Nigora Umarova. O’z olamin yaratgan musavvir

016

   Георгий Брим ХХ аср ўзбек театрига янгилик — “ драматург – режиссёр –рассом” схемасини олиб кирган ижодкордир. унинг истеъдодидаги асосий хусусият – ҳар бир спектаклнинг ўз тасвирий талқинини топиш, драматургия ва унинг қаҳрамонларига нисбатан ўз муносабатини барқарор билдира олишида эди. Георгий Брим спектаклларидаги декорациялар бир-бирига ўхшамаслиги, улар ранг, шакл, нур ва фактура асосида ўзига хос талқин этилади. рассом маҳоратининг асл моҳияти унинг юксак тасвир маданияти, рангтасвир техникаси ва театр технологияси сирларини пухта эгаллаганидадир.

ЎЗ ОЛАМИНИ ЯРАТГАН МУСАВВИР
Нигора Умарова
090

016 Театрга келган одам ўзга бир муҳитга тушиб қолади. Спектаклни кўриш жараёнида бевосита воқеалар иштирокчисига айланади. Агар томоша томошабинни ҳайратга солмаса, спектаклнинг таъсири хазон япроғининг олови мисол чўғи бўлмай кўзни ачитади, нафасни бўғади.

Саҳна асаридан ҳайратланишни яратишда режиссёр, актёрлар маҳоратидан ташқари саҳна рассомининг ҳам муҳим ҳиссаси бор. Режиссёр иши, актёрлар ижроси спектаклнинг суягини ташкил этса, саҳна рассомининг чизгиси, давр муҳитини яратишдаги истеъдоди спектаклнинг “лаҳми”ҳисобланади. Ўз даврининг талабини чуқур ҳис қилган ҳолда театр ва сценография санъатидаги ўзгариш ва янгиликларни инобатга олиб ижод этган, декорациялар орқали томошабинни ўйлашга, мулоҳаза этишга ундаган рассом Георгий Брим эди. Георгий Брим ХХ аср ўзбек театрига янгилик — “ драматург – режиссёр –рассом” схемасини олиб кирган ижодкордир. унинг истеъдодидаги асосий хусусият – ҳар бир спектаклнинг ўз тасвирий талқинини топиш, драматургия ва унинг қаҳрамонларига нисбатан ўз муносабатини барқарор билдира олишида эди. Георгий Брим спектаклларидаги декорациялар бир-бирига ўхшамаслиги, улар ранг, шакл, нур ва фактура асосида ўзига хос талқин этилади. рассом маҳоратининг асл моҳияти унинг юксак тасвир маданияти, рангтасвир техникаси ва театр технологияси сирларини пухта эгаллаганидадир.

099Георгий Брим 1935 йил 18 сентябрда Туркманистоннинг Акстафинск туманида деҳқон оиласида туғилган. 1953 йилда Ашхобод бадиий билим юртини, 1957 йилда Шота Руставели номидаги Тбилиси театр – рассомлик билим юртини тугатади. билим юрти йўлланмаси билан Мари вилоят театриа бош рассом бўлиб ишлайди. Тақдир тақазоси билан Георгий Брим 1961 йилда Ўзбекистонга келиб, Тошкент театр ва рассомлик институтига ўқишга киради. Талабалик йилларидаёқ Тошкент, Ашхобод, Мари шаҳарлари театрларида спектаклларни саҳналаштиришда рассом-декаратор сифатида қатнаша бошлайди. 1967йилда ўқишни битириб, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да рассом, 1969 йилдан эса бош рассом сифатида фаолият кўрсатади.

Георгий Брим фаолиятининг бошланғич даврида Ўзбекистонда кўзга кўринган театр рассомлари И. Вальденберг, Д. Ушаков, Ҳ. Икромов ҳамда В. Рифтинларнинг ижодий анъаналарига асосланиб спектаклларни безайди. кейинчалик эса у аста-секин ўз ижодий йўлини топиб олади, кўплаб спектаклларнинг саҳна юзини кўришида рассом-декаратор сифатида ўз ҳиссасини қўшади. Ўтган асрнинг 60-80 йилларида Ҳамза театрида саҳналаштирилган ҳар бир спектаклда Бримнинг рассом-декаратор сифатидаги руҳияти яққол сезилиб турарди. У ўнлаб спектаклларни маҳорат билан безаб, истеъдодли театр рассоми сифатида тан олинади, эл назарига тушади, маданий жамоатчиликнинг эътиборини қозонади.

Мусаввир Ҳамза театрига келиши билан таниқли театр режиссёри Тошхўжа Хўжаев саҳналаштирган А. Штейннинг “Шахсий иш” (1967), Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” (1968), С.Азимовнинг “Қонли сароб” (1968) спектаклларига декорация тайёрлади. Дастлабки муваффақиятлардан руҳланган рассом доимий тарзда ижодий изланишда бўлди. Қатор спектаклларни саҳнага қўйишда ўз салоҳияти ва истеъдодини намоён этди.

Георгий Брим Ҳамза театрида саҳналаштирилган Софоклнинг “Шоҳ Эдип” (1969), Шукур Саъдулланинг “Афсона яратган қиз” (1971), Уйғуннинг “Парвоз” (1971), Асқад Мухторнинг “Самандар” (1972), Уйғуннинг “Абу Райҳон Беруний” (1973), Ўлмас Умарбековнинг “Комиссия”(1974), Фридрех Шиллернинг “Қароқчилар” (1974), Иззат Султоннинг “Кўрмайин босдим тиконни” (1975), Гоголнинг “Уйланиш” (1975), Е.Шварцнинг “Қор маликаси” (1976), Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони”(1976), Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” (1976), Асқад Мухторнинг “Саҳро тор” (1977), В.Васильевнинг “Рўйхатларда йўқ” (1978), Рабиндранат Тагорнинг “Ҳалокат” романи асосида Александ Гинзбургнинг “Ганг дарёсининг қизи” (1978), Лев Толстойнинг “Тирик мурда” (1978), М.Горький номидаги рус Давлат академик драма театрида Гольдфельнинг “Иван ва Мария” (1971), М. Мелькумов ва Комил Ёрматовнинг “Узоқ ва яқин йиллар” (1974), Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” (1977), Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театрида Ж. Вердининг “Риголетто” (1970), Ж.Бизенинг “Кармен”(1973), Тошкент Давлат оперетта театрида И.Штрауснинг “Хушақчақ уруш”(1973), Қўқон ўзбек драма театрида Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” (1974), Уйғуннинг “Қопқон” (1975), Каттақўрғон ўзбек драма театрида Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” (1977), Фарғона мусиқали драма ва комедия театрида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” (1977) спектаклларига декорациялар ишлади.

Георгий Бримга Ўзбекистонимизнинг театр санъатига катта ҳисса қўшган буюк режиссёрлар Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Баҳодир Йўлдошевлар билан анча йиллар ижодий ҳамкорликда ишлаб, ўзбек театр санъати тарихида муҳим ўрин тутган спектаклларга декорациялар яратиш насиб этди. Георгий Бримни Баҳодир Йўлдошевсиз, Баҳодир Йўлдошевни эса Бримсиз тасаввур этиш мумкин эмас, деган гап юради санъат аҳли орасида. Улар-дўст, улар –маслакдош. Ҳамкорликда “Рўйхатларда йўқ”, “Нодирабегим”, “Келинлар қўзғалони”,”Ибн Сино”, “Юлдузли тунлар”,“Майсаранинг иши”, “Ипак йўли”, “Искандар” каби кўплаб спектаклларни яратишган. Бу икки буюк санъаткор бир-бирлигини зимдан ифода орқали тушунишган, бири иккинчисини тўлдириб турган. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев суҳбатларининг бирида (“Тафаккур” журнали, 2001 йил, суҳбатдош Наим Каримов), “Режиссура – жуда ғалати бир ҳунар. Лойни тинмай тепасиз, аммо ундан нима чиқишини ҳали билмайсиз. Шунда Брим келиб: “Лойни яхши пишитибсан. Бу лойдан мачит қуриилишида фойдаланиш мумкин. Лекин бу лой фақат қора сувоққа кетади”, деб қолади. Шу лой қанчалик пишган бўлса, Брим унинг сифатига қараб ё пардозга ишлатади, ё бошқа нарсага. Агар лой пишимаган бўлса, ўзи ишга тушиб кетади… Мен жуда омадли одамман… Гап шундаки, дўстларим кўп эмас. Шундай дўстларим борки, мени ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила олади. Брим иккимиз бир ойда туғилганмиз. Фарқимиз шундаки, мен ундан ўн ёш кеч туғилганман. Бизнинг ҳамкорлигимиз- Тўла акамнинг хизматлари. Шу одам иккимизнинг бошимизни қовуштирган”.

012 Георгий Брим меъморчиликни севган ва шунинг учун ҳам архитектура шаклларига тез-тез мурожаат этиб турган. Бу шакллар Брим учун фақат давр гувоҳи, воқеаларнинг макон ва замонини кўрсатувчи омил эмас, балки саҳна сатҳини талқин этишнинг ўзига хос йўли, спектакль конфликтини белгиловчи омил бўлиб келган. Рассом ўзининг дастлабки ишларида кўпинча меъморий ёдгорликларнинг фрагмент ва деталларидан давр гувоҳи сифатида фойдаланган. Кейинчалик эса “Мария Стюарт” ва “Беруний” спектаклларида бу элементлардан саҳнавий пластик композициялар яратди. Кейин эса спектаклларни меъморлик нуқтаи назаридан ҳал этиш тамойилига, саҳнада меъморий композиция усулларидан фойдаланишга ўтади. Ф. Шиллернинг “Қароқчилар” спектаклида ана шундай усулни кўриш мумкин. бунда актёрлар фожеани ўзбек театрига хос анъанавий романтик-исёнкорлик руҳида талқин этишдан қочиб, шафқатсизлик ва зўравонлик мотивларини етакчи ўринга олиб чиқадилар. Саҳнанинг орқа томони гобелен бўлиб, унда қуюқ жигарранг ўрмон тасвири кўзга ташланган. Буни граф Моорнинг қўрғони дейиш ҳам мумкин ёки шу қўрғон залларига осилган сурат деб тасаввур қилса ҳам бўлади. Қўрғон ғоят баланд, гўё ўзи жойлашган тепалик билан рақобат қилаётгандек туюлади. Қўрғон фонида рицарларнинг қиёфалари, аниқроғи рицарлик яроқ – аслаҳалари кўзга ташланади. Рассом маҳорати шундаки, томошабин кўрмай турибоқ ўша аср интерьерлари ҳақида тасаввурга эга бўлади. Металл яроғ-аслаҳаларнинг ярқираши бу таассуротни мукаммаллаштиради. Спектаклнинг дастлабки дақиқаларидаёқ ён томонлардан баланд ва учли тўсиқлар пайдо бўлган. Булар ҳалок бўлган рицарларнинг қабрлари билан узвий боғланиб кетган. Рассом тасвирий ечимдан кўзда тутган мақсад- илгариги рицарлик ғоялари униталаёзганлиги ҳақидаги тасаввур режиссёр Баҳодир Йўлдошев томонидан Карл Моор ва унинг ўғли Франс саҳналарида ривожлантирилади ҳамда спектаклнинг иккинчи қисмидаги ўрмон эпизодларида ўз ниҳоясига етади.

065Георгий Брим фикрларининг фаоллиги табиий равишда томошабинни ўзи билан ҳамфикр қилишга, уларни фақат бўлаётган воқеаларга эмас, балки рассомнинг ана шу воқеаларга муносабатига ҳам хайриҳоҳлик билдиришига эришиш истагини белгилаб берган.
1978 йилда Ҳамза театрида В.Васильевнинг “Рўйхатларда йўқ” спектакли саҳналаштирилади. Спектакль Иккинчи жаҳон урушининг воқеалари ҳақида маълумот берган. Ўша пайтларда театрда кичик саҳна йўқ. Шунда Георгий Брим театрнинг ички мкониятларидан фойдаланади. Спектакль қўйилган кунда залдаги брезент қопламали ўриндиқлар бир қарашда томоша бўлмайдиган кундаги ҳолатни эслатади. Лекин томошабинларнинг бу ўриндиқлар ёнидан саҳна томонга ўтиб жойлашишидан кўринадики, бу брезентлар плашч-палаткалар эканлиги. Ҳар бир томошабин оёғи остида аскар каскаси ётибди. Каскалар жуда кўп, улар аскар қабрларини эслатиб туради, томоша зали, уни ёпиб турган брезент устида эса автоматлар, флягалар ва бошқа солдат асбоблари сочилиб ётган. Кейинроқ спектакль давомида актёрлар каскаларни киядилар, шунда томошабинлар нафақат урушнинг биринчи кунларининг гувоҳи, балки иштирокчиларига ҳам айланадилар. Бунда томошабин зал билан саҳнани туташтирувчи борлиққа тушиб қолган. Мусаввир ифода воситаларини фақат нарсалар – уруш даври белгиларидан қидирмайди, балки туташ борлиқнинг ифодалилигидан ҳам ахтаради, томошабинни бу белгиларни сезишга эмас, қаҳрамонлар аҳволининг фожеасини ҳис этишга, уларни Брест қалъасининг бандилари ва курашчилари деб ҳис этишга мажбур этган. Томошабин учун ғайриоддий бўлган томоша залининг қоралиги эса душман томонни эслатган. Фашистлар ўша ердан отганлар, ўз қисмларидан ажраган аскарлар ўша ердан келганлар ва ортларига қайтганлар.

1990 йилда саҳналаштирилган “Нодирабегим” фожеасида Георгий Брим режиссёр билан ҳамкорликда Ҳамза театрида яратилган декорацияга мурожаат этган дейишади. Аввалги декорациядан айнан фойдаланмай, ундаги етакчи тимсол сақланиб қолган. Етакчи тимсол вазифасини ҳашаматли саройни кўтариб турган устунлар ҳисобланган. Улар ўзларида жамият тарихини безаб, асрлар давомида ақл ва ҳикмат, имон ва эътиқод байроғини баланд кўтариб келган кишиларни ўзида мужассам этади. Миллий кўринишга эга бўлган бу безакларда нафақат Шарқ, балки антик даврлардаги Ғарб санъати, алалхусус меъморчиликдаги муштарак нуқталар акс этган. Бу билан эса режиссёр ҳам, мусаввир ҳам Нодира фожеасини умумбашарият фожеаси эканлигини кўрсатмоқчидек туюлади гўё.

047 “Искандар” спектакли саҳналаштирилганида Георгий Брим саҳнада ўзгача ақл бовар қилмайдиган даражадаги қаср қурадики, ушбу қасрда Будда илоҳиёти ҳам, Европа ибодатхоналарининг унсурлари-ю, мусулмон масжидларининг Қуръони Каримбитилган нақшлари мужассам, юқорида эса чексиз коинот акс эттирилган эди. Бунда Георгий Брим ҳам, Баҳодир Йўлдошев ҳам асарни саҳналаштиришда янгича ечим топишга интилишганди. Улар янгича саҳна талқини ва “тили”ни кашф этишди. Спектаклда миллий маданиятимиз, Европа театр анъанаси, халқ оғзаки ижоди, ўзбек мумтоз адабиёти уйғунлашган тарзда яққол намоён бўлди.

Рассом 1996 йилда нишонланган Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган Самарқанднинг Регистон майдонидаги томошада, юртимизнинг Мустақиллик, Наврўз байрамларини маҳобатли безатиш ишларида ўзининг сержило, рамзларга бой тасвири билан майдонга ажиб жозиба бахш этди. Бу билан Георгий Брим юртимизга, халқимизга бўлган эҳтиромини намоён этди. Мусаввир Ўзбекистонда яшаш даврида ўзбек халқининг миллий қадриятлари, анъаналари, санъати ва тарихини чуқур ўрганган, меъморчилигимизнинг нозик жиҳатларини илғаб, уларни ўз асарларида, ишларида намоён этганди.

Умрининг сўнгги йилларини Георгий Брим дўстлари ва маслакдошларидан узоқда ўтказди. Яқин қариндошлари Германияга кетишгач, у ҳам улар билан ўзга юртга кетишга мажбур бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзга юртда фикрдош топа олмай, илдизидан ажралган чинор мисол буюк мусаввир 1999 йил 19 майда қулади. Ижодкор учун энг асосий нарса ижод қилиш учун шароит ва имкониятдир. Рассом мусофирликда бу насаларга эриша олмади. Зеро, театр учун ибодатхонадай бир даргоҳ, томошагоҳ умрининг мазмуни эди.
Санъаткор ҳаётининг ўзи бир олам. Георгий Брим ҳаёт йўлида ўнқир-чўнқир, паст- баланд йўлларни кўп кўрди. Умри давомида инсонларга у бир нарсани – санъат, санъаткорликнинг моҳияти ижодкорнинг шахси, дини, миллатидан қатъий назар, ягона ва ўзгармас эканлигини ибрат қилиб қолдирди. Мусаввир умрининг сўнгги йилларигача оламни ўрганди, ўз оламини яратди, таҳайюл оламида сайр этиб, умрбоқий рангтасвири орқали инсонларга ҳам бу оламда сайр этиш имконини яратиб берди.

011
Суратда: Таниқли театр рассоми Георгий Брим  ва уинг узоқ йиллик маслакдошлари: машҳур  режиссёр Баҳодир Йўлдошев, шоир Хуршид Даврон. Самарқанд, 1996 йил.

04

041

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring