Samarqanddagi muqaddas qadamjolar (Imom Al-Buxoriy, Xoja Ahrori Valiy majmualari) Video.

012
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:  Тажрибада кўрилганки, кимки «Саҳеҳи Бухорий» китобини бошига қўйиб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини офатлардан сақлаб қолади. Илгарилари ҳам ҳар қачон Самарқанд шаҳрига бирор офат келса, шаҳар хослари йиғилиб дуо қилсалар дуолари ижобат бўлиб, у бало мусулмонлар бошидан дафъ бўларди…
Хожа Аҳрори Валий ҳазрат мавлоно Яъқуб Чархийнинг муриди бўлиб, у (бухоролик) ҳазрат Хожа Баҳо ва-д-дин Нақшбанднинг муридидир. Лекин мавлоно Яъқуб тугалликни ҳазрат Хожа Ало ва-д-дин Аттордан топган. Хожа Ало ва-д-дин Аттор хожа Баҳо ва-ддиннинг халифаси эди. Хожа Аҳрор шайхлик йўлини касб этиб юрган чоғларида, Ҳирот, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафар этиб, ўша замонинг шайхлари бўлган Сайид Қосим, мавлоно Низом ид-дин Хомуш, шайх Баҳо ва-д-дин Умар сингари зотларнинг сухбатларига етишди. Энг кейин мавлоно Яъқуб Чархийга йўлиқиб, мурид бўлди ва у кишидан тугаллик топиб, замоннинг биринчиси ва жаҳоннинг тенгсиз бир кишиси бўлди.

01

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан:
Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик, зиёратгоҳ. Имом ал-Бухорий дафн этилган Челак тумани Хартанг қишлоғидаги қабристон мусулмон ахлининг энг табаррук ва азиз зиёратгохларидан бўлиб келган. 16-а.да Имом ал-Бухорий кабри устига мўъжазгина макбара, ёнига масжид қурилиб, ҳовлисига бир неча туп чинор экилган. Лекин шўро тузуми давридаги даҳрийлик сиёсати туфайли бу маскан каровсиз аҳволга тушиб қолган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Имом ал-Бухорий каби бутун умрини иймон ва эътиқод, илм-маърифат, диёнат йўлида бахшида этган улуғ зотлар хотираларини эъзозлаш, улар номлари б-н боғлик жойларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор берила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апр.даги «Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида алломанинг мақбараси ўрнида махсус ёдгорлик мажмуи барпо этилди. Бу ёдгорлик мажмуи Ўзбекистан Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарканд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон, Шаҳрисабз халқ усталари томонидан 1998 й.да қурилди.
Мажмуа авваламбор зиёратгоҳ, муқаддас қадамжо, сўнг кундалик, жума, ҳайит намозлари ўқиладиган жой вазифасини ўтайди. Бу ерда ҳадис илминм ўрганиш ва б. маърифий ишларни амалга ошириш ҳам кўзланган. Ёдгорлик мажмуининг бош режасини тузишда анъанавий миллий меъморий ечимлар (пештоқ, равоқ, гумбаз, айвон ва б.) асосида барпо этилган бинолар (мақбара, масжид, маъмурий ва б. иншоотлар) нинг ҳовли атрофида шаклланиши кўзда тутилган. Мажмуа олдидаги маъмурий бинонинг (ўлчами 106,0×12,0 м) бош тарзи жан.га қараган. Ёдгорликка учта пештокли, ўймакор эшикли дарвозахоналар орқали кирилади. Асосий дарвозахона-нинг олди ва ҳовли томонидан анъанавий услубда маҳобатли пештоқ ишланган (ўлчами 12,0×14,6 м). Миёнсарой диаметри 10,5 м ли мовий гумбаз б-н ёпилган. Олд пештоқнинг икки тарафида моҳирлик б-н ишланган кошинлар орасига араб ва лотин алифболарида ёдгорликнинг қурилиши ҳақида маълумот берадиган лавҳа ўрнатилган. Икки канотдаги нисбатан кичик пештоқли дарвозахоналар (гумбазининг диаметри 6,0 м) бинонинг мутаносиб равишда яхлитлигини сақлаган ҳолда унга ўзига хос салобат бахш этади. Катта дарвозахонанинг ўнг тарафида маъмурий ва б. ёрдамчи хоналар жойлашган. Бош йўлнинг ўнг тарафида фаввора қурилган. Ундан чапда, масжид тарафда қад. чинорлар ва ҳовуз сақланиб қолган. Ҳовли саҳнидаги йўлаклар чорси шаклидаги оҳактош ғиштлар б-н қопланган.
Мажмуа мужассамотининг марказ ўқи Имом ал-Бухорий мақбарасида ўз якунини топган. Мақбара мурабба шаклида қурилган бўлиб, ўлчами 9,0×9,0 м, баландлиги 17,0 м. Мақбара девори зангори, ҳаво ранг ва оқ сирли кесма кошинлар, мармар, оникс ва гранит тошлар б-н қопланган. Кошинлар гириҳ шаклида терилиб, орасида безакка уйғунлаштириб арабча хатда ҳадислар битилган. Сатҳни безашда бир-бирига ўхшаш шакллардан моҳирлик б-н фойдаланилган. Ички безагида ганчкорлик, бўяма нақш ва турли рангдаги кошинкори нақшлар кўшилиб, уйғунлашиб кетган. Ташқи гумбаз Амир Темур мақбараси гумбазига ўхшаш — қобирғалидир. Гумбазнинг ичи дойра шаклида бўлиб, ранг-баранг сержило нақшлар б-н безатилган. Мақбара марказида оқиш-кўк шаффоф оникс тошдан ишланган сағана ўрнатилган. Мақбаранинг ўнг томонидаги эшикдан зина орқали мақбаранинг остки қаватига — дахмага тушилади. Юқори қаватдаги сағананинг айнан остида Имом ал-Бухорий жасадлари қўйилган қабр мар-мартош б-н қопланган.
Ҳовлининг чап томонида масжид жойлашган. Масжид — хонақоҳнинг умумий майд. 786 кв.м. Пешайвонининг умумий майд. 214 кв. м. Хонақоҳва пешайвонда 1500 га яқин киши намоз ўқиши мумкин. Ҳовлининг ўнг қанотида ҳам пештоқли ва миёнсаройли бино бор. Миёнсарой гумбази ҳам бош-қа гумбазлар б-н бир хил шаклда ва ўлчамда қурилган. Бу бинода кутубхона, илмий ходимлар хонаси ва б. юмушларга мўлжалланган хоналар мавжуд. Буларнинг умумий майд. 946 кв. м. Пешайвонининг майд. 110 кв.м. Кутубхонада Қуръони каримнинг ноёб қўлёзмалари, турли нашрлари, Имом ал-Бухорий асарларининг нашрлари ва б. китоблар бор. Мажмуа тўрида — мақбаранинг орқа тарафида ҳадис илмини ўрганишга мўлжалланган ўқув маркази — «Дорул Ҳадис биноси жойлашган.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий мозори. Суғди калон туманида, Хартанг деган ўриндадир. Шу мозорнинг сабабидан ҳозирда ўша қишлоқ «Хожа Исмоилий» номи билан машҳурдир. Имом Муҳаммаднинг мозори устида, унинг шимоли-шарқий тарафида унга яқин бир ўринда бир масжид яқинидадир. Самарқанд шаҳридан Хартанг қишлоғигача икки тош [16 чақирим]лик йўл. Имом Муҳаммад («Саҳеҳи Бухорий») китобининг муаллифидир. Бу китоб минг олти юз ҳадиснинг жамеъдир. 256 [870 йили 30 сентябрь]да рамазон ҳайитинннг кечаси хуфтан намозидан кейин ўлди. Оғиз очар куни туш намозидан сўнг юқорида айтилмиш ўринда кўмилди. Унинг қабридан анча муддатгача мушкдан ҳам хушбўйроқ [ис] келиб турди, кейин йўқолиб кетди. Нақл қилишларича, Бухорода турган вақтда «икки ёш бола бир онани эмса, ўрталарида эмизаклик собит бўлади», деб фатво берган. Бухоро имомлари бунга эътироз билдириб, уни Бухородан сургун қилганлар. Самарқандга келгандан кейин, Самарқанд уламолари ҳам унга қарши турдилар. Ночор Хартанг келиб турди. Шу ерда Ҳақ раҳматига восил бўлди.
Тажрибада кўрилганки, кимки «Саҳеҳи Бухорий» китобини бошига қўйиб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини офатлардан сақлаб қолади. Илгарилари ҳам ҳар қачон Самарқанд шаҳрига бирор офат келса, шаҳар хослари йиғилиб дуо қилсалар дуолари ижобат бўлиб, у бало мусулмонлар бошидан дафъ бўларди. Кимки у кишининг табаррук мозорини зиёрат қилса, ғарб мамлакатларда уни мутабаррак тутардилар. Оллоҳга ҳамд бўлсин, бу ҳарфлар роқими шармсор юзини у киши остоналарига суртиб ва мозорларининг рўбарўсидаги ҳужрада бўлиб ниёзмандлик қилғонман, у кишига раҳмат ва жойи жаннатдан бўлсин.

Имом Ал-Бухорийнинг Бухорони тарк этиб,Самарқандга келиши билан боғлиқ яна бир ривоят мавжуд: Буюк аллома яшаган кезлардаги халифанинг Бухородаги ноиби Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий уни саройга келиб ҳадис илмидан сабоқ беришга таклиф этади.
«Мен илмни султону амирлар эшигига олиб бормайман. Агар амирга илм керак бўлса, болаларни (саройидагиларни) уйимга ёки масжидимга юборсин». Алломанинг кескин жавоби ноибнинг қаҳрини келтиради ва ҳадислар илми султонига шаҳардан чиқиб кетишга фармон беради.
Бу воқеани эшитган Самарқанд уламолари Имом Исмоил ал-Бухорийни ўз шаҳарларига таклиф этадилар.
Имом Исмоил ал-Бухорий Самарқанд томон борар экан, шаҳар яқинидаги Хартанг қишлоғида бетоб бўлиб қолади. Аллома ҳижрий 256 йили рамазон ойининг охирги куни (милодий 872 йил 1 сентябр) 62 ёшида вафот этади ва шу ерга дафн этилади.

01

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан:
ХОЖА АҲРОР МАЖМУАСИ — Самарқанд атрофидаги меъморий ёдгорлик (15—20-а.лар); Самарқанд туманидаги Улуғбек қишлоғи ҳудудида. Хожа Ахрор қабри яқинида турли даврлар-да бунёд этилган Нодир Девонбеги мадрасаси, икки айвон, масжид, минора ҳамда ҳовузли ҳовлидан иборат мажмуа. Мажмуанинг маркази 8 ёқли ҳовуз, унинг жан.да Хожа Ахрорнинг оқ мармарли қабртоши бор, қабртошига араб ёзувида ҳуснихат б-н марсия ёзилган. Шим.да Нодир Девонбеги мадрасаси, тўртбурчак ҳовлининг атрофида ҳужралар жойлашган; ҳовлининг ғарбида айвон бор, безаклари 17-а.га хос, мармар курсили устунлар бошаси муқарнасли, шифти 3 қисмга бўлиниб, юлдузсимон шаклдаги ҳовузаклар ишланган. Иккинчи мурабба тарҳли айвоннинг шарқий томони очиқ, қолган уч томони калин девор б-н ўралган, деворларига чуқур равоқлар ишланган; ён томонидан масжидга кирилади. Масжид синчли бино бўлиб, тўғри тўртбурчак тархли, ёғоч устун-тўсинли, шифти вассали, нафис нақшлар б-н серҳашам безатилган. Масжид изорасига кошинкори нақшлар ишланган, мехроб ва равоклари муқарнаслар б-н тўлдирилган, юқоридаги ҳошия қаторлар қирма усулида бажарилган. Ҳужралар ҳовлининг шим.да жойлашган, содда, безаксиз. Ҳовуз ёнида таги 6 қиррали минора қад кўтарган. Таъмир вақтида томи тунука б-н ёпилган. Таъмирлашда уста Саъдулла (1909), ганчкор уста Т. Исмоилов (1921), ду-радгор уста Ҳафиз ва б. қатнашган.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Солиҳлар қутби, яхшиларнинг суянчиғи ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, сирлари муқаддас бўлсин мозори. Шаҳар ташқарисида, ундан икки чақирим чамаси узоқдадир. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг лақаби Носир уддин бўлиб, насаби Умари Хаттобга эришади. Бу киши асли Тошкент вилоятидан бўлиб, султон Абу Саъиднинг истаки ва илтимоси билан Самарқандга кўчиб келиб, Хожа Кафшир маҳалласида тура бошлади. Хожа Кафшир шаҳарнинг жануб томонида ва бир тошнинг учдан бир улуши [4000 қадам] чамаси олисроқдадир. Хожа Аҳрор ҳазрат мавлоно Яъқуб Чархийнинг муриди бўлиб, у (бухоролик) ҳазрат Хожа Баҳо ва-д-дин Нақшбанднинг муридидир. Лекин мавлоно Яъқуб тугалликни ҳазрат Хожа Ало ва-д-дин Аттордан топган. Хожа Ало ва-д-дин Аттор хожа Баҳо ва-ддиннинг халифаси эди. Хожа Аҳрор шайхлик йўлини касб этиб юрган чоғларида, Ҳирот, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафар этиб, ўша замонинг шайхлари бўлган Сайид Қосим, мавлоно Низом ид-дин Хомуш, шайх Баҳо ва-д-дин Умар сингари зотларнинг сухбатларига етишди. Энг кейин мавлоно Яъқуб Чархийга йўлиқиб, мурид бўлди ва у кишидан тугаллик топиб, замоннинг биринчиси ва жаҳоннинг тенгсиз бир кишиси бўлди. Чунончи ҳазрат мавлоно Абдураҳмон Жомий унинг номига ёзган «Тўҳфат ул-аҳрор» китобида айтадирким:

Зад ба жаҳон навбати шаҳаншоҳий
Камкабаи факри Убайдуллоҳий,
Он ки зи ҳуррияти факр огаҳ аст,
Хожаи Аҳрор, Убайдуллоҳ аст.

Таржимаси:

Дунёда подшоҳлик нақорасини чалди,
Убайдуллоҳ фақрининг шавкати.
Фақрнинг эркинлигидан хабардор бўлган кимса,
Эрклиларнинг эгаси бўлган Убайдуллоҳдир.

Ўзга бир китобида айтилган:

Хожаи хожагони корогоҳ,
Қиблаи муқбилон Убайдуллост.

Таржимаси:

Хожалар корхонасининг хожаси,
Бахтлиларнинг қибласи Убайдуллоҳдир.

Шунга ўхшаш, хожанинг таржимайи ҳоли, даража ва кароматларини билдирувчи мавлоно Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» ва мавлоно ас-Сафийнинг «Рашаҳот» номлик китоблари бордирким, уларни кўчиришга бу рисоланинг саҳифалари торлик қилади. Барча кучли ва азаматли хоқонлар хожага қуллик, фармонбардорлик ва ихлоскашлик камарини белларига боғлагандирлар. Хонлар, бошларида хонлик жиғаси ва белларида подшоҳлик камари бўлган ҳолда, унинг узангусида яйов югурар эканлар. Хожанинг эшигидаги хизматчиларга қарши озгина одобсизлик кўрсатган киши давлат ва мамлакатдан, балки тириклик ва соғлиқдан ажралиб, замонанинг ибрати бўлур экан. Валоят ва тасарруфининг кучлилигидан халқнинг ичи ва тошига эга бўлиб, истаган йўлига бошқарар экан. Хожа ички ва ташқи гўзалликлар билан безанган бўлиб, ички нисбатида шунча ширинлик бор эдиким, унинг бандига тутилганларга туганмас лаззат ва битмас ҳаловат муяссар бўлур экан. Чунончи, бунинг шоҳиди мозорининг зиёратидирким, ўлган кўнгилни ва титилган юракни тирилтиради, Унинг қабри юзланган кишига янги тириклик ва сонсиз қувонч бағишлайди.
Байт:

Чун равзаи хожа фоизи анвор аст,
Манзилгахи қутбу мажмаъи аброр аст.
Ҳуррияти ҳар ду кавн гардад ҳосил,
Ҳар кас ки ғуломи Хожа Ахрор аст.

Таржимаси:

Хожанинг мозори ёрукликлар берувчи бўлгани учун,
Қутбнинг ўрни ва яхшиларнинг йиғилиш жойидир.
Хожа Аҳрорнинг қули бўлган кишига
Икки дунё эркинлиги муяссар бўлғусидир.

Бу ихлос ерининг тўшаги [яъни Абу Тоҳирхожа] кўп вақтдан бери қумридай у мозорда бўйин боғлиқдир ва булбулдек у бўстонга тутунмишдир. Бир куни у бўсоғада юракнинг ёнишидан юзимни унинг мозоридаги тўшанган тошларга суйкар эдим, ҳавз бўйида ва Тубига ўхшаш дарахтлар остида ушбу ғазални айтиб битдим:

Куйи ту чист? Каъбаи дор ул-карори файз,
Сахнат биҳишту марқади покат ҳисори файз!
Hyp аст баски турбати қудси шиори ту,
Бинавишта гирди лавҳи ту: ҳозо мозори файз!
Жуз ажз нест боргаҳи худоро ниёз,
Хоки дари ту гаштаму, гаштам дучори файз!
Ё хожаи вали зи ту дорам таваққуве
Ман нахли хушку лутфи туам обери файз!
Аз лутфи хеш ин қадарам ташналаб мадор,
Субҳи дамидаи чи барам интизори файз!

Таржимаси:

Ётган жойинг нимадир? Файзнинг қўнар каъбасидир,
Саҳнинг беҳишту, пок қабринг яхшиликнинг қўрғонидир.
Сенинг покиза турбатинг равшан бўлгани учун,
Қабринг тоши теварагига «бу яхшилик мозоридир», деб ёзилган,
Поклик эшигига, тубанликдан ўзга тортиқ йўкдир,
Сенииг тупроғинг бўлиб, яхшиликка йўлиқдим.
Эй, вали бўлган хожа! Сендан бир ўтинчим бор.
Мен қурук бир ёғоч, сенинг файзли ариғингдан сув ичаман.
Лутфингдан мени бунча сувсатиб қўйма,
Сен ёриғ тонгсан, бу аҳволда файзни кутиб туришимга ҳожат қолмас.

Хожа Аҳрор кўп йиллар яшади. 895 [1490] йилда ражаб ойининг биринчи кечаси, жумъадан қайтишли шанба оқшоми ғурубдан бир ярим соат чамаси ўтган вақт [22 май 1490 й.] у бахтликларнииг қибласи ва орифларнинг орифроғи Самарқанднинг жанубий тоғи этагида бўлган Камонгарон қишлоғида, шанба оқшомида ўлди. Унинг жасади у ердан келтирилиб, ўзининг тураржойи бўлган Хожа Кафшир маҳалласида, «Муҳоватаи муллоён»нинг ташқарисида тупроқ ҳарамсаройининг хилваткадасига кўмидди. «Шайхлик йўлининг йўлбошчиси қолмади» мазмунида бўлган «Намонд муршиди роҳ» сўзи ўлимининг таърихидир [895/1490]. Хожанинг руҳониятидан авлоди ва Самарқанд халқини ҳимояти йўлида киши ҳайрон қоларлик тасаввуф асарлари кўринади. Хожанинг суҳбатдош ва халифаси кўп. Улардан бирови «Силсилат ул-орифин» китобинииг муаллифи ва даҳбедлик ҳазрат Махдуми Аъзамнинг пири бўлган мавлоно Муҳаммад Қозидир. [Ул ҳазрат] хожа мозорининг ёнида кўмилган, қабри хожа мозорининг қуйисида, жануб томонда, хожа оёғининг тушма-тушидадир. Мавлоно қабрининг устида дарё қирларидан майда қайроқ тошлар [келтириб] тўкканлар ва уларнинг қабри нишонаси ҳам шудир. Хожанинг ўзга халифалари ҳам кўпинча уларнинг ҳазирасида кўмилгандирлар. Бунинг тафсилоти «Рашаҳот» китобида айтилган. Шунга ўхшаш муаллиф ва бир талай асарларнинг муаллифи бўлган мавлоно Исматуллоҳ қабри ҳам хожа ҳазирасидадир. Мавлононинг ўлими 1009 [ 1600-01]дадир. Яна фазл эгаларининг қаймоғи ва «Тарихча» (ҳозирда «Таърихи Саййид Роқим» номи билан машҳур) китобининг муаллифи бўлган Мир Саййид Шариф Роқимнинг қабри ҳам хожанинг ҳазирисида, бобоси хожа Исомиддин ибн хожа Низомиддин ибн мавлоно Маҳмуд Гилонийнинг қабри ёнидадир. Яна Султонхон хожаи шайх ул-исломнинг қабри Хожа Аҳрор ҳазирасининг жануб томонидадир. Бу киши Хожа Аҳрор наслидан бўлиб, хожа мозорининг мутавалийси экан ҳамда Фарғонада хожа калонлик, Самарқанд ва Бухорода шайх ул-исломлик мансаби билан имтиёз топтан экан. Форсий ва туркий тилда мазалик шеърлар ёзган, девони бор, тахаллуси «Адо»дир. 1251 [1835-36]да Бухорода ўлди. Ўлигини ундан Самарқандга келтириб ҳурматлик бобоси (хожа Аҳрор)ёнида кўмдилар. Яна қози калон ва шайх ул-ислом мавлоно Мир Абд ул-Ҳайй хожанинг қабри ҳам шу қабристонда, Хожа Аҳрор мозорининг шимолидаги Нодир девонбеги мадрасаси жануби-шарқий бурчагининг тушма-тушидаги белгулик тепача устидадир. Мавлоно қабри билан Мадраса девори ораси 60 қадам чамаси келади. Мавлоно турли билимни билувчи эди. 1169 [1755-56J йилда туғилди. 74 йил тирикчилик қилди ва 1243 [1827-28] да ўлди. Самарқанд шаҳрида 40 йил қозилик қилди. Умрининг сўнгти кунларида илашган фалаж касалининг муддати 13 йил эди. Шу касаллик чоғида «Ҳавошии Шофиий бар шарҳи Байзовий», «Саҳеҳи Бухорий»нинг форсийча шарҳи», «Забури Довуд»нинг форсийча таржимаси, «Ахлоқи Баҳодурхоний», «Ҳидоя» шарҳининг шарҳи» китобларини тасниф қилди. Мавлоно Абд ул-Ҳайй ўлгандан кейин, ақл ва нақл илмларнинг барчасини билгувчи унинг ўғли мавлоно Абу Саъидхожа отаси ўрнида Самарқандда қози калон бўлди. Кўпинча Амир Ҳайдар уни Самарқанддан Бухорога олдириб келиб, Бухоро муллалари билан мунозара этдирар эди. Ул қол илми ўз замонасининг бармоқ билан кўрсатилган бир кишиси бўлиб, унинг олдида барча уламо таслим бошини эгиб турар эдилар. Ушбу рисоланинг ёзгувчиси бу гумном муфтий Абу Тоҳирхожа бояги қози калон Абу Саъидхожанинг ўғли бўлиб, бу денгиздан бир томчи ва бу дарахтдан бир мевадир. Лекин ҳаёсиз бир томчи ва уятлик бир мевадир.

Manba’: http://samarkand.uz

044

(Tashriflar: umumiy 402, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хуршид, спасибо Вам огромное за подробную историю о визите члена парламента Ливана на могилу Имама аль-Бухари, которую Вы так любезно изложили на моей страничке! Очень и очень было интересно читать, а так же очень приятно вспомнить о солнечном Узбекистане среди снежной русской зимы!
    Благодарю Вас!

Izoh qoldiring