Umid Bekmuhammad. Cho’lponning o’ris xotini.

054
ХХ аср бошларида, хусусан, 1920-30 йилларда ҳам кўплаб ўзбек йигитларининг рус хотин-қизларига уйланиши учраб турарди. Жумладан, Чўлпон чиройли рус аёли билан турмуш қуриб, ҳаётининг маълум онларини завқли ўтказган.Рафиқаси Катя эса илҳом маликаси сифатида унда ижодий иштиёқ уйғотган.

044

Умид Бекмуҳаммад
ЧЎЛПОННИНГ ЎРИС ХОТИНИ

    “Бу фоний дунёда ўз хотинига хиёнат қилмаган эркак борми ўзи?”, “Ҳар қалай, бу хотин менга ҳеч нарса бермаганида ҳам розиман.Кўзимни тўсиб ётган пардаларни олиб ташлади-ку!”, “Тарбиясиз, онгсиз ва нодон мусулмон хотин билан тарбияли, маданий оврўпаликни солиштириб кўрасиз.Фарқ ер билан осмон қадар! Дарҳол билинади”. “Ярим кечада биз, икки телба таъқибдан қочган ўғридай Масков кўчаларида от қўйиб кетдик”. “ Мачитдан эр-хотин бўлиб, уйга қайтганимизда соат иккига яқинлашиб қолганди”…

Келтирилган ушбу иқтибослар—буюк миллатпарвар адиб Чўлпоннинг “ кеча ва кундуз” романидаги асосий қаҳрамонлардан бири—уддабурон Миёқубнинг турли вазиятларда айтган фикрлари.Маълумки, романда ХХ аср бошларидаги ишбилармон одамлар тоифасига мансуб Мирёқубнинг турли ҳолатлардаги ҳаёти ҳам ёритилган.Асар сўнгида унинг бир жадид йигит билан танишуви натижасида дунёқараши ўзгариши, Мирёқубнинг ўрис хотин—Марияга уйланиши ҳам акс этдирилган.

Мирёқуб-ку, Чўлпон тасвирлаган бадий қаҳрамон.Бироқ ХХ аср бошларида, хусусан, 1920-30 йилларда ҳам кўплаб ўзбек йигитларининг рус хотин-қизларига уйланиши учраб турарди. Жумладан, Чўлпон чиройли рус аёли билан турмуш қуриб, ҳаётининг маълум онларини завқли ўтказган.Рафиқаси Катя эса илҳом маликаси сифатида унда ижодий иштиёқ уйғотган.

Хўш, Чўлпоннинг ўрис хотини Катя ким ва унинг адиб қамоққа олинганидан кейинги ҳаёти қандай кечган?!
Асли андижонлик бўлган Абдулҳамид Сулаймон ўғли ўзига тўқ оила фарзанди бўлса-да, отаси таъсирида ижодга ҳавас руҳида тарбияланди. Қолаверса, 19 аср охири ва 20 аср бошларидаги ўлкада кечган вазият туфайли гоҳ Андижонда, гоҳ тошкентда, Бухорода ва Самарқандда ҳаёт кечирди, ижод, турмуш ташвишлари билан банд бўлди. У тақдир ришталарини маълум муддат Солиҳа исмли қиз билан боғлади.Дастлаб ширин турмуш кечира бошладилар.Солиҳа ҳам Абдулҳамиднинг элдоши бўлиб, Андижоннинг Чоргузаридан эди.

Абдулҳамид ижодкор инсон, қолаверса, тараққийпарвар, замонавий жадид зиёлиси сифатида Солиҳани ўз даврининг етук аёли қиёфасида кўришни истарди. Шу сабабли яхшигина дутор черта оладиган хотинига мусиқа мактабининг ёш муаллимини ёллаб, пианино чалишни ҳам ўргатишни ҳоҳлаб қолди. Бу воқеалар Чўлпон оиласи билан Самарқандда яшаётган, шаҳар республика пойтахти бўлиб турган даврда, Файзулла Хўжаевлар билан даврадош сифатида борди-келди қилаётган пайтларда юз берган.

1928-30 йилларда Чўлпон турли жойларга қатнаб турарди. Ана шундай сафарлардан биридан қайтгач, турфа гап-сўзларга учиб, Солиҳа билан орани очиқ қилди.
Шундан сўнг Солиҳа Чўлпон ва унинг отаси Сулаймонқул баззоз билан яхши муносабатда бўлган тошкентлик нуфузли савдогар Олимхон аканинг ҳузурига келиб, йиғлаганича вазиятни тушунтирди. Бу пайтда Чўлпон ҳам Самарқанддан Тошкентга ташриф буюриб, отасининг дўсти Олимхон билан учрашди. Олимхон унга насиҳат қилди, аммо шоир ажрашишга қарор қилганини айтди. Ажрашишга, турли гап-сўзларга Солиҳанинг пианино чалишни ўргатган мусиқа муаллими билан тушган сурати сабаб эди. Чўлпон ўша расмни Олимхон акага кўрсатар экан, энди оилани тиклаб бўлмаслигини айтди.

— Унда ё ўзингиз обориб эгаларига топшириб келасиз, ё кечираман, десангиз, бошқа никоҳ ўқиймиз,—деди Олимхон.

Ана шундан кейин ҳам оиланинг тикланмаслиги аниқ бўлгач, Олимхон Солиҳани извошга ўтқазиб, вокзалга олиб борди. Чўлпон ва Содир қори исмли андижонлик киши у ерга бошқа извошда йўл олдилар. Шу тахлит улар поездда, бошқа-бошқа купеда Андижонга жўнашган…

Чўлпон оиласи барбод бўлгач, Солиҳа билан бирга яшаган Самарқанд шаҳри, Қўшҳовуз маҳалласидаги 94-уйдан Москвага кўчиб кетди. Самарқандда юрган пайтида ёнма-ён қўшни бўлиб яшаган Абдуазиз Холмуҳаммедовнинг хотираларига кўра, Чўлпон унга қуйидагича хат ёзиб юборган: “ Абдуазиз ака! Биз Солиҳа билан ажрашдик.Юраклар бошқа, тилаклар бошқа, бутун-бутун ётлик ва бегоналик.мен эртага Москвага кетаётирман”.
Чўлпоннинг Москвага жўнашига биргина Солиҳа билан ажрашгани сабаб эмас эди. Негаки, 1927-30 йилларда унга миллатчи шоир тамғаси урилиб, таъқиблар уюштирилгани ва вақтинча ҳасадгўйлар кўзидан четда юришига тўғри келганди.

Шунингдек, биз ҳам ёстиқдоши Солиҳадан ажралишига фақатгина мусиқачи йигит билан тушган сурати сабаб бўлмаган, деган фикрдамиз. Чунки, ижодига ҳасад билан қараганлар унинг ҳаётига ҳам ёвқараш қилганлари аниқ. Гўзал Солиҳа билан ширин урмушини бузиш орқали ижодини йўққа чиқариш, тушкунлик ҳолатига солиш, турли ёлғон гап-сўзлар, миш-мишларни атайин тарқатиш ҳасадгўйларнинг душманларча зарбаси эди.Ижодкорга хос инжиқлик, гап-сўзга ишониш ва дастлабки фикрида қаътий қолишдек феъл-атвор Чўлпондек буюк адибда ҳам бор эди. Хуллас, у Солиҳа билан ажрашиб, Москвага йўл олди.

Гарчи Чўлпон Солиҳа билан ажрашса-да, уни унутолмади ва оиласини ҳасадгўй ғанимлар бузганини англаб етди.
1931 йилда Юнус Мақсудий Чўлпоннинг Москвадаги уйига ташриф буюрганида, у ерда уйланган рафиқаси Катя шоирнинг шеър дафтарини ўқиб ўтиришни таклиф қилади. Ўша дафтарда қуйидаги шеър ҳам бўлган:

Билдим энди, шунча берган ваъдалар ёлғон экан,
Кўнглимизни ўзгалар ўз кўнглиға олғон экан.

Мен кўнгил бердим, у ҳам менга кўнгил берди, десам,
Айрилиқ ўз ханжарин кўксимға ўқтолғон экан.

Ёш эканман, билмаганманваъдалари охирин,
Бевафоликка кишилар ўрганиб қолғон экан.

Оқибат, меҳру муҳаббат зарра таъсир этмади,
Шум рақиблар ёрни бешак йўлдан оздирғон экан.

Ушбу шеърни ўқиб,Юнус Мақсудий арзи ҳолдан иборат сатрларни кимга бағишлаб ёзганини сўрайди.
—Рафиқам Солиҳа билан Самарқандда яшар эдик. У мусиқа билим юртида ўқиди. Ғанимларимнинг сўзига кириб, мен билан ажрашди. Ўшанга ёзган эдим,—дея Чўлпон хўрсиниб қўяди.

Шоирнинг “ ғанимларимиз гапига кириб, мен билан ажрашди”, деб ўзини айбли ҳис қилганидан ҳам билса бўладики, Солиҳа Чўлпоннинг ёдидан ўчмаган. Хуллас, тақдири азал сабаб улар ажрашдилар.
Чўлпон эса Москвада бошқа бир гўзал аёл билан танишиб, унга уйланди.Маълумки, Чўлпон москвага 1931 йилда кетган. Файзулла Хўжаевнинг ёрдами билан собиқ иттифоқ халқ комиссарлари кенгашида таржимон бўлиб ишлаган.Ватанидаги ҳасадгўйлар қутқуси, таъқибидан ва оиласи барбод бўлганидан изтироб чекиб юрган шоир, Абдуллажон Тошмуҳаммедов деган таниши орқали 27 ёшли Екатерина билан дўстлашиб қолади. Бу дўстлик эса уларнинг оила қуришига олиб келди. Аёлнинг асл исм-шарифи Екатерина Ивановна Токарева бўлиб, 1904 йилнинг 23 ноябрида Петербургда туғилганди. Бироқ болалиги Киевда ўтган эди. Отаси чилангар бўлиб, ўз устахонасига эга эди. Катя ўн етти ёшга тўлгач, мустақил ҳаётга қадам қўйиб, турли жойларда ишлаган. 1928 йили эса ҳарбий учувчи Александр Анисимовга турмушга чиққанди. Аммо бир ярим йиллик ширин турмушдан сўнг, 1930 йилда эри автомобиль ҳалокатидан вафот этади.Чўлпон билан танишган 1931 йили эса Москвадаги тўқимачилик фабрикасида ишларди. Улар турмуш қуришгач, Москвадаги Мешчанлар кўчаси 115-уйда истиқомат қила бошлашди…

Катя Чўлпонни ҳам инсон, ҳам шоир сифатида ҳурмат қилар, унга барча шарт-шароитни яратиб беришга интиларди.Бу ҳақда таниқли ёзувчи В.Ян уларникига борганини шундай тасвирлаган эди: “оқшом чоғида ўзбек шоири Чўлпоннинг уйида бўлдим.У палов пишириб келди, паловни пирмусда тайёрлаш осон эмас.Чўлпоннинг ёшгина рус хотини (уни Катенька деб чақираркан) эски, ёмон жиҳозланган уйдаги кичик бир хонада Шарқ руҳини яратишга уринмоқда…”

Улар яшаётган Мешчанлар кўчасидаги уйнинг катта хонаси иккига бўлинган бўлиб, ярмида буюк ўзбек адиби, иккинчисида бир турк оиласи билан яшар эди.1931-35 Чўлпон ана шу торгина хонада яшаб, ижод қилган.Ўша даврдаги вазиятга кўра, хона фақирона тусда эди.Аммо Катянинг озодалиги, эрига шу жойда ҳам яхши шароит яратиб бериши, уни ардоқлаши боис адиб самарали ижод қилди. “Кеча ва кундуз” романини, лирик, ижтиомий мавзудаги шеърларини айнан Катя билан кечган завқли онлардан таъсирланиб ёзди.

1935 йилда Файзулла Хўжаев уни тошкентга таклиф қилгач, ватанини соғинган шоир юртига қайтди. Республика ҳукумати раҳбари унга қулай шарт-шароит яратиб беришга интилди. Аммо бу пайтга келиб, Файзулла Хўжаев боши устидаям қора булутлар айлана бошлаганди.Шу билан бирга Чўлпоннинг ҳам аҳволи оғир эди. У рус тилидан қилган таржималари эвазига яшар, ҳатто, эрталаблари олган сутнинг пулини ҳафталаб қайтаролмай юрарди. Боз устига, Чўлпонни қанд касали қийнарди. Шундай оғир вазиятда ҳам у билан бирга Тошкентга келган Катя қийинчиликларга чидади. Аммо ҳасадгўй, иғвогарлар қутқуси авж олиб, яна Чўлпонни миллатчиликда айблай бошлашди.Ниҳоят, 1937 йилда шўро қатағон машинаси эркин фикрли инсонларни ўз домига тортди.Хусусан, Чўлпонни ҳам.

Чўлпон билан анча яқин бўлган Юнус Мақсудий ўша оғир кунлардаги бир воқеани ўз хотираларида шундай келтирган:” 1937 йил эди. Қаиндошларни кўргани Москвадан Тошкентга келдим. Ўша куниёқ вокзалга яёв кетаётганимда Горький номидаги истироҳат боғи олдида Чўлпоннинг аёлини учратиб қолдим.Катянинг кўзи менга тушгач, холироқ жойдаги ўриндиққа бориб ўтирди.Мен бориб сўрашдим.У мендан:
—Акангнинг қамалганидан хабаринг борми?—деб сўради.
—Хабарим бор.Бироқ уйингга бориб, ҳолингни сўрашга ботинаолмадим,—дедим мен.
—Яхши қилгансан.Уйимизга борганларнинг ҳаммасини таъқибга олишаяпти.Ҳатто, бизга сут келтириб берадиган оддий аёлни ҳам олиб бориб сўроқ қилишибди.Хуллас, аканг туҳмат-бўҳтонлар балосига гирифтор бўлди.Мениям неча бор сўроққа чақиришди.Мен, эримга қўйилган айбларнинг барчаси ёлғон, уйдирма, унинг заррача айби йўқ, деб ҳақ гапни қайта-қайта такрорласам-да, ишонишмади.Чўлпон кечаси соат ўн иккиларда уйга қайтди, кайфияти жуда тушкун эди. Мен овқатини олдига қўйиб, дам олгани нариги хонага кириб кетдим.Бир ухлаб, тахминан кечаси соат уч-тўртларда уйғондим.У қўйиб кетган овқатимни ҳалигача емай, хаёл суриб ўтирган экан.Мен “ тинчликми?” дея сўрадим.У “ мени бир неча ёзувчию шоирлар тўғрисида уюштирилган уйдирма, айбларга гувоҳ тариқасида НКВДга чақиришган экан. “Фалончи-фалончилар ҳақидаги фикрларимизни қувватлаб, гувоҳлик берсангиз, сизни мудофаа қиламиз, ҳамма вақт озодликда бўласиз! Акс ҳолда устингиздан жиноий иш бошлашга тўғри келади.Сизни осмонга кўтариш ҳам, ерга киргизиб юбориш ҳам қўлимиздан келади”, дейишди.Мен, ҳатто, душманимни ҳам қоралаш учун сохта гувоҳлик беришдан ҳазар қиламан.Гуноҳсизларни нуоҳкор этиш менинг қўлимдан келмайди.Чунки, менда имон бор, менда виждон бор, дедим.”Майли, ихтиёр ўзингизда, биздан хафа бўлманг” деб мени бўшатиб юбордилар”, деди. Орадан уч кун ўтгач, Чўлпонни қамаб қўйишди.

Ҳақиқатан ҳам, 1937 йилнинг 17 июл куни Абдулҳамид Чўлпон ЎзССЖ ЖКнинг 66-1, 67- моддалари бўйича айбланиб, қамоққа олинади. Екатерина Ивановна Токарева( Сулаймонова) эрининг айбдор эмаслигини билар, буни терговчиларга ҳам баралла айтарди. Айниқса, Чўлпон қамалгач, уни “халқ душмани”нинг хотини сифатида Дзержинский кўчасидаги уйидан ҳайдаб, мол-мулкини мусодара этишади.Натижада, Катя Тошкентда уй-жойсиз, танишлариникида яшашга мажбур бўлади.Бироқ унинг озодликдаги ҳаёти узоққа чўзилмади.1937 йил 22 сентябрда Катя ҳам ҳибсга олинади. Екатеинани НКВД лейтенанти Триғулов тергов қилиб, ундан эри тўғрисида маълумотлар олишга интилади. Эътиборлиси шундаки, Чўлпон, Фитрат ва бошқа 1937 йилда қамалган миллатимиз фидойиларини ҳам айнан Триғулов сўроқ қилган.(Маълумот ўрнида: Нурлин Исҳоқович Триғулов—1907 йили Пенза губернияси Кузиско районидаги Делино қишлоғида туғилган.Ишчи оиласидан.Ўрта маълумотли.1925 йилдан 1939йилгача НКВД да шошилинч вазифалар бўйича вакил ёрдамчиси,Бухоро вилояти туманларидан бирида суд раиси,ЎзССР ИИХК да бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаб, “қатағон машинаси” нинг рулини бошқарган каслардан эди.Триғулов 1939 йил сентябрь ойида, “КЗОТ”( Меҳнат ҳақидаги қонун мажмуаси)нинг 47-моддаси, “в” бандига мувофиқ, НКВДдаги ишидан ҳайдалган.Миллат гулларини қийратган Триғулов ишдан четлатилса-да, 1956 йилларгача Чкалов номидаги 84-сон заводнинг 38-цехида бошлиқ муовини бўлиб ишлаб юраверган).
Табиийки, Триғулов Екатерина Ивановнадан эри, унинг танишлари тўғрисида сўраб-суриштиради.аммо Катя эрини нафақат ижодкор, балки қаътиятли инсон сифатида севгани учун Триғуловнинг саволларига Чўлпоннинг “ аксилинқилобий ишлари ҳақида менга ҳеч нарса маълум эмас”, дея жавоб беради. Айтиш мумкинки, 1930 йиллардаги ўша вазиятда нафақат танишлари, балки ўз эри тўғрисида ҳам маълумот берганларни эсласак, Екатерина эри Чўлпонга нисбатан садоқатли бўлган.Ана шу садоқати боис, 1937 йил 31 октябрда у “халқ душманининг аксилинқилобий ишларини яширгани ва уларда иштирок этгани “ учун айбланиб, 1939 йил 4 февралгача қамоқхона азобларини бошдан кечирган.

Бу пайтда “ халқ душмани” нинг хотини бўлгани, қолаверса, ўзи ҳам қамалиб чиққани туфайли Тошкентда унга хайриҳоҳлар топилмасди.Чўлпоннинг қариндошлариникига бориш ҳам хавфли эди.Бунинг устига,Ўзбекистонда бирор қариндош-уруғи йўқ. Шу сабабли у Киевга жўнаб кетишга мажбур бўлди.
Сталин вафот этиб, Қодирий, Чўлпонлар оқлангач, 1956 йиллардан сўнг Екатерина Ивановна Тошкентга келади. У Чўлпоннинг қўлёзмалари, мусодара этилган буюмларга қизиқиб кўради.Аммо худди 1937-39 йиллардаги каби бу сафар ҳам Катяга ҳеч ким хайриҳоҳлик билан қарамади.

Ана шундан сўнг Чўлпоннинг севимли ва садоқатли ёри Катя бу ерларга умуман қайтиб келмади.Бироқ Чўлпон билан кечган олти йиллик ҳаётини бир умр ёдидан чиқармади.
Хуллас, Солиҳа Сулаймонова ва Екатерина Токаревалар Чўлпон ҳаётида ижодий иштиёқ уйғотган “илҳом малика” лари сифатида тарихда қолишди.

054   Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб босишда муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт.

(Tashriflar: umumiy 100, bugungi 1)

1 izoh

  1. Cho’lpon rafiqasiga balogardon bulishni istamagan.Rus xotinga uylanish ham uni qutqarib qololmadi.

Izoh qoldiring