Muhammad Yusuf. She’rlar & Haqiqiy she’r — odamlar orasida…& Ikki video: Hujjatli film va ko’rsatuv

0926 апрел — Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Ардоқли шоир Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кунга 66 йил тўлди. Шоир шеърлари халқимиз юрагидан муносиб ўрин топган. Унинг шеърлари еттидан етмишгача бўлган шеърхонлар тилидан тушмайди, дилларида аксу садо беради.

 

ҲАҚИҚИЙ ШЕЪР – ОДАМЛАР ОРАСИДА
Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан суҳбат
023

– Муҳаммад ака, яқинда Президентимизнинг қўлларидан Халқ шоири унвонини олдингиз, авваламбор, юксак унвон билан табриклаймиз. Агар истасангиз, суҳбатимизни кейинги кўнгил кечинмаларингиз билан бошласак…

09– Биласизми, қайси соҳада бўлмасин, меҳнатингизни озгина бўлса-да қадрлаб, баракалла деб елкангизга уриб қўйишса, бу – катта бир далда бўлиши турган гап. Менинг ҳам кимгадир керагим бор экан, деб кўнгилдан ўтказасиз, руҳланасиз-да! Камтарин ижодимни шу қадар юксак унвон билан тақдирлаганлари учун жуда миннатдорман. Менинг ютуғимдан фахрланиб, кўнгли осмон бўлиб юрган яқинларим, биродарларимни кўриб янада шодланаман.

Юзга кирган момом бор.Унинг қувонганини кўрсангиз эди… Кўзларига ёш олиб қутлади. Нуроний юзларидан мингдан минг рози эканликларию янги-янги тилаклар ни уқиб олиш осон эди.

– Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон сизга янада катта масъулиятлар юкласа керак?..

– Албатта. Бу билдирилган ишонч демакдир. Бундан кейин яна ҳам қаттиқроқ ишлашга ундайдиган “оғайни, энди бўш келмагин” дейиш билан баробар.

– Шеърни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Сизнингча, шеър нима?

– Шеър, бу – ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори. Юракдаги ўша шеър қоғозга тушмагунча баъзида уйқу келмайди. Уни ёзиб битирганингдан кейинги роҳат бошқача бўлади. Яхши китоб ўқисангиз мазза қиласиз-ку! Энди бир илиқ жумла топиб олишни тасаввур қилиб кўринг. Катта-катта асарларнинг яратилишига ҳам биргина жумла сабаб бўлиши табиий. Бир шеърни қоғозга тушира олмай ойлаб қийналиб юриш мумкин, лекин бир куни, “ажойиб кунларнинг бирида” мақсад рўёбга чиқади ва ўқиб туриб қувониб кетасиз. Баъзилар борки, мен ёзолмай қоляпман, мажбуран бўлса-да, ёзиб турмасам, “қўлим чиқиб кетади” дейишади. Мен бунга асло қўшилмайман. Ўзим кўнглим буюрмагунча ёзмайман ҳам.

– Насрга қўл уриб кўрганмисиз?

– Тўғриси, ёзсам, қўлимдан келадиган иш. Лекин мен учун энг муҳими – шеър, уни қизғанаман. Агар насрга ўтиб, кўп ўралашиб қолсам, шеър мендан ўч олади. Чунки у – менинг жон дўстим. Хиёнатни кечирмайди. Наср бўлса, улфатим…

– Таржимага-чи, қандай қарайсиз?

– Жуда кам таржима қилганман. Шеър ёзиб турганда таржима қилиш шарт эмас, менимча. Баъзилар таржима шоирни бойитади, дейишади.

Билмадим-у лекин у мени кўпроқ чалғитади. Руҳиятимга ҳам тўғри келмайдиган бир ҳолат.

– Вақтингизни кўпроқ нималарга сарфлайсиз?

– Кўпроқ китоб ўқийман. Бобурни, Машрабни, Бедилни севиб мутолаа қиламан. Анна Ахматовани, Сергей Есенин каби рус шоирларини, ҳозирги шеъриятимиздан Абдулла Ориповни кўп ўқийман.

– Сиз уюшмада ёш ижодкорлар билан шуғулланасиз. Айтинг-чи, адабиётимиз кенжа авлодининг қайси жиҳатлари сизга маъқул?

– Бугун ижодкор ёшларимиз жуда кўп. Уларнинг ижод дунёси турфа хил. Бир-биридан гўзал.
Агар таққослайдиган бўлсак, илгари ижодкор ёшлар орасида ҳамиша битта энг зўри бўларди. Ҳозир эса, унақа эмас. Ҳаммаси зўр. Бирини ажратиб айтадиган бўлсангиз, кўнгилнинг тубида бошқаси жилмайиб туради. Бу деганим – барчасининг ўз овози, ўз йўли бор. Мен бундан жуда хурсандман.

– Ижодингиздан ўзингиз розимисиз?

– Йўқ. Лекин мен ижодни жуда юксак қилиб кўрсатишни ҳам хоҳламайман. Негаки, бу ҳам оддий бир меҳнат. Новвой нон ёпаётгандай, чўпон қўйини боқаётгандай, сиз қалбингиздан сўз сўраб одамларга тарқатасиз. Бу – шоирнинг кундалик вазифасидай бўлиб қолган. У шеърга қўл урмасдан туролмайди.

– Шеър – шоир кўнгил кечинмаларининг тафсилотими ёки ижтимоийликка дахлдор битикларми?

– Биласизми, мени нимагадир қўшиқчи шоир деб тан олишади. Фақт муҳаббатдан ёзади, дейишади. Лекин мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман. Эсингизда бўлса, ўша пайтларда ёзилган “Самарқандга борсам мен агар…”, “Дўппи”, Гдлян ҳақидаги шеърларим ана шундай сифатларга эга эди.
Энди саволингизга келсак, шеър кўнгилни ижтимоийликка боғлайдиган ришта ҳам бўлмоғи керак.шунда шеърият ўз куч-қудратини намоён қилади.

– Ёшликда орзулар жуда катта бўлади. Айтинг-чи, бугунги кунда орзуларимга эришдим, дея оласизми?

– Қисман эришдим, десам ёлғон бўлмас. Айтганингиздек, болалик орзулари сарҳад билмайди. Ва уларнинг ҳаммасига эришиб ҳам бўлмайди. Эришилган кундан бошлаб ҳаётнинг қизиғи ҳам қолмайди. Ҳар куни янги-янги мақсадлар билан кўчага чиқасиз. Сизни яшашга ундаб турадиган нарса ҳам мана шу – мақсад ва орзулар. Уларнинг борлиги ҳам яхши.

– Шеърни нималардан излайсиз?

– Мен шеърни фақат кўчадан излаб, кўчадан топаман. Китоб ўқиб шеър ёзмайман. Китобдан наср топиш мумкиндир, китоб ўқиб олим бўлиш мумкиндир, аммо ҳақиқий шеър – одамлар орасида. Уларни кўнгил кўзи билан қоғозга тушира билиш керак.

– Ижодингизда соддалик, жайдарилик яққол сезилиб туради. Бу – руҳиятингизга, табиатингизга боғлиқми?

– Албатта, боғлиқ. Ўзи ҳайтда ҳам шундайман. Жимжимадор, баландпарвоз сўзларни ёмон кўраман. Сўзни борлигича ифода этсам дейман. Унинг устидан бўёқ суркаш мутлақо ортиқса. Қандай сўз бўлмасин, ўрнида ишлатилса, соддалик ва равонлик ўз-ўзидан пайдо бўлади. Тўғри, сўзларни безаб, ҳаддан ташқари гўзал қилиш мумкин, лекин уни отангиз, онангиз тушунмаса, нима кераги бор? Мен шундай деб ўйлайман.

– Ўзингиз яхши кўрадиган, беихтиёр хиргойи қилиб юрадиган шеърингиз қайси?

– Мен ҳар йили, кўпинча бир шеърим таъсири билан юраман. Бу йилгиларидан “Биз бахтли бўламиз, Худо хохласа…” деган шеъримни ёқтираман.

– Тасаввур қилингки, сиз – шоир Муҳаммад Юсуфнинг мухлисисиз. Четдан туриб унга нима деган бўлар эдингиз?

– Шеърларини ўқиб туриб, биринчидан, кўпроқ ўқи, камроқ қўшиқ ёз, деган бўлардим. Яхшиларидан кўпайтир, дердим.

– Бугунги ижодкор ёшлар ижтимоийликдан қочиб, ўз кўнглига бекинишяпти, деган гапларга қандай қарайсиз?

– Бу – бекорчи гап, менимча. Бу гапни тўқиб чиқарган бўлсалар керак. Бугунги ёшлар ижодини тўлиқ таҳлил қилиб бера оладиган танқидчини топиш амримаҳол бўлиб қолди. “Тиши ўтадиганлари” ҳам бутунлай бошқа иш билан шуғулланиб кетган.
Яна бир гапни айтиш мумкинки, меҳр-муҳаббатни, кўнгил кечинмаларини куйлайдиган куйлайдиган ёшларимиз шу йўлни тутишган бўлса, не ажаб! Мисол учун Гулжамол Асқарова деган талаба қизнинг “Бир ёр топсак эдик, жондан кечгулик” деган мисрасини эслайлик, бу шеърни ҳеч иккиланмай Ватан ҳақида дейиш мумкин. Унинг замирида шу юрт, шу тупроқ назарда тутилган. Демак, биз ёшлар ижоди ҳақида қўққисдан хулоса чиқаришга шошилмасдан, уларни синчиклаб ўқишимиз, уқишимиз керак экан.

– Болаларга ҳам шеър ёзганмисиз?

– Ёзганман-у, тўғрироғи, уддалай олмаганман. “Ҳалима энам аллалари” деган болаларбоп туркум шеърларим бор. Кейин ҳам ҳаракат қилганман-у, ёзганимдак кўнглим тўлмаган.

– Муҳаммад ака, охирги саволим – мухлисларингизга қандай ваъдалар ва тилакларингиз бор?

– Олдиндан ваъда бериш қийин-у, лекин шуни айтиб қўйиш мумкин: катта бир достонга қўл урмоқчиман. Насиб этса, мухлисларимга ҳали кўп шеърлар туҳфа қиламан деган умиддаман. Барчаларига кўнгил хотиржамлигию оила тотувлигини тилайман. Омон бўлишсин. Улар билан яхши кунларда ёруғ юз ила учрашмоқ, ишончларини оқламоқ, бурчимни ҳалол адо этмоқ – энг олий мақсадим.

Суҳбатдош: Ориф Тўхташ

Манба: www.ijodkor.com

«Муҳаммад Юсуф». Ҳужжатли фильм
Сценарий муаллифи: Усмон Азим. Режиссёр: А. Акбархўжаев Оператор: А. Зоҳидов. Хроникал ва ҳужжатли фильмлар студияси маҳсулоти. 2004

Муҳаммад ЮСУФ
ШЕЪРЛАР
011

Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижоннинг Марҳамат туманида туғилди. Тошкентдаги рус тили ва адабиёти институтини тамомлади (1978). Республика китобсеварлар жамиятида (1978-1980), “Тошкент оқшоми” газетасида (1980-1986), Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида (1986-1993) ишлади.

Умрининг охирги 4-5 йилида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби бўлди. У “Таниш тераклар” (1985), “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” (1989), “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимдаги ёр” (1991), “Бевафо кўп экан” (1991), “Эрка кийик” (1992), “Ёлғончи ёр” (1994), “Осмонимга олиб кетаман” (1998) тўпламларининг муаллифи. 1998 йилда унга “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди.
М. Юсуф 2001 йил 29 июлда вафот этди, туғилган қишлоғидаги қабристонга дафн этилди.

08

ОНАМГА ХАТ

Мен сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмайман,
Тунлари чароғон шундай шаҳарда,
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.

Мен сиз айтгандайин ҳаммани севдим,
Ҳаммага ишондим, мана оқибат:
Ўз дўстим уйига кўмилди севгим,
Кун бўлиб кўксимни куйдирди нафрат.

Бошимдан ўтгани кўкка ҳам аён,
Юлдузлар қиқирлаб кулар оқбадан:
Мен — зангор яйловда олис, бепоён,
Уюридан ажраб қолган қулунман…

Мана, кетаяпман тош йўлда кўзим,
Қадамим мошинлар йўрғасига мос.
Йиғласам юпатиб ўзимни ўзим,
Пишқириб қўяман тойчоқларга хос.

Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасдан.
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман…

Ҳа, севги ҳақида. У дилга не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб.
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз — Муҳаммад Юсуф.

ОТА

Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Қоқ далада ўтлар босган ўрмоним бор.
Қизғалдоқдай бошим эгик бу маконда,
Ёниб яшаб ўтмаган отажоним бор.

Ота десам, бағри-дилим ёнаверар,
Куним ёнар, ою йилим ёнаверар,
Мозорига қўйган гулим ёнаверар,
Тутунларга тўлиб кетган осмоним бор.

Эсаверсин жаннатлардан келган насим,
Момо ерим, ўзингсан энг муқаддасим,
Бағрингда жим тинглаб бу тун жон нафасим,
Руҳимни аллалаб ётган жаҳоним бор.

Одам бўлиб бир одамни тушунмаслар,
Кўзингда ёш кўриб ҳам гоҳ ўкинмаслар,
Босган изим пойлаб юрган эй, нокаслар,
Қабрдан қўл чўзиб турган қалқоним бор…

Мен отамдан қолган эркин садо-сасман,
Қонимга ёт наволарга қайрилмасман,
Ўлгунимча энди ундан айрилмасман —
Ўз отамдек бўлиб қолган имоним бор.

Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Кенг далада гуллар босган ўрмоним бор,
Қизғалдоқлар бош эгиб қон йиғлаб турган
Бу маконда менинг ҳам нуржаҳоним бор.

МЕН БИТТАДУРМАН

Санам, сочингдан ҳам шайдоларинг кўп,
Ҳуснинг ошиқлари — адоларинг кўп.
Ниманг кўп, кўйингда гадоларинг кўп,
Аммо мен биттаман, мен биттадурман.

Бек йигит бир сенинг пойингда хорман,
Гарчи дийдорингга муштоқу зорман,
Мен беун севарман, мен жим севарман,
Қиёматгача шул сукутдадурман.

Дейдилар: муҳаббат билмас масофа,
Айрилиқни писанд қилмас масофа.
Келурсан ўзинг деб бир кун инсофа —
Гоҳи Тошкент, гоҳи Ургутдадурман.

Тилинг билмасам ҳам тушунгандайман,
Сен билан гоҳи дўст тутингандайман.
Гоҳи бу дўстликдан ўкингандайман,
Минг бир хаёл ичра минг биттадурман.

Суймоқ — бу гулханда куймоқ азали,
Мен шаҳар эркаси, сен тоғ гўзали.
Эслаб юр ёдингга тушган маҳали —
Шайдоларинг кўп-у, мен биттадурман!..

26 aprel — O‘zbekiston xalq shoiri Muhammad Yusuf tavallud topgan kun

Ardoqli shoir Muhammad Yusuf tavallud topgan kunga 64 yil to‘ldi. Shoir she’rlari xalqimiz yuragidan munosib o‘rin topgan. Uning she’rlari yettidan yetmishgacha bo‘lgan she’rxonlar tilidan tushmaydi, dillarida aksu sado beradi.

HAQIQIY SHE’R – ODAMLAR ORASIDA
O‘zbekiston Xalq shoiri Muhammad Yusuf bilan suhbat
023

– Muhammad aka, yaqinda Prezidentimizning qo‘llaridan Xalq shoiri unvonini oldingiz, avvalambor, yuksak unvon bilan tabriklaymiz. Agar istasangiz, suhbatimizni keyingi ko‘ngil kechinmalaringiz bilan boshlasak…

076– Bilasizmi, qaysi sohada bo‘lmasin, mehnatingizni ozgina bo‘lsa-da qadrlab, barakalla deb yelkangizga urib qo‘yishsa, bu – katta bir dalda bo‘lishi turgan gap. Mening ham kimgadir keragim bor ekan, deb ko‘ngildan o‘tkazasiz, ruhlanasiz-da! Kamtarin ijodimni shu qadar yuksak unvon bilan taqdirlaganlari uchun juda minnatdorman. Mening yutug‘imdan faxrlanib, ko‘ngli osmon bo‘lib yurgan yaqinlarim, birodarlarimni ko‘rib yanada shodlanaman.

Yuzga kirgan momom bor.Uning quvonganini ko‘rsangiz edi… Ko‘zlariga yosh olib qutladi. Nuroniy yuzlaridan mingdan ming rozi ekanliklariyu yangi-yangi tilaklar ni uqib olish oson edi.

– O‘zbekiston Xalq shoiri degan unvon sizga yanada katta mas’uliyatlar yuklasa kerak?..

– Albatta. Bu bildirilgan ishonch demakdir. Bundan keyin yana ham qattiqroq ishlashga undaydigan “og‘ayni, endi bo‘sh kelmagin” deyish bilan barobar.

– She’rni har kim har xil talqin etadi. Sizningcha, she’r nima?

– She’r, bu – shirin dard, azob. Shoir shu dard bemori. Yurakdagi o‘sha she’r qog‘ozga tushmaguncha ba’zida uyqu kelmaydi. Uni yozib bitirganingdan keyingi rohat boshqacha bo‘ladi. Yaxshi kitob o‘qisangiz mazza qilasiz-ku! Endi bir iliq jumla topib olishni tasavvur qilib ko‘ring. Katta-katta asarlarning yaratilishiga ham birgina jumla sabab bo‘lishi tabiiy. Bir she’rni qog‘ozga tushira olmay oylab qiynalib yurish mumkin, lekin bir kuni, “ajoyib kunlarning birida” maqsad ro‘yobga chiqadi va o‘qib turib quvonib ketasiz. Ba’zilar borki, men yozolmay qolyapman, majburan bo‘lsa-da, yozib turmasam, “qo‘lim chiqib ketadi” deyishadi. Men bunga aslo qo‘shilmayman. O‘zim ko‘nglim buyurmaguncha yozmayman ham.

– Nasrga qo‘l urib ko‘rganmisiz?

– To‘g‘risi, yozsam, qo‘limdan keladigan ish. Lekin men uchun eng muhimi – she’r, uni qizg‘anaman. Agar nasrga o‘tib, ko‘p o‘ralashib qolsam, she’r mendan o‘ch oladi. Chunki u – mening jon do‘stim. Xiyonatni kechirmaydi. Nasr bo‘lsa, ulfatim…

– Tarjimaga-chi, qanday qaraysiz?

– Juda kam tarjima qilganman. She’r yozib turganda tarjima qilish shart emas, menimcha. Ba’zilar tarjima shoirni boyitadi, deyishadi.

Bilmadim-u lekin u meni ko‘proq chalg‘itadi. Ruhiyatimga ham to‘g‘ri kelmaydigan bir holat.

– Vaqtingizni ko‘proq nimalarga sarflaysiz?

– Ko‘proq kitob o‘qiyman. Boburni, Mashrabni, Bedilni sevib mutolaa qilaman. Anna Axmatovani, Sergey Yesenin kabi rus shoirlarini, hozirgi she’riyatimizdan Abdulla Oripovni ko‘p o‘qiyman.

– Siz uyushmada yosh ijodkorlar bilan shug‘ullanasiz. Ayting-chi, adabiyotimiz kenja avlodining qaysi jihatlari sizga ma’qul?

– Bugun ijodkor yoshlarimiz juda ko‘p. Ularning ijod dunyosi turfa xil. Bir-biridan go‘zal.
Agar taqqoslaydigan bo‘lsak, ilgari ijodkor yoshlar orasida hamisha bitta eng zo‘ri bo‘lardi. Hozir esa, unaqa emas. Hammasi zo‘r. Birini ajratib aytadigan bo‘lsangiz, ko‘ngilning tubida boshqasi jilmayib turadi. Bu deganim – barchasining o‘z ovozi, o‘z yo‘li bor. Men bundan juda xursandman.

– Ijodingizdan o‘zingiz rozimisiz?

– Yo‘q. Lekin men ijodni juda yuksak qilib ko‘rsatishni ham xohlamayman. Negaki, bu ham oddiy bir mehnat. Novvoy non yopayotganday, cho‘pon qo‘yini boqayotganday, siz qalbingizdan so‘z so‘rab odamlarga tarqatasiz. Bu – shoirning kundalik vazifasiday bo‘lib qolgan. U she’rga qo‘l urmasdan turolmaydi.

– She’r – shoir ko‘ngil kechinmalarining tafsilotimi yoki ijtimoiylikka daxldor bitiklarmi?

– Bilasizmi, meni nimagadir qo‘shiqchi shoir deb tan olishadi. Faqt muhabbatdan yozadi, deyishadi. Lekin men adabiyotga ijtimoiy shoir bo‘lib kirib kelganman. Esingizda bo‘lsa, o‘sha paytlarda yozilgan “Samarqandga borsam men agar…”, “Do‘ppi”, Gdlyan haqidagi she’rlarim ana shunday sifatlarga ega edi.
Endi savolingizga kelsak, she’r ko‘ngilni ijtimoiylikka bog‘laydigan rishta ham bo‘lmog‘i kerak.shunda she’riyat o‘z kuch-qudratini namoyon qiladi.

– Yoshlikda orzular juda katta bo‘ladi. Ayting-chi, bugungi kunda orzularimga erishdim, deya olasizmi?

– Qisman erishdim, desam yolg‘on bo‘lmas. Aytganingizdek, bolalik orzulari sarhad bilmaydi. Va ularning hammasiga erishib ham bo‘lmaydi. Erishilgan kundan boshlab hayotning qizig‘i ham qolmaydi. Har kuni yangi-yangi maqsadlar bilan ko‘chaga chiqasiz. Sizni yashashga undab turadigan narsa ham mana shu – maqsad va orzular. Ularning borligi ham yaxshi.

– She’rni nimalardan izlaysiz?

– Men she’rni faqat ko‘chadan izlab, ko‘chadan topaman. Kitob o‘qib she’r yozmayman. Kitobdan nasr topish mumkindir, kitob o‘qib olim bo‘lish mumkindir, ammo haqiqiy she’r – odamlar orasida. Ularni ko‘ngil ko‘zi bilan qog‘ozga tushira bilish kerak.

– Ijodingizda soddalik, jaydarilik yaqqol sezilib turadi. Bu – ruhiyatingizga, tabiatingizga bog‘liqmi?

– Albatta, bog‘liq. O‘zi haytda ham shundayman. Jimjimador, balandparvoz so‘zlarni yomon ko‘raman. So‘zni borligicha ifoda etsam deyman. Uning ustidan bo‘yoq surkash mutlaqo ortiqsa. Qanday so‘z bo‘lmasin, o‘rnida ishlatilsa, soddalik va ravonlik o‘z-o‘zidan paydo bo‘ladi. To‘g‘ri, so‘zlarni bezab, haddan tashqari go‘zal qilish mumkin, lekin uni otangiz, onangiz tushunmasa, nima keragi bor? Men shunday deb o‘ylayman.

– O‘zingiz yaxshi ko‘radigan, beixtiyor xirgoyi qilib yuradigan she’ringiz qaysi?

– Men har yili, ko‘pincha bir she’rim ta’siri bilan yuraman. Bu yilgilaridan “Biz baxtli bo‘lamiz, Xudo xoxlasa…” degan she’rimni yoqtiraman.

– Tasavvur qilingki, siz – shoir Muhammad Yusufning muxlisisiz. Chetdan turib unga nima degan bo‘lar edingiz?

– She’rlarini o‘qib turib, birinchidan, ko‘proq o‘qi, kamroq qo‘shiq yoz, degan bo‘lardim. Yaxshilaridan ko‘paytir, derdim.

– Bugungi ijodkor yoshlar ijtimoiylikdan qochib, o‘z ko‘ngliga bekinishyapti, degan gaplarga qanday qaraysiz?

– Bu – bekorchi gap, menimcha. Bu gapni to‘qib chiqargan bo‘lsalar kerak. Bugungi yoshlar ijodini to‘liq tahlil qilib bera oladigan tanqidchini topish amrimahol bo‘lib qoldi. “Tishi o‘tadiganlari” ham butunlay boshqa ish bilan shug‘ullanib ketgan.
Yana bir gapni aytish mumkinki, mehr-muhabbatni, ko‘ngil kechinmalarini kuylaydigan kuylaydigan yoshlarimiz shu yo‘lni tutishgan bo‘lsa, ne ajab! Misol uchun Guljamol Asqarova degan talaba qizning “Bir yor topsak edik, jondan kechgulik” degan misrasini eslaylik, bu she’rni hech ikkilanmay Vatan haqida deyish mumkin. Uning zamirida shu yurt, shu tuproq nazarda tutilgan. Demak, biz yoshlar ijodi haqida qo‘qqisdan xulosa chiqarishga shoshilmasdan, ularni sinchiklab o‘qishimiz, uqishimiz kerak ekan.

– Bolalarga ham she’r yozganmisiz?

– Yozganman-u, to‘g‘rirog‘i, uddalay olmaganman. “Halima enam allalari” degan bolalarbop turkum she’rlarim bor. Keyin ham harakat qilganman-u, yozganimdak ko‘nglim to‘lmagan.

– Muhammad aka, oxirgi savolim – muxlislaringizga qanday va’dalar va tilaklaringiz bor?

– Oldindan va’da berish qiyin-u, lekin shuni aytib qo‘yish mumkin: katta bir dostonga qo‘l urmoqchiman. Nasib etsa, muxlislarimga hali ko‘p she’rlar tuhfa qilaman degan umiddaman. Barchalariga ko‘ngil xotirjamligiyu oila totuvligini tilayman. Omon bo‘lishsin. Ular bilan yaxshi kunlarda yorug‘ yuz ila uchrashmoq, ishonchlarini oqlamoq, burchimni halol ado etmoq – eng oliy maqsadim.

Suhbatdosh: Orif To‘xtash

Manba: www.ijodkor.com

Muhammad YUSUF
SHE’RLAR
011

0221954 yil 26 aprelda Andijonning Marhamat tumanida tug’ildi. Toshkentdagi rus tili va adabiyoti institutini tamomladi (1978). Respublika kitobsevarlar jamiyatida (1978-1980), “Toshkent oqshomi” gazetasida (1980-1986), Adabiyot va san’at nashriyotida, “O’zbekiston ovozi” gazetasida (1986-1993) ishladi.

Umrining oxirgi 4-5 yilida O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining kotibi bo’ldi. U “Tanish teraklar” (1985), “Bulbulga bir gapim bor” (1987), “Iltijo” (1988), “Uyqudagi qiz” (1989), “Halima enam allalari” (1989), “Ishq kemasi” (1990), “Ko’nglimdagi yor” (1991), “Bevafo ko’p ekan” (1991), “Erka kiyik” (1992), “Yolg’onchi yor” (1994), “Osmonimga olib ketaman” (1998) to’plamlarining muallifi. 1998 yilda unga “O’zbekiston xalq shoiri” unvoni berildi.
Ulug’vor muhabbat, o’talmagan burch, qadrlanmagan sevgi armoni, Yurtga o’g’illik sadoqati – shoir she’rlari asosini belgilaydi.
M. Yusuf 2001 yil 29 iyulda vafot etdi, tug’ilgan qishlog’idagi qabristonga dafn etildi.

011

ONAMGA XAT

Men sizni o’ylayman shomu saharda,
Ona, sog’insam ham bora olmayman,
Tunlari charog’on shunday shaharda,
Hech kimga ko’nglimni yora olmayman.

Men siz aytgandayin hammani sevdim,
Hammaga ishondim, mana oqibat:
O’z do’stim uyiga ko’mildi sevgim,
Kun bo’lib ko’ksimni kuydirdi nafrat.

Boshimdan o’tgani ko’kka ham ayon,
Yulduzlar qiqirlab kular oqbadan:
Men — zangor yaylovda olis, bepoyon,
Uyuridan ajrab qolgan qulunman…

Mana, ketayapman tosh yo’lda ko’zim,
Qadamim moshinlar yo’rg’asiga mos.
Yig’lasam yupatib o’zimni o’zim,
Pishqirib qo’yaman toychoqlarga xos.

Va sizni o’ylayman shomu saharda,
Ona, sog’insam ham bora olmasdan.
Tunlari charog’on shunday shaharda
Hech kimga ko’nglimni yora olmasman…

Ha, sevgi haqida. U dilga ne zeb,
Kuyinmang, ne iloj qilmasa nasib.
Baxtimga hamisha Siz sog’ bo’ling deb,
Sog’ingan o’g’lingiz — Muhammad Yusuf.

OTA

Armonim bor, bu dunyoda armonim bor,
Qoq dalada o’tlar bosgan o’rmonim bor.
Qizg’aldoqday boshim egik bu makonda,
Yonib yashab o’tmagan otajonim bor.

Ota desam, bag’ri-dilim yonaverar,
Kunim yonar, oyu yilim yonaverar,
Mozoriga qo’ygan gulim yonaverar,
Tutunlarga to’lib ketgan osmonim bor.

Esaversin jannatlardan kelgan nasim,
Momo yerim, o’zingsan eng muqaddasim,
Bag’ringda jim tinglab bu tun jon nafasim,
Ruhimni allalab yotgan jahonim bor.

Odam bo’lib bir odamni tushunmaslar,
Ko’zingda yosh ko’rib ham goh o’kinmaslar,
Bosgan izim poylab yurgan ey, nokaslar,
Qabrdan qo’l cho’zib turgan qalqonim bor…

Men otamdan qolgan erkin sado-sasman,
Qonimga yot navolarga qayrilmasman,
O’lgunimcha endi undan ayrilmasman —
O’z otamdek bo’lib qolgan imonim bor.

Armonim bor, bu dunyoda armonim bor,
Keng dalada gullar bosgan o’rmonim bor,
Qizg’aldoqlar bosh egib qon yig’lab turgan
Bu makonda mening ham nurjahonim bor.

MEN BITTADURMAN

Sanam, sochingdan ham shaydolaring ko’p,
Husning oshiqlari — adolaring ko’p.
Nimang ko’p, ko’yingda gadolaring ko’p,
Ammo men bittaman, men bittadurman.

Bek yigit bir sening poyingda xorman,
Garchi diydoringga mushtoqu zorman,
Men beun sevarman, men jim sevarman,
Qiyomatgacha shul sukutdadurman.

Deydilar: muhabbat bilmas masofa,
Ayriliqni pisand qilmas masofa.
Kelursan o’zing deb bir kun insofa —
Gohi Toshkent, gohi Urgutdadurman.

Tiling bilmasam ham tushungandayman,
Sen bilan gohi do’st tutingandayman.
Gohi bu do’stlikdan o’kingandayman,
Ming bir xayol ichra ming bittadurman.

Suymoq — bu gulxanda kuymoq azali,
Men shahar erkasi, sen tog’ go’zali.
Eslab yur yodingga tushgan mahali —
Shaydolaring ko’p-u, men bittadurman!..

Muhammad Yusuf. Uyqudagi qiz by Khurshid Davron on Scribd

хдк

(Tashriflar: umumiy 23 560, bugungi 6)

17 izoh

  1. Muhammad Yusuf o’zi yaratgan she’rlarida mangu barhayot, bugun ustoz hayot bo’lganlarida 66 yoshni qarshi olar edilar… Illo joylarini jannatdan qilgan bo’lsin, Ukishi ko’rmagan yaxshi kunlarni farzandlari, nabiralari ko’rsin ilohim!!!

  2. Ollohim ohiratlarini obod qilsin! Umri qisqa bolsa ham õlmas she’rlar yozdi .Bizga ham ularga õxshagan uluĝ martabali inson bõlish nasib qilsin

Izoh qoldiring