Hamza Umarov — tug’ma iste’dod sohibi edi…

0221
Ҳамза Умаров 100 га яқин спектаклларда такрорланмас образлар яратган, 1000 дан зиёд фильмлар дубляжида овоз берган. У ўз кучини режиссура, ҳатто драматургияда синаб кўришга жазм этган серқирра ва мураккаб санъаткор эди.

055

Ҳамза Умаров таниқли адиб ва режиссёр Учқун Назаровнинг «Ойна» асари асосида саҳналаштрилган спектаклда.

011

ТУҒМА ИСТЕЪДОД СОҲИБИ ЭДИ…

Актёрларнинг ҳаёти қизиқ бўлади. Улар бир умр “биров бўлиб яшайдилар”. Яъни, саҳнада, экранда ҳамиша бошқалар ҳаёти билан андармон бўлишади. Актёрлар гоҳ олис ўтмишда, гоҳ бугунда, баъзан келажакда… Кулишади, курашишади, интилишади, шундай қилиб ҳаёт кечиришади. Ўзларининг шахсий ҳаётлари эса одатда “панароқда” қолиб кетаверади. Чунки улар гўёки ана шундай машаққатли ва қийин ҳамда ширин изтиробларга умрларини бахшида этган инсонлардек гавдаланаверишади.

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофотларининг лауреати Ҳамза Умаров том маънода ана шундай бахтли инсон ва санъаткорлардан бири эди. Замондошлари уни эслаганда ҳар доим “Э, эсиз бир келиб кетди-да…” дея афсус чекиб қўйишаркан.

Бугунги авлод бу таниқли актёрни фақат бадиий фильмлар, баъзи спектакллар ҳамда республика радиосининг “Олтин фонди”даги овозлари орқалигина билишади, холос.

XX асрнинг иккинчи ярми ва XXI аср бошларида яшаётган инсонлар ўзларининг маънавий оламини бу актёрсиз, у театр ва кинода яратган образларисиз, ноёб ва такрорланмас овозисиз тасаввур қила олмайдилар.

Ҳамза Умаров уларнинг онги-шуурида, хотирасида гоҳ “Маҳаллада дув-дув гап”даги Умар, “Шум бола”даги Султон ўғри, “Ўткан кунлар”даги Ҳомид, “Қутлуғ қон”даги Салимбойвачча, “Фавқулодда комиссар”даги Мадаминбек, “Шиддат”даги Жаббор, “Еттинчи ўқ”даги Хайрулла, Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрининг “Олтин кўл”, “Нурхон”, “Ғазал фожиаси”, “Ўн иккинчи кеча”, “Сорочинск ярмаркаси” спектаклларидаги Ғани Ҳузурхўжа, Исфандиёрхон, Масхарабоз, Хвенко бўлиб бир умрга муҳрланиб қолган.

“Биз Ҳамза билан бир саҳнага чиқишга чўчиб турардик, – деб айтган экан Ўзбекистон халқ артисти Суръат Пўлатов суҳбатларидан бирида. – Чунки у саҳнани “ўзиники қилиб оладиган”, хатти-ҳаракатлари, овози ва юз-кўз ифодалари билан партнёрларини ҳам ҳайратга сола оладиган туғма истеъдод соҳиби эди…”

Ростдан ҳам бугунги кунда Ҳамза Умаров салоҳиятли, улкан истеъдодли актёр сифатида тилга олинади. Зеро, тириклигидаёқ ўзига хос мактаб яратган, ўзбек театр ва кино санъатида янги саҳифа очган бу санъаткорни бошқача тасаввур этиш мумкин эмас.

“Ҳамза Умаров менинг назаримда, санъатга садоқатнинг юксак намунаси эди, – деган эди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Солиҳов. – У киши ҳар бир ролига катта масъулият билан ёндашарди. Ўзининг юриш-туришларига, айтадиган сўзларига, юз-кўз ишораларига алоҳида эътибор берарди. У кишининг овозида шира, оҳанг, жаранг бор эди. Энди ўйлаб кўрсам, у сўз билан образ ярата оладиган ноёб санъаткорлар сирасига кираркан…”

Ҳамза Умаровнинг бошқаларга, айниқса, ёшларга намуна бўладиган фазилатлари кўп бўлган экан. Бу актёр ниҳоятда маданиятли, интизомли, ўзига ва бошқаларга ўта талабчан санъаткор эди, дея эслашади унинг ҳамкасблари.

Ҳақиқатан ҳам Ҳамза Умаров ўз ролига ниҳоятда жиддий ёндашадиган, ўша образнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир хатти-ҳаракати, имо-ишорасигача, қўйингки, кийимлари, грим ва ҳатто, тугмачаларининг қандай қадалишигача ёзиб борар, саҳнага чиқиши олдидан қайта-қайта тайёргарлик кўраркан.

Ҳамза Умаров 100 га яқин спектаклларда такрорланмас образлар яратган, 1000 дан зиёд фильмлар дубляжида овоз берган. У ўз кучини режиссура, ҳатто драматургияда синаб кўришга жазм этган серқирра ва мураккаб санъаткор эди.

Одатда, “туғма истеъдод соҳиби”, “Худо берган иқтидор” деган сифатларни ҳар қандай актёрга нисбатан қўллаб бўлмас экан. Бунинг учун ўша санъаткор бу сифатларга муносиб бўлиши лозим экан. Ҳамза Умаров эса ушбу сифатларга тўла мос келадиган, ҳаттоки, ундан ҳам баландроққа арзийдиган санъаткорлардан бири эди. Бундай улуғ инсонлар ҳаётга ҳар доим ҳам келавермайди. Бу санъаткор ана шундай муносиб хизматлари билан халқимизнинг қалбидан бир умрга жой эгаллаган.

Мақола  muloqot.uz сайтидан олинди

(Tashriflar: umumiy 204, bugungi 1)

Izoh qoldiring