Orif Tolib. Ellik yillik duv-duv gap.

087
16 январ — Атоқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов (1931) таваллуд топган кун.

     Икки соатча ўтгач, Абдулла Қаҳҳор мени имлаб чақирдилар. Қўлёзмани олиб дарров кўз югуртира бошладим, шунда Ойпошшанинг Меҳрихон ая ҳақидаги гапини ўқиб қолдим: “Вой, унга телевизор тушиб қоптими, уйида сичқонлар ҳасса таяниб юрибди-ку!” Бутун ҳовлини тўлдириб кулиб юбордим. Шунда домла: “Сиз кулманг, унақада томошабин кулмай қўяди, сиз ишга жиддий қаранг”, дедилар. Пул берсам, олмадилар, кетаётганимда бир амаллаб чўнтакларига билдирмай солиб қўйдим. “Бир кун келиб менинг бирорта ҳикоямни яхши филм қиласиз, ёдингизда бўлсин”, – деб хайрлашдилар домла…

08

Ориф Толиб
ЭЛЛИК ЙИЛЛИК ДУВ-ДУВ ГАП
Мақола Шуҳрат Аббосовнинг 80 ёшлиги муносабати билан 2010 йилда ёзилган.

      Бу йил ўзбек кино санъатининг дарғаларидан бири Шуҳрат Аббосов 80 ёшга, у киши суратга олган “Маҳаллада дув-дув гап” филми 50 ёшга тўлди. Режиссёр асарлари ўз даврида катта шуҳрат қозонди, мана, орадан ярим аср ўтибди ҳамки, ўз рейтингини йўқотгани йўқ. Миллий руҳ ва ўткир ижодий мушоҳада билан яратилган бу филмлар фақат Ўзбекистон ёки собиқ шўролар мамлакатида эмас, балки бутун дунёда эътироф этилди. ЮНЕСКО олтин фондига киритилди.

Шуҳрат Аббосов кино санъатида 50-йиллларнинг охири, 60-йилларнинг бошида пайдо бўлди. Бу пайтда ўзбек киноси янги бир ривожланиш босқичида эди. Чунки кинематография бўйича турли олий ўқув юртларида таълим олиб қайтган иқтидорли ёшлар миллий кинодаги мавзу ва жанр-услубни янгилашга, кенгайтиришга ҳаракат қиларди. Бу нарса катта ўзгаришларга, муваффақиятларга сабаб бўлди. Айниқса, Шуҳрат Аббосов олган филмлар биринчи қадамдаёқ ўз ижодкорларини элга танитди, элга манзур қилди.

Бу ютуқлар шунчаки, тасодифан қўлга киритилмади. Ёш режиссёр тинмай изланди, ўқиб ўрганди, соҳасининг билимдонига айланди, ўзини шакллантириб борди ва мустақил ижодий ишларида ана шу билим ва кўникмалардан тўлақонли фойдалана олди. Олий режиссёрлик курсида америкалик ёзувчи Уилям Сарояннинг “Филлипинлик ва маст” асари асосида битирув-малакавий ишини топширди. Илк уринишиёқ мақтовга сазовор бўлди, устозлар ва томошабинлар филмга юқори баҳо берди. Ўша пайтларда Уилям Сароян Москвага ижодий сафар уюштиради. Табдир асносида унга талаба-режиссёр олган филмни кўрсатадилар. Шунда ёзувчи: “Менинг асарларим асосида анча-мунча филм тайёрланган, лекин ҳеч бири менга бу қадар маъқул бўлмаган эди”, деб ташаккур изҳор қилади.

Шуҳрат Аббосов адабиётни жиддий тушунади, сўзни чуқур ҳис қилади. Бу нарса унинг филмларида яққол акс этган. “Тошкент – нон шаҳри”, “Отамдан қолган далалар” филмларини мисол қилиб келтириш мумкин. Оддий суҳбат жараёнида ҳам режиссёр билан адабиёт масаласида ўйлаброқ баҳслашиш керак. Асар воқеаларига юзаки қарамагани, сюжет ва сўз замиридаги асл мақсад-ғояни теран англагани учун ҳам унинг асарлари узоқ умр кўраётгандир. Чунки адабиёт ҳар қандай ижодкорга, жумладан, режиссёрга ҳам чуқур руҳий таҳлилни, ҳаётни, уни ранг-баранг тасвирлашни ўргатади, ижодий тасаввурни кенгайтиради, бойитади.

Киноижодкор маҳоратини оширган яна бир жиҳат унинг театрда ишлагани, театр ҳаётини ич-ичидан билганидир. Шуҳрат Аббосов Тошкент театр ва рассомчилик институтида бир қанча саҳна усталаридан таълим олади. Ўзи ҳам бир неча марта спектакллар қўяди. Шу ерда ҳаракатлар уйғунлиги ва композицион бутунликка эришишни, энг асосийси, актёрлар билан ишлашни ўрганади.

Доцент А. Носирова режиссёр ҳақидаги “Устанинг бахти” мақоласида шундай дейди: “Етук педагоглардан олган илми унга “Сен етим эмассан”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент – нон шаҳри” каби дурдона асарлар яратиш имконини берди. Бу филмлар ўз давридаги ўзбек кинорежиссураси ижодий изланишларининг асосий йўналишларини белгилаб берди, жаҳон миқёсига чиқди”.

Бугун саксон ёшга тўлиб, кино санъатимизнинг устунларидан бирига айланган Шуҳрат Аббосов билан бирга у суратга олган “Маҳаллада дув-дув гап” филми ҳам ўз тўйини – 50 ёшини нишонламоқда. У қозонган шон-шуҳрат ва муваффақият режиссёрникидан кам эмас. Шу боис энди эллик йиллик дув-дув гап ҳақида ҳикоя қилсак ҳам бўлар…

Яхши санъат асари ўз-ўзидан, бирданига пайдо бўлмайди. Жумладан, кино ҳам. У йиллар давомида йиғилган ҳаёт тажрибаси, истеъдод, сабр-тоқат, қаттиқ меҳнат ва меҳр-муҳаббат меваси. Шуҳрат Аббосов билан “Маҳаллада дув-дув гап” филми яратилиши ҳақида суҳбатлашиб бунга яна бир бор ишондик.
Бўлажак режиссёр ўн бир ёшида отасидан етим қолади. Кемтик дили онанинг меҳри билан тўлади, онасига қаттиқ боғланади. Ана шу пайтларда унда онага, Ватанга, инсонга муҳаббат шаклланади.
Шуҳрат Аббосов энг гуллаган ёшлик чоғида – йигирма беш-йигирма етти ёшларида Москвадаги Олий режиссёрлик курсида таҳсил олади…

Одамнинг кечаси бугунидан, бугуни эртасидан фарқ қилмаса, умри жуда тез ўтиб кетаётгандек туюлади, атрофдаги ўзгаришларни яхши илғамайди, тўла тушунмайди. Тасаввури доимий бойиб, ўзгариб турган киши эса хаётни чуқурроқ англайди. Москвада мусофир бўлиб, бошқа бир дунёқараш, урф-одатга эга одамлар ичида яшаб қайтган ёш режиссёр она юртига янги бир нигоҳ билан қарайди. Ватанда аввал ўзи сезмаган жозибани, оҳанрабони топгандек бўлади.

Шуҳрат Аббосов 1959 йили “Ўзбекфилм” киностудиясида постановкачи-режиссёр сифатида иш бошлайди. Ўша пайтлари замонавий, бадиий пухта сценарийлар жуда кам эди. Ёзувчилар ёзган сценарийим қачон кино қилинади, кўнгилдагидек чиқадими, режиссёр бузиб талқин этмайдими деган хаёлларга бориб, аксарият ҳолларда, сценарийга қўл урмасди. Ҳикоя, қисса ёки роман ёзилса, муаммо йўқ, эртами-индин босилиб чиқади. Масаланинг шу томонларини ҳисобга олиб, “Ўзбекфилм” раҳбарияти яхши бир тартиб-қоида амалга киритилади. Турли йўналишларда – пахтачилик, деҳқончиликка оид, болаларга мўлжалланган, ҳажвий, мусиқий, тарихий ва оммабоп филмлар сценарийси учун буюртма берилади. Битта мавзудаги филмга уч киши сценарий ёзади. Бадиий кенгаш топширилган қўлёзмаларнинг ё ҳаммасини олиб қолар, ё бирортасини ажратиб олар, ёки бўлмасам, ҳеч бирини қабул қилмасди. Лекин бундан қатъи назар, сценаристга, албатта, ҳақ тўланарди. У меҳнатига куйиб қолмасди. Истаса, киноқиссани мустақил босиб чиқариши, матбуотда эълон қилиши мумкин эди. Шундай бўлса-да, Шуҳрат Аббосовга маъқул келадиган асар топилмайди. У ишхонадаги ижодий жараёнларни кузатар, режиссёр ва операторлар билан суҳбатлашиб, ҳангомалашиб ўтирарди. Бир куни студия раҳбарларидан бири уни кўриб қолади-да, дакки беради: “Қачонгача даҳоларга ўхшаб юрасиз?! Даҳолигингизни кинода кўрсатинг!”

Бошлиқдан танбеҳ эшитган ёш режиссёр нажот излаб яна сценарийлар тахлаб қўйилган хонага боради. Шунда стол четида ётган икки варақ қоғозга кўзи тушади. Қўлига олиб обдан пуфлайди, ҳамма ёқ чангга тўлади. Саҳифа тепасига Абдулла Рамазонов деб имзо қўйилганди. Дастлабки сатрларга нигоҳ ташлайди: Меҳрихон ая деган бир аёлнинг ўғли Москвада ўқийди. Онаизор унга хат ёзади: “Тағин Московдан хотин олиб келмагин, қўшнимизнинг қизи Сайёрани кўз остимга олиб қўйганман”. Шу ерига келганда Шуҳрат Аббосов “Ваҳ!” деб юборади. Чунки бу воқеалар ўзининг ҳам бошидан ўтган, Москвада ўқиб юрган кезлари онаси унга худди шу мазмунда мактуб жўнатган эди.

Ҳар қандай ижодкор асарларида ўзлигини, руҳий оламини ифода этади. Агар бу ишни кўнгилдагидек уддалай олса, китобхон ёки томошабин ҳам асарда ўзини кўради. Бу эса, ижод маҳсулининг ҳаётийлигини таъминлайди. Қисқагина ҳикояда кўнглига, руҳиятига ҳамоҳанглик топган Шуҳрат Аббосов энди муаллифни излашга киришади. Абдулла Рамазонов Тошкентнинг Бешоғоч бозоридаги бир ертўлада турар, анчагина муҳтож одам эди. Режиссёр унга ҳикоя асосида филм олиш таклифи билан чиқади. Бироқ бу икки варақ ҳикояни кино қилиб бўлмасди. Бунинг учун яхши сценарист керак эди. Сценарист олис Ленинграддан топилади. У 80 ёшдан ошган, тажрибали мутахассис Юлий Рест эди.

Шуҳрат Аббосов Москвадаги Олий режиссёрлик курсида ўқиёттанда Тошкентдаги домласи Александр Гинзбург марказга боради. Бир ресторанга Ленинград Катта драма театри режиссёри, қадрдон дўсти Георгий Товстоноговни таклиф этади. Бу учрашувга севимли шогирдини ҳам чақиради. Суҳбат мобайнида Гинзбург шогирдини Товстоноговга таништиради. “Агар кино олмоқчи бўлсангиз, яхши бир сценарист бор, ўша киши билан таништириб қўяман. Театрда бирга ишлаймиз. Уруш йиллари Ўзбекистонда бўлган. Серқуёш ўлкангиз ва меҳмондўст халқингизни ҳали-ҳали мақтаб юради. Фақат ёши бир жойга бориб қолди, энди самолётда учолмайди, поездда олиб кетишингиз мумкин”, деб маслаҳат беради театр раҳбари. Шу тавсияга биноан Юлий Рест (тахаллуси Б. Рест) кейинчалик Тошкентга таклиф этилади.
Ўша пайтлари янги қуриб битказилган “Тошкент” меҳмонхонасида ўн икки кун ўтириб сценарий ёзилади. Асар Шуҳрат Аббосовга жуда маъқул бўлади. Лекин матн рус тилида, уни бирорта моҳир таржимон топиб ўзбекчага таржима қилдириш керак эди. Бу ҳақда режиссёр шундай ҳикоя қилади:

“Кўпчиликнинг маслаҳати билан қўлёзмани Абдулла Қаҳҳорга олиб боришга қарор қилдим. Домла ўша вақтда стационарда даволанаётган экан. Муолажа олишга кириб кетаётган пайтларига бориб қолибман.

– Домла, мен ёш режиссёрман, филмга сценарий тайёр, лекин рус тилида, шуни ўзбекчага таржима қилиб берсангиз, – дедим.
– Майли, ташлаб кетинг, ўн кунлардан кейин хабар оласиз, – дедилар домла.
– Йўқ, бугун таржима қилиб бермасангиз бўлмайди, эртага сьёмка, ҳамма нарса тайёр, фақат сценарийни кутиб турибмиз, – деб туриб олдим.
– Оббо, бирданига томоғидан оладиган хилидан экансиз-ку, – деб домла ишга киришдилар.

Мен домланинг у ён-бу ёнидан ўтиб:
– Манави ерини ундай қилиш керак, анави ерини бундай қилиш керак, – деб фикримни билдирдим.
Шунда домла қоғоз-қаламни қўлимга тутқазиб:
– Ие, зўр экансиз-ку, олинг, ўзингиз мендан яхшироқ таржима қиласиз, – дедилар.
Хатойимни сезиб қаттиқ уялдим, кечирим сўрадим.

– Ундай бўлса, сиз аралашманг, — дедилар домла. – Ҳув анави жойда бир ҳамшира қиз ўтирибди, кўряпсизми? Жуда кинобоп экан. Мен сизнинг ёшингизда бўлганимда аллақачон бориб гапга солган бўлардим. Рус тилини яхши биламан, матн кўз ўнгимда турибди, ёрдамнинг кераги йўқ. Чақирмагунимча, келманг.
Кетдим, бориб ҳамшира билан суҳбатлашиб ўтирдим, лекин ёзаяптими, туриб кетмадими деб икки кўзим домлада.

Икки соатча ўтгач, мени имлаб чақирдилар. Қўлёзмани олиб дарров кўз югуртира бошладим, шунда Ойпошшанинг Меҳрихон ая ҳақидаги гапини ўқиб қолдим: “Вой, унга телевизор тушиб қоптими, уйида сичқонлар ҳасса таяниб юрибди-ку!” Бутун ҳовлини тўлдириб кулиб юбордим. Шунда домла: “Сиз кулманг, унақада томошабин кулмай қўяди, сиз ишга жиддий қаранг”, дедилар. Пул берсам, олмадилар, кетаётганимда бир амаллаб чўнтакларига билдирмай солиб қўйдим. “Бир кун келиб менинг бирорта ҳикоямни яхши филм қиласиз, ёдингизда бўлсин”, – деб хайрлашдилар домла”.

Шундай қилиб, қойилмақом таржимага эришилади. Айрим кишилар ёш режиссёрга танбеҳ ҳам беради: “Бекор Абдулла Қаҳҳорга таржима қилдирибсиз, у ҳозир қора рўйхатга тушган-ку. Бўлар иш бўпти, энди номини ижодкорлар рўйхатига қўшманг”. Ўша пайтлари Тошкентда Шевердин, Бородин каби ёзувчи-ёзғувчилар истиқомат қилар, Ўзбекистонда бўлаётган гап-сўзларни тинимсиз марказга етказиб турарди. Табиийки, виждон ва ҳақиқатни ҳаёт мезони деб билувчи Абдулла Қаҳҳор улар билан чиқиша олмайди, мажлисларда қаттиқ танқид остига олади. Шу сабабли ёзувчининг ижтимоий фаоллиги чекланиб, “музлатиб” қўйилади. Шунга қарамай, Шуҳрат Аббосов ёзувчини киноижодкорлар рўйхатига киритади.

Филм тайёр бўлгач, уни дастлаб Марказқўм ходимлари келиб назоратдан ўтказади. Кино қабул қилинмайди. “Биринчидан, нега чанг кўчаларни кўрсатасиз? Ахир, сиз гўзаллик, янги шаҳар ҳақида филм оляпсиз-ку! Иккинчидан, нима учун Ойпошша кадрда қарғанади? Бу қанақа гап?” деб танбеҳ беришади.

Фақат яхши гапларни гапириб, фақат яхши нарсаларни кўрсатавериш асарни ҳаётдан узиб қўяди. Ахир, кетма-кет юк машиналари кириб чиқаёттан қурилиш майдончасида ўз-ўзидан чанг кўтарилади-ку!
Ойпошшанинг итларни қарғаши ҳам ҳаётий. Кайвони аёллар фақат дуога эмас, балки қарғанишга хам уста. Бу – миллий характер.

Филмни таҳлил қилиш учун Москвадан махсус комиссия чақирилади, Россия кинематографчилар уюшмасидан Михаил Ромм, кино мунаққиди Ростислав Юреньев ва “Советский экран” журнали бош муҳарриридан иборат гуруҳ Шайхонтаҳурдаги киностудияда тўпланади. Ўзбек тилидаги филмни Шуҳрат Аббосовнинг ўзи сўзма-сўз таржима қилиб туради. Абдулла Қаҳҳор асарни ўзига хос услубда ўзбекчалаштирган эди. Ўта миллий асарни русчага ўгириш бирмунча қийин кечади, шунга қарамай комиссия аъзолари премьеранинг бошидан охиригача кулгидан тўхтамайди. Филм кўрикдан муваффақиятли ўтади.

Бироқ “Маҳаллада дув-дув гап”нинг бошида ҳали анчагина синовлар бор эди. Энди киноасарни Шароф Рашидов бошчилигидаги юқори мартабали комиссия кўриб чиқади. Титрда Абдулла Қаҳҳор номини кўрган мамлакатнинг биринчи котиби: “Асарни шу киши ёздими?” деб сўрайди. Тили аччиқ ёзувчи ва сиёсий арбобнинг муносабатлари унча яхши эмасди. Лекин Ш.Рашидов бу ўринда санъатга ўзаро гап-сўзларни аралаштирмайди: “Яхши қилибсизлар, бу кишининг тили зўр”, деб киноижодкорларнинг дадиллигини қўллаб-қувватлайди. Филмдан бошқа айблар топилади. Биринчи нусхада Меҳрихон ая эски уйдан кўчишга розилик бермай, кўзига ёш олади. “Биз янги шаҳар қуряпмиз, янги ҳаёт яратяпмиз. Нима учун қаҳрамон янги уйга бормаслиги керак?” деб эътироз билдиради комиссия. Бу танқид бир қадар асосли эди. Аммо масаланинг бошқа томонлари ҳам бор. Меҳрихон аянинг бутун ҳаёти шу уйда ўтган. У шу хонадонда туғилган, вояга етган, турмушга чиққан, фарзанд кўрган. Ота-онасини ҳам сўнгги манзилга шу ердан кузатган. Бу уйдан айрилиш – хотиралардан, ҳаётдан айрилиш. Турмуши эски, лекин унда урф-одат, қадриятлар жамланган. Яшаш тарзи, дунёқарашлар қанчалик янгиланмасин, ўзбекона фазилатларни йўқотмаслик керак. “Тўғри, – дейди Ш.Рашидов. – Лекин Меҳрихон ая, барибир, янги уйга кўчиб ўтиши керак. Биз ахир янги ҳаёт бошламоқчимиз. Ҳали қолган эски уйларни ҳам бузамиз, шаҳар бутунлай ўзгаради”. Комиссиянинг эътирозлари қабул қилинади, тайёр филмнинг баъзи кадрлари қайтадан тасвирга олинади.

Аслида, ҳадеб эскиликка ёпишиб олиш ҳам нотўғри. Чунки замон янгиланади, қарашлар ўзгаради. Миллийликка зарар етказмайдиган, тараққиётга хизмат қиладиган ҳар қандай янгиликни қабул этиш керак. Чунки бутун бир миллатни оёғидан чаладиган, маҳдудлик қобиғига ўраб, чегаралаб қўядиган одатлар ҳам кўп-да…

“Маҳаллада дув-дув гап” суратга олинган пайтлари фарзанд ва ота-она ўртасидаги зиддиятлар биринчи пландаги муаммолардан бири эди. Янги давр ёшлари бир оз эркинроқ, улар ўзи севадиган, биладиган кишига уйланади ёки турмушга чиқади. Ахир, ота-она ҳам адашиши мумкин-ку. Лекин бу гапни фикри аллақачон шаклланиб улгурган кишиларга қандай қилиб уқдириш мумкин? Ҳақиқий санъат асари фақат ёшларни эмас, балки катталарни ҳам тарбиялайди.

Киноасарнинг баркамол чиқишида актёрларнинг ўрни беқиёс. Режиссёрнинг вазифаси ролга муносиб актёрни топиш, ундаги қобилиятни очиб бериш. “Маҳаллада дув-дув гап” филмидаги актёрлар гуруҳи ўзбек кино санъатининг етакчиларидан иборат эди: Марям Ёқубова, Лутфихоним Саримсоқова, Раҳим Пирмуҳамедов, Саъдихон Табибуллаев, Раззоқ Ҳамроев, Икрома Болтаева, Ҳамза Умаров… Янги замон ёшлари образини яратган актрисалар эса ҳали бирор марта филмда рол ижро этмаган, актёрлик мутахассислиги бўлмаган қизлар эди.

Неча юзлаб даъвогарлар синовдан ўтказилади. Муносиб номзодлар сайлаб олинади. Сайёра образини яратган Холида Исҳоқова эндигина мактабни тугатган ўқувчи эди. “Енгил кавалерия” – Умида ролини ижро этган Роза Ризамуҳамедова тўқимачилик фабрикасида ишларди. Меҳрихон аянинг келини Азиза образини жонлантирган Раъно Мадраҳимова телевидениеда сухандонлик қиларди. Хуллас, кино билан фақат телевизор орқали таниш бўлган ҳаваскорларнинг имкониятидан профессионал даражада фойдаланилади. Лекин бу осон кечмайди. Шуҳрат Аббосов ёзилмаган тартиб-қоидаларни қўллашга мажбур бўлади. Бир гал жуда қийналиб кетади. Умида севгилисининг расмини йиртиб ташлаб, “Фақат ойингизнинг гапига кирасиз, Сайёрани севасиз”, деб йигит (Ҳамза Умаров)га кўз ёши қиладиган кадр ҳеч жонли чиқмайди. Умида(Роза) ўзини йиғлаганга солади, қовоғини уяди, лекин ҳаётдагига ўхшамайди. Шунда Шуҳрат Аббосов: “Бўлди, тамом. Сени шу ролга олиб хато қилибман. Айни шу кадрда синовдан ўтказсам бўлар экан. Бошқа актриса топаман. Ўзи биттаси бор эди, сендан тузукроқ эди. Лекин сени танлагандим. Майли, бу менинг айбим. Аризангни ёзиб, кассага бор, ишлаган ҳақингни олиб кет. Мендан хафа бўлма, мен ҳам сендан хафа эмасман. Фақат анча-мунча саҳнани қайтадан суратга туширишга тўғри келади. Тузуккина чиқим бўлади, лекин бошқа йўли йўқ”, деб қизнинг қўлини сиқиб унга рухсат беради. Бу гапларга чиппа-чин ишонган соддадил актрисанинг кўзидан дарё-дарё ёш оқади, уни ҳеч ким юпата олмайди, ўпкаси тўлиб йиғлайверганидан қовоқлари шишиб кетади. Мақсадига эришган режиссёр дарров ишчиларга буйруқ беради. Чироқлар қайта ўрнатилиб, камералар созланади. Бир четда ҳафсаласи пир бўлиб ўтирган Ҳамза Умаров ҳам қайтиб келади. Йиғи-сиғидан кейинги кадр жуда табиий чиқади.

Филмга овоз бериш, монтаж ишларида ҳам ўз касбининг усталари иштирок этади. Бир йил давомида тайёрланган филм экранга чиққач, катта шуҳрат қозонади, ҳамма ёқда дув-дув гап бўлади. Актёрларни кўча-кўйда кўриб қолган одамлар: “Вой, ана, Фалончи кетяпти”, деб филм қаҳрамонининг номи билан атайди. “Маҳаллада дув-дув гап” чинакам халқ комедиясига айланади.

07

Бугун филмда ўртага ташланган муаммо ва фикрлар ўз ечимини бир қадар топиб улгурди. Бироқ томошабинлар бу кинони яна ва яна кўраверади. Мана, эллик йилдан бери шу аҳвол! Томошабин мириқиб, яйраб, янгиланиб кўради. Қандайдир оҳанрабо уларни экран қаршисига михлаб қўяди.

Хўш, бу филмнинг муваффақияти нимада? Бизнингча, характерларнинг миллийлиги ва уларнинг экранда моҳирона акс эттирилгани филмнинг ёшига ёш қўшиб бораверади. Ҳозир ҳолливудча, болливудча усулда суратга олинаётган, тақлиднинг маҳсули бўлган филмлар керагидан ортиқ. Улар жуда борса, бир марта кўришга ярайди, холос. Уч-тўрт йил олдин экранга чиқарилган шу хилдаги филмларни бугун биров эсламайди. Бу киноижодкорларимизга ибрат, яхшигина дарс бўлиши керак.

Ижод – қалб мувозанати бузилишининг маҳсули. Москвада мусофирчиликда таҳсил олиб юрган Шуҳрат Аббосовнинг кўнглини онасига, она-юртига бўлган чексиз соғинч ва муҳаббат тўлқинлантириб, издан чиқариб ташлайди. Ана шу тўлқин, ана шу ҳиссиёт вақти келиб кино тасмаларига муҳрланади.

Ҳақиқий муҳаббат инсон қалбини бир умр аллалаб, унга эзгу ҳислар, ёруғ хотиралар улашади. Ҳақиқий муҳаббат яратган фильм – “Маҳаллада дув-дув гап” ҳам ҳали кўп йиллар томошабинларга гўзал ва самимий таассуротлар тортиқ қилади, деб ишонамиз.

Шуҳрат Аббосов бугун (2011 йил 16 январда) саксон ёшни қаршилади. Бу ёшдаги кишини, одатда, мункиллаб, ўзи билан ўзи бўлиб қолган чол қиёфасида тасаввур қиламиз. Лекин Шуҳрат ака (айнан “ака”, “бобо” эмас) бугун ўн саккиз ёшли йигитдан ҳам фаолроқ. У киши бир вақтнинг ўзида Кино бадиий кенгаши аъзоси, ёш ижодкорларнинг маслаҳатчиси, моҳир публицист, нотиқ, педагог.

Устоз режиссёрни хорижда ўтадиган жуда кўп халқаро фестивалларга таклиф қилишади, юксак ҳурмат-эътибор кўрсатишади.

Миллий кино санъатимиз жонкуяри, бетакрор режиссёр Шуҳрат Аббосовга умрингиз узун бўлсин, эгу йўлда – маънавият йўлида чарчаманг, деб қоламиз.

2010-2011

Манбаъ: Ориф Толиб блоги

(Tashriflar: umumiy 70, bugungi 1)

Izoh qoldiring