“Diydor” teatr-studiyasi taqdim etadi: G’ulom Zafariy. Halima.

075

“Ижодкор учун шундай мавзулар бўладики, улар ўлмас ҳисобланади. Булар – уруш, ўлим, муҳаббат”,-деб ёзган эди адиб Эрнест Хемингуэй. Драматург Ғулом Зафарий қаламига мансуб биринчи ўзбек мусиқали драмаси “Ҳалима” гарчи ХХ асрнинг 20-йилларида саҳна юзини илк бора кўрган бўлса-да, шу нуқтаи назардан ўз аҳамиятини йўқотмаган, халқнинг турмуш тарзидаги долзарб масалаларни очиб берган мана шундай асарлардан бири ҳисобланади.

009

009

044Ғулом Зафарий кўпқиррали ижод соҳиби бўлиб, у ўзбек миллий театри, театр танқидчилиги, мусиқа маданияти, қолаверса, миллий адабиётимиз тарихида муносиб ўрин эгаллайди. У 1889 йили Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Каттабоғ маҳалласида таваллуд топти. Аввал эски мактабда, хусусий рус мактабида, Кўкалдош мадрасасида таълим олди. У 1912—1924 йилларда Ўш шаҳрида ўқитувчилик қилди. 1914 йилдан бошлаб Тошкентдаги «Турон» труппасида актёрлик қилди, ўқитувчи бўлиб ишлади. 1917 йилдан «Ишчилар дунёси» журнали, шунингдек, билим юртларида фаолият кўрсатади.

Ғулом Зафарий ижоди 1914 йилдан бошланган бўлиб, у дастлаб ўз шеърлари билан танилади. Сўнгра эса «Бахтсиз шогирд» (1914) номли бир пардали пьеса ёзади, кейин «Баҳор», «Гунафша», «Тўсқинчилик», «Ёрқиной», «Раҳимли ўқитувчи», «Мозорликда», «Мақтанган киши», «Татимбой ота», «Чўпон Темир» (1924) ҳамда «Ёшлар энди берилмас» (1926) каби пьеса ва достонлар яратади.

Бироқ Зафарий ёзувчи, драматург сифатида ўзининг «Ҳалима» пьесаси билан машҳур бўлган. «Ҳалима» 1920 йилда ёзилган бўлиб, ўша йилнинг 14 сентябрида «Турон» труппасида Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилган. Мазкур асар тўнғич миллий мусиқали драма бўлиб, унинг мусиқий безагини ҳам муаллифнинг ўзи машҳур созанда Шораҳим Шоумаров ҳамда мулла Тўйчи Ҳофиз ёрдамида бажарган. Айни чоғда «Ҳалима» ўз даврида миллий опера сифатида баҳоланган. Профессор Фитрат ҳам ушбу асарни опера деб атаган.

Ғулом Зафарий ўзбек миллий куйлари, мақом ва мақом шўъбаларини жуда яхши билган том маънодаги зиёли эди. Унинг «Шарқ мусиқалари ва чолғулари», «Мусиқа муаммоси», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» каби мақолалари шулар жумласидандир.

Ўзбек мусиқа маданияти тарихида у мусиқий саҳнавий асарлар муаллифи, миллий мусиқа намуналари тўпловчиси ҳамда тадқиқотчиси сифатида танилган. Ғулом Зафарий ва унинг сафдошлари (Фитрат, В.Успенский, Элбек) жонбозлиги туфайли уюштирилган илк мусиқий-фольклор экспедициялари натижасида мусиқа меросини тўплаш ва ўрганиш тизимига асос солинди: 1920-йиллар бошида Бухорода Танбур чизиғининг нусхаси топилди, 1923—24 йилларда Бухоро Шашмақом», 1925 йилда Ш.Шоумаровдан Тошкент-Фарғона мақом йўллари илк бор нотага ёзиб олинди. Элбек билан Фарғонага уюштирилган экспедиция натижалари асосида миллий мусиқий фольклорнинг биринчи (гарчанд нота ёзувисиз бажарилган бўлса-да) тизимли нашри — «Ашулалар» тўплами тайёрланди.

Ғулом Зафарий 1937 йилда қатағонга учраб, 1938 йил 4 декабрда қатл этилган.

0444

Нигора Умарова
“ҲАЛИМА”НИНГ ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФАСИ
009

Бу дутор ўзгармаган, аммо садоси ўзгача…

Қўшиқдан

“Ижодкор учун шундай мавзулар бўладики, улар ўлмас ҳисобланади. Булар – уруш, ўлим, муҳаббат”,-деб ёзган эди адиб Эрнест Хемингуэй. Драматург Ғулом Зафарий қаламига мансуб биринчи ўзбек мусиқали драмаси “Ҳалима” гарчи ХХ асрнинг 20-йилларида саҳна юзини илк бора кўрган бўлса-да, шу нуқтаи назардан ўз аҳамиятини йўқотмаган, халқнинг турмуш тарзидаги долзарб масалаларни очиб берган мана шундай асарлардан бири ҳисобланади.

“Дийдор” театр-студиясида Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” пьесаси Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти 4-босқич “Мусиқали драма ва театр актёрлиги” факультети талабалари томонидан диплом-спектакль сифатида намойиш этилди. Саҳналаштирувчи режиссёр Баҳодир Йўлдошев, рассом Сергей Седухин, курс раҳбари Рамзиддин Қодиров. Диплом-спектакль “Ўзбек-театр” ижодий бирлашмасининг “Сени куйлаймиз, замондош” театр ҳафталиги доирасида танловдан ташқари қўшимча спектакль тарзида кўрсатилди. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг амалга ошираётган хайрли ишларидан бири сифатида шуни кўриш мумкинки, битирувчи талабаларнинг амалиётини театрларда профессионал режиссёрлар билан ҳамкорликда ўтказмоқда. Театр ва институт ҳамкорлиги эса келажакда ўз ишининг моҳир устаси бўлган актёрларнинг етишиб чиқишини, устоз-шогирд мактаби яратилишини таъминлайди.

“Ҳалима” драмаси Зубайдабегим (Зайнаб Худоёрова) чертган дуторнинг хонишин навоси билан бошланади. “Тановор”, “Қари наво”, оғир маҳзун халқ куйларининг маҳзун оҳанги… Ҳалима (Фаёза Валиева) севгилиси Неъматни мардикорликдан келишини орзиқиб кутади, Неъмат (Нурилло Эминов) мардикорликдан қайтиб келган. Қизалоқнинг севинчи ичига сиғмайди, унинг сирдоши тутлар. Ҳалима “ўзи”нинг дарахтлари билан сирлашади, шивирлашади, ҳаёт қувончларини улар билан бирга баҳам кўради.

Ортиқбой (Нурилло Эминов) ХХ аср бошларидаги янги-фабрикант бойлардан бири. Ўта эҳтиёткор, муғомбир шахс. Неъмат мардикорликдан қайтиб келгач, “балки мардикорликдан қочиб келгандирсан?” -дейди. У оқпошшонинг чангалига тушган йигитлар соғ-омон чиқмаслигини жуда яхши англайди. Шу боис ҳам Неъматни қандай қисмат кутаётганлигини билса-да, укасининг ўрнига мардикорликка жўнатади. Неъмат сиёсатдан сўз очиб фикрини билдирса, “Менга нима…”- деб ўзини сиртдан сиёсатга аралашмагандек тутса ҳам, бироқ одамлар айни ўша пайтдаги сиёсий вазиятни қандай баҳолаётганликларини билиш учун завжаларини чор атрофдаги маҳаллаларга юборади. Албатта, бунда сиёсий вазиятдаги жиддий ўзгаришлар Ортиқбойнинг сармоясига, фабрикалардаги ҳолатига жиддий таъсир кўрсатишини бой олдиндан кўра билади. Ортиқбойнинг хотинлари – Зубайда (Зайнаб Худоёрова), Сухсурхон (Мадина Сапаева), Бодомбека (Иноятхон Бахтиёрхўжа қизи)га буйруқ бериш жараёнида уч хил рафиқанинг уч хил характери очиб берилган.

Ортиқбой ҳамма нарсани пул билан ўлчайди. Буни биз Ҳалимани “ўзиники қилиш” учун Холжон хола (Шаҳноза Йўлдошева)ни ишга солиб мири берганида, Неъматнинг соғлиғини янада танглаштириш, дардини зўрайтириб ажалини тезлаштириш учун табиб (Ҳамидулло Қодиров)га “оғзига сиққанича” пулни бераётганида кўришимиз мумкин. Ортиқбой пулнинг “зўрлиги”ни чуқур англаган шахс. Неъмат мардикорликка Ортиқбойнинг укасини ўрнига кетишининг сабаби ҳам пулнинг “кучи”. Ортиқбой учун виждон — пул, иймон — пул. Бойнинг бир нозик жиҳати – Ҳалимага “ишқивоз”лиги. Беғубор, туйғулари соф, қалби кирланиб улгурмаган Ҳалима унинг кўнглига ўтирган, учта хотинини қўйиб бўлса-да, унга етишиш Ортиқбойнинг орзуси. Бойбиччалари ҳусну малоҳатда тенгсиз беназир, оқила бўлсалар ҳам, унингча хотинларининг кўнгли қора. Ҳаттоки, Ортиқбойнинг уйқусида ҳаловат йўқ, ухлаганида хотинлари бир бало қилиб қўйишмаса бўлгани деб… Ҳалима эса…, Ҳалима ўзгача дунё, ёш, навқирон, “гаҳ” деса қўлга қўнади.

Ортиқбойнинг аёллари – Зубайдабегим, Сухсурхон, Бодомбека гулгун кўринсалар ҳам, ичлари тўла дард-фиғон. Актрисалар Зайнаб Худоёрова, Мадина Сапаева, Иноятхон Бахтиёрхўжа қизи “ичкари уй”даги итоаткор шарқ аёлининг дили хунини оҳанг, қўшиқ, рақс билан ифода этиб бера олишган. Бундан ташқари улар орқа фонда ижро этишган “мажнунтол” образи — ўзи сомеъ, аммо сирдош, қалби зардобга тўла, кундошлик жафоси қора толеига битилган мазлумалар тимсолида яққол намоён бўлган. Актрисалар Ҳалима ва Неъматнинг учрашуви чоғида айлантирган палакда чархи гардуннинг икки ёш қисмати тепасида айланиб аввал ёруғ ҳолатда, сўнг эса кажрафторлик балоси билан жафоларга йўлиқтирганлиги кўрсатилган.

Неъматнинг пахта заводига юборилганлигидаги ҳолат “Айрилиқ,ҳижрон” ариясини дилхунликда куйлашда очиб берилган. Саҳналаштириш жараёнидаги баъзан роялда, баъзан дуторда, баъзан халқ қўшиқлари ижросидаги кўринишлар томошабиннинг томоша пайтидаги руҳиятидаги ўзгаришларга кучли таъсир кўрсатади. Саҳна об-ҳавосини мўътадиллаштириб туради. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳнадаги ўзига хос бу топилмалар билан томошабинни ҳам воқеалар ривожида иштирокчига айлантира билган.

Ҳалиманинг отаси – Муслим ака (Валижон Азметов) лавҳада барча нарсани пулга сотадиган инсондек кўринади, бироқ ўғли Зокиржон (Аббос Қўзибоев), қизи Ҳалима (Фаёза Валиева) билан мулоқоти жараёнида ночор ота қиёфасида гавдаланади. Зокиржон отасига синглисини ёши катта бойга узатилишига эътироз билдирган пайтида ҳам миллий қадриятларимизга хос тарзда отасининг кўзига тик қарай олмайди. Муслим ака ўртаҳол савдогар бўлгани ҳолда молиявий парокандаликдан қутулишнинг, қарзларидан узилишнинг йўли Ҳалимани Ортиқбойга беришда деб билса, Зокиржон навниҳол синглисини бойга узатилишини орига зид деб билиб, қарзни узиш учун пулни топишга ҳаракат қилишини айтади. Отанинг бечораликни чора деб билиши, ўғилнинг масалани ечишни имкониятларидан келиб чиққани ҳолда ҳал этиш жараёнидаги кўринишда шаън масаласи туради. Ота ўғилга нисбатан, “Ўчир овозингни, Йўқол!..” деб кавушини отган тақдирда ҳам, ўғил отасига ўзи томон отилган кавушни олиб келиб, ётиқлик билан фикрии уқтиришга, отасини ғазаб алангасини сўндиришга ҳаракат қилиши; Ҳалиманинг онаси Рокия хола (Мадина Сапаева)нинг айюҳаннос солмай, “Мен бу никоҳга қаршиман…” дея турмуш ўртоғига айтиши, Ҳалиманинг отасига гарчи ўз истагига қарши бўлса-да, оилавий вазиятни-отасининг Ортиқбой олдидаги ожизлигини билгани ҳолатда “Мен розиман…” деб кўз ёшлари билан розилигини билдириши – бу ўзбек оиласидаги тарбиянинг бир кўриниши эмасми…

Неъматнинг отаси Раҳим ака (Азамат Ҳамроев) қиёфасида эса ўз фикрига эга эмас, Ортиқбойнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган, “нима десангиз шу, бой ота”дан ўзга нарсани билмайдиган қатъиятсиз шахсни кўрамиз. Гўёки Ортиқбой унинг учун авлиёлик рутбасига эга шахс. Раҳим акада ички исён етишмайди.

Ортиқбойнинг хотинлари Неъмат ва Ҳалимани бирга бўлишлари учун етарлича маблағ бериб уларни қочишга ундашади. Бироқ ота-онанинг юзига оёқ қўйишни истамаган, дардини тузалмас деб билган Неъматни касаллик ирода кучини енгиб қўйган, ундаги қатъиятни, келажакка нисбатан ишончни сўндирган. Оқибатда эса Неъматнинг ҳам, Ҳалиманинг ҳам тақдири фожиали якунланади.

“Ҳалима” пьесасининг ютуғи шундан иборат бўлдики, залда ўтирган томошабин уни нафасини ичига ютиб кузатди, пассив томошабин эмас, фаол кузатувчи сифатида “Нега?” саволига доимо воқеалар ривожида жавоб топишга интилиб, ҳар бир сюжетни синчиклаб томоша қилди. Драмадаги воқеалар долзарблигини йўқотмаган ҳолатда, инсонни шафқатсиз ҳаёт кураши жараёнида собит аҳдга, қатъиятли бўлишга, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлигини сақлай билишга ундайди. Мазкур драмада бой бўлиш иймон, виждонини четга суриб қўйиб ўзгаларнинг бахтсизлиги эвазига ўзинигина бахтли бўлиши учун, нафс ўпқонини қондириш дегани эмас; инсоннинг ҳисга эмас, ҳирсга берилиши кимларнингдир фожиасига олиб келиши ғоя сифатида кўрсатилди. Саҳна лавҳалари ижрочилари ёш бўлсалар ҳам ўзларига юклатилган масъулиятли вазифани моҳирлик билан уддаладилар. Бунда албатта уларга йўл-йўриқ кўрсатган устозлар Баҳодир Йўлдошев ва Рамзиддин Қодировларнинг меҳнати намоён бўлган.

077

09

(Tashriflar: umumiy 330, bugungi 1)

Izoh qoldiring