Rauf Parfi. Sukunat & Rauf Parfi bilan uchrashuv va suhbat. (Jizzax. 2004, mart) & Ortiqboy Abdullayev. Yaxshi niyat qiling, shoirlar!

04   Рауф Парфи катта шоир – Ўзбекистон халқ шоири унвонига ҳар жиҳатдан муносиб ижодкор эди. Унинг самимий, дардчил лирикаси – гоҳ дилбар, гоҳ мунгли, маъюс оҳангларда яратилган шеърий мисралари ўқувчида хилма-хил кайфият, ҳолатлар уйғотар, хаёлга, фикрга толдирар эди. Унинг ижодида шунчаки ёзилган шеърлар, байрамона, тантанавор руҳда битилган қасидалар, бежама тизмалар деярли йўқ. У юки енгил шеърлар, ялтироқ тизмалардан бир умр қочди, ўзи қийналиб, хўрликларга чидаб яшаса-да, шеърига, оташин мисраларига гард юқтирмади….

Ортиқбой Абдуллаев
ЯХШИ НИЯТ ҚИЛИНГ, ШОИРЛАР!
08

   Замондошларининг айтишича, рус адабиётида Антон Павлович Чеховдек меҳмондўст, сахий, бағри кенг ёзувчи кам бўлган экан. Бу ҳақда машҳур болалар шоири, адабиётшунос Корней Чуковский «Чехов» номли бадиасида мароқ билан ҳикоя қилади: “ У саховатли бойлар сингари меҳмондўст эди. Қишлоққа бориб жойлашиши биланоқ бир дунё меҳмонларни ҳузурига чорларди… Москва атрофидаги дала — ҳовлига келди дегунча, уйи меҳмонхонага айланиб кетарди.

Барча хоналарда бир неча кишидан бўлиб ухлардик, –деб эслайди адибнинг укаси Михаил, – ҳатто пичан ичида ётардик. Истеъдодининг мухлиси бўлган ёзувчилар, қизлар, қишлоқ оқсоқоллари, маҳаллий табиблар, қандайдир узоқ қариндошлар, таклиф этилган ёки ўзича келган кишилар унинг уйида ҳафталаб уймалашиб юрарди…”

11Ўзим танийдиган ва маълум даражада биладиган ўзбек адиблари орасида ана шундай фазилатларни ўз сиймосида мужассам этган ижодкор сифатида биринчи навбатда марҳум дўстим Рауф Парфини тилган олгим келади. Унинг шаҳардан чеккароқ – Ҳумоюн мавзеидаги манзили, тўғрироғи , қайнағасининг уйи ҳар доим меҳмонларга тўла бўларди. Дўстлар, шогирдлари, турли маросимлар, байрамлар, туғилган кунлар баҳонасида бу хонадонга «ёпирилиб» келардик. Рауф аканинг ўзи дам-бадам таклиф қилиб, сим қоқиб, ҳузурига йиғилиб бормаганимизга қўймас, бизни кўрмагунча кўнгли жойига тушмас эди.

Хоналарнинг ҳаммаси ёру-биродарларга, таниш-билишлару, шоирлар, носирлар, олимларга тўлиб кетарди. Айниқса, ёш ижодкорлар, ўзининг таъбири билан айтганда «дарвешлару дарвешкалар» жону дили эди. Улар алоҳида бир хонада чақчақлашиб ўйин-кулги қилишар, навбати билан шеър ўқиб, қизғин баҳс- мунозараларга киришиб кетишарди. Дўстлару шогирдлар дийдорини кўриб боши осмонга етган хонадон соҳиблари Дилоромхону, Рауф ака давранинг гулига айланиб, барча меҳмонларнинг кўнглини овлашарди. Дастурхон тўкин, ҳар хил ичимликлар сероб. Энг муҳими, меҳмонларнинг кўпчилиги қуруқ қўл билан келмагани учун уй эгаларига ортиқча ташвиш тушмасди. Ёшлар кўпайиб кетса, биз «қариялар» орқа томондаги зинадан пастга тушиб, ўн беш, йигирма қадам наридан ўтадиган анҳорча устидаги темир сўрида ёнбошлаб, ўз суҳбатимизни қизитар эдик. Бундай бахтли дамлар бир неча йил давом этгани ёдимда. Бу даврларни Рауф ака ҳаётидаги энг юлдузли кунлар дейишимиз мумкин.

Рауф ака университетда бир босқич юқорида ўқиган бўлса ҳам, негадир бизнинг курсдошларга ўзини жуда яқин оларди. Бир неча йил оилавий «гап» қилганмиз. Бориш-келишимиз яхши, жуда иноқ эдик. Академик Бахтиёр Назаров, фан докторлари Акрам Каттабеков, Нўъмон Раҳимжонов, фан номзодлари Пўлат Тўраев, Муҳаммади Жуманов, ёзувчи Зоҳир Аълам, шоир Сафар Барноев, Рауф Парфи, шоир ва хонанда Дадахон Ҳасанов, камина ойда бир марта тўпланиб турардик. Ўтиришларимиз гоҳ Тошкентда, гоҳ Сирдарёда, гоҳ Хумсонда ўтарди. Ҳатто бир гал ҳаммамиз бола-чақани ҳам олиб, шоира курсдошимиз Турсуной Содиқова билан адабиётшунос дўстимиз Тўлқин Йўлдошевларнинг «қийин-қистови»га кўниб, бир неча кунга Андижонга борганмиз. Марҳум синглим Рисқи, олти-етти яшар қизи Нафосат, курсдошларимиздан Матлуба Азимова, Марям Юсупова, поччаларимиз Шавкат ака, Мирза акалар сафаримизга қўшилганди. Аммо бир дунё одамни кутиб олиш, жойлаштириш, томоша қилдириш, зиёфат… осон дейсизми?

Албатта, давраларда Рауф ака ўз-ўзидан ўтиришнинг гулига айланиб қоларди. Турли ҳазил-ҳузуллар ўйлаб топардик. Биринчи қувноқ ҳазилимиз поезддаёқ бошланди.Олис йўлнинг ғамини еб уч-тўртта шиша, газак, пишириқлар олганмиз. Сафар ака (у кишини «ота» дер эдик, ёши ҳаммамиздан катта эди бир неча кўм-кўк булғор қалампирини сумкасига солиб қўйган экан, Янгийўлдан ўтар-ўтмас ана шу қалампирлардан энг каттасини олиб, тагини кесди. Ичини авайлаб тозалаган эди, бинойидек стакан бўлди-қўйди. У арақни қултуллатиб қуйиб, бир кўтаришда бўшатди ва қалампирнинг чеккасини тишлаб қўйди.
– Арақ деганни мана бундай ичадилар, отам. Юрадими пиёла, истакан қидириб, газагиям ўзи билан…

Стаканимиз ҳаммага маъқул тушиб қолди. Қалампир аччиқни кесар эканми, ҳарқалай арақ жуда ширин кетди. Вагондагилар орасида «Қанақа девона ўзи булар» дегандек бизга ҳайрон қараганлар ҳам, ҳавас билан боққанлар ҳам бўлди. Кондуктор шинаванда йигит экан, кўп қийналишмасин, деб ўйлади шекилли, дарҳол иккита стакан кўтариб келди. Ҳаммамиз уни рад қилдик… Манзилга етгач, қувноқ ҳазил-ҳузулларимиз Турсунойнинг икки хонали шинамгина хонадонида давом этди.. Аёллар алоҳида, эркаклар бошқа хонада ўтирибмиз. Дастурхон ёзилди, нон, қанд-қурс қўйилди. Турсунойнинг эри меъмор Турдиали ака кўнглимиздагидек улфат чиқиб қолди, дастурхонга иккита шиша қўйиб, газак учун чиқиб кетди. Сафар оға яна шумлигини бошлади. Яшин тезлигида ҳамма пиёлаларга арақ қуйиб, бўш идишларни стол тагига суриб қўйди.

– Қани, бачаларим, кетига лой, олдик, ўтирамизми газак келишини кутиб,– деб пиёлани даст кўтарди. Ҳамма бирин-кетин унга эргашди. Турдиали ака тўғралган бодринг, помидор кўтариб кирганда, кўзи бўм-бўш столга тушди-ю: “ие”, деб ликопчаларни қўйиб, зум ўтмасдан яна икки шиша кўтариб кирди, сўнг чой дамлаш учун ошхонага йўналди. У қайтиб кирганда стол устида шишалар йўқ эди. Сир бой бермай жим ўтирибмиз. Турдиали ака дастлаб ҳайратлангандек бўлди, сўнг индамасдан даҳлизга чиқиб кетди.
–Чакки қилдик-да, – деди Рауф ака сиполик билан.
–Меҳмон деганиям шунақа одобсиз бўладими? – дам босди Акрам. Зоҳир ҳам бўш келмад:
– Андижонда ҳазилни тушунишадими, ўзи?
– Турсуной балога қолмаса гўрга, – луқма ташлади поччаларимиздан бири.

Хуллас, ҳар ким ўзича ғулдираб, Сафар “ота”га дашном бермоқчи бўлдик.Бир пиёла қайноқ чой ичгулик вақт ўтиб-ўтмасдан эшик шахт очилиб, остонада Турдиали ака пайдо бўлди. Қўлида тўрхалта тўла арақ. “Мана, қанча ичсаларинг, ичаверинглар”, дегандек, шишаларни шарақ этиб стол устига қўйди. Ҳаммамиз бир нафас қотиб қолдик. Бу ёғи неча пулдан тушди? Аммо зум ўтмасдан худди буйруқ бўлгандек баравар хохолаб кулишга тушдик. Айниқса, Рауф ака жуда яйраб кетди.У “ инсон” сўзига кучли урғу бериб:
– Мана, Андижондаям бор экан-ку, инсон! – деб чапак чалиб юборди.
Бу қувноқ ҳазилни узоқ вақтларгача эслаб, кулишиб юрдик. Ҳозир ҳам эслаб турамиз.

Андижон сафари ҳақида бунчалик батафсил гапираётганимнинг иккита муҳим сабаби бор. Биринчиси шуки, Рауф ака, одатдагидек, пойтахтда сиқилиб юргани учун дўстлар даврасида барча “яхши-ёмон, қайғули” ташвишларини унутиб, жуда очилиб-сочилиб кетди. Икки жажжи қизалоғи-ю, Дилоромхоннинг ҳам димоғи чоғ. Ҳар галгидек, улар давранинг гули… Иккинчиси шуки, шоир бу сафардан қайноқ таассуротлар олиб, Тошкентга жўшқин илҳом билан қайтди. У Андижонда ноёб антиқа бир буюмни қўлга киритди. Биз, ўзимизни, «дарвеш» ҳисоблаб юрганлар – Бахтиёр, Акрам, мен – магазиндан бир хил югослав кўйлаги харид қилдик. Димоғимиз баланд. Бу қизил кўйлак чиройли, бунинг устига ниҳоятда чидамли экан, авайлаб кўп йиллар кийганман.

Рауф ака эса чинакам дарвешларча иш тутди. Лутфихоним Саримсоқованинг уруш йилларида куйлаган “Уйғон, болам” қўшиғи ёзилган пластинкани сотиб олди. Менга ҳам олинг деб даъват қилди. Бу таклифга эътиборсиз қараганимга ҳозир ҳам афсусланаман. Қўшиқ уруш даврига монанд жанговар руҳда эди. Рауф ака уни магазинда эшитиб кўргандаёқ қаттиқ таъсирланганини сездик. Орадан кўп ўтмай шоир унинг “Лутфихоним Саримсоқова”. (Уйғон,болам) шеъри газетада босилиб чиқди. Мўъжазгина бу шеър бағрига бир олам мазмун сингдирилган эди. Шу йилларда шоир шеърларида тоталитар тузумдан норозилик, ижтимоий озодлик, шахс эркинлиги, тарихий адолат туйғусини ўзига хос шеърий образлар тилида куйлаш майли кучайиб бормоқда эди. Шоир салгина олдин “Сабр дарахти” туркумини эълон қилган эди. Тўпламдаги, “ Туркистон ёди”, “Муктибодҳ” шеърларида юрт тақдири, Ватан қисмати, ўтмишдаги қаттол адолатсизликларнинг юракда қолдирган изтиробларини рамзлар тилида айтиш майли –чинакам шоирлик эҳтироси ёрқин сезилган эди. Устоз Миртемир хотирасига бағишланган “Туркистон ёди” фироқномасида биз шу пайтгача шеъриятимизда кам кўринган дардли оҳангларга дуч келган эдик. Бу шеърдаги маъюс мисраларни туғдирган шоирнинг қалб зарбларини англасак, қайғули хотиралари мағзини чақсак, аччиқ аламлар оташида қовурилиб, афсус-надомат ичида тўлғана бошлаганимизни ўзимиз сезмай қоламиз. Шоир тасвирлаганидек, чексиз кенгликлар ўтмишни эслатади. Бизни оғир ўйларга толдиради (“ўйлар мени ғижимлар”). Мисралар қуйилиб келади. (“Ул ўз қофиясини судраб келадир”). Ундан қофиялар ҳужумидан қутулиб бўлмайди, у отилган ўқ, у шоир хотирасини тилиб ўтади. Хўш, бу қандай хотира ўзи? Мана улар –ўзингиз ўқиб кўринг:

Теграмда зич ҳаво – она Туркистон,
Ёргай томирини кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайди мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб.
Айрилган, хўрланган улус овозин…

Қадим-қадим замонлардан бери Турон, Туркистон, деб аталиб келган она юртимизнинг аччиқ қисмати, большевиклар зулми остида ҳам номидан, ҳам мол-мулкидан ажралган халқимиз бошига тушган қора кунлар ҳақида ўтган аср бошларида озми-кўпми ёзилгани маълум (Абдурауф Фитратнинг “Юрт қайғуси” туркуми, “Миррих юлдузига”, “Шарқ”, Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага”, “Бас энди, Кўнгил, сен…”, Элбекнинг “Қайси бири бўри?” ва ҳоказо шеърларини эсланг). Аммо 30-йиллардаги маълум фожиалардан кейин бу мавзу қаттиқ қатағонга учради. Шахсга сиғиниш иллатлари фош этилгандан кейин ҳам юрт тақдири, тарих адолати ҳақида (Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Адулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Маъруф Жалил, Асқар Қосим сингари шоирларнинг айрим имо-ишораларини ҳисобга олмаганда баралла фикр айтишга йўл йўқ эди. Рауф Парфининг мажоз тилида кўп сўзлаганига сабаб аслида шу. Бир мисол келтирайлик:

Мана, чақмоқ чақди ногаҳон,
Зимистон тун чоки сўкилар.
Шундай яқин туюлар осмон,
Яшинлар ёғдуси тўкилар.

Ўт ичида поёнсиз жаҳон,
Не изларман оташлар ора?!
Чақмоқ чақиб юпатар осмон:
Бунда сарсон сен ва мен бечора.

Шеър 1964 йилда ёзилган. Унда нималарнидир излаётган, азобланаётган қалб изтироблари бор (Не излармен оташлар ора?!). Булар юқорида айтганимдек, нималаргадир имо-ишоралар холос. Аммо улар ҳали давр зиддиятлари ҳақидаги оғир ўйлар, поэтик умумлашмалар даражасига етиб бормаган.

Бундай самимий парчаларни ўша йилларда эълон қиинган кўплаб шеърларда истаганча топишингиз мумкин.

Фақат ошкоралик йилларидагина тилимиздаги, дилимиздаги «кишан»лар ечилиб, очиқ гапириш имкони пайдо бўлди. Шоиримиз эса бундай ошкоралик заминига анча олдин 80 йилларнинг бошларидаёқ қадам қўйган эди. “Туркистон ёди” ана шу маънавий интилишнинг дастлабки меваларидан бири эди, десак муболаға бўлмас. Бу шеърда «исмсиз дардлар» эмас, топталган, таланган миллат қисмати ҳақида очиқ гап боради. Шеърда бу Ватан тўғридан-тўғри ўз номи билан “Туркистон” деб аталади.

Аммо у ҳозир йўқ, фақат унинг ёди, қайғу-аламлари қолди, ҳасратлари қолди. Ана шу ҳасратлар, дардли ўйлар кенгликларда лирик қаҳрамоннинг вужудида қондек кезиб, томирларини ёрадиган даражада “кўр ҳаяжон”га айланади. Шоир она Туркистонни келгинди ёвлар исканжасидан сақлаб қолиш учун қон тўка олмаганидан, жонини аяб яшаганидан қаттиқ ўкинади, дили ларзага тушади.

Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Юрагини зирқиратган Ватан тушунчаси айрилган, хўрланган улус овозини мозий қаъридан етаклаб киргандек бўлади. Шоир буюк аллома Аҳмад Яссавий огоҳантиргандек: “Дунё менинг деганлар”, “Ёлғон даъво қилганлар”, “Оқни қора қилганлар”ни, “Ҳаром еган ҳокимлар”ни тилга олар экан, ўтган кунларни – Туркистонни “Мангу Хотирот мозори” деб атайди. Бутун шеър давомида шоирнинг маъюс фарёди, дил армонлари силқиб чиқаётган қондек томчилаб туради. Оташин мисралар йўқолган Ватан – Турон –Туркистон қисмати учун тутилган мотам нидосидек, юракка отилган ўқдек бағримизга санчилади.

Йиғла, энди, кўзим, сен ҳам йиғлаб ол,
Тўйсин, кўз ёшинга бу туркий ситам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол,
О, сабр дарахти – қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

Оғир ўйларга толдирадиган мана шу шеър бағрига сепилган эзгулик уруғлари – адолат, эркинлик умиди шоирнинг “Муктибодҳ” шеърида ҳам юксак пардаларда жаранглаган эди. Шеърда ҳинд халқининг қисмати тилга олинган. Аммо шоир шу баҳонада ўз юртида ҳукм сураётган ноҳақликлар, зулм-зўравонликлар манзараларини тилга олиб ўтишдан чўчимайди. Зотан, бу шеърни ёзишдан мақсад ҳам шу эди-да!

Қачон тонг отади менинг юртимда,
Қачон адо бўлур ғамга ботган ғам?!
О, Шива , халоскор Шива, мадад бер,
Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер…
Уйқудан уйғонур тирик бу дунё.

«Муктибодҳ» шеъри бошдан-оёқ мана шундай оташин ва дардчил мисралар, оғир ўйлар билан суғорилган. Шоир Деҳли – Ҳиндистон билан бирга ўз диёрини ҳам қиёсий тасвирини жонлантира боради:

Деҳлида ким бордир?! У жойда ким бор?!
Охири бормидир ахир у туннинг.
Тили кесилгандек чулдирар биров,
Суваб, чалпиб борар босган изини.
Унга одам зоти кела билмас дов,
Ғайри тилда айтар Ватан сўзини…

Шеърда шоир ва шеър қисмати ҳам ўзгача ташбеҳларда намоён бўлади:

Мен шоир, шу ожиз ҳолимда яна,
Шеъримни тинглаган девор-да соқов.

Яна:

Барчани тенг кўрсам – матлабим эзгу,
Миллатим қалбига кирсам бемалол.
Сотилган виждонда номуслар йиғлар…
Кўзимга киприкнинг шабнами инди.
Фақат ўликлар-ку абадий ухлар.
Шеърим, кечаларни кесиб уч энди,
Эркинлик бор алҳол тоғлар ортида…

Хуллас, Рауф ака айни мана шу йўналишда изланиб, оташин шеърлар ёзиб юрган кезларда Андижонда Лутфихоним айтган «Уйғон, болам» қўшиғига дуч келиб, ундан илҳомланганини Лутфихоним “Уйғон, болам” шеърини ўқиганимиздан кейин сездик. Унда юқорида тилга олинган шеърлари каби юрт, Ватан тақдири учун курашга даъват руҳи устувор.

Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй, дил…
Сенгадир жон болам, мушкулот, ғавғо.
Уйғон, уйғон, дея инграйди наво–
Сенга бу Ватандир, сенгадир бу тил.

Лутфихоним Саримсоқованинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек йигитларини шердил бўлиб жангга киришга чорлаган оташин хитоблари орадан қирқ йилча ўтгач, Рауф Парфи шеърида янги руҳ, янги мазмун касб этиб, қайта жаранглади. Бу даъват – юрт истиқболи учун кураш ғояси шоир шундан кейин ёзган кўп шеърлар бағрида беором қалб сингари депсиб уриб туради. Шу маънода Андижон сафари Рауф ака ижодида янги, ўзига хос бир босқич бўлиб қолди.

Хотираларимизга қайтсак, орадан бир неча йил ўтгач, “қайта қуриш, ошкоралик” йиллари бошланди. Ўзбекистон ҳам Мустақиллик йўлига ўтди. Янги шиорлар, янги партиялар, оқимлар пайдо бўлди. Ана шу кунларни – Шўролар зулми йўқ бўлиб, халқимиз чинакам Мустақилликка, озодликка чиқишини, дориламон кунлар келишини орзиқиб кутган, шунга астойдил ишонган ва буни дадил айта олган “Қачон тонг отади менинг юртимда!” оташин шоир ҳаётида янги мураккаб давр бошланди. Рауф ака билан Дилором ҳаётдаги ўзгаришлар, ҳаракатларнинг фаол иштирокчиларига айландилар. Аммо, афсуслар бўлсинки, айни ана шу йилларда уларга “кўз тегди”. Ҳаммамиз ҳавас қиладиган оила бузилди. Улар ҳеч қандай жанжал-тўпалонсиз, тичгина ажрашиб кетишди. Биз ҳаммамиз – дўстлар қаттиқ ўкиндик. Лекин илож қанча: бирга яшайдиган, қалтис тугунларни ечадиган уларнинг ўзи… Аралашишдан фойда йўқ. Албатта, биз лоқайд қараб турмадик: шоирни ўртага олдик, яхши-ёмон, қаттиқ-қурум гапларни айтдик. Фойдаси бўлмади. Рауф акадек қайсар, бир сўзли кишини йўлга солиб бўлармиди?

Шоирнинг кейинги дарвешона ҳаёти, турмуш тарзи, сарсон саргардонликлари ҳақида анча-мунча ёзилгани учун бу мавзуга тўхталиб ўтирмайман. Фақат шуни ишонч билан айтаманки, ҳаётнинг аччиқ синовлари Рауф ака иродасини синдира олмади. У оғир дақиқаларни ҳазил-ҳузуллар билан улкан сабр-бардош билан енгиб ўтди. Кейинчалик маълум муддатларда бирга яшаган аёлларини тилга олганда: “Ҳамма хотинларимга уй олиб берганман”, – деб ҳазилашишни яхши кўрарди. Аслида ҳам шундай бўлганди. Фақат бу “келин”ларни номи билан эмас, ўзи қўйган лақаблар билан эслаб, ҳаммани кулдириб юрарди. Бирини “Фарёд”, бирини “Ҳасрат”, бирини “Калхат” деб атарди. “Бириси ёқади, бириси боқади, бириси қоқади” деб қофияли қилиб гапирарди. (Умуман, Рауф ака қўйган лақаблар ўша одамнинг яшаш тарзи, феъл-атвори, туриш-турмушига қуйиб қўйгандек ёпишиб тушарди. Масалан, кўпинча маст-аласт юрадиган, анчайин жанжалкашлиги билан ном чиқарган шоир укамизни динозаврга қиёс қилиб “Фалончи завр” деб лақаб қўйган эди. Кўпинча ёлғон-яшиқ гапларни ямламай ютаверадиган беозор шоир дўстимизни “Жилвагар” деб тилга оларди. Буларнинг ҳаммаси ўзини чалғитиш, ортиқча сиқилмаслик, ғам-андуҳларни унутиш илинжидаги эрмак эканини ҳаммамиз билар, дили оғримасин деб кулиб кетаверар эдик.

Рауф ака Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, кейинроқ Ёзувчилар уюшмасида ишлаганини биламан. Уюшмадан кетганидан кейин анча вақт ишга кирмай юрганидан ҳам хабарим бор. Бир гал кўчада учратиб қолиб: – Нима иш қилаяпсиз? – деб сўраганимда жиддий равишда “Ҳакимхонада ишлаяпман”, деган эди. Гапнинг таги қаерга кетаётганини дарров сезиб, ўзимни аранг кулгидан тийиб қолганман. Орамизда шундай савол-жавоб бўлиб ўтган эди:
– Ҳакимхона қаерда?
– Ие, ҳали билмайсизми? Газета корпусида-да!
– Бирон тийинли иш қиласизми?
– Айтарли иш йўқ. Келаман. Чой ичиб ўтираман, яхши инсонлар келиб қолишади. Фаровон ҳаёт.

“Ҳакимхона” кичкина тамаддихона. Арақ, вино, пиво ҳар доим топилади. Мудирнинг исми Ҳаким. Шунинг учун Рауф ака бу жойга “Ҳакимхона” деб ном берган. Кейинчаик унинг ёнига “Мўминхона” қўшилди. “Мўминхона” Навоий кўчасида, шундоққина нашриётнинг ўнг қанотида эди. Шоир анча вақт мана шу икки «ишхона»да ишлаб юрди.

«Жаҳон адабиёти» журнали ташкил этилгач, устозим Озод Шарафиддинов мени ишга таклиф қилди. Шоир Мирпўлат Мирзо билан икки-уч қизлар мендан бир кун олдин ишга қабул қилинган бўлса керак. Янги жой, янги нашр. Қайноқ ижодий фаолият. Устоз ишончини оқлаш керак. Бунинг устига домла жуда талабчан. Бирин-кетин таҳририятга Файзи Шоҳисмоил, Амир Файзулла, Назира Жўраева, Абдуҳамид Парда ва бошқа ижодкорлар, таржимонлар таклиф этилди. Журнал ҳажми 20 босма табоқ. Ҳар ойда бир марта чиқади. Кичик жамоа қаттиқ тер тўкиб ишлаймиз. Нишона сони чиқиш арафасида Озод домла оғир бетоб бўлиб, оёғидан ажралди. Мирпўлат, Файзи учовлон бўёғи эндигина қуриган журналга қўл қўйдириш учун жонлантириш бўлимига олиб борганмиз. Ишларимиз юришиб, “Жаҳон адабиёти” тез тилга тушиб кетди. Аммо таҳририятда жиддий, талабчан шоир йўқлиги сезилиб турарди. Мирпўлат ташкилий ишлар билан банд. Домла муносиб одам излай бошлади. Бир-икки кўрсатган номзодимиз ёқмади. Шунда “Рауф акани айтсаммикин?” деган фикр кўнглимга келиб қолди. Тўғри, шоирнинг инжиқ табиати бор – интизомсиз, ўз айтганидан қолмайди. Ичади. Расмиятчиликка тоқати йўқ. Аммо у ҳам ожиз бир банда. Қани, айтиб кўрайин-чи, домла кўнса –яхши, кўнмаса ё Раззоқ. Мана шу хаёлда сал дадилландим. Кўнглимнинг бир четида Озод ака барибир рози бўлади, деган илинж. Очиғини айтганда, домланинг энг яқин шогирдларидан бириман. Ота-бола бўлиб кетганмиз. Кўп масалаларни бирга маслаҳатлашиб битирамиз. Хуллас, Озод аканинг хонасига кириб, таклифимни айтдим. Кутганимдек, у киши узоқ иккиланди. Охирида мен кузир картани ўртага қўйишга мажбур бўлдим.

– Домла, Сиз демократ одамсиз. Тўғрилигингиз, адолатсеврлигингиз учун ҳамма сизни қаттиқ ҳурмат қилади. Рауф ака шоир, бироз инжиқлиги бор. Ана шу инжиқлиги, интизомсизлиги учун уни ҳеч ким ишга олишни хоҳламайди. Ҳозир анча тавбасига таяниб қолган. Аҳволи оғир. Шундай катта истеъдод эгасига марҳамат кўрсатиб, раҳнамолик қилсангиз, олижаноблигингиз учун ҳамма сиздан миннатдор бўлади. Обрўйингиз янада ошади. Рауф ака қадрдон дўстим, яхши ишлашига, журналга доғ туширмаслигига ўзим кафил бўламан…

Хуллас, Озода ака билан ёши тенг одамга ўхшаб гаплаша олганимга, шунча жўяли сўзлар миямга қуйилиб келганига ўзим ҳайрон қоламан. Худо “ол қулим” деса ҳеч гап эмас экан, домла ҳам бирдан юмшади. “Бўпти, чақиринг. Ариза ёзсин”, деди. Озод аканинг олдидан қанот боғлаб учиб чиққан бўлсам керак. Шоирни қидиришга ҳожат йўқ, шундоққина пастда, “Мўминхона”да шакаргуфторлик қилиб ўтирган эди…
Эртаси куни у журналда иш бошлади. Кутганимиздек, Озод аканинг жўмардлигига ҳамма тан берди.

Рауф ака журналда анча вақт тинч ишлади. Бунинг устига у ўта интизомли чиқиб қолди. Ишга ҳаммадан олдин – соат саккизда келади. Биз судралиб, соат ўнга аранг етиб келсак, бошимиз осмонда. У эса икки соат ичида анча иш қилиб қўйган бўлади. Тушгача деярли кунлик мўлжаллаган режаси бажарилган, материаллар ўқилган, таҳрир қилинган, таҳрир савиясига эса тараф йўқ. Зар қадрини заргар билади-да!

Дастлабки пайтларда шоир соат бешдан ўтганда: – Энди, дўконни ёпсак бўлармикин? – деб бизга қарарди. Таҳририятда ёзилмаган темир қонун мавжуд эди. Домла бир оёқдан ажралган, соат тўрт-бешгача зўрға бардош бериб ўтиради. Улар кетгандан кейин ўзимиз хон, кўланкамиз майдон. Олдинма-кетин Мўминхонага йўл оламиз. Бир-икки қиз, ҳисобчи, масъул котиб, Файзи фахрий қоровул. Аммо бирон марта журнал вақтида чиқмасдан қолган эмас. Ҳамма ўз вазифасини ҳалол бажарар эди.

Ана шу бирга ишлаган йилларимизда шоирнинг ички дунёсига хос анча-мунча қирраларини билиб олдим. У жуда саранжон-саришта, покиза киши эди. Шимининг почасига лой тегизмасди. Стол-стуллар, иш қоғозлари, қўлёзмаларни ниҳоятда тоза тутар, чойнак-пиёлаларга гард юқтирмасди. Бировдан биронта китоб олса, энг аввало муқовасини, кейин варақларини артиб, чан-ғуборларини тозалар, шундан кейингина саҳифаларини авайлаб очиб, ўқишга тушар эди (Шоирнинг бу фазилати ҳақида шогирди ва куёви, самимий инсон Чоршаъм яхши шеър ёзган). Энг муҳими, у инсоний қадрини, иқтидорини яхши билар, ҳар қандай даврада ўзини муносиб тута оларди. Шогирдлари, мухлислари жуда кўп эди. Айтган нарсасини, хоҳиш истагини имкони борича бажаришга ҳаракат қилишарди. Лекин у бировларнинг ҳурмат-эътиборини суистеъмол қилишни ҳаёлига ҳам келтирмасди. Борига кўниб, йўғига сабр қилиб кетаверарди. Қўлида пули бўлса дўстлари, яқин кишиларига сарфлаб тугатмагунича кўнгли жойига тушмасди. Эртага нима бўлади, қандай тирикчилик ўтказаман, деб ўйлаб ўтирмасди. Баъзан кўпчилик бўлиб ўртада пул йиғиб қолганимизда бир-икки сўм олиб қолсам, “Эртани ўйлаган одам дарвеш бўлолмайди” деб дакки берарди. Аммо мен “эртани ўйлаш”га мажур эдим. Кейинроқ “Ўқитувчи” нашриётида бўлим мудири, “Чўлпон” нашриётида Бош муҳаррир лавозимида ишлаб, “пулдор” бўлган даврларимда у киши ҳадди сиққани учун ёрдам сўраб турар, чўнтакдан пул чиқариб санай бошласам, “Санаб ўтирманг, қўлга чиққанини бераверинг”, деб қўяр эди. Мен эса, афсуски, ўта хотамтойлик қилишга қодир эмасдим.

Рауф ака кейинчалик ҳам, қийналиб қолган пайтларида, Сулҳидани олдимга юбориб турди.

“Жаҳон адабиёти”да ишлаш шоирнинг ўзи учун ҳам мароқли эди. У жаҳондаги деярли барча улуғ шоирлар ижодини яхши биларди. Айниқса, Латвияга бориб, Ригада икки-уч ой туриб, “малакасини ошириб” келганидан кейин бутунлай бошқа одам бўлиб қолганди. Ҳар ҳолда у журналга катта наф етказди деб дадил айта оламан.

Рауф ака Болтиқ бўйидаги шоирлар билан учрашув, мулоқотлардан олган таассуротларини бизга кўп айтиб берар эди. Айниқса, большевиклар даҳоси Ленин фаолиятига боғлиқ гаплари, унинг шахсан ташаббуси билан миллионлаб гуноҳсиз одамларнинг қони тўкилгани ҳақидаги маълумотлар мен учун бутунлай янгилик эди. Шоирнинг таъсирида рус инқилоби манзараларига танқидий қарайдиган бўлдим. “Барча даҳолардан улуғроқ даҳо” сиймоси кўз ўнгимизда бошқача қиёфада жонлана бошлади. Большевикларнинг Туркистонга ўтказган зуғулли, зўравонликларини ўрганишга қизиқиб қолдим. Ошкоралик туфайли илгари таъқиқланган кўп адабиётлардан хабардор бўлдим. Анчагина манбаларни ўргандим, илгари деярли эътиборсиз қараганим Ленин асарларидан (адабиёт ва санъат ҳақидаги қарашлари бундан мустасно) жуда кўп ноёб маълумотларни излаб топдим. Ана шу ҳужжатлар, далиллар асосида “Аччиқ мевалар”, “Туркистоннинг қора кунлари”, “Ошоба фожиаси” бадиаларини ёздим. Бу ишда Рауф ака мени рағбатлантириб турганини ҳар доим миннатдорчилик билан эслаб юраман.

Орадан бир-икки йил ўтгач, журналдаги сокин, аммо масъулиятли иш шоирнинг меъдасига ура бошлади. Бунинг устига “Мўминхона”даги суҳбатларга ўзларини “ҳуқуқ ҳимоячилари” деб ҳисоблаб юрувчи “демократ”лар ҳам серқатнов бўлиб қолишди. Шоирни улардан иҳота қилишнинг иложи йўқ эди. Таҳририятдаги баъзи укаларимиз ҳам ширин суҳбатларга маҳлиё бўлиб асосий вазифаларидан чалғишаётгани сезилди. Рауф ака энди соат ўн икки, баъзан ўн бир яримдан пастга тушиб кетар, орадан сал ўтгач, телефон қилиб: “Тез етиб келинглар” деб ҳоли-жонимизга қўймасди. Бундай ҳолат, ҳаммамизга, энг аввало Озод акага малол келиши табиий эди. Аммо у киши бағрикенглик қилиб, ҳеч нарса демади. Зийрак Рауф ака раҳбар норози бўлаётганини дилдан ҳис қилар, лекин ўрганиб қолган одатларини ташлай олмас эди. Ана шу қалтис паллада бир куни жиддий суҳбат бўлиб ўтди. Озод домла иккимиз қандайдир масалани муҳокама қилиб ўтирган эдик, Рауф ака қоғоз кўтариб кириб қолди. Домла “Келинг, Рауфжон” деб хушвақт қаршилади.

Шоир сўрашиб бўлгач, қўлидаги қоғозни Озод акага узатди.
– Нима экан бу? – сўради домла уни олар экан.
Рауф ака томдан тараша тушгандек қилиб шартта:
– Ишдан бўшамоқчиман, –деди.
– Ие, нега, – ҳайрон бўлди домла.- Бирон нарсадан ҳафа бўлдингизми?
– Йўқ, Ҳеч нарсадан хафа эмасман. Шунча авайладингиз, шароит яратиб бердингиз, раҳмат, лекин табиатим шундай. Бирон жойда ёлчитиб узоқ ишлай олмайман. Ўзим қийналиб кетаман. Ижодий ниятларим кўп.

Озод ака нима дейишини билмай қолди. Мен эса, очиғини айтганда, Рауф акадан хафа бўлдим. Қадрдон дўст, сирдоши бўлсаму бир оғиз дардини айтиб, маслаҳат сўрамаса..
Домланинг ранжигани очиқ сезилиб турарди. Гоҳ менга, гоҳ Рауф акага ҳайрон тикилиб турди. Ва ниҳоят жиддий савол берди:
– Хўш, Рауфжон, ишдан бўшадингиз дейлик. Хўп, биздан кетдингиз. Кейин нима қиласиз. Яна бирон жойда ишлайсизми?
– Ҳозирча ижод қиламан.. Кейин ўйлаб кўраман. Албатта кейинроқ бирон ишга кирсам керак.
– Хўп, кейинроқ ишга кирдингиз дейлик… Янги жойингиздаям ичасизми?

Рауф ака бундай саволни кутмаган бўлса-да, дангал жавоб берди:
– Ичаман.
Озод ака қоғозни икки буклаб, шарт-шарт йиртиб, бурчакдаги елим саватга ташлади.
– Ундай бўлса Рауфжон, шу ерда ичиб юраверинг.
Бундай ечимни кутмаган шоир талмовсиради. Мен ҳам ниҳоятда ҳайрон қолдим, домланинг химмати, мардлигидан қаттиқ таъсирландим.
– Боринг. Хотиржам ишлайверинг, –домла суҳбатга якун ясади.
Шоир хижолат бўлиб чиқиб кетди. Домланинг вафотидан кейин мен кўп давраларда, учрашувларда бу ҳақда тўлқинланиб гапириб юрдим. Рауф ака ярим йиллардан кейин барибир журналдан бўшаб кетди.

Шу ерда бир лирик чекиниш қилишга тўғри келади. Шоир таҳририятдан кетди, аммо Озод ака билан муносабатларида заррача ўзгариш сезилмади. Устоз Рауфжон бекор бўшаб кетди-да, деб бир неча марта такрорлаган эди. Йиллар ўтди, Озод ака иккинчи оёғидан ҳам ажралиб, кам ҳаракат қиладиган бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳам бир куни Рауф ака оғирлашиб қолганини эшитиб, кўришга борганини ҳамкасблар айтиб беришди. Шоир яшаб турган жой иккинчи қаватда, у пастга тушолмайдиган аҳволда, Озод ака эса иккинчи қаватга чиқолмайди. Шогирдлар бир амаллаб Рауф акани дераза рафига суянтириб домлага кўрсатишади. Шу алфозда бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашиб, бир муддат гаплашиб турадилар. Улар бу кўришув сўнгги учрашув, видолашув дамлари эканини қалбан ҳис қилиб, кўз ёши билан хайрлашадилар…)

“Жаҳон адабиёти”дан кетгандан кейин шоирнинг яна навбатдаги кўп йиллик дарвешона ҳаёти бошланди. Сарсон-саргардонликлар ниҳоясида у тақдир ипларини санъаткор хонанда Сулҳида билан боғлади. Бу ғарибгина аёл шоирнинг умри охиригача турмуш машаққатларини, йўқчилик азоблари-ю, тўқчилик қувончларини бирга тортди. Сулҳида Хадрадаги санъаткорлар уйида яшар эди. Рауф ака дастлаб шу ерда ётиб юрди. Кўп сайъ-ҳаракатлардан сўнг ётоқхонага ўхшатиб қурилган ғалати бир бинодаги хонадонга кўчиб борди. Бу жой – шоир таъбирича “краматория”ни расмийлаштириш жараёнида тортган машаққатлари ҳам катта достон – бу ҳақда гапирмай қўя қолай…

Рауф Парфи катта шоир – Ўзбекистон халқ шоири унвонига ҳар жиҳатдан муносиб ижодкор эди. Унинг самимий, дардчил лирикаси – гоҳ дилбар, гоҳ мунгли, маъюс оҳангларда яратилган шеърий мисралари ўқувчида хилма-хил кайфият, ҳолатлар уйғотар, хаёлга, фикрга толдирар эди. Унинг ижодида шунчаки ёзилган шеърлар, байрамона, тантанавор руҳда битилган қасидалар, бежама тизмалар деярли йўқ. У юки енгил шеърлар, ялтироқ тизмалардан бир умр қочди, ўзи қийналиб, хўрликларга чидаб яшаса-да, шеърига, оташин мисраларига гард юқтирмади.

У шеърда мўъжиза яратиш, сўзларни ўйнатиш санъатини пухта эгаллаган эди. Мазкур хотиралар – дил сўзларини ёзиш жараёнида шоирнинг қўлимда қолган “Тасвир”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти”, “Тавба”, “Сўнгги видо” тўпламларини қайта-қайта ўқир эканман, юқоридаги хулосага чин дилдан иқрор бўлдим. Ва илгари сезмаганим яна бир ҳолатни ҳам пайқаб қолдим. Шоир кўпгина мувашшаҳлар ёзган экан. Масалан, Абдурауф Фитрат сонетида буюк шоирнинг номи яширинган экан. “Шеърият” (Дилором), “Барно бону” (Барно бону) “Сенсиз” (“Севара Вафо”) “Мунажжим” (Мўътабар), “Йўловчи” (Сулҳида) шеърлари аслида нафис мувашшаҳлардир.

Шоир қизлари Муножот, Севинч номларига ҳам муавашшаҳлар боғлаган экан. Бу ҳам гўзал санъат намунаси. Муҳими, юқоридаги шеърлар ишқий мазмунда эмас, жиддий, ижтимоий мавзуларга бағишланган. Шоирнинг бу борадаги маҳоратига ҳам тан бермоқ лозим. У шеърни беҳуда эрмак қилишга асло йўл қўйган эмас.

Рауф ака 1981 йилда нашр этилган “Қайтиш” тўпламига: “Дўстим, тобуткашим, Ортиқбойга, ўқимаслик шарти билан” деб дастхат ёзиб берган эди. (Дўстим Бахтиёрга ҳам худди шундай сўзлар билан китобини тақдим этганини яқинда билдим. Бу китобни қачон қўлимга олсам юрагимга ларза тушади.

Рауф ака вафот этган кунда “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида эдим. Соат ўн бирдан ошган. Журналист, шоир укамиз Фарруҳнинг хизмат машинасида йўл-йўлакай унинг опаси Нодирани (Рауф аканинг шогирдларидан бири) ҳам олиб Чоршаъмнинг уйига етиб бордик.

Кўп одам йиғилган эди. Машинадан тушишим билан икки аёл ўртасида келаётган Дилоромни кўрдим. Бошдан оёқ қоп-қора кийинган. Ҳўнграб йиғлаб келиб елкамга бош қўйди. Анча вақт кўз ёши тўкиб турдик. Кейин ҳеч кимга қарамай, ҳовлига кирдим. Хонанда дўстим Дадахон бел боғлаб турган экан. Қучоқлашиб кўришдик. “Кўриб чиқамизми?” – деб сўрадим. “Йўқ, кечикдингиз, ювиб, ўраб қўйишди”, деди…

Шоирнинг тобути Минор қабристонига олиб борилди. Тумонат одам. Жаноза ўқилди. Шунда шогирд болалар йўл бўшатдими, ё Худойимнинг мадади бўлдими, тобутнинг шундоқ олд томонига бориб қолибман. Беихтиёр бояги дастхат ёдимга тушди. “Эй, дўстим-а, нега шундай ёздинг-а? Шунда фаришталар омин деган экан-да. Мана, тобуткашинг бўлиб турибман!» — деган нидо ич-ичимдан қуйилиб келди. Тобутни ўнг томонидан кўтариш менга насиб қилган экан, энгашиб кўтариб, елкамга қўйдим… Кўз ёшларим булоқ бўлиб оқди. Шоирни охирги йўлга шундай кузатдик.

Суюкли, ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов “Китоб дунёси” газетасида босилган мақоласида шундай ёзади: Халқимизда бир ҳикмат бор, яхши ниятга ҳам, ёмон ниятга ҳам фаришталар омин дейдилар! Мен, ижодкор дўстларимга мурожаат қилиб айтгим келади: Яхши ният қилинг, шоирлар! Ўзингизга ҳам, юртингизга ҳам, оилангизга ҳам омонлик тиланг.

Бу доно фикрларга оташин шоир Мақсуд Шайхзоданинг теран мазмунли фалсафий рубойисини қўшиб қўйгим келди:

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
Салом, деган сўзнинг ҳурматин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тиригида бир соат йўқланг!

Дўрмон, 2013 йил, 1 февраль.

Rauf Parfi katta shoir – O‘zbekiston xalq shoiri unvoniga har jihatdan munosib ijodkor edi. Uning samimiy, dardchil lirikasi – goh dilbar, goh mungli, ma’yus ohanglarda yaratilgan she’riy misralari o‘quvchida xilma-xil kayfiyat, holatlar uyg‘otar, xayolga, fikrga toldirar edi. Uning ijodida shunchaki yozilgan she’rlar, bayramona, tantanavor ruhda bitilgan qasidalar, bejama tizmalar deyarli yo‘q. U yuki yengil she’rlar, yaltiroq tizmalardan bir umr qochdi, o‘zi qiynalib, xo‘rliklarga chidab yashasa-da, she’riga, otashin misralariga gard yuqtirmadi….

Ortiqboy Abdullaev
YAXSHI NIYAT QILING, SHOIRLAR!
08

Zamondoshlarining aytishicha, rus adabiyotida Anton Pavlovich Chexovdek mehmondo’st, saxiy, bag’ri keng yozuvchi kam bo’lgan ekan. Bu haqda mashhur bolalar shoiri, adabiyotshunos Korney Chukovskiy «Chexov» nomli badiasida maroq bilan hikoya qiladi: “ U saxovatli boylar singari mehmondo’st edi. Qishloqqa borib joylashishi bilanoq bir dunyo mehmonlarni huzuriga chorlardi… Moskva atrofidagi dala — hovliga keldi deguncha, uyi mehmonxonaga aylanib ketardi.

Barcha xonalarda bir necha kishidan bo’lib uxlardik, –deb eslaydi ukasi Mixail, – hatto pichan ichida yotardik. Iste’dodining muxlisi bo’lgan yozuvchilar, qizlar, qishloq oqsoqollari, mahalliy tabiblar, qandaydir uzoq qarindoshlar, taklif etilgan yoki o’zicha kelgan kishilar uning uyida haftalab uymalashib yurardi…”

O’zim taniydigan va ma’lum darajada biladigan o’zbek adiblari orasida ana shunday fazilatlarni o’z siymosida mujassam etgan ijodkor sifatida birinchi navbatda marhum do’stim Rauf Parfini tilgan olgim keladi. Uning shahardan chekkaroq – Humoyun mavzeidagi manzili, to’g’rirog’i , qaynag’asining uyi har doim mehmonlarga to’la bo’lardi. Do’stlar, shogirdlari, turli marosimlar, bayramlar, tug’ilgan kunlar bahonasida bu xonadonga «yopirilib» kelardik. Rauf akaning o’zi dam-badam taklif qilib, sim qoqib, huzuriga yig’ilib bormaganimizga qo’ymas, bizni ko’rmaguncha ko’ngli joyiga tushmas edi.

044Xonalarning hammasi yoru-birodarlarga, tanish-bilishlaru, shoirlar, nosirlar, olimlarga to’lib ketardi. Ayniqsa, yosh ijodkorlar, o’zining ta’biri bilan aytganda «darveshlaru darveshkalar» jonu dili edi. Ular alohida bir xonada chaqchaqlashib o’yin-kulgi qilishar, navbati bilan she’r o’qib, qizg’in bahs-munozaralarga kirishib ketishardi. Do’stlaru shogirdlar diydorini ko’rib boshi osmonga yetgan xonadon sohiblari Diloromxonu, Rauf aka davraning guliga aylanib, barcha mehmonlarning ko’nglini ovlashardi. Dasturxon to’kin, har xil ichimliklar serob. Eng muhimi, mehmonlarning ko’pchiligi quruq qo’l bilan kelmagani uchun uy egalariga ortiqcha tashvish tushmasdi. Yoshlar ko’payib ketsa, biz «qariyalar» orqa tomondagi zinadan pastga tushib, o’n besh, yigirma qadam naridan o’tadigan anhorcha ustidagi temir so’rida yonboshlab, o’z suhbatimizni qizitar edik. Bunday baxtli damlar bir necha yil davom etgani yodimda. Bu davrlarni Rauf aka hayotidagi eng yulduzli kunlar deyishimiz mumkin.

Rauf aka universitetda bir bosqich yuqorida o’qigan bo’lsa ham, negadir bizning kursdoshlarga o’zini juda yaqin olardi. Bir necha yil oilaviy «gap» qilganmiz.

Borish-kelishimiz yaxshi, juda inoq edik. Akademik Baxtiyor Nazarov, fan doktorlari Akram Kattabekov, No»mon Rahimjonov, fan nomzodlari Po’lat To’raev, Muhammadi Jumanov, yozuvchi Zohir A’lam, shoir Safar Barnoev, Rauf Parfi, shoir va xonanda Dadaxon Hasanov, kamina oyda bir marta to’planib turardik.

O’tirishlarimiz goh Toshkentda, goh Sirdaryoda, goh Xumsonda o’tardi. Hatto bir gal hammamiz bola-chaqani ham olib, shoira kursdoshimiz Tursunoy Sodiqova bilan adabiyotshunos do’stimiz To’lqin Yo’ldoshevlarning «qiyin-qistovi»ga ko’nib, bir necha kunga Andijonga borganmiz. Marhum singlim Risqi, olti — yetti yashar qizi Nafosat, kursdoshlarimizdan Matluba Azimova, Maryam Yusupova, pochchalarimiz Shavkat aka, Mirza akalar safarimizga qo’shilgandi. Ammo bir dunyo odamni kutib olish, joylashtirish, tomosha qildirish, ziyofat… oson deysizmi?

Albatta, davralarda Rauf aka o’z-o’zidan o’tirishning guliga aylanib qolardi. Turli hazil-huzullar o’ylab topardik. Birinchi quvnoq hazilimiz poezddayoq boshlandi.Olis yilning g’amini yeb uch-to’rtta shisha, gazak, pishiriqlar olganmiz. Safar aka (u kishini «ota» der edik, yoshi hammamizdan katta edi bir necha ko’m-ko’k bulg’or qalampirini sumkasiga solib qo’ygan ekan, Yangiyo’ldan o’tar-o’tmas ana shu qalampirlardan eng kattasini olib, tagini kesdi. Ichini avaylab tozalagan edi, binoyidek stakan bo’ldi-qo’ydi. U araqni qultullatib quyib, bir ko’tarishda bo’shatdi va qalampirning chekkasini tishlab qo’ydi.
– Araq deganni mana bunday ichadilar, otam. Yuradimi piyola, istakan qidirib, gazagiyam o’zi bilan…

Stakanimiz hammaga ma’qul tushib qoldi. Qalampir achchiqni kesar ekanmi, harqalay araq juda shirin ketdi. Vagondagilar orasida «Qanaqa devona o’zi bular» degandek bizga hayron qaraganlar ham, havas bilan boqqanlar ham bo’ldi. Konduktor shinavanda yigit ekan, ko’p qiynalishmasin, deb o’yladi shekilli, darhol  ikkita stakan ko’tarib keldi. Hammamiz uni rad qildik… Manzilga yetgach, quvnoq hazil-huzullarimiz Tursunoyning ikki xonali shinamgina xonadonida davom etdi.. Ayollar alohida, erkaklar boshqa xonada o’tiribmiz. Dasturxon yozildi, non, qand-qurs qo’yildi. Tursunoyning eri me’mor Turdiali aka ko’nglimizdagidek ulfat chiqib qoldi, dasturxonga ikkita shisha qo’yib, gazak uchun chiqib ketdi. Safar og’a yana shumligini boshladi. Yashin tezligida hamma piyolalarga araq quyib, bo’sh idishlarni stol tagiga surib qo’ydi.

– Qani, bachalarim, ketiga loy, oldik, o’tiramizmi gazak kelishini kutib,– deb piyolani dast ko’tardi. Hamma birin-ketin unga ergashdi. Turdiali aka to’g’ralgan bodring, pomidor ko’tarib kirganda, ko’zi bo’m-bo’sh stolga tushdi-yu: “ie”, deb likopchalarni qo’yib, zum o’tmasdan yana ikki shisha ko’tarib kirdi, so’ng choy damlash uchun oshxonaga yo’naldi. U qaytib kirganda stol ustida shishalar yo’q edi. Sir boy bermay jim o’tiribmiz. Turdiali aka dastlab hayratlangandek bo’ldi, so’ng indamasdan dahlizga chiqib ketdi.

–Chakki qildik-da, – dedi Rauf aka sipolik bilan.
–Mehmon deganiyam shunaqa odobsiz bo’ladimi? – dam bosdi Akram. Zohir ham bo’sh kelmad:
– Andijonda hazilni tushunishadimi, o’zi?
– Tursunoy baloga qolmasa go’rga, – luqma tashladi pochchalarimizdan biri.

Xullas, har kim o’zicha g’uldirab, Safar “ota”ga dashnom bermoqchi bo’ldik.Bir piyola qaynoq choy ichgulik vaqt o’tib-o’tmasdan eshik shaxt ochilib, ostonada Turdiali aka paydo bo’ldi. Qo’lida to’rxalta to’la araq. “Mana, qancha ichsalaring, ichaveringlar”, degandek, shishalarni sharaq etib stol ustiga qo’ydi. Hammamiz bir nafas qotib qoldik. Bu yog’i necha puldan tushdi? Ammo zum o’tmasdan xuddi buyruq bo’lgandek baravar xoxolab kulishga tushdik. Ayniqsa, Rauf aka juda yayrab ketdi.U “inson” so’ziga kuchli urg’u berib:

– Mana, Andijondayam bor ekan-ku, inson! – deb chapak chalib yubordi.
Bu quvnoq hazilni uzoq vaqtlargacha eslab, kulishib yurdik. Hozir ham eslab turamiz.

Andijon safari haqida bunchalik batafsil gapirayotganimning ikkita muhim sababi bor. Birinchisi shuki, Rauf aka, odatdagidek, poytaxtda siqilib yurgani uchun do’stlar davrasida barcha “yaxshi-yomon, qayg’uli” tashvishlarini unutib, juda ochilib-sochilib ketdi. Ikki jajji qizalog’i-yu, Diloromxonning ham dimog’i chog’. Har galgidek, ular davraning guli… Ikkinchisi shuki, shoir bu safardan qaynoq taassurotlar olib, Toshkentga jo’shqin ilhom bilan qaytdi. U Andijonda noyob antiqa bir buyumni qo’lga kiritdi. Biz, o’zimizni, «darvesh» hisoblab yurganlar – Baxtiyor, Akram, men – magazindan bir xil yugoslav ko’ylagi xarid qildik. Dimog’imiz baland. Bu qizil ko’ylak chiroyli, buning ustiga nihoyatda chidamli ekan, avaylab ko’p yillar kiyganman.

Rauf aka esa chinakam darveshlarcha ish tutdi. Lutfixonim Sarimsoqovaning urush yillarida kuylagan “Uyg’on, bolam” qo’shig’i yozilgan plastinkani sotib oldi.

Menga ham oling deb da’vat qildi. Bu taklifga e’tiborsiz qaraganimga hozir ham afsuslanaman. Qo’shiq urush davriga monand jangovar ruhda edi. Rauf aka uni magazinda eshitib ko’rgandayoq qattiq ta’sirlanganini sezdik. Oradan ko’p o’tmay shoir uning “Lutfixonim Sarimsoqova”. (Uyg’on bolam) she’ri gazetada bosilib chiqdi. Mo»jazgina bu she’r bag’riga bir olam mazmun singdirilgan edi. Shu yillarda shoir she’rlarida totalitar tuzumdan norozilik, ijtimoiy ozodlik, shaxs erkinligi, tarixiy adolat tuyg’usini o’ziga xos she’riy obrazlar tilida kuylash mayli kuchayib bormoqda edi. Shoir salgina oldin “Sabr daraxti” turkumini e’lon qilgan edi. To’plamdagi, “ Turkiston yodi”, “Muktibodh” she’rlarida yurt taqdiri, Vatan qismati, o’tmishdagi qattol adolatsizliklarning yurakda qoldirgan iztiroblarini ramzlar tilida aytish mayli –chinakam shoirlik ehtirosi yorqin sezilgan edi. Ustoz Mirtemir xotirasiga bag’ishlangan “Turkiston yodi” firoqnomasida biz shu paytgacha she’riyatimizda kam ko’ringan dardli ohanglarga duch kelgan edik. Bu she’rdagi ma’yus misralarni tug’dirgan shoirning qalb zarblarini anglasak, qayg’uli xotiralari mag’zini chaqsak, achchiq alamlar otashida qovurilib, afsus-nadomat ichida to’lg’ana boshlaganimizni o’zimiz sezmay qolamiz. Shoir tasvirlaganidek, cheksiz kengliklar o’tmishni eslatadi. Bizni og’ir o’ylarga toldiradi (“o’ylar meni g’ijimlar”). Misralar quyilib keladi. (“Ul o’z  qofiyasini sudrab keladir”). Undan qofiyalar hujumidan qutulib bo’lmaydi, u otilgan o’q, u shoir xotirasini tilib o’tadi. Xo’sh, bu qanday xotira o’zi? Mana ular – o’zingiz o’qib ko’ring:

Tegramda zich havo – ona Turkiston,
Yorgay tomirini ko’r hayajonim.
Bu maydon ichinda men to’kmagan qon,
Mening uni deya ayagan jonim.

Yana yiroqlarga chorlaydi moziy,
Vatan tushunchasi kelar yetaklab.
Ayrilgan, xo’rlangan ulus ovozin…

Qadim-qadim zamonlardan beri Turon, Turkiston, deb atalib kelgan ona yurtimizning achchiq qismati, bol`sheviklar zulmi ostida ham nomidan, ham mol-mulkidan ajralgan xalqimiz boshiga tushgan qora kunlar haqida o’tgan asr boshlarida ozmi-ko’pmi yozilgani ma’lum (Abdurauf Fitratning “Yurt qayg’usi” turkumi, “Mirrix yulduziga”, “Sharq”, Cho’lponning “Buzilgan o’lkaga”, “Bas endi, Ko’ngil, sen…”, Elbekning “Qaysi biri bo’ri?” va hokazo she’rlarini eslang). Ammo 30-yillardagi ma’lum fojialardan keyin bu mavzu qattiq qatag’onga uchradi. Shaxsga sig’inish illatlari fosh etilgandan keyin ham yurt taqdiri, tarix adolati haqida (Maqsud Shayxzoda, Asqad Muxtor, Adulla Oripov, Erkin Vohidov, Omon Matjon, Ma’ruf Jalil, Asqar Qosim singari shoirlarning ayrim imo-ishoralarini hisobga olmaganda baralla fikr aytishga yo’l yo’q edi. Rauf Parfining majoz tilida ko’p so’zlaganiga sabab aslida shu. Bir misol keltiraylik:

Mana, chaqmoq chaqdi nogahon,
Zimiston tun choki so’kilar.
Shunday yaqin tuyular osmon,
Yashinlar yog’dusi to’kilar.

O’t ichida poyonsiz jahon,
Ne izlarman otashlar ora?!
Chaqmoq chaqib yupatar osmon:
Bunda sarson sen va men bechora.

She’r 1964 yilda yozilgan. Unda nimalarnidir izlayotgan, azoblanayotgan qalb iztiroblari bor (Ne izlarmen otashlar ora?!). Bular yuqorida aytganimdek, nimalargadir imo-ishoralar xolos. Ammo ular hali davr ziddiyatlari haqidagi og’ir o’ylar, poetik umumlashmalar darajasiga yetib bormagan.
Bunday samimiy parchalarni o’sha yillarda e’lon qiingan ko’plab she’rlarda istagancha topishingiz mumkin.

Faqat oshkoralik yillaridagina tilimizdagi, dilimizdagi «kishan»lar yechilib, ochiq gapirish imkoni paydo bo’ldi. Shoirimiz esa bunday oshkoralik zaminiga ancha oldin 80 yillarning boshlaridayoq qadam qo’ygan edi. “Turkiston yodi” ana shu ma’naviy intilishning dastlabki mevalaridan biri edi, desak mubolag’a bo’lmas.

Bu she’rda «ismsiz dardlar» emas, toptalgan, talangan millat qismati haqida ochiq gap boradi. She’rda bu Vatan to’g’ridan-to’g’ri o’z nomi bilan “Turkiston” deb ataladi.

Ammo u hozir yo’q, faqat uning yodi, qayg’u-alamlari qoldi, hasratlari qoldi. Ana shu hasratlar, dardli o’ylar kengliklarda lirik qahramonning vujudida qondek kezib, tomirlarini yoradigan darajada “ko’r hayajon”ga aylanadi. Shoir ona Turkistonni kelgindi yovlar iskanjasidan saqlab qolish uchun qon to’ka olmaganidan, jonini ayab yashaganidan qattiq o’kinadi, dili larzaga tushadi.

Bu maydon ichinda men to’kmagan qon,
Mening uni deya ayagan jonim.

Yuragini zirqiratgan Vatan tushunchasi ayrilgan, xo’rlangan ulus ovozini moziy qa’ridan yetaklab kirgandek bo’ladi. Shoir buyuk alloma Ahmad Yassaviy ogohantirgandek: “Dunyo mening deganlar”, “Yolg’on da’vo qilganlar”, “Oqni qora qilganlar”ni, “Xarom yegan hokimlar”ni tilga olar ekan, o’tgan kunlarni – Turkistonni “Mangu Xotirot mozori” deb ataydi. Butun she’r davomida shoirning ma’yus faryodi, dil armonlari silqib chiqayotgan qondek tomchilab turadi.

Otashin misralar yo’qolgan Vatan – Turon –Turkiston qismati uchun tutilgan motam nidosidek, yurakka otilgan o’qdek bag’rimizga sanchiladi.

Yig’la, endi, ko’zim, sen ham yig’lab ol,
To’ysin, ko’z yoshinga bu turkiy sitam.
To’ysin, Vatan yodi chidar bemalol,
O, sabr daraxti – qutlug’ Turkiston.
Naqadar uzundir, og’irdir bu yo’l.

Og’ir o’ylarga toldiradigan mana shu she’r bag’riga sepilgan ezgulik urug’lari – adolat, erkinlik umidi shoirning “Muktibodh” she’rida ham yuksak pardalarda jaranglagan edi. She’rda hind xalqining qismati tilga olingan. Ammo shoir shu bahonada o’z yurtida hukm surayotgan nohaqliklar, zulm-zo’ravonliklar
manzaralarini tilga olib o’tishdan cho’chimaydi. Zotan, bu she’rni yozishdan maqsad ham shu edi-da!

Qachon tong otadi mening yurtimda,
Qachon ado bo’lur g’amga botgan g’am?!
O, Shiva , xaloskor Shiva, madad ber,
Tokay shundoq qolur muqaddas bu yer…
Uyqudan uyg’onur tirik bu dunyo.

«Muktibodh» she’ri boshdan-oyoq mana shunday otashin va dardchil misralar, og’ir o’ylar bilan sug’orilgan. Shoir Dehli – Hindiston bilan birga o’z diyorini ham qiyosiy tasvirini jonlantira boradi:

Dehlida kim bordir?! U joyda kim bor?!
Oxiri bormidir axir u tunning.
Tili kesilgandek chuldirar birov,
Suvab, chalpib borar bosgan izini.
Unga odam zoti kela bilmas dov,
G’ayri tilda aytar Vatan so’zini…

She’rda shoir va she’r qismati ham o’zgacha tashbehlarda namoyon bo’ladi:

Men shoir, shu ojiz holimda yana,
She’rimni tinglagan devor-da soqov.

Yana:

Barchani teng ko’rsam – matlabim ezgu,
Millatim qalbiga kirsam bemalol.
Sotilgan vijdonda nomuslar yig’lar…
Ko’zimga kiprikning shabnami indi.
Faqat o’liklar-ku abadiy uxlar.
She’rim, kechalarni kesib uch endi,
Erkinlik bor alhol tog’lar ortida…

Xullas, Rauf aka ayni mana shu yo’nalishda izlanib, otashin she’rlar yozib yurgan kezlarda Andijonda Lutfixonim aytgan «Uyg’on, bolam» qo’shig’iga duch kelib, undan ilhomlanganini Lutfixonim “Uyg’on, bolam” she’rini o’qiganimizdan keyin sezdik. Unda yuqorida tilga olingan she’rlari kabi yurt, Vatan taqdiri uchun kurashga da’vat ruhi ustuvor.

Uyg’on, uyg’on bolam, uyg’ongil ey, dil…
Sengadir jon bolam, mushkulot, g’avg’o.
Uyg’on, uyg’on, deya ingraydi navo–
Senga bu Vatandir, sengadir bu til.

Lutfixonim Sarimsoqovaning Ikkinchi jahon urushi yillarida o’zbek yigitlarini sherdil bo’lib jangga kirishga chorlagan otashin xitoblari oradan qirq yilcha o’tgach, Rauf Parfi she’rida yangi ruh, yangi mazmun kasb etib, qayta jarangladi. Bu da’vat – yurt istiqboli uchun kurash g’oyasi shoir shundan keyin yozgan ko’p she’rlar bag’rida beorom qalb singari depsib urib turadi. Shu ma’noda Andijon safari Rauf aka ijodida yangi, o’ziga xos bir bosqich bo’lib qoldi.

Xotiralarimizga qaytsak, oradan bir necha yil o’tgach, Mixail Gorbachyov tashabbusi bilan “qayta qurish, oshkoralik” yillari boshlandi. O’zbekiston ham Mustaqillik yo’liga o’tdi. Yangi shiorlar, yangi partiyalar, oqimlar paydo bo’ldi. Ana shu kunlarni – Sho’rolar zulmi yo’q bo’lib, xalqimiz chinakam Mustaqillikka, ozodlikka chiqishini, dorilamon kunlar kelishini orziqib kutgan, shunga astoydil ishongan va buni dadil ayta olgan “Qachon tong otadi mening yurtimda!” otashin shoir hayotida yangi murakkab davr boshlandi. Rauf aka bilan Dilorom hayotdagi o’zgarishlar, harakatlarning faol ishtirokchilariga aylandilar. Ammo, afsuslar bo’lsinki, ayni ana shu yillarda ularga “ko’z tegdi”. Hammamiz havas qiladigan oila buzildi. Ular hech qanday janjal-to’palonsiz, tichgina ajrashib ketishdi. Biz hammamiz – do’stlar qattiq o’kindik. Lekin iloj qancha: birga yashaydigan, qaltis tugunlarni yechadigan ularning o’zi… Aralashishdan foyda yo’q. Albatta, biz loqayd qarab turmadik: shoirni o’rtaga oldik, yaxshi-yomon, qattiq-qurum gaplarni aytdik. Foydasi bo’lmadi. Rauf akadek qaysar, bir so’zli kishini yo’lga solib bo’larmidi?

Shoirning keyingi darveshona hayoti, turmush tarzi, sarson sargardonliklari haqida ancha-muncha yozilgani uchun bu mavzuga to’xtalib o’tirmayman. Faqat shuni ishonch bilan aytamanki, hayotning achchiq sinovlari Rauf aka irodasini sindira olmadi. U og’ir daqiqalarni hazil-huzullar bilan ulkan sabr-bardosh bilan yengib o’tdi.

Keyinchalik ma’lum muddatlarda birga yashagan ayollarini tilga olganda: “Hamma xotinlarimga uy olib berganman”, – deb hazilashishni yaxshi ko’rardi. Aslida ham shunday bo’lgandi. Faqat bu “kelin”larni nomi bilan emas, o’zi qo’ygan laqablar bilan eslab, hammani kuldirib yurardi. Birini “Faryod”, birini “Hasrat”, birini “Kalxat” deb atardi. “Birisi yoqadi, birisi boqadi, birisi qoqadi” deb qofiyali qilib gapirardi. (Umuman, Rauf aka qo’ygan laqablar o’sha odamning yashash tarzi, fe’l-atvori, turish-turmushiga quyib qo’ygandek yopishib tushardi. Masalan, ko’pincha mast-alast yuradigan, anchayin janjalkashligi bilan nom chiqargan shoir ukamizni dinozavrga qiyos qilib “Falonchi zavr” deb laqab qo’ygan edi. Ko’pincha yolg’on-yashiq gaplarni yamlamay yutaveradigan beozor shoir do’stimizni “Jilvagar”  deb tilga olardi. Bularning hammasi o’zini chalg’itish, ortiqcha siqilmaslik, g’am-anduhlarni unutish ilinjidagi ermak ekanini hammamiz bilar, dili og’rimasin deb kulib ketaverar edik.

Rauf aka G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida, keyinroq Yozuvchilar uyushmasida ishlaganini bilaman. Uyushmadan ketganidan keyin ancha vaqt ishga kirmay yurganidan ham xabarim bor. Bir gal ko’chada uchratib qolib: – Nima ish qilayapsiz? – deb so’raganimda jiddiy ravishda “Hakimxonada ishlayapman”, degan edi.

Gapning tagi qaerga ketayotganini darrov sezib, o’zimni arang kulgidan tiyib qolganman. Oramizda shunday savol-javob bo’lib o’tgan edi:
– Hakimxona qaerda?
– Ie, hali bilmaysizmi? Gazeta korpusida-da!
– Biron tiyinli ish qilasizmi?
– Aytarli ish yo’q. Kelaman. Choy ichib o’tiraman, yaxshi insonlar kelib qolishadi. Farovon hayot.
“Hakimxona” kichkina tamaddixona. Araq, vino, pivo har doim topiladi. Mudirning ismi Hakim. Shuning uchun Rauf aka bu joyga “Hakimxona” deb nom bergan.

Keyinchaik uning yoniga “Mo’minxona” qo’shildi. “Mo’minxona” Navoiy ko’chasida, shundoqqina nashriyotning o’ng qanotida edi. Shoir ancha vaqt mana shu ikki «ishxona»da ishlab yurdi.
«Jahon adabiyoti» jurnali tashkil etilgach, ustozim Ozod Sharafiddinov meni ishga taklif qildi. Shoir Mirpo’lat Mirzo bilan ikki-uch qizlar mendan bir kun oldin ishga qabul qilingan bo’lsa kerak. Yangi joy, yangi nashr. Qaynoq ijodiy faoliyat. Ustoz ishonchini oqlash kerak. Buning ustiga domla juda talabchan.

Birin-ketin tahririyatga Fayzi Shohismoil, Amir Fayzulla, Nazira Jo’raeva, Abduhamid Parda va boshqa ijodkorlar, tarjimonlar taklif etildi. Jurnal hajmi 20 bosma taboq. Har oyda bir marta chiqadi. Kichik jamoa qattiq ter to’kib ishlaymiz. Nishona soni chiqish arafasida Ozod domla og’ir betob bo’lib, oyog’idan ajraldi. Mirpo’lat, Fayzi uchovlon bo’yog’i endigina qurigan jurnalga qo’l qo’ydirish uchun jonlantirish bo’limiga olib borganmiz. Ishlarimiz yurishib, “Jahon adabiyoti” tez tilga tushib ketdi. Ammo tahririyatda jiddiy, talabchan shoir yo’qligi sezilib turardi. Mirpo’lat tashkiliy ishlar bilan band. Domla munosib odam izlay boshladi. Bir-ikki ko’rsatgan nomzodimiz yoqmadi. Shunda “Rauf akani aytsammikin?” degan fikr ko’nglimga kelib qoldi. To’g’ri, shoirning injiq tabiati bor – intizomsiz, o’z aytganidan qolmaydi. Ichadi. Rasmiyatchilikka toqati yo’q. Ammo u ham ojiz bir banda. Qani, aytib ko’rayin-chi, domla ko’nsa –yaxshi, ko’nmasa yo Razzoq. Mana shu xayolda sal dadillandim. Ko’nglimning bir chetida Ozod aka baribir rozi bo’ladi, degan ilinj. Ochig’ini aytganda, domlaning eng yaqin  shogirdlaridan biriman. Ota-bola bo’lib ketganmiz. Ko’p masalalarni birga maslahatlashib bitiramiz. Xullas, Ozod akaning xonasiga kirib, taklifimni aytdim.

Kutganimdek, u kishi uzoq ikkilandi. Oxirida men kuzir kartani o’rtaga qo’yishga majbur bo’ldim.
– Domla, Siz demokrat odamsiz. To’g’riligingiz, adolatsevrligingiz uchun hamma sizni qattiq hurmat qiladi. Rauf aka shoir, biroz injiqligi bor. Ana shu injiqligi, intizomsizligi uchun uni hech kim ishga olishni xohlamaydi. Hozir ancha tavbasiga tayanib qolgan. Ahvoli og’ir. Shunday katta iste’dod egasiga marhamat ko’rsatib, rahnamolik qilsangiz, olijanobligingiz uchun hamma sizdan minnatdor bo’ladi. Obro’yingiz yanada oshadi. Rauf aka qadrdon do’stim, yaxshi ishlashiga, jurnalga dog’ tushirmasligiga o’zim kafil bo’laman…

Xullas, Ozoda aka bilan yoshi teng odamga o’xshab gaplasha olganimga, shuncha jo’yali so’zlar miyamga quyilib kelganiga o’zim hayron qolaman. Xudo “ol qulim” desa hech gap emas ekan, domla ham birdan yumshadi. “Bo’pti, chaqiring. Ariza yozsin”, dedi. Ozod akaning oldidan qanot bog’lab uchib chiqqan bo’lsam kerak. Shoirni qidirishga hojat yo’q, shundoqqina pastda, “Mo’minxona”da shakarguftorlik qilib
o’tirgan edi…
Ertasi kuni u jurnalda ish boshladi. Kutganimizdek, Ozod akaning jo’mardligiga hamma tan berdi.

Rauf aka jurnalda ancha vaqt tinch ishladi. Buning ustiga u o’ta intizomli chiqib qoldi. Ishga hammadan oldin – soat sakkizda keladi. Biz sudralib, soat o’nga arang yetib kelsak, boshimiz osmonda. U esa ikki soat ichida ancha ish qilib qo’ygan bo’ladi. Tushgacha deyarli kunlik mo’ljallagan rejasi bajarilgan, materiallar o’qilgan, tahrir qilingan, tahrir saviyasiga esa taraf yo’q. Zar qadrini zargar biladi-da!

Dastlabki paytlarda shoir soat beshdan o’tganda: – Endi, do’konni yopsak bo’larmikin? – deb bizga qarardi. Tahririyatda yozilmagan temir qonun mavjud edi. Domla bir oyoqdan ajralgan, soat to’rt-beshgacha zo’rg’a bardosh berib o’tiradi. Ular ketgandan keyin o’zimiz xon, ko’lankamiz maydon. Oldinma-ketin Mo’minxonaga yo’l olamiz. Bir-ikki qiz, hisobchi, mas’ul kotib, Fayzi faxriy qorovul. Ammo biron marta jurnal vaqtida chiqmasdan qolgan emas. Hamma o’z vazifasini halol bajarar edi.

Ana shu birga ishlagan yillarimizda shoirning ichki dunyosiga xos ancha-muncha qirralarini bilib oldim. U juda saranjon-sarishta, pokiza kishi edi. Shimining pochasiga loy tegizmasdi. Stol-stullar, ish qog’ozlari, qo’lyozmalarni nihoyatda toza tutar, choynak-piyolalarga gard yuqtirmasdi. Birovdan bironta kitob olsa, eng avvalo muqovasini, keyin varaqlarini artib, chan-g’uborlarini tozalar, shundan keyingina sahifalarini avaylab ochib, o’qishga tushar edi (Shoirning bu fazilati haqida shogirdi va kuyovi, samimiy inson Chorsha’m yaxshi she’r yozgan). Eng muhimi, u insoniy qadrini, iqtidorini yaxshi bilar, har qanday davrada o’zini munosib tuta olardi. Shogirdlari, muxlislari juda ko’p edi. Aytgan narsasini, xohish istagini imkoni boricha bajarishga harakat qilishardi. Lekin u birovlarning hurmat-e’tiborini suiste’mol qilishni hayoliga ham keltirmasdi. Boriga ko’nib, yo’g’iga sabr qilib ketaverardi. Qo’lida puli bo’lsa do’stlari, yaqin kishilariga sarflab tugatmagunicha ko’ngli joyiga tushmasdi. Ertaga nima bo’ladi, qanday tirikchilik o’tkazaman, deb o’ylab o’tirmasdi. Ba’zan ko’pchilik bo’lib o’rtada pul yig’ib  qolganimizda bir-ikki so’m olib qolsam, “Ertani o’ylagan odam darvesh bo’lolmaydi” deb dakki berardi. Ammo men “ertani o’ylash”ga majur edim. Keyinroq “O’qituvchi” nashriyotida bo’lim mudiri, “Cho’lpon” nashriyotida Bosh muharrir lavozimida ishlab, “puldor” bo’lgan davrlarimda u kishi haddi siqqani uchun yordam so’rab turar, cho’ntakdan pul chiqarib sanay boshlasam, “Sanab o’tirmang, qo’lga chiqqanini beravering”, deb qo’yar edi. Men esa, afsuski, o’ta xotamtoylik qilishga qodir emasdim.

Rauf aka keyinchalik ham, qiynalib qolgan paytlarida, Sulhidani oldimga yuborib turdi.
“Jahon adabiyoti”da ishlash shoirning o’zi uchun ham maroqli edi. U jahondagi deyarli barcha ulug’ shoirlar ijodini yaxshi bilardi. Ayniqsa, Latviyaga borib, Rigada ikki-uch oy turib, “malakasini oshirib” kelganidan keyin butunlay boshqa odam bo’lib qolgandi. Har holda u jurnalga katta naf yetkazdi deb dadil ayta olaman.

Rauf aka Boltiq bo’yidagi shoirlar bilan uchrashuv, muloqotlardan olgan taassurotlarini bizga ko’p aytib berar edi. Ayniqsa, bol`sheviklar dahosi Lenin faoliyatiga bog’liq gaplari, uning shaxsan tashabbusi bilan millionlab gunohsiz odamlarning qoni to’kilgani haqidagi ma’lumotlar men uchun butunlay yangilik  edi. Shoirning ta’sirida rus inqilobi manzaralariga tanqidiy qaraydigan bo’ldim. “Barcha daholardan ulug’roq daho” siymosi ko’z o’ngimizda boshqacha qiyofada jonlana boshladi. Bol`sheviklarning Turkistonga o’tkazgan zug’ulli, zo’ravonliklarini o’rganishga qiziqib qoldim. Oshkoralik tufayli ilgari ta’qiqlangan ko’p adabiyotlardan xabardor bo’ldim. Anchagina manbalarni o’rgandim, ilgari deyarli e’tiborsiz qaraganim Lenin asarlaridan (adabiyot va san’at haqidagi qarashlari bundan mustasno) juda ko’p noyob ma’lumotlarni izlab topdim. Ana shu hujjatlar, dalillar asosida “Achchiq mevalar”, “Turkistonning qora kunlari”, “Oshoba fojiasi” badialarini yozdim. Bu ishda Rauf aka meni rag’batlantirib turganini har doim minnatdorchilik bilan eslab yuraman.

Oradan bir-ikki yil o’tgach, jurnaldagi sokin, ammo mas’uliyatli ish shoirning me’dasiga ura boshladi. Buning ustiga “Mo’minxona”dagi suhbatlarga o’zlarni “huquq himoyachilari” deb hisoblab yuruvchi “demokrat”lar ham serqatnov bo’lib qolishdi. Shoirni ulardan ixota qilishning iloji yo’q edi. Tahririyatdagi ba’zi ukalarimiz ham shirin suhbatlarga mahliyo bo’lib asosiy vazifalaridan chalg’ishayotgani sezildi. Rauf aka endi soat o’n ikki, ba’zan o’n bir yarimdan pastga tushib  ketar, oradan sal o’tgach, telefon qilib: “Tez yetib kelinglar” deb holi-jonimizga qo’ymasdi. Bunday holat, hammamizga, eng avvalo Ozod akaga malol kelishi tabiiy edi. Ammo u kishi bag’rikenglik qilib, hech narsa demadi. Ziyrak Rauf aka rahbar norozi bo’layotganini dildan his qilar, lekin o’rganib qolgan odatlarini tashlay olmas edi. Ana shu qaltis pallada bir kuni jiddiy suhbat bo’lib o’tdi. Ozod domla ikkimiz qandaydir masalani muhokama qilib o’tirgan edik, Rauf aka qog’oz ko’tarib kirib qoldi. Domla “Keling, Raufjon” deb xushvaqt qarshiladi.

Shoir so’rashib bo’lgach, qo’lidagi qog’ozni Ozod akaga uzatdi.
– Nima ekan bu? – so’radi domla uni olar ekan.
Rauf aka tomdan tarasha tushgandek qilib shartta:
– Ishdan bo’shamoqchiman, –dedi.
– Ie, nega, – hayron bo’ldi domla.- Biron narsadan hafa bo’ldingizmi?
– Yo’q, Hech narsadan hafa emasman. Shuncha avayladingiz, sharoit yaratib berdingiz, rahmat, lekin tabiatim shunday. Biron joyda yolchitib uzoq ishlay olmayman. O’zim qiynalib ketaman. Ijodiy niyatlarim ko’p.

Ozod aka nima deyishini bilmay qoldi. Men esa, ochig’ini aytganda, Rauf akadan hafa bo’ldim. Qadrdon do’st, sirdoshi bo’lsamu, bir og’iz dardini aytib, maslahat so’ramasa..

Domlaning ranjigani ochiq sezilib turardi. Goh menga, goh Rauf akaga hayron tikilib turdi. Va nihoyat jiddiy savol berdi:
– Xo’sh, Raufjon, ishdan bo’shadingiz deylik. Xo’p, bizdan ketdingiz. Keyin nima qilasiz. Yana biron joyda ishlaysizmi?
– Hozircha ijod qilaman.. Keyin o’ylab ko’raman. Albatta keyinroq biron ishga kirsam kerak.
– Xo’p, keyinroq ishga kirdingiz deylik… Yangi joyingizdayam ichasizmi?
Rauf aka bunday savolni kutmagan bo’lsa-da, dangal javob berdi:
– Ichaman.

Ozod aka qog’ozni ikki buklab, shart-shart yirtib, burchakdagi yelim savatga tashladi.
– Unday bo’lsa Raufjon, shu yerda ichib yuravering.
Bunday yechimni kutmagan shoir talmovsiradi. Men ham nihoyatda hayron qoldim, domlaning ximmati, mardligidan qattiq ta’sirlandim.
– Boring. Xotirjam ishlayvering, –domla suhbatga yakun yasadi.
– Shoir xijolat bo’lib chiqib ketdi. Domlaning vafotidan keyin men ko’p davralarda, uchrashuvlarda bu haqda to’lqinlanib gapirib yurdim. Rauf aka yarim yillardan keyin baribir jurnaldan bo’shab ketdi.

Shu yerda bir lirik chekinish qilishga to’g’ri keladi. Shoir tahririyatdan ketdi, ammo Ozod aka bilan munosabatlarida zarracha o’zgarish sezilmadi. Ustoz Raufjon bekor bo’shab ketdi-da, deb bir necha marta takrorlagan edi. Yillar o’tdi, Ozod aka ikkinchi oyog’idan ham ajralib, kam harakat qiladigan bo’lib qoldi. Shunday bo’lsa ham bir kuni Rauf aka og’irlashib qolganini eshitib, ko’rishga borganini hamkasblar aytib berishdi. Shoir yashab turgan joy ikkinchi qavatda, u pastga tusholmaydigan ahvolda, Ozod aka esa ikkinchi qavatga chiqolmaydi. Shogirdlar bir amallab Rauf akani deraza rafiga suyantirib domlaga ko’rsatishadi. Shu alfozda bir-biri bilan hol-ahvol so’rashib, bir muddat gaplashib turadilar. Ular bu ko’rishuv so’nggi uchrashuv, vidolashuv damlari ekanini qalban his qilib, ko’z yoshi bilan xayrlashadilar…)

“Jahon adabiyoti”dan ketgandan keyin shoirning yana navbatdagi ko’p yillik darveshona hayoti boshlandi. Sarson-sargardonliklar nihoyasida u taqdir iplarini san’atkor xonanda Sulhida bilan bog’ladi. Bu g’aribgina ayol shoirning umri oxirigacha turmush mashaqqatlarini, yo’qchilik azoblari-yu, to’qchilik quvonchlarini  birga tortdi. Sulhida Xadradagi san’atkorlar uyida yashar edi. Rauf aka dastlab shu yerda yotib yurdi. Ko’p say’-harakatlardan so’ng yotoqxonaga o’xshatib qurilgan g’alati bir binodagi xonadonga ko’chib bordi. Bu joy – shoir ta’biricha “kramatoriya”ni rasmiylashtirish jarayonida tortgan mashaqqatlari ham katta doston – bu haqda gapirmay qo’ya qolay…

Rauf Parfi katta shoir – O’zbekiston xalq shoiri unvoniga har jihatdan munosib idjodkor edi. Uning samimiy, dardchil lirikasi – goh dilbar, goh mungli, ma’yus ohanglarda yaratilgan she’riy misralari o’quvchida xilma-xil kayfiyat, holatlar uyg’otar, xayolga, fikrga toldirar edi. Uning ijoddida shunchaki yozilgan she’rlar, bayramona, tantanavor ruhda bitilgan qasidalar, bejama tizmalar deyarli yo’q. U yuki yengil she’rlar, yaltiroq tizmalardan bir umr qochdi, o’zi qiynalib, xo’rliklarga chidab yashasa-da, she’riga, otashin misralariga gard yuqtirmadi.

U she’rda mo»jiza yaratish, so’zlarni o’ynatish san’atini puxta egallagan edi. Mazkur xortiralar – dil so’zlarini yozish jarayonida shoirning qo’limda qolgan “Tasvir”, “Qaytish”, “Sabr daraxti”, “Tavba”, “So’nggi vido” to’plamlarini qayta-qayta o’qir ekanman, yuqoridagi xulosaga chin dildan iqror bo’ldim. Va ilgari sezmaganim yana bir holatni ham payqab qoldim. Shoir ko’pgina muvashshaxlar yozgan ekan. Masalan, Abdurauf Fitrat sonetida buyuk shoirning nomi yashiringan ekan. “She’riyat” (Dilorom), “Barno bonu” (Barno bonu) “Sensiz” (“Sevara Vafo”) “Munajjim” (Mo»tabar), “Yo’lovchi” (Sulhida) she’rlari aslida nafis muvashshahlardir.

Shoir qizlari Munojot, Sevinch nomlariga ham muavashshaxlar bog’lagan ekan. Bu ham go’zal san’at namunasi. Muhimi, yuqoridagi she’rlar ishqiy mazmunda emas, jiddiy, ijtimoiy mavzularga bag’ishlangan. Shoirning bu boradagi mahoratiga ham tan bermoq lozim. U she’rni behuda ermak qilishga aslo yo’l qo’ygan emas.

Rauf aka 1981 yilda nashr etilgan “Qaytish” to’plamiga: “Do’stim, tobutkashim, Ortiqboyga, o’qimaslik sharti bilan” deb dastxat yozib bergan edi. (Do’stim Baxtiyorga ham xuddi shunday so’zlar bilan kitobini taqdim etganini yaqinda bildim. Bu kitobni qachon qo’limga olsam yuragimga larza tushadi.

Rauf aka vafot etgan kunda “O’zbekiston ovozi” gazetasi tahririyatida edim. Soat o’n birdan oshgan. Jurnalist, shoir ukamiz Farruhning xizmat mashinasida yo’l-yo’lakay uning opasi Nodirani (Rauf akaning shogirdlaridan biri) ham olib Chorsha’mning uyiga yetib bordik.

Ko’p odam yig’ilgan edi. Mashinadan tushishim bilan ikki ayol o’rtasida kelayotgan Diloromni ko’rdim. Boshdan oyoq qop-qora kiyingan. Ho’ngrab yig’lab kelib yelkamga bosh qo’ydi. Ancha vaqt ko’z yoshi to’kib turdik. Keyin hech kimga qaramay, hovliga kirdim. Xonanda do’stim Dadaxon bel bog’lab turgan ekan. Quchoqlashib ko’rishdik. “Ko’rib chiqamizmi?” – deb so’radim. “Yo’q, kechikdingiz, yuvib, o’rab qo’yishdi”, dedi…

Shoirning tobuti Minor qabristoniga olib borildi. Tumonat odam. Janoza o’qildi. Shunda shorgird bolalar yo’l bo’shatdimi, yo Xudoyimning madadi bo’ldimi, tobutning shundoq old tomoniga borib qolibman. Beixtiyor boyagi dastxat yodimga tushdi. “Ey, do’stim-a, nega shunday yozding-a” shunda farishtalar omin degan ekan-da. Mana, tobutkashing bo’lib turibman» degan nido ich-ichimdan quyilib keldi. Tobutni o’ng tomonidan ko’tarish menga nasib qilgan ekan, engashib ko’tarib, yelkamga qo’ydim… Ko’z yoshlarim buloq bo’lib oqdi. Shoirni oxirgi yo’lga shunday kuzatdik.

Suyukli, ardoqli shoirimiz Erkin Vohidov “Kitob dunyosi” gazetasida bosilgan maqolasida shunday yozadi: Xalqimizda bir hikmat bor, yaxshi niyatga ham, yomon niyatga ham farishtalar omin deydilar! Men, ijodkor do’stlarimga murojaat qilib aytgim keladi: Yaxshi niyat qiling, shoirlar! O’zingizga ham, yurtingizga ham, oilangizga ham omonlik tilang.
Bu dono fikrlarga otashin shoir Maqsud Shayxzodaning teran mazmunli falsafiy ruboyisini qo’shib qo’ygim keldi:

Do’stlar, yaxshilarni avaylab saqlang,
Salom, degan so’zning hurmatin oqlang.
O’lganda yuz soat yig’lab turgandan,
Uni tirigida bir soat yo’qlang!

Do’rmon, 2013 yil, 1 fevral

034

(Tashriflar: umumiy 649, bugungi 1)

Izoh qoldiring