Umarali Normatov. «O’tgan kunlar» va qo’rquv saltanati

041938
Эртаси куни қалтис савол берган курсдошимиз дарсда кўринмади. Тўрт йил дараксиз кетди. 1956 йил баҳор кунларининг бирида у Чорсудаги ётоқхонамизга эгнида фуфайка, оёғида кирза этик афтодаҳол ҳолда кириб келди. Нима кор-ҳол бўлганини биз ҳам сўрамадик, у ҳам айтмади. Орада қандайдир ҳадик, қўрқув ҳукм сурарди, гап гапга қовушмади.

052

Умарали Норматов
«ЎТКАН КУНЛАР» ВА ҚЎРҚУВ САЛТАНАТИ

ХХ аср ўзбек насрининг шоҳ асари «Ўткан кунлар» романи илк бор 1922 йили «Инқилоб» журнали саҳифалари орқали дунё юзини кўра бошлаган бўлса, ўша дақиқалардан эътиборан бу асарнинг деярли ҳар бир миллат зиёлиси, китобхони руҳияти, маънавиятига, қолаверса шахсий ҳаёти, тақдирига қандайдир дахлдорлиги бор.
1952 йилнинг кеч кузи. Ҳозирги Амир Темур ҳиёбони ёнгинасида жойлашган САГУ (бугунги Миллий университет) биносининг иккинчи қаватидаги катта ўқув залида «Адабиётшуносликка кириш» фанидан маъруза ўқилмоқда. Икки ярим ойлик пахта терими ҳашаридан қайтган, маърузаларни соғиниб қолган биз – филология факультетининг биринчи курс талабалари – 64 та жон бир тан бўлиб бутун вужудимиз қулоққа айланиб доцент Зикриё Мирҳожиев сўзларини тинглаб ўтирибмиз. Шу пайт бирдан бино қасир-қусур, деразалар шақир-шуқур бўлиб залда қий-чув кўтарилди. Мирҳожиевнинг қизиқ одати бўларди. Маъруза ўқиётганида доимо юриб, аудиториянинг у бошидан бу бошига бетиним кезиб юрарди. Ана шу тўс-тўпалон онларида ҳам домла одатини тарк этмай шитоб билан юришда давом этди. Шунда қизлар: «Домла, ер қимирлаяпти, зилзила бўляпти!» деб уввос солдилар. Домла эса парво қилмай юриб туриб: «Окўси, нима қилибди, ер бўлгандан кейин қимирлайди-да!» дедилар. Аудиторияда бирдан гуррос кулги кўтарилди ва шу орада ер силкиниши ҳам тинди.

Орадан бир ҳафта ўтиб яна «Адабиётшуносликка кириш» дарси, домланинг ўша-ўша шитоб билан юриб туриб маъруза ўқишлари… Бу галги дарс ўзгача тарзда тугади. Орамизда Самарқанднинг қайсидир туманидан келган Саримсоқов деган ниҳоятда кўп ўқиган, китоб жинниси бўларди. Исми хотирамдан кўтарилибди. Яқинда курсдошим Шерали Турдиевдан суриштирсам, у ҳам исмини эслолмади. Ҳар бир дарсда у албатта домлаларга қандайдир савол берар, кўпинча қалтис саволи билан мана мен деган профессорларни ҳам довдиратиб қўярди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Дарс охирида: «Жулқунбой деган ёзувчи ўтган экан, унинг «Ўткан кунлар» номли романи бор экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз» деб қолса бўладими! Шунда нима бўлди денг? Ҳамиша, ҳатто таҳликали зилзила пайтида ҳам бетиним юриб турадиган Мирҳожиев домламиз таққа тўхтаб, савол берган талабага анграйиб-бўзариб қарадилар. Бир неча дақиқалик сукутдан сўнг домла: «Окўси, комсомолмисан?» деб сўрадилар. Тасдиқ жавобини олгач: «Комсомол совет студенти давлат университети аудиториясида бунақа саволни бермайди, коммунист совет доценти бунақа провакацион саволга жавоб қайтармайди» деди қатъий қилиб. Ўқув залида ўтирган талабаларнинг дами ичига тушиб кетди.

Эртаси куни қалтис савол берган курсдошимиз дарсда кўринмади. Тўрт йил дараксиз кетди. 1956 йил баҳор кунларининг бирида у Чорсудаги ётоқхонамизга эгнида фуфайка, оёғида кирза этик афтодаҳол ҳолда кириб келди. Нима кор-ҳол бўлганини биз ҳам сўрамадик, у ҳам айтмади. Орада қандайдир ҳадик, қўрқув ҳукм сурарди, гап гапга қовушмади. Буни сезди шекилли хушламаган меҳмонимиз «Сафардан қишлоққа қайтишда сизларни бир кўриб ўтай дедим» дея тезгина хайрлашиб йўлга отланди. Ўтган тўрт йил давомида «Ўткан кунлар», «Жулқунбой» сўзларини тилга олиш тугул, ҳатто бу номларни эслашга ҳам қўрқардик. Гарчи тасодифий учрашувда бу номлар тилга олинмаган бўлса-да, бирданига улар хаёлимизни чулғаб олди. Бу пайтга келиб «халқ душманлари» саналмиш адиблар, жумладан, Қодирийга муносабат қисман ўзгара бошлаган, лекин барибир юртда қўрқув салтанати кезиб юрарди.

Хотира мақола Умарали Номатовнинг шахсий сайтидан олинди. 

(Tashriflar: umumiy 77, bugungi 1)

Izoh qoldiring