Orziqul Ergash. Dala o’rtasidagi daraxt. Videofilm.

001
14 январ – Таниқли ёзувчи Орзиқул Эргаш (1953) таваллуд топган кун.

   Орзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй» (1983), «Дунёнинг бир чеккаси» (1984), «Болалигим кўчаларида» (1986), «Шохсанам» (1988), «Дархон қиссалари» (1990), «Сенинг бу дунёда борлигинг» (2008) каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган.
Ажойиб ёзувчи,жонажон дўстим Орзиқул Эргашни туғилган куни билан кутубхонамиз мухлислари номидан чин юракдан қутлайман,унга узоқ умр ва сербарака ижод тилайман. Мухлисларга  эса адибнинг ҳикоялари асосида тайёрланган бадиий видеофильмни тақдим этаман.

002

002

003

Орзиқул Эргаш
ДАЛА ЎРТАСИДАГИ ДАРАХТ

    Тўртовлон Кўксой бўйидаги шийпонда, улкан чорпояда давра қурганмиз.
Тагимизда чўғдай кўрпачалар, биқинимизда пар ёстиқлар. Шийпон атрофи сув сепилган, ёғ тушса ялагундай топ-тоза, саришта. Гулрайҳонлар ҳиди ҳов этакдаги шамшодлар остидан кўтарилиб ҳавога сингиётган кабобнинг хуш бўйига аралашиб димоққа урилади. Ўша шамшодлар тагида бир қария ва ёш йигит унналиб юришади. Олис-олислардан оппоқ чўққили тоғлар, ундан берироқда Чўпон ота адирлари, янаям берироқда эса бир чеккаси манови сойгача келиб етадиган пахта пайкали ва унда ёйилиб ғўза чопиқ қилиб юрган қиз-жувонлар кўзга чалинади. Бу ёқда — «Шотутли» ўртасида, ёлғизликка маҳкум этилган шотут маъюс ўй суриб туради. (Аммо у бир пайтлардаги маҳобатли, садақайрағочдек хушсуврат дарахт эмас. Шотут ҳозир… Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ…)

Бунақа тўрт кўз тугал йиғилмаганимизга кўп замонлар бўлиб кетган. Тўғри, Эрйигит, Сайим, мен учовимиз ора-сира кўришиб, йиғилишиб турамиз. Бурҳон эса қўшилмайди ва биз ҳам унчалик иштиёқ сезмаймиз бунга.
Мен таътилда эдим. Эрйигит хизмат сафари баҳонасида йўл-йўлакай қишлоққа кирган экан. (У вилоят газетасида хизмат қилади.)
— Бурҳон ҳақ бермоқчи. Қаттиқ илтимос қиляпти, — деб қолди Сайим. (У мактабда ҳарбий таълимдан дарс беради.)
— Бурҳонни қўй, — деди Эрйигит, — ўзимиз ўтираверамиз.
У азал бошдан Бурҳонни хушламасди, Кўксой толлари воқеасидан кейин эса кўрарга кўзи йўқ. (Толлар ҳақида ҳам кейинроқ…)
Сайимнинг миясига бир нарса урдими, амалга оширмай қўймайди. Эрйигитнинг жон жойидан ушлади.
— Менга қара, сассиқ деб бурнингни кесиб ташламайсан-ку. Бурҳон ҳам бегона эмас, бирга ўсганмиз, — деди кулиб, — сен ёқтирмасанг ўзингга, менга жуда маъқул бола. Бунақа қўли очигини ҳеч ерда кўрмаганман. Қолаверса, у аввалги Бурҳонмас, ҳали кўрсанг мени айтди дейсан…
Хуллас, у деди, бу деди, кўндирди.

Кейин билсак, Бурҳонга ҳам шунака ишлов берган экан: бир кеп қолишибди. Ўзимизди жўралар, бири олим, кимсан техника фанлари доктори, бири катта шоир, депти. Улар билан ўтиришни ҳавас қилиб юрганлар қанча. Ундан ташқари сенинг довруғингни эшитиб, суҳбатингни олмоқчи бўлиб юришибди ўзлариям… (Бурҳон Фармон биргаддан кейин бир муддат бригадирлик қилди. Колхоз тугатилгач, бригада ерини хусусийлаштириб олиб, боз-боягидай ишини давом эттираётган экан.)
Эрйигит аввалига қовоқ очмай ўтирди. Бурҳон буни ўзича тушуниб, айниқса унга хушомадни оширди. Ҳали сихда жизиллаб турган кабоб узатар, ҳали газак тутар, ҳали қадаҳни икки-уч қайта уриштириб, ичишга ундарди.

Илтифотлар таъсир қилдими, ичимликми ҳайтовур Эрйигит юмшади, даврага жипслаша бошлади. Сайим Эрйигитга бир нарсани қаттиқ тайинлаганди: Бурҳонга тана-дашном бўлмасин, Кўксойди хароб қилибсан, бошқа-қашқа деган гаплар қилмагин. Ароғини ичиб ўтириб бунақа қилиш нотўғри. Бошқа пайт, бошқа жойда ихтиёринг, деганди.
— Ичкилик деганда иблис билан ҳам оғиз-бурун ўпишишгаям тайёрсан-а, — дея ҳазиллашдим.
— Албатта-да, — деди у парво қилмай. — Бу сабил шайтоннинг суви-да ўзи. Ичкиликка ружу қўйганиданми, Сайимнинг юзлари қаримсиқ тортиб, қон уриб қолганидан жигарранг бўлиб кетган. Эрйигитнинг ўша-ўша камгаплиги. Бунинг устига ўта раҳмдил. Болалигада бировни қўлида чумчуқми, бошқа жониворми кўриб қолса, қўйворгин, азоб бермагин деб ёлвориб юрган куни эди. Шундай экан, бутун бошли гуркираб ўсиб ётган толларни қийратган Бурҳонни осонгина кечириб юборармиди.
Ҳозир ҳам бу ерда бизнинг юзимиздан ўтолмай аранг чидаб ўтирибди.

Аввал мен кадаҳ сўзи гапирдим. Жўраларнинг ҳаммасига, жумладан дастурхон соҳибига ҳам соғлик, омад тиладим. Фермер Бурҳоннинг аъзоларини, план масаааларини ҳам унутмадим. Сайим бўлса қитмирлигини қўймай, Бурҳонни нукул кўкларга кўтариб мақтади.
— Фармон биргад йигирма йилда қилмаган, қилолмаган ишни Бурҳон жўрамиз бир йилдаёқ қилиб ташлади, — деди бизнинг қитиқ патимизга тегиб. — Мана шундай ажойиб шийпон кўтарди. Ҳақиқий раҳбар шунақа бўлади-да. Колхозчиларини ўйлаб қилди-да буни. Одамларим ҳордиқ олишсин, деди, чанг-тупроққа қоришиб, пешинларда сой бўйларида думалаб ётишмасин, деди-да. Ўшаларди дуоси шарофати билан мана энди фермерликни ҳам дўндиряпти… Малик жўрамнинг тилагига қўшиламан, жўрамиз омон бўлсин, топгани тўйларга, улфатчиликларга буюраверсин…

Эрйигит бир неча марта ўзига берилган қадаҳ сўзини индамай ўтказди. Бироқ, Сайимдан қутилиб бўлармиди.
— Мана неча йилда бир кўришиб турибмиз, жўра, — деди гапни узоқдан келтириб. — Агар менга, Мапикка, Бурҳонга айтар гапинг, тилакларинг бўлмаса, майли индамасдан ичаверамиз, лекин буям тўғри бўлмайди-да, жўра. Фақат ичиш учун тўпланмаганмиз-ку, мақсад…
— Бўлди, бўлди, — дея хижолатли кулимсираб Эрйигит пиёласини қўлига олди. — Бари бир қўймайсан, биламан… Хўп, Сайимжон, рахмат Бурҳон икковингга. Бошимизни қовуштирганларинг учун… Қизиқ-да, қайси биримиз ўйлагандикки, орадан ўн беш, йигирма йиллар ўтиб, мана шу ерда, мана шу тарзда атлас кўрпачаларда ястаниб зиёфат еймиз, деб… Масалан, менинг хаёлимнинг кўчасигаям кирмаган… Тўғри, келажак ҳақида ўйлаганман. Лекин, мен ўйлаган келажак буткул бошқа эди. Сизларни билмадиму, аммо мен… — у бирпас олисларга кўз тикиб жим қолди. Кейин билинар-билинмас хўрсиниб қўйиб давом этди. — Мен борар манзилимни анча-мунча адаштирган эканман.

Эрйигит яна жим қолди. Қўлидаги пиёласини дастурхонга қайтиб қўйди.
— Э, жа, пессимист бўп кетибсанми, шоир, — деди Сайим шовқинли овозда. — Бунақа эмасдинг-ку, сен аввал бошдан мўлжални тўғри олган эдинг. Мана Маликбой айтсин, муштдай бола эдик ҳаммамиз, сен шоир бўламан, дердинг. Тўғрими? Мана шоир бўлдинг, китобларинг чиқди. Катта бир газетанинг, республика газетасининг вилоят мухбирисан. Яна нима қолди етишмаганинг. Ҳа, айтмоқчи, менга қара, жўра, кўпам ношукур бўлавермайлик, мустақилликка эришганимиз, бу — ҳаммамизнинг бахтимиз эмасми! Манзилга тўғри етганимиз эмасми!.. Жа, бунақа одамни юрагини эзмагин-да, адашганман, янглишганман деб! Сендай шоир одам шунақа деб турсанг, биз бечоралар буткул улоқиб кетган эканмиз-да бўлмаса!..

Сайимнинг жўшиб кетаётганини кулимсираб кузатиб турган Эрйигит, бўпти, бўпти, дегандай бош ирғади.
— Сайимжон, узр, — дея Эрйигит сўзини давом эттирди. — Лекин, сен яхши гап айтдинг, мустакилликка эришганимиз, бу ҳаммамизнинг умумий бахтимиз. Аммо… — у яна хўрсиниб кўйди, — шахсий бахт бошқа нарса… Бўпти, бу гапга нуқта қўяман. — Қўлига пиёласини олди. — Агар мана шу сабилни ичиш керак бўлса, мен таклиф қилардимки, мана шу далаларда ўтган энг покиза ва бахтиёр болалик учун ичайлик. Болаликнинг ўзи бахт экан. Майли, у қуёшда қоп-қорайиб кетмон чопган бўлсин, қўллари тарам-тарам ёрилиб ўт юлган, пахта терган бўлсин, Сайим айтгандек, манавинақа шийпонда эмас, толлар тагида думалаб дам олган бўлсин, болаликнинг ўзи бир бахт экан… Мен яна таклиф қилардимки, ўша бахтиёр болалик йилларимиздан қолган яккаю ёлғиз ёдгорлик — анови Бобо Шотут учун ичайлик…

— Э, шотут қоптими! — деб юборди Бурҳон бефаросатларча.
Эрйигит биз зум жим қолди-да, яна аввалги сокин қатъиятда сўзини давом эттирди.
— Бобо Шотутнинг ғанимат қолган умри учун ичайлик!..
— Зўр гап бўлди, зўр! — деди Сайим шовқинлаб. — А, нима дедиларинг, шоир шоир-да бари бир. Қани бўлмаса, урдик.
Пиёлаларни олдинма кейин бўшатиб, газак қилгани тутинарканмиз, Бурҳон оғзида овқати билан гапга тушиб кетди.
— Янги йил кечаси эди. Телевизор олдида эриб, ёнбошлаб ётган эдим, хотин бақир-чақир қип қолса бўладими. Ҳей, бақа чиқинг, уни қаранг, дейди. Ҳовлига чиқсам, манашияқ кундай ёришиб боряпти. Кайфим учиб кетди. Оббо, дедиму отни яйдоқ миниб, боғ ўртасидан солдим. Ҳов ўрта йўлда бир ғарам ғўзапоя бор эди. Шунга ўт кетдиёв, деб ўйлагандим. Етиб келиб қарасам, гулхан дала ўртасида. Баттар қўрқиб кетдим. Ажина базм бўляптими, нима бало, дедим. Тўғриси-да, шотут кимди эсида бор… Тикилиброқ қарасам, оловди олдида уч-тўртта одам чопиб юрибди. Юрагимни босиб олиб, отимни йўрттириб бордим. Э, шотут дегани аломат ёнаркан, худди бензинга бўктириб олингандай гур-гур қилади. Қиш ўртаси бўлсаям, ёғин бўлмаганидан қуруқшаб ётганди-да.
— Қисқаси роса томоша бўлган экан-да, — кесатди Эрйигит.
— Нимасини айтасан, — кесатиққа кесатиқ билан жавоб берди Бурҳон. — Лекин, бир-иккита занғар томошани белига тепди. Ҳов, Мўсоариқ билан Шотут ораси қанча бор, уч юз-тўрт юз қадам келади-я, ана ўша ердан сув ташиб келишяпти. Одамни кулгиси қистайди…

Эрйигит ўрнидан туриб кетди-да, ҳовли этагига бориб, шотут тарафга кўз текканча чека бошлади.
— Рост-да, одамни кулгиси қистайди, — Бурҳон тўхтам билмай давом этди. — Уйинг ёняптими бунча қовликиб чопасанлар. Болибек амаки деган бўларди-ку, ўшани Тошкентда ўқийдиган боласи, ҳаммани зир югуртираётган ўша. Эй, қўяверинглар, бу энди одам бўлмайди, дегандим, балога қолдим. Ҳалиги зумраша, бу мани отамни кўрган, бобомни кўрган, деб хезланиб келса бўладими. Яна бир нарса десам, ёқамдан оладиган. Э, боре, деб жўнаб қолдим. Мен ҳозир…

Бурҳон каравотдан илдам тушди-да, хиёл гандираклаб оппоқ тутун буруқсиб турган шамшодлар томон кетди. Сайим Эрйигитни судрагудай бўлиб етаклаб келиб, жойига ўтқазди. Сихда жизиллаб турган кабобларни дасталаб кўтариб келган Бурҳон ўрнига ўтирар-ўтирмас, гурунгини тўхтаган еридан давом эттирди.
— Мана, бари бир айтганим бўлди, кўкармади…
— Кўкарибди-ку, — деди Эрйигит унга тик қараб.
— Э, қаёқда! — Бурҳон қўлидаги сихларни дастурхон ўртасидаги товоққа қўяркан қўл силтади. — Тўртта шохи қолган эди. Биттаси шамолда қулаб тушди. Қолган учтадан биттаси аранг барг чиқарибди. Ана қаранглар, шотутмас, қуриган саксовул бўп ётибди.
— Пастки танасидан янги новдалар чиқазибди-ку, — деди Эрйигит ёш боладай ўжарлик билан.
— Бари бир бўлмайди, бачки новдалар қишда қуриб қолади.
— Бўлади, сен шотутни билмабсан!
— Фойдасиз, ўзакларигача куйиб кетган.

Сайим орага тушди. У Бурҳонга кўз қисиб қўйиб, танбеҳ берган бўлди.
— Унақа дема, Бурҳон, шотутимиз кўкарсин. Биз яна мазза қилиб ейлик. Тўғрими, Абдумалик…
— Қизиқ гапирасан-а, Сайим, — деди Бурҳон, кейин илтифотсиз бир сих кабобни олиб ейишга тушаркан, гўлдираб давом этди. — Кўкараверсин. Менга оғирлиги тушяптими. Кўкараверсин…
Сайим бизларга кабобдан олиб узатди.
— Қани, совумасин. Олинглар.
— Мен ўз кўзларим билан кўрдим, — ёстиққа тирсаклаб, оёғини узатаркан, Бурҳон яна мавзуга қайтишдан ўзини тиёлмади. — Коваклари ичидан олов худди мўридан чикқандек чиқиб бораётган эди. Шуни учун айтаяпманда ўзакларигача куйиб кетди, деб…
— Э, бўлди энди, шотут ҳақида гап тамом, — деди Сайим тоқатсизланиб. — Ичамиз. Ол пиёлангни бу ёққа. Э, ўргилдим сендақа фермердан!..
У янги шиша қопқоғини очишга тутинаркан, нияти ўзгарди.
— Йўқ, эндиги қадаҳни ўша Шотут бобонинг олдида бориб ичамиз. Туринглар!..
— Сайим жиннилик қилма, — деди Бурҳон ёнбошлаган кўйи кавшаниб. — Шу даққи офтобда шотутти тагида бало борми!
— Сен жим ўтир. Мен меҳмонлардан сўрайман. Нима дейсизлар, борамизми, Маликжон, Эрйигит?.. — Сайим Эрйигитни бағрига босиб, юзидан ўпди. — Менинг шоир дўстим, мен сен икковинг билан фахрланаман. Доим ўқувчиларимга айтиб, мақтаниб юраман. Сенлар туфайли улар менга ҳавас қилишади. Қани, туринглар, илтимос…

Эрйигит бошини кўтармади. Сайим энди менга тирғалди.
— Абдумалик, хўп дегин, жўражон.
— Шундоғам яхши ўтирибмиз, Сайимжон…
— Йўқми, йўқ дегин. Сен алкашсан, жим ўтир де, ўтиравераман.
Кайфи ошиб қолган Сайим ҳай-ҳай демасам йиғлашга тушади. Эрйигит бош солиб ўтирибди. Бурҳонга қарасам, елка кисади.
— Мен бечора бир алкаш…
— Э, бечора алкаш, — дедим кулиб, — бўпти борамиз!.. Тўртовлон гандираклаб йўлга тушдик…

* * *

… У бир пайтлар ғоятда маҳобатли, улкан, шу билан бирга ғоятда хушсуврат дарахт бўлиб, бир қарашда садақайрагочга ўхшаб кетар ва олис-олислардан ҳам кўзга ташланиб турарди.
Уни бу ерга ким ўтқазган, қачон ўтқазган, нега айнан даланинг қоқ ўртасига ўтқазган… ҳеч биримиз билмасдик. Ҳатто кексаларимиз ҳам: «биз муштдай бола эдик, шотутнинг шу туриши эди. Мана қариб-қартайиб боряпмиз, у ҳалиям ўша-ўша», дейишарди…

Шотутнинг бужур танасига иккитамизнинг қулочимиз аранг етади, ён атрофга бош солиб турган новдалари бирдай чайир ва залварли, анчайин шамол-тўполонлар уларни тебратолмасди. Ўша йиллар ҳам бу далада пахта экиларди. Дала ўртасида қўр тўкиб тургувчи бу виқорли дарахт эса бизнинг ғарибгина болалик дунёмизнинг ажралмас бир мовий бўлагига айланиб қолган эди. Дала юмушидан бир зумгина озод бўлдикми, унга ёпирилардик: унинг ости-устини бозор қилиб юборардик.
Йиллар ўтиб у билан хайрлашув фурсати ҳам етди. Аммо, биз хотиржам эдик: у қаримайди. Яна ўн йил, йигирма йил, ўттиз йил ўтиб келсак ҳам у бизни худди шу туришида қарши олади, деган ишончда эдик…

* * *

Туш пайтлари сойда чумилиб, салқинлаб олганимиздан кейин толлар тагида чўзилишиб, ҳозиргина ўзимиз чиқиб келган далага тикилардик. Дала живир-живир ҳовур ичида ҳансираб турганга ўхшар, катта-кичик қуюнчалар беҳол ғўзалар баргини юлқилаб, бир-бири билан қувалаишачоқ ўйнаб ётар, дала ўртасида бечора Шотутимиз гунгу лол бўлиб турар, унинг қоқ тепасида эса саратон офтоби мисоли олов шар бўлиб оташ пуркагани пуркаган эди. Хаёл килардикки, ҳозир унинг япроқлари қовжирайди, кейин новдалари чатнаб-чирсиллаб туради-да, бирдан лов этиб аланга ичида қолади… Охир-окибатда шундай бўлди ҳам. Лекин саратон офтоби эмас, уч-тўртта бетийиқ болакайнинг эрмаги хароб қилди уни.

Шотут бизни афтода бир алфозда қарши олди. Бурҳон топиб айтган экан, у саксовулга, улкан саксовулга ўхшаб қолибди…

Биз етиб келгунимизча, Шотутнинг буйрадеккина соясида кўрпачалар солиниб, дастурхон тузаб қўйилибди. Сайим дарҳол чордана курди.
— Хўп, қани келинглар, — деди у хушҳол, — олим ўнг тарафимда, шоир чап қўлимда ўтирсин. Сен Бурҳон тўғримда ўтиргин-да, ароқдан қуй. Яхшиси, ўзим қуяман. Бурҳон иккаламиз ўтирдик. Эрйигит шотут атрофида айланишиб, пайсаллаб турди. Сайим пиёлаларни тўлғазди.
— Эрйигит, кел буёққа жўрам. Томоқлар тақиллаб кетди. Келақол, бўйингдан сени. Ўтир. Ҳалиги гапингни такрорлайсан…
Эрйигит гапирмади. Бош солиб ўтираверди.
— Бўпти, шоирди ўша гапи учун… Қани, урдик.
Меъёрига етди шекилли, кўп ўтмай Сайимнинг биров билан иши бўлмай қолди. Эрйигитга ўхшаб бош солиб ўтираверди. Анчагина кайфи ошиб қолган Бурҳоннинг эса аксинча тили-жағи очила бошлади. Фалокати қисиб, Эрйигитга тирғалишга ўтди.
— Мана сен шоирсан, — деди у гўшт чайнашдан оғзи бўшамай, — катта газетта ишлайсан. Ҳамма сендан қўрқади, маладес… Лекин, мен қўрқмайман, бир грамм ҳам… — у атрофига қараб олди-да, пихиллаб кулди. — Чунки, сен жўрамсан…

Эрйигит жаҳли чиқса гапини йўқотиб қўяди. Ранги оқариб, қизараверади. Дудуқланиб қолишдан кўра, гапини ичига ютишни маъқул кўради. Жуда ўтиб кетса, қўли ишга тушади. Бунақа пайтда уни тўхтатиш маҳол. Ўзи озғин, нимдошгина кўринса-да, девдай одамдан ҳам тап тортмай ташланаверади. Бурҳон шу тобда ё унинг аҳволини тушунмаётганди. Ёки бўлмаса ўзининг ҳам жанжаллашгиси келаётганди.

Бурҳонга «бас қил» дегандай кўз қисдим, тушунмадими, энди менга юзланиб олди.
— Жўрамиз раисга хат ёзибдилар. Унда колхоз ширкатга айланган эди. Ширкат ҳам омонат иморатдай қимирлаб турарди… Шундай, шундай, толларни йиқитибсизлар, толсиз сой сой бўладими… гўзаллик, табиат, яна бир нарсалар дебди-да, ишқилиб. Раис нима қилди, дегин, анови шийпонга одамларди йиғди-да, буни хатини ўқиб берди. Майли, ўзимиздан чиққан кадр, илтимос қилган экан, эктирамиз қайтадан. Шоирди гапи ерда қолмасин, деди…
Сайим ўтирган ерида тушуниб-тушунмай «тўғри, тўғри» деганча бош ирғаб қўярди. Мен бўлсам, кайфим тарқаб, ҳушёр тортиб боряпман. Эрйигит бетоқатланиб, сувли идиш қопқоғини очди-да, идиши билан кўтариб ичди. Бармоқлари титрай бошлади.
Бурҳон бўлди қилай демасди.
— Кейин кетди-борди, қайтиб эсигаям келмади. Биламан, шоир мендан хафа. Толларни мен йиқитганман, бўйнимга оламан, чунки, пахтани ўйладим. Эски толларни йиқитсам, ҳашарот камаяди, деб ўйладим… Энди, гапни ўғил боласини айтсам, шоирди ишқи ўша толларга бекорга тушмаган. Табиат, гўзаллик дегани бир баҳона. Ўша сойди бўйида биттаси билан свидания қиларди. Кўрганман икковини, толди тагига биқиниб олиб, бир-бирига термилиб, шеър ўқиб ўтиришарди. Лекин… — у пихиллаб кулди. — Лекин, ҳеч иш қилишмасди.

«Тамом, энди муқаррар!» дедим. Ва ўрнимдан туриб, уларнинг ўртасига бориб чўкмоқчи бўлдим.
— Ўша жонон ҳозир бир амалдорнинг тўшагида…
Бурҳон гапини тугатишга улгурмади. Мен бориб унга қалқон бўлишга…
Эрйигит ўтирган ерида чап қўли қирраси билан Бурҳоннинг манглайига яшин тезлигида зарб берди. Чорпахил Бурҳон ўтирган ерида ғўлачадай учиб тушди.
Унга ёрдамга шошилгандим, Эрйигит елкаси билан мени туртиб юборди-да, Бурҳоннинг ёкасидан чангаллаб кўтарди. Оёғига турар-турмас юзига мушт тушириб қулатди. Яна кўтарди. Айирмоқчи бўлиб ҳарчанд уринмай, қўлимдан келмасди. Бир пайт Сайимнинг даҳшатли ҳайқириғи эшитилди.
— Тўхта! Тўхта дейман!

Унга қараб қўрқиб кетдим. Кўзлари қинидан чиқиб кетган, қўлида ярми синдириб ташланган ароқ шишаси. Этим музга айланди. «Ана энди ҳақиқий фожиа юз беради!»
— Сайим, ўзингни бос, жиннилик қилма, — деб унга рўпара бўлдим.
— Йўлимдан қоч, — деб қўлидагани серпади. — Ҳозир ўлдираман, қонини ичаман уни!..
Эрйигит Сайимнинг бақириғидан ўзига келиб, оёғи остидаги Бурҳоннинг ёқасини бўшатди. Қаддини ростлаб, совуқ бир хотиржамлик билан Сайимга қараб юрди.
— Қани, кимни ўлдирмоқчисан?!
Сайим ич-ичидан Эрйигитни ҳурматлаб, олди-орқасида фахрланиб гапириб юрарди. Ҳозирги ҳолатида ҳам шу нарса иш берди. Дарҳол попуги пасайиб, қўлидаги шишани ташлади. Кейин кутилмаганда тиззасига чўкиб, йиғи аралаш гапира кетди.
— Мана мени урмайсанми уни урганча. У бир бечора-ку, Худо уриб қўйган бечора-ку!
Эрйигит шартта орқасига қайрилиб, шотутнинг нарёғига ўтиб кетди. Бурҳон бир чеккада юзини тескари ўгирганча ўтирарди. Сайим ароқнинг қолган-қутганини қуйиб ичди-да, энди мен томонга тиззалаб келди.
— Малик, унга айтиб қўй, аҳмоқлик қилди. У бегуноҳ, бечора бир банда-ку! Билсанг, унинг олдида мен нопокман. Менинг қўлларим қон, қон!..
У ер муштлаб йиғлашга тушди. Анграйиб қолдим.

— Нима деяпсан, эсингни йиғ, — деёлдим зўрға. Эрйигит ҳайратланиб, бизга яқин келди.
— Эсим жойида мени, Маликжон. Биламан, сен икковинг аллақачон мени ношуд алкашга чиқариб қўйгансизлар. Лекин, нима учун шунақа бўп қолганимни билмайсизлар. Ўз завқ-шавқларинг билан бўп кетгансизлар. Бурҳон билади, дардимни тушунади.
Сайим гандираклаб бориб, Эрйигитга рўпара бўлди.
— Ҳов, бирда, эсингдами, афғонда бўп келдинг, газетага чиқарай, дединг. Мен кўнмадим. Нега!! Негаки, мен айтган нарсаларни ҳеч ерда чиқара олмасдинг. Шунинг учун керак эмас, дедим. Нима деб ўйлаган бўлсанг, ўйлагандирсан. Лекин, мен сен ўйлаган одам эмасман. — Сайим кўкрагига гурсиллатиб урди, — бор, жуда кўп орден-медаллар. Чунки, мен ўнг-терсимга қарамай ташланар эдим. Балодан ҳам қайтмасдим…
Сайим Эрйигитга тикилиб негадир жим қолди. Эрйигит тут тагида ётган ғўлага чўқди. Дастурхон юзида турган очик шишалардан бирини олиб сув ичди. Сайим энди ўзини босиб олиб, оҳиста гап бошлади.
— Мен ўшанда сездим, сен шоир бўлсанг ҳам, гўдак эдинг, ҳеч балони билмасдинг. Институтда нима ўқитишган бўлса, ўшани гап деб юрардинг.

Сайим Бурҳоннинг олдига бориб, тиззалади. Елкасига қўлини қўйди. Ва яна биз томонга ўгирилди.
— Лекин, айтиб қўяй, мана шу бола мендан покроқ, мендан тозароқ, нега дейсанми?..
У бирдан гап оҳангини ўзгартирди.
— Айтмоқчи, сизларга ватан хоини керакми? Дизертир, қочоқ… Айниқса, сен шоирга керак, мана, марҳамат!.. — Бурҳоннинг елкасига қоқди. — У афғондан қочди. Сариқ бўлган битта болани пешобини ичиб, ўзига касал юқтирди. Қалай, зўрми?.. Бурҳон жўрамиз ана шу ишди қилди. Буям ҳолва, армияга бормаслик учун, қорнини ёрдириб, бошқатдан тиктирганлар бор. Ҳалиям тирик ўшалар!..
Сайим ерга қапишиб бораётган Бурҳоннинг елкасидан силтаб тортиб, ўзига қаратмоқчи бўлди. Бурҳон қимир этмади.
— Қалай, жўра, охири сотдим-а! Шунча олиб берган ароқларингнинг ҳурматини қилмадим-а! Э, алкашдан ҳеч замонда тузук одам чиққанми!.. Йў-ўқ, жўра, бари бир сен хоин эмассан! Ҳеч кимни сотмагансан. Фақат қўрқоқсан, холос. Нима бўлгандаям мендан баттар эмассан… Мени бўлса, қўлларим қон, қон!.. — Сайим яна жазавага туша бошлади. — Менга мана шу душман, от деса, отганим отган эди. Суриштириб ўтирмас эдим. Энди бўлса фақат қон кўраман. Кўзимни юмдимми, бўлди, ҳаммаёқ қип-қизил қонга дўнади. Уйимиз олдидаги ариқдан қон оқиб ётган бўлади. Коса-коса олиб ичаман, тўймайман. Юрагим ёниб кетаверади. Бир кун сен Малик, менга ароқ қуйиб бердинг, қарасам, пиёла тўла қон. Нима бу, десам, тиржайдинг, тишларинг орасидан қон сизиб чиқди. Ўғилчамнинг сут шишаси ичи тўла қон, қиқир-қиқир кулиб, ичиб ётган бўлади. Билмадим, мен нима қилай, бу балодан қандай қутилай?! Фақат… бўкиб ичсам, тош қотиб ухласам, озроқ кутиламан… Агар Бурҳон оғайним кунимга яраб турмаганида қачонлар ўлиб кетган бўлардим… Телевизорда кўргансизлар-а… — Сайим ўрнидан туриб, бизга яқин келди. — Телевизорда чўлоқ болалар футбол ўйнаганини кўргансизлар-а? Тўпга рўпара бўлишса, мўлтоқ оёқлари сакраб кетади. Мўлтоқ қўллари сапчиб тушади. Шуларни кўра туриб дод деб юбормайсизларми, дод деб!.. Одамзот учун бундан ортиқ азоб борми. Ана ўшалар ҳам менинг биттам — кечалари қон ичиб чиқишади…

Сайимнинг авжи пасайди. Беҳафсала қўл силтаб, орқасига қайтди.
— Сенлар ҳам юрибсанлар-да, шоирман, олимман деб. Э!..
Бурҳоннинг қўлтиғидан олди.
— Ўзимди фермер жўрам тузук. Кетдик, жўра, яна битта ароқ обермасанг, бўлмайди. Шоир кайфимни учириб юборди. Қани, тур…
Ниҳоят Бурҳон бошини кўтарди. Сайимнинг юзига тикилиб туриб, ўзидан нари итарди.
— Йўқ, тўхта… Мениям меҳмонларга айтадиган гапим бор. Сенгаям…
Тилга кирган Бурҳонга ажабланиб карадим. Эрйигит ҳам бошини кўтарди.
Сайим тушунмай кўзларини йириб-йириб очиб, унга тикилди-да, беихтиёр унинг қаршисида тиззалади.
— Сайим, ўз оғзинг билан айтдинг-а, Бурҳон қарашиб турмаганида ўлиб кетардим, деб. Айтдингми?..
— Айтдим, жўра, тўғрисиям шу-да.
— Манави оғайниларингни биттасини академик, деб оғзингдан мой томади. Биттасини шоир деб пойпатак бўласан. Қани, мард бўлсанг уларди юзига айт: бирор марта аҳволингни сўрашдими? Афғондан контужин бўп кепсан, дўхтирга кўрсатайлик, санаторияга ётқизайлик, дейишдими? Нима, қўлларидан келмасмиди?! Тағин, ўша мен лақма, қўрқоқ Бурҳон кунингта ярадим. Миннат эмас бу! Манавиларга ўхшаб қўлим узун бўлганида ўзим билардим нима қилишни, қўлимдан келгани шу бўлдики, сенга ароқ обериб турдим. Обермасам бўлмасди, атир ичишга ўтиб кетаётган эдинг. Тўғрими? Тағин айтаман, миннат қилмаяпман. Бугун бўлса, мана шу ишим учун мени қўрқоққа чиқариб ўтирибсан.

Сайим бош кўтармай ғўлдиради:
— Унақа демадим-ку!..
— Айтдинг… Майли, сен билмасанг, бечора хотининг, онанг билади. Худойим кўриб турибди… Умуман сен учаланг, мени ҳеч қачон одам ўрнида кўрмагансанлар.
«Ана бўлмаса!»
— Сизлар аълочи, сизлар абжир, сизлар ботирсизлар. Мен ёмон ўқийдиган, ношуд, қўрқоқ эдим.
— Қўйсанг-чи, Бурҳон, — дедим мен ўрнимдан туриб. — Тўртовимиз битта кўчани боласи эдик. Аҳил эдик…
— Ҳа, битта кўчанинг боласи эдик. Лекин, мени ҳамма вақт ажратиб ташлардиларинг. Ёлғонми? Бир куни ҳатто юзимга айтгандиларинг, Бурҳонбой, бизларни мозоримиз ҳам бошқа-бошқа деб.
Эрйигит ҳайратланиб қаради. Мен хижолатли бошимни эгдим.

— Сизларники қанақа мозор, десам, мана бу Сайимбойларинг, биз учовимизга Чиғатойдан жой заказ қилинган, деганди. Мен содданинг ақлим етмабди. Кейин билсам, Чиғатой деганларинг, Тошкандаги улуғ одамлар кўмиладиган қабристон экан. Ана кўрдиларингми, муштдай бошларинг билан ҳатто қабристонларингниям бошқа қилиб олгандиларинг. Битта мен биланмас, ота-боболаринг билан ҳам манови Кўмакрасон бобо мозорида ётгиларинг келмаганди.
Бошимиз эгилиб қолди. Ер ёрилсаю, ерга кириб кетсак.
— Яна тағин икки гапди бирида Хондара дейсизлар. Кўксой дейсизлар. Шотут бобо дейсизлар…
Мактабни битирар йилимиз, мана шу ерда шотут олдида суратга тушган эдиларинг. Тўрт оғайни бир суратга тушайлик, дегандинг, сен Малик. Юрагим қалқиб тушганди, мениям айтаяпти, деб. Кейин билсам, шотутти қўшиб тўрт оғайни деган экансан… Оғайни эмиш!.. Мана шу шотутга тили бўлса, айтсин: раисни, райкомни зуғумларини, бу қари дарахтни олдириб ташланг, деб буюрганларини… Лекин, мен — ёмон Бурҳон қулоғимни қаттиқликка олиб юрганман. Ўшаларди айтганини қилмаганман… Шийпон ёнидаги шотутни кўрдингми, Эрйигит? Мана шу шотут новдасидан олиб бориб, Баҳром бобога пайванд қилдирганман. Кишлоқ ичидаям элликта шотут кўкартирганман. Мен — лақма Бурҳон қилдирганман шу ишларни. Агар бу куйиб кул бўлиб кетгандаям насли давом этади. Битта эмас, эллик битта бўлиб!.. Сенлар нима қилдиларинг шотутти оғайнилари!.. Сайим Бурҳоннинг елкасидан тутиб:
— Бурҳон бўлди энди, яхши эмас, меҳмонлар, — деган эди, баттар авжланди.

— Ким меҳмон, шуларми? Шу қишлоқди туғди-битдиси-ку булар, қанақа меҳмон?! Хондаранинг болалари-ку. Меҳмон-меҳмон деб, оёғини ердан узиб қўямиз-ку буларни!.. Манови шотутти қара, куйиб кетган бўлсаям кўкариб турибди, янги новдалар чиқаряпти. Нима учун?.. Томири ерда, сувда. Буларди оёғи ердан узилиб қолади-ку бу туришда! Тушунасанми?! Одамларим кун бўйи Жарариқда даққи офтобда чопиқ қилди. На униси, на буниси бир оғиз сўрадими, одамларинг қаерда, аҳволи қандай деб! Йўқ, эсигаям келмади!..
Сайим Бурҳоннинг ёқасидан тутиб, зорлана бошлади:
— Бўлди дедим, Бурҳон, бўлди қил, илтимос!..
Эрйигит уларга яқинлашиб, Сайимни четга сурди. Бурҳоннинг юзига унсиз тикилди.
— Гапир, дўстим, гапир, — деди овози титраб.
Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Бурҳон Эрйигитнинг кўзларида жикқа ёш кўриб, тилдан колди. Эрйигит унинг манглайига манглайини қўйди. Бурҳон чидаб туролмади, уни бағрига босиб, баралла ҳўнграб юборди.

(Tashriflar: umumiy 114, bugungi 1)

Izoh qoldiring