Bayram Ali. Ikki maqola: Dunyoni kim qutqaradi?! & Umumbashariy dard

045     Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адиб ўзининг ҳар битта асарида миф, афсона ва ривоятлардан детал сифатида унумли фойдалана олади. Адибнинг қайси бир асари ҳақида гапирмайлик, ундаги бирор бир афсона ё ривоятни эсламасликнинг иложи йўқ.

Байрам АЛИ
ИККИ МАҚОЛА
04

«ДУНЁНИ КИМ ҚУТҚАРАДИ?!»
ёхуд улкан рамзларни ўзига сингдиролган кичик асар таҳлили

03«Чексиз кенглик қаршисида қайиқда ўтирган одамнинг ҳеч нарсага арзимаслигини чол яхши биларди. Лекин инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади…»

Дин инсониятнинг энг катта маънавий таянчи ҳисобланади. Бироқ охирзамон тушунчасини фақатгина динга боғлаб тушуниш шарт эмас фикримча. Ер юзида зулм, фахш ва ёвузлик мавжуд экан, инсоният тасаввурида дўзах ва қиёмат ҳақидаги қўрқув, қай бир кўринишда бўлмасин, мудом яшайверади. Фақатгина яшайверади эмас, балки дунё тубанлашгани сайин, башарият таназзули муқаррар эканлиги ҳақидаги ҳадик ҳам орта боради. Эҳтимол шунинг учундир, жаҳон адабиётининг асрлар оша унутилмасдан яшаб келаётган энг сара асарлари айнан мана шу ғояни ўз ичига сингдирган. Жумладан дунё миқиёсидаги улуғ адиб Чингиз Айтматов ҳам ўзининг “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” қиссасида “Оламни таназзулдан ким қутқаради?”, “Қандай қутқаради?”, “Инсоннинг ҳаёт олдидаги бурчи нималардан иборат?” каби умр боқий саволларга жавоб излаган, таъбир жоиз бўлса, ўз хулосавий фикрини айта олган.

Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адиб ўзининг ҳар битта асарида миф, афсона ва ривоятлардан детал сифатида унумли фойдалана олади. Адибнинг қайси бир асари ҳақида гапирмайлик, ундаги бирор бир афсона ё ривоятни эсламасликнинг иложи йўқ. “Қиёмат” романидаги бўрилар ёки монастирдаги қўшиқ ҳақидаги афсона, “Асрга татигулик кун”даги “Она байит” ёки “Қора нор” ривояти, “Қулаётган тоғлар” даги қайлиқлар ва ёки архарлар ҳақидаги афсоналар бунга етарлича мисол бўлиши мумкин. Адиб ўзининг бу услуби билан, бугунги маданият ва қадриятлар емирилиб, тоборо аҳлоқий таназзул ёқасига яқинлашаётган инсониятни халқ тилидаги қадимий афсона ҳамда ривоятлар асраб қолиши мумкин, демоқчи бўлгандай гуё… “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” асарида ҳам у ўзининг мана шу услубига содиқ қолган тарзда афсонани, янаям аниқроғи − Охота денгизи бўйида яшовчи кам сонли Нивих халқи оғзаки ижодида яшаб келаётган тюлен овловчилари билан боғлиқ кичик бир афсонани асос қилиб олади. Билишимча, асар шунинг учун нивхи халқи ёзувчиси Владимир Сангига боғишланган эди.

Аммо “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” Айтматовнинг бўлак асарларидан шу тарафи билан фарқланадики, адиб ўзининг бошқа асарларида ривоятлардан фабула − асарнинг фақат маълум бир қисми сифатидагина фойдаланса, мазкур қиссасини эса тўлалигича афсонанинг устига қурган.

Шу ерда мен Айтматовнинг ёзиш услубига хос бўлган иккита муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайман. Булардан биринчиси: аввало денгизда рўй берган воқеа оддий бир афсона эди, ёзувчи уни бадиий ҳақиқатга айлантириб, ҳаёт ҳақиқати даражасига кўтараяпти. Иккинчиси: адиб ушбу афсона асосида ўзи ҳам миф даражасидаги бир ривоят тўқиб, асар марғзига сингдириб юбораяптики, бу – “Кўк сичқонча” тўғрисидаги ривоятдир. Менимча, “Кўк сичқонча” ривояти ҳақида гапиришдан олдин, асар воқеаларини қисман шарҳлаб ўтмоқлик жоиз.

Ўқирман эсласа, асар Ўрхон бобо, Милхун, Эмрайин ҳамда ўспирин ёшига яқинлашаётган Кирискнинг туюлен овлаш учун денгизга чиқиши билан бошланади. Ойдинлаштириш лозим бўлса, Эмрайин Кирискнинг отаси, Милхун эса амакиси. Ўрхон бобо − овчилар жамоасининг бошлиғи ҳисобланиб, қариндошлик жиҳатидан уларга бегона. Бу ерда воқеаларнинг айнан денгизда рўй бериши, яъни одамзотнинг денгиз ва осмон орасидаги ҳаёт учун кураши тасвирланиши шубҳасиз рамзий албатта. Холбуки қиссанинг асосий ғояси ҳам, инсониятни йўқлик қарига ғарқ бўлишдан нима асраб қолиши, ҳамда бунинг учун инсон қандай усулда кураш олиб бориши кераклигини тушунтиришдан иборат эди. Шунга қарамай, биз инсон ва денгиз воқеасини рамзлаштирмасдан, оддий ҳаётий воқелик сифатида қабул қилган тақдиримзда ҳам, асар ўз зиммасига олган юкини бемалол оқлаган бўларди.

Муаллиф жуда кўп ўринларда Ўрхон бобонинг хаёлот оламига, ички кечинмаларига мурожаат этади. Асар бошроғида унинг ўзи кема ясаган дарахт билан гаплашгани келтириб ўтилса, ўртароғида Лувр ўрдак ҳақида, ундан сал қуйироқда Сув париси билан боғлиқ илоҳий хаёллари ҳақида айтилади. Унинг бундай илохий хаёллари эса, ўз-ўзидан бизнинг ёдимизга кема ясаб, дунёни ҳалокатдан асраб қолишга уринган Нух пайғамбар ривоятини эслатиб юборади…

Аслида Ўрхон бобони ҳар қандай тимсолнинг ўрнига қўйиб фикр юритмоқ мумкин. Диний жиҳатдан олиб қарамоқчи бўлсангиз, Ўрхон бобони хоҳ Муҳаммад алайҳссалом денг, хоҳ Исо алайҳссалом ва ёки Нуҳ алайҳссалом, ушбу ҳар битта тимсолга у ғоявийлиги билан барибир муштарак. Рост эмасми – кема бурон ҳалокатига учраб, йўловчилар жонини асраш учун қолган озигна сувдан ҳамма ичганида Ўрхон бобо ичмай ўзининг улушини Кирискка қолдиради. У нега шундай қилди? Ахир бола унга бир томчи қони қўшилган қариндош эмас эди-ку, Ўрхон бобони қандай масъулият бундай қилишга мажбур этолди?.. Агар яхшилаб эътибор қилсак, у бу ерда фақат сувдан ичмадигина эмас, балки ўз жасорати билан инсоннинг келажак авлоди олдидаги бурчини эсга солиб, Милхун ҳамда Эмрайинларнинг ҳам тасаввурини буткул ижобий томонга ўзгартириб юбораяпти. Ўшанда Ўрхон бобо ўз ризқидан кечиб Кирискка илинмасдан, ҳеч бўлмаганда оғиз ҳўллаганда эди, Милхун билан Эмрайин ҳам бу ишни қилмаган ва оқибатда инсониятнинг авлодлари олдидаги мангу бурчи бажарилмасадан қолган бўларди. Мана шу сифатлари билан Ўрхон бобо образи инсониятни ўзгартирадиган, башарият учун ўзини жавобгар ҳисоблаган ва охир оқибат дунёни ҳалокат асраб қолиши мумкин бўлган ўта буюк инсон тимсолидир. Лекин мен ҳали юқорида бу образни исталган тимсолнинг ўрнига қўйиб таҳлил қилмоқ мумкинлигини эътироф этиб ўтгандим. Бу сўзимнинг исботи улароқ, мободо Ўрхон бобони одам деб ҳисобламасдан, ўз фарзандлари учун ҳеч нарсасини аямайдиган, фарзандлари учун мудом ўзини қурбон қилиб келаётган Она Табиат, Борлиқ рамзи деб ҳисобласак ҳам, асар ғоясига оид ҳақиқатлар ўзгармасдан қоларди.

Мана ниҳоят асарнинг энг кулминацион нуқтаси, Кириск касал бўлиб иситмалаб қолганда онаси унга айтиб беран “Кўк сичқонча” ҳақидаги ривоятга ҳам етиб келдик. Ривоят тахминан шундай бошланарди: «Онаси ялиниб-ёлвориб, уни сув ичишдан тияр эди. Ташналикка чидасанг, касаллик сендан қочади, деб тушунтирарди.

−Чидагин, жон болам! – дерди у. – Ичингда “Кўк сичқонча, менга сув бер!..” деб тинмай қайтаравер. Сўрагин жоним, кўк сичқончадан сув сўра. У югуриб келади ва сенга сув беради… Фақат тинмасдан, чин дилдан сўра…»

Ўшанда иситма оташида ёнаётган Кириск онасининг айтганини қилиб, кўк сичқончани чақира бошлайди. Сидқи дилдан, комил ишонч билан “Кўк сичқонча, сувингдан бер.., кўк сичқонча, сувингдан бер…” деб тинмасдан ёлвора бошлайди. Ва мана шу усул билан ўз нафсини тийиб, бутун бир қийноқли кечани енгиб ўтади. Кейинчалик денгиздаги ташналикда ҳам онаси айтиб берган айнан ўша “Кўк сичқонча”нинг югуриб келиши ва унга сув беришига бўлган ишонч Крискнинг бардошига бардош қўшиб, уни омон сақлайди… Ўқирман эсга олса, шунга ўхшаган яна бир диний ривоят бор. Алқисса, ҳаж сафарига отланган тақводор бир одам йўлда чўпон кишининг чайласида тунаб қолибди. У саҳарда ибодат қилиш учун уйғонса, чўпон чайланинг бир бурчагига ўтириб олиб “Оқ қўйнинг калласи, қора қўйнинг калласи… Менам Худонинг умидвор бир бандаси!” деб номоз ўқиб ўтирган эмиш. Тақводор одамнинг бундан жуда жаҳли чиқибди. Чўпонни куфрда айблаб, шарта туриб унинг чайласини тарк этибди… Аммо у бир куни ҳаж зиёратига етиб, кабани тавоф қилаётган пайтда “Сен нега бир мўминнинг қалбидаги ихлосини сўндирдинг?” деб кўкдан вахий келган экан… Худди ўша чўпонда бўлганидай, “Кўк сичқонча” ҳам бу ерда Нивих халқининг эътиқоди тимсоли. Агар асар сюжетидан келиб чиқиб инсоният Осмон билан Денгиз, яъни Тириклик билан Ўлим ўртасида азалий кураш олиб боради ва уни олисларда Саодат Чўққиси денгиз қирғоғидаги “Олапар” мисоли чорлаб туради, деб билсак, инсон мана шу курашга бўлган куч ва бардошни, матонатни эътиқоддан олиши мумкин, ўз ичкарисида кечаётган жангларни фақат эътиқод билан бостириши мумкин, деб тушунмоқ ўринлидир. Лекин, ривоятнинг аҳамият бериш шарт бўлган яна бир қирраси бор. Асарда айтилаётган сичқонча оддий эмас, айнан Кўк сичқонча. Ҳар қалай, сичқончанинг Кўк эканига муаллиф алоҳида урғу бераяпти. Хўш, сиз Кўк сичқонча ҳақидаги ривоятни яна қаерда ўқиган эдингиз? Балки бу мақола бошроғида ҳам биз эслаб ўтган – дунёни ҳалокатдан қутқармоқчи бўлган Нуҳ пайғамбарнинг кемасини тешган ўша машҳур Кўк сичқончадир?! Ҳа, менимча шундай. Айтматов мана шу ўзи тўқиган миф-ривоят мисолида ўзи яратган парадокс билан, халқлар эътиқоди ўртасидаги чегарани ҳам бузиб юбораяапти, назаримда…

Шундай қилиб, шунча рамз ва символларни, шунча улкан ғояларни ўз ичига сиғдиролган мазкур асар “Дунёни ким қутқаради?”, “Қандай қутқаради?” каби умумбашарий саволларга хулосавий ечим билан якун топади. Бу хулоса шундан иборатки: Дунёни ўзгартириш учун бамбардимон урушлар олиб бориш ёки оламшумул инқилобларга ҳомийлик қилиш шарт эмас. Одам зотида биргина Ўрхон бобонинг жасорати бўлса бас, дунё ўзгаради, магарам ҳар битта инсоннинг авлодлари олдидаги мангу бурчи ҳам, аслида шудир…

2019

УМУМБАШАРИЙ ДАРД
ёхуд Назар Эшонқулнинг “Оғриқ лаззати” ҳикоясини ўқиб

Инсоннинг бутун ҳаёти тўрт босқичдан иборат: туғиладилар, яшайдилар, азбланадилар ва ўладилар!
Анатол Франс  -француз адиби

03 Адабиётнинг қучоғи катта, ҳиммати чексиз. Шу туфайли унинг эркатойига айланган, ҳимматидан баҳра олиб ўзига ўхшаган саноқсиз бошқа ёзарманлар каби уни ачомлаб ётган ижодкор зоти бисёр. Лекин вақт аталмиш олий ҳакам мавжуд экан бундай эркатойлар қачондир ўз самимияти, лаёқати улароқ баҳоланиб бирин-кетин саноқдан тушиб қолаверади. Буни яхши ҳис этгани учундир эҳтимол, ҳақиқий истеъдод адабиётнинг қучоғида эркаланиб-суйкаланишни хуш кўрмайди. Аксинча, у кўп йиллардан бери ўзгармас ва мустаҳкам деб тан олинган адабий мезонлару-қолипларни, бадиий тасаввур чегараларини парчалаган ҳолда адабиёт майдонга кириб келади, таъбир жоиз эса адабиётнинг ўзининг ҳам ақлини шошириб қўяди. Ўзбек адабиётнинг улкан адибларидан бири Назар Эшонқулни ҳам биз қўрқмасдан худди шундай − ўз нафаси, ўзбек адабиётиди ўз таъсир кўламига эга ёзувчи десак муболаға қилмаган бўламиз. Шу боисдан унинг ижод намуналари на миллий ва на замонавий характерга эга эмас, балки умуминсоний руҳ билан ёзилган бўлиб, умумбашарий дард ила суғорилгандир.

Менинг бу айтганларим оҳорли гап эмас, албатта. Бу гаплар мендан аввал ҳам қайсидир шаклда адабиётга нисбатан ҳам, Назар Эшонқул ижодига нисбатан ҳам қўлланилган ва ўқувчилар қулоғига етиб борган. Бас, шундай экан, мен бугун адиб Назар Эшонқулнинг адабиётимизда тутган ўрни ва бошқа ижод намуналарини бир ёққа сурган ҳолда, унинг ижодига бўлган муносабатимни биргина “Оғриқ лаззати” ҳикоясидан олган таассуротларим орқали баён қилишга ҳаракат қиламан.

Пружинасимон асос

Тезис нуқтаи назаридан олиб қаралганда “Оғриқ лаззати” ҳикояси пружинасимон асосга қурилганга ўхшайди. Бу пружинанинг ҳар битта ҳалқаси маъно ва мантиқий хулосалардан иборат. Энг таҳсинга сазовор томони шундаки: ўқувчи мутолаа қилиш жараёнида ҳалқадан ҳалқага ўтгани сайин ундаги маъно ва моҳият кенгаяди-ойдинлашади ва айни пайта эгилади ҳамда букилади. Мана шу сабабга кўра мазкур асарга ўнлаб ракурсаларда назар ташламоқ ва асарни ундан ҳам кўпроқ нуқтаи назардан туриб шарҳламоқ мумкин.

Шундай қилиб, мен асарга аввало “рамз”ларга асосланган тамаддун адабиёти нуқтаи назаридан нигоҳ ташлашни лозим топдим. Асарга бундай ҳолда нигоҳ ташланганда эса ундаги профессор ҳам, томошабин ҳам рамз ва тасвирланган оғриқнинг ўзи ҳам рамзий ифодадир. Чунки ҳар қандай жамият ва ҳар қандай тузум, истаймизми-йўқми, инсонни мана шундай азобга гирифтор этади. Ахир асримизгача бўлган даврда инсон тафаккурининг маҳсули бўлган ядровий қуроллар, инсоният уйштирган инқилобу-бардимонлар ҳаммаси ҳам одамзотни бутунлай ҳалокатга дучор қилишга, одамзотни махф этиб ер юзидан бутунлай супуриб ташлашга қаратилган эмасди. Бу ҳаракатлар бир қисм одамни ҳалокатга дучор этгани ҳолда яна бир қисм одамларга саодат улашиш учун эди. Бироқ бугунги кунда нафақат гуманитар фанлар, балки аниқ фанлар ҳам шуни тасдиқлайдики: кўпчилик ўйлаганидай дунё ва инсоният қисмлардан иборат эмас, аксинча у бир бутундир! Шунинг учун инсон тузум ва миллатларга бўлиниб, ўз манфаати йўлида ўйлаб топаётган ҳалокат воситаларининг қурбони инсониятнинг ўзи бўлиб қолаверади… Демак, асарда тасвирланган маҳкумлар − ўзининг ярасига ўзи тус сепиб, ўзини ўзи азоб-уқубатларга гирифтор қилаётган жамият; профессор – бу каби найрангларда асосий рол ўйнайдиган зиёлилар; томошабинлар – инсониятни қовуриб, бир-бирига гиж-гижлаб, ўз этини ўзи ейишга мажбур қилаётган айрим “йўлбошчи”, инқилабу-бамбардимонлар асосчилари, Камю таъбири билан айтганда “дунё ҳукмдорлари”дир. Асардаги тўртинчи маҳкум борасида эса, мен бу ерда муаллиф болшвеклар комунистик партиясини назарда тутмаяптимимкин, деган хаёлга бордим. Чунки партияалр қурилишида болшвеклар комунистик партияси тўртинчи ўринда тургани бизга маълум. Боз устига асардаги “…қадим паҳлавонлардек бахтиёр қиёфасини кўриб у айнан шу лаҳзани ҳеч қайси жаннатга алмаштирмайди уни ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси муқаддас китоб бу лаззатдан маҳрум эта олмайди деб ўйлардингиз” қабилидаги сўзлар, қолаверса тўртинчи маҳкум ўлим топгандан кейин ҳам бу заминда қолмай, ўзга бир заминда – лаззат оламида қолгани мени шундай ўйлашга мажбур этади. Ахир 72 йил ҳокимият тепасида турган комунистлар партиясининг асл башараси очилиб, ҳокимиятдан қулаганидан кейин ҳам бу партиянинг хайрихоҳлари ўз ғояларига бўлган маҳкумликдан кечмасдан, ўша тузим ва ўша жамиятни ёқлаб яшаб ўтганлари ҳеч кимга сир эмас…

Асарни мутолаа қилар эканман, ҳар бир жумла, ҳар битта ҳодисада муаллифнинг заҳарханда табассуми, гуё аслида йиғига айланиб отилиб чиқиши керак бўлган-у, аммо қорачиқларида бўзлов бўлиб қотиб қолган киноявий нигоҳи мени таъқиб эта борди. Тасаввуримда муаллифнинг бу заҳарханда, аччиқ кинояга йўғрилган нигоҳи бутун инсониятнинг асрлар оша яшаб келган шу бугунги ҳаётигача довур боқиб турганга ўхшарди. Ўзимча инсониятнинг ўз этини ўзи шилиб лаззат олаётганига, ўз-ўзини азоблашнинг янгидан янги усулларини ижод этаётганига ўтмиш ва бугундан таққослар ахтарар эканман, мен бамисоли саволлар гирдобига тушиб чирпирак бўлаётганга ўхшаб қолдим. Энг ачинарлиси шунда эдики, бу саволларга жавоб топишга қанчалик уринсам ўзим инсониятнинг қотили деб билган ёки аксинча ўзим инсониятнинг раҳнамоси деб ҳисоблаган айрим кишилар, керак бўлса ота-боболарим ҳақидаги тасаввурларим ҳам шунчалик ўзгариб борарди. Ҳа, асар мутолааси жараёнида кўнглимда туғилаётган бу савол ва иштибоҳларнинг тугал жавоби ё буткул қайта тирилмоқ ё батамом маънавий ўлим билан тенг эди, назаримда!

Таскин

Бироқ мен бекорга ушбу битигим ибтидосида француз адиби ва адабий танқидчиси Анатол Франснинг иинсон ҳаётга келиб босиб ўтиши муқаррар бўлган тўрт босқич ҳақидаги фикрини эслаб ўтган эмасман. Ахир ер куррасини инсонга яшаш учун замин этиб белгилаган Буюк Яратувчининг ўзи ҳам қодир зот бўла туриб бандаси учун ҳамма нарсани яратиб бермади. Аксинча, кўпгина нарсани бандасининг ўзи яратишини, бу йўлда меҳнат қилишини… ҳамда… азоб чекишини ирода қилди. Демак, асарга бошқа бир томонлама қаралганда инсон ҳаётининг ўзи азобланишдан, оғриқ лаззатини тотиб, бу азобни севиб ва уни бошқалар билан бўлишиб яшашдан иборат экан. Тузим ва жамиятнинг номукаммал қоидаларга кўз юмиб асарни ундан-да чуқурроқ позицияада таҳлил қилишга уринсак, Назар Эшонқулнинг “Оғриқ лаззати” ҳикоясини бани башар қисматидаги ўзгартириб бўлмас қонун, инсоният учун олдиндан ўқилган ҳукми олий деб баҳоламоқ ҳам хато бўлмайди. Яъни, яшаш асли – оғриқ лаззати эмасми?

Кичик бир эътироз…

Инсон қўли билан яратилган ҳеч қандай яратиқ мукаммал эмас. “Оғриқ лаззати” ҳикоясини ҳам китобхон, ҳам адабий тадқиқотчи сифатида шарҳлашга уринар эканман, шу ўринда кичик бир камчиликни-да сезгандай бўламан. Ахир адабиётни яхши тушунадиган ҳар битта одамга шу нарса маълум: бадиий асардаги бадиий ҳақиқат ҳамиша ҳаёт ҳақиқати билан ҳисоблашиши, керак бўлса унга эргашиши шарт. Мисол тариқасида келтиришим мумкинки, Габриэл Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асарида лўли Мелкадес олиб келган оҳанрабодан ҳар қандай ўқувчи ҳайратга тушади. Ёки бўлмаса Маркес ўз асарида “Полковник Арелиано Буендиа 32 марта исён кўтарди ва 32 марта ҳам мағлуб бўлди, 4 марта суиқасддан, 72 марта пистирмалардан омон қолди…” деб ёзган бўлса, биз асар давомида бу суиқасд ва пистирмаларнинг ҳаммасидан хабардор бўлишимиз мумкин. Асардаги Макондага кираб келган лўлилар, оҳанграбо ва албатта полковник Аурелиано Буендианинг ҳаётидага таққослар ҳам бу бир рамз, лекин булар бари бизга реаллик бўлиб туйилади ва ҳаёт ҳақиқатига ҳеч қандай путур етказмайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда эса дунё адабиётидаги “изм”ларни яхши тушунмайдиган, яъни “символ”ларни қабул қила олмайдиган кўп сонли анъанавий китобхонлар учун “Оғриқ лаззати” ҳикоясида тасвирланган воқеалар мантиққа – ҳаёт ҳақиқатига зиддир. Асардаги ифода қанчалар жонли, жумлалар девори қанчалик пухта бўлмасин, ундан биргина шу “рамз” тушунчасини олиб ташласак, ҳикоядаги ўзини азоблаш эвазига томоша кўрсатадиган маҳкумлар ҳам, томошабин, профессор ҳам ёлғон-яшиқ, тўқима образларга айланиб қолади ҳамда бирор ўқувчи асар воқеаларини ҳаётий ҳодиса сифатида қабул қила олмайди. Агарда муаллиф асар воқеаларини туш сифатида берган тақдирида ёки адабиётдан кўп синалган усуллардан биттаси: телба ё соғ одамлиги номаълум бирор кимсанинг қолдириб кетган дафтаридаги битиклар қабилида берган бўлганда, менимча ғоя билан бирга реалликни, ҳаёт ҳақиқатини ҳам сақланиб қолган бўлур эди…

Сўзим охирида яна бир бор айтиб ўтишни лозим кўраяпманки, нима бўлганда ҳам бугунги ўзбек адабиётимизда Назар Эшонқул ўзининг мустаҳкам ўрнига эга ҳамда унинг асарлари ичида “Оғриқ лаззати” ҳикояси ҳам ўқувчи қайта-қайта мутолаа қилиб ички дунёсини бойитишга арзийдиган асардир.

2019

Муаллиф ҳақида:     Байрам Али 1991-йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Чимдаги маиший хизмат кўрсатиш коллежини тугатган. Ҳикоя ва қиссалари республика нашрларида мунтазам чоп қилиниб келинади.  Ёш адибнинг “Болангман, дунё” (Dizayin priss, Тошкент 2013-й), “Куз ёмғирлари” (Чўлпон, Тошкент 2017-й) каби насрий китоблари чоп қилинган. «Хуршид Даврон кутубхонаси» вебсаҳифасининг доимий муаллифларидан бири.

Chingiz Aytmatov ijodining o’ziga xos jihatlaridan biri shundaki, adib o’zining har bitta asarida mif, afsona va rivoyatlardan detal sifatida unumli foydalana oladi. Adibning qaysi bir asari haqida gapirmaylik, undagi biror bir afsona yo rivoyatni eslamaslikning iloji yo’q.

Bayram ALI
IKKI MAQOLA
04

«DUNYONI KIM QUTQARADI?!»
yoxud ulkan ramzlarni o’ziga singdirolgan kichik asar tahlili

42«Cheksiz kenglik qarshisida qayiqda o’tirgan odamning hech narsaga arzimasligini chol yaxshi bilardi. Lekin inson o’ylari bilan Dengizga va Osmonga tenglasha oladi…»

Din insoniyatning eng katta ma’naviy tayanchi hisoblanadi. Biroq oxirzamon tushunchasini faqatgina dinga bog’lab tushunish shart emas fikrimcha. Yer yuzida zulm, faxsh va yovuzlik mavjud ekan, insoniyat tasavvurida do’zax va qiyomat haqidagi qo’rquv, qay bir ko’rinishda bo’lmasin, mudom yashayveradi. Faqatgina yashayveradi emas, balki dunyo tubanlashgani sayin, bashariyat tanazzuli muqarrar ekanligi haqidagi hadik ham orta boradi. Ehtimol shuning uchundir, jahon adabiyotining asrlar osha unutilmasdan yashab kelayotgan eng sara asarlari aynan mana shu g’oyani o’z ichiga singdirgan. Jumladan dunyo miqiyosidagi ulug’ adib Chingiz Aytmatov ham o’zining “Sohil yoqalab chopayotgan Olapar” qissasida “Olamni tanazzuldan kim qutqaradi?”, “Qanday qutqaradi?”, “Insonning hayot oldidagi burchi nimalardan iborat?” kabi umr boqiy savollarga javob izlagan, ta’bir joiz bo’lsa, o’z xulosaviy fikrini ayta olgan.

Chingiz Aytmatov ijodining o’ziga xos jihatlaridan biri shundaki, adib o’zining har bitta asarida mif, afsona va rivoyatlardan detal sifatida unumli foydalana oladi. Adibning qaysi bir asari haqida gapirmaylik, undagi biror bir afsona yo rivoyatni eslamaslikning iloji yo’q. “Qiyomat” romanidagi bo’rilar yoki monastirdagi qo’shiq haqidagi afsona, “Asrga tatigulik kun”dagi “Ona bayit” yoki “Qora nor” rivoyati, “Qulayotgan tog’lar” dagi qayliqlar va yoki arxarlar haqidagi afsonalar bunga yetarlicha misol bo’lishi mumkin. Adib o’zining bu uslubi bilan, bugungi madaniyat va qadriyatlar yemirilib, toboro ahloqiy tanazzul yoqasiga yaqinlashayotgan insoniyatni xalq tilidagi qadimiy afsona hamda rivoyatlar asrab qolishi mumkin, demoqchi bo’lganday guyo… “Sohil yoqalab chopayotgan Olapar” asarida ham u o’zining mana shu uslubiga sodiq qolgan tarzda afsonani, yanayam aniqrog’i − Oxota dengizi bo’yida yashovchi kam sonli Nivix xalqi og’zaki ijodida yashab kelayotgan tyulen ovlovchilari bilan bog’liq kichik bir afsonani asos qilib oladi. Bilishimcha, asar shuning uchun nivxi xalqi yozuvchisi Vladimir Sangiga bog’ishlangan edi.

Ammo “Sohil yoqalab chopayotgan Olapar” Aytmatovning bo’lak asarlaridan shu tarafi bilan farqlanadiki, adib o’zining boshqa asarlarida rivoyatlardan fabula − asarning faqat ma’lum bir qismi sifatidagina foydalansa, mazkur qissasini esa to’laligicha afsonaning ustiga qurgan.

Shu yerda men Aytmatovning yozish uslubiga xos bo’lgan ikkita muhim jihatga e’tibor qaratish zarur deb hisoblayman. Bulardan birinchisi: avvalo dengizda ro’y bergan voqea oddiy bir afsona edi, yozuvchi uni badiiy haqiqatga aylantirib, hayot haqiqati darajasiga ko’tarayapti. Ikkinchisi: adib ushbu afsona asosida o’zi ham mif darajasidagi bir rivoyat to’qib, asar marg’ziga singdirib yuborayaptiki, bu – “Ko’k sichqoncha” to’g’risidagi rivoyatdir. Menimcha, “Ko’k sichqoncha” rivoyati haqida gapirishdan oldin, asar voqealarini qisman sharhlab o’tmoqlik joiz.

O’qirman eslasa, asar O’rxon bobo, Milxun, Emrayin hamda o’spirin yoshiga yaqinlashayotgan Kiriskning tuyulen ovlash uchun dengizga chiqishi bilan boshlanadi. Oydinlashtirish lozim bo’lsa, Emrayin Kiriskning otasi, Milxun esa amakisi. O’rxon bobo − ovchilar jamoasining boshlig’i hisoblanib, qarindoshlik jihatidan ularga begona. Bu yerda voqealarning aynan dengizda ro’y berishi, ya’ni odamzotning dengiz va osmon orasidagi hayot uchun kurashi tasvirlanishi shubhasiz ramziy albatta. Xolbuki qissaning asosiy g’oyasi ham, insoniyatni yo’qlik qariga g’arq bo’lishdan nima asrab qolishi, hamda buning uchun inson qanday usulda kurash olib borishi kerakligini tushuntirishdan iborat edi. Shunga qaramay, biz inson va dengiz voqeasini ramzlashtirmasdan, oddiy hayotiy voqelik sifatida qabul qilgan taqdirimzda ham, asar o’z zimmasiga olgan yukini bemalol oqlagan bo’lardi.

Muallif juda ko’p o’rinlarda O’rxon boboning xayolot olamiga, ichki kechinmalariga murojaat etadi. Asar boshrog’ida uning o’zi kema yasagan daraxt bilan gaplashgani keltirib o’tilsa, o’rtarog’ida Luvr o’rdak haqida, undan sal quyiroqda Suv parisi bilan bog’liq ilohiy xayollari haqida aytiladi. Uning bunday iloxiy xayollari esa, o’z-o’zidan bizning yodimizga kema yasab, dunyoni halokatdan asrab qolishga uringan Nux payg’ambar rivoyatini eslatib yuboradi…

Aslida O’rxon boboni har qanday timsolning o’rniga qo’yib fikr yuritmoq mumkin. Diniy jihatdan olib qaramoqchi bo’lsangiz, O’rxon boboni xoh Muhammad alayhssalom deng, xoh Iso alayhssalom va yoki Nuh alayhssalom, ushbu har bitta timsolga u g’oyaviyligi bilan baribir mushtarak. Rost emasmi – kema buron halokatiga uchrab, yo’lovchilar jonini asrash uchun qolgan ozigna suvdan hamma ichganida O’rxon bobo ichmay o’zining ulushini Kiriskka qoldiradi. U nega shunday qildi? Axir bola unga bir tomchi qoni qo’shilgan qarindosh emas edi-ku, O’rxon boboni qanday mas’uliyat bunday qilishga majbur etoldi?.. Agar yaxshilab e’tibor qilsak, u bu yerda faqat suvdan ichmadigina emas, balki o’z jasorati bilan insonning kelajak avlodi oldidagi burchini esga solib, Milxun hamda Emrayinlarning ham tasavvurini butkul ijobiy tomonga o’zgartirib yuborayapti. O’shanda O’rxon bobo o’z rizqidan kechib Kiriskka ilinmasdan, hech bo’lmaganda og’iz ho’llaganda edi, Milxun bilan Emrayin ham bu ishni qilmagan va oqibatda insoniyatning avlodlari oldidagi mangu burchi bajarilmasadan qolgan bo’lardi. Mana shu sifatlari bilan O’rxon bobo obrazi insoniyatni o’zgartiradigan, bashariyat uchun o’zini javobgar hisoblagan va oxir oqibat dunyoni halokat asrab qolishi mumkin bo’lgan o’ta buyuk inson timsolidir. Lekin men hali yuqorida bu obrazni istalgan timsolning o’rniga qo’yib tahlil qilmoq mumkinligini e’tirof etib o’tgandim. Bu so’zimning isboti ularoq, mobodo O’rxon boboni odam deb hisoblamasdan, o’z farzandlari uchun hech narsasini ayamaydigan, farzandlari uchun mudom o’zini qurbon qilib kelayotgan Ona Tabiat, Borliq ramzi deb hisoblasak ham, asar g’oyasiga oid haqiqatlar o’zgarmasdan qolardi.

Mana nihoyat asarning eng kulminatsion nuqtasi, Kirisk kasal bo’lib isitmalab qolganda onasi unga aytib beran “Ko’k sichqoncha” haqidagi rivoyatga ham yetib keldik. Rivoyat taxminan shunday boshlanardi: «Onasi yalinib-yolvorib, uni suv ichishdan tiyar edi. Tashnalikka chidasang, kasallik sendan qochadi, deb tushuntirardi.

−Chidagin, jon bolam! – derdi u. – Ichingda “Ko’k sichqoncha, menga suv ber!..” deb tinmay qaytaraver. So’ragin jonim, ko’k sichqonchadan suv so’ra. U yugurib keladi va senga suv beradi… Faqat tinmasdan, chin dildan so’ra…»

O’shanda isitma otashida yonayotgan Kirisk onasining aytganini qilib, ko’k sichqonchani chaqira boshlaydi. Sidqi dildan, komil ishonch bilan “Ko’k sichqoncha, suvingdan ber.., ko’k sichqoncha, suvingdan ber…” deb tinmasdan yolvora boshlaydi. Va mana shu usul bilan o’z nafsini tiyib, butun bir qiynoqli kechani yengib o’tadi. Keyinchalik dengizdagi tashnalikda ham onasi aytib bergan aynan o’sha “Ko’k sichqoncha”ning yugurib kelishi va unga suv berishiga bo’lgan ishonch Kriskning bardoshiga bardosh qo’shib, uni omon saqlaydi… O’qirman esga olsa, shunga o’xshagan yana bir diniy rivoyat bor. Alqissa, haj safariga otlangan taqvodor bir odam yo’lda cho’pon kishining chaylasida tunab qolibdi. U saharda ibodat qilish uchun uyg’onsa, cho’pon chaylaning bir burchagiga o’tirib olib “Oq qo’yning kallasi, qora qo’yning kallasi… Menam Xudoning umidvor bir bandasi!” deb nomoz o’qib o’tirgan emish. Taqvodor odamning bundan juda jahli chiqibdi. Cho’ponni kufrda ayblab, sharta turib uning chaylasini tark etibdi… Ammo u bir kuni haj ziyoratiga yetib, kabani tavof qilayotgan paytda “Sen nega bir mo’minning qalbidagi ixlosini so’ndirding?” deb ko’kdan vaxiy kelgan ekan… Xuddi o’sha cho’ponda bo’lganiday, “Ko’k sichqoncha” ham bu yerda Nivix xalqining e’tiqodi timsoli. Agar asar syujetidan kelib chiqib insoniyat Osmon bilan Dengiz, ya’ni Tiriklik bilan O’lim o’rtasida azaliy kurash olib boradi va uni olislarda Saodat Cho’qqisi dengiz qirg’og’idagi “Olapar” misoli chorlab turadi, deb bilsak, inson mana shu kurashga bo’lgan kuch va bardoshni, matonatni e’tiqoddan olishi mumkin, o’z ichkarisida kechayotgan janglarni faqat e’tiqod bilan bostirishi mumkin, deb tushunmoq o’rinlidir. Lekin, rivoyatning ahamiyat berish shart bo’lgan yana bir qirrasi bor. Asarda aytilayotgan sichqoncha oddiy emas, aynan Ko’k sichqoncha. Har qalay, sichqonchaning Ko’k ekaniga muallif alohida urg’u berayapti. Xo’sh, siz Ko’k sichqoncha haqidagi rivoyatni yana qayerda o’qigan edingiz? Balki bu maqola boshrog’ida ham biz eslab o’tgan – dunyoni halokatdan qutqarmoqchi bo’lgan Nuh payg’ambarning kemasini teshgan o’sha mashhur Ko’k sichqonchadir?! Ha, menimcha shunday. Aytmatov mana shu o’zi to’qigan mif-rivoyat misolida o’zi yaratgan paradoks bilan, xalqlar e’tiqodi o’rtasidagi chegarani ham buzib yuborayaapti, nazarimda…

Shunday qilib, shuncha ramz va simvollarni, shuncha ulkan g’oyalarni o’z ichiga sig’dirolgan mazkur asar “Dunyoni kim qutqaradi?”, “Qanday qutqaradi?” kabi umumbashariy savollarga xulosaviy yechim bilan yakun topadi. Bu xulosa shundan iboratki: Dunyoni o’zgartirish uchun bambardimon urushlar olib borish yoki olamshumul inqiloblarga homiylik qilish shart emas. Odam zotida birgina O’rxon boboning jasorati bo’lsa bas, dunyo o’zgaradi, magaram har bitta insonning avlodlari oldidagi mangu burchi ham, aslida shudir…

2019

UMUMBAShARIY DARD
yoxud Nazar Eshonqulning “Og’riq lazzati” hikoyasini o’qib

Insonning butun hayoti to’rt bosqichdan iborat: tug’iladilar, yashaydilar, azblanadilar va o’ladilar!
Anatol Frans -frantsuz adibi

Adabiyotning quchog’i katta, himmati cheksiz. Shu tufayli uning erkatoyiga aylangan, himmatidan bahra olib o’ziga o’xshagan sanoqsiz boshqa yozarmanlar kabi uni achomlab yotgan ijodkor zoti bisyor. Lekin vaqt atalmish oliy hakam mavjud ekan bunday erkatoylar qachondir o’z samimiyati, layoqati ularoq baholanib birin-ketin sanoqdan tushib qolaveradi. Buni yaxshi his etgani uchundir ehtimol, haqiqiy iste’dod adabiyotning quchog’ida erkalanib-suykalanishni xush ko’rmaydi. Aksincha, u ko’p yillardan beri o’zgarmas va mustahkam deb tan olingan adabiy mezonlaru-qoliplarni, badiiy tasavvur chegaralarini parchalagan holda adabiyot maydonga kirib keladi, ta’bir joiz esa adabiyotning o’zining ham aqlini shoshirib qo’yadi. O’zbek adabiyotning ulkan adiblaridan biri Nazar Eshonqulni ham biz qo’rqmasdan xuddi shunday − o’z nafasi, o’zbek adabiyotidi o’z ta’sir ko’lamiga ega yozuvchi desak mubolag’a qilmagan bo’lamiz. Shu boisdan uning ijod namunalari na milliy va na zamonaviy xarakterga ega emas, balki umuminsoniy ruh bilan yozilgan bo’lib, umumbashariy dard ila sug’orilgandir.

Mening bu aytganlarim ohorli gap emas, albatta. Bu gaplar mendan avval ham qaysidir shaklda adabiyotga nisbatan ham, Nazar Eshonqul ijodiga nisbatan ham qo’llanilgan va o’quvchilar qulog’iga yetib borgan. Bas, shunday ekan, men bugun adib Nazar Eshonqulning adabiyotimizda tutgan o’rni va boshqa ijod namunalarini bir yoqqa surgan holda, uning ijodiga bo’lgan munosabatimni birgina “Og’riq lazzati” hikoyasidan olgan taassurotlarim orqali bayon qilishga harakat qilaman.

Prujinasimon asos

Tezis nuqtai nazaridan olib qaralganda “Og’riq lazzati” hikoyasi prujinasimon asosga qurilganga o’xshaydi. Bu prujinaning har bitta halqasi ma’no va mantiqiy xulosalardan iborat. Eng tahsinga sazovor tomoni shundaki: o’quvchi mutolaa qilish jarayonida halqadan halqaga o’tgani sayin undagi ma’no va mohiyat kengayadi-oydinlashadi va ayni payta egiladi hamda bukiladi. Mana shu sababga ko’ra mazkur asarga o’nlab rakursalarda nazar tashlamoq va asarni undan ham ko’proq nuqtai nazardan turib sharhlamoq mumkin.

Shunday qilib, men asarga avvalo “ramz”larga asoslangan tamaddun adabiyoti nuqtai nazaridan nigoh tashlashni lozim topdim. Asarga bunday holda nigoh tashlanganda esa undagi professor ham, tomoshabin ham ramz va tasvirlangan og’riqning o’zi ham ramziy ifodadir. Chunki har qanday jamiyat va har qanday tuzum, istaymizmi-yo’qmi, insonni mana shunday azobga giriftor etadi. Axir asrimizgacha bo’lgan davrda inson tafakkurining mahsuli bo’lgan yadroviy qurollar, insoniyat uyshtirgan inqilobu-bardimonlar hammasi ham odamzotni butunlay halokatga duchor qilishga, odamzotni maxf etib yer yuzidan butunlay supurib tashlashga qaratilgan emasdi. Bu harakatlar bir qism odamni halokatga duchor etgani holda yana bir qism odamlarga saodat ulashish uchun edi. Biroq bugungi kunda nafaqat gumanitar fanlar, balki aniq fanlar ham shuni tasdiqlaydiki: ko’pchilik o’ylaganiday dunyo va insoniyat qismlardan iborat emas, aksincha u bir butundir! Shuning uchun inson tuzum va millatlarga bo’linib, o’z manfaati yo’lida o’ylab topayotgan halokat vositalarining qurboni insoniyatning o’zi bo’lib qolaveradi… Demak, asarda tasvirlangan mahkumlar − o’zining yarasiga o’zi tus sepib, o’zini o’zi azob-uqubatlarga giriftor qilayotgan jamiyat; professor – bu kabi nayranglarda asosiy rol o’ynaydigan ziyolilar; tomoshabinlar – insoniyatni qovurib, bir-biriga gij-gijlab, o’z etini o’zi yeyishga majbur qilayotgan ayrim “yo’lboshchi”, inqilabu-bambardimonlar asoschilari, Kamyu ta’biri bilan aytganda “dunyo hukmdorlari”dir. Asardagi to’rtinchi mahkum borasida esa, men bu yerda muallif bolshveklar komunistik partiyasini nazarda tutmayaptimimkin, degan xayolga bordim. Chunki partiyaalr qurilishida bolshveklar komunistik partiyasi to’rtinchi o’rinda turgani bizga ma’lum. Boz ustiga asardagi “…qadim pahlavonlardek baxtiyor qiyofasini ko’rib u aynan shu lahzani hech qaysi jannatga almashtirmaydi uni hech qaysi payg’ambar, hech qaysi muqaddas kitob bu lazzatdan mahrum eta olmaydi deb o’ylardingiz” qabilidagi so’zlar, qolaversa to’rtinchi mahkum o’lim topgandan keyin ham bu zaminda qolmay, o’zga bir zaminda – lazzat olamida qolgani meni shunday o’ylashga majbur etadi. Axir 72 yil hokimiyat tepasida turgan komunistlar partiyasining asl basharasi ochilib, hokimiyatdan qulaganidan keyin ham bu partiyaning xayrixohlari o’z g’oyalariga bo’lgan mahkumlikdan kechmasdan, o’sha tuzim va o’sha jamiyatni yoqlab yashab o’tganlari hech kimga sir emas…

Asarni mutolaa qilar ekanman, har bir jumla, har bitta hodisada muallifning zaharxanda tabassumi, guyo aslida yig’iga aylanib otilib chiqishi kerak bo’lgan-u, ammo qorachiqlarida bo’zlov bo’lib qotib qolgan kinoyaviy nigohi meni ta’qib eta bordi. Tasavvurimda muallifning bu zaharxanda, achchiq kinoyaga yo’g’rilgan nigohi butun insoniyatning asrlar osha yashab kelgan shu bugungi hayotigacha dovur boqib turganga o’xshardi. O’zimcha insoniyatning o’z etini o’zi shilib lazzat olayotganiga, o’z-o’zini azoblashning yangidan yangi usullarini ijod etayotganiga o’tmish va bugundan taqqoslar axtarar ekanman, men bamisoli savollar girdobiga tushib chirpirak bo’layotganga o’xshab qoldim. Eng achinarlisi shunda ediki, bu savollarga javob topishga qanchalik urinsam o’zim insoniyatning qotili deb bilgan yoki aksincha o’zim insoniyatning rahnamosi deb hisoblagan ayrim kishilar, kerak bo’lsa ota-bobolarim haqidagi tasavvurlarim ham shunchalik o’zgarib borardi. Ha, asar mutolaasi jarayonida ko’nglimda tug’ilayotgan bu savol va ishtibohlarning tugal javobi yo butkul qayta tirilmoq yo batamom ma’naviy o’lim bilan teng edi, nazarimda!

Taskin

Biroq men bekorga ushbu bitigim ibtidosida frantsuz adibi va adabiy tanqidchisi Anatol Fransning iinson hayotga kelib bosib o’tishi muqarrar bo’lgan to’rt bosqich haqidagi fikrini eslab o’tgan emasman. Axir yer kurrasini insonga yashash uchun zamin etib belgilagan Buyuk Yaratuvchining o’zi ham qodir zot bo’la turib bandasi uchun hamma narsani yaratib bermadi. Aksincha, ko’pgina narsani bandasining o’zi yaratishini, bu yo’lda mehnat qilishini… hamda… azob chekishini iroda qildi. Demak, asarga boshqa bir tomonlama qaralganda inson hayotining o’zi azoblanishdan, og’riq lazzatini totib, bu azobni sevib va uni boshqalar bilan bo’lishib yashashdan iborat ekan. Tuzim va jamiyatning nomukammal qoidalarga ko’z yumib asarni undan-da chuqurroq pozitsiyaada tahlil qilishga urinsak, Nazar Eshonqulning “Og’riq lazzati” hikoyasini bani bashar qismatidagi o’zgartirib bo’lmas qonun, insoniyat uchun oldindan o’qilgan hukmi oliy deb baholamoq ham xato bo’lmaydi. Ya’ni, yashash asli – og’riq lazzati emasmi?

Kichik bir e’tiroz…

Inson qo’li bilan yaratilgan hech qanday yaratiq mukammal emas. “Og’riq lazzati” hikoyasini ham kitobxon, ham adabiy tadqiqotchi sifatida sharhlashga urinar ekanman, shu o’rinda kichik bir kamchilikni-da sezganday bo’laman. Axir adabiyotni yaxshi tushunadigan har bitta odamga shu narsa ma’lum: badiiy asardagi badiiy haqiqat hamisha hayot haqiqati bilan hisoblashishi, kerak bo’lsa unga ergashishi shart. Misol tariqasida keltirishim mumkinki, Gabriel Markesning “Yolg’izlikning yuz yili” asarida lo’li Melkades olib kelgan ohanrabodan har qanday o’quvchi hayratga tushadi. Yoki bo’lmasa Markes o’z asarida “Polkovnik Areliano Buyendia 32 marta isyon ko’tardi va 32 marta ham mag’lub bo’ldi, 4 marta suiqasddan, 72 marta pistirmalardan omon qoldi…” deb yozgan bo’lsa, biz asar davomida bu suiqasd va pistirmalarning hammasidan xabardor bo’lishimiz mumkin. Asardagi Makondaga kirab kelgan lo’lilar, ohangrabo va albatta polkovnik Aureliano Buyendianing hayotidaga taqqoslar ham bu bir ramz, lekin bular bari bizga reallik bo’lib tuyiladi va hayot haqiqatiga hech qanday putur yetkazmaydi. Shu jihatdan olib qaralganda esa dunyo adabiyotidagi “izm”larni yaxshi tushunmaydigan, ya’ni “simvol”larni qabul qila olmaydigan ko’p sonli an’anaviy kitobxonlar uchun “Og’riq lazzati” hikoyasida tasvirlangan voqealar mantiqqa – hayot haqiqatiga ziddir. Asardagi ifoda qanchalar jonli, jumlalar devori qanchalik puxta bo’lmasin, undan birgina shu “ramz” tushunchasini olib tashlasak, hikoyadagi o’zini azoblash evaziga tomosha ko’rsatadigan mahkumlar ham, tomoshabin, professor ham yolg’on-yashiq, to’qima obrazlarga aylanib qoladi hamda biror o’quvchi asar voqealarini hayotiy hodisa sifatida qabul qila olmaydi. Agarda muallif asar voqealarini tush sifatida bergan taqdirida yoki adabiyotdan ko’p sinalgan usullardan bittasi: telba yo sog’ odamligi noma’lum biror kimsaning qoldirib ketgan daftaridagi bitiklar qabilida bergan bo’lganda, menimcha g’oya bilan birga reallikni, hayot haqiqatini ham saqlanib qolgan bo’lur edi…

So’zim oxirida yana bir bor aytib o’tishni lozim ko’rayapmanki, nima bo’lganda ham bugungi o’zbek adabiyotimizda Nazar Eshonqul o’zining mustahkam o’rniga ega hamda uning asarlari ichida “Og’riq lazzati” hikoyasi ham o’quvchi qayta-qayta mutolaa qilib ichki dunyosini boyitishga arziydigan asardir.

2019

Muallif haqida: Bayram Ali 1991-yil Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumaniga qarashli Chim qishlog’ida tug’ilgan. Chimdagi maishiy xizmat ko’rsatish kollejini tugatgan. Hikoya va qissalari respublika nashrlarida muntazam chop qilinib kelinadi. Yosh adibning “Bolangman, dunyo” (Dizayin priss, Toshkent 2013-y), “Kuz yomg’irlari” (Cho’lpon, Toshkent 2017-y) kabi nasriy kitoblari chop qilingan. «Xurshid Davron kutubxonasi» vebsahifasining doimiy mualliflaridan biri.
021

(Tashriflar: umumiy 1 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring