Nazar Eshonqul. Sancho & Nazar Eshonqul bilan suhbat. Video

055    Бахшининг уч йиллик хизматидан сўнг ҳам Санчо  барибир улғаймади: йиллар фақат унинг ранги ўзгариб бораётган мўйларига, тобора ўзларининг мавжудлигини билдириб бораётган ажинларига, бу дунёни ва ўзининг соҳибига истеҳзо билан муносабатда ва муомилада бўладиган, одамларни кўришдан безиб, тобора кичрайиб бораётган кўз косаларига таъсир қилган, бу аъзоларни одамнинг пешонасига ёзган азал-абад қонунларининг қозонида қовурган, лекин кўнгли, кўзлари, гапи-ю ўзини тутиши болалигича қолганди…

Назар Эшонқул
САНЧО
02

04   Таниқли ёзувчи Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

1.

Асраган кўзга чўп тушар дегандай, қўярга жой топмай, еру-кўкка ишонмай юрган келинидан туғилган, белкуракдай кафтида кўзи очилмаган мушук боласидай бўлиб ётган набирасига мулла Раҳмон катта умидлар билан қўйган туппа-тузук “Бойқул” исми ўрнига тенг-тўши уйли-жойли бўлиб кетса ҳам тўқайда чурвақалар билан “зувиллоқ” ўйнаб юрган, “йигит” дейишса, она сути оғзидан кетмаган гўдакка, “бола” дейишса, бир рўзғорга қора бўладиган ёшга етган, қоқсуяк юзи, ҳозир йиғлаб юборадигандай ҳамиша ёшга тўлиб турадиган кўзлари, чала туғилганини ҳалигача кўз-кўз қилаётган суну-сумбатида кўнгилни хира қиладиган ноқислик сезиладиган, худо ақлдан ҳам, бўйдан ҳам, бу пайтда дўриллай бошлаши керак бўлган овоздан ҳам қисган қишлоқдошларига Панжи муаллим топиб берган “Санчо” исми ёшу-қарининг қулоғига харсангдай сингиб қолди-ки, кейинчалик хотини ҳам, изма-из туғилиб, ўранинг олд йигитларига айланган ўғиллари ҳам, тожикча ширин талаффузи билан бутун қишлоқни оғзига қаратиб ўтирадиган калталик келини ҳам бу лақабни Терсотадан суриб чиқаролмади: келиннинг минг истиҳола ва минг андиша билан, ҳар қалай, маъноси номаълум “Санчо”га қараганда ўзига ва бошқаларга яқин бўлган “Болабова” деб чақириши Бойқулга ҳар жиҳатдан мос келса-да, терсоталикларнинг орлари устунлик қилиб, туриш-турмуши билан ўзларини бошқа қишлоқликлар олдида тез-тез изза бўлишга, бошини эгишига сабабчи бўлган, мўйи-мўрти чиқса ҳам ақли кирмаган, девона бўлиб девонага, жинни бўлиб жиннига ўхшамайдиган, нафақат бўйи, ақли ҳам наврасталигича қолиб кетган қишлоқдошларига жуда топиб қўйилган “Санчо” лақабини қаёқдаги келгинди келиннинг “ҳе йўқ”, “бе йўқ” ўзгартириб юборишига йўл қўйишмади — оқибатда мулла Раҳмондан сўнг келиннинг ори қўзиб, қайнотасига қўйган янги исми ҳам қишлоқда оммалашмади – “Бойқул” деган исм билан бирга “Болабова” ҳам исқотга қолди. Аслида, мулла Раҳмон бир пайтлар урса, ҳўкизнинг белини синдирадиган белкуракдай кафтида бир парча эт бўлиб ётган набирасига катта умидлар билан қўйган исмни унитиб юбориш олдида келиннинг лақабини қабул қилмаслик чикора эди. Аммо келин ҳам ўжар чиқди: бутун қишлоқ бир томон, унинг ўзи бир томон бўлиб, қайнатосини майна қилишдан қутқариш учун ўйлаб топган лақабидан бир умр воз кечмади – у Терсотага келиб қолган пайтлари бутун қишлоқ эшитиши учун атайин товушини баланд кўтариб қирнинг нариги томонида эчки ўтлатиб юрган қайнотасини қирлар акс-садо берадиган даражада бор овоз билан атайин “Болабова” чақирар, шу билан ўзини тан олмаган қишлоқдан ўч олган бўларди. Бойқул-Санчога ўзини нима деб чақиришларининг заррача қизиғи йўқ эди: ўзини ким деб чақиришмасин мақтов эшитган овсардек тиржайиб қўяр, ҳар қандай маҳал катталарнинг мазахи анқиб турадиган янгидан янги лақаблари-ю майна қилишларига ўзини мослаштира оларди. “Санчо” исми нимани англатишини унга шу номни топиб берган Панжи муаллимдан бошқа ҳеч ким билмасди, зотан, терсоталикларга бу сўз нимани англатишининг қизиғи ҳам йўқ, номаълум сўз уларга бир ноқисни хоҳлаганча майна қилишга, устидан кулишга, жеркишга, камситишга, ҳеч қурса, ақли ҳам, фаросати ҳам, тутиш-тутмуши ҳам ўзларига ўхшамаслигини эслатиб туришга етарлича имкон берар, шунинг учун ҳам “Санчо” деб чақиришгани сари кўзларига янаям кўпроқ бола, янаям кўпроқ ношуд, довдур, эси пастдай ва шу ноқис навраста туфайли бошқа қишлоқликлар олдида топталган иззат-нафслари аригандай бўларди. Болалар ҳам ёши ўтаётганини эслатиб турган қошу-кўзларини ҳам ҳурмат қилмай “Санчо” деб чақиришар, бундан катталар бир қоп семиришар, “Ҳой, бобонг тенгини шундай деб чақирасанми?!” деб танбеҳ бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмас, зеро соч-соқоли оқариб қолган бўлса-да, бутун қишлоқ, энг аввало, Санчонинг ўзи ўзини ҳали ҳам бола деб биларди. Ваҳоланки, бу пайтда ёши етмишни қоралаб қолганди. У тенгилар аллақачон набирали-чеварали бўлиб, елкаларини ёстиқдан кўтармай, уйнинг тўрини бермай, ўзлари чиқарган ҳидни ўзлари ҳидлаб ётадиган сассиқ чолларга айланишганди. “Санчо” эса ҳамон ўша олтмиш йиллар аввал ўзлари билан оқсуяк ўйнаган, ўзлари билан қўшилиб қариган хотираларининг олис гўшаларида бир челак сувни кўтаришга ҳам қурби етмаган мишиқилигича қолган, унинг фақат кўриниши, юзи қариган, пешонасида худди ўзлариники каби ажинлар пайдо бўлган, аммо феъл-атвори, гап-сўзи, муомила ва қарашлари ўша ўн ёшлигидан бир қадам ҳам силжимаганди: бир пайтлар ўзлари билан тенгдош-бўйинса бўлиб ўйнаган Санчо энди қишлоқ кўчаларида уларнинг набиралари билан тўп тепишиб, кўча чангитиб юрарди.

Чала туғилган набирасидан чавондоз ҳам, полвон ҳам, мулла ҳам чиқмаслигига кўзи етгач, мулла Раҳмон бир уюр эчкини олдига солиб берди: шундан бери Санчо ҳар куни эрталаб эшагини эгарларди-ю, белига иккита нон тугиб, бир қулоғи ёнига тушган телпагини бошига бостирганча подани олдига солиб, дарё бўйидаги тўқайга жўнарди: уни эрта баҳордан токи тоғу тошларни қор-қиров босгунча шу ерда, ҳали катталар дунёсига қўшилиб улгурмаган, ҳали катталар забт этолмаган, завқу-шавқлари атрофларини ўраб турган қоялардан ҳам баланд, фақат болалик хаёллари ета оладиган юксакликда от қўйиб, бир-бирлари билан турткилашиб, тепкилашиб юрадиган хаёлпараст мишиқилар орасида учратиш мумкин эди. Унинг болалардан қолишмай, болалардан бирига айланиб, уларнинг биттаси бўлиб, улар билан талашиб-тортишиб ўйнаб юришларига йиллар ўтиши билан терсоталиклар кўникиб ҳам қолди. Болалар билан уйнаб юрганда, танимаганлар, унинг юзини яқиндан кўрмаса, ёши етмишга борган чоллигига ишонмасди: оқарган сочи, ажин босган ёноқларининг яккам-дуккам жойларида бўй кўрсатган, соқол бўлиб соқолга, мўй бўлиб мўйга ўхшамаган, фасллар алмашгани сари соҳибининг умр дафтарини фош қилиб, оқариб бораётган, аммо ҳали ҳам болаликка хос кулгучлар билан тўлиб-тошган афту ангорда ўниб чиққанларидан ўзлари ҳам уялгандек бўйинларини эгиб олган, сувсиз қирда ниш урган бўталардек сийрак тукларни айтмаса, унинг жуссаси ҳам, бўйи ҳам, ҳатти-ҳаракати ҳам, ўзини тутиши ҳам боладан фарқ қилмас, аслида ҳам у кўнгли ва феъл-атвори билан шу болаларнинг биттаси эди.

Нима бўлганда ҳам у болаларнинг эрмаги, катталар қиёфасидаги тенгдош-тўшдоши эди. Болалар, айниқса, унинг эшагини минишга ишқибоз, зеро, эшаги нақ айғирдай келар, салкам биядай чопар, қир-қия демасдан йўрғалаб кетаверар, унинг ҳеч бир фазилати-ю тутиш-тутмушига ҳавас қилмайдиган терсоталиклар айнан эшагига ҳасад қилишар, “Сичқондай гавдасига филдай эшак миниб нима қилар экан?” дейишарди фасодга берилиб. Болалари бирин-кетин ташлаб кетиб, ёлғиз қолгач, Санчо эшагига суяниб қолган, алоҳида меҳр берганди: терсоталиклар эшакларини нушхурд билан боқишарди, у эса арпа билан сийлар, сигир-у эчкиларига нима емиш берса, эшагига ҳам шуни раво кўрар, шунинг учун ҳам Санчонинг “мингиси” ҳар фаслда ҳам қирққа кирган йигитдай қирчиллаб турар, нафақат болалар, катталар-да унинг эшагини бир миниш пайида юришар, кейин “Ўзи бу азалдан хотиндан ҳам эшакни афзал биларди,” деб ғийбат қилишарди. Уларнинг ғийбатларида жон бор эди: Шукур полвон опасидан қолган ўн саккизга кирса ҳам ҳали ақли, суну-сумбати, бўйи басти 10 яшар боланикидай бўлиб қолган жиянини уйлантираман деб, ошнаси Норсафар қизилни бир илож қилиб кўндириб турганда, у пайтлари ҳали “Бойқул” бўлган Санчо Терсотага келган Абдулла бахшининг изидан қочиб кетиб, уч йилдан сўнг ҳозир миниб юрган эшагининг момокалонини етаклаб қайтиб келганди.

Соли Боймирнинг уйига қўнган Абдулла бахши бутун қишлоқни мулланинг айвонига йиғиб, уч кеча “Ёдгор” достонини айтди. Бойқул уч кун ҳам бахшининг ёнидан кетмай чой дамлаб турди. Аслида у чой дамлаш билан бирга бахшичиликка кўнглини ҳам бериб бўлган экан: бир ойдан сўнг бўладиган тўйига ҳам ҳаю-ҳайт деб қўл силтаб, Абдулланинг изидан қочиб кетди. Шу билан уч йил бадар кетди. У уч йил бахшининг хизматини қилди: унинг дўмбирасини, мухлислар берган совға-саломини, хўржунини кўтариб, халфалик қилиб юрди: бахши отда, Бойқул эса қайсидир бахшипарвар чўпон совға қилган эшакда қишлоқма-қишлоқ кезишар, Бойқул ҳали болалигини йўқотмаган тасаввурини Бойчибору Ғиротнинг изидан етаклаб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузаштлар дунёсига бошлаб борар, гоҳ Алпомишни етти йиллик зиндондан қутқарар, гоҳ Гўрўғлини гўрдан олиб чиқиб, худди ўзи каби уни ҳам ёмон кўрадиган, “зотсиз” деб майна қиладиган дунёга қарши қўйиб юборар, адолат учун, ор учун, топталган шаън учун Алпомишу Гўрўғли қиёфасида жангу-жадалларда иштирок этар, сўнг бу азалий урушда яраланган, задаланган қалбини судраганча гулхан атрофида Абдулла бахшини бутун вужудлари билан тинглаб ўтирган ўзи каби озурда, ўзи каби умидбахш, ўзи каби хаёллар маҳкуми бўлган оломон орасига қайтиб келарди.

Деҳқонободнинг Кўкқиясида – кейинги қишлоққа достон айтиб, мадрадларини териш учун кетаётганда, маориф бўлимидан қайтаётган Панжи муаллим бахшининг дўмбирасини найза каби тик ушлаганча яловбардордай қаддини ғоз тутиб кетаётган Бойқул билан қадимги алпларга ўхшаб, икки юзи мешдай шишиб кетган ширакайф бахшини учратиб қолди: Бойқул муаллим билан қуюқ кўришади, тоғасига соғ-омонлигини етказишни тайинлайди, кейин улар сўрашиб-суришиб бўлгунча анча илдамлаб кетган бахшининг изидан эшагини йўрттириб кетади. Иккисининг ёнма-ён кетаётганига қараб туриб, Панжи муаллим барибир китоб ўқиганлигига борди — шу билан мулла Рахмон чала туғилган набирасининг яшаб кетишига ўзининг ҳам кўзи етмай, ақалли бойларга ўхшаб юрсин деб катта умидлар билан қўйган туппа-тузук “Бойқул” деган исмнинг завол палласини бошлаб берди — муаллим қишлоққа келиб, ўзи ёқтирмайдиган мулла Раҳмон аймоғи устидан кулган бўлди — “Иккаласи Дон Кихот ва Санчо Пансага ўхшаб, шамол тегирмони билан уруш қилишга кетишаётган экан! Хавотир олманглар, ҳурилиқо Дулценияни излаб топишгач, маликаи муҳтарама билан қишлоққа қайтиб келармиш” деди майна оҳангида. Шу билан бира тўла ҳам “Бойқул” деган исмнинг кафанини бичди, ҳам қишлоқда ўзи билан насл-насаб, ор талашиб юрадиган мулла Раҳмон аймоғи устидан боплаб кулган бўлди. Терсоталиклар “Дон Кихот”нинг кимлигини билишмасди, шунингдек, “шамол тегирмони” ҳақида тасаввурлари ҳам йўқ эди, шу сабабли ламанчлик хаёлпараст рицарнинг исмини дарров унутиб юборишди, аммо “Дулцения”ни Панжи муаллим “Тул Нисо” оҳангида талаффуз қилдики, хотинларга суяги йўқ бахшининг ёнига бўзбаччани олиб, қандайдир тул аёлни излаб юрганига фақат тоғаси эмас, бутун терсоталиклар шубҳа қилишмади. Тоғанинг ғужури қўзиди, Бойқул туғилмасдан аввалроқ отдан йиқилиб, жон таслим қилган чавондоз поччасининг қўлини қилиб, бахшининг ва дайди жиянининг изидан от қўймоқчи ҳам бўлди, аммо Панжи муаллим уни тўхтатиб қолди: “Бахшини барибир ушлаб бўлмайди, қишлоқдан қишлоққа ўтиб юраверади, қайси қишлоққа бориши ёлғиз худога аён, бахшининг хурмачаси, Бойқулнинг хўржуни тўлса, уйига қайтади” деди-ки, тоғада бахшининг хурмачаси тўлишини кутишдан бошқа чора қолмади. Панжи муаллимнинг гапидан сўнг терсоталикларга эрмак топилди: ёши улғайса ҳам ақли улғаймаган, бошқа қишлоқликлар олдида ноқис-у наросталиги билан номусга қўядиган “Бойқул” исми “Санчо”га айланди-қолди! “Тулнисо”ни топишдими-йўқми, хўржуни тўлдими-тўлмадими, бу номаълум, лекин Панжи муаллим башорат қилгандек, орадан уч йил ўтгач, пою-пиёда кетган Санчо қишлоққа эшак миниб қайтди: бу ҳам, ҳар қалай, обрў эди – “Яёв кетганди, эшак миниб қайтди!” деди мулла Раҳмон аймоғи ўз шаънларини гап-сўзлардан ҳимоялаган бўлиб.

Абдулла бахши уч йил хизматини қилдиргандан сўнг ақли ҳам, овози ҳам норосалигича қолган “халфаси”дан барибир бахши чиқмаслигига кўзи етган, чамаси, битта эшак билан синиқ дўмбирани тутқазиб, ковушини Терсота томон тўғирлаб қўйганди. Уч йил йўқолиб кетса ҳам на бўйда, на ақлда, на феъл-атвор, на гап-сўзида ўзгариш бўлмаганди: Ражаб чўпон уни қирда кўриб, қариндошлик қони қўзиди — озиб-тўзиб, жуссаси-ю кийиб юрган жулдур кийим-кечаги етим болага ўхшаб қолган жиянига раҳми келиб кетди. Аммо терсоталиклар бағритош одамлар эди, улар унинг жулдур кийимига ҳам, нуқул бахшининг хружунини кўтариб юравериб, бўйи бир қарич бўлиб қолганига ҳам ачиниб ўтиришмади, айтилишидаёқ мазах уфуриб турган “Санчо” лақабини унга қаҳрамонлик нишонидай дабдаба-ю асъаса билан тақиб қўйишди. Эшакни ҳисобга олмаса, синиқ дўмбира билан учи ейилиб кетган халачўпдан бошқа ҳеч нарсасиз қайтган Бойқулга бу лақаб узукка кўз қўйгандай тушди. Ражаб чўпон унга ачинган бўлса-да, аммо “Санчо” миниб келган эшакка унинг ҳам ҳаваси келди: ортда қолса, адашиб кетишидан хавотир олган бахши оти билан баравар юрсин деб унга тоғнинг энг йўрға ҳангисини тортиқ қилганди. Терсоталиклар ғайирликлари келиб, Санчонинг ҳозирги эшаги бахшига “яловбордорлик” қилиб юрган пайтларида белбойиллик чўпон берган ўша эшакнинг набирасими, чеварасими, ҳар қалай, ўша йўрға ҳангидан тарқалган дейишарди.

Тўқайда болалар айнан Санчонинг эшаги билан пойга қилишарди, Азлартепадан дарёга қараб йўрттиришганда ҳамиша Санчонинг эшаги биринчи бўлиб етиб келар, Санчо эса бундан худди ёш боладай қувонар, эшагининг бурнидан ўпиб қўяр, кейин ҳамиша хўржунида олиб юрадиган арпадан бир ҳовуч олиб, кафтида тутганча едирар, эшакни ўзининг бўйинсасидай кўрар, у билан гаплашар, баъзан аразлашиб ҳам қолишарди: токи уйлангунча эшак унинг ҳамдами, сирдоши ва суянчиғи бўлди — ҳангисига минганда у Бойчиборга ёки Ғиротга мингандай бўлар, шу сабабли ўзи емаса ҳам эшагини ҳеч қачон оч қолдирмасди.

Санчо бахшининг уч йиллик хизматидан сўнг ҳам барибир улғаймади: йиллар фақат унинг ранги ўзгариб бораётган мўйларига, тобора ўзларининг мавжудлигини билдириб бораётган ажинларига, бу дунёни ва ўзининг соҳибига истеҳзо билан муносабатда ва муомилада бўладиган, одамларни кўришдан безиб, тобора кичрайиб бораётган кўз косаларига таъсир қилган, бу аъзоларни одамнинг пешонасига ёзган азал-абад қонунларининг қозонида қовурган, лекин кўнгли, кўзлари, гапи-ю ўзини тутиши болалигича қолганди.

2.

Шукур полвон барибир айтганини қилди; эсипастлиги туфайли итини ҳам раво кўрмайдиган теросоталикларга кўз-кўз қилиб, жиянини уйлантириб қўйди. Панжи муаллимнинг таъбири билан айтганда, Норсафар қизилнинг қизи “садоқатли чиқиб қолганди”: гарчи тўйни қолдириб, қочиб кетган бўлса-да, “қиз қочоқ куёвни сабр билан ўз уйида шаҳзодасини кутган малика каби кутганди”. Муаллимнинг бу таъриф-тавсифларига терсоталиклар барибир ичқоралик билан муносабат билдиришди: “Норсафар муаллимга қариндош бўлади, қизи шусиз ҳам эркакшодалиги туфайли уйда ўтириб қолганди, Санчодан бошқа эр чиқмагани учун рози бўлган” дейишди. Нима бўлганда ҳам қиз Санчонинг пешонасига ёзилган экан: у терсоталик қизларга ўхшаб куёвдан қусур излаб ўтирмади, шартта тегди-қўйди. Ваҳолонки, у куёвни тўйдан олдин кўрганди: Санчо “қаллиқ кўриш”га борганда янгасининг уйида печкага ўтин ташлаб ўтирган норастани кўрган қиз Санчога “Қочоқ акангиз келишга уялдими?! Уч йил олма терганимиз етмагандай энди тол хивични от қилиб миниб юрадиган укасини жўнатдими?!” деб таъна қилган экан. Санчо эса ўзидан икки баравар дароз, овози худди полвон отасиникидай йўғон қизни кўрди-ю, тили калимага келмай қолди. Кейинчалик ўзи ёш бола деб ўйлаган йигит куёви эканини билгач, отаси билан ораларида нима гап-сўз ўтгани терсоталикларга қоронғу, аммо келбати куёвдан иккита келадиган қиз барибир Терсотага келин бўлиб келди ва ўзи билан бирга онаси ўлгандан буён ҳувиллаб ётган Санчонинг уйига файз ҳам олиб кирди. Келин эрига фавқулодда меҳрибон чиқди: уни икки йилгача бошқа куёвларнинг ҳавасини, келинларнинг ҳасадини келтириб, худди суннат қилинган боладай ясантириб, бошига қати бузилмаган дўппи, эгнига оппоқ кўйлак, бахмал чопон кийдириб олиб юрди. Келин болалар билан ўйнаб кир қилган кўйлак ва чопонни эрталабгача ювиб, дазмол босиб қўярди. Келиннинг олдида Санчо ўсмир боладай кўринар, лекин уйдан ташқарига чиқдими, ҳамиша эрининг изидан юрар, ундан бир қадам ҳам олдинга ўтмас, гарчи кўриниши бола бўлса-да, эрлик ҳурмат-иззатини сақлар, бирон оғиз ортиқча гап қилмас, талашиб-тортишмас, оилага дахлдор бирон масала бўлса, ҳаммага “Ана, уй эгасидан сўранглар!” деб обрўсини жойига қўяр, терсоталик ғийбатчи хотинларнинг ғашини баттар оловлантириб, дароз келин боламижоз эри билан аҳил-иноқ яшарди. Терсоталиклар ҳам Санчонинг бундай эрга ўхшаб, хотинини сўкканини, уришганини кўрган эмас, қанчалар ажабланарли бўлмасин, хотини ҳам унга хотин, керакли пайтларда она эди: у эрини худди боласидай эҳтиёт қилар, боласидай кўнглига қарар, боласидай хархашасини кўтарар, боласидай меҳрибонлик қиларди. Аслида Санчо ҳам келинга фарзанддай бўлиб қолганди: дарёнинг нариги бетидаги отаси, инилари меҳмонга чақиришганда, қуйи қишлоқдаги кўприкка бориб ўтирмай, шундоқ Терсота тўғрисидан дарёни кечиб ўтишаётганини терсоталиклар кўп кўрган: келин липпасини тириб олиб, дарёдан олдин болаларини, кейин Санчони елкасига кўтариб олиб ўтказиб қўярди.

Панжи муаллимнинг лақаби хотинига ҳам маъқул келди, зотан удум эрининг исмини айтишга изн бермас, “Санчо” эса эрининг ҳақиқий исми эмасди. Санчо эса ўша-ўша эди: ўзини нима деб чақиришнинг фарқи йўқ, у уйлангандан сўнг оғзи қулоғида юрар, уйи болалар билан ҳамиша лиқ тўла эди: улар, ошиқ, тўпиқ, оқсуяк ўйнашар, келин эса бир четда эрининг боладай қилиқларидан завқланиб, баъзида эрига болаларнинг яширинган жойини кўзи билан имо қилиб, зимдан ўзи ҳам ўйинга қўшилиб ўтирарди. Болалар кеч тушгач ҳам кетгиси келмасди, келин уларни алдаб-сўлдаб уйларига жўнатар, аммо тонг оқариши билан уйи олди яна эчки ёки пода ҳайдаб, Санчони чорлаётган болаларга тўлиб кетарди. Келин эрининг белбоғига емакларни тугиб, болаларга қўшиб, молнинг изидан тўқайга жўнатарди. Куёвлик чилласи чиқмаган пайтларда ҳам Санчони келиндан кўра болаларнинг ёнида кўпроқ кўришарди. Эрлар хотинларига Санчонинг хотинини ибрат қилишганда терсоталик аёллар “Сизнинг ҳам кўнглингиз Санчоникидай бўлса мен ҳам унинг хотинидай меҳрибон бўламан” деб узиб олишарди.

Келин келиб, Санчонинг рўзғорига барака кирди: энди Санчо қирққа яқин эчкини, ўндан ошиқ қора молни олдига солиб, тўқайга кетаётган бўларди. Ёз бўйи эр-хотин Қотнинг устидан беда ташиб чарчашмасди: келин бедаларни эшакка ортиб берар, Санчо эса эшакни етаклаганча бошқа беда ташиётган болалар билан “ким ўзар”га қишлоққа ғириллаб келиб кетар, болаларга қўшилиб, чарчашни ҳам, толишни ҳам билмасди.

Эрига худди фарзандидай меҳрибон бўлгани ва кўп куйингани туфайлими ёки бошқа сабабми, келин Санчодан тез қариди: йиллар ўтиб, келиннинг юзида вақтнинг бешафқат муҳрлари пайдо бўлганда Санчо ҳақиқатан ҳам унинг тўнғич фарзандига ўхшаб қолганди. Узун қиш кечалари уларнинг уйи болалар билан лиқ тўлар, келин ҳам урчуқ йигирганча, Санчонинг чўпчакларини, нақлларини, термаларини, турли достонлардан парчаларни болаларга қўшилиб эшитиб ўтирар, қаҳрамонларнинг тақдиридан таъсирланиб, йиғлаб ҳам оларди. Келиннинг гавдаси бесўнақай бўлса-да, кўнгли юмшоқ эди: эрининг чўпчакларини, Ултонтоз илик бермай хўрлаганда Ёдгорнинг “ота” деб йиғлашларини эшитиб, болалардан кўра у кўпроқ кўз ёш тўкарди.

-Шундай қилиб,- деб гап бошларди Санчо Абдулла бахшидан эшитиб эслаб қолганларини бахшига ўхшаб баён қиларкан.- Алпомиш бадар кетди. Қалдирғоч чўри, Бойбўрихон сўқир, Барчиной талош бўлди. Бир умр Бойбўрининг хизматини қилганлар Ёдгорни бир иликка арзитишмади. Ёдгорнинг кўнгли бузилди, Ёдгор хўрланди, Ёдгор “Отажон, қайдасиз?!” деб йиғлади. Алпомиш зиндонда бу йиғини эшитиб, сесканиб уйғонди. Қараса, унинг аҳволига бутун осмон йиғлаётган экан. Етти кун ёмғир ёғди, зиндон сувга ғарқ бўлди. Етти кун Ёдгор йиғлади. Йиғлайвериб, кўкайи қуриб кетди…

Эри Ёдгорнинг “кўкайи қуриб” йиғлаётганини тасвирлаганди, хотини Ёдгордан баттар йиғига ғарқ бўларди. Санчонинг хотини йигирма йил эри билан бирга яшаб, бирон куни болаларсиз ўтмади, зеро энг катта бола эрининг ўзи эди: эри ёши ўтиб борган сайин яна ҳам кўпроқ бола бўлиб борарди: атрофга, ҳаётга, дунёга бола кўзи билан қарар, бола кўзи билан баҳо берар, бола каби мушоҳода ва мулоҳоза қиларди. Катталарни гирибонидан олган тирикчилик ташвишлари ҳам, бозорлардаги кунма-кун ошаётган нарх-наволар ҳам, худди забт этилган шаҳарга кириб келган душман қўшинлари каби Терсотага бирин-кетин кириб келаётган янгидан янги удумлар, орзу-ҳаваслар, ким ўзарга уй қуриш, тўй қилишлар ҳам, ҳеч қайси бири қизиқтирмасди: Санчо кундузи болалар билан ўйнаб, кечқурун уларга “Алпомиш”нинг қайтиши-ю, “Гўрўғли”нинг туғилишини айтишдан чарчамасди, зотан у бу достонларнинг бошқа жойларини билмасди ҳам. Абдулла бахши ё ғайирлигидан ёки бахши чиқмайди деган хулосага елганидан унга деярли ҳеч нарса ўргатмаган, айтимларни Санчонинг ўзи эшитиб ёд олганди, аслида, у болаларга айтиб берадиган парчалар Абдулла бахши айтиб берган “Алпомиш-у” “Гўрўғли”га кўпам ўхшайвермасди. Санчонинг Алпомиши ва Гўрўғлиси худди эртак қаҳрамонларига ўхшар, девлар, жинлар, Бўжилар, аждарлар билан олишар, ҳамиша ғолиб чиқар, улар гоҳ кенжа ботир, гоҳ Бойсунлик шаҳзодага айланар, Барчин ҳам унинг “достон”ида борса-келмас юртининг девлар толошида қолган маликаси бўлиб чиқарди. Шунда Алпомиш маликани девлардан қутқариш учун йўлга чиқар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузаштларни бошдан кечирарди. Баъзида бирдан достон йўсини яна ўз оқимига қайтиб, у ерда қалмоқлар, Тойчохон, Ёдгор, Ултонтоз пайдо бўлиб қоларди. Нима бўлганда ҳам унинг Алпомиши ва Гўрўғлиси болаларга мос, болача тасаввур маҳсуллари эди, зеро унинг ўзи ҳам қандай тасаввур қилса, болаларга шундай етказарди. У ҳатто шу эртак-чўпчакларида ҳам катталарнинг фисқ-фасод, алдов урчиб ётган дунёси билан келишолмасди. У катталар орасида ўзини ночор, нотовон, ёлғиз ҳис қилар, юраги сиқилар, етти ёт бегона муҳитга тушиб қолгандай бўлар, болалар орасида эса яйраб-яшнаб кетар, улар билан бирга пайтлари ундан бахтиёр киши бўлмас, дунёнинг ҳеч бир орзу-ҳавасини у болаларга қўшилиб ўйнаш ва уларга чўпчаклару достон айтиб беришга алмашмасди. Афтидан, хотинига ҳам унинг ана шу болача дунёси, болача кўнгли ёқарди. Шу сабаблими, келин ҳеч қачон турмушдан, эридан, кам-кўстдан нолиганини қишлоқдошлари эшитмади: ваҳолонки, унинг уйидан болаларнинг қадами узилмас, эр-хотин топгани улар билан ўртада эди. Эр-хотин ёзда тайёрлаган ўрик, олма қоқилари қишда достон эшитишга келган болаларнинг оғиз эрмагига айланарди, келин тайёрлаган шўртак қуртларнинг довруғи эса қўшни қишлоқ мазахўрларининг ҳам ҳавасини келтирарди. Нима бўлган тақдирда ҳам Норсафар қизилнинг эркакшода қизи Санчо билан бахтли-тахтли умр кечирди-ки, тўғриси, терсоталиклар буни кутмаган эди, айнан шунинг учун ҳам улар киши билмас тарзда бу бола бўлиб бола, катта бўлиб катта бўлмаган худо ақлдан қисган бандасига зимдан ҳасад ҳам қилишарди.

Бу пайтда терсоталиклар “Бойқул” исмини деярли унитиб юборишган, энди бу исмни худди ўлиб кетганига кўп замонлар бўлган қишлоқдошларининг хотирасидай зўрға эслашар, энди ҳеч нарса “Санчо” исмини бу қишлоқдан суриб чиқаришга қодир эмас эди.

3.

Кечки пайт ва далага мол ҳайдаб бўлмайдиган серёғин кунлари бобоси ола-тасир замонларда Жодугар бойдан назр эвазига олган эски қўрғонни эслатувчи, қарийиб олтмиш-етмиш йилдан бери деворларига сувоқ тегмаган Санчонинг уйи терсоталик болалар билан лиқ тўларди: ўша олис замонларда отлиқ меҳмонларга мўлжаллаб қурилган ҳайҳотдай қўналғохонанинг ўртасида мўри бор эди. Қадим замонларда қиш пайтлари ўртадаги ўчоққа олов ёқиб, чавондозлар ётиб туришган, ҳалигача от абзалларининг ва чавондозларнинг тер ҳиди ўтириб қолган бу меҳмонхона Санчодан “Алпомиш”у нақллар эшитишга келган болалар билан гавжум бўларди: улар худди қадим чавондозлар каби ўчоққа қуруган заранг билан Санчонинг хотини ёз бўйи ҳафсала билан қий аралаштириб гувалаган тезакни ташлаб қўйиб, шундоқ кигизнинг ўзига ёнбошлаб олишар, Санчонинг гоҳ дўмбирада, гоҳ сибизға аралашган муқомларини эшитиб, хуш-хурсанд ўтиршарди — аслида ҳам қаҳратон қишни Санчонинг “Алпомиш”и тафти эритиб юборар, ташқари туфласа музга айланадиган бир паллада улар тасаввурлари отига минганча Алпомиш ва Гўрўғли билан бирга жазирама диёрларни кезиб юришар, шу йўл билан қиш аёзларини таналарига яқин йўлатишмасди.

-Гўрўғли гўрда туғилди, унинг туғилганини билиб, Аҳмад сардор мозор тешикларини суваб ташлади, ташқарига чиқмасин деди. Гўрўғли онасини эмиб, мозор ичида ўйнаб юрди. Етти ёшга етганда худда девдай йигит бўлди, қаддини бир кўтариб, мозор тўпроғини елкасидан ирғитиб ташлади. Уни кўрганлар дев тирилди деб ўйлади. Шундай қилиб, Гўрўғли ер юзига чиқди…- дерди у

Унинг кўзларига қараб туриб, ўзи айтаётган чўпчакларга ўзи ишониб ўтирганини сезиш қийин эмасди. Шунинг учун ҳам болалар ҳам уни жон қулоғи билан эшитар, хасис Абдулла бахши ҳеч нарсага ярамай қолгач, ҳадя қилган эски дўмбирани олиб, меҳр ва фахр билан созлар, достонни ҳамиша бахшилар удумини қилиб, устозига бағишлов билан бошларди: аслида у бу билан устози ҳақидаги ушалмаган орзусини баён қилган бўларди.

-Ҳа, бовурим-а, -дерди у Абдулла бахшига монанд кўзларини юмган ҳолда.- Мушт урганда қоя кўчган Алпомишим, йиғлай-йиғлай кўздан қолган Бойбўрим, бир иликни кўп кўришган Ёдгорим-а. Гўрда туғилиб, майит эмган Гўрўғлим-а…

Унинг ўзи қариса ҳам кексармаган овози уйга сир ва маҳобат бағишлаб турган юз йиллик устунлардан тортиб, бир асрдан зиёд бу хонадонда содир бўлган воқеаларга гувоҳ бўлган болорлару равлар, нораста овоздан бир тебраниб қўйядиган ўтмиш ғуборлари ётган токчаларгача ўзига хос акс-садо берар, болалар наздида худди Терсотанинг ўзи каби кекса ва эски уй ҳам Санчога қўшилиб, ўтмишдан, уларга сир бўлган азал-абаддан нималарнидир сўзлаб бераётгандек туюларди.

Аслини олганда, болаларнинг хаёлидагина шундай туюлмасди: йилма-йил янгиланиб, бўяниб, яшариб, замонга мослашиб бораётган бошқа уйлар олдида парти кетиб, шарти қолган чолдек бўлиб қолган бу уйнинг ўзи ҳам бир пайтлар бутун ўранинг фахри ва ғурури бўлган мулла Раҳмон ва Шоди чавондоз ҳақида боболаридан эшитиб улғайган авлод учун сир ва қадим эртакнинг ўзи эди, ва табиийки, на оталарига, на боболарига иурқи ҳам, феъли ҳам, ўзи ҳама ўхшамаган Санчонинг ўзи эса ўша қадим эртакнинг давоми эди: Санчо отаси ва боболари билан болаларча фахрланарди, шу сабабли дўмбира олганда ҳамиша “мулла бобомнинг руҳи қўлласин!” деб бошлар, шу жумлани айтганда, ростдан ҳам унинг танасига нимадир киргандай овози чийиллоқ бўлса-да, равон ва ғамгин тус оларди. Эҳтимол шунинг учун бўлса керак, катта ўғил отасини олиб кетишга қанчалик уринмасин, Санчо ота уйини ташлаб кетмади: путурдан кетган ҳайҳотдай уй ва Терсота билан қолди. У тонг саҳарда тўқайга борар, токи болалар мактабдан келгунча улканлиги ва катталигидан қишлоқдошлари “Қора қўрғон” деб аташадиган сийпантош устига чиқиб олиб, тўқай ва тоғларнинг қадим оҳангини чалаётгандай дўмбирасини тинғирлатиб, ўзича бахшимонанд хиргоийи қилиб ўтирар, унинг ана шу хиргойиси ҳамон қаримаган, ҳали ҳам Абдула бахшининг этагини тутиб юрган даврлардагидек навқирон ва шижоатли эди:

Қалмоқ дея сафар кетган Алпомиш,
Сафар эмас бадар кетган Алпомиш.
Ёдгорини етим қилиб, хор қилиб,
Ўлди дея хабар кетган Алпомиш…

Ёдгор ҳақида хиргойи қиларкан, ҳамиша ўзининг етим болалиги кўз олдига келар, ёнидан оқиб ўтаётган дарё каби кўз ёшлари унинг юзидан қуйилиб келар, йиғлагани сайин яна йиғлагиси келар, хиргойиси бўри боласининг увиллашига ўхшаб мустар бўлиб қоларди. Бу пайтда у достон воқеалари ичига буткул кириб кетган бўларди: ким билади, арзимас закотни деб юз кўрмас бўлиб кетаётган ака-ука орасини болача тасаввурлари билан яраштирмоқчи бўлармиди ёки худди ўзини эшитиб турган болалар орасида Бойсуннинг қирларида Ҳакимбек ва Барчиной, гўрда туғилган, гўрда эсини таниган Гўрўғли билан ўйнаб юрармиди ёки “етим” деб кўнгли яримта қилинган Ёдгорнинг ситамларида ўзининг отасиз ўтган болалигини кўрармиди, бу ёғи ўзига ва яратганга аён, унинг хаёли достон айтаётган палла бу тўқайда, йилдан йилга йириклашиб, йириклашгани сайин одамлари майдалашиб бораётган Терсотада — ҳаёт ўйинида бир-бирини алдашга, ямлашга тайёрланаётган қишлоқдошлари орасида, бу тоғларда, бу вақт ўлчамида бўлмасди. Буни болалар ҳам ҳис қилишар, шунинг учун биронтаси чурқ этмай, бутун вужуди билан Санчони тингларди. Тўғрисини айтганда, терсоталик болаларга Алпомиш ва Гўрўғлини мактаб муаллимларидан кўра кўпроқ танитган ҳам Санчо-Бойқул чол эди: қанча болалар Алпомиш ва Гўрўғли таъсирида катта бўлишди, сўнг ўзлари ҳаётдан ҳам Алпомиш ва Гўрўғлиликни излаб кетишди. Улар Санчо чўпчакларидан қутулиб кетмаган, ҳали ҳануз умр сўқмоқларида Алпомиш ва Гўрўғлини излаб юришарди. Санчо эса Алпомишу Гўрўғли ҳаётда борлигига ишонганларгагина эртакларини раво кўрарди: Абдулла бахшини эшитиб, ёд олганларга ўзидан қўшиб-чатиб, тўқир экан, аслида ўзининг кўнгил дунёсини, орзу-армонларини баён қиларди. Унинг чўпчакларида ҳамиша эзгулик, адолат, тўғрилик, ҳалоллик, мардлик ғалаба қозонарди, унинг қаҳрамонлари ҳамиша ожизларга, эзилганларга, зулм кўрганларга мададга етиб келар, уларни адолатсизлик ва зўровонлик чангалидан қутқарарди. Унинг эртакларида биронта ёмон жазоланмасдан қолмасди — айнан шунинг учун ҳам болалар унинг чўпчакларини яхши кўришар, унинг атрофида гирдикапалак бўлишар, аслида, Санчонинг ҳам топган-тутгани ва ишонгани шу болалар эди. У катталардан кўрмаганни шу болалардан олаётгандай эди.

У гўё катталар орасида ўзига ўрин йўқлигини англаб, катталар орасида кулгу ва масхарага сабаб бўлган орзу-ўйлари, ҳатти-ҳаракатлари, кечинма-туйғулари ҳамда катталарнинг ақлу идроклари билан ҳеч қачон бўйлаша олмаган тасаввурини болалар дунёсига олиб келиб яширгандек, ўзини қабул қилолмаган, ўзига ўрин бермаган, ўзини мазах қилган катталар дунёсидан қочиб, бир умр бола бўлиб яшашга аҳд қилгандек, катталар дунёси билан ўчакишаётгандек ёши ўтган ва танаси йилларнинг аёвсиз тепкиларида кичрайиб борган сари у ўзини болалар орасига кўпроқ олиб қочарди: ҳавонинг ройиши қандай бўлмасин — қиш-қировлими, ёзнинг жазираси ёки баҳорнинг сержала фаслими, агар тўқайда катталарнинг авзои-ю тушунчалари, қарашлари-ю, ҳаммасини ўзларига мослаштирмоқчи бўлган қистовларидан безор болалар олдиларига солиб ҳайдаб чиқадиган эчки-улоқ, сигир-бузоқнинг кавшига тушадиган нимадир топилишига имкон бўлса, Санчо чолни ҳам ҳамиша шу ерда — болалар орасида, худди болаларнинг биридай, ўзи ҳам худди боладай улар билан гоҳ чиллак ўйнаган, гоҳ тўп тепган, гоҳида ёшига ярашмаган тарзда она сути оғзидан кетмаган жипириқлар билан ким ўзарга чопқилашиб юрган ёки табиат ҳукми билан кураша-кураша аёз чекинганини, қишнинг адо бўлганини қишлоққа, бани одамзотга исботлаб беришмоқчидай қор остидан бойчечак излаётган, кўкламда эса қирни тўлдириб, худди орзу-умидларини учирма қилаётгандек варрак учираётган жужуқлар орасида учратиш мумкин эди.

4.

Абдулла бахшидан ажрашгандан буён орадан қирқ йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, Санчо дўмбирани ва эшакни кўз қорачиғидай асраб келарди. Бу орада унинг хотини ўлиб кетди: ҳали ҳам ақли бола бўлиб қолган, ҳали ҳам катталар орасига қўшилолмаган эрининг тақдиридан боласи етим қолаётган онадай хавотир олиб жон берди. Санчо ҳам хотининг қабри устида худди онаси ўлган боладай ҳўнг-ҳўнг йиғлаганини терсоталиклар кўп замонлар эслаб юришди: йиғлайвериб ҳолдан тойгач, катта ўғли қуриб-қовжираб қолган бир ўрам бедани ортмоқлагандек елкасида кўтариб олиб қайтганди.

Хотинининг кутилмаганда ўлими ҳаммасидан ҳам икки яшар кенжасига қаттиқ таъсир қилди: у ҳали ҳам онасини эмарди. Устига-устак онаси ётиб қолгани учун парваришсиз қолиб кетиб, кўкйўтал орттириб олганди. Унинг она кўкраги хуморини босиш учун қавми-қариндошларнинг она сути оғзига келди: эмиб ўрганган болани сутдан ажратиб олишга шу пайтгача энг сутпараст гўдакларда ҳам иш берган ҳеч бир тажриба, ҳеч бир амалиёт, қария-ю кексаларнинг минг йиллик маслаҳатлари ҳам кор қилмади — чақолоғини олти ойлигидаёқ ажратиб ташлаб, бир ҳовли қора-қураларни катта қилган мана-ман деган оналарнинг-у, кўпни кўрган, кўпни билган кампирларнинг билган-кечирганлари яроқсиз бўлиб қолди. Ярим кечами, тонгми ёки қоқ туш, кенжа ўғил она кўкраги хумор қилиб, бир йиғласа, бутун Терсота оёққа турарди: худди шум тақдирнинг акс-садосидай эшитиладиган гўдак йиғиси сал бўлмаса нариги қирдаги Чит қишлоғигача етиб борар, атрофни ўраб турган тоғу тошлардан қишлоққа нохуш акс-садо бўлиб қайтарди. Ҳам йиғлаб, ҳам йўтали тутиб, кўкариб қолаётган болага қараб туриб, унинг яшаб кетишига ҳеч ким ишонмас, шу сабабли ҳамма онасидай бўлиб қолган хотинидан бирдан айрилиб, қадди чўкиб қолган Санчога эмас, “гўдакка жабр бўлди”, деб ачинишарди. Дастлаб тераклилик тоғалар болани олиб кетмоқчи бўлишди, аммо унинг касалмандлигини, устига-устак тез-тез шайтонлаб туришини билишгач, фикрларидан қайтишди: Азроил шундоқ бошида ўтирган болани олиб кетиб, кейин терсоталиклардан бир умр надоматга қолишни исташмади. Даставвал маслаҳат берувчилар ҳам, меҳрибонлар ҳам кўп бўлган эса-да, охир-оқибат бор оғирлик ҳали ўзи бола бўлган, ҳамманинг назарида, нораста ва ноқис Санчонинг зиммасига тушди: бу йилларда нафақат Терсотанинг, балки ўрадаги барча қишлоқлардаги дўсту душманининг бор эътибори, диққати унинг оиласига қаратилди. Ҳамма ич-ичида бу ақли қусур отанинг болани нобуд қилишига ва шундай хабар бутун ўрани яна бир қалқитишига заррача шубҳа қилишмас, айни пайтда боланинг аҳволини кўриб, аралашгиси, шусиз ҳам жони қилда осилиб турган гўдакка фойдасиз меҳрибончиликлари билан азоб бергиси келмас, мулла Раҳмонни ва унинг бир пайтлар довруғи билан Амир Олимхоннинг ҳам тилига тушган аждод-авлодини таниган борки, аянчли, имконсиз ва муқаррар тақдир измини кутишарди. Бироқ Санчо ҳаммани ҳайратга солиб, катталар учун ҳамиша қусур бўлиб келган болача ақли билан иложсиз туюлган муаммога осонгина чора топди — ўғлини қисқа муддатда “етимликка” ҳам, бошқа “кўкрак”ка ҳам кўниктира олди — боласига она кўкраги хумор қилганда эчки эмишни ўргатди. Кўникиши, ўрганиши ва шохли жонивордан қўрқмаслиги учун ўзи эмиб кўрсатди. Аввалига “жундор” ва “сузонғич она”дан чўчиб турадиган бола бир ҳафталардан сўнг эмгиси келганда ўзи бирон эчкининг оёқлари орасига кириб олиб, эмиб чиқадиган бўлди: елини тўлиб турган эчкини ютоқиб эмаётганда боланинг кўзларида ҳаёт шавқи пайдо бўлар, у бундай пайтда касалманд болага эмас, кўпроқ ўлжасини босиб олиб, ғажиётган бўриваччага ўхшаб кетарди. Санчо боласини елкасига миндириб тўқайда олиб юрар, қорни очганда бирон эчкини ушлаб туриб, эмизар, кейин боласи билан ўзи тошлар орасида ҳар хил ўйинлар ўйнарди. У фарзандларини ўйин ўйнаб катта қилди. Кенжа ўғил эрта-ю кеч Санчонинг елкасидан тушмас, қорни очқаса, югуриб бориб, бирон эчкини таппа босганча эмиб келаверар, кейин отаси билан тўпиқ ё чиллак, бекинмачоқ ё ошиқ ўйнаб, она дардини эсдан чиқарарди. Эчки сути шифо бўлдими ёки терсоталиклар ва тоғалари унинг пешонасига битилган ёздиғни нотўғри ўқишганмиди, нима бўлганда ҳам, Санчонинг бахтига Кенжа тезда эт қўйиб, бўй чўзиб қолди. Уни обдон текширган Ҳамид фельдшер билан келган туман маркази докторлари кўкйўтал аломати йўқолганидан ҳайратга тушишди ва кейинчалик бу ҳақда бутун ўрага гапириб юришди. Бу пайтда ёши ўтиб, ўзи билан ўзи гаплашадиган одат чиқарган Ражаб чўпон “Санчо қишлоғимиз фариштаси!” деб лутф қилди. Аммо тоғалари Санчода Ражаб чўпон кўрган фаришталикни кўра олишмади: боланинг тузалганини билишгач ёлғиз опаларидан ёдгорлик деб, сўққабош ва ақли қусур отанинг уларни тарбия қилишига шубҳа қилиб, жиянларини олиб кетишди. Шундан кейин Санчо тўқайда кўринмай қолди. У билан бирга қишлоқдан ҳам файз кетди: болаларнинг бошини қовуштирадиган, ўйинларини қизиқ қиладиган ёки уларга янги-янги ўйинлар ўйнаб топадиган бир девона энди йўқ эди. Тўқай зерикарли гўшага айланган, қишлоқ кўчалари ҳувиллаб ётар, Санчо билан Терсотанинг ҳам болалиги кетиб қолгандай эди. Буни терсоталиклар дарров сезишди. Улар Санчони тўқайга қайтаришга кўп уринди, бироқ фойдаси бўлмади. Санчо ҳар куни эчкиларини ҳайдаб, Терсотадан чиқиб кетар, шу кетганча Теракли ёнидаги қирни қўналға қиларди. Унинг ўйинини соғиниб турган болалари қирда эчкилар кўриниш билан тоғаларининг уйидан қочиб чиқишарди. Ота-болалар, аслида ёши ҳар хил бўлган, лекин қалбан тенгу-тўшдошлар қош қорайгунча қирда ўйнашар, сўнг Санчо эчкиларни ҳайдаб, Терсотага қайтар, болалар эса тоғалариникига йўл олишарди. Терсоталиклар бориб кўндирдими ёки болаларнинг оталарига бўлган меҳри ийдирдими, тоғалар уч ойлардан сўнг икки жиянини ҳам Терсотага қайтариб юборишди. Улар эт билан суякни ажратиб бўлмаслигига ниҳоят амин бўлишган эди. Санчо эртасигаёқ болалари билан тўқайда пайдо бўлди. Тўқай яна гавжум бўлиб, болалар қийқириғига тўлди.

Санчонинг атрофида болалар бор экан, унга на кексалик, на касаллик, на оғриқлар, на мадорсизлик писанд эди: у қишлоқ болаларининг болалигини тўқайзорда ва отасидан қолган чавондозлар қўналғасида кутиб олар, пайти келиб, уларни шу ерда катталар дунёси томон кузатиб қўяр, ўзи эса ҳамиша болалигича қолаверарди. У билан тўқайзорда биринчи марта чиллак ўйнаган болалар ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган, тўкилиб тушаётган таналарини бир илож қилиб, йиғиб олиб, эртанги кунга умидсиз боққанча ажалларини жимгина кутишаётганда Санчо чол на ажал ҳақида ўйлар, на танасидаги оғриғу дардлардан нолир, аксинча ҳали ҳануз болача орзулар билан яшар, энди ўзлари билан ўйнашга иймана бошлаганларни катталар дунёсига кузатиб қўяр, кейин шу ерда яна бошқа бир авлоднинг болалигини қабул қилиб оларди. Қарийиб олтмиш йил тўқайзор терсоталик жужуқларни болалик дунёсида кутиб олиб, сўнг катталар томон учирма қиладиган майдонга айланганди: у ҳаммани кутиб олар, кузатиб қўяр, ўзи эса болалик дунёсида яшашда давом этарди: у ёш жиҳатдан тенгдошларинининг ҳасадини келтириб, кексалик устидан ҳамиша ғолиб келиб, қишлоқ кўчаларини болалар билан чангитиб, яйраб-яшнаб, ўйнаб-кулиб юрарди.

5.

Тўнғич ўғил онасига тортиб, норғул йигит бўлиб улғайди: алпқомат йигитнинг кўнгли ҳам дарёдай экан: у Калта қишлоғига тўйга бориб, кураш тушаётганларни девор оша томоша қилаётган тожик қизни кўриб, ёқтириб қолди-ю, ичкуёв бўлиб, ўша қишлоқда қолиб кетди. Тоға тараф – тераклиликлар сал бўлмаса калталиклар билан ёқа буғишгача борди – жиянларининг ичкуёв бўлганидан уларнинг номуси келганди. Аслида тожик қишлоққа ичкуёв бўлиш терсоталикларнинг ғурурига тегиши керак эди. Аммо бу ҳол ота бўлмиш Санчонинг парвосига ҳам келмаганини кўрган ҳамқишлоқлар бурчак-бурчакда ғийбат қилишдан бошқасига ярамади. Шариф раис оқсоқолларни аралаштириб, тоғалари билан калталиклар жанжалининг олдини олди – оқсоқоллар “ичкуёв бўлган хонадонда ёлғиз она билан сингилдан бошқа ҳеч ким йўқлигини ҳисобга олинса, тўнғич ўғил ҳақиқий полвоннинг ишини қилган” деган қарорга келишди. Тераклиликлару калталиклар бир-бирига хезланиб туришганда Санчо болаларга чўпчак айтиб бериш билан овора эди.

Кенжа ўғил эса тез улғайди, ниҳоят ҳамма нарса ғўрлик даврини эслатадиган ота дунёси унга торлик қилиб қолди — у отасининг достонларидаги қаҳрамонларни ва саргузаштларни излаб, олис сафарга отланди: худди бир пайтлар отаси ҳаммасига қўл силкаб, бахши изидан кетгани каби ҳаммасига, қартайиб қолган Санчонинг қаровсиз қолишига ҳам, сўққабош отасини ташлаб кетгани учун қишлоқда пайдо бўладиган гап-сўзлар-у, ғийбатларга ҳам “ҳаё ҳуйт” деб, этак силкиди-да, шаҳар кетди – шу билан бадар кетди. Ўша ерда уйланди. Тўйга негадир фақат акаси билан тоғалари бориб келди: кенжатой отасининг тўйда ҳам болалар билан ўйнаб қолиб, мисқоллаб йиғган обрўсига путур етишидан қўрқдими ёки Санчонинг ўзи рўйхушлик бермадими, нима бўлганда ҳам, акасини отасини тўйга олиб бормасликка кўндирди. Кейинчалик ҳам у шаҳарлик болаларига ўзига эчки эмизишни ўргатган отасини бирон марта кўрсатмади — Санчони шаҳарга чақирмади, ўзи эса қишлоққа келмади — фақат онда-сонда шаҳар борган терсоталиклардан отасига у-бу бериб юборар, шу билан ўзининг фарзандлик бурчини бажарган бўларди. Тўнғич ўғил ичкуёв бўлса ҳам бир оёғи Терсотада эди. Калталик келин ҳам меҳрибон, бундан ташқари гапга чечан эди: у келганида ўзига ёвқараш қилиб кутиб олган терсоталикларнинг кўнглига шундай йўл топдики, улар шундай келинлари ўзларининг қишлоғида эмас, Калтада яшаётганидан афсусландилар. Келин ҳар икки-уч ойда келиб, қайнонаси ўлимидан сўнг янада тезроқ путурдан кетаётган уйни тартибга солар, Санчонинг, ўзига қўйса, умрбод алмаштирмайдиган ички кийимларигача ечиб олиб, ювиб, уйни саронжомлаб кетарди. Келин агар кийимининг ҳаммасини ювмаса, қайнотаси барибир алмаштирмаслигини билиб, бор кийимини бира тўла ювар, бу пайтда токи ички кийимлари қуругунча Санчо худди ёш боладай чойшабгами, чопонгами ўралиб, набиралари билан ошиқ ўйнаб ўтирар, болаларидан кўра набиралари билан тез тил топишар, уларга эртак айтиб берар, албатта, ўйинбоши ҳам ўзи бўлган ҳолда турли ўйинлар ўргатар, тўқайга олиб чиқар, сийпантошга олиб бориб, ким ўзарга сирпанишарди. Катталар дунёсидан мустаҳакам жой олган ўғли отасининг ҳали ҳам бола бўлиб яшаётганидан номуси келса ҳам ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигини англар, бола-чақасини олиб, отасига бир сўз демай жўнаб қолар, Санчо эса яна ўз дунёсида қолар, уни ҳамиша ўзи билан бирга қаримаган овози, қаримаган кулгулари, қаримаган кўнгил дунёси билан бирга болалар орасидан топиш мумкин эди.

6.

Кенжа ўғил шаҳар сўраб кетгандан орадан ўн тўрт йиллар ўтгач катта йўлдан Азлартепага қараб Терсота томон қора машина бурилди: Санчо ҳам, болалар ҳам бу пайтда тўқайда кундалик юмушлари-ю ўйин билан банд эди. Машинани биринчи бўлиб, Соли Боймирнинг набираси кўрди.

-Ановини қаранглар, -деди у ўйнаётган жойида тўхта қолиб, Азлартепага тирмашиб чиқаётган машинани кўрсатиб.

Тўқайда бирдан ўйин тўхтади: ҳамманинг кўзи қишлоққа қараб бурилган зулукдай қопқора машинага тушди. Бу машина эмас, мўъжизанинг ўзи эди. Ҳали бунақасини терсоталиклар кўрмаганди, ва табиийки, шаҳар кўрган терсоталиклар ҳам кўрган машиналарга сира ҳам ўхшамасди – орадаги масофа анча бўлса ҳам қопқора ойнаси, қип-қизил фаралари, кабина эшикларга ўрнатилган ялтироқ гардиши, қуёш нурида кўзни қамаштирар, юрганда жилваланаётган ғилдираги, узун тумшуғи, юришидаги салобат ва виқор тоғу тошларни ўзига ром қилиб қўйгандай эди. Бунақасини фақат киноларда кўришган, машина эмас, нақ афсонавий тулпорнинг ўзи эди. Санчо айтиб берадиган эртаклардаги пари-пайкару чиройда ойни уялтирган ҳуриликолар ҳам қишлоқ оралаганда терсоталикларни бунчалик ҳайратга солмаган бўларди: Санчонинг чўпчакларидаги Ғиркўкдай Азлартепа орқали қишлоққа кириб келаётган, машинани энди бутун Терсота томоша қилар, машина ўзининг кундалик тирикчилиги билан овора қишлоқда вақтни бир зум тўхтатиб қўйган, ҳамманинг хаёлида “Бу қандай машина бўлди? Кимникига келаяпти? Бундай обрў-эътиборга муносиб кўрилган валламот ким экан?” деган савол ғужғон ўйнарди. Машина эса худди босайми, босмайми деб қадам ташлаётган танноз каби ўзини қиру адирларга, тўқай-ю-ўтлоқларга, атрофни ўраб турган тоғу-тошларга кўз-кўз қилиб, қишлоққа кирди ва қишлоқнинг ғарбидагиларнинг аламини ва ҳасадини қўзғаб шарқига — тўқайга туташ томонга қараб йўл олди. Қишлоқ қирга ўрмалатиб қурилгани учун ҳар бир уй бир-бирига кафтдек кўриниб турарди. Йўлга болалар билан қўшилиб катталар ҳам чиқиб олишган, улар ҳайрат ва ҳавас билан машинани кутиб олиб, кейин суқ билан кузатиб қолишарди. Машина эса кўпчилликнинг умиди ва илинжини, ғурурини ер билан яксон қилиб, ярим қишлоқни оралаб ўтди-да, келиб-келиб Санчонинг уйи олдига тўхтади: бутун қишлоқ бу адолатсиз иноятдан бирдан жунбушга келди. Терсоталиклар бир-бирларига қарашар, кўзларига ишонишмас, ҳеч нарсага тушунишмас, бир-бирининг юзларида пайдо бўлган саволга жавоб, юракларидаги ҳасадга малҳам излашарди.

-Сизнинг уйингизда тўхтади, Санчо, — деди Мурод синчининг набираси Малик. У пойга қилиш учун Санчонинг эшагига энди минган, машинага кўзи тушгач, тўхтаб қолган, шундан бери оғзидан сўлаги, кўзидан ҳайрати оқиб, ҳайкалдай қотиб турарди.

-Ҳа, сизнинг уйингиз олдига тўхтади. Ким у, Санчо?

Соли Боймиринг набираси ҳамманинг кўнглидаги саволни берди. Аммо бу саволга Санчо жавоб беролмасди. Шу сабабли у елка қисди. Санчонинг уйи атрофида одамлар тўплана бошлади. Болалар ҳамма нарсани унутиб, қишлоқ томон югуриб кетишди. Санчо Маликнинг орқасига мингашиб олганди. Эшак йўрға бўлса ҳам барибир болаларни қувиб етолмади: улар худди бир нарсадан қуруқ қолишадигандек харсанглар-у, боғ-роғни мол-ҳолдан асраш учун териб чиқилган тошдеворлар устидан сакраб ўтиб, югуриб боришарди. Санчо етиб борганда машинани ярим қишлоқ аҳолиси – ёшу қари ўраб турар, биров унинг фарасини, биров бежирим люкини, биров гардишини, биров ойнасини, биров ҳатто мўйларни ҳам яққол кўрсатиб турган капотини ҳайрат билан тоомша қилишарди. Рости ҳам бундай чиройли ва кўринишининг ўзиёқ ақлни лол қиладиган ғайритабиий машина Терсотага эмас, умуман бу ўрага биринчи келиши эди. Санчони кўрган қишлоқдошлари унга кутилмаган ҳурмат ва иззат билан йўл очишди. Машина олдида кабинага суянганча бир йигит турар, эгилиб машина салонини кўраётган теросоталикларга ниманидир тушунтирарди. Эшак машина олдига боргач, туёқ товушларини эшитиб, йигит бошини кўтариб қаради. Бу унинг ўша бадар кетган Кенжа ўғли эди. Санчо аввалига танимади. Танигач эса анграйиб турди. У бир машинага, бир ўғлига қарарди.
-Мана бизнинг бобой ҳам келди,- деди Кенжа Санчони кўриб. У ҳеч қачон отасини “бобой” демаганди – бу унинг шаҳарда ўзлаштирган лаҳжаси эканини ҳамма сезди: у пуштикамаридан тушган отасини “Бобой” дейиши билан отаси билан ўзининг орасидаги фарқни кўрсатган, шу йўл билан шаҳарда орттирган обрўсини сақлаб қолганди, гўё. Ўғил ҳали ҳам ҳеч нарсани тушунмаганча лол бўлиб турган Санчо томон юриб келди. У қорин қўйган, савлатли бўлиб қолганди. У отасини худди боласини кўтариб олгандек, эшакдан кўтариб туширди-да, қучоқлашиб эмас, оталарча елкасига уриб кўришди. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермади: терсоталиклар қаёқдаги ноқис отага шундай ўғли насиб қилганидан ҳали ҳам ўзларига келолмай туришарди. Носир дўкондор эса аламидан лабларини ҳам тишлаб олган, шу дафъа омаднинг кўзи кўр бўлишига яна бир карра имон келтириб турарди. Санчони эса қишлоқдошларининг юз-ифодалари ҳам, улар ўйлаётган ўй-хаёллар ҳам қизиқтирмас, худди сеҳрли хилқатни кўриб қолган ёш боладай машинага жодуланган алфозда қараб турарди. Ўғли отасининг ҳолатини дарров тушунди. У машинанинг эшигини очди, ичкарига ишора қилди. Санчо машинага ўтирди. Машинада кенжа ўғилнинг болалигига қуйиб қўйгандай ўхшаб кетадиган 12 ёшлардаги бола ҳамманинг ҳаваси келаётган машина ўзига тегишли эканини кўз-кўз қилаётгандай айрича ғўддайиб ўтирар, унинг юз-кўзида эса “Мен қаерга тушиб қолдим?” деган савол қотиб қолган, одамни сескантирадиган даражада пакана, устига-устак юзига ярашмаслигини ўзлари ҳам билгандек яккам-дуккам бўй кўрсатган мўйлари оқарган, аммо овози ёш боланикидан фарқ қилмаган чол бўлиб чолга, бола бўлиб болага ўхшамаётган тасқарасифат нусхага анграйганча қараб турарди.

-Бу набирангиз, — деди Кенжа. –Сиз билан кўришиш учун келди.

Бола бу маймунбашаранинг ўзининг бобоси эканини эшитиб, баттар саросимага тушиб қолди: отасига кўзининг қопини саволга тўлдириб қаради ва яна бобо бўлмишни бошдан-оёқ кўз югуртириб чиқди.

Санчо бундай қарашларга ўрганиб қолгани учун набирасининг юзидаги ажабланишга эътибор бериб ўтирмади, машина ичини ҳайрат тўла кўзлари билан гўё ёритиб юборди: салонни, ўриндиқни, бош қўйгичларни, ҳар хил тугмачаларни, умуман ҳар бир детални сеҳрлангандай ушлаб кўра бошлади. У кўриб турган нарсасига кўзлари ишонмаётган, худди қаттиқроқ тегса зарар етиб қоладигандек оҳиста силар, сўнг бу ишидан мамнун бўлиб, юзи қувончдан ёришиб, лаблари ёйилиб кетарди. Набира эса унинг ҳайратидан ҳайратга тушиб, ўзига бобо бўлмиш нусхадан кўзини узмас, юзида ётсираган бир ифода қотиб қолганди.

Санчо эса худди ўғлининг болалиги қайтиб келгандек ўзида йўқ хурсанд эди: у набирасига қараб тўймас, унинг қарашларида елини тўлиб турган эчкини кўрганда пайдо бўладиган кенжа ўғлининг кўзларидаги ёвқур бир шижоатни кўриб қоларди. У шу пайтнинг ўзидаёқ уйига йиғилган қишлоқдошларини ҳам, ўн тўрт йилдан бери кўрмаган ўғлини ҳам унутди, набираси билан андармон бўлиб қолди.

-Мен мана шу уйда туғилиб, шу уйда улғайганман,-деди Кенжа бир орзумандлик билан отхонадай кенг ва баланд қилиб қурилган уйга ишора қилиб ўғли Санчо ва болалар ҳамроҳлигида теварак-атроф билан танишиб бўлиб, уйга қайтгач.

Набира худди отасининг туғилганлик изларини излаб топмоқчидай тўсинларни ушлаб-ушлаб кўрар, хонанинг одатдаги уйларга нисбатан анча баланд шифтини, равоқу, токчаларни, васса-ю равларни, ислимий нақш берилган улкан ромларни худди махлуқлар яшайдиган ғорга кириб қолгандай ҳайрат билан томоша қиларди.

-Бу ҳам ўзи сизга ўхшаб ўйинларни яхши кўради, — деди ўғил худди тенгдошини топиб олгандек отасининг боласининг ёнидан жилмаётганини кўриб. — Сиз ҳақингизда, ўйинларингиз, қишлоғимиз, тўқай ҳақида гапириб бергандим, мен ҳам бораман деб туриб олди.

У бу гапларни ўзининг ўн тўрт йил дим-дирс кетгани учун узрхоҳлик оҳангида айтаётган, шу орқали орадаги узилиб қолган меҳру оқитбатни тикламоқчи бўлаётган эди. Аммо катталар дунёсига хос бўлган бундай нозик илғамларни Санчо тушунмасди, у кенжа ўғлини аллақачон кечириб юборган, умуман, шунча йил келмаган бўлса ҳам ўғлига кўнглида заррача бўлса ҳам гина-кудрут йўқ, эсу дарди отамзамонларда қурилган уйни ҳайрат ва қизиқиш билан томоша қилаётган набирасида эди.

Қони тортдими ёки отасининг ҳикоялари таъсирими, бобо ва набира тез тил топишди: Санчо унинг меҳмон эканлигига эътибор қилиб ўтирмади, шу оқшомининг ўзидаёқ набираси билан талашиб-тортишиб болалар билан ўйнайдиган ўйинларни ўйнашга тушиб кетди. Бобо ва набира ярим тунгача аввал ошиқ, кейин тўпиқ, охирида “Ўғрини ушла” ўйинларини ўйнашди, табиийки, бу ўйинларнинг барида Санчо ғолиб келди. Кенжа отаси компютердан бош кўтармай қолган ўғлини бир пайтлар ўзининг танглайини кўтарган, бахту-саргузашт излаб шаҳарга кетишига туртки берган ўйинларга қизиқтираётганидан хурсанд бўлиб, бобо ва набирани жилмайган кўйи кузатиб турарди. Йўл таъсирими ёки набира кўриниши алламбало махлуқларини эслатадиган бобосини енголмаслигига кўзи етдими, ярим тунда тин олиш учун ётди: Кенжа бир қучоғига ўғлини, бир қучоғига отасини олиб, ухлаб қолди.

Шундай қилиб, ўн тўрт йил бадар кетган Кенжа олди ёз бўлгани учун боласини Терсотага ташлаб кетди.

-Анови ўйинларни унут,-деди Кенжа кетиш олдидан ўғлига.- Бобонгнинг ўйинлари зўр. Менинг шундай кунларга етишимга ўша ўйинлар сабаб бўлган.

Отасининг гапини тушундими, йўқми, номаълум, ўзини саргузаштилар ўлкасига тушиб қолгандек тутиб турган набира бобоси билан қолишга рози бўлди.

Ростданам Терсота ҳам, бобоси ҳам набира учун ғаройиботнинг ўзи эди: уни қадимий қўрғонни эслатадиган уй ҳам, худди этакдаги ширага ёпишган чумоли галаси каби тоғ ёнбағрига ойтобрўй қилиб қурилган қишлоқ ҳам, бобоси эрталаб соғиб ичирган эчкилар ҳам, нақ айғирдай келадиган эшак ҳам, ҳаммаси қизиқтириб қўйганди, Санчо эса энди кеча-ю кундуз ўзи билан ўйнайдиган шерик пайдо бўлганидан боши осмонда эди.

7.

Қанчалик ғаройиб туюлмасин, дастлаб набира тўқайда болаларнинг ўйинига киришиб кетолмади. Аслида ҳам бу ўйинлар унга бегона эди. Унинг бошқа, ўзларига номаълум бир дунёдан келганига тесоталик болалар тезда амин бўлишди. Терсоатиликларга завқ берадиган барча нарсалар негадир набирани тез ҳафсаласини пир қиларди. Шу сабабли у кунини тўқайни, чангалзорни, сийпантошни айланиш билан ўтказар, болаларнинг ўйинига бир четда шунчаки томошабин бўлиб қараб турар, унинг юз-кўзидан бу эрмаклар заррача қизиқтирмаётгани сезилиб турарди. Кечалари ҳам энди бобоси билан ўйнаб ўтирмас, овқатланабоқ ётиб оларди. Невараси Санчо билган болаларнинг ҳеч бирига ўхшамасди, умуман у болага ҳам ўхшамасди. Паришон, камгап, ҳуркак, одамёввойи эди. Сўралган саволга жавоб бермас ёки битта сўз билан жавоб қайтарар, ўзи бирон нарса истаса ҳам фақат уч-тўртта сўзни ишлатар, кейин хонанинг бир четига бориб соатлаб ерга тикилганча ўтирар, бобоси билан ҳам, болалар билан ҳам истамай, зўрға гаплашар, шундай пайтларда Санчога у керакли сўзларни билмай, болалар билан мулоқат қилишга қийналаётгандай туюларди: у ўзини қанчалик “бола” қилиб кўрсатмасин, неварасининг ичига киролмади. Қишлоқ болалари жон қулоғи билан тинглайдиган чўпчаклар-у эртаклар, “Гўрўғли”-ю, “Алпомиш”дан тўқиган термалари ҳам унга таъсир қилмади. Тўқайга олиб чиқиб, чиллак уришни, зувиллашни, тошлар орасига билинтирмай яширинишни, тошларда сакраб юришни, чангалзорда “Каклик ови” ўйнашни кўрсатди, фойдаси бўлмади. Санчо набирасини қизиқтириш учун янгидан янги ўйинлар ўйнаб топар, тўқай тонгдан шомгача болаларнинг шодон қийқириғи билан тўлиб-тошарди. Невара тўқайга ҳувиллаган уйда ўзини қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқлиги учун бўйнидан етаклагандай зўрға келар, еру-кўкни бошларига кўтарётган болаларга қўшилмай, уларни бир четда кузатиб, уларнинг ўйинлардан энсаси қотиб, беҳафсала ўтирарди. Санчо неварасини ақалли жилмайтиириш учун шу пайтгача ҳар қандай болани бир марта ичак узди қилолган ҳар хил қилиқларни қилиб кўрди: думбасига уриб, тиззалаб рақс тушди, Чаплинга ўхшаб маймоқланди, кўзларини олайтириб, ҳар хил ҳайвонлар қиёфасига кирди, ит бўлиб ҳурди, сигир бўлиб мўъради, от бўлиб кишнади, эшак бўлиб ҳангради, эчки бўлиб маъради, хўроз бўлиб, “қоқоқ”лади, бўри бўлиб увлади, илон бўлиб тебранди, аждар каби вишшиллади, тол хивчинни “от” қилиб минди, хўтик каби ерга ағнади, маймун бўлиб, дарахтга осилди, харсанг каби думалаб берди, хуллас, олтмиш йил давомида ўзлаштирган бор ҳунарини қилиб кўрди, фойдаси бўлмади — терсоталик болалар кулгунинг зўридан қоринларини ушлаб ётиб қоладиган томошалари ҳам неварасига пашша ёнидан учиб ўтганчалик ҳам таъсир қилмади, аксинча, соқоли оқариб қолган одамнинг ёш болага ўхшаб ўзини ҳар кўйга солишининг сабабини тушунмай кўзларини лўқ қилиб, миқ этмай тикилиб ўтирарди.

Охир-оқибат шундай бўлдики, Санчо набирасига эмас, набира Санчога, қолаверса, ўйинқароқлиги билан бутун ўрада ном чиқарган терсоталикларга ўйин ўргатишга киришди.
Бир куни болалар ҳар доимгидай энди “Зувуллоқ” ўйинини бошлаймиз деб турганда, набира уларнинг қаршисига келиб, бир пас бепарво кузатиб тургач, кутилмаганда таклиф қилиб қолди:

— Балким “Супермен” ўйинини ўйнармиз, — деди у томдан тараша тушгандек.

Болалар бир-бирига, ва табиийки, Санчога қарашди. Санчо бунақа ўйин борлигини билмасди. Ҳамма ажабланиб набиранинг оғзига кўз тикишди.

-У қанақа ўйин?!-сўради Малик туятурпоннинг илдизидан сақични ажратиб олиб, чайнар экан. Кейин сақичини шаҳар болага кўрсатмоқчидай тилининг учига олиб кўрсатди.
Ўйин номининг ўзиёқ болаларда бирдан фавқулодда қизиқиш уйғотган, шу пайтгача ўзларининг бу тўқайдаги эрмакларига ўхшамаган ном ҳамманинг оғзини очиб қўйганди: набира эса болаларни ўзига қарата олганидан хурсанд бўлиб кетди ва “Шуни ҳам билмайсизларми?!” дегандек писанда билан ўйин шартларини тушунтира бошлади.

— Шаҳарда биз фақат шу ўйинни ўйнаймиз. Ўйиннинг шарти бундай: номаълум қалъада ўта хунук, ўта тасқара, ўта бадбашара махлуқ яшайди. У ғайиртабиий кучга эга: уни оддий қуроллар билан ўлдириб бўлмайди. Фақат икки тиғли ханжар санчилса, ўлиши мумкин. Бунинг учун эса унга ханжар урадиган даражада яқинлашиш керак. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Чунки у ўта кучли махлуқ, яқинига йўлаганни ямаламай ютиб юборади. Ютган сайин кучга тўлиб боради. Дастлаб икки гуруҳга бўлиниб, “сараланиш” керак. Саралаш пайти “ўлган” чиқиб кетаверади, енгганнинг битта қўшимча “жони” кўпаяверади. Кимнинг “жони” кўп бўлса, ўшанинг имконияти ҳам кўп бўлади, “ўлдиришганда” ҳам қўшимча “жон”и эвазига жангни давом эттириш имконига эга бўлади. Ўйиннинг охирги босқичида ким махлуқни енгиб, унинг ҳам жонини ўзиники қилолса, супермен, яъни ўлмайдиган қаҳрамон бўлади.

Терсоталик болалар жуда кўп ўйинларни билишарди. Аммо бундай ғаройиб ўйин ҳақида биринчи марта эшитиб туришганди: енганнинг жони кўпайиб бориши – ким кучли бўлса, охир-оқибат барча жонларни ўзиники қилиб олиб, “ўлмайдиган” мақомга эришиш — бу энди салкам эртакнинг ўзи эди.

-Тўқай, чакалакзор, харсанг тошлар, айниқса, анови қора тош бу ўйинни бемалол ўйнаш имконини беради, худди компютердагидай,- деди набира. – Мен компютерда бу ўйинни роса кўп ўйнаганман.

Кутилмаганда, бу ўйинга ҳамма, ҳатто Санчо ҳам қизиқиб қолди: ўйин деса унинг суяги йўқ эди.

Шундай қилиб, набира эса ташаббусни бутунлай қўлга олди, бобосининг очиқчасига рақобтчисига айланди.

— Ким ўйин шартларига рози бўлса, бошлашимиз мумкин, -деди у.-Эслатиб қўяй, бу ўйинда фақат битта ғолиб бўлади. Ғолиб Супермен даржасига чиқади.

Ҳамманинг ўлмайдиган қаҳрамон бўлгиси келарди. Набира таклиф қилаётган ўйин Санчо айтиб берадиган чўпчакларни йўлда қолдириб кетарди.

Набиранинг шарофати билан бир пасда тўқайзор “ҳарбий жанггоҳ”га — фақат кучлиларгина яшаб қолиши мумкин бўлган ўйингоҳга айланди: қонида бўлгани учунми ёки ўзи шунақа қобилият билан туғилганми, буниси номаълум, лекин у бу хилдаги ўйин борасида устаси фаранг чиқиб қолди – ҳамманинг юзини қоракуяга бўятди, аввал “ёйандазлик”, кейин “найзабозлик”, кейин чакалакзорда пусиб-пойлаб юриш, яқин бориб, тўсатдан “ханжар” билан маҳв қилиш – ҳаммасини ўзи бу хил жангу жадалда иштирок этиб юргандай ташкил қилди. Кимгаки “ўқ”, “найза”, “ханжар” тегиб, ўша жойи қизариб қолдими, бўлди, у ўйиндан чиқиб кетишга маҳкум, яъни у “ўлган” ҳисобланади. Бунинг учун улар энди қизара бошлаган зиркнитнг ширасидан фойдаланишар, оқибатда тайёр бўёқ — “қон” пайдо бўлар, “найза”, “пойкон”, “тўқмоқ” учларини унга ботириб олишди. Ўйин чакалакзорда бўладими, харсанглар орасидами, юлғунзордами, фақри йўқ, “душман”га тўсатдан, кутилмаганда ҳужум қилиш ва “қон”ни кийимига тегизиш керак, кийимига “қон” текиши “ўлганини” билдиради. Биринчи босқич бир бирини овлаш билан ўтади, шарт ҳам “одам ови” деб аталарди.

Баъзилар ногоҳан ўққа дучор бўлмаслик учун соатлаб чакалакзорда ёки бирон тошнинг ортида пайт пойлаб ётарди. Ўйин болаларга шу даражада ёқиб қолдики, айримлар тонг саҳардан тўқайга келиб оладиган бўлди.

Набиранинг янги ўйини бутун Терсотага тарқади ва ҳар бир уй, ҳар бир хонадонда бу ғаройиб ўйин муҳокамага айланди. Бошқача айтганда набира бир кундаёқ ҳаммани ўзига қаратиб олганди. Суперменлар, сайёралар аро жанглар, қулоқ эшитмаган пойгалар ҳақида гапириб берар, болаларнинг атрофига тўплаб, ҳаммани лол қилиб турганидан Санчо ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетарди — у ҳам худди Абдулла бахшини берилиб эшитгани каби набирасининг ўйинлар ҳақидаги ҳикояларини жон қулоғи билан эшитарди.
Энди бутун Терсота “одам ови”га қурилган бу ғаройиб ўйинларни муҳокама қиларди. Бора-бора катталар ҳам шундай тўқайга келиб олиб, болаларнинг ўйинини томоша қиладиган бўлишди.

Заранг шохидан икки тиғли ханжар ҳам ясаб олишди. Ўйин шартига кўра, ҳар бир ўйинчи ханжарга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эди. Бунинг учун ханжарнинг олдинги эгасини “ўлдириш” керак бўларди. Сўнгги “ханжар” эгаси ҳам ҳамманинг “жони”га, ҳам ханжарга эга бўлади.

Ўйиннинг энг нозик жойи — ҳар ким ўзи учун курашиши керак эди. Шу сабабли болалар бурчак-бурчакда “жони”ни ўзиники қилиш учун бир-бирини пойлаб ётишарди, зотан, “Махлуқ”ни овлаш учун аввал бир-бирини овлашлари шарт эди.

Ҳаммаси набира айтгандай тайёр бўлганди. Фақат… фақат энди “махлуқ”ни аниқлаб олиш керак…

Бадбашара, тасқара, хунук махлуқ бўлишга ҳамманинг ҳам юраги дов бермасди ва ҳеч кимнинг “Махлуқ” бўлгиси келмасди.

Шу сабабли ҳамманинг боши қотди. “Махлуқ” бўлмаса, ўйинда мазмун қолмайди. Чунки фақат уни ўлдиргангина ўлмайдиган қаҳрамонга айланади. Болалар “Ким “Махлуқ” бўлади?!” деб тортишиб қолишди.

-Орамизда махлуққа мос йўқ. Ҳеч кимнинг маҳлуқ бўлгиси келмаяпти…

Набира уларнинг баҳсига арашлашмай бир четда турарди. Кейин нимагадир қарор қилгандек, тизилиб турган болаларни бирма-бир кўздан кечириб, Санчонинг қаршисига келиб тўхтади ва унга тикилиб қолди. Болалалар ҳам унинг изидан келиб, Санчони худди энди кўришаётгандек синчковлик билан кўз ташлашди. Улар юзини ажин босган, пешонаси худди уқувсиз кулол ясаган кўзадай ғадир-будур, ичини мўй қоплаб олган қулоқлари йиртиқ пўстакдай шалпайган, соқоли эса бу хунук афтда ўсиб чиққанидан уялётгандек бошини эгиб олиб, патаклашган, одамнинг бармоғидан кўра бирон жониворнинг панжасига кўпроқ ўхшаб кетадиган кичкина жундор бармоқлари, худди кинолардаги гномларни эсга соладиган пак-пакана бўйи, умуман, суну-сумбати махлуқнинг ғирт ўзи бўлган тасқара билан юзма-юз турардилар: изоҳга ҳожат қолмаганди — Санчодан хунук, Санчодан бадбашара, Санчодан бошқа махлуққа мос номзодни топиш мушкул эди.

Улар шундагина аввал боболари, кейин оталари, энди ўзлари билан болалик ўйинини ўйнаб келган митти, япасқи одамнинг набира тасвирлаган йиртқич махлуққа ўхшашини сезиб қолишди-ки, ҳамма бир овоздан Санчони ”махлуқ”қа муносиб номзод эканини ич-ичида тан олишди.

Санчога эса фарқи йўқ эди: ўзинининг ўйинга қўшилганидан хурсанд бўлиб, ҳар доимгидай ҳар қандай шартга тайёр турарди.

Шундай қилиб, узоқ давом этадиган “Махлуқ” “ови” бошланди: бир томондан махлуқни ўлдириш учун келаётган қаҳрамон ўзига рақиб бўлганларнинг жонини ўзиники қилишга, иккинчи томондан “махлуқ” болаларни ўғирлашга(болалар қанча кўп ўғирланса, унинг жони ҳам шунча кўпаярди) киришиб кетишди. Махлуқнинг қароргоҳи – қалъаси – Санчонинг уйи эди. Ўрнатилгани юз йиллардан ошган, гўё олис дориломон кунлар ҳақида нималардир деб минғирлаётгандек таассурот уйғотадагин ғичирлоқ эшиклар, бир пайтлар нафақат Терсотанинг балки бутун Ўранинг виқори бўлган, энди эса чиришга юз тутган ромлар, асрий қурум ва ғубор қоплаган вассалар, йилдан йилга янгиланиб, кўркамлашиб бораётган уйлар қаршисида бегоналашиб, ётлашиб, мунғайиб, ҳақиқатан ҳам бирон ёввойи махлуқ яшайдиган ғорга ўхшаб бораётган уйнинг ўзи — ҳаммаси бу маконнинг набира айтган ўйинга жуда мос эканини кўз-кўз қилиб турарди.

Бу энди шунчаки ўйин эмасди – бобо ва набиранинг келган куниёқ бошланган рақобатнинг давоми эди – ўйин шартларининг икки томонида бобо ва набира ўз шаънларини сақлаб қолиш учун зимдан курашга киргандилар: етмишни қоралаб “махлуқ”қа айланган Санчо бор-йўғи биттагина болани “асир” олганда набира иштирокчиларнинг ярмининг “жон”нини ўзиники қилиб бўлганди. Болалар Санчонинг феълини ҳам, унинг ҳатти-ҳаракатини яхши билишгани учун уни бошқа нарсаларга чалғитган кўйи, кийимларига “қон” юқтирмай қочиб қолишарди.

Эрталаб бошланган ўйин ярим кечагача давом этди: теросталиклар болаларининг Санчонинг уйида хуфтонгача “Оқсуяк”, “Ўғри”, “Яширинмачоқ” ўйинларининг бутун қишлоқни бошларига кўтариб ўйнашларига кўникиб қолишганди. Шу сабабли гоҳ молхонаси, гоҳ уйи, гоҳ томорқаси ичидан келаётган “жон” олиб, “жон бераётган” болаларнинг ҳар тусдаги мағлубона ва ғолибона овозларига эътибор ҳам беришмади.

Ниҳоят набира “найза” ва тўқмоқ, ханжар билан қуролланиб, “Махлуқ” билан юзма-юз турар, унинг орқасида ғира-ширада гўё ростданам ҳам “жон”лари олингач гўё шарпаларга айланиб қолган болалар келишарди. Улар “суперқаҳрамон” ким бўлади, Санчо ёки набирами, билиш учун нафасларини ичига ютиб, қилт этмай туришарди.
Санчо ҳар доимгидай ўйинни қизитиш учун ўзини ёввойи махлуққа солиб, ҳар томонга ириллаб ташланар, қўлидаги сўйил билан набираси томонидан берилган ҳар қандай зарбани осонгина қайтарарди – у ҳаммасини азборийи ўйин учунгина қилаётганди.

Набира “махлуқ” билан аввал найзада, кейин тўқмоқда “куч” синашди: ҳар иккала ҳолатда ҳам вазият “Махлуқ” — Санчонинг фойдасига ҳал бўлди, зотан у олтмиш йилдан ошиқ мол изидан таёқ судраб юравериб, сўйилни ишлатишнинг пири бўлиб кетганди: набирасининг этигидан тортиб, юзигача сўйил қолдирган қизил бўёқ излари билан тўлиб тошди – бу ўйин унинг ғалабаси билан якун топишидан, набиранинг мағлуб бўлаётганидан дарак берарди.

Қишлоқ масжидида хуфтон номози ўқиб бўлиниб, қари-қартанглар уй-уйларига тарқалишаётганда набира деярли тўплаган барча “жони”дан маҳурм бўлганди. Бобосининг таёқ, тўқмоқларни бундай устамонлик билан ишлата олишини набиранинг ўзи ҳам кутмаганди, шу сабабли орқасида турган болалардан бирови “Фақат битта жони қолди” деганда қалтираб кетди: унинг бутун вужуди, лаблари, кўзлари, қорачиқлари титрарди: зотан у терсоталикларга номаълум бўлган давраларда, ўзи айтганидек, шаҳарлик болалар орасида фақат ғолиб бўлган, мағлублик унинг учун деярли ўлим билан тенг шармандалик эди. Шу сабабли унга бир неча дақиқадаёқ худди ҳаёт-мамоти ҳал бўладигандек туюлиб кетди.

-Мен барибир ғалаба қиламан!- деди у ҳансираб аланечук ёт, телбавор жазава билан. Унинг овози ёввойи йиртқич билан юзма-юз турган овчининг ўлим талвасасидаги ҳайқириғига ўхшаб кетди – ажал саси келиб турган бу ҳайқириқдан этлари жунжикиб кетган бўлса-да, Санчо ҳам, уларнинг “жанг”ини четда кузатиб турган болалар ҳам шундай ҳайқириш ўйин шарти бўлса керак деб ўйлашди.

Набира яна қоронғулик қаърида ғойиб бўлди: унинг охирги имконияти қолганди. Агар яна бир марта бобосининг сўйилининг бўялган учи тегса, бўлди, Санчо ўйин ғолиби – супермен бўларди: болалар юрак ютиб, якунни кутишарди. Аммо набира анчагача қорасини кўрсатмади — у қайсидир қоронғу бурчакда пайт пойлаб турарди.

Набирасининг ҳужумини кутавериб, Санчонинг уйқуси келиб кетди: қанчалик кўнгли ҳам, ақли ҳам бола бўлмасин, ёши аллақачон маррани қоралаб қолган, танаси бундай узоқ чўзилган жисмоний зўриқишга дош беролмасди. У ўзининг толиққанини, умрида энг узоқ ўйнаган ўйини шу эканини ҳис қилди. Шунинг учун хаёлида “Агар набирам пайдо бўлса, ўзимни ҳимоя қилиб ўтирмайман, майли, у менинг жонимни олсин!” деб ўйлади. Худди шу қарор билан сўйилга суянганча кўзларини юмиб, тин олди. Уни чарчоқ, уйқу босиб келарди. “Бўлди. Набирамни чақираман, енгилдим, сен енгдинг дейман!” деб режалаштирди у ичида ва шу қарорини айтиш учун кўзларини зўрға очди. Аммо унинг ичидаги ўйлашлари охирга етмади: ярим соатча йўқолиб кетган набира худди ҳаёт-мамот жангига киришган овчидай қоронғулик қаъридан ўқдай отилиб чиқди ва қўлида қолган охирги қурол — ханжарини “Махлуқ” – Санчонинг қорнига “санчди”. Бу шунчалик тез содир бўлдики, болалар ҳам, Санчо ҳам набира қаёқдан, қандай, қайтарзда пайдо бўлганини илғамай ҳам қолди. Санчо зарангдан учи сумак қилиб ясалган ханжар қорнига қадалганда набирасининг ғолиблик акс этган юзинигина кўролди, холос, нафақат юзи, балки кўзлари ҳам эчкини босиб олиб эмаётганда ўлжасини таппа босган бўриваччани эслатадиган отасининг кўзларига жуда ўхшаб кетарди шу пайти. Бу кўзларда унга ёт, бегона, совуқ, ёввойи, у тушунмаган ва англамаган яна қанча ифодалар балқиб турарди. У набирасига енгилганини эътироф этишга чоғланди, аммо гапиришга улугрмади – бутун танасини оғриқ қамраб олди ва у набираси “санчган” “ханжар”ни икки қўллаб ушлаганча йиқилди.

Унинг жуда табиий йиқилганини кўриб, болалар кулиб юборишди: бунақа йиқилишларни, “ўлиб беришларни” Санчо қойиллатарди.

Набира эса бобосига қараганча қотиб қолган, унинг кўзларида жунун, телбавор шавқ зуҳур этарди.

Бу зуҳурот аста-секин унинг юзига ўтди, кейин лабларига кўчди.

У ерда йиқилиб ётган Санчога қараб туриб, болалар томон ўгирилди ва талваса тўла оҳангда шивирлади:

— “Махлуқ”ни енгдим! Мен суперменман!

Болалар уни қутлашга киришиб кетди: биров қучоқлар, ёши каттароқлари келиб елкасига уриб қўйярди. Қолганлари қўлини сиқишди. Энди тарқашса ҳам бўларди. Ўйин тугаган, ниҳоят Терсотада “ўлмайдиган қаҳрмон” пайдо бўлганди.

Фақат Санчо ҳали ҳам ўрнидан турмаганди. Буни Соли Боймирнинг набираси биринчи бўлиб сезди. У ерда қорнини ушлаб ётган Санчонинг олдига бориб, унга бир пас қараб турди.

-Санчо! Туринг. Ҳаммасини ўхшатдингиз. “Ўлганингизга” ишондик,- деди у кулганча оёғи билан оёғига тепиб.

Санчо жавоб қилмади. Соли Боймирнинг набираси аввал Санчонинг елкасидан туртди, кейин товушини баланд қилиб, нохушликни сезгандек қалтироқ овозда бақириб юборди.

-Санчо! Нима, бало, ростданам ўлиб қолдингизми?

Унинг овозини эшитган болалар набирани қутлашдан тўхташди. Уларнинг кўзи ҳали ҳам ерда қорни билан қапишиб, юз-тубан ётган Санчога тушишди. Малик келиб, Санчонинг бошини кўтарди ва уни юзини ўзига ўгирди. Санчо кўзларини юмиб ётарди.

-Санчо! Бўлди кетамиз. Ўйин тугади.

У шундай деб, туришга ёрдам бермоқчи бўлиб, қорнидаги заранг ханжарни ушлаб турган Санчонинг қўлига олиб борди-ю, бирдан сесканиб тушди ва шошиб кафтига қаради. Унинг бармоқлари қон эди. Шундагина ҳамманинг кўзи заранг “ханжар” қадалган жойдан сизиб чиқаётган қонга тушди…

8.

Эртасига Санчони сўнгги йўлга кузатиш учун барча терсоталик болалар чиқишди: улар уйдан токи Азлартепагача қатор туриб олишиб, тобутга елка тутишар, елкадан елкага лопиллаб ўтаётган тобутни секин силаб қўйишар, шу билан катталар дунёсидаги охирги тенгдошлари билан сўзсиз видолашар, катталар эса бу ўлимни қишлоқ учун катта йўқотиш деб ҳисоблашмаётган бўлса-да, аммо ҳар бири ўзларига ўхашмаганлиги туфайли бир умр майна қилиб келган, бир умр бола бўлиб қолган ўзлари ақли ноқис деб билган қишлоқдошлари билан бирга Терсотанинг болалик даврини дафн этиш учун кетишаётганини ич-ичларида ҳис этиб боришарди…

Тамом

   Baxshining uch yillik xizmatidan so’ng ham Sancho baribir ulg’aymadi: yillar faqat uning rangi o’zgarib borayotgan mo’ylariga, tobora o’zlarining mavjudligini bildirib borayotgan ajinlariga, bu dunyoni va o’zining sohibiga istehzo bilan munosabatda va muomilada bo’ladigan, odamlarni ko’rishdan bezib, tobora kichrayib borayotgan ko’z kosalariga ta’sir qilgan, bu a’zolarni odamning peshonasiga yozgan azal-abad qonunlarining qozonida qovurgan, lekin ko’ngli, ko’zlari, gapi-yu o’zini tutishi bolaligicha qolgandi…

Nazar Eshonqul
SANCHO
044

   Taniqli yozuvchi Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» va boshqa asarlari nashr etilgan. «Go’ro’g’li» romanining jurnal varianti e’ln qilingan. Xuan Karlos Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

1.

Asragan ko’zga cho’p tushar deganday, qo’yarga joy topmay, yeru-ko’kka ishonmay yurgan kelinidan tug’ilgan, belkurakday kaftida ko’zi ochilmagan mushuk bolasiday bo’lib yotgan nabirasiga mulla Rahmon katta umidlar bilan qo’ygan tuppa-tuzuk “Boyqul” ismi o’rniga teng-to’shi uyli-joyli bo’lib ketsa ham to’qayda churvaqalar bilan “zuvilloq” o’ynab yurgan, “yigit” deyishsa, ona suti og’zidan ketmagan go’dakka, “bola” deyishsa, bir ro’zg’orga qora bo’ladigan yoshga yetgan, qoqsuyak yuzi, hozir yig’lab yuboradiganday hamisha yoshga to’lib turadigan ko’zlari, chala tug’ilganini haligacha ko’z-ko’z qilayotgan sunu-sumbatida ko’ngilni xira qiladigan noqislik seziladigan, xudo aqldan ham, bo’ydan ham, bu paytda do’rillay boshlashi kerak bo’lgan ovozdan ham qisgan qishloqdoshlariga Panji muallim topib bergan “Sancho” ismi yoshu-qarining qulog’iga xarsangday singib qoldi-ki, keyinchalik xotini ham, izma-iz tug’ilib, o’raning old yigitlariga aylangan o’g’illari ham, tojikcha shirin talaffuzi bilan butun qishloqni og’ziga qaratib o’tiradigan kaltalik kelini ham bu laqabni Tersotadan surib chiqarolmadi: kelinning ming istihola va ming andisha bilan, har qalay, ma’nosi noma’lum “Sancho”ga qaraganda o’ziga va boshqalarga yaqin bo’lgan “Bolabova” deb chaqirishi Boyqulga har jihatdan mos kelsa-da, tersotaliklarning orlari ustunlik qilib, turish-turmushi bilan o’zlarini boshqa qishloqliklar oldida tez-tez izza bo’lishga, boshini egishiga sababchi bo’lgan, mo’yi-mo’rti chiqsa ham aqli kirmagan, devona bo’lib devonaga, jinni bo’lib jinniga o’xshamaydigan, nafaqat bo’yi, aqli ham navrastaligicha qolib ketgan qishloqdoshlariga juda topib qo’yilgan “Sancho” laqabini qayoqdagi kelgindi kelinning “he yo’q”, “be yo’q” o’zgartirib yuborishiga yo’l qo’yishmadi — oqibatda mulla Rahmondan so’ng kelinning ori qo’zib, qaynotasiga qo’ygan yangi ismi ham qishloqda ommalashmadi – “Boyqul” degan ism bilan birga “Bolabova” ham isqotga qoldi. Aslida, mulla Rahmon bir paytlar ursa, ho’kizning belini sindiradigan belkurakday kaftida bir parcha et bo’lib yotgan nabirasiga katta umidlar bilan qo’ygan ismni unitib yuborish oldida kelinning laqabini qabul qilmaslik chikora edi. Ammo kelin ham o’jar chiqdi: butun qishloq bir tomon, uning o’zi bir tomon bo’lib, qaynatosini mayna qilishdan qutqarish uchun o’ylab topgan laqabidan bir umr voz kechmadi – u Tersotaga kelib qolgan paytlari butun qishloq eshitishi uchun atayin tovushini baland ko’tarib qirning narigi tomonida echki o’tlatib yurgan qaynotasini qirlar aks-sado beradigan darajada bor ovoz bilan atayin “Bolabova” chaqirar, shu bilan o’zini tan olmagan qishloqdan o’ch olgan bo’lardi. Boyqul-Sanchoga o’zini nima deb chaqirishlarining zarracha qizig’i yo’q edi: o’zini kim deb chaqirishmasin maqtov eshitgan ovsardek tirjayib qo’yar, har qanday mahal kattalarning mazaxi anqib turadigan yangidan yangi laqablari-yu mayna qilishlariga o’zini moslashtira olardi. “Sancho” ismi nimani anglatishini unga shu nomni topib bergan Panji muallimdan boshqa hech kim bilmasdi, zotan, tersotaliklarga bu so’z nimani anglatishining qizig’i ham yo’q, noma’lum so’z ularga bir noqisni xohlagancha mayna qilishga, ustidan kulishga, jerkishga, kamsitishga, hech qursa, aqli ham, farosati ham, tutish-tutmushi ham o’zlariga o’xshamasligini eslatib turishga yetarlicha imkon berar, shuning uchun ham “Sancho” deb chaqirishgani sari ko’zlariga yanayam ko’proq bola, yanayam ko’proq noshud, dovdur, esi pastday va shu noqis navrasta tufayli boshqa qishloqliklar oldida toptalgan izzat-nafslari ariganday bo’lardi. Bolalar ham yoshi o’tayotganini eslatib turgan qoshu-ko’zlarini ham hurmat qilmay “Sancho” deb chaqirishar, bundan kattalar bir qop semirishar, “Hoy, bobong tengini shunday deb chaqirasanmi?!” deb tanbeh berish hech kimning xayoliga kelmas, zero soch-soqoli oqarib qolgan bo’lsa-da, butun qishloq, eng avvalo, Sanchoning o’zi o’zini hali ham bola deb bilardi. Vaholanki, bu paytda yoshi yetmishni qoralab qolgandi. U tengilar allaqachon nabirali-chevarali bo’lib, yelkalarini yostiqdan ko’tarmay, uyning to’rini bermay, o’zlari chiqargan hidni o’zlari hidlab yotadigan sassiq chollarga aylanishgandi. “Sancho” esa hamon o’sha oltmish yillar avval o’zlari bilan oqsuyak o’ynagan, o’zlari bilan qo’shilib qarigan xotiralarining olis go’shalarida bir chelak suvni ko’tarishga ham qurbi yetmagan mishiqiligicha qolgan, uning faqat ko’rinishi, yuzi qarigan, peshonasida xuddi o’zlariniki kabi ajinlar paydo bo’lgan, ammo fe’l-atvori, gap-so’zi, muomila va qarashlari o’sha o’n yoshligidan bir qadam ham siljimagandi: bir paytlar o’zlari bilan tengdosh-bo’yinsa bo’lib o’ynagan Sancho endi qishloq ko’chalarida ularning nabiralari bilan to’p tepishib, ko’cha changitib yurardi.

03Chala tug’ilgan nabirasidan chavondoz ham, polvon ham, mulla ham chiqmasligiga ko’zi yetgach, mulla Rahmon bir uyur echkini oldiga solib berdi: shundan beri Sancho har kuni ertalab eshagini egarlardi-yu, beliga ikkita non tugib, bir qulog’i yoniga tushgan telpagini boshiga bostirgancha podani oldiga solib, daryo bo’yidagi to’qayga jo’nardi: uni erta bahordan toki tog’u toshlarni qor-qirov bosguncha shu yerda, hali kattalar dunyosiga qo’shilib ulgurmagan, hali kattalar zabt etolmagan, zavqu-shavqlari atroflarini o’rab turgan qoyalardan ham baland, faqat bolalik xayollari yeta oladigan yuksaklikda ot qo’yib, bir-birlari bilan turtkilashib, tepkilashib yuradigan xayolparast mishiqilar orasida uchratish mumkin edi. Uning bolalardan qolishmay, bolalardan biriga aylanib, ularning bittasi bo’lib, ular bilan talashib-tortishib o’ynab yurishlariga yillar o’tishi bilan tersotaliklar ko’nikib ham qoldi. Bolalar bilan uynab yurganda, tanimaganlar, uning yuzini yaqindan ko’rmasa, yoshi yetmishga borgan cholligiga ishonmasdi: oqargan sochi, ajin bosgan yonoqlarining yakkam-dukkam joylarida bo’y ko’rsatgan, soqol bo’lib soqolga, mo’y bo’lib mo’yga o’xshamagan, fasllar almashgani sari sohibining umr daftarini fosh qilib, oqarib borayotgan, ammo hali ham bolalikka xos kulguchlar bilan to’lib-toshgan aftu angorda o’nib chiqqanlaridan o’zlari ham uyalgandek bo’yinlarini egib olgan, suvsiz qirda nish urgan bo’talardek siyrak tuklarni aytmasa, uning jussasi ham, bo’yi ham, hatti-harakati ham, o’zini tutishi ham boladan farq qilmas, aslida ham u ko’ngli va fe’l-atvori bilan shu bolalarning bittasi edi.

Nima bo’lganda ham u bolalarning ermagi, kattalar qiyofasidagi tengdosh-to’shdoshi edi. Bolalar, ayniqsa, uning eshagini minishga ishqiboz, zero, eshagi naq ayg’irday kelar, salkam biyaday chopar, qir-qiya demasdan yo’rg’alab ketaverar, uning hech bir fazilati-yu tutish-tutmushiga havas qilmaydigan tersotaliklar aynan eshagiga hasad qilishar, “Sichqonday gavdasiga filday eshak minib nima qilar ekan?” deyishardi fasodga berilib. Bolalari birin-ketin tashlab ketib, yolg’iz qolgach, Sancho eshagiga suyanib qolgan, alohida mehr bergandi: tersotaliklar eshaklarini nushxurd bilan boqishardi, u esa arpa bilan siylar, sigir-u echkilariga nima yemish bersa, eshagiga ham shuni ravo ko’rar, shuning uchun ham Sanchoning “mingisi” har faslda ham qirqqa kirgan yigitday qirchillab turar, nafaqat bolalar, kattalar-da uning eshagini bir minish payida yurishar, keyin “O’zi bu azaldan xotindan ham eshakni afzal bilardi,” deb g’iybat qilishardi. Ularning g’iybatlarida jon bor edi: Shukur polvon opasidan qolgan o’n sakkizga kirsa ham hali aqli, sunu-sumbati, bo’yi basti 10 yashar bolanikiday bo’lib qolgan jiyanini uylantiraman deb, oshnasi Norsafar qizilni bir iloj qilib ko’ndirib turganda, u paytlari hali “Boyqul” bo’lgan Sancho Tersotaga kelgan Abdulla baxshining izidan qochib ketib, uch yildan so’ng hozir minib yurgan eshagining momokalonini yetaklab qaytib kelgandi.

Soli Boymirning uyiga qo’ngan Abdulla baxshi butun qishloqni mullaning ayvoniga yig’ib, uch kecha “Yodgor” dostonini aytdi. Boyqul uch kun ham baxshining yonidan ketmay choy damlab turdi. Aslida u choy damlash bilan birga baxshichilikka ko’nglini ham berib bo’lgan ekan: bir oydan so’ng bo’ladigan to’yiga ham hayu-hayt deb qo’l siltab, Abdullaning izidan qochib ketdi. Shu bilan uch yil badar ketdi. U uch yil baxshining xizmatini qildi: uning do’mbirasini, muxlislar bergan sovg’a-salomini, xo’rjunini ko’tarib, xalfalik qilib yurdi: baxshi otda, Boyqul esa qaysidir baxshiparvar cho’pon sovg’a qilgan eshakda qishloqma-qishloq kezishar, Boyqul hali bolaligini yo’qotmagan tasavvurini Boychiboru G’irotning izidan yetaklab, ko’z ko’rib, quloq eshitmagan sarguzashtlar dunyosiga boshlab borar, goh Alpomishni yetti yillik zindondan qutqarar, goh Go’ro’g’lini go’rdan olib chiqib, xuddi o’zi kabi uni ham yomon ko’radigan, “zotsiz” deb mayna qiladigan dunyoga qarshi qo’yib yuborar, adolat uchun, or uchun, toptalgan sha’n uchun Alpomishu Go’ro’g’li qiyofasida jangu-jadallarda ishtirok etar, so’ng bu azaliy urushda yaralangan, zadalangan qalbini sudragancha gulxan atrofida Abdulla baxshini butun vujudlari bilan tinglab o’tirgan o’zi kabi ozurda, o’zi kabi umidbaxsh, o’zi kabi xayollar mahkumi bo’lgan olomon orasiga qaytib kelardi.

Dehqonobodning Ko’kqiyasida – keyingi qishloqqa doston aytib, madradlarini terish uchun ketayotganda, maorif bo’limidan qaytayotgan Panji muallim baxshining do’mbirasini nayza kabi tik ushlagancha yalovbardorday qaddini g’oz tutib ketayotgan Boyqul bilan qadimgi alplarga o’xshab, ikki yuzi meshday shishib ketgan shirakayf baxshini uchratib qoldi: Boyqul muallim bilan quyuq ko’rishadi, tog’asiga sog’-omonligini yetkazishni tayinlaydi, keyin ular so’rashib-surishib bo’lguncha ancha ildamlab ketgan baxshining izidan eshagini yo’rttirib ketadi. Ikkisining yonma-yon ketayotganiga qarab turib, Panji muallim baribir kitob o’qiganligiga bordi — shu bilan mulla Raxmon chala tug’ilgan nabirasining yashab ketishiga o’zining ham ko’zi yetmay, aqalli boylarga o’xshab yursin deb katta umidlar bilan qo’ygan tuppa-tuzuk “Boyqul” degan ismning zavol pallasini boshlab berdi — muallim qishloqqa kelib, o’zi yoqtirmaydigan mulla Rahmon aymog’i ustidan kulgan bo’ldi — “Ikkalasi Don Kixot va Sancho Pansaga o’xshab, shamol tegirmoni bilan urush qilishga ketishayotgan ekan! Xavotir olmanglar, huriliqo Dultseniyani izlab topishgach, malikai muhtarama bilan qishloqqa qaytib kelarmish” dedi mayna ohangida. Shu bilan bira to’la ham “Boyqul” degan ismning kafanini bichdi, ham qishloqda o’zi bilan nasl-nasab, or talashib yuradigan mulla Rahmon aymog’i ustidan boplab kulgan bo’ldi. Tersotaliklar “Don Kixot”ning kimligini bilishmasdi, shuningdek, “shamol tegirmoni” haqida tasavvurlari ham yo’q edi, shu sababli lamanchlik xayolparast ritsarning ismini darrov unutib yuborishdi, ammo “Dultseniya”ni Panji muallim “Tul Niso” ohangida talaffuz qildiki, xotinlarga suyagi yo’q baxshining yoniga bo’zbachchani olib, qandaydir tul ayolni izlab yurganiga faqat tog’asi emas, butun tersotaliklar shubha qilishmadi. Tog’aning g’ujuri qo’zidi, Boyqul tug’ilmasdan avvalroq otdan yiqilib, jon taslim qilgan chavondoz pochchasining qo’lini qilib, baxshining va daydi jiyanining izidan ot qo’ymoqchi ham bo’ldi, ammo Panji muallim uni to’xtatib qoldi: “Baxshini baribir ushlab bo’lmaydi, qishloqdan qishloqqa o’tib yuraveradi, qaysi qishloqqa borishi yolg’iz xudoga ayon, baxshining xurmachasi, Boyqulning xo’rjuni to’lsa, uyiga qaytadi” dedi-ki, tog’ada baxshining xurmachasi to’lishini kutishdan boshqa chora qolmadi. Panji muallimning gapidan so’ng tersotaliklarga ermak topildi: yoshi ulg’aysa ham aqli ulg’aymagan, boshqa qishloqliklar oldida noqis-u narostaligi bilan nomusga qo’yadigan “Boyqul” ismi “Sancho”ga aylandi-qoldi! “Tulniso”ni topishdimi-yo’qmi, xo’rjuni to’ldimi-to’lmadimi, bu noma’lum, lekin Panji muallim bashorat qilgandek, oradan uch yil o’tgach, poyu-piyoda ketgan Sancho qishloqqa eshak minib qaytdi: bu ham, har qalay, obro’ edi – “Yayov ketgandi, eshak minib qaytdi!” dedi mulla Rahmon aymog’i o’z sha’nlarini gap-so’zlardan himoyalagan bo’lib.

Abdulla baxshi uch yil xizmatini qildirgandan so’ng aqli ham, ovozi ham norosaligicha qolgan “xalfasi”dan baribir baxshi chiqmasligiga ko’zi yetgan, chamasi, bitta eshak bilan siniq do’mbirani tutqazib, kovushini Tersota tomon to’g’irlab qo’ygandi. Uch yil yo’qolib ketsa ham na bo’yda, na aqlda, na fe’l-atvor, na gap-so’zida o’zgarish bo’lmagandi: Rajab cho’pon uni qirda ko’rib, qarindoshlik qoni qo’zidi — ozib-to’zib, jussasi-yu kiyib yurgan juldur kiyim-kechagi yetim bolaga o’xshab qolgan jiyaniga rahmi kelib ketdi. Ammo tersotaliklar bag’ritosh odamlar edi, ular uning juldur kiyimiga ham, nuqul baxshining xrujunini ko’tarib yuraverib, bo’yi bir qarich bo’lib qolganiga ham achinib o’tirishmadi, aytilishidayoq mazax ufurib turgan “Sancho” laqabini unga qahramonlik nishoniday dabdaba-yu as’asa bilan taqib qo’yishdi. Eshakni hisobga olmasa, siniq do’mbira bilan uchi yeyilib ketgan xalacho’pdan boshqa hech narsasiz qaytgan Boyqulga bu laqab uzukka ko’z qo’yganday tushdi. Rajab cho’pon unga achingan bo’lsa-da, ammo “Sancho” minib kelgan eshakka uning ham havasi keldi: ortda qolsa, adashib ketishidan xavotir olgan baxshi oti bilan baravar yursin deb unga tog’ning eng yo’rg’a hangisini tortiq qilgandi. Tersotaliklar g’ayirliklari kelib, Sanchoning hozirgi eshagi baxshiga “yalovbordorlik” qilib yurgan paytlarida belboyillik cho’pon bergan o’sha eshakning nabirasimi, chevarasimi, har qalay, o’sha yo’rg’a hangidan tarqalgan deyishardi.

To’qayda bolalar aynan Sanchoning eshagi bilan poyga qilishardi, Azlartepadan daryoga qarab yo’rttirishganda hamisha Sanchoning eshagi birinchi bo’lib yetib kelar, Sancho esa bundan xuddi yosh boladay quvonar, eshagining burnidan o’pib qo’yar, keyin hamisha xo’rjunida olib yuradigan arpadan bir hovuch olib, kaftida tutgancha yedirar, eshakni o’zining bo’yinsasiday ko’rar, u bilan gaplashar, ba’zan arazlashib ham qolishardi: toki uylanguncha eshak uning hamdami, sirdoshi va suyanchig’i bo’ldi — hangisiga minganda u Boychiborga yoki G’irotga minganday bo’lar, shu sababli o’zi yemasa ham eshagini hech qachon och qoldirmasdi.

Sancho baxshining uch yillik xizmatidan so’ng ham baribir ulg’aymadi: yillar faqat uning rangi o’zgarib borayotgan mo’ylariga, tobora o’zlarining mavjudligini bildirib borayotgan ajinlariga, bu dunyoni va o’zining sohibiga istehzo bilan munosabatda va muomilada bo’ladigan, odamlarni ko’rishdan bezib, tobora kichrayib borayotgan ko’z kosalariga ta’sir qilgan, bu a’zolarni odamning peshonasiga yozgan azal-abad qonunlarining qozonida qovurgan, lekin ko’ngli, ko’zlari, gapi-yu o’zini tutishi bolaligicha qolgandi.

2.

Shukur polvon baribir aytganini qildi; esipastligi tufayli itini ham ravo ko’rmaydigan terosotaliklarga ko’z-ko’z qilib, jiyanini uylantirib qo’ydi. Panji muallimning ta’biri bilan aytganda, Norsafar qizilning qizi “sadoqatli chiqib qolgandi”: garchi to’yni qoldirib, qochib ketgan bo’lsa-da, “qiz qochoq kuyovni sabr bilan o’z uyida shahzodasini kutgan malika kabi kutgandi”. Muallimning bu ta’rif-tavsiflariga tersotaliklar baribir ichqoralik bilan munosabat bildirishdi: “Norsafar muallimga qarindosh bo’ladi, qizi shusiz ham erkakshodaligi tufayli uyda o’tirib qolgandi, Sanchodan boshqa er chiqmagani uchun rozi bo’lgan” deyishdi. Nima bo’lganda ham qiz Sanchoning peshonasiga yozilgan ekan: u tersotalik qizlarga o’xshab kuyovdan qusur izlab o’tirmadi, shartta tegdi-qo’ydi. Vaholonki, u kuyovni to’ydan oldin ko’rgandi: Sancho “qalliq ko’rish”ga borganda yangasining uyida pechkaga o’tin tashlab o’tirgan norastani ko’rgan qiz Sanchoga “Qochoq akangiz kelishga uyaldimi?! Uch yil olma terganimiz yetmaganday endi tol xivichni ot qilib minib yuradigan ukasini jo’natdimi?!” deb ta’na qilgan ekan. Sancho esa o’zidan ikki baravar daroz, ovozi xuddi polvon otasinikiday yo’g’on qizni ko’rdi-yu, tili kalimaga kelmay qoldi. Keyinchalik o’zi yosh bola deb o’ylagan yigit kuyovi ekanini bilgach, otasi bilan oralarida nima gap-so’z o’tgani tersotaliklarga qorong’u, ammo kelbati kuyovdan ikkita keladigan qiz baribir Tersotaga kelin bo’lib keldi va o’zi bilan birga onasi o’lgandan buyon huvillab yotgan Sanchoning uyiga fayz ham olib kirdi. Kelin eriga favqulodda mehribon chiqdi: uni ikki yilgacha boshqa kuyovlarning havasini, kelinlarning hasadini keltirib, xuddi sunnat qilingan boladay yasantirib, boshiga qati buzilmagan do’ppi, egniga oppoq ko’ylak, baxmal chopon kiydirib olib yurdi. Kelin bolalar bilan o’ynab kir qilgan ko’ylak va choponni ertalabgacha yuvib, dazmol bosib qo’yardi. Kelinning oldida Sancho o’smir boladay ko’rinar, lekin uydan tashqariga chiqdimi, hamisha erining izidan yurar, undan bir qadam ham oldinga o’tmas, garchi ko’rinishi bola bo’lsa-da, erlik hurmat-izzatini saqlar, biron og’iz ortiqcha gap qilmas, talashib-tortishmas, oilaga daxldor biron masala bo’lsa, hammaga “Ana, uy egasidan so’ranglar!” deb obro’sini joyiga qo’yar, tersotalik g’iybatchi xotinlarning g’ashini battar olovlantirib, daroz kelin bolamijoz eri bilan ahil-inoq yashardi. Tersotaliklar ham Sanchoning bunday erga o’xshab, xotinini so’kkanini, urishganini ko’rgan emas, qanchalar ajablanarli bo’lmasin, xotini ham unga xotin, kerakli paytlarda ona edi: u erini xuddi bolasiday ehtiyot qilar, bolasiday ko’ngliga qarar, bolasiday xarxashasini ko’tarar, bolasiday mehribonlik qilardi. Aslida Sancho ham kelinga farzandday bo’lib qolgandi: daryoning narigi betidagi otasi, inilari mehmonga chaqirishganda, quyi qishloqdagi ko’prikka borib o’tirmay, shundoq Tersota to’g’risidan daryoni kechib o’tishayotganini tersotaliklar ko’p ko’rgan: kelin lippasini tirib olib, daryodan oldin bolalarini, keyin Sanchoni yelkasiga ko’tarib olib o’tkazib qo’yardi.

Panji muallimning laqabi xotiniga ham ma’qul keldi, zotan udum erining ismini aytishga izn bermas, “Sancho” esa erining haqiqiy ismi emasdi. Sancho esa o’sha-o’sha edi: o’zini nima deb chaqirishning farqi yo’q, u uylangandan so’ng og’zi qulog’ida yurar, uyi bolalar bilan hamisha liq to’la edi: ular, oshiq, to’piq, oqsuyak o’ynashar, kelin esa bir chetda erining boladay qiliqlaridan zavqlanib, ba’zida eriga bolalarning yashiringan joyini ko’zi bilan imo qilib, zimdan o’zi ham o’yinga qo’shilib o’tirardi. Bolalar kech tushgach ham ketgisi kelmasdi, kelin ularni aldab-so’ldab uylariga jo’natar, ammo tong oqarishi bilan uyi oldi yana echki yoki poda haydab, Sanchoni chorlayotgan bolalarga to’lib ketardi. Kelin erining belbog’iga yemaklarni tugib, bolalarga qo’shib, molning izidan to’qayga jo’natardi. Kuyovlik chillasi chiqmagan paytlarda ham Sanchoni kelindan ko’ra bolalarning yonida ko’proq ko’rishardi. Erlar xotinlariga Sanchoning xotinini ibrat qilishganda tersotalik ayollar “Sizning ham ko’nglingiz Sanchonikiday bo’lsa men ham uning xotiniday mehribon bo’laman” deb uzib olishardi.

Kelin kelib, Sanchoning ro’zg’origa baraka kirdi: endi Sancho qirqqa yaqin echkini, o’ndan oshiq qora molni oldiga solib, to’qayga ketayotgan bo’lardi. Yoz bo’yi er-xotin Qotning ustidan beda tashib charchashmasdi: kelin bedalarni eshakka ortib berar, Sancho esa eshakni yetaklagancha boshqa beda tashiyotgan bolalar bilan “kim o’zar”ga qishloqqa g’irillab kelib ketar, bolalarga qo’shilib, charchashni ham, tolishni ham bilmasdi.

Eriga xuddi farzandiday mehribon bo’lgani va ko’p kuyingani tufaylimi yoki boshqa sababmi, kelin Sanchodan tez qaridi: yillar o’tib, kelinning yuzida vaqtning beshafqat muhrlari paydo bo’lganda Sancho haqiqatan ham uning to’ng’ich farzandiga o’xshab qolgandi. Uzun qish kechalari ularning uyi bolalar bilan liq to’lar, kelin ham urchuq yigirgancha, Sanchoning cho’pchaklarini, naqllarini, termalarini, turli dostonlardan parchalarni bolalarga qo’shilib eshitib o’tirar, qahramonlarning taqdiridan ta’sirlanib, yig’lab ham olardi. Kelinning gavdasi beso’naqay bo’lsa-da, ko’ngli yumshoq edi: erining cho’pchaklarini, Ultontoz ilik bermay xo’rlaganda Yodgorning “ota” deb yig’lashlarini eshitib, bolalardan ko’ra u ko’proq ko’z yosh to’kardi.

-Shunday qilib,- deb gap boshlardi Sancho Abdulla baxshidan eshitib eslab qolganlarini baxshiga o’xshab bayon qilarkan.- Alpomish badar ketdi. Qaldirg’och cho’ri, Boybo’rixon so’qir, Barchinoy talosh bo’ldi. Bir umr Boybo’rining xizmatini qilganlar Yodgorni bir ilikka arzitishmadi. Yodgorning ko’ngli buzildi, Yodgor xo’rlandi, Yodgor “Otajon, qaydasiz?!” deb yig’ladi. Alpomish zindonda bu yig’ini eshitib, seskanib uyg’ondi. Qarasa, uning ahvoliga butun osmon yig’layotgan ekan. Yetti kun yomg’ir yog’di, zindon suvga g’arq bo’ldi. Yetti kun Yodgor yig’ladi. Yig’layverib, ko’kayi qurib ketdi…

Eri Yodgorning “ko’kayi qurib” yig’layotganini tasvirlagandi, xotini Yodgordan battar yig’iga g’arq bo’lardi. Sanchoning xotini yigirma yil eri bilan birga yashab, biron kuni bolalarsiz o’tmadi, zero eng katta bola erining o’zi edi: eri yoshi o’tib borgan sayin yana ham ko’proq bola bo’lib borardi: atrofga, hayotga, dunyoga bola ko’zi bilan qarar, bola ko’zi bilan baho berar, bola kabi mushohoda va mulohoza qilardi. Kattalarni giribonidan olgan tirikchilik tashvishlari ham, bozorlardagi kunma-kun oshayotgan narx-navolar ham, xuddi zabt etilgan shaharga kirib kelgan dushman qo’shinlari kabi Tersotaga birin-ketin kirib kelayotgan yangidan yangi udumlar, orzu-havaslar, kim o’zarga uy qurish, to’y qilishlar ham, hech qaysi biri qiziqtirmasdi: Sancho kunduzi bolalar bilan o’ynab, kechqurun ularga “Alpomish”ning qaytishi-yu, “Go’ro’g’li”ning tug’ilishini aytishdan charchamasdi, zotan u bu dostonlarning boshqa joylarini bilmasdi ham. Abdulla baxshi yo g’ayirligidan yoki baxshi chiqmaydi degan xulosaga yelganidan unga deyarli hech narsa o’rgatmagan, aytimlarni Sanchoning o’zi eshitib yod olgandi, aslida, u bolalarga aytib beradigan parchalar Abdulla baxshi aytib bergan “Alpomish-u” “Go’ro’g’li”ga ko’pam o’xshayvermasdi. Sanchoning Alpomishi va Go’ro’g’lisi xuddi ertak qahramonlariga o’xshar, devlar, jinlar, Bo’jilar, ajdarlar bilan olishar, hamisha g’olib chiqar, ular goh kenja botir, goh Boysunlik shahzodaga aylanar, Barchin ham uning “doston”ida borsa-kelmas yurtining devlar toloshida qolgan malikasi bo’lib chiqardi. Shunda Alpomish malikani devlardan qutqarish uchun yo’lga chiqar, ko’z ko’rib, quloq eshitmagan sarguzashtlarni boshdan kechirardi. Ba’zida birdan doston yo’sini yana o’z oqimiga qaytib, u yerda qalmoqlar, Toychoxon, Yodgor, Ultontoz paydo bo’lib qolardi. Nima bo’lganda ham uning Alpomishi va Go’ro’g’lisi bolalarga mos, bolacha tasavvur mahsullari edi, zero uning o’zi ham qanday tasavvur qilsa, bolalarga shunday yetkazardi. U hatto shu ertak-cho’pchaklarida ham kattalarning fisq-fasod, aldov urchib yotgan dunyosi bilan kelisholmasdi. U kattalar orasida o’zini nochor, notovon, yolg’iz his qilar, yuragi siqilar, yetti yot begona muhitga tushib qolganday bo’lar, bolalar orasida esa yayrab-yashnab ketar, ular bilan birga paytlari undan baxtiyor kishi bo’lmas, dunyoning hech bir orzu-havasini u bolalarga qo’shilib o’ynash va ularga cho’pchaklaru doston aytib berishga almashmasdi. Aftidan, xotiniga ham uning ana shu bolacha dunyosi, bolacha ko’ngli yoqardi. Shu sabablimi, kelin hech qachon turmushdan, eridan, kam-ko’stdan noliganini qishloqdoshlari eshitmadi: vaholonki, uning uyidan bolalarning qadami uzilmas, er-xotin topgani ular bilan o’rtada edi. Er-xotin yozda tayyorlagan o’rik, olma qoqilari qishda doston eshitishga kelgan bolalarning og’iz ermagiga aylanardi, kelin tayyorlagan sho’rtak qurtlarning dovrug’i esa qo’shni qishloq mazaxo’rlarining ham havasini keltirardi. Nima bo’lgan taqdirda ham Norsafar qizilning erkakshoda qizi Sancho bilan baxtli-taxtli umr kechirdi-ki, to’g’risi, tersotaliklar buni kutmagan edi, aynan shuning uchun ham ular kishi bilmas tarzda bu bola bo’lib bola, katta bo’lib katta bo’lmagan xudo aqldan qisgan bandasiga zimdan hasad ham qilishardi.

Bu paytda tersotaliklar “Boyqul” ismini deyarli unitib yuborishgan, endi bu ismni xuddi o’lib ketganiga ko’p zamonlar bo’lgan qishloqdoshlarining xotirasiday zo’rg’a eslashar, endi hech narsa “Sancho” ismini bu qishloqdan surib chiqarishga qodir emas edi.

3.

Kechki payt va dalaga mol haydab bo’lmaydigan seryog’in kunlari bobosi ola-tasir zamonlarda Jodugar boydan nazr evaziga olgan eski qo’rg’onni eslatuvchi, qariyib oltmish-etmish yildan beri devorlariga suvoq tegmagan Sanchoning uyi tersotalik bolalar bilan liq to’lardi: o’sha olis zamonlarda otliq mehmonlarga mo’ljallab qurilgan hayhotday qo’nalg’oxonaning o’rtasida mo’ri bor edi. Qadim zamonlarda qish paytlari o’rtadagi o’choqqa olov yoqib, chavondozlar yotib turishgan, haligacha ot abzallarining va chavondozlarning ter hidi o’tirib qolgan bu mehmonxona Sanchodan “Alpomish”u naqllar eshitishga kelgan bolalar bilan gavjum bo’lardi: ular xuddi qadim chavondozlar kabi o’choqqa qurugan zarang bilan Sanchoning xotini yoz bo’yi hafsala bilan qiy aralashtirib guvalagan tezakni tashlab qo’yib, shundoq kigizning o’ziga yonboshlab olishar, Sanchoning goh do’mbirada, goh sibizg’a aralashgan muqomlarini eshitib, xush-xursand o’tirshardi — aslida ham qahraton qishni Sanchoning “Alpomish”i tafti eritib yuborar, tashqari tuflasa muzga aylanadigan bir pallada ular tasavvurlari otiga mingancha Alpomish va Go’ro’g’li bilan birga jazirama diyorlarni kezib yurishar, shu yo’l bilan qish ayozlarini tanalariga yaqin yo’latishmasdi.

-Go’ro’g’li go’rda tug’ildi, uning tug’ilganini bilib, Ahmad sardor mozor teshiklarini suvab tashladi, tashqariga chiqmasin dedi. Go’ro’g’li onasini emib, mozor ichida o’ynab yurdi. Yetti yoshga yetganda xudda devday yigit bo’ldi, qaddini bir ko’tarib, mozor to’prog’ini yelkasidan irg’itib tashladi. Uni ko’rganlar dev tirildi deb o’yladi. Shunday qilib, Go’ro’g’li yer yuziga chiqdi…- derdi u

Uning ko’zlariga qarab turib, o’zi aytayotgan cho’pchaklarga o’zi ishonib o’tirganini sezish qiyin emasdi. Shuning uchun ham bolalar ham uni jon qulog’i bilan eshitar, xasis Abdulla baxshi hech narsaga yaramay qolgach, hadya qilgan eski do’mbirani olib, mehr va faxr bilan sozlar, dostonni hamisha baxshilar udumini qilib, ustoziga bag’ishlov bilan boshlardi: aslida u bu bilan ustozi haqidagi ushalmagan orzusini bayon qilgan bo’lardi.

-Ha, bovurim-a, -derdi u Abdulla baxshiga monand ko’zlarini yumgan holda.- Musht urganda qoya ko’chgan Alpomishim, yig’lay-yig’lay ko’zdan qolgan Boybo’rim, bir ilikni ko’p ko’rishgan Yodgorim-a. Go’rda tug’ilib, mayit emgan Go’ro’g’lim-a…

Uning o’zi qarisa ham keksarmagan ovozi uyga sir va mahobat bag’ishlab turgan yuz yillik ustunlardan tortib, bir asrdan ziyod bu xonadonda sodir bo’lgan voqealarga guvoh bo’lgan bolorlaru ravlar, norasta ovozdan bir tebranib qo’yyadigan o’tmish g’uborlari yotgan tokchalargacha o’ziga xos aks-sado berar, bolalar nazdida xuddi Tersotaning o’zi kabi keksa va eski uy ham Sanchoga qo’shilib, o’tmishdan, ularga sir bo’lgan azal-abaddan nimalarnidir so’zlab berayotgandek tuyulardi.

Aslini olganda, bolalarning xayolidagina shunday tuyulmasdi: yilma-yil yangilanib, bo’yanib, yasharib, zamonga moslashib borayotgan boshqa uylar oldida parti ketib, sharti qolgan choldek bo’lib qolgan bu uyning o’zi ham bir paytlar butun o’raning faxri va g’ururi bo’lgan mulla Rahmon va Shodi chavondoz haqida bobolaridan eshitib ulg’aygan avlod uchun sir va qadim ertakning o’zi edi, va tabiiyki, na otalariga, na bobolariga iurqi ham, fe’li ham, o’zi hama o’xshamagan Sanchoning o’zi esa o’sha qadim ertakning davomi edi: Sancho otasi va bobolari bilan bolalarcha faxrlanardi, shu sababli do’mbira olganda hamisha “mulla bobomning ruhi qo’llasin!” deb boshlar, shu jumlani aytganda, rostdan ham uning tanasiga nimadir kirganday ovozi chiyilloq bo’lsa-da, ravon va g’amgin tus olardi. Ehtimol shuning uchun bo’lsa kerak, katta o’g’il otasini olib ketishga qanchalik urinmasin, Sancho ota uyini tashlab ketmadi: puturdan ketgan hayhotday uy va Tersota bilan qoldi. U tong saharda to’qayga borar, toki bolalar maktabdan kelguncha ulkanligi va kattaligidan qishloqdoshlari “Qora qo’rg’on” deb atashadigan siypantosh ustiga chiqib olib, to’qay va tog’larning qadim ohangini chalayotganday do’mbirasini ting’irlatib, o’zicha baxshimonand xirgoiyi qilib o’tirar, uning ana shu xirgoyisi hamon qarimagan, hali ham Abdula baxshining etagini tutib yurgan davrlardagidek navqiron va shijoatli edi:

Qalmoq deya safar ketgan Alpomish,
Safar emas badar ketgan Alpomish.
Yodgorini yetim qilib, xor qilib,
O’ldi deya xabar ketgan Alpomish…

Yodgor haqida xirgoyi qilarkan, hamisha o’zining yetim bolaligi ko’z oldiga kelar, yonidan oqib o’tayotgan daryo kabi ko’z yoshlari uning yuzidan quyilib kelar, yig’lagani sayin yana yig’lagisi kelar, xirgoyisi bo’ri bolasining uvillashiga o’xshab mustar bo’lib qolardi. Bu paytda u doston voqealari ichiga butkul kirib ketgan bo’lardi: kim biladi, arzimas zakotni deb yuz ko’rmas bo’lib ketayotgan aka-uka orasini bolacha tasavvurlari bilan yarashtirmoqchi bo’larmidi yoki xuddi o’zini eshitib turgan bolalar orasida Boysunning qirlarida Hakimbek va Barchinoy, go’rda tug’ilgan, go’rda esini tanigan Go’ro’g’li bilan o’ynab yurarmidi yoki “etim” deb ko’ngli yarimta qilingan Yodgorning sitamlarida o’zining otasiz o’tgan bolaligini ko’rarmidi, bu yog’i o’ziga va yaratganga ayon, uning xayoli doston aytayotgan palla bu to’qayda, yildan yilga yiriklashib, yiriklashgani sayin odamlari maydalashib borayotgan Tersotada — hayot o’yinida bir-birini aldashga, yamlashga tayyorlanayotgan qishloqdoshlari orasida, bu tog’larda, bu vaqt o’lchamida bo’lmasdi. Buni bolalar ham his qilishar, shuning uchun birontasi churq etmay, butun vujudi bilan Sanchoni tinglardi. To’g’risini aytganda, tersotalik bolalarga Alpomish va Go’ro’g’lini maktab muallimlaridan ko’ra ko’proq tanitgan ham Sancho-Boyqul chol edi: qancha bolalar Alpomish va Go’ro’g’li ta’sirida katta bo’lishdi, so’ng o’zlari hayotdan ham Alpomish va Go’ro’g’lilikni izlab ketishdi. Ular Sancho cho’pchaklaridan qutulib ketmagan, hali hanuz umr so’qmoqlarida Alpomish va Go’ro’g’lini izlab yurishardi. Sancho esa Alpomishu Go’ro’g’li hayotda borligiga ishonganlargagina ertaklarini ravo ko’rardi: Abdulla baxshini eshitib, yod olganlarga o’zidan qo’shib-chatib, to’qir ekan, aslida o’zining ko’ngil dunyosini, orzu-armonlarini bayon qilardi. Uning cho’pchaklarida hamisha ezgulik, adolat, to’g’rilik, halollik, mardlik g’alaba qozonardi, uning qahramonlari hamisha ojizlarga, ezilganlarga, zulm ko’rganlarga madadga yetib kelar, ularni adolatsizlik va zo’rovonlik changalidan qutqarardi. Uning ertaklarida bironta yomon jazolanmasdan qolmasdi — aynan shuning uchun ham bolalar uning cho’pchaklarini yaxshi ko’rishar, uning atrofida girdikapalak bo’lishar, aslida, Sanchoning ham topgan-tutgani va ishongani shu bolalar edi. U kattalardan ko’rmaganni shu bolalardan olayotganday edi.

U go’yo kattalar orasida o’ziga o’rin yo’qligini anglab, kattalar orasida kulgu va masxaraga sabab bo’lgan orzu-o’ylari, hatti-harakatlari, kechinma-tuyg’ulari hamda kattalarning aqlu idroklari bilan hech qachon bo’ylasha olmagan tasavvurini bolalar dunyosiga olib kelib yashirgandek, o’zini qabul qilolmagan, o’ziga o’rin bermagan, o’zini mazax qilgan kattalar dunyosidan qochib, bir umr bola bo’lib yashashga ahd qilgandek, kattalar dunyosi bilan o’chakishayotgandek yoshi o’tgan va tanasi yillarning ayovsiz tepkilarida kichrayib borgan sari u o’zini bolalar orasiga ko’proq olib qochardi: havoning royishi qanday bo’lmasin — qish-qirovlimi, yozning jazirasi yoki bahorning serjala faslimi, agar to’qayda kattalarning avzoi-yu tushunchalari, qarashlari-yu, hammasini o’zlariga moslashtirmoqchi bo’lgan qistovlaridan bezor bolalar oldilariga solib haydab chiqadigan echki-uloq, sigir-buzoqning kavshiga tushadigan nimadir topilishiga imkon bo’lsa, Sancho cholni ham hamisha shu yerda — bolalar orasida, xuddi bolalarning biriday, o’zi ham xuddi boladay ular bilan goh chillak o’ynagan, goh to’p tepgan, gohida yoshiga yarashmagan tarzda ona suti og’zidan ketmagan jipiriqlar bilan kim o’zarga chopqilashib yurgan yoki tabiat hukmi bilan kurasha-kurasha ayoz chekinganini, qishning ado bo’lganini qishloqqa, bani odamzotga isbotlab berishmoqchiday qor ostidan boychechak izlayotgan, ko’klamda esa qirni to’ldirib, xuddi orzu-umidlarini uchirma qilayotgandek varrak uchirayotgan jujuqlar orasida uchratish mumkin edi.

4.

Abdulla baxshidan ajrashgandan buyon oradan qirq yildan oshiq vaqt o’tgan bo’lsa-da, Sancho do’mbirani va eshakni ko’z qorachig’iday asrab kelardi. Bu orada uning xotini o’lib ketdi: hali ham aqli bola bo’lib qolgan, hali ham kattalar orasiga qo’shilolmagan erining taqdiridan bolasi yetim qolayotgan onaday xavotir olib jon berdi. Sancho ham xotining qabri ustida xuddi onasi o’lgan boladay ho’ng-ho’ng yig’laganini tersotaliklar ko’p zamonlar eslab yurishdi: yig’layverib holdan toygach, katta o’g’li qurib-qovjirab qolgan bir o’ram bedani ortmoqlagandek yelkasida ko’tarib olib qaytgandi.

Xotinining kutilmaganda o’limi hammasidan ham ikki yashar kenjasiga qattiq ta’sir qildi: u hali ham onasini emardi. Ustiga-ustak onasi yotib qolgani uchun parvarishsiz qolib ketib, ko’kyo’tal orttirib olgandi. Uning ona ko’kragi xumorini bosish uchun qavmi-qarindoshlarning ona suti og’ziga keldi: emib o’rgangan bolani sutdan ajratib olishga shu paytgacha eng sutparast go’daklarda ham ish bergan hech bir tajriba, hech bir amaliyot, qariya-yu keksalarning ming yillik maslahatlari ham kor qilmadi — chaqolog’ini olti oyligidayoq ajratib tashlab, bir hovli qora-quralarni katta qilgan mana-man degan onalarning-u, ko’pni ko’rgan, ko’pni bilgan kampirlarning bilgan-kechirganlari yaroqsiz bo’lib qoldi. Yarim kechami, tongmi yoki qoq tush, kenja o’g’il ona ko’kragi xumor qilib, bir yig’lasa, butun Tersota oyoqqa turardi: xuddi shum taqdirning aks-sadosiday eshitiladigan go’dak yig’isi sal bo’lmasa narigi qirdagi Chit qishlog’igacha yetib borar, atrofni o’rab turgan tog’u toshlardan qishloqqa noxush aks-sado bo’lib qaytardi. Ham yig’lab, ham yo’tali tutib, ko’karib qolayotgan bolaga qarab turib, uning yashab ketishiga hech kim ishonmas, shu sababli hamma onasiday bo’lib qolgan xotinidan birdan ayrilib, qaddi cho’kib qolgan Sanchoga emas, “go’dakka jabr bo’ldi”, deb achinishardi. Dastlab teraklilik tog’alar bolani olib ketmoqchi bo’lishdi, ammo uning kasalmandligini, ustiga-ustak tez-tez shaytonlab turishini bilishgach, fikrlaridan qaytishdi: Azroil shundoq boshida o’tirgan bolani olib ketib, keyin tersotaliklardan bir umr nadomatga qolishni istashmadi. Dastavval maslahat beruvchilar ham, mehribonlar ham ko’p bo’lgan esa-da, oxir-oqibat bor og’irlik hali o’zi bola bo’lgan, hammaning nazarida, norasta va noqis Sanchoning zimmasiga tushdi: bu yillarda nafaqat Tersotaning, balki o’radagi barcha qishloqlardagi do’stu dushmanining bor e’tibori, diqqati uning oilasiga qaratildi. Hamma ich-ichida bu aqli qusur otaning bolani nobud qilishiga va shunday xabar butun o’rani yana bir qalqitishiga zarracha shubha qilishmas, ayni paytda bolaning ahvolini ko’rib, aralashgisi, shusiz ham joni qilda osilib turgan go’dakka foydasiz mehribonchiliklari bilan azob bergisi kelmas, mulla Rahmonni va uning bir paytlar dovrug’i bilan Amir Olimxonning ham tiliga tushgan ajdod-avlodini tanigan borki, ayanchli, imkonsiz va muqarrar taqdir izmini kutishardi. Biroq Sancho hammani hayratga solib, kattalar uchun hamisha qusur bo’lib kelgan bolacha aqli bilan ilojsiz tuyulgan muammoga osongina chora topdi — o’g’lini qisqa muddatda “etimlikka” ham, boshqa “ko’krak”ka ham ko’niktira oldi — bolasiga ona ko’kragi xumor qilganda echki emishni o’rgatdi. Ko’nikishi, o’rganishi va shoxli jonivordan qo’rqmasligi uchun o’zi emib ko’rsatdi. Avvaliga “jundor” va “suzong’ich ona”dan cho’chib turadigan bola bir haftalardan so’ng emgisi kelganda o’zi biron echkining oyoqlari orasiga kirib olib, emib chiqadigan bo’ldi: yelini to’lib turgan echkini yutoqib emayotganda bolaning ko’zlarida hayot shavqi paydo bo’lar, u bunday paytda kasalmand bolaga emas, ko’proq o’ljasini bosib olib, g’ajiyotgan bo’rivachchaga o’xshab ketardi. Sancho bolasini yelkasiga mindirib to’qayda olib yurar, qorni ochganda biron echkini ushlab turib, emizar, keyin bolasi bilan o’zi toshlar orasida har xil o’yinlar o’ynardi. U farzandlarini o’yin o’ynab katta qildi. Kenja o’g’il erta-yu kech Sanchoning yelkasidan tushmas, qorni ochqasa, yugurib borib, biron echkini tappa bosgancha emib kelaverar, keyin otasi bilan to’piq yo chillak, bekinmachoq yo oshiq o’ynab, ona dardini esdan chiqarardi. Echki suti shifo bo’ldimi yoki tersotaliklar va tog’alari uning peshonasiga bitilgan yozdig’ni noto’g’ri o’qishganmidi, nima bo’lganda ham, Sanchoning baxtiga Kenja tezda et qo’yib, bo’y cho’zib qoldi. Uni obdon tekshirgan Hamid felьdsher bilan kelgan tuman markazi doktorlari ko’kyo’tal alomati yo’qolganidan hayratga tushishdi va keyinchalik bu haqda butun o’raga gapirib yurishdi. Bu paytda yoshi o’tib, o’zi bilan o’zi gaplashadigan odat chiqargan Rajab cho’pon “Sancho qishlog’imiz farishtasi!” deb lutf qildi. Ammo tog’alari Sanchoda Rajab cho’pon ko’rgan farishtalikni ko’ra olishmadi: bolaning tuzalganini bilishgach yolg’iz opalaridan yodgorlik deb, so’qqabosh va aqli qusur otaning ularni tarbiya qilishiga shubha qilib, jiyanlarini olib ketishdi. Shundan keyin Sancho to’qayda ko’rinmay qoldi. U bilan birga qishloqdan ham fayz ketdi: bolalarning boshini qovushtiradigan, o’yinlarini qiziq qiladigan yoki ularga yangi-yangi o’yinlar o’ynab topadigan bir devona endi yo’q edi. To’qay zerikarli go’shaga aylangan, qishloq ko’chalari huvillab yotar, Sancho bilan Tersotaning ham bolaligi ketib qolganday edi. Buni tersotaliklar darrov sezishdi. Ular Sanchoni to’qayga qaytarishga ko’p urindi, biroq foydasi bo’lmadi. Sancho har kuni echkilarini haydab, Tersotadan chiqib ketar, shu ketgancha Terakli yonidagi qirni qo’nalg’a qilardi. Uning o’yinini sog’inib turgan bolalari qirda echkilar ko’rinish bilan tog’alarining uyidan qochib chiqishardi. Ota-bolalar, aslida yoshi har xil bo’lgan, lekin qalban tengu-to’shdoshlar qosh qorayguncha qirda o’ynashar, so’ng Sancho echkilarni haydab, Tersotaga qaytar, bolalar esa tog’alarinikiga yo’l olishardi. Tersotaliklar borib ko’ndirdimi yoki bolalarning otalariga bo’lgan mehri iydirdimi, tog’alar uch oylardan so’ng ikki jiyanini ham Tersotaga qaytarib yuborishdi. Ular et bilan suyakni ajratib bo’lmasligiga nihoyat amin bo’lishgan edi. Sancho ertasigayoq bolalari bilan to’qayda paydo bo’ldi. To’qay yana gavjum bo’lib, bolalar qiyqirig’iga to’ldi.

Sanchoning atrofida bolalar bor ekan, unga na keksalik, na kasallik, na og’riqlar, na madorsizlik pisand edi: u qishloq bolalarining bolaligini to’qayzorda va otasidan qolgan chavondozlar qo’nalg’asida kutib olar, payti kelib, ularni shu yerda kattalar dunyosi tomon kuzatib qo’yar, o’zi esa hamisha bolaligicha qolaverardi. U bilan to’qayzorda birinchi marta chillak o’ynagan bolalar yoshini yashab, oshini oshab bo’lgan, to’kilib tushayotgan tanalarini bir iloj qilib, yig’ib olib, ertangi kunga umidsiz boqqancha ajallarini jimgina kutishayotganda Sancho chol na ajal haqida o’ylar, na tanasidagi og’rig’u dardlardan nolir, aksincha hali hanuz bolacha orzular bilan yashar, endi o’zlari bilan o’ynashga iymana boshlaganlarni kattalar dunyosiga kuzatib qo’yar, keyin shu yerda yana boshqa bir avlodning bolaligini qabul qilib olardi. Qariyib oltmish yil to’qayzor tersotalik jujuqlarni bolalik dunyosida kutib olib, so’ng kattalar tomon uchirma qiladigan maydonga aylangandi: u hammani kutib olar, kuzatib qo’yar, o’zi esa bolalik dunyosida yashashda davom etardi: u yosh jihatdan tengdoshlarinining hasadini keltirib, keksalik ustidan hamisha g’olib kelib, qishloq ko’chalarini bolalar bilan changitib, yayrab-yashnab, o’ynab-kulib yurardi.

5.

To’ng’ich o’g’il onasiga tortib, norg’ul yigit bo’lib ulg’aydi: alpqomat yigitning ko’ngli ham daryoday ekan: u Kalta qishlog’iga to’yga borib, kurash tushayotganlarni devor osha tomosha qilayotgan tojik qizni ko’rib, yoqtirib qoldi-yu, ichkuyov bo’lib, o’sha qishloqda qolib ketdi. Tog’a taraf – terakliliklar sal bo’lmasa kaltaliklar bilan yoqa bug’ishgacha bordi – jiyanlarining ichkuyov bo’lganidan ularning nomusi kelgandi. Aslida tojik qishloqqa ichkuyov bo’lish tersotaliklarning g’ururiga tegishi kerak edi. Ammo bu hol ota bo’lmish Sanchoning parvosiga ham kelmaganini ko’rgan hamqishloqlar burchak-burchakda g’iybat qilishdan boshqasiga yaramadi. Sharif rais oqsoqollarni aralashtirib, tog’alari bilan kaltaliklar janjalining oldini oldi – oqsoqollar “ichkuyov bo’lgan xonadonda yolg’iz ona bilan singildan boshqa hech kim yo’qligini hisobga olinsa, to’ng’ich o’g’il haqiqiy polvonning ishini qilgan” degan qarorga kelishdi. Terakliliklaru kaltaliklar bir-biriga xezlanib turishganda Sancho bolalarga cho’pchak aytib berish bilan ovora edi.

Kenja o’g’il esa tez ulg’aydi, nihoyat hamma narsa g’o’rlik davrini eslatadigan ota dunyosi unga torlik qilib qoldi — u otasining dostonlaridagi qahramonlarni va sarguzashtlarni izlab, olis safarga otlandi: xuddi bir paytlar otasi hammasiga qo’l silkab, baxshi izidan ketgani kabi hammasiga, qartayib qolgan Sanchoning qarovsiz qolishiga ham, so’qqabosh otasini tashlab ketgani uchun qishloqda paydo bo’ladigan gap-so’zlar-u, g’iybatlarga ham “hayo huyt” deb, etak silkidi-da, shahar ketdi – shu bilan badar ketdi. O’sha yerda uylandi. To’yga negadir faqat akasi bilan tog’alari borib keldi: kenjatoy otasining to’yda ham bolalar bilan o’ynab qolib, misqollab yig’gan obro’siga putur yetishidan qo’rqdimi yoki Sanchoning o’zi ro’yxushlik bermadimi, nima bo’lganda ham, akasini otasini to’yga olib bormaslikka ko’ndirdi. Keyinchalik ham u shaharlik bolalariga o’ziga echki emizishni o’rgatgan otasini biron marta ko’rsatmadi — Sanchoni shaharga chaqirmadi, o’zi esa qishloqqa kelmadi — faqat onda-sonda shahar borgan tersotaliklardan otasiga u-bu berib yuborar, shu bilan o’zining farzandlik burchini bajargan bo’lardi. To’ng’ich o’g’il ichkuyov bo’lsa ham bir oyog’i Tersotada edi. Kaltalik kelin ham mehribon, bundan tashqari gapga chechan edi: u kelganida o’ziga yovqarash qilib kutib olgan tersotaliklarning ko’ngliga shunday yo’l topdiki, ular shunday kelinlari o’zlarining qishlog’ida emas, Kaltada yashayotganidan afsuslandilar. Kelin har ikki-uch oyda kelib, qaynonasi o’limidan so’ng yanada tezroq puturdan ketayotgan uyni tartibga solar, Sanchoning, o’ziga qo’ysa, umrbod almashtirmaydigan ichki kiyimlarigacha yechib olib, yuvib, uyni saronjomlab ketardi. Kelin agar kiyimining hammasini yuvmasa, qaynotasi baribir almashtirmasligini bilib, bor kiyimini bira to’la yuvar, bu paytda toki ichki kiyimlari quruguncha Sancho xuddi yosh boladay choyshabgami, chopongami o’ralib, nabiralari bilan oshiq o’ynab o’tirar, bolalaridan ko’ra nabiralari bilan tez til topishar, ularga ertak aytib berar, albatta, o’yinboshi ham o’zi bo’lgan holda turli o’yinlar o’rgatar, to’qayga olib chiqar, siypantoshga olib borib, kim o’zarga sirpanishardi. Kattalar dunyosidan mustahakam joy olgan o’g’li otasining hali ham bola bo’lib yashayotganidan nomusi kelsa ham hech narsani o’zgartirib bo’lmasligini anglar, bola-chaqasini olib, otasiga bir so’z demay jo’nab qolar, Sancho esa yana o’z dunyosida qolar, uni hamisha o’zi bilan birga qarimagan ovozi, qarimagan kulgulari, qarimagan ko’ngil dunyosi bilan birga bolalar orasidan topish mumkin edi.

6.

Kenja o’g’il shahar so’rab ketgandan oradan o’n to’rt yillar o’tgach katta yo’ldan Azlartepaga qarab Tersota tomon qora mashina burildi: Sancho ham, bolalar ham bu paytda to’qayda kundalik yumushlari-yu o’yin bilan band edi. Mashinani birinchi bo’lib, Soli Boymirning nabirasi ko’rdi.

-Anovini qaranglar, -dedi u o’ynayotgan joyida to’xta qolib, Azlartepaga tirmashib chiqayotgan mashinani ko’rsatib.

To’qayda birdan o’yin to’xtadi: hammaning ko’zi qishloqqa qarab burilgan zulukday qopqora mashinaga tushdi. Bu mashina emas, mo»jizaning o’zi edi. Hali bunaqasini tersotaliklar ko’rmagandi, va tabiiyki, shahar ko’rgan tersotaliklar ham ko’rgan mashinalarga sira ham o’xshamasdi – oradagi masofa ancha bo’lsa ham qopqora oynasi, qip-qizil faralari, kabina eshiklarga o’rnatilgan yaltiroq gardishi, quyosh nurida ko’zni qamashtirar, yurganda jilvalanayotgan g’ildiragi, uzun tumshug’i, yurishidagi salobat va viqor tog’u toshlarni o’ziga rom qilib qo’yganday edi. Bunaqasini faqat kinolarda ko’rishgan, mashina emas, naq afsonaviy tulporning o’zi edi. Sancho aytib beradigan ertaklardagi pari-paykaru chiroyda oyni uyaltirgan hurilikolar ham qishloq oralaganda tersotaliklarni bunchalik hayratga solmagan bo’lardi: Sanchoning cho’pchaklaridagi G’irko’kday Azlartepa orqali qishloqqa kirib kelayotgan, mashinani endi butun Tersota tomosha qilar, mashina o’zining kundalik tirikchiligi bilan ovora qishloqda vaqtni bir zum to’xtatib qo’ygan, hammaning xayolida “Bu qanday mashina bo’ldi? Kimnikiga kelayapti? Bunday obro’-e’tiborga munosib ko’rilgan vallamot kim ekan?” degan savol g’ujg’on o’ynardi. Mashina esa xuddi bosaymi, bosmaymi deb qadam tashlayotgan tannoz kabi o’zini qiru adirlarga, to’qay-yu-o’tloqlarga, atrofni o’rab turgan tog’u-toshlarga ko’z-ko’z qilib, qishloqqa kirdi va qishloqning g’arbidagilarning alamini va hasadini qo’zg’ab sharqiga — to’qayga tutash tomonga qarab yo’l oldi. Qishloq qirga o’rmalatib qurilgani uchun har bir uy bir-biriga kaftdek ko’rinib turardi. Yo’lga bolalar bilan qo’shilib kattalar ham chiqib olishgan, ular hayrat va havas bilan mashinani kutib olib, keyin suq bilan kuzatib qolishardi. Mashina esa ko’pchillikning umidi va ilinjini, g’ururini yer bilan yakson qilib, yarim qishloqni oralab o’tdi-da, kelib-kelib Sanchoning uyi oldiga to’xtadi: butun qishloq bu adolatsiz inoyatdan birdan junbushga keldi. Tersotaliklar bir-birlariga qarashar, ko’zlariga ishonishmas, hech narsaga tushunishmas, bir-birining yuzlarida paydo bo’lgan savolga javob, yuraklaridagi hasadga malham izlashardi.

-Sizning uyingizda to’xtadi, Sancho, — dedi Murod sinchining nabirasi Malik. U poyga qilish uchun Sanchoning eshagiga endi mingan, mashinaga ko’zi tushgach, to’xtab qolgan, shundan beri og’zidan so’lagi, ko’zidan hayrati oqib, haykalday qotib turardi.

-Ha, sizning uyingiz oldiga to’xtadi. Kim u, Sancho?

Soli Boymiring nabirasi hammaning ko’nglidagi savolni berdi. Ammo bu savolga Sancho javob berolmasdi. Shu sababli u yelka qisdi. Sanchoning uyi atrofida odamlar to’plana boshladi. Bolalar hamma narsani unutib, qishloq tomon yugurib ketishdi. Sancho Malikning orqasiga mingashib olgandi. Eshak yo’rg’a bo’lsa ham baribir bolalarni quvib yetolmadi: ular xuddi bir narsadan quruq qolishadigandek xarsanglar-u, bog’-rog’ni mol-holdan asrash uchun terib chiqilgan toshdevorlar ustidan sakrab o’tib, yugurib borishardi. Sancho yetib borganda mashinani yarim qishloq aholisi – yoshu qari o’rab turar, birov uning farasini, birov bejirim lyukini, birov gardishini, birov oynasini, birov hatto mo’ylarni ham yaqqol ko’rsatib turgan kapotini hayrat bilan toomsha qilishardi. Rosti ham bunday chiroyli va ko’rinishining o’ziyoq aqlni lol qiladigan g’ayritabiiy mashina Tersotaga emas, umuman bu o’raga birinchi kelishi edi. Sanchoni ko’rgan qishloqdoshlari unga kutilmagan hurmat va izzat bilan yo’l ochishdi. Mashina oldida kabinaga suyangancha bir yigit turar, egilib mashina salonini ko’rayotgan terosotaliklarga nimanidir tushuntirardi. Eshak mashina oldiga borgach, tuyoq tovushlarini eshitib, yigit boshini ko’tarib qaradi. Bu uning o’sha badar ketgan Kenja o’g’li edi. Sancho avvaliga tanimadi. Tanigach esa angrayib turdi. U bir mashinaga, bir o’g’liga qarardi.
-Mana bizning boboy ham keldi,- dedi Kenja Sanchoni ko’rib. U hech qachon otasini “boboy” demagandi – bu uning shaharda o’zlashtirgan lahjasi ekanini hamma sezdi: u pushtikamaridan tushgan otasini “Boboy” deyishi bilan otasi bilan o’zining orasidagi farqni ko’rsatgan, shu yo’l bilan shaharda orttirgan obro’sini saqlab qolgandi, go’yo. O’g’il hali ham hech narsani tushunmagancha lol bo’lib turgan Sancho tomon yurib keldi. U qorin qo’ygan, savlatli bo’lib qolgandi. U otasini xuddi bolasini ko’tarib olgandek, eshakdan ko’tarib tushirdi-da, quchoqlashib emas, otalarcha yelkasiga urib ko’rishdi. Lekin bunga hech kim e’tibor bermadi: tersotaliklar qayoqdagi noqis otaga shunday o’g’li nasib qilganidan hali ham o’zlariga kelolmay turishardi. Nosir do’kondor esa alamidan lablarini ham tishlab olgan, shu daf’a omadning ko’zi ko’r bo’lishiga yana bir karra imon keltirib turardi. Sanchoni esa qishloqdoshlarining yuz-ifodalari ham, ular o’ylayotgan o’y-xayollar ham qiziqtirmas, xuddi sehrli xilqatni ko’rib qolgan yosh boladay mashinaga jodulangan alfozda qarab turardi. O’g’li otasining holatini darrov tushundi. U mashinaning eshigini ochdi, ichkariga ishora qildi. Sancho mashinaga o’tirdi. Mashinada kenja o’g’ilning bolaligiga quyib qo’yganday o’xshab ketadigan 12 yoshlardagi bola hammaning havasi kelayotgan mashina o’ziga tegishli ekanini ko’z-ko’z qilayotganday ayricha g’o’ddayib o’tirar, uning yuz-ko’zida esa “Men qayerga tushib qoldim?” degan savol qotib qolgan, odamni seskantiradigan darajada pakana, ustiga-ustak yuziga yarashmasligini o’zlari ham bilgandek yakkam-dukkam bo’y ko’rsatgan mo’ylari oqargan, ammo ovozi yosh bolanikidan farq qilmagan chol bo’lib cholga, bola bo’lib bolaga o’xshamayotgan tasqarasifat nusxaga angraygancha qarab turardi.

-Bu nabirangiz, — dedi Kenja. –Siz bilan ko’rishish uchun keldi.

Bola bu maymunbasharaning o’zining bobosi ekanini eshitib, battar sarosimaga tushib qoldi: otasiga ko’zining qopini savolga to’ldirib qaradi va yana bobo bo’lmishni boshdan-oyoq ko’z yugurtirib chiqdi.

Sancho bunday qarashlarga o’rganib qolgani uchun nabirasining yuzidagi ajablanishga e’tibor berib o’tirmadi, mashina ichini hayrat to’la ko’zlari bilan go’yo yoritib yubordi: salonni, o’rindiqni, bosh qo’ygichlarni, har xil tugmachalarni, umuman har bir detalni sehrlanganday ushlab ko’ra boshladi. U ko’rib turgan narsasiga ko’zlari ishonmayotgan, xuddi qattiqroq tegsa zarar yetib qoladigandek ohista silar, so’ng bu ishidan mamnun bo’lib, yuzi quvonchdan yorishib, lablari yoyilib ketardi. Nabira esa uning hayratidan hayratga tushib, o’ziga bobo bo’lmish nusxadan ko’zini uzmas, yuzida yotsiragan bir ifoda qotib qolgandi.

Sancho esa xuddi o’g’lining bolaligi qaytib kelgandek o’zida yo’q xursand edi: u nabirasiga qarab to’ymas, uning qarashlarida yelini to’lib turgan echkini ko’rganda paydo bo’ladigan kenja o’g’lining ko’zlaridagi yovqur bir shijoatni ko’rib qolardi. U shu paytning o’zidayoq uyiga yig’ilgan qishloqdoshlarini ham, o’n to’rt yildan beri ko’rmagan o’g’lini ham unutdi, nabirasi bilan andarmon bo’lib qoldi.

-Men mana shu uyda tug’ilib, shu uyda ulg’ayganman,-dedi Kenja bir orzumandlik bilan otxonaday keng va baland qilib qurilgan uyga ishora qilib o’g’li Sancho va bolalar hamrohligida tevarak-atrof bilan tanishib bo’lib, uyga qaytgach.

Nabira xuddi otasining tug’ilganlik izlarini izlab topmoqchiday to’sinlarni ushlab-ushlab ko’rar, xonaning odatdagi uylarga nisbatan ancha baland shiftini, ravoqu, tokchalarni, vassa-yu ravlarni, islimiy naqsh berilgan ulkan romlarni xuddi maxluqlar yashaydigan g’orga kirib qolganday hayrat bilan tomosha qilardi.

-Bu ham o’zi sizga o’xshab o’yinlarni yaxshi ko’radi, — dedi o’g’il xuddi tengdoshini topib olgandek otasining bolasining yonidan jilmayotganini ko’rib. — Siz haqingizda, o’yinlaringiz, qishlog’imiz, to’qay haqida gapirib bergandim, men ham boraman deb turib oldi.

U bu gaplarni o’zining o’n to’rt yil dim-dirs ketgani uchun uzrxohlik ohangida aytayotgan, shu orqali oradagi uzilib qolgan mehru oqitbatni tiklamoqchi bo’layotgan edi. Ammo kattalar dunyosiga xos bo’lgan bunday nozik ilg’amlarni Sancho tushunmasdi, u kenja o’g’lini allaqachon kechirib yuborgan, umuman, shuncha yil kelmagan bo’lsa ham o’g’liga ko’nglida zarracha bo’lsa ham gina-kudrut yo’q, esu dardi otamzamonlarda qurilgan uyni hayrat va qiziqish bilan tomosha qilayotgan nabirasida edi.

Qoni tortdimi yoki otasining hikoyalari ta’sirimi, bobo va nabira tez til topishdi: Sancho uning mehmon ekanligiga e’tibor qilib o’tirmadi, shu oqshomining o’zidayoq nabirasi bilan talashib-tortishib bolalar bilan o’ynaydigan o’yinlarni o’ynashga tushib ketdi. Bobo va nabira yarim tungacha avval oshiq, keyin to’piq, oxirida “O’g’rini ushla” o’yinlarini o’ynashdi, tabiiyki, bu o’yinlarning barida Sancho g’olib keldi. Kenja otasi kompyuterdan bosh ko’tarmay qolgan o’g’lini bir paytlar o’zining tanglayini ko’targan, baxtu-sarguzasht izlab shaharga ketishiga turtki bergan o’yinlarga qiziqtirayotganidan xursand bo’lib, bobo va nabirani jilmaygan ko’yi kuzatib turardi. Yo’l ta’sirimi yoki nabira ko’rinishi allambalo maxluqlarini eslatadigan bobosini yengolmasligiga ko’zi yetdimi, yarim tunda tin olish uchun yotdi: Kenja bir quchog’iga o’g’lini, bir quchog’iga otasini olib, uxlab qoldi.

Shunday qilib, o’n to’rt yil badar ketgan Kenja oldi yoz bo’lgani uchun bolasini Tersotaga tashlab ketdi.

-Anovi o’yinlarni unut,-dedi Kenja ketish oldidan o’g’liga.- Bobongning o’yinlari zo’r. Mening shunday kunlarga yetishimga o’sha o’yinlar sabab bo’lgan.

Otasining gapini tushundimi, yo’qmi, noma’lum, o’zini sarguzashtilar o’lkasiga tushib qolgandek tutib turgan nabira bobosi bilan qolishga rozi bo’ldi.

Rostdanam Tersota ham, bobosi ham nabira uchun g’aroyibotning o’zi edi: uni qadimiy qo’rg’onni eslatadigan uy ham, xuddi etakdagi shiraga yopishgan chumoli galasi kabi tog’ yonbag’riga oytobro’y qilib qurilgan qishloq ham, bobosi ertalab sog’ib ichirgan echkilar ham, naq ayg’irday keladigan eshak ham, hammasi qiziqtirib qo’ygandi, Sancho esa endi kecha-yu kunduz o’zi bilan o’ynaydigan sherik paydo bo’lganidan boshi osmonda edi.

7.

Qanchalik g’aroyib tuyulmasin, dastlab nabira to’qayda bolalarning o’yiniga kirishib ketolmadi. Aslida ham bu o’yinlar unga begona edi. Uning boshqa, o’zlariga noma’lum bir dunyodan kelganiga tesotalik bolalar tezda amin bo’lishdi. Tersoatiliklarga zavq beradigan barcha narsalar negadir nabirani tez hafsalasini pir qilardi. Shu sababli u kunini to’qayni, changalzorni, siypantoshni aylanish bilan o’tkazar, bolalarning o’yiniga bir chetda shunchaki tomoshabin bo’lib qarab turar, uning yuz-ko’zidan bu ermaklar zarracha qiziqtirmayotgani sezilib turardi. Kechalari ham endi bobosi bilan o’ynab o’tirmas, ovqatlanaboq yotib olardi. Nevarasi Sancho bilgan bolalarning hech biriga o’xshamasdi, umuman u bolaga ham o’xshamasdi. Parishon, kamgap, hurkak, odamyovvoyi edi. So’ralgan savolga javob bermas yoki bitta so’z bilan javob qaytarar, o’zi biron narsa istasa ham faqat uch-to’rtta so’zni ishlatar, keyin xonaning bir chetiga borib soatlab yerga tikilgancha o’tirar, bobosi bilan ham, bolalar bilan ham istamay, zo’rg’a gaplashar, shunday paytlarda Sanchoga u kerakli so’zlarni bilmay, bolalar bilan muloqat qilishga qiynalayotganday tuyulardi: u o’zini qanchalik “bola” qilib ko’rsatmasin, nevarasining ichiga kirolmadi. Qishloq bolalari jon qulog’i bilan tinglaydigan cho’pchaklar-u ertaklar, “Go’ro’g’li”-yu, “Alpomish”dan to’qigan termalari ham unga ta’sir qilmadi. To’qayga olib chiqib, chillak urishni, zuvillashni, toshlar orasiga bilintirmay yashirinishni, toshlarda sakrab yurishni, changalzorda “Kaklik ovi” o’ynashni ko’rsatdi, foydasi bo’lmadi. Sancho nabirasini qiziqtirish uchun yangidan yangi o’yinlar o’ynab topar, to’qay tongdan shomgacha bolalarning shodon qiyqirig’i bilan to’lib-toshardi. Nevara to’qayga huvillagan uyda o’zini qiziqtiradigan hech narsa yo’qligi uchun bo’ynidan yetaklaganday zo’rg’a kelar, yeru-ko’kni boshlariga ko’taryotgan bolalarga qo’shilmay, ularni bir chetda kuzatib, ularning o’yinlardan ensasi qotib, behafsala o’tirardi. Sancho nevarasini aqalli jilmaytiirish uchun shu paytgacha har qanday bolani bir marta ichak uzdi qilolgan har xil qiliqlarni qilib ko’rdi: dumbasiga urib, tizzalab raqs tushdi, Chaplinga o’xshab maymoqlandi, ko’zlarini olaytirib, har xil hayvonlar qiyofasiga kirdi, it bo’lib hurdi, sigir bo’lib mo»radi, ot bo’lib kishnadi, eshak bo’lib hangradi, echki bo’lib ma’radi, xo’roz bo’lib, “qoqoq”ladi, bo’ri bo’lib uvladi, ilon bo’lib tebrandi, ajdar kabi vishshilladi, tol xivchinni “ot” qilib mindi, xo’tik kabi yerga ag’nadi, maymun bo’lib, daraxtga osildi, xarsang kabi dumalab berdi, xullas, oltmish yil davomida o’zlashtirgan bor hunarini qilib ko’rdi, foydasi bo’lmadi — tersotalik bolalar kulguning zo’ridan qorinlarini ushlab yotib qoladigan tomoshalari ham nevarasiga pashsha yonidan uchib o’tganchalik ham ta’sir qilmadi, aksincha, soqoli oqarib qolgan odamning yosh bolaga o’xshab o’zini har ko’yga solishining sababini tushunmay ko’zlarini lo’q qilib, miq etmay tikilib o’tirardi.

Oxir-oqibat shunday bo’ldiki, Sancho nabirasiga emas, nabira Sanchoga, qolaversa, o’yinqaroqligi bilan butun o’rada nom chiqargan tersotaliklarga o’yin o’rgatishga kirishdi.
Bir kuni bolalar har doimgiday endi “Zuvulloq” o’yinini boshlaymiz deb turganda, nabira ularning qarshisiga kelib, bir pas beparvo kuzatib turgach, kutilmaganda taklif qilib qoldi:

— Balkim “Supermen” o’yinini o’ynarmiz, — dedi u tomdan tarasha tushgandek.

Bolalar bir-biriga, va tabiiyki, Sanchoga qarashdi. Sancho bunaqa o’yin borligini bilmasdi. Hamma ajablanib nabiraning og’ziga ko’z tikishdi.

-U qanaqa o’yin?!-so’radi Malik tuyaturponning ildizidan saqichni ajratib olib, chaynar ekan. Keyin saqichini shahar bolaga ko’rsatmoqchiday tilining uchiga olib ko’rsatdi.
O’yin nomining o’ziyoq bolalarda birdan favqulodda qiziqish uyg’otgan, shu paytgacha o’zlarining bu to’qaydagi ermaklariga o’xshamagan nom hammaning og’zini ochib qo’ygandi: nabira esa bolalarni o’ziga qarata olganidan xursand bo’lib ketdi va “Shuni ham bilmaysizlarmi?!” degandek pisanda bilan o’yin shartlarini tushuntira boshladi.

— Shaharda biz faqat shu o’yinni o’ynaymiz. O’yinning sharti bunday: noma’lum qal’ada o’ta xunuk, o’ta tasqara, o’ta badbashara maxluq yashaydi. U g’ayirtabiiy kuchga ega: uni oddiy qurollar bilan o’ldirib bo’lmaydi. Faqat ikki tig’li xanjar sanchilsa, o’lishi mumkin. Buning uchun esa unga xanjar uradigan darajada yaqinlashish kerak. Bu hammaga ham nasib qilavermaydi. Chunki u o’ta kuchli maxluq, yaqiniga yo’laganni yamalamay yutib yuboradi. Yutgan sayin kuchga to’lib boradi. Dastlab ikki guruhga bo’linib, “saralanish” kerak. Saralash payti “o’lgan” chiqib ketaveradi, yengganning bitta qo’shimcha “joni” ko’payaveradi. Kimning “joni” ko’p bo’lsa, o’shaning imkoniyati ham ko’p bo’ladi, “o’ldirishganda” ham qo’shimcha “jon”i evaziga jangni davom ettirish imkoniga ega bo’ladi. O’yinning oxirgi bosqichida kim maxluqni yengib, uning ham jonini o’ziniki qilolsa, supermen, ya’ni o’lmaydigan qahramon bo’ladi.

Tersotalik bolalar juda ko’p o’yinlarni bilishardi. Ammo bunday g’aroyib o’yin haqida birinchi marta eshitib turishgandi: yenganning joni ko’payib borishi – kim kuchli bo’lsa, oxir-oqibat barcha jonlarni o’ziniki qilib olib, “o’lmaydigan” maqomga erishish — bu endi salkam ertakning o’zi edi.

-To’qay, chakalakzor, xarsang toshlar, ayniqsa, anovi qora tosh bu o’yinni bemalol o’ynash imkonini beradi, xuddi kompyuterdagiday,- dedi nabira. – Men kompyuterda bu o’yinni rosa ko’p o’ynaganman.

Kutilmaganda, bu o’yinga hamma, hatto Sancho ham qiziqib qoldi: o’yin desa uning suyagi yo’q edi.

Shunday qilib, nabira esa tashabbusni butunlay qo’lga oldi, bobosining ochiqchasiga raqobtchisiga aylandi.

— Kim o’yin shartlariga rozi bo’lsa, boshlashimiz mumkin, -dedi u.-Eslatib qo’yay, bu o’yinda faqat bitta g’olib bo’ladi. G’olib Supermen darjasiga chiqadi.

Hammaning o’lmaydigan qahramon bo’lgisi kelardi. Nabira taklif qilayotgan o’yin Sancho aytib beradigan cho’pchaklarni yo’lda qoldirib ketardi.

Nabiraning sharofati bilan bir pasda to’qayzor “harbiy janggoh”ga — faqat kuchlilargina yashab qolishi mumkin bo’lgan o’yingohga aylandi: qonida bo’lgani uchunmi yoki o’zi shunaqa qobiliyat bilan tug’ilganmi, bunisi noma’lum, lekin u bu xildagi o’yin borasida ustasi farang chiqib qoldi – hammaning yuzini qorakuyaga bo’yatdi, avval “yoyandazlik”, keyin “nayzabozlik”, keyin chakalakzorda pusib-poylab yurish, yaqin borib, to’satdan “xanjar” bilan mahv qilish – hammasini o’zi bu xil jangu jadalda ishtirok etib yurganday tashkil qildi. Kimgaki “o’q”, “nayza”, “xanjar” tegib, o’sha joyi qizarib qoldimi, bo’ldi, u o’yindan chiqib ketishga mahkum, ya’ni u “o’lgan” hisoblanadi. Buning uchun ular endi qizara boshlagan zirknitng shirasidan foydalanishar, oqibatda tayyor bo’yoq — “qon” paydo bo’lar, “nayza”, “poykon”, “to’qmoq” uchlarini unga botirib olishdi. O’yin chakalakzorda bo’ladimi, xarsanglar orasidami, yulg’unzordami, faqri yo’q, “dushman”ga to’satdan, kutilmaganda hujum qilish va “qon”ni kiyimiga tegizish kerak, kiyimiga “qon” tekishi “o’lganini” bildiradi. Birinchi bosqich bir birini ovlash bilan o’tadi, shart ham “odam ovi” deb atalardi.

Ba’zilar nogohan o’qqa duchor bo’lmaslik uchun soatlab chakalakzorda yoki biron toshning ortida payt poylab yotardi. O’yin bolalarga shu darajada yoqib qoldiki, ayrimlar tong sahardan to’qayga kelib oladigan bo’ldi.

Nabiraning yangi o’yini butun Tersotaga tarqadi va har bir uy, har bir xonadonda bu g’aroyib o’yin muhokamaga aylandi. Boshqacha aytganda nabira bir kundayoq hammani o’ziga qaratib olgandi. Supermenlar, sayyoralar aro janglar, quloq eshitmagan poygalar haqida gapirib berar, bolalarning atrofiga to’plab, hammani lol qilib turganidan Sancho ham o’zida yo’q xursand bo’lib ketardi — u ham xuddi Abdulla baxshini berilib eshitgani kabi nabirasining o’yinlar haqidagi hikoyalarini jon qulog’i bilan eshitardi.
Endi butun Tersota “odam ovi”ga qurilgan bu g’aroyib o’yinlarni muhokama qilardi. Bora-bora kattalar ham shunday to’qayga kelib olib, bolalarning o’yinini tomosha qiladigan bo’lishdi.

Zarang shoxidan ikki tig’li xanjar ham yasab olishdi. O’yin shartiga ko’ra, har bir o’yinchi xanjarga egalik qilish huquqiga ega edi. Buning uchun xanjarning oldingi egasini “o’ldirish” kerak bo’lardi. So’nggi “xanjar” egasi ham hammaning “joni”ga, ham xanjarga ega bo’ladi.

O’yinning eng nozik joyi — har kim o’zi uchun kurashishi kerak edi. Shu sababli bolalar burchak-burchakda “joni”ni o’ziniki qilish uchun bir-birini poylab yotishardi, zotan, “Maxluq”ni ovlash uchun avval bir-birini ovlashlari shart edi.

Hammasi nabira aytganday tayyor bo’lgandi. Faqat… faqat endi “maxluq”ni aniqlab olish kerak…

Badbashara, tasqara, xunuk maxluq bo’lishga hammaning ham yuragi dov bermasdi va hech kimning “Maxluq” bo’lgisi kelmasdi.

Shu sababli hammaning boshi qotdi. “Maxluq” bo’lmasa, o’yinda mazmun qolmaydi. Chunki faqat uni o’ldirgangina o’lmaydigan qahramonga aylanadi. Bolalar “Kim “Maxluq” bo’ladi?!” deb tortishib qolishdi.

-Oramizda maxluqqa mos yo’q. Hech kimning mahluq bo’lgisi kelmayapti…

Nabira ularning bahsiga arashlashmay bir chetda turardi. Keyin nimagadir qaror qilgandek, tizilib turgan bolalarni birma-bir ko’zdan kechirib, Sanchoning qarshisiga kelib to’xtadi va unga tikilib qoldi. Bolalalar ham uning izidan kelib, Sanchoni xuddi endi ko’rishayotgandek sinchkovlik bilan ko’z tashlashdi. Ular yuzini ajin bosgan, peshonasi xuddi uquvsiz kulol yasagan ko’zaday g’adir-budur, ichini mo’y qoplab olgan quloqlari yirtiq po’stakday shalpaygan, soqoli esa bu xunuk aftda o’sib chiqqanidan uyalyotgandek boshini egib olib, pataklashgan, odamning barmog’idan ko’ra biron jonivorning panjasiga ko’proq o’xshab ketadigan kichkina jundor barmoqlari, xuddi kinolardagi gnomlarni esga soladigan pak-pakana bo’yi, umuman, sunu-sumbati maxluqning g’irt o’zi bo’lgan tasqara bilan yuzma-yuz turardilar: izohga hojat qolmagandi — Sanchodan xunuk, Sanchodan badbashara, Sanchodan boshqa maxluqqa mos nomzodni topish mushkul edi.

Ular shundagina avval bobolari, keyin otalari, endi o’zlari bilan bolalik o’yinini o’ynab kelgan mitti, yapasqi odamning nabira tasvirlagan yirtqich maxluqqa o’xshashini sezib qolishdi-ki, hamma bir ovozdan Sanchoni ”maxluq”qa munosib nomzod ekanini ich-ichida tan olishdi.

Sanchoga esa farqi yo’q edi: o’zinining o’yinga qo’shilganidan xursand bo’lib, har doimgiday har qanday shartga tayyor turardi.

Shunday qilib, uzoq davom etadigan “Maxluq” “ovi” boshlandi: bir tomondan maxluqni o’ldirish uchun kelayotgan qahramon o’ziga raqib bo’lganlarning jonini o’ziniki qilishga, ikkinchi tomondan “maxluq” bolalarni o’g’irlashga(bolalar qancha ko’p o’g’irlansa, uning joni ham shuncha ko’payardi) kirishib ketishdi. Maxluqning qarorgohi – qal’asi – Sanchoning uyi edi. O’rnatilgani yuz yillardan oshgan, go’yo olis dorilomon kunlar haqida nimalardir deb ming’irlayotgandek taassurot uyg’otadagin g’ichirloq eshiklar, bir paytlar nafaqat Tersotaning balki butun O’raning viqori bo’lgan, endi esa chirishga yuz tutgan romlar, asriy qurum va g’ubor qoplagan vassalar, yildan yilga yangilanib, ko’rkamlashib borayotgan uylar qarshisida begonalashib, yotlashib, mung’ayib, haqiqatan ham biron yovvoyi maxluq yashaydigan g’orga o’xshab borayotgan uyning o’zi — hammasi bu makonning nabira aytgan o’yinga juda mos ekanini ko’z-ko’z qilib turardi.

Bu endi shunchaki o’yin emasdi – bobo va nabiraning kelgan kuniyoq boshlangan raqobatning davomi edi – o’yin shartlarining ikki tomonida bobo va nabira o’z sha’nlarini saqlab qolish uchun zimdan kurashga kirgandilar: yetmishni qoralab “maxluq”qa aylangan Sancho bor-yo’g’i bittagina bolani “asir” olganda nabira ishtirokchilarning yarmining “jon”nini o’ziniki qilib bo’lgandi. Bolalar Sanchoning fe’lini ham, uning hatti-harakatini yaxshi bilishgani uchun uni boshqa narsalarga chalg’itgan ko’yi, kiyimlariga “qon” yuqtirmay qochib qolishardi.

Ertalab boshlangan o’yin yarim kechagacha davom etdi: terostaliklar bolalarining Sanchoning uyida xuftongacha “Oqsuyak”, “O’g’ri”, “Yashirinmachoq” o’yinlarining butun qishloqni boshlariga ko’tarib o’ynashlariga ko’nikib qolishgandi. Shu sababli goh molxonasi, goh uyi, goh tomorqasi ichidan kelayotgan “jon” olib, “jon berayotgan” bolalarning har tusdagi mag’lubona va g’olibona ovozlariga e’tibor ham berishmadi.

Nihoyat nabira “nayza” va to’qmoq, xanjar bilan qurollanib, “Maxluq” bilan yuzma-yuz turar, uning orqasida g’ira-shirada go’yo rostdanam ham “jon”lari olingach go’yo sharpalarga aylanib qolgan bolalar kelishardi. Ular “superqahramon” kim bo’ladi, Sancho yoki nabirami, bilish uchun nafaslarini ichiga yutib, qilt etmay turishardi.
Sancho har doimgiday o’yinni qizitish uchun o’zini yovvoyi maxluqqa solib, har tomonga irillab tashlanar, qo’lidagi so’yil bilan nabirasi tomonidan berilgan har qanday zarbani osongina qaytarardi – u hammasini azboriyi o’yin uchungina qilayotgandi.

Nabira “maxluq” bilan avval nayzada, keyin to’qmoqda “kuch” sinashdi: har ikkala holatda ham vaziyat “Maxluq” — Sanchoning foydasiga hal bo’ldi, zotan u oltmish yildan oshiq mol izidan tayoq sudrab yuraverib, so’yilni ishlatishning piri bo’lib ketgandi: nabirasining etigidan tortib, yuzigacha so’yil qoldirgan qizil bo’yoq izlari bilan to’lib toshdi – bu o’yin uning g’alabasi bilan yakun topishidan, nabiraning mag’lub bo’layotganidan darak berardi.

Qishloq masjidida xufton nomozi o’qib bo’linib, qari-qartanglar uy-uylariga tarqalishayotganda nabira deyarli to’plagan barcha “joni”dan mahurm bo’lgandi. Bobosining tayoq, to’qmoqlarni bunday ustamonlik bilan ishlata olishini nabiraning o’zi ham kutmagandi, shu sababli orqasida turgan bolalardan birovi “Faqat bitta joni qoldi” deganda qaltirab ketdi: uning butun vujudi, lablari, ko’zlari, qorachiqlari titrardi: zotan u tersotaliklarga noma’lum bo’lgan davralarda, o’zi aytganidek, shaharlik bolalar orasida faqat g’olib bo’lgan, mag’lublik uning uchun deyarli o’lim bilan teng sharmandalik edi. Shu sababli unga bir necha daqiqadayoq xuddi hayot-mamoti hal bo’ladigandek tuyulib ketdi.

-Men baribir g’alaba qilaman!- dedi u hansirab alanechuk yot, telbavor jazava bilan. Uning ovozi yovvoyi yirtqich bilan yuzma-yuz turgan ovchining o’lim talvasasidagi hayqirig’iga o’xshab ketdi – ajal sasi kelib turgan bu hayqiriqdan etlari junjikib ketgan bo’lsa-da, Sancho ham, ularning “jang”ini chetda kuzatib turgan bolalar ham shunday hayqirish o’yin sharti bo’lsa kerak deb o’ylashdi.

Nabira yana qorong’ulik qa’rida g’oyib bo’ldi: uning oxirgi imkoniyati qolgandi. Agar yana bir marta bobosining so’yilining bo’yalgan uchi tegsa, bo’ldi, Sancho o’yin g’olibi – supermen bo’lardi: bolalar yurak yutib, yakunni kutishardi. Ammo nabira anchagacha qorasini ko’rsatmadi — u qaysidir qorong’u burchakda payt poylab turardi.

Nabirasining hujumini kutaverib, Sanchoning uyqusi kelib ketdi: qanchalik ko’ngli ham, aqli ham bola bo’lmasin, yoshi allaqachon marrani qoralab qolgan, tanasi bunday uzoq cho’zilgan jismoniy zo’riqishga dosh berolmasdi. U o’zining toliqqanini, umrida eng uzoq o’ynagan o’yini shu ekanini his qildi. Shuning uchun xayolida “Agar nabiram paydo bo’lsa, o’zimni himoya qilib o’tirmayman, mayli, u mening jonimni olsin!” deb o’yladi. Xuddi shu qaror bilan so’yilga suyangancha ko’zlarini yumib, tin oldi. Uni charchoq, uyqu bosib kelardi. “Bo’ldi. Nabiramni chaqiraman, yengildim, sen yengding deyman!” deb rejalashtirdi u ichida va shu qarorini aytish uchun ko’zlarini zo’rg’a ochdi. Ammo uning ichidagi o’ylashlari oxirga yetmadi: yarim soatcha yo’qolib ketgan nabira xuddi hayot-mamot jangiga kirishgan ovchiday qorong’ulik qa’ridan o’qday otilib chiqdi va qo’lida qolgan oxirgi qurol — xanjarini “Maxluq” – Sanchoning qorniga “sanchdi”. Bu shunchalik tez sodir bo’ldiki, bolalar ham, Sancho ham nabira qayoqdan, qanday, qaytarzda paydo bo’lganini ilg’amay ham qoldi. Sancho zarangdan uchi sumak qilib yasalgan xanjar qorniga qadalganda nabirasining g’oliblik aks etgan yuzinigina ko’roldi, xolos, nafaqat yuzi, balki ko’zlari ham echkini bosib olib emayotganda o’ljasini tappa bosgan bo’rivachchani eslatadigan otasining ko’zlariga juda o’xshab ketardi shu payti. Bu ko’zlarda unga yot, begona, sovuq, yovvoyi, u tushunmagan va anglamagan yana qancha ifodalar balqib turardi. U nabirasiga yengilganini e’tirof etishga chog’landi, ammo gapirishga ulugrmadi – butun tanasini og’riq qamrab oldi va u nabirasi “sanchgan” “xanjar”ni ikki qo’llab ushlagancha yiqildi.

Uning juda tabiiy yiqilganini ko’rib, bolalar kulib yuborishdi: bunaqa yiqilishlarni, “o’lib berishlarni” Sancho qoyillatardi.

Nabira esa bobosiga qaragancha qotib qolgan, uning ko’zlarida junun, telbavor shavq zuhur etardi.

Bu zuhurot asta-sekin uning yuziga o’tdi, keyin lablariga ko’chdi.

U yerda yiqilib yotgan Sanchoga qarab turib, bolalar tomon o’girildi va talvasa to’la ohangda shivirladi:

— “Maxluq”ni yengdim! Men supermenman!

Bolalar uni qutlashga kirishib ketdi: birov quchoqlar, yoshi kattaroqlari kelib yelkasiga urib qo’yyardi. Qolganlari qo’lini siqishdi. Endi tarqashsa ham bo’lardi. O’yin tugagan, nihoyat Tersotada “o’lmaydigan qahrmon” paydo bo’lgandi.

Faqat Sancho hali ham o’rnidan turmagandi. Buni Soli Boymirning nabirasi birinchi bo’lib sezdi. U yerda qornini ushlab yotgan Sanchoning oldiga borib, unga bir pas qarab turdi.

-Sancho! Turing. Hammasini o’xshatdingiz. “O’lganingizga” ishondik,- dedi u kulgancha oyog’i bilan oyog’iga tepib.

Sancho javob qilmadi. Soli Boymirning nabirasi avval Sanchoning yelkasidan turtdi, keyin tovushini baland qilib, noxushlikni sezgandek qaltiroq ovozda baqirib yubordi.

-Sancho! Nima, balo, rostdanam o’lib qoldingizmi?

Uning ovozini eshitgan bolalar nabirani qutlashdan to’xtashdi. Ularning ko’zi hali ham yerda qorni bilan qapishib, yuz-tuban yotgan Sanchoga tushishdi. Malik kelib, Sanchoning boshini ko’tardi va uni yuzini o’ziga o’girdi. Sancho ko’zlarini yumib yotardi.

-Sancho! Bo’ldi ketamiz. O’yin tugadi.

U shunday deb, turishga yordam bermoqchi bo’lib, qornidagi zarang xanjarni ushlab turgan Sanchoning qo’liga olib bordi-yu, birdan seskanib tushdi va shoshib kaftiga qaradi. Uning barmoqlari qon edi. Shundagina hammaning ko’zi zarang “xanjar” qadalgan joydan sizib chiqayotgan qonga tushdi…

8.

Ertasiga Sanchoni so’nggi yo’lga kuzatish uchun barcha tersotalik bolalar chiqishdi: ular uydan toki Azlartepagacha qator turib olishib, tobutga yelka tutishar, yelkadan yelkaga lopillab o’tayotgan tobutni sekin silab qo’yishar, shu bilan kattalar dunyosidagi oxirgi tengdoshlari bilan so’zsiz vidolashar, kattalar esa bu o’limni qishloq uchun katta yo’qotish deb hisoblashmayotgan bo’lsa-da, ammo har biri o’zlariga o’xashmaganligi tufayli bir umr mayna qilib kelgan, bir umr bola bo’lib qolgan o’zlari aqli noqis deb bilgan qishloqdoshlari bilan birga Tersotaning bolalik davrini dafn etish uchun ketishayotganini ich-ichlarida his etib borishardi…

Tamom

067

(Tashriflar: umumiy 471, bugungi 1)

Izoh qoldiring