Uztoz Erkin Vohidov olamdan o’tdi

045     Атоқли ва ардоқли  шоир  Эркин Воҳидов узоқ хасталикдан сўнг   2016 йил 30 май куни кечга яқин вафот этди. Устознинг оила аъзолари, яқинларига ва мухлисларига ҳамдардлик билдирамиз. Яратган  раҳматига олсин, азиз устоз.Инна лиллаҳи ва илайҳи рожиъун.

045

065Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), драматург ва жамоат арбоби Воҳидов Эркин Воҳидович 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факултетини тугатган (1960). «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960-63; 1975-82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963-70), директор (1985-87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) бўлиб ишлаган.

Илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) асарларига кирган достон ва шеърларида замондошларимиз ҳаёти, қувонч-изтироблари тўғрисидаги ҳақиқат юксак самимият ва маҳорат билан тараннум этилган.

Тошкент зилзиласи воқеалари билан боғлиқ «Палаткада ёзилган достон» (1966)да халқнинг сабот-матонати, руҳий оламининг гўзаллиги, халқлар дўстлиги ифодаланган. «Ёшлик девони» (1969)да мумтоз адабиётининг энг яхши анъаналарини давом эттирди, кўҳна ғазалга янги, замонавий руҳ бағишлади. 70-йилларнинг охири — 80-йилларнинг бошида ҳаётда рўй берган ўзгаришлар, янгиланишлар шоирнинг «Тирик сайёралар» (1978), «Шарқий қирғоқ» (1982), «Бедорлик» (1985) каби тўпламларига кирган шеърларида ўз ифодасини топган.

Эркин Воҳидов шеъриятида 20-асрнинг 2-ярмининг маънавий муҳити бадиий таҳлил этилади. Унинг шеъри ҳаёт гўзаллиги маърифатини кашф қилиб боради. Зиддиятли, мураккаб дунёда инсоннинг асил ўрни ва яшамоқнинг асил маъно-мазмунини аниқлайди. Эркин Воҳидов шеъриятида инсон шуниси билан қимматлики, у ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан, қарама-қаршиликларидан, ҳаёт диалектикасидан асло кўз юммайди, юз ўгирмайди, балки шу тинимсиз ҳаракатдаги диалектика ичида ҳаёт оқимига, атроф муҳитга, ўзини қуршаган борлиққа дадил, матонат билан фаол таъсир кўрсатишга интилади. Шоирнинг шеъриятида даврнинг безовта, изловчан руҳи ўзига хос, такрорланмас образларда акс этади. Изтиробли ўйлар, ўткир публицистик руҳ, кескин кинояли оҳанг билан тўлиқ етук асарларида ўз даврининг адолатсиз тузумидан норозилик, ижтимоий турғунлик, эгасизлик, қулчилик, машъум якка ҳукмронлик ва маккорона кўринишдаги истибдод найрангларига қарши исёнкор ва туғёнли сўзини айтади. Миллатнинг уйғониши, ўзини таниши, маърифатли оламда бошқа илғор халқлар қаторидан ўз тарихий ўрнини топиши учун қайғуради. Озодлик, зиёлилик ва ҳақиқат Эркин Воҳидов ижодининг етакчи ғояларидир. Бу жиҳатдан Эркин Воҳидов Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Қодирий сингари маърифатпарварларнинг 60-йиллардаги ижодий давомчиси сифатида майдонга чиқди.

087Эркин Воҳидовнинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридандир. «Руҳлар исёни»да оташин бенгал шоири Назрул Ислом сиймоси орқали ватан озодлиги ва миллий истиқлол ғоялари тараннум этилган. «Ўзбегим» қасидаси (1968) коммунистик мустабид тузум даврида миллий уйғонишимизга баракали таъсир кўрсатди. «Донишқишлоқ латифалари» туркум шеърий асарлари социал сатиранинг ёрқин намунаси бўлиб, уларда халқчил Матмуса сиймоси орқали давр ва ҳаётнинг маълум бир ҳодисаларига ўткир кулгили, ҳажвий муносабат билдирилган.

Ўзбекистон миллий мустақилликни қўлга киритганидан сўнг мамлакатда бошланган маънавий-маърифий юксалиш даврида Эркин Воҳидов шеъриятининг аҳамияти янада ортиб, ёруғ келажакка ишонч, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган юксак маънавий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эркин Воҳидов драматург сифатида ҳам элга танилган («Олтин девор», 1969; «Истанбул фожиаси», 1985; ва б.). «Олтин девор» комедиясида турли комик ҳолатлар тасвирланади, инсон руҳиятининг турфа хил товланишлари енгил кулги қилинади, «Истанбул фожиаси»да асар қаҳрамонларининг қисмати даврнинг энг муҳим воқеалари — 2-жаҳон уруши, урушдан кейинги ижтимоий-маънавий ҳаётдаги ўзгаришлар, муаммолар билан боғлиқликда ёрқин ва таъсирли ифодаланган.

Эркин Воҳидовнинг «Шоиру шеъру шуур» (1987), «Изтироб» (1992) китобларига кирган мақолалари, суҳбатлари, мумтоз ва ҳозирги адабиётимиз намояндалари ижодини таҳлил этувчи тадқиқотлари ўзбек публицистикаси ва адабиётшунослиги ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов асарлари чет эл (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва б.) ҳамда қардош туркий халқлар тилларида («Олтин девор», «Сайланма», «Нидо» ва б.) нашр этилган. Асарлари («Олтин девор», «Истанбул фожиаси») Ҳамза театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган, «Олтин девор» комедияси Покистоннинг Лахор шаҳри театрида қўйилган.

Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990-95); 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.

Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983) эди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг саккиз китобдан таркиб топган “Тўла асарлар тўплами”нинг дастлабки тўрт китоби умрнинг тўрт фаслини ифода этувчи ижод намуналаридан иборат бўлиб, “Баҳор таровати”, “Ёз ҳарорати”, “Куз саховати”, “Қиш ҳаловати” деб номланди. Ушбу 4 та жилд шоир ҳаётлигида чоп этилган эди. Шунингдек, 2016 йили шоир ҳақида «Эркин Воҳидов замондошлари нигоҳида» тўплами ҳам нашр этилган эди.

ЭРКИН ВОҲИДОВ
СЎНГГИ ШЕЪРЛАРДАН

* * *
Дўстнинг ўлимига қандоқ кўнармиз?
Жон парчасин ерга қўшиб кўмармиз.
Айрила-айрила адо бўлгач жон
Дўстлар кетган юртга биз ҳам жўнармиз.

* * *
Беш маҳал дуога қўл очади чол:
– Оллоҳим, оз оғриқ, осон ўлим бер.
Ақрабо жонига тегмай жоним ол,
Йўлга қаратмасдан сўнгги йўлим бер.

* * *
Кимдир мени ёқтирмай қолса,
Ўчирилса исмим қатордан,
Не қайғум бор!
Номлар саналса,
“Ва бошқалар” ичида борман.

* * *
Элга фақат шодлик ҳадя этарман,
Ғамни ўзим билан олиб кетарман.
Айтсам, кўтаролмай ногоҳ заминнинг
Меҳвари узилиб кетса нетарман.

044

(Tashriflar: umumiy 309, bugungi 1)

4 izoh

  1. Мен ўлган кун дамо-дам чекмангиз ғам,
    Бу кунни мотам кун демангиз ҳам .
    Бу кун мотам эмас васлу –висолдир
    Висол куни йиғламак куфри уволдир .

    Жалолиддин Румий

    Устоз Эркин Воҳидовни хотирлаб

    Тугади куй охири ,
    Тугади дард,аламлар .
    Кетар элнинг шоири,
    Кетар ахли одамлар .

    Ким тушунди рўёни ,
    Кимдир у деб елгандай .
    Шоир эса дунёни ,
    Уйғотгани келгандай .

    Гоҳ шиддатли ,оҳ майин ,
    Битмаган достон эди .
    Ёмғирдай ёғиб майин ,
    <>’’эди.

    Энди осмон йироқлар ,
    Ғамгин тортиб борар ер .
    <>
    Умринг боқий бўлсин шеър .

    31.05.2016

  2. Бир ишик тақалди, әмди ечилмас,
    Бирюлтуз сақиди, қайта туғулмас.
    Әң гүзәл хатирләр униңдин қалди,
    Хатирләр сақлинар, һеч заман йоқалмас.

    Ятқан йери җәннәт болсун! амин.

Izoh qoldiring