Mikoyil Mushfiq. She’rlar.

011122
5 июн — Буюк азарбайжон шоири Микойил Мушфиқ таваллудининг 105 йиллиги.

Атоқли азарбайжон шоири Микойил Мушфиқ 1908 йил 5 июнда Бакуда туғилган. 1939 йилнинг 12 мартида советлар тузуми томонидан қатл этилган. Ўзининг қисқа ҳаёти ва фаолияти мобайнида яратган асарлари нафақат азарбайжон,балки умумтурк адабиётининг хазинасидан муносиб ўрин олган.

02 МИКОЙИЛ МУШФИҚ
ШЕЪРЛАР

ЯША,КЎНГИЛ!

Оҳ,бу узун савдо йўли
Қачон тушди бошга,кўнгил?!
Нишон олдим,камон отдим,
Тегди ўқим тошга,кўнгил!

Бир ўт тушди булутина,
Ёнди кўнгил ишқ ўтина,
Қолдинг ҳижрон умидина,
Айт,нетарсан,шиша кўнгил?

Тарлонсан,кўкдан энмассан,
Бу тупроқда севинмассан.
Мен кўнарам,сен кўнмассан,
Яша,кўнгил,яша,кўнгил!

СЕНИНГ КУЛИШЛАРИНГ

Қаршимда нозланиб яна кулурсан,
Билсанг кулгуларинг нимага ўхшар?
Мен десам ортиқдур,ўзинг билурсан –
Лола япроғида шабнамга ўхшар.

Сенинг кулгуларинг бир эпкин каби
Эсаркан,орзумда гуллар очилур.
Кулса дудоқларинг — юлдузлар каби
Руҳимга бир сарин нурлар сочилур.

Сўйла,гўзалларнинг дудоқларинда
Бу янгроқ кулгулар пинҳон тушмидур?
Сенинг ҳар қаҳқаҳанг — ой қанориндан
Кечган булутмидур,учган қушмидур?

Сенинг кулгуларинг ёз саҳариндан
Ҳиссимга,фикримга гўё ранг олур.
Кулгин! Шоирларинг кулишларингдан
Ўлишни билмаган бир оҳанг олур.

Сен кулар экансан бу шод кунимда,
Қаршимда очилур, жонланур баҳор.
Баъзан тушларимда,баъзан ўнгимда
Чақмоқларим чақар,тошади анҳор.

Жаҳонким,сўлмаган бир боғча-боғдур,
Бунда раво эрур кулгудан ўлмак!
Бечорадир,кимки қароқабоқдур,
Нақадар ярашар инсонга кулмак!

ИШҚИМ

Онасиз,отасиз Офелия каби
Сочлари паришон бир қиздир ишқим.
Қалбимнинг булутли самоларинда
Титраган бир ғариб юлдуздир ишқим.

Бир меҳр кутганча ул шан кўзлардан,
Буюк Тангри каби тушиб назардан,
Чеҳраси дилдаги харобалардан
Яна ғамли,яна ҳиссиздир ишқим.

Ҳаётга боқмаган дарбадар каби,
Ҳар бир ҳодисадан бехабар каби,
Ёт элларда қолган етимлар каби
Бошида минг савдо,тенгсиздир ишқим.

© Озарбайжончадан Хуршид Даврон томонидан табдил этилди

022

022

022

(Tashriflar: umumiy 52, bugungi 1)

Izoh qoldiring