Ravshan Fayz. She’rlar. Shoirning o’zi o’qigan & Xurshid Davron. Ravshan Ukamni eslab & Sobir O’nar. Daryo shoir edi

Ashampoo_Snap_2016.12.22_23h55m53s_008_.png1 январь — Шоир Равшан Файз таваллуд топган кун  

   Равшан Файз… чиндан ҳам қалби дарё шоир эди. 80-йилларнинг бошида, талабаликда ҳозирги “Туркистон” газетаси қошида “Шуъла” деган адабий тўгаракка қатнаганимизда ўша ерда танишганман…

РАВШАН УКАМНИ ЭСЛАБ
Хуршид Даврон

Равшан билан узоқ йиллар ёнма-ён юрдик, бир эшикдан кириб-чиқдик, бир бинода ишладик. Мен «Камалак» нашриёт-матбаа бирлашмасида, Равшан «Ёшлик» журналида. У билан ака-укадай эдик.

Равшан мендан анча ёш бўлса-да, руҳимиз анча яқин эди. Ҳозир эсласам, ҳеч қачон бир-биримизга шеър ўқимаган эканмиз. Мен мансуб авлод давраларида ҳам камдан-кам шеърхонликлар бўларди. Деярли бўлмасди,десам тўғри бўлади. Кўпроқ шеърият, ижод масъулияти ва шоир шахсияти ҳақида суҳбатлашардик, баҳсу мунозара қилардик. Бир-биримизнинг шеъримизни ҳам ёлғизликда ўқиганмиз. Равшаннинг шеърларини ҳам ана шундай танҳолик пайтларида ўқиганман, кўнглимда, унга айтаман деган кўп фикру мулоҳазалар,яхши гаплар бор эди.

Аммо, бир умр бирга бўладигандай, ҳаёт тугамайдигандай, эртага ишониб, Равшанга шеърлари ҳақида бир оғиз сўз айтишга улгурмадим. Ўша фожиали август кунидаям тобути бошида турарканман, пушаймону афсусдан юрак-бағрим эзилган эди. Биродарларим,ота-онангга, ака-ю укангга, опа-синглингга, жўраларингга, фарзандларингга, хусусан, Равшан каби сени ака деб билган ука шоир(лар)га айтадиган сўзинг бўлса, зинҳор кейинга қолдирмаслик керак экан, айтишга улгуриш керак экан.

Равшан эса ватанига, халқига, дўстларига, фарзандлрига меҳру муҳаббатини айтишга улгурди. У менга бўлган меҳрини ҳам айтишга улгурди. Менга бағишлаб “Бу тун” деб номланган бир шеър ёзди. Бу шеърни ҳар ўқиганимда, юрагимнинг қат-қатида зулматдаги митти юлдуздек кечиккан афсус жимирлаб ёнади.

БУ ТУН
Хуршид ДАВРОНга

Тун. Манзарага чиқдим тонг кутиб,
Шовқин-сурон тегди жонимга.
Бу одамлар юрагин ютиб,
Тоза ташна қилди қонимга.

Тайёралар бўлганда канда,
Қаторларда ўтар пишқириб.
Оддий бир сўз билан айтганда,
Ҳамма тонгга шошар ишқилиб.

Билиб-билмай ҳатто ўзлари
Саҳарлардан кутиб шон-шараф,
Келажакка шошир ёш-қари,
Шошар тинмай олдинга қараб.

Тун-кун демай бечидам, бетин,
Билмай ором, билмай ҳаловат
Югуради, ейди ич-этин,
Гоҳ бахт кўрар ва гоҳ талофат.

Мен-чи, куздай ғариб, бенаво,
Деразадан турардим боқиб.
Келажакка қараб бир дунё,
Битта дарё борарди оқиб.

Озод ўйлар сочларин ўрдим,
(О, бунча дўнг хаёллар арши)
Шунда ногоҳ бир шуъла кўрдим,
У борарди оқимга қарши.

Шовқин-сурон тўла дунёда
Кўлларида фонуси… ё раб,
Фақат бир зот пою пиёда
Кетар эди ўтмишга қараб.

36 ёшида абадиятга қараб йўлга тушган Равшандан ажойиб мисралар, шеърлар қолди. Бу шеърлар биз билан ҳамнафас ва ҳамзамон. Ишонаманки, бу шеърларни ҳали кўп авлодлар ҳаяжон билан ўқияжаклар. Жонажон укамдек яқин, масъум табиатли шоирга айтолмай қолган сўзларимни Равшан кетганда ортида қолган фарзандларига, бугун таниқли тележурналист бўлиб етишган қизи Юлдуз Файзийга, Равшан кетгандан кейин туғилган ва бугун йигит ёшига етган ёш замондошларимга, қолаверса,ўша олис набираларимга айтиб қолишни истадим.

ДАРЁ ШОИР ЭДИ
Собир Ўнар
07

cc5f0c5ce00463f63803c31d61bc7092.JPGРавшан Файз… чиндан ҳам қалби дарё шоир эди. 80-йилларнинг бошида, талабаликда ҳозирги “Туркистон” газетаси қошида “Шуъла” деган адабий тўгаракка қатнаганимизда ўша ерда танишганман.

Равшан ака бир гал Марк Твеннинг “Американи кашф этганлари яхши бўлди, бироқ уни кўрмай ўтиб кетганларида бундан ҳам яхшироқ бўларди” деган эпиграфи билан бошланувчи узундан-узун шеърини ўқиган. Шундай катта шеърни қандай ёзганийкин, сўзга уста экан-да деб қойил бўлганман.

У чоғларда китоб чиқариш ҳозиргидай осон эмасди. Равшан Файзнинг номини турли альманах, шеърий тўпламларда учратардим. Шапалоқдан ҳам мундайроқ “Шоирнинг биринчи китоби” сериясидаги тўплами чиққанида у катта шоир эди.

Тақдир тақозосини қаранг,Омон Матжон даврида биз Равшан ака билан “Ёшлик” журналида бирга ишлаб қолдик.

Дарвоқе, Абдулла ака Равшан Файзни жуда яхши кўрарди. Ўшанда Равшан ака журналнинг шеърият бўлимини бошқарарди. Абдулла аканинг бир туркум шеърлари босиладиган бўлди. Муҳаррир А.Ориповнинг “Фурқат нидоси” шеърининг баъзи жойларига қалам текизибди. Дарҳол таҳририятда Абдулла ака пайдо бўлди. Шеърининг таҳрир қилинганидан норози бўлди. Муҳаррирнинг чўчишини ҳисобга олди, шекилли, ўша жойларини бундоқ эмас, бундоқ десак қалай бўлади, деб ўзи тузатди. Шу билан сих ҳам, кабоб ҳам куймади. Бироқ бари бир Абдулла ака шогирдига “Равшанбой, бу ёғига ўзинг кўз-қулоқ бўлиб тур-да” деб тайинлаб кетгани ёдимда. Демак, маълум маънода Абдулла ака билан биринчи бор кўришиб, танишганимга ҳам Равшан ака сабабчи бўлган…

Равшан ака менинг “Ёшлик”да 1986 йили босилган “Кунсулувнинг сирли хатлари” деган ҳикоямни мақтаб, бундай ҳикояни шоир одам ёзиши мумкин дерди. Лекин ака қанча ундасаям, мен бирорта тузук шеър битолмадим. Бунга Худо юқтирмаса қийинлигига иқрор бўлдим. Аканинг ўзига эса Аллоҳ кўп юқтирган эди.

Бир сафар менга “Энди ука, сиз бош муҳаррир, менинг шеъримни икки бет қилиб чиқармасангиз бўлмайди” деганди. Ака ўзи айтганидай икки бет қилиб шеърини тайёрладик. Саҳифани кўрди, ўзи хоҳлаган расмни қўйдик.

Аммо… журналнинг чиққанини кўрмади. Аканинг умри баҳорлигида тугади. Қирққа ҳам кирмади.

Ёзувчилар уюшмасида бир доска бор эди. Унга табриклар, гоҳида таъзияномалар битиларди. Уюшмага кираверишда Қодирийнинг бюсти бўларди. Равшан аканинг фотомухбиримиз Абдуғани Жумаев ишлаган чиройли портретини катталаштириб ишлатиб, шу бюст ёнига қўйдик. Одатда маросимлар ўтиб бўлгач, таъзиянома олиб қўйиларди. Лекин равшан аканинг расми олти ойча турган. Ҳеч олиб қўйгимиз келмади…

Бир куни Абдулла Орипов уюшмага келиб (у вақтлар Жамол Камол раис эди) расм қошида туриб кўзлари ғилт-ғилт ёшланди, йиғлаганини сездирмаслик учун томоғини қириб, “шогирдларимнинг ичида бўладигани шу эди” деди хўрсиниб.

Сўнг Абдулла ака Р.Файзнинг сўнгги китобига таъсирчан бир сўз ёзиб берди.

Равшан ака тирик бўлганида шу баҳор элликка кирарди. Афсус. Аттанг! Ҳануз юрагим хаприқади.

Ака уйланганида Қўшработга борганмиз. Абдул Жалил, Муртазо Қаршибой, Нуруллоҳ Отахон, Набижон Боқий. Бир эсда қоларлик совға тополмай, роса овора бўлганмиз. Охири, букинистик дўкондан Белинскийнинг мукаммал асарлари тўпламини топганмиз, ўттизта китобни ўлай деб кўтариб Қўшработга борганмиз. Ҳозир эсласам кулгим келади. Равшан ака тўйда чиройли кийинсин келин – Жамила чечам билан ўтирибди. Насиба Абдуллаеванинг “Жамила” қўшиғи “мода” эди. Ҳофиз шу қўшиқни куйлаб қолди. Биз, винохўрлик қилган бўз йигитлар шаталоқ отиб ўйинга тушаяпмиз. Равшан ака бўлса қўшиққа жўр бўлиб елкасини учириб, “Жамила менинг гўзалим, Жамила менинг асалим” дейди баралла. Келин – Жамила чечам уялганидан қўли билан юзини тўсиб тескари қарайди: “Куёв деган уялибгина, қимтинибгина тек ўтирса экан, тавба, қанақа одам бу”.

Лекин чеча, ана, кўрдингиз, эрингиз шунақа шўх одам эди. Сиз билан бахтли бўлаётганидан очиқчасига қувонаётган эди.

Равшан аканинг бир шеърида Юлдуз қизининг қилиғидан хурсанд бўлиб, унда шоира бўлишга иқтидор борлигини ишора қилади.

Аканинг ортида ширин фарзандлари, гўзал шеърлари қолди. Юлдуз Файзий шоира бўлиб танилаяпти.

Шоирнинг иккинчи умри дегани шудир эҳтимол…

Манба: Зарафшон газетаси, 2009 йил, 5-май

Равшан Файз ҳақида сайтимизда:
Азим Баҳодир. Равшан Файз: Мен ёшликни тарк этиб кетдим…
Равшан Файз. Шеърлар
Равшан Файз. Соғинч шеърлари.
Равшан Файз. Шеърлар

1 yanvar — Shoir Ravshan Fayz tavallud topgan kun

RAVSHAN UKAMNI ESLAB
Xurshid Davron

Ravshan bilan uzoq yillar yonma-yon yurdik, bir eshikdan kirib-chiqdik, bir binoda ishladik. Men “Kamalak” nashriyot-matbaa birlashmasida, Ravshan “Yoshlik” jurnalida. U bilan aka-ukaday edik.

Ashampoo_Snap_2017.12.15_18h32m36s_008_b.pngRavshan mendan ancha yosh boʼlsa-da, ruhimiz ancha yaqin edi. Hozir eslasam, hech qachon bir-birimizga sheʼr oʼqimagan ekanmiz. Men mansub avlod davralarida ham kamdan-kam sheʼrxonliklar boʼlardi. Deyarli boʼlmasdi,desam toʼgʼri boʼladi. Koʼproq sheʼriyat, ijod masʼuliyati va shoir shaxsiyati haqida suhbatlashardik, bahsu munozara qilardik. Bir-birimizning sheʼrimizni ham yolgʼizlikda oʼqiganmiz. Ravshanning sheʼrlarini ham ana shunday tanholik paytlarida oʼqiganman, koʼnglimda, unga aytaman degan koʼp fikru mulohazalar,yaxshi gaplar bor edi.

Аmmo, bir umr birga boʼladiganday, hayot tugamaydiganday, ertaga ishonib, Ravshanga sheʼrlari haqida bir ogʼiz soʼz aytishga ulgurmadim. Oʼsha fojiali avgust kunidayam tobuti boshida turarkanman, pushaymonu afsusdan yurak-bagʼrim ezilgan edi. Birodarlarim,ota-onangga, aka-yu ukangga, opa-singlingga, joʼralaringga, farzandlaringga, xususan, Ravshan kabi seni aka deb bilgan uka shoir(lar)ga aytadigan soʼzing boʼlsa, zinhor keyinga qoldirmaslik kerak ekan, aytishga ulgurish kerak ekan.

Ravshan esa vataniga, xalqiga, doʼstlariga, farzandlriga mehru muhabbatini aytishga ulgurdi. U menga boʼlgan mehrini ham aytishga ulgurdi. Menga bagʼishlab “Bu tun” deb nomlangan bir sheʼr yozdi. Bu sheʼrni har oʼqiganimda, yuragimning qat-qatida zulmatdagi mitti yulduzdek kechikkan afsus jimirlab yonadi.

BU TUN
Xurshid DАVRONga

Tun. Manzaraga chiqdim tong kutib,
Shovqin-suron tegdi jonimga.
Bu odamlar yuragin yutib,
Toza tashna qildi qonimga.

Tayyoralar boʼlganda kanda,
Qatorlarda oʼtar pishqirib.
Oddiy bir soʼz bilan aytganda,
Hamma tongga shoshar ishqilib.

Bilib-bilmay hatto oʼzlari
Saharlardan kutib shon-sharaf,
Kelajakka shoshir yosh-qari,
Shoshar tinmay oldinga qarab.

Tun-kun demay bechidam, betin,
Bilmay orom, bilmay halovat
Yuguradi, yeydi ich-etin,
Goh baxt koʼrar va goh talofat.

Men-chi, kuzday gʼarib, benavo,
Derazadan turardim boqib.
Kelajakka qarab bir dunyo,
Bitta daryo borardi oqib.

Ozod oʼylar sochlarin oʼrdim,
(O, buncha doʼng xayollar arshi)
Shunda nogoh bir shuʼla koʼrdim,
U borardi oqimga qarshi.

Shovqin-suron toʼla dunyoda
Koʼllarida fonusi… yo rab,
Faqat bir zot poyu piyoda
Ketar edi oʼtmishga qarab.

36 yoshida abadiyatga qarab yoʼlga tushgan Ravshandan ajoyib misralar, sheʼrlar qoldi. Bu sheʼrlar biz bilan hamnafas va hamzamon. Ishonamanki, bu sheʼrlarni hali koʼp avlodlar hayajon bilan oʼqiyajaklar. Jonajon ukamdek yaqin, masʼum tabiatli shoirga aytolmay qolgan soʼzlarimni Ravshan ketganda ortida qolgan farzandlariga, bugun taniqli telejurnalist boʼlib yetishgan qizi Yulduz Fayziyga, Ravshan ketgandan keyin tugʼilgan va bugun yigit yoshiga yetgan yosh zamondoshlarimga, qolaversa,oʼsha olis nabiralarimga aytib qolishni istadim.

DARYO SHOIR EDI
Sobir O‘nar
07

9d08b255d795f73a10aed4b17308ffa8.jpgRavshan Fayz… chindan ham qalbi daryo shoir edi. 80-yillarning boshida, talabalikda hozirgi “Turkiston” gazetasi qoshida “Shu’la” degan adabiy to‘garakka qatnaganimizda o‘sha yerda tanishganman.

Ravshan aka bir gal Mark Tvenning “Amerikani kashf etganlari yaxshi bo‘ldi, biroq uni ko‘rmay o‘tib ketganlarida bundan ham yaxshiroq bo‘lardi” degan epigrafi bilan boshlanuvchi uzundan-uzun she’rini o‘qigan. Shunday katta she’rni qanday yozganiykin, so‘zga usta ekan-da deb qoyil bo‘lganman.

U chog‘larda kitob chiqarish hozirgiday oson emasdi. Ravshan Fayzning nomini turli almanax, she’riy to‘plamlarda uchratardim. Shapaloqdan ham mundayroq “Shoirning birinchi kitobi” seriyasidagi to‘plami chiqqanida u katta shoir edi.

Taqdir taqozosini qarang,Omon Matjon davrida biz Ravshan aka bilan “Yoshlik” jurnalida birga ishlab qoldik.

Darvoqe, Abdulla aka Ravshan Fayzni juda yaxshi ko‘rardi. O‘shanda Ravshan aka jurnalning she’riyat bo‘limini boshqarardi. Abdulla akaning bir turkum she’rlari bosiladigan bo‘ldi. Muharrir A.Oripovning “Furqat nidosi” she’rining ba’zi joylariga qalam tekizibdi. Darhol tahririyatda Abdulla aka paydo bo‘ldi. She’rining tahrir qilinganidan norozi bo‘ldi. Muharrirning cho‘chishini hisobga oldi, shekilli, o‘sha joylarini bundoq emas, bundoq desak qalay bo‘ladi, deb o‘zi tuzatdi. Shu bilan six ham, kabob ham kuymadi. Biroq bari bir Abdulla aka shogirdiga “Ravshanboy, bu yog‘iga o‘zing ko‘z-quloq bo‘lib tur-da” deb tayinlab ketgani yodimda. Demak, ma’lum ma’noda Abdulla aka bilan birinchi bor ko‘rishib, tanishganimga ham Ravshan aka sababchi bo‘lgan…

Ravshan aka mening “Yoshlik”da 1986 yili bosilgan “Kunsuluvning sirli xatlari” degan hikoyamni maqtab, bunday hikoyani shoir odam yozishi mumkin derdi. Lekin aka qancha undasayam, men birorta tuzuk she’r bitolmadim. Bunga Xudo yuqtirmasa qiyinligiga iqror bo‘ldim. Akaning o‘ziga esa Alloh ko‘p yuqtirgan edi.

Bir safar menga “Endi uka, siz bosh muharrir, mening she’rimni ikki bet qilib chiqarmasangiz bo‘lmaydi” degandi. Aka o‘zi aytganiday ikki bet qilib she’rini tayyorladik. Sahifani ko‘rdi, o‘zi xohlagan rasmni qo‘ydik.

Ammo… jurnalning chiqqanini ko‘rmadi. Akaning umri bahorligida tugadi. Qirqqa ham kirmadi.

Yozuvchilar uyushmasida bir doska bor edi. Unga tabriklar, gohida ta’ziyanomalar bitilardi. Uyushmaga kiraverishda Qodiriyning byusti bo‘lardi. Ravshan akaning fotomuxbirimiz Abdug‘ani Jumayev ishlagan chiroyli portretini kattalashtirib ishlatib, shu byust yoniga qo‘ydik. Odatda marosimlar o‘tib bo‘lgach, ta’ziyanoma olib qo‘yilardi. Lekin ravshan akaning rasmi olti oycha turgan. Hech olib qo‘ygimiz kelmadi…

Bir kuni Abdulla Oripov uyushmaga kelib (u vaqtlar Jamol Kamol rais edi) rasm qoshida turib ko‘zlari g‘ilt-g‘ilt yoshlandi, yig‘laganini sezdirmaslik uchun tomog‘ini qirib, “shogirdlarimning ichida bo‘ladigani shu edi” dedi xo‘rsinib.

So‘ng Abdulla aka R.Fayzning so‘nggi kitobiga ta’sirchan bir so‘z yozib berdi.

Ravshan aka tirik bo‘lganida shu bahor ellikka kirardi. Afsus. Attang! Hanuz yuragim xapriqadi.

Aka uylanganida Qo‘shrabotga borganmiz. Abdul Jalil, Murtazo Qarshiboy, Nurulloh Otaxon, Nabijon Boqiy. Bir esda qolarlik sovg‘a topolmay, rosa ovora bo‘lganmiz. Oxiri, bukinistik do‘kondan Belinskiyning mukammal asarlari to‘plamini topganmiz, o‘ttizta kitobni o‘lay deb ko‘tarib Qo‘shrabotga borganmiz. Hozir eslasam kulgim keladi. Ravshan aka to‘yda chiroyli kiyinsin kelin – Jamila checham bilan o‘tiribdi. Nasiba Abdullayevaning “Jamila” qo‘shig‘i “moda” edi. Hofiz shu qo‘shiqni kuylab qoldi. Biz, vinoxo‘rlik qilgan bo‘z yigitlar shataloq otib o‘yinga tushayapmiz. Ravshan aka bo‘lsa qo‘shiqqa jo‘r bo‘lib yelkasini uchirib, “Jamila mening go‘zalim, Jamila mening asalim” deydi baralla. Kelin – Jamila checham uyalganidan qo‘li bilan yuzini to‘sib teskari qaraydi: “Kuyov degan uyalibgina, qimtinibgina tek o‘tirsa ekan, tavba, qanaqa odam bu”.

Lekin checha, ana, ko‘rdingiz, eringiz shunaqa sho‘x odam edi. Siz bilan baxtli bo‘layotganidan ochiqchasiga quvonayotgan edi.

Ravshan akaning bir she’rida Yulduz qizining qilig‘idan xursand bo‘lib, unda shoira bo‘lishga iqtidor borligini ishora qiladi.

Akaning ortida shirin farzandlari, go‘zal she’rlari qoldi. Yulduz Fayziy shoira bo‘lib tanilayapti.

Shoirning ikkinchi umri degani shudir ehtimol…

Manba: Zarafshon gazetasi, 2009 yil, 5-may

005

(Tashriflar: umumiy 2 858, bugungi 1)

1 izoh

  1. Shoir ravshan fayz ijodini juda qiziqish bolan oqiyman . Qizi yulduz fayz bilan bir sinifda oqiganmiz juda iqtidorli otasining haqiqiy izdoshi. Osha damlar esimda shoirni sheriy kirobini estalik sifatida tilaklari bilan yozib estalikga bergandi Yulduz.Yulduz sizni ham ijodingizni kuzatib boraman farzandlarimga izlarim korsatuvida chiqdangiz meni sinifdoshin birga oqigamiz deb aytib otiraman. Aziza .

Izoh qoldiring