Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy»dan hikoyatlar.

Ashampoo_Snap_2016.11.14_20h59m42s_001_.png    “Маснавий”да бир неча юз ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Қуръони каримнинг юзлаб ояти тилга олиниб, тафсир этилган. 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам калом илмининг улуғ билимдони, ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ва ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади у ва ана шу маъноларни изчил бизга тушунтиради.
Бутун “Маснавий” бошдан охиригача икки муҳим ғоянинг талқинига бағишланган десам хато қилмайман. Бу ғояларнинг бири—тақлидчилик, зоҳирбинликнинг жаҳолатдан эканлигини исботлаш бўлса, иккинчиси—илоҳий маънолар, Ҳақ ҳақиқатига эришган чин сўфийларни улуғлашдир (Нажжмиддин Комиловнинг мақоласидан).

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
«МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ»ДАН ҲИКОЯТЛАР
Одил Икром таржимаси
006

ИМТИҲОН ҚИЛУВЧИЛАР ҲУЗУРИДА ЛУҚМОННИНГ ФОЗИЛУ ЗИЙРАКЛИГИ АЁН БЎЛГАНИ

Хожага гар бир таом келтирсалар,
Чорламиш Луқмонни хожа ҳар сафар.

Токи Луқмон еса ундан бир талай,
Хожа улнинг сарқитин ермиш атай. 1515

Сарқитин гар еса, ғам кетмиш тамом,
Ташланарди, емагач ул, ҳар таом.

Ул таомни иштаҳасиз ерди ё,
Ушбу пайвандликка йўқдир интиҳо.

Қилди қовун ҳадя кимдир ўша кез,
Деди: «Бор, ўғлим, чақир Луқмонни тез.

Сўйди, сўнг Луқмонга бермиш бир тилим,
Ерди қул, гўё асалдай бетиним.

Шодланиб, иккинчисин берди тағин,
Еди ўн етти тиликнинг ҳаммасин. 1520

Бир тилик қолганда деди: «Менга бул,
То татиб, таъмин билай, ширинми ул.

Шунчалар завқ бирла ул чайнаб-ютар,
Иштаҳа қўзғаб, таомни дил тусар».

Кўрди еб, ёндирди аччиғи шу дам,
Тил шишиб, куйдирди ул бўғзини ҳам.

Ётди аччиқдан учиб ақли ҳамон,
Деди сўнг: «Айт, менга эй, жону жаҳон,

Не учун ютдинг заҳарни бул қадар?
Не учун лутфдай туюлмиш бул заҳар?

Бул сабр қайдан? Қаердан бул чидам?
Ёки сен душманми жонингга бу дам?

Нега бир ҳийла, баҳона қилмадинг?
Менга узр айтиб, бирор зум тинмадинг?».

Деди: «Қилмиш қўлларинг неъмат ато,
Беҳисоб, гар нолисам бўлгай хато.

Бул – уят, аччиқни демай мен лазиз,
Емасам бир бор қўлингдан, эй, азиз.

Борлиғимга сендан ул инъом, ато,
Берди ором донаю доминг аро. 1530

Қилсам ул бир аччиғингдан оҳу дод,
Ҳар бало бошимга ёғсин шул заҳот.

Қўлларинг тутгай шакар таъмин, ахир,
Қандайин қовунни қилгай ул тахир?

Ишқ-муҳаббат айлагай шўрни шакар,
Ишқ-муҳаббат айлагай мисларни зар.

Ишқ-муҳаббатдан ювилгай барча гард,
Ишқ-муҳаббатдан қувилгай барча дард.

Ишқ-муҳаббатдан жасадга жон кирар,
Ишқ-муҳаббат шоҳни банда, қул қилар. 1535

Бул муҳаббатни билимлар тўлдирар,
Эзмалар бул тахтда қандоқ ўлтирар?

Ишқ яратган, айт, қачон ноқис билим?
Нотамомлар ишқидир жонсиз жисм:

Кўрса ул жонсиз жисмда рангу зеб,
Ўйлагай маҳбуб садо бермоқда деб.

Нотамом илмига фарқсиз кўпу кам,
Ноилож билгай қуёш, чақмоқни ҳам.

Ул Расул ноқисни деб малъунсимон,
Ақлининг нуқсонидан қилмиш баён. 1540

Нотамом зотларга ҳайф раҳму карам,
Арзимас жонсиз вужуд лаънатга ҳам.

Ақли ноқис келтирар ранж қанчалаб,
Бўлгай ул лаънат, жудоликка сабаб.

Бил, ақл ҳар доимо топгай камол,
Лек, камолот танга келгай кўп малол.

Ўтпарасту фиръавнлар куфри ҳам,
Ул ақл нуқсонидан бўлганди жам.

Ул бадан нуқсони-чун келмиш бу важ,
Ул Набий дер: «Мо ала-л-аъмо ҳараж». 1545

Чақнагай бир лаҳза чақмоқ, бевафо,
Билма боқий деб уни, ул – бебақо.

Кулди ул, кулмоқда кимнинг устидан?
Ул кулар, дил узмаса ким нуридан.

Ул фалакда порлагай нурлар нуқул,
Қандайин на шарқию на ғарбий ул?

Барқни сен «ху яхтафу-л-абсор» бил,
Ҳамда боқий нурни бор ҳамкор бил.

Кимки мавжлар устида от сурса гар,
Ёки чақмоқ нурида хат кўрса гар, 1550

Оқибатни кўрмаган нодон улар,
Ақлию кўнглин мазах айлаб кулар.

Хосиятдан оқибат кўргай ақл,
Оқибатни кўрмагай, нафс бўлса, бил.

Нафсга енгилса ақл – нафс, шул заҳот,
Муштарий наҳсдир, Зуҳалга бўлса мот.

Айла наҳслардан нигоҳингни йироқ,
Наҳсидан буткул жудо зотларга боқ.

Ушбу олди-бердини кўрган назар,
Йўл юрар наҳсдан саодатга қадар. 1555

Унда ҳолинг ўзга ҳолга айланар,
Зидга зид пайдо қилиб, жой алмашар.

Токи етгай сенга ул чапдан завол,
Ўнгдан ул Ҳақ қурбидан «юржи-р-рижол».

Жуфтқанот бўл, бўлса қушда бир қанот,
Ул учолмас, англагин, эй, яхши зот!

Ёки қўйвор, сўйламай то бир калом,
Ёки бер дастур, гапим айтай тамом.

Хоҳласанг на ул, на бул, қилгин амр,
Ким билар, мақсад-муродинг қайдадир? 1560

Ул Халил жони раводир, нурда то
Кўргали жаннатни ул оташ аро.

Поя-поя чиқса гар то ой, само,
Ҳалқадай қолсин ул эшик банди то.

Ул Халилдай етти қат кўк тоқидин,
Ўтсин ул, то «ло уҳиббу-л-офилин».

Тан жаҳонин, бил, хатога майли бор,
Ҳирсу шаҳват токи бўлгай унга ёр.

БИР АМИРНИНГ, УХЛАБ ЁТГАНИДА ОҒЗИГА ИЛОН КИРГАН КИШИГА АЗОБ БЕРГАНИ

Битта оқил от миниб ўтмиш, шу он
Ухлаган зот оғзига кирмиш илон.

Кўрдию отлиқ буни, чопмиш жадал,
То илонни қувласин, кеч қолди сал.

Эрди оқил, шошди ёрдамга шу чоғ,
Ухлаганга урди бир неча таёқ.

Сўнг таёқ зарбин туйиб, кўз очди ул,
Бир дарахтнинг остига тез қочди ул. 1885

Тўкилиб бор олмалар, кетмиш чириб,
Деди: «Е, бул олмадан, борин йиғиб!»

Олма кўп эрди, билиб унга раво,
Едирарди оғзидан чиққунча то.

Солди ул дод: «Эй, амир, бул не жазо?
Нега қилдинг менга қасд, кўрмай жафо?

Келса жоним чинданам сенга малол,
Тиғ уриб, бир йўла сен жонимни ол.

Сенга дуч келган дамим, шум лаҳза бул,
Кўрмаса турқингни ким гар, бахтли ул. 1890

Бор на жиноят, гуноҳ, на кўпу кам,
Ҳеч разил ҳам қилмагай бундай ситам.

Сўзласам, қон отилар сўз бирла то,
Эй, Худо, ўзинг муносиб бер жазо».

Ҳар замон қарғарди ўйлаб-ўйламай,
Ул амир урмиш, дея: Чоп тўхтамай!

Ул таёқнинг зарбидан мисли шамол,
Тўхтамасдан югурарди бемажол.

Бўккан эрди, ҳорди ул кўп қийналиб,
Қўл-юзи кетганди буткул тирналиб. 1895

Кечгача чопди, йиқилди, турди ул,
Кўнгли айниб, сўнгра ногоҳ қусди ул.

Қусди ул бор еганин, яхши-ямон,
Қусқиларга қўшилиб чиқмиш илон.

Оғзидан чиққан илонни кўрди то,
Эзгу зотга қилди сўнг таъзим бажо.

Кўргач ул қора илоннинг ҳайбатин,
Сўнг унутмиш барча қайғу-дардларин.

Деди: «Жабройилмисан, ул меҳрибон?
Ё Худонинг неъматидан бир нишон? 1900

Менга қутлуғ ушбу дам, бул кўрганим,
Жон кириб, худди, тирилгандай таним.

Оналардай изладинг мени, бироқ,
Худди, мен эшшакдайин қочдим йироқ.

Қочар эшшак, англатиб эшшаклигин,
Яхшилик истаб қувар эгаси чин.

Ўйламас фойда-зиённи ҳеч қачон,
Бўри бўғзин ёрмасин, дер ногаҳон.

Бахтлидир, юзингни кўрса ким агар,
Тушса ё йўлингга ҳар он, ҳар сафар. 1905

Эйки, пок руҳлар аро мумтозу ёр,
Сенга қўпол сўйладим бир неча бор.

Эй, Худованд, эй, Амир, шоҳ, беназир!
Айтмадим мен, айтди жаҳлим, сен кечир.

Гар зиғирча топсам ул ҳолдан хабар,
Беҳуда сўйлармидим, айт, шунчалар?

Сенга айлардим тағин ҳамдим баён,
Ўша ҳол бир белгисин қилсанг аён.

Менга сен қилдинг ғазаб, лек, жим туриб,
Индамай калтакладинг, бошга уриб. 1910

Сўнг гаранг бошимдан учмиш ақли ҳам,
Эрди бул бошим азалдан ақли кам.

Айла авф, эй, нурли юз, эй, пок субут,
Неки аччиқ устида айтдим, унут».

Деди: «Айтсам аниғин гар ўша он,
Бирдан ўтинг ёриларди шул замон.

Айтсам илондан, қилиб сен оҳу дод,
Қўрққанингдан жон узардинг шул заҳот».

Мустафо дер: «Ростини айтсам агар,
Борлигин жон ичра не-не ёв, хатар, 1915

Ёриларди довюраклар ўти ҳам,
Иш ғамин емасди ҳеч ким, ложарам.

Дилда на тоқат қоларди, на ниёз,
Танда на куч ва на рўза, на намоз.

Худди, сичқондай – мушук олдида лол,
Худди, қўй оч бўридан қочган мисол.

Унда на тадбиру йўл қолгай на ё,
Шул сабаб, жимликни мен билдим раво.

Ул Рубобийдай мудом боғлаб тилим,
Қўл уриб Довуд мисол темирга жим. 1920

Токи ҳол бўлсин маҳоллар шул заҳот,
То майиб қушларга ул бўлсин қанот.

Қил «ядуллаҳ фавқи айдиҳим»ни ҳис,
Қўлидай билмиш Аҳад бул илкимиз.

Сўнг узун қўлдан туйиб қурбу мадад,
Ошдим ул еттинчи осмондан баланд.

Қўлларим кўрсатди сўнг фазлу ҳунар,
Қил қироат, қори, «иншаққа-л-қамар».

Бул баён ул суст ақллар-чун ато,
Ул заифга қурбни шарҳлаш не раво? 1925

Сенга маълум, уйқудан турсанг шут об,
Шарҳ тамом, «валлоҳу аълам би-с-савоб».

Сенда на емоққа қурбинг бор у дам,
Йўл юришга, на мажол қусмоққа ҳам.

Мен ҳақорат тингладим, истаб мадад,
Тинмайин, «Рабби ясир» дердим, фақат.

Қолмаганди ўзга бир йўл, дастурим,
Сени тарк этмаслик эрди тақдирим.

Ҳар замон дердим, қилиб бағримни хун,
«Иҳди қавми, иннаҳум ло яъламун». 1930

Саждалар айларди, кетгач дарду ранж,
Эй, саодат, менга сен иқболу ганж.

Ул Худо хайрингни берсин, эй, шариф!
Қурб-кучим шукрингга етмас, мен заиф.

Сўйласин шукрингни Ҳақ, эй, раҳнамо!
Менда йўқдир ундайин тил-жағ, наво».

Қилса гар душманлик оқил, бил ҳузур,
Заҳри ҳам бахш айлагай жонга сурур.

Лек, у нодон дўстлиги – ранжу малол,
Бул ҳикоят, тингагин, бунга мисол. 1935

АЙИҚ ВА АЙИҚ САДОҚАТИГА ИШОНГАН НОДОН ҲИКОЯСИНИНГ ДАВОМИ

Бўлди аждардан халос ногоҳ айиқ,
Ўша мард ўз мардлигин тутмай дариғ.

Худди, Каҳф асҳобин итидай у зор,
Бўлди ул тоқатли зотга мардикор. 2015

Ул мусулмон хаста бўлгач, ёнидан
Кетмайин, бўлмиш хабардор ҳолидан.

Ўтди кимдир, сўрди сўнг: «Ҳолинг қалай?
Эй, биродар, бул айиқ ким, айт, билай?

Сўйламиш аждар ҳикоясин шу чоғ,
Деди: «Эй, нодон, айиқдан тур узоқ!

Дўст агар нодон, у душмандин ямон,
Ҳайдагин, сен ишлатиб ҳийла бу он».

Деди: «Сўз айтдинг ҳасад айлаб, бироқ,
Сен айиққа боқма, ул меҳрига боқ». 2020

Деди: «Нодон меҳри сохта, пуч, фақат,
Меҳридан афзал бу мен қилган ҳасад.

Менга хўп деб бул айиқни айла даф,
Бур юзинг, ҳайвонгамас, жинсдош тараф».

Деди: «Бор, қолма ишингдан, эй, ғайир!»,
Деди: «Шул эрди ишим, англа, ахир.

Эй, шариф, бор бул айиқдан не камим?
Қув айиқни, сенга дўст бўлгум надим.

Сени ўйлаб, титрагай қалбим бу дам,
Бул айиқ-ла бормагил ўрмонга ҳам. 2025

Титрамас бекорга қалбим бирма-бир,
Бул на даъво, бул на лоф, Ҳақ нуридир.

Мўъмину «янзур бинуриллаҳ»ман ул,
Бул жаҳаннамдан йироқ қоч, ҳар тугул».

Кирмади ул зот қулоғига бу панд,
Бадгумонлик эрди унга ғов, баланд.

Чўзди ул қўлни, бироқ, бул тортди қўл,
Деди: «Кетдим, бўлмасанг дўст, тўғрийўл».

Деди: «Бор, ғамхўрлигингни қилмагин,
Эзмасан, кўп ўзни доно билмагин». 2030

Деди: «Мен сенга эмасман ёв, ғаним,
Англа дўст, юр ҳамда ортимдан маним».

Деди: «Уйқум келди, тинч қўй, энди бор»,
Деди: «Дўст дўстга мудом бўлғуси ёр.

То бир оқил, ухласанг, бўлсин паноҳ,
Ухласин ёнингда то дўст, хайрихоҳ».

Энсаси қотмиш унинг бул ишидин,
Бурди сўнг айлаб ғазаб, ундан юзин.

Ўйламиш: «Жонимга қасд қилмиш у ё,
Ёки айёр ўғри бўл ё бир гадо. 2035

Боғламиш ё дўстлари бирлан гаров,
Мени қўрқитмоқ учун ул беаёв».

Ичқаролиги унинг билмасди ҳад,
Ул гумон қилмиш ғараз бирлан, фақат.

Ул айиқни билди дўст, билмасди ёт,
Ё айиқ бирлан у жинсдошдир, наҳот?

Билди бир оқилни ёв, итлик қилиб,
Ул айиқни меҳру шафқатли билиб.

УЛ НАСИҲАТЧИ КЎП НАСИҲАТ ҚИЛИБ, АЙИҚ МЕҲРИГА АЛДАНГАН КИШИНИ ТАРК ЭТГАНИ

Ул мусулмон қилди тарк нодонни тез,
Неча «лоҳавл» сўйлабон кетди шу кез.

Деди: «Рост айтган билан, қўзғаб низо,
Шум хаёл кўнглида ортар доимо».

Панд-насиҳат юзига тортгач ҳижоб,
Келди «аъриз анҳуму» амри, хитоб. 2070

Гар даво орттирса ул дардингни, бас,
Қисса айт толибга, ўқиб ул «Абас».

Келди ул кўр Ҳақни айлаб ихтиёр,
Ул фақир бўлгани-чун кутдирма зор.

Ул улуғлар йўлидан юрдинг мудом,
Токи ўргансин улуғдан ҳар авом.

Аҳмадо, кўрдинг, у шоҳлик қавми лол,
Тинглагач, бундан қувондинг, эҳтимол.

Динга ёр бул раҳнамолар шод юрар,
Ҳам Араб ҳамда Ҳабашга бош улар. 2075

Донғи кетмиш Басрадан то ул Табук,
Чунки, «ан-носу ало дини-л-мулук».

Шул сабаб, келгач у кўр, ул безавол,
Юз буриб, келмиш бу ҳол сенга малол.

Бунда кам фурсат ва манзил ҳам тамом,
Бизга сен дўст, сенга вақт кўпдир мудом.

Биз йиғилганмиз букун, фурсат тиғиз,
Ушбу пандимни зуғум деб қилма ҳис.

Аҳмадо, Ҳақ олдида бул кўр, бироқ,
Юзта шоҳ, юзта вазирдан яхшироқ. 2080

Ўша «ан-носу маъодин» ни қидир,
Битта кон юз мингта кондан яхшидир.

Лаълу дур хас ичра ҳам дур, лаълдир ул,
Неча минг мис конидан афзалдир ул.

Аҳмадо, йўқ бунда мулкдан бир самар,
Бўлса бас қалб ичра ишқ, дард, нолалар.

Қалби пок кўр келса, ҳеч олма малол,
Қил насиҳат, панд унинг ҳаққи, ҳалол.

Қилса инкор икки-уч нодон у пайт,
Ҳеч тахир бўлгайми ул қанд кони, айт? 2085

Қилса туҳмат икки-уч нодон агар,
Сенга Ҳақ бўлгай гувоҳ, туйма хатар.

Деди: «Фориғман гувоҳлардан бу дам,
Кимга Ҳақ булгай гувоҳ, унда на ғам?

Гар қуёшни дер қуёш кўршапарак,
Бул қуёш йўқлигидан бергай дарак.

Кўршапарак нафратидир гар далил,
Менман ул нурлик қуёш, ёрқин, жалил.

Қора қўнғиз гар гулоб қилгай талаб,
Ул гулоб эмаслигиндан бир сабаб. 2090

Сохтани жалб айласа қай бир маҳак,
Қил, маҳак тўғрилигига шубҳа-шак.

Ўғри-чун кунмас, раво – зулмат қаро,
Кечамас, кунман бутун олам аро.

Ажратарман элаб ул ғалвирсимон,
Токи мендан ўтмасин сомон бу ён.

Унни кепакдан қилиб бор, бирма-бир,
Кўрсатай то нақш надир, то нафс надир.

Худди, Ҳақ мезонидай олам аро,
Кўрсатай оғир билан енгилни то. 2095

Бир бузоқ молни Худо янглиғ билар,
Худди, эшшак ўзга мос нарса тилар.

Мен на молман, ул бузоқлар танлаган,
Мен на тиконман, туя еб-чайнаган.

Ул гумон этгайми, қилдим деб жабр?
Йўқ, у кўзгум чангини артмиш, ахир.

АЙИҚ МЕҲРИГА ИШОНГАН КИШИ ҲИКОЯСИНИНГ ОХИРИ

Ухлагач ул зот, айиқ ул пашшасин
Қўримиш, пашша, бироқ, қўнмиш тағин.

Ул айиқ бир пашшани кўп қувса ҳам,
Пашша қайтиб қўнди юз узра шу дам. 2030

Ул айиқ кетмиш ғазабдан кўкариб,
Келди тоғдан катта бир тош кўтариб.

Кўрди пашшани тағин, қувмоқ маҳол,
Ухлаган юзда кезарди бемалол.

Пашшани харсанг билан урмиш шу он,
Келмасин деб пашша то қайтиб бу ён.

Сўнг мажақлаб ухлаган юзин у тош,
Бул масални айламиш оламга фош:

Ул айиқнинг меҳри нодон меҳридир,
Қаҳри, худди, меҳру меҳри қаҳридир. 2135

Аҳду паймон унда суст, абгор-адо,
Ваъдаси кўпдир, бироқ, қилмас вафо.

Сен ишонма, ул қасам ичганда ҳам,
Бузгай ул ёлғончи, номардлар қасам.

Ул қасамсиз сўзи гар ёлғон, хилоф,
Ул қасамхўр макридан ҳеч урма лоф.

Нафси шоҳаншоҳдир унга, ақли – қул,
Неча минг мусҳафни айбдор билгай ул.

Беқасам бузганда аҳдин ҳар қадам,
Ул бузар аҳдин, қасам ичганда ҳам. 2140

Чунки, нафс ундан аразлаб, оғринар,
Боғласанг оғир қасамга улни гар.

Боғласанг ҳокимни гар айлаб асир,
Ҳоким ул бандин узиб, сўнг қочадир.

Банди юлгай бошидан, айлаб ғазаб,
Сўнг қасамни ургай ул юзга қараб.

Ул «уфу билуқуд»ига тутма кўз,
«Иҳфазу аймонакум»дан очма сўз.

Ҳақни айлар ул далил, аҳд қилса гар,
Тордай ул тан атрофинда айланар. 2145

БИР КИШИ ЎЗИНИ ЖИННИЛИККА СОЛГАН БИР ОҚИЛНИ ҲИЙЛА БИЛАН ГАПГА СОЛГАНИ

Деди бир зот: «Бўлса бир оқил кишим,
Кенгашиб, осон қилардим мушкулим».

Деди кимдир унга: «Бизнинг юрт аро,
Битта оқил бор, у ҳам мажнуннамо.

Ул фалон, қамишни от янглиғ минар,
Сўнгра гўдаклар аро «от» чоптирар.

Фикру ўйга эга, оташпорадир,
Қадри осмон, унга юлдуз ёғадир.

Ҳар малакка ёғдусидир мисли жон,
Бўлмиш ул девоналик ичра ниҳон». 2350

Билма ҳар девонани жондай азиз,
Сомирий янглиғ бузоққа чўкма тиз.

Қилса ошкор гар валий сенга баён,
Неча юз минг ғайб сирин айлаб аён.

Сенда ул фаҳму билимлар эрди кам,
Бормас эрдинг уд ва гўнг фарқига ҳам.

Ул валий бўлмиш жунун ичра ниҳон,
Сен уни, эй, кўр, танийсан, айт, қачон?

Қопламас гар ул нигоҳинг парда, тўр,
Барча тош остинда бир посбонни кўр. 2355

Ул басир, ул раҳнамо кўз ногаҳон,
Ҳар гиламда бир калом кўргай аён.

Ҳар валий номин валий айлар баланд,
Истагай гар кимни, қилгай баҳраманд.

Ақлидан улни танимас кимсалар,
Ўзни ул девоналикка солса гар.

Кўзи очиқ кўрни шилса ногаҳон,
Қандайин топгай уни, бўлгач ниҳон?

Билмагай ким шилганин ўғри бу дам,
Гарчи ўғри унга ўзин урса ҳам. 2360

Қопса ит бир кўр юпуннинг танидин,
Йиртқич итни кўр қаердан танисин?

УЛ САВОЛ СЎРГУВЧИ ОҚИЛНИНГ
ҲОЛИНИ ЯНАДА ОЙДИНЛАШТИРИШ  МАҚСАДИДА, УНИ ИККИНЧИ МАРТА
СУҲБАТГА ТОРТГАНИ

Деди ул толиб: «Шу лаҳза, ушбу он,
Эй, чавандоз, бургин ул отинг бу ён».

Келди ул, сўнгра деди: «Тезроқ гапир,
Чунки, ўйноқи бу отим, бесабр.

Сени то ул тепмасин, тез қил аён,
Айт, нима сўрмоқчисан? Айла баён». 2410

Бормади кўнгил сирин айтмоққа тил,
Гапни бурмоқ ўйида қилмиш ҳазил.

Деди: «Хотин ахтариб келдим бу ён,
Борми менга бунда бир лойиқ жувон?».

Деди: «Бор уч хил аёл оламда, бил,
Иккиси ранжу бири ганждир асил.

Ул бири борин қилар сенга ато,
Ул бири ярмин билар сендан жудо.

Ул бири бегонадир сенга тамом,
Шундайи дуч келса, қоч, хуллас калом. 2415

Борайин, то сени отим тепмасин,
Бир умр сенга шикаст то етмасин».

Болаларга кетди сўнг шайх қўшилиб,
Чорламиш тағин йигит товуш қилиб.

«Кел, ахир, айтганларинг айт маънисин,
Қил аён уч хил аёлнинг ҳар бирин».

Келди ул, сўнг деди: «Ол, иффатли қиз,
Сенга ул – буткул, қиларсан бахтни ҳис.

Қай аёл гар боласиз ҳам бевадир,
Улни олсанг, сенга ярми тегадир. 2420

Бўлса ул аввалги эрдан бола гар,
Меҳру ёдин ул бутунлай банд қилар.

Бўлди, бас, отим асов, келма яқин,
То туёғи қаншарингни ёрмасин».

Кетди шайх «ҳой-ҳуй»ла силкиб этагин,
Болаларни ёнига чорлаб тағин.

Чорламиш тағин савол бергич: «Бу дам,
Бир саволим қолди, эй, шоҳ, муҳтарам!».

Деди келгач: «Не савол бор? Тез гапир!
Йўқса, коптогимни бир шум элтадир». 2425

Деди: «Эй, шоҳ, шунчалар ақлу адаб
Бирла бул не ҳийла, атвор? Воажаб!

Сен – қуёш, сен – кулл ақлдирсан аён,
Нега бўлдинг телбалик ичра ниҳон?».

«Берди менга бир разил зот маслаҳат,
Қози бўл шаҳрингга деб ундар, фақат.

Неча бор рад айласам, ул дерди: «Йўқ,
Топмадим сендай билимдон, мағзи тўқ.

Бўлмасанг қози – ҳаром ҳар бир жазо,
Бўлмасанг қози – ҳукмлар нораво. 2430

Йўқ бирор дастур, шариат ичра то
Сайласак сендан заифни раҳнамо».

Жинниликни сўнг зарур билмиш таним,
Лек, ҳануз ўшандайин қалбим маним.

Гар ақл ганж бўлса, мен вайронаман,
Ганжни гар қилсам аён, девонаман.

Ўшадир девона, гар девонамас,
Соқчини кўргач, макони хонамас.

Менда жавҳардир билим, ул сохтамас,
Қийматин кўз-кўз қилишни хоҳламас. 2435

Худди, қанд кони, қамишзорман ширин,
Ул унар мендан ва ейман ҳосилин.

Тақлидий ҳам таълимий илм – ул, ишон,
Эшитиб нафратни, гар қилгай фиғон.

Кимки нурмас, луқмадан қилса умид,
Ул тубанлик оламинда бир мурид.

Бир муридким, илмидан хосу авом,
Ушбу оламда нажот топмас тамом.

Ҳар тарафни тешган ул сичқон мисол,
Қувса эшикдан агар нур, қолди лол.

Йўлни топмай нур тараф ул ҳамма вақт,
Қора зулматда мудом айлайди жаҳд.

Гар Худо берса қанот, қушдай учиб,
Юксалар, сичқонлигиндан юз буриб.

Қоладир ер қаърида ул беқанот,
Қилмайин юлдуз юрар йўлларни ёд.

Гар илм суҳбат, у жонсиздир бутун,
Ошиғидир ул талабгорлар юзин.

Гарчи бўлгай баҳс, талошлар илм учун,
Бир талабгор бўлмаса, ўлгай бутун. 2445

Менга бўлгайдир талабгор ул Худо,
Тортадир юксакка, «Аллоҳ аштаро».

Ҳақ жамоли эвазимдир ҳар маҳал,
Эвазимни ерман, улдир пок амал.

Қил афу, бул орзумандлар нотавон,
Бир сиқим тупроққа зор бўлгай қачон?

Ема, олма, излама хок ҳеч қачон,
Кимки тупроқ ейди, ранги заъфарон.

Қалбни е, доим юрарсан навқирон,
Ул жило чеҳрангни айлар арғувон. 2450

Ушбу эҳсон бўлмагай бизларга ҳад,
Сендаги хуфёна лутф басдир, фақат.

Бизни қилгил сен харид, зор қилмагин,
Пардани торт, пардамизни йиртмагин.

Қил харид бизни палид нафсдан, бироқ,
Етмасин токим суякка ул пичоқ.

Биздайин бечорадан бандлар бу он
Ечилар, бетожу тахт шоҳим, қачон?

Кучли бул қулфларни, эй, сен, дўсту ёр,
Сендан ўзга очадирғон қайда бор? 2455

Сен тарафга юзимиз бурдик тағин,
Сен, ахир, бизларга биздан-да яқин.

Бул дуолар таълиминг, сендан ато,
Йўқса, қайда гулзор ул гулхан аро?

Қон, ичак ичра ақл, идрокни ҳам
Қилди барпо сендаги лутфу карам.

Икки лахтак чарвидан учқур бу нур
Порлагай, бергай жило осмон довур.

Парча гўштдан тил бино бўлган сайин,
Оқди ҳикмат сели ичра сойдайин. 2460

Оқди ул тирқиш, қулоқ ён қанчалар,
Меваси – ҳуш, ўша жон боғи қадар.

Жондаги боғ йўлидир ундан баён,
Боғу бўстон нуридир ошкор, аён.

Эзгулик чин чашмаси улдир, бу кез
Ўқи «тажри таҳтаҳа-л-анҳор» ни тез.

ДЎСТИДАН АЙБ ТОПИБ, У БИЛАН ЖАНЖАЛЛАШГАН,БИРОҚ, ЎЗ АЙБИДАН БЕХАБАР ҲИНДУ ҲИКОЯСИ

Тўртта ҳинду бир мачитга кирдилар,
Тоат учун руку, сажда қилдилар.

Такбир айтиб, қилди ҳар ким ниййатин,
Сўнг намозин бошлади мунглиғ, ҳазин.

Сўфи келгач, ул бири сўрмиш шу он:
«Етди вақт, эй, сўфи, айтдингми азон? 3040

Берди танбеҳ бошқа ҳинду бесабр:
«Сўзлабон, буздинг намозингни, ахир».

Дер учинчи ҳинду иккинчига: «Бас,
Таънани ўзингга қилгин, унгамас».

Деди тўртинчи: «Шукур, мен ҳар қалай
Тушмадим чоҳга манов уччовидай».

Сўнг намозин бузди ул тўрттови ҳам,
Айб қидиргувчида айблар эрди жам.

Бахтлидир ўз айбини кўргувчи жим,
Ўзга айбин ўзидан ахтарса ким. 3045

Чунки, ул ўз ярмини айбдор билар,
Қолган ул ярмин мудом ғайбдор билар.

Чиқса бошингга агар ўнлаб яро,
Айлагин ўз малҳаминг бирлан даво.

Ўзни айбдор айламоқ малҳам у дам,
«Ирҳаму» бўлгай жароҳатларга ҳам.

Бўлмаса айбинг агар, сен турма тек,
Ўша айбни айла фош ўзингда, лек.

Тингладингми «ло тахофу» Ҳақдан ул?
Нега унда осуда, шодсан нуқул? 3050

Эрди Иблис неча йил айбдан йироқ,
Бўлди расво, ким аталгай энди, боқ.

Эрди машҳур ундаги ул «ҳойу ҳой»,
Бўлди терс машҳурлиги ҳам, ҳоли вой.

Сен танилма, бўлмасанг гар бехатар,
Юв юзингдан хавфни, сўнг ташла назар.

То соқолинг чиқмас, эй, дилга яқин,
Ўзга соқолсизга таъна қилмагин.

Кўр, унинг неларга бўлди жони банд,
Сўнг йиқилмиш чоҳ аро, бул сенга панд. 3055

Чоҳдамассан, олсанг ибрат пандидан,
Ул заҳар ичганда, сен е қандидан.

БИР КЕКСА КИШИ ТАБИБГА ХАСТАЛИКЛАРДАН ШИКОЯТ ҚИЛГАНИ ВА ТАБИБНИНГ УНГА ЖАВОБИ

Кекса чол қай бир табибга деди: «Боқ,
Хастаман, бурним азоб бергай, бироқ».

Деди: «Бурнинг кексаликдан оғригай»,
Деди: «Кўзим яхши кўрмас, не қилай?». 3100

Деди: «Бул дард кексаликдан, ема ғам!»,
Деди: «Бор белимда оғриқ ушбу дам!».

Деди: «Келгай кексаликдан бул захм»,
Деди: «Ейман неки мен, бўлмас ҳазм».

Деди: «Англа, кексаликдан бул мараз»,
Деди: «Қисилгай дамим, олсам нафас».

Деди: «Тўғри, дам қисилгай, қанчалик
Ўтса ёшинг ёғилар юз хасталик».

Деди: «Эй, нодон, шуми топган гапинг?
Айт, табибликдан шуми ўрганганинг? 3105

Эй, такаббур, ўйла ақлинг бирла то,
Дардни бергач, бермагайми Ҳақ даво?

Сен қари эшшаксан ожиз, нотавон,
Судраларсан, қисқадир ақлинг ҳамон».

Дер табиб: «Ёшинг бу дам олтмишдадир,
Кексаликдан бул ғазаблар, бул қаҳр.

Жон-танинг гар дардга бўлса мубтало,
Тоқату сабрингни ҳам айлар адо.

Ул қилолмайди бирор сўзни қабул,
Ичса бир қултум, қусиб ташлайди ул. 3110

Ўзгадир ул кекса, гар Ҳақ бирла маст,
Қалбидан пок нур таралгай, Ҳақпараст.

Гарчи сирти кексадир, лек, қалби ёш,
Ул Набий ҳам ҳар валийга эгди бош.

Бўлмаса яхши-ямонга гар мадад,
Ёв уларга айлагайми ҳеч ҳасад?

Бўлмаса илм ул-яқинга ёр улар,
Аҳли кин айлармиди макру ҳунар?

Ким қиёматнинг жазосин билса гар,
Ўзига қандай қилиб ханжар урар? 3115

Боқса ул сенга кулиб, билма иноқ,
Юз қиёмат қалбида пинҳон, бироқ.

Дўзаху жаннат билан ул жисми банд,
Бор хаёл, фикринг турар ундан баланд.

Барча ўй-фикрингни ютгайдир фано,
Ҳеч қачон фикримга сиғмас ул Худо.

Хонага кирмай бу густоҳлик надир?
Хонада ким борлигин билмай, ахир.

Таъзим айлайди мачитга ақли паст,
Кўнгил аҳлин жонига айлар у қасд. 3120

Ул – риё, эшшаклар, англанг, Ҳаққа зид,
Йўқ ул ориф кўнглидан ўзга мачит.

Ул мачитким, авлиё қалбида жо,
Саждагоҳ — барча учун, унда – Худо.

Ҳаққа ёрнинг қалби то кўрмас азоб,
Қилмагай ҳеч қайси қавмни Ҳақ хароб.

Анбиё бирлан мудом жанг қилдилар,
Анбиёни одамий деб билдилар.

Ўшалар хулқини ўргандинг букун,
Қўрқмагайсан сен бу ҳолдан не учун? 3125

Сенда бордир гар улардан бир нишон,
Қайга ҳам қочиб қутилгайсан бу он?

ЖЎҲИЙ ВА ОТАСИНИНГ ТОБУТИ ОЛДИДА ЙИҒЛАБ, НОЛА ҚИЛГАН БОЛА ҚИССАСИ

Отасин тобути олдида чунон,
Йиғламиш бир бола тортиб оҳ-фиғон:

«Сени қайга элтишар, оҳ, отажон?
Айлашар ер остини сенга макон.

Элтишар бир уйгаким, зах ҳамда тор,
Унда на бордир гилам, на шолча бор.

Бор чироқ на тунда, на кундузда нон,
Бор на овқат ҳиди, на ундан нишон. 3130

Бор на эшик унда, на чиқмоққа йўл,
Қўшни йўқ, сенга биров чўзмайди қўл.

Кўзларингдан халқ ўпарди бирма-бир,
Айт, наҳот, ул энди зулмат ичрадир?

Бепаноҳ, тор хонада қолдинг ниҳон,
Унда қолмас ранг-тусингдан ном-нишон».

Уйни шул алфозда ул қилмиш баён,
Тинмайин кўз ёш қилиб, йиғларди қон.

Деди Жўҳий отага: «Ичгум қасам,
Элтишар булни бизим уйга бу дам». 3135

Ота дер Жўҳийга: «Нодон бўлмагин»,
Деди Жўҳий: «Ота, тингла ул гапин,

Бирма-бир ул не гапирган бўлса гар,
Шубҳасиз, ул уйимизни эслатар.

Бор на шолча, на чироқ бор, на таом,
Бор на эшик, бор на кенгроқ ҳовли, том».

Ўзида юзлаб нишонлар борлигин
Ул фиғон қилгувчилар кўргаймикин?

Қолса қай қалб кулбаси гар бечироқ,
Кибриёнинг нуридан бўлса йироқ, 3140

Худди, кофир жонидай зулматли, тор,
Унга ул Дўст завқи ҳеч бўлмайди ёр.

Ўша қалб нурсиз, мудом зулматдадир,
Очилар на эшигу на йўл, бағир.

Яхшидир гўр ўшаларнинг қалбидан,
Чиқ, ахир, зулматли кўнглинг қабридан.

Сен тирик зотсан, аё, ҳусну жамол!
Сенга тор гўр келмагайми ҳеч малол?

Сен замон Юсуфисан, кўкда қуёш,
Чиқ бу зиндон бирла чоҳдан, тикла бош. 3145

Ул балиқ ичра Юнус топмиш нажот,
Айлаб ул зикрин, қилиб Аллоҳни ёд.

Ул балиқ қорнида ул зикри учун,
Бўлмади тутқун, асир то «юбъасун».

Ул нажот топди, зикр айтиб нуқул,
Ҳаққа тасбеҳ — сўнгги кунда оят ул.

Сен у жон зикрин унутсанг ногаҳон,
Тингла, балиқлар қилар сенга аён.

Кўрса ким Ҳақни, илоҳий ул аниқ,
Кўрса ким денгизни гар, улдир балиқ. 3150

Бул жаҳон денгиз, балиқдир тан ва жон,
Нурни кўрмайди Юнус янглиғ ниҳон.

Айтса ким тасбиҳ, қутулгай бегумон,
Йўқса, қолгай ул балиқ ичра ниҳон.

Тўлди жон балиғига денгиз бу он,
Кўрмадингми, кўрмисан, эй, нотавон?

Ул балиқлар ўзини сенга урар,
Кўзни оч, бўлсин намоён то улар.

Кўрмагай кўзинг балиқни гар аён,
Тинглагин, зикрин улар қилгач баён. 3155

Англагин, жон зикридир тоқат, сабр,
Қил сабр, энг яхши тасбеҳ ўшадир.

Ул мақомин англа, тасбеҳ айлагач,
Қил сабр, «ассабру мифтоҳу-л-фараж».

Пулсиротдир ул сабр, жаннатга ёр,
Бир хунук қул ҳар чиройли зотда бор.

Қочсанг ул қулдан, висол бўлмас ато,
Чунки, қул бўлмас гувоҳликдан жудо.

Кўр, сабр завқин туйиб, эй, шишадил,
Сен чигил ул нақшни деб сабр айлагил. 3160

Эрга жанг ҳам шон-шукуҳ завқ берса гар,
Ул муханнасларга завқ бергай закар.

Бил, закар ҳам дийну ҳам ул зикридир,
Паст, тубанликларга элтган фикридир.

Ул фалакка чиқса ҳам, қўрқма, бироқ,
Олгай ул ишқ қуйқасиндан дарс, сабоқ.

Чоптирар отин тубанга ҳар қадам,
Гарчи юксакка шақилдоқ қоқса ҳам.

Қўрқмагил, бўлса гадо қайғуси мўл,
Ул аламлар – луқмага элтгувчи йўл. 3165

ХУРЖУНГА ҚУМ ТЎЛДИРГАН САҲРОЙИ АРАБГА ТАЪНА ҚИЛГАН ФАЙЛАСУФ ҚИССАСИ

Бир араб тева миниб, ортмиш бу дам,
Тевага лиқ тўла қўш хуржунни ҳам.

Хуржун узра ўтириб ул бемалол,
Босди йўл, бир сўзамол бермиш савол.

Юртидан сўрмиш, ширин сўзлаб чунон,
Сўз аро ул, худди, дур сочгансимон.

Сўнгра сўрмиш: «Икки бул хуржун турар,
То аён қил, не билан тўлмиш улар? 3190

Деди: «Бир хуржунда буғдойдир нуқул,
Бошқасида – қум, таом бўлмайди ул».

Деди: «Қумни нега қилдинг қопга жо?»,
Деди: «Тенг бўлсин у қоплар вазни то».

Деди: «Буғдой тўла қоп ярмин агар,
Бошқасига ол, улар сўнг тенглашар.

Тевага осон, камайгач юк тағин»,
Деди: «Эй, доно ҳаким, юз офарин!

Шунча зийрак, чора топгич бандасан,
Нега урёнсан, пиёда, хастасан?». 3195

Раҳми келмиш, унга бўлсин деб мадад,
Тевасига миндиришни қилди аҳд.

Деди унга: «Эй, Ҳаким, сўзида соз,
Ҳасбу ҳолингдан баён қилгин бироз.

Шунчалар идроку ақлинг беқиёс,
Сен вазирсан ёки шоҳсан, сўйла рост».

Деди: «Мен битта ҳақир, на шоҳ, вазир,
Сен маним ҳолимга боқ, тўним яғир».

Деди: Теванг қанча? Молинг қанчадир?»,
Деди: «Менда теваю мол қайдадир?». 3200

Деди: «Дўконингда бор не мол-мато?»,
Деди: «Йўқдир менда дўкон, ҳеч вақо».

Деди: «Нақдинг қанчадир, пулдан гапир,
Ёлғизу дўстга очарсан кенг бағир.

Мисни зар қилгувчи кимёнг бор абад,
Ақлу илминг гавҳаридир қатма-қат».

Деди: «Валлоҳ, менда йўқ маблағ, пулим,
Кечга бир бурда насибам – бор-будим.

Чопаман урён, ялангоёқ чунон,
Кимки нон бергай, юрарман ўша ён. 3205

Менда бор бул ҳикмату фазлу ҳунар,
Бесамардир, оғритар бошни улар».

Сўнгра айтмиш ул араб: «Кетгин йироқ,
Токи касринг урмасин менга бу чоғ.

Ҳикматинг кўздан нари қилгин бутун,
Сўзларинг оғу – замон аҳли учун.

Ёки сен ул ёнга, мен бул ён юрай,
Олдда юрсанг сен агар, ортда турай.

Битта қоп буғдой, бирида қум турар,
Макру ҳийлангдан, бироқ, афзал улар. 3210

Хайрли ахмоқликдир ул ахмоқлигим,
Дилда қурб, жонимга ёрдир поклигим.

Истасанг гар бўлмасин жонингда ғам,
Айла жаҳд, ҳикматларингни айла кам.

Айлагай ҳикматни бунёд қалб, хаёл,
Ҳикмат ул, файз, нур таратса Зулжалол.

Ортди дунё ҳикматидин шак, гумон,
Элтди диний ҳикмат ул аршга тамом.

Беқарор охирзамон аҳлини кўр,
Ўзини олдингилардан билди зўр. 3215

Ҳийлалар ўйлайди жони ўртаниб,
Янгидан янги макрлар ўрганиб.

Сабру эҳсонин бутун, ақлини еб,
Елга сочмиш фойданинг иксири деб.

Ул фикрдир, йўлни очса бирма-бир,
Ўшадир йўл, шоҳ агар олдиндадир.

Ўшадир шоҳ, асли подшоҳ бўлса гар,
Бўлса лашкар, зарга шоҳ, шоҳмас улар.

Токи шоҳ борсин у мангулик тараф,
Токи Аҳмад дийнидай топсин шараф. 3220

ИБРОҲИМ АДҲАМНИНГ ДАРЁ ҚИРҒОҒИДА КЎРСАТГАН КАРОМАТИ

Бул нақл Иброҳим Адҳамдан баён,
Бир кун ул дарё лабин қилмиш макон.

Ул ямаб турганди ҳирқасин, шу он,
Бир амир келмиш у ерга ногаҳон.

Шайхга эрди ул амир шогирд, шу кез
Қилди ул таъзим бажо муршидга тез.

Жанда ичра кўрди шайхни, қолди лол,
Кўрдию ўзгарди унда рангу ҳол.

Шон-шараф, мулкни бутун тарк айламиш,
Ул фақирликнинг мақомин танламиш. 3225

Етти иқлим мулкидан айлаб ҳазар,
Бир гадодай ҳирқасин бунда ямар.

Шайхга бўлди ул амир фикри аён,
Бўлса қалб ўрмону шайх – шер, бегумон.

Хавф, умид, не кечса дилдан бирма-бир,
Қолмагай ундан ниҳон ҳеч қайси сир.

Дилни асранг, нотавон, эй, бандалар,
Аҳли дил олдида турсангиз агар.

Аҳли тан – сиртинда одоблисимон,
Ҳақ улардан ўз сирин тутгай ниҳон. 3230

Аҳли дил одоби қалб қаъриндадир,
Чунки, қалблар қаърин ул кўргай, басир.

Сен агар кўрлар билан бўлсанг надим,
Ўлтирарсан тўрдамас, пойгоҳда жим.

Кўзи очиқ олдида сен – беадаб,
Ёнди нафс ўтиндайин сени қалаб.

Бўлмагай сенга закий, пок нур ато,
Кўрни деб, бердинг юзинг узра жило!

Сен басир олдида сур юзга нажас,
Қил ҳақир ҳолдан фахр сен ҳар нафас! 3235

Отди шайх дарёга тез ул игнасин,
Чорламиш игнани қирғоққа тағин.

Неча юз минглаб балиқ чиқмиш қатор,
Ҳар бирин оғзида тилла игна бор.

Бош чиқармиш бари Ҳақ дарёсидин,
Деди: «Ол, шайх, ушбу Ҳақ игнаси чин.

Юзланиб сўнг деди унга: «Эй, амир!
Яхшидир дил мулки ё бул мулк, ҳақир?».

Ҳеч вақодир бул, шаклдан бир нишон,
Неча минглаб, бил, улар қалбда ниҳон. 3240

Келтирарлар шаҳр аро боғ новдасин,
Унга боғ-бўстонни қандоқ жойласин?

Битта баргдир ўша боғдан бул фалак,
Ул – мағиз, пўчоқ бу олам, қилма шак.

Сен қадам қўйдингми ўшал боғ тараф?
Хуш атр ахтар, зукомни айла даф.

Хуш атр то айласин жонингни жалб,
Ул атрдан ёғду олсин кўзу қалб.

Дер Яқуб ўғли Юсуфким, ул Набий,
Атр учун: «Алқу ало важҳи абий».

Деди бул ҳидни билиб Аҳмад нажот,
Доимо: «Қуррату айний фй-с-салот».

Боғланар ул бешта ҳис қалб қаъридан,
Чунки, ҳар бешшови унмиш аслидан.

Бир-бирин қўллаб турар доим улар,
Ул бири бошқа бирига май сунар.

Бўлса кўз кўргувчи, ишқни орттирар,
Кўзда ишқ жой олса, сидқни орттирар.

Ул садоқат кўзни бедор айлагай,
Ҳисга завқ-шавқларни чин ёр айлагай. 3250

ДАРЁ ҚИРҒОҒИДА ЎТИРГАН ИБРОҲИМ АДҲАМ ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ

Кўрди шайх амри бажосин ул амир,
Туйди завқ, келгач балиқлар бирма-бир.

Деди: «Оҳ, билгай балиқлар пирларин,
Туф у танга, бўлса гар шайтон, лаин.

Пирдан огоҳ ул балиқлар , биз йироқ,
Бахтқаро, кўрмиз, улар, лек, бахтлироқ».

Сажда айлаб, кетди кўзда ёш билан,
Бўлди телба бул кушойиш ишқидан.

Сен надирсан, эй, ювуқсиз, эй, жасад?
Кимга қилдинг сен низо, кимга ҳасад? 3355

Шер думин ўйнашни сен билгувчисан,
Ҳам малакларга ҳужум қилгувчисан.

Нега доим яхшини дейсан ямон?
Қилма пастликни баланд деб сен гумон.

Ул ямон не? Хору муҳтожларга – мис,
Кимдир ул шайх? Кимиёдир, шубҳасиз.

Қилмагай мислар агар кимёни ҳис,
Мисдан ул кимё сира бўлмайди мис.

Ким ямон? Ўт қўзғалар ғавғосидан,
Ким у шайҳ? Чашма – азал дарёсидан. 3360

Сув – мудом оташ учун оғир жазо,
Сув сира қўрқарми, айт, оташ аро?

Ой юзиндан изладинг айбдан нишон,
Сен у жаннат бағридан тердинг тикон.

Чапладингми лой қуёшга ҳар нафас?
Тўлган ойдан изладингми доғу дарз?

Ул қуёшким, ерга нур сочгай нуқул,
Кўршапарак деб ниҳон бўлсинми ул? 3365

Бўлди айб – айб, пир уни қилганда рад,
Бўлди ғайб – ғайб, унга пир қилгач ҳасад.

Сен узоқдан қил уларнинг хизматин,
Тавба қилгин сидқидилдан, ишлагин.

То насим етсин у роҳатдан, фақат,
Боғлама раҳмат сувин, айлаб ҳасад.

Гар йироқсан, сен қимирлат тезда дум,
«Ҳайсу мо кунтум фаваллу важҳакум».

Ботса эшшак лойга, гар юрганда тез,
Силтанар, чиқмоқ учун лойдан у кез. 3370

Жойни ул пардозламас, қолмоқ учун,
Ул билар, бунда яшаб, кўрмайди кун.

Сенда ул эшшакчалик ҳис йўқми, айт?
Қолди ул ботқоқда қалбинг то шу пайт.

Нега ботқоқ ичра нола қилмадинг?
Кўнгил узмоқликка йўқми истагинг?

Бул раво гар менга, ночорман бу дам,
Ҳақ мудом ожизга айлайди карам.

Қўлга тушдинг, худди, кўр сиртлон мисол,
Кўрмадинг, лек, алданиб ҳолингни лол. 3375

Дейдилар: «Сиртлон, бироқ, бул жойдамас,
Улни сиртдан ахтаринг, ул ғордамас».

Шулни айтиб, беркитарлар ғорни тез,
Дейди ул: «Мени улар кўрмас бу кез.

Мени гар кўрганда ул ёвлар, ахир,
Ҳеч улар айтарми: «Сиртлон қайдадир?».

БИР БЕГОНА КИМСА ШАЙХГА ТУҲМАТ ҚИЛГАНИ ВА ШАЙХНИНГ МУРИДИ УНГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Шайхга туҳмат айламиш қай битта зот,
Деди: «Ҳақ йўлдан у тоймиш, бесабот.

Май ичар, ёлғончи, қилгай кўп гуноҳ,
Қандай ул бўлгай муридларга паноҳ?». 3315

Деди кимдир: «Сақла одоб сен бу он,
Яхшимас, қилмоқ улуғлардан гумон.

Бўл йироқ ундан ва улнинг васфидан,
Қилма кир ул софни сен лойқанг билан.

Қилма бўҳтон, излаб айб Ҳақ аҳлидан,
Бул гумондир сенда, кеч ул баҳридан.

Тўғримас бул, эй, тубан, ул тўғри гар,
Лойқадин уммонга етгай не хатар?

Билма «дуна-л-қуллатайну» н бир қудуқ,
Қатрадан булғанмагай уммон, улуғ. 3320

Бермас Иброҳимга оташ бир зарар,
Сен хатар бил, кимки Намруд бўлса гар.

Нафсинг ул Намруд, Халилдир жон агар,
Жон нигоҳдир, унга нафс йўл кўрсатар.

Йўлга бошлар йўлчини ул раҳнамо,
Ул адашгай доимо дашт-чўл аро.

Кимки восил, унга кўз бўлгай чироқ,
Раҳнамо, йўлдан улар озод, бироқ.

Ул висолнинг аҳлидир гар раҳнамо,
Англасин дер, қўзғагай ким жанг, низо. 3325

Ота гўдак-чун мудом «тий-тий» қилар,
Гарчи ул ақли буни тақлид билар.

Англа, устоз фазли ҳеч бўлмайди кам,
Ул «алифда ҳеч вақо йўқ» деса ҳам.

Таълим олмас гўдагинг, тил тиймасанг,
Ўз тилингни сен агар тарк қилмасанг.

Ул тилинда сўйламоқ шарт ва зарур,
То билим олсин у сендан кенг, чуқур.

Барча халқ гўдакдай ундан баҳраманд,
Пирга бул лозим, қачон берганда панд. 3330

Шайх муриди оғзи бўш зотга шу дам,
Кофиру гумроҳу бедодга шу дам,

Деди: «Ўзни урма тиғга ҳар нафас,
Қилмагин ҳеч шоҳу султонга ғараз.

Ўзни ҳовуз қилса тенг дарё-ла то,
Борлиғин туб-тубидан айлар адо.

Йўқ бирор денгиз, агар кенг, беканор,
Булғаниб қолгувчи, кўлмак бўлса ёр.

Ҳар куфрнинг чеки бор, эсингда тут,
Шайху шайх ёғдуси ҳеч билмас ҳудуд. 3335

Ул ҳудудсиз олдида маҳдуд – адо,
«Кулу шаъин ғайри важҳиллаҳ» фано.

Куфру иймон йўқ, қаерда бўлса Дўст,
Чунки, Ул – мағз, иккиси – пўчоғу пўст.

Бул фанолар Ул юзига пардадир,
Шамдайин тоғоранинг остинда сир.

Ушбу тан боши ҳижоб ул бош учун,
Қошида тан боши кофирдир бутун.

Кофир ул – ғофил у шайх иймонидан,
Ул – жасад, гар бехабар шайх жонидан. 3340

Сўнгги кунда жон хабар бўлгай, фақат,
Ким хабардор, жонига етгай мадад.

Биздаги жондан у ҳайвон жони кам,
Чунки, кўп бизда хабарлар сони ҳам.

Жонимиздан кўп малак жони, бироқ,
Муштарак ҳислардан ул бўлмиш йироқ.

Ҳаққа ёр жони малакдан, эҳтимол,
Бўлса ортиқ, қолмагин ҳайратда лол.

Шул сабаб, Одамга сажда қилди ул,
Боридан жонини ортиқ билди ул. 3345

Йўқса, пастга ул баландни бирма-бир
Сажда қил деб айламасди Ҳақ амр.

Деса, айт, қилгайми Ҳақ кўнгли қабул,
Қил тиконга сажда, деб тупроққа Ул?

Ортди жон, ўтгач Азалдан, шубҳасиз,
Барча жонлар, сўнгра, унга чўкди тиз:

Қуш, балиқ, одам, пари тиз чўкди тек,
Чунки, ул ортиқ, булар кам эрди, лек.

Ҳирқасин тикай балиқлар бирма-бир,
Игнага бўйсунгай ул иплар, ахир. 3350

ШАЙХГА ТУҲМАТ ҚИЛГАН БИР БЕГОНА КИМСА ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ

Шайхни тинмай гапирарди ул разил,
Гар назар эгри, мудом қийшиқ – ақл.

Дерди: «Кўрдим бир йиғинда ногаҳон,
Кўп йироқ тақводан, ул бир нотавон.

Тунда тур, сўзимга гар қилсанг гумон,
Кўр, у шайхнинг фитнасин ошкор-аён». 3415

Бошлагай бир дарчага, сўнг дер тағин:
«Кўргин ул хулқи бузуқнинг ишратин.

Алдагай кундузда, тунда беадаб,
Мустафо кундузда, тунда Бу Лаҳаб.

Кундуз Абдуллоҳ аталгай унда ном,
Тун «наъузу билаҳу» қўл узра жом».

Кўрди шайх қўлида тўла шиша то,
Деди: «Эй, шайх, сенда ҳам борми риё?

Сен-ку айтган, ул шароб ичра, ахир,
Бор у шайтон сийдиги деб, бесабр!». 3420

Деди: «Лим-лимдир бу жомим ушбу дам,
Сиғмагай унга кичик бир қатра ҳам.

Боқ, бирор зарра сиғарми бунга, айт?
Алданиб қолма, гумон айлаб бу пайт.

Кўрганинг жом бирла маймасдир, бироқ,
Булни ғайб кўргувчи шайхдин қил йироқ.

Ўша жом шайх борлиғи, эй, ақли паст!
Унга шайтон сийдиги сиғмайди, бас.

Тўлди Ҳақнинг нурига лим-лим бу жом,
Синди тан жоми ва нур қолмиш мудом. 3425

Тушса ахлатга қуёш ёғдуси, бил,
Шундайин нурдир, қабул қилмас разил.

Деди шайх: «Боқ, бул на май, на жом бу чин,
Пастга туш, мункир, унинг кўр нелигин».

Сўнгра ул келдию кўрмиш унда бол,
Алданиб ул бунда қолмиш кўру лол.

Бир муридга шайх буюрмиш сўнгра: «Бор,
Мен учун келтир шароб, эй, қалбга ёр!

Ортди дардлар, бунда қолдим ноилож,
Бул азобдан қолмагайман энди оч. 3430

Гар зарур бўлса, ҳаром бўлгай раво,
Ёғсин ул мункирга лаънат хоки то.

Сўнг мурид майхоналарни айланиб,
Барча хумдан шайх учун кўрмиш татиб.

Топмади майхонадан май бул маҳал,
Эрди лим-лим барча хум ичра асал.

Деди: «Майхўрлар, қилинг менга жавоб,
Кўрмадим ҳеч қайси хум ичра шароб!».

Барча ринд шайх олдига келди кириб,
Кўзда ёш, қалбида ғам, оҳ-воҳ қилиб: 3435

«Эй, улуғ, майхонага келдинг, наҳот?
Барча май дўнмиш асалга шул заҳот.

Майни қилдинг сен ҳаромдан пок, ахир,
Жонимизни ҳам балодан сен айир».

Тўлса қон олам аро, не бўлмасин,
Ҳаққа ёр ерми ҳалолдан ўзгасин?

БИР СИЧҚОН ТУЯНИНГ БУРУНДИҒИДАН ТОРТИБ, ЎЗИЧА ҒУРУРЛАНГАНИ

Тевани тортмиш, тутиб тизгинидан,
Битта сичқон, гердайиб бул ишидан.

Тева тез-тез юрди сичқон изидан,
Дерди сичқон ўзича: «Қудратлиман».

Тева илғаб фикрини, сўнг ўртаниб
Деди: «Шошма, сенга қўйгум кўрсатиб!».

Келдилар катта ариқ бўйига то,
Катта филлар ҳам забундир ул аро.

Тўхтамиш ул ерда сичқон бемадор,
Деди тева: «Эй, адир, даштларга ёр! 3455

Нега тўхтаб, нега лол қолдинг, ахир?
Қўй қадам мардларча қўрқмай, сувга кир.

Сен жиловдор, мен борарман судралиб,
Турма йўл ўртасида жим, мунғайиб».

Деди: «Сув – катта, чуқурдир таги ҳам,
Чўкмайин деб қўрқаман, эй, дўстгинам!».

Деди тева: «То билай ўлчаб бу дам»,
Сўнг ариққа ул дадил қўймиш қадам.

Деди: «Эй, сичқон, бу сув – тиззам қадар,
Нега лолсан, ўчди рангинг бунчалар?». 3460

Деди: «Сенга ул чумоли, менга мор,
Тиззаларнинг бир-биридан фарқи бор.

Сенга ул тиззанг қадар, эй, бекамим,
Лек, баланд юз карра бошимдан маним».

Деди: «Унда беадаблик қилмагин,
Жон-танинг то ўша ўт куйдирмасин.

Зўрлигинг ўзингдайин сичқонга қил,
Тевалар олдида сал ҳаддингни бил».

Деди: «Кечир, тавба қилдим, бер мадад,
Ўтказиб қўй шум бу сувдан сен, фақат». 3465

Раҳми келди теванинг, сўнг деди: «Тез
Ўркачимга сен чиқиб ўрнаш бу кез.

Менга хос гар, ўтказиб қўйгум тағин,
Сендайин сичқончаларнинг мингтасин».

Ортда юргин, бўлмасанг гар сен Расул,
Ул қудуқдан бул қудуққа ет нуқул.

Бўлмасанг султон агар, хизматга чиқ,
Гар қайиқчи бўлмасанг, сурма қайиқ.

Очма дўкон, бўлмасанг комил агар,
То хамирдай қолма кўпчиб бесамар. 3470

«Анситу»ни тинглагин, жим тур узоқ,
Бўлмасанг гар Ҳақ тили, бўлгин қулоқ.

Гар гапирсанг, бунда ҳол сўр беқарор,
Сен гапир шоҳларга мискин ҳамда зор.

Кибру кин илк манбаи, бил, шаҳват ул,
Шаҳватингга беқарорлик одат ул.

Бўлди одатдан ямон хулқинг азим,
Келди қаҳринг, гар бу йўлдан тўсса ким.

Сени лойхўр айламиш ул, ҳар сафар,
Англадинг ёв, сени ким қайтарса гар. 3475

Бутпарастлар ўраб олгай бутни гар,
Гар бу йўлда юрмагай ким, ёв билар.

Ўзни сарвар англагач Иблис у дам,
Билди паст Одамни ул эшшакданам:

«Мендан ортиқ кимни мен сарвар билай?
Бўлса ул паст, нега мен сажда қилай?».

Англа, сарварлик азалдан оғу гар,
Ўша руҳдан ўзгасига ул заҳар.

Қўрқмагин, тоғ ичра тўлса гар илон,
Бордир ул тоғ ичра тарёк бегумон. 3480

Гар димоғинг тутса сарварлик ҳидин,
Кимки мағлуб айлагай, душман у чин.

Кимки зид сўз айтса хулқинг ҳақда гар,
Унга қарши сенда кийна қўзғалар.

Айтасан, қилгай у хулқимдан жудо,
Сўнгра билгай менга ўзни раҳнамо.

Хулқидан саркашлиги бўлмас йироқ,
Ўчмагай унда ғазаб ўти, бироқ.

Ким муросо айласа гар зид билан,
Ўзига жой топгай улнинг қалбидан. 3485

Гар ямон хулқ айлагай дилни макон,
Ҳирс чумолисин қилар одат илон.

Ўлдир ул шаҳват илонин тезда то,
Йўқса, бўлгай ул илонинг аждаҳо.

Ул чумолинг сен илондай англа зўр,
Қалби покдан сен мудом ҳолингни сўр.

Токи зармас, айтмагай мис: «Мисман ул»,
Токи шоҳмас, дил демас: «Ожизман ул».

Мисдайин иксирни айла сен қадр,
Чеккин, эй, дилдор дили, чексиз жабр. 3490

Ким у дилдор? Дил аро қургай макон,
Эрта-кеч сенга жаҳондин бир жаҳон.

Айблама ҳеч бандаи Аллоҳни сен,
Қилма туҳмат, ўғри деб ул шоҳни сен.

СЎФИЙЛАР ШАЙХ ҲУЗУРИДА КЎП ГАПИРГАН БИР СЎФИЙНИ МАЛОМАТ ҚИЛГАНИ

Неча сўфий битта сўфий устидан,
Хонақоҳ шайхига бормиш арз билан.

Дедилар: «Бул – жонимизга бир бало,
Бизни бундан қил халос, эй, раҳнамо!».

Деди: «Сўфийлар, бунинг айби надир?»,
Дедилар: «Хулқида айби учтадир:

Қўнғироқдай тинмайин жаврар нуқул,
Еб йигирма жон таомин, тўймас ул.

Ухлагай Каҳф ғори асҳоби мисол»,
Қилди сўфийлар у шайхга арзи ҳол. 3525

Деди шайх сўнг ул фақирга: «Аввало,
Барча ишни ўртача айла адо.

Бор ҳадис: «Хайру-л-умур авсотуҳо»,
Мўътадил ахлатда наф бор доимо.

Қайси хилт меъёридан ошса агар,
Ўша танда хасталик бор қанчалар.

Қилма дўстга хислатинг ортиқ баён,
Айрилиқ тушгай арога ногаҳон.

Сўйламиш меъёрда Мусо ул маҳал,
Дўстга қилмиш ул баён ортиқча сал. 3530

Эзмалик келмиш Хизрга кўп малол,
Деди: «Бор, сен эзмадирсан, яхши қол.

Эй, Мусо, кўп сўйладинг, кетгин йироқ,
Йўқса, мен-ла кўру гунг бўлгин, бироқ.

Ўтмасанг сергаплигинг гар баҳридан,
Сен йироқдирсан бутунлай маънидан.

Булғаниб қолсанг намозда ногаҳон,
Десалар: «Олгин таҳорат тез» шу он,

Олмасанг, қилсанг-да жунбуш қанчалар,
Бўлгай, эй, гумроҳ, намозинг бесамар. 3535

Бор у ён, ким сенга жуфт бўлгай, ахир,
Сенга ошиқ, гар гапингга ташнадир.

Ухлагай ким, соқчига муҳтож улар,
Лек, балиқларга на ҳожат соқчилар.

Тўни бор ювғувчига ташлар назар,
Бил, яланғоч жон жило-ла безанар.

Ё яланғочларни тарк эт доимо,
Ё улардай танни тўндан қил жудо.

Бўлмасанг буткул яланғоч, англагин,
Тўнни камроқ кий, аро йўл танлагин. 3540

УЛ ФАҚИРНИНГ ШАЙХДАН КЕЧИРИМ СЎРАГАНИ

Шайхга ҳолин сўйламиш сўнг ул фақир,
Қилди жуфт ҳасрат ва узрин бирма-бир.

Шайх саволига жавоб бермиш фақир,
Ул Хизр берган жавобдай беназир.

Ул Хизр берган жавоби эрди хос,
Кўнглига солганди Аллоҳ, беқиёс.

Ҳаддан ортиқ мушкулин айларди ҳал,
Берди мушкуллар калитин ҳар маҳал.

Ул Хизр меросидир дарвишга ёр,
Ҳар жавобда ҳиммати топмиш қарор. 3545

Деди: «Гарчи ўрта йўл ҳикмат бутун,
Ўрта йўл нисбий, бироқ, барча учун».

Тева-чун камдир ариқда сув, тайин,
Ул, бироқ, сичқонга бир уммондайин.

Кимки еб тўйса агарда тўртта нон,
Икки-уч нон ўрта йўлдир бегумон.

Тўртта нон гар еса, ўрта йўлдамас,
Нафсига тутқун, асирдир ҳар нафас.

Ейдиган нон кимда, балки, ўнтадир,
Олти нон гар еса, ўрта йўлдадир. 3550

Иштаҳам элликта нонга бўлса гар,
Олти нонга – сенда, фарқ бор қанчалар.

Чарчатар, гар ўн ракат сенда намоз,
Ўқисам, беш юз ракат ҳам менга оз.

Каъбага кимдир пиёда отланар,
Чарчагай, гар борса ким масжид қадар.

Поклигу софлик учун ким берди жон,
Берди жон бермоқ учун ким битта нон.

Ўрта йўл ҳам қайдадир топгай қарор,
Ҳар бирининг аввалию сўнгги бор. 3555

Аввалу охир – раво, то бемалол
Ўрта йўлни сиғдира олсин хаёл.

Гар ниҳоя билмагай икки томон,
Ўрталик меъёри бўлгайми аён?

Аввалу сўнг билмагай гар қайси зот,
Деди: «Лав кона лаҳу-л-баҳру мидод».

Бўлса ҳар ул етти дарё гар сиёҳ,
Ўрта йўл ҳам билмагайдир интиҳо.

Боғу ўрмон бўлса гар яхлит қалам,
Бундан ул сўзлар сира бўлмайди кам. 3560

Бор қалам бирлан сиёҳ топгай фано,
Ҳақ каломин сўнги йўқ, бўлмас адо.

Уйқуга бул ҳолатим гоҳ ўхшагай,
Барча гумроҳ уйқуда деб ўйлагай.

Гарчи кўз уйқудадир, уйғоқ дилим,
Сиртқи бул бекорлигим билмас тиним.

Деди Пайғамбарки: «Айнои таном,
Ло яному қалби ан рабби-л-аном».

Сенда кўз бедор, дилинг мудроқ мудом,
Менда кўз ухлар, дилим уйғоқ мудом. 3565

Бешта ҳис тағин бу кўнглим ичрадир,
Ҳисларимга икки олам дарчадир.

Солма зор ҳолинг билан менга назар,
Менга чоштгоҳ, сенга тун бўлса агар.

Неки сенга бўлса зиндон, менга – боғ,
Мен Унинг ёди билан бандман у чоғ.

Сенга ботқоқ – мен учун гул доимо,
Сенга мотам – мен учун оҳанг, наво.

Гарчи сен-ла ердадирман ҳар маҳал,
Етти осмон узраман мисли Зуҳал. 3570

Сенга ҳамроҳ менмас ул, соямдир ул,
Фикру ўйлардан баланд поямдир ул.

Чунки, мен ошдим хаёл-ўйдан бу дам,
Айладим тарк ўй аро ботганни ҳам.

Бўлмадим фикримга қул, бўлдим қирол,
Ҳар бинога ҳоким ул меъмор мисол.

Фикрига бўлмиш мазах бул барча халқ,
Шул сабаб ул хастадир, қайғуга ғарқ.

Гоҳида ўзни фикрга чоғласам,
Тезда тарк қилгум, агар мен хоҳласам. 3575

Кўкда қуш бўлсам, фикр бир пашшадир,
Қайда мен, ожиз у пашша қайдадир?

Ерга тушдим гоҳи кўкдан мен атай,
Кимки чўлоқ, менга етсин, ҳар қалай.

Гар малол келса тубанлик, шул заҳот,
Тўда қушлар сингари қоқдим қанот.

Ўсди ўзимдан қанотим, шул сабаб,
Тақмадим икки қанотни мен ямаб.

Жаъфари Тайёр учун ёрдир қанот,
Жаъфари Таррор учун ордир қанот. 3580

«Лам язуқ»лар қошида даъво шудир,
Пок, улуғлар қошида маъно шудир.

Қарғалар олдида лоф, даъво бу чин,
Тўла, бўш қозонни фарқ қилмас чивин.

Бўлса гар луқма танинг ичра гуҳар,
Хоҳлаганча е, ҳазм қилсанг агар.

Битта шайх даф этгали шубҳа, гумон,
Қусди, лаган тўлди дурга ногаҳон.

Ўша гавҳар мослигин қилдирди ҳис,
Ақли паст-чун ўша доно, шубҳасиз. 3585

Бўлса меъданг ичра пок луқманг палид,
Қулфлагин нафсингни, пинҳон қил калит.

Бўлса луқма нурдайин пок, безавол,
Нени истар, еса ул бўлгай ҳалол.

МЕВАСИ МАНГУ ҲАЁТ БАХШ ҚИЛГУВЧИ ДАРАХТНИ ҚИДИРГАНЛАРИ БАЁНИДА

Сўйламиш қай битта ул ақли расо,
Бир дарахт бор дея Ҳиндистон аро.

Кимки ул мевасидан кўргай татиб,
Ўлмагай, қолмайди, ҳатто, кексайиб.

Бул нақлни битта шоҳ тинглаб туриб,
Ул дарахтнинг мевасин қолмиш суйиб.

Қилди аъёнлар бирин элчи шу он,
Улни Ҳиндистонга қилмиш сўнг равон. 3660

Неча йиллар элчи юрмиш айланиб,
Кезди Ҳиндистонда сарсон, ахтариб.

Ҳар шаҳарни кезди ул мақсад учун,
Кезди тоғ, чўл бирла даштда кеча-кун.

Кулди, кимдан сўрса, бермай бир мадад,
Булни ким излайди? Ул телба, фақат.

Кўп киши эрмак қиларди шул заҳот,
Кўп киши дер унга: «Эй, соҳибнажот!

Излагай гар сендайин зийрак, азиз,
Ҳеч қачон бўлгайми ёлғон, фойдасиз?». 3665

Бундайин лутф-марҳамат, бундай карам
Баттар ул ошкор-аён калтакданам.

Мақташарди: «Эй, улуғ, изловчи бахт!
Бор фалон ерда баҳайбат бир дарахт.

Ул фалон ўрмонда ёзгай баргларин,
Бўйи ҳам беҳад баланд, шохи қалин.

Изламиш шоҳ элчиси боғлаб камар,
Эшитиб ҳар кимсадан ҳар хил хабар.

Кезди элчи ўша ерда неча йил,
Унга шоҳ пул жўнатарди муттасил. 3670

Ул сафарда дарду ранж кўрмиш, фақат,
Истаги ҳам сўнди буткул оқибат.

Мақсадидан бир асар ҳам қолмайин,
Қолди ёлғиз, бехабар ул, нотайин.

Ул умид узмиш бутун, қолганди лол,
Неки изларди, уни топмоқ маҳол.

Шоҳ тараф қайтмоқни қилмиш ихтиёр,
Босди йўл, кўзинда ёш, маҳзуну зор.

ШАЙХ ТАҚЛИДЧИ ТОЛИБГА ЎША ДАРАХТ СИРИНИ ИЗОҲЛАБ БЕРГАНИ

Битта шайх бор эрди ул ерда тағин,
Борди ул олимни йўқлаб бул ҳазин. 3675

Деди: «Боргум, ноумидман барчадан,
Эшитиб ул гапларин, сўнг қайтаман.

Токи ҳамроҳ бўлсин ул берган дуо,
Бўлдим ул орзу-умидимдан жудо».

Борди шайх олдига зор, ўртаб вужуд,
Кўзидан ёш оқизиб мисли булут.

Деди: «Эй, шайх, шафқат айла, қил карам,
Ноумид, меҳрингга муҳтожман бу дам».

Деди: «Сўйла, ноумидсан не учун?
Мақсадинг не? Бор дилингда не тугун?». 3680

Деди: «Шоҳ амри билан билмай тиним,
Бир дарахтни неча йиллар изладим.

Бир дарахтким, нодиру ноёб нажот,
Меваси бахш айлагай мангу ҳаёт.

Кўп қидирдим, топмадим, лек, бир нишон,
Кулди сармастлар мазах айлаб чунон».

Шайх кулиб, сўнг деди: «Эй, сен соддадил,
Ул илоҳий илм дарахти, англагил.

Ул баланддир, ул йирикдир, ул нажот,
Ул – муҳит уммонидан обиҳаёт. 3685

Ахтарибсан сен шакл, эй, бехабар,
Маъни шохи узра кўрмай бир самар.

Ул аталмиш гоҳ қуёшу гоҳ дарахт,
Олди ном денгиз, булут деб гоҳи вақт.

Ул биринда неча минг асрору сир,
Энг кичик осоридир боқий умр.

Гарчи битта, унда бор юз минг нишон,
Ҳар бирин номи саноқсиз бегумон.

Ул бири сенга падардир безавол,
Бошқанинг фарзандидир ул баркамол. 3690

Ул бири кимлар учун қаҳру алам,
Ул бири кимлар учун лутфу карам.

Неча юз минг номи бор, бир тандадир,
Билганинг – ул васфидан бир заррадир.

Кимки ном ахтарса, ул топмас ривож,
Сендайин қолгай умидсиз, ноилож.

Ул дарахт номин қидирдинг бунча ҳам?
Бўлмагин то бахтқаро, чекма алам.

Кеч у номлардан, фақат, хислатни бил,
Ҳақ тараф то бошласин хислатли дил. 3695

Тушди халқлар ора номдан ихтилоф,
Маънига етганда қалблар бўлди соф.

“Masnaviy”da bir necha yuz hikoyat va rivoyatlar keltirilgan. Qurʼoni karimning yuzlab oyati tilga olinib, tafsir etilgan. 690 hadisga rumiyona sharh berilgan. Koʻz oldimizda ham kalom ilmining ulugʻ bilimdoni, ham tasavvuf taʼlimotini sarbaland choʻqqiga olib chiqqan orif inson va ham muqtadir daho shoir gavdalanadi. Oddiy latifalar, hikoyatlardan Rumiy favqulodda falsafiy-soʻfiyona maʼnolar chiqaradi, teran tafakkuri doiradan doiraga, darajadan darajaga koʻtarilib boradi. “Qurʼonning uch qabat botiniy maʼnosi bor”, deb qayd etadi u va ana shu maʼnolarni izchil bizga tushuntiradi.
Butun “Masnaviy” boshdan oxirigacha ikki muhim gʻoyaning talqiniga bagʻishlangan desam xato qilmayman. Bu gʻoyalarning biri—taqlidchilik, zohirbinlikning jaholatdan ekanligini isbotlash boʻlsa, ikkinchisi—ilohiy maʼnolar, Haq haqiqatiga erishgan chin soʻfiylarni ulugʻlashdir (Najjmiddin Komilovning maqolasidan).

JALOLIDDIN RUMIY
«MA’NAVIY MASNAVIY»DAN HIKOYATLAR
Odil Ikrom tarjimasi
006

IMTIHON QILUVCHILAR HUZURIDA LUQMONNING FOZILU ZIYRAKLIGI AYON BO’LGANI

Xojaga gar bir taom keltirsalar,
Chorlamish Luqmonni xoja har safar.

Toki Luqmon yesa undan bir talay,
Xoja ulning sarqitin yermish atay. 1515

Sarqitin gar yesa, g’am ketmish tamom,
Tashlanardi, yemagach ul, har taom.

Ul taomni ishtahasiz yerdi yo,
Ushbu payvandlikka yo’qdir intiho.

Qildi qovun hadya kimdir o’sha kez,
Dedi: «Bor, o’g’lim, chaqir Luqmonni tez.

So’ydi, so’ng Luqmonga bermish bir tilim,
Yerdi qul, go’yo asalday betinim.

Shodlanib, ikkinchisin berdi tag’in,
Yedi o’n yetti tilikning hammasin. 1520

Bir tilik qolganda dedi: «Menga bul,
To tatib, ta’min bilay, shirinmi ul.

Shunchalar zavq birla ul chaynab-yutar,
Ishtaha qo’zg’ab, taomni dil tusar».

Ko’rdi yeb, yondirdi achchig’i shu dam,
Til shishib, kuydirdi ul bo’g’zini ham.

Yotdi achchiqdan uchib aqli hamon,
Dedi so’ng: «Ayt, menga ey, jonu jahon,

Ne uchun yutding zaharni bul qadar?
Ne uchun lutfday tuyulmish bul zahar?

Bul sabr qaydan? Qaerdan bul chidam?
Yoki sen dushmanmi joningga bu dam?

Nega bir hiyla, bahona qilmading?
Menga uzr aytib, biror zum tinmading?».

Dedi: «Qilmish qo’llaring ne’mat ato,
Behisob, gar nolisam bo’lgay xato.

Bul – uyat, achchiqni demay men laziz,
Yemasam bir bor qo’lingdan, ey, aziz.

Borlig’imga sendan ul in’om, ato,
Berdi orom donayu doming aro. 1530

Qilsam ul bir achchig’ingdan ohu dod,
Har balo boshimga yog’sin shul zahot.

Qo’llaring tutgay shakar ta’min, axir,
Qandayin qovunni qilgay ul taxir?

Ishq-muhabbat aylagay sho’rni shakar,
Ishq-muhabbat aylagay mislarni zar.

Ishq-muhabbatdan yuvilgay barcha gard,
Ishq-muhabbatdan quvilgay barcha dard.

Ishq-muhabbatdan jasadga jon kirar,
Ishq-muhabbat shohni banda, qul qilar. 1535

Bul muhabbatni bilimlar to’ldirar,
Ezmalar bul taxtda qandoq o’ltirar?

Ishq yaratgan, ayt, qachon noqis bilim?
Notamomlar ishqidir jonsiz jism:

Ko’rsa ul jonsiz jismda rangu zeb,
O’ylagay mahbub sado bermoqda deb.

Notamom ilmiga farqsiz ko’pu kam,
Noiloj bilgay quyosh, chaqmoqni ham.

Ul Rasul noqisni deb mal’unsimon,
Aqlining nuqsonidan qilmish bayon. 1540

Notamom zotlarga hayf rahmu karam,
Arzimas jonsiz vujud la’natga ham.

Aqli noqis keltirar ranj qanchalab,
Bo’lgay ul la’nat, judolikka sabab.

Bil, aql har doimo topgay kamol,
Lek, kamolot tanga kelgay ko’p malol.

O’tparastu fir’avnlar kufri ham,
Ul aql nuqsonidan bo’lgandi jam.

Ul badan nuqsoni-chun kelmish bu vaj,
Ul Nabiy der: «Mo ala-l-a’mo haraj». 1545

Chaqnagay bir lahza chaqmoq, bevafo,
Bilma boqiy deb uni, ul – bebaqo.

Kuldi ul, kulmoqda kimning ustidan?
Ul kular, dil uzmasa kim nuridan.

Ul falakda porlagay nurlar nuqul,
Qandayin na sharqiyu na g’arbiy ul?

Barqni sen «xu yaxtafu-l-absor» bil,
Hamda boqiy nurni bor hamkor bil.

Kimki mavjlar ustida ot sursa gar,
Yoki chaqmoq nurida xat ko’rsa gar, 1550

Oqibatni ko’rmagan nodon ular,
Aqliyu ko’nglin mazax aylab kular.

Xosiyatdan oqibat ko’rgay aql,
Oqibatni ko’rmagay, nafs bo’lsa, bil.

Nafsga yengilsa aql – nafs, shul zahot,
Mushtariy nahsdir, Zuhalga bo’lsa mot.

Ayla nahslardan nigohingni yiroq,
Nahsidan butkul judo zotlarga boq.

Ushbu oldi-berdini ko’rgan nazar,
Yo’l yurar nahsdan saodatga qadar. 1555

Unda holing o’zga holga aylanar,
Zidga zid paydo qilib, joy almashar.

Toki yetgay senga ul chapdan zavol,
O’ngdan ul Haq qurbidan «yurji-r-rijol».

Juftqanot bo’l, bo’lsa qushda bir qanot,
Ul ucholmas, anglagin, ey, yaxshi zot!

Yoki qo’yvor, so’ylamay to bir kalom,
Yoki ber dastur, gapim aytay tamom.

Xohlasang na ul, na bul, qilgin amr,
Kim bilar, maqsad-muroding qaydadir? 1560

Ul Xalil joni ravodir, nurda to
Ko’rgali jannatni ul otash aro.

Poya-poya chiqsa gar to oy, samo,
Halqaday qolsin ul eshik bandi to.

Ul Xalilday yetti qat ko’k toqidin,
O’tsin ul, to «lo uhibbu-l-ofilin».

Tan jahonin, bil, xatoga mayli bor,
Hirsu shahvat toki bo’lgay unga yor.

BIR AMIRNING, UXLAB YOTGANIDA OG’ZIGA ILON KIRGAN KISHIGA AZOB BERGANI

Bitta oqil ot minib o’tmish, shu on
Uxlagan zot og’ziga kirmish ilon.

Ko’rdiyu otliq buni, chopmish jadal,
To ilonni quvlasin, kech qoldi sal.

Erdi oqil, shoshdi yordamga shu chog’,
Uxlaganga urdi bir necha tayoq.

So’ng tayoq zarbin tuyib, ko’z ochdi ul,
Bir daraxtning ostiga tez qochdi ul. 1885

To’kilib bor olmalar, ketmish chirib,
Dedi: «YE, bul olmadan, borin yig’ib!»

Olma ko’p erdi, bilib unga ravo,
Yedirardi og’zidan chiqquncha to.

Soldi ul dod: «Ey, amir, bul ne jazo?
Nega qilding menga qasd, ko’rmay jafo?

Kelsa jonim chindanam senga malol,
Tig’ urib, bir yo’la sen jonimni ol.

Senga duch kelgan damim, shum lahza bul,
Ko’rmasa turqingni kim gar, baxtli ul. 1890

Bor na jinoyat, gunoh, na ko’pu kam,
Hech razil ham qilmagay bunday sitam.

So’zlasam, qon otilar so’z birla to,
Ey, Xudo, o’zing munosib ber jazo».

Har zamon qarg’ardi o’ylab-o’ylamay,
Ul amir urmish, deya: Chop to’xtamay!

Ul tayoqning zarbidan misli shamol,
To’xtamasdan yugurardi bemajol.

Bo’kkan erdi, hordi ul ko’p qiynalib,
Qo’l-yuzi ketgandi butkul tirnalib. 1895

Kechgacha chopdi, yiqildi, turdi ul,
Ko’ngli aynib, so’ngra nogoh qusdi ul.

Qusdi ul bor yeganin, yaxshi-yamon,
Qusqilarga qo’shilib chiqmish ilon.

Og’zidan chiqqan ilonni ko’rdi to,
Ezgu zotga qildi so’ng ta’zim bajo.

Ko’rgach ul qora ilonning haybatin,
So’ng unutmish barcha qayg’u-dardlarin.

Dedi: «Jabroyilmisan, ul mehribon?
YO Xudoning ne’matidan bir nishon? 1900

Menga qutlug’ ushbu dam, bul ko’rganim,
Jon kirib, xuddi, tirilganday tanim.

Onalarday izlading meni, biroq,
Xuddi, men eshshakdayin qochdim yiroq.

Qochar eshshak, anglatib eshshakligin,
Yaxshilik istab quvar egasi chin.

O’ylamas foyda-ziyonni hech qachon,
Bo’ri bo’g’zin yormasin, der nogahon.

Baxtlidir, yuzingni ko’rsa kim agar,
Tushsa yo yo’lingga har on, har safar. 1905

Eyki, pok ruhlar aro mumtozu yor,
Senga qo’pol so’yladim bir necha bor.

Ey, Xudovand, ey, Amir, shoh, benazir!
Aytmadim men, aytdi jahlim, sen kechir.

Gar zig’ircha topsam ul holdan xabar,
Behuda so’ylarmidim, ayt, shunchalar?

Senga aylardim tag’in hamdim bayon,
O’sha hol bir belgisin qilsang ayon.

Menga sen qilding g’azab, lek, jim turib,
Indamay kaltaklading, boshga urib. 1910

So’ng garang boshimdan uchmish aqli ham,
Erdi bul boshim azaldan aqli kam.

Ayla avf, ey, nurli yuz, ey, pok subut,
Neki achchiq ustida aytdim, unut».

Dedi: «Aytsam anig’in gar o’sha on,
Birdan o’ting yorilardi shul zamon.

Aytsam ilondan, qilib sen ohu dod,
Qo’rqqaningdan jon uzarding shul zahot».

Mustafo der: «Rostini aytsam agar,
Borligin jon ichra ne-ne yov, xatar, 1915

Yorilardi dovyuraklar o’ti ham,
Ish g’amin yemasdi hech kim, lojaram.

Dilda na toqat qolardi, na niyoz,
Tanda na kuch va na ro’za, na namoz.

Xuddi, sichqonday – mushuk oldida lol,
Xuddi, qo’y och bo’ridan qochgan misol.

Unda na tadbiru yo’l qolgay na yo,
Shul sabab, jimlikni men bildim ravo.

Ul Rubobiyday mudom bog’lab tilim,
Qo’l urib Dovud misol temirga jim. 1920

Toki hol bo’lsin mahollar shul zahot,
To mayib qushlarga ul bo’lsin qanot.

Qil «yadullah favqi aydihim»ni his,
Qo’liday bilmish Ahad bul ilkimiz.

So’ng uzun qo’ldan tuyib qurbu madad,
Oshdim ul yettinchi osmondan baland.

Qo’llarim ko’rsatdi so’ng fazlu hunar,
Qil qiroat, qori, «inshaqqa-l-qamar».

Bul bayon ul sust aqllar-chun ato,
Ul zaifga qurbni sharhlash ne ravo? 1925

Senga ma’lum, uyqudan tursang shut ob,
Sharh tamom, «vallohu a’lam bi-s-savob».

Senda na yemoqqa qurbing bor u dam,
Yo’l yurishga, na majol qusmoqqa ham.

Men haqorat tingladim, istab madad,
Tinmayin, «Rabbi yasir» derdim, faqat.

Qolmagandi o’zga bir yo’l, dasturim,
Seni tark etmaslik erdi taqdirim.

Har zamon derdim, qilib bag’rimni xun,
«Ihdi qavmi, innahum lo ya’lamun». 1930

Sajdalar aylardi, ketgach dardu ranj,
Ey, saodat, menga sen iqbolu ganj.

Ul Xudo xayringni bersin, ey, sharif!
Qurb-kuchim shukringga yetmas, men zaif.

So’ylasin shukringni Haq, ey, rahnamo!
Menda yo’qdir undayin til-jag’, navo».

Qilsa gar dushmanlik oqil, bil huzur,
Zahri ham baxsh aylagay jonga surur.

Lek, u nodon do’stligi – ranju malol,
Bul hikoyat, tingagin, bunga misol. 1935

AYIQ VA AYIQ SADOQATIGA ISHONGAN NODON HIKOYASINING DAVOMI

Bo’ldi ajdardan xalos nogoh ayiq,
O’sha mard o’z mardligin tutmay darig’.

Xuddi, Kahf as’hobin itiday u zor,
Bo’ldi ul toqatli zotga mardikor. 2015

Ul musulmon xasta bo’lgach, yonidan
Ketmayin, bo’lmish xabardor holidan.

O’tdi kimdir, so’rdi so’ng: «Holing qalay?
Ey, birodar, bul ayiq kim, ayt, bilay?

So’ylamish ajdar hikoyasin shu chog’,
Dedi: «Ey, nodon, ayiqdan tur uzoq!

Do’st agar nodon, u dushmandin yamon,
Haydagin, sen ishlatib hiyla bu on».

Dedi: «So’z aytding hasad aylab, biroq,
Sen ayiqqa boqma, ul mehriga boq». 2020

Dedi: «Nodon mehri soxta, puch, faqat,
Mehridan afzal bu men qilgan hasad.

Menga xo’p deb bul ayiqni ayla daf,
Bur yuzing, hayvongamas, jinsdosh taraf».

Dedi: «Bor, qolma ishingdan, ey, g’ayir!»,
Dedi: «Shul erdi ishim, angla, axir.

Ey, sharif, bor bul ayiqdan ne kamim?
Quv ayiqni, senga do’st bo’lgum nadim.

Seni o’ylab, titragay qalbim bu dam,
Bul ayiq-la bormagil o’rmonga ham. 2025

Titramas bekorga qalbim birma-bir,
Bul na da’vo, bul na lof, Haq nuridir.

Mo»minu «yanzur binurillah»man ul,
Bul jahannamdan yiroq qoch, har tugul».

Kirmadi ul zot qulog’iga bu pand,
Badgumonlik erdi unga g’ov, baland.

Cho’zdi ul qo’lni, biroq, bul tortdi qo’l,
Dedi: «Ketdim, bo’lmasang do’st, to’g’riyo’l».

Dedi: «Bor, g’amxo’rligingni qilmagin,
Ezmasan, ko’p o’zni dono bilmagin». 2030

Dedi: «Men senga emasman yov, g’anim,
Angla do’st, yur hamda ortimdan manim».

Dedi: «Uyqum keldi, tinch qo’y, endi bor»,
Dedi: «Do’st do’stga mudom bo’lg’usi yor.

To bir oqil, uxlasang, bo’lsin panoh,
Uxlasin yoningda to do’st, xayrixoh».

Ensasi qotmish uning bul ishidin,
Burdi so’ng aylab g’azab, undan yuzin.

O’ylamish: «Jonimga qasd qilmish u yo,
Yoki ayyor o’g’ri bo’l yo bir gado. 2035

Bog’lamish yo do’stlari birlan garov,
Meni qo’rqitmoq uchun ul beayov».

Ichqaroligi uning bilmasdi had,
Ul gumon qilmish g’araz birlan, faqat.

Ul ayiqni bildi do’st, bilmasdi yot,
YO ayiq birlan u jinsdoshdir, nahot?

Bildi bir oqilni yov, itlik qilib,
Ul ayiqni mehru shafqatli bilib.

UL NASIHATCHI KO’P NASIHAT QILIB, AYIQ MEHRIGA ALDANGAN KISHINI TARK ETGANI

Ul musulmon qildi tark nodonni tez,
Necha «lohavl» so’ylabon ketdi shu kez.

Dedi: «Rost aytgan bilan, qo’zg’ab nizo,
Shum xayol ko’nglida ortar doimo».

Pand-nasihat yuziga tortgach hijob,
Keldi «a’riz anhumu» amri, xitob. 2070

Gar davo orttirsa ul dardingni, bas,
Qissa ayt tolibga, o’qib ul «Abas».

Keldi ul ko’r Haqni aylab ixtiyor,
Ul faqir bo’lgani-chun kutdirma zor.

Ul ulug’lar yo’lidan yurding mudom,
Toki o’rgansin ulug’dan har avom.

Ahmado, ko’rding, u shohlik qavmi lol,
Tinglagach, bundan quvonding, ehtimol.

Dinga yor bul rahnamolar shod yurar,
Ham Arab hamda Habashga bosh ular. 2075

Dong’i ketmish Basradan to ul Tabuk,
Chunki, «an-nosu alo dini-l-muluk».

Shul sabab, kelgach u ko’r, ul bezavol,
Yuz burib, kelmish bu hol senga malol.

Bunda kam fursat va manzil ham tamom,
Bizga sen do’st, senga vaqt ko’pdir mudom.

Biz yig’ilganmiz bukun, fursat tig’iz,
Ushbu pandimni zug’um deb qilma his.

Ahmado, Haq oldida bul ko’r, biroq,
Yuzta shoh, yuzta vazirdan yaxshiroq. 2080

O’sha «an-nosu ma’odin» ni qidir,
Bitta kon yuz mingta kondan yaxshidir.

La’lu dur xas ichra ham dur, la’ldir ul,
Necha ming mis konidan afzaldir ul.

Ahmado, yo’q bunda mulkdan bir samar,
Bo’lsa bas qalb ichra ishq, dard, nolalar.

Qalbi pok ko’r kelsa, hech olma malol,
Qil nasihat, pand uning haqqi, halol.

Qilsa inkor ikki-uch nodon u payt,
Hech taxir bo’lgaymi ul qand koni, ayt? 2085

Qilsa tuhmat ikki-uch nodon agar,
Senga Haq bo’lgay guvoh, tuyma xatar.

Dedi: «Forig’man guvohlardan bu dam,
Kimga Haq bulgay guvoh, unda na g’am?

Gar quyoshni der quyosh ko’rshaparak,
Bul quyosh yo’qligidan bergay darak.

Ko’rshaparak nafratidir gar dalil,
Menman ul nurlik quyosh, yorqin, jalil.

Qora qo’ng’iz gar gulob qilgay talab,
Ul gulob emasligindan bir sabab. 2090

Soxtani jalb aylasa qay bir mahak,
Qil, mahak to’g’riligiga shubha-shak.

O’g’ri-chun kunmas, ravo – zulmat qaro,
Kechamas, kunman butun olam aro.

Ajratarman elab ul g’alvirsimon,
Toki mendan o’tmasin somon bu yon.

Unni kepakdan qilib bor, birma-bir,
Ko’rsatay to naqsh nadir, to nafs nadir.

Xuddi, Haq mezoniday olam aro,
Ko’rsatay og’ir bilan yengilni to. 2095

Bir buzoq molni Xudo yanglig’ bilar,
Xuddi, eshshak o’zga mos narsa tilar.

Men na molman, ul buzoqlar tanlagan,
Men na tikonman, tuya yeb-chaynagan.

Ul gumon etgaymi, qildim deb jabr?
Yo’q, u ko’zgum changini artmish, axir.

AYIQ MEHRIGA ISHONGAN KISHI HIKOYASINING OXIRI

Uxlagach ul zot, ayiq ul pashshasin
Qo’rimish, pashsha, biroq, qo’nmish tag’in.

Ul ayiq bir pashshani ko’p quvsa ham,
Pashsha qaytib qo’ndi yuz uzra shu dam. 2030

Ul ayiq ketmish g’azabdan ko’karib,
Keldi tog’dan katta bir tosh ko’tarib.

Ko’rdi pashshani tag’in, quvmoq mahol,
Uxlagan yuzda kezardi bemalol.

Pashshani xarsang bilan urmish shu on,
Kelmasin deb pashsha to qaytib bu yon.

So’ng majaqlab uxlagan yuzin u tosh,
Bul masalni aylamish olamga fosh:

Ul ayiqning mehri nodon mehridir,
Qahri, xuddi, mehru mehri qahridir. 2135

Ahdu paymon unda sust, abgor-ado,
Va’dasi ko’pdir, biroq, qilmas vafo.

Sen ishonma, ul qasam ichganda ham,
Buzgay ul yolg’onchi, nomardlar qasam.

Ul qasamsiz so’zi gar yolg’on, xilof,
Ul qasamxo’r makridan hech urma lof.

Nafsi shohanshohdir unga, aqli – qul,
Necha ming mus’hafni aybdor bilgay ul.

Beqasam buzganda ahdin har qadam,
Ul buzar ahdin, qasam ichganda ham. 2140

Chunki, nafs undan arazlab, og’rinar,
Bog’lasang og’ir qasamga ulni gar.

Bog’lasang hokimni gar aylab asir,
Hokim ul bandin uzib, so’ng qochadir.

Bandi yulgay boshidan, aylab g’azab,
So’ng qasamni urgay ul yuzga qarab.

Ul «ufu biluqud»iga tutma ko’z,
«Ihfazu aymonakum»dan ochma so’z.

Haqni aylar ul dalil, ahd qilsa gar,
Torday ul tan atrofinda aylanar. 2145

BIR KISHI O’ZINI JINNILIKKA SOLGAN BIR OQILNI HIYLA BILAN GAPGA SOLGANI

Dedi bir zot: «Bo’lsa bir oqil kishim,
Kengashib, oson qilardim mushkulim».

Dedi kimdir unga: «Bizning yurt aro,
Bitta oqil bor, u ham majnunnamo.

Ul falon, qamishni ot yanglig’ minar,
So’ngra go’daklar aro «ot» choptirar.

Fikru o’yga ega, otashporadir,
Qadri osmon, unga yulduz yog’adir.

Har malakka yog’dusidir misli jon,
Bo’lmish ul devonalik ichra nihon». 2350

Bilma har devonani jonday aziz,
Somiriy yanglig’ buzoqqa cho’kma tiz.

Qilsa oshkor gar valiy senga bayon,
Necha yuz ming g’ayb sirin aylab ayon.

Senda ul fahmu bilimlar erdi kam,
Bormas erding ud va go’ng farqiga ham.

Ul valiy bo’lmish junun ichra nihon,
Sen uni, ey, ko’r, taniysan, ayt, qachon?

Qoplamas gar ul nigohing parda, to’r,
Barcha tosh ostinda bir posbonni ko’r. 2355

Ul basir, ul rahnamo ko’z nogahon,
Har gilamda bir kalom ko’rgay ayon.

Har valiy nomin valiy aylar baland,
Istagay gar kimni, qilgay bahramand.

Aqlidan ulni tanimas kimsalar,
O’zni ul devonalikka solsa gar.

Ko’zi ochiq ko’rni shilsa nogahon,
Qandayin topgay uni, bo’lgach nihon?

Bilmagay kim shilganin o’g’ri bu dam,
Garchi o’g’ri unga o’zin ursa ham. 2360

Qopsa it bir ko’r yupunning tanidin,
Yirtqich itni ko’r qaerdan tanisin?

UL SAVOL SO’RGUVCHI OQILNING
HOLINI YANADA OYDINLASHTIRISH MAQSADIDA, UNI IKKINCHI MARTA
SUHBATGA TORTGANI

Dedi ul tolib: «Shu lahza, ushbu on,
Ey, chavandoz, burgin ul oting bu yon».

Keldi ul, so’ngra dedi: «Tezroq gapir,
Chunki, o’ynoqi bu otim, besabr.

Seni to ul tepmasin, tez qil ayon,
Ayt, nima so’rmoqchisan? Ayla bayon». 2410

Bormadi ko’ngil sirin aytmoqqa til,
Gapni burmoq o’yida qilmish hazil.

Dedi: «Xotin axtarib keldim bu yon,
Bormi menga bunda bir loyiq juvon?».

Dedi: «Bor uch xil ayol olamda, bil,
Ikkisi ranju biri ganjdir asil.

Ul biri borin qilar senga ato,
Ul biri yarmin bilar sendan judo.

Ul biri begonadir senga tamom,
Shundayi duch kelsa, qoch, xullas kalom. 2415

Borayin, to seni otim tepmasin,
Bir umr senga shikast to yetmasin».

Bolalarga ketdi so’ng shayx qo’shilib,
Chorlamish tag’in yigit tovush qilib.

«Kel, axir, aytganlaring ayt ma’nisin,
Qil ayon uch xil ayolning har birin».

Keldi ul, so’ng dedi: «Ol, iffatli qiz,
Senga ul – butkul, qilarsan baxtni his.

Qay ayol gar bolasiz ham bevadir,
Ulni olsang, senga yarmi tegadir. 2420

Bo’lsa ul avvalgi erdan bola gar,
Mehru yodin ul butunlay band qilar.

Bo’ldi, bas, otim asov, kelma yaqin,
To tuyog’i qansharingni yormasin».

Ketdi shayx «hoy-huy»la silkib etagin,
Bolalarni yoniga chorlab tag’in.

Chorlamish tag’in savol bergich: «Bu dam,
Bir savolim qoldi, ey, shoh, muhtaram!».

Dedi kelgach: «Ne savol bor? Tez gapir!
Yo’qsa, koptogimni bir shum eltadir». 2425

Dedi: «Ey, shoh, shunchalar aqlu adab
Birla bul ne hiyla, atvor? Voajab!

Sen – quyosh, sen – kull aqldirsan ayon,
Nega bo’lding telbalik ichra nihon?».

«Berdi menga bir razil zot maslahat,
Qozi bo’l shahringga deb undar, faqat.

Necha bor rad aylasam, ul derdi: «Yo’q,
Topmadim senday bilimdon, mag’zi to’q.

Bo’lmasang qozi – harom har bir jazo,
Bo’lmasang qozi – hukmlar noravo. 2430

Yo’q biror dastur, shariat ichra to
Saylasak sendan zaifni rahnamo».

Jinnilikni so’ng zarur bilmish tanim,
Lek, hanuz o’shandayin qalbim manim.

Gar aql ganj bo’lsa, men vayronaman,
Ganjni gar qilsam ayon, devonaman.

O’shadir devona, gar devonamas,
Soqchini ko’rgach, makoni xonamas.

Menda javhardir bilim, ul soxtamas,
Qiymatin ko’z-ko’z qilishni xohlamas. 2435

Xuddi, qand koni, qamishzorman shirin,
Ul unar mendan va yeyman hosilin.

Taqlidiy ham ta’limiy ilm – ul, ishon,
Eshitib nafratni, gar qilgay fig’on.

Kimki nurmas, luqmadan qilsa umid,
Ul tubanlik olaminda bir murid.

Bir muridkim, ilmidan xosu avom,
Ushbu olamda najot topmas tamom.

Har tarafni teshgan ul sichqon misol,
Quvsa eshikdan agar nur, qoldi lol.

Yo’lni topmay nur taraf ul hamma vaqt,
Qora zulmatda mudom aylaydi jahd.

Gar Xudo bersa qanot, qushday uchib,
Yuksalar, sichqonligindan yuz burib.

Qoladir yer qa’rida ul beqanot,
Qilmayin yulduz yurar yo’llarni yod.

Gar ilm suhbat, u jonsizdir butun,
Oshig’idir ul talabgorlar yuzin.

Garchi bo’lgay bahs, taloshlar ilm uchun,
Bir talabgor bo’lmasa, o’lgay butun. 2445

Menga bo’lgaydir talabgor ul Xudo,
Tortadir yuksakka, «Alloh ashtaro».

Haq jamoli evazimdir har mahal,
Evazimni yerman, uldir pok amal.

Qil afu, bul orzumandlar notavon,
Bir siqim tuproqqa zor bo’lgay qachon?

Yema, olma, izlama xok hech qachon,
Kimki tuproq yeydi, rangi za’faron.

Qalbni ye, doim yurarsan navqiron,
Ul jilo chehrangni aylar arg’uvon. 2450

Ushbu ehson bo’lmagay bizlarga had,
Sendagi xufyona lutf basdir, faqat.

Bizni qilgil sen xarid, zor qilmagin,
Pardani tort, pardamizni yirtmagin.

Qil xarid bizni palid nafsdan, biroq,
Yetmasin tokim suyakka ul pichoq.

Bizdayin bechoradan bandlar bu on
Yechilar, betoju taxt shohim, qachon?

Kuchli bul qulflarni, ey, sen, do’stu yor,
Sendan o’zga ochadirg’on qayda bor? 2455

Sen tarafga yuzimiz burdik tag’in,
Sen, axir, bizlarga bizdan-da yaqin.

Bul duolar ta’liming, sendan ato,
Yo’qsa, qayda gulzor ul gulxan aro?

Qon, ichak ichra aql, idrokni ham
Qildi barpo sendagi lutfu karam.

Ikki laxtak charvidan uchqur bu nur
Porlagay, bergay jilo osmon dovur.

Parcha go’shtdan til bino bo’lgan sayin,
Oqdi hikmat seli ichra soydayin. 2460

Oqdi ul tirqish, quloq yon qanchalar,
Mevasi – hush, o’sha jon bog’i qadar.

Jondagi bog’ yo’lidir undan bayon,
Bog’u bo’ston nuridir oshkor, ayon.

Ezgulik chin chashmasi uldir, bu kez
O’qi «tajri tahtaha-l-anhor» ni tez.

DO’STIDAN AYB TOPIB, U BILAN JANJALLASHGAN,BIROQ, O’Z AYBIDAN BEXABAR HINDU HIKOYASI

To’rtta hindu bir machitga kirdilar,
Toat uchun ruku, sajda qildilar.

Takbir aytib, qildi har kim niyyatin,
So’ng namozin boshladi munglig’, hazin.

So’fi kelgach, ul biri so’rmish shu on:
«Yetdi vaqt, ey, so’fi, aytdingmi azon? 3040

Berdi tanbeh boshqa hindu besabr:
«So’zlabon, buzding namozingni, axir».

Der uchinchi hindu ikkinchiga: «Bas,
Ta’nani o’zingga qilgin, ungamas».

Dedi to’rtinchi: «Shukur, men har qalay
Tushmadim chohga manov uchchoviday».

So’ng namozin buzdi ul to’rttovi ham,
Ayb qidirguvchida ayblar erdi jam.

Baxtlidir o’z aybini ko’rguvchi jim,
O’zga aybin o’zidan axtarsa kim. 3045

Chunki, ul o’z yarmini aybdor bilar,
Qolgan ul yarmin mudom g’aybdor bilar.

Chiqsa boshingga agar o’nlab yaro,
Aylagin o’z malhaming birlan davo.

O’zni aybdor aylamoq malham u dam,
«Irhamu» bo’lgay jarohatlarga ham.

Bo’lmasa aybing agar, sen turma tek,
O’sha aybni ayla fosh o’zingda, lek.

Tingladingmi «lo taxofu» Haqdan ul?
Nega unda osuda, shodsan nuqul? 3050

Erdi Iblis necha yil aybdan yiroq,
Bo’ldi rasvo, kim atalgay endi, boq.

Erdi mashhur undagi ul «hoyu hoy»,
Bo’ldi ters mashhurligi ham, holi voy.

Sen tanilma, bo’lmasang gar bexatar,
Yuv yuzingdan xavfni, so’ng tashla nazar.

To soqoling chiqmas, ey, dilga yaqin,
O’zga soqolsizga ta’na qilmagin.

Ko’r, uning nelarga bo’ldi joni band,
So’ng yiqilmish choh aro, bul senga pand. 3055

Chohdamassan, olsang ibrat pandidan,
Ul zahar ichganda, sen ye qandidan.

BIR KEKSA KISHI TABIBGA XASTALIKLARDAN SHIKOYAT QILGANI VA TABIBNING UNGA JAVOBI

Keksa chol qay bir tabibga dedi: «Boq,
Xastaman, burnim azob bergay, biroq».

Dedi: «Burning keksalikdan og’rigay»,
Dedi: «Ko’zim yaxshi ko’rmas, ne qilay?». 3100

Dedi: «Bul dard keksalikdan, yema g’am!»,
Dedi: «Bor belimda og’riq ushbu dam!».

Dedi: «Kelgay keksalikdan bul zaxm»,
Dedi: «Yeyman neki men, bo’lmas hazm».

Dedi: «Angla, keksalikdan bul maraz»,
Dedi: «Qisilgay damim, olsam nafas».

Dedi: «To’g’ri, dam qisilgay, qanchalik
O’tsa yoshing yog’ilar yuz xastalik».

Dedi: «Ey, nodon, shumi topgan gaping?
Ayt, tabiblikdan shumi o’rganganing? 3105

Ey, takabbur, o’yla aqling birla to,
Dardni bergach, bermagaymi Haq davo?

Sen qari eshshaksan ojiz, notavon,
Sudralarsan, qisqadir aqling hamon».

Der tabib: «Yoshing bu dam oltmishdadir,
Keksalikdan bul g’azablar, bul qahr.

Jon-taning gar dardga bo’lsa mubtalo,
Toqatu sabringni ham aylar ado.

Ul qilolmaydi biror so’zni qabul,
Ichsa bir qultum, qusib tashlaydi ul. 3110

O’zgadir ul keksa, gar Haq birla mast,
Qalbidan pok nur taralgay, Haqparast.

Garchi sirti keksadir, lek, qalbi yosh,
Ul Nabiy ham har valiyga egdi bosh.

Bo’lmasa yaxshi-yamonga gar madad,
Yov ularga aylagaymi hech hasad?

Bo’lmasa ilm ul-yaqinga yor ular,
Ahli kin aylarmidi makru hunar?

Kim qiyomatning jazosin bilsa gar,
O’ziga qanday qilib xanjar urar? 3115

Boqsa ul senga kulib, bilma inoq,
Yuz qiyomat qalbida pinhon, biroq.

Do’zaxu jannat bilan ul jismi band,
Bor xayol, fikring turar undan baland.

Barcha o’y-fikringni yutgaydir fano,
Hech qachon fikrimga sig’mas ul Xudo.

Xonaga kirmay bu gustohlik nadir?
Xonada kim borligin bilmay, axir.

Ta’zim aylaydi machitga aqli past,
Ko’ngil ahlin joniga aylar u qasd. 3120

Ul – riyo, eshshaklar, anglang, Haqqa zid,
Yo’q ul orif ko’nglidan o’zga machit.

Ul machitkim, avliyo qalbida jo,
Sajdagoh — barcha uchun, unda – Xudo.

Haqqa yorning qalbi to ko’rmas azob,
Qilmagay hech qaysi qavmni Haq xarob.

Anbiyo birlan mudom jang qildilar,
Anbiyoni odamiy deb bildilar.

O’shalar xulqini o’rganding bukun,
Qo’rqmagaysan sen bu holdan ne uchun? 3125

Senda bordir gar ulardan bir nishon,
Qayga ham qochib qutilgaysan bu on?

JO’HIY VA OTASINING TOBUTI OLDIDA YIG’LAB, NOLA QILGAN BOLA QISSASI

Otasin tobuti oldida chunon,
Yig’lamish bir bola tortib oh-fig’on:

«Seni qayga eltishar, oh, otajon?
Aylashar yer ostini senga makon.

Eltishar bir uygakim, zax hamda tor,
Unda na bordir gilam, na sholcha bor.

Bor chiroq na tunda, na kunduzda non,
Bor na ovqat hidi, na undan nishon. 3130

Bor na eshik unda, na chiqmoqqa yo’l,
Qo’shni yo’q, senga birov cho’zmaydi qo’l.

Ko’zlaringdan xalq o’pardi birma-bir,
Ayt, nahot, ul endi zulmat ichradir?

Bepanoh, tor xonada qolding nihon,
Unda qolmas rang-tusingdan nom-nishon».

Uyni shul alfozda ul qilmish bayon,
Tinmayin ko’z yosh qilib, yig’lardi qon.

Dedi Jo’hiy otaga: «Ichgum qasam,
Eltishar bulni bizim uyga bu dam». 3135

Ota der Jo’hiyga: «Nodon bo’lmagin»,
Dedi Jo’hiy: «Ota, tingla ul gapin,

Birma-bir ul ne gapirgan bo’lsa gar,
Shubhasiz, ul uyimizni eslatar.

Bor na sholcha, na chiroq bor, na taom,
Bor na eshik, bor na kengroq hovli, tom».

O’zida yuzlab nishonlar borligin
Ul fig’on qilguvchilar ko’rgaymikin?

Qolsa qay qalb kulbasi gar bechiroq,
Kibriyoning nuridan bo’lsa yiroq, 3140

Xuddi, kofir joniday zulmatli, tor,
Unga ul Do’st zavqi hech bo’lmaydi yor.

O’sha qalb nursiz, mudom zulmatdadir,
Ochilar na eshigu na yo’l, bag’ir.

Yaxshidir go’r o’shalarning qalbidan,
Chiq, axir, zulmatli ko’ngling qabridan.

Sen tirik zotsan, ayo, husnu jamol!
Senga tor go’r kelmagaymi hech malol?

Sen zamon Yusufisan, ko’kda quyosh,
Chiq bu zindon birla chohdan, tikla bosh. 3145

Ul baliq ichra Yunus topmish najot,
Aylab ul zikrin, qilib Allohni yod.

Ul baliq qornida ul zikri uchun,
Bo’lmadi tutqun, asir to «yub’asun».

Ul najot topdi, zikr aytib nuqul,
Haqqa tasbeh — so’nggi kunda oyat ul.

Sen u jon zikrin unutsang nogahon,
Tingla, baliqlar qilar senga ayon.

Ko’rsa kim Haqni, ilohiy ul aniq,
Ko’rsa kim dengizni gar, uldir baliq. 3150

Bul jahon dengiz, baliqdir tan va jon,
Nurni ko’rmaydi Yunus yanglig’ nihon.

Aytsa kim tasbih, qutulgay begumon,
Yo’qsa, qolgay ul baliq ichra nihon.

To’ldi jon balig’iga dengiz bu on,
Ko’rmadingmi, ko’rmisan, ey, notavon?

Ul baliqlar o’zini senga urar,
Ko’zni och, bo’lsin namoyon to ular.

Ko’rmagay ko’zing baliqni gar ayon,
Tinglagin, zikrin ular qilgach bayon. 3155

Anglagin, jon zikridir toqat, sabr,
Qil sabr, eng yaxshi tasbeh o’shadir.

Ul maqomin angla, tasbeh aylagach,
Qil sabr, «assabru miftohu-l-faraj».

Pulsirotdir ul sabr, jannatga yor,
Bir xunuk qul har chiroyli zotda bor.

Qochsang ul quldan, visol bo’lmas ato,
Chunki, qul bo’lmas guvohlikdan judo.

Ko’r, sabr zavqin tuyib, ey, shishadil,
Sen chigil ul naqshni deb sabr aylagil. 3160

Erga jang ham shon-shukuh zavq bersa gar,
Ul muxannaslarga zavq bergay zakar.

Bil, zakar ham diynu ham ul zikridir,
Past, tubanliklarga eltgan fikridir.

Ul falakka chiqsa ham, qo’rqma, biroq,
Olgay ul ishq quyqasindan dars, saboq.

Choptirar otin tubanga har qadam,
Garchi yuksakka shaqildoq qoqsa ham.

Qo’rqmagil, bo’lsa gado qayg’usi mo’l,
Ul alamlar – luqmaga eltguvchi yo’l. 3165

XURJUNGA QUM TO’LDIRGAN SAHROYI ARABGA TA’NA QILGAN FAYLASUF QISSASI

Bir arab teva minib, ortmish bu dam,
Tevaga liq to’la qo’sh xurjunni ham.

Xurjun uzra o’tirib ul bemalol,
Bosdi yo’l, bir so’zamol bermish savol.

Yurtidan so’rmish, shirin so’zlab chunon,
So’z aro ul, xuddi, dur sochgansimon.

So’ngra so’rmish: «Ikki bul xurjun turar,
To ayon qil, ne bilan to’lmish ular? 3190

Dedi: «Bir xurjunda bug’doydir nuqul,
Boshqasida – qum, taom bo’lmaydi ul».

Dedi: «Qumni nega qilding qopga jo?»,
Dedi: «Teng bo’lsin u qoplar vazni to».

Dedi: «Bug’doy to’la qop yarmin agar,
Boshqasiga ol, ular so’ng tenglashar.

Tevaga oson, kamaygach yuk tag’in»,
Dedi: «Ey, dono hakim, yuz ofarin!

Shuncha ziyrak, chora topgich bandasan,
Nega uryonsan, piyoda, xastasan?». 3195

Rahmi kelmish, unga bo’lsin deb madad,
Tevasiga mindirishni qildi ahd.

Dedi unga: «Ey, Hakim, so’zida soz,
Hasbu holingdan bayon qilgin biroz.

Shunchalar idroku aqling beqiyos,
Sen vazirsan yoki shohsan, so’yla rost».

Dedi: «Men bitta haqir, na shoh, vazir,
Sen manim holimga boq, to’nim yag’ir».

Dedi: Tevang qancha? Moling qanchadir?»,
Dedi: «Menda tevayu mol qaydadir?». 3200

Dedi: «Do’koningda bor ne mol-mato?»,
Dedi: «Yo’qdir menda do’kon, hech vaqo».

Dedi: «Naqding qanchadir, puldan gapir,
Yolg’izu do’stga ocharsan keng bag’ir.

Misni zar qilguvchi kimyong bor abad,
Aqlu ilming gavharidir qatma-qat».

Dedi: «Valloh, menda yo’q mablag’, pulim,
Kechga bir burda nasibam – bor-budim.

Chopaman uryon, yalangoyoq chunon,
Kimki non bergay, yurarman o’sha yon. 3205

Menda bor bul hikmatu fazlu hunar,
Besamardir, og’ritar boshni ular».

So’ngra aytmish ul arab: «Ketgin yiroq,
Toki kasring urmasin menga bu chog’.

Hikmating ko’zdan nari qilgin butun,
So’zlaring og’u – zamon ahli uchun.

Yoki sen ul yonga, men bul yon yuray,
Oldda yursang sen agar, ortda turay.

Bitta qop bug’doy, birida qum turar,
Makru hiylangdan, biroq, afzal ular. 3210

Xayrli axmoqlikdir ul axmoqligim,
Dilda qurb, jonimga yordir pokligim.

Istasang gar bo’lmasin joningda g’am,
Ayla jahd, hikmatlaringni ayla kam.

Aylagay hikmatni bunyod qalb, xayol,
Hikmat ul, fayz, nur taratsa Zuljalol.

Ortdi dunyo hikmatidin shak, gumon,
Eltdi diniy hikmat ul arshga tamom.

Beqaror oxirzamon ahlini ko’r,
O’zini oldingilardan bildi zo’r. 3215

Hiylalar o’ylaydi joni o’rtanib,
Yangidan yangi makrlar o’rganib.

Sabru ehsonin butun, aqlini yeb,
Yelga sochmish foydaning iksiri deb.

Ul fikrdir, yo’lni ochsa birma-bir,
O’shadir yo’l, shoh agar oldindadir.

O’shadir shoh, asli podshoh bo’lsa gar,
Bo’lsa lashkar, zarga shoh, shohmas ular.

Toki shoh borsin u mangulik taraf,
Toki Ahmad diyniday topsin sharaf. 3220

IBROHIM ADHAMNING DARYO QIRG’OG’IDA KO’RSATGAN KAROMATI

Bul naql Ibrohim Adhamdan bayon,
Bir kun ul daryo labin qilmish makon.

Ul yamab turgandi hirqasin, shu on,
Bir amir kelmish u yerga nogahon.

Shayxga erdi ul amir shogird, shu kez
Qildi ul ta’zim bajo murshidga tez.

Janda ichra ko’rdi shayxni, qoldi lol,
Ko’rdiyu o’zgardi unda rangu hol.

Shon-sharaf, mulkni butun tark aylamish,
Ul faqirlikning maqomin tanlamish. 3225

Yetti iqlim mulkidan aylab hazar,
Bir gadoday hirqasin bunda yamar.

Shayxga bo’ldi ul amir fikri ayon,
Bo’lsa qalb o’rmonu shayx – sher, begumon.

Xavf, umid, ne kechsa dildan birma-bir,
Qolmagay undan nihon hech qaysi sir.

Dilni asrang, notavon, ey, bandalar,
Ahli dil oldida tursangiz agar.

Ahli tan – sirtinda odoblisimon,
Haq ulardan o’z sirin tutgay nihon. 3230

Ahli dil odobi qalb qa’rindadir,
Chunki, qalblar qa’rin ul ko’rgay, basir.

Sen agar ko’rlar bilan bo’lsang nadim,
O’ltirarsan to’rdamas, poygohda jim.

Ko’zi ochiq oldida sen – beadab,
Yondi nafs o’tindayin seni qalab.

Bo’lmagay senga zakiy, pok nur ato,
Ko’rni deb, berding yuzing uzra jilo!

Sen basir oldida sur yuzga najas,
Qil haqir holdan faxr sen har nafas! 3235

Otdi shayx daryoga tez ul ignasin,
Chorlamish ignani qirg’oqqa tag’in.

Necha yuz minglab baliq chiqmish qator,
Har birin og’zida tilla igna bor.

Bosh chiqarmish bari Haq daryosidin,
Dedi: «Ol, shayx, ushbu Haq ignasi chin.

Yuzlanib so’ng dedi unga: «Ey, amir!
Yaxshidir dil mulki yo bul mulk, haqir?».

Hech vaqodir bul, shakldan bir nishon,
Necha minglab, bil, ular qalbda nihon. 3240

Keltirarlar shahr aro bog’ novdasin,
Unga bog’-bo’stonni qandoq joylasin?

Bitta bargdir o’sha bog’dan bul falak,
Ul – mag’iz, po’choq bu olam, qilma shak.

Sen qadam qo’ydingmi o’shal bog’ taraf?
Xush atr axtar, zukomni ayla daf.

Xush atr to aylasin joningni jalb,
Ul atrdan yog’du olsin ko’zu qalb.

Der Yaqub o’g’li Yusufkim, ul Nabiy,
Atr uchun: «Alqu alo vajhi abiy».

Dedi bul hidni bilib Ahmad najot,
Doimo: «Qurratu ayniy fy-s-salot».

Bog’lanar ul beshta his qalb qa’ridan,
Chunki, har beshshovi unmish aslidan.

Bir-birin qo’llab turar doim ular,
Ul biri boshqa biriga may sunar.

Bo’lsa ko’z ko’rguvchi, ishqni orttirar,
Ko’zda ishq joy olsa, sidqni orttirar.

Ul sadoqat ko’zni bedor aylagay,
Hisga zavq-shavqlarni chin yor aylagay. 3250

DARYO QIRG’OG’IDA O’TIRGAN IBROHIM ADHAM QISSASINING DAVOMI

Ko’rdi shayx amri bajosin ul amir,
Tuydi zavq, kelgach baliqlar birma-bir.

Dedi: «Oh, bilgay baliqlar pirlarin,
Tuf u tanga, bo’lsa gar shayton, lain.

Pirdan ogoh ul baliqlar , biz yiroq,
Baxtqaro, ko’rmiz, ular, lek, baxtliroq».

Sajda aylab, ketdi ko’zda yosh bilan,
Bo’ldi telba bul kushoyish ishqidan.

Sen nadirsan, ey, yuvuqsiz, ey, jasad?
Kimga qilding sen nizo, kimga hasad? 3355

Sher dumin o’ynashni sen bilguvchisan,
Ham malaklarga hujum qilguvchisan.

Nega doim yaxshini deysan yamon?
Qilma pastlikni baland deb sen gumon.

Ul yamon ne? Xoru muhtojlarga – mis,
Kimdir ul shayx? Kimiyodir, shubhasiz.

Qilmagay mislar agar kimyoni his,
Misdan ul kimyo sira bo’lmaydi mis.

Kim yamon? O’t qo’zg’alar g’avg’osidan,
Kim u shayh? Chashma – azal daryosidan. 3360

Suv – mudom otash uchun og’ir jazo,
Suv sira qo’rqarmi, ayt, otash aro?

Oy yuzindan izlading aybdan nishon,
Sen u jannat bag’ridan terding tikon.

Chapladingmi loy quyoshga har nafas?
To’lgan oydan izladingmi dog’u darz?

Ul quyoshkim, yerga nur sochgay nuqul,
Ko’rshaparak deb nihon bo’lsinmi ul? 3365

Bo’ldi ayb – ayb, pir uni qilganda rad,
Bo’ldi g’ayb – g’ayb, unga pir qilgach hasad.

Sen uzoqdan qil ularning xizmatin,
Tavba qilgin sidqidildan, ishlagin.

To nasim yetsin u rohatdan, faqat,
Bog’lama rahmat suvin, aylab hasad.

Gar yiroqsan, sen qimirlat tezda dum,
«Haysu mo kuntum favallu vajhakum».

Botsa eshshak loyga, gar yurganda tez,
Siltanar, chiqmoq uchun loydan u kez. 3370

Joyni ul pardozlamas, qolmoq uchun,
Ul bilar, bunda yashab, ko’rmaydi kun.

Senda ul eshshakchalik his yo’qmi, ayt?
Qoldi ul botqoqda qalbing to shu payt.

Nega botqoq ichra nola qilmading?
Ko’ngil uzmoqlikka yo’qmi istaging?

Bul ravo gar menga, nochorman bu dam,
Haq mudom ojizga aylaydi karam.

Qo’lga tushding, xuddi, ko’r sirtlon misol,
Ko’rmading, lek, aldanib holingni lol. 3375

Deydilar: «Sirtlon, biroq, bul joydamas,
Ulni sirtdan axtaring, ul g’ordamas».

Shulni aytib, berkitarlar g’orni tez,
Deydi ul: «Meni ular ko’rmas bu kez.

Meni gar ko’rganda ul yovlar, axir,
Hech ular aytarmi: «Sirtlon qaydadir?».

BIR BEGONA KIMSA SHAYXGA TUHMAT QILGANI VA SHAYXNING MURIDI UNGA JAVOB BERGANI

Shayxga tuhmat aylamish qay bitta zot,
Dedi: «Haq yo’ldan u toymish, besabot.

May ichar, yolg’onchi, qilgay ko’p gunoh,
Qanday ul bo’lgay muridlarga panoh?». 3315

Dedi kimdir: «Saqla odob sen bu on,
Yaxshimas, qilmoq ulug’lardan gumon.

Bo’l yiroq undan va ulning vasfidan,
Qilma kir ul sofni sen loyqang bilan.

Qilma bo’hton, izlab ayb Haq ahlidan,
Bul gumondir senda, kech ul bahridan.

To’g’rimas bul, ey, tuban, ul to’g’ri gar,
Loyqadin ummonga yetgay ne xatar?

Bilma «duna-l-qullataynu» n bir quduq,
Qatradan bulg’anmagay ummon, ulug’. 3320

Bermas Ibrohimga otash bir zarar,
Sen xatar bil, kimki Namrud bo’lsa gar.

Nafsing ul Namrud, Xalildir jon agar,
Jon nigohdir, unga nafs yo’l ko’rsatar.

Yo’lga boshlar yo’lchini ul rahnamo,
Ul adashgay doimo dasht-cho’l aro.

Kimki vosil, unga ko’z bo’lgay chiroq,
Rahnamo, yo’ldan ular ozod, biroq.

Ul visolning ahlidir gar rahnamo,
Anglasin der, qo’zg’agay kim jang, nizo. 3325

Ota go’dak-chun mudom «tiy-tiy» qilar,
Garchi ul aqli buni taqlid bilar.

Angla, ustoz fazli hech bo’lmaydi kam,
Ul «alifda hech vaqo yo’q» desa ham.

Ta’lim olmas go’daging, til tiymasang,
O’z tilingni sen agar tark qilmasang.

Ul tilinda so’ylamoq shart va zarur,
To bilim olsin u sendan keng, chuqur.

Barcha xalq go’dakday undan bahramand,
Pirga bul lozim, qachon berganda pand. 3330

Shayx muridi og’zi bo’sh zotga shu dam,
Kofiru gumrohu bedodga shu dam,

Dedi: «O’zni urma tig’ga har nafas,
Qilmagin hech shohu sultonga g’araz.

O’zni hovuz qilsa teng daryo-la to,
Borlig’in tub-tubidan aylar ado.

Yo’q biror dengiz, agar keng, bekanor,
Bulg’anib qolguvchi, ko’lmak bo’lsa yor.

Har kufrning cheki bor, esingda tut,
Shayxu shayx yog’dusi hech bilmas hudud. 3335

Ul hududsiz oldida mahdud – ado,
«Kulu sha’in g’ayri vajhillah» fano.

Kufru iymon yo’q, qaerda bo’lsa Do’st,
Chunki, Ul – mag’z, ikkisi – po’chog’u po’st.

Bul fanolar Ul yuziga pardadir,
Shamdayin tog’oraning ostinda sir.

Ushbu tan boshi hijob ul bosh uchun,
Qoshida tan boshi kofirdir butun.

Kofir ul – g’ofil u shayx iymonidan,
Ul – jasad, gar bexabar shayx jonidan. 3340

So’nggi kunda jon xabar bo’lgay, faqat,
Kim xabardor, joniga yetgay madad.

Bizdagi jondan u hayvon joni kam,
Chunki, ko’p bizda xabarlar soni ham.

Jonimizdan ko’p malak joni, biroq,
Mushtarak hislardan ul bo’lmish yiroq.

Haqqa yor joni malakdan, ehtimol,
Bo’lsa ortiq, qolmagin hayratda lol.

Shul sabab, Odamga sajda qildi ul,
Boridan jonini ortiq bildi ul. 3345

Yo’qsa, pastga ul balandni birma-bir
Sajda qil deb aylamasdi Haq amr.

Desa, ayt, qilgaymi Haq ko’ngli qabul,
Qil tikonga sajda, deb tuproqqa Ul?

Ortdi jon, o’tgach Azaldan, shubhasiz,
Barcha jonlar, so’ngra, unga cho’kdi tiz:

Qush, baliq, odam, pari tiz cho’kdi tek,
Chunki, ul ortiq, bular kam erdi, lek.

Hirqasin tikay baliqlar birma-bir,
Ignaga bo’ysungay ul iplar, axir. 3350

SHAYXGA TUHMAT QILGAN BIR BEGONA KIMSA QISSASINING DAVOMI

Shayxni tinmay gapirardi ul razil,
Gar nazar egri, mudom qiyshiq – aql.

Derdi: «Ko’rdim bir yig’inda nogahon,
Ko’p yiroq taqvodan, ul bir notavon.

Tunda tur, so’zimga gar qilsang gumon,
Ko’r, u shayxning fitnasin oshkor-ayon». 3415

Boshlagay bir darchaga, so’ng der tag’in:
«Ko’rgin ul xulqi buzuqning ishratin.

Aldagay kunduzda, tunda beadab,
Mustafo kunduzda, tunda Bu Lahab.

Kunduz Abdulloh atalgay unda nom,
Tun «na’uzu bilahu» qo’l uzra jom».

Ko’rdi shayx qo’lida to’la shisha to,
Dedi: «Ey, shayx, senda ham bormi riyo?

Sen-ku aytgan, ul sharob ichra, axir,
Bor u shayton siydigi deb, besabr!». 3420

Dedi: «Lim-limdir bu jomim ushbu dam,
Sig’magay unga kichik bir qatra ham.

Boq, biror zarra sig’armi bunga, ayt?
Aldanib qolma, gumon aylab bu payt.

Ko’rganing jom birla maymasdir, biroq,
Bulni g’ayb ko’rguvchi shayxdin qil yiroq.

O’sha jom shayx borlig’i, ey, aqli past!
Unga shayton siydigi sig’maydi, bas.

To’ldi Haqning nuriga lim-lim bu jom,
Sindi tan jomi va nur qolmish mudom. 3425

Tushsa axlatga quyosh yog’dusi, bil,
Shundayin nurdir, qabul qilmas razil.

Dedi shayx: «Boq, bul na may, na jom bu chin,
Pastga tush, munkir, uning ko’r neligin».

So’ngra ul keldiyu ko’rmish unda bol,
Aldanib ul bunda qolmish ko’ru lol.

Bir muridga shayx buyurmish so’ngra: «Bor,
Men uchun keltir sharob, ey, qalbga yor!

Ortdi dardlar, bunda qoldim noiloj,
Bul azobdan qolmagayman endi och. 3430

Gar zarur bo’lsa, harom bo’lgay ravo,
Yog’sin ul munkirga la’nat xoki to.

So’ng murid mayxonalarni aylanib,
Barcha xumdan shayx uchun ko’rmish tatib.

Topmadi mayxonadan may bul mahal,
Erdi lim-lim barcha xum ichra asal.

Dedi: «Mayxo’rlar, qiling menga javob,
Ko’rmadim hech qaysi xum ichra sharob!».

Barcha rind shayx oldiga keldi kirib,
Ko’zda yosh, qalbida g’am, oh-voh qilib: 3435

«Ey, ulug’, mayxonaga kelding, nahot?
Barcha may do’nmish asalga shul zahot.

Mayni qilding sen haromdan pok, axir,
Jonimizni ham balodan sen ayir».

To’lsa qon olam aro, ne bo’lmasin,
Haqqa yor yermi haloldan o’zgasin?

BIR SICHQON TUYANING BURUNDIG’IDAN TORTIB, O’ZICHA G’URURLANGANI

Tevani tortmish, tutib tizginidan,
Bitta sichqon, gerdayib bul ishidan.

Teva tez-tez yurdi sichqon izidan,
Derdi sichqon o’zicha: «Qudratliman».

Teva ilg’ab fikrini, so’ng o’rtanib
Dedi: «Shoshma, senga qo’ygum ko’rsatib!».

Keldilar katta ariq bo’yiga to,
Katta fillar ham zabundir ul aro.

To’xtamish ul yerda sichqon bemador,
Dedi teva: «Ey, adir, dashtlarga yor! 3455

Nega to’xtab, nega lol qolding, axir?
Qo’y qadam mardlarcha qo’rqmay, suvga kir.

Sen jilovdor, men borarman sudralib,
Turma yo’l o’rtasida jim, mung’ayib».

Dedi: «Suv – katta, chuqurdir tagi ham,
Cho’kmayin deb qo’rqaman, ey, do’stginam!».

Dedi teva: «To bilay o’lchab bu dam»,
So’ng ariqqa ul dadil qo’ymish qadam.

Dedi: «Ey, sichqon, bu suv – tizzam qadar,
Nega lolsan, o’chdi ranging bunchalar?». 3460

Dedi: «Senga ul chumoli, menga mor,
Tizzalarning bir-biridan farqi bor.

Senga ul tizzang qadar, ey, bekamim,
Lek, baland yuz karra boshimdan manim».

Dedi: «Unda beadablik qilmagin,
Jon-taning to o’sha o’t kuydirmasin.

Zo’rliging o’zingdayin sichqonga qil,
Tevalar oldida sal haddingni bil».

Dedi: «Kechir, tavba qildim, ber madad,
O’tkazib qo’y shum bu suvdan sen, faqat». 3465

Rahmi keldi tevaning, so’ng dedi: «Tez
O’rkachimga sen chiqib o’rnash bu kez.

Menga xos gar, o’tkazib qo’ygum tag’in,
Sendayin sichqonchalarning mingtasin».

Ortda yurgin, bo’lmasang gar sen Rasul,
Ul quduqdan bul quduqqa yet nuqul.

Bo’lmasang sulton agar, xizmatga chiq,
Gar qayiqchi bo’lmasang, surma qayiq.

Ochma do’kon, bo’lmasang komil agar,
To xamirday qolma ko’pchib besamar. 3470

«Ansitu»ni tinglagin, jim tur uzoq,
Bo’lmasang gar Haq tili, bo’lgin quloq.

Gar gapirsang, bunda hol so’r beqaror,
Sen gapir shohlarga miskin hamda zor.

Kibru kin ilk manbai, bil, shahvat ul,
Shahvatingga beqarorlik odat ul.

Bo’ldi odatdan yamon xulqing azim,
Keldi qahring, gar bu yo’ldan to’ssa kim.

Seni loyxo’r aylamish ul, har safar,
Anglading yov, seni kim qaytarsa gar. 3475

Butparastlar o’rab olgay butni gar,
Gar bu yo’lda yurmagay kim, yov bilar.

O’zni sarvar anglagach Iblis u dam,
Bildi past Odamni ul eshshakdanam:

«Mendan ortiq kimni men sarvar bilay?
Bo’lsa ul past, nega men sajda qilay?».

Angla, sarvarlik azaldan og’u gar,
O’sha ruhdan o’zgasiga ul zahar.

Qo’rqmagin, tog’ ichra to’lsa gar ilon,
Bordir ul tog’ ichra taryok begumon. 3480

Gar dimog’ing tutsa sarvarlik hidin,
Kimki mag’lub aylagay, dushman u chin.

Kimki zid so’z aytsa xulqing haqda gar,
Unga qarshi senda kiyna qo’zg’alar.

Aytasan, qilgay u xulqimdan judo,
So’ngra bilgay menga o’zni rahnamo.

Xulqidan sarkashligi bo’lmas yiroq,
O’chmagay unda g’azab o’ti, biroq.

Kim muroso aylasa gar zid bilan,
O’ziga joy topgay ulning qalbidan. 3485

Gar yamon xulq aylagay dilni makon,
Hirs chumolisin qilar odat ilon.

O’ldir ul shahvat ilonin tezda to,
Yo’qsa, bo’lgay ul iloning ajdaho.

Ul chumoling sen ilonday angla zo’r,
Qalbi pokdan sen mudom holingni so’r.

Toki zarmas, aytmagay mis: «Misman ul»,
Toki shohmas, dil demas: «Ojizman ul».

Misdayin iksirni ayla sen qadr,
Chekkin, ey, dildor dili, cheksiz jabr. 3490

Kim u dildor? Dil aro qurgay makon,
Erta-kech senga jahondin bir jahon.

Ayblama hech bandai Allohni sen,
Qilma tuhmat, o’g’ri deb ul shohni sen.

SO’FIYLAR SHAYX HUZURIDA KO’P GAPIRGAN BIR SO’FIYNI MALOMAT QILGANI

Necha so’fiy bitta so’fiy ustidan,
Xonaqoh shayxiga bormish arz bilan.

Dedilar: «Bul – jonimizga bir balo,
Bizni bundan qil xalos, ey, rahnamo!».

Dedi: «So’fiylar, buning aybi nadir?»,
Dedilar: «Xulqida aybi uchtadir:

Qo’ng’iroqday tinmayin javrar nuqul,
Yeb yigirma jon taomin, to’ymas ul.

Uxlagay Kahf g’ori as’hobi misol»,
Qildi so’fiylar u shayxga arzi hol. 3525

Dedi shayx so’ng ul faqirga: «Avvalo,
Barcha ishni o’rtacha ayla ado.

Bor hadis: «Xayru-l-umur avsotuho»,
Mo»tadil axlatda naf bor doimo.

Qaysi xilt me’yoridan oshsa agar,
O’sha tanda xastalik bor qanchalar.

Qilma do’stga xislating ortiq bayon,
Ayriliq tushgay aroga nogahon.

So’ylamish me’yorda Muso ul mahal,
Do’stga qilmish ul bayon ortiqcha sal. 3530

Ezmalik kelmish Xizrga ko’p malol,
Dedi: «Bor, sen ezmadirsan, yaxshi qol.

Ey, Muso, ko’p so’ylading, ketgin yiroq,
Yo’qsa, men-la ko’ru gung bo’lgin, biroq.

O’tmasang sergapliging gar bahridan,
Sen yiroqdirsan butunlay ma’nidan.

Bulg’anib qolsang namozda nogahon,
Desalar: «Olgin tahorat tez» shu on,

Olmasang, qilsang-da junbush qanchalar,
Bo’lgay, ey, gumroh, namozing besamar. 3535

Bor u yon, kim senga juft bo’lgay, axir,
Senga oshiq, gar gapingga tashnadir.

Uxlagay kim, soqchiga muhtoj ular,
Lek, baliqlarga na hojat soqchilar.

To’ni bor yuvg’uvchiga tashlar nazar,
Bil, yalang’och jon jilo-la bezanar.

YO yalang’ochlarni tark et doimo,
YO ularday tanni to’ndan qil judo.

Bo’lmasang butkul yalang’och, anglagin,
To’nni kamroq kiy, aro yo’l tanlagin. 3540

UL FAQIRNING SHAYXDAN KECHIRIM SO’RAGANI

Shayxga holin so’ylamish so’ng ul faqir,
Qildi juft hasrat va uzrin birma-bir.

Shayx savoliga javob bermish faqir,
Ul Xizr bergan javobday benazir.

Ul Xizr bergan javobi erdi xos,
Ko’ngliga solgandi Alloh, beqiyos.

Haddan ortiq mushkulin aylardi hal,
Berdi mushkullar kalitin har mahal.

Ul Xizr merosidir darvishga yor,
Har javobda himmati topmish qaror. 3545

Dedi: «Garchi o’rta yo’l hikmat butun,
O’rta yo’l nisbiy, biroq, barcha uchun».

Teva-chun kamdir ariqda suv, tayin,
Ul, biroq, sichqonga bir ummondayin.

Kimki yeb to’ysa agarda to’rtta non,
Ikki-uch non o’rta yo’ldir begumon.

To’rtta non gar yesa, o’rta yo’ldamas,
Nafsiga tutqun, asirdir har nafas.

Yeydigan non kimda, balki, o’ntadir,
Olti non gar yesa, o’rta yo’ldadir. 3550

Ishtaham ellikta nonga bo’lsa gar,
Olti nonga – senda, farq bor qanchalar.

Charchatar, gar o’n rakat senda namoz,
O’qisam, besh yuz rakat ham menga oz.

Ka’baga kimdir piyoda otlanar,
Charchagay, gar borsa kim masjid qadar.

Pokligu soflik uchun kim berdi jon,
Berdi jon bermoq uchun kim bitta non.

O’rta yo’l ham qaydadir topgay qaror,
Har birining avvaliyu so’nggi bor. 3555

Avvalu oxir – ravo, to bemalol
O’rta yo’lni sig’dira olsin xayol.

Gar nihoya bilmagay ikki tomon,
O’rtalik me’yori bo’lgaymi ayon?

Avvalu so’ng bilmagay gar qaysi zot,
Dedi: «Lav kona lahu-l-bahru midod».

Bo’lsa har ul yetti daryo gar siyoh,
O’rta yo’l ham bilmagaydir intiho.

Bog’u o’rmon bo’lsa gar yaxlit qalam,
Bundan ul so’zlar sira bo’lmaydi kam. 3560

Bor qalam birlan siyoh topgay fano,
Haq kalomin so’ngi yo’q, bo’lmas ado.

Uyquga bul holatim goh o’xshagay,
Barcha gumroh uyquda deb o’ylagay.

Garchi ko’z uyqudadir, uyg’oq dilim,
Sirtqi bul bekorligim bilmas tinim.

Dedi Payg’ambarki: «Aynoi tanom,
Lo yanomu qalbi an rabbi-l-anom».

Senda ko’z bedor, diling mudroq mudom,
Menda ko’z uxlar, dilim uyg’oq mudom. 3565

Beshta his tag’in bu ko’nglim ichradir,
Hislarimga ikki olam darchadir.

Solma zor holing bilan menga nazar,
Menga choshtgoh, senga tun bo’lsa agar.

Neki senga bo’lsa zindon, menga – bog’,
Men Uning yodi bilan bandman u chog’.

Senga botqoq – men uchun gul doimo,
Senga motam – men uchun ohang, navo.

Garchi sen-la yerdadirman har mahal,
Yetti osmon uzraman misli Zuhal. 3570

Senga hamroh menmas ul, soyamdir ul,
Fikru o’ylardan baland poyamdir ul.

Chunki, men oshdim xayol-o’ydan bu dam,
Ayladim tark o’y aro botganni ham.

Bo’lmadim fikrimga qul, bo’ldim qirol,
Har binoga hokim ul me’mor misol.

Fikriga bo’lmish mazax bul barcha xalq,
Shul sabab ul xastadir, qayg’uga g’arq.

Gohida o’zni fikrga chog’lasam,
Tezda tark qilgum, agar men xohlasam. 3575

Ko’kda qush bo’lsam, fikr bir pashshadir,
Qayda men, ojiz u pashsha qaydadir?

Yerga tushdim gohi ko’kdan men atay,
Kimki cho’loq, menga yetsin, har qalay.

Gar malol kelsa tubanlik, shul zahot,
To’da qushlar singari qoqdim qanot.

O’sdi o’zimdan qanotim, shul sabab,
Taqmadim ikki qanotni men yamab.

Ja’fari Tayyor uchun yordir qanot,
Ja’fari Tarror uchun ordir qanot. 3580

«Lam yazuq»lar qoshida da’vo shudir,
Pok, ulug’lar qoshida ma’no shudir.

Qarg’alar oldida lof, da’vo bu chin,
To’la, bo’sh qozonni farq qilmas chivin.

Bo’lsa gar luqma taning ichra guhar,
Xohlagancha ye, hazm qilsang agar.

Bitta shayx daf etgali shubha, gumon,
Qusdi, lagan to’ldi durga nogahon.

O’sha gavhar mosligin qildirdi his,
Aqli past-chun o’sha dono, shubhasiz. 3585

Bo’lsa me’dang ichra pok luqmang palid,
Qulflagin nafsingni, pinhon qil kalit.

Bo’lsa luqma nurdayin pok, bezavol,
Neni istar, yesa ul bo’lgay halol.

MEVASI MANGU HAYOT BAXSH QILGUVCHI DARAXTNI QIDIRGANLARI BAYONIDA

So’ylamish qay bitta ul aqli raso,
Bir daraxt bor deya Hindiston aro.

Kimki ul mevasidan ko’rgay tatib,
O’lmagay, qolmaydi, hatto, keksayib.

Bul naqlni bitta shoh tinglab turib,
Ul daraxtning mevasin qolmish suyib.

Qildi a’yonlar birin elchi shu on,
Ulni Hindistonga qilmish so’ng ravon. 3660

Necha yillar elchi yurmish aylanib,
Kezdi Hindistonda sarson, axtarib.

Har shaharni kezdi ul maqsad uchun,
Kezdi tog’, cho’l birla dashtda kecha-kun.

Kuldi, kimdan so’rsa, bermay bir madad,
Bulni kim izlaydi? Ul telba, faqat.

Ko’p kishi ermak qilardi shul zahot,
Ko’p kishi der unga: «Ey, sohibnajot!

Izlagay gar sendayin ziyrak, aziz,
Hech qachon bo’lgaymi yolg’on, foydasiz?». 3665

Bundayin lutf-marhamat, bunday karam
Battar ul oshkor-ayon kaltakdanam.

Maqtashardi: «Ey, ulug’, izlovchi baxt!
Bor falon yerda bahaybat bir daraxt.

Ul falon o’rmonda yozgay barglarin,
Bo’yi ham behad baland, shoxi qalin.

Izlamish shoh elchisi bog’lab kamar,
Eshitib har kimsadan har xil xabar.

Kezdi elchi o’sha yerda necha yil,
Unga shoh pul jo’natardi muttasil. 3670

Ul safarda dardu ranj ko’rmish, faqat,
Istagi ham so’ndi butkul oqibat.

Maqsadidan bir asar ham qolmayin,
Qoldi yolg’iz, bexabar ul, notayin.

Ul umid uzmish butun, qolgandi lol,
Neki izlardi, uni topmoq mahol.

Shoh taraf qaytmoqni qilmish ixtiyor,
Bosdi yo’l, ko’zinda yosh, mahzunu zor.

SHAYX TAQLIDCHI TOLIBGA O’SHA DARAXT SIRINI IZOHLAB BERGANI

Bitta shayx bor erdi ul yerda tag’in,
Bordi ul olimni yo’qlab bul hazin. 3675

Dedi: «Borgum, noumidman barchadan,
Eshitib ul gaplarin, so’ng qaytaman.

Toki hamroh bo’lsin ul bergan duo,
Bo’ldim ul orzu-umidimdan judo».

Bordi shayx oldiga zor, o’rtab vujud,
Ko’zidan yosh oqizib misli bulut.

Dedi: «Ey, shayx, shafqat ayla, qil karam,
Noumid, mehringga muhtojman bu dam».

Dedi: «So’yla, noumidsan ne uchun?
Maqsading ne? Bor dilingda ne tugun?». 3680

Dedi: «Shoh amri bilan bilmay tinim,
Bir daraxtni necha yillar izladim.

Bir daraxtkim, nodiru noyob najot,
Mevasi baxsh aylagay mangu hayot.

Ko’p qidirdim, topmadim, lek, bir nishon,
Kuldi sarmastlar mazax aylab chunon».

Shayx kulib, so’ng dedi: «Ey, sen soddadil,
Ul ilohiy ilm daraxti, anglagil.

Ul balanddir, ul yirikdir, ul najot,
Ul – muhit ummonidan obihayot. 3685

Axtaribsan sen shakl, ey, bexabar,
Ma’ni shoxi uzra ko’rmay bir samar.

Ul atalmish goh quyoshu goh daraxt,
Oldi nom dengiz, bulut deb gohi vaqt.

Ul birinda necha ming asroru sir,
Eng kichik osoridir boqiy umr.

Garchi bitta, unda bor yuz ming nishon,
Har birin nomi sanoqsiz begumon.

Ul biri senga padardir bezavol,
Boshqaning farzandidir ul barkamol. 3690

Ul biri kimlar uchun qahru alam,
Ul biri kimlar uchun lutfu karam.

Necha yuz ming nomi bor, bir tandadir,
Bilganing – ul vasfidan bir zarradir.

Kimki nom axtarsa, ul topmas rivoj,
Sendayin qolgay umidsiz, noiloj.

Ul daraxt nomin qidirding buncha ham?
Bo’lmagin to baxtqaro, chekma alam.

Kech u nomlardan, faqat, xislatni bil,
Haq taraf to boshlasin xislatli dil. 3695

Tushdi xalqlar ora nomdan ixtilof,
Ma’niga yetganda qalblar bo’ldi sof.

21

(Tashriflar: umumiy 5 797, bugungi 1)

Izoh qoldiring