Mirkarim Osim. Shiroq & Shiroq. Multfilm

shiroq.jpg   Ранги мурдадек оқариб кетган Широқ тишини тишига қўйиб, ўзини бардам тутишга уринар, уруғдошларининг саволларига жавоб бермасди. Уни бир жойга ўтқазиб, куйдирилған намат билан қонини тўхтатдилар. Чолнинг саҳро шамоли ва чўл қуёшидан қорайган юзида ғазаб аломати йўқ эди. У ўзига келгач, ўрнидан турди-да, кунботиш томонга қараб кетди. Ҳанг-манг бўлган кишилар унинг орқасидан қараганларича қотиб қолдилар.

Миркарим Осим
ШИРОҚ
011

Победа Томирис над Киром 130*100 х.м. 2015Ёз бошланиб, Яксарт бўйидаги чўлларда ўтлар қовжирай бошлади. Бу ерларда яшовчи шак қабилалари серўт яйловларга кўчиш тараддудига тушишди. Янги ерларга кўчиш чорвачилар учун бир байрамдек эди. Улар баҳор мавсумида яшаб ўрганиб қолган ерларини ташлаб кетиш олдидан бир-бирлариникига қўноқ бўлиб борар, доривор ўтларни еб семирган бияларнинг сутидан тайёрланган ўткир қимизларни ичиб маст бўлган йигитлар қизлар билан лапар айтишар, вақтичоқлик қилишарди. Бироқ бу сафар одамларнинг кўнглига қил сиғмас, ўтловлардан на қўшиқ товуши ва на қизларнинг хушчақчақ кулгиси эшитиларди.

Баланд бир ерга қурилган катта оқ ўтовни эгниларига ярғоқ теридан камзул, бошларига учи ингичка, узун қалпоқ кийган қуролли соқчилар қўриқлаб турардилар.

Ўтов ичида эса шак қабилаларининг оқсоқоллари кенгаш қуриб ўтирардилар. Тўрга солинган айиқ териси устида чордона қурган Рустак оқсоқолларига вазиятни тушунтирарди:

— Эрон шоҳи Дараявуш Ўкуздан кечиб, Сўғдияни босиб олди. Эронийлар эл-юртни талаб, эркакларни қул, хотинларни асир қилиб олиб кетаётирлар. Энди навбат бизга келди. Даракчиларимиз шоҳнинг биз томонга Роносбат бошчилигидаги катта бир қўшинни юбормоқчи бўлганлигидан дарак бераётирлар…

Рустак — соч-соқоли оқарган, бир оз мункайиб, чўкиб қолган суяқдор чол. У бир вақтлар кенг яғринли, баланд бўйли паҳлавон эди. Яккама-якка жангларда шак уруғининг душманларидан кўп баҳодирларни ер тишлатган, унинг номи Сўғдияда ҳам, Эронда ҳам машҳур эди.

Ҳозир у шаклар ва сўғдияликларнинг ашаддий душмани бўлган Эрон шоҳи ва унинг қора ниятлари тўғрисида гапирар экан, ғазабдан нафаси тиқилар, кўзлари ўт сочар эди. У гапни тутатиб, душманни даф этмоқ учун қандай чоралар кўриш кераклиги тўғрисида ўз фикрларини айтишни уруғ оқсоқолларидан сўради.

— Қўлидан иш келмайдиган чоллар, кампирлар, болалик хотинларни қўй ва йилқилар билан узоқ чўлларга юбориб, қолган эр ва аёлларнинг барини қуроллантирсак ва душман билан бир томчи қонимиз қолгунча урушсак, деб гап бошлади уруғ оқсоқолларидан Саксфар. У олтмишга бориб қолган бўлса-да, ёшлардек икки бети қип-қизил, серғайрат ва таваккалчи одам эди. — Уруш кулфати беномуслик машаққатидан яхшироқ. Золим Эрон шоҳига қул бўлгандан кўра жанг майдонида ўлган афзал…

Рустак унинг узундан-узоқ гапини сабр билан тинглаб, бошини қуйи солганча ўйланиб қолди.

— Жангда мардларча ўлмоқ осон гап, лекин душманни янчиб ташлаб, ундан қасос олмоқ қийин. Биз мардлик кўрсатиб, номимизни қолдириш гўғрисида эмас, балки эл-юртимизнинг эркини қандай сақлаб қолиш тўғрисида ўйламоғимиз керак, — деди у қизиққон Саксфарга қараб.

Оқсоқоллар мум тишлагандек миқ этмай ўтирар эдилар. Кўп мамлакатларни босиб олиб, жанг майдонларида кўп тажриба орттирган, яхши куролланган Эрон қўшини билан урушмоқ жуда қийин эканлиги уларга аён эди.

Бошлиқлар бу мушкул муаммони ечиш учун бош қотириб ўтирганларида, ўтов эшиги олдида турган қуролли йигит Широқ деган бир чўпоннинг киришга ижозат сўраётганини билдирди.

— Широқ!— деб қошини чимирди Рустак,— Ким у?
— Широқ бизнинг уруғдан. Бутун умри чўпонлик билан ўтган,— деди Саксфар. — Ўзи жуда фаросатли, доно, достончи чол.

Эски чалдиворлардан чаён ушлаб ўзини чақтиради. Оғриқ сезмайди. Айтишларича, ёшлигида илон уни чақиб олганда аллақандай гиёҳларни суртиб тузалиб кетган эмиш. Ўшандан бери илон-чаёндан қўрқмайди.
— Андоғ бўлса, чақир буёққа ўша чолни.

Эшикдан ёши олтмишдан ошган, тетиккина, барваста бир чол кириб, таъзим қилди.

— Ижозат берсанглар, мен ҳам қаторингизга ўтириб, ўз фикримни айтсам. Нима тўғрида гаплашаётганингизни биламан.
— Ўтир, ўтир, гапингга қулоқ соламиз, — деди Рустак.

— Эрон шоҳининг аскарлари Сирдарё остидаги қум доналаридан ҳам кўп, уларни жангга чорлаб, енгиш маҳол. Шундай бир ҳийла топмоқ керакки, душманнинг оёғи тойиб, ҳалокат жариға қулаб тушсин.

— Қани, айт, қандай ҳийла ўйлаб топдинг?— деб сўради Рустак.
— Буни фақат сенга айтаман. Оқсоқоллар ўтовингни тарк этсинлар.

Рустак бу гапни эшитиб афтлари бурушиб кетган оқсоқолларга бир қараб олди-да:
— Нима, сен шу улуғ зотларга инонмайсанми?— деб сўради.

— Инонаман, улар эл ғамини ейдиган ҳалол одамлар, ўлсалар ҳам душманга сир бой бермайдурлар. Аммо уларнинг яқин дўстлари, инилари, ўғиллари, хотинлари бор. Мен айтган гапларни беихтиёр уларга айтиб қўйишлари мумкин. Уёғи маълум, эл оғзига элак тутиб бўлмайдур. Оқсоқоллар мени кечирсинлар…

Уруғ бошлиқлари бирин-кетин ўринларидан туриб чиқиб кета бошладилар.

Оқ ўтовдан нарироқда чўққайиб ўтирган оддий кўчманчилар Широқни яхши танир, унинг қўбиз чалиб айтган достонларини кўп маротаба тинглаган, ўзи ҳам достонларда мадҳ этилгап шерюрак одамлардан бири эканлигини билар эдилар.

Орадан анча вақт ўтгандан кейин Широқ ўтовдан чиқди. Уни кўргач, кўчманчилар даҳшатга тушиб ўринларидан сакраб туриб кетдилар. Кекса чўпон кесилган иқки қулоғи ва бурнига куйдирилган намат босиб, сизиб оқаётган қонни тўхтатишга ҳаракат қиларди. Кутилмаган бу фожиадан ғазабланган одамлар унинг атрофини ўраб олдилар ва устма-уст савол ёғдира бошладилар:

— Қулоқ-бурнингни нега кесдилар?
— Сен шўрлик нима гуноҳ қилиб эдинг?

Ранги мурдадек оқариб кетган Широқ тишини тишига қўйиб, ўзини бардам тутишга уринар, уруғдошларининг саволларига жавоб бермасди. Уни бир жойга ўтқазиб, куйдирилған намат билан қонини тўхтатдилар. Чолнинг саҳро шамоли ва чўл қуёшидан қорайган юзида ғазаб аломати йўқ эди. У ўзига келгач, ўрнидан турди-да, кунботиш томонга қараб кетди. Ҳанг-манг бўлган кишилар унинг орқасидан қараганларича қотиб қолдилар.

Деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи сўғд халқини итоатга келтирган Эрон шоҳи Яксартнинг сўл қиргоғидаги кўчманчилар устига юриш олдидан дам олмоқда. У етти пахса девор билан ўралган боғ ўртасидаги баланд шийпонда ўз аъёнлари билан май ичиб, шакаргуфторлик қилиб ўтирарди.

Мулозимлардан бири шийпон ёнига келиб таъзим қилди-да, қулоқ-бурни йўқ ғалати бир чол шоҳ ҳузурига киришга изн сўраётганини билдирди. Доро суриштириб, келган одамнинг шак қабиласидан эканлигини билгач:
— Майли, кирсин,— доди.

Икки қуролли мулозим бошлаб келган Широқ шоҳдан ўн беш қадамча берида тўхтади-да, ер ўпди ва ўрнидан туриб, таъзим қилганича қотиб қолди.

Доро баланд бўйли, қушбурун, чиройли одам эди. Унинг понага ўхшаган соқоли кўкрагига тушган ва майин таралган. Устидаги тўқ қизил заррин тўни йилтирар, қўлидаги узун асо дастасига қадалган қимматбаҳо тошлар қоронғи кечадаги юлдузлардек чарақлар эди. Тош қўғирчоққа ўхшаган икки мулозим уни секин-секин елпиб турарди.

Доро камон қошларини чимириб, баланд овоз билан:
— Ҳой одам, ўзинг кимсан, отинг нима ва қайси уруғдансан?— деб сўради.

— Отим Широқ, ўзим шак уруғиданман,— жавоб қилди чол.
— Келиб менинг истироҳатимни бузмоқдан мақсадинг надир?

— Мақсадим мулозамат камарин белга боғлаб, умримни сиз шаҳаншоҳ хизматида ўтказмоқдир. Жанобларига хайрхоҳ бўлганим туфайли қабиладошларимдан қаттиқ ситам кўрдим. Уларга мен: «Шоҳи Эрон билан урушаман, деб чиранманг, сизларни бир ҳамлада зеру забар қилгай, яхшиси, итоат камарин боғлаб бориб, ул зоти бобаракотнинг этакларидан ўпинг», дедим. Бу гапдан хабар топган ҳукмдоримиз Рустак ғазабга минди на менинг қулоқ-бурнимни кестирди. Мен энди сизнинг ёрдамингиз билан ундан ўчимни олмоқчиман. Агар ижозати олий бўлса, енгилмас қўшинингизни ёлғиз подачилар биладиган сўқмоқлар билан шак лашкарларининг орқасидан олиб чиқар эдим, кейин уларни қилич дамидан ўтказмоқ қийин эмас…

Широқнинг гапини эшитиб, Доро ўйга толди. Агар жанговар шак қабилалари шу йўсинда яксон қилинса, Ўкуз билан Яксарт ўртасидаги серунум ерларни босиб олган Эрон лашкарларининг бехатарлиги таъмин этилган бўлади. Аммо бу кекса чўпонни бир синаб кўрмоқ керак.

Широқ шоҳнинг ишончсизлик кўзи билан қараётганини фаҳмлаб, ўз сўзиппнг тўғрилигини исбот қилишга киришди:
— Ахир қулоқ-бурнимнинг яқиндагина кесилгани кўриниб турибди-ку! Бизникилар бекорга ўз уруғларига бундай ситам етказмайдурлар.

У ўйлаб қўйган далилларини келтириб, узундан-узоқ гапирди ва ўзининг Эрон шоҳига содиқлигини, шакларга душман эканлигини исбот қилишга тиришди, сўзининг охирида Қуёш тангрисини шафе келтириб онт ичди.

Доро саркардалари билан маслаҳатлашиб, шаклар устига қўшин юборишга, Широқни эса йўл бошловчи қилиб олишга қарор берди.

Эрон аскарлари йўл бошловчининг маслаҳати билан етти кунлик сув, озиқ-овқат ва ем-хашак олиб йўлга чиқдилар ва дарёнинг чап қирғоғидаги қум саҳроларидан бориб шакларга орқа томондан ҳужум қилмоқчи бўлдилар.

Дастлабки кунлар йўл унча машаққатли бўлмади. Чўл ўтлари энди қовжираб келаётган бўлса ҳам онда-сонда булоқлар атрофида кўм-кўк ўтлоқлар учраб турарди. Бора-бора чўл саҳрога айланди, одамлар ва отларнинг сувга эҳтиёжи оша борди. Афсонавий отларнинг тақаларига ўхшаб уюлиб қолган қумтепалардан ошиб ёки четлаб ўтиш осон эмас эди. Қора терга тушиб ҳансираган отлар оёқларини қумдан аранг тортиб олиб, бошларини қуйи солганларича битта-битта қадам ташлаб борарди. Саҳронинг бераҳм қуёши ёмон ниятда қолаётган бу қуролли одамларнинг бошидан олов сочар, ичларини куйдириб, ташналикдан лабларини қовжиратар, қумлар устида жимирлаб турган қайноқ ҳаво ўпкаларини ёндирарди.

Лашкарбошиларшшг тоқатлари тоқ бўлиб, шаклар лашкаргоҳига қанча масофа қолганини Широқдан суриштира бошладилар. У эса манзилга яқинлашиб қолганликларини ва яна икки кун юриш кераклигини айтиб, бошлиқларни юпатарди. Бироқ сермашаққат сафарнинг еттинчи куни ҳам шаклардан дарак топмадилар. Ҳаммаёқ дашт-биёбон, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди. Сув, озиқ-овқат, ем-хашак тамом бўлган, ориқлаб кетган отлар ер искаб сув қидиради, қовжираган лаблари шишиб кетган одамлар бир қултум сув учун бир йиллик умрларидан кечишга тайёр!

Широқни ўртага олиб: «Бизни қаерга бошлаб келдинг, аблаҳ!— деб қисти-бастига олдилар. Аскарбошилардан бири уни ёқасидан ушлаб силтади ва ҳақорат қила бошлади. Широқ ёқасини унинг қўлидан қутқариб, намат қалпогини бошидан олди-да, соражин ва кенг пешонасидаги терини артди. Унинг қовжираган лаблари истеҳзоли табассумдан ёришиб, қийиқ кўзларида ўт чақнаб кетди. Атрофини қуршаб олган ғазабли чеҳраларга мағрур қараб туриб, қалпоғини ерга бир урди-да, қаҳқаҳлаб кулиб юборди:

— Мен енгдим, Доро қўшинини бир ўзим енгдим! — дсди у қичқириб.— Сизларни алдаб саҳронинг қоқ ўртасига олиб келдим,— қўли билан кунчиқиш ва кунботиш томонни кўрсатди. — Буёғи ҳам етти кунлик йўл, буёғи ҳам. Истаган томонингизга бораверинг! Менинг гўрим шу ерда,— деб оёғи остини кўрсатди.

У ўз муродига етгани учун муқаддас оташ ва сув худосига шукур қилиб, аллақандай бир дуони ўқиди. Дарҳақиқат, у ўз элини қулликдан қутқариб қолиш учун жонидан кечган, ёвуз душманни ҳийла тузоғига илинтириш учун минг турли азоб-уқубатни бўйнига олган эди. Мана энди у ниятига етди, душман аскарини ҳалокат жари ёқасига бошлаб келди. Энди душман нима қилса қилаверсин!

У Рустакнинг ҳузурига кирганида шундай деган эди:
— Агар мснинг бола-чақам ва невараларимни унутмасанг, ўз ширин жонимдаи кечиб, юрт бошига келган балони даф этардим. Душманни даф қилмоқ учун бир ҳийла ўйлаб топдим. Умрим охирлаб қолди, ахир бу дунёдан кетмоқ керак. Мен эл-юрт учун ўлимнинг ширин шарбатини ичмоққа қарор қилдим… Гапимга қулоқ сол…

Ҳукмдор унинг гапини охиригача тинглаб, фикрини маъқуллаган эди. Шунда у ёнидан ўткир пичоғини олиб, ўз қулоқ-бурнини кесган ва гўё ўз элига хиёнат қилган бўлиб, душман орасига кирган эди…

Ғазабдан кўзлари олайиб, афт-башараси бужмайиб хунук бўлиб кстган Эрон саркардалари Широқни ўраб олиб, уни ура бошладилар. Саркарда Роносбат дабдаласи чиққан Широқни улар қўлидан қутқариб, бир четга олиб чиқди-да, сув ичирди, сўнгра чодирига олиб кириб, уни яхшиликча йўлга солмоқчи бўлди. Энди Эрон саркардаси шаклар устига юриш қилиб, уларни тор-мор этишни хаёлидан чиқариб ташлаган, у фақат қўшииини ҳалокатдан қутқариб қолишни ўйларди.

— Агар сен саҳро қудуқлари ва чашмаларини бизга кўрсатсанг, гуноҳингдан кечиб, Сўғдияда истаган қишлоқлардан бирини сенга инъом қилардик.

— Ўз элимнинг душманларига ёрдам учун чўзадиган қўлимни кесиб ташлаганим маъқул,— деди у гапни қисқа қилиб. Ҳалокат ёқасида қолган эронийлар аччиқларига чидай олмай фидокор чўпонни чопиб, қийма-қийма қилиб ташладилар.

Rangi murdadek oqarib ketgan Shiroq tishini tishiga qo‘yib, o‘zini bardam tutishga urinar, urug‘doshlarining savollariga javob bermasdi. Uni bir joyga o‘tqazib, kuydirilg‘an namat bilan qonini to‘xtatdilar. Cholning sahro shamoli va cho‘l quyoshidan qoraygan yuzida g‘azab alomati yo‘q edi. U o‘ziga kelgach, o‘rnidan turdi-da, kunbotish tomonga qarab ketdi. Hang-mang bo‘lgan kishilar uning orqasidan qaraganlaricha qotib qoldilar.

Mirkarim Osim
SHIROQ
011

9a.jpgYoz boshlanib, Yaksart bo‘yidagi cho‘llarda o‘tlar qovjiray boshladi. Bu yerlarda yashovchi shak qabilalari sero‘t yaylovlarga ko‘chish taraddudiga tushishdi. Yangi yerlarga ko‘chish chorvachilar uchun bir bayramdek edi. Ular bahor mavsumida yashab o‘rganib qolgan yerlarini tashlab ketish oldidan bir-birlarinikiga qo‘noq bo‘lib borar, dorivor o‘tlarni yeb semirgan biyalarning sutidan tayyorlangan o‘tkir qimizlarni ichib mast bo‘lgan yigitlar qizlar bilan lapar aytishar, vaqtichoqlik qilishardi. Biroq bu safar odamlarning ko‘ngliga qil sig‘mas, o‘tlovlardan na qo‘shiq tovushi va na qizlarning xushchaqchaq kulgisi eshitilardi.

Baland bir yerga qurilgan katta oq o‘tovni egnilariga yarg‘oq teridan kamzul, boshlariga uchi ingichka, uzun qalpoq kiygan qurolli soqchilar qo‘riqlab turardilar.

O‘tov ichida esa shak qabilalarining oqsoqollari kengash qurib o‘tirardilar. To‘rga solingan ayiq terisi ustida chordona qurgan Rustak oqsoqollariga vaziyatni tushuntirardi:

— Eron shohi Darayavush O‘kuzdan kechib, So‘g‘diyani bosib oldi. Eroniylar el-yurtni talab, erkaklarni qul, xotinlarni asir qilib olib ketayotirlar. Endi navbat bizga keldi. Darakchilarimiz shohning biz tomonga Ronosbat boshchiligidagi katta bir qo‘shinni yubormoqchi bo‘lganligidan darak berayotirlar…

Rustak — soch-soqoli oqargan, bir oz munkayib, cho‘kib qolgan suyaqdor chol. U bir vaqtlar keng yag‘rinli, baland bo‘yli pahlavon edi. Yakkama-yakka janglarda shak urug‘ining dushmanlaridan ko‘p bahodirlarni yer tishlatgan, uning nomi So‘g‘diyada ham, Eronda ham mashhur edi.

Hozir u shaklar va so‘g‘diyaliklarning ashaddiy dushmani bo‘lgan Eron shohi va uning qora niyatlari to‘g‘risida gapirar ekan, g‘azabdan nafasi tiqilar, ko‘zlari o‘t sochar edi. U gapni tutatib, dushmanni daf etmoq uchun qanday choralar ko‘rish kerakligi to‘g‘risida o‘z fikrlarini aytishni urug‘ oqsoqollaridan so‘radi.

— Qo‘lidan ish kelmaydigan chollar, kampirlar, bolalik xotinlarni qo‘y va yilqilar bilan uzoq cho‘llarga yuborib, qolgan er va ayollarning barini qurollantirsak va dushman bilan bir tomchi qonimiz qolguncha urushsak, deb gap boshladi urug‘ oqsoqollaridan Saksfar. U oltmishga borib qolgan bo‘lsa-da, yoshlardek ikki beti qip-qizil, serg‘ayrat va tavakkalchi odam edi. — Urush kulfati benomuslik mashaqqatidan yaxshiroq. Zolim Eron shohiga qul bo‘lgandan ko‘ra jang maydonida o‘lgan afzal…

Rustak uning uzundan-uzoq gapini sabr bilan tinglab, boshini quyi solgancha o‘ylanib qoldi.

— Jangda mardlarcha o‘lmoq oson gap, lekin dushmanni yanchib tashlab, undan qasos olmoq qiyin. Biz mardlik ko‘rsatib, nomimizni qoldirish go‘g‘risida emas, balki el-yurtimizning erkini qanday saqlab qolish to‘g‘risida o‘ylamog‘imiz kerak, — dedi u qiziqqon Saksfarga qarab.

Oqsoqollar mum tishlagandek miq etmay o‘tirar edilar. Ko‘p mamlakatlarni bosib olib, jang maydonlarida ko‘p tajriba orttirgan, yaxshi kurollangan Eron qo‘shini bilan urushmoq juda qiyin ekanligi ularga ayon edi.

Boshliqlar bu mushkul muammoni yechish uchun bosh qotirib o‘tirganlarida, o‘tov eshigi oldida turgan qurolli yigit Shiroq degan bir cho‘ponning kirishga ijozat so‘rayotganini bildirdi.

— Shiroq!— deb qoshini chimirdi Rustak,— Kim u?
— Shiroq bizning urug‘dan. Butun umri cho‘ponlik bilan o‘tgan,— dedi Saksfar. — O‘zi juda farosatli, dono, dostonchi chol.

Eski chaldivorlardan chayon ushlab o‘zini chaqtiradi. Og‘riq sezmaydi. Aytishlaricha, yoshligida ilon uni chaqib olganda allaqanday giyohlarni surtib tuzalib ketgan emish. O‘shandan beri ilon-chayondan qo‘rqmaydi.
— Andog‘ bo‘lsa, chaqir buyoqqa o‘sha cholni.

Eshikdan yoshi oltmishdan oshgan, tetikkina, barvasta bir chol kirib, ta’zim qildi.

— Ijozat bersanglar, men ham qatoringizga o‘tirib, o‘z fikrimni aytsam. Nima to‘g‘rida gaplashayotganingizni bilaman.
— O‘tir, o‘tir, gapingga quloq solamiz, — dedi Rustak.

— Eron shohining askarlari Sirdaryo ostidagi qum donalaridan ham ko‘p, ularni jangga chorlab, yengish mahol. Shunday bir hiyla topmoq kerakki, dushmanning oyog‘i toyib, halokat jarig‘a qulab tushsin.

— Qani, ayt, qanday hiyla o‘ylab topding?— deb so‘radi Rustak.
— Buni faqat senga aytaman. Oqsoqollar o‘tovingni tark etsinlar.

Rustak bu gapni eshitib aftlari burushib ketgan oqsoqollarga bir qarab oldi-da:
— Nima, sen shu ulug‘ zotlarga inonmaysanmi?— deb so‘radi.

— Inonaman, ular el g‘amini yeydigan halol odamlar, o‘lsalar ham dushmanga sir boy bermaydurlar. Ammo ularning yaqin do‘stlari, inilari, o‘g‘illari, xotinlari bor. Men aytgan gaplarni beixtiyor ularga aytib qo‘yishlari mumkin. Uyog‘i ma’lum, el og‘ziga elak tutib bo‘lmaydur. Oqsoqollar meni kechirsinlar…

Urug‘ boshliqlari birin-ketin o‘rinlaridan turib chiqib keta boshladilar.

Oq o‘tovdan nariroqda cho‘qqayib o‘tirgan oddiy ko‘chmanchilar Shiroqni yaxshi tanir, uning qo‘biz chalib aytgan dostonlarini ko‘p marotaba tinglagan, o‘zi ham dostonlarda madh etilgap sheryurak odamlardan biri ekanligini bilar edilar.

Oradan ancha vaqt o‘tgandan keyin Shiroq o‘tovdan chiqdi. Uni ko‘rgach, ko‘chmanchilar dahshatga tushib o‘rinlaridan sakrab turib ketdilar. Keksa cho‘pon kesilgan iqki qulog‘i va burniga kuydirilgan namat bosib, sizib oqayotgan qonni to‘xtatishga harakat qilardi. Kutilmagan bu fojiadan g‘azablangan odamlar uning atrofini o‘rab oldilar va ustma-ust savol yog‘dira boshladilar:

— Quloq-burningni nega kesdilar?
— Sen sho‘rlik nima gunoh qilib eding?

Rangi murdadek oqarib ketgan Shiroq tishini tishiga qo‘yib, o‘zini bardam tutishga urinar, urug‘doshlarining savollariga javob bermasdi. Uni bir joyga o‘tqazib, kuydirilg‘an namat bilan qonini to‘xtatdilar. Cholning sahro shamoli va cho‘l quyoshidan qoraygan yuzida g‘azab alomati yo‘q edi. U o‘ziga kelgach, o‘rnidan turdi-da, kunbotish tomonga qarab ketdi. Hang-mang bo‘lgan kishilar uning orqasidan qaraganlaricha qotib qoldilar.

Dehqonchilik va bog‘dorchilik bilan shug‘ullanuvchi so‘g‘d xalqini itoatga keltirgan Eron shohi Yaksartning so‘l qirgog‘idagi ko‘chmanchilar ustiga yurish oldidan dam olmoqda. U yetti paxsa devor bilan o‘ralgan bog‘ o‘rtasidagi baland shiyponda o‘z ayonlari bilan may ichib, shakarguftorlik qilib o‘tirardi.

Mulozimlardan biri shiypon yoniga kelib ta’zim qildi-da, quloq-burni yo‘q g‘alati bir chol shoh huzuriga kirishga izn so‘rayotganini bildirdi. Doro surishtirib, kelgan odamning shak qabilasidan ekanligini bilgach:
— Mayli, kirsin,— dodi.

Ikki qurolli mulozim boshlab kelgan Shiroq shohdan o‘n besh qadamcha berida to‘xtadi-da, yer o‘pdi va o‘rnidan turib, ta’zim qilganicha qotib qoldi.

Doro baland bo‘yli, qushburun, chiroyli odam edi. Uning ponaga o‘xshagan soqoli ko‘kragiga tushgan va mayin taralgan. Ustidagi to‘q qizil zarrin to‘ni yiltirar, qo‘lidagi uzun aso dastasiga qadalgan qimmatbaho toshlar qorong‘i kechadagi yulduzlardek charaqlar edi. Tosh qo‘g‘irchoqqa o‘xshagan ikki mulozim uni sekin-sekin yelpib turardi.

Doro kamon qoshlarini chimirib, baland ovoz bilan:
— Hoy odam, o‘zing kimsan, oting nima va qaysi urug‘dansan?— deb so‘radi.

— Otim Shiroq, o‘zim shak urug‘idanman,— javob qildi chol.
— Kelib mening istirohatimni buzmoqdan maqsading nadir?

— Maqsadim mulozamat kamarin belga bog‘lab, umrimni siz shahanshoh xizmatida o‘tkazmoqdir. Janoblariga xayrxoh bo‘lganim tufayli qabiladoshlarimdan qattiq sitam ko‘rdim. Ularga men: “Shohi Eron bilan urushaman, deb chiranmang, sizlarni bir hamlada zeru zabar qilgay, yaxshisi, itoat kamarin bog‘lab borib, ul zoti bobarakotning etaklaridan o‘ping”, dedim. Bu gapdan xabar topgan hukmdorimiz Rustak g‘azabga mindi na mening quloq-burnimni kestirdi. Men endi sizning yordamingiz bilan undan o‘chimni olmoqchiman. Agar ijozati oliy bo‘lsa, yengilmas qo‘shiningizni yolg‘iz podachilar biladigan so‘qmoqlar bilan shak lashkarlarining orqasidan olib chiqar edim, keyin ularni qilich damidan o‘tkazmoq qiyin emas…

Shiroqning gapini eshitib, Doro o‘yga toldi. Agar jangovar shak qabilalari shu yo‘sinda yakson qilinsa, O‘kuz bilan Yaksart o‘rtasidagi serunum yerlarni bosib olgan Eron lashkarlarining bexatarligi ta’min etilgan bo‘ladi. Ammo bu keksa cho‘ponni bir sinab ko‘rmoq kerak.

Shiroq shohning ishonchsizlik ko‘zi bilan qarayotganini fahmlab, o‘z so‘zippng to‘g‘riligini isbot qilishga kirishdi:
— Axir quloq-burnimning yaqindagina kesilgani ko‘rinib turibdi-ku! Biznikilar bekorga o‘z urug‘lariga bunday sitam yetkazmaydurlar.

U o‘ylab qo‘ygan dalillarini keltirib, uzundan-uzoq gapirdi va o‘zining Eron shohiga sodiqligini, shaklarga dushman ekanligini isbot qilishga tirishdi, so‘zining oxirida Quyosh tangrisini shafe keltirib ont ichdi.

Doro sarkardalari bilan maslahatlashib, shaklar ustiga qo‘shin yuborishga, Shiroqni esa yo‘l boshlovchi qilib olishga qaror berdi.

Eron askarlari yo‘l boshlovchining maslahati bilan yetti kunlik suv, oziq-ovqat va yem-xashak olib yo‘lga chiqdilar va daryoning chap qirg‘og‘idagi qum sahrolaridan borib shaklarga orqa tomondan hujum qilmoqchi bo‘ldilar.

Dastlabki kunlar yo‘l uncha mashaqqatli bo‘lmadi. Cho‘l o‘tlari endi qovjirab kelayotgan bo‘lsa ham onda-sonda buloqlar atrofida ko‘m-ko‘k o‘tloqlar uchrab turardi. Bora-bora cho‘l sahroga aylandi, odamlar va otlarning suvga ehtiyoji osha bordi. Afsonaviy otlarning taqalariga o‘xshab uyulib qolgan qumtepalardan oshib yoki chetlab o‘tish oson emas edi. Qora terga tushib hansiragan otlar oyoqlarini qumdan arang tortib olib, boshlarini quyi solganlaricha bitta-bitta qadam tashlab borardi. Sahroning berahm quyoshi yomon niyatda qolayotgan bu qurolli odamlarning boshidan olov sochar, ichlarini kuydirib, tashnalikdan lablarini qovjiratar, qumlar ustida jimirlab turgan qaynoq havo o‘pkalarini yondirardi.

Lashkarboshilarshshg toqatlari toq bo‘lib, shaklar lashkargohiga qancha masofa qolganini Shiroqdan surishtira boshladilar. U esa manzilga yaqinlashib qolganliklarini va yana ikki kun yurish kerakligini aytib, boshliqlarni yupatardi. Biroq sermashaqqat safarning yettinchi kuni ham shaklardan darak topmadilar. Hammayoq dasht-biyobon, odam yursa oyog‘i, qush uchsa qanoti kuyadi. Suv, oziq-ovqat, yem-xashak tamom bo‘lgan, oriqlab ketgan otlar yer iskab suv qidiradi, qovjiragan lablari shishib ketgan odamlar bir qultum suv uchun bir yillik umrlaridan kechishga tayyor!

Shiroqni o‘rtaga olib: «Bizni qayerga boshlab kelding, ablah!— deb qisti-bastiga oldilar. Askarboshilardan biri uni yoqasidan ushlab siltadi va haqorat qila boshladi. Shiroq yoqasini uning qo‘lidan qutqarib, namat qalpogini boshidan oldi-da, sorajin va keng peshonasidagi terini artdi. Uning qovjiragan lablari istehzoli tabassumdan yorishib, qiyiq ko‘zlarida o‘t chaqnab ketdi. Atrofini qurshab olgan g‘azabli chehralarga mag‘rur qarab turib, qalpog‘ini yerga bir urdi-da, qahqahlab kulib yubordi:

— Men yengdim, Doro qo‘shinini bir o‘zim yengdim! — dsdi u qichqirib.— Sizlarni aldab sahroning qoq o‘rtasiga olib keldim,— qo‘li bilan kunchiqish va kunbotish tomonni ko‘rsatdi. — Buyog‘i ham yetti kunlik yo‘l, buyog‘i ham. Istagan tomoningizga boravering! Mening go‘rim shu yerda,— deb oyog‘i ostini ko‘rsatdi.

U o‘z murodiga yetgani uchun muqaddas otash va suv xudosiga shukur qilib, allaqanday bir duoni o‘qidi. Darhaqiqat, u o‘z elini qullikdan qutqarib qolish uchun jonidan kechgan, yovuz dushmanni hiyla tuzog‘iga ilintirish uchun ming turli azob-uqubatni bo‘yniga olgan edi. Mana endi u niyatiga yetdi, dushman askarini halokat jari yoqasiga boshlab keldi. Endi dushman nima qilsa qilaversin!

U Rustakning huzuriga kirganida shunday degan edi:
— Agar msning bola-chaqam va nevaralarimni unutmasang, o‘z shirin jonimdai kechib, yurt boshiga kelgan baloni daf etardim. Dushmanni daf qilmoq uchun bir hiyla o‘ylab topdim. Umrim oxirlab qoldi, axir bu dunyodan ketmoq kerak. Men el-yurt uchun o‘limning shirin sharbatini ichmoqqa qaror qildim… Gapimga quloq sol…

Hukmdor uning gapini oxirigacha tinglab, fikrini ma’qullagan edi. Shunda u yonidan o‘tkir pichog‘ini olib, o‘z quloq-burnini kesgan va go‘yo o‘z eliga xiyonat qilgan bo‘lib, dushman orasiga kirgan edi…

G‘azabdan ko‘zlari olayib, aft-basharasi bujmayib xunuk bo‘lib kstgan Eron sarkardalari Shiroqni o‘rab olib, uni ura boshladilar. Sarkarda Ronosbat dabdalasi chiqqan Shiroqni ular qo‘lidan qutqarib, bir chetga olib chiqdi-da, suv ichirdi, so‘ngra chodiriga olib kirib, uni yaxshilikcha yo‘lga solmoqchi bo‘ldi. Endi Eron sarkardasi shaklar ustiga yurish qilib, ularni tor-mor etishni xayolidan chiqarib tashlagan, u faqat qo‘shiiini halokatdan qutqarib qolishni o‘ylardi.

— Agar sen sahro quduqlari va chashmalarini bizga ko‘rsatsang, gunohingdan kechib, So‘g‘diyada istagan qishloqlardan birini senga in’om qilardik.

— O‘z elimning dushmanlariga yordam uchun cho‘zadigan qo‘limni kesib tashlaganim ma’qul,— dedi u gapni qisqa qilib. Halokat yoqasida qolgan eroniylar achchiqlariga chiday olmay fidokor cho‘ponni chopib, qiyma-qiyma qilib tashladilar.

Mirkarim Osim. Saylanma by Khurshid Davron on Scribd

Mirkarim Osim. Saylanma

003

(Tashriflar: umumiy 2 815, bugungi 1)

Izoh qoldiring