Jaloliddin Rumiy. Ma’naviy masnaviy. 1-jild, 1-kitob & Najmiddin Komilov. Rumiyni anglash ishtiyoqi & Hz Mevlana’nın Hayatı. Çizgi Film

Ashampoo_Snap_2018.04.17_12h47m10s_001_.png      Жалолиддин Румий ўзининг барча қарашларида ислом фалсафаси, Қуръон ғояларига таянади. Пайғамбаримиз ҳадисларидан кўплаб мисоллар келтиради. Умуман олганда, чуқур ўйлаган одам Румий таълимоти исломнинг ўзагидан келиб чиқишини яхши англаб етади. Нега? Чунки ислом дини нисбатан янги дин бўлганлиги сабабли олдинги динларнинг ирфоний жиҳатини мустаҳкамлади, зотан, ислом бутпарастликка қарши курашиб шаклланган дин.

РУМИЙНИ АНГЛАШ ИШТИЁҚИ*
Нажмиддин Комилов
филология  доктори, профессор

01

    Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида келтириладиким, Жалолиддин Румий ўз замондоши Мавлоно Садриддин Қазвинийни хушламас эди. Бир куни суҳбат асносида гап исломдаги мазҳаблар ҳақида борганда, Румий Қазвинийга қараб: “Мен етмиш уч мазҳаб билан бирдирман” дейди.

Мавлоно Садриддин шогирдларидан бирига “Сен катта бир издиҳом ичида Румийдан мазкур гапни айтганмидингиз, деб сўра. Агар иқрор бўлса, оғзингдан келганча сўк ва ранжида қил”, деб буюрди. Шогирд пайтини топиб, ҳалиги саволни берганда, Румий: “Ҳа, айтганман”, дея тан олади. Шунда у қабиҳ сўзлар айтиб, Румийни ҳақорат қила бошлайди. Аммо Жалолиддин Румий ҳеч бир жаҳли чиқмай, табассум қилиб: “Мен сенинг айтганларинг билан ҳам бирдирман”, дейди. Мавлоно Садриддиннинг шогирди ўзи уялиб мажлисни тарк этади.

Ушбу ҳикоя нимага ишора этади? Нега Жалолиддин Румий ўзини етмиш уч мазҳаб билан биргаман деб эълон қилган ва нима сабабдан бу Мавлоно Садриддин Қазвинийга ёқмаган?

Бу саволларга жавоб беришдан олдин, қисқача бўлса-да, ўқувчиларга етмиш уч мазҳаб нималиги ҳақида маълумот беришимиз лозим. Етмиш уч мазҳаб—бу исломдаги сиёсий, ижтимоий ва мафкуравий курашларни ифодолаб келган ҳар хил оқимлар, гуруҳ ва фирқалардир. Аввало, шуни ҳам қайд этмоқ жоизки, бу ибора баъзи манбаларда “етмиш икки мазҳаб” шаклида ҳам учрайди. Сабаби етмиш учинчи мазҳаб исломнинг асосий анъанавий йўли ҳисобланган сунна ва жамоа мазҳабидир, қолган етмиш икки мазҳаб ана шу сунна ва жамоадан ажралиб чиққан, деб қаралади.

Энди етмиш икки мазҳабнинг ўзига келсак, уларни дастлаб олти гуруҳга ажратадилар. Чунончи: рофизия (ўз қавмини, сафини тарк этганлар), хорижия (ажралиб чиққанлар), жабария (тақдири азал ҳукмини қатъий деб билувчилар), қадария (инсоннинг эрки ўзида деб билувчилар), жаҳимия (Жаҳм бин Саффон тарафдорлари—барча масалаларни дўзах ва жаннатга боғлаб тушунтирувчилар), муржия (Худо бандасини ноумид қилмайди дегувчилар).

Мазкур олти гуруҳнинг ҳар бири яна ўн икки фирқага ажралади. Масалан, рофизия оқими фирқалари: алавия (ҳазрати Али ҳам пайғамбар эди дегувчилар), абадия (Али пайғамбарликка шерик дегувчилар), шиа (кимки Алини барча саҳобалардан афзал деб билмаса, кофирдир дегувчилар) исҳоқия (пайғамбарлик тамом бўлган эмас дегувчилар), зайдия ( имомликка фақат Али авлоди муносиб дейдиганлар), аббосия (Аббос ибн Абумуталлибдан бошқа имомни тан олмайдиганлар), имомия (ғойибдан келувчи имом ер юзида доим бор дегувчилар), норисия(кимки ўзини бошқалардан афзал деб ҳисобласа, кофирдир дейдиганлар), мутаносихия (жон чиққандан кейин яна бошқа вужудга кириши мумкин деб ишонувчилар), лоъиния (Саҳобалардан Талха, Зубайр ва биби Оишани лаънатловчилар), рожиъия (Али яна дунёга келади дегувчилар), муртазия (мусулмон подшоси билан жанг қилиш раво дейдиганлар).

Албатта, барча мазҳаблар ҳақида бу мақолада батафсил тўхташнинг иложи йўқ. Фақат шуни айтмоқчимизки, рофизия ва хорижия фирқалари шиачилик ақидаларига асосланса, яъни ҳазрати Али ва унинг авлодини улуғлашни мақсад қилиб олса, қадария ва жабария фирқалари сунна оқимига мансуб бўлиб, илми каломнинг назарий схолостик ақидалари атрофида баҳс қилганлар. Муржия, жаҳимия фирқалари ҳам шиа ҳам сунна мазҳабига тортадиган маслаклардан иборат. Буларнинг баъзилари фиқҳ масалаларида,баъзилари намоз, ибодат тартиблари, баъзилари иймон мазмуни устида тортишадилар. Аммо улар орасида ислом дини аҳком ва ақидаларини инкор этадиганлари ҳам бор. Чунончи, мўътазила мазҳабига кўра, ёмонлик илоҳий тақдирдан эмас, балки инсонларнинг ўзидандир; фосиқ кишининг имомлиги ҳаром; иймон эса бандасининг тажрибаси(ўзлаштирганидан) ҳосил бўлади, олдиндан белгиланмайди; Қуръон яратилгандир, ваҳий эмас, Меърож Қуддус шаҳригачадир ва бу фақат руҳга тегишли,жисмга эмас; қиёматда гуноҳ- савобнинг ҳисоб китоби, тарози йўқ, авлиёларнинг каромати ёлғон, қиёматда Ҳақ таолони кўриш мумкин эмас,жаннат аҳли ҳам ухлайдилар, овқатланадилар ва вафот этадилар… Сирожия аҳли фикрича, ўлиб кетган одамларнинг сўзи ҳужжат бўлолмайди, уларни инкор этиш мумкин (демак, пайамбар ҳадисларини ҳам).

Муҳкомия оқими бўйича эса, Худойи таолонинг бандаларига ҳеч бир ҳукми йўқ. Худо оламни ва одамни яратган, аммо одам барча фаолиятда ихтиёр ўзида. Лафзия аҳли дейдиларки, Қуръон иш Каломидир, илоҳий сўз эмас, бироқ Қуръоннинг маъноси илоҳийдир. Риёзия бўйича иймон суннат, холос, яъни эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ниятдир.

Шундай қилиб етмиш икки мазҳаб бўлса, етмиш икки хил қараш мавжуд. Улар орасида юқорида кўрганимиздай, анъанавий сунний мазҳаби ақидаларига мутлақо тўғри келмайдиган қарашлар кўзга ташланади. Бу мазҳаблар ҳар бири ўзиникини маъқуллаб, ўзини “чин мусулмон” деб ўйлар, бошқа мазҳаб тарафдорларини эса кофир, душман ҳисобларди. Натижада, бу мазҳаблар фақат назарий-мафкуравий майдонларда олишиб қолмай, балки қаттол урушларни ҳам вужудга келтирдилар, орада юз минглаб одамлар қирилиб кетарди. Энди юқоридаги ривоятимизга қайтадиган бўлсак, маълум бўладики, Мавлоно Садриддин Қазвиний сунний мазҳабининг ашаддий ҳимоячиси бўлганлиги сабабли бошқа мазҳабларни ёқтирмаган ва шу боис Румийнинг “мен етмиш уч мазҳаб билан бирдирман” деган сўзини куфр деб ҳисоблаган. Аммо Жалолиддин Румий назарида ундай эмас. Румий учун бу мазҳабларнинг ўзаро баҳсу мунозаралари ҳали балоғатга етмаган одамларнинг дину диёнат, ислом ва иймоннинг моҳиятига етмай, зоҳирий нарсалар, атамалар устида маънисиз ва мақсадсиз тортишувлари бўлиб туюлган. Нега? Чунки бирор мазҳабда ҳам Худонинг Ўзи, Унинг биру борлиги инкор этилган эмас. Мазҳаблар Холиқ ҳақида эмас, балки махлуқот, яъни яратилган нарсалар, одамлар ўзи ўйлаб топган расм- русумлар, қоида -қонунлар, ақидалар ҳақида баҳс-мунозара қиладилар. Тасаввуф аҳли эса Ҳақ таъолонинг Ўзи, унинг зоти ва жавҳари, яъни моҳиятлар моҳиятига етишиш учун интилганлари сабабли бу расм-русумлар, қоидаларга эътибор қилмасдилар. Улар шариатни қаттиқ ҳурмат қилганлар. Бироқ шариат шариат учун эмас, шариат ҳақиқат учун восита деб қаралган. Шундай бўлгандан кейин восита турлича бўлиши мумкин, мақсад эса битта—Ҳаққа етишмоқ, деб уқтирилади Жалолиддин Румий асарларида. Мана шу маънода Румий, мен барча мазҳаблар билан бирдирман, деган. Бугина эмас, Жалолиддин Румий фикрича, дунё динлари моҳиятан бирдир. Чунки уларнинг ҳаммасида ҳам тавҳид ғояси бор.

Парвардигори оламга сиғиниш, Ундан мадад олиш, У сари интилиш мавжуд. Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” (“Фийҳи ма фийҳи”) асарида келтирилади: “Бир кун бир йиғинда ваъз ўқиларди. Мусулмону кофир ҳамма йиғлар, турли аҳволга тушарди. Биров: “Кофирлар нега йиғлашади, устига устак тилни билишмайди. Мусулмонларнинг ҳам мингдан бири аранг тушунган ваъздан улар нимани англаяптики, бу қадар йиғлаб сиқташади? —деб сўради. Мавлоно буюрдики: “Сўзнинг ўзини тушунишга ҳожат йўқ. Улар моҳиятини, мақсадни англашмоқда. Улар ҳам Оллоҳнинг бирлигини эътироф этишади. Унинг Яратгувчи, Раззоқ, ҳамма нарсани ўз тасарруфида тутувчи эканини, ниҳоят ҳамма Унга қайтажагини, авфу жазо ундан бўлажагини англашади”.

Жалолиддин Румий буни яна соддароқ қилиб тушунтириш учун мисол келтиради: кўрмаяпсанми, Каъбага Шимолу Шарқ, Жануб ва Ғарбдан, Ироқу ажам, Ҳинду Ямандан одамлар йўлга чиқади. Уларнинг йўллари ҳар хил, аммо мақсадлари бир. Йўлда ихтилофлар, тортишувлар бўлади, аммо Каъбага етгач, баҳслар тўхтайди, ихтилофлар барҳам топади. “Йўлда бир- бирларига: “Кофирсан, фалонсан- пистонсан” деганлар Каъбага келишлари билан мақсадлари бир эканини англайдилар”, дейди Румий. Келишмовчиликлар маънода эмас, шаклда, сўздадир. Маънога етишганлар орасида низо йўқ. Румий таъкидлайдики, Худони чин дилдан севиш, Ундан умидвор бўлиш, Унга суяниш ҳар бир инсон қалби тубида балқиган муқаддас бир ҳисдир.

Худони ҳамма ҳам мутлақ Қудрат ва абадий- азалий зот деб билади. Бу маъно инсон қалбида шундай ўрнашганки, унинг на инкор, на тасдиқ кўриниши бор. Унинг исми ҳам ифодаси ҳам йўқ. Аммо маъно сўзга айланиши, шаклга кириши билан куфр ёки иймон, инкор ё тасдиқ пайдо бўлиб, муҳокамалар, ихтилофлар бошланади. Зеро, Парвардигор Буюк бир ғоя, мавҳумият. У бирор шаклга,сувратга сиғмайди, гарчи жами шакллар, сувратлар Ундан бўлса ҳам. Фарқлар шаклларда ифодаланади, шу боис махлуқият дунёси, бизнинг ўзимиз ва бизни ўраб кўриниб турган моддий дунё беҳисоб шакллар, ўзгаришлар, алмашинишлардан иборат. Парвардигор оламида бу хусусиятлар йўқ. Парвардигор дийдорига ошиқ инсонлар ҳам қайси дин, мазҳаб ва миллат ёки ирққа мансуб бўлишидан қатъи назар, қалбан бир маслакдаги одамлардир.

Шу учун Румий дейди:

Ҳар валиву ҳар набиро маслакест,
Лек, то Ҳақ мераванд жумла якест.

(Ҳар валий ва набийнинг ўз маслаги бор, аммо Ҳақ олдига борганда ҳаммаси бир бўлади).

Шундай қилиб, буюк сўфий шоир динлар ва мазҳабларни бир-биридан фарқланадиган, аммо бир манзилга олиб борадиган йўллар деб билади: “Йўллар хилма-хил бўлса ҳам лекин мақсад бирдир”, деб қайд этади у. Одамларнинг бир-бирини тушунмаслиги, биринчидан маънога эмас, балки номлар, атамалар, ташқи кўринишларга қараб ҳукм қилишда, иккинчидан, Худони севиш ва Унга беғараз, нафсу тамаъдан холи ҳолда иймон келтирмасдан, балки манфаат юзасидан муносабатда бўлиш, аниқроғи, Худони ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун рўкач қилиш, мададгор деб ҳисоблашдан келиб чиқади.

Моҳиятни тушунмасдан сўздаги фарққа қараб ўзаро ихтилоф қилишни Румий мана бу ривоят билан тушунтирган: Тўрт миллатдан тўрт киши— турк, форс, араб ва юнон йўлда бирга кетаётганларида уларга биров бир дирҳам пул беради. Тўртовлон бир-бирининг тилини тушунмагани сабабли пулга нима сотиб олиш кераклиги устида жанжаллашиб қоладилар. Форс “ангур”(узум) оламиз деса, араб “ман ангур емайман, “инаб”(узум) истайман дейди. Турк “узум” олмиз деб туриб олса, юнонлик “Йўқ, истофил (узум) емоқчиман” деб мушт ўқталади. Натижада, улар бир-бирини тушунмай, ёқалашиб кетадилар. Шу пайт “юз тилни биладиган сирлар соҳиби” бир одам йўлиқиб, уларнинг низосига қулоқ солиб, пулни қўлларидан олиб, бозордан узум сотиб олиб берганида, тўрталаси ҳам бир нарсани хоҳлаганини кўриб ҳайрон қолишади, истаклари амалга ошиб, ярашиб кетадилар.

Румий ушбу ривоят билан нафақат номлар, ифодаларнинг хилма-хиллиги маъно-моҳиятини яшириб, одамларни адаштиришини англатиш баробарида муҳим бир ғоя—Худонинг моҳиятини англашда инсонларнинг ҳушёрлиги, ақлий ва маърифий камолотига асосий эътиборни қаратади.

Одам қанчалик нодон бўлса, у шунча хурофотга, сўзлар сеҳрига, шаклларга маҳлиё бўлади, расм-русумга, ақидаларга берилувчан бўлади. Ва, аксинча, одамнинг маърифати, билими ошган сари, у Илоҳ илмига, ғайбга яқинлашиб боради, мазҳабпарастлик, ақидапарастликдан юқори кўтарилаверади, ҳақиқат ошиғи бўлиб, Ҳақ сари талпинаверади. Мазҳабпарастлик инсонни кичрайтиради, маънавий дунёсини торайтириб, муайян бир схолостик тушунчалар кишанига солиб қўяди. Шунинг учун сўфийлар ўзларини мазҳабларга, шариат чорчўбасига боғлиқ қилиб қўймаганлар. Сўфийлар зоҳирни эмас, ботинни ростлаш, қалбнинг, руҳнинг шарафланиши, камолоти учун курашардилар. Жалолиддин Румийнинг таъбири билан айтганда: “Инсоннинг ичи ҳуррият оламидир”. Ҳа, инсон қалбан ҳурдир. Оллоҳга бўлган муҳаббат, ҳаётга бўлган муҳаббат ҳам ҳурликдан пайдо бўлган шавқдир. Бу шавқ куйдирувчи ишққа айланиб, инсоннинг ўзини ҳам оламларни ўз ичига сиғдирувчи буюк бир хилқатга айлантиради. Яъни Оллоҳга қарин этади. Бу ишқ, боя айтганимиздай, ҳар қандай дунёвий ва ухравий манфаатпарастликдан, ғаразлардан холи, покдир. Бунда тоат-ибодатдан, аҳкомларни бажаришдан кўра, самимият, ёниқ ҳарорат билан жонфидолик қилиш ҳисси устун.

Шу ўринда Румийдан яна бир ривоятни нақл этмоқчимиз. “Маънавий Маснавий”да келтириладики, Мусо пайғамбар бир яйловдан ўтаётганида бир чўпонга дуч келади. Чўпон Худога нола қилиб дер эди: “Эй Художон, сен қаердасан, кел, сочларингни тарайин, чориғларингни тикайин, наки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга фидо бўлсин. Қаердасан, бориб дастёринг бўлсам, сут қаймоғим билан қорнингни тўйдирайин, бошинг оғриса, бошингни силайин, юзқўлингдан ўпайин, оёқларингни уқалайин…”

Мусо буни эшитиб, чўпонни койийди: “Эй аҳмоқ, кофир бўлдинг, Худонинг чориғи ҳам, тўни ҳам йўқ, у емайди, ичмайди, Уни ўзингга ўхшатма. У гўё қуёш, сен бир чивин…” Чўпон Мусонинг бу гапидан қаттиқ хафа бўлади ва жимиб қолади.
Шунда Парвардигори оламдан Мусога ваҳий келади: “Эй Мусо, нима қилдинг, бандамизни биздан айирдинг, қўй айтсин, сен бандаларнинг дилини Парвардигорга улаш учун юборилгансан, ажратиб ташлаш учун эмас. Биз ҳар одамга, ҳар бир элга ўз даражасида, ўз тилида муҳаббат изҳор этиш учун имкон бердик. Ҳиндларни ҳинд тилида, синдларни синд истилоҳида сўзлатдик.”

Бу ривоятда ҳам Румий ташқи белгилар, сўзлар шаклига эътибор қилмаслик, балки сўзнинг маъносига, самимийлигига эътибор бериш лозимлигини таъкидлайди. Чўпоннинг сўзлари жуда тўпори, содда. Чўпон Худони ўзига ўхшатиб тасаввур этади. Аммо унинг сўзлари, муҳаббати сохта эмас, тамаъғаразга асосланмаган. У бор будини Худо йўлида сарфлашга тайёр. Албатта юракдан айтилган гаплар қандай тилда бўлмасин айтувчининг садоқатини ифодалайди.

Мо бурунро нангарему қолро,
Мо дарунро бингарему ҳолро.

(Биз ташқи тузилишга ва сўзга қарамаймиз, биз ичкарига ва ҳолга боқамиз), дейди Худованд Мусога қараб. Бу Қуръондаги оятнинг шеърий таржимаси экани кўриниб турибди.

Зеро, инсон қалби Оллоҳнинг уйи, бу уй қанча тоза, саришта бўлса, Оллоҳ нури, Оллоҳ илму ҳикмати унда шунча акс этади. Кўнгил— бу жавҳар, сўз эса – араз(ҳодиса) дейди Румий. Агар киши фикрини сўз билан ифодаласа ҳам, лекин бу сўз кўнгилдан чиқдими ёки йўқми –муҳими шу! Сўз – қурол, мақсад эса – кўнгил. Кўнгил ўртанмаса, эҳтиросларга тўлишмаса, сўзда таъсир бўлмайди:

Чанд аз ин алфозу измору мажоз,
Сўз хоҳам, сўз, бо он сўз соз!

(Қачонгача бу сўзлар, киноя ва мажозларни келтирасан, олов истайман, олов, олов билан қизитгин).

Олов —Оллоҳнинг ишқи, олов— маъно, олов— Ҳақ ишқида ёнган кўнгил дарди.Демак, Моҳиятга ишқ олиб боради. Шу боис Жалолиддин Румийнинг “Маънавий Маснавий” асарини инсон тафаккурини оловлантириб, илоҳий моҳиятни англаш сари олиб борадиган Ишқнинг тафсири деса бўлади.

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай…

деб бошланади бу муаззам фалсафий достон. Най — Аслидан ажралган руҳ тимсоли, ошиқ қалб рамзи. У аслига қараб тинимсиз равишда интилади, нола-изтироблар билан ўзлигини ва ўз Роббини англаб боради. Румий бу маънони оламжаҳон ҳикоят ва масаллар келтириб, Қуръон оятлари ва ҳадислардан фойдаланиб тушунтириб беради. Унинг ўткир мушоҳадалари “Ичиндаги ичиндадир” асарида ҳам ёрқин намоён бўлган. Бу асарда ҳам ташқи ва ички оламлар қиёси, мақсад, ғояни, ҳақиқатларни шарҳлаш асосий ўринни эгаллаган. Одамлар кўп ҳолларда кўзга кўринган ташқи белгилар, сурат-шаклларга қараб ҳукм чиқарадилар, дейди мутафаккир. Сийрат ва моҳиятни англашга ожизлик қиладилар, шунда улар одатлар, маросимлар, ақидаларга ёпишиб оладилар: мазҳаббозлик, тарафкашлик билан шуғулланадилар. Холбуки, Илоҳ талабгори булардан юқори кўтарилиши лозим. Дарвешлар, сўфийлар ана шундай одамлардир. Моҳиятни идрок этмай тавҳид сирини, иймон нурини эгаллаш, илм-маърифат қозониш мумкин эмас. Илоҳ ҳақида тасаввурлар ҳам ҳар хил. Бу тасаввурларнинг ҳақиқати тўпланса, балки Оллоҳ маърифатига яқинлашиш иложи топилар? Румий қуйидаги масални келтиради: тўртта кўзи ожизга филнинг қанақа эканлигини англатмоқчи бўлибдилар. Филни уларнинг олдига олиб келибдилар. Улардан бири филнинг хартумини ушлаб, ҳа, илонга ўхшар экан дебди. Иккинчиси оёқларини пайпаслаб, фил бинонинг устунига ўхшаш экан дебди. Учинчиси қорнини ушлаб, қопга ўхшар экан дебди, тўртинчиси филнинг қулоқларига қўл текизиб, супрага ўхшар экан дебди.

Демак, уларнинг бирортасида ҳам фил ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Шу каби одамларда ҳам алоҳида-алоҳида олинганда Худо ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Фақат қалб кўзи билан идрок этадиганлар бу Моҳиятга яқинлашиб борадилар. Суратга ишқибоз зоҳирбинлар эса бундан маҳрумдирлар. Румий келтирган мана бу масал ҳам шу ўринла ибратли:

Бир тулки шердан қутилиш учун унга қараб: ўрмонда сендан ҳам зўр бир жонвор пайдо бўлибди, у сенга ҳужум қилиб емоқчи, дебди. Шернинг қаҳри келиб, қани ўша махлуқ, деб сўрабди. Тулки шерни қудуқ бошига олиб бориб, сувга қарагин кўрасан, дебди. Шер сувга қараган экан, ўз аксини кўрибди ва ҳали сенми мени ейдиган дея ўзини қудуққа ташлабди ва ҳалок бўлибди. Румийнинг хулосаси: суратпарастлик, ҳовлиқмалик, манманлик тақлидчиликни юзага келтиради. Манманлик эса охир-оқибатда инсонни ҳалокатга олиб боради.

Шундай қилиб, инсон руҳи Оллоҳдан ажралиб, “Оллоҳга қайтар экан”(Қуръон ояти), у албатта юксалиб ирфон нуридан баҳраманд бўлиб бориши лозим. Бўлмаса, моҳиятлар моҳияти, жамики ҳақиқатлар ҳақиқати – Ҳақ таъолони англамай, ҳодисалар, аразлар, суратлар ичида ўралашиб қолади.

Албатта, Румий сурат ва ҳодисалар оламини инкор этувчи эмас. У тажаллиёт фалсафасининг мутафаккири сифатида Оллоҳ нурининг бутун мавжудот бўйлаб тарқалиши, ҳар бир нафислик оҳанглар, ҳаракатларда бу нур зуҳур этишини ғазалларида тараннум этган. Аммо у ҳодиса ва сурат билан чекланишга қарши. Киши оламнинг ўзини, ҳодисаларини идрок этиш билан чегараланмасдан, ҳодисадан моҳиятга қараб бориши даркор. Шунда у шариат босқичидан ҳақиқат мартабасига кўтарилади. Камолот сари интилганлар йўлда тўхтаб қолиши мумкин эмас. Ана шу маънода Жалолиддин Румий барча динлар ва мазҳабларни ҳам ўзимга сиғдираман ва яна барчасидан ўзиб кетаман, дейди.

Бу ўринда шуни ҳам қайд этмоқчимизки, Румий барча мазҳаблар ва динларни бирлаштиришни мақсад қилган эмас ёхуд улар ўрнига янги умумжаҳоний дин таклиф қилгани ҳам йўқ. (Маълумки, ХХ аср бошида Эронда Баҳоулло деган киши ўзини пайғамбар деб, баҳоия дини дунёнинг ягона дини деб эълон қилган эди. Бу дин тарафдорлари ҳозир ҳам бор. Аммо улар тасаввуфни ҳам, Румийни ҳам хуш кўрмайдилар.

Жалолиддин Румий ўзининг барча қарашларида ислом фалсафаси, Қуръон ғояларига таянади. Пайғамбаримиз ҳадисларидан кўплаб мисоллар келтиради. Умуман олганда, чуқур ўйлаган одам Румий таълимоти исломнинг ўзагидан келиб чиқишини яхши англаб етади. Нега? Чунки ислом дини нисбатан янги дин бўлганлиги сабабли олдинги динларнинг ирфоний жиҳатини мустаҳкамлади, зотан, ислом бутпарастликка қарши курашиб шаклланган дин. Бутпарастлик эса суратпарастлик, зоҳирбинликдир. Шунинг учун исломда тавҳид биринчи ўринда туради: Худо мутлақ ва ягона яратувчи зот эканлиги чуқур исботланади. Исломда, шунингдек, сувратга эмас, маънога, ғояга эътибор қилиш етакчи фикрдир. Тасаввуф айнан ана шунга суянади ва исломий иймонни, тавҳидни яна ҳам ривожлантиради. Шу боис Румийнинг фикрларини исломий тавҳиднинг янада чуқурлашуви, ирфоний мазмун кашф этиши деб билишимиз лозим.
Шу ерда Румийнинг яна бир фикрини ўқувчиларга етказмоқчиман. Румий дейдики, Оллоҳнинг яратган одамлари чексиз бўлганидай, Унинг илми ҳам чексиздир ва Қуръони карим Оллоҳ илмининг ҳаммаси эмас. Қуръон бу илмнинг бир қисми – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга араб тилида юборилган илм. Оллоҳ илми олдинги пайғамбарларга бошқа тилларда ҳам юборилган эди, демак, кейин ҳам бу илм кашф этилиши мумкин.

Шундай бўлгач, динларни бирлаштириш мумкинми? Йўқ, мумккин эмас, дейди Румий. “Ичиндаги ичиндадир” китобида у ёзади: “Сиз қандай қилиб динни бир қиласиз? Бу фақат қиёматда мумкин. Бу ер дунёдир ва шунинг учун ҳам диннинг бир бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда уларнинг турли-туман истаги ва тилаги бордир. Дин Дунёда бирлашолмайди, фақат қиёматда бир бўлади. Қиёматда уларнинг ҳаммаси бирлашади, бир қулоқ, бир тил ҳолига келади”.

Ҳа, дунё касрат (кўплик) олами. Касрат эса хилма-хиллик, турли хил қарашлар, тушунчалар, истак ва хоҳишлар демакдир. Дин ана шунга мос равишда кўпдир. Қиёматда улар бирлашади, чунки ҳамма ягона Парвардигор ҳузурида бўлади, истаклар Оллоҳ истагига келиб уланади. Оллоҳ—ваҳдат. Ваҳдат эса касратни бирлаштиради.
Демак, динларнинг, мазҳаблар, таълимотлар, қарашларнинг турли-туман бўлиши қонуният, табиий ҳол. Унда булар орасидаги жанжал ва тортишувлар ҳам қонуниятми?

Жалолиддин Румий буни очиқ айтмаган. Аммо “дин дунёда бирлашмайди” деган фикрнинг ўзи улар орасидаги фарқлар, демакки, “менинг диним ҳақ”, “менинг мазҳабим тўғри” деган тортишувлар сақланаверади, деган маънони ҳам англатади. Зеро, бу тортишувлар замирида дунёвий манфаат ётади. Диққат қилинса, Румий “дин дунёда бирлашмайди” дейиш билан дин, гарчи Худога эътиқодни талаб қилса-да, охират ҳақида сўзласа-да, аммо у дунёвий ҳодисадир. (Бу ўринда муаллиф мансух бўлган динларни назар тутган—Н.И.) Дунёга эмас, балки Оллоҳга боғланиш, ҳаққа етишиш учун риёзатларни роҳат деб улуғ муҳаббат билан интилиш фақат тасаввуф таълимотига хос. Ана шу жиҳати билан тасаввуф аҳли, айниқса, Румий, Ибн Арабий, Жомий, Машраб каби улуғ орифлар барча динлар ва мазҳаблардан юқори турганлар, мазҳаблараро тортишувларни маънисиз ва беҳуда нарса деб қараб, одамларни буни англашга ва бирлашишга чақирганлар. Тасаввуф гуманизмининг умумжаҳонийлиги ва ўлмаслиги ҳам шундадир.

Бу мақолада биз “Маънавий Маснавий”нинг биргина жиҳатини гапирдик, холос. Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги (“қарама-қаршиликлар бирлиги”), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашёларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига ўтиш—эврилишлари, модда алмашинишнинг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари (ҳаёт— зиддиятлар “келишуви”, “ярашиши”, ўлим — зиддиятлар “жанги”), жисм ва руҳ, олам ва Илоҳ ҳақида ёзади, буларни ажабтовур ўткир мантиқ билан таҳлил ва тадқиқ этади. “Маснавий”да бир неча юз ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Қуръони каримнинг юзлаб ояти тилга олиниб, тафсир этилган. 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам калом илмининг улуғ билимдони, ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ва ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади у ва ана шу маъноларни изчил бизга тушунтиради.

Бутун “Маснавий” бошдан охиригача икки муҳим ғоянинг талқинига бағишланган десам хато қилмайман. Бу ғояларнинг бири—тақлидчилик, зоҳирбинликнинг жаҳолатдан эканлигини исботлаш бўлса, иккинчиси—илоҳий маънолар, Ҳақ ҳақиқатига эришган чин сўфийларни улуғлашдир.

Асарнинг бошидан бошлаб найга мурожаат қилган шоир, найнинг ботиний олами, ноласи, асроридан кўплар бехабар эканлигини таъкидлайди.Ва мана шу бехабарликнинг ўнлаб кўринишларини, салбий оқибатларини тамсил, ҳикоялар шарҳи билан очиб беради.

Най – руҳи Илоҳдан ажралган ва ўша аслига қараб шиддат билан интилаётган ошиқ орифдир. Бутун “Маснавий” шу ошиқ ориф қалбининг тафсиридир. Бу қалб – Шамс Табризийнинг, шайх Ҳусомиддиннинг, улуғ Жалолиддин Румийнинг қалбидир, уларнинг пок руҳлари таратган нурдир.

Бу ориф қалби – касрат дунёсини обдон ўрганиб, ваҳдат оламига парвоз этади, шу олам шавқида илоҳий ҳикматларни тизиб ташлайди.

Шу боис Румий асарларини англаш, ундан баҳра олиш кишига ҳузур бағишлайди, бу асарлар маънавиятнинг кони, маънолар хазинасидир.

Жалолиддин Румийнинг номи ҳар ҳолда Ўзбекистонда бегона эмас. Бу ном кўпларга таниш. Бунда Жамол Камол таржима қилган Радий Фишнинг китоби муайян рол ўйнади. Шу каби Ж. Жабборов шоирнинг бир даста ғазалларини таржима қилиб, нашр эттирди.

Истеъдодли шоиримиз Асқар Маҳкам “Маънавий Маснавий” таржимасига қўл урибди. Бунга унинг ҳаққи бор. Чунки Асқар Маҳкам ўзи сўфиёна шеърлар ёзиб юрган, қалбида Румий ғоялари жўш урган одам.

Асқар Маҳкам ишининг фазилати ва фойдали томони шундаки, у фақат Румий байтларини таржима қилиш билан чегараланмаган. Балки туркиялик атоқли румийшунос олим Мавлоно Обидин Пошшо шарҳини ўзбек тилига табдил этиб келтирибди.

Бошқача айтганда, Асқар Маҳкамнинг ишини ижодий ва тадқиқотий иш деса бўлади. Умуман, бу ўринда қадимги шориҳлар анъанаси сақланган, яъни: аввал оригинал байт келтирилади, кейин унинг назмий таржимаси, сўнгра лисоний-насрий таржимаси берилади ва шундан кейин байт шарҳланади.

Мавлоно Обидин шарҳи ўзигача бўлган бир неча мўътабар шарҳларга суяниб ёзилгани, хийла чуқурлиги билан қимматли. Албатта, бу шарҳ ҳам Румий маъноларини тўлиқ қамраб олади, дея олмаймиз. Ҳар қандай шарҳ, ҳар қандай талқин ва таржима буюк аслиятни англашга кўмак берувчи бир воситадир. Жумладан, тақдим этилаётган шарҳ ҳақида ҳам шуни айта оламиз.

Ушбу китоб “Маснавий” биринчи дафтарининг (ҳаммаси олти дафтар) бир қисмини ўз ичига олади. Демак, тақдим этилаётган китоб Румий ижоди билан дастлабки танишувдир. Таржимон сидқи дилдан меҳнат қилган, менимча, шарҳнинг бир қанча ўринларини тўлдириб, қўшиб таржима қилган. Натижада, бугунги ўзбек китобхонига тўҳфа бўладиган бир қимматли асар вужудга келган.

Агар “Маснавий”нинг барчаси шу зайлда шарҳ билан бирга таржима қилиб нашр этилса, бу, шубҳасиз, маданий-маънавий ҳаётимизда бир воқеа бўлади. Асқар Маҳкам эса миннатдор китобхонларнинг дуосини олади.

* МАЗКУР МАҚОЛА “МАСНАВИЙИ МАЪНАВИЙ”НИНГ АСҚАР МАҲКАМ ТАФСИРЛИ ТАРЖИМАСИ БИРИНЧИ ЖИЛДИГА УСТОЗ НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ЁЗГАН МУҚАДДИМАДИР.

Jaloliddin Rumiy o‘zining barcha qarashlarida islom falsafasi, Qur’on g‘oyalariga tayanadi. Payg‘ambarimiz hadislaridan ko‘plab misollar keltiradi. Umuman olganda, chuqur o‘ylagan odam Rumiy ta’limoti islomning o‘zagidan kelib chiqishini yaxshi anglab yetadi. Nega? Chunki islom dini nisbatan yangi din bo‘lganligi sababli oldingi dinlarning irfoniy jihatini mustahkamladi, zotan, islom butparastlikka qarshi kurashib shakllangan din.

RUMIYNI ANGLASH ISHTIYOQI*
Najmiddin Komilov
filologiya doktori, professor

01

Alisher Navoiyning “Nasoyimul muhabbat” asarida keltiriladikim, Jaloliddin Rumiy o‘z zamondoshi Mavlono Sadriddin Qazviniyni xushlamas edi. Bir kuni suhbat asnosida gap islomdagi mazhablar haqida borganda, Rumiy Qazviniyga qarab: “Men yetmish uch mazhab bilan birdirman” deydi.

Mavlono Sadriddin shogirdlaridan biriga “Sen katta bir izdihom ichida Rumiydan mazkur gapni aytganmidingiz, deb so‘ra. Agar iqror bo‘lsa, og‘zingdan kelgancha so‘k va ranjida qil”, deb buyurdi. Shogird paytini topib, haligi savolni berganda, Rumiy: “Ha, aytganman”, deya tan oladi. Shunda u qabih so‘zlar aytib, Rumiyni haqorat qila boshlaydi. Ammo Jaloliddin Rumiy hech bir jahli chiqmay, tabassum qilib: “Men sening aytganlaring bilan ham birdirman”, deydi. Mavlono Sadriddinning shogirdi o‘zi uyalib majlisni tark etadi.

Ushbu hikoya nimaga ishora etadi? Nega Jaloliddin Rumiy o‘zini yetmish uch mazhab bilan birgaman deb e’lon qilgan va nima sababdan bu Mavlono Sadriddin Qazviniyga yoqmagan?

Bu savollarga javob berishdan oldin, qisqacha bo‘lsa-da, o‘quvchilarga yetmish uch mazhab nimaligi haqida ma’lumot berishimiz lozim. Yetmish uch mazhab—bu islomdagi siyosiy, ijtimoiy va mafkuraviy kurashlarni ifodolab kelgan har xil oqimlar, guruh va firqalardir. Avvalo, shuni ham qayd etmoq joizki, bu ibora ba’zi manbalarda “yetmish ikki mazhab” shaklida ham uchraydi. Sababi yetmish uchinchi mazhab islomning asosiy an’anaviy yo‘li hisoblangan sunna va jamoa mazhabidir, qolgan yetmish ikki mazhab ana shu sunna va jamoadan ajralib chiqqan, deb qaraladi.

Endi yetmish ikki mazhabning o‘ziga kelsak, ularni dastlab olti guruhga ajratadilar. Chunonchi: rofiziya (o‘z qavmini, safini tark etganlar), xorijiya (ajralib chiqqanlar), jabariya (taqdiri azal hukmini qat’iy deb biluvchilar), qadariya (insonning erki o‘zida deb biluvchilar), jahimiya (Jahm bin Saffon tarafdorlari—barcha masalalarni do‘zax va jannatga bog‘lab tushuntiruvchilar), murjiya (Xudo bandasini noumid qilmaydi deguvchilar).

Mazkur olti guruhning har biri yana o‘n ikki firqaga ajraladi. Masalan, rofiziya oqimi firqalari: alaviya (hazrati Ali ham payg‘ambar edi deguvchilar), abadiya (Ali payg‘ambarlikka sherik deguvchilar), shia (kimki Alini barcha sahobalardan afzal deb bilmasa, kofirdir deguvchilar) is’hoqiya (payg‘ambarlik tamom bo‘lgan emas deguvchilar), zaydiya ( imomlikka faqat Ali avlodi munosib deydiganlar), abbosiya (Abbos ibn Abumutallibdan boshqa imomni tan olmaydiganlar), imomiya (g‘oyibdan keluvchi imom yer yuzida doim bor deguvchilar), norisiya(kimki o‘zini boshqalardan afzal deb hisoblasa, kofirdir deydiganlar), mutanosixiya (jon chiqqandan keyin yana boshqa vujudga kirishi mumkin deb ishonuvchilar), lo’iniya (Sahobalardan Talxa, Zubayr va bibi Oishani la’natlovchilar), roji’iya (Ali yana dunyoga keladi deguvchilar), murtaziya (musulmon podshosi bilan jang qilish ravo deydiganlar).

Albatta, barcha mazhablar haqida bu maqolada batafsil to‘xtashning iloji yo‘q. Faqat shuni aytmoqchimizki, rofiziya va xorijiya firqalari shiachilik aqidalariga asoslansa, ya’ni hazrati Ali va uning avlodini ulug‘lashni maqsad qilib olsa, qadariya va jabariya firqalari sunna oqimiga mansub bo‘lib, ilmi kalomning nazariy sxolostik aqidalari atrofida bahs qilganlar. Murjiya, jahimiya firqalari ham shia ham sunna mazhabiga tortadigan maslaklardan iborat. Bularning ba’zilari fiqh masalalarida,ba’zilari namoz, ibodat tartiblari, ba’zilari iymon mazmuni ustida tortishadilar. Ammo ular orasida islom dini ahkom va aqidalarini inkor etadiganlari ham bor. Chunonchi, mo‘tazila mazhabiga ko‘ra, yomonlik ilohiy taqdirdan emas, balki insonlarning o‘zidandir; fosiq kishining imomligi harom; iymon esa bandasining tajribasi(o‘zlashtirganidan) hosil bo‘ladi, oldindan belgilanmaydi; Qur’on yaratilgandir, vahiy emas, Me’roj Quddus shahrigachadir va bu faqat ruhga tegishli,jismga emas; qiyomatda gunoh- savobning hisob kitobi, tarozi yo‘q, avliyolarning karomati yolg‘on, qiyomatda Haq taoloni ko‘rish mumkin emas,jannat ahli ham uxlaydilar, ovqatlanadilar va vafot etadilar… Sirojiya ahli fikricha, o‘lib ketgan odamlarning so‘zi hujjat bo‘lolmaydi, ularni inkor etish mumkin (demak, payambar hadislarini ham).

Muhkomiya oqimi bo‘yicha esa, Xudoyi taoloning bandalariga hech bir hukmi yo‘q. Xudo olamni va odamni yaratgan, ammo odam barcha faoliyatda ixtiyor o‘zida. Lafziya ahli deydilarki, Qur’on ish Kalomidir, ilohiy so‘z emas, biroq Qur’onning ma’nosi ilohiydir. Riyoziya bo‘yicha iymon sunnat, xolos, ya’ni ezgu so‘z, ezgu amal, ezgu niyatdir.

Shunday qilib yetmish ikki mazhab bo‘lsa, yetmish ikki xil qarash mavjud. Ular orasida yuqorida ko‘rganimizday, an’anaviy sunniy mazhabi aqidalariga mutlaqo to‘g‘ri kelmaydigan qarashlar ko‘zga tashlanadi. Bu mazhablar har biri o‘zinikini ma’qullab, o‘zini “chin musulmon” deb o‘ylar, boshqa mazhab tarafdorlarini esa kofir, dushman hisoblardi. Natijada, bu mazhablar faqat nazariy-mafkuraviy maydonlarda olishib qolmay, balki qattol urushlarni ham vujudga keltirdilar, orada yuz minglab odamlar qirilib ketardi. Endi yuqoridagi rivoyatimizga qaytadigan bo‘lsak, ma’lum bo‘ladiki, Mavlono Sadriddin Qazviniy sunniy mazhabining ashaddiy himoyachisi bo‘lganligi sababli boshqa mazhablarni yoqtirmagan va shu bois Rumiyning “men yetmish uch mazhab bilan birdirman” degan so‘zini kufr deb hisoblagan. Ammo Jaloliddin Rumiy nazarida unday emas. Rumiy uchun bu mazhablarning o‘zaro bahsu munozaralari hali balog‘atga yetmagan odamlarning dinu diyonat, islom va iymonning mohiyatiga yetmay, zohiriy narsalar, atamalar ustida ma’nisiz va maqsadsiz tortishuvlari bo‘lib tuyulgan. Nega? Chunki biror mazhabda ham Xudoning O‘zi, Uning biru borligi inkor etilgan emas. Mazhablar Xoliq haqida emas, balki maxluqot, ya’ni yaratilgan narsalar, odamlar o‘zi o‘ylab topgan rasm- rusumlar, qoida -qonunlar, aqidalar haqida bahs-munozara qiladilar. Tasavvuf ahli esa Haq ta’oloning O‘zi, uning zoti va javhari, ya’ni mohiyatlar mohiyatiga yetishish uchun intilganlari sababli bu rasm-rusumlar, qoidalarga e’tibor qilmasdilar. Ular shariatni qattiq hurmat qilganlar. Biroq shariat shariat uchun emas, shariat haqiqat uchun vosita deb qaralgan. Shunday bo‘lgandan keyin vosita turlicha bo‘lishi mumkin, maqsad esa bitta—Haqqa yetishmoq, deb uqtiriladi Jaloliddin Rumiy asarlarida. Mana shu ma’noda Rumiy, men barcha mazhablar bilan birdirman, degan. Bugina emas, Jaloliddin Rumiy fikricha, dunyo dinlari mohiyatan birdir. Chunki ularning hammasida ham tavhid g‘oyasi bor.

Parvardigori olamga sig‘inish, Undan madad olish, U sari intilish mavjud. Rumiyning “Ichindagi ichindadir” (“Fiyhi ma fiyhi”) asarida keltiriladi: “Bir kun bir yig‘inda va’z o‘qilardi. Musulmonu kofir hamma yig‘lar, turli ahvolga tushardi. Birov: “Kofirlar nega yig‘lashadi, ustiga ustak tilni bilishmaydi. Musulmonlarning ham mingdan biri arang tushungan va’zdan ular nimani anglayaptiki, bu qadar yig‘lab siqtashadi? —deb so‘radi. Mavlono buyurdiki: “So‘zning o‘zini tushunishga hojat yo‘q. Ular mohiyatini, maqsadni anglashmoqda. Ular ham Ollohning birligini e’tirof etishadi. Uning Yaratguvchi, Razzoq, hamma narsani o‘z tasarrufida tutuvchi ekanini, nihoyat hamma Unga qaytajagini, avfu jazo undan bo‘lajagini anglashadi”.

Jaloliddin Rumiy buni yana soddaroq qilib tushuntirish uchun misol keltiradi: ko‘rmayapsanmi, Ka’baga Shimolu Sharq, Janub va G‘arbdan, Iroqu ajam, Hindu Yamandan odamlar yo‘lga chiqadi. Ularning yo‘llari har xil, ammo maqsadlari bir. Yo‘lda ixtiloflar, tortishuvlar bo‘ladi, ammo Ka’baga yetgach, bahslar to‘xtaydi, ixtiloflar barham topadi. “Yo‘lda bir- birlariga: “Kofirsan, falonsan- pistonsan” deganlar Ka’baga kelishlari bilan maqsadlari bir ekanini anglaydilar”, deydi Rumiy. Kelishmovchiliklar ma’noda emas, shaklda, so‘zdadir. Ma’noga yetishganlar orasida nizo yo‘q. Rumiy ta’kidlaydiki, Xudoni chin dildan sevish, Undan umidvor bo‘lish, Unga suyanish har bir inson qalbi tubida balqigan muqaddas bir hisdir.

Xudoni hamma ham mutlaq Qudrat va abadiy- azaliy zot deb biladi. Bu ma’no inson qalbida shunday o‘rnashganki, uning na inkor, na tasdiq ko‘rinishi bor. Uning ismi ham ifodasi ham yo‘q. Ammo ma’no so‘zga aylanishi, shaklga kirishi bilan kufr yoki iymon, inkor yo tasdiq paydo bo‘lib, muhokamalar, ixtiloflar boshlanadi. Zero, Parvardigor Buyuk bir g‘oya, mavhumiyat. U biror shaklga,suvratga sig‘maydi, garchi jami shakllar, suvratlar Undan bo‘lsa ham. Farqlar shakllarda ifodalanadi, shu bois maxluqiyat dunyosi, bizning o‘zimiz va bizni o‘rab ko‘rinib turgan moddiy dunyo behisob shakllar, o‘zgarishlar, almashinishlardan iborat. Parvardigor olamida bu xususiyatlar yo‘q. Parvardigor diydoriga oshiq insonlar ham qaysi din, mazhab va millat yoki irqqa mansub bo‘lishidan qat’i nazar, qalban bir maslakdagi odamlardir.

Shu uchun Rumiy deydi:

Har valivu har nabiro maslakest,
Lek, to Haq meravand jumla yakest.

(Har valiy va nabiyning o‘z maslagi bor, ammo Haq oldiga borganda hammasi bir bo‘ladi).

Shunday qilib, buyuk so‘fiy shoir dinlar va mazhablarni bir-biridan farqlanadigan, ammo bir manzilga olib boradigan yo‘llar deb biladi: “Yo‘llar xilma-xil bo‘lsa ham lekin maqsad birdir”, deb qayd etadi u. Odamlarning bir-birini tushunmasligi, birinchidan ma’noga emas, balki nomlar, atamalar, tashqi ko‘rinishlarga qarab hukm qilishda, ikkinchidan, Xudoni sevish va Unga beg‘araz, nafsu tama’dan xoli holda iymon keltirmasdan, balki manfaat yuzasidan munosabatda bo‘lish, aniqrog‘i, Xudoni o‘zining g‘arazli niyatlarini amalga oshirish uchun ro‘kach qilish, madadgor deb hisoblashdan kelib chiqadi.

Mohiyatni tushunmasdan so‘zdagi farqqa qarab o‘zaro ixtilof qilishni Rumiy mana bu rivoyat bilan tushuntirgan: To‘rt millatdan to‘rt kishi— turk, fors, arab va yunon yo‘lda birga ketayotganlarida ularga birov bir dirham pul beradi. To‘rtovlon bir-birining tilini tushunmagani sababli pulga nima sotib olish kerakligi ustida janjallashib qoladilar. Fors “angur”(uzum) olamiz desa, arab “man angur yemayman, “inab”(uzum) istayman deydi. Turk “uzum” olmiz deb turib olsa, yunonlik “Yo‘q, istofil (uzum) yemoqchiman” deb musht o‘qtaladi. Natijada, ular bir-birini tushunmay, yoqalashib ketadilar. Shu payt “yuz tilni biladigan sirlar sohibi” bir odam yo‘liqib, ularning nizosiga quloq solib, pulni qo‘llaridan olib, bozordan uzum sotib olib berganida, to‘rtalasi ham bir narsani xohlaganini ko‘rib hayron qolishadi, istaklari amalga oshib, yarashib ketadilar.

Rumiy ushbu rivoyat bilan nafaqat nomlar, ifodalarning xilma-xilligi ma’no-mohiyatini yashirib, odamlarni adashtirishini anglatish barobarida muhim bir g‘oya—Xudoning mohiyatini anglashda insonlarning hushyorligi, aqliy va ma’rifiy kamolotiga asosiy e’tiborni qaratadi.

Odam qanchalik nodon bo‘lsa, u shuncha xurofotga, so‘zlar sehriga, shakllarga mahliyo bo‘ladi, rasm-rusumga, aqidalarga beriluvchan bo‘ladi. Va, aksincha, odamning ma’rifati, bilimi oshgan sari, u Iloh ilmiga, g‘aybga yaqinlashib boradi, mazhabparastlik, aqidaparastlikdan yuqori ko‘tarilaveradi, haqiqat oshig‘i bo‘lib, Haq sari talpinaveradi. Mazhabparastlik insonni kichraytiradi, ma’naviy dunyosini toraytirib, muayyan bir sxolostik tushunchalar kishaniga solib qo‘yadi. Shuning uchun so‘fiylar o‘zlarini mazhablarga, shariat chorcho‘basiga bog‘liq qilib qo‘ymaganlar. So‘fiylar zohirni emas, botinni rostlash, qalbning, ruhning sharaflanishi, kamoloti uchun kurashardilar. Jaloliddin Rumiyning ta’biri bilan aytganda: “Insonning ichi hurriyat olamidir”. Ha, inson qalban hurdir. Ollohga bo‘lgan muhabbat, hayotga bo‘lgan muhabbat ham hurlikdan paydo bo‘lgan shavqdir. Bu shavq kuydiruvchi ishqqa aylanib, insonning o‘zini ham olamlarni o‘z ichiga sig‘diruvchi buyuk bir xilqatga aylantiradi. Ya’ni Ollohga qarin etadi. Bu ishq, boya aytganimizday, har qanday dunyoviy va uxraviy manfaatparastlikdan, g‘arazlardan xoli, pokdir. Bunda toat-ibodatdan, ahkomlarni bajarishdan ko‘ra, samimiyat, yoniq harorat bilan jonfidolik qilish hissi ustun.

Shu o‘rinda Rumiydan yana bir rivoyatni naql etmoqchimiz. “Ma’naviy Masnaviy”da keltiriladiki, Muso payg‘ambar bir yaylovdan o‘tayotganida bir cho‘ponga duch keladi. Cho‘pon Xudoga nola qilib der edi: “Ey Xudojon, sen qayerdasan, kel, sochlaringni tarayin, chorig‘laringni tikayin, naki o‘z jonim, balki qo‘ylarim, farzandlarim ham senga fido bo‘lsin. Qayerdasan, borib dastyoring bo‘lsam, sut qaymog‘im bilan qorningni to‘ydirayin, boshing og‘risa, boshingni silayin, yuzqo‘lingdan o‘payin, oyoqlaringni uqalayin…”

Muso buni eshitib, cho‘ponni koyiydi: “Ey ahmoq, kofir bo‘lding, Xudoning chorig‘i ham, to‘ni ham yo‘q, u yemaydi, ichmaydi, Uni o‘zingga o‘xshatma. U go‘yo quyosh, sen bir chivin…” Cho‘pon Musoning bu gapidan qattiq xafa bo‘ladi va jimib qoladi.
Shunda Parvardigori olamdan Musoga vahiy keladi: “Ey Muso, nima qilding, bandamizni bizdan ayirding, qo‘y aytsin, sen bandalarning dilini Parvardigorga ulash uchun yuborilgansan, ajratib tashlash uchun emas. Biz har odamga, har bir elga o‘z darajasida, o‘z tilida muhabbat izhor etish uchun imkon berdik. Hindlarni hind tilida, sindlarni sind istilohida so‘zlatdik.”

Bu rivoyatda ham Rumiy tashqi belgilar, so‘zlar shakliga e’tibor qilmaslik, balki so‘zning ma’nosiga, samimiyligiga e’tibor berish lozimligini ta’kidlaydi. Cho‘ponning so‘zlari juda to‘pori, sodda. Cho‘pon Xudoni o‘ziga o‘xshatib tasavvur etadi. Ammo uning so‘zlari, muhabbati soxta emas, tama’g‘arazga asoslanmagan. U bor budini Xudo yo‘lida sarflashga tayyor. Albatta yurakdan aytilgan gaplar qanday tilda bo‘lmasin aytuvchining sadoqatini ifodalaydi.

Mo burunro nangaremu qolro,
Mo darunro bingaremu holro.

(Biz tashqi tuzilishga va so‘zga qaramaymiz, biz ichkariga va holga boqamiz), deydi Xudovand Musoga qarab. Bu Qur’ondagi oyatning she’riy tarjimasi ekani ko‘rinib turibdi.

Zero, inson qalbi Ollohning uyi, bu uy qancha toza, sarishta bo‘lsa, Olloh nuri, Olloh ilmu hikmati unda shuncha aks etadi. Ko‘ngil— bu javhar, so‘z esa – araz(hodisa) deydi Rumiy. Agar kishi fikrini so‘z bilan ifodalasa ham, lekin bu so‘z ko‘ngildan chiqdimi yoki yo‘qmi –muhimi shu! So‘z – qurol, maqsad esa – ko‘ngil. Ko‘ngil o‘rtanmasa, ehtiroslarga to‘lishmasa, so‘zda ta’sir bo‘lmaydi:

Chand az in alfozu izmoru majoz,
So‘z xoham, so‘z, bo on so‘z soz!

(Qachongacha bu so‘zlar, kinoya va majozlarni keltirasan, olov istayman, olov, olov bilan qizitgin).

Olov —Ollohning ishqi, olov— ma’no, olov— Haq ishqida yongan ko‘ngil dardi.Demak, Mohiyatga ishq olib boradi. Shu bois Jaloliddin Rumiyning “Ma’naviy Masnaviy” asarini inson tafakkurini olovlantirib, ilohiy mohiyatni anglash sari olib boradigan Ishqning tafsiri desa bo‘ladi.

Tinglagil, nay ne hikoyat aylagay,
Ayriliqlardan shikoyat aylagay…

deb boshlanadi bu muazzam falsafiy doston. Nay — Aslidan ajralgan ruh timsoli, oshiq qalb ramzi. U asliga qarab tinimsiz ravishda intiladi, nola-iztiroblar bilan o‘zligini va o‘z Robbini anglab boradi. Rumiy bu ma’noni olamjahon hikoyat va masallar keltirib, Qur’on oyatlari va hadislardan foydalanib tushuntirib beradi. Uning o‘tkir mushohadalari “Ichindagi ichindadir” asarida ham yorqin namoyon bo‘lgan. Bu asarda ham tashqi va ichki olamlar qiyosi, maqsad, g‘oyani, haqiqatlarni sharhlash asosiy o‘rinni egallagan. Odamlar ko‘p hollarda ko‘zga ko‘ringan tashqi belgilar, surat-shakllarga qarab hukm chiqaradilar, deydi mutafakkir. Siyrat va mohiyatni anglashga ojizlik qiladilar, shunda ular odatlar, marosimlar, aqidalarga yopishib oladilar: mazhabbozlik, tarafkashlik bilan shug‘ullanadilar. Xolbuki, Iloh talabgori bulardan yuqori ko‘tarilishi lozim. Darveshlar, so‘fiylar ana shunday odamlardir. Mohiyatni idrok etmay tavhid sirini, iymon nurini egallash, ilm-ma’rifat qozonish mumkin emas. Iloh haqida tasavvurlar ham har xil. Bu tasavvurlarning haqiqati to‘plansa, balki Olloh ma’rifatiga yaqinlashish iloji topilar? Rumiy quyidagi masalni keltiradi: to‘rtta ko‘zi ojizga filning qanaqa ekanligini anglatmoqchi bo‘libdilar. Filni ularning oldiga olib kelibdilar. Ulardan biri filning xartumini ushlab, ha, ilonga o‘xshar ekan debdi. Ikkinchisi oyoqlarini paypaslab, fil binoning ustuniga o‘xshash ekan debdi. Uchinchisi qornini ushlab, qopga o‘xshar ekan debdi, to‘rtinchisi filning quloqlariga qo‘l tekizib, supraga o‘xshar ekan debdi.

Demak, ularning birortasida ham fil haqida to‘liq tasavvur yo‘q. Shu kabi odamlarda ham alohida-alohida olinganda Xudo haqida to‘liq tasavvur yo‘q. Faqat qalb ko‘zi bilan idrok etadiganlar bu Mohiyatga yaqinlashib boradilar. Suratga ishqiboz zohirbinlar esa bundan mahrumdirlar. Rumiy keltirgan mana bu masal ham shu o‘rinla ibratli:

Bir tulki sherdan qutilish uchun unga qarab: o‘rmonda sendan ham zo‘r bir jonvor paydo bo‘libdi, u senga hujum qilib yemoqchi, debdi. Sherning qahri kelib, qani o‘sha maxluq, deb so‘rabdi. Tulki sherni quduq boshiga olib borib, suvga qaragin ko‘rasan, debdi. Sher suvga qaragan ekan, o‘z aksini ko‘ribdi va hali senmi meni yeydigan deya o‘zini quduqqa tashlabdi va halok bo‘libdi. Rumiyning xulosasi: suratparastlik, hovliqmalik, manmanlik taqlidchilikni yuzaga keltiradi. Manmanlik esa oxir-oqibatda insonni halokatga olib boradi.

Shunday qilib, inson ruhi Ollohdan ajralib, “Ollohga qaytar ekan”(Qur’on oyati), u albatta yuksalib irfon nuridan bahramand bo‘lib borishi lozim. Bo‘lmasa, mohiyatlar mohiyati, jamiki haqiqatlar haqiqati – Haq ta’oloni anglamay, hodisalar, arazlar, suratlar ichida o‘ralashib qoladi.

Albatta, Rumiy surat va hodisalar olamini inkor etuvchi emas. U tajalliyot falsafasining mutafakkiri sifatida Olloh nurining butun mavjudot bo‘ylab tarqalishi, har bir nafislik ohanglar, harakatlarda bu nur zuhur etishini g‘azallarida tarannum etgan. Ammo u hodisa va surat bilan cheklanishga qarshi. Kishi olamning o‘zini, hodisalarini idrok etish bilan chegaralanmasdan, hodisadan mohiyatga qarab borishi darkor. Shunda u shariat bosqichidan haqiqat martabasiga ko‘tariladi. Kamolot sari intilganlar yo‘lda to‘xtab qolishi mumkin emas. Ana shu ma’noda Jaloliddin Rumiy barcha dinlar va mazhablarni ham o‘zimga sig‘diraman va yana barchasidan o‘zib ketaman, deydi.

Bu o‘rinda shuni ham qayd etmoqchimizki, Rumiy barcha mazhablar va dinlarni birlashtirishni maqsad qilgan emas yoxud ular o‘rniga yangi umumjahoniy din taklif qilgani ham yo‘q. (Ma’lumki, XX asr boshida Eronda Bahoullo degan kishi o‘zini payg‘ambar deb, bahoiya dini dunyoning yagona dini deb e’lon qilgan edi. Bu din tarafdorlari hozir ham bor. Ammo ular tasavvufni ham, Rumiyni ham xush ko‘rmaydilar.

Jaloliddin Rumiy o‘zining barcha qarashlarida islom falsafasi, Qur’on g‘oyalariga tayanadi. Payg‘ambarimiz hadislaridan ko‘plab misollar keltiradi. Umuman olganda, chuqur o‘ylagan odam Rumiy ta’limoti islomning o‘zagidan kelib chiqishini yaxshi anglab yetadi. Nega? Chunki islom dini nisbatan yangi din bo‘lganligi sababli oldingi dinlarning irfoniy jihatini mustahkamladi, zotan, islom butparastlikka qarshi kurashib shakllangan din. Butparastlik esa suratparastlik, zohirbinlikdir. Shuning uchun islomda tavhid birinchi o‘rinda turadi: Xudo mutlaq va yagona yaratuvchi zot ekanligi chuqur isbotlanadi. Islomda, shuningdek, suvratga emas, ma’noga, g‘oyaga e’tibor qilish yetakchi fikrdir. Tasavvuf aynan ana shunga suyanadi va islomiy iymonni, tavhidni yana ham rivojlantiradi. Shu bois Rumiyning fikrlarini islomiy tavhidning yanada chuqurlashuvi, irfoniy mazmun kashf etishi deb bilishimiz lozim.
Shu yerda Rumiyning yana bir fikrini o‘quvchilarga yetkazmoqchiman. Rumiy deydiki, Ollohning yaratgan odamlari cheksiz bo‘lganiday, Uning ilmi ham cheksizdir va Qur’oni karim Olloh ilmining hammasi emas. Qur’on bu ilmning bir qismi – Muhammad sollallohu alayhi vasallamga arab tilida yuborilgan ilm. Olloh ilmi oldingi payg‘ambarlarga boshqa tillarda ham yuborilgan edi, demak, keyin ham bu ilm kashf etilishi mumkin.

Shunday bo‘lgach, dinlarni birlashtirish mumkinmi? Yo‘q, mumkkin emas, deydi Rumiy. “Ichindagi ichindadir” kitobida u yozadi: “Siz qanday qilib dinni bir qilasiz? Bu faqat qiyomatda mumkin. Bu yer dunyodir va shuning uchun ham dinning bir bo‘lishi mumkin emas. Chunki bu yerda ularning turli-tuman istagi va tilagi bordir. Din Dunyoda birlasholmaydi, faqat qiyomatda bir bo‘ladi. Qiyomatda ularning hammasi birlashadi, bir quloq, bir til holiga keladi”.

Ha, dunyo kasrat (ko‘plik) olami. Kasrat esa xilma-xillik, turli xil qarashlar, tushunchalar, istak va xohishlar demakdir. Din ana shunga mos ravishda ko‘pdir. Qiyomatda ular birlashadi, chunki hamma yagona Parvardigor huzurida bo‘ladi, istaklar Olloh istagiga kelib ulanadi. Olloh—vahdat. Vahdat esa kasratni birlashtiradi.
Demak, dinlarning, mazhablar, ta’limotlar, qarashlarning turli-tuman bo‘lishi qonuniyat, tabiiy hol. Unda bular orasidagi janjal va tortishuvlar ham qonuniyatmi?

Jaloliddin Rumiy buni ochiq aytmagan. Ammo “din dunyoda birlashmaydi” degan fikrning o‘zi ular orasidagi farqlar, demakki, “mening dinim haq”, “mening mazhabim to‘g‘ri” degan tortishuvlar saqlanaveradi, degan ma’noni ham anglatadi. Zero, bu tortishuvlar zamirida dunyoviy manfaat yotadi. Diqqat qilinsa, Rumiy “din dunyoda birlashmaydi” deyish bilan din, garchi Xudoga e’tiqodni talab qilsa-da, oxirat haqida so‘zlasa-da, ammo u dunyoviy hodisadir. (Bu o‘rinda muallif mansux bo‘lgan dinlarni nazar tutgan—N.I.) Dunyoga emas, balki Ollohga bog‘lanish, haqqa yetishish uchun riyozatlarni rohat deb ulug‘ muhabbat bilan intilish faqat tasavvuf ta’limotiga xos. Ana shu jihati bilan tasavvuf ahli, ayniqsa, Rumiy, Ibn Arabiy, Jomiy, Mashrab kabi ulug‘ oriflar barcha dinlar va mazhablardan yuqori turganlar, mazhablararo tortishuvlarni ma’nisiz va behuda narsa deb qarab, odamlarni buni anglashga va birlashishga chaqirganlar. Tasavvuf gumanizmining umumjahoniyligi va o‘lmasligi ham shundadir.

Bu maqolada biz “Ma’naviy Masnaviy”ning birgina jihatini gapirdik, xolos. Rumiy buyuk mutafakkir inson sifatida dunyo ziddiyatlari, ziddiyatlarning o‘zaro vobastaligi (“qarama-qarshiliklar birligi”), dunyoda milliard shaklu shamoyilda mavjud bo‘lgan ashyolarning o‘zaro aloqasi, bir-biriga o‘tish—evrilishlari, modda almashinishning zarradan koinot qadar amal qilishi, hayot va o‘lim sabablari (hayot— ziddiyatlar “kelishuvi”, “yarashishi”, o‘lim — ziddiyatlar “jangi”), jism va ruh, olam va Iloh haqida yozadi, bularni ajabtovur o‘tkir mantiq bilan tahlil va tadqiq etadi. “Masnaviy”da bir necha yuz hikoyat va rivoyatlar keltirilgan. Qur’oni karimning yuzlab oyati tilga olinib, tafsir etilgan. 690 hadisga rumiyona sharh berilgan. Ko‘z oldimizda ham kalom ilmining ulug‘ bilimdoni, ham tasavvuf ta’limotini sarbaland cho‘qqiga olib chiqqan orif inson va ham muqtadir daho shoir gavdalanadi. Oddiy latifalar, hikoyatlardan Rumiy favqulodda falsafiy-so‘fiyona ma’nolar chiqaradi, teran tafakkuri doiradan doiraga, darajadan darajaga ko‘tarilib boradi. “Qur’onning uch qabat botiniy ma’nosi bor”, deb qayd etadi u va ana shu ma’nolarni izchil bizga tushuntiradi.

Butun “Masnaviy” boshdan oxirigacha ikki muhim g‘oyaning talqiniga bag‘ishlangan desam xato qilmayman. Bu g‘oyalarning biri—taqlidchilik, zohirbinlikning jaholatdan ekanligini isbotlash bo‘lsa, ikkinchisi—ilohiy ma’nolar, Haq haqiqatiga erishgan chin so‘fiylarni ulug‘lashdir.

Asarning boshidan boshlab nayga murojaat qilgan shoir, nayning botiniy olami, nolasi, asroridan ko‘plar bexabar ekanligini ta’kidlaydi.Va mana shu bexabarlikning o‘nlab ko‘rinishlarini, salbiy oqibatlarini tamsil, hikoyalar sharhi bilan ochib beradi.

Nay – ruhi Ilohdan ajralgan va o‘sha asliga qarab shiddat bilan intilayotgan oshiq orifdir. Butun “Masnaviy” shu oshiq orif qalbining tafsiridir. Bu qalb – Shams Tabriziyning, shayx Husomiddinning, ulug‘ Jaloliddin Rumiyning qalbidir, ularning pok ruhlari taratgan nurdir.

Bu orif qalbi – kasrat dunyosini obdon o‘rganib, vahdat olamiga parvoz etadi, shu olam shavqida ilohiy hikmatlarni tizib tashlaydi.

Shu bois Rumiy asarlarini anglash, undan bahra olish kishiga huzur bag‘ishlaydi, bu asarlar ma’naviyatning koni, ma’nolar xazinasidir.

Jaloliddin Rumiyning nomi har holda O‘zbekistonda begona emas. Bu nom ko‘plarga tanish. Bunda Jamol Kamol tarjima qilgan Radiy Fishning kitobi muayyan rol o‘ynadi. Shu kabi J. Jabborov shoirning bir dasta g‘azallarini tarjima qilib, nashr ettirdi.

Iste’dodli shoirimiz Asqar Mahkam “Ma’naviy Masnaviy” tarjimasiga qo‘l uribdi. Bunga uning haqqi bor. Chunki Asqar Mahkam o‘zi so‘fiyona she’rlar yozib yurgan, qalbida Rumiy g‘oyalari jo‘sh urgan odam.

Asqar Mahkam ishining fazilati va foydali tomoni shundaki, u faqat Rumiy baytlarini tarjima qilish bilan chegaralanmagan. Balki turkiyalik atoqli rumiyshunos olim Mavlono Obidin Poshsho sharhini o‘zbek tiliga tabdil etib keltiribdi.

Boshqacha aytganda, Asqar Mahkamning ishini ijodiy va tadqiqotiy ish desa bo‘ladi. Umuman, bu o‘rinda qadimgi shorihlar an’anasi saqlangan, ya’ni: avval original bayt keltiriladi, keyin uning nazmiy tarjimasi, so‘ngra lisoniy-nasriy tarjimasi beriladi va shundan keyin bayt sharhlanadi.

Mavlono Obidin sharhi o‘zigacha bo‘lgan bir necha mo‘tabar sharhlarga suyanib yozilgani, xiyla chuqurligi bilan qimmatli. Albatta, bu sharh ham Rumiy ma’nolarini to‘liq qamrab oladi, deya olmaymiz. Har qanday sharh, har qanday talqin va tarjima buyuk asliyatni anglashga ko‘mak beruvchi bir vositadir. Jumladan, taqdim etilayotgan sharh haqida ham shuni ayta olamiz.

Ushbu kitob “Masnaviy” birinchi daftarining (hammasi olti daftar) bir qismini o‘z ichiga oladi. Demak, taqdim etilayotgan kitob Rumiy ijodi bilan dastlabki tanishuvdir. Tarjimon sidqi dildan mehnat qilgan, menimcha, sharhning bir qancha o‘rinlarini to‘ldirib, qo‘shib tarjima qilgan. Natijada, bugungi o‘zbek kitobxoniga to‘hfa bo‘ladigan bir qimmatli asar vujudga kelgan.

Agar “Masnaviy”ning barchasi shu zaylda sharh bilan birga tarjima qilib nashr etilsa, bu, shubhasiz, madaniy-ma’naviy hayotimizda bir voqea bo‘ladi. Asqar Mahkam esa minnatdor kitobxonlarning duosini oladi.

* MAZKUR MAQOLA “MASNAVIYI MA’NAVIY”NING ASQAR MAHKAM TAFSIRLI TARJIMASI BIRINCHI JILDIGA USTOZ NAJMIDDIN KOMILOV YOZGAN MUQADDIMADIR.

 

05

(Tashriflar: umumiy 462, bugungi 1)

Izoh qoldiring