Dunyo adabiyoti: Uilyam Shekspir. Videofilm.

011    Шекспирнинг адабий фаолияти уч даврга бўлинади. Ҳаммаси бўлиб у икки поэма, 154 сонет ва 37 пьеса яратади. Ижодининг биринчи даврида (1590-1601) Шекспир поэма ва сонетларидан ташқари, уйғониш даврининг характерини акс эттирган хушчақчақ комедиялар: “Адашишлар комедияси”, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Вероналик икки йигит”, “Севгининг беҳуда кучайиши”, “Ёз кечасидаги туш”, “Виндзорлик масхарабоз аёллар”, “Йўқ нарсадан бир талай ғавғо”, “Бу сизга ёқадими?”, “Ўн иккинчи кеча”; “Англиянинг ўтмишидан олинган хроникалар” деб номланган тарихий драмалар: “Генрих VI”, “Ричард III”, “Генрих IV ”, “Қирол Иоанн”, “Ричард II”, “ Генрих V”; ниҳоят, “Ромео ва Жульетта” ҳамда “Юлий Цезарь” номли икки машҳур трагедиясини ёзди.

06

«Дунё адабиёти» туркуми: Уилям Шекспир. / «Dunyo adabiyoti» turkumi: Uilyam Shekspir.
Муаллиф: Назар Эшонқул./ Muallif: Nazar Eshonqul.
Режиссёр: Аброр Қодиров./ Rejissyor: Abror Qodirov.
Матнни Фахриддин Шамсиматов ўқиган./ Matnni Faxriddin Shamsimatov o’qigan.

07

099

ВИЛЬЯМ ШЕКСПИР ҲАЁТИ ВА АДАБИЙ ФАОЛИЯТИ

Улуғ шоир ва драматургнинг таржимаи ҳолига доир маълумотлар жуда кам сақланган бўлиб, унинг ҳаёти ва адабий фаолиятига оид материаллар замондошларининг берган баҳолари ҳамда хотиралари асосида йиғилган ва тўлдирилган.
Вильям Шекспир 1564 йилнинг 23 апрелида Марказий Англиянинг Стрэтфорд шаҳарчасида туғилди. У оиладаги 8 фарзанднинг учинчиси эди. Отаси Жон Шекспир чарм қўлқоп тайёрловчи ҳунарманд бўлиб, савдо билан ҳам шуғулланади, катта обрў орттириб, шаҳар кенгашига сайланади ва шаҳар бошлиғи вазифасида ишлайди.
Стрэтфорд Эвон дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, Бирмингемдан Оксфорд ва Лондонга борувчилар бу шаҳарчага тушиб ўтар эдилар.
Стрэтфордга актёрлар труппаси ҳам келиб, турли томошалар кўрсатиб турар эди, бу воқеа шаҳар маданий ҳаётига маълум даражада таъсир кўрсатади. Шекспирнинг театрга қизиқиши ҳам шу ерда уйғонади.
Вильям дастлаб маҳаллий «Грамматика мактаби» да ўқийди. У ерда асосан лотин тили ўргатилиб, схоластик логика ва риторикадан қисқача тушунча берилар эди. У айниқса Рим шоири Овидий асарларини қизиқиб мутола қилади, лекин кўп ўқий олмайди. Отасининг иши муваффақиятсизликка учраб, камбағаллашиб қолгач, ҳали 16 ёшга тўлмаган Вильям ўқишни ташлаб ишга киради. 18 ёшида у Анна Хэтуэй деган фермер қизига уйланиб, Сюзанна исмли қиз, Юдеф ва Гамлет исмли ўғиллар кўради.
Стрэтфорд Шекспирнинг катта талаб ва эҳтиёжларини қондира олмасди. У 1587 йилда Лондонга боради ва театрга хизматга киради. Аввал суфлёр ёрдамчиси, сўнга актёр, кейинроқ режиссёр, ҳатто театрни бошқаришда директор билан ҳамкорлик қилгани ҳам маълум.
Шекспир театрдаги фаолияти давомида дастлаб бошқа авторларнинг пьесаларини қайта ишлаб, уларни янги мазмун билан бойитади («Адашишлар комедияси», «Қийиқ қизнинг қуйилиши», «Ҳар нарсанинг меъёри бор»). Шу билан бирга, унинг ўзи ҳам қалам тебрата бошлайди ва тез вақт ичида у драматург сифатида ном чиқаради.
Актёрлар орасидан чиқиб катта обрў орттира бошлаган бу янги драматургни айрим ёзувчилар кўролмайдилар. Масалан, Шекспирнинг замондоши драматург Роберт Грин уни паст табақадан чиқиб, бизнинг патларимизга ўралиб олган «қарға», ўзини «саҳнани бирдан-бир ларзага келтирувчиман» деб тасаввур қиладиган «устабилармон» киши деб киноя қилади. Шекспирнинг драматургия соҳасидаги ижоди кўп қиррали ва таъсирчан эди. Шу сабабли унинг хасадгўйлари кўп бўлиши табий эди.
Шекспир 90-йилларнинг бошида театр шинавандалари бўлмиш аристократлар тўгараги ва граф Саутгемптон билан яқинлашади ва «санъат ҳомийси» ёш графга ўзининг икки поэмаси «Венера ва Адонис» ҳамда «Лукреция» ни бағишлайди.
Шекспир 1599 йилда бошқа кўп театрдошлари билан бирга янги очилган «Глобус» театрига ишга ўтади ва у ерда пайчи бўлиб хизмат қилади. Бу даврда «Глобус» театрига Жеймс Бербеж, Вильям Кемп каби талантли актёрлар йиғилган бўлиб, театрнинг обрўйи баланд эди.Бу эса театрнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини ўнглаб олишига имкон берди. Натижада Шекспирнинг ҳам моддий аҳволи яхшилана бошлади. Шекспир ижодининг энг гуллаган даври унинг ўша театрда ишлаган йилларига тўғри келади.
Улуғ драматург 1612 йилда Лондондан ўз туғилган шаҳри Стрэтфордга кўчиб кетади ва бундан сўнг бутунлай ижод билан шуғулланмайди.
Якоб I ҳукмронлиги даврида феодал реакциясининг кучайиб, театрларнинг мутлоқ сарой таъсирига тушиб қолиши, аристократик руҳдаги драматургия устунлик қилиб, реалистик халқчил репертуарларнинг сиқиб чиқарилиши Шекспирнинг ёзмай қўйишига сабаб бўлган, деб тушуниш тўла асослидир.
Шекспирнинг таржимаи ҳолига оид маълумотларнинг етарли эмаслиги натижасида унинг авторлигига шубҳа соладиган сохта фаразлар келиб чиқади. Улуғ ёзувчининг ижодини ўз замонаси ва ундан кейинги йилларда яшаган кишилар инкор қилмайдилар. Масалан, драматург ва шоир Бен Жонсон Шекспир хотирасига бағишланган шеърларда уни «ўз асрининг юраги» деб баҳолайди. Гамлет ролини ижро этган, XVII асрнинг охирларида ёзувчининг ижодига доир материаллар тўплаган машҳур актёр Томас Беттертон, шунингдек, Шекспирнинг биринчи биографи Николас Роу ҳам унинг муалифлигига шубҳа қилмайдилар. Фақат XVIII аср охиридагина ғарбда “Шекспирчилик масаласи” деб аталган масала келиб чиқади. 1772 йилда Герберт Лоренс Шекспир номидаги пьесаларни философ Френсис Бэкон ёзган деган фикрни айтади. 1857 йилда америкалик Делия Беклн Шекспир ҳақида китоб ёзиб, унда Шекспир қаламига мансуб бўлган асарларни философ Френсис Бекон бошлиқ махфий тўгарак аъзолари ижод қилган, чунки Шекспир пьесаларида гўё аниқ индивидуал услуб йўқ деб исботлашга уринади.
Карл Блейбтрей (1907) улуғ драматургнинг пьесаларини граф Ретлендники деб атайди. Бельгиялик журналист Дамблен (1918) “Ретленд назарияси” ни қувватлаб чиқади. Шекспир асарларини феодал зодагонларнинг турли вакиллари (файласуф Бэкон, граф Ретленд, граф Дерби) томонидан яратилган, деган фикрлар мутлоқ асоссиздир, дейди. Шекспирни қуйи табақадан келиб чиққан, университет таълимини олмаган, шунинг учун у шундай асарлар ёзиши мумкин эмас, деб қараш оддий кишилар орасидан етишган улуғ кишиларнинг ижодий кучига ишонмаслик ва титанлар яратган Уйғониш даврининг ҳақиқий моҳиятини тушунмаслик оқибатидир. Шекспир Лондонда антик санъат ва адабиёт билан танишади, замонаси адабий муҳитига кириб, чуқур мутола қилиш йўли билан ўз билим доирасини кенгайтиради. Турмушнинг ўзи унинг учун билим манбаи бўлади.
Шекспирнинг адабий фаолияти уч даврга бўлинади. Ҳаммаси бўлиб у икки поэма, 154 сонет ва 37 пьеса яратади. Ижодининг биринчи даврида (1590-1601) Шекспир поэма ва сонетларидан ташқари, уйғониш даврининг характерини акс эттирган хушчақчақ комедиялар: “Адашишлар комедияси”, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Вероналик икки йигит”, “Севгининг беҳуда кучайиши”, “Ёз кечасидаги туш”, “Виндзорлик масхарабоз аёллар”, “Йўқ нарсадан бир талай ғавғо”, “Бу сизга ёқадими?”, “Ўн иккинчи кеча”; “Англиянинг ўтмишидан олинган хроникалар” деб номланган тарихий драмалар: “Генрих VI”, “Ричард III”, “Генрих IV ”, “Қирол Иоанн”, “Ричард II”, “ Генрих V”; ниҳоят, “Ромео ва Жульетта” ҳамда “Юлий Цезарь” номли икки машҳур трагедиясини ёзди.
Ижодининг иккинчи даври (1601-1608) Шекспир драматик фаолиятининг янада ривожланиши билан ажралиб туради. Ўрта аср феодал зулмига ва бошқа ҳар қандай ёвузликларга қарши кураш руҳи билан ёнган ёзувчи ривожланиб бораётган капиталистик шароит ҳам кишиларнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқармаётганини кўради ва туғилиб келаётган буржуа муносабатларга танқидий қарай бошлайди. Бу даврда ёзувчи буюк гуманистик ғоялар ва давр фожиаларини акс эттирган «Гамлет», «Қирол Лир», «Отелло», «Макбет», «Антоний ва Клеопатра», «Кориолан», «Афиналик Тимон» трагедияларини яратди.
Ижодининг учинчи даврида (1608-1612) драматург трагикомедиялар «Цимбелин», «Қишки эртак», «Бўрон» асарларини ижод қилади. Бу даврдаги ижодининг муҳим хусусияти шундаки, Шекспир турмуш зиддиятларини оптимистик руҳда ечишга интилиб, кўпроқ романтик эртак сюжетларига мурожаат қилади. Масалан, «Бўрон» асари инсоннинг келажак тақдирига ишонч билан қараган ёзувчининг ажойиб ҳаёллари мевасидир.
Шекспирнинг адабий фаолияти «Венера ва Адонис», «Лукреция» поэмалари ва қатор сонетлар ёзишдан бошланган. Ҳар икки поэманинг сюжети антик давр тарихи ва мифологиясидан олинган бўлсада, уларда уйғониш даври руҳи акс этган.
Бу икки поэмадан ташқари, Шекспир 1609 йилда 154 сонетдан иборат тўпламни нашр эттирди. Унинг илк сонетларида Италия Уйғониш даври поэзиясининг дастлабки вакили Петрарканинг таъсири кўринса ҳам, лекин Шекспир ижодий эволюцияси давомида бу жанрни шартли белгилари доирасини ёриб чиқиб, сонетларини янги мазмун билан бойитди. Шекспир сонетлари замондош Ренессанс шоирлари Сидней ва Спенсер сонетларидан фарқ қилади. Чунки уларнинг лирик ижодида умумлаштирувчи ҳолат йўқ эди. Шекспирнинг лирик қаҳрамони ўзига хос хусусиятлари билан намоён бўлувчи такрорланмас ҳаётий образлардир. Шоир Уйғониш даври кишиларининг асосий хусусиятлари севги, дўстлик, уларнинг хушчақчақ ҳаётга интилишлари, фикр ва ҳис-туйғуларини акс эттиради.
Шекспирнинг ўзига хос ифода усуллари бор. Шоир ўз шеърларида символлардан ҳам фойдаланади. У ёшликни баҳор ёки тонгга ўхшатади, гўзаллик ажойиб гулларга таққосланади, одамнинг қайтиши кузга, қариши қишга ўхшатилади; йигитнинг чиройида ёз атофати мужассамланади.
Шекспирнинг ҳақиқий инсоний ҳис-туйғулари ифодаланган сонетлари инглиз адабиётида лирик поэзиянинг янги гуманистик ривожланиш йўлини белгилаб берди.
XVI аср охирларида Англияда абсолют ҳокимиятнинг тушкунликка учраши тасодифий ҳол эмас эди, чунки у жамият ишлаб чиқариш муносабатларининг бундан сўнгги ривожланишига тўсиқ бўлиб қолади, қироллик ҳукумати билан парламент ўртасида зиддиятлар вужудга келади. XVII асрнинг бошларида янги Елизаветанинг ҳукмронлиги тугаб, Якоб Стюарт тахтга чиққан(1603) ва феодал реакцияга кучайган қирол билан буржуазия ўртасидаги қарама-қаршилик жиддий тус олади. Бу йилларда кенг халқ оммаси деҳқон ва ҳунармандларнинг аҳволи яна ҳам оғирлашади.
Шекспир ижодида юз берган катта ўзгаришларни ифодалаган йирик асари «Гамлет» (1601) трагедиясидир.
Трагедиянинг бош қаҳрамони Дания қиролининг ўғли шаҳзода Гамлетдир. Отасининг мунофиқона ўлдирилишидан кўп ўтмай, онасининг мотам куни «оёққа кийган бошмоғи» тўзимасиданоқ отаси тахтини эгаллаган Клавдийга тегиб кетиши Гамлетни чексиз азоб гирдобига ташлайди. Унинг кўзига бутун дунё «тўнг, бемаъни ва тўмтоқ» кўринади.
Ижтимоий турмушни динамик равишда тасвирлашга асос солиб, трагедия жанрини янги босқичга кўтарган Шекспирнинг эстетик қарашлари очиқ ойдиндир. У Гамлетнинг нутқи орқали ҳамма даврда драматик санъатнинг асосий вазифаси, «табиатнинг рўпарасига ойна тутиш, шарофатга ҳам, қабоҳатга ҳам уларнинг чин башараларини кўрсатиш, тарихдаги ҳар бир замоннинг юзини бўёқсиз қилиб намоён қилишдан иборат» эканини ҳаққоний ифодалаб беради. Гамлет образида ёзувчи инсон, унинг идроки, яратувчилик кучи ҳақидаги қарашлари мужассамлашган. Гамлет инсон ақлининг эскилик устидан тантанасини акс эттирган Уйғониш даврининг ҳақиқий тимсолидир.
Шекспир ижодининг учинчи даврида (1608-1612 йиллар) катта ўзгаришлар юз беради. Якоб I нинг феодал реакцияси кучайган вақтда Уйғониш даври гуманистик ғояларини амалга ошириш ҳақидаги иллюзия зарбага учрайди. Театр ўйинлари қиролликнинг назорати остига олинди. Энди фожиавий, кишини ҳаяжонга солувчи, катта ижтимоий-сиёсий воқеалар акс эттирилган трагедиялар эмас, балки томошабинга енгил таъсир этадиган трагикомик характердаги пьесалар яратила бошлайди. Лекин шундай вақтда ҳам, улуғ драматург ўзининг гуманистик ғояларига содиқ қолади. Гарчи асарларнинг охири яхшилик билан муроса қилмасада, у тескари кучларнинг феъл-атворларини қораловчи пьесалар ёзишни давом эттиради.
Шекспир ижодининг шу даврдаги муҳим хусусиятлари унинг трагикомедиялар типидаги «Қишки эртак», «Цимбелин», «Бўрон» пьесаларида яхши акс этган. Шекспир бу жанрни юзаки қабул қилган бўлса ҳам, лекин унга чуқур инсонпарварлик ғояларини киритди. Унинг бу турдаги асарларида реал воқеалар хаёлий эртаклар билан қўшилиб кетади ва уларда кишининг яхши фазилатлари ёмон эҳтирослар устидан ғалаба қозонади.

02

(Tashriflar: umumiy 323, bugungi 1)

Izoh qoldiring