Lutfixonim Sarimsoqova. «Uyg’on,bolam!» va «Yor-yor» qo’shig’i & «Sen yetim emassan» filmi (rus tilida)/

045

    Ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин юлдузи,бетакрор истеъдод соҳибаси, халқ томонидан «Ая» деб эъзозланган  Лутфихоним Саримсоқова талқинида дунёга келган образлар ҳаётий, жонли ва табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Улар шу даражада моҳирона ижро этилганки, бирини иккинчисидан устун қўйиш, камситиш мумкин эмас. Ўзбек театр саҳнасида етук образлар яратган актриса кинода ҳам ёрқин, эсда қоларли образлар яратиб, кино санъатида ўз ўрни ва ижодий услубига эга бўлди.
Лутфихоним Саримсоқова «Уйғон,болам», «Қулинг», «Ўзганча», «Ёр-ёр», «Ҳакалакам ўйнасамман», «Жамбилхон», «Ёргинам», «Омон бўлайлик» ва бошқа халқ ашулаларини моҳирона ижро этган хонанда ҳамдир.

001

087

Рауф Парфи
ЛУТФИХОНИМ. «УЙҒОН, БОЛАМ!»
(1943)

Ёлғиз сен ухлайсан, ёлғизим, болам,
Майсалар шивирлар ҳайқиради тоғ.
Шовуллар дарёлар, далалар уйғоқ,
Қасамга ботирар туби йўқ олам.

Умиднинг кўзи кўр, аччиқдир фироқ,
Ахир мен аламман — чинқирар алам.
Бу ғолиб туркуда бўлмиш эди жам,
Она юртим, элим, топталган тупроқ.

Уйғон, уйғон, болам, уйғонгил эй дил,
Уйғондан иборат уйғотлик дунё.
Инон, сени ўйлаб кетмакдаман, бил.

Сенгадир, жон болам, мушкилот, ғавғо,
Уйғон, уйғон, дея инграйди наво —
Сенга бу Ватандир, сенга туркий тил.

1981

024

001

12345

ЛУТФИХОНИМ САРИМСОҚОВА
(1896-1991)

Ўзбек театр санъатининг ёрқин юлдузларидан бири, Муқимий номидаги мусиқали драма театри актрисаси Лутфихоним Саримсоқова 1896 йилда Фарғона вилояти Риштон туманидаги Риштон қишлоғида туғилган.

Лутфихоним Саримсоқова ижодий фаолиятини 1923 йилда Қўқон хотин-қизлар ҳаваскорлик тўгарагида бошлаган бўлиб, 1924—1928 йилларда Қўқон театрида, 1928—1931 йилларда Андижон вилоят мусиқали драма театрида, 1931 —1934 йилларда Марғилон театрида, 1934—1939 йилларда Тошкентдаги Ўзбек Давлат мусиқали театрда актриса, 1939—1940 йилларда эса Ўзбек Давлат филармонияси қошидаги дуторчи хотин-қизлар ансамблида бадиий раҳбар, 1940—1973 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида етакчи актриса сифатида фаолият кўрсатган.

1925 йилда Қўқон театрида қўйилган У. Ҳожибековнинг «Аршин мол олон» спектаклидаги Аскернинг холаси сиймоси Л. Саримсоқованинг театр саҳнасида яратган илк образидир. Кейинчалик актриса драма ва мусиқали драмалар: Хуршиднинг «Лайли ва Мажнун»ида (1925) Лайли, «Фарҳод ва Ширин»ида (1926) Ширин, К. Гоццининг «Маликаи Турандот»ида (1928) Адельма, К. Гольдонининг «Икки бойга бир малай»ида (1929) Смеральдина, К. Яшин, Т. Жалиловнинг «Ўртоқлар»ида (1930) Розия, К. Яшин, Т. Содиқов, Р. Глиэрнинг «Гулсара»сида (1935) Ойсара, Хуршид, Успенский, Г. Мушелнинг «Фарҳод ва Ширин»ида Ёсуман каби мураккаб характердаги аёллар образини яратдики, бу образлар театр мухлислари нигоҳида ҳанузгача сақланиб турибди.

Л. Саримсоқова Муқимий театрида Ҳамза ва X. Тўхтасиновнинг «Майсаранинг иши»да (1943) Майсара, К. Яшин ва Т. Жалиловнинг «Офтобхон»ида (1943) Хайри хола, С. Абдулла, Т. Жалилов, Б. Надеждиннинг «Алпомиш»ида (1950—1962) Ойижон, Ҳамза, Т. Жалилов, Г. Собитовнинг «Паранжи сирлари»да (1946—1960) Мастура сатанг, С. Абдулла, Т. Жалилов, Г. Мушелнинг «Муқимий»сида (1949—1967) Рисолат чевар, К. Яшин, Т. Жалилов, Г. Собитовнинг «Нурхон»ида Кимё сингари образлари билан ўз репертуарини бойитди. Актриса Муқимий театрида яратган образлари билан катта истеъдод соҳибаси, етук санъаткор сифатида кўпчилик мухлисларнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлди.

Л. Саримсоқова талқинида дунёга келган образлар ҳаётий, жонли ва табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Улар шу даражада моҳирона ижро этилганки, бирини иккинчисидан устун қўйиш, камситиш мумкин эмас. «Нурхон»даги Кимё бағри тош, жоҳил эр қўлида бир умр жабр-зулм кўрган ҳуқуқсиз, ҳақсиз аёл. У қизи Нурхоннинг ҳаётда бахтли бўлиши учун ҳар қандай азобларга бардош беришга тайёр меҳрибон она.
Кимё характеридаги онанинг шу хусусиятларини актриса ниҳоятда ишончли тарзда ифода эта олган.

Ўзбек театр саҳнасида етук образлар яратган актриса кинода ҳам ёрқин, эсда қоларли образлар яратиб, кино санъатида ўз ўрни ва ижодий услубига эга бўлди. 1931 йилда суратга олинган «Озод» фильмидаги ип йигирувчи аёл образи актрисанинг кинодаги биринчи роли бўлса, А. Усольцевнинг «Қасам»ида (1937) Она, Н. Ғаниевнинг «Шоҳи сўзана»сида (1947) Холниса, К. Ёрматовнинг «Опа-сингил Раҳмоновалар»ида (1955) Шарофат, 3. Собитовнинг «Фарзандлар»ида (1959) Телба аёл, Ш. Аббосовнинг «Сен етим эмассан»ида (1963) Фотима опа, «Маҳаллада дув-дув гап»ида (1961) Меҳринисо, А. Акбархўжаевнинг «Ҳадя»сида (1972) Ҳадя каби руҳий теран, турли характерли қаҳрамонлар образи фақат актриса ижодидагина эмас, балки ўзбек киноси тарихида ҳам муҳим воқеа бўлди.

Айниқса, «Сен етим эмассан»даги Фотима опа, «Маҳаллада дув-дув гап»даги Меҳринисо, «Фарзандлар»даги Телба аёл актрисанинг кинодаги жиддий ютуғи бўлди ва ўзбек мусиқали драма театри саҳнасида ва миллий киномизда она образининг бетакрор ва беназир ижрочиси сифатида шуҳрат қозонди.

Л. Саримсоқова «Уйғон,болам», «Қулинг», «Ўзганча», «Ёр-ёр», «Ҳакалакам ўйнасамман», «Жамбилхон», «Ёргинам», «Омон бўлайлик» ва бошқа халқ ашулаларини моҳирона ижро этган хонанда ҳамдир.
Л. Саримсоқова узоқ ва мазмунли умр кечирди. Унинг ижодий меҳнати «Ўзбекистон халқ артисти» унвонлари билан тақдирланиб, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Ўзбек театри ва кино санъатада она образининг моҳир ижрочиси сифатида ўзбек санъати тарихидан муносиб ўрин олган Лутфихоним Саримсоқова 1991 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

004


003

хдк

(Tashriflar: umumiy 308, bugungi 1)

1 izoh

  1. salom, linkla uchun rahmat, ammo iloj bulsa, shu aktrissa uynagan rollardan, teatrlardan quyilsa juda yahsi bulardi, oldindan rahmat!

Izoh qoldiring