Mahmud Sa’diy. Hayotimda o’zgarish yasagan kitoblar & Mahmud Sa’diy «Men bilgan haqiqatlar» teledasturida

056 Саҳифа Устоз Маҳмуд Саъдийнинг 80 ёшга тўлишига бағишланади

Тажрибали журналист ва етук публицист Маҳмуд Саъдий қутлуғ 80 ёшини қаршиламоқда. Биз устозни ушбу улуғ ёш билан қутлаб, соғлик, омонлик ва ижодий баркамоллик тилаймиз.

  Маҳмуд Саъдий  Нарпай туманида туғилиб, вояга етган, Самарқанд ижодий муҳитида улғайган. Тажрибали журналист ва етук публицист ўзининг эллик беш йиллик фаолияти давомида соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган. Шу боис “Ўзбекистонда xизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб кўрилган. Яқинда Президентимиз фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. “Олтин қалам” xалқаро миллий мукофотини қўлга киритган.

Устоз “Теран томирлар” китоби муаллифи. Айни пайтда эса “Танланган мақола ва суҳбатлар” тўплами нашрга тайёрланмоқда. Забардаст муҳаррирнинг ижодий фаолияти ҳақида эса “Қадр” номли тўплам нашр этилган.

Қуйида отахон журналистнинг «Ёшларга мактуб» туркуми асосида ёзган мақолаларидан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Маҳмуд САЪДИЙ
ҲАЁТИМДА ЎЗГАРИШ ЯСАГАН КИТОБЛАР
«Ёшларга мактуб» туркумидан
02

067  Азиз фарзандларим! Ҳаёт қийинчиликларию мураккабликларини кўрган, саксонни қоралаган бобонгиз сифатида сизлар билан бирга шу саволга жавоб излагим келди…

Мен ўзимни бахтли инсон деб биламан. Бахтим, аввало, туғилиб-ўсган оилада. Отам раҳматли ўқимишли одам эди, Бухоро мадрасаларини битирганди. Бир сандиқ чиройли-чиройли муқовали китоблари бор эди. Менимча ё турк ё форс, ёки араб тилидаги китоблар бўлса керак. Отамнинг ҳузурига одамлар келар, уларга китобларини ўқиб берар, тушунтирарди. Менга кирилл алифбосини илк бора отам ўргатган. Бу мактабга бормасимдан, 7 ёшга кирмасимдан бурунги гап эди.

Камина Самарқанд вилоятининг олис бир қишлоғида туғилган. Ҳаётимда китобнинг роли жуда катта бўлган. Мени пойтахтга олиб келган ҳам китоб бўлади. Китоб — инсоният тан олган ниҳоятда қудратли куч. Улуғ ёзувчилардан бири “Ўзимда қанақанги яхши фазилатлар бўлса, ҳаммаси китобдан”, дейди. Бу – бежиз эмас.

Китоб гўдаклик пайтимдаёқ ҳаётимда қандайдир ўзгариш ясаган. Ўшанда 4-синфларда ўқир эдим. Қишлоғимизда етти йиллик мактабнинг кутубхонаси бор эди. Ўша кутубхонага борганимда, жавонлардан бирида “Навоий” романига кўзим тушган. Чиройли муқоваланган каттагина китоб. Роман менга ўша пайтда жудаям катта таъсир қилган. Романда Навоий дейсизми, Султонмурод дейсизми, шунақанги зўр образлар борки, уларга қараганда ўзимизнинг қишлоқнинг жайдари одамлари кўзимга қумурсқалар каби кичкина бўлиб кўринган. Мен Навоийдек бўлишни хоҳлаган бўлсам керак-да. Китоб таъсирида анча пайт ўзимга келолмай юрганман.

Ҳаёт бошқа, китоб бошқа… Менинг тушунчаларимга, романлардан олган таассуротларим тўғри келмайди. Ҳатто дафтарим бўлар эди. Энг яхши-яхши фикрларни кўчириб юрардим. “Навоий” романидан кўп сўзларни, кўп ҳикматли гапларни кўчириб ҳам олганман. Ҳозир уни ўқисам, бошқачароқ фикрда бўлишим мумкин… “Болаликда олинган билим тошга ўйилган ёзувга ўхшайди, ҳеч ўчмайди”, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам тўғри фикр. “Навоий” романини ўқиб, шунақа катта таассурот олганман.

“Навоий”гача ҳам китоб ўқиганман, албатта. Миркарим Осимнинг “Ўтрор” қиссаси эди у. Учинчи синфда эдим. Умримда биринчи маротаба тўлиқ ўқиган бу қисса йигирма беш саҳифалик эди, адашмасам. 1947 йилда нашр қилинган китоб. Ухламасдан эрталабгача ўқиб чиққанман. Ватан ҳимояси йўлида, бизнинг мисолимизда Ўтрор шаҳридаги мўғулларга қарши Темурмаликка ўхшаган буюк боболаримиз қандай кураш олиб борган? Асарда кичкинагина қўшиннинг мўғулларнинг мўр-малахдек ёпирилиб келган лашкарига қарши кураши тасвирланган. Улар Ватанни чин кўнгилдан, тилда эмас, дилда, амалда севган. Ўз жонини ҳам қурбон қилиб юборади. Таслим бўл десаям, бошқа десаям, кўнмайди. Ана шу жиҳатлари билан юрагимни алғов-далғов қилган бу китоб ҳам.

Умуман, китоб ўқишдан мақсад нима? Энди бунинг жуда кўп қирралари бор. Билим олиш учун, дунёни англаш учун, одамларни тушуниш учун, ўша ҳаётнинг мароми қандай бораётганини, жараёнлар моҳиятини билиш учун жуда катта аҳамияти бор. Италиянинг буюк ёзувчиси Умберто Эконинг “Роль читателя” деган, русчасини айтяпман, катта китоби бор. Буюк немис ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Ҳерман Ҳессенинг китобга бағишланган махсус жуда катта томлик асарлари бор. Умуман, китоб ҳақида айтган билан адо бўлмайди гап. Чунки инсоният бор экан, унга китоб ҳамроҳ бўлади доим. Китоб ҳақидаги фикрлар ҳам, бу ҳақдаги мулоҳазалар ҳам, бу ҳақда ўйлайдиган ўйлар ҳам ҳеч тўхтамайди, давом этади.

Ҳар ким қандайдир бир касбни танлайди. Менинг тушунишимча, одам бир касбни эгаллашга киришар экан, уни ипидан игнасигача билиб, шу ишнинг устаси бўлиши керак, профессионал бўлиши керак. Агарда инсон ўз соҳасида профессионал бўлса, ҳаётда қоқилмайди, қаерда бўлса ҳам, меҳнати орқасидан рўшнолик кўради. Виктор Ветковичнинг бир китоби бор, “Длинные письма» деган. Ўшанда ўтган асрнинг 18-20 йилларидаги Волга бўйидаги очарчиликдан аввал, Неверовнинг романи бор, “Ташкент – город хлебный”. Бир ўқиб кўринглар. Веткович ёзадики, дўконлар эшиги ип билан боғлаб ташлаб кетиларди, қоровул йўқ эди… Мана шундай ҳалол аждодларимиз бўлган. Халқни поклаш керак, юрагини, онгини тозалаш керак. Бунда китобнинг ўрни жуда катта.

Қуръони Карим. Қандай буюк илоҳий асар. Асрлар бўйи яшаб келаётган, одамларга тарбия бераётган. Имом Бухорий, Имом Термизий йиққан ҳадислар. Булар бутун ҳаётни тартибга соладиган китоблардир. Ислом дини ўзимизнинг диёримизда, заминимизда камол топди. Мотурудий, Марғиноний, бошқа улуғ сиймоларимизнинг кўплаб тадбирлари бўлди, бўляпти, яна китоблар чиқяпти. Лекин ҳали бундай сиймоларимиз сони мингдан зиёд. Биттасини мисол келтирмоқчиман. Беруний асарларида ҳам Дабусия қалъаси ҳақида гапиради. Абу Зайд Дабусий деган буюк одам бўлган. Бу одам Дабусия қалъасида яшаган. У ҳозирги Самарқанд вилоятининг Пахтачи (илгари Пахтакор эди) туманида жойлашган. Қалъанинг қолдиқлари бор. Ўша ерда ёдгорликлар ҳам бор. Бу одам “Илм ул-хилоф” деган китоб ёзган. Бу исломдаги ихтилофлар масаласига доир асар бўлиб, уларни изоҳлайдиган таълимот яратган. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бу таълимот яратилган эмас. Ҳали бу бобокалонимизнинг исмини эшитмаганлар бор. Абдулҳаким Жузжоний деган Афғонистондан келиб, бу ерда фан доктори, профессор бўлган ўзбек бор. Исломшунослик ҳақида дарсликлар ёзди. Жуда зўр одам, шу олимга Абу Зайд Дабусий ҳақида мақола ёздириб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига битта мақола чиқардик. Кейин яна қаердадир бир-иккита мақола чиқди. Лекин бу ҳеч нарса эмас, ҳали ҳеч ким билмайди. Мавзудан чалғидим чоғи…

Китобдан биринчи мақсад – одамни шахс сифатида шакллантириш. Бунда биров келиб сизни шакллантириб, сизни камол топтирмайди. Ўзингиз қилишингиз керак ҳамма ишни. Ўзингиз. Навоийнинг машҳур байтларидан бирини эсингизга солмоқчиман:

“Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил”.

Демак, одамнинг ўзига даъват қиляпти. Исломда ҳам борку, жузъий ихтиёр деган. Жузъий ихтиёр, худодан, деган гап бор. Лекин бандасига имконият ҳам берилган. Шу имкониятдан фойдаланиш керак. Битта шу имкониятдан фойдаланиб, Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”ни яратди. Чунки илгари бўлди, фиқҳ, масалан, ислом қонуншунослиги шу билан тугади, деган жойда ўша тирқишни топиб “Ҳидоя”ни яратдики, бутун мусулмон оламини кенгайтириб юборди. Жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳам бизнинг заминимизда бўлди. Биз мана шундай буюк боболаримиз билан фахрланишимиз керак. Фахрланиб юраверишнинг ўзи кифоя қилмайди. Авлодлар давом эттириши керак. Давом эттирмасак, у одамларнинг авлоди эмасмиз.

“Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”ларни, албатта, синчиклаб ўқиб чиқишингиз керак. Навоий асарларининг ўзи бир дунё. Бу бир жиҳати. Бир жиҳати – профессионал бўлиш керак. Масалан, “Аристотель поэтика ҳақида нима деган?”, кейин “Аристотелдан таъсирланиб, Фаробий қандай китоб ёзган?”, дея сўрасангиз анграйиб туради анчаси. Ўзингнинг бобонг-ку, Фаробий, дейман куйиниб.

Ҳозирги кунда генни ҳеч ким инкор қилолмайди. Сиз билимдон одам бўлсангиз, касбингизнинг устаси бўлсангиз, бу фарзандларингизга ген орқали ўтади. Туғилмасдан сизнинг болангиз доно бўлади. Илгари гап бор эди: “Ёш бола оқ қоғозга ўхшайди, истаган нарсани ёзиб бўлмайди». Пешонага ёзилган, деган гап бежиз эмас. Пешонага ёзилган, шунинг бир жиҳати ген орқали келади. Агар бундай қарасангиз, қанақа зўр одамлар бир авлоддан чиқади. Мана, Иброҳимҳожи деган одам бўлган. “Ўзбекистон Қаҳрамони” Зикир Муҳаммаджонов унинг набираси. Академик Наби Мажидов — набираси. Энг буюк актрисалардан бири Малика Иброҳимова — набираси. Унинг опасиям режиссёр. Бири Туркияга бориб, биология фанига асос солди. Туркияда! Ген орқали қанча иқтидорлар етишмоқда…

Бунда китобнинг ўрни жудаям катта. У ҳаётингизни ўзгартиради, чунки ақлли одамлар ёзган китоблар камчиликларингизни ҳам, ютуқларингизни ҳам кўрсатиб беради, ойна бўлади. Мана, масалан, ўзимнинг бошимдан ўтган воқеа. Бир неча йил аввал автоҳалокатга учраб, 5 ойча ётдим. Ўшанда Жорж Сименонни ўқидим. Жуда зўр ёзувчи. Мен уни классик адиб деб ҳисобламайман. Уни ўқиб психотерапия билан шуғулландим. Унинг бир хусусияти шундаки, ўқиб бўлгач, бир кун ўтиб қайтадан мутолаа қилсангиз, бошқа бир янги асар ўқигандек бўлаверасиз. Аввал ўқиганингиз эсингиздан чиқиб кетади. Энг асосийси, ҳар бир мутолаада руҳингизни тозалаб кетади-да, эсингиздан чиқиб кетади. Яна ўқийверасиз. Шуниси маза.

Китобни танлаб ўқиш керак. Китоб танлаш учун кўп нарсалардан ўтиш керак. Бир воқеани айтиб берай. Набоковнинг “Лолита” деган оламга машҳур романи бор. Дунёда 100 буюк китобнинг биттаси дея рўйхатларга киритилган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари бор. ХХ асрдаги одамларга ёлғизлик фожиасини кўрсатган. Кўнглига яқин кўнгил излаш фожиаси, унга эришолмаслик ва ҳоказо. Ўқидим, кечқурун тугатдим. Одатда кеч ётаман. Тунги соат икки ярим, учларда тугатдим. Кўнглим қоп-қора. У ерда фожиалар, бошқа фикрларни ўқисангиз, мазангиз қочади. Жуда кайфиятим бузилди. Нима қилишни билмайман. Уйқу келмайди. Кейин жавонга бир қарадим-да, бир муқоваси йўқ, титилиб кетган китобчага кўзим тушди. Нима экан, деб, шундай тортсам, Алишер Навоийнинг “Ўзбек классиклари” сериясида 60-йилларда чиққан “Танланган асарлар”и. Иккитами, учтами ғазалини ўқидим. Кўнглим жойига тушиб, кейин бемалол ётдим. Мана қаранг, даволади мени китоб. Умуман, мусиқа каби китоб ҳам даволайди. Бизнинг боболаримиз бу борада жуда ақлли бўлишган. Ҳали уларга етишиш учун анча бор, шекилли.

Дурустгина кутубхонам бор, десам ҳам бўлади. Китобларим ичида ўлпонлар ҳақидагиси ҳам бор, химия ҳақида ҳам, математика тарихига оид китоблар ҳам, айниқса, географияга оид китоблар, саёҳатномалар, кейин буюк ихтирочилар ҳақида китоблар, масалан, тестларга ўхшаган китоблар. Баъзи бировлар “соҳангиз бошқа бўлса, сизга нима кераги бор”, дейишади. Менделеев элементлар даврий системасини ҳамма билади. Шунинг икки жилдлик, катта фундаментал деса ҳам бўлади, энциклопедик китобини олдим. Кейин Чехословакияда чиққан математика энциклопедиясини олдим. Шунга ўхшаган китоблар олганманки, кейин керак бўлдими, йўқми, деб сўрарсиз. Битта набирам кимё факультетига ўқишга кирди. Бердим 1-курсдан. У қанақа маза қилди. Натижасини айтай. Ўша неварам жуда яхши ўқиди. Ҳар хил яхши стипендиялар олди. Ҳаттоки, Кореянинг аллақайси ташкилотининг ҳам стипендиясига эришди. Магистратурага кирди. Аспирантурада ўқиди. Диссертацияни жуда яхши ёқлади кимё бўйича. Ундан кейин ишлади, ҳозир ҳам ишлаяпти. Унвониям бор. Майор унвони. Ёш бола, майор бўлди ҳозир. Бунда битта китобнинг ҳам таъсири бўлди.

Кейин қолганларида ҳам мана шу математикага қизиққанлар учун китоблар бор, бемалол ўқийди. Ҳозир дизайнга қизиқиш кучли. Битта ўғлим дизайнер. Дизайн ҳақида дастлабки китобларни сотиб олганман. Чунки фарзандларга, боя айтдимку, ген орқали ўтади. Фақат ген орқали ўтди деб, қараб ўтирмасдан ота-она ёрдам ҳам бериши керак. Сизнинг фарзандингиз бўладими, неварангиз бўладими, қариндошингиз бўладими, уларга ёрдамлашишингиз керак. Бу ҳам китобнинг таъсири, китобнинг натижаси деб биламан. Абу Райҳон Берунийни оладиган бўлсангиз, у одам фармакология ҳақида, доривор ўсимликлар, моддалар ҳақида буюк китоб ёзган. Беруний юнон тилини ҳам билган. Энди бу китоб эмаску. Ўшанда юнонлар келиб қолганлардан ўрганган. Берунийнинг “Одиссея” ҳақида ибратли гаплари ҳам бор. У “Одиссея”нинг оригиналини, яъни асли, юнончасини ўқиган. (Сиз билан биз эса русчасини ҳам ўқимаймиз). Ҳатто асарларида мисоллар келтиради. Ўша Гомерни Омер дейди. Омер шундай дейди, дея мисоллар келтиради. Берунийнинг “Сайдана” деган асари фармакологияга бағишланган. Жуда буюк асар, ягона деса ҳам бўлади. Астрономияга алоқадор “Қонуни Маъсудий” деган ўлмас асар яратган. Ундан бошқа бир алломамиз Мирзо Улуғбек фойдаланган, кутубхоналарида бўлган. “Ҳиндистон” асарининг ҳозир ҳам дунёда тенги йўқ. Ҳиндистонга Маҳмуд Ғазнавийнинг қўшини сафида бориб, ҳар хил астрономик текширишлар олиб борган. Айтмоқчи бўлганим шуки, боболаримиз китобларни ўқиб, улуғ ишлар қилган, мана шу даражага етган.

Китоблар одамларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка чақиради. Китоблар одамларнинг кўнглини яқинлаштиради. Кўнглини яқинлаштиргани, демак, ўзгартиргани шу-да. Бир миллат вакили бошқа миллат вакилининг юрагини билса, унинг кўнглини билса… дунёда қанақанги яхши одамлар бор. Ҳамма, ҳамма халқ яхши. Энг сара китобларда, бадиий жиҳатдан бақувват китобларда, ҳаётни ҳаққоний тарзда тасвирлаган китобларда барча халқларга тегишли эзгу ғоялар бор. Мана шу ғоялар одамларни бирлаштиради, тарбиялайди. Битта мисол келтиришим мумкин. “Чин инсон ҳақида қисса”. Борис Полевойники. Эрон ислом инқилобининг доҳийси Ҳаётулла Ҳумайний Б.Полевойнинг “Чин инсон ҳақида қисса” китоби ҳақида шунақанги яхши фикрлар ёзади. Аслида ислом билан собиқ совет мафкураси ўртасида қанчалик катта фарқ бор, дейсиз. Ҳумайний эса унинг мафкурасини қўйинг, дейди. Унинг иродаси, матонати, унинг қаҳрамонлиги, фидоийлигидан ўрнак олиш керак, дейди. Оёғи йўқ, душманга, фашизмга қарши, ёвузликка қарши кураш олиб боради. Албатта, зўр асар миллат танламайди.

Китоб миллатнинг кўзини очиши керак. Кўзи очиқ одам ҳаётнинг баланд-пастликларини тўғри баҳолай олади. Азиз фарзандим, қанчалик билимдон, китобхон бўлсангиз, авлодларингиз сиздан ўзади. Бутун халқ шунақа зўр бўлади. Халқ зўр бўлса, бундан ортиқ бахт бўладими?!

Sahifa Ustoz Mahmud Sa’diyning 80 yoshga to’lishiga bag’ishlanadi

Tajribali jurnalist va yetuk publitsist Mahmud Sa’diy qutlug’ 80 yoshini qarshilamoqda. Biz ustozni ushbu ulug’ yosh bilan qutlab, sog’lik, omonlik va ijodiy barkamollik tilaymiz.

Mahmud Sa’diy  Narpay tumanida tug’ilib, voyaga yetgan, Samarqand ijodiy muhitida ulg’aygan. Tajribali jurnalist va yetuk publitsist o’zining ellik besh yillik faoliyati davomida soha rivojiga ulkan hissa qo’shgan. Shu bois “O’zbekistonda  xizmat ko’rsatgan jurnalist” unvoniga munosib ko’rilgan. Yaqinda Prezidentimiz farmoni bilan “Fidokorona xizmatlari uchun” ordeni bilan taqdirlandi. “Oltin qalam” xalqaro milliy mukofotini qo’lga kiritgan.

Ustoz “Teran tomirlar” kitobi muallifi. Ayni paytda esa “Tanlangan maqola va suhbatlar” to’plami nashrga tayyorlanmoqda. Zabardast muharrirning ijodiy faoliyati haqida esa “Qadr” nomli to’plam nashr etilgan.

Quyida otaxon jurnalistning «Yoshlarga maktub» turkumi asosida yozgan maqolalaridan birini e’tiboringizga havola qilamiz.

Mahmud SA’DIY
HAYOTIMDA O’ZGARISH YASAGAN KITOBLAR
«Yoshlarga maktub» turkumidan
033

012Aziz farzandlarim! Hayot qiyinchiliklariyu murakkabliklarini ko’rgan, saksonni qoralagan bobongiz sifatida sizlar bilan birga shu savolga javob izlagim keldi…

Men o’zimni baxtli inson deb bilaman. Baxtim, avvalo, tug’ilib-o’sgan oilada. Otam rahmatli o’qimishli odam edi, Buxoro madrasalarini bitirgandi. Bir sandiq chiroyli-chiroyli muqovali kitoblari bor edi. Menimcha yo turk yo fors, yoki arab tilidagi kitoblar bo’lsa kerak. Otamning huzuriga odamlar kelar, ularga kitoblarini o’qib berar, tushuntirardi. Menga kirill alifbosini ilk bora otam o’rgatgan. Bu maktabga bormasimdan, 7 yoshga kirmasimdan burungi gap edi.

Kamina Samarqand viloyatining olis bir qishlog’ida tug’ilgan. Hayotimda kitobning roli juda katta bo’lgan. Meni poytaxtga olib kelgan ham kitob bo’ladi. Kitob — insoniyat tan olgan nihoyatda qudratli kuch. Ulug’ yozuvchilardan biri “O’zimda qanaqangi yaxshi fazilatlar bo’lsa, hammasi kitobdan”, deydi. Bu – bejiz emas.

Kitob go’daklik paytimdayoq hayotimda qandaydir o’zgarish yasagan. O’shanda 4-sinflarda o’qir edim. Qishlog’imizda yetti yillik maktabning kutubxonasi bor edi. O’sha kutubxonaga borganimda, javonlardan birida “Navoiy” romaniga ko’zim tushgan. Chiroyli muqovalangan kattagina kitob. Roman menga o’sha paytda judayam katta ta’sir qilgan. Romanda Navoiy deysizmi, Sultonmurod deysizmi, shunaqangi zo’r obrazlar borki, ularga qaraganda o’zimizning qishloqning jaydari odamlari ko’zimga qumursqalar kabi kichkina bo’lib ko’ringan. Men Navoiydek bo’lishni xohlagan bo’lsam kerak-da. Kitob ta’sirida ancha payt o’zimga kelolmay yurganman.

Hayot boshqa, kitob boshqa… Mening tushunchalarimga, romanlardan olgan taassurotlarim to’g’ri kelmaydi. Hatto daftarim bo’lar edi. Eng yaxshi-yaxshi fikrlarni ko’chirib yurardim. “Navoiy” romanidan ko’p so’zlarni, ko’p hikmatli gaplarni ko’chirib ham olganman. Hozir uni o’qisam, boshqacharoq fikrda bo’lishim mumkin… “Bolalikda olingan bilim toshga o’yilgan yozuvga o’xshaydi, hech o’chmaydi”, deyishadi. Haqiqatdan ham to’g’ri fikr. “Navoiy” romanini o’qib, shunaqa katta taassurot olganman.

“Navoiy”gacha ham kitob o’qiganman, albatta. Mirkarim Osimning “O’tror” qissasi edi u. Uchinchi sinfda edim. Umrimda birinchi marotaba to’liq o’qigan bu qissa yigirma besh sahifalik edi, adashmasam. 1947 yilda nashr qilingan kitob. Uxlamasdan ertalabgacha o’qib chiqqanman. Vatan himoyasi yo’lida, bizning misolimizda O’tror shahridagi mo’g’ullarga qarshi Temurmalikka o’xshagan buyuk bobolarimiz qanday kurash olib borgan? Asarda kichkinagina qo’shinning mo’g’ullarning mo’r-malaxdek yopirilib kelgan lashkariga qarshi kurashi tasvirlangan. Ular Vatanni chin ko’ngildan, tilda emas, dilda, amalda sevgan. O’z jonini ham qurbon qilib yuboradi. Taslim bo’l desayam, boshqa desayam, ko’nmaydi. Ana shu jihatlari bilan yuragimni alg’ov-dalg’ov qilgan bu kitob ham.

Umuman, kitob o’qishdan maqsad nima? Endi buning juda ko’p qirralari bor. Bilim olish uchun, dunyoni anglash uchun, odamlarni tushunish uchun, o’sha hayotning maromi qanday borayotganini, jarayonlar mohiyatini bilish uchun juda katta ahamiyati bor. Italiyaning buyuk yozuvchisi Umberto Ekoning “Rolь chitatelya” degan, ruschasini aytyapman, katta kitobi bor. Buyuk nemis yozuvchisi, Nobelь mukofoti laureati Herman Hessening kitobga bag’ishlangan maxsus juda katta tomlik asarlari bor. Umuman, kitob haqida aytgan bilan ado bo’lmaydi gap. Chunki insoniyat bor ekan, unga kitob hamroh bo’ladi doim. Kitob haqidagi fikrlar ham, bu haqdagi mulohazalar ham, bu haqda o’ylaydigan o’ylar ham hech to’xtamaydi, davom etadi.

Har kim qandaydir bir kasbni tanlaydi. Mening tushunishimcha, odam bir kasbni egallashga kirishar ekan, uni ipidan ignasigacha bilib, shu ishning ustasi bo’lishi kerak, professional bo’lishi kerak. Agarda inson o’z sohasida professional bo’lsa, hayotda qoqilmaydi, qayerda bo’lsa ham, mehnati orqasidan ro’shnolik ko’radi. Viktor Vetkovichning bir kitobi bor, “Dlinnыye pisьma» degan. O’shanda o’tgan asrning 18-20 yillaridagi Volga bo’yidagi ocharchilikdan avval, Neverovning romani bor, “Tashkent – gorod xlebnыy”. Bir o’qib ko’ringlar. Vetkovich yozadiki, do’konlar eshigi ip bilan bog’lab tashlab ketilardi, qorovul yo’q edi… Mana shunday halol ajdodlarimiz bo’lgan. Xalqni poklash kerak, yuragini, ongini tozalash kerak. Bunda kitobning o’rni juda katta.

Qur’oni Karim. Qanday buyuk ilohiy asar. Asrlar bo’yi yashab kelayotgan, odamlarga tarbiya berayotgan. Imom Buxoriy, Imom Termiziy yiqqan hadislar. Bular butun hayotni tartibga soladigan kitoblardir. Islom dini o’zimizning diyorimizda, zaminimizda kamol topdi. Moturudiy, Marg’inoniy, boshqa ulug’ siymolarimizning ko’plab tadbirlari bo’ldi, bo’lyapti, yana kitoblar chiqyapti. Lekin hali bunday siymolarimiz soni mingdan ziyod. Bittasini misol keltirmoqchiman. Beruniy asarlarida ham Dabusiya qal’asi haqida gapiradi. Abu Zayd Dabusiy degan buyuk odam bo’lgan. Bu odam Dabusiya qal’asida yashagan. U hozirgi Samarqand viloyatining Paxtachi (ilgari Paxtakor edi) tumanida joylashgan. Qal’aning qoldiqlari bor. O’sha yerda yodgorliklar ham bor. Bu odam “Ilm ul-xilof” degan kitob yozgan. Bu islomdagi ixtiloflar masalasiga doir asar bo’lib, ularni izohlaydigan ta’limot yaratgan. Dunyoning hech bir mamlakatida bu ta’limot yaratilgan emas. Hali bu bobokalonimizning ismini eshitmaganlar bor. Abdulhakim Juzjoniy degan Afg’onistondan kelib, bu yerda fan doktori, professor bo’lgan o’zbek bor. Islomshunoslik haqida darsliklar yozdi. Juda zo’r odam, shu olimga Abu Zayd Dabusiy haqida maqola yozdirib, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasiga bitta maqola chiqardik. Keyin yana qayerdadir bir-ikkita maqola chiqdi. Lekin bu hech narsa emas, hali hech kim bilmaydi. Mavzudan chalg’idim chog’i…

Kitobdan birinchi maqsad – odamni shaxs sifatida shakllantirish. Bunda birov kelib sizni shakllantirib, sizni kamol toptirmaydi. O’zingiz qilishingiz kerak hamma ishni. O’zingiz. Navoiyning mashhur baytlaridan birini esingizga solmoqchiman:

“O’z vujudingga tafakkur aylagil,
Har ne istarsen, o’zungdin istagil”.

Demak, odamning o’ziga da’vat qilyapti. Islomda ham borku, juz’iy ixtiyor degan. Juz’iy ixtiyor, xudodan, degan gap bor. Lekin bandasiga imkoniyat ham berilgan. Shu imkoniyatdan foydalanish kerak. Bitta shu imkoniyatdan foydalanib, Burhoniddin Marg’inoniy “Hidoya”ni yaratdi. Chunki ilgari bo’ldi, fiqh, masalan, islom qonunshunosligi shu bilan tugadi, degan joyda o’sha tirqishni topib “Hidoya”ni yaratdiki, butun musulmon olamini kengaytirib yubordi. Juda katta ahamiyatga ega bo’ldi. Bu ham bizning zaminimizda bo’ldi. Biz mana shunday buyuk bobolarimiz bilan faxrlanishimiz kerak. Faxrlanib yuraverishning o’zi kifoya qilmaydi. Avlodlar davom ettirishi kerak. Davom ettirmasak, u odamlarning avlodi emasmiz.

“Qutadg’u bilig”, “Hibat ul-haqoyiq”larni, albatta, sinchiklab o’qib chiqishingiz kerak. Navoiy asarlarining o’zi bir dunyo. Bu bir jihati. Bir jihati – professional bo’lish kerak. Masalan, “Aristotelь poetika haqida nima degan?”, keyin “Aristoteldan ta’sirlanib, Farobiy qanday kitob yozgan?”, deya so’rasangiz angrayib turadi anchasi. O’zingning bobong-ku, Farobiy, deyman kuyinib.

Hozirgi kunda genni hech kim inkor qilolmaydi. Siz bilimdon odam bo’lsangiz, kasbingizning ustasi bo’lsangiz, bu farzandlaringizga gen orqali o’tadi. Tug’ilmasdan sizning bolangiz dono bo’ladi. Ilgari gap bor edi: “Yosh bola oq qog’ozga o’xshaydi, istagan narsani yozib bo’lmaydi». Peshonaga yozilgan, degan gap bejiz emas. Peshonaga yozilgan, shuning bir jihati gen orqali keladi. Agar bunday qarasangiz, qanaqa zo’r odamlar bir avloddan chiqadi. Mana, Ibrohimhoji degan odam bo’lgan. “O’zbekiston Qahramoni” Zikir Muhammadjonov uning nabirasi. Akademik Nabi Majidov — nabirasi. Eng buyuk aktrisalardan biri Malika Ibrohimova — nabirasi. Uning opasiyam rejissyor. Biri Turkiyaga borib, biologiya faniga asos soldi. Turkiyada! Gen orqali qancha iqtidorlar yetishmoqda…

Bunda kitobning o’rni judayam katta. U hayotingizni o’zgartiradi, chunki aqlli odamlar yozgan kitoblar kamchiliklaringizni ham, yutuqlaringizni ham ko’rsatib beradi, oyna bo’ladi. Mana, masalan, o’zimning boshimdan o’tgan voqea. Bir necha yil avval avtohalokatga uchrab, 5 oycha yotdim. O’shanda Jorj Simenonni o’qidim. Juda zo’r yozuvchi. Men uni klassik adib deb hisoblamayman. Uni o’qib psixoterapiya bilan shug’ullandim. Uning bir xususiyati shundaki, o’qib bo’lgach, bir kun o’tib qaytadan mutolaa qilsangiz, boshqa bir yangi asar o’qigandek bo’laverasiz. Avval o’qiganingiz esingizdan chiqib ketadi. Eng asosiysi, har bir mutolaada ruhingizni tozalab ketadi-da, esingizdan chiqib ketadi. Yana o’qiyverasiz. Shunisi maza.

Kitobni tanlab o’qish kerak. Kitob tanlash uchun ko’p narsalardan o’tish kerak. Bir voqeani aytib beray. Nabokovning “Lolita” degan olamga mashhur romani bor. Dunyoda 100 buyuk kitobning bittasi deya ro’yxatlarga kiritilgan. Buning o’ziga xos jihatlari bor. XX asrdagi odamlarga yolg’izlik fojiasini ko’rsatgan. Ko’ngliga yaqin ko’ngil izlash fojiasi, unga erisholmaslik va hokazo. O’qidim, kechqurun tugatdim. Odatda kech yotaman. Tungi soat ikki yarim, uchlarda tugatdim. Ko’nglim qop-qora. U yerda fojialar, boshqa fikrlarni o’qisangiz, mazangiz qochadi. Juda kayfiyatim buzildi. Nima qilishni bilmayman. Uyqu kelmaydi. Keyin javonga bir qaradim-da, bir muqovasi yo’q, titilib ketgan kitobchaga ko’zim tushdi. Nima ekan, deb, shunday tortsam, Alisher Navoiyning “O’zbek klassiklari” seriyasida 60-yillarda chiqqan “Tanlangan asarlar”i. Ikkitami, uchtami g’azalini o’qidim. Ko’nglim joyiga tushib, keyin bemalol yotdim. Mana qarang, davoladi meni kitob. Umuman, musiqa kabi kitob ham davolaydi. Bizning bobolarimiz bu borada juda aqlli bo’lishgan. Hali ularga yetishish uchun ancha bor, shekilli.

Durustgina kutubxonam bor, desam ham bo’ladi. Kitoblarim ichida o’lponlar haqidagisi ham bor, ximiya haqida ham, matematika tarixiga oid kitoblar ham, ayniqsa, geografiyaga oid kitoblar, sayohatnomalar, keyin buyuk ixtirochilar haqida kitoblar, masalan, testlarga o’xshagan kitoblar. Ba’zi birovlar “sohangiz boshqa bo’lsa, sizga nima keragi bor”, deyishadi. Mendeleyev elementlar davriy sistemasini hamma biladi. Shuning ikki jildlik, katta fundamental desa ham bo’ladi, entsiklopedik kitobini oldim. Keyin Chexoslovakiyada chiqqan matematika entsiklopediyasini oldim. Shunga o’xshagan kitoblar olganmanki, keyin kerak bo’ldimi, yo’qmi, deb so’rarsiz. Bitta nabiram kimyo fakulьtetiga o’qishga kirdi. Berdim 1-kursdan. U qanaqa maza qildi. Natijasini aytay. O’sha nevaram juda yaxshi o’qidi. Har xil yaxshi stipendiyalar oldi. Hattoki, Koreyaning allaqaysi tashkilotining ham stipendiyasiga erishdi. Magistraturaga kirdi. Aspiranturada o’qidi. Dissertatsiyani juda yaxshi yoqladi kimyo bo’yicha. Undan keyin ishladi, hozir ham ishlayapti. Unvoniyam bor. Mayor unvoni. Yosh bola, mayor bo’ldi hozir. Bunda bitta kitobning ham ta’siri bo’ldi.

Keyin qolganlarida ham mana shu matematikaga qiziqqanlar uchun kitoblar bor, bemalol o’qiydi. Hozir dizaynga qiziqish kuchli. Bitta o’g’lim dizayner. Dizayn haqida dastlabki kitoblarni sotib olganman. Chunki farzandlarga, boya aytdimku, gen orqali o’tadi. Faqat gen orqali o’tdi deb, qarab o’tirmasdan ota-ona yordam ham berishi kerak. Sizning farzandingiz bo’ladimi, nevarangiz bo’ladimi, qarindoshingiz bo’ladimi, ularga yordamlashishingiz kerak. Bu ham kitobning ta’siri, kitobning natijasi deb bilaman. Abu Rayhon Beruniyni oladigan bo’lsangiz, u odam farmakologiya haqida, dorivor o’simliklar, moddalar haqida buyuk kitob yozgan. Beruniy yunon tilini ham bilgan. Endi bu kitob emasku. O’shanda yunonlar kelib qolganlardan o’rgangan. Beruniyning “Odisseya” haqida ibratli gaplari ham bor. U “Odisseya”ning originalini, ya’ni asli, yunonchasini o’qigan. (Siz bilan biz esa ruschasini ham o’qimaymiz). Hatto asarlarida misollar keltiradi. O’sha Gomerni Omer deydi. Omer shunday deydi, deya misollar keltiradi. Beruniyning “Saydana” degan asari farmakologiyaga bag’ishlangan. Juda buyuk asar, yagona desa ham bo’ladi. Astronomiyaga aloqador “Qonuni Ma’sudiy” degan o’lmas asar yaratgan. Undan boshqa bir allomamiz Mirzo Ulug’bek foydalangan, kutubxonalarida bo’lgan. “Hindiston” asarining hozir ham dunyoda tengi yo’q. Hindistonga Mahmud G’aznaviyning qo’shini safida borib, har xil astronomik tekshirishlar olib borgan. Aytmoqchi bo’lganim shuki, bobolarimiz kitoblarni o’qib, ulug’ ishlar qilgan, mana shu darajaga yetgan.

Kitoblar odamlarni hamjihatlikka, birdamlikka chaqiradi. Kitoblar odamlarning ko’nglini yaqinlashtiradi. Ko’nglini yaqinlashtirgani, demak, o’zgartirgani shu-da. Bir millat vakili boshqa millat vakilining yuragini bilsa, uning ko’nglini bilsa… dunyoda qanaqangi yaxshi odamlar bor. Hamma, hamma xalq yaxshi. Eng sara kitoblarda, badiiy jihatdan baquvvat kitoblarda, hayotni haqqoniy tarzda tasvirlagan kitoblarda barcha xalqlarga tegishli ezgu g’oyalar bor. Mana shu g’oyalar odamlarni birlashtiradi, tarbiyalaydi. Bitta misol keltirishim mumkin. “Chin inson haqida qissa”. Boris Polevoyniki. Eron islom inqilobining dohiysi Hayotulla Humayniy B.Polevoyning “Chin inson haqida qissa” kitobi haqida shunaqangi yaxshi fikrlar yozadi. Aslida islom bilan sobiq sovet mafkurasi o’rtasida qanchalik katta farq bor, deysiz. Humayniy esa uning mafkurasini qo’ying, deydi. Uning irodasi, matonati, uning qahramonligi, fidoiyligidan o’rnak olish kerak, deydi. Oyog’i yo’q, dushmanga, fashizmga qarshi, yovuzlikka qarshi kurash olib boradi. Albatta, zo’r asar millat tanlamaydi.

Kitob millatning ko’zini ochishi kerak. Ko’zi ochiq odam hayotning baland-pastliklarini to’g’ri baholay oladi. Aziz farzandim, qanchalik bilimdon, kitobxon bo’lsangiz, avlodlaringiz sizdan o’zadi. Butun xalq shunaqa zo’r bo’ladi. Xalq zo’r bo’lsa, bundan ortiq baxt bo’ladimi?!

011

(Tashriflar: umumiy 691, bugungi 1)

Izoh qoldiring