда тўплашимни истадилар. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу асар ҳақида фикр-мулоҳаза билди-
риб битилган хатлар битта каттагина қопга жо
бўлди.
«Соддадил китобхонларнинг куюнчаклик билан ёзган бу хатлари мен учун танқидчиларнинг том-том мақтовларидан кўра азизроқ», деган эдилар Одил ака.

«Тилла узук» қиссаси

Агар бадиий асар замирида ҳаётий ҳақиқат бўлсагина у китобхон кўнглига кириб боради.
Одил аканинг асарларида тасвирланган воқеа ва ҳодисалар, ҳаётда умргузаронлик қилган ва қилаётган шахслар тақдири мавжудлиги уларнинг ўқувчилар томонидан ўта самимий қарши олинишига сабаб бўлди.
Одатда, ёзувчи кўрган-кечирган воқеаларни ёзади. Таниш-билишлари асар прототипларига айланади.

Баъзан у хаёлот оламига шўнғиб, аёлнинг бетакрор тимсолини тасвирлайди.

Масалан, бир қизнинг камон қошлари, шаҳло кўзлари, бошқа қизнинг узун сочлари, оппоқ юзи, лаби устидаги холи, яна бир қизнинг сарвдек қадди-қоматидан таъсирланиб бир гўзал аёл образини яратади.

Беайб – Парвардигор. Одил ака беш-ўн қиздан битта қилиб яратилган ана шундай гўзал аёл образини яратганларида менинг бир озгина ғашим келарди. Худди мен Одил аканинг хаёлидаги бу гўзалнинг олдида камситилгандек сезардим ўзимни…

Дунёга келган ҳар бир янги асар, адабиёт оламидан ташқари, оддий китобхонлар ўртасида ҳам шов-шувларга сабаб бўлади. 1961 йилда чоп этилган «Тилла узук» қиссаси шундай асарлардан бири бўлди.

Одил ака армияга кетмасларидан аввал бир қўшни қизни севган эканлар. Тақдирлари бир бўлмаган эканми, улар ажралиб кетишган. У қиз аллақачон турмушга чиққан, фарзандли ҳам бўлиб кетган.

Муқовасида «Одил Ёқубов» исм-шарифи ёзилган ҳар бир китобни ўқиб, кузатиб юрган ўша аёл «Тилла узук» қиссасини ўқиб, қаттиқ ҳаяжонга тушади. Унинг назарида, асарда у билан Одил ака ўртасида бир замонлар бўлиб ўтган воқеалар тасвирлангандек эди. У: «Агар эрим бу асарни ўқиб ё ундан хабар топиб қолса, қайнонам-қайнотамга, қўни-қўшниларимга қайси юз билан қарайман», деб ваҳимага тушади.
Ҳолбуки, асарда тасвирлангандек, Одил ака унинг қўлига тилла узук тақмаган! Иккаласининг орасида бирор жиддий гап ҳам, аҳду паймон ҳам бўлмаган!

Лекин буни исботлашнинг ҳеч бир иложи йўқ. Чунки икки ёшнинг пинҳона учрашувлари ўша вақтда маҳалла аҳлининг оғзига тушган.

Шунинг учун аксар китобхонларда «Тилла узук»даги қаҳрамон образида айнан шу қиз тасвирланган, деган фикр туғилган.
Кўрибсизки, асардаги воқеа оғизма-оғиз тарқалиб, бояги аёл қаттиқ изтиробга тушади.
Ҳатто Одил ака билан ўша қизнинг тарихидан хабардор бўлган бир киши – Одил аканинг фронтдош дўсти Хайрулла ака: «Шу воқеаларни китобга киритмасанг бўлмасмиди? Ўзимнинг сиримни достон қилсам, элга тезроқ машҳур бўламан, деб ўйладингми? Ё гонорар олмасанг, очдан ўлиб қолармидинг? Менга келсанг, шу китоб учун тўланадиган пулни берардим. Мана, энди бир оиланинг нотинчлигига сабаб бўлдинг», деб тузлаган.
Мен ҳам бошида «Тилла узук» қиссаси туфайли Одил акадан бир оз аразлагандай бўлдим.
Лекин ижодкор билан бир ёстиққа бош қўйишнинг азобларини яхши тушунганим, Одил аканинг самимийлиги, чин муҳаббатига ишонганим учун бу воқеаларни дарров унутиб юборганман.

Дастхат

Одил аканинг дастхатлари майда бўлса ҳам, жуда равшан, тушунарли, хатосиз ва тартибли эди. Олтмиш йиллик ижодий меҳнатлари мобайнида дастхатлари сира ўзгармаган.

Хатлари майдароқ бўлишининг сабаби, бир томони, жуда кўп ёзганликларидан қоғозни тежаш истаги бўлса, иккинчи томони, янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, мияларига қуйилиб келган фикр бўлинмасидан туриб уни кафтлари тагидаги қоғозга тезроқ тушириб олиш мақсадида бўлса ажаб эмас.
Шу ўринда эътиборингизни бир фикр-мулоҳазага жалб этмоқчиман. Ҳозир компьютер даври. Компьютер кириб бормаган ўқув муассасаси, ташкилот ва ҳатто хонадоннинг ўзи йўқ. Барча хатлар, ҳужжатлар, асарлар компьютерда ёзилмоқда. Қулайлиги бор, эътирозим йўқ.
Яқинда бир газетада ўқиб қолдим. Газета ва журналларда тинмай асарлари босилаётган бир ёш ёзувчи шундай деб ёзибди: «Менинг ишхонамда ҳам, ижодхонамда ҳам, ҳатто ошхонамда ҳам компьютер бор. Қайси пайт хаёлимга бирон янги фикр келиб қолгудек бўлса, хоҳлаганимга ўтириб, ижодга шўнғийман».

Билмадим, балки ҳозир ижод қилиш овқат ейишдек осон ва оддий ишга айланиб улгургандир. Балки ёшлар ҳам замонасига яраша жуда тезкор фикрлайдиган, ўйлаб ҳам ўтирмай асарларни қаторлаштириб ёзиб ташлайдиган даражага етиб боргандирлар.

Лекин, менинг фикри ожизимча, асар, агар у ҳақиқий асар бўлса, уни ёзиш нияти ҳам, мазмуни аввал инсон миясида туғилиб, қайта-қайта ўйлангандан кейин маълум даражада етилиб, сўнгра юракка ўтади, юракдан қўлга, қўл орқали эса қоғозга тушиши керак эмасмикин?
Эътибор беринг-а! Айнан юрак тўлқинларида шаклланган, сайқалланган мазмун қўл орқали қоғозга ўтади. Керак бўлса қоғоздагиси қалам билан қайта ишланади. Демак, ҳақиқий асар, агар у юракдан чиқариб ёзилган бўлса, албатта, унинг қўлёзмаси мавжуд бўлиши керак.

Умрининг сўнгги йилларида Одил акага ўқиб бериш учун ёш шогирдлари ўз асарларининг компьютерда ёзилган нусхаларини олиб келишарди.
Шунда Одил ака: «Бу биринчи нусхасими?» – деб сўрардилар. «Ҳа», деган жавобни эшитганларидан кейин хўрсиниб қўярдилар. Муаллифга бирор ортиқча гапни айтмасалар ҳам, асарни ҳафсаласизлик билан ўқиб чиқардилар.

«Қўлда ёзилмаган асар юракдан чиқмайди. Юракдан чиқмаганидан кейин китобхон юрагига ҳам етиб бормай, унга муқим ўрнашмайди. Бугун ўқилади, эртага унутилади», деган фикрда бўлганлар.
Балки биз кечанинг одамлари бўлганимиз учун шундай фикрласак керак-да, узр.
Мен шу ёшимда ҳам Одил аканинг чоп этилган, яхши безатилган китобларидан кўра қўлёзмаларини қайта-қайта ўқигим келаверади.
Ҳуснихатлари ортидан қалам ушлаган қўлларини, ўйчан кўзларини, меҳр-муҳаббатга тўла қалбларини кўргандек бўламан.

Армон ва юпанч

Одил ака 1954 йилнинг сўнгги кунларида нашр этилган илк китобчалари – «Дастлабки қадам»нинг бир нусхасини менга дастхат ёзиб берганлар.
Унда шундай сўзлар битилган эди: «Марям, узоқ йўлга тушган йўловчининг ишончли йўлдоши бўлиши керак, сенга мен ва менинг асарларимдан яхши йўлдош топилмаса керак».

1951–1959 йилларда Одил аканинг «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим», «Олма гуллаганда», «Чин муҳаббат», «Юрак ёнмоғи керак» каби пьесалари, «Тенгдошлар», «Ота изидан», «Аямажуз», «Икки муҳаббат», «Мирзатерак» қиссалари, еттита ҳикояни ўз ичига олган тўпламлари чоп этилди.
Бу мўъжаз китобчаларнинг илк нусхалари менга аталган эди. Мен уларнинг ҳар бирига ёзилган асарнинг мазмун-моҳияти ва ўша даврдаги оилавий шароитимизни акс эттирган самимий сўзларни кўнглим равшан тортиб ўқиганман.
Бу анъана кейин ҳам давом этиб, Одил аканинг ҳар сафар янги асари чиққанда унинг бир нусхаси менга аталган ва унга самимий дил сўзлари ёзилган бўларди.

Афсуски, уйма-уй кўчиб юришлар сабабли китобларнинг айни ўша нусхаларининг ҳаммасини ҳам сақлаб қолдим, дея олмайман. Бунинг устига «китобсевар» меҳмонларнинг баъзилари менга аталган ва Одил аканинг дастхати битилган китобларни бемалол қўлтиқлаб кетишарди.

Ана шу китоблар мен учун барча совғалардан азиз бўлган. Одил ака янги чиққан китобларини қўлимга тутқазар эканлар: «Айрим сабабларга кўра бўлиб ўтган барча воқеаларни тўлиқ ёзишнинг имкони бўлмайди-да», деб қўярдилар.

Ўзларининг ўсмирлик даврлари акс эттирилган «Эр бошига иш тушса» романини ҳар сафар қўлларига олганларида, кўнгил изтироблари юзларида акс этарди. Шундай пайтларда китобга кирмай қолган хотираларини сўзлаб берардилар. Шундай хотиралардан бири уруш йилларига оид эди.
Одил аканинг ҳикоя қилишларича, ўша йили 17ёшга тўлган бўлсалар ҳам, дала ишларида ўзлари билан бирга ишлаган биродарларидан ортда қолмаслик учун ёшларини ошириб (18 ёшга тўлганман, деб) армияга кетганлар.

Гоби саҳросини пиёда кезиб ўтганлари, сувсизликка дош бериб, бир неча марта ўлим билан юзма-юз келганларини ипидан игнасигача ҳикоя қилганларида, кўзимдан тирқираб ёш оққан. «Мени ўша оғир кунларда, аввало, онамнинг дуолари омон сақлаб қолган бўлса, иккинчидан, Худо сендай қизга бахтли кунлар ато этишим учун асраган бўлса ажаб эмас. Тузу насибамиз бегона юртларда қирқилмаган экан, мана, она ватанимизда умргузаронлик қилиш насиб этди. Тақдир менга шундай бахтни муносиб кўрганига шукур», деганлар.

«Кўп хаёл сурманг…»

Йиллар ўтиши билан Одил аканинг ижод булоқлари қайнаб, ҳикоя ва қиссалари кетма-кет босила бошлади.
Ўқувчилар оммаси ҳам, адабиёт аҳли ҳам уларнинг ҳар бир янги асарларини яхши кутиб олар, танқидчилар ва адиб ижоди мухлисларининг бу асарлар ҳақидаги фикрлари ҳам газеталарда тинмай босилар, пьесалари эса академик драма театрида устма-уст қўйиларди.

Ҳатто бир вақтнинг ўзида тўртта асарларининг афишалари театрнинг эълонлар тахтасидан ўрин олган бўларди.
Одил аканинг сценарийлари асосида ишланган фильмлар ҳам томошабинлар томонидан илиқ қабул қилиниб, узоқ муддат экрандан тушмасди. «Матлуба» қиссаси асосида ишланган «Баҳор ёмғирлари», шунингдек, «Дилбарим», «Ажойиб хаёлпараст» каби сценарийлар асосида суратга олинган фильмлар ўзбек кино санъати тарихидан муносиб ўрин эгаллади.

Бу ижодий ютуқлар туфайли рўзғоримизга қут-барака кирди. Одил ака тинимсиз ижод маҳсулларидан қўлга илингудек қалам ҳақи олдилар. Бир муддат рўзғордан иқтисод қилган пуллар ва ана шу қалам ҳақларини қўшиб, 1966 йилда «Волга» машинасини ҳам сотиб олдик.

Одил ака ёзилажак асар қаҳрамонларининг ташқи ва ички дунёсини тасаввурларида яратиб, мудом хаёл оғушида юрмайдиларми, машина рулини бошқараётганларида ҳам ижод денгизига шўнғиб кетардилар.
Бундай ҳолат, айниқса, светофорнинг қизил чироғи ёниб, машиналарини бир муддат тўхтатганларида кўп содир бўларди. Токи орқадаги машина эгаси сигнал чалмагунча Одил ака руль чамбарагини ушлаганларича хаёл суриб қолардилар.
Шу сабаб ҳар доим ишга кузатаётганимда «Йўлда эҳтиёт бўлинг, кўп хаёл сурманг», деган гапни такрорлаш одат тусига кирганди.

Шундай кунларнинг бирида Одил ака «Вой-бў, мунча тергадингиз, хоним? Энди сизга машина ҳайдашни ўргатаман, кейин мен хаёлпарастни ўзингиз олиб юрасиз», – дедилар. «Жуда яхши бўларди-да, уйда «Тинчмиканлар, омонмиканлар, йўлда бирон кор-ҳол бўлмадими?» – дея ўйланиб ўтирганимдан кўра, ҳар доим ёнингизда бўлардим»,– десам, у киши: «Қўйсангиз-чи, ўзи ижодий ишларимнинг ярим юки елкангизда бўлса, энди сизга ҳайдовчилик хизматини ҳам юклайми? Ундан кейин латофатли аёлнинг иши машина рулини бошқариш эмас, аксинча, ширин таомлар пишириб, эрини уйда кутиб олиш», – дедилар.
Ҳозир машина бошқараётган қиз-жувонларни кўрсам, ҳавасим келади, бизнинг ёшлигимизда аёллар кўп ҳам машина ҳайдайвермасдилар.

Лекин Одил аканинг феъл-атворидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, аниқ биламанки, ўша замонда ҳам менга машина рулини ишониб топширмаган бўлардилар.

Маданий ҳордиқ

Худди бизникидек «Волга» автомобили Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддиновда ҳам бор эди. Ҳар йили эрта баҳорда, айни лолақизғалдоқлар очилиб, қирларга гилам каби тўшалган кезларда бу ижодкорлар оиласи биргалашиб сайрга чиқардик. Кетма-кет қир бағрига келиб тўхтаган «Волга»лардан фарзандларимиз бир-бирига гал бермай отилиб чиқишарди.

– Аёллар, болаларни олиб бир яйранглар! Бугун қозон ҳам, капкир ҳам бизнинг қўлимизда ўйнайди, – дерди машиналардан тушишимиз ҳамона Пиримқул Қодиров.
Шахмат доскасини қўлтиқлаб олган Озод Шарафиддинов:
– Бундай баҳаво табиати бор юрт яна қаерда бор экан-а?! Бугун бир яйрайлик, машаққатлар чекиниб, билакларимизга куч-ғайрат тўлиб кетсин, – дерди.
Одил ака бўлса бир-бир одимлаб, кўм-кўм гиламлар узра юлдузлардай порлаб турган лолақизғалдоқлар билан безанган қир сари йўл олардилар.
Шундай сайрларда ҳам уч дўст, уч ижодкор ўзбек адабиётининг ривожи, улуғ аждодларимизнинг улкан мероси, келажак авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида мунозара қилишарди.

Биз, аёллар, болаларимиз билан қир-адирларда яйраб гул-лолалар терардик. Бир кунлик маданий ҳордиқ кейинги жамоат ишлари ва ижодий жараёнга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатарди.

Шундай пайтларда биз, аёллар ҳам опа-сингилдек бир-биримиз билан дардлашиб, суҳбатлашиб кўнгилларимизни очардик. Болаларнинг яйраганини-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Адиб ва публицист Дадахон Нурий Бўстонлиқда уюштирадиган ёзувчилар ўртасидаги шахмат мусо-бақасида Одил акам «мутлоқ чемпион» бўлганларини кўпчилик ҳамон эслаб юради.

Шуниси ҳам борки, Одил акам ижоддан қаттиқ толиққан кезларида оқ доналари, қора доналарида ҳам ўйнаб, ўз-ўзи билан беллашар эди. Шахмат комбинацияларига доир беш-олтита китоблари ҳамон хонадонимизда сақланади.
Баъзан эса газеталарда ёритилган жаҳон чемпионлари ўйинларини «анализ» қилиб чиқар эдилар. Ижодкорлар, фарзандлари, невараларига ҳам шахмат ўргатар, бу ишдан завқланарди.
Эркин Воҳидов, Раҳматилла Иноғомов, Иброҳим Ғафуров каби уста шахматчилар Одил акамнинг ўйин услуби ва маҳоратини алоҳида қадрлар ва эътироф этардилар.
Одил аканинг муносиб шахматчи рақиблари орасида Раҳим Аҳмедов, Чингиз Аҳмаров сингари мўйқалам усталари бўлган. Улар айни маҳалда Одил аканинг портретини келажак авлодларга ёдгор қолдиришди.

Маданий ҳордиқ

Худди бизникидек «Волга» автомобили Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддиновда ҳам бор эди. Ҳар йили эрта баҳорда, айни лолақизғалдоқлар очилиб, қирларга гилам каби тўшалган кезларда бу ижодкорлар оиласи биргалашиб сайрга чиқардик. Кетма-кет қир бағрига келиб тўхтаган «Волга»лардан фарзандларимиз бир-бирига гал бермай отилиб чиқишарди.

– Аёллар, болаларни олиб бир яйранглар! Бугун қозон ҳам, капкир ҳам бизнинг қўлимизда ўйнайди, – дерди машиналардан тушишимиз ҳамона Пиримқул Қодиров.
Шахмат доскасини қўлтиқлаб олган Озод Шарафиддинов:
– Бундай баҳаво табиати бор юрт яна қаерда бор экан-а?! Бугун бир яйрайлик, машаққатлар чекиниб, билакларимизга куч-ғайрат тўлиб кетсин, – дерди.
Одил ака бўлса бир-бир одимлаб, кўм-кўм гиламлар узра юлдузлардай порлаб турган лолақизғалдоқлар билан безанган қир сари йўл олардилар.
Шундай сайрларда ҳам уч дўст, уч ижодкор ўзбек адабиётининг ривожи, улуғ аждодларимизнинг улкан мероси, келажак авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида мунозара қилишарди.

Биз, аёллар, болаларимиз билан қир-адирларда яйраб гул-лолалар терардик. Бир кунлик маданий ҳордиқ кейинги жамоат ишлари ва ижодий жараёнга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатарди.
Шундай пайтларда биз, аёллар ҳам опа-сингилдек бир-биримиз билан дардлашиб, суҳбатлашиб кўнгилларимизни очардик. Болаларнинг яйраганини-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Адиб ва публицист Дадахон Нурий Бўстонлиқда уюштирадиган ёзувчилар ўртасидаги шахмат мусо-бақасида Одил акам «мутлоқ чемпион» бўлганларини кўпчилик ҳамон эслаб юради.

Шуниси ҳам борки, Одил акам ижоддан қаттиқ толиққан кезларида оқ доналари, қора доналарида ҳам ўйнаб, ўз-ўзи билан беллашар эди. Шахмат комбинацияларига доир беш-олтита китоблари ҳамон хонадонимизда сақланади.
Баъзан эса газеталарда ёритилган жаҳон чемпионлари ўйинларини «анализ» қилиб чиқар эдилар. Ижодкорлар, фарзандлари, невараларига ҳам шахмат ўргатар, бу ишдан завқланарди.
Эркин Воҳидов, Раҳматилла Иноғомов, Иброҳим Ғафуров каби уста шахматчилар Одил акамнинг ўйин услуби ва маҳоратини алоҳида қадрлар ва эътироф этардилар.
Одил аканинг муносиб шахматчи рақиблари орасида Раҳим Аҳмедов, Чингиз Аҳмаров сингари мўйқалам усталари бўлган. Улар айни маҳалда Одил аканинг портретини келажак авлодларга ёдгор қолдиришди.

Зилзила

1966 йил баҳори. Ҳамма ободонлаштириш ишлари билан машғул. Биз ҳам кўчага мева дарахтларини ўтқаздик. Аммо шу куннинг эртасига эрталаб кўчага чиқиб қарасак, кўчатларни кечаси ўғирлаб кетишган экан. Бу ҳол бир неча марта такрорланса ҳам биз қайта-қайта экавердик. Охири кўчат ўғрилари қилган ишларидан уялишдими ёки энди уларга кўчатлар керак бўлмай қолдими, ҳар тугул охирги кўчатларимиз томир отиб, барг ёза бошлади. Апрель ойининг охирларида эса ҳамма хонадонларнинг соҳиблари уйларини, кўча деворларни оқлаб, байрамга тайёргарлик кўра бошлашди.

26 апрель тонги. Ҳали ширин уйқуда эканмиз, бирдан яқин орада бир нарса портлагандай бўлди. Ўғлим Малик ётган караватни қучоқлаб ўрнимдан базўр турдим. Хаёлимда бутун дунё остин-устин бўлгандек туюлди. Қайта жойимга ўтириб қолдим. Ер тинмай силкинарди. Девор ўпирилиб, сувоқларнинг тўкилиши кишини янада ваҳимага соларди. Аллақачон уйғониб кетган болаларни олиб, кўчага чиқдим.

Кўча тўла одам. Ҳамма ёқ қий-чув. Болаларимни қучоқлаб олганман, юрагимда ваҳима, аксига ёнимда Одил ака ҳам йўқ. Шунда ёлғиз аёлга қанчалик қийин бўлишини илк бор ҳис қилганман. Яхшиямки, бахтимга суянган тоғим бор, дея шукрона келтирганман. Одил акасиз яшай олмаслигимни тушуниб етганман.

Ўша куни Одил ака қайсидир москвалик ёзувчига ҳамроҳ бўлиб Самарқандга кетган эдилар. Улар ҳам Тошкентдаги ваҳимали воқеадан хабар топишиб, кечгача етиб келишди.
Ер силкиниши ҳамон такрорланиб турипти. Лекин тонгдаги қўрқувларимдан асар йўқ. Чунки болаларнинг ёнида отаси бор. Аёлнинг бахти унинг ёнида суянган тоғи бўлишида эканлигига иймон келтирдим. Мен йўлдан ҳориб келган меҳмон билан Одил ака учун овқат тайёрлашга киришиб кетдим. Кечқурун Тошкентда ўқиётган фарзандларидан хавотир олган жуда кўп қариндошларимиз етиб келишди. Уй, айвон, ҳовли – ҳамма ёққа шолчами, кўрпачами ёзишиб, тун бўйи ёнбошлаб чиқишди. Ҳовлимиз гўё «қочоқлар лагери»га айланган эди. Хавотир-ҳадик аралаш тонг оттирдик. Қаттиқ силкинишлар ҳар 15–20 дақиқада такрорланади. Биз уйга киришга қўрқиб, ҳовлида ётамиз. Зилзила юрагимизни олиб қўйганидан бу ҳолат кеч кузгача давом этди.

Май ойи серёғин бўлиб, ёз иссиқ келди. Ўша йили Амударё охирги марта ўзанидан тошган. Бу воқеа Одил аканинг укалари Холдор ака (сув муаммолари мутахассиси) ўша жойда хизмат сафарида бўлгани учун яхши эсда қолган.

Ёзувчилар уюшмасида зилзиладан зарар кўрганлар учун ёрдам комиссияси тузилган бўлса керак, бир куни ҳовлида шоир Акмал Пўлат бошлиқ уч-тўртта одам пайдо бўлди. Ҳар бир хонага кириб, ҳовли атрофини айланиб чиқишди. Бизнинг бу ётиб-туришимиз қониқарли, деб топилди шекилли, зилзиладан зарар кўрмаган ва «ёрдамга муҳтож бўлмаганлар»нинг рўйхатига тушдик.

Музқаймоқ

Ота-она фарзандларини бир хил суюб, бир хил тергаб турса ҳам, улар улғайган сайин ўзига хос феъл-атворларини намоён этиб боришаркан. Бошқа фарзандларимиздан фарқли ўлароқ, ўғлимиз Искандар болалигидан адабиётга, ижод оламига яқинроқ эди. У кўпинча отасининг ёнларида куймаланиб юришни ёқтирарди.

1973 йил. Искандар ўн уч яшар бола. Ҳамма болаларга ўхшаб отасидан «баракалла», «молодец» каби мақтовларни эшитишга муштоқ бўлиб юрган кезлари. Отаси уни чақириб:

– Ғафур Ғулом нашриётига бориб кел! Романим чиқибди. Бир нусха бериб юборишади. Шуни олиб келгин! – дедилар.

Ўша кезларда Одил ака шу нашриётда ишлар ва бу даврни дўстларига «олтин даврим» дегувчи эдилар. Чамаси, салмоқли романларининг ёзилиши ана шу даврга тўғри келган. Нашриёт Навоий шоҳ кўчасидаги 30-сонли машҳур бинонинг тўртинчи қаватида жойлашган бўлиб, Искандар у ерга авваллари ҳам борар, отасининг қўлёзмаларини машинисткаларга элтарди.
Новомосковское кўчаси, ҳозирги Дархон маҳалласи марказида шўро империясининг амалдорларидан бири – Куйбишев номи билан аталган майдон бўлган. (Бу майдон ҳозир ҳам бор.). Шу майдонга Тошкент экскаватор заводи яқин бўлиб, ундан Эски Жўвадаги собиқ Калинин майдонига 4-троллейбус қатнайди. У Навоий кўчаси бўйлаб тўғри бино олдига бориб тўхтар ва худди шу йўл билан орқага қайтиб келинарди.

(Ўрни келганда бир гапни айтишим жоиз: ҳозирги кунда Тошкентнинг эски гузарлари, маҳалла ва даҳаларининг қадимий номлари қайтарилмоқда. Бу, хайрли иш. Энди ана шу гузар ва маҳаллаларнинг тарихини ёритувчи китоблар ёзилса, айни муддао бўлар эди.)

Нашриётда Одил аканинг ёзувини яхши тушунадиган Саломатхон Азимова, Зарифахон, Олия опа, Собирахон, Муҳтарама, Фаридахон деган машинисткалар ишлашар эди. Улардан қайтиб келган асарларда йўл қўйилган имло хатоларини қалам билан тўғрилаб чиқиш менинг вазифамга кирарди. Искандар эса қўлёзма солинган папкаларни яна машинисткаларга элтиб берарди. У ҳар сафар қўлёзмаларни машинисткаларга ташлаб ёки олиб қайтганида, отаси: «балли», деб уни бир-иккита музқаймоққа етадиган пул билан сийлардилар. У эса музқаймоқни қўшни болалар билан баҳам кўриш учун кўчага отиларди. Баъзан қўшни болаларининг унга:

– Дадангни қўлёзмасини олиб бордингми? Бугун музқаймоқ еймизми? – деб ҳазиллашганлари қулоғимга чалиниб қоларди.

Болалигидан зиммасига тушмаганми, Искандар отасининг сўнгги кунларигача ёзган асарларини машинисткаларга етказиб турди. Уларнинг айримлари ҳали ҳам ҳаёт, умрлари узоқ бўлсин! Кейинроқ бошқа нашриётларга ўтиб кетган бўлишларига қарамасдан, Одил ака улар билан алоқани узмадилар. Бирор-бир байрам арафасида уларга мен ёки болалар орқали совға-салом бериб юборишни унутмадилар.

Одил ака ўз асарлари устида қайта-қайта ишлашдан сира эринмасдилар. Керак бўлса 20, 30 ва ҳатто 60–70 саҳифали қўлёзмаларни бошдан-оёқ ўчириб ташлар ёки устидан қайта ишлар эдилар. Қўлёзмани машинкага беришларидан олдин папканинг устига интервал ва терилиши керак бўлган нусхалар сонини қайд қилардилар. Биринчи марта машинка қилинаётган асар матни 2 интервал, кейингиси 1,5интервал ва сўнггиси 1 интервалда тердирилар эди.

Юқоридаги гапга қайтсак. Отасининг топшириғи билан нашриётга бориб келган Искандар у ерда бўлиб ўтган гап-сўзларни барча тафсилотлари билан менга сўзлаб берарди:

– …Шундай қилиб, муҳташам бинонинг тўртинчи қаватидаги «Ғафур Ғулом» нашриётига кўтарилдим-да, пештоғига «Проза бўлими» деб ёзилган баланд эшик олдига келиб тўхтадим. Ҳаммаёқ жим-жит. Секингина эшикни очдим. Хонада Омон Матжон, Иброҳим Ғафуров, Ҳасан Тўрабековлар ўтиришган экан. Уларга отам юборганини айтдим.

– Э, э, Одил акамнинг ўғли-ку, кир бу ёққа, – деб келишимнинг сабабини яхши билганликлариданми, дарров қалин сариқ қоғозли бандерол ўрамини қўлимга тутқазиб:

– Одил акамизга салом айтгин! – деб кузатишди.

Уни қўлимга олибоқ орқага қайтдим.

Бола эмасми, уйга тезроқ етиб келиш ўрнига, чамаси, кўчадаги пастқам расталарни бир-икки соат обдон айланибди. Одил аканинг чамаларида бола аллақачон қайтиши керак, лекин ундан ҳали ҳам дарак йўқлигидан тоқатлари тоқ бўлиб, уйда ўтиролмай, уни кўча эшиги олдида кутдилар. Мен ошхона эшигидан секингина мўралаб қарайман. Одил ака, бир томондан, ўғлимнинг ҳаяллаганидан турли хаёлларга бориб, китобни тезроқ кўриш иштиёқида ёниб ўртанардилар.

– Қаёқларда юрибсан, ўзи?.. Хавотир олиб ўтирибман, китобни олиб келдингми? – дедилар Искандар эшикдан кирар-кирмас сабрсизланиб.

Кечикиб келгани учун отасининг жаҳли чиққанини билган Искандар бошини эгиб китобни отасига узатди. Одил аканинг бир зумда кайфиятлари кўтарилиб, раҳмат айтиб ўғлимни сийладилар, музқаймоққа озроқ пул тутқаздилар.

Китобни қўлларига олган Одил ака дарров телефонда рақам тердилар-да, назаримда, нашриётдагиларга сим қоқиб:

– Раҳмат! Буни қаранг! Китобнинг формати кичикроқ бўлганда яхши бўлар экан… Бетлари кўпайиб «семизроқ» бўларди, – деганлари эшитилди.
(«Улуғбек хазинаси»нинг биринчи нашрини кўрган ўқувчи унинг формати одатдаги китоблардан каттароқ бўлганлигини яхши эсласа керак.)

Одил аканинг ўз асарини китоб ҳолида қўлларига олиб, кўзлари бу қадар қувончга тўлиб кетганини илк бор кўришим эди.

Бирдан:
– Хоним, овқат тайёрми? Бир-иккита меҳмон келмоқчи. Ошни болалар еяверсин. Озроқ норин беринг, – дедилар жуда кўтаринки кайфиятда.

«Улуғбек хазинаси»

«Улуғбек хазинаси»нинг дунёга келишига туртки бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўқигансиз, деб ўйлайман.
Мен бу китобнинг ёзилиш жараёни, унинг қийинчиликлари ҳақида ўйласам, қаламим қоғоз устида тўхтаб, хаёлот оламида сузиб кетаман.
Ҳовлида ўзимизнинг ва қариндош-уруғларимизнинг фарзандлари – жами 7 нафар ўғил боланинг қий-чуви.
Каттаси ўн ёш, кичиги икки ёшда бўлган болакайларнинг югуриб-чопишлари, бир-бирлари билан кураш тушиб қилган тўполонларини кўз олдингизга бир келтириб кўринг-а.
«Жим бўлинглар», деган гап уларнинг қулоғига кирармиди. Хуллас, ҳовлида тарақ-туруқ, бақир-чақир авжида.

Уйда эса асарнинг дастлабки қўлёзмаси ёзилмоқда, ўчирилмоқда, яна тузатиб ёзилмоқда. Тарихий асар эмасми, жуда зийраклик ва эътиборни талаб этади. Ўша даврнинг руҳини сингдириш, қаҳрамонларнинг кийим-бошларини тўғри тасвирлаш лозим. Тил масаласига ҳам алоҳида урғу берилиши шарт. Кўчиришга топширгунча бу ҳол неча марта такрорланарди. Машинкадан чиққан 3 нусха сараланиб, яна тузатиш ишлари бошланади. Хуллас, асарнинг туғилиши бир инсон боласининг туғилиши билан тенг.

«Улуғбек хазинаси» – тарихий асар, тарихни ёритишда эса аниқ ва мўътабар маълумотларга таяниш лозимлиги, бирор воқеа ёки ҳодисани хато кўрсатиш мумкин эмаслигини чуқур англаб етган Одил ака жуда эҳтиёткорлик ва масъулият билан ишларди. Машинкадан чиққан вариантларни кўриб чиқиш зиммамга тушгани сабаб мендан ҳам шуни талаб қилардилар. Асар устида сабр-бардош билан биргалашиб тер тўкканмиз.
Шунинг учун «Улуғбек хазинаси» фақат Одил аканинг эмас, балки бутун оиламизнинг «фарзанди» (агар китобни шундай аташ жоиз бўлса) десам янглишмайман. Бу асарнинг яратилишига болалар ҳам ўз шовқинлари билан каттагина улуш қўшганлар.

Буюк шахс – Мирзо Улуғбек ҳаётининг энг ақл ва заковатга тўлган, айни маҳалда, фожиали қисмини қамраб олган тарихий асар жуда машҳур бўлиб кетди. Дунёнинг 47 тилига таржима қилинди.

Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг «Олтин фонди»га кирган «Улуғбек хазинаси» ва «Диёнат» романлари асосида олинган беш қисмли телевизион театрлар узоқ муддат экранлардан тушмай намойиш қилинган.

Москва шаҳрида «Диёнат» романи асосида икки серияли тўла метражли бадиий фильм ишланган. Бундан ташқари, адибнинг 14 та асари асосида киноповестлар, теленовеллалар, видеофильмлар суратга олинган.

Ўзбекистон ва бошқа қўшни ҳамдўстлик мамлакатларида барча асарлари радиопостановка қилинган.

Саёҳат

«Улуғбек хазинаси»дек йирик асарни ёзиш ёзувчидан нафақат катта ижодий, балки жисмоний меҳнатни ҳам талаб этади. Романга сарфланган меҳнатнинг оғирлигидан ҳориб-чарчаб чиққан Одил аканинг кўнгли матбуотда кетма-кет чоп этилган ижобий тақризлар, қаламкаш дўстларнинг самимий сўзлари ва китобхонлардан келган кўплаб хатлардан таскин топди. Бу эътирофлардан енгил нафас олиб, дунёни ўз кўзимиз билан кўришни ихтиёр қилдик.

Сталин вафотидан кейин, 60-йилларнинг бошларида хорижий мамлакатларга сайёҳ сифатида бориш имкониятлари туғилди. Европа бўйлаб, Дунай мамлакатларига ва бошқа йўналишлар бўйича саёҳатлар уюштирила бошланди.

Аммо «темир парда» кўтарилган бўлса-да, партия нафақат оддий фуқаролар, ҳатто зиёлиларга ҳам ишончсизлик билан қарарди. Шунинг натижаси бўлса керак, чет эл сафарлари осонлик билан амалга ошмасди. Ўртада турли-туман ҳужжатларни тўлдиришлар, расмиятчиликлар, «суҳбатлар»дан ўтган кишиларгина хорижий саёҳатларга бора олардилар.

Европа мамлакатларига борувчилар ўзбек зиёлиларининг юксак диди ва маданиятини намойиш қилишлари лозим эди. Бунинг учун яхши кийиниш, Европада расм бўлган модага риоя қилиш талаб этиларди.

Маълум бўлишича, Европада болонье ёмғирпўши модадан қолган…
Қора костюм, қора галстук эса таъзияга борувчилар учун…

Хуллас, талаб даражасидаги кийим-кечакни ҳозирлаш ишлари анча чўзилиб, куз ҳам келиб қолди. Ниҳоят, биз ҳақимизда текширилган барча маълумотномалар «тоза» чиққан бўлса керак, Дунайбўйи мамлакатларига саёҳатимиз бошланди. Самолёту поездда юра-юра Украинанинг чегара порти – Измаил шаҳрида «Дунай» теплоходига жойлашдик.

«Дунай» теплоходи унча катта эмас, саёҳатчилар учун мўлжалланган бўлиб, ёз давомида бир неча қатновдан кейин куз ва қиш ойларида «дам оларкан».

Теплоходда бир кеча ором олиб, тонгни дарёда қаршиладик. Нонуштага чақиришганда гуруҳимиздан бир киши йўқлигини эшитдик. У одам Тошкентда шунча огоҳлантиришларига қарамай, ортиқча пул олиб ўтмоқчи бўлган экан. Билиб қолишипти-ю, шу заҳоти орқага қайтаришипти.

Теплоход оқимга қарши сузиб, Ғарбга қараб йўл олди. Саёҳатни Руминия билан танишишдан бошладик. Бизларни автобусда Бухарестга олиб бориб, олиб келиб қўйишди. Автобусда кетар эканмиз, деразадан румин деҳқонининг аравачада газ баллонини ортиб кетаётганини кўрамиз. Афтидан, табиий газ йўққа ўхшайди. Йўл бўйлари гулзор. Уйлар баланд девор билан ўралмаган. Бир ҳовлининг орқасига бошқа ҳовли жойлашган. Уйлар кўчага эмас, ҳовлига қаратиб қурилган. Деразалар ҳовли томонга очилади. Нимаси биландир ўзимизнинг уй-жойларга ўхшаб кетади. Балки туркларнинг уйидир, лекин аниғини билолмадим.

Қаерга бормайлик, черков, бутхона, қабристон зиёрати. Қабристонда Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонона ҳалок бўлган ватандошларимизнинг исми-шарифлари туғилган йили билан кўрсатилган. Ўзга юртларда хоки қолган юртдошларимиз қабрига гулдасталар қўямиз.

Шундай қилиб, дарёнинг икки қирғоғида жойлашган олтита давлатни – Руминия, Венгрия, Чехословакия, Австрия, Югославия, Болгарияни томоша қилдик. Бу билан қўшни давлатлар ҳаёти ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлдик.

Ҳамма жойда меҳнаткаш халқ бир хил: оддий кийинган, қимматбаҳо нарсаларга ўч эмас. Айниқса, миллий либосларга алоҳида эътибор беришади. Каштали блузка-юбка, қўлларида оддий матодан тикилган халта-сумка. Кўпчилик биттадан кучукча етаклаган. Улар саноқни бош бармоқдан эмас, аксинча, жимжилоқдан бошлаб санашаркан.

Сафарни Болгарияда тўхтаб, ниҳоясига етказдик. Бир колхоз клубидаги учрашувимиз росмана мажлисга айланиб кетди: «бунча гектар экин экдик», «бунча хосил олдик» каби ҳисоботлардан иборат гаплар бир соатдан ортиқ давом этди. Охири мажлис тугаганидан хурсанд бўлиб, роса чапак чалдик. Бу қарсакларимизни кўрган мажлисбозлар: «Биз совет сайёҳларини қойил қолдирдик», деб ўйлашган бўлса ҳам ажаб эмас.

Олти соат автобусда чангга ботиб келган жойимиздаги зиёфатни кўринг: кўк олма, кўк узум, вино. Майли, зиёфат ўз йўлига, аммо мен айтмоқчи бўлганим бошқа манзара. Клуб эшиги, деразалари қаттиқ ёпилган. Ташқаридан қараб турган томошабинлар юпун кийинган, бири ғилай, бошқаси майиб, бола-чақасининг уст-боши кир. Аёллар сочларини узун ўриб, учига пахтапилик улашган, оёқларида пайпоқ билан шиппак, бошларида эса рўмол. Эҳтимол, улар ўз элида эзилган мусулмонлардир. Уларнинг бизга мўлтираб қарашларида қандайдир аянч бор.

Софиядаги энг машҳур тарихий бинолардан бири– «Аё София» ибодатхонаси. Бу бир замонлар турклар қурган япасқи гумбазли масжид. Ҳозир турк сериалларида кўп кўрасиз. Энди унинг гумбазидаги ой билан ўроқни олиб ташлаб, хоч ўрнатганлар. Зиёратга келиб, шам ёқиб, қўрқа-писа чиқиб кетаётганлар мусулмон аёлларга ўхшайди. Мен бу гапларни сиёсатчи кўзи билан эмас, балки оддий аёл кўзи билан кўрганим учун ёзаяпман.

Бизга Тошкентдан чиқишимизда олти давлатнинг пулларидан номигагина беришган. Қаерда тўхтамайлик, ўша ерда ўзининг пули: лея, форинт, крона, шиллинг, динар, лев. Бу пулларни тежаб совға-саломлар оламиз.

Уч ҳафталик саёҳатимиз ниҳоясига етди. Кечаси учган самолёт тонгда Тошкентга – қадрдон шаҳримизга келиб қўнди. Тонгги мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдик. Бола-чақаларни бағримизга босиб, эсон-омонликларига шукроналар айтдик.

«Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас», деганлари шу. Ўз қўлимиз билан эккан гуларимиз, ўстирган дарахтларимиз – ҳамма-ҳаммаси бизга таъзим қилаётгандай эди шу куни…

Мукофот

1974 йилда фан, техника, санъат ва адабиёт соҳасида энг яхши асар учун Ҳамза ва Беруний номидаги давлат мукофотларига танлов эълон қилинди.

Газеталарда исм-шарифлари эълон қилинган номзодлар орасида Одил ака ҳам бор бўлиб, мукофотга «Улуғбек хазинаси» тавсия этилган эди.

Номзодлар рўйхатини газеталарда ўқиган таниш-билишлар, дўст-ёрлар самимий табрикларни бошлаб юборишди.

Одил ака «Ўзбекфильм» бўладими, Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти бўладими, қайси даргоҳда фаолият юритмасинлар, одамларга қўлларидан келганича яхшилик қилиш, кўнгил олишни одат қилган эдилар. Шунинг учун Одил аканинг дўстлари, шогирдлари, ҳамфикрлари жуда кўп эди. «Дўстинг мингта бўлса ҳам оз, душманинг битта бўлса ҳам кўп», деган гапни бот-бот такрорлардилар.

Мукофотни бериш вақти яқинлашиб қолганда, Одил акани «юқори»га чақириб: «Сиз бу йилча сабр қиласиз. Кейинги йил мукофот, албатта, сизники бўлади», дейишди. Шундан кўриниб турибдики, у даврларда мукофотлар танлов йўли билан эмас, навбатда туриш, сабрли бўлиш, «юқори»дагиларнинг гапига бўйсуниш каби талабларга риоя қилинган ҳолда берилар эди. Икки-уч йилдан кейин мукофот олувчилар «навбати»да кутиб турганимизда, ҳовлимизни ҳали олинмаган мукофот билан табрикловчилар «қўшин»и тўлдириб юборди. Дўст-ёрлар ва китобхонларнинг шу умиди ва эътирофи Одил ака учун улкан мукофот бўлганди.

Ниҳоят, уч йил ўтиб, китобхон халқимиз дилидан жой олган «Улуғбек хазинаси» Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўша йили оиламизда қўш байрам бўлди: Одил аканинг укаси, сув муаммолари бўйича етук мутахассис Холдор ака Ёқубов ҳам Беруний номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Тантана

«Умр – оқар дарё», деганлари рост экан.

Ҳаёт қувончи ва ташвишларини, фарзандлар тарбияси ва ижод машаққатларини ортмоқлаб кун кетидан кунлар ўтаверди. Одил ака ҳам элликка кириб қолдилар. Ўша йили у киши Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриётида ишлардилар. Туғилган кунларида ҳамкасбларидан уч-тўрт киши уйга келадиган бўлишди. Дастурхонимиз тайёр бўлганда қутловчилар кетма-кет уйга кириб кела бошлашди. Лекин уч-тўрт киши эмас, ҳовлимиз одамга тўлиб кетди. Нафақат уйга, куз бўлишига қарамай, ҳатто айвонга ҳам жой қилишимизга тўғри келди. Дам еб турган бир ярим килоли ошимиз урвоқ ҳам бўлмади. Одил ака яна бозорга қараб югурдилар. Шундай қилиб, уч-тўрт киши билан бошланган туғилган кун тантанали юбилейга уланиб кетди.

Рус академик драма театрининг ҳозирги биноси ўша вақтларда «Билимлар уйи» деб юритиларди. Юбилей кечаси ўша «Билимлар уйи»нинг залида ўтказилди. Зал торлигидан келганларнинг ярмидан кўпи тик оёқда туришга мажбур бўлди. Ҳукумат табриги ўқиб эшиттирилганда, залда ўтирганлар ўрниларидан туриб кетишди. Одамлар тик турганларича тинмай қарсак чалишди. Ҳукумат табригидан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари сўзга чиқишди, Одил аканинг дўсти Чингиз Айтматовнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Тантанада Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев ҳам иштирок этиб, самимий табрик сўзларини айтди. Ундан сўнг қозоқ адиби Олжас Сулейменов Одил акани минбарда туриб табриклади. У:

– Одил, мен удумимизга кўра, сенга бир зўр араби тулпор атагандим. Лекин бу ёққа келаётганимда мени самолётга чиқаришди-ю, отни паспорти йўқлиги учун чиқаришмади. Энди ўзинг Сариағачга борасан, ўша ерда совғамни топшираман, – деганида зални гулдурос қарсак тутиб кетди.

Юбилей жуда кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир сўнгида Одил ака сўзга чиқиб, бундай эътибордан жуда мамнун эканликларини билдирдилар ва Худо берган умримнинг сўнгигача халқим учун яна янги-янги асарлар ёзиб, туҳфа қиламан, деб ваъда бердилар.

Дўстларнинг, меҳнатинг қадрига етадиганларнинг борлиги яхши. Шундай кунда кишининг кўнгли тоғдек кўтарилар экан.

«Фирменний» чучвара

Ҳар бир янги асар дунё юзини кўриши билан мухлислар сони ортиб боравераркан.

Одил ака ижодининг мухлислари Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, қўшни мамлакатлардан, ҳатто чет эллардан ҳам тинмай келиб туришарди. Эшигимиз доимо очиқ, меҳмон келмаган кун деярли бўлмасди.

Мухлисларнинг кўпчилиги кирар-кирмас, Одил акани алқаб, мақтаб кетишарди. Буюк адиблигини бот-бот такрорлашарди. Лекин бундай ҳамду саноларга Одил аканинг ҳеч ҳуши йўқ эди. Мухлисларнинг ҳурмати учун уларнинг гапларини эшитарди, ҳатто айрим ҳолларда: «Э, бунақа гапларни қўйинг, дўстим, энди қўлдан келганча нимадир қораладим. Агар шу ишларим сизларга маъқул келган бўлса хурсандман», дея гапни қисқа қилардилар.

Одил ака меҳмонни у қадар хушламасди, дея олмайман. Лекин турнақатор келган мухлислар билан бирга ўтириб, беҳуда кетказган вақтларига ачиниб туришлари юзларидан сезилиб турарди. Лекин шунга қарамай: «Меҳмонларга тузукроқ овқат қилинг», деган гапни кўп таъкидлардилар.

Мен ҳам Одил аканинг вақтларини аяганимдан шошиб-пишиб овқатга уринардим. Ҳар сафар чой олиб кирганимда: «Овқатингни тезлат» дегандай имо қилардилар. Бироқ биронта меҳмонни уйдан қуруқ оғиз чиқартирмасдилар.

У даврларда ҳозирги каби ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар умуман бўлмасди. Шунинг учун то овқатим пишгунча бир-бир ярим соат вақт ўтиб кетарди. Бир неча йиллик мезбонлик тажрибасини орттирганимдан кейин энг қулай йўлини топиб олдим. Бўш вақтимда бозорга чиқиб, бир кило лаҳм гўшт, оппоқ ун олиб келиб, чиройли, майда-майда чучвара тугиб, нориннинг хамирини кесиб, музлатгичга солиб қўярдим. Меҳмонлар келиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичиб-ичмаслариданоқ тайёр чучвараларни пишириб, косаларга солиб олиб кирардим. Орқасидан тўғралган хамирга тайёрлаб қўйилган гўштни аралаштириб, дастурхонга норинни тортардим.

Одил акани йўқлаб келган дўст-биродарлари, таниқли ижодкорлар ҳам улардан баҳраманд бўлишган. Айниқса, Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Иброҳим Раҳим, Абдулла Орипов, Саъдулла Кароматов, Носир Фозилов, Миразиз Аъзам, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухтор, Турсунбой Адашбоев, Шукур Холмирзаев, Саъдулла Сиёев, кейинги авлоддан Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Эркин Усмон, Усмон Азим, Абдусаид Кўчимов, Шойим Бутаев, Мирзапўлат Тошпўлатов, Собир Ўнар каби ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндалари ҳам уйимизга тез-тез келиб туришарди.

– Аслида сизни кўргани келганимиз йўқ, Одилжон, – деб ҳазилашарди Саид Аҳмад шундай пайтларда. – Марямхоннинг «фирменний» чучвараларини соғинганимиздан эшик қоқиб келдик.

Аслида Саид Аҳмад ҳам, бошқа қаламкаш дўстлар ҳам бизникига аввало Одил акани кўргани, у билан суҳбат қургани келишарди. Аммо ким билади, балки менинг «фирменний» овқатим ҳам уларга тансиқ бўлгандир…

Мухлисларнинг совғалари

Эшигимизни қоқиб келадиган мухлисларнинг ташриф буюриш сабаблари, шубҳасиз, турлича бўлган. Кимдир Одил аканинг яқинда чоп этилган асари қаҳрамонларининг кейинги тақдири билан қизиққан бўлса, яна кимдир фалон қаҳрамон образида менинг ҳаётимни акс эттирибсиз, деб келарди. Учинчиси эса Одил аканинг асарларини битта қўймай ўқиши натижасида ўзи ҳам адабиётга қизиқиб қолган ва қоралаган машқларини кўриб беришларини илтимос қилиб келарди. Жуда кўп ҳолатларда шундай мухлислар совғасиз келишмасди. Кимдир зарбоф тўн, кимдир чуст дўппи олиб келарди. Меҳмонларни кузатиш вақтида Одил ака шошиб уйга кирардилар-да: «Мар, совғабоп нима бор, олиб чиқ», дердилар. Меҳмонларнинг ёнида хўжайинимнинг гапини синдирмаслик учун келинларимга атаб олиб қўйган чойнак-пиёла борми, кийимлик мато борми, қўлимга нима илинса, олиб чиқардим. Айрим ҳолларда бир озгина ҳаяллаб қолсам, Одил ака ёнларида турган биллур вазами, турли ҳайкалчаларми, хуллас, қўзларига кўринган нарсани совға қилиб юборардилар.

Мухлислар кетганидан кейин аёллигимга бориб норозилигимни билдирардим:

– Бирам қизиқсиз-а, отаси. Мухлисларингизнинг ҳаммасига совға беришингиз шартми?
– Ахир, улар ҳам қуруқ келишмаган-ку! – дердилар Одил ака.
– Нима, сиз уларга совға олиб келларинг, деб тайинлаганмидингиз? Ўзлари совға-повғасиз келавермайдими? Бунақада фарзандларимизнинг тўйларига атаб йиққан-терганимнинг ҳаммасини мухлисларингизга совға қилиб юборасиз-ку!
– Майли, ичингизни кенг қилинг, хоним. Қутлуғ уйдан қуруқ чиқишмасин, дейман-да. Тўйларга ҳам насиб қилгани бордир…

Оиланинг тинч-тотувлигини таъминлаш учун аёл киши шундай пайтларда ҳамиша бир баҳя пастга тушиши лозимлигини яхши тушунганим учун тилимни тишлардим.
Одил аканинг ана шундай қўли очиқлиги туфайли ўзларининг суратлари туширилган катта кўзаларнинг иккитаси ҳам мухлисларнинг орқасидан «равона» бўлган.

Сарлавҳа машаққати

Одил аканинг ўзларига хос бир одатлари ҳақида тўхталиб ўтсам. У киши ёзган асарларига муносиб ном танлашга алоҳида масъулият билан ёндашардилар.
Яна аниқроқ айтадиган бўлсам, Одил ака асарларига сарлавҳа қўйишда жуда қийналар эдилар.

Эсимда бор, «Қанот жуфт бўлади» деган қиссалари бошда «Давр табассуми» деб номланган, ҳатто ундан парчалар ҳам эълон қилинган эди.
Худди шу каби, «Кўҳна дунё»нинг парчалари ҳам дастлаб «Қайтар дунё» номи билан эълон қилинган. «Излайман» қиссаси эса токи Одил ака бир қарорга келгунларича рус тилида «Гвардия капитани Даврон Ғозиев» номи билан чоп этилган.

Одил ака, айниқса, «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё» романларини номлашда жуда кўп изланганлар. Баъзан кечалари ухламасдан юзлаб номларни ўйлаб чиқардилар. Кўп ҳолларда: «Марям, сиз ҳам ўйланг. Ахир, сиз қўлёзманинг сиёҳи қуримасидан бошлаб машинкадан чиққан сўнгги нусхасигача бир неча марта ўқигансиз-ку! Асарни ёзишдан асл мақсадим нималигини англаб етгансиз. Ана шу мақсадни ифода этадиган бир ном топишга сизнинг ҳам ёрдамингиз керак бўлаяпти», дердилар. «Диёнат» романини дастлаб «Пулсирот кўприги», кейинчалик «Боқий умр» деб номлаганлар. Лекин
бу номлардан кўнгиллари тўлмаган. «Бу номлар
асарнинг мазмун-моҳиятига торлик қилаяпти-а, сиз нима дейсиз?» деган саволларни юз марталаб бердилар.

Бир куни кечқурун асарнинг чоп этишга тайёр нусхасни ўқиб ўтириб: «Топдим, хоним, топдим!» – деб қичқириб юбордилар.

Ёнгиналарида китоб варақлаб ўтиргандим, ҳайрат билан қарадим:
– Ҳа, тинчликми, нимани йўқотувдингиз? – деб сўрадим.

– Йўқотмагандим, йўқ, топа олмаётгандим, холос. Ҳозир «диёнат» сўзи хаёлимга ярқ этиб келиб қолди. Назаримда, ана шу гўзал сўз асар мазмунига ишора бўладигандек туюлаяпти. Асарни «Диёнат» деб номлайман. «Диёнат» – жуда кенг тушунча. Шу биргина сўз виждон, уят, ор-номус, тўғрилик, ростгўйлик, одамгарчилик, хуллас, жуда кўп маънони англатади. Мана шу ном асарда мен улуғламоқчи бўлган инсоний фазилатлар ва қораламоқчи бўлган нуқсонларга жуда мос келади. Мана энди излаганимни топдим, – дедилар.

– Жуда ажойибсиз-да! Тайёр асарга ном қўйиш ҳам қийин иш эканми? – дедим.

– Ҳа-да. Биласизми, – дедилар, – Михаил Шолоховнинг машҳур «Очилган қўриқ» романи аввалига «Қон ва тер билан» деб номланган экан, – дедилар у киши. – Эрнест Хеменгуэй юзлаб ҳикоялар ёзаркан-да, сарлавҳаларни кейин қўяркан. Борис Полевой бўлса, асар ёзишни унга сарлавҳа топишдан бошларкан. Баъзан ёзувчи ёзадиган асарининг сарлавҳасини олдиндан ўйлаб, ўша сарлавҳага қараб бутун асарнинг мазмунини бўйсундиради. Классикларнинг тажрибаси бу гапларда асос йўқлигини кўрсатади. Масалан, «Уруш ва тинчлик»нинг номини Толстой асар корректурасини ўқиётган пайтида топган. У улкан романини ёзиб тугатгунча ўнлаб сарлавҳалар қўйган. Лекин бу сарлавҳалар муаллифни қониқтирмаган, улар романга ёпишиб тушмаган. Бизга оддий кўринаётган «Уруш ва тинчлик» деган ном шу роман ёзиб бўлинганидан кейин, анча вақт ўтгач қўйилган. Хуллас, ҳаммада ҳар хил кечади бу жараён…

Асарга мавзу ва сарлавҳа танлашда айрим ҳолларда оиладаги муҳит ҳам аҳамият касб этади. Одил акани таниганлар, уйимизга келиб турганлар у кишининг ортиқча ҳашаматга, кибр-ҳавога тоқатлари йўқлигини яхши билишади. Уй жиҳозларининг оддий ва камтарона бўлишини яхши кўрардилар. Бироқ фарзандларимиз балоғат ёшига етиб, уйимизга қуда-андалар, нозик дидли меҳмонлар ташриф буюра бошлашгач, Одил акага: «Меҳмонлар учун ажратилган хонага қандил олишимиз керак», – дея хархаша қила бошладим. Аёл киши эмасманми, уйимизни замонга мослаб жиҳозлашни истардим. Биламан, уйда мен орзу қилган қандилга етадиган пул бор. Аммо у кишининг розилигини ололмай, ҳалак бўлиб юрган кунларимда уйимизга Одил аканинг узоқ қишлоқдоши келиб қолди. Ҳарбий хизматдан қайтаётган йигит: «Қишлоққа қуп-қуруқ қўл билан бора олмайман, уч-тўрт сўм берсангиз. Кейин, албатта, қайтараман»,– деди. Менинг қошларим чимирилса ҳам, овозим чиқмайди. Шунда Одил ака ҳеч ҳам иккиланиб ўтирмай, қандилга аталган пулни бериб юбордилар. Йигит кетгач: «Барибир пулни қайтариб бермаса керак. Агар мабодо олиб келса, кейин қандил оламиз», дедилар. Тилимни тишлаганча қолдим.

Ниятим холис экан, бирор муддат ўтиб, қайси бир асарлари учун каттагина қалам ҳақи келди-ю, дардимга даво топилди…
Ана шу оилавий вазиятлар таъсирида «Биллур қандиллар» қиссаси ёзилган.

Театр билан ҳамкорлик

Юқорида бир неча бор қайд этганимдек, Одил аканинг кўпгина асарлари асосида спектакллар яратилган. Саҳна юзини кўрган биринчи пьесалари – «Чин муҳаббат»га ҳам ярим асрдан ортиқ вақт ўтди. «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим», «Юрак ёнмоғи керак», «Олма гуллаганда», кейинчалик «Одам фаришта эмас», «Авлодларга васиятим», «Музаффар Темур», «Бир кошона сирлари» каби драмалари театр саҳналаридан бирин-кетин жой эгаллади.

Одил аканинг асарлари асосида экранлаштирилган ҳамма кино- ва видеофильмларнинг сценарийсини ўзлари тайёрлаб берар, шу сабабли уларни экранлаштириш жараёнида ҳам иштирок этар эдилар. Одил ака «Улуғбек хазинаси» ва «Диёнат» видеофильмларининг режиссёри Мақсуд Юнусов, Маҳкам Мухамедов (шунингдек, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрининг Тошхўжа Тўлахўжаев, Турғун Азизов каби етук режиссёрлари билан ҳам) яхши алоқада бўлганлар. Сценарийлар тайёр бўлгач, режиссёрлар актёрларни танлашда Одил аканинг фикрларига таянардилар. Ўзбекистон халқ артистлари Зикир Муҳаммаджонов, Ёқуб Аҳмедов, Пўлат Саидқосимов, Рихси Ибрагимова, Гулчеҳра Жамилова каби етук саҳна дарғалари Одил аканинг асарларида бош қаҳрамонлар образини талқин этишган. Режиссёр ва актёрлар турли ижодий масалаларни ҳал қилиш, маслаҳатлашиш, диалогларни янада мукаммаллаштириш мақсадида уйимизга тез-тез ташриф буюриб турардилар.

«Музқаймоқ», «Адолат манзили» асарлари асосида кейинчалик яратилган теленовеллаларнинг сценарийлари ҳам Одил аканинг қаламларига мансуб. Одил аканинг деярли барча асарлари асосида радиопостановкалар ҳам тайёрланган. Ҳар сафар янги асарлари саҳна юзини кўрганида қўни-қўшнилар, таниш-билишлар нафақат Одил акани, ҳатто мени ҳам табриклашарди. Шундай вақтларда кўнглим ғурурга тўлиб кетарди. Одил аканинг меҳнати катта самара бераётгани, тинимсиз ижод туфайли эҳтиромга эга бўлаётганларидан ва бу улкан ишларга менинг ҳам озми-кўпми хизматим сингганидан хурсанд бўлардим.

Лекин Одил ака бу сценарийлар устидаги ижодий ишга катта иштиёқ билан киришганлар, дея олмайман. Улар ўзларидаги бу мураккаб руҳий ҳолатни тушунтирмоқчи бўлиб: «Ўзим ёзиб тугаллаган асарни қайта экранга мослаштириш жараёни жуда оғир кечади. Худди тикиб битирган кўйлакни бузиб, қайтадан бошқача қилиб тикишдек гап. Бу сценарийларга кетказган вақтимни янги асарлар ёзишга сарфласам яхши бўларди », – дер эдилар.

Публицистика

Бошқа пешқадам ёзувчилар қатори, Одил ака ҳам ўша йилларда роман, қисса ва ҳикоялар ёзиш билан бирга публицистикани ҳам четлаб ўтмаганлар.

Беш йил «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бош муҳаррир бўлдилар.
Чунончи, ёзувчи ўз асари билан ҳаётда рўй бераётган яхши ва ёмон воқеаларга, кишилар онгида кечаётган ўзгаришларга муносабат билдиради.

Бу хайрли мақсадни амалга оширишда публицистиканинг ҳам ўз ўрни бор. Одил аканинг ўша йилларда ёзган публи-цистик мақолалари ҳам кенг жамоатчилик орасида катта акс-садо берган. «Қишлоқдаги фожиа», «Ўқитув-чининг қадри», «Сабоқлардан сабоқ чиқардикми?», «Ҳаёт сабоқлари ва ижод машаққати», «Шафқатсиз ҳақиқат ва шафқатталаб кишилар», «Она кўкрагидан айрилган гўдак», «Боғ тақдири боғбон қўлида» каби ўнлаб публицистик асарлари ўз даврида жиддий шов-шувларга сабаб бўлган. Улар ҳақида ижобий, таҳлилий, ҳатто танқидий фикрлар кетма-кет чоп этилган.

Бу асарлар Одил аканинг газетада мухбир бўлиб ишлаб юриб, республикамизнинг барча ҳудудларини пиёда айланиб чиққанлари, жуда кўп ҳамюртларимиз билан ҳамсуҳбат бўлиб, улар кўнглининг туб-тубидаги дардларига қулоқ тутганларининг ҳосиласи эди.

Мен Одил акага ичим ачиб: «Биттагина мақола учун юзлаб километр юришингиз шартми? Ана, телефонда маълумот олинг-да, у ёқ-бу ёғини салгина ишлаб бирон нарса тайёрлаб бера қолинг» десам, у киши: «Бўрини оёғи боққани каби журналист ҳам юрт кезиб юрсагина яхши нарсалар ёза билади. Оммадан, унинг фикр-хаёлидан, яшаш шароити-ю еб-ичишидан олисда яшаш – ижоднинг ўлиши билан баробар», – дердилар. Худди бадиий асарлар каби, публицистик чиқишларига ҳам газетхонлардан турли мазмундаги кўплаб хатлар оқиб келарди.

Одил ака публицистикага жуда масъулият билан ёндашардилар. «Мақоланинг биринчи бандида унинг қаймоғи акс этиши ва ўқувчининг қўлидан маҳкам ушлаб, ортидан эргаштириши керак», – дердилар. Публицистик мақоланинг қаҳрамонлари замондошларимиз бўлиши ва улар тақдирига катта масъулият билан ёндашиш, воқеа ва ҳодисаларни тўғри талқин қилиш, ёлғондан қочиш кераклигини шогирдларига бот-бот такрорлардилар.

Ёзганларини ўқиб бериш учун олиб келган шогирдларига: «Ўзинг шу гапларга ишонасанми?» деган саволни кўндаланг қўярдилар. Агар шогирднинг юзи салгина қизарса: «Бас, унга ўқувчи умуман ишонмайди, бу мақоланг бир кун ҳам яшамайди. Киши шундай нарса ёзишга эришиши керакки, у нафақат бугун учун, балки ёруғ келажак учун ҳам хизмат қилсин», дер эдилар. Уларнинг шундай ибратли гаплари тез-тез қулоғимга чалиниб турарди.

«Диёнат»

«Улуғбек хазинаси»дан кейин Одил ака яна замонавий мавзуга қайтдилар. Мен юқорида «Литературная газета»нинг махсус мухбири лавозимида фаолият юритиб, турли вилоят, туман, хўжаликларни айланиб чиққанларини айтиб ўтдим. Ана шундай хизмат сафарларидаги кузатувлари натижасида ўша давр кишиларининг ҳаёти, меҳнат фаолияти акс этган «Диёнат» романини ёздилар.

Адабиёт аҳли ҳам, китобхонлар ҳам «Диёнат»да ўзларига таниш бўлган манзараларни, тез-тез учрайдиган турли феъл-атвордаги кимсаларнинг ёрқин образларини кўрдилар. Ўша даврнинг оғриқ нуқталари, муаммолари, инсонларнинг ўзаро муносабатлари тўғрисидаги асарда замон руҳи яққол акс этиб тургани учун у кенг китобхонлар оммаси томонидан илиқ қарши олинди. Тез орада қатор хориж тилларига таржима қилинди.

– «Диёнат»ни ёзиш жараёнида ўша – оғир кечган ва қайтмас бўлиб ўтиб кетган болалик дамларимни гоҳ кулиб, гоҳ кўзимда ёш билан неча бор орзиқиб эсладим… – деганлар Одил ака бир куни.

Ижод шундай бир жараёнки, ёзувчи кўпинча ўзининг таржимаи ҳолини, ўзи гувоҳ ва иштирокчи бўлган воқеаларни тасвир этади. Одил ака «Диёнат»да ўзларига елкадош бўлган авлоднинг дардли дунёсини ифода этишга, уларнинг қалб манзараларини чизишга интилганлар.

Роман ёруғлик кўргач, қисқа фурсат ичида «Диёнат» деган кўп серияли телефильм яратилди. У намойиш этилиши билан телетомошабинлардан хатлар ёғилиб кетди. Уларнинг аксарияти бир қарашда кулгили, зоҳиран соддалик аломати бўлиб туюлгувчи, аслида эса халқнинг чуқур дардларини ўзида ифода этган шундай жумлалардан иборат эди: «Сизлар бизнинг раисимиз ҳақида фильм қилибсизлар. Нега унинг исмини ўзгартирдингизлар?»; «Бизнинг раисимиз ҳам Отақўзига ўхшаб халқни оёқости қилиб ташлади»; «Бизнинг хўжалик раҳбари ҳам худди шунақа…»

Телетомошабинларнинг илтимосларига биноан «Диёнат» кейин ҳам беш маротаба намойиш этилди. Ва у ҳар гал юзлаб озурда кўнгиллардаги оҳ-зор билан бирга умидворлик туйғуларини ҳам уйғотар эди: «Сизлар танқид қилганларингиздан кейин зора раҳбаримиз ишдан олинса!..»

Телетомошабинлар асардан олган таассуротларини, асар қаҳрамонлари ҳақидаги шахсий фикрларини изҳор қилишар, айни дамда давр руҳи ҳаққоний акс эттирилган шундай асар ёзганлари учун Одил акага миннатдорчилик билдиришар, телефильм намойишини экран қаршисида михланиб кутганларини бот-бот такрорлашар эди…

«Диёнат» романи шундан кейин дунёнинг 20 га яқин тилига таржима қилинди.

Ижодхона

Одил аканинг ёзув столи ётоқхонада турар, лекин адиб ундан жуда кам ҳолатлардагина фойдаланардилар. «Карават, диван бор жойда ишлаб бўлмайди, одам ётгиси келаверади», – дердилар.

Ижодга шўнғиганларида эса жой танлаб ўтирмасдилар. Кўчада ёки транспортда кетаётганларида ҳам кафтдеккина ён дафтар тўлиб қоларди.

Атрофларида содир бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатардилар.

Одамларнинг кийиниши, юриш-туриши, ўзаро муносабатларини синчковлик билан ўрганардилар. Ўйлашимча, ана шу диққат билан қилинган кузатишлар натижасида асарнинг 70–80 фоизи мияларида пишиб етиларди. Шу сабабли ёзиш жараёнида у қадар қийинчилик бўлмасди. Ҳар ҳолда Одил аканинг оқ қоғозга термулиб, ўйланиб, қаламни қўлларида ўйнаган ҳолатларини кўрмасдим. Қайси вақт қарасам, қалам қоғоз-
нинг устида сувдаги балиқдек эркин сузаётган бўларди.

Ҳатто меҳмонга борганларида ҳам уй эгаларининг болалар билан бўлган муносабатларини, уларнинг ўзларини тутиши-ю гап-сўзларини ҳам кузатиб ўтирардилар.

Ҳеч ким ўзининг, ҳатто фарзандларининг ҳам ютуқ ва камчиликларини аниқ кўрмайди. Бошқа оилага борганида эса у ердаги муҳит барча ижобий ва салбий томонлари билан кўзга ташланади-қолади. Шунинг учун ҳам ёзувчилар одатда янги ёзилажак асарларининг протипларини четдан топадилар. Одил аканинг ўзларини мезбон уйида тутишларига келсак, мезбонларнинг, масалан, ўз фарзандларига бўлган муносабатларидаги бирор ибратли жиҳатни кўриб қолгудек бўлсалар, шу жиҳатлардан ўз болаларимизнинг тарбиясида фойдаланишимиз мумкин, деган қарорга келардилар.

«Ажойиб хаёлпараст» кинокомедиясининг сценарийси шундай кузатувлар асосида ёзилган. Одил Ёқубов сценарийси асосида суратга олинган бу фильм ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров ўта маҳорат билан ижро этиб, томошабинларнинг қалбида сақланиб қолган «қуёнчи шифокор»нинг хаёли-ю ҳаётини бугунги кунда ҳам томошабин севиб томоша қилади.

Бир сўз билан айтганда, Одил ака учун бутун борлиқ ижодхона эди.

Таҳрир ва таржима

Ижодий ишнинг ҳам энг қийин ва масъулиятли палласи таҳрир жараёнидир. Машинкадан ёки компьютердан чиққан китоб муҳаррир қўлига келиб тушганидан бошлаб, токи нашрга рухсат берилгунига қадар бир неча марта қайта-қайта ўқилади.

Аслида Одил Ёқубовнинг асарлари у қадар таҳрирга муҳтож бўлмаса-да, у киши нашриёт муҳаррирининг асарни, албатта, ўқиб чиқишини зарур, деб ҳисоблардилар. Муҳаррирлар – нафақат асарни китобхонларга қандай етказиш сирларини билган, балки бугунги кун талабларидан ҳам хабардор кишилардир. Уларнинг қўли, кўзи таҳрирга мослашган. «Улар шу соҳанинг усталари, ҳар бир асар яхши муҳаррирларнинг таҳриридан ўтиши керак», деган фикрда эдилар.

Шу ўринда бир гапни таъкидлаб ўтишни жоиз, деб биламан. Одил ака тил ва имло қоидаларини жуда яхши билардилар. Шу сабабли Одил Ёқубовнинг асарларидан келтирилган мисоллар ўрта умумтаълим мактабларининг 5–9-синф ўқувчиларига мўлжалланган «Ўзбек тили» дарсликларида ўқувчиларга ўзбек тилининг кенг имкониятларини ўргатиш учун киритилган.

Одатда нашриёт муҳаррири таҳрир қилган нусхани биринчи бўлиб мен, кейин ўзлари, албатта, ўқиб чиқардилар. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла устида ишлардилар. Агар таҳрирдан норози бўлсалар, уни ўзларича тузатиб қўймасдилар, балки муҳаррирга қўнғироқ қилар ва нима учун ўз фикрларида қолишни лозим топганларини эринмасдан тушунтирар эдилар. Ёзган ҳар бир жумлаларини, ифодаларини, ҳатто сўзларини қаттиқ ҳимоя қилардилар.

Одил аканинг асарлари 60 дан зиёд тилларга таржима қилингани азиз мухлисларга маълум бўлса керак. 20 дан ортиқ асарлари эса рус тилида чоп этилган. Одил аканинг асарларини машҳур рус ёзувчилари В.Тендряков, А.Дудинцев, В.Карпов, В.Оскоцкий, Ю.Суровцев ва бошқалар таржима қилишган. Уларнинг ижодий ёзишмаларини ҳанузгача асраб келаяпман. Одил ака рус тилининг қонун ва қоидаларини жуда яхши ўзлаштиргандилар, армияда руслар билан бирга хизмат қилганлари ва университетнинг рус филологиясини тугатганлари учун бу тилда ҳам ўз она тилларидек эркин ижод қилиш имкониятига эга бўлганлар. Шу сабабли асарларини таржима қилиш жараёнида бевосита иштирок этганлар. Айниқса, тарихий, миллий-этнографик аҳамиятга молик сўз ва жумлаларнинг таржима қилинишини қаттиқ назоратга олар, туркий тилга мансуб сўзлар таржимасининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратар эдилар. «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» асарларидаги тарихий-этнографик сўзларнинг рус тилига таржима қилиниши жараёнида таржимон билан бақамти ишлаганлар. Зарур пайтларда воқеа ёки қаҳрамон талқини бузилмаслиги учун ўзлари айрим ўзбекча сўзларнинг рус тилидаги муқобиллари ва уларнинг синонимларини тавсия этардилар. Китобхонлар қалбидан жой олган «Кўҳна дунё» романлари ҳам қатор тилларга таржима қилинган ва турли мамлакатларда нашр этилди.

Рус тилида чоп этилаётган асарларини ҳам таҳрирдан кейин, албатта, ўқиб чиқардилар. Асар таржимони билан бирга ишлаганларига қониқмасдан нашриёт муҳарририга ҳам фикр ва мулоҳазаларини айтардилар. Бундай узоқ мунозара ва муҳокама учун телефонда соатлаб суҳбатлашишларига тўғри келарди.

Китобларнинг таҳрир ва нашр жараёнларида менинг кўпроқ вақтим почта ва телеграф муассасаларида ўтар, шаҳарлараро телефон алоқа воситаларида соатлаб гаплашилгани учун тинмай пул тўлаб турардим. Баъзан ҳазиллашиб: «Асарингизга ажратилган қалам ҳақидан ҳам ортиб кетди бу тўлов-
лар», – десам у киши: «Оғринманг, хоним, оғринманг, агар ҳозир ана шундай талаб билан ишламасам, эртага китоб чиққанидан кейин афсусланиб қолишим мумкин. Кейинги пушаймон душманимга айланмасин»,– деган жавобни олардим…

Қаловини топса…

Одил ака янгиликка роса ўч одам бўлиб, ижодкор оддий одамлардан бир қадам олдинда юриши керак, деб ҳисоблардилар. Шунинг учун жуда кўп газета ва журналларга обуна бўлардилар. Ижоддан юлиб олинган бир нафасгина дам олиш вақтлари мутолаа учун ажратиларди.
Одатда атрофларига бир нечта китоб ва газеталарни ёйиб олиб, мутолаага шўнғирдилар. Менга ва болаларга ҳам бўш вақтларингда китоб ўқинглар, деб қайта-қайта танбеҳ берардилар.

«Тўғри, телевизордан ҳам кўпгина маълумот олиш мумкин. Қўшиқ эшитиб, гўзалликдан баҳраманд ҳам бўласиз. Лекин телевизор қаршисида ўтириб ўтказилган вақт ўзини оқламайди.

Чунки телевизор фикрлашга ўргатмайди. Бунинг учун, албатта, бадиий асар ўқиш керак, яхши асарларни қайта-қайта ўқиш шарт», – дердилар.

Қиш оқшомларида ярим тунгача газета-ю китоблардан бош кўтармасдилар. А.Герцен, Л.Толстой, А.Чехов, Абдулла Қодирий каби буюк ёзувчиларнинг асарларини ёстиқларининг тагида асрардилар. Уларни қайта-қайта ўқиганлари учун китоб жавонига қўйишимга рухсат бермасдилар. Шеър ўқишни яхши кўрардилар. Пушкин, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг ва ёшларнинг шеърларини ўқирдилар. Совуқда жунжикиб китоб ўқишдан лаззат ололмасдилар. Шунинг учун қишда уйнинг совиб кетишини хуш кўрмасдилар. Мен фақат битта хонадаги печкани ёқардим, ҳамма хоналардаги печкаларга ўт ёқиб, кул олишга эринардим. Баъзан эвини қила олмаганимда уй буруқсиган тутунга тўлиб кетарди. «Ҳамма қўни-қўшнилар биттагина хонадаги печкага ўт ёқиб, ўша хонада тиқилиб бўлса ҳам қишни ўтказишади-ку, бизнинг уйда печкалар бирпас ҳам ўчмаслиги керак», – дея нолирдим. Шундай пайтларда Одил ака «Қаловини тополмаяпсиз-да, хоним. Қаловини топса, қор ҳам ёнади, дейишади-ку», – дердилар-да менинг ғазабимга сув сепардилар. Ўзлари қунт билан печканинг олдига энгашиб, гуриллатиб олов ёқиб берардилар. Кейинчалик мен учун жуда мушкул ва ёқимсиз туюлган бу юмуш болаларнинг зиммасига ўтди.
Шукурки, ҳозир печкага тезак қалаш, қўлларимизни қоп-қора қилиб кўмир ёқиш каби юмушлар ортда қолган. Ҳар бир уйда, ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам зангори олов гуриллаб ёниб, бекаларнинг юмушларини осон қилди.

Талабчан дўст

Одил акани жуда қаттиққўл ота бўлган, дея олмайман. Тўғри, у киши жеркиб, силтамасалар-да (калтак билан жазолаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас!), мени ҳам, болаларни ҳам уларнинг салобати босарди. Болаларнинг майда-чуйда камчиликларига эътибор қилавермай, назари баландлик билан енгиб кетардилар. У киши, ишонасизми ё йўқми, фарзандларимизга «дўстим» дея мурожаат қилардилар. Айрим ҳолларда фарзандларимиз менинг гапимга қулоқ солишмаса, оталарига арз қилардим. Шундай ҳолларда «гуноҳкор» ўғилни олдиларига чақириб: «Бундай ишларни иккинчи такрорламанг-да, жон дўстим», деб танбеҳ берардилар. Кейин эса менга қараб: «Қалай, бопладимми?» деб ёш боладек мириқиб кулардилар. У киши баъзан болаларимизни ўзларича бир «қўрқитмоқчи» бўлиб, «Бобомнинг жаҳли ёмон бўлган, биласанлар-а», деб қўярдилар.

Болалар мактаб ёшига етганида (у даврда ўзбек зиёлиларининг жуда кўпчилиги болаларини рус мактабларида ўқитишни обрў деб ҳисоблашган) бамаслаҳат фарзандларимизни 99-сонли ўзбек мактабига бердик. Фарзандларимизнинг ҳаммаси ана шу мактабда ўқиб вояга етишди. Мактабда таълим-тарбия бинойидек эди.

Одил ака болаларни эрта уйғотиб, тоза ҳавога чиқарар, бадантарбияга кўниктирардилар. «Қани, туринглар, дўстлар, «қаймоқдай ҳаво» экан», дердилар. Кейинчалик болалар бир-бирини уйғотиб: «Қани, юр қаймоқхўрликка», дейишарди ҳазил аралаш.

Одил ака «дўстим» деб мурожаат қилиш билан бирга жуда кўп юмушларни фарзандларга ишониб топширардилар. Айниқса, болалар улғайишгач, машинани уларга топшириб қўйдилар. Тўғри-да, ижод кишиси машина тозалаш, уни таъмирлаш, бензин қуйдириш каби ишлар билан оғримаган бошини оғритиб юрадими? Фарзандлар машинани ювиб-тараб, оталарини тўй-маъракаларга олиб бориб келишарди. Менинг барча борадиган жойларим, бо-
зор-ўчарларимга ҳам фарзандлар олиб бориб келишарди. Ўзбошимчалик қилишмасди, оталарининг ишончини оқлашарди. Ота, ахир, уларни «дўстим» дерди-да!

Болаларимизнинг биронтаси ҳам Одил аканинг ортидан бориб, адабиёт соҳасини танламади. Чунки олий таълим олиш, қайси касбни танлаш ва эгаллашни уларнинг ўз хоҳишига қўйиб берган эдилар. «Ижодга бўлган салоҳият туғма бўлиши керак. Бошқа касбни ўқиш-ўрганиш, тажриба орттириш билан эгалласа бўлади. Лекин қалам тебратиш бундан мустасно», дердилар. Фарзандларимизнинг ўзларида у қадар хоҳиш бўлмаса-ю, биз уларни адабиёт соҳасига йўналтирсак, яхши натижага эришолмай қолишларидан қўрқардилар.

«Ҳикоянгни айтиб бер…»

Юқорида фарзандларимиздан бирортасининг ёзувчи бўлишни ихтиёр қилмаганини айтдим. Шунингдек, Искандарнинг адабиёт аҳлига бир озгина яқинлиги ҳақида ҳам гапирдим. Шу ўғлим озми-кўпми ёзув-чизувни яхши кўрарди.

Бир куни ўғлимнинг жуда ҳам бесаранжом бўлаётганини сездим. Сабабини сўрасам, гапирмайди. Бир-икки суриштирганимдан кейин Одил ака секингина имо қилдилар. Ҳеч нарсани тушунмай ёнларига бордим. «Индама, у менинг фикримни кутаяпти», дедилар. Кейин изоҳ бердилар. Маълум бўлишича, Искандар болаликдаги таассуротларидан завқланиб, ҳикоя ёзишни машқ қилган экан. «Меҳр» ва «Уй» деб номланган ҳикояларини олти ой отасига ўқитиб кўришдан уялиб юрибди. Охири, пайт пойлаб машқларини отасининг қўлларига тутқазибди-да, гап ораларида қолишини илтимос қилибди.

Ўғлим шу куни кечгача уйга кирмай юрди. Бир вақт, қош анча қорайганда ҳовлига кирди. Одил ака унинг эшикдан кирганини билсалар ҳам, индамадилар. Бир пайт:

– Болам, бу ёққа кел, ўтир-чи, – дедилар чироқ тагидаги скамейкага ишора қилиб.

Мен улардан сал узоқроқда турган бўлсам ҳам
сезяпман, ҳаяжондан энтикаяпти, ўғлим. Бунинг устига ўзини қандайдир ноқулай ҳис қиляпти шекилли, тинмай бармоқларини ўйнай бошлади.

Бир муддат сукунатдан кейин Одил ака гапларида давом этиб:
– Ҳикоянгни айтиб бер-чи? – дедилар паст оҳангда.
Эҳтимол, отасининг салобатлари босгандир. Шундай бўлса-да, Искандар ўзини қўлга олиб, ҳикоясидан икки-уч абзацни, худди шеър ўқигандай, бир лаҳзада гапириб берди. Отаси унинг «монолог»ини бўлиб:

– Ана, кўрдингми? Қандай гапирган бўлсанг, шундай ёз! – дедилар қатъий. – Ортиқча сўзлар керакмас. Умуман олганда, ёмон эмас. Деярли қалам теккизмадим, – деганларича яна ўйланиб қолдилар. Сўнг давом этдилар. – Бу ишинг яхши. Ёзишдан сира қўрқма. Мана, Абдулла Қодирий. Ҳаётий воқеаларни оддий сўзлар билан ҳикоя қилиб кетган… Жимжимадор, гажак гаплар керакмас. Узундан-узун абзацлардан воз кечиш керак. Толиқтиради. Қўрқмасдан бир нечта бўлакларга бўлиб юбориш керак. Бу гаплар сенга тааллуқлимас. Умуман айтаяпман. Чеховни ўқиб кўргин… Майли, «асар»инг ёмонмас. Истасанг, бирор газета ё журналда бостириб чиқарарсан. Ўзингниям ҳамма танийди, – деб гапларини чўзмасдан тугатиб қўя қолдилар.

Лекин негадир Искандар шу воқеадан кейин бадиий нарса ёзишга бошқа уриниб кўрмади.
Аслида ўғлимнинг ҳикоя ёзишдан мақсади қишлоқдаги болалик завқлари бир баҳона бўлиб, суюкли Гулшан бувисини тилга олиб кетиш бўлган. Бунга қадар Одил ака волидалари, оталари ва боболари хусусида ҳеч нарса ёзмаган эдилар. Одил ака анча кейин, етмиш ёшдан ўтганларидан сўнггина боболари, ота-оналарининг тақдирларини қаламга олдилар.

«Умидим сиздан, ука»

Одил ака ижод қилиш билан бирга узоқ муддат турли раҳбар лавозимларда ҳам хизмат қилиб, ўттиз йилдан зиёдроқ вақт давомида хизмат машинасидан фойдаландилар. Қаерда ишлашларидан қатъий назар, ўша ерда ишлаб келган ҳайдовчини бирон марта алмаштирмадилар. Янги лавозимга борганларига қадар ишлаган ҳайдовчилар токи ишдан кетгунларигача алмашмасди. Айрим кунларда ҳайдовчилар эрталаб кечга қолсалар, ортиқча асабийлашиб дарвозадан кириб чиқавермасдилар. Машина ўз вақтида келмадими, катта йўлга чиқиб, такси тўхтатиб, ишга кетардилар. Энг асосийси ишга кечикмаслик, деб ҳисоблардилар.

Кечикиб қолган ҳайдовчи Одил аканинг кетиб қолганини билгач, капалаги учиб кетарди, «Кеннойи, кетганларига қанча вақт бўлди, роса жаҳллари чиққан бўлса керак-а? Бирон нарса демадиларми?» – деб саволга кўмиб ташларди-да, жавобимни эшитар-эшитмас машинасига газ босарди. Кечки вақт эса яна иккаласи ака-укадек ҳангомалашиб кириб келишарди.

Кўпинча ҳайдовчилар Одил акадан нолигани-нолиган эди. Бир куни ҳайдовчи ўғлим Искандарнинг елкасидан тутиб гаплашаётгани қулоғимга чалинди:

– Укажон, Одил акага ҳам ҳайронман. Машинага биронта жиҳоз, янги баллон олай, демайдилар. Ҳатто ҳамма ўринбосарлари машинасини янгилади, гилам дейсизми, радио дейсизми, ҳаммаси рисоладагидай. Биз бўлсак, ҳамон мана шу эски аравада юрибмиз. Ўзим: «Одил ака, бу машинани янгилайлик, янги жиҳозлар олайлик», – деб айтай дейман-у, салобатлари босиб, ҳеч гапиролмайман. Яна камига бошқа раҳбарларга ўхшаб орқа ўриндиқда эмас, ёнгинамда ўтирадилар, айтмоқчи бўлган гапим бўғзимда қолиб кетади. (Ҳатто таниқли журналист Аҳрор Аҳмедов отам билан бир суҳбатида «Одил ака, нега хизмат машинангизни олдинги ўриндиғида ўтирасиз», деб савол берган эди. – И. Ё.) Гараж мудирига бир оғиз телефон қилсалар кифоя, ҳаммаси жойида бўлади. Жон укажон, ҳамма умид сиздан, акага айтинг, бизни ҳам ўйласинлар, илтимос, бир оғизгина сўзлари, холос»,– дерди у.

Искандар эса у кишига: «Отамни биласиз-ку, ортиқча ҳашамга тоқатлари йўқ. Лекин бир гап нишаби келса, илтимосингизни айтишга ҳаракат қиламан»,– деди.
Ҳайдовчининг қайта-қайта илтимосидан кейин ўғлим шу ҳақда гап очган эди, Одил ака эса:
– Машина туфлидек бир гап. Ишхонагача етиб олсам бўлди. Унга ортиқча зебу гардоннинг зарурати йўқ. Ҳозирча ялангоёқ эмасман, ишга бориб келишга яраяпти-ку, бўлди-да, – дедилар, холос.

Хуллас, бу камтарликми, эътиборсизликми, билмадим, лекин Одил ака ишга борганларида берилган машинадан токи шу лавозимдан кетгунларига қадар фойдаланардилар.

Яшаш учун ейиш керак…

Одил аканинг биронта овқатни хушлаб, кўп еганларини ва қайта-қайта пиширишни буюрганларини эслолмайман. Ош қиладиган бўлсак, унинг тайёрланиш жараёнида ёнимда турардилар. Тўғралган сабзидан бир-икки донасини оғизларига солардилар. Мен: «Бутун сабзи ёяқолинг», десам, у киши: «Сизнинг қўлингиз билан тўғралгани бошқача-да», – дердилар. Тайёр бўлган ошни мақтаган бўлардилар-у, жуда оз ердилар. Минг ҳафсала билан қилган паловимдан бир-икки «чўқиб», қўлларини артсалар, хафа бўлардим. «Сиз учун атайлаб пиширгандим. Қаранг, лаганнинг бир чети ҳам бўшамади-я», – десам:

– Ширин нарсанинг ками яхши. Кўп ейишга ўрганиб қолсам, кейин қорнимни тўйдиролмай қоласиз, ўшаниси ёмон. Қолаверса, мана тўртта полвонимиз бор, улардан ош қолармиди? – деб вазиятдан чиқардилар.

– Энди сиз учун овқат пиширмайман, – дердим, шунда ҳам гинам тарқамай.

– Одам ейиш учун яшаши керак эмас, яшаш учун ейиши керак. Мана шу еган овқатим эртагача яшашимга ва қалам тебратишимга етади, – дердилар.

Хамир овқатни жуда ҳурмат қилар, лекин семириб кетиш муаммосидан қочиб, камгина танаввул қилардилар. Ҳар хил «ошхўрлик»ларга дўст-ёрлар дийдори учун борардилар. Ҳар сафар уйдан чиқаётганларида «Шу «ошхўрлик»ни жиним суймайди-ю, лекин дийдор ширин-да», – деб таклиф этилган жойга отланардилар.

Самовар

Бир куни Одил аканинг ҳамқишлоқларини магазинда кўриб қолдим. Улар билан саломлашгач, Одил ака: «Ҳамқишлоқларим бир Тошкентга келиб қолибди-ю, сен уйга таклиф қилмабсан», деб койишлари мумкин, деган хаёлга бордим. Уларни қўярда-қўймай уйга бошлаб келдим.

Бор масаллиқни қозонга солиб, «бешбармоқ»ни тайёрладим. Меҳмонларнинг қорни жуда очган эканми, овқатни мақтаб-мақтаб шоша-пиша ейишди. Қоринлари тўйгандан кейин уйдаги жиҳозларга разм сола бошлашди. Хонада кўпга ўхшаб кўринсин деган мақсадда жиҳозларни бурчакка қўярдик. Шкафнинг устида 7 литрлик самовар турарди. Шунда меҳмонлардан бири:

– Ҳозир замонавий, зиёли оилаларда меҳмонхона самовар билан ясатилмайди. Айниқса, сиздай машҳур адибнинг хонадонида шаҳарликлар учун кераксизга айланган буюмнинг сақланиши тўғри эмас. Ахир, у модадан қолган-ку. Мана биздақа қишлоқиларга бу самовар жуда асқотади. Одил ака, янга, шу самоварни менга беринглар. Сизларни алқаб чой қайнатиб, ичиб юраман. Бу ерда бекорга жой олиб, чанг босиб турибди, – деб самоварга ёпишиб олди.

Одил ака менга қарайдилар, мен у кишига. Бир калима сўз дея олмайсиз. Аслида иккаламизнинг ҳам самоварни бергимиз йўқ, лекин меҳмоннинг кўнглига оғир ботишидан ҳам қўрқамиз.

Хуллас, меҳмон «сукут – аломати ризо», деб ўйлади шекилли самоварни жойидан силжитиб, қўлтиқлаб олди. Одил ака «ажаб бўпти» дегандай менга қараб қўйдилар-да, меҳмонларни кузатиб қўйдилар.

Бундай меҳмонлар тез-тез зиёратга келиб турар ва кўзларига чиройли кўринган нарсаларни олиб кетаверардилар. Мен ҳар сафар: «Энди ҳеч кимга ҳеч нарсамни бермайман», – дердим-у Одил акадан ўтиб, бир нарса дея олмасдим. Одил ака учун эса ҳар қандай буюмнинг қадри меҳмоннинг хоҳишидан устун турмасди.

Дўстнинг эътирофи

Одил ака Чингиз Айтматовнинг бир неча ҳикоялари ва, айниқса, «Жамила» қиссасини ўқиганларидан кейин унинг санъаткорлигига ўзгача ҳурмат билан қарардилар. Фақат Чингиз аканинг рус тилида ижод қилиши бир оз эриш туюларди уларга.

Чингиз Айтматов Москвадаги Олий адабиёт курсларини битириб, ўша жойда ишлаётганлиги боис Пиримқул ака билан таниш бўлган. (Ўша даврда Пиримқул Қодиров Москвада СССР Ёзувчилар уюшмасининг ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.)

Чингиз Айтматов Тошкентга қандайдир бир тадбирда иштирок этиш учун келганида Пиримқул ака уни уйига таклиф қилган. Одил ака Пиримқул аканинг уйида Чингиз Айтматов билан танишиб, у билан бир умрга дўст бўлиб қолганлар. Самимий ва дўстона вазиятда ўтган илк учрашувни Одил ака жуда кўп гапириб юрардилар.

Чингиз Айтматов бизнинг хонадонда ҳам бир неча марта меҳмон бўлган. Биринчи марта 1974 йили Қирғизистоннинг ўзи туғилиб ўсган Талас водийсига Тошкент орқали бораётганида уйимизга келган.

Чингиз Айтматов ҳовлимизга кириб келиши билан мевалари етилиб, тагига тўкилиб турган ёнғоқ дарахтига разм солган ва дарахт остига энгашиб, беш-олтита ёнғоқни териб, шундай деган эди:

– Адил, бу дейман, ёнғоқларинг жуда кўп ҳосил берибди-ку! Бир оғайничилик қилиб бир-икки қоп ёнғоқ юбораркансан-да-а?

Кейин териб олган ёнғоқларини ёрдамчисига узатиб: «Чақиб, менга берасан, яна ўзинг еб қўйма», – деган ҳазиллашиб.
Ҳовлимиздаги бу улкан ёнғоқ дарахти эллик йилдан зиёдроқ вақтдан бери бизни ўз мевалари билан сийлаб келаяпти. Дарахт тагидаги сўрида Одил акани йўқлаб келган ёзувчи ва шоирлар, мухлислару меҳмонларнинг энг қизғин суҳбатлари кечган.

Ўша куни Одил ака меҳмоннинг ҳурмати, деб кўпгина қаламкаш биродарларни уйга таклиф қилган эдилар. Дўстона ширин суҳбат, адабий мунозара тонггача давом қилган.

Чингиз Айтматов кейинчалик 1978 йилда турмуш ўртоғи Майрамхон билан меҳмонга келишганда, ёнғоғимиз эндигина гулини тўкаётган маҳал эди. Бу сафар ҳам Чингиз ака ёнғоқнинг тагига келиб, сўз қотди: «Эҳ Майрамхон, сен бу ёнғоқни емадинг– дунёга келмадинг. Жуда зўр ёнғоқ. Қара, гуллари ҳам йирик-йирик. Афсуски, сенга бу ёнғоқнинг таъмини кўриш насиб этмади. Лекин ҳосил пишса, Адил, албатта, бир қоп ёнғоқ юборади. Шундайми, Адил?» Одил ака кулиб бошларини силкитиб: «Бир қоп ёнғоқ сизлардан айлансин, ҳамма хосилини ҳам йиғиб-териб юбораман», – дедилар.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Гарчи рус тилида гаплашиш иккала адиб учун ҳам қулай бўлса-да, Чингиз ака билан Одил ака ҳар доим қирғиз тилида гаплашишарди. (Одил ака қирғиз тилини ҳам яхши билардилар.)

Майрамхон жуда ширинсухан, гўзал ва дилбар аёл эди. Биз, аёллар, ижодкор билан яшашнинг машаққати-ю лаззати тўғрисида узоқ суҳбатлашганмиз.

1998 йилдаги ташрифида Чингиз Айтматов қўлига қадаҳ кўтариб, қуйидаги сўзларни айтгани ҳозиргача қулоғим остида жаранглаб турибди. Чингиз ака:

– Адил! Кечроқ бўлса ҳам «Муқаддас»ни ўқидим. Менинг «Жамилам» ва «Сарвқомат дилбарим» эртароқ рус тилида чиқди. Аслида сенинг «Муқаддас»инг аввалроқ чиққанда сен мендан ҳам машҳур бўлиб кетардинг. Лекин сенинг «Улуғбек»инг нафақат ўзбекнинг, балки барча туркий халқлар адабиёти, ҳатто жаҳон адабиётининг хазинасидан жой олди, – деганида меҳмонлар қарсак чалиб юборишган эди.

Уйимизда Мустай Карим, Довид Қуғултинов, Қайсин Қулиев, Чабуа Амираджиби, Азиз Несин, Абдужамил Нурпеисов, Мухтор Шаханов ва Қолдибек Сейданов каби ижодкорлар ҳам меҳмон бўлишган.

Асарларга туртки бўлган мактублар

Бугунги кунда ёзувчиларга хат келадими ё йўқми, билмайман. Балки ҳозирги техник ривожланиш даврида жуда кўп нарсалар телефон орқали ҳал қилинаётган бўлса керак. Лекин, юқорида айтиб ўтганимдек, Одил акага мухлислардан жуда кўп мактублар келарди.

Бу мактубларда нафақат Одил аканинг асарларидан олинган таассуротлар, қаҳрамонларнинг прототиплари ҳақидаги саволлар, ёзувчига миннатдорлик сўзлари ёзилган, балки маслаҳат ва ёрдам ҳам сўралган бўларди. Кимдир турмуш ўртоғининг ташлаб кетгани, кимдир ҳарбий хизматдаги адолатсизликлар, яна кимдир маиший муаммолари ҳақида ёзиб, ёрдам ва маслаҳат сўрарди. Одил ака ҳар бир мактубга алоҳида эътибор билан қарардилар. «Бу мактубнинг ортида инсон бор, у мендан нажот кутиб хат ёзаяпти ва, албатта, жавобимни кутади, бунга бефарқ бўлиш мумкин эмас», – дердилар.

Бир куни уйга кирсам, Одил ака мук тушганча бир хатга термулиб ўтирибдилар. Юзларидан бирон нохуш воқеа хабари келгандек туюлди. Секингина бориб ёнларига ўтирдим. Қоғозни қўлимга тутқаздилар.

Кўз ёшига беланган бу хат Бухородан ёзилган бўлиб, ҳар қандай тош юракни ҳам қон қиладиган ҳасратга тўла эди. Уни хўжалик раҳбарларидан бири ёзган бўлиб, ўзи «пахта иши» бўйича эрта-индин муқаррар қамалади, фарзандлари эса вояга етиб қолган, шуни ўйлаб…

Ўзингизга маълум, оила бошлиғи қамалгудай бўлса, қизларининг, ўғилларининг келажаги барбод бўлади. Шу сабаб оилам шаънига доғ тушмасин, деб ўша шўрлик бошини урмаган остона қолмаган. Аммо ҳеч қандай нажот топмагач, дардини, бор ҳақиқатни Одил акага ёзиб юборган. У хатида: «Ёруғ кунлар келганида фарзандларимга шуни етказинг, тушунтиринг, мен уларнинг келажагини сақлаб қолиш учун ўз жонимга қасд қилаяпман», деб ёзган…

«Бу хат, уни ёзган кишининг тақдири – бошқа бир масала. Аммо сир эмас, яқин ўтмишда ҳам шароит тақозосига кўра иш юритган бўлса-да, охир-оқибат айбдор бўлиб чиққан, аслида юраги шоирона туйғуларга бой не-не инсонлардан айрилиб қолмадик. Ёки бўлмаса, заҳри қотил умрини хазон этган, ситамларга чидаёлмай ўзига ўт қўйиб юборган келинчаклар, оилам, болам-чақам деб меҳнатнинг тагида қолиб кетганлар озмиди, ахир?!» – дедилар паст овозда…

Бундан хатлар «Оқ қушлар, оппоқ қушлар», «Адолат манзили» сингари романлари ёзилишига туртки бўлган бўлса ажаб эмас.

Оила ғазначиси

Одил ака қалам ҳақининг бир қисмини омонат кассага, менинг номимга ўтказиб қўярдилар.
Бу маблағни кийим-кечак, рўзғор буюмлари, коммунал тўловлари учун тежаб-тергаб сарф қилиш менинг зиммамда.
Тўй-маъракаларга олиб бориладиган ҳар хил совғаларни ҳам олдиндан шу маблағ ҳисобига олиб қўярдим. Одил ака совға қидириб дўконма-дўкон юришни ёқтирмасдилар.

«Сизнинг дидингиз ва совға-салом олиш маҳоратингизга ишонаман. Бас, шундай экан, бу каби нарсаларни ўзингиз танлаб ва аввалроқ олиб қўйсангиз мен учун айни муддао бўлурди», – дердилар.
У пайтлар «импорт» моллар магазинларда хуфя йўллар билан сотиларди.

…Бельгияда ишлаб чиқарилган пальто урфга кирган пайтлар. Бу пальто жуда хушбичим тикилган бўлиб, енгил ва қулай эди. Одил акага: «Сизни ҳамма танийди, илтимосингизни рад этолмайди, биронта магазинчидан Бельгия пальтосини олиб беринг», дея жуда ҳиқиллаганман. Одил ака бўлсалар, сотувчиларга ялиниб-ёлворишни ўзларига эп кўрмасдилар, ғурурлари кўтармасди. Ҳадеб хархаша қилаверганимдан кейин: «Оила ғазначиси ўзингиз бўлсангиз, хоҳлаган нарсангизни ўзингиз сотиб олиб киявермайсизми?» – дедилар. Мен рухсат текканидан хурсанд бўлиб, ўша пальтони «қўл»дан, икки баравар нархига сотиб олганман.

Ҳозиргача кийим шкафимизда турган Бельгия пальтосига кўзим тушса, ўша кунлар кино лентасидек кўз олдимдан ўта бошлайди.

Одил акага кийим ахтариб топиш, сотиб олиш ҳам менинг зиммамда эди. Елка кенгликларини ип билан, туфлиларини чўп билан ўлчаб олиб, бу ўлчамларни сумкамга солиб юрардим. Тўрт боладан кейин «бешинчи бола» бўлиб Одил аканинг ҳам либосларини янгилардим. Олган нарсам ҳар доим Одил акага маъқул келарди. Шундай бўлса ҳам ҳар сафарги буюртмадан олдин, «Марямхон, сиз мендан ўн ёш кичиксиз, демак, мен сиздан ўн йил олдинроқда юраман. Яна ўзингиз тенги йигитлар киядиган кийимларни олманг-а, хўпми?» – дейишни асло канда қилмасдилар.
«Оила ғазначиси»нинг бошида ана шунақа юмушлар жуда кўп бўларди.

Соддалик

Устозлари орасида ҳам, тенгдошлари орасида ҳам Одил акадай содда бўлмаган, десам хато бўлмас. Улар на бир ҳашамроқ яшаш, на бир ҳашамроқ кийинишни билардилар. Бирор марта кийим-бош излаб, магазинга кирганлари ёки бозорга тушганларини эслолмайман. Бунга кетадиган вақтлариниям тежаб, ижодга сарфлаганлар. Юқорида айтганимдек, бу ишни менга ишониб топширган эдилар. Йиллар ўтса-да, Одил аканинг қадди-қоматлари ўзгармай аслича сақлангани учун битта костюм ва битта пальто 10–15 йил устларидан тушмаган. Бошларига битта шляпани кийиб, бўйинларига битта галстукни боғлаб юрганлар.

Фарзандлар улғайиб, у кишининг ўта одмилигидан бир оз норози бўла бошлашди. «Ўртоқларимизнинг уйлари жуда серҳашам, жиҳозлари ҳам замонавий, гиламларини босса, оёқ кириб кетади. Дадамиз машҳур ёзувчи бўлсалар ҳам уйимизни жиҳозлашга эътибор бермайдилар», дея менга нолийдиган бўлишди. Бироқ, мен бу гапларни Одил акага айтолмасдим, чунки у кишининг ўта камтарона турмуш кечиришлари ва соддаликларига йиллар давомида мослашиб улгурган ва бу ҳолат ўзимга ҳам маъқул келар эди. Бироқ дадаларининг бундан ўн-ўн беш йил аввал сотиб олинган кийимда юраверишларини кўрган болаларнинг ўзлари: «Дада! Бошқа кўйлак, бошқа галстук, бошқа плаш кийинг», дейишса, у киши:

– Мени биров куёв қилармиди? – деб қўя қолар-дилар.

Одил ака болаларга, онам ёки бувимга кийим-кечак олиш ёки бошқа бирор эҳтиёж учун доим пул берсалар-да, ўзларининг кийим-кечакларини бошқа тенгдошларидек ўқтин-ўқтин янгилаб туришниям, уйни башанг қилиб жиҳозлаш, ясатиш ва таъмирлаб туришниям хушлайвермас эдилар. Буларнинг ҳаммаси, улар назарида, «чепуха» бўлиб, ижодга ҳалал берарди. «Инсонга кўп нарса керакмас. Ҳаёт кечириш учун хотиржамлик ва қулайлик бўлса, бас!»– деган сўзлар уларнинг ҳаётий ақидалари эди.
Хуллас, Мирзо Улуғбекнинг тили билан айтганда, улар учун бир бурда нон, бир қумғон сув бўлса, бас эди.

Паришонхотирлик

Янги турмуш қурган кезларимизда туфли устидан калиш кийилар, идорага борилганда эса калиш бир четга ечилиб, туфли билан ичкарига кирилар эди. Бу, идорадаги гиламу полларнинг тозалигини таъминларди. Чунки ўша пайтларда кўчалар бугунгидек тоза, асфальтланган бўлмасди. Одил ака эрталаб ярақлатиб мойланган туфли устидан калиш кийиб кетардилар. Кечқурун эса калиш кийишни унутиб, туфлини лойга белаб кириб келаверардилар. Ҳовлига киришлари билан кўзим оёқларига тушарди. Нигоҳларимни сезган Одил ака: «Жаҳлингиз чиқмасин, хоним. Калишим эскирмасин, дейман-да!»– дердилар. Бундай паришонхотирликдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмасдим. Ҳар хил жойда унутиб қолдирилган бош кийимларининг эса сон-саноғи йўқ. Уйга келганларидан кейин бош кийимларини унутганлари эсларига тушиб: «Оббо, қаерда қолди экан бу эси йўқ кийим?! Қошларингизни чимирманг, жаноби олиялари, бош омон бўлса, дўппи топилади», дердилар хижолатвозликни яширишга уриниб.

Одил ака электр асбобларидан фойдаланишни ҳам эплолмасдилар. Болалар ёшлик пайтида: «Сиз овора бўлманг, ўзим…», дея уйга кириб, кўйлакларини дазмоллай бошлардилар. Бир муддатдан сўнг улар кирган уйдан ачимсиқ ҳид анқирди. Югуриб кирсам, қизиб турган дазмолни юзи билан полга қўйиб қўйган бўлардилар. Жажжигина электр чой қайнатгичларнинг тақдири ундан ҳам аянчли бўларди. Чой қайнаганидан кейин қайнатгични чойнакдан олардилар-у, токдан узиб қўйишни унутардилар. Ҳам чой қайнатгич куярди, ҳам у қўйилган жой тутаб ётарди.
Бундай паришонхотирлик оқибатида бўлажак хунук ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳар доим кўз-қулоқ бўлиб туриш лозим эди.

Картошка

Содда одамлар ишонувчан бўлади. Одил ака азбаройи содда ва ишонувчан кишилар қавмидан бўлганлари боис биров салгина ёрдамга муҳтожлигини айтса, унга бор-будларини беришдан ҳам тоймасдилар. Агар ижарада турадиган шогирдлари иттифоқо муҳтожликдан нолиб қолишса, туни билан шуларни ўйлаб «уф» тортиб чиқардилар. «Бировнинг уйида яшаш қийин-да! Биз-ку ўз уйимизда бемалол ўтирибмиз», – деган гапни кўп айтардилар. Шу боис тегишли ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилиб, жуда кўплаб шогирдлари учун уй-жой ажратилишига бош-қош бўлганлар; китобларини чиқаришга кўмаклашганлар; хуллас, қўлларидан келган ёрдамларини ҳеч қачон аямаганлар. Одил аканинг қонига сингиб кетган бу серҳимматлилик оила бюджетига зарар келтирган, панд берган ҳоллар кўп бўлган.

Киш кунларининг бирида бозорга борганларида бир аёл совуқда дийдираб турган экан. Бу аёлга раҳми келган Одил ака ювиб тозаланмаган картошкаларни кўтарасига сотиб олганлар. Уйга келиб: «Бир деҳқон аёл бечора шу совуқда бола-чақам деб сотиб турган экан. Рўзғорга керак бўлар деб ҳаммасини олавердим», – дедилар қилган ишларидан мамнун бўлиб.

Картошкаларни ошхонага олиб кириб қўйдик. Эрталаб турсак, картошка солинган қопнинг таги сув бўлиб қолибди. Қарасак, картошкаларнинг ҳаммаси яхлаган, иссиқ жойда тургани учун сув бўлиб оқиб, ишлатишга яроқсиз ҳолга келганди. «Деҳқон аёл бечора эмас, ўзингиз бечора бўлиб қолибсиз-ку», – дедим кулиб.
У киши менга ҳам: «Магазинларда сотувчилар билан тортишиб юрманг. Қайтимини талаб қилиб майдалашманг. Менинг матоҳимни ким сотиб оларкин, деб ўтган-кетганнинг кўзига лўқ этиб қараб туришнинг ўзи бўладими?!» – дердилар. Ўзларининг эса қалам билан қийналиб пул топишлари ёдларига келмасди.

Тил – бойлигимиз

Одил ака Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика атамашунослик қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаган йиллари ўзбек тилининг барча бойликларидан унумли фойдаланиш, рус тилидан кириб келган атамаларнинг ўзбекча муқобилини топиш, янги атамаларни жорий қилиш лозим бўлган ўта масъулиятли давр эди. У киши ўз атрофларига ҳар бир соҳанинг билимдонлари – атоқли ўзбек профессори-ю академикларини комиссия аъзолигига жалб қилган эдилар. Уларнинг бир қисмини ўз соҳаларидан келиб чиқиб, физика, кимё, геология, тарих, иқтисод каби шўъбаларга раҳбар этиб тайинлагандилар. Иброҳим Ҳамробоев, Пўлат Ҳабибуллаев, Раҳим Бекжонов, Мурод Шарифхўжаев, Аҳмадали Асқаров, Иброҳим Исканде-ров каби академиклар, Тўра Мирзо, шоир Жамол Камол, Иброҳим Ҳаққулов, Шабот Хўжаев, Исо Жабборов каби олимлар билан бамаслаҳат ишлардилар. Айниқса, ўзбек тилининг билимдонларидан бири, тилшунос ва ношир Ҳабибулла Бектемировга кўпроқ суянардилар.

Жуда кўп атамаларнинг сўзма-сўз таржимасидан фойдаланилган вақтлар ҳам бўлган. Уларнинг жуда кўпидан бир муддатгина фойдаланилган-у, лекин тилимизга сингиб кетмаган. Мазмун ва моҳиятидан бошқа тилда қўлланилган атамани тўла очиб берадиган сўзларни топиш жуда мураккаб ақлий жараён эди. Шу сабабли Атамашунослик қўмитасида поёнига етмаган қизғин иш бизнинг уйимизда давом этарди.

Одил ака шу йилларда «Тил – дарё, дарёмизни асрайлик», «Ўқув-услуб адабиётлари яратишда терминология масаласи», «Байналмиллал ўзлашмалардан фойдаланиш», «ОАВда сўзларнинг қўлланилиши ҳақида», «Тил байрами – эл байрами» каби қатор мақолалар ёзганлар, нутқлар ирод қилганлар ва уларда ўзбек тилининг нақадар кенг имкониятга эга эканлигига эътибор қаратганлар.

Бир томондан, илм-фан тараққиётининг тинимсиз ривожи, иккинчи томондан, улуғ аждодларимиз асарларида қўлланган атамалардан баракали фойдаланиш каби долзарб масалалар Одил ака ва унинг жамоаси назаридан четда қолмади. Одил ака лисоний муомаламизга мустаҳкам ўрнашган байналмиллал атамалар ўз ҳолича қолиши керак, дердилар. Ўша даврда истеъмолга киритилган «вилоят», «туман», «талаба» каби сўзлар бугун жуда оммалашиб кетди.

Ассамблея

111Атамашунослик қўмитасига раҳбарлик қилиш билан бирга Одил ака Юртбошимиз ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари Президентларининг «оқ фотиҳа»си билан ташкил бўлган Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг вице-президенти лавозимида ҳам фаолият юритдилар.

Мазкур Ассамблеянинг президенти жаҳон адабиётига ўзининг нодир асарлари билан каттагина улуш қўшган машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов эди.
Ассамблеянинг ўз газетаси бўлиб, унга марҳум Анвар Жўрабоев муҳаррирлик қилган. Газета ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида чиқарилар ва шу мамлакатларнинг газетхонларига етказиб бериларди.

Одил ака Ассамблея ишлари билан қўшни юртларга тез-тез борадиган бўлдилар. «Оллоҳга шукр, қардошларимиз юртига йўлимиз тушса, ковушимиз кўчада қолмайди. Алматига борсак, қозоқ халқининг ардоқли ёзувчилари Абдужамил Нурпеисов, Қолтой Муҳаммаджонов, Қаловбек Турсунқулов, Бишкекка борсак, Чингиз Айтматов, Мухтор Шаханов, Нодир Алимбоевдек машҳур адиблар даврасида бўламиз», – дердилар ҳар сафар йўлга чиқишларидан олдин.

Бир сафар уйга қайтганларида юзларида бир озгина хижолат аломати кўринди. Сафардан кўнгиллари тўлмадими ёки соғлиқлари панд бердими, деган ўй-хавотирда секингина кўнгил сўрадим:

– Яхши бориб келдингизми? У ердагилар кутиб олишдими? Йўл азоби толиқтирмадими?..

– Йўқ, ҳаммаси жойида. Фақатгина қардошларимизнинг таъна аралаш айтган бир гапи қулоғим остидан кетмаяпти. «Сиз, ўзбек зиёлилари, – дейишди улар, – ўз юртингизда бўлаётган улкан ишларнинг қадрига етмаяпсизлар. Ё билмайсизлар, ёки билсангиз ҳам кўникиб қолганингиз учун шу ўзгаришлар ҳақида кам ёзаяпсизлар. Бизларда сизлардаги ўзгаришларнинг, сизлардаги қурилишларнинг ўндан бири ҳам йўқ! Тошкентга борганимизда, шаҳарни танимай қолаяпмиз. Ҳамма ёқда ўзгариш: янги ва кенг кўчалар, осмон билан тиллашиб турган кўркам кошоналар, замонавий бозор, музей ва меҳмонхоналар, хиёбон ва корхоналар… Ҳайратомуз ҳол: Тошкент Оврупадаги тараққий топган мамлакатларнинг пойтахтларига ўхшаб кетаяти! Ва, энг муҳими, у Шарқ ва Ғарб маданиятлари равнақига хизмат қилувчи йирик марказга айланиб бораётир!»

– Бу гаплари рост, – дедим мен. – Биз ёшлигимиздаги Тошкент билан бугунги пойтахтимиз орасида осмон билан ерча фарқ бор. Ва бу ҳолат кундан-кунга яхши томонга ўзгариб бораяпти…

– Улар ҳам шуни айтаяптилар-да, – дедилар Одил ака. – «Бу улуғ ўзгаришларнинг бош меъмори Ислом Каримов тўғрисида ҳам кўпроқ билгимиз келади. Биз бу кишини фақат «Манас», Жамбул ва Абай тўйларидагина кўрганмиз, холос. Бирда ҳуррият ҳақида жиддий, бирда эса тўйга йиғилганларни кулдириб, Абай ва Жамбул ўланларини эсга олиб тўлқинланиб айтган сўзларидан биламиз. У киши йирик давлат арбоби, буни ҳам биламиз. Лекин инсоний сифатлари, зиёлиларга муносабати, халқ билан киришиши қандай? Буни ҳам билгимиз келади. Ростини айтсак, бизда у кишининг шахсига қизиқиш катта, ҳурматимиз ҳам баланд», – дейишди улар. Бу фикрни Чингиз Айтматов билан Қолтой Муҳаммаджонов, айниқса, кўп такрорлашди…

– Ҳали, Худо хоҳласа, мамлакатимиздаги бу бунёдкорлик ишлари ва уларнинг ташаббускори ҳақида ҳам яхши асарлар ёзасиз. Кейин уларга ҳам юборасиз,– дея у кишининг кўнглини тинчитган бўламан.

Ассамблеянинг салкам ўн йиллик фаолияти давомида Одил ака қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ёзувчилари, шоирлари, маданият арбобларини бир-бирларига яқинлаштириш учун жуда катта ишларни амалга оширдилар. Ўша сафардан бир муддат ўтар-ўтмас, Одил ака кўнгилларига туккан мавзуда ҳам қалам тебратдилар.

Ҳамроҳлик

Одил ака ўз фаолиятлари давомида Юртбошимиз Ислом Каримов билан бир неча марта сафарда бирга бўлганлар. Улар ҳар доим сафардан қайтганларида таассуротларини тўлқинланиб сўзлаб берардилар.
Собиқ Иттифоқ давридаги халқ депутатларининг серғалва, сержанжал сессиясидан қайтганларида бир воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар:

– Ит эгасини танимайдиган йиғилиш бўлди. Не машаққатлар билан сўз олиб, минбарга чиққан депутат у ёқда турсин, сессияни бошқараётган раиснинг гапига ҳам қулоқ соладиган одам йўқ. Мажлисни бошқариш навбати Ислом Абдуғаниевичга етиб келганда ҳам зал одатдагидай беписанд шовқин-сурон кўтара бошлади. Шунда Ислом Абдуғаниевич бир ғижиндилар-у, соф рус тилида фавқулодда бир қатъият билан залга мурожаат қилдилар. – Шу бугунгача, – дедилар Ислом Абдуғаниевич, – мен депутат деганида бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир-бирини тинглай оладиган юксак маданиятли кишиларни кўз олдимга келтирар эдим… Бу – нима деган гап? Биз киммиз ўзи? Халқ ишонч билдирган унинг вакилларимизми ё кўчадан келган оломонмизми? Раис сифатида қатъий талаб қиламан: кимда-ким сўз олган нотиқнинг гапини эшитишни истамаса, марҳамат, залдан чиқиб кетсин!

– Ўзбекларнинг бир сўзли, қатъиятли эканлигини намойиш қилибдилар-да, барака топсинлар.

– Ҳақиқатдан ҳам фавқулодда шиддат ва қатъият билан айтилган бу гапдан кейин ҳайратга тушган зал бирдан жимиб қолди. Ва бу сукут токи Ислом Абдуғаниевич раислик ваколатини топширгунича давом этди. Танаффус пайтида рўпарамдан Чингиз Айтматов чиқиб қолди. У менинг қўлтиғимдан олиб бир четга бошлади.

– Москваликлар илгариги раҳбарларинг: «Фарғона фожиасига бир тақсимча қулупнай сабаб бўлган», деган гапи учун уни мазах қилиб юришган эди… Улар бугун ҳайратга тушишди. – деди кулиб. – Москва матбуоти ўзбек халқининг бошига ҳануз мағзава тўкаётган бир пайтда бугун бу кишининг ўзини тутиши, шиддати, дадил нутқи ҳаммани ҳушёрликка тортди. Сизлар раҳбарга ёлчиганга ўхшайсизлар! Мен жуда-жуда хурсандман!

Одил аканинг ҳикоялари мени ҳам қаттиқ ҳаяжонга солган эди. Ўша йилларда бундай хатти-ҳаракат ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини яхши тушунардим. Замон қалқиб турган даврда ўзбекларнинг бахтига шундай улкан шахснинг бош-қош бўлаётганидан она сифатида хурсанд бўлгандим.

Туртки

Ижодкорлар яхши билишади: бадиий асарнинг туғилишига нафақат бирор оламшумул ҳаётий воқеа, гоҳо арзимаган бир нарса ҳам туртки бўлади.
Саксон тўққизинчи йил. Бир куни кечқурун Москвада аспирантурада ўқийдиган кенжа ўғлимиз Абдумалик:

– Дада, – деди нимадандир ранжигандек. – Илгари жуда қаттиқ ишлар эдингиз. Энди… кўп бўлди, қўлингизга қалам олмаяпсиз. Ё ёзадиган гапингиз қолмадими? Ахир, биз фарзандларингиз, айниқса, невараларингиз боболаримиз ким бўлган, қандай яшаган, қандай одам бўлган, булардан батамом бехабармиз-ку? Агар ёзадиган бошқа гапингиз қолмаган бўлса, жилла қурса, бувамлар ва бувимлар тўғрисида ёзинг, биз уларнинг қандай одамлар бўлганини билайлик-да, дада!

Ўғилнинг отага айтган бу сўзларини эшитиб ўтириб, мен ҳам унинг фикрини қувватладим.

Ўғлимизнинг гапи бир туртки бўлди-ю, Одил ака болалик чоғлари, машъум ўттиз еттинчи йилнинг жабр-жафосини тортган ота-оналари, бува-бувилари, бир-бирига ўхшамаган ҳамқишлоқларининг тақдири ва улар ҳаётига боғлиқ бири ғамгин, бири кулгили, бири аччиқ сабоқ бўлғули бир олам эсдаликларни қоғозга туширдилар. «Музқаймоқ», кейин «Онаизор» деган ҳикояларини ёздилар.

Сўнгги ҳикоя илк марта «Саодат» журналининг 80 йиллигига бағишланган юбилей сонида чоп этилган. Ундан кейин «Қарноқ» ва «Осий банда»ни ёздилар.

Юқоридаги иккита асарнинг бирида оталари Эгамберди ака, бошқасида волидаи муҳтарамалари Гулшан ойи, яна бирида боболари Ёқуб шайхни хотирлаганлар.

Назаримда, бу асарлар ўзбек насридаги «кўрган-кечирганларим» туркумининг юксак намуналаридан бўлди. Уларда, бир томондан, оналар улуғланган бўлса, иккинчи томондан, ота дийдорига тўймаган мурғак қалбларда сақланиб қолган изтиробли ва армонли фарёднинг юракни ўртовчи саси эшитилиб туради.

Одил ака ижодининг сўнгги намуналаридан бўлган бу асарларни ҳар сафар ўқиганимда, кўзларимдан тирқираб ёш оқади. Чунки бадиий асарнинг қиммати биринчи навбатда унинг ҳаққонийлиги билан белгиланади.

Бу асарларда эса биронта тўқима гап, ортиқча бадиий бўёқ ёки муболағанинг ўзи йўқ. Улар адиб юрагининг туб-тубидан чиққанлиги сабабли ўқувчи қалбига қийналмай йўл топди.

Тинчликни қадрлайлик

Ҳали «Ўзбек иши» баҳонасида йўл қўйилган адолатсизликларга чек қўйилмаган, ҳали кўплаб оналарнинг кўз ёшлари қуримаган вақт. Ҳали, ўша даврдаги раҳбаримиз ибораси билан айтганда, бир тоғора қулупнай туфайли Фарғонада бошланган ёнғиннинг тутуни тарқаб битмаган пайт. Бу ҳам етмагандек, Ўш фожиалари бошланган, халқимиз ўта фожиий аҳволга тушган машъум бир давр.

Бир куни субҳидамда Москвадан Чингиз Айтматов қўнғироқ қилиб қолди. Гўшакни жойига қўйган Одил ака менга ҳорғин бир овозда дедилар:
– Чингиз бугун эрталаб Тошкентга келаркан. «Пиримқул учовимиз Ўшга бориб келайлик. Икки ўзбек, бир қирғиз икки халқ вакиллари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашиб, фожиага учраган одамлардан кўнгил сўрайлик», – деяпти. Мен, албатта, розилик билдирдим.

– Вой, шундай ўт-оловнинг ичига боришингиз шартми? Тинч ўтирсангиз бўлмайдими? – дедим Одил аканинг соғлиғидан қаттиқ хавотирга тушиб.

– Марям, ўзинг ақлли, фаросатли бўлсанг ҳам барибир ожизалигингга борасан-да. Биз, ёзувчилар, шундай пайтда халққа, ҳукуматга камарбаста бўлмасак, ким деган одам бўламиз? Мен, албатта, бораман, фақат бу ҳақда Юртбошимизни огоҳ қилишимиз керак, – дедилар.

Шу куни ишга боришлари билан, худди кўнгилларидаги гапни билгандек, раҳбаримиз Одил акани сўраган эканлар.

– Хўш, ўртоқ ёзувчилар, аҳволни кўриб турибсизлар. Шу вазиятда бизга қандай ёрдам беришларингиз мумкин? – деб кутиб олибдилар мамлакат раҳбари Одил акани.

Одил ака Чингиз Айтматовнинг гапини айтибдилар.

– Жуда яхши таклиф бўлибди! – дебдилар у киши.– Ўшга боринглар, бошларига мусибат тушган оилаларга киринглар, кўнгил сўранглар, тасалли беринглар. Мен чегарада бўламан. Ёрдам керак бўлса, айтинглар. Айтматов келишига аэропортга чиқишга ҳаракат қиламан. Чиқолмасам, оқ йўл тилайман сизларга!…

Бу оқ фотиҳа катта мадад бўлиб, Одил ака, Пиримқул ака ва Чингиз ака биргалашиб Ўшга бориб, Юртбошимиз айтган кўп ишларни амалга оширишди. Бошига мусибат тушган оилаларда бўлиб, Қуръон тиловат қилиб, кўнгил сўраб, кўп оилаларнинг оғирини енгил қилишга уринишди. Эртасига Ўш телевидениеси орқали ҳар иккала халққа мурожаат қилиб, уларни осойишталикка, кечиримли бўлишга, яхшиликка чақиришди.

Мен Одил ака сафардан қайтгунларича жуда хавотирда ўтирдим. Шукр, эсон-омон қайтиб келдилар. Қизиқиб кўрган-кечирганларини суриштирдим.

– Ўш ёнғинини ўчиришда асосий ишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов амалга оширди. Агар Ислом Каримов матонат кўрсатмаганида, Ўш фожиаси нима билан тугаши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиш қийин. Ислом Абдуғаниевич энг нотинч паллада кечани – кеча, кундузни – кундуз демай, чегарада йиғилган халойиқ ичида юрди, уларни осойишталикка чақирди, тинчликка даъват этди. Беҳуда қон тўкилишининг олдини олди! – дегандилар Одил ака сафардан қайтганларидан кейин.

Юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизга Ватанимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етишимиз лозимлигини қайта-қайта таъкидлашни хоҳлардим. Ахир, мана шундай тинч ва осойишта юртга тўй-тантаналар ярашади, биз каби кексалар фарзандларимизнинг дуои жонини қилиб ўтирсак, ёшлар баркамоллик сари илдам одимлайдилар. Бундай ёруғ кунларнинг ҳар бир сониясига шукр қилишимиз керак.

Кўп ўтмай, Фарғона ва Ўш, Қўқон ва Пскент ёнғинлари ўчиб, осмонда офтоб чарақлади. Эл тинчиди.

«Тико»да саёҳат

Ёз кунларининг бирида Одил ака иш билан водийга отландилар.
«Хоним, сизни бирга олиб кетайми? Сайр этиб, кўрмаганларингизни кўриб келасиз»,– дедилар.
Бироқ ёзнинг иссиқ кунида олис йўлга чиқишга хоҳишим йўқ эди. Уларга оқ йўл тиладим.
Эртаси куни эрталаб икки киши «Тико»да келиб, Одил акани олиб кетишди. Уч кун деганда сафардан қайтдилар.

Йўлдан келганларида дарров юз-қўлларини ювиб, чой ичар-ичмас ўринга чўзиладиган одам чарчоқ нималигини билмасдилар. Иссиққина чой дамлашни буюрдилар. Чойни пиёлага қуйиб узатиб улгурмасимдан ҳикояларини бошлаб юбордилар:

– Эҳ, хоним, шундай сафардан қуруқ қолдингиз-а! Мен айтай, сиз жон қулоғингиз билан эшитинг. Йўл азоби – гўр азоби, деган гаплар эскириб қолган шекилли. Йўлда на зерикдик, на чарчадик. Довондаги қурилишнинг ҳайбатини кўриб, рости, ҳайратга тушдик. Одамзод – бамисоли чумоли! Лекин одамдан ҳам техника кўп. Моторлар гувуллаши осмону фалакка ўрлайди. Қулатилаётган қояларнинг тоғу тошга урилиб берган акс-садосидан қорли тоғлар ларзон-ларзон. Биз аввал тош ва цемент ташиётган «Камаз»лар, тоғу тошларни суриб, йўлни кенгайтираётган грейдер ва бульдозерларни битта-битта санай бошладик. Бироқ кўпга бормай чалғиб кетдик.

– Вой, шунча қурилиш кетаётган бўлса ҳам йўллар очиқ эканми? – сўрайман ҳайратимни яширолмай.

– Э, шошмай туринг, хоним. Лекин гап фақат бу қурилишда эмас. Биз чопқир тойчоғимизда қушдай учиб борар эканмиз, яна бир нарсадан ҳайратга тушдик. Ҳануз қурилиш кетаётган катта йўлнинг қалтис бурилишлари-ю пасту баландини писанд қилмай бир-бирини қувиб, ғизиллаб ўтаётган енгил машиналарнинг чамамда саксон фоизи Асаканинг «Нексия»си-ю «Тико»си, халқ эркалаб «Бўлка нон» деган «Дамас» машиналари эди. Уларнинг олдида «Жигули», «Москвич», ҳатто «Газ-31» ҳам қандайдир ҳориб-толиб қолган отларни эслатади.

– Янги машиналарнинг ичида «Нексия»ни яхши, дейишади-я. Ўзиям бирам чиройли…

– Тўғри, «Нексия»ни камситмоқчи эмасман, яхши машина, учқур машина. У илдамлаганда худди боболаримиз минган машҳур тулпорлардек «майин» чопади. Аммо «Тико!»… «Тико» роҳатижон бир улов экан. У учқур тойчоқ эмас, миттигина мўъжаз қушча экан. Бу қушчамиз «Газ-31» у ёқда турсин, ҳатто «Мерседес»ни ҳам қувиб ўтиб, бор-йўғи уч ярим соатда Қўқонга кириб борди. Мана чарчоқ нималигини билмай, уйга ҳам етиб келдим. Бу жажжи қушчанинг манглайидан ўпиб олгим келди. Насиб қилса, бу кўрганларимни батафсил ёзаман. Ўшанда бундан ҳам кўпроқ қойил қоласиз, хоним. Ҳафсаласизлигингиз учун мана шундай неъматларни кўришдан бебаҳра қолдингиз. Майли, хафа бўлманг, вақти келса, сизни ҳам олиб бораман ўша томонларга, – дедилар.

Одил аканинг ҳикояларини мириқиб тингладим. «Тико»даги саёҳатдан қолиб кетганимдан афсусландим.

Одил ака, ният қилганларидек, мустақил мамлакатимизнинг миллий матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Бир муддат ўтиб, турли йилларда ёзилган ҳикоялар, қиссалар, драмалар, этюд ва мақолалар жамланган «Қайдасан, Морико?» деб номланган сайланма китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Китобдан мустақиллик йилларида ёзилган «Қашқадарё гурунглари», «Замонамиз қаҳрамонлари», «Посбон ҳамюртларим», «Истиқлол боғининг ширин мевалари» сингари ўткир публицистик мақолалар ҳам ўрин олди. Бу мақолаларда асосан мустақиллик йилларида бўлаётган ўзгаришлар, Президентимизнинг ташаббуси билан барча соҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари фахр ва ифтихор туйғулари билан тасвир ва таъриф этилди. Бу китобни қўлимга олсам, Одил аканинг «Тико»даги саёҳатдан қайтган пайтларидаги ҳис-ҳаяжонлари менинг вужудимни ҳам қамраб олгандек бўлади.

Улуғ мукофот

Мустақиллик – ўзбек халқиннг азалий орзуси, эрк ва ҳуррият йўлида жабру жафо чеккан улуғ аждодларимизнинг армони эди. Одил ака мамлакатимизнинг мустақилликка эришганини кўриб, нафақат шу эрксевар аждодларимиз, балки ўзларининг ҳам орзу-армонлари ушалганидан ғоят хурсанд бўлдилар. Мустақиллик офтобининг улар ҳаёт пайтида порлаб юборганига минг бора шукроналар айтдилар. Не-не юртдошларимиз бундай улуғ неъматнинг таъмини тотмай ўтиб кетганларидан афсус ва надоматлар чекдилар. Юртимизда амалга оширилаётган маънавият ва маърифат, адабиёт ва санъат йўналишидаги улкан ишларни, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ва давлат сиёсати даражасига кўтарилган юмушларни, қўйинг-чи, барча соҳалардаги ютуқларни кўриб, беҳад қувондилар. «Мен каби ўсмирлик даври уруш йилларига тўғри келган инсон учун бундай тарихий ўзгаришларни кўриш – улкан бахт. Фарзандларимизни, айниқса, набираларимиз, умуман, ўзбек халқини Худо ярлақаган экан. Бундай юрт қаерда ҳам бор, дейсиз, онаси», – деган гапларни тез-тез айтардилар.

Мустақиллик байрамларининг бири арафасида бир шогирдлари қўнғироқ қилиб, Одил аканинг меҳнатларини эътироф этилгани ва «Эл-юрт ҳурма-ти» орденига сазовор бўлганларини айтиб табриклади. Бу хабарни сокинлик билан қабул қилган Одил ака бир муддат хаёлга толдилар. Инсон одатда эъти-рофга, ҳурматга сазовор бўлиб, қутлов сўзларини эшитса, негадир хаёлига яхши кунлар эмас, кўп ҳолларда қийинчиликлар, камситилган вақтлари келади. Ўша онларда у кишининг ҳам кўз ўнгида минг бир қийинчилик билан ўтган ўсмирлик даврлари, Гоби чўлларидаги сарсон-саргардонликлари, «Пахта иши» ёки «Ўзбеклар иши» бўйича ноҳақ айбланган юртдошларимизнинг фожиали тақдири, мустақиллик арафасида Москвада ўтган серташвиш қурултой, Ўш, Ўзган, Фарғонада бўлиб ўтган қирғинбаротлар-у бошқа ташвишли кунлар гавдаланган бўлса ажаб эмас. Мен Одил аканинг бир нуқтага қараб тик туриб қолганларини кўриб, сиҳат-саломатликларидан хавотир ола бошладим.

– Табриклайман, отаси! – дедим Одил акани хаёлот денгизидан чиқариб олиш мақсадида. – Тузукмисиз?

– Яхшиман, хоним. Жуда ҳам яхшиман. Биласиз-ку, бу бошим қанчадан-қанча қийинчиликлар, ташвишларни кўрган. Бу сочлар бекорга оқариб, тик қаддимиз бежиз дол бўлмаган. Худо берган неъматнинг энг бетакрори сен билан фарзандларим бўлса, энг улуғ мукофот ҳукумат томонидан мана шу эътироф этилишимдир. Хаёл суриб қолганимдан ваҳимага тушма. Бу, Юртбошимизнинг, ўзбек халқининг меҳнатимга, ижодий фаолиятимга берган баҳосидан туғилган ҳаяжондир. Мустақил Ватаннинг юксак мукофотига сазовор бўлиш бахти нима эканлигини шу ёшимда, эндигина чуқур ҳис қилаяпман. Бу мукофот аслида сизга берилиши керак эди, – дедилар-да, мен сари бир одим ташлаб юзимдан ўпиб қўйдилар.

Барака топкур Илмира

Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафаси. Июль ойининг ўрталарида қўққисдан телефон жи-ринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, бир ёш йигит одоб билан салом бериб, Искандарни сўради. Чақи-риб бердим. Кўнглим бир нарсани сезгандек ўша ерда тик туриб қолдим. Искандар ҳалиги йигит билан гаплашиб бўлиб, гўшакни жойига қўйгач, суҳбат мазмунини айтиб берди:

– Телевидениедан қўнғироқ қилишди. Эшқобил экан. Одил ака ҳақида кўрсатув қилмоқчимиз, деди. Мустақиликка бағишланаркан. Машҳур халқ артисти уйимизга келиб, отамнинг монологларини ўқиб бераркан. «Тасвирлар уйингизда, отангизнинг ижодхонасида олиниши керак», деяпти.

Ўғлим гапираяпти-ю, менинг хаёлим қаерлардадир учиб юрипти. Ҳа, Мустақиллик… Не-не адибларимиз бу кунларни кўрмай, мустабид тузумнинг қурбонлари бўлиб кетишди. Оллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин! Буни қарангки, Одил акага мустақиллигимизнинг ўн саккиз йилини кўриш насиб қилди. Истиқлол самараларини баралла куйладилар. Юртбошимиз билан бир неча бор сафарларда бўлиш шарафига муяссар бўлдилар. Мустақил Ватанимизнинг олий мукофотлари билан тақдирландилар… Искандар:

– Ҳа, тинчликми, аҳволингиз яхшими, ойижон? – деб елкамдан қучоқламаганда, билмадим, хаёл мени қанча вақт ўзининг дашту саҳроларида сайру саёҳат қилдирган бўларди.

– Тинчлик! Тинчлик, болам. Ҳа… яхши… Раҳмат!.. Чарчамаган бўлсанг, телевизорчиларга ёрдам бериб турарсан, – дедим.

Очиғини айтсам, шунга ўхшаш қўнғироқларнинг Одил ака вафотидан кейин учинчи ёки тўртинчи марта бўлиши эди. Эшқобилгача дона-дона гапирадиган, лекин мулойимгина журналист қиз келган. Ундан аввалроқ ана шундай товушда яна бир қиз… Мени гапиришга бермайди. Ҳаммаларида талаб битта: ижодхона. Тасвир фақат ўша ерда олиниши керак. Савол ҳам бир хил:

– Стол-стуллари, курсилари қандай бўлса, шундай турибдими? Қоғоз-қаламлари, қўзёмалари, девордаги суратлар ўз жойидами? Кийимлари, дўппилари-чи?

Хуллас, ёзувчининг нафаси уриб туриши керак! Бу нарсалар кўрсатувнинг таъсирли чиқишини таъминлайди…

– Энди мениям тингланг, Эшқобил ўғлим ва мен исмларини сўраб олмаган ширинтой қизларим. Сизларнинг ниятларингизни ниҳоятда қадрлайман. Раҳ-мат сизларга! Сезиб турибман, «ёзувчи» деганда, унинг ижодхонаси, аввало бирор-бир ёнғоқ дарахтидан ишланган, қирралари ялтироқ, ўртаси яшил мато билан қопланган стол, шунга мос уч-тўртта курси кўз олдингизга келади. Стол устида бир томонда лагани тескари ўгирилган шишали симчироқ, яна бир томонда қаламдон, кулдон-у сиёҳдон, қуш патидан ясалган қалам. Деворда мўйқаламда ишланган қайси бир классикнинг суратидан тортиб дуторгача осиғлиқ. Стол устида қораланган қоғозлар-у, шинамгина ойнабанд қопламада суюкли рафиқасининг оқ-қора сурати, бошқаларида невара-эвараларнинг рангли суратлари…

Тўғрисини айтсам, Одил аканинг махсус ижодхоналари бўлмаган. Телевидениедан суратга олишга келишармиш, дейишса, шошиб қолардик. Уйимизда бир неча бор кўрсатув тайёрлаган тележурналист Илмира Раҳматуллаева бу оддийликни кўриб, ҳайратга тушган. Кўрсатувни барибир тайёрлаш керак эмасми, ўта фаросатли Илмирахоннинг ўзлари чаққонлик билан енг шимариб, бирор-бир хонада ёки ҳовлининг ўзида бир лаҳзалик бўлса ҳам ижодхона руҳи уфуриб турадиган саҳна уюштириб, операторларни ишга тушириб юборарди. Барака топсин ўша қиз…

Қарноқ таассуротлари

Олис Туркистоннинг Қарноқ қишлоғи. Қишлоқнинг кунботар томонидаги Сой Бойсун, Зомин, Бахмал тоғлари-ю, яйловларини эслатади. Сой маҳалласининг марказида эски уйимиз бўларди. Катта боғнинг ўртасидаги шинамгина бу уй 1940-йилларнинг охирида қурилган. Уй лой пахсадан қурилган бўлиб, уни иккаласининг ҳам исми Марям бўлган аммаларимиз кўтаришган. Одил аканинг тўққиз-ўн яшар суюкли жиянлари Марат ака лойнинг сув-сомонини ташиб турган. Ойимиз бу ишларга бош-қош бўлиб, сўнгра уйнинг чироғини ёқиб ўтирганлар. Эшикдан кирганда даҳлиз, унинг чап томонида бир хона, ўнгда эса ошхона бўлган. Бу даҳлиз бўйига бор-йўғи тўрт метр бўлиб, қарама-қарши иккита эшиги бор. Уларни очиб қўйган одам бемалол катта боғнинг олди ва орқа томонларини кўриб ўтирарди. Уйнинг атрофига дид билан райҳону картишкагуллар экилган. Улардан майин хид уфуриб турарди. Шомдан аввал ҳовлига сув сепиб супуриларди. Ҳовлига иккита кийгиз тўшалади. Кийгизнинг афзаллиги шундаки, унга ҳашорат яқинлашмайди. Шу ерда чой ичилиб, овқат ейилади. Шомда қирдан пода қайтади. Болалар боғимизнинг сойга туташган этагига югуриб қолишади. Атрофда чанг ва тезак ҳиди бурқсиб кетади. Сон-саноқсиз сигир-бузоқларнинг мўърашлари-ю, қўраларга ҳайдалган қўй-эчкиларнинг маърашларини завқ билан томоша қилишади. Шу вақтда қаердадир тандирдан эндигина узилган ноннинг хушбўй ҳиди димоққа урилади.

Қандай ажойиб манзара-я! Тўғрими? Болажонлар шатак[1] отмай кўришсин-чи? Момоларимиз гардиши пиёланикидан ҳам кичикроқ кулча нонларни «катта» нонларга қўшиб тандирга ёпиб қўйишган. Ундан узиш вақтини билган болалар чопқиллаб тандир бошига келишади. Энг кичик кулча – биринчи бўлиб етиб келганга! Болалар кулчаларнинг энг кичигини олиш учун роса талашишади. Қўлни куйдирадиган бу кулчаларни ариқларда оқизиб ейишади. Бундан ортиқ лаззат борми бу дунёда? Болаларнинг кулча талашганларини кузатиб туриб завқланиб кетасан киши. Шундай бўлса ҳам ҳашаки пўписа қиламан:

– Ҳой! Талашманглар. Йиқиласизлар, эҳтиёт бўлинглар!

Тунлари кийгиз устига етти-саккизта болага қаторлаштириб кўрпа ёямиз. Каттароқлари бир оз пичир-пичир қилишади, кичиклари бир пасда «пиш-пиш» қилиб хаёл оғушида ухлаб қолишади.

Юқори боғимизнинг ўқариқдан келадиган сув ўзанининг ярми пастаккина уйимиз пешида тўсилган бўлиб, унинг учта гардишини айланади-да, пастки боғимизнинг катта ариғига қўшилиб кетади. Болалар ухлаб қолгач, секингина сувнинг бўйига чиқамиз. Шаҳардаги югур-югурдан анча толиққанмасмизми, бу сокинликдан дилимиз ором олади. Агар мен гап бошламасам, Одил ака сувга термулганларича соатлаб хаёл суриб ўтиришлари мумкин. Секингина биқинларини туртиб, гап бошлайман:

– Нималарни ўйлаб қолдингиз?

– Болалик – энг беғубор, бетакрор дамлар-да. Яқиндагина бу ариқ кўзимизга жуда катта бўлиб кўринарди, унда чўмилиб мазза қилардик. Қара, аслида кичкинагина экан. Кун бўйи болаларни кузатдим, бирам яйрашди-ей… Кўриб, ўзимнинг беғубор дамларимни қўмсаб кетдим.

Одил ака қўлларига дарахтнинг кичкинагина новдасини синдириб олиб, уни қўлларида тутганча болалик хотираларини сўзлаб берганлар. Қарноқ мактабидаги биринчи адабиёт ўқитувчилари Маматамин Маҳмудов[2], Сулаймон Амиров[3] ҳақида завқланиб га- пирдилар. Қишлоқдаги дўстлари Олимжон ака, Хай-рулла ака, Абдухалил ака, абдуҳошим ака, Одил ака Азизов, жиянлари Абдуманоп ака, Аҳмаджон, Абдужалил, Абдураҳим, Темур, Каримжонларни жуда қадрлар эдилар. Бу хотираларнинг кўпи «Эр бошига иш тушса» романи орқали ўқувчиларга таниш.

Ойимнинг уйларига қўшнилар, қариндош-уруғлар бетиним кириб-чиқиб туришар, дастурхон атрофига йиғилиб олиб, суҳбат қуришарди. Тошкентдан меҳмон келгани овоза бўлгач, эшикдан кирганлар сони янада ортарди. Дастурхон эртадан кечгача очиқ, патнисда доим қуртоб, туршак, майиз. Ошхоналаридаги эски абдрада (сандиқ)ларида тузланган гўштлар. Меҳмон келди дегунча дарров уни олиб, овқат пиширишарди. Биз борган кунимиз Ҳилват тоғамиз[4] келади. У киши шоп мўйлов, урушда олган жароҳат туфайли оқсоқланиб юрардилар. Жуда ювош одам. Кителларидаги биттаю-битта орденлари ҳеч ечилмаган. Тоғам одатда қишлоқнинг кунчиқар томонидаги қирлиқдан эшакда тушиб келарди. Болаларни қучоғига олиб, ўпиб, сўнг биттадан қурт бериб, эшагининг айилини бўшатарди-да, нўхтасидан тортиб толга бойлаб қўярди. Уларга қарата:

– Минманглар! Йиқилиб, майиб бўласизлар. Эшитдиларингми? – деганча уйга кирардилар.

Эшак боғланган тол билан уйимиз ораси фақат баланд овоз билан қичқирганда эшитиладиган ерда. Болалар томошасини энди кўринг! Бир этак болалар бизнинг «қўй-қўйимизга» қулоқ осишмайди.

Тоға қишлоқ шевасида койинади:

– Башларинг қурсин силаринг. Этдимғу, минманглар, деб.

Иккинчи томондан, бувим ҳам ўз шевасида норози бўлади:

– Ҳа-ай асасўқлар[5]. Қуласанглар Адилға ни дейма!

Хуллас, болалар ҳар томонга тум-тарақай қочишгач, биз, катталар, дастурхон атрофидан жой оламиз.

«Маъқул» деган сўзни кўп ишлатадиган Ҳилват тоғам билан қайнонам ўртасидаги суҳбат мавзуси ўта жиддий ва сирли туюларди. Ҳар сафар суҳбат мавзуси Эгамберди ота[6]нинг тақдири ва Одил акани «эҳтиёт»лаш лозимлиги ҳақида бўларди. Нима бўлгандаям, мавзу шунга яқин бўлиб, бу суҳбатдаям, бошқасидаям роса «сан-ман»дан кейин қайнонамнинг гаплари «маъқулланиб», ютиб чиқардилар. Барча суҳбатлардаям қайнонамнинг гапларини ҳамма маъқулларди. Барча итоат қиларди у кишига.

Тақдиримиз мана шу қишлоқ, мана шу Сой билан боғланган. Одил аканинг илк асарларидан бошлаб сўнггисигача қайси бирини варақламанг, уларда ана шу табиат манзаралари – қир-адирлар, яйловлар, баъзан сокин, баъзан ҳайқириб оқадиган сувлар, тоғ-тошлар, болаликдан бир умр кўзларига муҳрланиб қолган Сой манзаралари маҳорат билан тасвирланган.

Эҳтимол, Одил ака Қарноқ қишлоғининг шу алдамчи ариқчалари олдида кечирган чуқур ўй-хаёллари келажакда уларнинг улкан адиб бўлишларида бир туртки бўлгандир!..

Қаттиққўл ва меҳрибон

Одил ака Абдулла Қаҳҳорнинг рус тилида нашр қилинган «Танланган асарлари»га ёзган сўзбошиларини «Строгая доброта» деб номлаган эдилар. Жуда ўринли топилган бу сарлавҳани ўзбекчага ўгиришга роса қийналдим. Аввал «Қаттиққўл меҳрибонлик», кейин «Талабчан яхшилик»… деган ифодалар билан ўгирмоқчи бўлдим. «Строгая доброта» маъносини англата оладиган турли сўзларни топдим. Лекин бирортаси Одил ака айтмоқчи бўлган маънони аниқ ифодалай олмаётгандек бўлди. Агар Абдулла Қаҳҳорнинг ёзувчи сифатидаги моҳиятини ифодалаган шу икки сўзни ўзбек тилига «Талабчан меҳрибонлик» деб ўгирсак, шундай талабчанлик ва меҳрибонлик Одил аканинг ўзларигаям, Холдор укаларигаям, волидалари бўлмиш Гулшан ойимизгаям ғоятда хос фазилатлар эди.

Одил ака оналари ҳақида кўп ва хўп ёзганлар. Мен ҳам келин сифатида ойижонимни жуда ҳурмат қилардим. Университетнинг биринчи курсини тугатибоқ турмуш қурган эмасмизми, онажоним ёш оиламизни йўлга қўйиш учун беқиёс даражада катта меҳнат қилганлар. Тўнғич ўғлимиз Муроджон бувисининг қучоғида катта бўлган. То мактабга чиққунча бувиси билан Қарноққа кетишар, қишда қайтиб келишарди. Бошқа фарзандларим ҳам ёзги таътил бошланиши биланоқ Қарноққа – суюкли бувижонисининг қучоғига отилишарди.

Меҳрибон ва қаттиққўл ойимизнинг турмушлари Қарноқ қишлоғида ўтган бўлиб, бир этак невара-чеваралар уларнинг тарбияларини олишган. Қишлоқда тонгдан шомгача меҳнат: болалар ўт ўради, ўтин ёради, сув ташийди, мол боқади. Вазифа тенг бўлинган. Ер ҳайдаб, картошка, карам, пиёз экишади. Ҳосилни йиғиштириб, қишлоқнинг Сой маҳалласидан юк йиғиб юрадиган машинага ортишади-да, Қарноқдан ўн уч чақирим наридаги Кентов шаҳрининг Деҳқон бозорида сотиб келишади. Даромад бувижонларига топширилади. Ўзига хос оилавий бизнес.

Албатта, невара-чевараларнинг озиқ-овқати, кир-

чири, тўс-тўполони чарчатар, лекин бувижонлари: «Олтмиш ёшдан кейин кўрган мағизларим», деб уларни суйгани-суйган эди. Баъзи қайноналарга ўхшаб: «Сенлар менга ташвишларингни юбориб, ўзларинг Тошкентда мазза қилиб келин-куёв бўлиб юрибсанлар», деб нолимасдилар.

Қишлоқдаги бир қариндошнинг ўғли урушдан рус аёлига уйланиб, боласи билан келган экан. Онаси рус келинни жуда ёмон қарши олган. Не ниятларда тўй қилишни орзулаган она «келгинди» келиндан нолигани-нолиган, келинни уришгани-уришган, ҳатто қўл кўтарар экан. Бу ҳолатни кўрган онажоним: «Агар ўғлим урушдан соғ-саломат келса, рус аёлга уйланса ҳам майли, боласи ҳовлимизда пилдираб юрса, жон дердим. Яратганга мингдан минг шукр қилардим», дер эканлар.

Онажоним уруш йилларида қўни-қўшни аёллар ёрдамида тиклаган ва бизнинг тўйимиз ўтган бошпана 1970-йилларга келиб чўкиб-нураб, яшаш учун хавфли бўлиб қолган эди. Одил ака: «Энди бу уйингизда яшаб бўлмайди, биратўла ҳамма кўч-кўронингизни олиб шаҳарга кетамиз», дея минг илтижо қилишларига қарамай, ойижон бутунлай шаҳарга келишни истамадилар. «Майли, шаҳарга ҳам бораман, лекин қишлоқдан узилиб кетгим йўқ. Менинг ўлик-тиригим шу қишлоқдошларим, тобуткашларим билан бирга», деб туриб олдилар. Уларнинг қистовлари ва саъй-ҳаракатлари билан эски уйнинг ўрнида олди айвонли, даҳлиз ва икки хонадан иборат шинам уй қурилди. Бу уй битганида ойижон жуда қувонган, ҳовлига тўшалган шолча устида ўтириб, Одил ака ва бошқа фарзандларини узоқ дуо қилгандилар. 1980 йилда онамизни ўша янги уйдан чин манзилларига кузатиб қўйдик. Ойижонимизнинг маъракаларига Тошкентдан жуда кўп ёзувчи дўст-ёрлар боришди.

Онамиз билан йигирма олти йил аҳил-иноқ яшадик. Муроджоннинг бош фарзанди ва чевараларини кўриш ҳам уларга насиб этди. «Ғишт хумдонда, келин қайнона қўлида пишади», деганларидек, мен ҳам ойижонимнинг панд-насиҳатларига амал қилиб дастлаб пазанда келинга, кейинчалик мулоҳазали қайнонага айландим.

Айниқса, хамирдан тайёрланган таомларини жуда мазали қилардилар. Ошхамирни қоришда кўпроқ ийласанг, қаттиқроқ қилсанг, эзилмасдан пишади, дердилар. Кўпинча: «Сенлар ёшсан, давлатнинг ишини қилавер, Одилга ёрдам бер, ошхонани менга қўй, кейинроқ ўзинг эплаштирарсан», дердилар.

Сал суви қочган нонларни ҳам увол қилмасдан жуда маззали нонқовурдоқ қилиб берардилар.

Уйда доимо самоварда чой қайнаб турарди. Ҳар куни тонгда қозонга иссиқ овқат осардилар. «Эшик қоққан одам сенинг овқатинг, нонинг учун эмас, меҳринг, эътиборинг, ҳурматинг учун келади. Қутлуғ уйдан уни қуруқ оғиз чиқариш яхши эмас. Дастурхонда нонинг, чойнакда чойинг тайёр турсин», дердилар.

Онамиз бағрикенг аёл эди. «Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин», деб ўргатардилар бизни. Улар борлиги учун ҳам уйимиздан файз-барака, қутлуғ қадам меҳмонлар аримасди.

Ойижоним

Биз онамнинг онасини «буви» эмас, «ойи» дердик. Тошкентда ёш оналарни «опа» дейишарди.

Мен ойижонимнинг ёнидан кетмасдим. Тикув машинасига ўтиришлари билан мато қийқимларини териб олиб, қўғирчоғимга «сеп» қилардим.

Катталарга мослаштирилган андозанинг жажжи нусхасини ўзим қирқиб, қўғирчоғимга мослаштириб тикардим-да, қилган ишимни ойимга кўрсатиб мақтанардим.

Ойижоним нозиккина, хушбичим аёл эдилар. У киши пазанда, қўли гул чевар, чаққон, тежамкор ва меҳмондўст аёл бўлиб, шу фазилатлари билан қўни-қўшниларнинг «холаси»га айлангандилар. Улар уйига меҳмон келди дегунча, албатта, ойижонимни чойга чақиришар, мабодо биронта қариндошларининг тўй-маъракасига борадиган бўлишса, ҳар доим ойимни судрашарди.

Ойижоним саводхон эдилар. Абдулла Қодирий қаттиқ тазйиққа учраган кезларда бувижонимнинг уйида «Ўткан кунлар»нинг араб алифбосида чоп этилган (Қозон босмаси дейишарди) илк нусхаси бор эди. Ойижоним бизга бу асарни бетакрор маҳорат, шоирона завқ билан ўқиб берар, китобнинг ҳар бир саҳифасини гул баргидай авайлаб варақлар эдилар. Мен ҳали ёш қизалоқ эканман, асар ниҳоясида Кумушнинг ўлганини эшитиб, худди ўзимнинг энг яхши кўрган келинойимдан ажраб қолгандай таъсирланганман.

Ўша оғир кунларда бу ноёб асарни кўз қорачиғидай асраб, биз, ёшларга маърифат улашган ойижонимнинг охирати обод бўлсин.

Ойижоним сабр-бардошли аёл бўлган. Оғир дардга чалиниб, томоғидан бир қултум сув ўтмай, қийналиб, тўшакка михланиб ётган вақтида ҳам кўргани келган қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларни дуои фотиҳа, панду насиҳат билан кузатиб қўярдилар.

Боя айтганимдек, ойим ҳамма ишга эпчил, уқувли бўлган. Сочим жуда қалин бўлганлиги боис ўзим эплаб таролмай йиғлаб юрардим. Шунда яна ойижоним жонимга ора кирарди. Олдин сочларимни 5–6га бўлиб, кейин оз-оздан чигалини туширардилар-да, сип-силлиқ қилиб ўриб қўярдилар.

Ўтган асрнинг 60-йилларида қиз-жувонлар орасида соч қирқиш урфга кирди. Бирор ёққа бирга бормоқчи бўлсак, қалин ва узун сочларимни турмаклашга анча вақт кетиши замонавий ёзувчи – Одил акага малол кела бошлади шекилли, шундай вақтларда:

– Сизнинг ўрнингизда бошқа аёл бўлса, аллақачон бу ташвишлардан халос бўлган бўларди, – дердилар.

Шундай пайтларда сочларимни кесаман деган фикр туғилса ҳам, ойижонимнинг: «Соч – қизнинг ҳусни», дея кунда сочларимни меҳр билан ўриб қўйишлари, меҳнатлари кўз олдимга келар ва худди ойижонимни хафа қилиб қўядигандек сочимни кесишга журъат қилолмасдим. Хуллас, Одил ака айтганларидай, «бошқа аёл» бўлолмадим. Лекин кейинчалик Одил аканинг ўзлари ҳам менинг бу қароримдан мамнун бўлганлар.

Одил ака бирон жойга борсалар, қайтишда менга, албатта, совға олиб келардилар. Айниқса, водий томонга борганларида, атлассиз қайтмасдилар ва: «Сочларингизни битта қилиб ўриб, атлас кийиб «лов-лов» ёниб юринг, хоним», деб қўярдилар. Мен «менинг қўлим эмас, чевар ойижонимнинг қўли», дея матони ўзимга мослаб бичиб, тикиб олардим.

Одил акам ойижонимни ўз оналаридан кам кўрмасдилар. Оғир дардга чалиниб, хаста ётганларида ўз касбининг фидойиси бўлган шифокорларни уйга таклиф қилиб, ойижонимни кўриб қўйишларини сўрардилар. Ойим ҳам: «Меҳрибон куёвимдан айланай, илоё, сизни Худонинг ўзи ёрлақасин», дея дуо қилардилар. Бувим вафот этганларида ҳам Одил акам ёлғиз ўғил бўлган тоғам билан ўғил ўрнида ёнма-ён турганлар.

Ҳаёт қувончлари

Янги турмуш қурганимизда оилавий шароитимиз ҳаминқадар эди. Инсон борига шукр қилиб, яхши ният билан олға интилса, ҳамма орзуларнинг ўз рўёбини топиши аниқ экан. «Шукр қилсанг етарсан муродга», деган гап бежиз айтилмаган. Мен бу гапнинг ҳақлигига ўзимнинг ҳаётим давомида амин бўлдим.

Юқорида қайта-қайта айтганимдек, ижара уйда бошланган оилавий ҳаётимиз аста-секинлик билан, қийинчилик билан изга тушди. Мен ҳар жиҳатдан Одил акани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим. Айрим аёлларга ўхшаб кунда яхши ейман, янги кияман, тўйга бораман, дея хархаша қилмасликка ҳаракат қилдим. Чунки ижодкор аҳлининг кўнгли жуда нозик бўлиши, арзимаган гинахонлик каттагина келишмовчиликка айланиб кетиши, кўнгиллари оғриши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен жуда ёш турмуш қурганим ёки Одил акани севиб ардоқлаганим са- баблими уларнинг фикр-ўйларини жуда тез илғаб олардим. Бизнинг ширингина оиламиз учун камтаргина рўзғорнинг ўзи кифоя қиларди.

Рўзғор учун чойнак-пиёла, гилам, радио, кейинчалик телевизор… каби ҳар бир буюмнинг сотиб олиниши бизнинг бир неча кун мобайнида шод-хуррамлик иқлимида яшашимизга сабаб бўларди. Ўша кунларда бу дунёда биздан бой-бадавлат, биздан бахтли оила йўқдек туюларди. Телевизор кўриш учун қўшниларникига чиқмаслик, энди хоҳлаган вақтимизда қулоғини бурасак, «ойнаи жаҳон»да хоҳлаган кўрсатувни томоша қилишимиз мумкинлигининг ўзиёқ кўнглимизга ҳузур ва ором бағишларди.

Ҳар бир буюм ўз тарихига эга: бири «Муқаддас»нинг, яна бири «Эр бошига иш тушса»нинг, бошқаси эса «Кўҳна дунё»нинг қалам ҳақига келганлигини айтиб, суюниб ўтирардик.

Ҳозирги ёшларимизнинг тўкин-сочинликда яшашларини кўриб кишининг ҳаваси келади. Турмуш қурган чоғларидаёқ ҳамма нарсалари бадастир. Ота-оналар фарзандларининг барча орзу-ҳавасларини муҳайё қилишади. Айниқса, 2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилаётганини кўрган киши қувонади. Ёш оилалар учун уй-жой қуриш, тадбиркорлик ишлари бошлаш учун эса давлатимиз томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитларни айтмайсизми? Тинч ва осойишта Ватан қўйнида, замонавий андозада қурилган, барча қулайликларга эга уй-жойларда бахтли ҳаёт кечираётган ёшларимиз Яратганга шукроналар айтишса арзийди. «Эгаси бор юртнинг эртаси бор»,– деб бежизга айтишмаган экан.

Бизнинг ёшлик хотираларимиз, оиламизнинг тинч-тотувлиги, фаровонлигини таъминлаш йўлида чеккан заҳматларимиз фарзандларимиз ва набираларимиз ва, умуман, ёш авлод учун сабоқ бўлишини, уларнинг бугунги тинч, осойишта, тўкин-сочин ҳаётнинг қадрига етишларини жуда-жуда истайман. Ўз навбатида, улар ҳам кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатга муносиб жавоб берсалар, оила аталмиш муқаддас қўрғонларини асраб-авайласалар, ота-оналарини, ёши улуғ қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари ва барча юртдошларини қадрласалар, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни асраб-авайласалар, турли номаъқул ишларга қўшилмай, эл-юртнинг обод ва фаровон бўлишига муносиб улуш қўшсалар, айни муддао бўларди.

Келинлар

Яхши кунларнинг бирида тўнғич ўғлимиз Муроджонни уйлантириш тараддудини кўра бошладик. Ўғлимиз ихтиёрни бизга берди. Келинликка ўзимиз билан бир маҳаллада истқомат қилувчи олижаноб бир инсоннинг қизини танладик. Бўлажак қудамиз маҳаллада обрў-эътиборли, 6 нафар фарзандни тарбиялаб, уларнинг тўйларини ҳам биздан олдин бошлаб юборган эди. Қуда-андаликни жуда зўр қувонч билан бошладик.

Тўй ҳовлимизда ўтди. Барча ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар ва кўпгина дўст-ёрлар ташриф буюрдилар. Одил аканинг ҳурмати учун тўйимизга меҳмон бўлган Ҳалима Носирова дилтортар қўшиқлар куйлаб, ёш қизларни рақсга тортдилар. (У даврлардаги тўйларда ҳозиргидек ҳамма ёш-яланг, қиз-жувонлар пала-партиш рақсга тушаверишмасди. Овоз кучайтиргичлар ҳам қулоқни қоматга келтирмасди).

Мен доим қизимиз бўлишини орзу қилардим. Ҳатто тўртинчи ўғлим туғилганида, унинг қиз бўлиб туғилмагани учун қўлимга олмай, бир соатдан зиёд йиғлаб ўтирганман. Уйимизга келин келиши билан ўша орзуим ушалгандек бўлди. Келинларим менга келин эмас, қиз бўлдилар.

Биронта тўйимиз ёзувчи ва шоирлар, адабиёт намояндаларининг иштирокисиз ўтмаган. Четдан қараганда, фарзандларимизнинг тўйлари катта адабий мушоирага ўхшаб кетарди. Бу мушоиралар тўйга ўзгача файз бағишларди.

Бошқа келинларимизни ҳам ўзимиз биладиган, борди-келди қиладиган, синалган кишиларнинг оилаларидан танладик. Худога шукр, барча келинларимиз солиҳа, меҳрибон, одамижон. Бугун ҳар бири ўз оиласининг бекасига айланган. Илоё, қўшганлари билан қўша қарисинлар.

0450Шукроналик

Мен тақдирим Одил акадай бағри дарё, диёнатли инсон билан боғланганидан жуда бахтиёрман. Ижодкор одам билан яшашнинг ўз қийинчиликлари, машаққатлари ҳам бисёр бўлса-да, Одил акам жўмард, ғурурли, ориятли, бир сўзли, ўз ўрнида қаттиққўл, талабчан, шунинг билан бирга меҳрибон инсон бўлганликлари учун бу машаққатларни енгиб ўтишда асло қийналмаганман. Энг асосийси, у киши ҳамиша кўнглимга қарар, фарзандларимизни жуда яхши кўрар эдилар. Ҳар бир фарзандимиз туғилганда териларига сиғмай қувонар, уларнинг бурро тили билан айтган сўзларини такрор-такрор қайтарардилар. Шунча иш, ижоддан ортиб фарзандларнинг таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берардилар. «Ҳар бир бола ўзгача бир хулқ-атворга эга шахс. Уларга ўз табиатларидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш лозим. Шундагина қилган меҳнатларимиз зое кетмайди. Ортимизда эл-юрт хизматига камарбаста, муносиб фарзандлар қолади. Бундай фарзандлар меҳр-муҳаббат, самимият, ўзаро ишонч бўлган мустаҳкам оилада камол топадилар. Бунинг учун биз, ота-оналар, уларга ўрнак бўлишимиз керак. Инсон ўзидан муносиб мерос, ғурурли, ориятли авлод қолдирсагина ўтган умри бекор бўлмайди», дер эдилар.

Ярим асрдан зиёд давом этган елкадошлигимизда бир-биримизга суянч, мадад бўлиб, жуда ширин ҳаёт кечирдик. Уларнинг хизмат сафарларидан юборган хатларини қайта-қайта ўқиб оттирган тонгларимдан, фарзандларимни бағримга босиб йўлларига қараб ўтказган кунларимдан мингдан минг розиман.

Бағрим отасининг келбатини, савлатини, ақл-идрокини кўз ўнгимда намоён этиб турган тўрт азамат ўғлим, қўша-қўша невара-чеваралар билан тўла.

Илоҳим, Одил акамнинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлгай.

[1]Шаталоқ маъносида. [2] Маматамин Маҳмудов – шоир Миртемирнинг яқин дўсти. [3] Сулаймон Амиров – Абдулҳамид Чўлпон, Мақсуд Шайхзода, Миртемирларнинг яқин дўсти. [4] Хилват тоға – Одил аканинг тоғаси. [5] Асасўқлар – эси йўқлар дегани. [6] Эгамберди ота – Одил аканинг отаси.

Manba’: “Dunyo o’zbeklari” sahifasi

LOTIN ALIFBOSIDA O’QING

Maryam aya Yoqubova — Xotiralar

043

(Tashriflar: umumiy 525, bugungi 2)

1 izoh

  1. Ёзувчи шон-шуҳратининг ярми унинг рафиқасига тегишли бўлади, деган фикрда жон бор, шекилли. Умуман, ижодкорнинг ижодда ютуқларга эришиши, ижод билан мунтазам шуғулланишида (бу айниқса эркакларга тегишли) оиладаги хотиржам муҳитнинг аҳамияти катта.Хотираларни ўқиб, «Кўҳна дунё»дек ажойиб роман муаллифининг ҳаёти ҳам асарларидек гўзал ва мазмунли кечганини англадим.Мақола учун раҳмат.(Гулноз)

Izoh qoldiring