Jumanazar Yo’ldosh. Sir & Jumanazar Yo’ldosh. Uy. Audiohikoya & Yomg’irdan so’ng. Hikoyalar to’plami

05 Мен Жуманазарни таниганимда жуда одамови эканлигини сезганман ва у ижод қилиши, ҳикоялар ёзишини ўйлаб ҳам кўрмаганман. Бир кун у қўлимга бир даста қоғоз тутиб, “ўқиб кўринг” деди.

Ёзганларини ўқирканман имло хатоларига тўла, мужмал сўз бирикмаларидан ҳафсалам пир бўлсада, унда, ёзганларида ўзига тортадиган нимадир бор эди. Вақт ўтиб у ижодий даврага шўнғиб кетди. Давра таъсир қилдими, ўқиган китобларининг залвори босдими, қувонарлиси, анча дадил ёза бошлади. Ўзимиз ўрганган ёшлар насрига фақат ўзбекча руҳ эмас, умбашарий нимадир қўшишга уриниши балки уни ғарблашишда айблашга сабаб бўлар. Аммо бир томони борки, у ҳали изланишда, ўйламанки, бу изланишлари унга ҳам адабиётимизга ҳам у кутган ўша ниманидир бера олади.

Шоҳруҳ Нажот

Жуманазар Йўлдош
ИККИ ҲИКОЯ ВА БАДИА


ТИЛ ҲАҚИДА БАДИА
Расул Ҳамзатовни ўқиб

088Тийрамоҳда сарғайган гулдек сўлдинг – тўсат ўлиб қолдинг. Мискин вужудингда чидамсиз оғриқ қўзғалди. Бутун ер юзи кўзингга кичрайиб-кичрайиб, тангадай кўрингунга довур ундан йироқлашиб кетдинг. Бу ўз ихтиёринг билан бўлмай, бунинг бажарувчиси қандайдир ғайриҳолий куч эди.

Ердан, инсонлардан узлатда ўзингни шу қадар ёлғиз, ночор ҳис қилдингки, бирдан бу туйимга ҳамоҳанг тарзда умрингнинг ҳеч бир лаҳзасида ўзингни бу қадар бахтсиз деб билмаганлигингни ҳам ҳис қилдинг. Шунда ўкиниб-ўксиниб йиғлагинг, ўзинг мавжуд бўлган шу дунёдан ҳам кетгинг келиб кетди. Бироқ ўрнингдан қилт этиб ҳам қимирлаб бўлмас, кўзингда ёшинг ҳам қотиб қолганди.

Сен бу бемисл азоблардан қандай қутулмоқ мумкинлигини ўйлай кетдинг. Ўзинг ўйлаб чиқарган минглаб усулларга сарфланган кучинг ҳам бекор кетди. Лекин сен шунда ҳам ноумид бўлмадинг. Ҳаракатда ўзингга собитқадам ишонч ва чидам ато этдинг.

Аммо уринишлар бесамарлиги сени ҳолдан тойдирди, бирдан-бир умидинг – инсонларга яқинлашиш, улар суҳбатига жо бўлишдек орзунгни ҳам пучга чиқарди. Энди сен бемақсад яшай бошладинг. Вақтингни турли палапартиш ўйловлар билан ўтказадиган бўлдинг.

Кунлардан бир кун сен гапириш қобилини ҳам худди умидинг каби йўқотиб қўйганингни сездинг! Даъфатан уйғонган бу сезим сени иккинчи бор ўлдиргандай бўлди. Йўқ, тилсиз яшамоқ мумкин эмас! Гарчи сен инсонлар «нариги дунё» деб атовчи дунёда яшаётган бўлсанг-да! Узлатда, инсонлардан йироқ-йироқда яшаётган бўлсанг-да ўзинг билан ўзинг гаплашмоқ, ўзингга ўзинг дардингни тўкмоқ, ҳасрат қилмоқ учун ҳам тил керак!
Сен гапиришга уриндинг, уриндинг, уринавердинг…

Уринишлар бесамар бўлаверди, бўлаверди, бўлаверди…

Ўз тилингни тиклашга уринишинг боис сезилмас даражада бўлса ҳам ерга яқинлашаётганингни пайқадинг.

ЁМҒИРДАН СЎНГ…

– Ўтинаман, мени ёлғизлатиб кетма…
У аёлининг қўлларини маҳкам, меҳр билан сиқиб, кўзига тўтиё қиларкан, беихтиёр шивирлади. Йиғи аралаш айтилган бу гапдан ингранаётган, алаҳсираётган бемор ширин тушдан уйғонган каби ҳушига келди. Қўлларини ўпиб, пешонасига тутаётган эрининг жингалак сочларини беозоргина, меҳр билан силади.
– Сени қаёққаям ташлаб кетардим, тентаккинам.
Рафиқасининг ҳушига келганидан ўзини йўқотар даражада хурсанд бўлган эр ихтиёрсиз унинг манглайидан ўпиб қўйди.
– Ҳозиргина шифокор келиб кетганди. Сени ҳали-вери ўзига келмайди, деганди. Яратганга шукр, таваллоларим кўкка етибди.
Аёлнинг қонсиз юзига хаста табассум югурди. Кейин негадир оғир хўрсинди. Хаёлланиб қолди.
– Сен… ҳеч мени тузалишимни истама, – деди аёл оғир ютиниб.
– Нега бундай деяпсан? – ҳайрон бўлди эр.
– Чунки Тангри негадир мудом биз истаган нарсаларнинг терсини қилади. Дейлик, сен ҳозир мени яшашимни истайсан. Лекин эртагача нариги дунёга рихлат қилган бўламан ва ҳуру ғилмонлар атрофимда рақсга тушаётган бўлади.
– Унда не қилай? Ахир бу аҳволда ётибсан, ўл қовуштириб ўтиролмайман. Ҳақингга дуо ўқишим керакку.
– Яхшиси… менинг ўлимимни тила.
Эр изоҳлаб бўлмайдиган, ўнғайсиз аҳволга тушди. Бошини қуйи эгаркан, довдираб қолди. Унинг бу ҳолатидан хотинисиз ҳаёти қандай бўлишини тасаввур қилаётганини сезиш мумкин эди. Ниҳоят, тили калимага келди:
– Бу гапни иккинчи гапирма…
Аёл тўсат ўзининг дахшатли бахтсизлик ҳақида сўз очганини сезди, чоғи, ўз гапининг мағзи нимадан иборат эканлигини зўр бериб тушунтиришга чоғланди, шу аснода унинг хасталик қиёфаси хийла жонланди.
– Сен гапимни, чамамда, хато тушундинг. Мен ўлишни эмас, аксинча, яшашни, яшаганда ҳам сен – суюклигим билан яшамоқни истайман ва келажагимни ғира-шира бўлсада кўргандай бўляпман: сен ва мен ёмғирдан сўнг ўрмонга қўзиқорин тергани чиққанмиз, лабимизда шодон кулги, қўлимизни бир-бирига илдирганча кетяпмиз… Ҳа, худди шуни кўряпман! Ҳа!..
Унинг хиёл жонланган, аммо ҳали хасталик нуқси аримаган, докадай оқ юзида нурли, ҳазин, сурурли жилмайиш пайдо бўлди. У ниҳоятда қизғинлик билан, умидвор нигоҳда деразага қаради. Лекин у ётган жой ташқарини кузатиш учун ноқулайлиги орқасидан тик туриб кўрмоқчи бўлди, лекин ҳамроҳ қўллар уни қимирлашга қўймади. – Деразадан қарачи, ёмғир ёғмадимикин?
– Йўқ, сен хасталангандан бери ҳаво очиқ, нега сўраяпсан?
– Биласанми, ҳозир ёмғир ёғишини ва биргаликда қўзиқорин тергани табиат қўйнига боришимизни истаяпман. Билмадим нега? Менга сўз бер: оёққа турганимдан кейин, албатта, ўрмонга борамиз, деб.
– Сўз бераман, жоним. Бугун тузаладиган бўлсанг, шу бугуноқ борамиз, фақат илтимос, тезроқ тузал. Сени бу аҳволинг мен учун мислсиз азоб, жоним.
– Нечун куюнаверасан, ахир айтдимку, сени ташлаб кетмайман. Бу қисматим эмас. Қўй, бошқа нарсаларни гаплашайлик, негадир суҳбат қургим келяпти.
Ҳозир илк дафъа икки муштарак қалб қанча вақтлардан бери давом этиб келаётган қора кунлар адоғига етиб, офтобдай ёруғ, ҳароратли саодат кунларининг илк тотимларини туйишди ва мана шу бахт лаҳзалари улар учун ҳеч туганмасдай туйилди. Инсон ҳамиша туганмас бахт ҳақида хаёл сурганида ихтиёрсиз энтикади, бутун олам, айниқса, севимли кишилари кўзига ниҳоятда дилбар кўринади ва ана шу дамда улар ўз суйимли кишилари учун ҳар ишга қодир бўлиб қолишади.
Ҳозир эр ҳам ўз рафиқасига ана шу бахтиёрлик, некбинлик назари билан тикилмоқда эдики, бехос бу туғёнли ҳисларини айни дамда баён қилмасликнинг ҳеч иложи йўқлигини сезди.
– Суҳбат дейсанми? – деди у аёлининг нозик қўлларини меҳр ила сиқиб,– жоним, сен билан суҳбат қуриш эмас, ақалли нигоҳингга лойиқ бўлишлик мен учун қанчалик катта бахт эканлигини билсанг эди… Оҳ! Билсанг эди!..
Аёлининг кафтини худди юрак товушини эшиттирмоқчидай тиради. Аёл эса қўлини худди иссиқ печга теккандай тезда тортиб олди ва эрига беозор тикилиб жилмайди.
Нигоҳлар бир-бирига чирмовиқдай боғланиб қолди ва ҳамжавоб, энтикувчан табассум қилдилар.
– Биламан, билганда ҳам жуда яхши биламан ва ҳар тонг кўзимнинг ожиз эмаслигига шукроналар айтаман. Биласанми нега? Чунки Тангри мени сени кўра олишдек бахтдан бенасиб қилмаган бўлади.
– Оҳ, азизим… Биз ҳаддан ортиқ бахлимиз-а! Ҳеч ўйлаб кўрганмисан: биздай бахтлилар бошқа бормикан? Ва бўлсалар улар қанча? Бармоқ билан санарлими, ё бармоқ букиш билан ҳам уларни тугатиб бўлмасмикин?..
– Менимча, биздай бахтлилар ер сатҳидан топилмаса керак…
Улар сурур билан кулиб қўйдилар. Эр хаёлчан бир нуқтага кўз тикиб қолди. Бахт ҳиссини юрак-юракдан ҳис қилган, унинг не мўъжиза экани тўғрисида ўй сурган ҳар одам шундай ўйланарди: лабда табассум, нигоҳ бир нуқтага қадоқ: гўё кўзлар бутун умр ана шу нуқтага тикилишга маҳкум, шу нуқтага дунёнинг бутун мири-сирини мушоҳада юритиб ечмоққа бел боғлаган файласуфдек ўйчан тикилган. Бу ҳолда, табиийки, у бахт ҳисси ҳақида ўзгаларнинг ўй-хаёлларига қизиқади.
– Бу бахт деганлари, – деди у ҳамон ўша нигоҳ қадаган томондан кўз олмай, – сен учун ўзи нима?
Не деганини сўнг бирдан пайқади ва идроки тасаввур сарҳадлари бўйлаб чопаётган чоғда ўйланмай берган бу саволидан негадир жуда хижолат бўлди.
– Бу саволим бемаъни, худди ёш болаларга бериладиган саволдай туйилаётгандир. Лекин бу қадар жўн савол берганимга ҳайрон бўлма, хафа ҳам бўлма. Шунчаки тентак хаёлимга шу нарса келиб қолди. Бунга жавоб беришинг шарт ҳам эмас.
– Йўқ, саволингга жон-жон деб жавоб бераман. Фақат нега саволингдан бунчалик хижолат тортганингга ҳайронман. Ахир бу барчага берилиши керак саволку! Энг улуғ савол! Мақтаб юбордим, энди шунга мос жавоб беришим керак. Мен учун ҳар олган нафасим бахт, кулолишим, йиғлай олишим, кўрольишим – умуман, айтсам, мавжудлигим – бу бахтим. Менга яхши таниш бўлган шу дунёдаги жамики нарсалар менга бахт. Мусаффо ҳаводан тўйиб симириш, сайроқи қушларнинг чаҳ-чаҳини тинглаш, қуёшнинг илиқ тафтида тобланиш, капалакларнинг чаққон қанот қоқиб қилган парвозини томоша қилиш, гулларнинг ёқимли бўйини туйиш – бари-барчаси, ҳатто дард, қайғу ҳам бахтнинг бир шакли мен учун. – Аёл гапини тугаллаб, ҳамсуҳбатига қаради, у ўз гапларини мушоҳада қилаётган эди. Шунда аёл ҳам шунга ўхшаш савол беришга ўзини ҳуқуқли деб ҳис қилди. – Хўш, ўзинг бу саволингга нима деб жавоб берардинг?
– Мен бир оғиз гапираман, холос. Сени мавжудлигинг ва меники эканлигинг менга бахт. Рост, сенга телбаларча ошиқман. Мени ғоят бадрўй одамни кўрганчалик кўрганингда ҳам севавераман. Бу гапим сен учун жуда жўн туйилаётгандир. Лекин шуни билишингни жуда истардим. Сен менинг иккинчи қисмимсан. Сенсиз ҳеч бир бутун бўлолмайман.
Аёл беихтиёр кулиб юборди.
– Сен… шундай гапирдингки… – деди аёл ва бирдан жимиб қолди. Гапининг тугатилиши эрининг дилини оғритиб қўйиши билан ниҳоя топишини сезди.
– Қандай экан? – деди эри жиддий. Унинг юзидан бунга астойдил қизиқаётгани зуҳур эди.
– Худдики сохта ошиққа ўхшаб гапирдинг!
Аёл ширингина кулди. Эри эса унга жиддий тикилдида, ўксинган бир қиёфада хомуш деразага қаради.
– Ҳаво ҳали ҳам булут… – деди синиқ товушда.
Завжаси пушаймонона назарини эридан узмасди. Эрида унинг нигоҳини сезар, атай деразадан кўзини олмас эди.
– Менга қара, – деди аёл. Бўйсунди. – Сен мендан хафа бўлдинг… – қўлларини ушлаб ўпиб қўйди. – Кечир… Кечир мени…
У ҳам завжасига жавобан қўлларини сиқиб қўйди.
– Йўқ, сендан хафа бўлмадим. Хафа бўлмадимки, бунга ҳақим ҳам йўқ эди. – У сўзининг исботи тариқасида майин табассум қилди. – Биласанми, мен гапинг туфайли ўзимдан ранжидим. Сенга сохта ошиқ кўринганимдан, бўлар-бўлмас қилинган дил изҳорим билан худди шу тоифа ошиқларга ўхшаб қолишим мумкинлигидан хафа бўлдим. Бу ўз айбим. Мен ўз туғёнларимни яширолмайман.
Ичимдаги борини сенга айтгим келади. Бор дардим, бор қувончимни сен билан баҳам кўрсам дейман. Шунга дилимдагиларни сенга айтаман…
– Кечир, дилингни оғритиб қўйдим, афсусдаман…
– Йўқ, кечирим сўрама. Сендан хафа бўлишга ҳақим йўқ. Бу – гуноҳ. – У жимиб қолди. – Биласанми, Тангри бизга улуғ саодат берган. Биз бу бахтга лойиқ бўлишимиз, ундан тўла баҳра олишимиз керак. Орамизда бўлса-бўлмаса гинахонлик, беҳуда кўнгилқолдилар бўлаверса, бир-биримизга узр-маъзур қилаверсак, Тангри бизни ким деб ўйлайди? Ношукур! Мен шундан қаттиқ қўрқаман… Ҳаётимнинг бахту саодатга тўлиқ чоғлари поёнига етишидан қўрқаман. Тангри биздан мана шу қувончли кунларимизни юлқиб олишидан хавотирдаман. Биласанми, мен кеча бир китоб ўқидим. Унинг муаллифи Тангридан юз бурган бир кимса. Ҳозир… – У ўрнидан тез туриб, хона бурчагидаги жавондан қизил муқовали китоб олди. – Унда шундай ваҳимали нарсалар борки… ўқиб дахшатда қолдим. Буни аниқ бахтнинг кушандаси ёзган. « Мен Тангри таоло аталмиш яратувчининг бахтимни тортиб олмоғидан қўрқиб яшолмайман. Бундан кўра бахтсиз яшамоқ ё, яхшиси, ўлмоқ афзал. Тангри бизни қўрқувда яшашимизни истайди! У худбин! Бундан афзали – унинг иродасига қарши чиқмоқ – ўлмоқ!..» Бошқа ўқиёлмайман… Ёруғ ҳаётдан кечиб, одамларни зулматга, қоронғиликка тортадиган одамнинг гаплари бу… Ўзинг айт, наҳотки шу гапларга қўшиладиган, эргашадиганлар ҳам топилса?! Ахир бу бутун бошли ёвузликку! Ҳар гапидан даҳрийлик иси келиб турган бу сўзлар наҳотки кимнидир ҳаётини ўзгартириб юборишга қодир бўлса?! Тангри таоло ҳеч қачон бахт қадрига етадиганларнинг бахтини ярим қилмайди. У ҳеч қачон бизни қўрқувда яшашимизни истамайди! Тангри – сахий! У инсонларга фақат яхшилик тилайди – ўз фарзандига ким ёмонлик тилайди, ахир. У бирон айб қилсагу, гуноҳимизни тушуниб, тавба-тазарру қилсак, албатта, кечиради. Ҳатто мана шу китобни ёзган даҳрийни ҳам тавба қилса, шубҳасиз кечиради… Марҳаматли Худони қоралаш ўтакетган гумроҳлик! Наҳотки буни у тушуниб етмаса?!.
– Китобни кўрсатчи, – деди аёл дабдурустдан.
У узатилган китобни олиб, термулиб қолди. Унинг ҳар саҳифасини варақлаб, айрим жумлаларни ўқий бошлади. Ўқигани сари юз ифодасидаги дахшат, хомушлик зўрайиб борди… Сўнг варақни ўқиб бўлиб, ёпди ва кўзларини юмиб, алланималар деб эшиттирмай пичирлади. Китобни эрига тутқаздию, юзини терс ўгирди:
– Буни ёқиб юбор…
Эри унга ҳайрон тикилди, лекин айтганини қилди: ёнаётган печ оғзини очиб, китобни тиқди. Олов баттар гуркираб ёна бошлади. Сўнг аёлига қаради. Унинг нигоҳи тўсат бефарқлашган, аниқ қаерга қараётганини, нимани ўйлаётганини билиб бўлмасди.
– Пичирлаб нима деб дуо қилдинг? – деди саволчан тикилиб. – У одамнинг ўлиминимасми? – кулиб қўйди.
Алҳол, яхши идрок қилинмай, ўртага кўтаринки кайфият олиб кирмоқ учун айтилган бу гапдан аёлнинг нигоҳлари сергаклашиб, унга ўқдай қадалди. Эр ноўрин ва бачкана хазил қилганини англаб, хижолат тортди.
– Мени шундай деб ўйлайсанми? Бировга ўлим тилашга қодир деб ўйлайсанми мени?
– Йўқ, мен хазил тариқасида айтдим, кечир…
– Сен «Сендан хафа бўлишга ҳақим йўқ, бу – гуноҳ», дегандинг. Бу гап менга ҳам тегишли. Сендан хафа бўлолмайман, кечириб сўрама. Мен… Худодан бу гумроҳнинг гуноҳларини афв этишини сўрадим. Ўйлаб кўрсам, бу у каби одамлардан нафратланмаслик керак экан. Аксинча, уларга ачиниш керак. Ўз ҳаёт йўлини нотўғри танлаган одамга ачинмаслик мумкинми, ахир? Бу сингари одамлар тийрамоҳда сарғайган япроққа ўхшашади. Сал шабадада бандидан чирт узилиб, шабадага эргашиб кетаверади – ҳаётнинг қора кучлари сал жилва кўрсатса, улар томон оғиб кетаверишади. Улар собитқадамлик, мустаҳкам ироданинг йўқлиги туфайли шундай гуноҳга ботадилар.
Орага зилдай оғир сукунат чўкди. Улар хомуш нимадир ўйлашарди. Бундай узоқ хаёл суриб қолишганларини биринчи эр пайқади ва бу ҳол унга жуда эриш туйилди.
– Нега мотамсаро сукут сақлаймиз? Ахир биз саодатманд одамлармиз. Бундай жимлик бизга ярашмайди. Кулишлайлик, ниманидир эслашайлик. Биз ахир бошқача одамлармиз. Сокин бўлиб ўтираверсак, бебахт одамлардан не фарқимиз қолади?
– Рост… Маъюслашиб кетдик. Лекин шундай одамлар…
– Майли, қўй бу гапларни. Буларнинг ҳаётимизга заррача дохиллиги йўқ. Наҳотки бизда бунинг ўрнига биронта ҳам кулишиб-энтикишиб эсланадиган воқеа бўлмаса? Ёруғ, илиқ хотирлар турганида одамни кўнглини хира қиладиган бу каби нарсаларни ўйлаш нимага керак? Шундоқ ҳам дунё қоронғилашиб боряпти… Биздайлар дунёни қоплаётган ана шу зулматни меҳр-муҳаббат тафтимиз билан куйдириб, парчалаб ташлашимиз керак…
– Ҳа… – деди аёл майин жилмайиб.
Эр эслашиб гаплашадиган бирон воқеани хотирасини титкилаб излай бошлади. Узоқ ўйланмади, анчадан бери айтмоқчи бўлиб, сира маврид тополмаган қандайдир сирли воқеа хаёлига келгани аёлининг қўлларини ўзгача ушлаб, унга қизғин юз бургани, яқинлашганидан зоҳир бўлди.
– Биласанми, ҳозир суйиниб эслайдиган воқеалар ҳақида гапирмоқчи эдим. Лекин сенга кўпдан бери айтолмаётган бир воқеани айтмоқчиман. Эсингдами, бир сафар тоғ қўйнига сайр қилгани чиққан эдик. Ўша чоғда тўсатдан, недир бўлиб, ҳавонинг авзойи бузилди. Биз ёмғирдан паналанмоқ учун тоғ тепасидаги кулбага бордик. Эшикни соч-соқоли оқарган, қовоқлари салқиган, хилватнишин, афтода бир чол очди. Келганимиздан жуда хурсанд бўлмасада, унчалик хафа ҳам эмасдай кўринганди менга. У бизни ичкари киритди. Ҳатто финжонда илиқ чой, артинмоқ учун сочиқ ҳам келтириб бердида, камин олдидаги тебранма ўриндиққа ўтириб, китоб ўқий бошлади. Биз чой хўплаб, бир-биримиз билан суҳбатлашарканмиз, бизга гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора тикилиб қўярди. Биз кулишиб ниманидир гаплашсак, у ҳам мийиғида кулиб қўяр, назаримда, унга ўша пайти китобдан кўра бизнинг суҳбатимиз қизиқарлироқ эди. Одоб юзасидан у суҳбатимизни эшитаётганини сездирмасликка уринар, лекин менинг синчков нигоҳим буни сезиб қоларди. Чол бизнинг ҳозиргидай бахтли онларимиз ҳақидаги эсламларни тинглаётганида негадир оғир хўрсиниб қўйди… Китобни бир чеккага қўйиб, ўчоққа узоқ тикилиб қолди. Гуркираб ёнаётган ўчоқдан тушган шуъла унинг юзидан думалаб тушаётган бир томчи ёшни равшан ёритди… У унсиз йиғлаётган эди. (Буни сен сезмадинг.) Ўшанда жуда ғалати бўлиб кетдим. Чолни ўзимга шунчалик яқин ҳис қилдимки… Худди мен олдинги ҳаётимда ана шу чол каби умр ўтказгандай бўлдим ўша чоғ. Одам ўз ўтмиши ё келажагини бир инсонда кўришига ишонасанми? Мен худди шундай бўлдим… Ёмғир тинди. Биз чолга миннатдорчилик билдириб, хайрлашдик. Мен узоқ вақтлар ана шу чол ҳақида ўйладим. То уни кўрмасам бўлмаслигини англаб етгунимча изламадим. Тушуниб етгач эса уни қидиришга тушдим. Ўша сайр қилган жойларимизни айланиб чиқдим. Чолдан ҳам, кулбадан ҳам ном-нишон йўқ эди… Буни негадир сенга айтгим келмади. Ҳозир нега айтаётганимни ҳам билмайман… – бир нуқтага нигоҳ узмай тикилиб қолди, – мен… сени жонимдан ортиқ кўраман! – У йиғлагудек қайғу ила аёлининг пинжига юзини босди, – мен… мен… – У ўзини тутолмай йиғлаб юборди, – наҳотки… наҳотки!..
Аёл кўзига милтиллаб ёш келди.
– Асло ундай бўлмайди… Менга ишон, азизим. Ахир айтдимку…
Осмонни қулатгудек момақалдироқ гумбурлади. Осмону фалакни қуюқ қора булут чулғади.
Аёл деразага орзиқиб тикилди.
– Қара, азизим, ёмғир ёғяпти, ёмғир…
– Ҳа… – у ҳам синиқ орзиқиш билан тикилди, – ёмғир…
Иккиси ҳам деразага узоқ, ёмғир тингунча қараб қолишди. Иккисининг ҳам кўзидан милтиллаб ёш сизиб чиқар, иккиси ҳам буни сездирмаслик илинжини қилишар эди.
Ёмғир тинди.
– Мени ўрнимдан туришимга ёрдамлашиб юбор, – аёл мустақил туришга уринди, лекин ёрдамчи қўллар кўмагисиз буни эплай олмади.
У ёрдамчи қўлларнинг елкасидан ушлаб олган ҳолатида эшик томон йўналди. Юраётиб ҳамроҳига разм солди. У негадир кўзларини олиб қочарди. Унинг кўзлари… жиққа ҳўл эди. Аёл бир зум тўхтаб, унинг кўзларини артди ва «айтдимку» дедида, ғамли жилмайиб қўйди. Қўлига сават илди.
– Кетдикми? – деди ўзгача қувонч билан.
– Кетдик! – деди эр ҳам ҳамроҳига ҳамоҳанг тарзда, дилини барча дарду қайғулардан фориғ этиб.
Улар ёмғирдан кейинги хушифор ўрмон сари қувноқ қаҳқаҳалар билан кириб кетишди…

2018

СИР

Ҳаммамиз уни бошқа жойдан келгани боис ажнабий деб атардик. Дастлаб, деярли харобага айланган, тўкилай деб турган уйни ижарага олиши шубҳали бўлди. Негаки бу кўпдан одам қадами тегмаган, анча йиллардан буён файзи қочган бу уй эътибордан тортмасди. Хўжасини эса ҳеч ким кўрмаган, чамаси, бу ёқларга келмаган ҳам эди.

Номаълум кимсани биринчи кўришидаёқ бутун қишлоқ одамлари унда киши билмас нимадир борлигини пайқаган эдилар.

У мудом бир либосда: қоп-қора костум-шимда, қўлида ҳам қачон қараса, қора чарм портфел кўтариб юрарди. Кўзлари музтар, ердан кўзини узмас, ҳеч ким билан гаплашмас ( унинг товушини кимса эшитмаганди), ўзи билан ўзи андармон эди. Унинг қаерга боришини, нима қилишини ҳеч кимса билмас, одамлар бунга аҳамият беришмас, кўпроқ унинг ўзига ажабланишарди. Кўркамлиги боисидан қизлар ҳам сочини ўриб, йўлини пойлашар, хотин-халажнинг ҳар вақтдан: “Куёвликка ярарлик экан, кўҳликкина куёв бўларди” деган сўзлари қулоққа чалинарди. Лекин бу кимса йўлига кўз тикиб турган қизларга қиё боқмас, музтар нигоҳини ердан узмай, бир хил вақтда ишга кетар, бир хил вақтда ишдан қайтарди. Гарчи кекса одамларга салом бермаса-да, ( у доим кексалар қўнимгоҳи бўлган самовархонадан ўтарди) улар буни айбга йўймас, гапиришга ийманиш деб билишарди.
– Бу болада бир гап бор, – деди бувамни бир дўсти кетиб бораётган ажнабий ортидан тикилиб. – Кўчганига қанча вақт бўлди-ю, ҳали ҳам одамга эл бўлмади. Ё касалмикин?..

– Кўринишидан туппа-тузук-ку. Гапиришни истамаса, майли. Умрига шундай кетмайди-ку, ахийри бир кун гапирар. Ҳали уйланадиган ҳам бўлар…

Аммо ажнабий бу хусусда ўйлаб ҳам кўрмаганга ўхшарди. Қўлида қачон кўрсак, қора портфел. Болалар ҳазиллашиб: “ Ухлаганида ҳам ёнида олиб ётар”, деcа чойхонадаги кексалар “Шу портфелига қиз-пиз яшириб қўйганми, дейман-да”, деб кулгу кўтарарди. Ақлга сиғмайдиган бу гапга ҳеч зоғ ишонмаса-да, фавқулодда топиб айтилганидан ҳамма кулган эди.

Йўқ, ажнабийни турмуш ишлари заррача қизиқтирмасди, назаримда. У алланимадан азобланар, изтироб чекарди.

Оқшомлари унинг ҳужрасидан қийноққа солинган одамнинг қичқириғига қиёс товушлар қулоққа чалинар, ингроқ, оҳ-воҳ товушлари ҳам ҳар замонда эшитилиб қоларди.

Эрталаблари эса тағин у ҳақида суҳбат қизир, ( қарийб самовархонадаги бутун гурунг ажнабий хусусида борарди) унинг қора чарм портфели, изтиробчан нигоҳлари, тунда қулоққа чалинган саслар ҳақида сўзланиларди.
Биз болалар орасида ҳам нуқул у ҳақида гап ташланарди . Қайсидир бола қора кийинган бўлса, болалар мазаҳга олиб: “Ажнабийга ўхшаб қолибсан”, дерди. Ё кимдир гапирмай қўйса: “Ажнабийдек гунг бўлиб қолибдими?” дея мазах қилинарди.

Бир куни чўмилишдан қайтаётганимизда қўшнимизнинг суқсурдай сулув бир қизи мени чақириб қолди.

– Ҳозир ажнабий келиб қолади, – деди йўлга олазарак тикилиб. – Келганида манабу мактубни унга бериб қўй.

У шундай деди-ю пилдираб ўз уйига кириб кетди. Мен бўлсам хатни олдиму ажнабийни сабрсиз кута бошладим. Унинг суҳбатини олишга менда баҳона мавжудлигидан хурсанд эдим. Узоқдан кўчабошида қораси кўриниши билан шахдам одимлаб, унга пешвоз чиқдим.

Ажнабий туйқус олдидан чиққанимга ҳуркиб кетди, кўзларини чиғаноқдай очиб менга қаради, сўнг киприклари пирпираб кетди. Чамаси, келганидан бери унга рўбарў бўлган биринчи одам мен эдим.

энди гап бошламоқчи бўлиб турганимда у бир зум тараддудланиб турди-ю, узатган хатимни ҳам олмай, гапимни ҳам эшитмай, мени четлаб уйига томон йўртиб кетди. Эшикни қарс ёпиб, қулфни шиқирлатиб калит буради.
Мен анграйганимча қолавердим. Гарчи бу одам қишлоқ одамларининг оғзига тушган бўлса ҳам мени қизиқтирмаганди. Бироқ бу воқеа туфайли унга чин маънода эътибор бера бошладим. Унинг ички хаёллари, ўзини бундай тутиши боисини билгим келарди.

Худди анашу қизиқишим туфайли тунда уни уйига бориш режасини туздим. У туни билан нима қилади? Одамлардан яширган сири нимадан иборат? Шуларга жавоб топишга менда қатъий интилиш пайдо бўлди.

Тун ботиши билан кулбасининг орқа томони – чорбоғининг пахса деворидан ошиб тушдим. Чорбоғда ҳар хил ўт-ўланлар, бурган, янтоқ ўсган, аллақандай намхуш ҳид бурқсиб ётарди. Чеккадаги йўлакдан пусиб, айвон томон йўналдим. Ниманингдир қимирлагани сездим. Энгашиб қарасам: ажнабий. Ғужанак бўлиб, кечки салқин ҳавода ҳам чойшаб ёпмай, дийдираб, инграниб ётарди. У қалт-қалт титрарди… У шу ҳолда узоқ ётди, мен ҳам қанчалик ачинсам-да ўзимни фош этадиган меҳрибончилик қилолдим. У тўсатдан қаттиқ, томоғи йиртилгудай йўталди. Сўнг йиғлай бошлади. Шу тобда кўзидан ёш эмас, қон силқиётгандай минг азобда йиғлаётганини ич-ичимдан ҳис қилаётгандим ва беихтиёр менинг ҳам кўзимдан ёш сизаётган эди. Бир зум ўзимни унга ҳамдарддай сездим…

– Нега?.. – зорланди у. – Нима учун?.. Нега айнан мен, эй қодир эгам!..

Ажнабий ўксиб-ўксиб, йўталиб-йўталиб ёш тўкарди.

Бу воқеани ҳеч кимга айтмадим. Сўзлаганимда одамлар унга яна ҳам қизиқишларини, у билан жиддий гаплашиб олишларини, унинг шундоғам ғариб аҳволини баттар оғирлаштиришларини истамасдим. Чунки яхши англардимки, ажнабий қанча тергашса ҳам дардини ёрадиган одам эмасди. У дунёси бедахл бўлишини истарди ва қанча уринса ҳам ёт нигоҳлардан ўзини асраёлмаётганидан қийналарди, назаримда.

Куни бўйи ўша кечада кўрган шўрлик ажнабий кўз олдимдан кетмади. Ўйим шу бўлиб қолди. Табиатимга сира ўрнашмаган паришонхотирликдан болалар менга ажабсиниб боқишарди.

– Сенам ажнабийга ўхшаб қоляпсан, – деди улардан бири.

Мен унинг сўзига парво қилмай ажнабийнинг келар йўлига кўз тикиб ўтирардим.

Ажнабий эса одатича, қора костум-шимда, қора чарм портфел ушлаб олган ҳолатда; ғамли кўзларини ердан узмай хаёлчан алфозда ишидан қайтаркан, йўлини пойлаётган сулув қизларни четлаб ўтар ва уйига кириб кетар, шақирлатиб эшикни қулфларди…
Бир неча кун шу зайлда ўтди. Кейин эса бутун қишлоқда қизиқ гап тарқалди. Мен буни бувамдан билдим.

– эшитдингми ажнабийни нима қилганини? – дея ошнасига юзланди бувам. – Оқсоқолни раҳми келиб, уни уйига борибди. Аввал эшикни роса таққилатибди, ажнабий сира очмасмиш. Роса икки соатдан сўнг очибди, юзига саросимали тикилибди бир оғиз гапирмай. “ Сенга нима бўлган ўзи, болам, – дебди раис. – На маҳалла-кўйга қўшиласан, на биров билан борди-келди қиласан? Одам ҳам шунақа бўладими? Одам тафтини одам олади-да, болам. Ёлғиз яшашда нима маъно бор, дейсан. Мундоқ сенам одамларга қўшил”. Раисни гапини эшитган ажнабий ўтириб олиб йиғлаб юборибди, бо худо! Юм-юм йиғлармиш… Раис: “Ўғлим, қўй. Йигит кишига йиғи уят. Дардинг бўлса айтгин мундоқ. Эшитайлик. Чорасини топармиз. Бу дунёда ўлимдан бошқасига чора топилади”, дебди. Ажнабий баттар йиғлармиш, “мен…” дермиш-у бир оғиз гапирмасмиш, бо худо!..

Чойхона саҳнида ўтирганларнинг кўзи бувамга қадалиб қолди. Кейин барчаси ўзаро ажнабий тўғрисида гурунглаша кетишди. Бирлари унга ачина бошлаган, бошқалари унинг нимасидандир шубҳаланаётган эдилар. Самовархона бир зумда ғала-ғовурга тўлиб кетди.

Мен чуқур хаёлга ботган эдим. Назаримда, буларнинг ҳеч қайсиси ажнабийга менчалик яқин эмасдай туйилди. Чунки агар шундай вазият бўлганида ажнабий ўзини айнан шундай тутишини, кўкси тўлиб гапиролмай қолишини, қадди букилиб, ачинарли аҳволда қолишини яхши англардим, шу учун ҳам бу одамлар каби ҳайрат туймадим. Аммо хаёлланиб қолдим. Узоқ хаёлга ботдим…

Кўплар унинг ҳолатига ачина бошлагандилар. Бу раҳмнинг асл маънисини эса мутлақо билишмасди. Ажнабийнинг кулбасига ҳар хил нозу неъматлар, турли кийим-кечаклар ( қора костум-шимидан бўлак либоси йўқ деб ўйлашган бўлишса керак) олиб боришар, лекин уни олмаганини айтиб, қайтариб келишарди.

Ажнабий одамлар нигоҳидан қочишга қанча уринса, шунча одамлар нигоҳи марказига тушиб қоларди. Мен эса бу ҳодисалардан, унинг аянчли қисматидан жуда қўрқардим… Негаки, ажнабий деб аталган бу кимсага ихлос қўя бошлаган эдим.

Кунларнинг бирида ҳаммани ҳайратга солувчи ҳодиса рўй берди. У кула бошлади! Қаҳ-қаҳ урган кулгуси қишлоқни тутди. Уни кўрган одамлар беихтиёр “хайрият” деб жилмайиб қўйишар, кулгуси сабабини билишмаса-да хурсанд бўлишарди. Доимо Хаёлчан юрадиган кимса самовархона олдидан ўтаркан, қўлини кўксига қўйиб, жилмайиб “Ассалому алайкум!” дея ўтиб кетди. Чойхона хўрандалари ҳанг-манг бўлиб қолишди. Биргина мен-у, ҳамдардлик юзасидан уйига борган оқсоқолдан бўлак биронта ҳам кимса унинг овозини эшитмаган эди, кулгисини бўлса биз ҳам кўрмагандик.

Сулув қизлар эса ортидан “Кулгуси қандай чиройли-а… ўзига бирам ярашганки…” дея орзиқиб тикилиб қолишганди…

Ишидан ўша таниш табассуми билан қайтаётганида шовқин солиб ўйнаётган болаларни олдига чақирди. Ҳамма ҳайрон эди. Жўрабошимиз бизга бир қаради-ю, журъатсизгина олдига борди, изидан ҳам эргашдик. Ажнабий чўнтагидан бир сиқим конфет чиқарди-ю, ҳаммамизга бир-бир улашди. Болалар бу кутилмаган меҳрибонликдан ийиб кетиб, уни қучоқлаб олишди ва бараварига “раҳмат” деб юборишди. Ажнабий биздан хурсанд бўлиб уйи томон ўтиб кетди. Эшикни ёпди-ю, бу сафар ҳар доимгидай шақирлатиб қулфламади…

Унинг бунчалик одамохун бўлиб қолганини тушунмасдим. Лекин унинг ўзгаришидан ичимда сурур туйган эдим-у, “хайрият” деб қўйган эдим.

Аммо… барибир кўнглим ғаш эди. Нимадир мени хавотирга соларди.

эртасига ажнабийни ҳеч кимса кўрмади. Аллаким унинг кулбаси эшиги қулфлоғлиқлигини кўрибди. У доим ишига ўтиб кетарди, аммо бугун мутлақо кўринмади…

Изсиз йўқолган ажнабий ҳақида миш-миш гап кўпайди. Уларнинг бари куракда турмайдиган гаплар эди. Кимдир уни танноз бир қиз билан қочиб кетган дер, кимдир шунчаки кўнгли тусаб бу ерлардан бош олиб кетган дер, яна кимдир аллақаёқларда изғиб юрибди, деб ўйлаганди.

Менинг эса хавотирим баттар зўрайди. Юрагимни аллақандай ноаниқ шубҳа тиғи тимдаларди…

Шу куни бутун қишлоқ уни излади. Ҳатто деворидан ошиб ўтиб, кулбасидан ҳам излашди: топишолмади. Қишлоқ ҳам ажнабийсиз аллақандай маҳзунлашиб қолгандай эди. Ҳамманинг кўзида мунг, боши хам…

– Айтмадимми, бу болани бир балоси бор деб, – деди бувамни дўсти. – Бу бола бошиданоқ менга ёқмаганди. Қандайдир ғалатими-ей… Ёш бўлсаям мияси айниган…

– Туппа-тузук йигит-ку. Боши омон бўлсин, ҳаво тозалагани бирор ёққа кетгандир-да… Ваҳимага ҳожат йўқ, – деди бувам.

Бувамни гапи тўғри чиқишини жуда-жуда истардим.

Аммо…

эртаси куни тонгда ажнабийнинг совуб қолган танаси топилди… У ўшандай, биринчи кўрганимиздагидек қора костум-шимда эди, ёнида эса қора чарм портфели ҳам бор. Портфел ичидан… катта соат ва “ўлим вақти” ёзилган бир парчагина қоғоз чиққанди…

2019

Men Jumanazarni taniganimda juda odamovi ekanligini sezganman va u ijod qilishi, hikoyalar yozishini o’ylab ham ko’rmaganman. Bir kun u qo’limga bir dasta qog’oz tutib, “o’qib ko’ring” dedi. Yozganlarini o’qirkanman imlo xatolariga to’la, mujmal so’z birikmalaridan hafsalam pir bo’lsada, unda, yozganlarida o’ziga tortadigan nimadir bor edi. Vaqt o’tib u ijodiy davraga sho’ng’ib ketdi. Davra ta’sir qildimi, o’qigan kitoblarining zalvori bosdimi, quvonarlisi, ancha dadil yoza boshladi. O’zimiz o’rgangan yoshlar nasriga faqat o’zbekcha ruh emas, umbashariy nimadir qo’shishga urinishi balki uni g’arblashishda ayblashga sabab bo’lar. Ammo bir tomoni borki, u hali izlanishda, o’ylamanki, bu izlanishlari unga ham adabiyotimizga ham u kutgan o’sha nimanidir bera oladi.

Shohruh Najot

Jumanazar Yo’ldosh
HIKOYa VA BADIA


Jumanazar Yo’ldosh 1996 yil Xiva tumanida tug’ilagan. Urganch davlat universiteti o’zbek filolgiyasi fakulteti 2 bosqich talabasi. “O’zbekiston bahori” ijod festivali g’olibi.


TIL HAQIDA BADIA
Rasul Hamzatovni o’qib

Tiyramohda sarg’aygan guldek so’lding – to’sat o’lib qolding. Miskin vujudingda chidamsiz og’riq qo’zg’aldi. Butun yer yuzi ko’zingga kichrayib-kichrayib, tangaday ko’ringunga dovur undan yiroqlashib ketding. Bu o’z ixtiyoring bilan bo’lmay, buning bajaruvchisi qandaydir g’ayriholiy kuch edi.

Yerdan, insonlardan uzlatda o’zingni shu qadar yolg’iz, nochor his qildingki, birdan bu tuyimga hamohang tarzda umringning hech bir lahzasida o’zingni bu qadar baxtsiz deb bilmaganligingni ham his qilding. Shunda o’kinib-o’ksinib yig’laging, o’zing mavjud bo’lgan shu dunyodan ham ketging kelib ketdi. Biroq o’rningdan qilt etib ham qimirlab bo’lmas, ko’zingda yoshing ham qotib qolgandi.

Sen bu bemisl azoblardan qanday qutulmoq mumkinligini o’ylay ketding. O’zing o’ylab chiqargan minglab usullarga sarflangan kuching ham bekor ketdi. Lekin sen shunda ham noumid bo’lmading. Harakatda o’zingga sobitqadam ishonch va chidam ato etding.

Ammo urinishlar besamarligi seni holdan toydirdi, birdan-bir umiding – insonlarga yaqinlashish, ular suhbatiga jo bo’lishdek orzungni ham puchga chiqardi. Endi sen bemaqsad yashay boshlading. Vaqtingni turli palapartish o’ylovlar bilan o’tkazadigan bo’lding.

Kunlardan bir kun sen gapirish qobilini ham xuddi umiding kabi yo’qotib qo’yganingni sezding! Da’fatan uyg’ongan bu sezim seni ikkinchi bor o’ldirganday bo’ldi. Yo’q, tilsiz yashamoq mumkin emas! Garchi sen insonlar «narigi dunyo» deb atovchi dunyoda yashayotgan bo’lsang-da! Uzlatda, insonlardan yiroq-yiroqda yashayotgan bo’lsang-da o’zing bilan o’zing gaplashmoq, o’zingga o’zing dardingni to’kmoq, hasrat qilmoq uchun ham til kerak!
Sen gapirishga urinding, urinding, urinaverding…

Urinishlar besamar bo’laverdi, bo’laverdi, bo’laverdi…

O’z tilingni tiklashga urinishing bois sezilmas darajada bo’lsa ham yerga yaqinlashayotganingni payqading.

YOMG’IRDAN SO’NG…

– O’tinaman, meni yolg’izlatib ketma…
U ayolining qo’llarini mahkam, mehr bilan siqib, ko’ziga to’tiyo qilarkan, beixtiyor shivirladi. Yig’i aralash aytilgan bu gapdan ingranayotgan, alahsirayotgan bemor shirin tushdan uyg’ongan kabi hushiga keldi. Qo’llarini o’pib, peshonasiga tutayotgan erining jingalak sochlarini beozorgina, mehr bilan siladi.
– Seni qayoqqayam tashlab ketardim, tentakkinam.
Rafiqasining hushiga kelganidan o’zini yo’qotar darajada xursand bo’lgan er ixtiyorsiz uning manglayidan o’pib qo’ydi.
– Hozirgina shifokor kelib ketgandi. Seni hali-veri o’ziga kelmaydi, degandi. Yaratganga shukr, tavallolarim ko’kka yetibdi.
Ayolning qonsiz yuziga xasta tabassum yugurdi. Keyin negadir og’ir xo’rsindi. Xayollanib qoldi.
– Sen… hech meni tuzalishimni istama, – dedi ayol og’ir yutinib.
– Nega bunday deyapsan? – hayron bo’ldi er.
– Chunki Tangri negadir mudom biz istagan narsalarning tersini qiladi. Deylik, sen hozir meni yashashimni istaysan. Lekin ertagacha narigi dunyoga rixlat qilgan bo’laman va huru g’ilmonlar atrofimda raqsga tushayotgan bo’ladi.
– Unda ne qilay? Axir bu ahvolda yotibsan, o’l qovushtirib o’tirolmayman. Haqingga duo o’qishim kerakku.
– Yaxshisi… mening o’limimni tila.
Er izohlab bo’lmaydigan, o’ng’aysiz ahvolga tushdi. Boshini quyi egarkan, dovdirab qoldi. Uning bu holatidan xotinisiz hayoti qanday bo’lishini tasavvur qilayotganini sezish mumkin edi. Nihoyat, tili kalimaga keldi:
– Bu gapni ikkinchi gapirma…
Ayol to’sat o’zining daxshatli baxtsizlik haqida so’z ochganini sezdi, chog’i, o’z gapining mag’zi nimadan iborat ekanligini zo’r berib tushuntirishga chog’landi, shu asnoda uning xastalik qiyofasi xiyla jonlandi.
– Sen gapimni, chamamda, xato tushunding. Men o’lishni emas, aksincha, yashashni, yashaganda ham sen – suyukligim bilan yashamoqni istayman va kelajagimni g’ira-shira bo’lsada ko’rganday bo’lyapman: sen va men yomg’irdan so’ng o’rmonga qo’ziqorin tergani chiqqanmiz, labimizda shodon kulgi, qo’limizni bir-biriga ildirgancha ketyapmiz… Ha, xuddi shuni ko’ryapman! Ha!..
Uning xiyol jonlangan, ammo hali xastalik nuqsi arimagan, dokaday oq yuzida nurli, hazin, sururli jilmayish paydo bo’ldi. U nihoyatda qizg’inlik bilan, umidvor nigohda derazaga qaradi. Lekin u yotgan joy tashqarini kuzatish uchun noqulayligi orqasidan tik turib ko’rmoqchi bo’ldi, lekin hamroh qo’llar uni qimirlashga qo’ymadi. – Derazadan qarachi, yomg’ir yog’madimikin?
– Yo’q, sen xastalangandan beri havo ochiq, nega so’rayapsan?
– Bilasanmi, hozir yomg’ir yog’ishini va birgalikda qo’ziqorin tergani tabiat qo’yniga borishimizni istayapman. Bilmadim nega? Menga so’z ber: oyoqqa turganimdan keyin, albatta, o’rmonga boramiz, deb.
– So’z beraman, jonim. Bugun tuzaladigan bo’lsang, shu bugunoq boramiz, faqat iltimos, tezroq tuzal. Seni bu ahvoling men uchun mislsiz azob, jonim.
– Nechun kuyunaverasan, axir aytdimku, seni tashlab ketmayman. Bu qismatim emas. Qo’y, boshqa narsalarni gaplashaylik, negadir suhbat qurgim kelyapti.
Hozir ilk daf’a ikki mushtarak qalb qancha vaqtlardan beri davom etib kelayotgan qora kunlar adog’iga yetib, oftobday yorug’, haroratli saodat kunlarining ilk totimlarini tuyishdi va mana shu baxt lahzalari ular uchun hech tuganmasday tuyildi. Inson hamisha tuganmas baxt haqida xayol surganida ixtiyorsiz entikadi, butun olam, ayniqsa, sevimli kishilari ko’ziga nihoyatda dilbar ko’rinadi va ana shu damda ular o’z suyimli kishilari uchun har ishga qodir bo’lib qolishadi.
Hozir er ham o’z rafiqasiga ana shu baxtiyorlik, nekbinlik nazari bilan tikilmoqda ediki, bexos bu tug’yonli hislarini ayni damda bayon qilmaslikning hech iloji yo’qligini sezdi.
– Suhbat deysanmi? – dedi u ayolining nozik qo’llarini mehr ila siqib,– jonim, sen bilan suhbat qurish emas, aqalli nigohingga loyiq bo’lishlik men uchun qanchalik katta baxt ekanligini bilsang edi… Oh! Bilsang edi!..
Ayolining kaftini xuddi yurak tovushini eshittirmoqchiday tiradi. Ayol esa qo’lini xuddi issiq pechga tekkanday tezda tortib oldi va eriga beozor tikilib jilmaydi.
Nigohlar bir-biriga chirmoviqday bog’lanib qoldi va hamjavob, entikuvchan tabassum qildilar.
– Bilaman, bilganda ham juda yaxshi bilaman va har tong ko’zimning ojiz emasligiga shukronalar aytaman. Bilasanmi nega? Chunki Tangri meni seni ko’ra olishdek baxtdan benasib qilmagan bo’ladi.
– Oh, azizim… Biz haddan ortiq baxlimiz-a! Hech o’ylab ko’rganmisan: bizday baxtlilar boshqa bormikan? Va bo’lsalar ular qancha? Barmoq bilan sanarlimi, yo barmoq bukish bilan ham ularni tugatib bo’lmasmikin?..
– Menimcha, bizday baxtlilar yer sathidan topilmasa kerak…
Ular surur bilan kulib qo’ydilar. Er xayolchan bir nuqtaga ko’z tikib qoldi. Baxt hissini yurak-yurakdan his qilgan, uning ne mo»jiza ekani to’g’risida o’y surgan har odam shunday o’ylanardi: labda tabassum, nigoh bir nuqtaga qadoq: go’yo ko’zlar butun umr ana shu nuqtaga tikilishga mahkum, shu nuqtaga dunyoning butun miri-sirini mushohada yuritib yechmoqqa bel bog’lagan faylasufdek o’ychan tikilgan. Bu holda, tabiiyki, u baxt hissi haqida o’zgalarning o’y-xayollariga qiziqadi.
– Bu baxt deganlari, – dedi u hamon o’sha nigoh qadagan tomondan ko’z olmay, – sen uchun o’zi nima?
Ne deganini so’ng birdan payqadi va idroki tasavvur sarhadlari bo’ylab chopayotgan chog’da o’ylanmay bergan bu savolidan negadir juda xijolat bo’ldi.
– Bu savolim bema’ni, xuddi yosh bolalarga beriladigan savolday tuyilayotgandir. Lekin bu qadar jo’n savol berganimga hayron bo’lma, xafa ham bo’lma. Shunchaki tentak xayolimga shu narsa kelib qoldi. Bunga javob berishing shart ham emas.
– Yo’q, savolingga jon-jon deb javob beraman. Faqat nega savolingdan bunchalik xijolat tortganingga hayronman. Axir bu barchaga berilishi kerak savolku! Eng ulug’ savol! Maqtab yubordim, endi shunga mos javob berishim kerak. Men uchun har olgan nafasim baxt, kulolishim, yig’lay olishim, ko’rolьishim – umuman, aytsam, mavjudligim – bu baxtim. Menga yaxshi tanish bo’lgan shu dunyodagi jamiki narsalar menga baxt. Musaffo havodan to’yib simirish, sayroqi qushlarning chah-chahini tinglash, quyoshning iliq taftida toblanish, kapalaklarning chaqqon qanot qoqib qilgan parvozini tomosha qilish, gullarning yoqimli bo’yini tuyish – bari-barchasi, hatto dard, qayg’u ham baxtning bir shakli men uchun. – Ayol gapini tugallab, hamsuhbatiga qaradi, u o’z gaplarini mushohada qilayotgan edi. Shunda ayol ham shunga o’xshash savol berishga o’zini huquqli deb his qildi. – Xo’sh, o’zing bu savolingga nima deb javob berarding?
– Men bir og’iz gapiraman, xolos. Seni mavjudliging va meniki ekanliging menga baxt. Rost, senga telbalarcha oshiqman. Meni g’oyat badro’y odamni ko’rganchalik ko’rganingda ham sevaveraman. Bu gapim sen uchun juda jo’n tuyilayotgandir. Lekin shuni bilishingni juda istardim. Sen mening ikkinchi qismimsan. Sensiz hech bir butun bo’lolmayman.
Ayol beixtiyor kulib yubordi.
– Sen… shunday gapirdingki… – dedi ayol va birdan jimib qoldi. Gapining tugatilishi erining dilini og’ritib qo’yishi bilan nihoya topishini sezdi.
– Qanday ekan? – dedi eri jiddiy. Uning yuzidan bunga astoydil qiziqayotgani zuhur edi.
– Xuddiki soxta oshiqqa o’xshab gapirding!
Ayol shiringina kuldi. Eri esa unga jiddiy tikildida, o’ksingan bir qiyofada xomush derazaga qaradi.
– Havo hali ham bulut… – dedi siniq tovushda.
Zavjasi pushaymonona nazarini eridan uzmasdi. Erida uning nigohini sezar, atay derazadan ko’zini olmas edi.
– Menga qara, – dedi ayol. Bo’ysundi. – Sen mendan xafa bo’lding… – qo’llarini ushlab o’pib qo’ydi. – Kechir… Kechir meni…
U ham zavjasiga javoban qo’llarini siqib qo’ydi.
– Yo’q, sendan xafa bo’lmadim. Xafa bo’lmadimki, bunga haqim ham yo’q edi. – U so’zining isboti tariqasida mayin tabassum qildi. – Bilasanmi, men gaping tufayli o’zimdan ranjidim. Senga soxta oshiq ko’ringanimdan, bo’lar-bo’lmas qilingan dil izhorim bilan xuddi shu toifa oshiqlarga o’xshab qolishim mumkinligidan xafa bo’ldim. Bu o’z aybim. Men o’z tug’yonlarimni yashirolmayman.
Ichimdagi borini senga aytgim keladi. Bor dardim, bor quvonchimni sen bilan baham ko’rsam deyman. Shunga dilimdagilarni senga aytaman…
– Kechir, dilingni og’ritib qo’ydim, afsusdaman…
– Yo’q, kechirim so’rama. Sendan xafa bo’lishga haqim yo’q. Bu – gunoh. – U jimib qoldi. – Bilasanmi, Tangri bizga ulug’ saodat bergan. Biz bu baxtga loyiq bo’lishimiz, undan to’la bahra olishimiz kerak. Oramizda bo’lsa-bo’lmasa ginaxonlik, behuda ko’ngilqoldilar bo’laversa, bir-birimizga uzr-ma’zur qilaversak, Tangri bizni kim deb o’ylaydi? Noshukur! Men shundan qattiq qo’rqaman… Hayotimning baxtu saodatga to’liq chog’lari poyoniga yetishidan qo’rqaman. Tangri bizdan mana shu quvonchli kunlarimizni yulqib olishidan xavotirdaman. Bilasanmi, men kecha bir kitob o’qidim. Uning muallifi Tangridan yuz burgan bir kimsa. Hozir… – U o’rnidan tez turib, xona burchagidagi javondan qizil muqovali kitob oldi. – Unda shunday vahimali narsalar borki… o’qib daxshatda qoldim. Buni aniq baxtning kushandasi yozgan. « Men Tangri taolo atalmish yaratuvchining baxtimni tortib olmog’idan qo’rqib yasholmayman. Bundan ko’ra baxtsiz yashamoq yo, yaxshisi, o’lmoq afzal. Tangri bizni qo’rquvda yashashimizni istaydi! U xudbin! Bundan afzali – uning irodasiga qarshi chiqmoq – o’lmoq!..» Boshqa o’qiyolmayman… Yorug’ hayotdan kechib, odamlarni zulmatga, qorong’ilikka tortadigan odamning gaplari bu… O’zing ayt, nahotki shu gaplarga qo’shiladigan, ergashadiganlar ham topilsa?! Axir bu butun boshli yovuzlikku! Har gapidan dahriylik isi kelib turgan bu so’zlar nahotki kimnidir hayotini o’zgartirib yuborishga qodir bo’lsa?! Tangri taolo hech qachon baxt qadriga yetadiganlarning baxtini yarim qilmaydi. U hech qachon bizni qo’rquvda yashashimizni istamaydi! Tangri – saxiy! U insonlarga faqat yaxshilik tilaydi – o’z farzandiga kim yomonlik tilaydi, axir. U biron ayb qilsagu, gunohimizni tushunib, tavba-tazarru qilsak, albatta, kechiradi. Hatto mana shu kitobni yozgan dahriyni ham tavba qilsa, shubhasiz kechiradi… Marhamatli Xudoni qoralash o’taketgan gumrohlik! Nahotki buni u tushunib yetmasa?!.
– Kitobni ko’rsatchi, – dedi ayol dabdurustdan.
U uzatilgan kitobni olib, termulib qoldi. Uning har sahifasini varaqlab, ayrim jumlalarni o’qiy boshladi. O’qigani sari yuz ifodasidagi daxshat, xomushlik zo’rayib bordi… So’ng varaqni o’qib bo’lib, yopdi va ko’zlarini yumib, allanimalar deb eshittirmay pichirladi. Kitobni eriga tutqazdiyu, yuzini ters o’girdi:
– Buni yoqib yubor…
Eri unga hayron tikildi, lekin aytganini qildi: yonayotgan pech og’zini ochib, kitobni tiqdi. Olov battar gurkirab yona boshladi. So’ng ayoliga qaradi. Uning nigohi to’sat befarqlashgan, aniq qayerga qarayotganini, nimani o’ylayotganini bilib bo’lmasdi.
– Pichirlab nima deb duo qilding? – dedi savolchan tikilib. – U odamning o’liminimasmi? – kulib qo’ydi.
Alhol, yaxshi idrok qilinmay, o’rtaga ko’tarinki kayfiyat olib kirmoq uchun aytilgan bu gapdan ayolning nigohlari sergaklashib, unga o’qday qadaldi. Er noo’rin va bachkana xazil qilganini anglab, xijolat tortdi.
– Meni shunday deb o’ylaysanmi? Birovga o’lim tilashga qodir deb o’ylaysanmi meni?
– Yo’q, men xazil tariqasida aytdim, kechir…
– Sen «Sendan xafa bo’lishga haqim yo’q, bu – gunoh», deganding. Bu gap menga ham tegishli. Sendan xafa bo’lolmayman, kechirib so’rama. Men… Xudodan bu gumrohning gunohlarini afv etishini so’radim. O’ylab ko’rsam, bu u kabi odamlardan nafratlanmaslik kerak ekan. Aksincha, ularga achinish kerak. O’z hayot yo’lini noto’g’ri tanlagan odamga achinmaslik mumkinmi, axir? Bu singari odamlar tiyramohda sarg’aygan yaproqqa o’xshashadi. Sal shabadada bandidan chirt uzilib, shabadaga ergashib ketaveradi – hayotning qora kuchlari sal jilva ko’rsatsa, ular tomon og’ib ketaverishadi. Ular sobitqadamlik, mustahkam irodaning yo’qligi tufayli shunday gunohga botadilar.
Oraga zilday og’ir sukunat cho’kdi. Ular xomush nimadir o’ylashardi. Bunday uzoq xayol surib qolishganlarini birinchi er payqadi va bu hol unga juda erish tuyildi.
– Nega motamsaro sukut saqlaymiz? Axir biz saodatmand odamlarmiz. Bunday jimlik bizga yarashmaydi. Kulishlaylik, nimanidir eslashaylik. Biz axir boshqacha odamlarmiz. Sokin bo’lib o’tiraversak, bebaxt odamlardan ne farqimiz qoladi?
– Rost… Ma’yuslashib ketdik. Lekin shunday odamlar…
– Mayli, qo’y bu gaplarni. Bularning hayotimizga zarracha doxilligi yo’q. Nahotki bizda buning o’rniga bironta ham kulishib-entikishib eslanadigan voqea bo’lmasa? Yorug’, iliq xotirlar turganida odamni ko’nglini xira qiladigan bu kabi narsalarni o’ylash nimaga kerak? Shundoq ham dunyo qorong’ilashib boryapti… Bizdaylar dunyoni qoplayotgan ana shu zulmatni mehr-muhabbat taftimiz bilan kuydirib, parchalab tashlashimiz kerak…
– Ha… – dedi ayol mayin jilmayib.
Er eslashib gaplashadigan biron voqeani xotirasini titkilab izlay boshladi. Uzoq o’ylanmadi, anchadan beri aytmoqchi bo’lib, sira mavrid topolmagan qandaydir sirli voqea xayoliga kelgani ayolining qo’llarini o’zgacha ushlab, unga qizg’in yuz burgani, yaqinlashganidan zohir bo’ldi.
– Bilasanmi, hozir suyinib eslaydigan voqealar haqida gapirmoqchi edim. Lekin senga ko’pdan beri aytolmayotgan bir voqeani aytmoqchiman. Esingdami, bir safar tog’ qo’yniga sayr qilgani chiqqan edik. O’sha chog’da to’satdan, nedir bo’lib, havoning avzoyi buzildi. Biz yomg’irdan panalanmoq uchun tog’ tepasidagi kulbaga bordik. Eshikni soch-soqoli oqargan, qovoqlari salqigan, xilvatnishin, aftoda bir chol ochdi. Kelganimizdan juda xursand bo’lmasada, unchalik xafa ham emasday ko’ringandi menga. U bizni ichkari kiritdi. Hatto finjonda iliq choy, artinmoq uchun sochiq ham keltirib berdida, kamin oldidagi tebranma o’rindiqqa o’tirib, kitob o’qiy boshladi. Biz choy xo’plab, bir-birimiz bilan suhbatlasharkanmiz, bizga goh pinhona, goh oshkora tikilib qo’yardi. Biz kulishib nimanidir gaplashsak, u ham miyig’ida kulib qo’yar, nazarimda, unga o’sha payti kitobdan ko’ra bizning suhbatimiz qiziqarliroq edi. Odob yuzasidan u suhbatimizni eshitayotganini sezdirmaslikka urinar, lekin mening sinchkov nigohim buni sezib qolardi. Chol bizning hozirgiday baxtli onlarimiz haqidagi eslamlarni tinglayotganida negadir og’ir xo’rsinib qo’ydi… Kitobni bir chekkaga qo’yib, o’choqqa uzoq tikilib qoldi. Gurkirab yonayotgan o’choqdan tushgan shu’la uning yuzidan dumalab tushayotgan bir tomchi yoshni ravshan yoritdi… U unsiz yig’layotgan edi. (Buni sen sezmading.) O’shanda juda g’alati bo’lib ketdim. Cholni o’zimga shunchalik yaqin his qildimki… Xuddi men oldingi hayotimda ana shu chol kabi umr o’tkazganday bo’ldim o’sha chog’. Odam o’z o’tmishi yo kelajagini bir insonda ko’rishiga ishonasanmi? Men xuddi shunday bo’ldim… Yomg’ir tindi. Biz cholga minnatdorchilik bildirib, xayrlashdik. Men uzoq vaqtlar ana shu chol haqida o’yladim. To uni ko’rmasam bo’lmasligini anglab yetgunimcha izlamadim. Tushunib yetgach esa uni qidirishga tushdim. O’sha sayr qilgan joylarimizni aylanib chiqdim. Choldan ham, kulbadan ham nom-nishon yo’q edi… Buni negadir senga aytgim kelmadi. Hozir nega aytayotganimni ham bilmayman… – bir nuqtaga nigoh uzmay tikilib qoldi, – men… seni jonimdan ortiq ko’raman! – U yig’lagudek qayg’u ila ayolining pinjiga yuzini bosdi, – men… men… – U o’zini tutolmay yig’lab yubordi, – nahotki… nahotki!..
Ayol ko’ziga miltillab yosh keldi.
– Aslo unday bo’lmaydi… Menga ishon, azizim. Axir aytdimku…
Osmonni qulatgudek momaqaldiroq gumburladi. Osmonu falakni quyuq qora bulut chulg’adi.
Ayol derazaga orziqib tikildi.
– Qara, azizim, yomg’ir yog’yapti, yomg’ir…
– Ha… – u ham siniq orziqish bilan tikildi, – yomg’ir…
Ikkisi ham derazaga uzoq, yomg’ir tinguncha qarab qolishdi. Ikkisining ham ko’zidan miltillab yosh sizib chiqar, ikkisi ham buni sezdirmaslik ilinjini qilishar edi.
Yomg’ir tindi.
– Meni o’rnimdan turishimga yordamlashib yubor, – ayol mustaqil turishga urindi, lekin yordamchi qo’llar ko’magisiz buni eplay olmadi.
U yordamchi qo’llarning yelkasidan ushlab olgan holatida eshik tomon yo’naldi. Yurayotib hamrohiga razm soldi. U negadir ko’zlarini olib qochardi. Uning ko’zlari… jiqqa ho’l edi. Ayol bir zum to’xtab, uning ko’zlarini artdi va «aytdimku» dedida, g’amli jilmayib qo’ydi. Qo’liga savat ildi.
– Ketdikmi? – dedi o’zgacha quvonch bilan.
– Ketdik! – dedi er ham hamrohiga hamohang tarzda, dilini barcha dardu qayg’ulardan forig’ etib.
Ular yomg’irdan keyingi xushifor o’rmon sari quvnoq qahqahalar bilan kirib ketishdi…

2018

SIR

Hammamiz uni boshqa joydan kelgani bois ajnabiy deb atardik. Dastlab, deyarli xarobaga aylangan, to’kilay deb turgan uyni ijaraga olishi shubhali bo’ldi. Negaki bu ko’pdan odam qadami tegmagan, ancha yillardan buyon fayzi qochgan bu uy e’tibordan tortmasdi. Xo’jasini esa hech kim ko’rmagan, chamasi, bu yoqlarga kelmagan ham edi.

Noma’lum kimsani birinchi ko’rishidayoq butun qishloq odamlari unda kishi bilmas nimadir borligini payqagan edilar.

U mudom bir libosda: qop-qora kostum-shimda, qo’lida ham qachon qarasa, qora charm portfel ko’tarib yurardi. Ko’zlari muztar, yerdan ko’zini uzmas, hech kim bilan gaplashmas ( uning tovushini kimsa eshitmagandi), o’zi bilan o’zi andarmon edi. Uning qayerga borishini, nima qilishini hech kimsa bilmas, odamlar bunga ahamiyat berishmas, ko’proq uning o’ziga ajablanishardi. Ko’rkamligi boisidan qizlar ham sochini o’rib, yo’lini poylashar, xotin-xalajning har vaqtdan: “Kuyovlikka yararlik ekan, ko’hlikkina kuyov bo’lardi” degan so’zlari quloqqa chalinardi. Lekin bu kimsa yo’liga ko’z tikib turgan qizlarga qiyo boqmas, muztar nigohini yerdan uzmay, bir xil vaqtda ishga ketar, bir xil vaqtda ishdan qaytardi. Garchi keksa odamlarga salom bermasa-da, ( u doim keksalar qo’nimgohi bo’lgan samovarxonadan o’tardi) ular buni aybga yo’ymas, gapirishga iymanish deb bilishardi.
– Bu bolada bir gap bor, – dedi buvamni bir do’sti ketib borayotgan ajnabiy ortidan tikilib. – Ko’chganiga qancha vaqt bo’ldi-yu, hali ham odamga el bo’lmadi. Yo kasalmikin?..

– Ko’rinishidan tuppa-tuzuk-ku. Gapirishni istamasa, mayli. Umriga shunday ketmaydi-ku, axiyri bir kun gapirar. Hali uylanadigan ham bo’lar…

Ammo ajnabiy bu xususda o’ylab ham ko’rmaganga o’xshardi. Qo’lida qachon ko’rsak, qora portfel. Bolalar hazillashib: “ Uxlaganida ham yonida olib yotar”, deca choyxonadagi keksalar “Shu portfeliga qiz-piz yashirib qo’yganmi, deyman-da”, deb kulgu ko’tarardi. Aqlga sig’maydigan bu gapga hech zog’ ishonmasa-da, favqulodda topib aytilganidan hamma kulgan edi.

Yo’q, ajnabiyni turmush ishlari zarracha qiziqtirmasdi, nazarimda. U allanimadan azoblanar, iztirob chekardi.

Oqshomlari uning hujrasidan qiynoqqa solingan odamning qichqirig’iga qiyos tovushlar quloqqa chalinar, ingroq, oh-voh tovushlari ham har zamonda eshitilib qolardi.

Ertalablari esa tag’in u haqida suhbat qizir, ( qariyb samovarxonadagi butun gurung ajnabiy xususida borardi) uning qora charm portfeli, iztirobchan nigohlari, tunda quloqqa chalingan saslar haqida so’zlanilardi.
Biz bolalar orasida ham nuqul u haqida gap tashlanardi . Qaysidir bola qora kiyingan bo’lsa, bolalar mazahga olib: “Ajnabiyga o’xshab qolibsan”, derdi. Yo kimdir gapirmay qo’ysa: “Ajnabiydek gung bo’lib qolibdimi?” deya mazax qilinardi.

Bir kuni cho’milishdan qaytayotganimizda qo’shnimizning suqsurday suluv bir qizi meni chaqirib qoldi.

– Hozir ajnabiy kelib qoladi, – dedi yo’lga olazarak tikilib. – Kelganida manabu maktubni unga berib qo’y.

U shunday dedi-yu pildirab o’z uyiga kirib ketdi. Men bo’lsam xatni oldimu ajnabiyni sabrsiz kuta boshladim. Uning suhbatini olishga menda bahona mavjudligidan xursand edim. Uzoqdan ko’chaboshida qorasi ko’rinishi bilan shaxdam odimlab, unga peshvoz chiqdim.

Ajnabiy tuyqus oldidan chiqqanimga hurkib ketdi, ko’zlarini chig’anoqday ochib menga qaradi, so’ng kipriklari pirpirab ketdi. Chamasi, kelganidan beri unga ro’baro’ bo’lgan birinchi odam men edim.

endi gap boshlamoqchi bo’lib turganimda u bir zum taraddudlanib turdi-yu, uzatgan xatimni ham olmay, gapimni ham eshitmay, meni chetlab uyiga tomon yo’rtib ketdi. Eshikni qars yopib, qulfni shiqirlatib kalit buradi.
Men angrayganimcha qolaverdim. Garchi bu odam qishloq odamlarining og’ziga tushgan bo’lsa ham meni qiziqtirmagandi. Biroq bu voqea tufayli unga chin ma’noda e’tibor bera boshladim. Uning ichki xayollari, o’zini bunday tutishi boisini bilgim kelardi.

Xuddi anashu qiziqishim tufayli tunda uni uyiga borish rejasini tuzdim. U tuni bilan nima qiladi? Odamlardan yashirgan siri nimadan iborat? Shularga javob topishga menda qat’iy intilish paydo bo’ldi.

Tun botishi bilan kulbasining orqa tomoni – chorbog’ining paxsa devoridan oshib tushdim. Chorbog’da har xil o’t-o’lanlar, burgan, yantoq o’sgan, allaqanday namxush hid burqsib yotardi. Chekkadagi yo’lakdan pusib, ayvon tomon yo’naldim. Nimaningdir qimirlagani sezdim. Engashib qarasam: ajnabiy. G’ujanak bo’lib, kechki salqin havoda ham choyshab yopmay, diydirab, ingranib yotardi. U qalt-qalt titrardi… U shu holda uzoq yotdi, men ham qanchalik achinsam-da o’zimni fosh etadigan mehribonchilik qiloldim. U to’satdan qattiq, tomog’i yirtilguday yo’taldi. So’ng yig’lay boshladi. Shu tobda ko’zidan yosh emas, qon silqiyotganday ming azobda yig’layotganini ich-ichimdan his qilayotgandim va beixtiyor mening ham ko’zimdan yosh sizayotgan edi. Bir zum o’zimni unga hamdardday sezdim…

– Nega?.. – zorlandi u. – Nima uchun?.. Nega aynan men, ey qodir egam!..

Ajnabiy o’ksib-o’ksib, yo’talib-yo’talib yosh to’kardi.

Bu voqeani hech kimga aytmadim. So’zlaganimda odamlar unga yana ham qiziqishlarini, u bilan jiddiy gaplashib olishlarini, uning shundog’am g’arib ahvolini battar og’irlashtirishlarini istamasdim. Chunki yaxshi anglardimki, ajnabiy qancha tergashsa ham dardini yoradigan odam emasdi. U dunyosi bedaxl bo’lishini istardi va qancha urinsa ham yot nigohlardan o’zini asrayolmayotganidan qiynalardi, nazarimda.

Kuni bo’yi o’sha kechada ko’rgan sho’rlik ajnabiy ko’z oldimdan ketmadi. O’yim shu bo’lib qoldi. Tabiatimga sira o’rnashmagan parishonxotirlikdan bolalar menga ajabsinib boqishardi.

– Senam ajnabiyga o’xshab qolyapsan, – dedi ulardan biri.

Men uning so’ziga parvo qilmay ajnabiyning kelar yo’liga ko’z tikib o’tirardim.

Ajnabiy esa odaticha, qora kostum-shimda, qora charm portfel ushlab olgan holatda; g’amli ko’zlarini yerdan uzmay xayolchan alfozda ishidan qaytarkan, yo’lini poylayotgan suluv qizlarni chetlab o’tar va uyiga kirib ketar, shaqirlatib eshikni qulflardi…
Bir necha kun shu zaylda o’tdi. Keyin esa butun qishloqda qiziq gap tarqaldi. Men buni buvamdan bildim.

– eshitdingmi ajnabiyni nima qilganini? – deya oshnasiga yuzlandi buvam. – Oqsoqolni rahmi kelib, uni uyiga boribdi. Avval eshikni rosa taqqilatibdi, ajnabiy sira ochmasmish. Rosa ikki soatdan so’ng ochibdi, yuziga sarosimali tikilibdi bir og’iz gapirmay. “ Senga nima bo’lgan o’zi, bolam, – debdi rais. – Na mahalla-ko’yga qo’shilasan, na birov bilan bordi-keldi qilasan? Odam ham shunaqa bo’ladimi? Odam taftini odam oladi-da, bolam. Yolg’iz yashashda nima ma’no bor, deysan. Mundoq senam odamlarga qo’shil”. Raisni gapini eshitgan ajnabiy o’tirib olib yig’lab yuboribdi, bo xudo! Yum-yum yig’larmish… Rais: “O’g’lim, qo’y. Yigit kishiga yig’i uyat. Darding bo’lsa aytgin mundoq. Eshitaylik. Chorasini toparmiz. Bu dunyoda o’limdan boshqasiga chora topiladi”, debdi. Ajnabiy battar yig’larmish, “men…” dermish-u bir og’iz gapirmasmish, bo xudo!..

Choyxona sahnida o’tirganlarning ko’zi buvamga qadalib qoldi. Keyin barchasi o’zaro ajnabiy to’g’risida gurunglasha ketishdi. Birlari unga achina boshlagan, boshqalari uning nimasidandir shubhalanayotgan edilar. Samovarxona bir zumda g’ala-g’ovurga to’lib ketdi.

Men chuqur xayolga botgan edim. Nazarimda, bularning hech qaysisi ajnabiyga menchalik yaqin emasday tuyildi. Chunki agar shunday vaziyat bo’lganida ajnabiy o’zini aynan shunday tutishini, ko’ksi to’lib gapirolmay qolishini, qaddi bukilib, achinarli ahvolda qolishini yaxshi anglardim, shu uchun ham bu odamlar kabi hayrat tuymadim. Ammo xayollanib qoldim. Uzoq xayolga botdim…

Ko’plar uning holatiga achina boshlagandilar. Bu rahmning asl ma’nisini esa mutlaqo bilishmasdi. Ajnabiyning kulbasiga har xil nozu ne’matlar, turli kiyim-kechaklar ( qora kostum-shimidan bo’lak libosi yo’q deb o’ylashgan bo’lishsa kerak) olib borishar, lekin uni olmaganini aytib, qaytarib kelishardi.

Ajnabiy odamlar nigohidan qochishga qancha urinsa, shuncha odamlar nigohi markaziga tushib qolardi. Men esa bu hodisalardan, uning ayanchli qismatidan juda qo’rqardim… Negaki, ajnabiy deb atalgan bu kimsaga ixlos qo’ya boshlagan edim.

Kunlarning birida hammani hayratga soluvchi hodisa ro’y berdi. U kula boshladi! Qah-qah urgan kulgusi qishloqni tutdi. Uni ko’rgan odamlar beixtiyor “xayriyat” deb jilmayib qo’yishar, kulgusi sababini bilishmasa-da xursand bo’lishardi. Doimo Xayolchan yuradigan kimsa samovarxona oldidan o’tarkan, qo’lini ko’ksiga qo’yib, jilmayib “Assalomu alaykum!” deya o’tib ketdi. Choyxona xo’randalari hang-mang bo’lib qolishdi. Birgina men-u, hamdardlik yuzasidan uyiga borgan oqsoqoldan bo’lak bironta ham kimsa uning ovozini eshitmagan edi, kulgisini bo’lsa biz ham ko’rmagandik.

Suluv qizlar esa ortidan “Kulgusi qanday chiroyli-a… o’ziga biram yarashganki…” deya orziqib tikilib qolishgandi…

Ishidan o’sha tanish tabassumi bilan qaytayotganida shovqin solib o’ynayotgan bolalarni oldiga chaqirdi. Hamma hayron edi. Jo’raboshimiz bizga bir qaradi-yu, jur’atsizgina oldiga bordi, izidan ham ergashdik. Ajnabiy cho’ntagidan bir siqim konfet chiqardi-yu, hammamizga bir-bir ulashdi. Bolalar bu kutilmagan mehribonlikdan iyib ketib, uni quchoqlab olishdi va baravariga “rahmat” deb yuborishdi. Ajnabiy bizdan xursand bo’lib uyi tomon o’tib ketdi. Eshikni yopdi-yu, bu safar har doimgiday shaqirlatib qulflamadi…

Uning bunchalik odamoxun bo’lib qolganini tushunmasdim. Lekin uning o’zgarishidan ichimda surur tuygan edim-u, “xayriyat” deb qo’ygan edim.

Ammo… baribir ko’nglim g’ash edi. Nimadir meni xavotirga solardi.

ertasiga ajnabiyni hech kimsa ko’rmadi. Allakim uning kulbasi eshigi qulflog’liqligini ko’ribdi. U doim ishiga o’tib ketardi, ammo bugun mutlaqo ko’rinmadi…

Izsiz yo’qolgan ajnabiy haqida mish-mish gap ko’paydi. Ularning bari kurakda turmaydigan gaplar edi. Kimdir uni tannoz bir qiz bilan qochib ketgan der, kimdir shunchaki ko’ngli tusab bu yerlardan bosh olib ketgan der, yana kimdir allaqayoqlarda izg’ib yuribdi, deb o’ylagandi.

Mening esa xavotirim battar zo’raydi. Yuragimni allaqanday noaniq shubha tig’i timdalardi…

Shu kuni butun qishloq uni izladi. Hatto devoridan oshib o’tib, kulbasidan ham izlashdi: topisholmadi. Qishloq ham ajnabiysiz allaqanday mahzunlashib qolganday edi. Hammaning ko’zida mung, boshi xam…

– Aytmadimmi, bu bolani bir balosi bor deb, – dedi buvamni do’sti. – Bu bola boshidanoq menga yoqmagandi. Qandaydir g’alatimi-ey… Yosh bo’lsayam miyasi aynigan…

– Tuppa-tuzuk yigit-ku. Boshi omon bo’lsin, havo tozalagani biror yoqqa ketgandir-da… Vahimaga hojat yo’q, – dedi buvam.

Buvamni gapi to’g’ri chiqishini juda-juda istardim.

Ammo…

ertasi kuni tongda ajnabiyning sovub qolgan tanasi topildi… U o’shanday, birinchi ko’rganimizdagidek qora kostum-shimda edi, yonida esa qora charm portfeli ham bor. Portfel ichidan… katta soat va “o’lim vaqti” yozilgan bir parchagina qog’oz chiqqandi…

2019

03

(Tashriflar: umumiy 392, bugungi 1)

Izoh qoldiring