Madina Norchayeva. Xayrlashuv maktubi & Аральское море (Казахфильм, 1963)

045    Мадинанинг бу битигини бўғзимга дард тиқилиб ўқидим, бундан 35  йилча аввал адабиёт газетасида босилган «деразалар остига келиб, узоқ-узоқ йиғлаган денгиз» ҳақида ёзган шеъримни, устоз адиб Тўлипберген Қаимбергеновга бағишланган туркумимни эсладим. Ўша шеърларни ҳам  ботиний йиғи билан ёзганимни эсладим  (Қандай денгизни йўқотганимизни 1963 йилда суратга олинган ҳужжатли фильмдан билиб оласиз)…

Мадина Норчаева
ХАЙРЛАШУВ МАКТУБИ
«Оролдаги одамлар» туркумидан
001

Оролдаги дўстим, сенинг исмингни ҳам билмай сен билан хайрлашмоқдаман. Бу чалкаш йўлларда қайтиб учрашамизми, йўқми, билмайман. Дуч келган тақдирда ҳам бошқа дўстлар сингари бир-биримизга айтадиган сиримиз бўладими, йўқми, буни ҳам билмайман. Мени дўст деб қабул қилдингми ёки ётсираб турдингми, бу ҳам менга қоронғу… Сафарга отланар эканман, ёдимни турли хил хаёллар чулғаган эди, уларнинг исботи ўлароқ, сен қовоқларингни очмасдан бизни қарши олдинг ва уйга бошлаб кирдинг. 028Хоналар билан таништирар экансан, “унчалик хушламадиёв” деган хавотирда бўлдим. Aммо кечки овқатда этагингга осилиб, харҳаша қилаётган қизчангни кўриб сени ҳаминқадар тушундим ва ҳовлидаги суҳбатда мени ҳаяжонга солишга ҳам улгурдинг. Тўғрида, фарзанди нуқсон билан туғилган онага осон эмас, ахир!

Ўқишимни сўрадинг, айтдим. Тенгдошлигимизни билиб иккимиз ҳам бироз ҳижолат чекдик. “Қиз пайтим тўмпоқ едим, кейин азиб кетдим” — дейсан, қақроқ лабларингга ёлғон кулгу чақириб. Ва яна:

— Турмушга шиқмаденгми? – дейсан.

— Йўқ, энди-да… – дейман, дунёни олифта шаҳарнинг қаричи билан ўлчаб.

Сен ҳам ичингдагини, айтасан-қўясан:
— Турмуш қурувинг шартми? Шундай журганинг дурусғуй – деб.

Нима дейишни билмай қолдим… жуда ноқулай бўлдим. Ё сенинг тилингни яхши тушунмадимми, деб юзингга тикилдим. Чеҳрангдаги маъно қотиб қолгандек, лабларинг қимтилган, нигоҳларинг оғир эди.

— Қизчангиз неччи ёш? – сўрадим охири суҳбатни ўнглашга уриниб.
— Уш ёшда – дединг ва — аввалгиси ўғил эди, ўлди…

Ортиқ чидамадим… Ичкарига отилдим…

Мен сенинг оғриқларингнинг бир заррасини ҳис қиламанми, йўқми. Бироқ сенга меҳрим тушди. Четдан туриб хатти- ҳаракатларингга назар ташлайман. Бироз жаҳл аралаш қадам олишинг ва фақат қизинг олдида унутилган ташвишларинг кўнглимда ботиқ из қолдирди.

Ёдингдами?! Кунларнинг бирида келинлик хонангга бошлаб бординг. “Буларни кўр!” деб, шарқона либослар, дўппи, дутор ҳамда чанқовузга ишора қилдинг.

— Булар келинлик либосларингизми?

— Йўқ, мен буларни кийиб қўшиқ айтаман — дейсан, гўё менинг бунгача бўлган тасаввурларимни чиппакка чиқариб.

— Чанқовуз ҳам чаласизми? – Хаёлларим деразасидан офтоб кўрингандек саволга тутаман.

— Ҳа, чанқовуз онамники. Онам ҳозир шифохонада. Кўкрак саратони бўлган…

— Худо шифо берсин! – Дейман, баҳор офтобига алдангандек, хижолат тортиб.

— Уш ойдан бери юбормайди… — дейсан айвонда ўтирганларга ишора қилиб. — кўргани боролмадим…

— Опа-сингилларингиз борми? Улар бориб туришгандир?

— Тўрт қизмиз. Икковини қўлда бубаги бор шиқолмайди, менинг аҳволим бу… — дейсан менга тушунарли гапириш учун ўз тилингга ўзбекча аралашитириб.

— Эрингиз юбормайдими? — дедим.

— Унинг унша иши жўқ… — индамайди. Aнгладим, гап қайнонанг ҳақида кетар еди. Бир сўз деёлмадим. Aхир бу сенинг оиланг, бу сенинг ҳаётинг эди.

— Ўзингиз ёқтириб турмуш қурганмисиз, —  сўрадим.

— Мени олиб қочғанғуй. Мусиқа мактабда ўқиб жургандим, жигитим бор эди. У олиб қочувиға тўрт кун қолғанда бу олиб қошди.

Оролдаги дугонам, мен сенга таскин беролмадим. Иккимизнида овутиш учун.

— Қўшиқ айтиб беринг, — дейман дуторни қўлимдан қўймай. Сен дуторни олиб торларини созлайсан. Куйлайсан-у овозинг қафас ичидаги қуш сайроғидек кўринади.

Мен ёримни кўрай деб,
Шиқдим денгиз бўйина…

Дераза ортига тикиламан. Гўё саксовуллар саҳродан бош олиб кетаётгандек ҳадик тортаман.

Икки кундан кейин юзингда қувонч кўринди.

— Эртага онамни кўришга кетаман, икки кунга. Сен ҳали кетмайсанми? — дединг.

Кетадиган кунинг эса йиғлаган овозингни эшитдим. Қўрқиб кетдим. Кўксингга гурс-гурс уриб йиғладинг. Қайнонангга йиғлаб-йиғлаб нималардир дединг. Чидолмадим, аммо бировнинг оиласига бурнингни тиқоламайсан киши, шунинг важидан ўзимни кўча эшигига урдим. Узо-о-о-қ юрдим…

Саксовулларга қараб, «Улар ҳам қачондир денгиз ўти бўлганмикин, бўлмаса бу ерда қандай пайдо бўлган?!», — деган хаёллар билан ўзимни алдай бошладим. Уларга яшашни ким ўргатди, дейман яна ўйинчоқ топиб олиб, унга тикилган боладек. Aлалоқибат уйга қайтсам сен кетган экансан. Қайнонангнинг гапига қараганда, сенга тонгда эмас, тушдан кейин боришга рухсат берилган экан. Сен барвақт отланибсан, худди Орол каби…

“Мен унға жумушларингни бажариб кет дедим, шу жоманми?» —  деди қайнонанг. Унга ҳам бир сўз демадим.

Қайтганингдан сўнг аввалгидан ҳам ўйчан бўлиб қолдинг. Бунинг сабаби менга қоронғу, сенга эса азобли. Кўчага чиқдим, ҳамроҳларим қайтишга тарадди кўришимни айтишди. Мана, ортга қайтиш керак, ахир мени қишлоғингда топилмайдиган манфаатли шовқин-суронлар кутмоқда. Ҳа, сени эртага ё индин унутиб юборишим тайин, бироқ изғиринли кечада, саҳройи овоз билан “турмуш қурувинг шартми?” деганинг қулоқларимга қайта-қайта чалинишини ҳис қиляпман. Шу хаёллар билан ичкарига кираман, сен жим. Хонамга бош суқаман, хонам жим. Кўчимни кўтариб кўчага чиқаман, кўча жим. Aвтоуловнинг қум босган дарчаларидан бир пайтлар денгиз шовуллаган саҳрога тикиламан,  у ҳам жим кузатади. Aхир, на унга, на сенинг умрингга келиб кетаётган биринчи одам эмасман.

Хайр Оролдаги дугонам!

ОРОЛДAГИ AЁЛ ХИРГОЙИСИ

Танидингми?!
Тушларингда сув паридек сузган эдим,
Тўлқин бўлиб бандларингни узган эдим,
Сув чалпитиб хаёлингни бузган эдим,
Танидингми?!

Танидингми?!
Мен ҳам маюс сув ўтиман,
Балиқларнинг фарёд тўла сукутиман.
Йироқлашиб кетдинг, дийдор ҳудудидан,
Танидингми?!

Гоҳи қармоқ солиб бағринг тиғлаганман,
Сўнг балиқчи чолдек ўксиб йиғлаганман.
Йўлинг пойлаб соҳилингда ухлаганман,
Танидингми?!

Танидингми?!
Йиллар бизни қартайтирган,
Қум қоплаган чўллар бизни қартайтирган.
Aхир менман, бир замонлар эшкак урган,
Танидингми?!

Танидингми?!
Боланг эдим  — далли сиёҳ,
Сўнг улғайгач, ёрингдай бўп кўриндим гоҳ.
Моҳибойни ютиб кетган, эй, ғаюр моҳ,
Танидингми?!

Қайтмайсанми?!
Бўғзим тўла “ув-в!” келтирдим…
Ўттиз тўққиз ғам ёмғирин тирилтирдим.
Мен қошингга уч кўзада сув келтирдим…
Майли, бўрон кўтармасдан,  оҳиста,
Жим-м-м қайтмайсанми?!

Aпрел 25, 2019

  Qanday dengizni yo’qotganimizni 1963 yilda suratga olingan hujjatli filmdan bilib olasiz….

Madina Norchayeva
XAYRLAShUV MAKTUBI
«Oroldagi odamlar» turkumidan
099

Oroldagi do’stim, sening ismingni ham bilmay sen bilan xayrlashmoqdaman. Bu chalkash yo’llarda qaytib uchrashamizmi, yo’qmi, bilmayman. 04Duch kelgan taqdirda ham boshqa do’stlar singari bir-birimizga aytadigan sirimiz bo’ladimi, yo’qmi, buni ham bilmayman. Meni do’st deb qabul qildingmi yoki yotsirab turdingmi, bu ham menga qorong’u… Safarga otlanar ekanman, yodimni turli xil xayollar chulg’agan edi, ularning isboti o’laroq, sen qovoqlaringni ochmasdan bizni qarshi olding va uyga boshlab kirding. Xonalar bilan tanishtirar ekansan, “unchalik xushlamadiyov” degan xavotirda bo’ldim. Ammo kechki ovqatda etagingga osilib, xarhasha qilayotgan qizchangni ko’rib seni haminqadar tushundim va hovlidagi suhbatda meni hayajonga solishga ham ulgurding. To’g’rida, farzandi nuqson bilan tug’ilgan onaga oson emas, axir!

O’qishimni so’rading, aytdim. Tengdoshligimizni bilib ikkimiz ham biroz hijolat chekdik. “Qiz paytim to’mpoq yedim, keyin azib ketdim” — deysan, qaqroq lablaringga yolg’on kulgu chaqirib. Va yana:

— Turmushga shiqmadengmi? – deysan.

— Yo’q, endi-da… – deyman, dunyoni olifta shaharning qarichi bilan o’lchab.

Sen ham ichingdagini, aytasan-qo’yasan:
— Turmush quruving shartmi? Shunday jurganing durusg’uy – deb.

Nima deyishni bilmay qoldim… juda noqulay bo’ldim. Yo sening tilingni yaxshi tushunmadimmi, deb yuzingga tikildim. Chehrangdagi ma’no qotib qolgandek, lablaring qimtilgan, nigohlaring og’ir edi.

— Qizchangiz nechchi yosh? – so’radim oxiri suhbatni o’nglashga urinib.
— Ush yoshda – deding va — avvalgisi o’g’il edi, o’ldi…

Ortiq chidamadim… Ichkariga otildim…

Men sening og’riqlaringning bir zarrasini his qilamanmi, yo’qmi. Biroq senga mehrim tushdi. Chetdan turib xatti- harakatlaringga nazar tashlayman. Biroz jahl aralash qadam olishing va faqat qizing oldida unutilgan tashvishlaring ko’nglimda botiq iz qoldirdi.

Yodingdami?! Kunlarning birida kelinlik xonangga boshlab bording. “Bularni ko’r!” deb, sharqona liboslar, do’ppi, dutor hamda chanqovuzga ishora qilding.

— Bular kelinlik liboslaringizmi?

— Yo’q, men bularni kiyib qo’shiq aytaman — deysan, go’yo mening bungacha bo’lgan tasavvurlarimni chippakka chiqarib.

— Chanqovuz ham chalasizmi? – Xayollarim derazasidan oftob ko’ringandek savolga tutaman.

— Ha, chanqovuz onamniki. Onam hozir shifoxonada. Ko’krak saratoni bo’lgan…

— Xudo shifo bersin! – Deyman, bahor oftobiga aldangandek, xijolat tortib.

— Ush oydan beri yubormaydi… — deysan ayvonda o’tirganlarga ishora qilib. — ko’rgani borolmadim…

— Opa-singillaringiz bormi? Ular borib turishgandir?

— To’rt qizmiz. Ikkovini qo’lda bubagi bor shiqolmaydi, mening ahvolim bu… — deysan menga tushunarli gapirish uchun o’z tilingga o’zbekcha aralashitirib.

— Eringiz yubormaydimi? — dedim.

— Uning unsha ishi jo’q… — indamaydi. Angladim, gap qaynonang haqida ketar yedi. Bir so’z deyolmadim. Axir bu sening oilang, bu sening hayoting edi.

— O’zingiz yoqtirib turmush qurganmisiz, —  so’radim.

— Meni olib qochg’ang’uy. Musiqa maktabda o’qib jurgandim, jigitim bor edi. U olib qochuvig’a to’rt kun qolg’anda bu olib qoshdi.

Oroldagi dugonam, men senga taskin berolmadim. Ikkimiznida ovutish uchun.

— Qo’shiq aytib bering, — deyman dutorni qo’limdan qo’ymay. Sen dutorni olib torlarini sozlaysan. Kuylaysan-u ovozing qafas ichidagi qush sayrog’idek ko’rinadi.

Men yorimni ko’ray deb,
Shiqdim dengiz bo’yina…

Deraza ortiga tikilaman. Go’yo saksovullar sahrodan bosh olib ketayotgandek hadik tortaman.

Ikki kundan keyin yuzingda quvonch ko’rindi.

— Ertaga onamni ko’rishga ketaman, ikki kunga. Sen hali ketmaysanmi? — deding.

Ketadigan kuning esa yig’lagan ovozingni eshitdim. Qo’rqib ketdim. Ko’ksingga gurs-gurs urib yig’lading. Qaynonangga yig’lab-yig’lab nimalardir deding. Chidolmadim, ammo birovning oilasiga burningni tiqolamaysan kishi, shuning vajidan o’zimni ko’cha eshigiga urdim. Uzo-o-o-q yurdim…

Saksovullarga qarab, «Ular ham qachondir dengiz o’ti bo’lganmikin, bo’lmasa bu yerda qanday paydo bo’lgan?!», — degan xayollar bilan o’zimni alday boshladim. Ularga yashashni kim o’rgatdi, deyman yana o’yinchoq topib olib, unga tikilgan boladek. Alaloqibat uyga qaytsam sen ketgan ekansan. Qaynonangning gapiga qaraganda, senga tongda emas, tushdan keyin borishga ruxsat berilgan ekan. Sen barvaqt otlanibsan, xuddi Orol kabi…

“Men ung’a jumushlaringni bajarib ket dedim, shu jomanmi?» —  dedi qaynonang. Unga ham bir so’z demadim.

Qaytganingdan so’ng avvalgidan ham o’ychan bo’lib qolding. Buning sababi menga qorong’u, senga esa azobli. Ko’chaga chiqdim, hamrohlarim qaytishga taraddi ko’rishimni aytishdi. Mana, ortga qaytish kerak, axir meni qishlog’ingda topilmaydigan manfaatli shovqin-suronlar kutmoqda. Ha, seni ertaga yo indin unutib yuborishim tayin, biroq izg’irinli kechada, sahroyi ovoz bilan “turmush quruving shartmi?” deganing quloqlarimga qayta-qayta chalinishini his qilyapman. Shu xayollar bilan ichkariga kiraman, sen jim. Xonamga bosh suqaman, xonam jim. Ko’chimni ko’tarib ko’chaga chiqaman, ko’cha jim. Avtoulovning qum bosgan darchalaridan bir paytlar dengiz shovullagan sahroga tikilaman,  u ham jim kuzatadi. Axir, na unga, na sening umringga kelib ketayotgan birinchi odam emasman.

Xayr Oroldagi dugonam!

OROLDAGI AYoL XIRGOYISI

Tanidingmi?!
Tushlaringda suv paridek suzgan edim,
To’lqin bo’lib bandlaringni uzgan edim,
Suv chalpitib xayolingni buzgan edim,
Tanidingmi?!

Tanidingmi?!
Men ham mayus suv o’timan,
Baliqlarning faryod to’la sukutiman.
Yiroqlashib ketding, diydor hududidan,
Tanidingmi?!

Gohi qarmoq solib bag’ring tig’laganman,
So’ng baliqchi choldek o’ksib yig’laganman.
Yo’ling poylab sohilingda uxlaganman,
Tanidingmi?!

Tanidingmi?!
Yillar bizni qartaytirgan,
Qum qoplagan cho’llar bizni qartaytirgan.
Axir menman, bir zamonlar eshkak urgan,
Tanidingmi?!

Tanidingmi?!
Bolang edim  — dalli siyoh,
So’ng ulg’aygach, yoringday bo’p ko’rindim goh.
Mohiboyni yutib ketgan, ey, g’ayur moh,
Tanidingmi?!

Qaytmaysanmi?!
Bo’g’zim to’la “uv-v!” keltirdim…
O’ttiz to’qqiz g’am yomg’irin tiriltirdim.
Men qoshingga uch ko’zada suv keltirdim…
Mayli, bo’ron ko’tarmasdan,  ohista,
Jim-m-m qaytmaysanmi?!

Aprel 25, 2019

05

(Tashriflar: umumiy 183, bugungi 1)

Izoh qoldiring