Sa’dulla Siyoyev. Ahmad Yassaviy. Roman & Sa’dulla Siyoyev «E’zoz» ko’rsatuvida

09Шайх нимқоронғи ҳужрада, гул солинмасдан сидирға тўқилган туркона шолчада такбир келтириб ўтирибди. Унинг кўзлари юмуқ, қўлида хурмои тасбеҳ. Бармоқлари аста-аста тасбеҳ донасини теради, ҳар дона сурилганда Оллоҳнинг бир исми ёдига келади.Тўқсон еттинчи дона ўтганда оёқ товуши эшитилди. Шайх кўзини очди.

Саъдулла Сиёев
АҲМАД ЯССАВИЙ
Роман
08

07Саъдулла Сиёев 1939 йил 25 мартда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида оиласида туғилди. Ёзувчининг биринчи ҳикоялар тўплами «Қасам ичмаган йигит» 1970 йилда чоп этилди. Шундан сўнг С.Сиёевнинг «Садағанг кетай» (1972), «Тўйлар муборак» (1975), «Ой бориб, омон келинг» (1976), «Оғир вазнли жанжалкаш», «Эркаклар учун эртаклар» каби ҳикоялар тўпламлари босилиб чиққан.
Кейинги йилларда унинг қисса ва ҳикоялардан иборат «Ёруғлик» (1986), «Бепарво бўлмоқчиман» (1990) китоблари ҳамда «Аваз» (1987) романи ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. 1993 йилда унинг «Яссавийнинг сўнгги сафари» романининг биринчи китоби, 1997 йилда эса «Ҳақиқат йўли» деб номланган иккинчи китоби чоп қилинди.
С.Сиёев ҳикоялари рус, қозоқ, қирғиз, тожик тилларига таржима қилинган. У М.Зошченко, Л.Ленч, А.Арканов, Г.Горин каби рус ёзувчиларининг ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

08

1. Қасамхўрнинг жазоси

Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон мулкининг шайхул-машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлос остонида ниҳоятсиз эрмиш.
Алишер Навоий

03Сафар ойининг ўрталарида мулки Туркистон аро таҳликали хабар тарқалди:
— Шайх ҳазратлари Каъба зиёратини ихтиёр этибдилар!
Бу хабар гавжум шаҳарлар, осуда кентлар, заъфарон қирлар, беҳудуд яйловлар, ораста боғлар оша элдан элга, тилдан тилга кўчди. Табиийки, ҳижоз сафарини биринчи бўлиб яссиликлар эшитди.
Шаҳар бозорида Қарноқ қишлоғидан келган икки деҳқон олма-узум сотиб турган эди. Бири Низомиддин хушрўй, иккинчиси Камол қора.
— Қоравой, эшитдингми, Ҳазрати Султон ҳажга кетаётган эмиш.
Камол у саватдан бу саватга олма тераётган эди.
— Йўғ-е, ростданми? — деб бир зум тўхтаб қолди.
— Рост, боя сен мустаҳабга кетганингда дарвишлар қичқириб ўтдилар. «Шайхул-машойих, Султонул орифин Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари байтул муқаддасга отландилар!» дедилар.
— Бизни худо урибди, Хушрўй, — деди Камолнинг руҳи тушиб, — ўзимиз энди иликхонлар зулмидан қутулғон эдик, лоп этиб қайта қорахитой келиб қолмаса де.
— Келаман деса, келаберади қорахитой. Гўрхонга икки дунё бир қадам.
— Шайх бобо ёнимизда бўлса, иншоолло, келолмайди. Султон Санжар пиримизга қўл берган. Бир оғиз хат битиб йибарса, Санжар ботир Гўрхоннинг йўлини кесиб чиқади.
Шу пайт растага кўк мовут чакмон кийган уламонамо бир киши келди. Унинг белида қўшбелбоғ, қон талашган ёноқлари туртиб чиққан, кўзлари қисиқ эди. Бегона кимса индамай узумдан чўқилаб ей бошлади.
— Хушрўй, бу, Шайх бобо шунча йил қилт этмай бир ерда ўтирди. Нега энди қўқкисдан… ҳажга отланиб қолди экан-а?
Кўк мовутли киши ҳиринглаб кулди:
— Шунга ҳам ақлинг етмайдими, нодон? Пирингни умри охирлаб қолғон. Завол олдида Маккаи Мукаррамага бориб қилғон гуноҳларини сотиб олмоқчи у маккор!
У яна узум чўқилади, узун, сийрак соқолини селкиллатиб узоқ кавшанди.
— Узум қанчадан бўлди? — деб Низомиддиннинг бетига ишшайиб қара-ди. Бу кимсанинг бетакаллуф қилиғи Хушрўйнинг ғашига тегиб турган эди, Шайх бобога тил тегдургани жаҳлини чиқарди.
— Агар белингизда зуннорингиз бўлмаса, сув текин! — деди атай уни масхара қилиб.
Қўшбелбоғлик кишининг қийиқ кўзлари каттароқ очилиб кетди.
— Э, напасингни иссиқ қил-е, бетавфиқ! Зуннордин алҳазар! —деб қўл силтади, — Алҳамдулиллоҳ, икки қатла иҳром2 боғлаганмиз. Шаҳобиддин ҳожи десанг ит ҳам, бит ҳам танийдур, сен эшитмабсан-да омий!
— Ит бирла бит таниғонни биз қайдин билдик, тақсир…
Икки деҳқон ҳожининг таҳликага тушганини кўриб мириқиб кулдилар. Ҳожи эса, бир шингил узумга чанг солди-ю, бир нималарни ғўлдираганча нариги растага ўтиб кетди.
Камол яна дардини сўйлади:
— Ишқилиб, султоним эсон-омон қайтсин-да ҳаждан.
— Иншоолло!
— Ҳар қалай у киши орқа тоғимиз эди.
— Ҳа, бало-қазо келса Қоратовдай тўши билан тўсиб турарди.
— Ҳажга бормасалар ҳам юз ҳаж қилғон одамнинг савобини олиб юрибдилар, тўғрими?
Низомиддин жавоб беришга улгурмади. Бозор бурчагидаги калта минордан муаззиннинг азони эшитилди:
— Аллоҳу акбар, алло-оҳу ак-ба-а-р!!! Ашҳаду оллоҳу ло илоҳа иллолло-о!
Икки дўст шоша-пиша меваларининг устига бўз сириб қўйиб, шотут соясига, пешин намозига ошиқдилар.
…Ҳазрат намозни халифалари билан бирга адо этди. Салот адосида Сўфи Донишманд Зарноқий унинг ўнг тарафида, Ҳаким ота лақабини олган халифаси Сулаймон сўл тарафида ўтирарди. Яна бир яқин маҳрами, устоди аввал Арслонбобнинг дилбанди бўлмиш Мансурхўжа. У дарвишлар ҳалқасига янги келиб қўшилган навжувонларга одоби тариқатни ўргатиб хонақоҳга қайтган ва сафга қўшилган эди.
Пири муршид юзига фотиҳа тортиб, жойнамозни йиғиштирди. Сўнг Сўфи Донишманд билан Сулаймонга ҳам ижозат берди. Шайхнинг йигитлик мавсумидан қолган бир одати бор. Ҳар сафар намоз адосидан кейин танҳо қолишни ихтиёр этади. Илкига тасбеҳни олади, кўзларини юмади. Хаёл отига миниб вужуд шаҳрини кезади, етти иқлимда, тўққиз фалакда сайр этади. Аршу курсини айланади, лавҳу қаламдин огоҳ бўлади. Биҳамдиллоҳ, ана шу учқур от уни Буроқ янғлиқ муродига етказди. Ёлғиз қолиб, салби вужуд айлаш — мулоҳаза, мушоҳада, такбир туфайли у Ғавсул аъзам Абдулқодир Жилоний тариқатига кўнгил берди. Бу тариқатнинг бир олтин бутоғи бўлғай, деб туркий жаҳрия сулукини тузди. Зикри қалбий туфайли тили бурро бўлди, ҳикмат айтди. Туркийда латиф ва зарифона байт айтиб бўлмас, деган мутакаббурларнинг оғзига урди. Шукриллаҳким, ҳикматлари мулки Туркистон аро манзур ва машҳур…
Шайх нимқоронғи ҳужрада, гул солинмасдан сидирға тўқилган туркона шолчада такбир келтириб ўтирибди. Унинг кўзлари юмуқ, қўлида хурмои тасбеҳ. Бармоқлари аста-аста тасбеҳ донасини теради, ҳар дона сурилганда Оллоҳнинг бир исми ёдига келади.
Тўқсон еттинчи дона ўтганда оёқ товуши эшитилди. Шайх кўзини очди. Остонада хос ходими Қутбиддин турарди. Қутбиддин Самарқанд подшоси Маҳмудхон ибн Арслонхоннинг суюкли фарзанди. Ўн етти-ўн саккиз ёшларга борган бу йигит ҳалим табиатли, фаҳми тез соҳиби диллардан. Икки йил му-қаддам қиблагоҳи бирла Шайх зиёратига келди. Сўнг — туққан юрти, волида-ю падаридан воз кечиб, шу хилватда қолиб кетди.
— Бузрукворим…
Шайх индамай тасбеҳини ўгираверди. Юз биринчи донани санаб фотиҳа қилди. Қутбиддин илдам тиз букиб дуога қўшилди. Сўнг истиҳола билан оғиз жуфтлади:
— Бузрукворим… Соброндин Шаҳобиддин ҳожи… изн сўрайдир.
Шаҳобиддин… Бу исм Шайх дилига хиралик элтди. Ҳозиргина жисми жонини чулғаб турган ёғдуни булут қоплагандек бўлди,
Шаҳобиддин махсум бир вақтлар аҳли диллардан эди. Ҳаким Сулаймон, Сўфи Донишманд, Бобо Мочин сингари муридлари қаторида Яссавия тариқа-тига равнақ тилаб Шайхга қўл берган эди. Сўнг шайтони лаъин уни йўлдан оздирди. Жоҳилиятга берилди. Ҳазрат билан масала талашгани Марвдан имом Марвазий келганда махсум унинг ёнини олди, Яссавийнинг лафзига чанг солиб, «Мансури ҳаллож — кофир!» деб бақирди. Неча кунлик мунозарадан кейин Марвазий таслим бўлгач, тавба қилди. Илло-билло, жаҳрия тариқатин қабул қилдим, пирим, гуноҳимдан ўтинг, деб ерга бош урди. Шайх мурувват қилди. Бироқ махсум хонақоҳ шартларига чидамади. Туққан юрти Собронга кетди. Мадрасада мутавалли бўлди. Нафс жилови иликдин чиқса чора йўқ экан. Шаҳобиддин толиби илмларнинг ҳақига хиёнат қилиб, Соброндан ҳам ҳайдалди.
Махсумнинг бошқа густоҳона ишларини ҳам Шайх эшитиб турибди. Юрт кезиб, халқи оламни Ҳақ Мустафо йўлига даъват этгувчи дарвишлардан хабар келди. Шаҳобиддин бултур Соброндан бадарға бўлгач, Қоратов ортига ўтибди, Шайхул машойих номидан иршод ёзиб, ўзини Қумкент хонақосининг пири деб эълон қилибди. Ўшал ёлғон иршод, мана, Шайхнинг қўлида турибди. Муҳри қалбаки. Асл муҳрдан нусха кўчирибди бетавфиқ махсум.
Шайх Қумкентга одам юбориб, махсумни чақиртирди. Уни эл кўзи ўнгида масжид устунига боғлаттириб сазойи қилдирмоқчи эди. Бироқ Шаҳобиддин ҳукмга бўйсунмади, Қумкентдан ҳажга қочди. Мана, энди ўз оёғи билан ке-либди… Нечук анга инсоф ато қилибдур?
Қутбиддин ҳамон қўл қовуштириб пирга итоаткорона тикилиб турарди. Шайх ёнбошидан Шаҳобиддиннинг ёлғон ёрлиғини олди. Енгил қўзғолди.
— Махсум бирла эл олдида сўйлашармиз, — деди ва гулмихдаги салласига қўл чўзди. Қутбиддин илдам бориб дасторни олди ва икки қўллаб узатди.
— Барака топинг, ўғлим… Одам қалинма?
— Қалин… Исфижобдан ҳам келибдир…
Шайхнинг юраги сидирилди, кекса кўнгли ғалаён қилди. Исфижоб унинг ота юрти, киндик қони тўкилган манзил. Қиблагоҳининг турбати, онаизорининг бир сиқим турпоғи Исфижобда. Неча йилдирки, зиёратига етолмади. Кўнгилни армон, надомат ўртайди. Оллоҳ насиб этса, энди ёвуқ қолди. Бирор ҳафтада тавоф айлаб кўзларига суртгай.
Ҳазрат кичкина эшикдан «Бисмилло!» деб ташқарига чиқди. Масжиди Султония олдидаги улкан майдон одам билан тўлган. Оқ дасторлик уламолар, мўъжаз, кўк саллалик муллабаччалар, хирқа кийган дарвишлару қоп елкалаган деҳқонлар, бола етаклаган аёллар. Майдон чеккасида отлиқ кишилар кўзга ташланади. Эгниларига осган яроғларига қараганда улар ўғуз хони Олтинтошнинг черикларига ўхшайди.
Ҳазратни кўриб, навкарлар апил-тапил отларидан тушдилар.
Султони орифин баланд айвонда бир муддат сукут сақлаб, халойиққа разм солди. Оломон ичида авлиё бобонинг кароматларини минг бор эшитган, лекин ўзини кўрмаганлар кўп эди. Уларнинг наздида авлиё — девқомат, соқоли кўкрагига тушган, салласи саватдек, тўнининг енги-ю этакларига турли хил оятлар чекилган ҳайбатли бир кимса бўлиши керак эди. Ҳазрати Султон эса, бутунлай бўлакча эди. Ана, у чарчоқданми, мутолааданми киртайган осуда кўзларини тикиб одамларга ювош, ўйчан боқиб турибди. Эгнида оппоқ, одми яктак, ингичка қилиб ўралган чоғроқ салла. Соқол-мўйлаби ҳам бежирим. Белида зангори белбоғ. Жуссаси-да кичкина.
Одамлар ҳайрат бармоғини тишлади. Шундоқ кичик жусса, тик қоматли, хушсурат бир кишининг авлиё эканлиги, дунёнинг тўрт тарафида тўқсон минг муриди борлиги, ҳатто подшолар ҳам у киши билан маслаҳатлашиб иш қилиши тасаввурга сиғмасди.
Майдон босиқ гувлади. Бесабрроқ кимсалар оломонни тирсаклаб, пешайвон сари интилди. Шайх атрофига қаради. Ўнг томонда Сўфи Донишманд билан Мансурхўжа, сўлда Ҳакимхўжа Сулаймон, Бобо Мочинни кўриб, қўлини кўтарди. Ҳовур андак босилгандек бўлди.
— Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм! — деди Ҳазрат бўғиқ, ширали товушда. Майдон гувлаб акс-садо қайтарди.
— Оллоҳу акбар!
— Оллоҳу акбар!
— Эй, аҳли мўмин! Ораларингизда Шаҳобиддин деб аталмиш Шайхул-раисни танийдирғон мўъмин мусулмон бўлса, мана бу ерга чиқиб гувоҳлик берсин.
Майдон оғир сукутга чўмди.
— Ҳеч ким танимайдирми?
— Йў-ў-ўқ! Биз Ҳазрати Султонни таниймиз! Шайх Шаҳобиддинни танимаймиз, — деган ҳайқириқлар эшитилди.
— Нечук танимайдирсиз?.. Мана у кишим! — Шайх чап ёнига ўгирилди, — тақсир, муридларингизга ўзларини кўрсатсинлар…
Шаҳобиддин Ҳазратдан бир одимча ортда турган эди, типирчилади, тисарилиб, халқ назаридан қочмоқчи бўлди. Бироқ Бобо Мочиннинг темир панжасидан қутулолмади. Бобо Мочин уни тирсагидан маҳкам сиқиб айвон лабига олиб келди. Одамлар кўк мовут тўн кийиб, белини икки еридан боғлаган қалмоқбашара кишига ажабланиб боқдилар. Шайх боягидек сокин, қатъий овозда хитоб қилди:
— Пайғамбар алайҳиссалом жаноблари «Ал-каззобу ло-уммати» дебдилар. Рўпарангизда турган осий банда бул ҳадиснинг маънисини билмасмиди? Биларди. Илло риоя қилмади. Оллонинг ғазабидан қўрқмай ёлғон сўзлади. Ул нечук инсонки, ҳақ йўлиға кирган толиби илмларнинг ҳақини еса! Ўзини кўлбор Шайх чоғлаб, беҳаёлик бирла ўзига ўзи фатво ёзиб олса! Аҳли мўъмин кўзига чўп солиб риёкорлик қилса, нафси ҳайвоний деб охиратини сотса! Боз устига бетини қаттиқ қилиб эл ичинда ҳожи тўппи кийиб керилиб юрса!
Шаҳобиддин ҳожининг умиди пучга чиқди. «Эҳ, қариб қуюлмаган бошим! — деб қарғанди ичида. — Гумроҳ бўлмасанг, шу мутакаббур Шайхнинг олдига мўйин солиб келасанму? Энди не одам бўлдинг? Номаи аъмолингни билмаганлар ҳам билиб олур энди. Водариғо, қайси жин урди сени, ҳожи Шаҳобиддин, нега келдинг бу ерга, а, нега ҳам келдинг? Ана энди хорлик тупроғига беланиб рўсиё бўлдинг, ҳожи!»
Аслида унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди. ЁЛҒОН Фатво ошкор бўлгач, Шаҳобиддин бир ерда туролмай юртма-юрт тентираб қолди. Анави қовоқбош дарвишлар унинг қилмишларини етти оламга ёйиб улгуришган экан. Махсум қайси кент, овул ё ўбага борса, «Ўзига ўзи иршод ёзиб, шайх бўлиб олган кимса сиз эмасми, тақсир?», деб ёзғирдилар. Хуллас, унинг ови юришмади, насибаси қирқилди. Минбаъд Шаҳобиддин номини ўзгартириб ё эл танимас ерда истиқомат қилиши ёки Шайхнинг олдида тавба қилиб, жилла қуриса бирор масжид имомлигини сўраши лозим эди. Махсум иккинчи йўлни танлади. Илло Шайх уни кечирмади. Лоақал истиғфор айтишга ҳам қўймади, билъакс, авом халқ кўз ўнгида шарманда қилди.
— Эй, мўъминлар! — Ҳазратнинг товуши олисдан, гўё самодан гумбурлаб келгандек бўлди. — Шариати Мустафога шак келтириб, бировнинг ҳаққига хиёнат қилғон, ёлғон фатво ила раиятнинг нонига чанг солғон, илм олиб, илмига риоя қилмағон, мунофиқ, ҳарис кимсанинг жазоси не бўлғай, айтинг!
Халойиқ ҳавога мушт ўқталиб шовқин солди. Саф олдида турган уламолардан бири «Сазойи қилинсун!» деб бақирди.
— Сазойи қилинсун!
— Саққол-мурти қирилсун!
— Мачитга киргизмаслик керак бундайин нафси бузуқни!
Шаҳобиддиннинг ўтакаси ёрилгудек бўлди. Жони ҳалқумига тиқилди. Назарида ҳозир, шу ерда унинг қўл-оёғини боғлаб, соқол-муртини қириб ташлашадигандек, дағ-дағ титради.
— Ёлғон! — деди у хириллаб. — Шайх ўтрик сўллаб турибдур! Ман анинг этагини кўзимга суртмадим. Шул боис менда қасди бор.
Шайх чап ёнига қараб «Мусҳаб!» деди кескин. Мансурхўжа илкидаги Қуръонни икки қўллаб Шаҳобиддинга тутди.
— Олинг! — деди Шайх ҳожига, — мана шу каломуллони ушлаб қасам ичинг! Ёлғон сўллаган бўлсангиз — сизни худо урсин, магар мен ёлғон деган бўлсам — мени худо урсин! Олинг!
Шаҳобиддин иккиланди. Агар Қуръон ушлаб қасам ичмаса, ҳозиргина айтган гаплари абас бўлиб чиқар, унда (худо кўрсатмасин!) ростдан ҳам қўл-оёғини боғлаб, соқолини қириб ташлашлари мумкин эди.
Ҳожи мунофиқлик кечирилмас гуноҳ эканлигини билиб турса-да, «Илоё, ўзингга сиғиндим», дея Қуръонни қўлига олди. Манглайига суркаб ўпди. Сўнг уни кўкрагига босиб туриб халққа ўгирилди.
— Мана шу каломулло бирла қасам ичаманки, Шайх мендек бир бегуноҳ мўъмин мусулмонга туҳмат тошини ёғдириб турибдур. Бир йил муқаддам бизга ўз қўллари бирла шаҳодатнома ёзиб бериб эдилар, энди бўлса, ўшал ёрлиқдан ҳам, муҳрдан ҳам тониб, каминадек мусулмони комилни бадном қилдилар… Парвардигори олам, ўтрик сўйлаётган бўлсам…
Одамлар нафас олмай, овози, бутун вужуди титраб онт ичаётган ҳожига бақрайиб тикилдилар. Улар, «Наҳот Ҳазрати султон бир мусулмонга туҳмат қилсалар, наҳот…» деган гумон юкидан лолу карахт, ҳайрон эдилар.
Шайх эса, ҳожини бунчаликка боради, деб ўйламаган эди. Эллик йилдирки, у тоат-ибодат билан банд, Қуръони мажидни минг карра хатм қилди, қанча-қанча куффорни дини исломга киритди, илло китоб ул-умма устида ёлғонни рост деб онт ичаётган қасамхўрни илк маротаба кўриб турибди!
Шайх ёқасига қўл югуртирди. «Астоғфурулло! Астоғфурулло!» дея ичида калима келтирди. Тилида калимаи шаҳодат, дилида — ўзга бир оят, ўзга бир дуо…
— …агар ўтрик сўллаётган бўлсам, майли, ер тишлайин, оғзи-мурним қийшайиб қолса ҳам розиман…
Ҳожи Қуръонни ўпиб, Мансурхўжага узатди ва Ҳазрат томонга ғолибона қараб қўйди-да, икки қадам четланди. Шайх вужудига жо бўлган ва ёлғиз ўзигагина маълум руҳий қувватини жамлаб ҳожининг кўзларига қаттиқ тикилди. Шаҳобиддин чайқалиб кетгандек бўлди. Сўнг гандираклаб айвон четига қараб юрди. Шайх ҳамон калима келтириб ўткир нигоҳи билан уни таъқиб этиб турибди. Ҳожи «Чангалингдан омон-эсон қутулдим-а, Шайх, энди қалайсан?» дегандек, мамнун илжайди. Ана, у узунчоқ айвон лабига борди. «Бисмилло!» деб зинадан туша бошлади…
Шайхнинг қорамтир юзи тундлашди. Унинг лаблари билинар-билинмас қимирлаб, пешонасида гавҳардек тер кўринди.
Айвон икки газча келарди. Ҳожи уч зина ўтиб, тўртинчи зинага борганда қоқилди. Оёғи осмондан келди. Уч думалаб пастга тушди. Одамлар «Ў-ў!» деб хитоб қилди. Халойиқ ерда додлаб ётган ҳожига эмас, юзини терс ўгириб ичкари кириб кетаётган Ҳазрати Султонга қўрқа-писа қаради.
Шаҳобиддин ҳожининг қўли синган, жағи чиқиб, оғзи қийшайиб қолган эди.
Мансурхўжа билан Ҳаким Сулаймон Шайхнинг ортидан эргашдилар. Сўфи Донишманд халойиқ олдида икки оғиз узр айтди:
— Султони орифин ҳазратларининг сиз қавмларига айтадирғон васиятлари бор эди. Таассуфки, вазият ушмундоқ бўлиб қолди. Олло насиб этса, рабби-ул-аввалнинг иккинчи ҳафтасинда Ҳазрат Маккаи Мукаррама сари отланғайлар.
— Сафар олдидан тағин кўришиб, Шайхимизнинг амри маъруфларини эшитгайсизлар. Қани, омин! Яратган эгам ҳар бир бандаи мўъминни имонидан маҳрум этмасин, бало-қазодин ўзи асрасин, Оллоҳу акбар!
Халойиқ жўровоз бўлиб дуога қўшилди.
Одамлар ғовур-ғувур билан тарқала бошлади. Ваъз умидида келган сомелар орасида Камол қора билан Низомиддин хушрўй ҳам бор эди. Улар таҳлика ичида қолган оломонга эш бўлиб, сўз олишиб борарди:
— Камол, ёмон бўлди, а?
— Ёмон ўлди, Хушрўй. Тўнғиз егур, ҳожи-ей, ўзинг-ку, ёлғон сўллаб қалтираб турибсан. Тавба қилдим, деб кетавермайсанми?
— Шуни айт-а! Авлиё билан олишиб бўларканми? Отам раҳматли айтарди, Шайх бобо «Кечираман, лекин кеч ураман», дер эканлар.
— Бу нима дегани, Хушрўй?
— Э, ўқимаган! Яъниким, сен гуноҳ қилсанг, у киши бир кечиради, икки кечиради… Аммо учинчисида анави ҳожидек бўласан, қоравой! Кўрдингми, Қуръонни сотгани учун қўли синди, ўтрик сўллаб имонини ютгани учун оғзи қийшайиб қолди.
— Э, қўй-е, унга ит ўхшасин.
Хушрўй дўстига тегишди:
— Ёлғон сўзлама. Гоҳи-гоҳида сен ҳам ёлғон ишлатиб турасан.
— Қачон ёлғон гапирдим, ёлғончи?
— Тунов куни хотинингга, «Сендан бошқасини десам, ҳар нарса бўлай!» деб қасам ичганинг-чи, қоравой?
Камол хурсанд бўлиб дўстининг биқинига туртди.
— Э, ўл-а! Бунақа ёлғон савоб. Шундин бу ёғига хотин тўра ипакдай бўлиб қолди. Юр, кун ботмай, Қорачиқнинг йўлига чиқиб олайлик. Ҳали бозорга кириб, болаларга у-бу ҳам олиш керак.
Икки дўст баззозликка қараб кетдилар.

2. Йиғлама, онаизор!

Жаннат оналар оёғи остидадур.
Ҳадис.

Ҳижрий 541 йил. Раббиул-аввалнинг ўн учинчиси. Пайшанба. ЁЗ қариб, сунбула кирган. Ярим тун. Шаҳристон ширин уйқуда.
Шайх мутолаа қилиб ўтирган эди, кўзлари чарчаб, китобни ёпди. Юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди. Енгил кийиниб, ташқарига йўналди. Хобхона эшигидан ўтаётганда, Руқия бибига дуч келди. Рафиқаси бош эгиб турарди.
— Отаси, бирон хизмат бормиди?
— Баҳузур дамингизни олаберинг, бекам. Ҳали субҳи содиққа олис. Бир сайр этгим келди.
Руқия биби эрининг ортидан маъюс қараб қолди. У жуфти ҳалолига беминнат хизмат қилишни ўзи учун савоб деб биладиган оқила, зийрак аёллар тоифасидан эди. Бироқ… мана, худога шукур, бир ёстиққа бош қўйганларига йигирма йил бўлибди. Ана шу йигирма йил бадалида Шайх унга оналик хизматидан бўлак вазифани раво кўрмади. Умри масжид хонақосида, халифалар, муридлар қуршовида ўтади. Уйга ҳам тунагани гоҳи-гоҳида келади. Мусофирчиликда ўз хизматини ўзи қилиб, ўрганиб кетган эканларми, ҳануз одатларини унутмаганлар. Либосларини ўзи парваришлайди, тугма қадашми, ювишми, йиртиқ-ямоғини чатишми — барини асҳоби ҳол, яъни ҳамтабоқ ҳужрадошлари бирла адо этади. Руқия биби икки қизу бир ўғилни бағрига босиб, масжид ёнидаги уч хонали торгина ҳовлида эл қатори ўртаҳол яшаб келади.
Ҳазрат ташқарига чиқди. Ҳовлидан гуп этиб, райҳон иси келди. Муздек ҳаво кўксини тўлдирди. Руҳи ёришди. У кичкина эшикни оҳиста очиб, остона ҳатлади. Шайхнинг уйи шаҳристоннинг баландроқ қисмида, қалъа деворига яқин эди. Ҳазрат сунбула ҳавосига маст бўлиб, бир лаҳза тек туриб қолди. Осмон чечаклари — юлдузлар ўзаро кўз қисиб, гўё шивирлашаётгандек, тўлин ой эса, яхши пазанданинг қўлидан чиққан лочирадек ярқирайди. Беихтиёр тилига оят келди: «Ой билан қасам ичаман, юлдуз билан қасам ичаман…»
Масжид сиртига ўтди. Узун, энлик нарвон олдига бориб, бир сония ўйланиб турди-ю «Бисмилло!» деб томга чиқа бошлади. У ҳеч қачон масжид томига чиқмаган эди. Бу сафар кўнгил истагига қаршилик қилолмади. Шаҳарга тепадан назар солишни, кўзлари толгунча боқишни ихтиёр этди. Эҳтимол, бу сўнгги назаридир…
Томга чиқди. Тепа салқинроқ экан, эти жунжикди. Осмон бир қарн яқинроқ келиб қолгандек, юлдузлар ҳам қўл чўзса етгудек, қамари фалак эса, бошига соя солиб тургандек туюлди. Атрофига аланглади. Яссидаги энг баланд иморат мана шу масжиди Султония эди. Шаҳристон гўё муаззам патнис устида тургандек, яққол кўзга ташланади. Кунгурадор қалъа деворлари, қорахонийлар сулоласининг отабеги Буғрохон қурдирган мадраса, бозор тимлари, мусофирхоналар, бир-бирига улашиб кетган пастқам, япасқи уйлар, сийрак боғлар, сарҳовузлар… бари оёқ остида ётибди. Ана, работда, бошқопқа олдида дарвоза очилишини кутиб ётган мусофирлар кўринади. Кимдир аравада чопонига ўралиб ухлаб ётибди, бошқалар отларини, эшакларини боғлаб қўйиб, қаро ерда бош осилтирганча мудрашади.
Шайх кун ботишга ўгирилди. Ғириллаб қибла шамоли — дабур эсди. Бу унга яхшилик аломати бўлиб туюлди. Шукрона келтирди. Ўзини масжид томида эмас, Арофат тоғида тургандек ҳис этди.
Юлдуз учди. Митти бир юлдуз оловга айланиб, олтин ёйдек ҳавони тилиб ўтди. Бу ҳолатни Шайх ўзига қиёс қилди, таъбир йўйди. Нурли чизиқ нимтатир фалакдан вужудига кўчди. Кекса кўкси жизиллаб, тепасидаги мана шу қуббатул осмон каби мавҳум ва беҳудуд хаёл ичра ғарқ бўлди. Қиблага қараб туриб, муножот қилди: «Халлоқи олам иноят айлаб, йўлимизни берса, бугун Маккаи мукаррама сари отланғаймиз. Насиб этса, ҳажар-ал-асвадни кўзга суртиб, яна она юртга қайтармиз. Мабодо бир сиқим тупроғимиз бегона элларга буюрган бўлса, на чора, яратганнинг иродаси… Қайтиб сизни кўролмасак, ризо бўлинг, ота юрт осмони! Ғарибларнинг кўз ёшидек потраган юлдузлар, сизлар ҳам ризо бўлинг биздин. Кечалари гумроҳ йўловчиларнинг йўлини ёритғувчи қамари фалак, ризо бўлинг! Ҳадемай жамол кўрсатадиган офтоб!Сиз тирикчилик сабабчиси, кулли башарият умрини давом эттиргувчисиз. Олтмиш бир йил она бешик янглиғ мураббийлик қилғонингиз учун ризо бўлинг! Ариқлар, сиздин ичган сувим учун ризо бўлинг! Дарахтлар, сиздин тотинган ширин-шакар меваларим учун ризо бўлинг! Еллар, юз-кўзларимни сийпалаб, маҳзун чоғларимда тасалли бердингиз. Гуллар, чечаклар, сизлар димоғимни хушбўй исларга тўлдирдингиз, бағримга жаннат нафасини уфурдингиз. Сизлар ҳам ризо бўлинг!Ё азим Сайхун! Сени беҳишт дарё дейдилар. Илоҳа, чучук сувингга юз чайиш қайта насиб этсун. Доноларнинг дардидек вазмин тоғлар, мискин, мусофир кимсанинг хаёлидек поёнсиз саҳролар, маъмур кентлар, овуллар, сизлар ҳам ризо бўлинг! Қул Ҳожа Аҳмад Яссавий отлиқ бир умматим бор эди, тили бурро, вале кўзи намлик, дили ғамлик хокисор эди, дея ёд қилғайсиз. Токи дийдам очиқ экан, мен ҳам сизларни дуо бирла ёд этгайман. Ризо бўлинг барчангиз, ризо бўлинг…»
Ҳазратнинг кўнгли ҳувиллаб қолгандек бўлди. Бироқ руҳияти равшан тортди. Тўрт тарафига ўгирилиб, ҳамон ғафлат уйқусида ётган шаҳарга қайта-қайта боқди. Гўё унсиз видолашди. Сўнг шошмай пастга туша бошлади.
Масжидга кирмоқчи бўлди. Аммо Руқия бибини эслаб уйига бурилди.
Руқия биби ёниб адо бўлаётган хира шам олдида эрини ўйлаб, иягига суяниб ўтириб эди. Оёқ товушини эшитиб, илдам қўзғолди. Ҳазрат индамай хос хонасига ўтди. Руқия биби унга эргашди. Шайх меҳроб ёнига ўтирди. Руқия биби токчадаги катта шамдонни ёқди. «Бизга хизмат борми?» дегандек рўмолининг учини тишлаб, итоаткорона кутиб турди.
— Нон билан сув келтиринг, Гавҳарнинг онаси, —деди Шайх. Руқия биби эрининг олдига бўз дастурхон ёзди, нариги хонадан икки нон, бир косада сув олиб кирди.
— Ўтиринг, онаси, — деди Шайх, — сизга икки оғиз гапимиз бор. Руқия бибининг юраги бир сесканди. У оҳиста тиз чўкди. Назарида эридан шу маҳалгача эшитмаган қалтис бир гап эшитадигандек, чўчиди. Ҳуркиб, Шайхнинг ўйчан юзига зимдан разм солди.
Шайх коса билан нонни ўртароққа сурди. Ердан кўз узмай, мунғайиб ўтирган Руқия бибига қараб аста деди:
— Гавҳарнинг онаси, мен сиздин ризолик тиламоқчиман. Олло ниятимизга еткурса, бугун йўлга чиққаймиз. Сиздин яширмайман, йўл олис, бориш—келиш орасида бир йил ўтади. Иншоолло, фарзи айнни адо этиб, қайта мана шу дастурхон ёнига қайтгаймиз, деган умиддамен. Валекин, инсон боласи эртага нима бўлишини билмас. Бу қутлуғ нафас барчамизга омонатдур. Мабодо қазоимиз етиб… бу тупроқни қайта кўриш насиб этмаса, ризо бўлинг, Гавҳарнинг онаси…
Руқия биби пиқиллаб йиғлади.
— Кўз ёш қилманг. Кўз ёшларни кейинга асранг.
Руқия биби дарров кўзларини артди.
— Йигирма йилдирки, волидалик, завжалик хизматларини беминнат адо этдингиз. Чеккан заҳматларингизга рози бўлинг. Кўнглингизни ўкситган бўлсак — узр, биздин ўтди. Вақтида қаттиқ — қуруқ гапирдик, аларни ҳам кечиринг, онаси. Мен сиздин розиман, сиз ҳам биздин рози бўлинг. Илоё, қиёмат куни ёруғ юз бирла дийдор кўришгаймиз.
Руқия бибининг боши эгилиб, тиззасига тегай деди. У эрининг ўгитини унутиб, унсиз йиғлашга тушди.
— Мен… минг қатла розиман, Шайхим… Сиз ҳам р-рози б-бўлинг…
Ҳазратнинг яна бир гапи бор эди. Уни айтса, Руқия бибининг рози бўлмаслигини билади. Бу мушфиқ аёлнинг маҳзун кўнглини баттар вайрон қилишини ҳам сезиб турибди. Бироқ, барибир, айтишга жазм қилди:
— Онаси, мен Иброҳимни ҳам ҳажга олиб кетсам деб ният қилиб эдим… Сиз рози бўлсангиз, албатта.
Руқия бибининг юраги пора бўлди. У Шайх томонга қўл чўзиб, мукка йиқилди. Эрининг этагини маҳкам чангаллаб ўкириб йиғлади.
— Мени ёлғизимдин жудо қилманг, Шайхим! Мен шўрликка раҳм қилинг!.. Бир йўла икковингиздин ҳам айрилсам, иккала қўлим кесилмасму? Биз дуои жонингизни қилиб ўтирайлик. Олло таоло йўлингизни равон қилсун. Ёлғизгинамни ташлаб кетинг, Шайхим…
— Йиғламанг, Иброҳим ёнингизда бўлади, — деди ҳазрат.
Бир заифани икки ожиза қизи билан ташлаб кетиш ноинсофлик эди. Шайх хатосини англади.
Руқия биби бошини кўтарди. Юз-кўзини артиб, косадаги сувдан ҳўплади. Ҳаприққани андак босилгандек бўлди. Шукр қилди. У отаси кўнмайди, деб чўчиган эди. Негаки эрининг феълини билади, камсухан, чўрткесар. Бир нимани айтдими-тамом, айтганини қилади. Шайхнинг сўзи, азми қарори муҳокама этилмас, у фарз бўлмаса-да, вожиб эди.
Ҳазрат битта нон олиб иккига бўлди. Ярмини Руқия бибининг олдига қўйди.
— Мен улушимни олиб кетгайман. Буни сиз асранг. Омон-эсон қайтиб келсам, икки ёртини бирлаштиргаймиз. Олло ҳар кимнинг ризқини бутун қилсин. Омин! Валлоҳи зулфазлил азийм!
Шайх сувдан бир ҳўплаб, косани ўртага қўйди. Ўрнидан турди.
— Биз қайтгунга қадар сизлар Исфижобда истиқомат қиласизлар, туққан ерингиз дурустроқ, — деди кўнгли бўшаб.
Руқия биби ҳам исфижоблик, Мусо шайх деган руҳонийнинг кенжа қизи эди. Ҳазрати Султон «Бир йилча уйда бўлмас эканмиз, булар рўзғор заҳматин чекмасин» деган хаёлда оиласини қайнотасининг ҳовлисига омонат топшириб кетмоқчи эди.
Руқия бибининг кўз ёшидан кўпчиб кетган лўппи юзига қон югурди.
Шайх шахдам юриб, масжидга чиқиб кетди. Масжид ичи чароғон, халифаю муридлар сафар тадоригини кўраётган эдилар.
Муаззиннинг азони янграши билан шаҳарнинг тўрттала қопқаси баравар очилди. Ҳазрати Султонни ҳажга кузатмоқчи бўлиб келган иродат аҳли ёпирилиб ичкари кирди.
Тонг отди. Қадим Яссининг машҳур оқтераклари учида ипак нур ўйнайди. Шаҳристон одам билан тўлган. Ҳамма масжиди султония тарафга йўналади. Работда ҳам одам қалин. Мусофирхоналарда, карвонсаройларда бўйрадек бўш жой йўқ. Қалъа деворининг ортида отлар кишнайди, хачирлар тепинади, араваларнинг ғийқиллагани, нортуяларнинг пишқиргани эшитилади. Ясси Ясси бўлиб, эҳтимол бунчалик талотўпни кўрмагандир. Қоратоғ этагидаги қишлоқлардан, Дашти қипчоқ яйловларидан, Сайхун бўйларидан, исломият сарҳади — Жанд ва Янгикент шаҳарларидан тўп-тўп бўлиб, миришкору сайёд, қўйчивону косиб, тужжору деҳқон оқиб келмоқда. Бировининг тилида дуои хайр, бировининг дилида иҳром боғлаш нияти, бири ҳаж закотини бериб савобга ноил бўлмоқчи. Шайх ҳазратлари марҳамат қилиб, бизни ҳам сафарга ола кетарми-кан, деган умидвор кимсалар ҳам йўқ эмас.
Кун найза бўйи кўтарилди. Эл-улус ила хўшлашув чоғи етган эди. Ҳазрат халифалари, уламо, муридлари қуршовида масжид айвонига чиқди. Халойиқ тунов кунгидан ўн чандон кўп эди. Майдонга сиғмаганлар атрофдаги уйларнинг томига, қалъа деворларига чиқиб, Султон-ул орифиннинг ваъзини тинглашга маҳтал бўлиб туришарди.
Шайх киприк қоқмай, мўлтираб турган, юзлаб қоракўзларга боқиб, бир лаҳза хаёлга толди: «Буларга не дейди? Тағин амри маъруфга чорлайдими? Амри маъруф, панд-насиҳат ила ёмон киши яхшига айланса, дунёда ўғри-ю каззоб, зинокору очкўз қолмасди. На илож, чиқмаган жондин умид, дейдилар. Томчи тош тешар эмиш. Зора бу заррадек панду насиҳатимиз минг қулоқнинг бирида тўхтаб ижобат бўлса».
Ваъз айтганда, Шайхнинг кўксида ўтли бир илҳом пайдо бўларди. Ҳозир ҳам ўша илҳом тошқинидан дили потраб сўз бошлади:
— Биродарларим! Ораларингизда ўксиганларни кўриб турибман. Улар кошки биз ҳам Маккаи мукаррамага етиб савобга ботсак, дея ўртанадилар. Ўртанмасинлар! Ҳаж — фарздир, илло Ҳақ Мустафо, «Олло таоло суратларингизга эмас, қалбингиз ва амалларингизга қарайди», демишлар. Жаннат бадали Макка йўлида эмас, ҳар бир бандаи мўминнинг мана бу ерида, сийнаи покидадур. Баъзи бир худо бехабар гумроҳлар бор, фарзандларининг ризқидин қийиб, емай-ичмай, ҳаж ҳаражатини йиғнайди. Бундай йўл билан йиғилган мол ҳам, ихрож ҳам куфрони неъматдур. Аҳли аёл, авлод, қўни-қўшни, мискин-фақирнинг ҳақини сарфлаб савоб оламан, деган кишига Оллонинг лаънати бўлсин! Кўнгли синиқ ғарибни овутинг, хайр-эҳсон қилинг, мусофир кимсага бир оғиз ширин сўз айтинг, етимнинг бошини силанг, зулм қилманг, бировнинг дилини оғритманг, ариқ очиб, икки туп оғоч кўкартиринг, қўлингиздан келса, тўртта нодонга илм ўргатинг, масжид қуринг, мўъмин-қобил фарзанд тарбияланг… Ана шунда жаннат дарвозалари сизга пешвоз очилғай.
Иҳром боғлай олмадик, деб ўксинмасинлар, яхшилар! Арофат тоғини гир айланиб, иҳром боғлаб қайтган тили бўлак, дили бўлак мунофиқларни хўп кўрдик. Улар олғон савобларини пучак пулга сотдилар. Бири қозиман, деди, бириси муфтийй, бириси ҳокимман деди, бириси имом. Вале ҳаромдин ҳазар қилмади. Оллоҳдин қўрқмади, бандасидин уёлмади. Ана шулар ҳам ҳожи дўппи кийган. Зеро, эшакнинг белига иҳром боғлаб, ҳожи дўппи кийдурган бирла эшак — эшаклигича қолур, ҳаргиз инсонга айланмас.
Фахри олам Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалам, одамлар орасинда олти хил тоифа бордирки, улар тонгла маҳшардин бурун дўзах ўтиға куйгай, деб башорат қилганлар. Бул тоифа жумласига зулм қилғон ҳоким, кишиларни бир-бири билан уриштирувчи фитначи, мутакаббир раҳбар, хиёнаткор тужжор, фароғатда кун кечиргувчи нодон ва ҳасадгўй олим киргай. Бас, эй мўъминлар, дуои баддан алҳазар! Дуои баддан қўрқмай, ғафлатда қолғон осийлар унутмасинларки, ота-онанинг фарзанд ҳаққига қарғаб туриб қилған дуоси, мусофирнинг тилаги ва яна мазлум кимсанинг муножоти мустажоб бўлғай. Хоҳ васият денглар, хоҳ насиҳат, аҳли суннат, сизга айтар охир сўзим шул: то баданга ҳарфи мад етгунча, яхшилик тухмини эксинлар. Яхшиликдин не ёмонлик кўрдингки, яхшилик қилишни истамайсан, ёмонлиқдин не яхшилик топдингки, ҳаргиз ёмонлиқ қилғайсан? Оллонинг мағфирати ила ҳикмат келди:
Қул хожа Аҳмад, ёмонларнинг ёмонисан,
Барча буғдой, эл тутмоғон сомони — сан…
Вассалому биссавоб!
Ҳазрат юзига фотиҳа тортди. Одамлар унга тақлидан такбир айтиб, баланд овозда дуо қилдилар. Шу пайт ўртароқда турган чимматли аёл боласининг елкасидан туртди:
— Бор, болам, Шайх бобонгни оёғига йиқил. Отамни ташлаб кетинг, деб йиғла. Зора раҳм қилса. Бора қол, бор…
Етти-саккиз ёшлардаги, ола тўн кийган ориқ болакай иккиланиб, оломон орасидан чиқди. Айвон лабига бориб, ортига қаради. Аёлнинг ўктам товуши эшитилди:
— Уялма, болам! Дардингни айт, пирим ёрлақайди.
Шайх халойиқ ичидан кўзи билан аёлни ахтарди. Кейин энгашиб болани даст кўтариб олди. Бошини силади:
— Сўйланг, ўғлим…
Бола индамади. Ерга қараб тек тураверди. Аёл яна товуш берди:
— Юкун, болам! Шайх бобонгга қуллуқ қил! Ҳали не дединг йўлда, Яшаржон, отамни сўраб оламан, демадингми? Айтгин-да, қўзичоғим…
Боладан сас чиқмаётганини кўриб, аёл бир-икки қадам илгарилади. Айвонга яқинроқ бориб ҳасратини айтди:
— Пирим, ана шу норасиданинг отаси, ёлғиз ўғлим, ўламан саттор Маккага кетаман, деб турибди. Худонинг зорини қилдим, сен бўлмасанг, биз қандай кун кўрамиз, дедим. Чолимни тупроққа топширганман, ишонганимиз ҳам, суянганимиз ҳам шу ёлғиз ўғил. Орқасида атак-чечак беш боласи бор. Жон пирим, садағангиз кетай, ўғилгинамга насиҳат қилинг, бола-чақасининг ёнига қайтсин. Бизни ташлаб уйдан бош олиб чиқиб кетганига бир йил бўлди. Бир йилдин бери дарвишларнинг орасида юрибди. Илоё, охиратингиз обод бўлсин, пирим, болагинамни қолдириб беринг…
Аёл ҳўнграб йиғлади. Шайхнинг кўнгли вайрон бўлди. Етимлик жабрини чекиб, онаси дийдорига тўймагани учунми, аёл кишининг кўз ёшини кўрса, кўнгли бузилади, ич-ичидан бир заифани йиғлатиб, зор қақшатган кимсани жазолатиб таъзирини бергиси келаверади. Шайх чимматли аёлга қаради, хитоб қилди:
— Йиғламанг, онаизор! Иншоолло, ўғлингиз ёнингизда қолғай. Анинг исми…
— Рауф, Абдурауф! — деди бечора аёл умидворликдан ҳовлиқиб. Ҳазратнинг товуши янада кескинлашди:
— Биз амри маъруф айтиб не дедик? Тирик етимларини чирқиратиб Макка йўлида савоб излаганлар хор бўлғай! Ровийлар андоқ ривоят айтурлар. Бир гумроҳ ҳаж йўлида ҳориб ибодат қилгани масжидга кирди. Кўрдики, мусофир кимса либосини ямаб ўтирибди. Ул сўради: «Олло ёр бўлсин, қайға борурсан?». «Маккага» — деди йўловчи. Мусофир, «Онанг борми?» деб сўрди. «Ҳа, бор» деди йўловчи. «Азиматингдин онаизоринг розими?» — деди мусофир. Йўловчи, билмадим, деб елка қисди. «Андоғ бўлса, фурсатни ўтказмай, онанг хизматиға отлан, — деди мусофир, — мен эллик маротаба ҳаж қилдим. Бош яланг, оёқ яланг, оч-наҳор дашту биёбон кездим. Вале ҳажим қабул бўлмади. Мен волидаи меҳрибонимни норизо қилғон эдим. Эй, осий банда, фурсат борида онанг ҳузурига шошил, анинг оёқларига йиқил! Истасанг, мен ҳаж савобини сенга берай, сен онангни ризо қилгину топқан шодлиғингни менга бер!» Гумроҳ йўловчи изига қайтди.
Халойиқ гувранди. Хитоблар, баралла дуолар янгради. Шайх давом этди:
— Эй муридимиз Абдурауф! Биз сизга волидаи меҳрибон шодлиғини раво кўрдик! Онангизни тавоф айланг! Зероки, жаннат оналар оёғи остидадур.
Ҳазрат Яшарни оҳиста пастга тушириб қўйди. Бола чопқиллаб момосининг пинжига бориб суқилди.
Оломон тарқала бошлади.
Бир соатдан кейин Шайх карвони йўлга тушди.

3. Фитна ёки наққошнинг хатоси

Агар олим бўлса, жоним тасаддуқ,
Қани олим, қани омил, ёронлар!!
Хожа Аҳмад Яссавий.

Шаҳобиддин ҳожи икки кун уйида «вой-вой»лаб ётди. Қўли гуп бўлиб шишиб кетди. Йиқилганда тилини тишлаб олган эканми, тили ҳам айланмай қолди. Оғзини очолмайди, бурни билан пишиллаб нафас олади. Ингранади, тўлғанади, Оллога ёлвориб, дардига шифо тилайди. «Нажас босиб нега Шайхнинг олдига бордим?» дея пушаймон қилади, масжиднинг баланд айвонини, ошқолдоқни, қути ўчган Шайхни қарғайди, бироқ… «Қуръон ушлаб туриб қасамхўрлик қилган ўзим эмасми?» деган гап хаёлига ҳам келмайди.
Учинчи куни дард зўрлик қилди. Ҳожи «Олло жоним»лаб йиғлашга тушди. Ўғли дарё бўйидан Бойбўсин синиқчини олиб келди.
Бойбўсин бўсаға ҳатлаб кирдию Шаҳобиддиннинг башарасига қараб тўхтаб қолди.
— Ўйпирмой! Қудай урибдиғўй!— деди ёқасини чангаллаб. Сўнг беморнинг ёнига чордона қурди. Ҳожининг ўнг қўлини йилқи мойи билан анчагача силаб ўтирди. Кейин кутилмаганда унинг қўлини силтаб тортди. Ҳожи дод дегани улгурмади. Синиқчи чиққан қўлни қайта жойига солди.
— Э, бўлди, жилама, ҳе шешенгди… Улкен мўлда бўлсанг-да, бала сиёқтисин, — деб уришган бўлди. Ҳожининг билагини тахтакачлаб боғлаб қўйди. Шаҳобиддин имо-ишора билан афтини кўрсатди.
— М…жуз…бет…тим не бўл…лодди?
Синиқчи ҳожининг бежо кўзларига, қийшиқ оғзига тикилиб қаради.
— Ўй, Олло-о! — деди уҳ тортиб, — бул бетингди не қилдинг, мўлда? Шаҳобиддин нимадир демоқчи бўлиб кучанди, бироқ тили калимага келмади.
— Ўтрик сўлладингма? Мўлда деген ўтрик сўйламови керек-қўй. Ий-йа-а… Ай, тугеси сени жин урғон бўлмасин. Ўнда шилёсин қилдир, қароғим. Ўндада одам бўлмасанг, Азретимга бориб, ўзинен дуға сўрайсин. Мен не қиламин, байқуш мўлда аке?
Синиқчи ҳожини Ҳазрати Султон даргоҳига йўллаётган эди. Шаҳобиддин бош чайқади.
— Й-ў-ў… бо…бо-майман…
— Жўқ бўлса, ўзинг билесин, — деди синиқчи, — не бўлса-да, бир жаман ис қилғансинғўй. Кунани жувиб олув керек. Ол, мен кетдим.
Бойбўсин чиқиб кетди. Шаҳобиддин ойна олиб афтига қаради. Қўрқиб кетди. «Наҳотки бир умр қийшиқоғиз бўлиб қолсам? Тиловат не бўлади? Шундай қироат билан биз бу ёқда қолиб, анави занчалиш Мавлуд қорига ўхшаган-лар тўрга ўтиб кетаверадими? Шайхнинг олдига бориб оёғига йиқилсаммикан? Йўқ, бормайман. «Ҳм, қораялоқ, итдай бўлиб келдингми?» демайдими? Ё, Олло, янглишдим, сенинг муборак сўзингга шак келтирдим, ўзинг шафқат қил, осий бандангман, эл-юртга рўсиё, қилма. Тавба қилдим, тавба қилдим, парвардигори олам!..»
Эртасига ҳожи маҳалладан тўрт муллани чақиртирди. Улар Шаҳобиддинни ўртага ўтқазиб қўйиб, босим ўқишга тушдилар. Тўрт мулла уч кунгача сураи «ЁСИН»НИ қирқ мартадан қайтариб чилёсин қилдилар. Ҳожининг дарди енгиллашгандек бўлди, лекин қийшиқ оғзи, бежо кўзлари аслига келмади. У кечалари худога муножот қилиб йиғлади, дуонинг кучини яна беш-олти кун кутди. Охири бетини сидириб ташлаб Ҳазратнинг олдига тавба қилиб боришга жазм қилди. «Биз кетмон чопиб нон ейишга ўрганмаганмиз, ризқимизни Олло ўзи яратган, ризқимиз авом халқ кўнглига каломулло нурини ёғдуриш бирла бутундир. Шу такаббур Шайхнинг олдига тағин бир бораман, гуноҳимдан кечса — кечди, бўлмаса, уволимга қолади, тонгла маҳшарда ўзи жувоб бергай».
Шаҳобиддин ўғлига эшакни эгарлашни буюрди. Кийиниб ташқари чиқди. Ўғли ёнбошидан олди. Ҳожи, бисмилло, деб эшакка мина бошлади. Энди эгарга қўнганда посонгисини йўқотди. Айил бўш тортилган эканми, ё боши айландими, гупиллаб ўнг томонига йиқилди. Сўкиниб ўрнидан турди. Ўғли эса, отасининг афтига қарадию бақрайиб қолди.
— Ҳм, ҳароми, қилғилиқни қилиб, тағин нега без бўлиб турибсан? — деб бақирди ҳожи, — отам қулаб ўлсин дебмидинг, нега айилни бўш тортдинг?
— Айил… қаттиқ эди, ота… — деди ўғил ҳамон ўзига келмай, — ота, бетингиз… қадимгидай бўлиб қолди.
— А?! — Ҳожи жон ҳолатда бетини ишқади, — югур, ойна олиб чиқ! Ўғил югуриб ичкари кириб кетди. Кўзгу олиб чиқди. Ҳожи кўзгуга қараб ишшайди.
— Худога шукур- ей, одам бўлибман, Қара. Нуриддин, бетим аслига қайтибди. Ё Олло!..
Унинг кўнглига «Шайхнинг олдига аввалроқ борсам бўлмасмиди?» деган хаёл келди. Ўғил эшакнинг жиловидан тутди.
— Ота, минасизми?
— А? — деди ҳожи телбанамо кулимсираб, — эшакка миниб нима қиламан, болам?
— Ўзингиз Султонимга бораман, деганингизга…
— Э- э, қўй, болам. Шайхнинг олдида пишириб қўйибдими? Шайхсиз ҳам кунимиз ўтиб турибди. Бор, эшакнинг эгарини олиб ариқнинг бўйига арқонлаб қўй. Мен қозиникига бориб келаман.
Нуриддин эшакни етаклаб ичкари ҳовлига кирди. Ҳожи кўзгуни чўнтагига урди ва бетим тўғри бўлди, деб суюнчи олгани Ашрафхон қозиникига қараб йўрғалади.
Ашрафхон қози пайғамбар ёшидан ўтган бўлса- да, кичкина чағир кўзлари тийрак, оқ-сариқдан келган лўппи юзи тиниқ, тил-забони ўткир қария эди. Ёшлигида уни гумбазқори дейишарди. Аввал муфтий, сўнг қози бўлиб бу лақабдан қутулди. Аммо тенг-тўшлари ҳамон унинг пакана, хомсемизлигига шама қилиб, мазахлаб кулади. Ростдан ҳам бечора қози тикка турганда ярмигача сомон тиқилган катта қопни эслатар, ётганда устига тўшак ё тўн ёпиб қўйилган тандирга менгзаб кетарди. Мана, беш йилдирки, Ашрафхон Совронда қозилик қилади.

Бу йил пайғамбари мурсал ёшига етганини ёд этиб, Маккага отланди. Оллоҳ йўлини берса, Шайхга ҳамроҳ бўлиб, бир ҳафтадан кейин йўлга тушади. Шу боис, неча кундирки, эшигидан одам узилмайди. Биров ҳаж закотини олиб, биров оқ йўл тилаб, келиб-кетиб турибди. Ашрафхон барча тадорикни кўрдию, энг муҳим юмушнинг уҳдасидан чиқолмай дилгир бўлиб ўтирибди. У Самарқанд ҳоқони Маҳмудхонга мактуб битмоғи лозим. Аммо бу мактубни муфтийй, имом дегандек, уламо иштирокида ёзишлари керак эди. Ушбу иншони тахлашда анави пандавақи Шаҳобиддин ҳожи ҳам иштирок этиши лозим эдию уни худо уриб қўйди. Оғзи қийшайиб, қўли чиқиб гўшанишин бўлиб ётганмиш. Бир-икки чақиртирди. Келмади. Сўйлагани қурби йўқ, забони оғзига сиғмас эмиш. «Келабер-да қасамхўр, — деб ичида ғижинди қози, — тилинг, бўлмаса, кўзинг бор, хатни ўқиб бармоқ боссанг бас».
Қозининг олдида патқалам, бир даста ипак қоғоз. У муфтий билан Мавлуд қорини кутиб ўтирибди.
Даҳлизда кимдир оёқ қоқди. Салдан кейин пастак, ўймакор эшик очилди. Остонадан Муҳаммадрасул муфтий энгашиб ўтди. У пешонасини силаб илжайди.
— Ашрафхон, бу дейман, иморат солғонда ёлғиз ўзингизни ўйлабсиз- да, биродар. Бу эшикдан рисоладаги эркаклар ҳам ўтса керак, деб ҳисоб-китоб қилмабсиз. Тағин манглайни уриб олдик. Уйингизга кирмасдан шапалоқ улашасиз.
Муфтий дароз, унинг бўйи салкам уч газ келар қозикалон билан бир замонлар кўп йил мадраса тупроғини ялаганликларидан ҳадди сиғиб, исмини айтар, қалтис ҳазил ҳам қилаверар эди.
Муфтий жўрасининг «Сен паканасан», қабилидаги илмоқдор ҳазилига Ашрафхон кулиб қўя қолди. Кални кал, десанг, бир-икки марта ранжийди, бора-бора бети қотиб, ўрганиб кетади. Ашрафхон қози ҳам бақалоқсан, пакана, хомсемизсан», маъносидаги ботиний ҳазилларга кўникиб қолган. Кўнглига оғир олиб ўтирмайди. Аксинча, рақибининг бирон қусурини топиб ҳисоб-китобни тўғрилайди.
— Туядек бўй бергунча, туймадек ақл берсин, деган экан валламатлар, — деди қози «салом»га муносиб «алик» олиб, — эшикдин ўтганда ақлни ишлатиб кириш керак. Қовуннинг уруғи ҳам кўп бўлади шекилли, дўсти қадрдон,а?
Муфтийнинг калласи сўпоқ, халқ тили билан айтганда «қовунбош» эди. Қози шунга ишора қилди. Муфтий муртини силаб кулимсиради, дўстининг думалок, калласини нишонга олди.
— Орий рост, тақсир, ҳар қалай тарбузникидин кам эмас уруғи.
Кулишдилар. Агар меҳмонхонага «Ассалому алайкум!» деб Шаҳобиддин ҳожи билан Мавлуд қори кириб келмаганларида даҳанаки жанг яна анчагача давом этиши тайин эди.
— Ке, Шаҳоб, — деб қози ҳожига қўлининг учини берди. Унинг рўмол ўралган ўнг қўлига, сўлғин бетига қараб қўйди, — турқинг одам-башара бўлибди. Ит тугул эшак ҳам ҳуркмайди. Не чора қилдинг?
— Кеча ҳам қийшиқ эди, — минғиллаб ўзини оқлади ҳожи, — шул… чилёсиндин сўғин жоғим қимирлайдирғон бўлди…
У узр сўрагани Шайхнинг ҳузурига кетаётганини ҳам, эшакдан йиқилиб аслига қайтганини ҳам яширди.
Қози тағин нишини суқиб олди:
— Мундин буён қасамхўрлигинг тутиб тилинг қичиса, аввал чилёсин қилдириб ол. Сўнг қасам ич! Навзамбилло! Мен сенга неча марта айтдим, пўнгбош! Шайх билан олишма, дедим. Шайх бамисли гуриллаб ёниб турган олов. Узоқдин туриб анинг тафтига исинмоқ керак. Ёвуқ бориш керак эмас, ёвуқ борсанг, куйдирадур!
Мавлуд қори чийиллаб гапга аралашди:
— Хўп доно насиҳат бўлди, тақсир. Орий рост айтдилар, ёнига ёвуқ борсанг, куйдирадур! Илло, қайси бир паллада алх,азар, деб олисроқ юрсангиз- да, ул оловдин учқун сачраб, этагингизга илашадур. Кеча бозоршабга бориб эдим. Бир жунунсифат дарвиш халойиқни оғзига қаратиб густоҳона байтлар айтиб юрибди экан. Садақасини бериб, ўшал байтларини ёзиб олдим. Шайх шаънимизни ерга урибдур, тақсир!
Қори салласининг қатидан ўрама қоғоз олди ва икки қўллаб қозига узатди. Қози шошмай қоғозни ёйди, ёруққа солиб пичирлаб ўқиди. Лабларининг таноби қочди. Баралла товушга ўтди.
— Мулло, муфтий бўлғонлар… ёлғон фатво берғонлар, оқни қаро
қилғонлар, ул тамуғға кирмишлар…
Қози муфтийга қараб маккорона кулиб боқди:
— Лаббай, муфтий жаноблари! “Оқни қаро қилғонлар” дебдими?
— Давом қилинг, қози, давом қилинг! – деди муфтий қизариб.
Ашрафхон қоғозга тикилиб турди-да, бир байт ташлаб ўқиди:
— Ҳаром еган ҳокимлар…
Муфтий илкис қўл чўзди. Аммо қози чаққонлик қилиб қоғозни ортига бекитди.
— Бир байтни ташлаб кетдилар, тақсир! – деди муфтий аччиқланиб. –
Номардлик бўлмасин. Қани, бу ёққа берсинлар-чи!
Қози қоғозни бермади.
— Ўзлари ўқигани ор қилсалар, биздин эшитсинлар, — деди
муфтий. Яссавийнинг бу ҳажвий шеъри икки кун бурун унинг қўлига тушган эди. Муфтий товушини кўтариб завқ билан қироат қилди:
— Қози, имом бўлғонлар, ноҳақ даъво қилғонлар,
Ҳимор янглиғ бўлубон юк остида қолмишлар…
Муфтий хохолаб кулди!
— Қаранг, ҳимор янглиғ бўлубон, дебдими? Тили кескир-да
Ҳазратимизнинг. Сўзини топиб айтади.
Муфтий қозининг ғашига тегиш учун, “ҳимор янглиғ” деган сўзларни турли алфозда қайта-қайта такрорлади. “Ҳимор” эшак дегани эди. Мавлуд қори, энди қози чангимни чиқаради, деб чўчиди. Шаҳобиддин ичида мамнун бўлди: “Сени ҳам тузлайдиган бор, гумбаз”.
Қози жон ҳолатда ҳавода қоғозни шилдиратиб эътироз билдирди:
— Ҳимор эмас, ҳимор эмас! Бу ерда бир сакталик ўтган! – у қорига
ўшқирди, — ҳўв, нодон, бу жоҳил дарвиш не деса ёзиб олабердингми, меъров?! Ҳимор деб аниқ айтдими ё сенинг шалпангқулоғингга ҳимор бўлиб кирдими?
— Айтганини ёздим, тақсир…
— Ана, эшитганини ёзибди қори, — деб муфтий баттар қозининг
ғашига тегди. Ашрафхон жамоатнинг хаёлини чалғитиш учун ҳикматнинг давомини ўқий бошлади:
— Ҳаром еган ҳокимлар, ришва олиб еганлар,
Ўз бармоғин тишлабон қўрқиб туриб қолмишлар.
Буниси тўғри. Ҳокимларда инсоф қолмади. Қозиликнинг
ишларига ҳам бурнини тиқадир. Амлокдан келган дунёга тўймайдир.
Ашрафхон қози тағин ҳадиксираб қоғозга кўз югуртирди.
Ўзининг таърифи йўқлигини қўриб, бемалол ўқишга тушди:

Тотлиқ-тотлиқ еганлар, турлик-турлик кийгонлар,
Олтин тахт ўлтирғонлар тупроқ аро ётмишлар.
Мўъмин қуллар, содиқлар, сидқи бирла турғонлар
Дунёлиғин сарф этиб, учмоҳ ҳурин қучмишлар,
Қул ҳожа Аҳмад билмишсан, ҳақ йўлиға кирмишсан…

— Бе-е, бу ёғи пучак экан, ўзини махтабдур, — деди қози ва қоғозни беилтифот ўраб орқасидаги токчага отиб юборди.
Бир неча дақиқа ҳеч ким чурқ этмади. Бу сукунат нопок бир юмуш устида тил бириктириб, сўнгра бир-бирини сотган ҳамтабақларнинг мулзам ҳолатини эслатарди.
Сукунатни қози бузди.
— Шайх андишани буткул унутди. Шариат пешволарига маломат
тошларини ёғдиришга ўтди. Байт битса, байтига қози, муфтий, аъламни қўшадир, ваъз айтса – ваъзида мулло, имом, қорини мазахлайдир. Бил-балои собир айни, дедик – сабр айладик, ул кишидин инсофу тавфиқ тиладик. Шайхга Оллоҳ инсоф бермади. Ул ҳаддидин чиқди. Бас, минбаъд, бил-қазои рози айни, деб туҳмат тошлариға мўйин суниб турмакка сабру тоқат қолмади. Биз ул тошларни Шайхнинг ўзи томон отмоғимиз даркор, токи ул такаббур билсунки, аркони дин Шайхнинг нақорасиға зикр тушадирғон телба дарвишлар эмас, билъакс, аҳли мўминни шариат аҳкоми ила йўлға бошлайдирғон зоти шарифлардир.
Муфтий сўради:
— Тақсир, ул нечук тошлар эканки, биз ҳам билсак…
— Ниятимиз шулким, Самарқанд ҳоқони Маҳмуд Тамғачхон бинни
Арслонхонга арзнома битгаймиз. Қози бирла муфтий шайхнинг халифаси эрмас, анинг оғзига қараб иш юритмайдур. Биз тамғачхон ҳазратларига тобедирмиз. Бас, Тамғачхон тайин этган зотларни бадном қилмоқ, Маҳмудхон ҳазратларига шак келтирмак бирла баробардир. Бу Шайхнинг биринчи айби.
— Яна айби борми? – деди муфтий, ичида қозининг калтафаҳмлигига кулиб.
— Иншоолло, бор! – калла силкитди қози ва чап биқинидаги парёстиқ
тагидан хатчўп олди, — Шайх тил учида, “Ҳақиқатнинг эшигини очдим”, деб ваъз айтади, илло ўзи риёкорлик қилиб, улуғ ҳоқонимизнинг душманларига равнақ тилайди. Мана далил!
Муфтий безовта қимирлаб қўйди. Қози хатчўпни очиб, ичидан ингичка қоғоз олди, миннат билан муфтийнинг олдига ташлади.
— Марҳамат қилиб ўқисинлар, жаноби муфтий. Бул иншо Жандга, Хоразмшоҳ Алоиддин Отсизнинг валиаҳди Абдулфатҳга юборилган. Отсиз шамсулислом Султон Санжар ҳазратларининг қаттол душмани. Султон Санжар бўлса, Маҳмудхоннинг туғишгани, боз устига соябони. Хўш, бундин не маъно англадилар, муфтий жаноблари?
Муфтий аллақачон хатга кўз югуртирган эди, елкасини қисди.
— Шайх Абдулфатҳнинг босқинлари хусусида бир нима демабди. Анинг қилғон хайр-эҳсонига ташаккур билдириб, нури исломни ёйиш йўлидаги саъй-ҳаракатларина кушойиш тилабдур. Бунинг нимаси риёкорлик, жаноби қози?
Қози шапиллатиб семиз сонига урди.
— Оҳ, суханим-а, воҳ, суханим! Мен не дейману қўбизим не дейди?
Тасаввур қилингки, иккаламиз биродармиз, бир дастурхондин томоқ еймиз. Аммо мен сизни дўст тутиб туриб, сизнинг душманингиз бирла оғиз-бурун ўпишсам, унга муҳаббатнома ёзсам! Мен не деган одам бўлдим? Ҳадемай Шайх Самарқандга боради, Маҳмудхон ҳазратларининг тузини ичади. Хўш, бул мактубни олғоч, тамғачхон Шайхга марҳамат кўзи билан боқадими? Боқмайди. Бизга мана шуниси керак дўстим, Муҳаммадрасул!
Муфтий қозининг кўпириб кетган ўймоқдек кичкина оғзига қаради, хаёлга толди: “Ўзи ҳам, сўзи ҳам кўпик бунинг. Кўзи дарёнинг кўпигини кўради, бироқ кўпик остидаги сувга ғарқ бўлиб кетишини ўйламайди”. Муфтий индамай калла чайқаб қўйди.
— Ҳм, муфтий, сарак-саракка ўтдилар. Кўнглингизга бир иштибоҳ ораладими?
— Жаноби қози… Ашрафхон, — деди муфтий уҳ тортиб, — сиз қалтис ишга
қўл урибсиз. Илло оқибатини сарҳисоб қилмаган кўринадирсиз. Маҳмудхон мазкур мактубни ўқиб, бул нарса қандоқ илкингизга тушди, деб сўраса… не жавоб қилғайсиз? Хожа Аҳмад Яссавийдек шайх ул-машойихнинг шаҳзодаларга ёзадирғон мактуби йўл устида думалаб ётмаса керак, тақсир?
Қозининг бети хино сургандек қизарди. Муфтий уни қўли нопокликда айблаётган эди. Мана бу оғзи ола ҳожи билан лақма қори бўлмаганда очиғини айтарди, олис жигарим, Жанд кутволи Садриддин оталиқ юборибди, дерди. Ҳозир айтолмади. Муғомбирона илжайди.
— Узумини енг, боғини суриштириб нима қиласиз? Буни бизга
Тамғачхоннинг дўстлари етказди. Хон ҳазратларининг дўстлари ҳар ерда ҳозиру нозир.
— Бундин чиқдики, суханчиларингиз етказган. Кишиларни
айблагувчи суханчининг ҳолига вой, дебди Оллоҳ таборак. Ўпкаламасинлар, тақсир, аммо мен бундай… макруҳ ишга бош қўшолмайман.
— Демак, сизга хонимизнинг обрўси бир пул, ўзингизнинг
қадрингиз ҳам сариқ чақа экан-да? Биров бетингизга шапалоқ урса, индамай ишқаб кетаверасиз, шундоқми, муфтий жаноблари?
— Йўқ, ундоқ эмас. Менга биров бир шапалоқ урса, мен жавобан
икки шапалоқ ургаймен. Аммо сувни кўрмай, элдин бурун этик ечмайман. Дунёда қози, муфтийнинг тўғриси ҳам, эгриси ҳам тўлиб ётибди. Шайх байт айтиб, Ашрафхон демабди, Муҳаммадрасул демабди! Ҳайронман, нега бунчалик безовтасиз?
— Мен ҳам сизга қараб ҳайрат бармоғимни тишлаб ўтирибман.
Мабодо сиз қадим ҳамсабағим бўлмаганингизда, сиз бирла қирқ йилдин берисига бир табақдин таом емаганимизда ва… икковимиз бамисоли бир варақнинг икки саҳифаси бўлмаганимизда сизни шак-шубҳасиз, Шайх одами деб гумон қилур эдим. Ўзлари биздин пинҳона Яссавий тариқатига кириб кетмадиларми, дўстим?
— Йўқ, кирмадик. Иншоолло, кирмасмен. Рост, Шайхнинг кўп
жиҳатларини мен ҳам қоралайман. Чунончи, у кишининг илми зоҳирдин илми ботинни афзал билишлари ёҳуд вужуди вожибдин кўра вужуди мумкинга мойил эканлиги шариатга хилофдир. Аммо фуқаропарварлиги таҳсинга лойиқ. Буни кўрмаслик ҳам гуноҳ, тақсир.
Муфтийни ўз тарафига оғдиролмаслигига қозининг кўзи етди.
Муфтий билан орани очиқ қилишнинг иложи йўқ эди. Аввало қозини ҳам, муфтийни ҳам уламолар кенгаши сайлайди. Сўнг хон тасдиғидан ўтади. Қози истаса-истамаса, муфтий билан муроса қилиб ишлашга мажбур. Негаки, фатвони муфтий беради, сўнг қози ҳукм чиқаради. Фатвосиз ҳукм ношаръий, бефатво қози бамисли қурол-яроғи йўқ навкар эди. Шуларни ўйлаб, Ашрафхоннинг фиғони чиқди. Муфтийга ён босиб, қоралаб қўйган арзномасини ёқиб ташлай деса, бултурги алам кўнглида тош бўлиб турибди. Бултур манави бузоқбош ҳожи мадрасада қўлга тушиб ҳайдалгач, жанжал бўлди. Тафтиш пайтида, Шаҳобиддин муллабаччаларнинг ҳақини бир ўзим еганим йўқ, ҳар пайшанба куни қози жаноблариникига ҳам эт-пет ташлаб турардим, деб оғзидан гуллаб қўйди. Бу гап Шайхнинг қулоғига етган экан, жумъа намозида халойиққа ошкор қилибди. Қози тонди, сўнг, мадраса ҳайъатининг маслаҳатига кўра муллабаччаларга бир серка эҳсон қилиб, миш-миш қопқоғини ёпди. Яхшиям у чоғда муфтий Совронда эмас эди, ҳажга кетган эди, эшитмаган экан. Йўқса, бугун юзига чизғириб кўз очирмасди. “Тили узун муфтийнинг, мен қўл кучи билан кун кўраман, деб гариллайди, сўқим семиртириб сотишини писанда қилади. Шайхга тақлид қилмоқчи бўлади. Шайх ҳам белкурак ясармиш, қошиқ йўниб эҳтиёжга ишлатармиш. Қайси аҳмоқ ишонади бунга? Кунда ясайдирғон тўртта оғоч қошиқ бирла бир жуфт белкуракнинг ақчаси не бўлади? Беш жоннинг нониға етадими?.. Хўш, бу дардисар муфтийни не қилсам экан, деб ўйлади қози, ўзим ҳам кулмайман, ўзгани ҳам кулдирмайман, деган касофат шу эмасми?”
Қози ўйлаб-ўйлаб муросаи мадорани маъқул кўрди:
— Начора, бухороликлар айтмоқчи, ихтиёри башумо, — деди кўса
юзидаги сийрак соқолини қашлаб, — зоримиз бор, илло зўримиз йўқ, дўстим.
Муфтий бош чайқади:
— Албатта, ҳар кимнинг мозори бошқа, номаи аъмоли бошқа.
Алалоқибат ҳар ким ўз қилмишига ўзи жавоб бергай.
Муфтий мударрислик ҳам қиларди. Деразадан офтобга қараб
қўйиб фотиҳа қилди.
— Бизга ижозат, тақсирлар. Толиби илмлар мунтазир бўлмасин.
У эшикка етмай энгашди, ҳадемай ҳовлидан ҳам қораси ўчди.
Гарчанд исломда марҳум ила ўзи йўқ кимсани ғийбат қилиш гуноҳи азим саналса-да, қози муфтийни ёмонлаб, рўпарасида ўтирган икки муридни алқаган бўлди.
— Битар ишнинг бошиға яхши келар қошиға, — дебдилар. Муфтий
қариб, мияси айниб қолибди. Энди ошни учовлон пиширгаймиз. Шайхнинг кўзини очиб қўймасак, эрта ўтиб бириси куни Шаҳобиддиннинг куни бошимизга тушиб қолмоғи ҳеч гап эмас… Хўш, мана мен Соброн уламолари номидин Хон жаноблариға арзнома битиб қўйдим. Энди буни бир хаттотга кўчиртирмоқ лозим. Ё ўзинг ёзасанми, Шаҳоб?
Ҳожи ямланди:
— Мен Шайхни ўлимга буюрғон ҳукмни ҳам жон-жон деб адо
этурман. Илло қўл бундоқ… Қори ёзсин.
— Қори бадхат, — деб қози кўнмади, — қорига бўлак хизмат бор.
“Қозикалон мени не балога гирифтор қилар экан?” деб Мавлуд қорининг
юраги така-пука бўлиб кетди. Ашрафхон қози Шайхнинг шаҳзода Абдулфатҳга йўллаган мактубини олиб дастурхонга қўйди. Сўнг жузвдондан яна бир варақ қалин қоғоз чиқарди. У Шайх муҳридан кўчирилган қинғир-қийшиқ нусха эди.
— Сен манавиларни олиб ҳозир Салим наққошга борасан, — деди
қози Шаҳобиддинга, — Шайхнинг хатини кўчирсин, сўнг муҳридин нусха олиб қолип ясаб берсин.
Ҳожи чўчиб тушди.
— Тақсир, наққош кўнармикан? Бировнинг муҳридин нусха ўгирмоқ
учун… муҳр эгасининг ризолиги керак.
Қози тупук сачратиб ўшқирди.
— Сен ўзингга ёлғон фатво ёзиб муҳр босқонингда не қилиб
эдинг, Шайхнинг ризолигини олибмидинг, овсар?!
— Унда мен… қолип ясатмадим… Нусхадан нусха кўчириб, бош
пиёзни икки паллага кесиб … сиёҳлаб босганман…
— Шайтоннинг илмини ўқигансан, ҳожи! Сен қўрқма. Манави хатни
кўргач, уста гумонга бормайди. Ақчасини бераман, рози қиламан, де. Бу хатни қозикалон билан муфтий кутиб ўтирибди, эртага намози асргача тайёр бўлсин, де. Уқдингми?
Ҳожи калла силкиб соғ қўлини кўксига босди.
— Бўпти, сенга жувоб. Хушёр бўл, анграйиб, йўлда тушириб қўйма! –
Ҳожи муҳр билан хатни чўнтагига уриб чиқиб кетди. Қози чўк тушиб ўтирган қорига синовчан тикилди. Мавлуд қори қирқни қоралаган, жунсавағичдай ингичка, қўй кўзлари мастона сузилган, юзи кулчадек бир парча, мўмин-қобил йигит эди. У ҳам Шаҳобиддин ҳожи каби қозининг муридларидан. Аммо ҳожи ўжар, писмиқ, ўлгудай маккор. Бир мирилик фойда чиқадиган ерда жонидан кечиб ётиб олади. Қори эса, лақма, кўнгилчан, уни икки оғиз мақтаб қўйсанг, бас – ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам ураверади. Кейин қўрқоқроқ, қовоқ уйиб дўқ қилсанг, юзтубан оёғингга ташлашдан ор қилмайди. Қози буни хўб билгани учун томоқ қириб, кулимсиради:
— Хўш, қалай, Мавлудбек, сафар жабдуғи тайёрми?
— Тайёр, тақсир, тайёр! – деди қорининг юраги ўйнаб. – Юр деган
кунингиз изингизга тушиб кетаверамиз.
Мавлуд қори бир йилдан бери, “Тақсир, ҳажга зиёратга борсалар, бизни
ҳам ола кетсангиз, тун-кун хизматингизда бўлардик”, деб ҳиқиллаб юрарди. Қози уни бу сафар рўйхатга қўшди. Шу-шу, қачон жўнаймиз экан, дегандек қори кунига икки маҳал қозиникига келиб кетади. Ҳозир қози асл ниятига кўчишдан аввал қорини жиндай қўрқитиб олмоқчи бўлди.
— Яхши-и, мулла Мавлудбек… Аммо анави тошмачитнинг имоми бору…
— Қайси, Турдиқул говми?
— Ҳа, баракалла, ўша. Мени ҳам олакетасиз, деб бўсағамни тўздириб
юборди. Шайх бир кишига базўр рухсат берган. Қандоқ қилиб икковингни олиб кетаман? Ё имом боруви керак, ё сен…
Қорининг жони товонига тушиб кетди. У аҳли хонадон нари турсин, жамики қариндошу биродарларига эълон қилиб қўйган ҳажга кетишини! Ҳатто оби замзам учун кигиз ғилофлик идишгача тайёрлаб ўтирибди. Наҳотки қўҳна бир масжиднинг имоми уни суриб ташлаб шайх карвонига қўшилиб олса!
Мавлуд қори беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
— Тақсир, мени шарманда қилманг! Ўла-ўлгунча хизматингизда бўлай!
Мен сизни отам деганман. Бир оталик қилинг! Не хизмат десангиз, розиман…
— Ўтир! – деди қози мамнун илжайиб. Қори тузсиз хамирдай бўшашиб
турар, энди ундан истаган зувалани ясаш мумкин эди.
Қори тикка тураверди.
— Ўтирмайман, тақсир… Токи, бир оғиз “хўп” деган сўзингизни
эшитмагунимча… хуфтонгача тикка туравераман…
— Қандоқ беодоб боласан, хўп дедим-ку, ўтирғин энди.
Қори бўш қопдай букланиб жойига чўкди.
— Майли, имомни эмас, сени ҳамроҳ қилиб оламан. Аммо
сенга-да арзимаган хизмат бор. Анави Шаҳоб ёздиратурғон арзномаларни сенга бераман. Самарқандга борғонда хон ҳазратларининг қўлиға топширасан.
Қорининг жони ҳалқумига келди. У икки ўт орасида қолган
эди. “Йўқ” деса, Маккага алвидо дейиш керак, хўп деса… Хўп, деса, қўлга тушиб расвои олам бўлиши мумкин.
Қорининг калласи осилиб тиззасига етди. Ниҳоят, у шармандаликни
бўйнига олди.
— Хўп, тақсир, хўп бўлади… – деди эшитилар-эшитилмас товушда.

…Уста Салим, вақтим йўқ, деб аввал ўзини тарозига солди. Сўнг
Шаҳобиддиннинг қўлида ярқираб турган пухта тиллога кўзи тушиб, рози бўлди. Шайхнинг мактубини чиройли қилиб қўчирди, муҳрга қолип ўйди. Лекин бепарволик қилиб, бир хатога йўл қўйди. Бу кичкина хато кейинчалик қози билан қорига кимматга тушди.

Романнинг давомини саҳифа якунида мутолаа қилинг ёки юклаб олинг

Shayx nimqorong‘i hujrada, gul solinmasdan sidirg‘a to‘qilgan turkona sholchada takbir keltirib o‘tiribdi. Uning ko‘zlari yumuq, qo‘lida xurmoi tasbeh. Barmoqlari asta-asta tasbeh donasini teradi, har dona surilganda Ollohning bir ismi yodiga keladi.To‘qson yettinchi dona o‘tganda oyoq tovushi eshitildi. Shayx ko‘zini ochdi.

Sa’dulla Siyoyev
AHMAD YASSAVIY
Roman
08

09Sa’dulla Siyoyev 1939 yil 25 martda Qozog‘istonning Turkiston shahri yaqinidagi Qarnoq qishlog‘ida oilasida tug‘ildi. Yozuvchining birinchi hikoyalar to‘plami “Qasam ichmagan yigit” 1970 yilda chop etildi. Shundan so‘ng S.Siyoyevning “Sadag‘ang ketay” (1972), “To‘ylar muborak” (1975), “Oy borib, omon keling” (1976), “Og‘ir vaznli janjalkash”, “Erkaklar uchun ertaklar” kabi hikoyalar to‘plamlari bosilib chiqqan.
Keyingi yillarda uning qissa va hikoyalardan iborat “Yorug‘lik” (1986), “Beparvo bo‘lmoqchiman” (1990) kitoblari hamda “Avaz” (1987) romani o‘quvchilar hukmiga havola etildi. 1993 yilda uning “Yassaviyning so‘nggi safari” romanining birinchi kitobi, 1997 yilda esa “Haqiqat yo‘li” deb nomlangan ikkinchi kitobi chop qilindi.
S.Siyoyev hikoyalari rus, qozoq, qirg‘iz, tojik tillariga tarjima qilingan. U M.Zoshchenko, L.Lench, A.Arkanov, G.Gorin kabi rus yozuvchilarining hikoyalarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

08

1. Qasamxo‘rning jazosi

Xoja Ahmad Yassaviy Turkiston mulkining shayxul-mashoyixidur. Maqomoti oliy va mashhur, karomoti mutavoliy va nomahsur ermish. Murid va as’hob g‘oyatsiz va shohu gado aning irodat va ixlos ostonida nihoyatsiz ermish.
Alisher Navoiy

001Safar oyining o‘rtalarida mulki Turkiston aro tahlikali xabar tarqaldi:
— Shayx hazratlari Ka’ba ziyoratini ixtiyor etibdilar!
Bu xabar gavjum shaharlar, osuda kentlar, za’faron qirlar, behudud yaylovlar, orasta bog‘lar osha eldan elga, tildan tilga ko‘chdi. Tabiiyki, hijoz safarini birinchi bo‘lib yassiliklar eshitdi.
Shahar bozorida Qarnoq qishlog‘idan kelgan ikki dehqon olma-uzum sotib turgan edi. Biri Nizomiddin xushro‘y, ikkinchisi Kamol qora.
— Qoravoy, eshitdingmi, Hazrati Sulton hajga ketayotgan emish.
Kamol u savatdan bu savatga olma terayotgan edi.
— Yo‘g‘-ye, rostdanmi? — deb bir zum to‘xtab qoldi.
— Rost, boya sen mustahabga ketganingda darvishlar qichqirib o‘tdilar. “Shayxul-mashoyix, Sultonul orifin Xoja Ahmad Yassaviy hazratlari baytul muqaddasga otlandilar!” dedilar.
— Bizni xudo uribdi, Xushro‘y, — dedi Kamolning ruhi tushib, — o‘zimiz endi ilikxonlar zulmidan qutulg‘on edik, lop etib qayta qoraxitoy kelib qolmasa de.
— Kelaman desa, kelaberadi qoraxitoy. Go‘rxonga ikki dunyo bir qadam.
— Shayx bobo yonimizda bo‘lsa, inshoollo, kelolmaydi. Sulton Sanjar pirimizga qo‘l bergan. Bir og‘iz xat bitib yibarsa, Sanjar botir Go‘rxonning yo‘lini kesib chiqadi.
Shu payt rastaga ko‘k movut chakmon kiygan ulamonamo bir kishi keldi. Uning belida qo‘shbelbog‘, qon talashgan yonoqlari turtib chiqqan, ko‘zlari qisiq edi. Begona kimsa indamay uzumdan cho‘qilab yey boshladi.
— Xushro‘y, bu, Shayx bobo shuncha yil qilt etmay bir yerda o‘tirdi. Nega endi qo‘qkisdan… hajga otlanib qoldi ekan-a?
Ko‘k movutli kishi hiringlab kuldi:
— Shunga ham aqling yetmaydimi, nodon? Piringni umri oxirlab qolg‘on. Zavol oldida Makkai Mukarramaga borib qilg‘on gunohlarini sotib olmoqchi u makkor!
U yana uzum cho‘qiladi, uzun, siyrak soqolini selkillatib uzoq kavshandi.
— Uzum qanchadan bo‘ldi? — deb Nizomiddinning betiga ishshayib qara-di. Bu kimsaning betakalluf qilig‘i Xushro‘yning g‘ashiga tegib turgan edi, Shayx boboga til tegdurgani jahlini chiqardi.
— Agar belingizda zunnoringiz bo‘lmasa, suv tekin! — dedi atay uni masxara qilib.
Qo‘shbelbog‘lik kishining qiyiq ko‘zlari kattaroq ochilib ketdi.
— E, napasingni issiq qil-ye, betavfiq! Zunnordin alhazar! —deb qo‘l siltadi, — Alhamdulilloh, ikki qatla ihrom2 bog‘laganmiz. Shahobiddin hoji desang it ham, bit ham taniydur, sen eshitmabsan-da omiy!
— It birla bit tanig‘onni biz qaydin bildik, taqsir…
Ikki dehqon hojining tahlikaga tushganini ko‘rib miriqib kuldilar. Hoji esa, bir shingil uzumga chang soldi-yu, bir nimalarni g‘o‘ldiragancha narigi rastaga o‘tib ketdi.
Kamol yana dardini so‘yladi:
— Ishqilib, sultonim eson-omon qaytsin-da hajdan.
— Inshoollo!
— Har qalay u kishi orqa tog‘imiz edi.
— Ha, balo-qazo kelsa Qoratovday to‘shi bilan to‘sib turardi.
— Hajga bormasalar ham yuz haj qilg‘on odamning savobini olib yuribdilar, to‘g‘rimi?
Nizomiddin javob berishga ulgurmadi. Bozor burchagidagi kalta minordan muazzinning azoni eshitildi:
— Allohu akbar, allo-ohu ak-ba-a-r!!! Ashhadu ollohu lo iloha illollo-o!
Ikki do‘st shosha-pisha mevalarining ustiga bo‘z sirib qo‘yib, shotut soyasiga, peshin namoziga oshiqdilar.
…Hazrat namozni xalifalari bilan birga ado etdi. Salot adosida So‘fi Donishmand Zarnoqiy uning o‘ng tarafida, Hakim ota laqabini olgan xalifasi Sulaymon so‘l tarafida o‘tirardi. Yana bir yaqin mahrami, ustodi avval Arslonbobning dilbandi bo‘lmish Mansurxo‘ja. U darvishlar halqasiga yangi kelib qo‘shilgan navjuvonlarga odobi tariqatni o‘rgatib xonaqohga qaytgan va safga qo‘shilgan edi.
Piri murshid yuziga fotiha tortib, joynamozni yig‘ishtirdi. So‘ng So‘fi Donishmand bilan Sulaymonga ham ijozat berdi. Shayxning yigitlik mavsumidan qolgan bir odati bor. Har safar namoz adosidan keyin tanho qolishni ixtiyor etadi. Ilkiga tasbehni oladi, ko‘zlarini yumadi. Xayol otiga minib vujud shahrini kezadi, yetti iqlimda, to‘qqiz falakda sayr etadi. Arshu kursini aylanadi, lavhu qalamdin ogoh bo‘ladi. Bihamdilloh, ana shu uchqur ot uni Buroq yang‘liq murodiga yetkazdi. Yolg‘iz qolib, salbi vujud aylash — mulohaza, mushohada, takbir tufayli u G‘avsul a’zam Abdulqodir Jiloniy tariqatiga ko‘ngil berdi. Bu tariqatning bir oltin butog‘i bo‘lg‘ay, deb turkiy jahriya sulukini tuzdi. Zikri qalbiy tufayli tili burro bo‘ldi, hikmat aytdi. Turkiyda latif va zarifona bayt aytib bo‘lmas, degan mutakabburlarning og‘ziga urdi. Shukrillahkim, hikmatlari mulki Turkiston aro manzur va mashhur…
Shayx nimqorong‘i hujrada, gul solinmasdan sidirg‘a to‘qilgan turkona sholchada takbir keltirib o‘tiribdi. Uning ko‘zlari yumuq, qo‘lida xurmoi tasbeh. Barmoqlari asta-asta tasbeh donasini teradi, har dona surilganda Ollohning bir ismi yodiga keladi.
To‘qson yettinchi dona o‘tganda oyoq tovushi eshitildi. Shayx ko‘zini ochdi. Ostonada xos xodimi Qutbiddin turardi. Qutbiddin Samarqand podshosi Mahmudxon ibn Arslonxonning suyukli farzandi. O‘n yetti-o‘n sakkiz yoshlarga borgan bu yigit halim tabiatli, fahmi tez sohibi dillardan. Ikki yil mu-qaddam qiblagohi birla Shayx ziyoratiga keldi. So‘ng — tuqqan yurti, volida-yu padaridan voz kechib, shu xilvatda qolib ketdi.
— Buzrukvorim…
Shayx indamay tasbehini o‘giraverdi. Yuz birinchi donani sanab fotiha qildi. Qutbiddin ildam tiz bukib duoga qo‘shildi. So‘ng istihola bilan og‘iz juftladi:
— Buzrukvorim… Sobrondin Shahobiddin hoji… izn so‘raydir.
Shahobiddin… Bu ism Shayx diliga xiralik eltdi. Hozirgina jismi jonini chulg‘ab turgan yog‘duni bulut qoplagandek bo‘ldi,
Shahobiddin maxsum bir vaqtlar ahli dillardan edi. Hakim Sulaymon, So‘fi Donishmand, Bobo Mochin singari muridlari qatorida Yassaviya tariqa-tiga ravnaq tilab Shayxga qo‘l bergan edi. So‘ng shaytoni la’in uni yo‘ldan ozdirdi. Johiliyatga berildi. Hazrat bilan masala talashgani Marvdan imom Marvaziy kelganda maxsum uning yonini oldi, Yassaviyning lafziga chang solib, “Mansuri halloj — kofir!” deb baqirdi. Necha kunlik munozaradan keyin Marvaziy taslim bo‘lgach, tavba qildi. Illo-billo, jahriya tariqatin qabul qildim, pirim, gunohimdan o‘ting, deb yerga bosh urdi. Shayx muruvvat qildi. Biroq maxsum xonaqoh shartlariga chidamadi. Tuqqan yurti Sobronga ketdi. Madrasada mutavalli bo‘ldi. Nafs jilovi ilikdin chiqsa chora yo‘q ekan. Shahobiddin tolibi ilmlarning haqiga xiyonat qilib, Sobrondan ham haydaldi.
Maxsumning boshqa gustohona ishlarini ham Shayx eshitib turibdi. Yurt kezib, xalqi olamni Haq Mustafo yo‘liga da’vat etguvchi darvishlardan xabar keldi. Shahobiddin bultur Sobrondan badarg‘a bo‘lgach, Qoratov ortiga o‘tibdi, Shayxul mashoyix nomidan irshod yozib, o‘zini Qumkent xonaqosining piri deb e’lon qilibdi. O‘shal yolg‘on irshod, mana, Shayxning qo‘lida turibdi. Muhri qalbaki. Asl muhrdan nusxa ko‘chiribdi betavfiq maxsum.
Shayx Qumkentga odam yuborib, maxsumni chaqirtirdi. Uni el ko‘zi o‘ngida masjid ustuniga bog‘lattirib sazoyi qildirmoqchi edi. Biroq Shahobiddin hukmga bo‘ysunmadi, Qumkentdan hajga qochdi. Mana, endi o‘z oyog‘i bilan ke-libdi… Nechuk anga insof ato qilibdur?
Qutbiddin hamon qo‘l qovushtirib pirga itoatkorona tikilib turardi. Shayx yonboshidan Shahobiddinning yolg‘on yorlig‘ini oldi. Yengil qo‘zg‘oldi.
— Maxsum birla el oldida so‘ylasharmiz, — dedi va gulmixdagi sallasiga qo‘l cho‘zdi. Qutbiddin ildam borib dastorni oldi va ikki qo‘llab uzatdi.
— Baraka toping, o‘g‘lim… Odam qalinma?
— Qalin… Isfijobdan ham kelibdir…
Shayxning yuragi sidirildi, keksa ko‘ngli g‘alayon qildi. Isfijob uning ota yurti, kindik qoni to‘kilgan manzil. Qiblagohining turbati, onaizorining bir siqim turpog‘i Isfijobda. Necha yildirki, ziyoratiga yetolmadi. Ko‘ngilni armon, nadomat o‘rtaydi. Olloh nasib etsa, endi yovuq qoldi. Biror haftada tavof aylab ko‘zlariga surtgay.
Hazrat kichkina eshikdan “Bismillo!” deb tashqariga chiqdi. Masjidi Sultoniya oldidagi ulkan maydon odam bilan to‘lgan. Oq dastorlik ulamolar, mo‘jaz, ko‘k sallalik mullabachchalar, xirqa kiygan darvishlaru qop yelkalagan dehqonlar, bola yetaklagan ayollar. Maydon chekkasida otliq kishilar ko‘zga tashlanadi. Egnilariga osgan yarog‘lariga qaraganda ular o‘g‘uz xoni Oltintoshning cheriklariga o‘xshaydi.
Hazratni ko‘rib, navkarlar apil-tapil otlaridan tushdilar.
Sultoni orifin baland ayvonda bir muddat sukut saqlab, xaloyiqqa razm soldi. Olomon ichida avliyo boboning karomatlarini ming bor eshitgan, lekin o‘zini ko‘rmaganlar ko‘p edi. Ularning nazdida avliyo — devqomat, soqoli ko‘kragiga tushgan, sallasi savatdek, to‘nining yengi-yu etaklariga turli xil oyatlar chekilgan haybatli bir kimsa bo‘lishi kerak edi. Hazrati Sulton esa, butunlay bo‘lakcha edi. Ana, u charchoqdanmi, mutolaadanmi kirtaygan osuda ko‘zlarini tikib odamlarga yuvosh, o‘ychan boqib turibdi. Egnida oppoq, odmi yaktak, ingichka qilib o‘ralgan chog‘roq salla. Soqol-mo‘ylabi ham bejirim. Belida zangori belbog‘. Jussasi-da kichkina.
Odamlar hayrat barmog‘ini tishladi. Shundoq kichik jussa, tik qomatli, xushsurat bir kishining avliyo ekanligi, dunyoning to‘rt tarafida to‘qson ming muridi borligi, hatto podsholar ham u kishi bilan maslahatlashib ish qilishi tasavvurga sig‘masdi.
Maydon bosiq guvladi. Besabrroq kimsalar olomonni tirsaklab, peshayvon sari intildi. Shayx atrofiga qaradi. O‘ng tomonda So‘fi Donishmand bilan Mansurxo‘ja, so‘lda Hakimxo‘ja Sulaymon, Bobo Mochinni ko‘rib, qo‘lini ko‘tardi. Hovur andak bosilgandek bo‘ldi.
— Bismillohir rahmonir rohiym! — dedi Hazrat bo‘g‘iq, shirali tovushda. Maydon guvlab aks-sado qaytardi.
— Ollohu akbar!
— Ollohu akbar!
— Ey, ahli mo‘min! Oralaringizda Shahobiddin deb atalmish Shayxul-raisni taniydirg‘on mo‘min musulmon bo‘lsa, mana bu yerga chiqib guvohlik bersin.
Maydon og‘ir sukutga cho‘mdi.
— Hech kim tanimaydirmi?
— Yo‘-o‘-o‘q! Biz Hazrati Sultonni taniymiz! Shayx Shahobiddinni tanimaymiz, — degan hayqiriqlar eshitildi.
— Nechuk tanimaydirsiz?.. Mana u kishim! — Shayx chap yoniga o‘girildi, — taqsir, muridlaringizga o‘zlarini ko‘rsatsinlar…
Shahobiddin Hazratdan bir odimcha ortda turgan edi, tipirchiladi, tisarilib, xalq nazaridan qochmoqchi bo‘ldi. Biroq Bobo Mochinning temir panjasidan qutulolmadi. Bobo Mochin uni tirsagidan mahkam siqib ayvon labiga olib keldi. Odamlar ko‘k movut to‘n kiyib, belini ikki yeridan bog‘lagan qalmoqbashara kishiga ajablanib boqdilar. Shayx boyagidek sokin, qat’iy ovozda xitob qildi:
— Payg‘ambar alayhissalom janoblari “Al-kazzobu lo-ummati” debdilar. Ro‘parangizda turgan osiy banda bul hadisning ma’nisini bilmasmidi? Bilardi. Illo rioya qilmadi. Olloning g‘azabidan qo‘rqmay yolg‘on so‘zladi. Ul nechuk insonki, haq yo‘lig‘a kirgan tolibi ilmlarning haqini yesa! O‘zini ko‘lbor Shayx chog‘lab, behayolik birla o‘ziga o‘zi fatvo yozib olsa! Ahli mo‘min ko‘ziga cho‘p solib riyokorlik qilsa, nafsi hayvoniy deb oxiratini sotsa! Boz ustiga betini qattiq qilib el ichinda hoji to‘ppi kiyib kerilib yursa!
Shahobiddin hojining umidi puchga chiqdi. “Eh, qarib quyulmagan boshim! — deb qarg‘andi ichida. — Gumroh bo‘lmasang, shu mutakabbur Shayxning oldiga mo‘yin solib kelasanmu? Endi ne odam bo‘lding? Nomai a’molingni bilmaganlar ham bilib olur endi. Vodarig‘o, qaysi jin urdi seni, hoji Shahobiddin, nega kelding bu yerga, a, nega ham kelding? Ana endi xorlik tuprog‘iga belanib ro‘siyo bo‘lding, hoji!”
Aslida uning boshqa iloji ham yo‘q edi. YOLG‘ON Fatvo oshkor bo‘lgach, Shahobiddin bir yerda turolmay yurtma-yurt tentirab qoldi. Anavi qovoqbosh darvishlar uning qilmishlarini yetti olamga yoyib ulgurishgan ekan. Maxsum qaysi kent, ovul yo o‘baga borsa, “O‘ziga o‘zi irshod yozib, shayx bo‘lib olgan kimsa siz emasmi, taqsir?”, deb yozg‘irdilar. Xullas, uning ovi yurishmadi, nasibasi qirqildi. Minba’d Shahobiddin nomini o‘zgartirib yo el tanimas yerda istiqomat qilishi yoki Shayxning oldida tavba qilib, jilla qurisa biror masjid imomligini so‘rashi lozim edi. Maxsum ikkinchi yo‘lni tanladi. Illo Shayx uni kechirmadi. Loaqal istig‘for aytishga ham qo‘ymadi, bil’aks, avom xalq ko‘z o‘ngida sharmanda qildi.
— Ey, mo‘minlar! — Hazratning tovushi olisdan, go‘yo samodan gumburlab kelgandek bo‘ldi. — Shariati Mustafoga shak keltirib, birovning haqqiga xiyonat qilg‘on, yolg‘on fatvo ila raiyatning noniga chang solg‘on, ilm olib, ilmiga rioya qilmag‘on, munofiq, haris kimsaning jazosi ne bo‘lg‘ay, ayting!
Xaloyiq havoga musht o‘qtalib shovqin soldi. Saf oldida turgan ulamolardan biri “Sazoyi qilinsun!” deb baqirdi.
— Sazoyi qilinsun!
— Saqqol-murti qirilsun!
— Machitga kirgizmaslik kerak bundayin nafsi buzuqni!
Shahobiddinning o‘takasi yorilgudek bo‘ldi. Joni halqumiga tiqildi. Nazarida hozir, shu yerda uning qo‘l-oyog‘ini bog‘lab, soqol-murtini qirib tashlashadigandek, dag‘-dag‘ titradi.
— Yolg‘on! — dedi u xirillab. — Shayx o‘trik so‘llab turibdur! Man aning etagini ko‘zimga surtmadim. Shul bois menda qasdi bor.
Shayx chap yoniga qarab “Mus’hab!” dedi keskin. Mansurxo‘ja ilkidagi Qur’onni ikki qo‘llab Shahobiddinga tutdi.
— Oling! — dedi Shayx hojiga, — mana shu kalomulloni ushlab qasam iching! Yolg‘on so‘llagan bo‘lsangiz — sizni xudo ursin, magar men yolg‘on degan bo‘lsam — meni xudo ursin! Oling!
Shahobiddin ikkilandi. Agar Qur’on ushlab qasam ichmasa, hozirgina aytgan gaplari abas bo‘lib chiqar, unda (xudo ko‘rsatmasin!) rostdan ham qo‘l-oyog‘ini bog‘lab, soqolini qirib tashlashlari mumkin edi.
Hoji munofiqlik kechirilmas gunoh ekanligini bilib tursa-da, “Iloyo, o‘zingga sig‘indim”, deya Qur’onni qo‘liga oldi. Manglayiga surkab o‘pdi. So‘ng uni ko‘kragiga bosib turib xalqqa o‘girildi.
— Mana shu kalomullo birla qasam ichamanki, Shayx mendek bir begunoh mo‘min musulmonga tuhmat toshini yog‘dirib turibdur. Bir yil muqaddam bizga o‘z qo‘llari birla shahodatnoma yozib berib edilar, endi bo‘lsa, o‘shal yorliqdan ham, muhrdan ham tonib, kaminadek musulmoni komilni badnom qildilar… Parvardigori olam, o‘trik so‘ylayotgan bo‘lsam…
Odamlar nafas olmay, ovozi, butun vujudi titrab ont ichayotgan hojiga baqrayib tikildilar. Ular, “Nahot Hazrati sulton bir musulmonga tuhmat qilsalar, nahot…” degan gumon yukidan lolu karaxt, hayron edilar.
Shayx esa, hojini bunchalikka boradi, deb o‘ylamagan edi. Ellik yildirki, u toat-ibodat bilan band, Qur’oni majidni ming karra xatm qildi, qancha-qancha kufforni dini islomga kiritdi, illo kitob ul-umma ustida yolg‘onni rost deb ont ichayotgan qasamxo‘rni ilk marotaba ko‘rib turibdi!
Shayx yoqasiga qo‘l yugurtirdi. “Astog‘furullo! Astog‘furullo!” deya ichida kalima keltirdi. Tilida kalimai shahodat, dilida — o‘zga bir oyat, o‘zga bir duo…
— …agar o‘trik so‘llayotgan bo‘lsam, mayli, yer tishlayin, og‘zi-murnim qiyshayib qolsa ham roziman…
Hoji Qur’onni o‘pib, Mansurxo‘jaga uzatdi va Hazrat tomonga g‘olibona qarab qo‘ydi-da, ikki qadam chetlandi. Shayx vujudiga jo bo‘lgan va yolg‘iz o‘zigagina ma’lum ruhiy quvvatini jamlab hojining ko‘zlariga qattiq tikildi. Shahobiddin chayqalib ketgandek bo‘ldi. So‘ng gandiraklab ayvon chetiga qarab yurdi. Shayx hamon kalima keltirib o‘tkir nigohi bilan uni ta’qib etib turibdi. Hoji “Changalingdan omon-eson qutuldim-a, Shayx, endi qalaysan?” degandek, mamnun iljaydi. Ana, u uzunchoq ayvon labiga bordi. “Bismillo!” deb zinadan tusha boshladi…
Shayxning qoramtir yuzi tundlashdi. Uning lablari bilinar-bilinmas qimirlab, peshonasida gavhardek ter ko‘rindi.
Ayvon ikki gazcha kelardi. Hoji uch zina o‘tib, to‘rtinchi zinaga borganda qoqildi. Oyog‘i osmondan keldi. Uch dumalab pastga tushdi. Odamlar “O‘-o‘!” deb xitob qildi. Xaloyiq yerda dodlab yotgan hojiga emas, yuzini ters o‘girib ichkari kirib ketayotgan Hazrati Sultonga qo‘rqa-pisa qaradi.
Shahobiddin hojining qo‘li singan, jag‘i chiqib, og‘zi qiyshayib qolgan edi.
Mansurxo‘ja bilan Hakim Sulaymon Shayxning ortidan ergashdilar. So‘fi Donishmand xaloyiq oldida ikki og‘iz uzr aytdi:
— Sultoni orifin hazratlarining siz qavmlariga aytadirg‘on vasiyatlari bor edi. Taassufki, vaziyat ushmundoq bo‘lib qoldi. Ollo nasib etsa, rabbi-ul-avvalning ikkinchi haftasinda Hazrat Makkai Mukarrama sari otlang‘aylar.
— Safar oldidan tag‘in ko‘rishib, Shayximizning amri ma’ruflarini eshitgaysizlar. Qani, omin! Yaratgan egam har bir bandai mo‘minni imonidan mahrum etmasin, balo-qazodin o‘zi asrasin, Ollohu akbar!
Xaloyiq jo‘rovoz bo‘lib duoga qo‘shildi.
Odamlar g‘ovur-g‘uvur bilan tarqala boshladi. Va’z umidida kelgan somelar orasida Kamol qora bilan Nizomiddin xushro‘y ham bor edi. Ular tahlika ichida qolgan olomonga esh bo‘lib, so‘z olishib borardi:
— Kamol, yomon bo‘ldi, a?
— Yomon o‘ldi, Xushro‘y. To‘ng‘iz yegur, hoji-yey, o‘zing-ku, yolg‘on so‘llab qaltirab turibsan. Tavba qildim, deb ketavermaysanmi?
— Shuni ayt-a! Avliyo bilan olishib bo‘larkanmi? Otam rahmatli aytardi, Shayx bobo “Kechiraman, lekin kech uraman”, der ekanlar.
— Bu nima degani, Xushro‘y?
— E, o‘qimagan! Ya’nikim, sen gunoh qilsang, u kishi bir kechiradi, ikki kechiradi… Ammo uchinchisida anavi hojidek bo‘lasan, qoravoy! Ko‘rdingmi, Qur’onni sotgani uchun qo‘li sindi, o‘trik so‘llab imonini yutgani uchun og‘zi qiyshayib qoldi.
— E, qo‘y-ye, unga it o‘xshasin.
Xushro‘y do‘stiga tegishdi:
— Yolg‘on so‘zlama. Gohi-gohida sen ham yolg‘on ishlatib turasan.
— Qachon yolg‘on gapirdim, yolg‘onchi?
— Tunov kuni xotiningga, “Sendan boshqasini desam, har narsa bo‘lay!” deb qasam ichganing-chi, qoravoy?
Kamol xursand bo‘lib do‘stining biqiniga turtdi.
— E, o‘l-a! Bunaqa yolg‘on savob. Shundin bu yog‘iga xotin to‘ra ipakday bo‘lib qoldi. Yur, kun botmay, Qorachiqning yo‘liga chiqib olaylik. Hali bozorga kirib, bolalarga u-bu ham olish kerak.
Ikki do‘st bazzozlikka qarab ketdilar.

2. Yig‘lama, onaizor!

Jannat onalar oyog‘i ostidadur.
Hadis.

Hijriy 541 yil. Rabbiul-avvalning o‘n uchinchisi. Payshanba. YOZ qarib, sunbula kirgan. Yarim tun. Shahriston shirin uyquda.
Shayx mutolaa qilib o‘tirgan edi, ko‘zlari charchab, kitobni yopdi. Yuziga fotiha tortib o‘rnidan turdi. Yengil kiyinib, tashqariga yo‘naldi. Xobxona eshigidan o‘tayotganda, Ruqiya bibiga duch keldi. Rafiqasi bosh egib turardi.
— Otasi, biron xizmat bormidi?
— Bahuzur damingizni olabering, bekam. Hali subhi sodiqqa olis. Bir sayr etgim keldi.
Ruqiya bibi erining ortidan ma’yus qarab qoldi. U jufti haloliga beminnat xizmat qilishni o‘zi uchun savob deb biladigan oqila, ziyrak ayollar toifasidan edi. Biroq… mana, xudoga shukur, bir yostiqqa bosh qo‘yganlariga yigirma yil bo‘libdi. Ana shu yigirma yil badalida Shayx unga onalik xizmatidan bo‘lak vazifani ravo ko‘rmadi. Umri masjid xonaqosida, xalifalar, muridlar qurshovida o‘tadi. Uyga ham tunagani gohi-gohida keladi. Musofirchilikda o‘z xizmatini o‘zi qilib, o‘rganib ketgan ekanlarmi, hanuz odatlarini unutmaganlar. Liboslarini o‘zi parvarishlaydi, tugma qadashmi, yuvishmi, yirtiq-yamog‘ini chatishmi — barini as’hobi hol, ya’ni hamtaboq hujradoshlari birla ado etadi. Ruqiya bibi ikki qizu bir o‘g‘ilni bag‘riga bosib, masjid yonidagi uch xonali torgina hovlida el qatori o‘rtahol yashab keladi.
Hazrat tashqariga chiqdi. Hovlidan gup etib, rayhon isi keldi. Muzdek havo ko‘ksini to‘ldirdi. Ruhi yorishdi. U kichkina eshikni ohista ochib, ostona hatladi. Shayxning uyi shahristonning balandroq qismida, qal’a devoriga yaqin edi. Hazrat sunbula havosiga mast bo‘lib, bir lahza tek turib qoldi. Osmon chechaklari — yulduzlar o‘zaro ko‘z qisib, go‘yo shivirlashayotgandek, to‘lin oy esa, yaxshi pazandaning qo‘lidan chiqqan lochiradek yarqiraydi. Beixtiyor tiliga oyat keldi: “Oy bilan qasam ichaman, yulduz bilan qasam ichaman…”
Masjid sirtiga o‘tdi. Uzun, enlik narvon oldiga borib, bir soniya o‘ylanib turdi-yu “Bismillo!” deb tomga chiqa boshladi. U hech qachon masjid tomiga chiqmagan edi. Bu safar ko‘ngil istagiga qarshilik qilolmadi. Shaharga tepadan nazar solishni, ko‘zlari tolguncha boqishni ixtiyor etdi. Ehtimol, bu so‘nggi nazaridir…
Tomga chiqdi. Tepa salqinroq ekan, eti junjikdi. Osmon bir qarn yaqinroq kelib qolgandek, yulduzlar ham qo‘l cho‘zsa yetgudek, qamari falak esa, boshiga soya solib turgandek tuyuldi. Atrofiga alangladi. Yassidagi eng baland imorat mana shu masjidi Sultoniya edi. Shahriston go‘yo muazzam patnis ustida turgandek, yaqqol ko‘zga tashlanadi. Kungurador qal’a devorlari, qoraxoniylar sulolasining otabegi Bug‘roxon qurdirgan madrasa, bozor timlari, musofirxonalar, bir-biriga ulashib ketgan pastqam, yapasqi uylar, siyrak bog‘lar, sarhovuzlar… bari oyoq ostida yotibdi. Ana, rabotda, boshqopqa oldida darvoza ochilishini kutib yotgan musofirlar ko‘rinadi. Kimdir aravada choponiga o‘ralib uxlab yotibdi, boshqalar otlarini, eshaklarini bog‘lab qo‘yib, qaro yerda bosh osiltirgancha mudrashadi.
Shayx kun botishga o‘girildi. G‘irillab qibla shamoli — dabur esdi. Bu unga yaxshilik alomati bo‘lib tuyuldi. Shukrona keltirdi. O‘zini masjid tomida emas, Arofat tog‘ida turgandek his etdi.
Yulduz uchdi. Mitti bir yulduz olovga aylanib, oltin yoydek havoni tilib o‘tdi. Bu holatni Shayx o‘ziga qiyos qildi, ta’bir yo‘ydi. Nurli chiziq nimtatir falakdan vujudiga ko‘chdi. Keksa ko‘ksi jizillab, tepasidagi mana shu qubbatul osmon kabi mavhum va behudud xayol ichra g‘arq bo‘ldi. Qiblaga qarab turib, munojot qildi: “Xalloqi olam inoyat aylab, yo‘limizni bersa, bugun Makkai mukarrama sari otlang‘aymiz. Nasib etsa, hajar-al-asvadni ko‘zga surtib, yana ona yurtga qaytarmiz. Mabodo bir siqim tuprog‘imiz begona ellarga buyurgan bo‘lsa, na chora, yaratganning irodasi… Qaytib sizni ko‘rolmasak, rizo bo‘ling, ota yurt osmoni! G‘ariblarning ko‘z yoshidek potragan yulduzlar, sizlar ham rizo bo‘ling bizdin. Kechalari gumroh yo‘lovchilarning yo‘lini yoritg‘uvchi qamari falak, rizo bo‘ling! Hademay jamol ko‘rsatadigan oftob!Siz tirikchilik sababchisi, kulli bashariyat umrini davom ettirguvchisiz. Oltmish bir yil ona beshik yanglig‘ murabbiylik qilg‘oningiz uchun rizo bo‘ling! Ariqlar, sizdin ichgan suvim uchun rizo bo‘ling! Daraxtlar, sizdin totingan shirin-shakar mevalarim uchun rizo bo‘ling! Yellar, yuz-ko‘zlarimni siypalab, mahzun chog‘larimda tasalli berdingiz. Gullar, chechaklar, sizlar dimog‘imni xushbo‘y islarga to‘ldirdingiz, bag‘rimga jannat nafasini ufurdingiz. Sizlar ham rizo bo‘ling!Yo azim Sayxun! Seni behisht daryo deydilar. Iloha, chuchuk suvingga yuz chayish qayta nasib etsun. Donolarning dardidek vazmin tog‘lar, miskin, musofir kimsaning xayolidek poyonsiz sahrolar, ma’mur kentlar, ovullar, sizlar ham rizo bo‘ling! Qul Hoja Ahmad Yassaviy otliq bir ummatim bor edi, tili burro, vale ko‘zi namlik, dili g‘amlik xokisor edi, deya yod qilg‘aysiz. Toki diydam ochiq ekan, men ham sizlarni duo birla yod etgayman. Rizo bo‘ling barchangiz, rizo bo‘ling…”
Hazratning ko‘ngli huvillab qolgandek bo‘ldi. Biroq ruhiyati ravshan tortdi. To‘rt tarafiga o‘girilib, hamon g‘aflat uyqusida yotgan shaharga qayta-qayta boqdi. Go‘yo unsiz vidolashdi. So‘ng shoshmay pastga tusha boshladi.
Masjidga kirmoqchi bo‘ldi. Ammo Ruqiya bibini eslab uyiga burildi.
Ruqiya bibi yonib ado bo‘layotgan xira sham oldida erini o‘ylab, iyagiga suyanib o‘tirib edi. Oyoq tovushini eshitib, ildam qo‘zg‘oldi. Hazrat indamay xos xonasiga o‘tdi. Ruqiya bibi unga ergashdi. Shayx mehrob yoniga o‘tirdi. Ruqiya bibi tokchadagi katta shamdonni yoqdi. “Bizga xizmat bormi?” degandek ro‘molining uchini tishlab, itoatkorona kutib turdi.
— Non bilan suv keltiring, Gavharning onasi, —dedi Shayx. Ruqiya bibi erining oldiga bo‘z dasturxon yozdi, narigi xonadan ikki non, bir kosada suv olib kirdi.
— O‘tiring, onasi, — dedi Shayx, — sizga ikki og‘iz gapimiz bor. Ruqiya bibining yuragi bir seskandi. U ohista tiz cho‘kdi. Nazarida eridan shu mahalgacha eshitmagan qaltis bir gap eshitadigandek, cho‘chidi. Hurkib, Shayxning o‘ychan yuziga zimdan razm soldi.
Shayx kosa bilan nonni o‘rtaroqqa surdi. Yerdan ko‘z uzmay, mung‘ayib o‘tirgan Ruqiya bibiga qarab asta dedi:
— Gavharning onasi, men sizdin rizolik tilamoqchiman. Ollo niyatimizga yetkursa, bugun yo‘lga chiqqaymiz. Sizdin yashirmayman, yo‘l olis, borish—kelish orasida bir yil o‘tadi. Inshoollo, farzi aynni ado etib, qayta mana shu dasturxon yoniga qaytgaymiz, degan umiddamen. Valekin, inson bolasi ertaga nima bo‘lishini bilmas. Bu qutlug‘ nafas barchamizga omonatdur. Mabodo qazoimiz yetib… bu tuproqni qayta ko‘rish nasib etmasa, rizo bo‘ling, Gavharning onasi…
Ruqiya bibi piqillab yig‘ladi.
— Ko‘z yosh qilmang. Ko‘z yoshlarni keyinga asrang.
Ruqiya bibi darrov ko‘zlarini artdi.
— Yigirma yildirki, volidalik, zavjalik xizmatlarini beminnat ado etdingiz. Chekkan zahmatlaringizga rozi bo‘ling. Ko‘nglingizni o‘ksitgan bo‘lsak — uzr, bizdin o‘tdi. Vaqtida qattiq — quruq gapirdik, alarni ham kechiring, onasi. Men sizdin roziman, siz ham bizdin rozi bo‘ling. Iloyo, qiyomat kuni yorug‘ yuz birla diydor ko‘rishgaymiz.
Ruqiya bibining boshi egilib, tizzasiga tegay dedi. U erining o‘gitini unutib, unsiz yig‘lashga tushdi.
— Men… ming qatla roziman, Shayxim… Siz ham r-rozi b-bo‘ling…
Hazratning yana bir gapi bor edi. Uni aytsa, Ruqiya bibining rozi bo‘lmasligini biladi. Bu mushfiq ayolning mahzun ko‘nglini battar vayron qilishini ham sezib turibdi. Biroq, baribir, aytishga jazm qildi:
— Onasi, men Ibrohimni ham hajga olib ketsam deb niyat qilib edim… Siz rozi bo‘lsangiz, albatta.
Ruqiya bibining yuragi pora bo‘ldi. U Shayx tomonga qo‘l cho‘zib, mukka yiqildi. Erining etagini mahkam changallab o‘kirib yig‘ladi.
— Meni yolg‘izimdin judo qilmang, Shayxim! Men sho‘rlikka rahm qiling!.. Bir yo‘la ikkovingizdin ham ayrilsam, ikkala qo‘lim kesilmasmu? Biz duoi joningizni qilib o‘tiraylik. Ollo taolo yo‘lingizni ravon qilsun. Yolg‘izginamni tashlab keting, Shayxim…
— Yig‘lamang, Ibrohim yoningizda bo‘ladi, — dedi hazrat.
Bir zaifani ikki ojiza qizi bilan tashlab ketish noinsoflik edi. Shayx xatosini angladi.
Ruqiya bibi boshini ko‘tardi. Yuz-ko‘zini artib, kosadagi suvdan ho‘pladi. Hapriqqani andak bosilgandek bo‘ldi. Shukr qildi. U otasi ko‘nmaydi, deb cho‘chigan edi. Negaki erining fe’lini biladi, kamsuxan, cho‘rtkesar. Bir nimani aytdimi-tamom, aytganini qiladi. Shayxning so‘zi, azmi qarori muhokama etilmas, u farz bo‘lmasa-da, vojib edi.
Hazrat bitta non olib ikkiga bo‘ldi. Yarmini Ruqiya bibining oldiga qo‘ydi.
— Men ulushimni olib ketgayman. Buni siz asrang. Omon-eson qaytib kelsam, ikki yortini birlashtirgaymiz. Ollo har kimning rizqini butun qilsin. Omin! Vallohi zulfazlil aziym!
Shayx suvdan bir ho‘plab, kosani o‘rtaga qo‘ydi. O‘rnidan turdi.
— Biz qaytgunga qadar sizlar Isfijobda istiqomat qilasizlar, tuqqan yeringiz durustroq, — dedi ko‘ngli bo‘shab.
Ruqiya bibi ham isfijoblik, Muso shayx degan ruhoniyning kenja qizi edi. Hazrati Sulton “Bir yilcha uyda bo‘lmas ekanmiz, bular ro‘zg‘or zahmatin chekmasin” degan xayolda oilasini qaynotasining hovlisiga omonat topshirib ketmoqchi edi.
Ruqiya bibining ko‘z yoshidan ko‘pchib ketgan lo‘ppi yuziga qon yugurdi.
Shayx shaxdam yurib, masjidga chiqib ketdi. Masjid ichi charog‘on, xalifayu muridlar safar tadorigini ko‘rayotgan edilar.
Muazzinning azoni yangrashi bilan shaharning to‘rttala qopqasi baravar ochildi. Hazrati Sultonni hajga kuzatmoqchi bo‘lib kelgan irodat ahli yopirilib ichkari kirdi.
Tong otdi. Qadim Yassining mashhur oqteraklari uchida ipak nur o‘ynaydi. Shahriston odam bilan to‘lgan. Hamma masjidi sultoniya tarafga yo‘naladi. Rabotda ham odam qalin. Musofirxonalarda, karvonsaroylarda bo‘yradek bo‘sh joy yo‘q. Qal’a devorining ortida otlar kishnaydi, xachirlar tepinadi, aravalarning g‘iyqillagani, nortuyalarning pishqirgani eshitiladi. Yassi Yassi bo‘lib, ehtimol bunchalik taloto‘pni ko‘rmagandir. Qoratog‘ etagidagi qishloqlardan, Dashti qipchoq yaylovlaridan, Sayxun bo‘ylaridan, islomiyat sarhadi — Jand va Yangikent shaharlaridan to‘p-to‘p bo‘lib, mirishkoru sayyod, qo‘ychivonu kosib, tujjoru dehqon oqib kelmoqda. Birovining tilida duoi xayr, birovining dilida ihrom bog‘lash niyati, biri haj zakotini berib savobga noil bo‘lmoqchi. Shayx hazratlari marhamat qilib, bizni ham safarga ola ketarmi-kan, degan umidvor kimsalar ham yo‘q emas.
Kun nayza bo‘yi ko‘tarildi. El-ulus ila xo‘shlashuv chog‘i yetgan edi. Hazrat xalifalari, ulamo, muridlari qurshovida masjid ayvoniga chiqdi. Xaloyiq tunov kungidan o‘n chandon ko‘p edi. Maydonga sig‘maganlar atrofdagi uylarning tomiga, qal’a devorlariga chiqib, Sulton-ul orifinning va’zini tinglashga mahtal bo‘lib turishardi.
Shayx kiprik qoqmay, mo‘ltirab turgan, yuzlab qorako‘zlarga boqib, bir lahza xayolga toldi: “Bularga ne deydi? Tag‘in amri ma’rufga chorlaydimi? Amri ma’ruf, pand-nasihat ila yomon kishi yaxshiga aylansa, dunyoda o‘g‘ri-yu kazzob, zinokoru ochko‘z qolmasdi. Na iloj, chiqmagan jondin umid, deydilar. Tomchi tosh teshar emish. Zora bu zarradek pandu nasihatimiz ming quloqning birida to‘xtab ijobat bo‘lsa”.
Va’z aytganda, Shayxning ko‘ksida o‘tli bir ilhom paydo bo‘lardi. Hozir ham o‘sha ilhom toshqinidan dili potrab so‘z boshladi:
— Birodarlarim! Oralaringizda o‘ksiganlarni ko‘rib turibman. Ular koshki biz ham Makkai mukarramaga yetib savobga botsak, deya o‘rtanadilar. O‘rtanmasinlar! Haj — farzdir, illo Haq Mustafo, “Ollo taolo suratlaringizga emas, qalbingiz va amallaringizga qaraydi”, demishlar. Jannat badali Makka yo‘lida emas, har bir bandai mo‘minning mana bu yerida, siynai pokidadur. Ba’zi bir xudo bexabar gumrohlar bor, farzandlarining rizqidin qiyib, yemay-ichmay, haj harajatini yig‘naydi. Bunday yo‘l bilan yig‘ilgan mol ham, ixroj ham kufroni ne’matdur. Ahli ayol, avlod, qo‘ni-qo‘shni, miskin-faqirning haqini sarflab savob olaman, degan kishiga Olloning la’nati bo‘lsin! Ko‘ngli siniq g‘aribni ovuting, xayr-ehson qiling, musofir kimsaga bir og‘iz shirin so‘z ayting, yetimning boshini silang, zulm qilmang, birovning dilini og‘ritmang, ariq ochib, ikki tup og‘och ko‘kartiring, qo‘lingizdan kelsa, to‘rtta nodonga ilm o‘rgating, masjid quring, mo‘min-qobil farzand tarbiyalang… Ana shunda jannat darvozalari sizga peshvoz ochilg‘ay.
Ihrom bog‘lay olmadik, deb o‘ksinmasinlar, yaxshilar! Arofat tog‘ini gir aylanib, ihrom bog‘lab qaytgan tili bo‘lak, dili bo‘lak munofiqlarni xo‘p ko‘rdik. Ular olg‘on savoblarini puchak pulga sotdilar. Biri qoziman, dedi, birisi muftiyy, birisi hokimman dedi, birisi imom. Vale haromdin hazar qilmadi. Ollohdin qo‘rqmadi, bandasidin uyolmadi. Ana shular ham hoji do‘ppi kiygan. Zero, eshakning beliga ihrom bog‘lab, hoji do‘ppi kiydurgan birla eshak — eshakligicha qolur, hargiz insonga aylanmas.
Faxri olam Muhammad sallalohu alayhi vassalam, odamlar orasinda olti xil toifa bordirki, ular tongla mahshardin burun do‘zax o‘tig‘a kuygay, deb bashorat qilganlar. Bul toifa jumlasiga zulm qilg‘on hokim, kishilarni bir-biri bilan urishtiruvchi fitnachi, mutakabbir rahbar, xiyonatkor tujjor, farog‘atda kun kechirguvchi nodon va hasadgo‘y olim kirgay. Bas, ey mo‘minlar, duoi baddan alhazar! Duoi baddan qo‘rqmay, g‘aflatda qolg‘on osiylar unutmasinlarki, ota-onaning farzand haqqiga qarg‘ab turib qilg‘an duosi, musofirning tilagi va yana mazlum kimsaning munojoti mustajob bo‘lg‘ay. Xoh vasiyat denglar, xoh nasihat, ahli sunnat, sizga aytar oxir so‘zim shul: to badanga harfi mad yetguncha, yaxshilik tuxmini eksinlar. Yaxshilikdin ne yomonlik ko‘rdingki, yaxshilik qilishni istamaysan, yomonliqdin ne yaxshilik topdingki, hargiz yomonliq qilg‘aysan? Olloning mag‘firati ila hikmat keldi:
Qul xoja Ahmad, yomonlarning yomonisan,
Barcha bug‘doy, el tutmog‘on somoni — san…
Vassalomu bissavob!
Hazrat yuziga fotiha tortdi. Odamlar unga taqlidan takbir aytib, baland ovozda duo qildilar. Shu payt o‘rtaroqda turgan chimmatli ayol bolasining yelkasidan turtdi:
— Bor, bolam, Shayx bobongni oyog‘iga yiqil. Otamni tashlab keting, deb yig‘la. Zora rahm qilsa. Bora qol, bor…
Yetti-sakkiz yoshlardagi, ola to‘n kiygan oriq bolakay ikkilanib, olomon orasidan chiqdi. Ayvon labiga borib, ortiga qaradi. Ayolning o‘ktam tovushi eshitildi:
— Uyalma, bolam! Dardingni ayt, pirim yorlaqaydi.
Shayx xaloyiq ichidan ko‘zi bilan ayolni axtardi. Keyin engashib bolani dast ko‘tarib oldi. Boshini siladi:
— So‘ylang, o‘g‘lim…
Bola indamadi. Yerga qarab tek turaverdi. Ayol yana tovush berdi:
— Yukun, bolam! Shayx bobongga qulluq qil! Hali ne deding yo‘lda, Yasharjon, otamni so‘rab olaman, demadingmi? Aytgin-da, qo‘zichog‘im…
Boladan sas chiqmayotganini ko‘rib, ayol bir-ikki qadam ilgariladi. Ayvonga yaqinroq borib hasratini aytdi:
— Pirim, ana shu norasidaning otasi, yolg‘iz o‘g‘lim, o‘laman sattor Makkaga ketaman, deb turibdi. Xudoning zorini qildim, sen bo‘lmasang, biz qanday kun ko‘ramiz, dedim. Cholimni tuproqqa topshirganman, ishonganimiz ham, suyanganimiz ham shu yolg‘iz o‘g‘il. Orqasida atak-chechak besh bolasi bor. Jon pirim, sadag‘angiz ketay, o‘g‘ilginamga nasihat qiling, bola-chaqasining yoniga qaytsin. Bizni tashlab uydan bosh olib chiqib ketganiga bir yil bo‘ldi. Bir yildin beri darvishlarning orasida yuribdi. Iloyo, oxiratingiz obod bo‘lsin, pirim, bolaginamni qoldirib bering…
Ayol ho‘ngrab yig‘ladi. Shayxning ko‘ngli vayron bo‘ldi. Yetimlik jabrini chekib, onasi diydoriga to‘ymagani uchunmi, ayol kishining ko‘z yoshini ko‘rsa, ko‘ngli buziladi, ich-ichidan bir zaifani yig‘latib, zor qaqshatgan kimsani jazolatib ta’zirini bergisi kelaveradi. Shayx chimmatli ayolga qaradi, xitob qildi:
— Yig‘lamang, onaizor! Inshoollo, o‘g‘lingiz yoningizda qolg‘ay. Aning ismi…
— Rauf, Abdurauf! — dedi bechora ayol umidvorlikdan hovliqib. Hazratning tovushi yanada keskinlashdi:
— Biz amri ma’ruf aytib ne dedik? Tirik yetimlarini chirqiratib Makka yo‘lida savob izlaganlar xor bo‘lg‘ay! Roviylar andoq rivoyat ayturlar. Bir gumroh haj yo‘lida horib ibodat qilgani masjidga kirdi. Ko‘rdiki, musofir kimsa libosini yamab o‘tiribdi. Ul so‘radi: “Ollo yor bo‘lsin, qayg‘a borursan?”. “Makkaga” — dedi yo‘lovchi. Musofir, “Onang bormi?” deb so‘rdi. “Ha, bor” dedi yo‘lovchi. “Azimatingdin onaizoring rozimi?” — dedi musofir. Yo‘lovchi, bilmadim, deb yelka qisdi. “Andog‘ bo‘lsa, fursatni o‘tkazmay, onang xizmatig‘a otlan, — dedi musofir, — men ellik marotaba haj qildim. Bosh yalang, oyoq yalang, och-nahor dashtu biyobon kezdim. Vale hajim qabul bo‘lmadi. Men volidai mehribonimni norizo qilg‘on edim. Ey, osiy banda, fursat borida onang huzuriga shoshil, aning oyoqlariga yiqil! Istasang, men haj savobini senga beray, sen onangni rizo qilginu topqan shodlig‘ingni menga ber!” Gumroh yo‘lovchi iziga qaytdi.
Xaloyiq guvrandi. Xitoblar, baralla duolar yangradi. Shayx davom etdi:
— Ey muridimiz Abdurauf! Biz sizga volidai mehribon shodlig‘ini ravo ko‘rdik! Onangizni tavof aylang! Zeroki, jannat onalar oyog‘i ostidadur.
Hazrat Yasharni ohista pastga tushirib qo‘ydi. Bola chopqillab momosining pinjiga borib suqildi.
Olomon tarqala boshladi.
Bir soatdan keyin Shayx karvoni yo‘lga tushdi.

3. Fitna yoki naqqoshning xatosi

Agar olim bo‘lsa, jonim tasadduq,
Qani olim, qani omil, yoronlar!!
Xoja Ahmad Yassaviy.

Shahobiddin hoji ikki kun uyida “voy-voy”lab yotdi. Qo‘li gup bo‘lib shishib ketdi. Yiqilganda tilini tishlab olgan ekanmi, tili ham aylanmay qoldi. Og‘zini ocholmaydi, burni bilan pishillab nafas oladi. Ingranadi, to‘lg‘anadi, Olloga yolvorib, dardiga shifo tilaydi. “Najas bosib nega Shayxning oldiga bordim?” deya pushaymon qiladi, masjidning baland ayvonini, oshqoldoqni, quti o‘chgan Shayxni qarg‘aydi, biroq… “Qur’on ushlab turib qasamxo‘rlik qilgan o‘zim emasmi?” degan gap xayoliga ham kelmaydi.
Uchinchi kuni dard zo‘rlik qildi. Hoji “Ollo jonim”lab yig‘lashga tushdi. O‘g‘li daryo bo‘yidan Boybo‘sin siniqchini olib keldi.
Boybo‘sin bo‘sag‘a hatlab kirdiyu Shahobiddinning basharasiga qarab to‘xtab qoldi.
— O‘ypirmoy! Quday uribdig‘o‘y!— dedi yoqasini changallab. So‘ng bemorning yoniga chordona qurdi. Hojining o‘ng qo‘lini yilqi moyi bilan anchagacha silab o‘tirdi. Keyin kutilmaganda uning qo‘lini siltab tortdi. Hoji dod degani ulgurmadi. Siniqchi chiqqan qo‘lni qayta joyiga soldi.
— E, bo‘ldi, jilama, he sheshengdi… Ulken mo‘lda bo‘lsang-da, bala siyoqtisin, — deb urishgan bo‘ldi. Hojining bilagini taxtakachlab bog‘lab qo‘ydi. Shahobiddin imo-ishora bilan aftini ko‘rsatdi.
— M…juz…bet…tim ne bo‘l…loddi?
Siniqchi hojining bejo ko‘zlariga, qiyshiq og‘ziga tikilib qaradi.
— O‘y, Ollo-o! — dedi uh tortib, — bul betingdi ne qilding, mo‘lda? Shahobiddin nimadir demoqchi bo‘lib kuchandi, biroq tili kalimaga kelmadi.
— O‘trik so‘lladingma? Mo‘lda degen o‘trik so‘ylamovi kerek-qo‘y. Iy-ya-a… Ay, tugesi seni jin urg‘on bo‘lmasin. O‘nda shilyosin qildir, qarog‘im. O‘ndada odam bo‘lmasang, Azretimga borib, o‘zinen dug‘a so‘raysin. Men ne qilamin, bayqush mo‘lda ake?
Siniqchi hojini Hazrati Sulton dargohiga yo‘llayotgan edi. Shahobiddin bosh chayqadi.
— Y-o‘-o‘… bo…bo-mayman…
— Jo‘q bo‘lsa, o‘zing bilesin, — dedi siniqchi, — ne bo‘lsa-da, bir jaman is qilg‘ansing‘o‘y. Kunani juvib oluv kerek. Ol, men ketdim.
Boybo‘sin chiqib ketdi. Shahobiddin oyna olib aftiga qaradi. Qo‘rqib ketdi. “Nahotki bir umr qiyshiqog‘iz bo‘lib qolsam? Tilovat ne bo‘ladi? Shunday qiroat bilan biz bu yoqda qolib, anavi zanchalish Mavlud qoriga o‘xshagan-lar to‘rga o‘tib ketaveradimi? Shayxning oldiga borib oyog‘iga yiqilsammikan? Yo‘q, bormayman. «Hm, qorayaloq, itday bo‘lib keldingmi?” demaydimi? Yo, Ollo, yanglishdim, sening muborak so‘zingga shak keltirdim, o‘zing shafqat qil, osiy bandangman, el-yurtga ro‘siyo, qilma. Tavba qildim, tavba qildim, parvardigori olam!..»
Ertasiga hoji mahalladan to‘rt mullani chaqirtirdi. Ular Shahobiddinni o‘rtaga o‘tqazib qo‘yib, bosim o‘qishga tushdilar. To‘rt mulla uch kungacha surai “YOSIN”NI qirq martadan qaytarib chilyosin qildilar. Hojining dardi yengillashgandek bo‘ldi, lekin qiyshiq og‘zi, bejo ko‘zlari asliga kelmadi. U kechalari xudoga munojot qilib yig‘ladi, duoning kuchini yana besh-olti kun kutdi. Oxiri betini sidirib tashlab Hazratning oldiga tavba qilib borishga jazm qildi. “Biz ketmon chopib non yeyishga o‘rganmaganmiz, rizqimizni Ollo o‘zi yaratgan, rizqimiz avom xalq ko‘ngliga kalomullo nurini yog‘durish birla butundir. Shu takabbur Shayxning oldiga tag‘in bir boraman, gunohimdan kechsa — kechdi, bo‘lmasa, uvolimga qoladi, tongla mahsharda o‘zi juvob bergay”.
Shahobiddin o‘g‘liga eshakni egarlashni buyurdi. Kiyinib tashqari chiqdi. O‘g‘li yonboshidan oldi. Hoji, bismillo, deb eshakka mina boshladi. Endi egarga qo‘nganda posongisini yo‘qotdi. Ayil bo‘sh tortilgan ekanmi, yo boshi aylandimi, gupillab o‘ng tomoniga yiqildi. So‘kinib o‘rnidan turdi. O‘g‘li esa, otasining aftiga qaradiyu baqrayib qoldi.
— Hm, haromi, qilg‘iliqni qilib, tag‘in nega bez bo‘lib turibsan? — deb baqirdi hoji, — otam qulab o‘lsin debmiding, nega ayilni bo‘sh tortding?
— Ayil… qattiq edi, ota… — dedi o‘g‘il hamon o‘ziga kelmay, — ota, betingiz… qadimgiday bo‘lib qoldi.
— A?! — Hoji jon holatda betini ishqadi, — yugur, oyna olib chiq! O‘g‘il yugurib ichkari kirib ketdi. Ko‘zgu olib chiqdi. Hoji ko‘zguga qarab ishshaydi.
— Xudoga shukur- yey, odam bo‘libman, Qara. Nuriddin, betim asliga qaytibdi. Yo Ollo!..
Uning ko‘ngliga “Shayxning oldiga avvalroq borsam bo‘lmasmidi?” degan xayol keldi. O‘g‘il eshakning jilovidan tutdi.
— Ota, minasizmi?
— A? — dedi hoji telbanamo kulimsirab, — eshakka minib nima qilaman, bolam?
— O‘zingiz Sultonimga boraman, deganingizga…
— E- e, qo‘y, bolam. Shayxning oldida pishirib qo‘yibdimi? Shayxsiz ham kunimiz o‘tib turibdi. Bor, eshakning egarini olib ariqning bo‘yiga arqonlab qo‘y. Men qozinikiga borib kelaman.
Nuriddin eshakni yetaklab ichkari hovliga kirdi. Hoji ko‘zguni cho‘ntagiga urdi va betim to‘g‘ri bo‘ldi, deb suyunchi olgani Ashrafxon qozinikiga qarab yo‘rg‘aladi.
Ashrafxon qozi payg‘ambar yoshidan o‘tgan bo‘lsa- da, kichkina chag‘ir ko‘zlari tiyrak, oq-sariqdan kelgan lo‘ppi yuzi tiniq, til-zaboni o‘tkir qariya edi. Yoshligida uni gumbazqori deyishardi. Avval muftiy, so‘ng qozi bo‘lib bu laqabdan qutuldi. Ammo teng-to‘shlari hamon uning pakana, xomsemizligiga shama qilib, mazaxlab kuladi. Rostdan ham bechora qozi tikka turganda yarmigacha somon tiqilgan katta qopni eslatar, yotganda ustiga to‘shak yo to‘n yopib qo‘yilgan tandirga mengzab ketardi. Mana, besh yildirki, Ashrafxon Sovronda qozilik qiladi.

Bu yil payg‘ambari mursal yoshiga yetganini yod etib, Makkaga otlandi. Olloh yo‘lini bersa, Shayxga hamroh bo‘lib, bir haftadan keyin yo‘lga tushadi. Shu bois, necha kundirki, eshigidan odam uzilmaydi. Birov haj zakotini olib, birov oq yo‘l tilab, kelib-ketib turibdi. Ashrafxon barcha tadorikni ko‘rdiyu, eng muhim yumushning uhdasidan chiqolmay dilgir bo‘lib o‘tiribdi. U Samarqand hoqoni Mahmudxonga maktub bitmog‘i lozim. Ammo bu maktubni muftiyy, imom degandek, ulamo ishtirokida yozishlari kerak edi. Ushbu inshoni taxlashda anavi pandavaqi Shahobiddin hoji ham ishtirok etishi lozim ediyu uni xudo urib qo‘ydi. Og‘zi qiyshayib, qo‘li chiqib go‘shanishin bo‘lib yotganmish. Bir-ikki chaqirtirdi. Kelmadi. So‘ylagani qurbi yo‘q, zaboni og‘ziga sig‘mas emish. “Kelaber-da qasamxo‘r, — deb ichida g‘ijindi qozi, — tiling, bo‘lmasa, ko‘zing bor, xatni o‘qib barmoq bossang bas”.
Qozining oldida patqalam, bir dasta ipak qog‘oz. U muftiy bilan Mavlud qorini kutib o‘tiribdi.
Dahlizda kimdir oyoq qoqdi. Saldan keyin pastak, o‘ymakor eshik ochildi. Ostonadan Muhammadrasul muftiy engashib o‘tdi. U peshonasini silab iljaydi.
— Ashrafxon, bu deyman, imorat solg‘onda yolg‘iz o‘zingizni o‘ylabsiz- da, birodar. Bu eshikdan risoladagi erkaklar ham o‘tsa kerak, deb hisob-kitob qilmabsiz. Tag‘in manglayni urib oldik. Uyingizga kirmasdan shapaloq ulashasiz.
Muftiy daroz, uning bo‘yi salkam uch gaz kelar qozikalon bilan bir zamonlar ko‘p yil madrasa tuprog‘ini yalaganliklaridan haddi sig‘ib, ismini aytar, qaltis hazil ham qilaverar edi.
Muftiy jo‘rasining “Sen pakanasan”, qabilidagi ilmoqdor haziliga Ashrafxon kulib qo‘ya qoldi. Kalni kal, desang, bir-ikki marta ranjiydi, bora-bora beti qotib, o‘rganib ketadi. Ashrafxon qozi ham baqaloqsan, pakana, xomsemizsan», ma’nosidagi botiniy hazillarga ko‘nikib qolgan. Ko‘ngliga og‘ir olib o‘tirmaydi. Aksincha, raqibining biron qusurini topib hisob-kitobni to‘g‘rilaydi.
— Tuyadek bo‘y berguncha, tuymadek aql bersin, degan ekan vallamatlar, — dedi qozi “salom”ga munosib “alik” olib, — eshikdin o‘tganda aqlni ishlatib kirish kerak. Qovunning urug‘i ham ko‘p bo‘ladi shekilli, do‘sti qadrdon,a?
Muftiyning kallasi so‘poq, xalq tili bilan aytganda “qovunbosh” edi. Qozi shunga ishora qildi. Muftiy murtini silab kulimsiradi, do‘stining dumalok, kallasini nishonga oldi.
— Oriy rost, taqsir, har qalay tarbuznikidin kam emas urug‘i.
Kulishdilar. Agar mehmonxonaga “Assalomu alaykum!” deb Shahobiddin hoji bilan Mavlud qori kirib kelmaganlarida dahanaki jang yana anchagacha davom etishi tayin edi.
— Ke, Shahob, — deb qozi hojiga qo‘lining uchini berdi. Uning ro‘mol o‘ralgan o‘ng qo‘liga, so‘lg‘in betiga qarab qo‘ydi, — turqing odam-bashara bo‘libdi. It tugul eshak ham hurkmaydi. Ne chora qilding?
— Kecha ham qiyshiq edi, — ming‘illab o‘zini oqladi hoji, — shul… chilyosindin so‘g‘in jog‘im qimirlaydirg‘on bo‘ldi…
U uzr so‘ragani Shayxning huzuriga ketayotganini ham, eshakdan yiqilib asliga qaytganini ham yashirdi.
Qozi tag‘in nishini suqib oldi:
— Mundin buyon qasamxo‘rliging tutib tiling qichisa, avval chilyosin qildirib ol. So‘ng qasam ich! Navzambillo! Men senga necha marta aytdim, po‘ngbosh! Shayx bilan olishma, dedim. Shayx bamisli gurillab yonib turgan olov. Uzoqdin turib aning taftiga isinmoq kerak. Yovuq borish kerak emas, yovuq borsang, kuydiradur!
Mavlud qori chiyillab gapga aralashdi:
— Xo‘p dono nasihat bo‘ldi, taqsir. Oriy rost aytdilar, yoniga yovuq borsang, kuydiradur! Illo, qaysi bir pallada alx,azar, deb olisroq yursangiz- da, ul olovdin uchqun sachrab, etagingizga ilashadur. Kecha bozorshabga borib edim. Bir jununsifat darvish xaloyiqni og‘ziga qaratib gustohona baytlar aytib yuribdi ekan. Sadaqasini berib, o‘shal baytlarini yozib oldim. Shayx sha’nimizni yerga uribdur, taqsir!
Qori sallasining qatidan o‘rama qog‘oz oldi va ikki qo‘llab qoziga uzatdi. Qozi shoshmay qog‘ozni yoydi, yoruqqa solib pichirlab o‘qidi. Lablarining tanobi qochdi. Baralla tovushga o‘tdi.
— Mullo, muftiy bo‘lg‘onlar… yolg‘on fatvo berg‘onlar, oqni qaro
qilg‘onlar, ul tamug‘g‘a kirmishlar…
Qozi muftiyga qarab makkorona kulib boqdi:
— Labbay, muftiy janoblari! “Oqni qaro qilg‘onlar” debdimi?
— Davom qiling, qozi, davom qiling! – dedi muftiy qizarib.
Ashrafxon qog‘ozga tikilib turdi-da, bir bayt tashlab o‘qidi:
— Harom yegan hokimlar…
Muftiy ilkis qo‘l cho‘zdi. Ammo qozi chaqqonlik qilib qog‘ozni ortiga bekitdi.
— Bir baytni tashlab ketdilar, taqsir! – dedi muftiy achchiqlanib. –
Nomardlik bo‘lmasin. Qani, bu yoqqa bersinlar-chi!
Qozi qog‘ozni bermadi.
— O‘zlari o‘qigani or qilsalar, bizdin eshitsinlar, — dedi
muftiy. Yassaviyning bu hajviy she’ri ikki kun burun uning qo‘liga tushgan edi. Muftiy tovushini ko‘tarib zavq bilan qiroat qildi:
— Qozi, imom bo‘lg‘onlar, nohaq da’vo qilg‘onlar,
Himor yanglig‘ bo‘lubon yuk ostida qolmishlar…
Muftiy xoxolab kuldi!
— Qarang, himor yanglig‘ bo‘lubon, debdimi? Tili keskir-da
Hazratimizning. So‘zini topib aytadi.
Muftiy qozining g‘ashiga tegish uchun, “himor yanglig‘” degan so‘zlarni turli alfozda qayta-qayta takrorladi. “Himor” eshak degani edi. Mavlud qori, endi qozi changimni chiqaradi, deb cho‘chidi. Shahobiddin ichida mamnun bo‘ldi: “Seni ham tuzlaydigan bor, gumbaz”.
Qozi jon holatda havoda qog‘ozni shildiratib e’tiroz bildirdi:
— Himor emas, himor emas! Bu yerda bir saktalik o‘tgan! – u qoriga
o‘shqirdi, — ho‘v, nodon, bu johil darvish ne desa yozib olaberdingmi, me’rov?! Himor deb aniq aytdimi yo sening shalpangqulog‘ingga himor bo‘lib kirdimi?
— Aytganini yozdim, taqsir…
— Ana, eshitganini yozibdi qori, — deb muftiy battar qozining
g‘ashiga tegdi. Ashrafxon jamoatning xayolini chalg‘itish uchun hikmatning davomini o‘qiy boshladi:
— Harom yegan hokimlar, rishva olib yeganlar,
O‘z barmog‘in tishlabon qo‘rqib turib qolmishlar.
Bunisi to‘g‘ri. Hokimlarda insof qolmadi. Qozilikning
ishlariga ham burnini tiqadir. Amlokdan kelgan dunyoga to‘ymaydir.
Ashrafxon qozi tag‘in hadiksirab qog‘ozga ko‘z yugurtirdi.
O‘zining ta’rifi yo‘qligini qo‘rib, bemalol o‘qishga tushdi:

Totliq-totliq yeganlar, turlik-turlik kiygonlar,
Oltin taxt o‘ltirg‘onlar tuproq aro yotmishlar.
Mo‘min qullar, sodiqlar, sidqi birla turg‘onlar
Dunyolig‘in sarf etib, uchmoh hurin quchmishlar,
Qul hoja Ahmad bilmishsan, haq yo‘lig‘a kirmishsan…

— Be-ye, bu yog‘i puchak ekan, o‘zini maxtabdur, — dedi qozi va qog‘ozni beiltifot o‘rab orqasidagi tokchaga otib yubordi.
Bir necha daqiqa hech kim churq etmadi. Bu sukunat nopok bir yumush ustida til biriktirib, so‘ngra bir-birini sotgan hamtabaqlarning mulzam holatini eslatardi.
Sukunatni qozi buzdi.
— Shayx andishani butkul unutdi. Shariat peshvolariga malomat
toshlarini yog‘dirishga o‘tdi. Bayt bitsa, baytiga qozi, muftiy, a’lamni qo‘shadir, va’z aytsa – va’zida mullo, imom, qorini mazaxlaydir. Bil-baloi sobir ayni, dedik – sabr ayladik, ul kishidin insofu tavfiq tiladik. Shayxga Olloh insof bermadi. Ul haddidin chiqdi. Bas, minba’d, bil-qazoi rozi ayni, deb tuhmat toshlarig‘a mo‘yin sunib turmakka sabru toqat qolmadi. Biz ul toshlarni Shayxning o‘zi tomon otmog‘imiz darkor, toki ul takabbur bilsunki, arkoni din Shayxning naqorasig‘a zikr tushadirg‘on telba darvishlar emas, bil’aks, ahli mo‘minni shariat ahkomi ila yo‘lg‘a boshlaydirg‘on zoti shariflardir.
Muftiy so‘radi:
— Taqsir, ul nechuk toshlar ekanki, biz ham bilsak…
— Niyatimiz shulkim, Samarqand hoqoni Mahmud Tamg‘achxon binni
Arslonxonga arznoma bitgaymiz. Qozi birla muftiy shayxning xalifasi ermas, aning og‘ziga qarab ish yuritmaydur. Biz tamg‘achxon hazratlariga tobedirmiz. Bas, Tamg‘achxon tayin etgan zotlarni badnom qilmoq, Mahmudxon hazratlariga shak keltirmak birla barobardir. Bu Shayxning birinchi aybi.
— Yana aybi bormi? – dedi muftiy, ichida qozining kaltafahmligiga kulib.
— Inshoollo, bor! – kalla silkitdi qozi va chap biqinidagi paryostiq
tagidan xatcho‘p oldi, — Shayx til uchida, “Haqiqatning eshigini ochdim”, deb va’z aytadi, illo o‘zi riyokorlik qilib, ulug‘ hoqonimizning dushmanlariga ravnaq tilaydi. Mana dalil!
Muftiy bezovta qimirlab qo‘ydi. Qozi xatcho‘pni ochib, ichidan ingichka qog‘oz oldi, minnat bilan muftiyning oldiga tashladi.
— Marhamat qilib o‘qisinlar, janobi muftiy. Bul insho Jandga, Xorazmshoh Aloiddin Otsizning valiahdi Abdulfathga yuborilgan. Otsiz shamsulislom Sulton Sanjar hazratlarining qattol dushmani. Sulton Sanjar bo‘lsa, Mahmudxonning tug‘ishgani, boz ustiga soyaboni. Xo‘sh, bundin ne ma’no angladilar, muftiy janoblari?
Muftiy allaqachon xatga ko‘z yugurtirgan edi, yelkasini qisdi.
— Shayx Abdulfathning bosqinlari xususida bir nima demabdi. Aning qilg‘on xayr-ehsoniga tashakkur bildirib, nuri islomni yoyish yo‘lidagi sa’y-harakatlarina kushoyish tilabdur. Buning nimasi riyokorlik, janobi qozi?
Qozi shapillatib semiz soniga urdi.
— Oh, suxanim-a, voh, suxanim! Men ne deymanu qo‘bizim ne deydi?
Tasavvur qilingki, ikkalamiz birodarmiz, bir dasturxondin tomoq yeymiz. Ammo men sizni do‘st tutib turib, sizning dushmaningiz birla og‘iz-burun o‘pishsam, unga muhabbatnoma yozsam! Men ne degan odam bo‘ldim? Hademay Shayx Samarqandga boradi, Mahmudxon hazratlarining tuzini ichadi. Xo‘sh, bul maktubni olg‘och, tamg‘achxon Shayxga marhamat ko‘zi bilan boqadimi? Boqmaydi. Bizga mana shunisi kerak do‘stim, Muhammadrasul!
Muftiy qozining ko‘pirib ketgan o‘ymoqdek kichkina og‘ziga qaradi, xayolga toldi: “O‘zi ham, so‘zi ham ko‘pik buning. Ko‘zi daryoning ko‘pigini ko‘radi, biroq ko‘pik ostidagi suvga g‘arq bo‘lib ketishini o‘ylamaydi”. Muftiy indamay kalla chayqab qo‘ydi.
— Hm, muftiy, sarak-sarakka o‘tdilar. Ko‘nglingizga bir ishtiboh oraladimi?
— Janobi qozi… Ashrafxon, — dedi muftiy uh tortib, — siz qaltis ishga
qo‘l uribsiz. Illo oqibatini sarhisob qilmagan ko‘rinadirsiz. Mahmudxon mazkur maktubni o‘qib, bul narsa qandoq ilkingizga tushdi, deb so‘rasa… ne javob qilg‘aysiz? Xoja Ahmad Yassaviydek shayx ul-mashoyixning shahzodalarga yozadirg‘on maktubi yo‘l ustida dumalab yotmasa kerak, taqsir?
Qozining beti xino surgandek qizardi. Muftiy uni qo‘li nopoklikda ayblayotgan edi. Mana bu og‘zi ola hoji bilan laqma qori bo‘lmaganda ochig‘ini aytardi, olis jigarim, Jand kutvoli Sadriddin otaliq yuboribdi, derdi. Hozir aytolmadi. Mug‘ombirona iljaydi.
— Uzumini yeng, bog‘ini surishtirib nima qilasiz? Buni bizga
Tamg‘achxonning do‘stlari yetkazdi. Xon hazratlarining do‘stlari har yerda hoziru nozir.
— Bundin chiqdiki, suxanchilaringiz yetkazgan. Kishilarni
ayblaguvchi suxanchining holiga voy, debdi Olloh taborak. O‘pkalamasinlar, taqsir, ammo men bunday… makruh ishga bosh qo‘sholmayman.
— Demak, sizga xonimizning obro‘si bir pul, o‘zingizning
qadringiz ham sariq chaqa ekan-da? Birov betingizga shapaloq ursa, indamay ishqab ketaverasiz, shundoqmi, muftiy janoblari?
— Yo‘q, undoq emas. Menga birov bir shapaloq ursa, men javoban
ikki shapaloq urgaymen. Ammo suvni ko‘rmay, eldin burun etik yechmayman. Dunyoda qozi, muftiyning to‘g‘risi ham, egrisi ham to‘lib yotibdi. Shayx bayt aytib, Ashrafxon demabdi, Muhammadrasul demabdi! Hayronman, nega bunchalik bezovtasiz?
— Men ham sizga qarab hayrat barmog‘imni tishlab o‘tiribman.
Mabodo siz qadim hamsabag‘im bo‘lmaganingizda, siz birla qirq yildin berisiga bir tabaqdin taom yemaganimizda va… ikkovimiz bamisoli bir varaqning ikki sahifasi bo‘lmaganimizda sizni shak-shubhasiz, Shayx odami deb gumon qilur edim. O‘zlari bizdin pinhona Yassaviy tariqatiga kirib ketmadilarmi, do‘stim?
— Yo‘q, kirmadik. Inshoollo, kirmasmen. Rost, Shayxning ko‘p
jihatlarini men ham qoralayman. Chunonchi, u kishining ilmi zohirdin ilmi botinni afzal bilishlari yohud vujudi vojibdin ko‘ra vujudi mumkinga moyil ekanligi shariatga xilofdir. Ammo fuqaroparvarligi tahsinga loyiq. Buni ko‘rmaslik ham gunoh, taqsir.
Muftiyni o‘z tarafiga og‘dirolmasligiga qozining ko‘zi yetdi.
Muftiy bilan orani ochiq qilishning iloji yo‘q edi. Avvalo qozini ham, muftiyni ham ulamolar kengashi saylaydi. So‘ng xon tasdig‘idan o‘tadi. Qozi istasa-istamasa, muftiy bilan murosa qilib ishlashga majbur. Negaki, fatvoni muftiy beradi, so‘ng qozi hukm chiqaradi. Fatvosiz hukm noshar’iy, befatvo qozi bamisli qurol-yarog‘i yo‘q navkar edi. Shularni o‘ylab, Ashrafxonning fig‘oni chiqdi. Muftiyga yon bosib, qoralab qo‘ygan arznomasini yoqib tashlay desa, bulturgi alam ko‘nglida tosh bo‘lib turibdi. Bultur manavi buzoqbosh hoji madrasada qo‘lga tushib haydalgach, janjal bo‘ldi. Taftish paytida, Shahobiddin mullabachchalarning haqini bir o‘zim yeganim yo‘q, har payshanba kuni qozi janoblarinikiga ham et-pet tashlab turardim, deb og‘zidan gullab qo‘ydi. Bu gap Shayxning qulog‘iga yetgan ekan, jum’a namozida xaloyiqqa oshkor qilibdi. Qozi tondi, so‘ng, madrasa hay’atining maslahatiga ko‘ra mullabachchalarga bir serka ehson qilib, mish-mish qopqog‘ini yopdi. Yaxshiyam u chog‘da muftiy Sovronda emas edi, hajga ketgan edi, eshitmagan ekan. Yo‘qsa, bugun yuziga chizg‘irib ko‘z ochirmasdi. “Tili uzun muftiyning, men qo‘l kuchi bilan kun ko‘raman, deb garillaydi, so‘qim semirtirib sotishini pisanda qiladi. Shayxga taqlid qilmoqchi bo‘ladi. Shayx ham belkurak yasarmish, qoshiq yo‘nib ehtiyojga ishlatarmish. Qaysi ahmoq ishonadi bunga? Kunda yasaydirg‘on to‘rtta og‘och qoshiq birla bir juft belkurakning aqchasi ne bo‘ladi? Besh jonning nonig‘a yetadimi?.. Xo‘sh, bu dardisar muftiyni ne qilsam ekan, deb o‘yladi qozi, o‘zim ham kulmayman, o‘zgani ham kuldirmayman, degan kasofat shu emasmi?”
Qozi o‘ylab-o‘ylab murosai madorani ma’qul ko‘rdi:
— Nachora, buxoroliklar aytmoqchi, ixtiyori bashumo, — dedi ko‘sa
yuzidagi siyrak soqolini qashlab, — zorimiz bor, illo zo‘rimiz yo‘q, do‘stim.
Muftiy bosh chayqadi:
— Albatta, har kimning mozori boshqa, nomai a’moli boshqa.
Alaloqibat har kim o‘z qilmishiga o‘zi javob bergay.
Muftiy mudarrislik ham qilardi. Derazadan oftobga qarab
qo‘yib fotiha qildi.
— Bizga ijozat, taqsirlar. Tolibi ilmlar muntazir bo‘lmasin.
U eshikka yetmay engashdi, hademay hovlidan ham qorasi o‘chdi.
Garchand islomda marhum ila o‘zi yo‘q kimsani g‘iybat qilish gunohi azim sanalsa-da, qozi muftiyni yomonlab, ro‘parasida o‘tirgan ikki muridni alqagan bo‘ldi.
— Bitar ishning boshig‘a yaxshi kelar qoshig‘a, — debdilar. Muftiy
qarib, miyasi aynib qolibdi. Endi oshni uchovlon pishirgaymiz. Shayxning ko‘zini ochib qo‘ymasak, erta o‘tib birisi kuni Shahobiddinning kuni boshimizga tushib qolmog‘i hech gap emas… Xo‘sh, mana men Sobron ulamolari nomidin Xon janoblarig‘a arznoma bitib qo‘ydim. Endi buni bir xattotga ko‘chirtirmoq lozim. Yo o‘zing yozasanmi, Shahob?
Hoji yamlandi:
— Men Shayxni o‘limga buyurg‘on hukmni ham jon-jon deb ado
eturman. Illo qo‘l bundoq… Qori yozsin.
— Qori badxat, — deb qozi ko‘nmadi, — qoriga bo‘lak xizmat bor.
“Qozikalon meni ne baloga giriftor qilar ekan?” deb Mavlud qorining
yuragi taka-puka bo‘lib ketdi. Ashrafxon qozi Shayxning shahzoda Abdulfathga yo‘llagan maktubini olib dasturxonga qo‘ydi. So‘ng juzvdondan yana bir varaq qalin qog‘oz chiqardi. U Shayx muhridan ko‘chirilgan qing‘ir-qiyshiq nusxa edi.
— Sen manavilarni olib hozir Salim naqqoshga borasan, — dedi
qozi Shahobiddinga, — Shayxning xatini ko‘chirsin, so‘ng muhridin nusxa olib qolip yasab bersin.
Hoji cho‘chib tushdi.
— Taqsir, naqqosh ko‘narmikan? Birovning muhridin nusxa o‘girmoq
uchun… muhr egasining rizoligi kerak.
Qozi tupuk sachratib o‘shqirdi.
— Sen o‘zingga yolg‘on fatvo yozib muhr bosqoningda ne qilib
eding, Shayxning rizoligini olibmiding, ovsar?!
— Unda men… qolip yasatmadim… Nusxadan nusxa ko‘chirib, bosh
piyozni ikki pallaga kesib … siyohlab bosganman…
— Shaytonning ilmini o‘qigansan, hoji! Sen qo‘rqma. Manavi xatni
ko‘rgach, usta gumonga bormaydi. Aqchasini beraman, rozi qilaman, de. Bu xatni qozikalon bilan muftiy kutib o‘tiribdi, ertaga namozi asrgacha tayyor bo‘lsin, de. Uqdingmi?
Hoji kalla silkib sog‘ qo‘lini ko‘ksiga bosdi.
— Bo‘pti, senga juvob. Xushyor bo‘l, angrayib, yo‘lda tushirib qo‘yma! –
Hoji muhr bilan xatni cho‘ntagiga urib chiqib ketdi. Qozi cho‘k tushib o‘tirgan qoriga sinovchan tikildi. Mavlud qori qirqni qoralagan, junsavag‘ichday ingichka, qo‘y ko‘zlari mastona suzilgan, yuzi kulchadek bir parcha, mo‘min-qobil yigit edi. U ham Shahobiddin hoji kabi qozining muridlaridan. Ammo hoji o‘jar, pismiq, o‘lguday makkor. Bir mirilik foyda chiqadigan yerda jonidan kechib yotib oladi. Qori esa, laqma, ko‘ngilchan, uni ikki og‘iz maqtab qo‘ysang, bas – o‘zini o‘tga ham, suvga ham uraveradi. Keyin qo‘rqoqroq, qovoq uyib do‘q qilsang, yuztuban oyog‘ingga tashlashdan or qilmaydi. Qozi buni xo‘b bilgani uchun tomoq qirib, kulimsiradi:
— Xo‘sh, qalay, Mavludbek, safar jabdug‘i tayyormi?
— Tayyor, taqsir, tayyor! – dedi qorining yuragi o‘ynab. – Yur degan
kuningiz izingizga tushib ketaveramiz.
Mavlud qori bir yildan beri, “Taqsir, hajga ziyoratga borsalar, bizni
ham ola ketsangiz, tun-kun xizmatingizda bo‘lardik”, deb hiqillab yurardi. Qozi uni bu safar ro‘yxatga qo‘shdi. Shu-shu, qachon jo‘naymiz ekan, degandek qori kuniga ikki mahal qozinikiga kelib ketadi. Hozir qozi asl niyatiga ko‘chishdan avval qorini jinday qo‘rqitib olmoqchi bo‘ldi.
— Yaxshi-i, mulla Mavludbek… Ammo anavi toshmachitning imomi boru…
— Qaysi, Turdiqul govmi?
— Ha, barakalla, o‘sha. Meni ham olaketasiz, deb bo‘sag‘amni to‘zdirib
yubordi. Shayx bir kishiga bazo‘r ruxsat bergan. Qandoq qilib ikkovingni olib ketaman? Yo imom boruvi kerak, yo sen…
Qorining joni tovoniga tushib ketdi. U ahli xonadon nari tursin, jamiki qarindoshu birodarlariga e’lon qilib qo‘ygan hajga ketishini! Hatto obi zamzam uchun kigiz g‘iloflik idishgacha tayyorlab o‘tiribdi. Nahotki qo‘hna bir masjidning imomi uni surib tashlab shayx karvoniga qo‘shilib olsa!
Mavlud qori beixtiyor o‘rnidan turib ketdi.
— Taqsir, meni sharmanda qilmang! O‘la-o‘lguncha xizmatingizda bo‘lay!
Men sizni otam deganman. Bir otalik qiling! Ne xizmat desangiz, roziman…
— O‘tir! – dedi qozi mamnun iljayib. Qori tuzsiz xamirday bo‘shashib
turar, endi undan istagan zuvalani yasash mumkin edi.
Qori tikka turaverdi.
— O‘tirmayman, taqsir… Toki, bir og‘iz “xo‘p” degan so‘zingizni
eshitmagunimcha… xuftongacha tikka turaveraman…
— Qandoq beodob bolasan, xo‘p dedim-ku, o‘tirg‘in endi.
Qori bo‘sh qopday buklanib joyiga cho‘kdi.
— Mayli, imomni emas, seni hamroh qilib olaman. Ammo
senga-da arzimagan xizmat bor. Anavi Shahob yozdiraturg‘on arznomalarni senga beraman. Samarqandga borg‘onda xon hazratlarining qo‘lig‘a topshirasan.
Qorining joni halqumiga keldi. U ikki o‘t orasida qolgan
edi. “Yo‘q” desa, Makkaga alvido deyish kerak, xo‘p desa… Xo‘p, desa, qo‘lga tushib rasvoi olam bo‘lishi mumkin.
Qorining kallasi osilib tizzasiga yetdi. Nihoyat, u sharmandalikni
bo‘yniga oldi.
— Xo‘p, taqsir, xo‘p bo‘ladi… – dedi eshitilar-eshitilmas tovushda.

…Usta Salim, vaqtim yo‘q, deb avval o‘zini taroziga soldi. So‘ng
Shahobiddinning qo‘lida yarqirab turgan puxta tilloga ko‘zi tushib, rozi bo‘ldi. Shayxning maktubini chiroyli qilib qo‘chirdi, muhrga qolip o‘ydi. Lekin beparvolik qilib, bir xatoga yo‘l qo‘ydi. Bu kichkina xato keyinchalik qozi bilan qoriga kimmatga tushdi.

 

Sa’dulla Siyoyev. Ahmad Yassaviy. Roman

022

(Tashriflar: umumiy 4 154, bugungi 1)

6 izoh

  1. Ажойиб асар! Тарихий асарларни ҳаққоний қилиб ёзиш мушкул вазифа. Лекин, Саъдулла Сиёев ўз маҳорати билан ажойиб асар яратган. Катта раҳмат, Саъдулла ака!

  2. Assalomu alaykum aziz kutub xona admini sizga raxmad joniz omon bolsin bu bobo kolonimiz xoja axmd yassaviy romanini qolgan qisimlatini qayerdan topsak boladi

  3. Men bu kitobning birinshi qismini qayta-qayta o’qib chiqdim.Asarning 2-qismini o’qish uchun ancha vaqtdan buyon izlayapman.Adibning ijodlariga rivoj,sog’lik salomatlik tilayman

  4. Asar juda zo’r yozilgan!
    Rahmat barchalaringizga
    Ishlaringizga omad tilayman!

Izoh qoldiring